#Яхшиликка_чақириш
Одам боласи ёлғиз яшай олмайдиган қилиб яратилган. Шунинг учун у оила қуришга, ўзига жуфт танлашга, эҳтиёжини шу жуфтидан қондиришга муҳтождир. Қуръони карим бу маънони “таскин топишингиз учун”, деб баён қилди. Ҳа, ҳар бир эркак жисмида, руҳида жуфтининг кўмагига, унинг қўллаб-қувватлашига муҳтожлик бор. Шунингдек, ҳар бир аёлда ҳам. Мисол тариқасида ҳиндистонлик олим Сафийюр-Раҳмон Муборакфурий қаламига мансуб Пайғамбаримиз (соллалло ҳу алайҳи ва саллам) сийратларига бағишланган “Ар-Раҳиқ ал-махтум” асаридан иқтибос келтириб ўтамиз.
«Бу воқеадан (илк ваҳийдан) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қалблари титраб, уйларига қайтдилар. Хадича бинт Хувайлид (розияллоҳу анҳо) олдига кириб: “Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар!” дедилар. Набийнинг (алайҳиссалом) қўрқувлари тарқагунга қадар у зотни ўраб қўйишди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Менга нима бўлди ўзи?” деб, Хадичага (розияллоҳу анҳо) бўлиб ўтган воқеани сўзлаб бердилар ва: “Ўзимдан қўрқдим!” дедилар. “Ҳаргиз! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ Сизни ҳеч қачон хор қилиб қўймас! Ахир Сиз яқинларингиз билан силаи раҳм қиласиз, оғирликни кўтарасиз, йўқсилнинг ҳолидан хабар оласиз, меҳмонни иззат-икром қиласиз, мусибатзадаларга ёрдам берасиз!” деди Хадича (розияллоҳу анҳо)».
Биз ушбу тарихий воқеадан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) илк ваҳийни қабул қилиб олганларидан сўнг изтиробга тушиб, жуфти ҳалоллари Хадичадан (розияллоҳу анҳо) қандай маънавий ёрдам олганлари, у кишининг эса Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўша вақтларда ҳам яхши саналган ахлоқи ҳамидаларини эслатиб, хотиржам қилганларини англаймиз.
"Ибратли хонадон" китобидан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Тўртлик
Боқмас жаҳон совуқ сўз,
Шилқим, юзсиз, бахилга.
Ёқимли бўл, хушхулқ бўл,
Қолсин номинг кўп йилга.
Маҳмуд Кошғарий
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
«ҚУБО» МАСЖИДИ
#Маълумотнома
Ислом тарихида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошчиликларида илк қурилган ҳамда биринчи бўлиб жамоат намози ўқилган масжид “Қубо” масжидидир. Масжид Мадина шаҳри марказидан 4–5 км. жануб томонда жойлашган. Тахминан йигирма минг намозхонни сиғдира оладиган ушбу масжиднинг узунлиги 25 метр, гумбазлари сони 56 та ва 4 та минораси бор. “Қубо” масжидининг умумий майдони 13500 кв.км.ни ташкил этади.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Мадинага келганларида, қувончи ичига сиғмаган шаҳар аҳолиси кўчаларга чиқиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни уйига олиб кириш учун туяларининг жиловини талашиб-тортишган. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туяларини ўз эркига қўядилар. Туя Бани Нажжор маҳалласида тўхтайди. Бу жой икки етим боланинг ери эди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни чақириб, ерни ва унинг атрофидаги хурмозорларни сотиб олишларини айтадилар. Болалар масжид учун бу ерни текинга беришларини айтишса-да, Сарвари олам уни 10 дирҳам эвазига сотиб оладилар.
Шу тариқа масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Масжид қурилишида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошчиликларида атрофларидаги барча мусулмонлар иштирок этади. Бинонинг пойдеворига тош терилиб, деворлари хом ғиштдан кўтарилади, хурмо дарахтларидан устун қилиниб, шох-шаббаси томига босилади. Масжид қурилиши етти ой давом этади. Ўша пайтда масжиднинг шифти одам бўйидан салгина баланд, узунасига ва энига 32 метр бўлган. Усмон (розияллоҳу анҳу) ва Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳу алайҳ) даврларида “Қубо” масжиди кенгайтирилади.
1829 йилда Султон Маҳмуд II буйруғи билан масжид қайта қурилган. 1984–1986 йилларда қирол Фаҳд ибн Абдулазиз Оли Сауднинг топшириғи билан “Қубо” масжидининг асл ва қадимий кўриниши сақланган ҳолда таъмирланади.
Ушбу масжид ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад!) зинҳор (Сиз) унда (намоз ўқиш учун) турманг! Биринчи кундан тақвога асосланган масжид эса, унда туришингизга лойиқроқдир. Унда покланишни хуш кўрадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севар» (Тавба, 108).
“Қубо” масжидида ўқилган намознинг савоби бир марта умра қилганнинг савобига тенг, дейилади. Усайд ибн Зуҳайр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қубо” масжидидаги намоз худди умра кабидир”, дедилар» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар шанба куни ушбу масжидни зиёрат қилиб, у ерда намоз ўқир эдилар. Абдуллоҳ Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ҳам ҳар шанба куни “Қубо” масжидини зиёрат қилиб: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Қубо” масжидига ҳар шанба куни пиёда ва уловда келар эдилар”, дейди (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Давронбек ТОҲИРЖОН ўғли тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Тафсир
«Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир» (Оли Имрон, 185).
Бу дунёдаги ҳар бир жонзот ўлим аччиғини тотади. Ҳеч ким ўлимдан қочиб қутулмайди. «Айтинг: “Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи зотга (Аллоҳга) қайтарилурсиз...”» (Жума, 8).
Жон бериш қийин ва оғирдир. Шунинг учун Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) жон бериш вақтида бўладиган азобни енгиллатишини Аллоҳдан сўрашган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, ўлим вақтида (унинг қийинчиликларини енгишда) менга ёрдам бергин”, деб дуо қилардилар (Термизий ривояти). Барча инсонлар вақти соати келганда бу дунёни тарк этади ва охиратда қайта тирилади, «(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг “юзи” боқий қолур» (Ар-Раҳмон, 26–27). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Жаброил келиб: “Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, барибир ўласиз. Хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, албатта, ундан ажраласиз. Хоҳлаган амалингизни қилинг, албатта, ажрини оласиз. Билингки, тунлари ибодат билан бедор бўлиш мўминнинг шарафидир, иззати эса инсонлардан беҳожатлигидир”, деди» (Табароний ривояти). Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лаззатларни кесувчи ўлимни кўп эсланг”, деганлар (Термизий ривояти).
«Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз тўла-тўкис берилур».
Бу дунё имтиҳон дунёси, бу дунёда ҳар ким ўз амалига яраша муносиб мукофот ёки муносиб жазо олмаслиги мумкин, лекин қиёмат куни ҳар бир инсон нима амал қилган бўлса, албатта, амалига яраша савобини, гуноҳига яраша жазосини олади. У кунда ҳеч кимга зулм қилинмас, ҳар ким қилган амалига яраша мукофотини олади.
«Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди». Ҳеч ким ўз амали билан жаннатга кирмайди, балки Аллоҳ таолонинг фазли ва раҳмати билан дўзахдан узоқлаштирилади, фазли ва марҳамати билан жаннатга киргизилади. Инсоннинг бу дунёда қилган амаллари унга берилган неъматлар шукронасига ҳам кифоя қилмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатдаги бир қамчи (ўлчовича) жой дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир. Хоҳласангиз, “Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди”, оятини ўқинг», дедилар (Ҳоким ривояти). Бошқа бир ўринда: “Ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишини яхши кўрса, ўлимни Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳолда қаршиласин ва ўзига берилишини яхши кўрган нарсани (бошқа) инсонларга ҳам раво кўрсин”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).
«Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир». Саид ибн Жубайр ушбу оятнинг тафсирида: “Агар сен бу дунёни охират учун сарф қилмасанг, бу дунё алдов матоҳидир. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг розилиги ва охират талабида бўлсанг, бу қандай ҳам яхши матоҳ ва қандай ҳам яхши васила”, деган.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Мўминнинг беш хислати
#Ҳадис_шарҳи
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимдан ким бешта хислатни олиб, унга амал қилади ёки амал қиладиган бошқа бирига ўргатади?” деб сўрадилар. “Мен, ё Расулуллоҳ”, дедим. У зот қўлимдан ушладилар ва уларни (бармоқларим билан бирма-бир) санаб: “Ҳаром нарсалардан сақлан, инсонларнинг обиди бўласан, Аллоҳ сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, одамларнинг бойи бўласан, қўшнингга яхшилик қил, комил мўмин бўласан, ўзингга яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўр, комил мусулмон бўласан. Кўп кулма, кўп кулиш қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).
Ҳаром динимиз ман қилган барча моддий ва маънавий нарсалардир. Масалан, ширк, одам ўлдириш, зино, чақимчилик, ёлғон, хиёнат, маст қилувчи ичимликларни ичиш, сеҳр билан шуғулланиш ҳаромдир. Вожиб амалларни узрсиз, қасддан тарк қилиш ҳам ҳаром ҳисобланади. Бунга фарз намозларни тарк қилиш, Рамазон рўзасини узрсиз тутмаслик, нисоб миқдорида моли бўлатуриб, закот бермаслик, ҳажга қодир бўлса-да, ҳаж қилмаслик кабилар киради.
Аллоҳ сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, одамларнинг бойи бўласан. Ояти каримада бундай марҳамат қилинган: “Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур...” (Раъд, 26). Шунга ишонган одам қаноатли бўлади. Зеро, ҳақиқий бойлик нафс, қалб хотиржамлигидир. Қанча бойлар бор, ҳали ҳам бойликка тўймаган, қанча камбағаллар бор, ўзига берилган ризққа рози бўлиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда.
Қўшнингга яхшилик қил, комил мўмин бўласан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўшнига яхшилик қилиш мўминлик аломати эканини хабар бердилар. Қўшнига яхшилик қилишнинг турлари кўп. Саломига алик олиш, чақириғига жавоб бериш, касал бўлса, кириб кўриш, унга азият бермаслик, хурсандчилигига шерик бўлиш, оғир кунларида ёрдам бериш, деворини баланд қилмаслик, йўқлигида аҳли ва молини ҳимоя қилиш, тўғри насиҳат бериш кабилардир.
Ўзингга яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўр, комил мусулмон бўласан. Бу ҳақиқий мусулмоннинг хислатидир. Буни қилиш билан киши комил мусулмон бўлади. Яна бир ўринда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича бирортангиз комил мўмин бўла олмайди”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Кулишни кўпайтирма, кўп кулиш қалбни ўлдиради. Кулиш инсоннинг фитратида бор хислатдир. Ҳар ким ҳам кулади, кулишда бирор гуноҳ йўқ. Лекин кўп ва қаттиқ овозда кулиш қалбни ўлдиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп табассум қилардилар, кулишлари ҳам табассумга жуда яқин бўлган.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақиқий мўмин қандай бўлишини шу ҳадиснинг ўзида қисқа ва лўнда ифодалаб бермоқдалар.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Тўртлик
Умрни сарфладим вақтни сочишга,
Лек вақтим етмади бахтни топишга.
Ё Раб, очиқ кўзни юммоқмикан бахт?
Қайда кутар мени чўбин отли тахт?
Эргаш ИБРОҲИМОВ
idoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Оят
“Айтинг: “Келингиз, Раббингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб берай: Унга бирор нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз, болаларингизни қашшоқликдан (қўрқиб) ўлдирмангиз – Биз сизларни ҳам, уларни ҳам ризқлантирурмиз – фаҳш ишларнинг ошкорасига ҳам, пинҳонасига ҳам яқинлашмангиз, Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз! Ақл юритишингиз учун (Аллоҳнинг) ҳукм қилгани шу(лар)дир.
То вояга етгунича етимнинг молига яқинлашмангиз, магар чиройли йўл билан (яқинлашишингиз мумкин). Ўлчов ва тарозини адолат билан тўла адо этингиз! Ҳеч бир жонни тоқатидан ташқарисига таклиф (амр) қилмаймиз. Гапирганингизда (гувоҳ сифатида) гарчи қариндошингиз бўлса ҳам, адолатли бўлинг! Аллоҳнинг (олган) аҳдига эса вафо қилинг. Эслатма олишингиз учун (Аллоҳ) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир.
Албатта, мана шу (Менинг) Тўғри йўлимдир. Унга эргашингиз! (Бошқа турли) йўлларга эргашмангиз! Акс ҳолда, улар сизларни Унинг йўлидан айириб қўяди. Тақволи бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) қилган ҳукм(лар)и мана шу(лар)дир” (Анъом, 151 – 153).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Жамиятда оиланинг ўрни
#Ижтимоий_ҳаёт
Ҳар бир жамиятда оила муҳим ўрин тутади. Бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларни диний ва дунёвий ман- баларга суяниб, эътиборингизга ҳавола этамиз:
Оила – кичик бир жамият. Мавжуд жамиятнинг дахлсизлиги оиланинг жипслигига боғлиқ.
Оила – турмуш мактаби, урф-одатларни, ҳаёт тарзини, ирода ва тафаккурни ўзида синовдан ўтказади.
Оила аҳлоқ маданиятини ўз бағрида асраб-авайлаб келажак авлодларга етказади.
Оила жамият бўлиб яшашда бахтли турмуш тарзини, ақл-заковат, маънавий аҳлоқ ва фазилатлар масъулиятини бурч сифатида шакллантиради.
Оила ўз олдига қўйган режаларини амалга оширишда моддий мукаммалликка, маънавий камолотга, тарбиявий салоҳиятга суянади.
Оила ўзининг ёзилмаган низом ва қоидасига эга бўлмаса, унинг салбий жиҳатлари бутун бир миллатга таъсир этади.
Оила – инсоният тарихининг барча даврларида жамиятнинг асосий бўғини бўлган муборак даргоҳ.
Оила инсон ҳаётини турли тартибсизлик ва келишмовчиликлардан, бемаъни ахлоқлардан, салбий иллатлардан ва уларнинг ёмон оқибатларидан асрагувчи қалъадир.
Оила инсоннинг шаҳвоний майлини жиловлайди, унинг учун тизимли хотиржамлик ва саодатни таъмин этади.
Оила соғлом экан – жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан — мамлакат барқарор бўлади.
"Мустаҳкам оила асослари" китобидан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Тўртлик
Ҳақдан нени кутсанг, не қилсанг гумон,
Кутганинг оласан – яхшию ёмон.
Равон йўлда мункиб оёғинг синар
Ёки тегирмондан чиқасан омон!
Абдулваҳҳоб АҲРОРХОН ўғли
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Салавот айтиш ҳукми
#Динимизни_ўрганамиз
Фақиҳлар мусулмон киши салавотни умрида бир марта айтиши вожиб, дейишган.
Намоз охирида, ташаҳуддан сўнгги салавот суннатдир.
Намоздан ташқарида салавот айтиш мустаҳабдир. Айниқса, жума куни ва кечаси, тонг вақти, кеч кирганда, масжидга кирганда ва чиққанда, у зотнинг қабрлари олдида, муаззинга жавоб қилаётганда, дуодан олдин ва кейин, Сафо ва Марвада саъй қилаётганда, Қуръон хатмидан сўнг, бошига қийинчилик ва ташвиш тушганда, мағфират сўраганда, одамларга таълим берганда, мавъизада, дарс ўтаётганда, никоҳ ўқилаётганда салавот айтишнинг фазли ва савоби улуғлиги ҳадисларда таъкидланган.
Имом Термизий айтади: “Баъзи аҳли илмлардан ривоят қилинишича, киши бир мажлисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) исмлари бир марта зикр қилинганда у зотга бир марта салавот айтса, ўша мажлисда у зотнинг исмлари кейин қанча зикр қилинса ҳам, барчасига етарли бўлади”.
Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Тарих
Шаввол ойи ислом тарихида пайғамбарликнинг ўнинчи йилида тоифликларни Исломга чорлаш учун борибб катта машаққат ва имтиҳонларга учраган ой сифатида маълум. Пайғамбар алайҳиссаломнинг Тоиф сафарлари айнан шаввол ойида бўлган. Тоиф ҳозирги Саудия Арабистонидаги бир шаҳар бўлиб, у Маккадан 60 мил (115 км.) узоқликда жойлашган.
Сарвари олам Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам айни Шаввол ойида асранди ўғиллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг ҳамроҳликларида ўзлари гўдакликларида эмизиш, кўксиларини ёриб тозалаш воқеаларини ва шундан кейинги бир муддатни ўтказган Бани Саъд қабиласи ерлари орқали Тоиф томонга шояд тоифликлар Ислом нуридан баҳраманд бўлсалар, деган умидда уларнинг ҳузурларига борганлар.
Тоифликлар Расулуллоҳнинг сўзларини олмадилар, билакс ғайриинсоний муомалада бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп жисмоний азиятлар беришди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонга, қалблари эса дарду аламга тўлди. Аммо бағрикенг, комил хулқ эгаси бўлмиш Пайғамбар алайҳиссалом шунда ҳам тоифликларни дуоибад қилмадилар, имконлари бўлиб кейин ҳам ўч олиб ўтирмадилар. Аксинча, тиллари Аллоҳ таолога илтижога-дуога тўлди: «Эй Аллоҳим! Ўзингга қувватим заифлигидан, чорам озлигидан, одамлар олдида ожизлигимдан шикоят қилурман! Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси, Сен заифҳолларнинг Парвардигорисан! Сен Парвардигоримсан! Мени кимларга топшириб қўйдинг?! Мени ёқтирмайдиган нотанишларгами?! Ёки ишимни душманга топширдингми?! Агар менга ғазаб қилмаган бўлсанг, буларга эътибор бермайман! Фақат Сенинг офиятинг мен учун кенгдир. Зулматларни ёритган ҳамда дунё ва охират ишини салоҳиятли қилган юзинг нури ила, менга ғазабинг нозил бўлишидан ва қаҳринг тушишидан паноҳ тилайман. Токи рози бўлгунингча узримни айтаман. Фақат Аллоҳдагина имкон ва қувват бордир».
Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу дуоларини дарҳол қабул қилди. Шу вақтдан бошлаб ишлар аста-секин юриша бошлади. Шунда Аллоҳ таоло у зотнинг ҳузурларига тоғ фариштасини юборди. У келиб, икки тоғни бир-бирига уриб Тоиф аҳлини ҳалок қилиб юборишга Расулуллоҳдан изн сўради.
Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат қилиб юборилган зот бу ишга рози бўлмадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тоғ фариштасига: “Уларнинг пушти камаридан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган одамлар чиқишини умид қиламан”, дедилар. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламни бундай ҳолда кўрган Утба ибн Рабиъа ва Шайба ибн Рабиъаларнинг раҳмлари келди. Ўзларининг Аддос исмли насроний қулларини чақириб: Узилган узумдан олиб, товоққа солгин-да мусофирга олиб бориб, бер”, дейишди. Аддос узумни олиб келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига қўйди ва “Енг!” деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Бисмиллаҳ” дедилар-да қўлларини узатиб, узумдан олиб едилар. Шунда Аддос ажабланиб: “Аллоҳга қасамки, ушбу диёр аҳли бу гапни айтмайди”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан “Сен қайси юртдансан, қайси диндансан?” деб сўрадилар. “Насронийман, Найнаво деган юртданман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Солиҳ киши Юнус ибн Маттонинг қишлоғиданмисан?” дедилар. “Юнус ибн Матто ким бўлди?” деди Аддос. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У биродарим, набийлардан эди, мен ҳам Набийман”, дедилар. Шунда Аддос ўзини у зотга отиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошлари, оёқ-қўлларидан ўпа бошлади ва имонга келди.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Тавсия
Айримлар нонуштада чойдан кўра, қаҳва ичишни маъқул кўради. Кўпчилик эса уни зарарли дея умуман истеъмол қилмайди.
Олимларнинг фикрича, бир кунда олти финжон қаҳва ичиш инсонда хотира қувватнинг сусайиш жараёнини секинлаштиради. Шу боис шифокорлар касалликнинг олдини олиш мақсадида кўпроқ қаҳва ичишни тавсия этмоқда. Қаҳва таркибидаги кофеин моддаси айнан склероз ривожланишининг олдини олиш хусусиятига эга. Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги йилларда мунтазам равишда кунига беш-олти финжон қаҳва ичадиган кишиларда паришонхотирликнинг ривожланиш даражаси мазкур ичимликни умуман ичмайдиганларга нисбатан 28–30 фоизга камдир.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ўгит
«Бола етти ёшга етгач, уни илм олишга ва жоҳиллик ботқоғидан қутқаришга уринилади, агар унга илм ўргатишнинг иложи бўлмаса, бирорта яхши ҳунарга ўргатилади. Агар сенинг молинг қанчалик кўп бўлса, уларни фарзандингнинг илм ва ҳунар олиши йўлида сарфла, чунки молу давлатга ишониб бўлмайди, илм ва ҳунар эса ҳеч қачон ўлмайди»
Муҳаммад ибн Муҳаммад Жомий
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ИЛМ ФАЗИЛАТИ
#Яхшиликка_чақириш
Илм инсонга тўғри йўлни кўрсатади, саодат калитларини инъом этади, зулматлардан нурга олиб чиқади. Илм тарк этмас ҳамроҳ, мушкул пайтларда сирдош, ғамгин онларда доно маслаҳатгўйдир. Унинг фазилатлари шу қадар кўпки, инсон илм ўрганиб, унга амал қилган сари буни англаб етади.
Ҳакимлар илмни мисоли дуру гавҳарга ўхшатади лар. У чиғаноқ орасида ётгани ёки денгиз тубига яшириниб олгани билан қимматбаҳо эмас, балки юзага чиқиб инсонларга фойда бергани билан қадрлидир.
Ҳазрати Али (розияллоҳу анҳу) бир саҳобийга: “Илм молдан яхшидир, у сени ҳимоя қилади, молни эса сен қўриқлашга мажбурсан, илм ҳоким, мол маҳкумдир, сарфлаш, нафақа қилиш билан мол камайса, илмни тарқатганинг сайин кўпайиб боради”, деганлар.
Имом Ғаззолий айтади: “Илм бир нарсани худди ўзидек идрок қилишдир”.
Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демадилар. Чунки инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган асосий хусусияти илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса билан инсондир. Унинг афзаллиги жисмони қувватида эмас – зеро туя ундан анча бақувватдир. Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас – зеро фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан бўлмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас – ҳўкизнинг қорни уникидан каттароқ. Демак, инсон фақат илм учун яратилган.
Илм кўр қалб кўзини очувчи, қоронғу зулматда нур бағишловчи ва заиф бандаларга куч-қувватдир. Илмдан баҳраманд инсонлар бахтли, маҳрумлар эса бахтсиздир.
"Аждодлар мероси" китобидан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ИМОН САБОҚЛАРИ
#Динимизни_ўрганамиз
Имоми Аъзамнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) шогирди Абу Мутиъга жавоблари
Энг улуғ ва энг содда фиқҳ нима?
Жавоб:
Кимсани гуноҳи учун кофирга чиқармаслигинг, бирорта одамни имонсиз деб маҳкум қилмаслигинг, яхшиликка буюришинг ва ёмонликлардан қайтаришинг, сенга теккан нарсанинг тегмаслиги мумкин эмаслигини, сенга тегмаган нарсанинг тегиши мумкин эмаслигини билишинг, Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳобларидан бирорталаридан ўзингни четга тортмаслигинг, бирларидан бирларини яқин тутмаслигинг. Ҳазрат Усмон ва ҳазрат Алининг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) воқеаларини Аллоҳга ҳавола қилишинг, улардан бирини иккинчисидан афзал деб билмаслигинг энг содда ва энг улуғ фиқҳдир.
Энг афзал фиқҳ қайси?
Жавоб:
Банданинг Аллоҳга имон келтиришни, диний вожибларни, суннатларни, тўсиқларни, умматнинг ихтилофларини билиши энг афзал фиқҳдир.
Имон нима?
Абу Ҳанифа шундай жавоб бердилар:
Ҳаммод Иброҳимдан, у Алқама ибн Муршиддан, у эса Яҳё ибн Яъмурнинг Ибн Умарга (Аллоҳ улардан рози бўлсин) қуйидаги савол билан мурожаат этганини ривоят қилган:
– Дин тўғрисида хабар беринг-чи, у нима ўзи?
Ибн Умар жавоб қилдилар:
– Имон келтирсанг, уни биласан.
Яҳё ибн Яъмур:
– Бўлмаса, айтинг-чи, имон ўзи нима? – дедим.
Шунда Ибн Умар қўлимдан ушлаб бир кекса чолнинг олдига олиб бордилар, унинг ёнига ўтқизиб қўйдилар ва: "Бу мендан имон нима ўзи? – деб сўраяпти дедилар. – Бу кекса чол Бадр муҳорабасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга иштирок этганлардан", дедилар-да, менга юзланиб:
– Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида эдим, бу кекса чол мен билан бирга эди. Шу пайт Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бошида салласи бор, чиройли кўринишдаги бир киши кириб келди. Биз уни бадавий араблардан бўлса керак, деб ўйладик. У одамларнинг елкалари оша ўтиб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларида тўхтаб:
– Эй Аллоҳнинг элчиси, имон нима? – деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб қилдилар:
– "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва элчиси" деб иқрор бўлмоқлигинг. Аллоҳнинг фаришталарига, Қиёмат кунига, яхшилик ва ёмонлик Аллоҳнинг хоҳиши билан бўлишига ишонмоқлигингдир.
Мўйсафид, тўғри айтдинг, деди. Биз, бадавийларнинг саводсизликларига қарамай, бу мўйсафиднинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларини тасдиқлаётганидан ажабландик. Мўйсафид сўзида давом этиб:
– Эй Аллоҳнинг элчиси, Исломнинг арконлари нима? – деди.
– Намоз ўқимоқ, Рамазон ойида рўза тутмоқ, закот бермоқ, имкони бор одамга Байтуллоҳга ҳаж қилмоқ, жанобатдан ғусл қилмоқ, – дедилар Пайғамбаримиз.
Мўйсафид:
– Тўғри айтдинг, – деди.
Биз яна унинг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзларини тасдиқ қилаётганидан ажабландик. Гўё у Пайғамбаримизга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таълим бераётгандек эди.
– Эй Аллоҳнинг элчиси, эҳсон нима? – деди мўйсафид.
– Аллоҳни кўриб турганингдек иш қилмоғинг. Чунки сен Уни кўрмасанг ҳам, албатта, У сени кўриб туради, – дедилар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
– Тўғри айтдинг, – деди мўйсафид ва:
– Қиёмат қачон бўлади? – деб сўради.
– Сўралаётган сўрагувчи одамдан билимдонроқ эмас, – деб жавоб бердилар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).
Шундан сўнг мўйсафид ўрнидан турди, у одамлар орасига киргач, биз уни кўролмай қолдик. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
– Ушбу мўйсафид Жаброил (алайҳиссалом) эдилар. У сизларнинг олдингизга динингиз асосларини таълим бергани келди, – дедилар.
Агар банда юқорида зикр этилганларга қаттиқ ишонса ёки уларга иқрор бўлса, у мўминми?
Жавоб:
– Ҳа, агар банда уларга иқрор бўлса, демак, Исломнинг барча таълимотларига иқрордир ва у мўминдир.
"Ал-фиқҳ ал-абсат" китобидан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ўгит
* Аждодларингиз билан ҳуда-беҳуда ғурурланиб, мақтанманг.
* Бир-бирингизга ёмон от қўйманг.
* Ўзингизни ерга урадиган ҳазил-ҳузулдан йироқ бўлинг.
Ҳазрат Али Ибн Абу Толиб ўгитлари
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ҳикмат
«Ҳар ким ёшлигидан беодоб кишилар ичида ўсиб улғайса, катта бўлгач, унинг вужудига ўрнашиб оладиган бадфеъллик иллатини чиқариб ташлаш қийин бўлади».
Хожа Самандар Термизий
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Ислом тарихига доир китобларни ўқиганда “фитрат замони” ҳамда “фитрат аҳли” деган ибораларга дуч келиб, маъносини тушунолмадим. Илтимос, ана шулар ҳақида маълумот берсангиз.
Жавоб: “Фитрат” (ёки “фатрат”) сўзи луғатда бирор вақт оралиғи маъносида ишлатилади. Уламолар истилоҳида эса у икки пайғамбар келган пайт ўртасидаги даврни ифодалайди.
Бу сўз, хусусан, Исо ва Пайғамбаримиз Муҳаммад пайғамбарлик даврлари оралиғидаги вақтга нисбатан қўлланади. Ана шу пайтларда яшаб ўтган инсонлар “фитрат аҳли” – узилиш даврида яшаганлар, деб номланади. Баъзи уламоларнинг фикрича, Расулуллоҳ пайғамбар этиб юборилганларидан кейин дунёга келиб, кимсасиз ерларда, якка-ёлғиз ҳолда тоғларда яшаб, Ислом хабарини эшитмаганлар ҳам фитрат даврида яшаган инсонлар ҳукмидадирлар.
Бу ҳолатдаги инсон мотуридийлик ақидасига кўра, фақат ўзининг ва оламнинг Яратувчиси борлигини идрок қилиши керак. Имоннинг бошқа шартлари, ибодатлар ва Ислом ҳукмларини ақл билан топиб бўлмагани боис улардан масъул бўлмайди.
Ашъарийликка кўра эса, бундай одам Аллоҳ таолонинг борлигига имон келтирмаса ҳам нажот аҳлидан бўлаверади. Аммо кўпчилик уламолар мотуридийлик қарашларига қўшилганлар.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Аллоҳ таоло инсониятга берган энг катта неъматлардан бўлган ақл маънавият поклиги учун етакчи аҳамиятга эга. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: «Аллоҳ таоло яратган илк нарса ақлдир. Аллоҳ таоло унга, кел, деди. Келди. Сўнг, кет, деди. Кетди (яъни, итоат этди). Аллоҳ таоло: “Иззатим ва жалолимга қасамки, ўзим учун сен (ақл)дан ҳурматлироқ хилқат яратмадим. Сен (ақл) сабабли оламан, сен сабабли бераман. Сен туфайли мукофотлайман ва сен сабабли жазолайман”, деди» (Имом Табароний ривояти).
Чунки ақл инсонни ёмон ишлардан тўхтатиб туради, яхши ишларга боғлайди. Шу сабабли “ақл” сўзининг луғавий маъноси боғич бўлиб, у инсонни нопок ҳаракатлар қилишдан, ноўрин гап-сўз айтишдан тийиб туради. Бу инсон маънавиятининг поклиги учун жуда зарур воситадир. Аллоҳ таоло инсонларни ақл билан иш юритишга, юксак ақл эгаларидан ибрат олишга чақиради.
Шу туфайли Ислом шариатида инсоннинг ақлини ҳимоя қилувчи ҳукмлар муҳим ўрин тутади. Зеро, ақли жойида бўлган инсон яхши-ёмонни ажратади, пок-озода бўлишга ҳаракат қилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, Ислом, аввало, инсон ақлини кетказувчи барча нопок нарсалардан қайтаради. Инсон ақлининг ҳушёрлиги унинг ўзини баъзи нопокликлардан пок тутишига боғлиқ.
"Поклик ва озодалик дини" китобидан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Абу Райҳон Беруний
#МовароуннаҲр_уламолари
Абу Райҳон Беруний – ўрта асрларнинг буюк қомусий олими. У бир вақтнинг ўзида астроном, астролог, математик, геолог, географ, ўлкашунос, биолог, медик, ўсимликшунос, маъданшуонос, тарихчи, ман башунос, диншунос, адабиётшунос, файласуф, социолог, мантиқшунос, илоҳиётчи ва шоир булган. Ўз даврида “унинг шуғулланган соҳасини санашдан кўра, шуғулланмаган соҳасини санаш осонроқ эди”, дейишган. Беруний астрономияга, геодезияга, минералогияга, фармакологияга, географияга, астрологияга, топономикага, диншуносликка, тарихга оид махсус асарлар ёзган.
Абу Райҳон Муҳаммад ибн Аҳмад Беруний исмининг «Абу Райҳон» қисми Райҳоннинг отаси, «Муҳаммад» мутафаккирнинг ўз исми, «ибн Аҳмад» Аҳмаднинг ўғли эканлигини англатади. Беруний эса унинг нисбасидир.
Беруний 362 йилнинг 3 зулҳижжаси /973 йил 9 сентябрида Хоразмнинг қадимий пойтахти ҳисобланган Кот (Кат) шаҳрида туғилган. Айрим манбаларда Берунийни Кот шаҳрининг ташқарисида туғилган, шу сабабли уни “Беруний”, яъни «ташқарилик» деган тахаллус билан аташган дейишади. Абу Саъд Абдулкарим Самъоний (ваф. 1165) «Насаблар китоби» асарида шундай деб ёзади: “Беруний” деган нисба Хоразм (яъни унинг пойтахти Кот шаҳри)нинг ташқари қисмига оиддир. Кимки шаҳардан ташқарида туғилган бўлса, бундай одамни «фалончи беруний» дейдилар. Мунажжим Абу Райҳон шундай нисба билан машҳурдир».
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ўгит
«Ҳар бир кишининг туғилиб ўсган шаҳар ва мамлакатини шул кишининг ватани дейилур. Ҳар ким туғилган, ўсган жойини жонидан ортиқ суяр... Биз туркистонликлар ўз ватанимизни жонимиздан ортиқ суйганимиз каби, араблар арабистонларини, қумлик иссиқ чўлларини, эскимослар шимол тарафлар, энг совуқ қор ва музлик ерларни бошқа ерлардан зиёда суярлар. Агар суймасалар эди, ҳавоси яхши туронлик (яшашга) осон ерларга ўз ватанларини ташлаб кетурлар эди».
Абдулла Авлоний
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Закот бериши керак бўлган, бироқ беришга улгурмай вафот этган кишининг меросидан закот бериладими?
Жавоб: Йўқ, берилмайди. Аммо ушрини беришга улгурмай вафот этган кишининг олган ҳосилидан ушр берилади (“Фатовойи Ҳиндия”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Яхшилик умрни узайтиради
#Фойдали_маслаҳатлар
Руҳиятшунослар тадқиқотлари натижасига кўра, кўпроқ сахийлик ва яхшилик қилиш соғлиқ учун фойдали экан. Айниқса, ушбу хусусиятга эга кишилар бошқаларга қараганда кўпроқ яшаши аниқланган. Тадқиқот атрофдагиларга кўмаклашиш, энг аввал, инсоннинг ўзи учун жуда фойдали бўлиши, саховат ва меҳр асабийликни йўқотиб, узоқ умр кўришга сабаб бўлиши каби ҳаётий ҳақиқатларни исботлаб берди
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ҳадиси_қудсий
Каъбул Аҳбор (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. Аллоҳ таборака ва таоло айтади:
"Эй Одам боласи, албатта, Мен сени ҳеч қандай ҳаракатинг ва қувватинг йўқлигида онангнинг қорнида тарбияладим ва онанг қорнидан соғ-саломат ҳолда чиқардим. Онангни сенга меҳрли қилдим, у сени тарбиялаб турди. Сен ўсиб улғайдинг. Менга ибодат қилишинг учун сенга ақл ва қувват бердим. Менга ибодат этиш ва зикримни қилишга бепарво бўлдинг. Сенга тақсим қилинган ризқ билан машғул бўлдинг. Иззатим ва улуғлигимга қасам, етти қават ер остига кирсанг ҳам, тақсим қилган нарсамдан бир мисқол ҳам зиёда қилмайман".
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Бир дўстим суннат намозларида рукудан қайтиб, қаддини тик қилмай, саждага кетишини кўриб қолдим. Кейин билсам, дўстим доим шундай қилар экан. Бунинг намозга зарари йўқми?
Жавоб: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни ёв қувгандай шоша-пиша ўқиб, ҳузурларига келган бир саҳобийга уч қайта: “Сен намоз ўқимадинг!” деб танбеҳ берганлар. Сўнг, “Намозни хотиржамлик билан ўқигин. Руку ва саждалар орасида аъзоларинг таскин топгунича бир зум тин ол”, деб таълим берганлар.
Яна Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни апил-тапил ўқийдиганларни “намоз ўғриси” деб атаганлар ва “Энг ёмон ўғри намоз ўғрисидир!” деганлар.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ёмонликдан_қайтариш
"...Кўп кулиш қалбни ўлдиради".
Кулиш инсоннинг фитратида бор хислатдир. Ҳар ким ҳам кулади, кулишда бирор гуноҳ йўқ. Лекин кўп ва қаттиқ овозда кулиш қалбни ўлдиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп табассум қилардилар, кулишлари ҳам табассумга жуда яқин бўлган. Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) саҳобаларнинг кулиши ҳақида сўралганида: “Улар ҳам кулишар эди, лекин қалбларидаги имон тоғлардан ҳам мустаҳкам бўлган”, деб жавоб қилади. Яъни, уларнинг кулиши қалбларини ўлдирмаган, чунки кўп ва узоқ кулишдан доимо сақланишган.
Агар кулиш бирор кишининг устидан мазах қилиш ёки беҳуда гаплар учун бўлса, унинг кўпи ҳам, ози ҳам гуноҳдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бошқаларни кулдириш учун ёлғон гапларни гапирган кишига вайл бўлсин, вайл бўлсин ва яна вайл бўлсин”, деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Агар мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, деганлар (Муттафақун алайҳ).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Тўртлик
Ҳадис бор пайғамбар расул акрамдан,
“Оналар оёғин тагида жаннат”.
Онани шу қадар юксак қўйса ҳам,
Фарзандга хизматин қилмайди миннат.
Отабек Бақоний
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ИМОМИ АЪЗАМНИНГ СУКУТЛАРИ ВА САХИЙЛИКЛАРИ
#Динимизни_ўрганамиз
* * *
Бир куни бир одам Имоми Аъзамнинг ҳузурига кириб, бирнималар деди. Ҳазрат Имоми Аъзам унинг гапларини эшитиб бўлгач, бундай деган эканлар: “Бу каби бефойда сўзларни қўй. Одамларга ёқмайдиган кишининг сўзидан қочиш керак. Ким биз ҳақимизда ёмон гапирса, Тангри уни кечирсин, ким биз ҳақимизда яхши сўзласа, Аллоҳ таоло уни раҳматига олсин. Аллоҳ таоло розилиги учун фиқҳни ўрганинглар ва одамларнинг гап-сўзини қўйинглар”.
* * *
Бир киши Имоми Аъзамдан сўради: “Алқама яхшироқми ёки Асвадми? (Яъни қай бири афзал?)” Имоми Аъзам бундай жавоб бердилар: “Мен икковларини дуо ва истиғфор ила ёд қилиб, таъзимларини бажо келтираман, бирларини бирларидан афзал дейишга ҳаққим ва ҳаддим йўқ”.
* * *
Ибн Муборак бундай деган: “Имоми Аъзамнинг бирор душмандан шикоят қилганини ҳам, бировни ёмонлаганини ҳам эшитмаганман”. Бакр ибн Маъруф айтади: “Ҳазрат Муҳаммаднинг уммати ичра Абу Ҳанифадан гўзал сифатлироқ ва яхши сийратлироқ одамни кўрмадим”.
* * *
Имоми Аъзам ҳазратлари шогирдлари ва бошқа одамларга жуда кўп икром ва эҳсон қиладиган, раҳмдил ва кичикфеъл эдилар. Бинобарин, уйлана олмайдиганларни уйлантирар, шунга муносиб нафақа ҳам берар эдилар. Яна керакли нарсалар юбориб, мурувват қилиб турардилар. Бир куни бир суҳбатдошларининг кийими кир бўлгани ва эскириб кетганига кўзлари тушди. Бошқалар чиқиб кетган вақтда ундан яна бир оз ўтиришини сўрадилар. Сўнгра унга: “Жойнамознинг тагида пул бор, олиб ўзингизга кийим ҳарид қилинг”, дедилар. Ўша шогирдлари пулни олиб кетиб санаган эди, минг танга чиқди.
* * *
Имом Абу Юсуф айтибдилар: “Устозим ҳеч кимнинг сўровини қайтарган эмаслар, балки барчанинг ҳожатини раво қилардилар”.
* * *
Ўғиллари Ҳаммод Фотиҳа сурасини хатм қилди. Улуғ имом домлага минг танга юбориб, яна узр айтдилар: «Узр, тақсир, арзирли нарса юборолмадик. Сиз “Озгина таълим бердим-ку”, деб илмни хор тутманг. Бизда бу минг тангадан кўпроғи бўлганида, Қуръони мажиднинг таъзими учун юборар эдик».
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Ўгит
* Гўзал хулқ азиятларга бардошли бўлиш, очиқ юзлилик ва чиройли сўздан иборатдир.
* Ким ботинини назорат қилиб, амалда ўзини холислик билан тўғриласа, Аллоҳ таоло унинг зоҳирини доимий саъй-ҳаракат ва суннат амалларни бажариш ила зийнатлаб қўяди.
* Ихлос бандаларни Аллоҳ таоло билан боғлайдиган омилдир.
ИМОМ МУҲОСИБИЙ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Лузумий
#Шеърият
Абдулҳамид Лузумий (1900–1977) қатағонга учраб 1937 йили саккиз йилга қамалади, сўнг эллигинчи йиллар бошида қатағоннинг иккинчи гирдобига ҳам тушиб, уч йил сургун азобини тортади.
Лузумий ёшлик чоғларида Собирхон эшон мактабида таълим-тарбия олади. У бадиий адабиётга ихлосли, асарлари мумтоз сўз санъатимиз руҳига уйғун эди. Афсус, шоир қадри билинмайдиган замонда яшаб ўтди. Лузумий ўзини Навоийнинг камтарин шогирди ҳисоблаб, ғазалларидан бирида бундай ёзади:
Гар Навоийни менга устоз десам ёлғон эмас,
Яъни, мен шогирдининг шогирдининг шогирдиман...
1977 йили шоир жанозасида ҳозир бўлган Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Абдулҳамид ака вафот этиб, Ислом динининг етук билимдони, доно тарғиботчисидан, камтарин бир инсондан айрилдик. Худо раҳматига олсин”, деб дуо қилади.
Қуйида унинг шеърларидан бирини ўқиймиз.
ТОШКЕНТДАГИ ОШНОЛАРГА САЛОМ
Тошкент бориб, сабо, айт ошноларга салом,
Қон қотишмай, жон қотишган ақраболарга салом.
Гар тиши тушган, оқарган сочлари, ранг ўзгариб,
Ҳусни хулқ ила безалган дилраболарга салом.
Сўзлари дард аҳлига доридин ортиқроқ шифо,
Дардмандлардин ўшал соҳибшифоларга салом.
Ўртада ёлғиз муҳаббат, ўзга йўқдир муддао,
Диллари ойинадек аҳли сафоларга салом.
Чун Лузумийнинг саломини етурсанг барига,
Сўнг алардин ҳам кетур биз бенаволарга салом.
Зуҳриддин Исомиддинов нашрга тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ