hidoyatuz | Неотсортированное

Telegram-канал hidoyatuz - Hidoyat.uz

11605

O'zbekiston musulmonlari idorasiga qarashli "Shamsuddinxon Boboxonov" nashriyot-matbaa ijodiy uyi. Hidoyat.uz hidoyatuz.taplink.ws Мақолангизни қуйидаги ҳаволага юборишингиз мумкин: @Hidoyat_jurnal @Muminalar_jurnali

Подписаться на канал

Hidoyat.uz

#Тафсир

“Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, кейинчалик берган нарсалари кетидан миннат ва озор етказмайдиган кишилар учун Парвардигордан мукофот бордир. Уларга хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар” (Бақара, 262).

Бу оят Усмон ибн Аффон ва Абдураҳмон ибн Авф (розийаллоҳу анҳумо) ҳақларида тушган.

Фахриддин Розийнинг “Мафотиҳул ғайб” номли тафсирида бундай дейилган: Ҳазрат Усмон (розийаллоҳу анҳу) Табук ғазоти иштирокчиларини мингта жабдуқланган туя ва минг динор пул билан таъминлаганларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини кўтариб: “Ё Усмоннинг Парвардигори, мен Усмондан розиман, Сен ҳам рози бўлгин”, деб дуо қилдилар.

Қуртубий тафсирида бу маънога қўшимча бор: Абу Саид Худрий (розийаллоҳу анҳу) айтади: “Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўлларини кўтариб: “Ё Усмоннинг Парвардигори, мен Усмондан розиман, Сен ҳам рози бўлгин”, деб тонг отгунча дуо қилиб турганларини кўрдим. Кейин ушбу оят тушди”.

Абдураҳмон ибн Авф ҳам саховатда тенгсиз саҳобийлардан эди. Бу зот Табук ғазоти учун тўрт минг динор (баъзи тафсирларда дирҳам) берди ва бу бор бойлигининг ярми эканини, қолган ярмини оиласи учун олиб қўй­­ганини ҳам маъ­­лум қилди. Қил­ган бу хайрли амаллари эвазига Пай­ғамбаримизнинг (алайҳиссалом) “Берган молингга ҳам, олиб қолганингга ҳам Аллоҳ баракот берсин”, деган хайрли дуоларига сазовор бўлди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Рамазон кунларидан бирида ёққан ёмғирда юрган одамнинг оғзига бир-икки томчи ёмғир суви кириб кетса, рўзаси бузиладими?

Жавоб: Агар ўша одамнинг ихтиёридан ташқари, бехосдан сув кириб кетса, рўзаси бузилади ва қазо (бир кунга бир кун) тутиб беради. Борди-ю, ёмғир сувини қасддан ютса, унга ҳам қазо ҳам каффорат лозим бўлади. Яъни, бу одам бузилган рўзаси учун бир кун тутиб беришдан ташқари, жарима сифатида икки ой кетма-кет рўза тутиб бериши, бунга қурби етмаса, олтмишта мискиннинг бир кунлик таомини садақа қилиши керак бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Ибрат

Расулуллоҳ , гарчи гуноҳ ишлар қилишдан сақланган бўлсалар-да, доим тавба қилиб юришлари биз учун ўрнак ва тавба қилишга тарғибдир. Зеро, “Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади” (Бақара, 222).

Кишиларга жабр, зулмни, ўзганинг ҳақини ейиш каби гуноҳларни мазлум кечирмагунича Аллоҳ таоло кечирмайди.

Банданинг тавбаси ҳақиқий бўлиши учун учта шарт бор. Биринчиси, гуноҳдан тўхташи, иккинчиси, пушаймон бўлиши ва учинчиси, гуноҳга зинҳор яқинлашмасликка азму қарор қилишидир.

Уламолар ушбу шартлар бажарилсагина, тавба самимий, чин бўлишини айтишган. Биз мўминлар самимий, чин тавба қилишга буюрилганмиз: “Эй имон келтирганлар, Аллоҳга чин тавба қилинглар, шоядки, Раббингиз сизларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларга киритса!” (Таҳрим 8).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Ота-онаси рози бўлмаган кишининг намоз, рўзаси қабул бўладими?

Жавоб: Динимизда ота-онани норози қилиш у ёқда турсин, раъйларини қайтариш, уларга ёқмайдиган гапларни айтиш ва ҳатто ёнларида “уф” тортишдан ҳам қайтарилган. Уларнинг хизматларида шай туриб, ҳақларига доимо дуо қилиб туришимиз буюрилган. Ҳадиси шарифларда жаннат оналар оёғи остидалиги, ота-онага яхшилик қилиш энг яхши амалларданлиги, отанинг розилиги Аллоҳ таолонинг розилиги, отанинг ғазаби Аллоҳ таолонинг ғазаби экани баён этилган. Борди-ю, ана шундай ҳолат юз берган бўлса, тезлик билан уларнинг кўнгилларини олиб, розиликларига эришиш пайидан бўлиш керак. Бу ҳолат ўқилган намоз, тутилган рўза ва бошқа ибодатлар қабулига таъсир кўрсатмайди. Чунки булар банда зиммасидаги алоҳида-алоҳида вазифалар бўлиб, бажара олмаган бир амали учун ўтаган бошқа ибодатлари қайтарилмайди. Лекин бўйнида банданинг, хусусан, ота-онанинг ҳақини адо қилмай вафот этган одам ҳақдорлар рози бўлмагунича жаннатга кирмайди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Яхшиликка_чақириш

Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
“...Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!.” (Зумар, 9.)

Илм эгасининг фазилати ана шундай буюк. Бундай юксак даражага эса заҳматлар чекиш билан эришилади. Бу ҳақида уламолар шундай дейишган: “Илмга барча нарсангни бермагунингча, у сенга ҳеч нарсасини бермайди”. Яъни инсон илм ўрганишни истаса, фидойилик қилиши, қанчадан-қанча машаққатларни зиммасига олиши керак. Шундагина илм соҳибига айланади, юксак даражаларга эришади. Бу мақсадга етиш учун ҳар қанча заҳмат чексак арзийди.

Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Илм кўтарилмасидан уни ўрганинглар. Илм олимларнинг вафоти туфайли кўтарилади. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, кишилар (Қиёмат кунида) олимларга берилган даражаларни кўриб: “Кошки бизни ҳам Аллоҳ олим қилиб тирилтирса”, деб орзу қиладилар”. Яъни, инсон бу дунёда қадр топишни, охират диёрида савоблар ва баланд мартабаларга кўтарилишни истаса, илм олиши лозим.

Фотима ЗУПАРОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Оят

«Осмонни баланд қилиб қўйди ва мезонни (меъёр ва адолатни) жорий қилди, токи меъёрдан тажовуз қилмагайсиз. (Эй инсонлар! Муомалада) вазнда адолат ўрнатингиз ва тарозида зиёнкорлик қилмангиз!» (Ар-Раҳмон, 7–9).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Узр, бир оз одобдан ташқари бўлса ҳам, зарурат юзасидан сўрашга мажбур бўлдим: рўзадор одам мустаҳаб қилишда ҳам эҳтиёт бўлиши керак, деб эшитдим, шу тўғрими?
Жавоб: Аввало бир нарсани тўғри тушуниб олайлик, шариат қоидаларини билиш, дин илмини ўрганиш учун савол бериш одобсизлик бўлмайди. Чунки бу илмлар ибодатларнинг тўғри бажарилиши ва қабул бўлиши учун муҳимдир. Халқ орасидаги машҳур “Шариатда шарм йўқ” деган ибора шу маънода ишлатилади. Энди саволингизга келсак, ҳақиқатда, рўзадор одам мустаҳаб пайтида сувни кўп ишлатмаслиги ва мустаҳаб қилаётганида нафас олмай туриши керак. Акс ҳолда, орқадан ичга сув кетиб қолиши, натижада рўза бузилиши мумкин (“Муҳийт”, “Баҳрур роиқ”)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

АЁЛЛАР РЎЗАСИ
#Аёллар_саҳифаси

Рамазон ойи кириши билан балоғатга етган қиз ва аёллар тоза кунларида Аллоҳ розилиги учун рўза тутишади. Бироқ узрлилар – сафардагилар, оғир беморлар, ҳайз ва нифосли аёллар узрлари сабаб тута олмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир кундан қазосини тутиб беришади. Рамазон ойида касал бўлиб қолиб, рўза тутса касали кучайиши ёки тузалиши орқага сурилиш хавфи борлигини ишончли табиблар тасдиқлаган одам ҳам кейин тутиб беради. Уламоларимиз худди шу тоифага ҳомиладор ва эмизикли аёлларни ҳам қўшишган. Сурункали беморлар, рўза тутолмайдиган даражадаги қари кишилар фидя беришлари лозим. Рамазон ойида сафарга чиққан одам агар қийналмаса, рўзани сафарда тутса ҳам бўлаверади.

Рўзасини қасддан бузган киши, бир кун қазо, олтмиш кун жазо (каффорат) сифатида кетма-кет рўза тутади. Олтмиш кун кетма-кет рўза тутолмаган кишилар олтмиш фақирни тўйдиришади ёхуд ҳар фақирга икки кило буғдой ёки унинг қиймати миқдоридаги пул беришади.

Рамазон ойида рўза тутган қизлар, аёллардан ҳайз келса, рўзаларини очишади. Ҳайз келиши тугаб, ғусл олингач, рўза тутишда давом этишади. Ойбоши ҳоллари ушбу ойда тўхтаса, дарҳол рўза тутишда давом этишади. Ҳайз келиши тонг отгандан олдин тўхтаса, ўша куни ният қилиб тутилади. Тонг отганидан кейин ҳайз келса, ўша куни еб-ичади. Бу ҳайз саҳарликка турилган куннинг пешин ё аср вақтида, ҳатто шомга (ифторга) бир-икки соат қолган пайтда юз берса ҳам, рўзани очиш лозим бўлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Аллоҳ таоло ҳузурида рўза тутувчиларнинг мақоми қай даражада эканлиги ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилади: “Жаннат тўрт турли инсонга муштоқ бўлиб туради: Қуръон ўқувчи, тилини (ёмон сўзлардан) сақлагувчи, оч-яланғочларга овқат берувчи ва рамазон ойида рўза тутувчиларга”.

Шунингдек, рамазоннинг ўзига хос одоблари борки, инсон уларга бир ой мобайнида кўникма ҳосил қилгач, йил давомида ўша ахлоқ ва одобларни ўзида сақлаб, амал қилиши лозим бўлади. Яъни, ғийбат, чақимчилик, ёлғон сўз ва ёлғон қасамлардан тийилиш керак. Шу билан бирга, тилни фаҳш ва беҳудаликлардан, қалбни хусумат ва адоватдан, кўзни гуноҳ ишларга қарашдан, қулоқни ношаръий нарсаларни эшитишдан ва аъзоларни бировга зулм қилишдан сақлаш зарур.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Рамазон ойида тиши оғриб қолган одам муолажа ва оғриқ қолдириш мақсадида укол олса, рўзаси бузиладими?

Жавоб: Киши ана шундай ноқулай вазиятда қолмаслиги учун рамазон ойи киришидан олдин ўзига бир қараб, керакли муолажаларни олиши керак. То бу баракотли ой шарофатидан тўлиқ баҳраманд бўла олсин, унинг ибодат қилиш завқига ҳеч қандай қийинчилик халақит бермасин. Шундай бўлса ҳам, рамазон ойида бирдан тиши оғриб, укол олган кишининг рўзаси бузилади ва кейин ўша кун учун бир кун қазо тутиб беради (“Фатовойи Ҳиндия”).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ТАРОВЕҲ НАМОЗИ ҲАҚИДА
#Динимизни_ўрганамиз

Ҳукми

Рамазон ойида таровеҳ намозини ўқиш эркак ва аёлларга суннати муаккададир. Таровеҳ намозини жамоат билан ўқиш суннати кифоядир.

Вақти

Таровеҳ намози хуфтон намозининг суннатидан сўнг витр намозидан олдин ўқилади.

Нияти

“Таровеҳ намозини (ё шу вақтнинг суннатини) юзимни Каъбанинг бир томонига қилиб, холис Аллоҳ учун ўқишни ният қилдим”, деб кўнглидан ўтказилади.

Ракатлари сони

Таровеҳ намози йигирма ракатдир. Ҳар икки ракатдан сўнг салом берилади.

Ҳар тўрт ракатдан сўнг, яъни икки саломдан кейин ҳамда витр намозидан олдин тўрт ракат намоз ўқиш миқдорича дам олинади. Дам олишда, истаса, тасбеҳ ё таҳлил айтади ё жим ўтиради. Тасбеҳ айтиш мустаҳабдир.

Таровеҳ намозининг ҳар икки ракатининг биринчи ракатида имом ва қавм сано ўқийди. Имом тааввуз ва тасмия айтади. Руку ва сужуд тасбеҳлари учтадан айтилади. Қавма ва жалсага риоя этиш суннатдир.

Қироати

Барча намозларда, жумладан, таровеҳ намозида ҳам қироатни тажвид талабларига мувофиқ қилиш фарздир. Қироатда овоз гўзаллиги эмас, унинг тўғрилиги муҳимдир. Шунинг учун қироатни тўғри қилувчи одам имомликка ўтказилади. Таровеҳ намози давомида Қуръони каримни бир марта хатм қилиш суннатдир. Салаф уламоларимиз, Лайлатул қадр умидида Рамазон ойининг йигирма еттинчи кечаси таровеҳида хатм қилишни мақбул кўришган. Бунинг учун Қуръони карим оятлари 540 рукуга тақсим этилиб, мусҳафларга белги қўйилган.

Барча намозлардаги каби таровеҳ намозида ҳам жамоатнинг кўплиги афзалдир. Шунинг учун имом таровеҳ намозида жамоат тоқатига мувофиқ миқдорда қироат қилиши лозим. Мутааххир уламоларимиз жамоат тоқатидан келиб чиқиб, таровеҳ намозида бир узун ё уч қисқа оят ўқиш мумкинлигига, яъни, Аср ва Ихлос каби сураларни ўқиш жоизлигига фатво беришган.

Бу ўринда шуни таъкидлаш лозим: таровеҳ намозида, жамоатга малол келади, деган ўйда намознинг суннатлари асло тарк этилмайди. Саловот ўқилади. Саловатдан кейинги дуони ўқимаслик жоиз.

Рамазон ойи давомида витр намози таровеҳ намозидан сўнг жамоат билан ўқилади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Қуръони каримни қалбига ва ҳофизасига нақш этган илк инсон Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дирлар. Улардан ке­йин тўрт буюк халифа ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Али (розияллоҳу анҳум)лардир. Саъд ибн Абу Ваққос, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Абу Мусо Ашъарий, Абу Ҳурайра, Муоз ибн Жабал, Убай ибн Каъб, Абу Зарр Ғифорий, Абу Дардо, ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳум) каби саҳобийлар Қуръонни ёд олишган.

Имом Бухорий, Ибн Сино, Амур Темур каби улуғ аждодларимиз, буюк алломаларимиз Қуръони каримни жуда ёшликларидаёқ ёд олганлар.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Оят

«Мол (бойлик)ларини кечаю кундуз, пинҳонаю ошкора эҳсон қиладиган кишилар учун Парвардигорлари ҳузурида (махсус) мукофотлари муҳайёдир. Уларга (охиратда) хавф ҳам бўлмас ва улар ташвиш ҳам чекмаслар» (Бақара, 274).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Буюк валийлардан бири Суфёни Саврий “Киши Қуръони каримни ўқиган пайтда фаришта унинг икки кўзи орасидан ўпади. Яъни, ўқувчига ҳурмат ва ўқиганига таъзим учун фаришталар Одам боласидан Қуръони каримни тинглашга зиёда ошиқдир”, деган (“Иҳёу улумид дин”дан).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Саҳобалар_ҳаёти

Абу Даҳдаҳ Ансорий «Аллоҳга “қарзи ҳасана” (Унинг йўлида эҳсон) қиладиган киши бормики, (У) ўша (киши)га бир неча ҳисса зиёдаси билан қайтарса! Унинг учун яна яхшигина мукофот ҳам бордир» (Ҳадид, 11) ояти нозил бўлганини эшитгач, Пайғамбар (алайҳиссалом)нинг олдиларига бориб:

– Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло қарзи ҳасана беришимизни хоҳлаяптими? – деди.

Пайғамбар (алайҳиссалом):

– Ҳа, эй Абу Даҳдаҳ, – деб жавоб бердилар.

– Қўлингизни беринг, ё Расулуллоҳ, – деди-да, у зоти бобаракотнинг муборак қўлларидан тутди.

– Нима бермоқчисан, эй Абу Даҳдаҳ? – сўрадилар Пайғамбар (алайҳиссалом).

– Агар мен савоб олиш мақсадида, Аллоҳ розилиги учун нимадир берсам, жаннатга кираманми? – деди.

– Ҳа, албатта, – жавоб бердилар Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам).

– Эй Аллоҳнинг Расули, менинг иккита боғим бор. Бирининг атрофи ўралган, унда етти юз туп хурмо кўчати бор. Мен Раббимга шу боғимни бердим.

– Эй Абу Даҳдаҳ, айтганингни бер, иккинчисини эса, оиланг эҳтиёжи учун қолдир.

– Сиз гувоҳ бўлинг, ё Расулуллоҳ, боғимнинг энг яхшисини эҳсон қилдим.

Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаннатдаги дуру ёқутдан бўлган қанча-қанча хурмолар Абу Даҳдаҳники бўлди”, деб айтдилар.

Сўнгра у ҳадя қилинган боққа борди. Боғ ичида юрган аёли ва болаларини кўриб: «Эй Даҳдаҳнинг онаси, бу боғдан тезроқ чиқинглар, Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳга “қарзи ҳасана” (Унинг йўлида эҳсон) қиладиган киши бормики, (У) ўша (киши)га бир неча ҳисса зиёдаси билан қайтарса! Унинг учун яна яхшигина мукофот ҳам бордир», дея марҳамат қилган оятига биноан бу боғни ҳадя қилдим», деди. Шунда аёли: “Аллоҳ бу эҳсонингизни баракотли қилсин ва сизни жаннат билан мукофотласин”, деб, фарзандларининг қўлларидаги, чўнтакларидаги хурмо меваларини ерга ташлаб, уларни бошқа боғига олиб кетди” (Абу Яъло ва Табароний ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Ҳадис

Ибн Ҳузайма (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Агар сен рўзадор бўлсанг бирор кишини сўкма, агар сени бирор киши сўкса, мен рўзадорман, деб айт. Агар турган бўлсанг, ўтириб ол, ғазабинг кетади. (Бошқа ривоятда ўтирганингда ҳам кетмаса, таҳорат қил ва икки ракат намоз ўқи)", деганлар (Имом Бухорий).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

РЎЗАДОРНИНГ ИККИ ҚУВОНЧИ
#Ҳадис_шарҳи

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Расулуллоҳ : «Одам боласининг ҳамма амали бир неча баробар оширилади: битта яхшилик ўн баробаридан етти юз баробаригача оширилади. Аллоҳ таоло: “Рўза ундай эмас. Рўза Мен учундир. Ўзим унинг мукофотини бераман. Зеро, Одам боласи шаҳвати ва овқатини Мен учун тарк этади”, деб марҳамат қилган. Рўзадор учун икки қувонч бор: ифтор қилганидаги бир қувончи, Парвардигорига йўлиққанида бир қувонч. Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таоло учун мушкнинг ҳидидан ҳам ёқимлироқдир», дедилар.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳар бир яхши амалга камида ўн баробаридан етти юз баробаригача савоб ато этиши Қуръони карим оятларида ҳам таъкидланган: “Кимки (бир) ҳасана (савобли иш) қилса, унга ўн баробар (кўпайтириб ёзилур)...” (Анъом, 160).

Ҳадисда рўзанинг савоби бошқа яхши амаллар савобидан улуғ экани баён этилмоқда. Зеро, унга бериладиган ажрнинг чеки йўқ. Уни Аллоҳ таоло Ўзи билади.

Ибн Асир ҳадис шарҳида бундай дейди: “Рўза эгасини азият келтирувчи шаҳватлардан сақлайди. Рўзадор одамда нафсини ёмонликка етакловчи шаҳватлар кесилади”.

Ибн Арабий айтади: “Рўза дўзахдан пардадир. Чунки рўзадор киши шаҳватлардан ўзини тияди. Дўзах эса шаҳват билан ўралган. Хуллас, мўмин дунёда ўзини шаҳватлардан тийса, охиратда ўзи учун парда бўлади”.

“Рўзадор учун икки қувонч бор: ифтор қилганида бир қувонч...” Рўзадор мўмин атрофида барча жонга роҳат берувчи неъматлар муҳайё тургани ҳолда, Парвардигори буюргани учун куннинг ҳароратига, очлик ва чанқоқликка сабр-матонат билан чидайди. Бу билан Парвардигор розилигига эришади. Ифторга етгач, бугунги имтиҳондан муваффақиятли ўтказгани учун, баъзи йўлини йўқотганлардан эмас, балки Ўзининг хос бандалари қаторида ибодатига муваффақ айлагани учун ва ниҳоят дуо шаксиз қабул бўладиган соатларга етказгани учун Парвардигорга чексиз шукрлар қилади.

“...Парвардигорига йўлиққанида бир қувонч”. Охиратда рўзадорни алоҳида мукофот кутади. Аллоҳ таолонинг Ўзидан мукофот олади. Жаннатга “Райён” деб аталган хос эшикдан киради.

“Рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ таоло учун мушкнинг ҳидидан ҳам ёқимлироқдир”.

Баъзилар буни “Аллоҳ таоло рўзадорга шундай мукофот беради, унинг баракотидан оғзининг ҳиди мушкнинг ҳидидан хушбўй бўлиб қолади”, тарзида шарҳлаганлар.

Шуни алоҳида қайд этиш керак, баъзи табиблар бу ҳидни соғлик белгиси сифатида яхшиликка йўядилар. Уларнинг фикрича, танадаги ортиқча моддалар, заифлашиб қолган ҳужайралар ва зарарли бирикмаларни тана “ёқиб юборади”. Бурунга ёқмайдиган бу ҳид, рак сингари турли касалликларга сабаб бўладиган зарарли моддаларнинг таъбир жоиз бўлса, “ёқилишидан” ҳосил бўлган “тутун” ҳидидир. Уларнинг рўза боис танадан йўқотилиши соғлик учун ўта фойдалидир.

Баъзилар: “Рўза Мен учундир...” муборак жумласи “Менга энг суюкли, наздимда энг мўътабар ибодат”, маъносидадир, деганлар.

Баъзилар: “Банданинг рўзадан ташқари барча ибодатлари қиёматда зиммасидаги бошқа банданинг ҳақини ўташ учун берилиши мумкин. Аммо тутган рўзасига тегилмайди, бандани ўша (рўзаси) билан жаннатга киритади”, дейишган.

Раҳмат ёмғири мавсуми – Рамазони шариф ойидамиз. Фурсат борида бу ой баракотидан ўз насибамизни олишни унутмайлик!

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

САБРИМИЗ СИНОВДАН ЎТМОҚДА
#Таянч_нуқта

Бу йил Рамазон ушбу сўзнинг луғавий маъносига муносиб келди (“рамазон” қуёшнинг куйдириши маъносини билдирувчи “рамаз” сўзидан олинган. Муфассир Маҳмуд Замахшарий ўша пайтларда рўза ойи ҳозиргига ўхшаб йилнинг энг иссиқ кунларига тўғри келгани учун шундай номланганини айтади). Вақтнинг одатдаги шитоби сусайгандек, соатлар тўхтаб қолаётгандек туюлади. Бу, айниқса, тушдан кейин яққол сезила бошлайди. Сувнинг жилдираши қулоққа киради, нигоҳлар беихтиёр ўша ёққа тикилади, нафс ширин энтикади...

Аммо руҳимиз хотиржам. Тилимиз, гарчи қуруқшаб, айланишга қийинчилик сезса-да, қалб тўридан келаётган шукроналарни изҳор қилишда малолланмайди.

Ажаб, кўпчилигимиз жисм роҳати тўйиб еб-ичишда деб ўйлаймиз ва шундай қилиш пайида бўламиз. Тўғри, нафсимиз ором олади, бироқ вужудимиздан оғирлик, кайфиятимиздан тундлик аримайди. Бугун эса оч, ташнамиз, шунга қарамай тетикмиз, руҳимиз кўтаринки. Бунинг сабаби нимада? Чунки сабримиз, иродамиз синалмоқда. Биз Парвардигоримизнинг буйруғига “Лаббай!” деб, рўза тутмоқдамиз. Ҳавонинг иссиқлиги, ишдаги оғирликларни баҳона қилиб, бу улуғ фарзни бажариш шарафидан, бандалик бахтидан, мукофоти мўл синовдан ўзимизни тортмадик. Иншааллоҳ, бу синовдан ўтамиз ва ваъда қилинган ажрга мушарраф бўламиз.

Рамазон, таъбир жоиз бўлса, раҳмат-мағфират ёмғирлари мавсуми. Қилмишлару гуноҳлар ғубори қоплаган қалбимизни ана шу ёмғирда тозалаб олиш фурсати. Ҳадисларда айтилганидек, бу имкониятдан фойдаланмай, бурни ерга ишқаланадиганлардан бўлиб қолмайлик. Рамазонни ғанимат билиб, яхши амалларда ғайрат қилсак, насиб этса, жаннатга Райён эшигидан биргаликда кирамиз.

Барчамизга ана шундай саодат насиб этсин!

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Ўгит

Инсонга зийнат бахш этувчи сифат-фазилатлардан бири нафсни жиловлаб олиш, ейиш-ичишда меъёр сақлай билишдир. Бундай кишилар ҳамиша соғлом, бардам, хушсурат, яхши ахлоқ билан ажралиб туради. Баднафслик оқибатлари эса аянчлидир. Кўп ейиш оз ейишдан ҳам маҳрум қилади, дейди донолар. Яъни, овқатга ружу қўйиш соғлиқни издан чиқаради. Энг ёмони, нафси бузуқликдан нафақат тана, балки кишининг табиати ҳам зарар кўради. Ақл-идрок хира тортади. Зеҳн ўтмаслашади, ўй-фикрлар ҳам бадбинлашади.

“Мол қадрини билгувчи кишилар ўринсиз ерга бир тийин сарф қилмас, ўрни келганида эса мол-дунёсини аямас. Саховатнинг зидди бахиллик бўлгани каби, иқтисоднинг зидди исрофдир. Аллоҳ таоло исроф қилгувчиларни суймас. Тежамкорликка риоя қилган кишилар эса ҳамма вақт тинч ва роҳатда яшайдилар”. Абдулла Авлоний бу сўзларини давом эттириб, сафоҳат, яъни исрофгарлик энг ёмон хулқлардан ҳисобланади, дейди.

Тарбия ойи – муборак Рамазони шариф ҳам келди. Дарҳақиқат, инсон ботину зоҳири тарбиясида рўзанинг, Рамазон ойининг ўрни беқиёс. Рўзадорлик бизни чиниқтиради. Сабримиз, иродамиз қувватланади. Нафсимизга ҳокимлик қила бошлаймиз. Нафсини енга олган кишида эса бошқа инсоний фазилатлар, хусусан, сабр-қаноат туйғуси юзага келади, ҳаётида маром, мўътадиллик, меъёр изга тушади. Меъёр эса, иншааллоҳ, барча яхшиликлар, эзгуликлар сабабчисидир.

Азимжон АЛИМЖОНОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Саҳобалар_ҳаёти

Абу Даҳдаҳ (розияллоҳу анҳу) умрининг охирига қадар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бўлди. У ҳар қандай хизматга ҳозиру нозир эди, ўзининг гўзал ибратлари билан атрофдагиларга ўрнак бўларди. Мусулмонлар учун жуда ҳам оғир келган ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд ғазотида барча саҳобийлар сингари душманга қарши курашга отланди. Ўша жангда мушриклар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам)га зарар етказишга қаттиқ бел боғлашди. Ҳаттоки, атрофга “Муҳаммад ўлди!” деган ёлғон хабарлар тарқалди. Айримлар бундан саросимага тушиб, тарқала бошлашди. Шу маҳал кимдир: “Эй ансорлар жамоаси! Бардам бўлинглар, мен томонга келинглар, тарқалманглар, мен томонга келинглар! Агар Муҳаммад ўлдирилган бўлса, Аллоҳ тирик, У Зот ҳаргиз ўлмайди!” деб бақирарди. Бу жанг майдонида мардонавор курашаётган Абу Даҳдаҳнинг овози эди. Чақириқни эшитган ансорлардан бир қанчаси унинг атрофига тўпланди. Шу пайт мушриклар ҳужум қилишди. Бири Абу Даҳдаҳга ҳамла килиб, уни жароҳатлади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), жанг майдонида саҳобийларни кўздан кечирар эканлар, Абу Даҳдаҳга дуч келдилар. Унинг юзидаги тупроқни арта туриб: “Аллоҳ сизни раҳмат қилсин, эй Абу Даҳдаҳ! Ҳозир сиз учун жаннатда қанчадан-қанча осилиб турган мевали хурмо шодалари бор”, дедилар.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ТУПРОҚ КАБИ БЎЛ ЁХУД ЎЗГАЛАР ҲАҚИ
#Динимизни_ўрганамиз

Инсонларнинг қонини тўкиш қанчалик ёмон амал бўлса, уларнинг молларини ноҳақ ейиш ҳам шунчалик манфур ва ёмон амаллардан ҳисобланади. Шунинг учун шариатимиз ҳар бир мусулмонга ўзгаларни ҳақларидан қўрқишликни, уларнинг ҳақларига хиё­нат қилмасликни, хусусан, ожиз ва заифлар, сағир ва боқувчисини йўқотганлар ҳақларига тажовуз қилишдан қўрқишни, хиёнат қилмасликни буюради.

Шу ўринда бир ривоятни келтириб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Абу Жаҳлда бир етимнинг васият қилинган моли бор эди. Бечора етим бола оч ва яланғоч танг ҳолда келиб, Абу Жаҳлдан ўз молини беришини сўрайди. Абу Жаҳл уни қувиб ҳайдайди, ҳеч нарса бермайди. Етим бола молидан умидини узади. Бу воқеадан воқиф бўлган Қурайш аслзодалари у болага: “Сен Муҳаммадга бор. У сенга шафеъ бўлади, яъни ҳаққингни олиб беради”, дейишди. Уларнинг ният ва мақсадлари истеҳзо, яъни Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) устидан кулиш, калака ва масхара қилиш эди. Етим бола буларнинг ёмон ниятларидан буткул бехабар ҳолда Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига бориб, ўз ҳолини арз қилди ва ёрдам сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бола билан бирга Абу Жаҳлнинг олдига бордилар. Абу Жаҳл Сарвари коинотни кўриши билан ўрнидан турди, илтифот кўрсатди ва тезда етимнинг молини қайтариб берди. Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бола билан ўз манзилларига қайтиб кетишгач, Қурайш улуғлари Абу Жаҳлни айб­лаб: “Сенга нима бўлди? Меҳрибончилик қилдингми? Кўнглинг юмшаб қолдими?” – дедилар. У: “Йўқ, – деб жавоб берди, – Аллоҳга қасамки, мен меҳрибончилик қилмадим, кўнглим ҳам юмшамади. Мен Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўнг ва чап елкаси ортида менга найзасини отишга тайёр турган одамни кўрдим. Айтганини қилмасам, мени ўлдиришидан қўрқдим”, деди. Аллоҳ таоло суюкли Пайғамбарига ана шундай ва унга ўхшаш мўъжизаларни жуда кўп берган.

Шаробиддин МУСАБОЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Тиббиёт_бурчаги

Буйракда тош тўпланишидан хавотирдамисиз? Сийдик йўлидаги тузларни эритмоқчимисиз? Танангизни заҳарли моддалардан тозалашни, асабларингизга дам беришни, қон босимингиз бир меъёрда бўлишини истайсизми? Бу ниятларга етиш учун рўза энг яхши дармондир!

Қабзият қийнаяптими? Тўғри ичакда касаллик борми? Бавосир ва камқонликдан сақланмоқчимисиз? Жигарингиз безовта қилишини истамасангиз, рўза қалқонингиз бўлсин!

Ичингиз дам бўляптими? Юрагингиз безовтами? Қанд ёки саратон касаллигига чалинишдан қўрқяпсизми? У ҳолда рўза тутишни канда қилманг! Паришонхотирлик, ўпка касаллигининг олдини олиш учун ҳам энг яхши восита рўзадир!

Юқорида саналган касалликларни рўза билан даволаш ижобий самара бериши илмий ва амалий тасдиғини топган. Фақат олдин шифокор билан маслаҳатлашиш тавсия қилинади.

Козимжон АКРАМОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Улуғ Рамазон
#Шеърият

Гуноҳу савобдан кўтардик хирмон,
Елписак, ажралар буғдойдан сомон,
Асли одам айнир, жойида замон,
Бугун юз кўришдик, шукр, соғ-омон.
Хуш келдинг юртимга, улуғ Рамазон.

Кимларни безади яхши аъмоли,
Кимларни қутиртди бойлиги, моли.
Инсон қайдан билар не кечар ҳоли.
Умримиз чирпирак сарғайган ҳазон,
Хуш келдинг юртимга, улуғ Рамазон.

Кўзинг оч, эй ғофил, дамлар ғанимат,
Инсон яралганинг олий бир неъмат.
Оҳлар уриб қолма, охир қиёмат.
Ойларнинг улуғи берилган макон –
Хуш келдинг, юртимга, улуғ Рамазон.

Дунё дун чархпалак, қайнаган бозор,
Турган ҳар жойимиз саждагоҳ, мозор.
Мўмин бўл-у, асло бўлма дилозор.
Тилимда калима, қалбимда имон,
Хуш келдинг юртимга, улуғ Рамазон.

Равшан ИСОҚОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ИБЛИСНИ ЖАННАТДАН ЧИҚАРГАН ИЛЛАТ
#Ёмонликдан_қайтариш

Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўралди: «Ё Расулуллоҳ, ширк нима эканини биламиз, бизга кибр ҳақида хабар берсангиз. У чиройли кийим кийишми?”

– Йўқ.

– Чиройли боғичли кавуш кийишми?

– Ундай эмас.

– Кишида улов бўлишими?

– Йўқ.

– Атрофимизда улфатлар бўлишими?

– Йўқ, дедилар.

– Ё Расулуллоҳ, унда кибр нима? Шунда у зот:

– Кибр ҳақни инкор қилиш ва одамларни ерга уришдир, – дедилар».

Тавозели, мулойим ва очиқ чеҳрали бўлиш, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан мерос гўзал хулқлардандир. Инсонлар ўзаро муносабатда хушмуомала бўлишса, жамият тараққий этиб, гўзаллашиб бораверади. Аксинча, бадахлоқлик, қўпол­лик, манманлик, мутакаббирлик инсонийликка номуносиб иллат бўлиб, соҳибини дунё ва охиратда ҳалокатга бошлайди.

Бир киши олимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Кўп йиллар илмий изланиш олиб бордим. Аниқ биламанки, ёзганларим таҳсинга сазовор, яқинда бу ҳақда бир китоб ҳам ёздим. Шунинг учун мени дуо қилсангиз”, деди. Олим дуо қилишдан олдин кибр отига минган бу кишига қуйидаги саволлар билан мурожаат қилди:

– Умрингиз давомида бирор марта масжидни ёки ўзингиз яшайдиган маҳалла кўчасини супурганмисиз?

– Тақсир, саволингиз мени таажжубга солди, ахир мен олим бўлсам, нега энди масжидни ёки кўчани супуришим керак?!

– Унда бирор марта маййитни ювганмисиз ёки қабр қазиганмисиз?

Бу саволдан энсаси қотган киши:

Ҳазрат, тушунмадингиз, мен сизга ўзимни гўрков, ғассол ёки фаррош деб эмас, олимман деб таништирдим.

Шунда юзини илму ирфон мунаввар этган олим: “Иблис ҳам олимман дея даъво қилиб, кибр отига минган эди. Натижада, Аллоҳнинг даргоҳидан, жаннатидан қувилди. Мен сизга айтган ишлар энг хатарли иллат бўлган кибрни синдирувчи амаллардир. Сизнинг илмий ишингиз мақтовга лойиқ, албатта. Аммо илмингиз дунё ва охиратда самара бериши учун, аввало, кибру ҳавойингизни синдиришингиз зарур. Ана шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га меросхўр олимлардан бўласиз”, дея гўзал насиҳат қилди.

Мусахон БОБОЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Салмон Форсий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Шаъбон ойи охирида бизларга хутба қилдилар: “Эй инсонлар! Буюк, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда унга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда ўшанча ажр бўлади”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, бизларнинг ҳар биримиз рўзадорни таомлантирадиган нарса топа олмаймиз-ку”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютим сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилган кишига ҳам беради, ким рўзадорни тўйдирса, Аллоҳ таоло уни менинг Ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунига қадар чанқамайди. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким қўл остидагига (қулига) енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади. Бу ойда тўрт хислатни кўпайтиринглар. Икки хислат билан Раббингизни рози қиласизлар. Яна яна икки хислатга эса албатта муҳтож бўласизлар. Раббингизни рози қиладиган икки хислат, “Ла илаҳа илаллоҳ” шаҳодат калимаси ва У зотга истиғфор айтишларингиз. Сиз уларга албатта муҳтож бўладиган икки хислат эса, Аллоҳ таолодан жаннатни ато қилишини ва жаҳаннамдан сақлашини сўрашларингиздир”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Калбий айтади: «Али ибн Абу Толибнинг тўрт дирҳамдан бошқа пули йўқ эди. Бир дирҳамни кечаси, бирини кундузи, бирини ошкора, бирини эса махфий садақа қилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Нима учун бундай қилдинг”, дедилар. Али (розияллоҳи анҳу): “Менга ваъда қилган нарсасини Аллоҳга вожиб этиб қўйишни хоҳладим” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билгинки, шу нарса сенгадир. Киши мол-давлатини қандай ниятда сарфлашни қасд қилса, ниятига мувофиқ ажр-мукофотга эришади”, дедилар».

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Ҳадис

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазонда қилинган садақа садақанинг энг афзалидир”, деб марҳамат қилдилар» (Имом Термизий).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Кунлардан бир кун қориларнинг султони Ҳофиз Исҳоқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг ҳузурига келди. Мавлоно унга катта ҳурмат кўрсатиб, ўрнидан турди ва юқорига чиқиб ўтиришини илтимос қилди: “Меҳмонни қандай иззат-ҳурмат билан кутиб, уни уй тўрига ўтқазиш лозим бўлганидек, Қуръони карим қориларини ҳам худди шундай иззат-ҳурмат билан кутиб олиб, энг юқорига таклиф қилиш лозимдир. Қалбида Қуръони карим нури бўлган инсон жаҳаннам юзини кўрмас! Бир қоғоз парчасига Қуръони карим ояти ёзилган бўлса, унга ҳурмат кўрсатиб, уни оловга отмаслар, бунга Қуръони карим ёзилган дерлар. Қалбида Қуръони карим нури бўлган, бутун бир Қуръони каримни ўзига жо қилган бўлса, уни қандай қилиб, жаҳаннамга отишади?” деди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

РЎЗА НИЯТИ
#Динимизни_ўрганамиз

Рўза ибодатдир. Кишининг ўз ихтиёри билан Аллоҳ таоло учун, Унинг амрига биноан, бажарадиган ҳар бир амали ибодат бўлади.

Ҳеч бир ибодат, жумладан рўза ҳам ниятсиз дуруст бўлмайди. Оддий, кундалик ишлар ҳам ният билан, уларни бажаришда Аллоҳ таоло розилигини ният қилиш билан, ибодатга айланади.

Пайғамбаримиз бундай деганлар: “Нияти бўлмаган кишининг амали (мақбул) бўлмайди” (Байҳақий, Ибн Абид Дунё).

Ният амални бошлаш олдидан бўлиши керак. Шунга асосан, рўза бошланадиган вақт, яъни тонг отиш вақти рўза ниятининг вақтидир. Аммо тонг отиш вақтини кутиб ўтириш машаққат бўлганидан ё тонг отиши пайтида уйқу ғалаба қилиши эҳтимоли борлигидан, ифторлик пайтида ё кечаси Рамазон рўзасига ният қилишга рухсат қилинган. Агар мазкур вақтларда Рамазон рўзасига ният қилиш ёддан кўтарилган бўлса тонг отганидан сўнг катта чошгоҳгача, агар бу вақтгача рўзага зид ишларни қилмаган бўлса, (соат 11 00гача) ният қилса бўлади. Бу ҳолда “тонг отишидан бошлаб рўзадорман” деб ният қилиш лозим. Агар ният қилган вақтидан бошлаб масалан “соат 9 00дан бошлаб рўза тутаман” деб ният қилса тутадиган рўзаси рўза ҳисобланмайди.

Рамазон рўзасига тонг отмасидан олдин ният қилиш мустаҳабдир.

Ният қалб амалидир. Рўза тутишни (масалан Рамазон рўзасини тутишни) кўнглидан ўтказиш рўза нияти бўлади. Бизнинг мазҳабимизда Рамазон ойининг ҳар бир куни рўзаси учун ният қилиш лозим.

Рўза тутишни кўнглидан ўтказиш билан бирга тил билан айтиш суннат дейилган.

Муҳаммад Шариф Жуман

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

РЎЗАНИНГ ЖИСМ ВА РУҲИЯТГА ТАЪСИРИ
#Динимизни_ўрганамиз

Одесса университети олимлари ўтказган тажрибалар очлик танадаги заҳарларни ҳар қандай дори-дармондан кўра самаралироқ чиқариб ташлашини кўрсатди. Масалан, рўза пайтида организмдан аммиакнинг чиқарилиши 100 баробарга кучаяди.

Рўзанинг инсон асаб тизими ва руҳиятига ижобий таъсири ҳам катта. Бунда яққол кўзга кўринадиган фойда мустаҳкам ирода ва тақвонинг шаклланишидир. Энг кучли душман – нафс устидан ғалаба қозонган киши метин иродага эга бўлади, унинг онги жисм хоҳиш-истакларни бўйсундиради. Кўп ҳолларда истаклари қулига айланаёзган одам энди уларни бошқара олади.

Физиология қонуниятларига кўра, рефлекс шаклланиши учун бир ой кифоядир. Бир ой узлуксиз рўза тутган кишида Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилиш рефлекси пайдо бўлади.

Одатда одамларда фан томонидан тасдиқланган, амалда исботини топган нарсаларга ишонч пайдо бўлади. Бироқ рўзанинг ҳали илм-фан аниқлай олмаган фойдали жиҳатлари борлиги шубҳасиз. Булар аста-секин ўз исботини топади.

Бу дунёда шунча фойда ва манфаатлари бўлган рўза учун охиратда Жаноби Ҳақ ҳузурида қандай мукофотлар бўлиши мумкинлигини тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди...

Амрулло ЖЎРАЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…
Подписаться на канал