ИМОНГА ФУТУР ЕТМАСИН
#Ёмонликдан_қайтариш
Ҳозирги кунда фолбинлик билан шуғулланувчилар кўпайиб қолган. Уларнинг ишқибозлари, ихлосмандлари ҳам оз эмас. Энг ёмони – бу ҳолатга диний тус берилиши. Мазкур сеҳргар-башоратчи, эркак киши бўлса, эгнига чиройли яхтак, бошига салла ўраб, қўлига тасбеҳ олиб, ўтирган хонасига турли арабча ёзув ва тасбеҳларни осиб қўйиб, бирорта дуоними, сураними чала-чулпа ёдлаб олиб, такрор-такрор ўқиб ўтирган холатда кўрасиз.
Аёл фолбинларни ҳам шунга ўхшаш ҳолатда кўриш мумкин. Оқибатда уларга ишонган содда одамлар бу нарсалар динда бор экан, деб тушуниб қолишмоқда. Улар, гўёки, дунёдаги барча муаммо ва машаққатларни мазкур фолбин, сеҳргарлар ҳал қилиб бераётгандай тасаввур қилади.
Ҳаётга назар солсак, фолбинларга турли дард ва муаммолар билан мурожаат қилаётганларни кўрамиз. Улар қабулида ўтирганлар орасида бўйи етган қизига совчи келмаётган оналар, кечаси уйқусида чўчийдиганлар, турли дардга чалинганлар, иши юрмай турган савдогарлар, пулини йўқотиб қўйганлар, юқори мансабга кўтарилмоқчи бўлганлар, қиморда ютқазиб қўйганлар, хуллас, ҳар хил тоифа одамларни кўриш мумкин. Агар: “Фалон жойда бир фолбин чиқибди, унга борувчилар жуда кўп экан”, дейилса, бу хабар кенг тарқалиб, одамлар унинг ҳузурига чопади.
Лекин ўша фолбин, ким, унинг гаплари, ишлари соф исломий ақидага мувофиқми-йўқми, бу ҳақда ақлини ишлатиб, чуқурроқ тафаккур қилиб кўрмайди.
Фолбин, башоратчи ва сеҳргарларнинг кўплари жин теккан шахслар бўлиб, улар ўзларининг инсонларга, жамиятга, эл-юртга етказаётган зарарларини англаб етмайди, англаса ҳам, бу шайтоний амалда давом этаверади.
Фолбин, башоратчи ва сеҳргарлар фақатгина одамларнинг вақтини, соғлиғини, молу дунёсини беҳуда совуриш билан чекланиб қолмайди. Балки ундан ҳам катта кулфатларга бошлайди. Бу зарарларнинг энг кичиги одамлар орасида душманлик, ишончсизлик руҳининг тарқалишидир. Фараз қилайлик, бир инсон улардан бирига юраги безовта бўлиб, нафаси сиқилаётганини айтиб мурожаат қилса, ўша фолбин ёки сеҳргар у одамни тиббий ташхисга ёки даволанишга буюрмайди. У ўзининг содда мижозига: “Тўғри, мен ҳам сизни узоқдан кўрганимдаёқ шу одамнинг юраги безовта бўлиб, сиқилиб юрган бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Буни, мана, ўзингиз тасдиқлаб турибсиз”, дейди. Ва у сўзида давом этиб, “биз бир ожиз бандамиз, ҳамма нарса Парвардигорнинг ўзидан бўлади, келинг бир кўриб қўяй-чи”, дейди-да, қўлларини ушлаб, кўзларига тик қараб туриб: “Менга баъзи-бир нарсалар аён бўляпти”, дейди. Ва яна шунга ўхшаш ҳаракатларни қилгач: “Сизга илму амал қилишибди. Ё қариндошларингиздан ё маҳаллангиздан ё бўлмаса иш жойингиздан ё дўстларингиздан сизга нисбатан ёмон ниятли кишилар борга ўхшайди. Ўшалар илму амал қилган бўлса керак. Тупроққа дам солиб остонангиз остига сочган бўлишлари ёки сеҳр-жоду қилган бўлишлари мумкин”, дейди.
Хожа Абу Бакр Саъд қабри бошида хонақоҳ, мадраса, жоме масжиди тикланишига чевараси Хожа Ислом Жўйборийнинг шоҳ Абдуллохон ҳурмат-эътиборига сазовор бўлгани сабабдир. Хожа Ислом Жўйборий замонасининг донишманди эди. У Бухоро ҳукмдори Абдуллохоннинг барча бунёдкорлик ишларида бош-қош бўлди. Маслаҳати билан мингдан ортиқ сардоба қурилиб, катта карвон йўлидаги ичимлик суви муаммоси ҳал этилди. Бутун воҳа бўйлаб заҳкашлар чиқарилиб, экин ерлари ҳосилдорлиги ошди. Солиқлар камайтирилди. Қишлоқларни обод қилишга мулкдорлар эътиборини жалб этди. Йўл, кўприк, работ, карвонсарой, ҳовуз, ариқлар чиқаришда дин пешвоси, олим, муҳаддис Хожа Исломнинг илмий кўрсатмалари асқотди.
Уруш, можаро, келишмовчиликларни тинч йўл билан ҳал этишда Хожанинг монанди йўқ эди. Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдуллонома” китобида ёзилишича, бир заминдор Абдуллохон ҳузурига: “Хожа Ислом Жўйборий менинг экин ерларим устидан ариқ чиқариб, деҳқонларга сув берди, бундан зарар кўрдим”, деб шикоят қилиб келади. Абдуллохон унга: “Агар Хожа Ислом Жўйборий икки қошим ўртасидан ариқ чиқариб, ўзгалар мушкулини осон қилса, минг карра рози эдим!” деб қисқа жавоб қайтаради.
Хожа Ислом мерос олган ерлари ҳисобидан 70 та мевали боғ қилди. Таваккали нон пишириб, бепул тарқатадиган тўртта новвойхона ташкил этди. Гулоб, шарбат, гиёҳлардан дори-дармон тайёрлаб, хасталарга бепул хизмат кўрсатадиган дорихона очди. Шаҳристон ҳудудида ҳаммом қурдириб, текин қилиб қўйгани кўпчиликка ибрат бўлди. Хожа Ислом Жўйборий ҳурмати учун шоҳ Абдуллохон унинг ота-боболари ётган қабристон бағрида сегона шаклида маҳобатли учта қаср тиклади. Чор Бакр мадрасасида сабоқ бериш учун энг номдор мударрисларни чорлади. Уларни маош билан таъминлашни зиммасига олди. Бу ерда ўқиб, диний илмлар билан бирга замонавий, муҳандисий, кимёвий билимлар эгаси бўлган ёшлар Бухоро шарафини янада юксалтирдилар.
Собиқ тузум даврида бу муқаддас қадамжо харобага айланган эди. Мустақил бўлганимиздан кейин Чор Бакрда улкан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугун бу ерда қад кўтариб турган 25 тадан ортиқ тарихий бино Бухоро меъморлик санъатининг бетакрор намуналаридир. Уларни яна қайтадан таъмирлаб, асраб-авайлаб келажак авлодга етказмоғимиз шарт. Бу шарафли иш улуғ аждодларимиз руҳониятига садоқатимиз далили, бугун ва келажак олдидаги ватанпарварлик бурчимиз ҳисобланади.
Азизхўжа ИНОЯТОВ, “Чаҳор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
МЕНИНГ “САМАРСКА” БИРОДАРИМ
#Мутолаа
Бундан бир неча йил аввал денгиз бўйига дам олишга борган эдим. Бир куни тушлик пайтида нариги столда ўтирган ёши улуғроқ киши менга қараб-қараб қўяётганини кўриб, ҳайрон бўлдим.
Тушликдан чиқсам, бояги одам ошхона рўпарасидаги харракда ўтирибди.
– Кечирасиз, сизни бир минутга мумкинми? – деди.
Ёнига бордим. Қўл олишиб сўрашгач, қаердан келганимни сўради.
– Тошкентдан, – деган эдим, қайтадан кўришди.
– Бешёғоч жойидами? – деб сўради.
– Жойида.
– Мачит-чи? Мачит ҳам борми?
Аввалига бу одам қайси мачитни сўраётганини тушунмай турдим-да, сўнг англадим: Абулқосим мадрасасини гапиряпти. Мадраса ҳам жойида эканини айтдим.
– Хайрият! – деди суҳбатдошим енгил тортиб.
– Сиз мадрасани қаердан биласиз?
– Мен “самарскаман”. Исмим Виктор Алексеевич, – деб таништирди ўзини. – Ҳозир Ставрополда яшайман. Ўттизинчи йиллари Самара губерниясида авж олган очарчилик туфайли минглаб одам Тошкентга ёпирилиб борган. Неверовнинг “Тошкент – нон шаҳри” китобида тўғри ёзилган.
– Кейинчалик ўзбек режиссёри Шуҳрат Аббосов шу китоб асосида филм ҳам яратган, – дедим эслатиб
– Кўрганман. Ажойиб филм, – деди ҳамсуҳбатим.
Ёш болалик пайтимда одамларни кўп безор қилган “шпаналар” ҳақидаги ваҳимали гаплар қулоғимга чалинган эди. Шу эсимга тушиб, юмшоқроқ қилиб сўрадим:
– “Самарскалар” Тошкент бозорларини бирпасда “шмон” қилиб ташлаган, дейишади. Шу гап ростми?
– Рост! – деди ҳамсуҳбатим. – Русларда бир мақол бор. “Голод – тебе не тётя” (Очлик – катта холанг эмас!) Кўз олдингда онанг ёки отанг очликдан шишиб ўлганини кўргач, ҳеч нимадан тап тортмайдиган бўлиб қоларкансан. – Виктор Алексеевич ўйга толди. – Тошкент чиндан ҳам нон шаҳри экан. Ҳаммамизнинг жонимизга ора кирди, меҳмондўст, бағрикенг ўзбек халқи олдида қарздормиз.
– Мачитни нега сўраяпсиз? – десам, суҳбатдошим бир зум сукут сақлади.
– Отам йўлда кетаётиб ўлган эди. Тошкентга борганимизда етмишга яқин оилани мачитга жойладилар. Онам иккаламиз ўн йилдан ортиқ ўша ерда яшадик. Қизиғи шундаки, мачитдаги хоналар ёзда салқин, қишда иссиқ бўлар, печка ёқишнинг ҳам кераги йўқ эди. Шундай иншоотни бунёд этган ота-боболарингизга таъзим қилиш керак. Тошкент бизнинг иккинчи ватанимиз бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам сиз билан “земляк”миз десам, хато бўлмайди.
Хуллас, “самарска” биродарим билан таътил тугагунча кўп бор ҳамсуҳбат бўлдик.
Чор Россияси Тошкентни босиб олмасидан олдин бунёд этилган Абулқосимхон мадрасасида ўз вақтида минглаб толиби илмлар таҳсил олган. Мўътабар зоти шариф Абулқосимхон эшон 1892 йили Тошкентда “вабо қўзғолони” бошланганида, мустамлакачилар армияси эски шаҳарга бостириб кириб, қирғин бошламоқчи бўлиб турганида, ўша пайтдаги генерал-губернатор ҳузурига кириб, бу хунрезликни тўхтатишга кўндирган эканлар.
Ўтган асрда ҳам бу даргоҳда Абдулла Қодирий, Фитрат, Мунаввар қори Абдурашидхонов каби улуғ сиймолар таълим олган.
Мадраса очлик-муҳтожлик важидан олисдан юртимизга келиб қолган ўнлаб оилаларга узоқ йиллар беминнат бошпана бўлган.
Шуларни ўйлаганимда денгиз бўйида танишганимиз “самарска” биродаримнинг “Шундай бинони бунёд этган ота-боболарингизга раҳмат”, дегани эсимга тушаверади...
Буюк аждодларимизнинг охирати обод бўлсин!
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир ҲОШИМОВнинг “Ярим аср дафтари” асаридан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
АЛЛОҲНИНГ ИСМЛАРИ
#Динимизни_ўрганамиз
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай дедилар: “Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни санаса (ёдласа ва ўқиб юрса), жаннатга киради” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таолонинг машҳур гўзал исмлари тўқсон тўққизта дейилса-да, Унинг гўзал исмлари жуда кўп, саноқсиздир. Иборада ва ҳукмда турлича бўлса-да, гўзал исмлари маъно жиҳатидан бирдир. Аллоҳ таолонинг ҳамма исмларига имон келтириш лозим. Шунинг учун Аллоҳ таолога имон келтириб, Раҳмонлигига имон келтирмаган киши диндан чиқади.
Аллоҳ таоло исм ва сифатлари билан қадимдир. Яъни, ҳеч бир исми ва сифати кейин пайдо бўлган эмас.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атангиз! Унинг исмларида ҳақдан оғиб кетувчиларни қўяверингиз! (Улар) қилмишларига (яраша) жазоланурлар» (Аъроф, 180).
«(Эй Муҳаммад!) айтинг: “Аллоҳ деб чорлангиз ёки Раҳмон деб чорлангиз. Қандай чорласангиз ҳам (жоиздир). Зеро, Унинг гўзал исмлари бордир. (Эй, Муҳаммад!) Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи саҳобаларингиз тинглаб, фойдалансинлар). Шуларнинг (жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни истанг!”» (Исро, 110).
«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унинг “Асмои Ҳусно”си (гўзал исмлари) бордир» (Тоҳо, 8).
«У – Яратувчи, (йўқдан) Бор қилувчи, (барча нарсага) Сурат (ва шакл) берувчи Аллоҳдир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги (бор) нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудратли ва Ҳикматли (Зот)дир» (Ҳашр, 24).
Аллоҳ таолони Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда келмаган исмлари билан аташ мумкин эмас. Чунки ким Аллоҳ таолони Ўзи атамаган исм билан атаса, агар у исм рубубият маъносига мувофиқ келмаса ва ҳадисда ворид бўлмаган бўлса, у мўмин бўлмайди.
Манбалар асосида Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
#Яхшиликка_чақириш
Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда зикр қилинган “зулм” ёмонликларнинг энг каттаси ҳисобланиб, инсонлар орасидаги меҳр-мурувват, силаи раҳм, оилалар мустаҳкамлигига путур етказади. Ботил йўл билан бойлик орттириш, етим молини ейиш, одам ўлдириш, туҳмат қилиш ва ҳоказолар зулм саналади.
Зулм туфайли кишининг ҳақларига зарар етгани сабабли ҳам Аллоҳ таоло уни ҳаром қилган. Бу борада ҳадиси қудсийда: Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Парвардигор азза ва жалла айтади: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулмни ҳаром қилдим ва уни сизларнинг орангизда ҳам ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилманг» (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Ибн Можа ривояти).
Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Зулмдан сақланинглар. Зеро, зулм қиёмат куни зулмат бўлур...» (Имом Муслим ривояти).
Киши аввало, зулмдан тийилиши керак. Агар мўмин билмай ёки жаҳл устида золимлик тўнини кийган бўлса, уни дарҳол “ечиши” лозимлигини Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида уқтириб ўтганлар. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Ким бир биродарининг номуси ёки бошқа нарсасига зулм қилган бўлса, динору дирҳам топилмайдиган (кундан) илгари қутулиб олсин. Акс ҳолда, унинг яхши амалларидан зулмига ярашаси мазлумга олиб берилади. Борди-ю яхшиликлари бўлмаса, мазлумнинг ёмонликларидан олиниб, унга юкланади”» (Имом Бухорий ривояти). Бу эса жуда ёмон оқибат. Киши учун ҳар бир яхшилиги муҳим саналган онда савоблардан маҳрум бўлиш ёки гуноҳлар оғирлик қилиб турганда янгисини елкага олиш надомат устига надоматдир.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитдим: “Киши уйига кирганида ва тановул қилиш олдидан Аллоҳ номини зикр этса, шайтон ўз шерикларига: “Бу ерда бугун қололмайсиз ва тановул ҳам қилолмайсиз”, дейди. Киши агар уйига кириб, Аллоҳ номини зикр этмаса, унда у: “Бу уйда қола оласиз”, агар таомланишдан олдин Аллоҳ номини зикр этмаса, “бугун бу ерда тановул ҳам қила оласиз”, дейди” (Имом Муслим).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Биз қабристонга яқин жойда турамиз. Баъзан қабристон томондан нохуш ҳидлар келади. Сабабини билсак, айрим кишилар қабристонда сағаналар қуриб, маййитни ерга кўммасдан ўшанинг ичига қўйишар экан. Шариатда шунга рухсат борми?
Жавоб: Маййитни ерга, лаҳад қазиб дафн этиш суннатдир. Маййитни лаҳадга дафн этиш имкони бўлган ҳолда ер устига, сағанага қўйиш суннатга зид бўлганидан макруҳдир (“Раддул муҳтор алад дуррил мухтор”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ВАТАНГА ХИЁНАТ — УЛКАН ГУНОҲ!
#Ибратли_ҳикоялар
Айтишларича, ўтмишда Темир исмли бир қароқчи яшаган. Бутун умрини қароқчилик билан ўтказиб, ўткинчи карвонлар йўлини тўсар, мол-мулкларини талон-тарож қиларкан. Кунлардан бирида навбатдаги карвоннинг йўлини тўсибди. Карвон эгаси нуроний, кекса бир донишманд эди. Темир карвондаги молларни зўрлик билан эгаллай бошлаганини кўрган донишманд унга қараб дейди: “Эй, ҳолингга вой бўлсин! Ахир сени онанг қароқчилик қилиб кун кечиришинг ва жаҳаннамда ёнишинг учун дунёга келтирганмиди?”
Донишманднинг айтган сўзлари Темирга жуда қаттиқ таъсир қилиб, унинг оёқлари остига йиқилади: “Мени Аллоҳ кечирармикан? Мен бутун умримни қароқчилик қилиб, қанчадан-қанча инсонларга зулм қилиб ўтказдим!” дейди.
“Аллоҳ меҳрибон ва раҳмли Зот. Агар чин дилдан тавба қилсанг, У албатта гуноҳларингни кечиради. Мана бу дарахт кўчатини олиб бир четга эк ва қўлингдан келганича савобли ишлар қил. Кўчат кўкарган куни билгинки, Аллоҳ сени тавбангни қабул қилиб, гуноҳларингни кечирган бўлади”.
Темир бутун топган молу мулкини етимлар ва мискинларга эҳсон қилади. Шунингдек, ўзи қароқчилик қилган йўл юзига йўловчилар қўниб ўтадиган работ қурдиради. Ҳар куни эккан кўчатига қарар, лекин кўчат кўкармас эмиш.
Бир куни работида ўтирса, узоқдан шошилиб келаётган нотаниш отлиқ йўловчига кўзи тушибди. Темир йўловчига пешвоз чиқиб: “Биродар, келинг, бир муддат работда дам олинг, азиз меҳмоним бўлинг”, дейди.
– Йўлимни тўсма! Шошилиб турибман.
– Мен шу ердан ўтган ҳар кимсанинг ҳожатини чиқариб, дуосини оламан деб ният қилган эдим. Ҳеч бўлмаса, бир пиёла сув ичиб кетинг!
Темир ҳарчанд йўловчига ялиниб-ёлвормасин, мақсадига ета олмайди. Камига йўлини тўсгани учун отлиқ уни қамчиси билан уради. Шунда Темир бирдан аввалги ҳолига қайтиб, ғазаби қўзиб, отлиқни ерга тушириб олиб, роса дўппослайди. Ўласи ҳолга келган йўловчи тинмай: “Мени Аллоҳ жазолади!” деб такрорларди.
Темир бу сўзлардан таажжубланади. Айни пайтда, қилиб қўйган ишидан афсусланиб ўтирар экан, йўловчининг қўйнидаги мактубга кўзи тушади. Уни очиб унда ватанининг барча махфий сирлари ва чегарасининг заиф нуқталари ҳақида яширин маълумотлар ёзилганини кўради. Шунда бу ўлган одам аслида оддий йўловчи эмас, балки арзимас пул учун киндик қони тўкилган Ватанига хиёнат қилиш мақсадида кетаётган хоин эканини англайди. Баногоҳ кўчатга қарайди, кўчат куртак уриб, кўкараётган эди...
Шу ўринда бир савол туғилади: билиб-билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса, ноқонуний йўллар билан чет элларга кетган ва ўзини ИШИД деб атаётган манфур жангари гуруҳларга қўшилиб олиб, ўз юртига қарши бўлмағур пўписалар қилаётган баъзи бир ватанфурушлар қиёмат куни Аллоҳ таолога нима деб жавоб беришади? Ахир, инсон дунёга ўз Ватанига хоинлик қилиш учун эмас, балки уни обод этиб, икки дунё саодатини қўлга киритиш учун келади-ку.
Унутмайлик, Аллоҳ таоло ватан хоинларини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало қилади. Барчамиз табаррук заминимизни кўз қорачиғидай асрайлик, унинг осмони мусаффо бўлиши, янада юксалиши учун қўлимиздан келганича ҳисса қўшайлик.
Аброр АЛИМОВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: “Саждаи шукр” ҳам “саждаи тиловат” каби қилинадими? Иккаласининг асли битта нарса эмасми?
Жавоб: Саждаи шукр ва саждаи тиловатни адо этиш тартиби бир-бирига ўхшаса-да, сабаблари бошқа-бошқадир. Тиловат саждаси Қуръони каримдаги ўн тўртта cажда оятларидан бирини тиловат қилган ёки эшитган кишига вожиб бўлади.
Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад (раҳимаҳумаллоҳ) банда бирон неъматга, масалан, молга эга бўлса ёки фарзанд кўрса, шукр саждасини қилиш мустаҳаб амал, деганлар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Қачон Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бирон ишнинг хабари етса, уни сир тутардилар ва Аллоҳ таолога шукр этиб сажда қилардилар” (Имом Термизий ривояти) (“Раддул муҳтор алад дуррил мухтор”, “Муҳит”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ШУКР ҚИЛГАН...
#Мутолаа
Бир синфдошим бор эди. Отаси “катта жой”да ишлар, бадавлат яшашар эди. Маҳаллада биринчи бўлиб телевизор олишган эди. Синфдошим яхши ўқирди. Еттинчи синфни битирган куни мототсиклли бўлди. Мактабни олтин медал билан тугатди.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай? – десам, зарда билан қўл силтади:
– Расво! Домлам ўлгудек мараз! Номзодлик ишимни чўзиб ётибди.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Ўғлим кўп ичади. Кеча яп-янги машинанинг пачағини чиқариб келди!
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Расво! Қизимнинг турмуши нотинч. Қайнонаси ёмон. Судлашмоқчиман.
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Шифохонага борсам, ранги бир ҳолатда ётибди.
– Соғлиқ қалай?
– Расво! Қанд касали деган палакат адойи-тамом қилди. Ўлиб-ўлмайман, тузалиб-тузалмайман!
Тавба, деб гапирай-ку, фаришталар омин деган эканми, узоққа бормади, бечора...
Яна бир синфдошим бор эди. Отаси урушдан яримжон бўлиб қайтган, тўкилиб кетай деб турган кулбада туришарди. Яхши ўқирди. Лекин медалга “илинмади”.
Йиллар ўтди. Бир куни кўришиб қолдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Мебел фабрикасида ишлаяпман. Кундузи дурадгорлик қиламан. Кечаси уч кунда бир қоровулман. Яқинда велосипед олдим.
Йиллар ўтди. Тағин кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Ўғлим ўқишни битириб, чет элга ишга кетди.
Йиллар ўтди. Яна кўришдик.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Қизим фарзанд кўрди. Неварамга бешик олишга кетяпман!
Йиллар ўтди. Синфдошим бетоб деб эшитдим. Худди ўша, бошқа синфдошим ётган шифохонада экан. Ранги бир ҳолатда.
– Соғлиқ қалай?
– Худога шукр, яхши! Буйрак жиндай шамоллабди. Берган дардига шукр!
Яқинда уни тағин кўрдим.
– Ишлар қалай?
– Худога шукр, яхши! Тўнғич неварамнинг бўйи чўзилиб қолди. Худо хоҳласа, беш-олти йилда невара куёв кўраман. Тўйга келасан-а?!
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир ҲОШИМОВнинг “Ярим аср дафтари” асаридан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ТАВБА ЭШИКЛАРИ ДОИМО ОЧИҚ
#Динимизни_ўрганамиз
"Тавба" сўзи луғатда қайтиш ва бурилиш маъноларини билдиради. Истилоҳда эса бир гуноҳ ишдан, у зарарли нарса деган ўй билан эмас, Аллоҳ таоло қайтаргани учун унга яна қайтмасликка азму қарор қилиб, узилиб чиқишга тавба дейилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга чин тавба қилинглар, шоядки, Раббингиз сизларнинг гуноҳларингизни ўчириб, остидан анҳорлар оқиб турадиган (жаннатдаги) боғларга киритса!..» (Таҳрим, 8).
Ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Барча одам боласи хатокордирлар. Хатокорларнинг энг яхшиси Аллоҳга тавба қилиб, истиғфор айтувчиларидир” (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).
Тавба ҳақиқий бўлиши учун тўрт шарт мавжуд:
1. Қилган хато амалини тезлик билан тўхтатиш.
2. Қилган хато иши учун астойдил пушаймон бўлиш.
3. Яна уни ва унга ўхшаган гуноҳларни қилмасликка қатъий қарор қилиш.
4. Агар қилган гуноҳи бандалар ҳақига тегишли бўлса, улардан узр сўраб, ҳақларини жойига қайтариш.
Агар қилинган гуноҳда ҳам Аллоҳ таолонинг, ҳам банданинг ҳақи бўлса, ҳақ эгасига қайтарилади. Мисол учун, закотни бермаган бўлса, тавба уни ҳақдорларига бериш билан тугал бўлади.
Агар гуноҳ рўза ва намозни қазо қилиш каби Аллоҳ таолонинг ҳақига оид бўлса, уларни адо қилиш билан бўлади.
Аллоҳ таоло тавба қилган банданинг гуноҳларини кечиради. Қуръони каримда: «Албатта, Аллоҳнинг тавба қабул қилиши фақат ёмонлик (гуноҳ)ни билмасдан қилиб қўйиб, сўнгра тезлик билан тавба қилганлар учун (муқаррар)дир. Аллоҳ айнан ўшаларнинг тавбасини қабул қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир. Гуноҳ ишларни қилиб юриб, қачонки, бирорталарига ўлим келганида, “Энди тавба қилдим” дейдиган, шунингдек, кофирлигича ўлиб кетадиганларнинг тавбалари эса қабул қилинмагай. Ана ўшалар учун аламли азоб тайёрлаб қўйганмиз», дейилган (Нисо,17-18).
Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қиладилар: “Гуноҳлар уч турли бўлади: Аллоҳ кечирмайдиган ва кечирадиган ҳамда миридан сиригача сўраладиган гуноҳ. Аллоҳ кечирмайдиган гуноҳ – ширк келтиришдир. Бунга далил қуйидаги оятдир. «...Кимки Аллоҳга ширк келтирса, унга Аллоҳ жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзахдир...» (Моида, 72).
Аллоҳ кечирадиган гуноҳ – банда ўз нафсига қилган зулми бўлиб, у Аллоҳ ва банда ўртасидадир. Аллоҳ ҳеч нарсани қўймай сўрайдиган гуноҳ бандаларнинг бир-бирларига қилган зулмларидир”.
Шундай экан, Аллоҳ таолога ширк келтирмаган банда гуноҳлардан қайтиб, астойдил тавба қилиши лозим. Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий холис тавба қилиш тўғрисида бундай деганлар: “Холис тавба қалб билан пушаймон бўлиш, тил билан истиғфор айтиш ва қилган гуноҳига ҳеч қачон қайтмасликдир”.
Ҳадиси шарифда: “Гуноҳига тавба қилувчи киши гўёки гуноҳ қилмаган киши кабидир”, дейилади (Имом Муслим ривояти).
Абу Лайс Самарқандий айтади: «Аллоҳ таолонинг раҳмати ва меҳрибонлигини шу қадар чексизки, гуноҳ ишларни қилгандан кейин ҳам бандаларини мўмин деб номлади ва Ўз китобида: «...Барчангиз Аллоҳ таолога тавба қилингиз, эй мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз», деди (Нур, 31). Тавба қилганларидан кейин эса, улар Аллоҳ ҳузурида севимли бўлишларига ишорат қилиб: «...Албатта, Аллоҳ (шунгача билмай йўл қўйган хатоларидан) чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади», (Бақара, 222) деб марҳамат қилди».
Демак, Ҳақ таолонинг раҳматидан асло умидимизни сўндирмайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни тавба қилиб, бошқа хато иш қилмайдиган мўмин бандаларидан қилсин!
Отабек ЮЛДАШЕВ
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Умар ибн Абдулазиз уйига келган дўсти билан суҳбатлашиш асносида хат ёзиб ўтирарди.
Бир пайт чироқнинг ёғи озайиб, нури заифлаша бошлади. Шунда меҳмон: “Туриб, чироқни тўғрилаб қўяйми?” деб сўради.
– Меҳмонга хизмат қилдириш одобдан эмас, – деди Умар ибн Абдулазиз.
– Унда хизматчини уйғотай...
Бунга ҳам рухсат бермаган мезбон ўзи туриб, чироқни тўғрилади. Қайтиб жойига ўтирганида дўсти ҳайратини яширмади:
– Эй мўминлар амири, ўзингиз овора бўлишингиз шарт эмас эди...
– Чироқни тўғрилаш учун турганимда Умар эдим, қайтиб жойимга ўтирганимда ҳам Умарман, бирор нарсам камайиб қолгани йўқ, – дея жавоб берди Умар ибн Абдулазиз.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
“Агар бир киши ҳатто осмонга кўтарилаётганини кўрсангиз ҳам, то Аллоҳнинг буйруғи ва қайтариғини маҳкам тутганини, шариат ҳукмини бажараётганини кўрмагунингизча унга алданиб қолманг”
Абу Язид Бистомий (раҳматуллоҳи алайҳ)
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
“Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.
«Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»дан
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Қасамини бузиш каффорати нимадан иборат?
Жавоб: Аввал қасамнинг турларини билиб олсак. Қасам уч хилдир:
1) Киши ўтган замонда қилганини қилмадим деб, қилмаганини қилдим деб, қасддан, ёлғон қасам ичса, бу қасам “Ғамус” дейилади. Бу қасамнинг каффорати йўқ. Аммо бундай қасам ичиш улкан гуноҳдир. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Катта гуноҳлар: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ғамус қасамдир”, деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
2) Бир ишни аслида бажармаган бўлса-да, бажарганман деб ўйлаб “бажардим” деб, ё аксинча қасам ичиш “лағв” дейилади. Бу қасамга ҳам каффорат йўқ. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди...” (Моида, 89).
3) Киши келажакда бир ишни қилмаслигига ёки қилишга Аллоҳ таоло номи билан қасам ичса, бу қасам “мунъақид” дейилади. Бу қасамга қасам ичувчи содиқ қолиши лозим. Агар уни бузса, каффорат вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “...Сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг кийимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз” (Моида, 89).
Демак, “мунъақид” қасамни бузган киши бир қул озод қилиши ёки ўнта камбағални ҳар бирига фитр садақаси миқдорида садақа бериши ёки уларни ҳар бирига кўйлак ва шалвар бериши керак. Бунга қодир бўлмаса, уч кун кетма-кет рўза тутиши лозим бўлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Бозорга борсам, кўпинча она қўйларни “қорнида боласи бор, туғадиган, бу икки қўй бўлади”, деб таннархидан баландроқ сотишга ҳаракат қилишади. Шариатда шундай деб сотиш жоизми?
Жавоб: Йўқ. Жоиз эмас. Агар қўйни “қорнида боласи бор, яқинда иккита бўладиган”, деб сотса, савдо фосид бўлади. Чунки қўй соғлом қўзи туға оладими, йўқми мавҳумдир. Савдо фосид бўлса, уни бекор қилиш вожиб бўлади. Агар фосид савдо билан олинган нарса сотилса, кўрилган фойдани садақа қилиш лозим бўлади (“Фатовойи Ҳиндия”).
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ТАРИХ КАФТИДАГИ ЖАВОҲИР
#Тарих
Туманимиз ҳудудида қадимий қалъа харобалари, кўл, захкашлар, кенту кўприклар кўп. Чор Бакр меъморий мажмуаси бағрида ҳам узоқ асрлар билан боғлиқ катта хазинани кўриш мумкин. Бу маҳзаннинг ҳар бир қарич тупроғи, даҳма, хазира, эшик, пештоқ, гиреҳ, ангез, изораю битиклари халқимизнинг камалакранг санъатидан сўзлаб туради.
Тарихчи Муҳаммад Наршахий “Бухоро тарихи” китобида Чор Бакр жойлашган қишлоқни “Сумитан”, ундан олдин яшаб ўтган тарихчилар эса “Сақматин” деб қаламга олишган. Олим, тарихчи Комил Басирий (аслида, Бисбирий) “Сақматин” сўзини «Фарҳанги “Шоҳнома”» китобида “оқ жундан мато тўқувчилар қишлоғи, деҳи, кенти” деб шарҳлаган.
Бундан Сақматин (бугунги Чор Бакр)да оқ жундан турли матолар тўқувчи ҳунармандлар яшагани аён бўлади. Мажмуанинг шимол томонидаги тепаликларда қишлоқ қалъаси ва истеҳкоми бўлиб, аҳолиси боғдорчилик, чорвачилик, деҳқончилик, ҳунармандчилик билан шуғулланган.
Сақматиннинг Чор Бакр деб номланиши тарихи билан танишсак, ундан-да бойроқ ўтмиш билан юзма-юз бўламиз. Муҳаммад Наршахий Ҳусайн ибн Али тарафдорлари билан Амударёдан ўтиб Бухорога келгани (Нишопур шаҳридан) ва шоҳнинг таклифи билан шу ерда қолиб яшай бошлаганидан хабар беради. Ғиёсиддин Ромпурий ҳам “Ғиёс ул-луғот” китобида бу фикрни тасдиқлаб: “Ҳусайн ибн Али ибн Аби Толиб Эрон шоҳи Яздижард I нинг қизи Шаҳрбонуга уйланди. Шаҳрбонудан Зайнулобиддин туғилди”, деб айтади. Қабр битикларида қолдирилган шажаралар ҳам бу фикрни тасдиқлаб, Бакри Саъд (пайғамбарзода) Зайнулобиддин ўғли эканлиги ҳақида маълумот беради.
Сомонийлар таклифи билан келганлар сафида Хожа Абу Бакр Саъд, Хожа Абу Бакр Тархон, Хожа Абу Бакр Ҳомид, Хожа Абу Бакр Фазл ҳам бўлиб, ҳар бири фиқҳ, ҳадис, жамиятшунослик, тариқат, тиббиёт, фалакиёт, насру назмда шуҳрат қозонган олимлар эди. Ҳикоянавис Муҳаммад Авфий Бухорий “Ҳикоятҳо аз-сабоғи рўзгор” асарида куняси бир хил ушбу олимларнинг Бухоро тараққиётига қўшган ҳиссалари ҳақида воқеий ҳикоятларни келтирган.
Қишлоқнинг “Чор Бакр” номи билан аталишига уларнинг Сақматин қалъаси теварагида подшоҳликдан берилган экин ерлари борлиги сабаб бўлган. Чор Бакрлар бутун ёз ойларини дала ҳовлиларида ўтказиб, қишда яна шаҳарга қайтишарди. Узоқ умр кўрган Абу Бакр Саъд вафот этгач, васиятига кўра Сумитандаги боғи марказига кўмилди. Асрлар ўтиши билан 45 гектардан иборат бу дала-ҳовли Хожа Абу Бакр Саъд авлодининг хоҳиш-истагига кўра қабристонга айлантирилди.
#Тарих
Ўз даврида дунёни даҳшатга солган мўғулларнинг Исломни қабул қилишларига тасаввуф намояндалари сабаб бўлишган эди. Бухоролик Шайх Жамолиддин мўғул султони Туғлуқ Темур билан учрашиб қолади. Кейинчалик Туғлуқ Темур подшоҳ бўлганида Шайх Жамолиддиннинг ўғли Шайх Рукниддин ҳузурида мусулмон бўлади. Исломни қавми орасида ёяди ва Ислом улар қўл остидаги барча диёрларга тарқалади. Бундан ташқари, Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Валий каби улуғ тариқат пешволарининг юрт равнақи, мусулмонлар бирдамлиги, дин ривожи йўлидаги хизматлари беқиёсдир. Мўғуллар Хоразмга бостириб келганларида кубравия тариқати асосчиси Нажмиддин Кубронинг шаҳарни ҳимоя қилишга бошчилик қилиши ва шу йўлда шаҳид бўлиши ватанпарварликнинг юксак намунасидир.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Гуноҳи кабира қилган кимсани “Аллоҳнинг душмани” дейиш мумкинми?
Жавоб:Йўқ.Имоми Аъзамнинг “Ал олим ва мутааллим” асарида бундай дейилади: “Мўмин одам Аллоҳга ширк келтирмаса, ҳар қанча гуноҳ қилса ҳам, унга душман бўлмайди. Душман ўз душманидан нафратланади ва уни камситади. Мўмин одам, бирор гуноҳи кабира қилса-да, имони туфайли Аллоҳ унга барча нарсалардан азиз ва севимли Зот бўлиб қолаверади”.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
ЭРУР ПАЙДОЛИҒИНГ ПИНҲОН...
#Мутолаа
Алишер Навоий ғазалига шарҳ («Ғаройибус сиғар». 2-ғазал)
Мир Алишер Навоий ҳазратлари Ҳақ таолога нисбатан қалбидаги ишқ даражасига етган муҳаббатини тасаввуфий услуб ила ҳақиқат ва мажоз тилида шундай баён этмишлар:
Зиҳи ҳуснинг зуҳуридин тушуб ҳар кимга бир савдо,
Бу савдолар била кавнайн бозорида юз ғавғо.
Сенинг ҳуснинг Ўзинг яратмиш мавжудотларинг орқали зоҳир ўлғоч, ҳар бир ошиқнинг бошига ишқ савдоси тушибдурким, икки олам бозорида юрмиш ишқ харидорлари ошиқлик мақомида устунлик талоша юз хил ғавғо қилурлар. Яъни, тасаввуф машойихлари ва аҳли тариқатлар ишқи илоҳий бобида мусобақа қилурлар.
Сени топмоқ басе мушкилдурур, топмаслиғ осонким,
Эрур пайдолиғинг пинҳон, вале пинҳонлиғинг пайдо.
Сени топмоқ, яъни Сени биру бор эканинг, илму ҳикматинг, чексиз куч-қудратинг кунҳи (ҳудуди)ни идрок этиб имон-ишонч ҳосил қилиш ҳар бир кимсанинг ҳам қўлидан келавермас.
Топмаслик, яъни имонсизлик ила дунё маишати бирла ғафлатда бўлиш осон бўлгани боис, бу хилда умргузаронлик қилувчилар бисёрдир. Зеро, Сен борлигингни пинҳон тутиб, бандаларингни ғойибона имон келтириш билан синайсан. Лекин ҳар қанча Ўзингни пинҳон тутсанг-да, яратиб қўйган мўъжизавий ашёларинг орқали Зоту сифотинг намоён бўлаверади.
Чаман оташгаҳига оташин гулдин чу ўт солдинг,
Самандардек ул ўтдин кулга ботти булбули шайдо.
Чаман ичра ошиқларингни жазолаш учун қурилган оташгоҳингга тушиб, гулжамолинг асири бўлмиш шайдо булбул самандардек кулга ботди.
Не ишга бўлди беором кўзгу аксидек Мажнун,
Юзи кўзгусида аксини гар кўргузмади Лайло?
Гарчи Лайло кўзгу орқали жамолин аксини кўргузмаса-да, не учун Мажнун кўзгуда Лайло аксини кўриб қолгандек безовта бўлди?
Қуёшқа гаҳ қизармоқ, гаҳи сарғармоқ эрур андин,
Ки сунъунг боғида бор ул сифат юз минг гули раъно.
Қуёш нурининг бир қизариб, бир сарғайиб таралишининг боиси – Сенинг санъатинг ила яралмиш жаҳон боғларидаги юз минглаб қизил ва сариқ кийимларда товланиб юрган гули раънолардир. Яъни, уларнинг рангларидин қуёш нурлари ҳам таъсирланиб, ранг-баранг тусга киргай.
Недин юз гул очар ишқ ўтидин булбул киби Вомиқ,
Юзингдин гар “узорий” боғида гул очмади Узpo?
Вомиқ қандай қилиб ишқ ўтидин булбулдек сайраб юз гул очарки, агар Сенинг юзингдин баҳра олиб “Узорий” боғида жилва бирла Узро гул очмаса?
Каломингни агар Ширин лабида қилмадинг музмар,
Недин бас лаъл ўлур Фарҳоднинг қон ёшидин хоро?
Каломинг фасоҳатидин Ширин лабига жойлаштирмаган бўлсанг, нега Фарҳоднинг қонли кўз ёши тўкилгач тоғу тошлар лаълу маржонга айланаётир?
Жамолинг партавидин шамъ ўти гар гулситон эрмас,
Недин парвона ўт ичра ўзин солур Халилосо?
Жамолинг шуъласи шамъ алангасига тушганда у гулистонга айланишига ишонмаса эди, парвона Халилур-Раҳмонга ўхшаб доимо ўзини ўтга урармиди?
Малоҳат бирла туздунг сарвқадлар қоматин, яъни,
Ки мундоқ зеб бирла ул алифни айладинг зебо.
Сарвқад маъшуқалар қоматин шунчалик малоҳатли ва жозибадор қилиб яратмишдурсанки, алиф ҳарфининг зебо ва гўзал кўриниши ўшал сарвқоматларга ўхшашидандир!
Қаноатнинг далилин инзиво қилдинг яна бир ҳам,
Далил ушбуки, қониъ ҳарфидин халқ айладинг анқо.
Қаноат шундай бир буюк фазилатким, ҳар кимга ҳам у муяссар бўлмайди, балки анқо қушидек уни учратиш амримаҳол. Бунга далил – “қониъ” (қаноат қилувчи) сўзини терс ўқилса “анқо” сўзи келиб чиқади.
Навоий қайси тил бирла сенинг ҳамдинг баён қилсун,
Тикан жаннат гули васфин қилурда гунг эрур гўё.
Навоий Сенга қайси бир тил ила ҳамду сано баён қила олсинки, фаразан, тикан гапирувчи бўлса-ю, жаннатдаги гуллар васфини баён этмоқчи бўлса, соқов бўлиб қолади-ку!
Шайх Абдулазиз Мансур, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Зайд ибн Амр
#Тарих
Зайд ибн Амр ибн Нуфайл ибн Абдулуззо Қурайший Адавийга Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг пайғамбарлик йилларини кўриш насиб этмади. Бир куни унинг ўғли Саид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, отам сиз кўрганингиз ва билганингиздек одам эди. Агар сизнинг пайғамбарлик кунларингизга етганида, албатта, имон келтирган ва эргашган бўларди. Унинг учун истиғфор айтсангиз”, деб мурожаат қилди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Ҳа, албатта. Унинг учун истиғфор айтаман. У маҳшарда ягона уммат бўлиб тирилади”, дедилар.
* * *
Зайд ибн Амр бутларга ибодат қилишдан воз кечиб, ўзини Аллоҳ таолога бағишлаган кишилардан. Ҳақ динни топиш истагида Шомга борди. Масиҳий ва яҳудийларни кўрди, лекин уларнинг динини тўғри деб топмади, сўнг: “Ё Аллоҳ, мен Иброҳим (алайҳиссалом) динидаман”, деди. Яна у қурайшликларга: “Қўйни Аллоҳ таоло яратди, унинг учун осмондан сув туширди, ердан ўт ўстирди. Сиз бўлсангиз қўйни Аллоҳдан бошқага атаб сўясизлар-а?!” дея таъна қиларди (Имом Бухорий).
Асмо бинти Абу Бакр (розияллоҳу анҳо) айтади: «Мен Зайд ибн Амрнинг Каъбага суянган ҳолда: “Эй қурайшликлар! Аллоҳга қасам, сизларнинг орангизда мендан бошқа Иброҳим (алайҳиссалом) динига эргашган киши йўқ”, деб айтганини эшитганман. Зайд ёш қизларни тириклайин кўмишга қатъиян қарши эди. Бирон кишининг ўз қизини ўлдириб юбормоқчи эканини билган заҳоти: “Тўхта! Зинҳор бундай қила кўрма! Уни ўзим боқиб оламан”, деб қизни ўз қарамоғига оларди. Улғайганидан сўнг отасига олиб келар ва: “Истасанг, уни сенга қайтараман. Йўқ десанг, ўзим боқиб оламан”, деб айтарди» (Имом Бухорий).
Зайд ибн Амр ибн Нуфайл Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) келишларини муштоқлик билан кутди. Омир ибн Робиъа (розияллоҳу анҳу) бундай ҳикоя қилади: “Зайд ибн Амрни Маккадан чиқиб, Ҳиро ғори томон кетаётганида учратиб қолдим. У менга: “Эй Омир, қавмимдан ажраб, Иброҳим (алайҳиссалом), ундан сўнг Исмоил (алайҳиссалом) эргашган динни ҳақ деб билдим. Шунингдек, мен Исмоил (алайҳиссалом) авлодидан, Абдулмутталиб ўғилларидан бўлган пайғамбар (алайҳиссалом) келишини кутмоқдаман. Лекин сезишимча, унга эргашиш менга насиб этмайди. Шундай бўлса-да, унга имон келтираман, пайғамбар эканини тасдиқлаб, гувоҳлик бераман. Агар ўша кунларга етиш сенга насиб бўлса, мендан салом етказгин”, деди. Вақти келиб, мусулмон бўлганимдан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га унинг саломини етказдим. У зот (алайҳиссалом) алик қайтардилар ҳамда унга раҳмат тилаб: “Мен унинг жаннатда этагини судраб юрганини кўрдим”, дедилар. Ўша ондан бошлаб саҳобалар Зайдни эслашган вақтларида унга раҳмат сўрайдиган бўлишди. Шу сабабдан ўғли Саид ҳамда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳумо) Зайд ибн Амр ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)дан сўрашди. У зот (алайҳиссалом): “Аллоҳ Зайд ибн Амрни раҳматига олсин, у Иброҳим (алайҳиссалом) динида вафот этди”, дея жавоб бердилар
Абдулносир БОБОМИРЗАЕВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон бирор таомни айбламаганлар. Агар иштаҳалари тортса ердилар, тортмаса емасдилар» (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гўзал хулқларидан бири намоёндир. Биз барча ишларимизда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ўрнак олишимиз лозим. Олдига қўйилган егуликни иштаҳа тортганича ейиш ё бошқаларнинг кўнглига тегмай, емаслиги сабабларини чиройли тарзда баён қилиш юксак фазилатдир.
Бу одобга риоя қилинса, Аллоҳ таоло берган неъматларга ношукрлик қилинмайди. Шунингдек, кишилар орасида меҳр-муҳаббат мустаҳкамланади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Доно кўринган нодондан ҳазар қил.
Имом Мотуридий
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Урва ибн Зубайр бундай ҳикоя қилади: Ҳазрат Умарни елкасига сув тўла мешни орқалаган ҳолатда учратдим. “Эй мўминлар амири, бундай қилиш сизга ярашмайди!”, дедим. У эса:
– Қабила раислари итоатларини изҳор қилиб, ҳузуримга келишгач, ичимда уйғонган кибрни синдириш учун шу ишни қиляпман, – деди ва йўлида давом этиб, мешни ансорий бир аёлнинг уйидаги сув идишга бўшатди.
Яна бир куни Аҳнаф ибн Қайс (розияллоҳу анҳу) арабларнинг пешқадамлари билан бирга ҳазрат Умарнинг зиёратига келди. У кишини этагини белига қистириб, югураётган ҳолда кўришди. Аҳнафга айтди:
– Кел, ёрдам бер. Байтулмолга тегишли бир туя қочди. Биласан-ку, бунда қанчалаб одамнинг ҳақи бор!..
Шу аснода келганлардан бири: “Ўзингизни уринтирмай, бирор қулга буюрсангиз бўлмайдими?” деб сўради. Ҳазрат Умар эса юксак тавозенинг ифодаси бўлган шу жавобни берди:
– Мендан ҳам яхшироқ қул қайда?
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
БЎЛДИ МЕНГА
#Шеърият
То Ватан, булбул кеби, бу Гулситон бўлди манга.
Комрон МИРЗО
Бахтим улдурки, Бухоро остон бўлди менга,
Кўз очиб кўрдим, бу дунё бўстон бўлди менга.
Тупроғин ўпдим, қилиб чун кўзларимга тўтиё,
Чўлларин кездим ялангпой, руҳи жон бўлди менга.
Сувларин ичдим, чўмилдим, айладим руҳимни пок.
Чун Зарафшон оби раҳмат, зарфишон бўлди менга.
Боғида – бошим уза гул, даштида дил яйради,
Мадҳини битсам, туганмас достон бўлди менга.
Лек бобом ўлган куни бир қироат қилмадим,
Бўйнима – юк, бағрима – доғу ямон бўлди менга.
Мен-ку мен, не-не буюклар ичга ютди дардини,
Ўтди юз армон билан, бу беамон бўлди менга.
Келди бир хушнуд маҳал, чиқди доно раҳнамо,
Эл олиб эркини қўлга, ал-амон бўлди менга.
Гуллади ҳам яшнади, булбул ғазалхон бўлди, кўр,
То Ватан, булбул каби, бу гулситон бўлди менга.
Эй Мурод Султон, билиб қўй, дўппинг от сен осмон,
Чун Ватан, тақдир кулиб, Ўзбекситон бўлди менга.
Султон МУРОД
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала
Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради
Савол: Холамни кўргани шифохонага борсам, кўп қон йўқотган бир беморга қон қуйиш учун шифокорлар одамлардан қон гуруҳини сўрашаётган экан. Шариатда бировга қон бериш ҳақида нима дейилган?
Жавоб: Қон гуруҳи беморнинг қон гуруҳига тўғри келадиган киши касалнинг ҳаёти хавф остида бўлса ва у ерда ўзидан бошқа ҳеч ким топилмаса, унга беминнат ёрдам кўрсатиши жоиз бўлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказиладиган «XXVII Қорилар мусобақаси» кўрик-танловининг Республика босқичи бўлиб ўтмоқда.
Ушбу ҳаволада эса тўғридан тўғри узатиб борилмоқда:
⏺https://www.facebook.com/100011097518323/videos/427234374323143/
ЭРТА ТУРМУШ ҚУРИШНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ
#Долзарб_мавзу
Баъзи инсонлар Ислом дини қизларни барвақт узатишга чақиради, деган нотўғри тушунчада юрадилар. Бу – асоссиз гап. Исломда ҳали балоғатга етмаган, турмушга тайёр бўлмаган ўсмир қизларни узатиш ёки никоҳлаш лозим, деган гап йўқ. Ҳатто балоғатга етган, жисмоний тарафдан турмушга тайёр йигит, агар оилани боқа олмаса, унинг уйланиши шарт эмаслиги айтилади.
Таъкидлаш керакки, ҳозир шифокорлар 16–17 ёшли қизлар турмушга тайёр эмаслиги, ҳомиладорлик ва туғуруқ ҳолатида қийналиб қолаётганини айтиб, уларни 19–20 ёшларида турмушга беришни, йигитларга 20–22 ёшларда уйланишни тавсия қилишмоқда.
Икки ёш расмий никоҳдан ўтиш учун тўйдан бир ой олдин жойлардаги Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) идораларига ариза топширади. Шунда уларга тиббий кўрикдан ўтиш учун йўлланма берилади. Тиббий кўрик варақаси тўлдирилган ҳолдагина фуқароларнинг расмий никоҳи қайд этилади. Келин-куёвларни тўйдан олдин мажбурий равишда тиббий кўрикдан ўтказиш талаби бежиз қўйилмаган. Навниҳол йигит ёки қиз яширин тарзда кечаётган бирор дардга чалинган, уни ўзи ҳам сезмай юрган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Камқонлик, юрак-қон томир, буйрак ҳасталикларини даволамай туриб ҳомиладор бўлиш ногирон болалар туғилишига олиб келиши ҳаётда кўп исботланган. Хасталикларни оила қуришдан аввал даволаш осон. Давлатимиз яратаётган бу каби шароитлар соғлом турмуш тарзини шакллантириш орқали оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган. Зеро, оилада йигит ва қиз ўз вазифа ва масъулиятларини адо этишлари, соғлом зурриётларни дунёга келтиришлари учун аввало ўзлари соғлом бўлишлари керак. Ҳозирга келиб тиббий кўрикнинг аҳамиятини аксарият ота-оналар тушуниб етдилар. Аммо шундай бўлса-да, “Ҳали турмушга чиқмаган ёш қиз турли йўналишдаги шифокорларга учраб юришининг нима кераги бор?” деб тор мулоҳаза юритадиганлар ҳам йўқ эмас. Ана шундай фикрлаш сабабли тиббий кўрикнинг талаб даражасида ўтказилишига эътибор бермай, гиёҳвандликка берилган ёки наслий касаллиги бўлган куёвга узатиш оқибатида бахтсиз қолган қизлар, пушаймон чеккан ота-оналар ҳаётда учраб турибди.
Аксарият эрта оила қурган қизларда камқонлик, камқувватлик кузатилади. Бу ҳол келинларнинг узоқ вақт бўйида бўлмаслиги, ҳомиладорлик оғир кечишига, гўдаклар нобуд бўлиши ёки ногирон туғилишига, туғуруқдан кейинги турли асоратларга, ҳатто бепуштликка олиб келиши мумкинлигини шифокорлар таъкидлайди.
Одилжон Нарзуллаев
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Ҳам савоб, ҳам барака келтиради
#Тафсир
“Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): “Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир. Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”
(Луқмон, 12-13).
Баъзи тафсирларда Луқмони ҳаким Боуро деган кишининг фарзанди экани ва у Озар (Торах) авлодидан, Айюб (алайҳиссалом)нинг наслидан бўлгани ва минг йил умр кўриб, Довуд (алайҳиссалом) замонигача яшагани айтилади.
Жумҳур уламолар Луқмони ҳакимни пайғамбар эмас, балки солиҳ, ҳаким киши бўлган, дейишган. Ривоятларда Луқмони ҳаким кўримсиз, қора танли бир ҳабаший киши бўлганлиги айтилади. Ваҳб ибн Мунаббаҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло бандаларни ҳусни ва чиройига қараб танламайди. Балки амали ва тақвосига қараб танлайди”.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) яна айтади: “Луқмони ҳакимга нубувват ёки ҳикматдан қай бирини танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот ҳикматни ихтиёр этди”.
Имом Воқидий (раҳматуллоҳи алайҳ) Луқмони ҳакимни Бани Исроилнинг қозиси бўлган деса, Имом Муқотил (раҳматуллоҳи алайҳ) у зот Довуд (алайҳиссалом) пайғамбар бўлишларидан олдин фатво берар эди, дейди.
Ривоятларда бундай дейилади: “Луқмони ҳакимнинг Мавлоси бир куни унга: “Бизга бу қўйни сўйиб бер”, деди. У қўйни сўйгач, Мавлоси унга: “Бу қўй гўштининг энг тотли жойидан икки бўлак гўштни ажрат”, деди. У қўйнинг тили ва юрагини ажратди. Орадан анча муддат ўтгач, яна унга Мавлоси бир қўйни кўрсатиб, бу қўйни сўй, деб буюрди. Луқмони ҳаким у қўйни сўйгач, Мавлоси унга: “Бу қўйдаги энг бемаза икки бўлак гўштни ажрат”, деди. У қўйнинг тили ва юрагини ажратди. Мавлоси ундан икки сафар ҳам тили ва юрагини ажратгани сабабини сўради. Луқмони ҳаким: “Агар тил билан қалб тўғри бўлса, ундан яхшироғи йўқ. Агар тил билан қалб бузилса, ундан ёмонроғи йўқ”, деди.
“Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир”.
Аллоҳ таоло Луқмони ҳакимга фасоҳат, балоғат, донолик ва фақиҳлик неъматларини ато этиб, уларнинг шукрини қилишни амр этди. Шукр қилиш банда учун фойдалидир, яъни унинг савоби ўзига бўлади. Кимки Аллоҳ таолонинг неъматларига ношукрлик қилса, унинг зарари ўзига етади. Зеро, Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсага муҳтож эмас, У беҳожат Зотдир. Насафий тафсирида бундай дейилади: “Қалбнинг шукри маърифатдир, яъни Аллоҳ таолони таниш; тилнинг шукри Аллоҳ таолога ҳамд айтиш; арконларнинг шукри тоат-ибодат қилишдир”.
“Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”
Аллоҳ таолога ширк келтириш улкан гуноҳдир.
Шундай экан, ёмонликларни тарк этиб, мусулмон оилада туғилиб, дин-диёнатли инсонлар орасида, тинч ва обод Ватанда яшаётганимизнинг шукрини қилишимиз зарур. Зеро, шукр қилган банда ҳам савоб олади, ҳам неъматларнинг зиёдалигига эришади.
Манбалар асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ
Бир куни Луқмони ҳаким кўп жамланган кишиларга ваъз-насиҳат қилиб ўтирганида, Бани Исроилнинг улуғ кишиларидан бири шу ердан ўтди ва: “Бу қандай жамоат бўлди”, деди. Унга, бу жамоат Луқмони ҳакимнинг ваъз-насиҳати сабабидан йиғилган, дейилди. Шунда у: “Луқмон деганинг фалон кимсанинг хизматкори эмасми?” деди. Унга: “Ҳа, шундай”, деб жавоб берилди. Шунда у Луқмони ҳакимга: “Мен кўраётган бу даражага сени нима етказди?” деди. Луқмони ҳаким: “Мен бу даражага ростгўйлигим, омонатдор бўлганим ва кераксиз нарсаларни тарк этганим сабабли эришдим”, деди.
Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ