hidoyatuz | Неотсортированное

Telegram-канал hidoyatuz - Hidoyat.uz

11605

O'zbekiston musulmonlari idorasiga qarashli "Shamsuddinxon Boboxonov" nashriyot-matbaa ijodiy uyi. Hidoyat.uz hidoyatuz.taplink.ws Мақолангизни қуйидаги ҳаволага юборишингиз мумкин: @Hidoyat_jurnal @Muminalar_jurnali

Подписаться на канал

Hidoyat.uz

«Эй имон келтирганлар! Молини одамлар кўрсин деб берадиган, Аллоҳга ва охират кунига ишонмайдиган кимсага ўхшаб, (берган) садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманг!» (Бақара, 264).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Уламолар қўшниларни ҳақларига кўра учга бўлганлар:

1. Қариндош мусулмон қўшни. Бу қўшнининг учта ҳақи бўлади: қўшнилик ҳақи, қариндошлик ҳақи, мусулмонлик ҳақи. 2. Қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Бу қўшнининг иккита ҳақи бўлади: қўшнилик ҳақи, мусулмонлик ҳақи. 3. Мусулмон бўлмаган қўшни. Бу қўшнининг фақат қўшнилик ҳақи бўлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Бандалар Аллоҳ қайтарган нарсани тарк этишдан афзалроқ бирор ибодат қила олмайдилар”.

Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Биз томонларда майит қабрга қўйилгач, кафаннинг бош қисмини ечиб, марҳумнинг юзини қиблага қаратиб қўйишади. Шариатимизда шундай кўрсатма борми?

Жавоб: Динимизда майитни қабрга қўйишда кафаннинг боғичларини ечиб, марҳум қиблага юзлантириб қўйилади. Сиз айтгандек, бош қисмини очиб қўйиш эса умуман жоиз эмас.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Кўп кулги ва мол-дунёга хурсанд бўлиш инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу қалбнинг ўлишидир”.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) дейди: “Кимда олти хил табиат жамланган бўлса, у жаҳаннамдан омон қолади, жаннатга тушади: Аллоҳни таниб, Унга итоат этса; шайтонни билиб, унга эргашмаса; ҳақни англаб, унга таслим бўлса; ботилни сезиб, ундан қочса; дунёни тушуниб, унга кўнгил бермаса, охиратни ўйлаб, унга ҳозир турса”.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

МЕҲР БЕРСАНГ, МЕҲР КЎРАСАН
#Мулоҳаза_муносабат

Ота-оналарни ҳурмат қилинглар, фарзандлар ҳам сизларни иззат-икром қилишади (Ҳадиси шариф) .

Аллоҳ таоло ато этган неъматлар ичида фарзанд неъмати жуда улуғдир. Кимдир тирноққа зор, бошқа бировнинг эса кўп фарзанди борлиги буюк Раббимизнинг ҳикматидир. Фарзанд кўриш ва унга меҳр бериш орзусидаги ота-оналар қанча. Аллоҳ таоло бизларга ато қилган фарзандларнинг шукрини адо этиш ўша неъматни тўғри мақсадга йўналтириш билан ҳам бўлади. Бунинг учун бола тарбиясини мурғаклик пайтидан бошлаш лозимдир. “Бола бошидан” деб бежиз айтилмаган.

Ота оила нафақаси сабабидан кўпинча ишда бўлади. Фарзанднинг соғлом униб-­ўсиши, гўзал хулқли бўлишида онанинг хизмати беқиёсдир. Ота-боболаримиз болага қандай йўсинда муомала қилиш кераклигини, хато ишларига қайси ҳолатда танбеҳ бериш лозимлиги ҳамда нима яхши-ю, нима ёмон эканини ўзлари ибрат бўлиб, гўзал услублари ила тушунтирганлар. Чунки камчиликларини тўғри тушунтирмасдан, жеркиб, қўпол муомала қилиш, калтак­лаш бола тарбиясига ёмон таъсир қилади. Бундай вазиятда вояга етаётган боланинг қалбида меҳр-шафқат ўрнини қўполлик, дағаллик каби салбий сифатлар эгаллайди. Раҳматли бувим: “Фарзандинг айбдор бўлса ҳам, унга чиройли тарзда тушунтир, қилаётган иши яхши эмаслигини ётиғи билан айтиб, насиҳат қил”, дерди.

Баъзи бир ота-оналар кўча-кўйда, уйларида фарзандларини бўлар-бўлмасга калтаклаганини кўриб, бу ишлари нотўғри экани айтилса: “Урсам ўзимнинг фарзандим, сиз аралашманг”, дейди. Фарзандларимизни тарбиялашда миллий қадриятларимиз ва Ислом дини кўрсатмаларига амал қилсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ёш бола бирор-бир инсондан меҳр кўрса, буни ҳеч қачон ёдидан чиқармайди.

Аллоҳ берган фарзанд неъматининг қадрига етиш ва унинг одобини гўзал қилиб, келажакда ўзи ҳамда яшаб турган жамиятига фойда келтирувчи инсонлар қилиб тарбиялаш бахти барча ота-оналарга насиб этсин.

Абдуқодир МУРОДОВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Намозда саждага бориш тартиби
#Динимизни_ўрганамиз

Ҳанафий мазҳаби китобларида саждага бориш тартиби ҳақида бундай дейилади:

Самарқандийнинг “Туҳфатул фуқаҳо” китобида: “Қавмадан (рукудан кейинги туриш) сўнг сажда қилади. Саждага боришда такбир айтади, қўлларини кўтармайди. Аввал тиззаларини, сўнг қўл­ларини, сўнг пешонасини, сўнг бурнини ерга (жойнамозга) қўяди. Бир қавлда бурнини, сўнг пешонасини қўяди, дейилган” (1-ж, 134-б.).

Косонийнинг “Бадоиъус саноиъ” китобида: “(Яна рукудан саждага кетиш суннатларидан:) олдин тиззаларини ерга қўйиб, кейин қўлларини қўяди. Бу бизнинг наздимизда... Бизнинг далилимиз Набий (с.а.в.)нинг шу ҳадиси (яъни, намозда туя каби чўкишдан қайтарганлари тўғрисидаги ҳадис). Чунки туя чўкишда биринчи қўлларини қўяди. Ҳазрат Умар ва Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) ана шундай қилганлари ривоят қилинган” (2-ж, 315-б.).

Бурҳониддин Мозанинг “Ал-муҳит ал-бурҳоний” китобида: “Саждага боришда ерга қўлларини тиззаларидан олдин қўйиши макруҳдир. Турганида эса, қўлларини тиззаларидан олдин кўтаради. Узрли ҳолатда бунинг тескарисини қилиши жоиз” (2-ж, 55-б.).

Рукудан саждага боришда тиззалар ерга теккунича гавда букилмайди (“Фатовойи Оламгирия”).

Ушбу масалада ворид бўлган ҳадиси шарифлар:

Воил ибн Ҳужр (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)ни саждага борганларида тиззаларини қўлларидан олдин қўйганларини кўрдим. Саждадан турганларида эса, қўлларини тиззаларидан олдин кўтардилар” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Анас (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)ни кўрдим. Такбир айтдилар, бош бармоқларини қулоқлари баробар кўтардилар. Сўнг руку қилдилар, ҳар бир бўғимлари ўз ўрнига тушди. Кейин такбир айтиб саждага бордилар. Тиззалари қўлларидан олдин тушди” (Ҳоким ривоят қилиб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ, деган).

Иброҳим Нахаъий айтади: “Абдуллоҳ ибн Масъуддан эсда қолгани шуки, у кишининг тиззалари ерга қўлларидан олдин тушарди” (Таҳовий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

“Иълоус сунан” китобида Воил ибн Ҳужр (р.а.) ҳадиси шарҳида бундай дейилади: “Ҳадис сажда қилганда тиззаларни қўллардан олдин қўйишга, турганида эса, қўлларни тиззалардан олдин кўтаришга очиқ далолат қилади. “Найл”да айтади: “Жумҳур (кўпчилик) олимлар шу фикрни айтишган. Ибн Мунзир буни Умар ибн Хаттоб (р.а.)дан, Нахаъий, Муслим ибн Ясор, Суфён Саврий, Аҳмад, Исҳоқ ва рай соҳибларидан ривоят қилган”.

Демак, бу масала Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларга, ҳазрат Умар, Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳумо) каби саҳобаларнинг амалларига асосланган.

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

УБАЙ ИБН КАЪБ (РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ)
# Саҳобалар_ҳаёти


Саҳобанинг тўлиқ исми Абу Туфайл (Абу Мунзир) Убай ибн Каъб ибн Қайс ибн Убайд ибн Зайд ибн Муовия ибн Амр ибн Молик ибн Нажжор Ансорий Хазражийдир. У зот Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳузурларидаги ваҳий ёзувчи котибларидан бири бўлган. Манбаларда Убай ибн Каъб ваҳийни ёзишдан олдин ҳам, кейин ҳам Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) ўқиб берар, у зот тинглаб, агар хато бўлмаса, ёзишга рухсат берардилар, дейилади.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) Убай ибн Каъбни “Мусулмонлар саййиди” деб номлаган. Ушбу саҳоба икки Ақаба байъатида ҳам қатнашган, Бадр ва ундан кейинги барча ғазотларда иштирок этган.

Убай ибн Каъбдан (розияллоҳу анҳу) 164 та ҳадис ривоят қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у зотдан Қуръон қироатини ўтказганлар. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Убай ибн Каъбга: “Аллоҳ таоло менга сен қироат қилиб беришингни айтди”, дедилар. “Аллоҳ менинг исмимни зикр қилдими?”, деди у. У зот: “Ҳа”, дедилар. Шунда Убай ибн Каъб йиғлаб юборди” (Имом Муслим ва Термизий ривояти).

Саҳобанинг Исломга муҳаббати кучли ва мустаҳкам ақида соҳиби бўлиб, Расулуллоҳнинг биронта суҳбатини ҳам қолдирмас эди. Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен бир ҳамён топиб олдим. Унинг ичида юз динорча пули бор эди. Уни кўтариб, Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига бордим. У зот топиб олган нарсангни бир йил эълон қил, дедилар. Мен бир йил эълон қилиб, уни танийдиган кишини топа олмадим. Кейин яна борган эдим, У зот: “Яна бир йил эълон қил”, дедилар. Сўнгра учинчи марта борганимда, У зот: “Ўша ҳамён идишини, ичидаги маблағини ва боғичини таништир, агар шунда ҳам эгаси келмаса, ўзинг ишлатасан”, дедилар.

Убай ибн Каъб (розияллоҳу анҳу) қайси оят ва ҳадисдан нима ирода қилинганини бошқалардан кўра яхши тушунар эди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан кейин бошқа саҳобалар Убай ибн Каъбдан (розияллоҳу анҳу) дин ишларида маслаҳат сўрар, у зот Қуръон ва суннатга асосланиб жавоб қайтарарди. Саҳоба (розияллоҳу анҳу) ҳижрий 22 йили, баъзи ривоятларда 30 йилда вафот этгани айтилган. Унинг вафоти Мадина аҳлини қаттиқ изтиробга солган. Каттаю кичик барча кишилар: “Мусулмонларнинг саййиди вафот этди”, дея афсус қилишган.

Зарифа МАҲКАМ қизи тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

БОЛА АЗИЗ...
#Тарбия

Бола ота-онаси ҳузуридаги омонатдир. Унинг қалби – содда гавҳар. Агар у яхшилик ичида бўлса, шундай униб-ўсади. Ота-онаси ва тарбиячилари унинг савобига шерик бўлишади. Агар бола ёмонликка ўрганиб қолса, унинг гуноҳи ота-она, тарбиячи бўйнига тушади. Болани турли иллатлардан эҳтиётлаш, унга яхши одоб ва тўғри тарбия бериш шарт.

Ёш болада чиройли хулқ ва яхши амаллар зоҳир бўлганида уни мақтаб қўйиш ва хурсанд бўладиган мукофотларини бериш лозим. Агар у баъзи вақтларда бунга хилоф иш тутса, сезмаганликка олинади, айби ошкор этилмайди. Агар шу ҳолат қайта содир бўлса, бола яширинча қистовга олинади (койилади) ва қилган ишини одамларга айтиш билан қўрқитилади. Уни ҳаддан зиёда койилмайди. Кўп койиш маломатларни эшитишни осон қилиб қўяди. Бола билан сўзлашганда сўз ҳайбатини (обрўсини) сақлаш зарур. Она фарзандига отасининг номи билан пўписа қилиши мумкин. Ялқов ва дангаса бўлиб қолмаслиги учун пиёда юришга, кўп ҳаракат қилишга ва жисмоний машғулотларга одатлантирилади. Ота-онаси эга бўлган нарсаларни пеш қилиб, тенгдошлари ўртасида фахрланишдан, таоми ё кийими билан мақтанишдан қайтарилади, муомалада одамларга тавозе ва ҳурмат кўрсатишга ўргатилади.

Боланинг бошқалар олдида эснашига, оёқ чалиштириб ўтиришига изн берилмайди. Ёмон сўзлар айтишдан ва кўп гапиришдан қайтарилади. Ўзидан катта гапирса, унинг сўзини чиройли тинглашга, фақат лозим бўлганда жавоб қайтаришга, катталарга ўрнидан туриб, жой беришга ўргатилади.

Дарҳақиқат, болаларни эҳтиёт қилишнинг асосий шартларидан бири – хулқи ёмон тенгдошларидан сақлаш. Бола мактабдан келганидан кейин чиройли ўйинлар ўйнаши учун кўпроқ шароит яратиб берилса, таълим дарсларининг чарчоғи чиқади. “Қалбларни оромлантир, ақлинг ўткир бўлади”, деган ибора шунга тааллуқли. Бола ота-онаси ва устозларига итоат этишга ва уларни ҳурмат қилишга ўргатилиши зарур.

Имом Аҳмад ибн Қудома Мақдисийнинг “Минҳожул қосидин” китобидан олинди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Каъбул Аҳбор (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ривоят қилади. Аллоҳ таборака ва таоло айтади:

"Эй Одам боласи, албатта, Мен сени ҳеч қандай ҳаракатинг ва қувватинг йўқлигида онангнинг қорнида тарбияладим ва онанг қорнидан соғ-саломат ҳолда чиқардим. Онангни сенга меҳрли қилдим, у сени тарбиялаб турди. Сен ўсиб улғайдинг. Менга ибодат қилишинг учун сенга ақл ва қувват бердим. Менга ибодат этиш ва зикримни қилишга бепарво бўлдинг. Сенга тақсим қилинган ризқ билан машғул бўлдинг. Иззатим ва улуғлигимга қасам, етти қават ер остига кирсанг ҳам, тақсим қилган нарсамдан бир мисқол ҳам зиёда қилмайман".

Қудсий ҳадис

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

МУСУЛМОНЛАР БИР-БИРИГА ОҒА-ИНИДИР
#Тафсир

«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот, 10).

Имон мўминларни бир-бирига шу қадар яқинлаштирадики, бу ҳолат туғишганларнинг яқинлигидан кам бўлмайди.

Одатда туғишганлардан иккитаси ўртасида келишмовчилик, тортишиш рўй берса, қолганлари уларни келиштириб қўяди.

Худди шу каби икки мусулмон ўзаро келишолмай қолса, бошқалар уларни яраштириб қўйиши лозим. Аксинча, бу ҳолат, бўлар-бўлмас гап-сўзлар фитнага, ҳаттоки қотилликкача бориб етиши мумкин. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мусулмон мусулмонни ўлдириши куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Биродарига ёрдамлашган бандага, албатта, Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлади. Ҳадиси шарифда: «Қай бир мусулмон биродари ҳақига дуо қилса, фаришталар унга: “Сенга ҳам шу бўлсин!” деб туришади», дейилган (Имом Муслим ривояти).
«Ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз».

Бунда мусулмонларни ўзаро низолашишдан қайтарувчи жиҳатга ишора бор. У нарса тақводир. Чунки тақво қилган, Аллоҳдан қўрққан киши ўз хатоларини тўғрилаш билан машғул бўлади, ўзгаларнинг дилини оғритиб қўйишдан қўрқади.

Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Комил мусулмон тили ва қўлидан одамлар зиён-заҳмат кўрмаган кишидир”, деганлар. Комил мусулмон Аллоҳ таолонинг амрларига итоат ва бандаларига шафқат қилади. Барча ишларда Аллоҳ таолодан қўрқиш – Ҳақнинг раҳматига эриштиради.

Манбалар асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ХУШБЎЙ, ХУШТАЪМ, ДАРДЛАРГА МАЛҲАМ
#Тиббиёт_бурчаги

Халқ табобатида лимон жуда қадр­ланади. Чунки меъда, жигар, ўт йўллари, буйрак, бўғин ҳамда юқумли касалликларни даволашда яхши наф беради. Шунингдек, қон тўхтатувчи омил сифатида ҳам қўл­ланилади. Шамоллаганда, дармонсизликда истеъмол қилинса, дармон-малҳам бўлади. Бу ажойиб неъматнинг қон босимини пасайтириш хусусияти кучли, қанд хасталигида ҳам дори сифатида ишлатилади. Унинг таркибида лимон кислотаси, қанд моддаси, шунингдек, А, Б, С, Д дармондорилари, эфир мойлари, пектин моддалари, натрий, калий, кальций, фосфор, темир, магний каби унсурлар бор.
Кўпчилик олимларнинг фикрича, лимоннинг ватани жануби-шарқий Осиё бўлиб, унинг шифобахшлик хусусияти хитойликларга 4000 йил аввал ҳам маълум бўлган. Қадимги хитой қўлёзмаларида “лимунг” деб аталиб, бу сўз “оналар учун фойдали” деган маънони билдирган.
Абу Райҳон Беруний лимон юракка қувват бахш этишини ёзади.
Замонавий тиббиётда дармондори сифатида, паришонхотирликнинг олдини олиш ва даволашда, ички касалликларда, қон томирлари – капиллярларининг турғунлигини оширишда лимон асқотади. Доришуносликда дориларнинг мазаси ва ҳидини ёқимли қилишда ҳам қўлланилади.
Лимон ошқозон кислотаси юқори бўлган, меъда ва ўн икки бармоқли ичак хасталигига чалинган беморларга зарарли таъсир этиши мумкин.
Гриппнинг олдини олиш учун овқат­ларга лимон ёки унинг шарбатини қўшиб истеъмол қилиш фойдали. Лимон иситмани туширувчи ва енгил пешоб ҳайдовчи восита ҳисобланади. Бунинг учун 600 мл қайнатилган, лекин қайноқ бўлмаган сувга битта лимон шарбати аралаштирилади. Бундай ичимлик томирларни тозалаш ва қон босимини тушириш учун ҳам тавсия этилади.
Лимонни харид қилишда уни қанча муддат сақлашингизни ҳисобга олиб танланг. Агар у 1–2 кун ичида ишлатиладиган бўлса, етилган мевасидан сотиб олган маъқул. Лимон ўта юмшоқ бўлмаслиги керак, чунки пишиб ўтиб кетган лимоннинг ичи чириб кетмаган бўлса ҳам, таъми бузилган ва шифобахш хусусиятини йўқотган бўлади. Яхшиси, пишай деб қолган мевасидан харид қилган маъқул; қоронғи, салқин жойга, масалан, совутгичнинг пастки қисмига қўйиб, анча муддат ишлатиш мумкин.

Интернет материали асосида Гулгун УСМОНОВА тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

АҚЛНИНГ ОФАТИ ЁХУД ҲАЛОКАТНИНГ ИККИ САБАБИ
#Ёмонликдан_қайтариш

Инсонларда учрайдиган ёмон сифатлар саналганда ужб ва кибр ёнма-ён зикр қилинади. Чунки уларнинг маънолари бир-бирига жуда яқиндир.

“Ужб” сўзи луғатда “кеккайиш”, “шуҳ­рат­парастлик”, “манманлик”, “мағрур­лик” ва “мақтанчоқлик” маъноларини англатади. “Ужб” сўзи ана шундай маъноларга далолат қилганидан уламолар уни турлича таърифлашган. Роғиб Исфаҳоний (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ужб – инсон ҳақли бўлмаган даражага ўзини ҳақлиман деб ўйлашидир”, дейди. Ибн Абдуссалом (раҳматуллоҳи алайҳ): “Инсон ўзига берилган неъмат ёки яхши амални Аллоҳдан эканини унутиши ва уларга ўзим эришганман деб хурсанд бўлиши ужбдир”, деб айтган. Кибр ҳам ужбдан юзага келади. Қуръони карим оятларида ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифларида ужб ёмонлаб зикр қилинган. Ҳунайн кунида мусулмонларнинг мағлубиятига ужб сабаб бўлган. Бу ҳақда ояти каримада бундай дейилади: «Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз» (Тавба, 25).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч нарса ҳалок қилувчидир: бахиллик, ҳавои нафс ва кишининг ўзи билан фахрланиши”, деганлар (Баззор ривояти). Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Ҳалокат икки нарсада: ужб ва Аллоҳнинг раҳматидан умидни узишда”, деган. Чунки умидини узган одам ҳаракат қилмайди. Ўзидан фахр­ланган одам мақсадга эришиб бўлдим, деб ўйлайди ва ҳаракат қилмайди. Шунинг учун ҳам Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бу икки сифатни ҳалокат сабабчилари деб ҳисобламоқда.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Ўзидан фахрланиш хатодир ва ақлнинг офатидир”, деган.

Кўпинча инсонда ужб­нинг пайдо бўлишига атроф­даги маддоҳларнинг мақтов­лари ва олқишлари ҳам сабаб бўлади. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади. Пай­ғам­баримиз (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам)­нинг ҳузур­­ларида бир киши бош­қа бир кишини мақтади. Шунда Пайғамбаримиз: “Ҳолинг­га вой бўлсин, биродарингнинг бўйнини синдирдинг”, деб бир неча маротаба такрорладилар. Сўнг: “Сизлардан бирингиз бошқани (чорасиз) мақташга тўғри келиб қолса, “Мен уни шундай деб ўйлайман. Аллоҳнинг Ўзи кифоя”, десин”, дедилар.

Имом Ғаззолий (раҳ­матул­лоҳи алайҳ) ужбнинг зарарли оқибат­ларидан огоҳ­­лантириб: “Ужб гуноҳ­­ларни унутиб, уларга бе­парво бўлиб қолишга сабаб бўлади. Унинг соҳиби қилаётган ибодатларини ва амалларини катта санаб, фахрланиб қолади. Ҳатто бу ибодатларни қилаётганидан Аллоҳга миннат қилишгача боради...”, дейди. Ужб ҳалокатга олиб борувчи иллат. Қалбимизни, наф­симизни зикр, Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ила сайқаллаб, ҳалокатга олиб борувчи барча иллатлардан сақланайлик.

Фарҳод ЖЎРАЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Мўмин киши илм ўрганади
#Яхшиликка_чақириш

Илм олиш ва таълим бериш фазилати ҳақида Имом Бухорийнинг (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ”ида 102 та, Имом Ғаззолийнинг (раҳимаҳуллоҳ) “Иҳёу улумиддин”ида 55 та ҳадис келтирилган. Шунингдек, бошқа муҳаддислар ҳам илм борасида юзлаб ҳадис ривоят қилишган. Юқорида зикр этилган ва яна 1000 га яқин оят ва юзлаб ҳадисда илм ва олимларнинг фазли баён этилган. Илмсиз ва илмга лоқайд бўлганлар огоҳлантирилган. Қуръони каримда “илм” сўзи 81 марта келган. Бу сўз билан ўзакдош “алима” (билди), “яъламу” (билади), “яъламуна” (биладилар), “иълам” (бил), “аллама” (ўргатди), “юъаллиму” (ўргатади), “ал-уламау” (илмли кишилар), “Алийм” (жуда кўп билувчи), “аллом” (ўта билимдон) каби кўринишлари эса 811 марта зикр қилинган. Жумладан, “Зумар” сурасининг 9-оятида бундай дейилган: «...Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурму?”...» Яъни, ҳеч қачон биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлмайди, дейилмоқда. Аллоҳ таоло “билмайдиганлар”ни ҳам билим олишга, ўрганишга буюриб, бундай марҳамат қилади: “Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангиз, аҳли зикрлардан сўрангиз!” (Наҳл, 43). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Билмасликнинг шифоси сўрашдир”, деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳар бир инсон ўзи учун зарур ва фойдали бўлган илмни ўрганиши лозим.

Юсуф Қарзовийнинг “Ар-Расул вал илм” китоби асосида Баҳодиржон АЪЗАМОВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ОҚИЛ ИНСОН ҲАСАД ҚИЛМАЙДИ
#Таянч_нуқта

Аллоҳ таоло инсонларни бир ота ва бир онадан яратди ва уларнинг ризқларини белгилаб қўйди. Кишига бойлик келиши ҳам, унинг кетиши ҳам, амал даражасига кўтарилиши-ю, пастга қулаши ҳам фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг изни билан амалга ошади. Аммо жамиятда шундай инсонлар ҳам борки, улар кўп вақтларини ўзгаларнинг ютуғини санашу муваффақиятидан ҳасад қилиш билан ўтказади. Бу билан эса, албатта, аввало, ўзларига зарар қилади.
Ҳасад манфур иллатлардан ҳисобланиб, унинг хавф-хатари тўғрисида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ҳасаддан сақланинглар. Зеро, ҳасад худди олов ўтинни еганидек, яхши амалларни ейди” (Абу Довуд ривояти).
Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳасад қилиш нодонлар табиатига хослигини таъкидлайди ва ҳасадгўй нафақат ўзига, балки жамиятга ҳам катта хавф-хатар туғдиришини эслатиб ўтади:

Жоҳилки, ҳасад бўлғай анинг жаҳлиға зам,
Нур эл кўзидин англаса, ўз кўзида кам.
Кўзларни олишмоққа чекиб тиғи ситам,
Эл кўзини ҳам ўйғаю ўз кўзини ҳам.

Ҳасад инсонни соғлом фикрлашдан йироқлаштириб, маънавий тубанликка тортади. Сабаби, бировнинг ютуғига ҳасад қилган киши уни бошқаларга ёмонлайди ёки ортидан ғийбат қилади, тирноқ тагидан кир қидиради. Ахир, тубанликнинг бошланиши шу эмасми?
Абу Лайс Самарқандий ҳасад ва унинг ортидан келувчи нарсалар ҳақида сўзлаб, бундай деди: “Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. У ҳасад қилувчи кишига бешта азобни олиб келади: ғами тугамайди, мусибат чекади-ю, бунинг учун ажр олмайди, ёмонликдан боши чиқмайди, Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади, унинг учун тавфиқ эшиклари ёпилади”.
Оқил инсон бировга ҳасад қилмайди. Набий (алайҳиссалом): “Танада бир парча гўшт бор, агар у соғлом бўлса, қолган аъзолар ҳам соғлом бўлади, агар у бузилса, бутун тана бузилади. У қалбдир”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Шу боис, ҳасад олови қалбимизни куйдиришига, у орқали эса бутун жисмимиз касалланишига ҳамда қилган эзгу амалларимиз зое кетишига ўзимиз сабабчи бўлиб қолмайлик.

Нилуфар МАНСУРОВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Оқ атиргул
#Ибрат

Пешин намозини ўқиб чиқарканман, масжид ҳовлисида очилиб турган оқ атиргулга назарим тушди. Тафаккур қила бошладим. Инсон дунёга келган чоғида Аллоҳ таоло уни онанинг оқ сути билан меҳмон қилади. Шунингдек, сўнгги сафарида ҳам оқ кафан билан дунёни тарк этади. Оқ ранг – поклик рамзи. Гўёки, оқ атиргул ҳам дунёда доимо пок бўлиб ҳаёт кечиришга ибратдек эди. Ажабо, гулларнинг ўрамлик турига мансуб бу атиргулнинг дастлабки гулбарглари тўкилса, ичидан аввалгисидан кўра янада оқроқ гулбарглар очилаверар экан. Худди зоҳиридан кўра ботинида оқлик, поклик кўпроқдай...
Бу гул бошқа гуллардан ўзгача хушбўйлиги билан ҳам ажралиб туради. Онамнинг ёшлигимда берган насиҳатлари хаёлимдан ўтди: “Ўғлим, оқ атиргул жуда хушбўй бўлади. Зеро, унинг устидан кўра ичи оппоқроқдир. Сен ҳам шу каби ботин ва зоҳирингни тоза тутгин”.
Яна хаёлга чўмиб, бу атиргулнинг бошқа фазилатини кашф этдим. Умрини эзгу ишларга бағишлаган фидойи кишиларни оқ атиргулга ўхшатса бўларкан.
Қанийди, менинг ҳам шу оқ атиргул каби қатор фазилатларим бўлсайди, деган орзу билан боғни тарк этдим. Бир неча кундан кейин у атиргулни барглари тўкилган ҳолда кўрдим. Шунда Меҳрибон Эгамизнинг: “Унинг “юзи”дан бошқа барча нарса ҳалок бўлувчидир” (Қасас, 88) оятини эсладим. Бу илоҳий ҳақиқат менга, ҳар бир нарса қанча гўзал, фидойи, хушбўй бўлмасин, барибир дунёни тарк этишини, яхшиликка хизмат қилиш ҳам ғанимат бир имконият эканини такрор эслатди.

Обидхон ИКРОМОВ,
Наманган, “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мендан бу сўзларни олиб, уларга амал қилади ёки уларни амал қиладиган кишига ўргатиб қўяди?” дедилар. “Мен, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. Сўнг у зот қўлимдан тутиб, бешта нарсани санадилар. Айтдиларки: “Ҳаромлардан сақлан, инсонларнинг энг обиди бўласан; Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан; қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан; ўзинг учун яхши кўрган нарсани (бошқа) инсонларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан; кўп кулма, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради”» (Имом Термизий).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Кўп кулиш қалбни ўлдиради

Мўмин киши учун ҳаёт беҳуда нарсаларга сарфлаб юбориладиган арзимас нарса эмас, балки солиҳ амаллар билан тўлдирилиши лозим бўлган ғанимат фурсатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўп кулиш қалбни ўлдиради”, деганлар. Бундан кулгини мутлақо тарк қилиш эмас, балки меъёрдан ортиқ кулиш яхши эмаслиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари ҳам табассум қилганлар, саҳобалари ҳам кулганлар.

Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг озиқ тишлари кўринадиган даражада оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари кулишар эдими?” деб сўрашди. У: “Ҳа, ваҳоланки уларнинг қалбларидаги имон тоғлардан ҳам улканроқ эди”, деди» (Абдураззоқ ривояти).

Кулгини жоиз ва ножоизлигига кўра икки турга ажратиш мумкин:

1. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулиш.

2. Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулиш.

Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулишнинг эса меъёрдан ортиғи ман қилинган. Яъни, бу кулги меъёрдан ортиб кетса, қалбни ўлдиради.

Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулишни шариат қатъий ман қилган.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Жанубий Корея Республикаси
#Олисларга_саёҳат



Майдони: 100 210 кв.км.
Пойтахти: Сеул шаҳри.
Йирик шаҳарлари: Пусан, Инчхон, Кванжу, Тэгу, Тэжон, Улсан.
Аҳолиси: 51 500 000 дан ортиқ.

Жўғрофий ўрни. Корея Респуб­ликаси – Шарқий Осиё­да, Корейс яриморолида жойлашган давлат. У ғарбдан Тинч океани, шимолдан эса Хитой ва Россия билан чегарадош. Ерининг 70 фоизи тоғлардан иборат. Мамлакат ҳудудида уч минг­га яқин оролчалар мавжуд.
Кореянинг энг катта икки дарёси Нактонгканг ва пойтахт Сеулдан оқиб ўтадиган Ҳанкангдир. Иқлими мўътадил, тўрт фасли бир-биридан кескин фарқ қилади.
Аҳолиси. Мамлакат аҳолисининг катта қисмини корейс­лар ташкил қилади. Корейслар электроникадан энг кўп фойдаланувчи халқлар қаторига киради. Корейс тилида сўзлашилади, мактабларда иккинчи тил сифатида инглиз, япон, хитой, олмон ва бошқа тиллар ўргатилади.
Иқтисоди. Жанубий Кореянинг 1997 йилдаги инқирозгача бўлган илдам иқтисодий ривожи “Шарқий Осиё мўъжизаси” деб аталган. Иқтисодиёти юқори технологияга асосланган. SAMSUNG, LG, Хюндай каби ширкатлари электроника, автомобил, кема, машина ва роботлар ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ўринларда туради. 2020 йилгача ҳар бир корейс хонадонида робот бўлиши режалаштирилган. Бу режани амалга ошириш орқали Кореяда кексалар кўпайиши туфайли ишчи кучи ҳамда аскарлар сони камайиши муаммоларини қисман ҳал қилиш кўзда тутилган. Қишлоқ хўжалиги ҳам ривожланган, айниқса, гуруч етиштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Асосий савдо ҳамкорлари – Америка, Канада, Россия ва Хитой.
Ислом динининг бу диёрга кириб келиши тарихи 1950–1953 йилларга бориб тақалади. 1955 йилда илк бор мусулмонлар уюшмаси тузилган. 1957 йилга келиб корейс миллатидан 208 нафари Ислом динини қабул қилган. 1967 йилда расман мусулмонлар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи уюшма ташкил этилди. 1970 йилда араб мамлакатларига ишлаш учун борган корейсларнинг аксари Ислом динини қабул қилган. Илк бор 1976 йилда 132 нафардан иборат зиёратчилар гуруҳи Маккаи мукаррамага ҳаж амалини бажариш учун йўл олган. Ҳозирда аҳолининг 150000 нафардан ортиғи мусулмон.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ХОЖА ИСМАТУЛЛОҲ БУХОРИЙ
#Тарих

Шоир Хожа Фахриддин Исматуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Бухоро шаҳрида яшаб ижод этган.

У ўз шеърларида илоҳий ишқни гўзал тарзда ифодалай олган. Аксарият ғазалларда ишқ, у билан боғлиқ инсоний ҳис-туйғулар куйланади.

Баъзи ғазалларида ижтимоий, ахлоқий мавзулар ҳам қаламга олинади. Хожа Исматуллоҳ шеърларида ифодаланган ишқ – бу фақат ёр ишқи, ёр дардигина эмас, Аллоҳга бўлган чексиз муҳаббатнинг тараннумидир. Шоир мана шу кенг маъноларни рамзлар, тагдор ифодалар орқали акс эттирган.

Шоир шеъриятида алоҳида ўрин тутган равонлик, фикрий теранлик киши қалбига тез етиб боради. Паст тийнатли одамларнинг адолатсизлиги-ю дилозорлигидан кулфат кўрган, дард чеккан шоир: “Бир васият сўйлар Исмат, тинглагил боиштиёқ” дея бир шеърида бундай ёзади:

Ҳар киши бирла жаҳонда суҳбат айлар истасанг,
Дўст эмас, душман бўлур маслакда йўқса иттифоқ.

Ёки:

Ноаҳиллар даврасидан қоч, гуноҳга ботмайин,
Руҳ қушингга қайғу, кулфат ташламай банду тузоқ.

Шоир кишиларни зарарли иллатлардан огоҳлантириб, дўстлик риштасини боғлашга, меҳрибон бўлишга, хайрли ишлар қилиб, яхши хулқ касб этишга, икки дунё саодатига эриштирувчи тўғри йўлни топишга даъват этади.

Хожа Исматуллоҳ ўз шеърларида инсон маънавияти, одоб-ахлоқини исломий-тасаввуфий ақидалар билан боғлиқ ҳолда ифодалайди. Аллоҳни билиш, унга етишиш завқини Хожа Исматуллоҳ гўзал тарзда тасвирлайди. Аллоҳни севиш маънавий комилликнинг, руҳий пок­ликнинг асоси эканини таъкидлайди. Адиб Аллоҳ васлига етишиш учун уқубатларга сабрли бўлишни қуйидаги рубоийсида шундай баён қилади:

Жабринг хушдурур барчанинг вафосидан,
Дашноминг яхшироқ барчанинг дуосидан.
Лутф айлаб, асрагил – бизга бегоналик,
Барча бегонага ошнолик балосидан.

Иқтидорли шоирни Абдураҳмон Жомий “Баҳористон”, Алишер Навоий “Мажолисун нафоис”, Давлатшоҳ Самарқандий “Тазкиротуш шуаро” асарларида ҳурмат билан тилга олишган.

Форс-тожик ва ўзбек тилларида самарали ижод қилган шоирнинг “Иброҳим Адҳам” достони ва Девони бизгача етиб келган. Девонининг нусхалари ҳозирда Санкт-Петербург, Филодельфия, Лондон, Калкутта, Душанбе ва Бухоро кутубхоналарида сақланмоқда.

Салоҳиддин ГАДОЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Жобир ибн Самура (розияллоҳу анҳу) ёшлигида бўлиб ўтган бир воқеани эслайди: “Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан масжидда бомдод намозини ўқидим. Намоз тугагандан сўнг у Зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ташқарига чиқдилар. Болалар у кишини ўраб олишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир боланинг юзини муборак қўллари билан силаб қўйдилар. Сўнг менинг юзимни ҳам меҳр билан силадилар. У Зотнинг қўлларидан худди атторнинг хушбўй солинган идишидан таралгани каби хушбўй ҳид таралиб турарди”.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Биз кўп қаватли уйда истиқомат қиламиз. Қурбон ҳайити кунларида ғайридин қўшниларимизга қурбонлик гўштидан берсак бўладими?

Жавоб: Ғайридинларга қурбонлик гўшти ва нафл садақалардан бериш жоиз. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Аллоҳ таоло сизларни динда сизларга қарши урушмаган ва ватанларингиздан чиқармаганларга яхшилик қилишларингиз ҳамда уларга нисбатан адолатли бўлишларингиздан қайтармайди. Албатта, Аллоҳ таоло адолатлиларни севади” (Мумтаҳана, 8).

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ғуломига: «Қўчқорни сўйиб, яҳудий қўшнига насиба бергин», деди. Бир соат вақт ўтгач яна деди: «Эй ғулом, агар қўчқорни сўйсанг, яҳудий қўшнимизга насиба бер». Ғулом деди: «Бу яҳудий кўшни бизларга азият беради-ку!» Абдуллоҳ ибн Амр: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга ҳамиша қўшни ҳақида васият қилаверганларидан бизлар қўшни меросхўр бўлса керак, деган гумонга бориб қолганмиз», деди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Убай ибн Каъб ҳар саккиз кунда Қуръони каримни хатм қилиб турган ва оятларнинг нозик нуқталаригача яхши тушунган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Умматларим ичида уларга энг меҳрибонроғи Абу Бакр, Аллоҳнинг динида кучлироғи Умар, ҳаё қилишда комилроғи Усмон, ҳукм чиқаришда пешқадамроғи Али ва энг кўп тиловат қилувчироғи Убай ибн Каъбдир” (Руҳул баён).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Аллоҳ бирингизни бирингиздан бирон неъмат билан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасадгўйлик билан) орзу қилманг! Эркаклар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар, аёллар ҳам ўз касбларидан улуш олурлар”.

Юқоридаги оят аёлларнинг ҳам касб қилишларига рухсат берилганига далилдир.

Чаҳорёрлардан бири Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)нинг қизлари Асмо ҳам тирикчилик қилишда эрига ёрдам бериш учун кўчага чиқиши ва унга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг эътироз билдирмаганлари тарихдан маълум. Ҳанафий мазҳабида аёллар ҳатто қозилик лавозимида ишлаганларини ҳам таъкидлаш лозим.

Бироқ аёлнинг ишлаши учун бир қанча шартлар санаб ўтилган:

* аввало, эри ёки валийсининг розилиги;

* кийими, ҳаракати ва сўзи билан фитнага сабаб бўлмаслиги;

* табиатига уйғун келадиган, нафосатига зарар етмайдиган ишларда ишлаши:

* ўзининг ва бошқаларнинг шаънига ёмон гап келтирмаслиги лозим.

Ислом эркакларга ўз амр ва қайтариқларини қандай баён этган бўлса, аёлларга ҳам шундай баён этган. Уларнинг мартабалари эркаклар билан баробар эканини уқтириб, эркакларга уларга нисбатан зулмни ҳаром қилган.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ислом дини аёлнинг ҳаёт ҳақи, ихтиёри, унинг касб-ҳунар қилиши ва мустақил фикр юритиши эркин эканини алоҳида уқтиради.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Баъзан жамоатда ёнимда туриб қолган кишилар пичирлаб имом билан қироат қилиб туришади. Шундай қилиш тўғрими?

Жавоб: Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Қуръон ўқилганда уни тинглангиз ва сукут сақлангиз! Шояд (шунда) раҳм қилингайсиз” (Аъроф, 204).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимни (намозда) имоми бўлса, имомининг қироати унинг учун қироатдир”, деб марҳамат қилганлар.

Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Қачонки имом қироат қилса, жим туринглар”» (Имом Муслим ривояти). Бизнинг ҳанафий мазҳабимиз мужтаҳидлари шу ҳадисларга суяниб ҳукм олганлар.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдамлаш”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Мазлумга-ку, ёрдамлашаман, аммо золимга қандай ёрдам бераман?” дедим. Шунда у зот: “Уни зулм қилишдан қайтаришинг, сенинг ёрдаминг бўлади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

НАЖМИДДИН АБУ ҲАФС НАСАФИЙ
#Мовароуннаҳр_уламолари

Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафий (1070–1143) ҳанафий мазҳабининг йирик намояндаларидан биридир. У фиқҳ, усулул фиқҳ, тафсир, ҳадис, калом илмлари, араб тили ва адабиёти бўйича машҳур олим эди. Қуръонни ёддан биларди.

Фиқҳ илмини садрулислом Абулюср Муҳаммад Паздавийдан ўрганган ва ўғли Абуллайс Аҳмадни фақиҳлик даражасига етказиб тарбиялаган. Самъоний ёзишича, у «ал-Жомиъ ас-сағир»ни назмга солган. «Ҳидоя» муаллифи баъзи асарларини унинг назаридан ўтказган.

Нажмиддин Насафий фозил имомлардан бири сифатида халқ ичида катта ҳурмат ва иззат билан яшаган. У биринчи бўлиб, фиқҳ илми бўйича манзума асар (назмда ёзилган китоб) битган. Унинг йигирма жилдлик танланган шеърлар тўплами, «ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд», «Бухоро тарихи» ва «Китобул мавоқийт» каби асарлари бор. Ҳанафий мазҳабида ишлатилган фиқҳий атамаларни изоҳлаш мақсадида «Тилбатут талаба» номли китоб ёзган. Манбаларда унинг асарлари сони юзга яқин деб кўрсатилади. Улардан «Тафсирут тайсийр», «ал-Ақоид ан-Насафия» ва бошқалар машҳурдир.

Умар Насафий «Муфтий ас-сақалайн», яъни инсонлар важинларга фатво бериш салоҳиятига эга бўлган олим лақаби билан машҳур бўлган.

Шайх Абдулазиз МАНСУР

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Уламолар ужб (“кеккайиш”, “шуҳ­рат­парастлик”, “манманлик”, “мағрур­лик”, “мақтанчоқлик”)нинг белгилари ва унинг олдини олиш йўлларини баён этишган:

– инсон ўз хилқатининг гўзаллигига қараб фахрланади. Бу Аллоҳ берган неъмат эканини ва бир лаҳзада йўқ бўлиб қолиши мумкинлигини унутади. Бунинг олдини олиш учун, инсон аввалда нимадан яратилгану, оқибатда яна нимага қайтишини мулоҳаза қилиши лозим;

– киши ўзига берилган куч-қувват, унга шукр қилишни унутиб, уни ато этган улуғ Зотга таваккул қилмай қўяди. Аллоҳ ҳақиқий куч-қувват эгаси эканини билиб, шукр қилиш, куч-қуввати йўқолиб, энг заиф бандага айланиб қолиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик керак;

– кўпчилик ақл фақат менда бор, деб ўйлаб қолади. Бу неъмат ундан олиб қўйилиши ҳам мумкинлигини унутмаслиги даркор;

– баъзилар насаби билан фахрланади. Насаб бирор савоб келтирмайди ёки бирор азобни даф қилмайди. Аллоҳ таоло ҳузурида энг ҳурматли инсон тақводор мўминдир;

– айримлар фарзандлари, қариндошлари ва ўзига тобе кишиларнинг кўплигига ишониб, Аллоҳга суянишни ва Унга таваккул қилишни унутиб қўйишади. Банда ҳақиқий кўмак Аллоҳ таолодан эканини унутмаслиги керак;

– кимлардир мол-дунёсига суяниб қолади. Аслида ҳар ким мол-дунё бир фитна эканини билиши лозим.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Ўқинг (эй Муҳаммад! Бутун борлиқни) яратган зот бўлмиш Раббингиз исми билан! (У) инсонни лахта қондан яратди. Ўқинг! Раббингиз карамлидир. У инсонга қалам билан (ёзишни ҳам) ўргатди. У инсонга билмаган нарсаларини билдирди” (Алақ, 1–5).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…
Подписаться на канал