hidoyatuz | Неотсортированное

Telegram-канал hidoyatuz - Hidoyat.uz

11605

O'zbekiston musulmonlari idorasiga qarashli "Shamsuddinxon Boboxonov" nashriyot-matbaa ijodiy uyi. Hidoyat.uz hidoyatuz.taplink.ws Мақолангизни қуйидаги ҳаволага юборишингиз мумкин: @Hidoyat_jurnal @Muminalar_jurnali

Подписаться на канал

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Тиланчиларга садақа бериш мумкинми?

Жавоб: Афсуски, меҳнат қилиб, пешона тери билан ризқларини топишлари мумкин бўлгани ҳолда, тиланчиликни ўзларига касб қилган ва шу орқали мол-дунё тўплашни мақсад қилганлар ҳам бор. Уларга садақа бериш мункар ишга ёрдам бериш бўлади. Чунки бир кунга етгулик егулиги бор кишининг тиланчилик қилиши ҳаромдир.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Сиздан (эй, Муҳаммад) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара, 186).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Сабр жаннатга йўлдир
#Аёллар_саҳифаси

Йигирма ёшда эдим. Устозим билан бир китоб ўқидик. Номи ёдимдан кўтарилган, араб тилидаги шеърий китобнинг мазмуни бундай эди: ўн уч ёшли қиз оғир касалликка чалинади. Изтиробда қолган онаизор қизига буни билдирмаслик учун, қўлидан нима келса, қилади. Лекин кун келиб ҳақиқатни билган қиз онасига дил сўзларини бундай баён қилади: “Онажон, сиз мени яхши кўрасиз, мен ҳам сизни яхши кўраман. Мени яратган Раббимни эса ҳаммадан ортиқ яхши кўраман. Сиз мени дунёга келтирдингиз, вояга етказдингиз. Олам-олам яхши тилаклар билан, чиройли кийимларда куёвга узатиш орзусида эдингиз. Энди бизларни йўқдан бор қилган, Ўзини янада яқинроқ танитиш учун шу синов-дардни берган меҳрибон ва раҳмли Зот ҳузурига оқ либосда кузатсангиз, хурсанд бўлмайсизми, онажон?

Сабрли бандаларига жаннатни ваъда этган ва сўзига хилоф қилмайдиган Аллоҳ таоло имтиҳонларидан чиройли ўтсак, гўзал мукофотлар билан сийлайди, иншааллоҳ.

Йиғламанг, онажон! Ҳаммамизнинг ҳам бу дунёдан кетар кунимиз бор. Ўзингиз кўп такрорлайдиган ояти каримани эсланг: “Ҳар бир жон ўлимнинг тотувчисидир...” (Анбиё, 35). Дуо қилинг, ўлим фариштаси чиройли ҳолатда келсин. Сўнгги сўзим имон калималари бўлишини Аллохдан сўранг, онажон!”

Онаизор бу ҳақ сўзлар қошида нима дейишини билмайди, жимгина йиғлаб ўтиради. Вақт-соати келиб, жигарпорасини чиройли ҳолатда сўнгги сафарга кузатади. Сабр ва умид билан жаннатларда бирга қилишини сўраб, Аллоҳ таолога дуо қилади...

Китобни кўзда ёш билан ўқиб чиққан эдик. Ёшлигимда ўқиган асарларимнинг ҳаммасидан кўра шуниси кўпроқ ёдимда қолган. Бунинг ҳам ҳикмати бор экан – орадан ўттиз йил ўтиб бошимга ўша асардаги онанинг куни тушди. Фарзандимдан айрилдим.

Қизим ўзининг бу дунёдан кетишини билиб-сезиб юрса ҳам, мени авайлаган, онамни қўрқитиб юбормай, деб дардини ичга ютган экан. Ўлимидан бир ҳафтача олдин: “Онажон, энди сизни хафа қилмайман, шод-хуррам яйраб яшаймиз. Онанинг меҳри барибир бошқача-да”, деб қолди. Мен турмушга чиқишидан олдин мени тинчлантиряпти, ўзини бошқа оилага кўниктиряпти, деб ўйладим (бир жойга узатишга розилик берган эдик). Қизим эса шу тарзда мендан, бошқа яқинларидан розилик сўраб олган экан.

Юраги олдин ҳам бир-икки марта безовта қилган эди. Дардини енгил санаган, умри охирлаб қолганини сезмаган эканман. Юраги яна хуруж қилди. Кичик қизим ва ўғлим Ёсин сурасини ўқий бошлашди. Шунда ҳам яхши бўлиб қолар, деб умид қилдим. Қизимнинг охирги калимаси: “Саламун қовламмир-роббир-роҳийм”, яъни, (Уларга) раҳмли Парвардигор (томони)дан салом (айтилур)” (Ёсин, 58), бўлди...

Читать полностью…

Hidoyat.uz

НОШУД ОТА НОЛАСИ
#Долзарб_мавзу

Бўлиб ўтган бу мудҳиш воқеани сўзлаб бериш менга осон эмас. Ожизлигимни, ношудлигимни, лоқайдлигимни тан олиш эса ундан-да қийин. Доим кўнглига қараб ўстирган кенжатой – эркатой ўғлим юзимни ерга қаратади, деб сира ўйламаган эдим...

Олий ўқув юртини тамомлаган кенжа фарзандим таҳсилни Швецияда давом эттираман, деганида олдинига кўнмадим. Дипломи қўлида, шу ерда ҳам бинойидек иш топса бўлади. Бунинг устига яқинда уйланган, келин оғироёқ. Жуда бошим қотди. Ўғлим икки оёғини бир этикка тиқиб олди, олти ойда қайтаман, деган ваъда билан Стокгольмга учиб кетди. Олдинига тез-тез қўнғироқлашдик, келин билан ҳам интернет орқали гаплашиб турди. Аммо икки-уч ой ўтиб, ўғлим бирдан жим бўлиб кетди. Қўнғироқ қилдим, хат ёздим. Дарак йўқ. Бу орада неварали бўлдик. Бироқ ўғлимиздан ҳамон хабар топмадик. Бир куни Швециядан бир йигит келди. У ўғлимдан хабар келтирди. Йигитнинг айтишича, ўғлим ўша ерда бир шубҳали гуруҳга қўшилиб қолибди, ўқишни ташлаб, Сурияга кетибди. Энди у ақидапарастлар оқимига қўшилиб, жангларда қатнашаётган экан.

Мен боламни едириб-ичириш, бошқалардан кам қилмасликка зўр берибман-у, бироқ оила даврасида маънавий тарбия ҳақида бир маротаба ҳам гапирмаган эканман. Фарзандимга оила, она-Ватан туйғусини сингдира олмаганимдан пушаймон бўлдим, ич-этимни едим. Айниқса, келинимнинг жавдираб турган кўзига қаролмайман. Норасида гўдак-ку, отам деб амакиларига талпинганида кўнглим вайрон бўлиб кетади. Ҳаммадан ҳам аёлимга қийин бўлди. Онаизор ўғлининг дийдорини бир кўришга зор бўлиб, охири ётиб қолди. Буларни кўриб эса ичдан зил кетаман, юрагим зардобга тўлади...

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Рўзанинг жисмга таъсири
#Маълумотнома

Рўза тутиш одам жисмига ниҳоятда ижобий таъсир кўрсатади. Бундан 1400 йил бурун мусулмонларга рўза фарз қилинганда одамлар унинг шифо хусусиятлари ҳақида илмий маълумотларга эга бўлмаганлар. Буни азоб-уқубат ва жисмга нисбатан ҳақорат деб ҳисоблаган жоҳиллар ҳам учраган. Замонавий илмий тадқиқотлар аксини тасдиқлаяпти. Ихтиёрий оч қолишнинг энг гўзал намунаси бўлган рўзанинг барчага аён ҳикматларидан бири саломатликка ижобий таъсирдир. Шу боис очлик йўли билан даволаш бўйича кўплаб китоблар ёзиляпти, бу усул тиббиётда кенг қўлланилмоқда, даволашнинг бу тури дунёда урф бўлмоқда. Нафақат соғлиқни сақлашда, балки касалликлардан халос бўлишда ҳам рўза тутишнинг ўта зарурлиги таъкидланяпти. Ҳозирги кунда кенг тарқалган хасталикларнинг кўпини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари ҳам очлик – рўза туттириш йўли билан даволамоқдалар. Мутахассислар бунинг самарасини эътироф этишмоқда. Айрим Ғарб мамлакатларида шу йўналишда хизмат кўрсатувчи махсус шифохоналар ҳам бор.

Одам вужуди шундай яратилганки, озиқ-овқат етказиш тўхтаган пайтда бутун куч-қувват организмни зарарли микроблар, хаста тўқималар, ўсма ва хилтлардан тозалашга қаратилади. Тадқиқотчи, тиббиёт фанлари доктори Роберт Бартлоу илмий изланишлар, тажрибалари билан рўза организмни поклашда жуда катта кучга эга экани ва ҳатто бошланғич босқичда ўсмаларни йўқотиши мумкинлигини исботлади.

Очлик билан даволанаётганларни кузатган олимлар уларнинг соғайиб, турли касалликлардан тамоман қутулиб кетганларига гувоҳ бўлишди. Тажрибалар рўза қонда холестерин миқдорининг камайишига, натижада юракда қон лахтаси (тромб) тиқилишининг олди олинишига сабаб бўлишини кўрсатди. АҚШда олиб борилган тадқиқотлар эса рўза қондаги қанд моддаси ва меъда шираси кислотасини ҳеч қандай дори воситаларисиз меъёрда сақлаб туришини исботлади.

Очлик таъсирларини ўрганган германиялик олимлар уч-тўрт ҳафта мобайнида 10-15 соат ҳеч нима истеъмол қилмай енгил иш билан шуғулланиш соғлик учун жуда фойдали деган хулосага келдилар. Доктор Билл Шернбер ҳар йили бир ой рўза тутиш тетиклик ва ёшлик асоси эканини таъкидлайди.

Одесса университети олимлари ўтказган тажрибалар очлик танадаги заҳарларни ҳар қандай дори-дармондан кўра самаралироқ чиқариб ташлашини кўрсатди. Масалан, рўза пайтида организмдан аммиакнинг чиқарилиши 100 баробарга кучаяди.

Рўзанинг инсон асаб тизими ва руҳиятига ижобий таъсири ҳам катта. Бунда яққол кўзга кўринадиган фойда мустаҳкам ирода ва тақвонинг шаклланишидир. Энг кучли душман – нафс устидан ғалаба қозонган киши метин иродага эга бўлади, унинг онги жисм хоҳиш-истакларни бўйсундиради. Кўп ҳолларда истаклари қулига айланаёзган одам энди уларни бошқара олади.

Физиология қонуниятларига кўра, рефлекс шаклланиши учун бир ой кифоядир. Бир ой узлуксиз рўза тутган кишида Аллоҳ қайтарган нарсалардан тийилиш рефлекси пайдо бўлади.

Одатда одамларда фан томонидан тасдиқланган, амалда исботини топган нарсаларга ишонч пайдо бўлади. Бироқ рўзанинг ҳали илм-фан аниқлай олмаган фойдали жиҳатлари борлиги шубҳасиз. Булар аста-секин ўз исботини топади.

Бу дунёда шунча фойда ва манфаатлари бўлган рўза учун охиратда Жаноби Ҳақ ҳузурида қандай мукофотлар бўлиши мумкинлигини тасаввурга ҳам сиғдириб бўлмайди...

Амрулло ЖЎРАЕВ

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

РАББИНГИЗ ҒОФИЛ ЭМАС
#Тафсир

(Эй Муҳаммад! Айтинг:) «Мен мана шу шаҳарнинг (Макканинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилгандирман. (У бу шаҳарни) ҳарам қилгандир (яъни бу шаҳарда қон тўкилиши, зулм қилиниши, ов қилиш кабилар тақиқлангандир). Барча нарса Уникидир! Мен (Аллоҳ томонидан) мусулмонлардан бўлишга буюрилгандирман.
Шунингдек, Қуръонни тиловат қилишга ҳам (буюрилгандирман). Бас, ким ҳақ йўлга юрса, фақат ўзи учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: «Мен фақат (сизларни) огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардандирман».
«Айтинг: “Ҳамд Аллоҳгадир, У албатта сизларга Ўз далилларидан кўрсатур. Бас, сизлар уларни (далилларни) тан олурсиз (лекин у кундагиси фойда бермас)”. Раббингиз сизларнинг қилаётган ишларингиздан ғофил эмас» (Намл, 91,93).
Макка шаҳрининг қадри улуғлиги унда Ҳарами шариф борлигидандир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бу шаҳарни Аллоҳ таоло Ер ва осмонларни яратган кунда ҳарам қилди. У қиёмат кунигача ҳарамдир. Унинг дов-дарахтлари кесилмайди, ов ҳайвонлари чўчитилмайди, у ерда ётган, тушиб қолган нарсалар олинмайди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Имом Фахриддин Розий айтади: “Макка шаҳрининг ҳарам деб сифатланишида уч жиҳат бор: биринчиси, ҳаж ибодатини адо этаётганларга Маккада жониворларни овлаш, дов-дарахтларни кесиш, ўт-ўланларни юлиш кабилар ҳаром қилинди. Иккинчиси, имон келтириб, Маккага келувчиларга мазкур ишлар ҳаром қилинди. Учинчиси, бу билан Макканинг ҳурматини қилмайдиган зулмкор кишилар огоҳлантирилди”.
«Барча нарса Уникидир! Мен (Аллоҳ томонидан) мусулмонлардан бўлишга буюрилгандирман».
Барча оламлар, яъни набототу ҳайвонот ва еру кўкдаги барча нарсалар Уникидир, Аллоҳ таоло нафақат бу шаҳарнинг Раб­биси, балки ҳар бир нарсанинг Раббиси ва уларнинг эгасидир.
“Бас, ким ҳақ йўлга юрса, фақат ўзи учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: «Мен фақат (сизларни) огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан­дирман».
Ким имон келтириб, яхши амаллар қилса, шунга яраша ажр-мукофот олур. Ким Аллоҳ таолога, Қуръони каримга ва Муҳаммад (алайҳиссалом)га ишонмаса, унинг иши ўзига ҳавола, сизга зарари йўқ. Сиз уларга:"Мен етказувчи ва огоҳлантирувчиман, холос. Мени ҳидоятга бошлаган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Эй мушрик­лар, Аллоҳнинг азоби яқиндир. Аллоҳ таолога, қиёмат кунига ва пайғамбарларнинг ҳақлигига ишонганларгина ҳидоятдадирлар", деб айтинг.
“Тафсири Самарқандий”да бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушрикларни азобдан огоҳлантирдилар. Улар эса Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни ёлғончига чиқаришди. Яна улар огоҳлантирилди. Бироқ мушриклар оятларнинг ҳақлигини билганлари ҳолда инкор этишди. Шунда уларнинг устига қаҳатчилик, уруш каби балолар ёғилди.
«Раббингиз сизларнинг қилаётган ишларингиздан ғофил эмас».
Парвардигор бизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатимиздан хабардордир. У кўнгилдан ўтадиган ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.

Манбалар асосида Қибрай туманидаги "Дўрмон" жоме масжиди имом-хатиби Миродил МИРЖАЛИЛОВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

#Ибратли_ҳикоялар

Бир донишманд ўғлини уйлантирмоқчи бўлибди ва яхши келин танлашнинг ажойиб йўлини ўйлаб топибди. Бир неча кун аравада юриб, хонадонлардан чиққан чиқиндиларга диққат билан разм солибди.

Бир қиз ҳар куни ҳовлисидан хокандозда озгинагина чиқинди олиб чиқаркан. Унинг муомаласи, хатти-ҳаракатларини донишманд бир неча кун кузатиб, кейин саволга тутибди: “Ҳамма хонадонлардан кўп чиқинди чиқади. Сизникидан эса жуда кам. Ё чиқиндиларни бошқа жойга ҳам ташлайсизми?” Қиз одоб билан: “Йўқ, бошқа жойга ташламайман. Фақат супуриб бўлганимдан сўнг чиқинди ичидаги қоғоз ва хас-хашакларни ўчоққа ташлайман, пўчоқларни мол-қўйга бераман, тупроғини тупроққа қўшаман. Шундан қолганини чиқиндига ташлайман...” деб жавоб қайтарибди.

Донишманд ана шу қизни келинликка танлаган экан.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Дунё ўзи уч кунлик. Кеча қилган ишларинг ўтиб кетди. Эртага етишинг аниқ эмас. Сенда фақат бугунинг бор. Демак, бугунингда яхши амал қилиб қол!”

Ҳасан Басрий

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Тарбия биз учун...
#Тарбия

Тарбия муҳим аҳамиятга эга, ҳар бир шахс учун ҳаёт ва мамот масаласидир. Шу сабаб унга жуда эрта киришиш, яъни, аввало тарбиячиларни – бўлажак ота-онани тарбиялашдан бошлаш лозим.

Ҳали дунёга келмасиданоқ фарзанд тарбиясига киришилса, кутилган яхши натижаларга эришилади.

Бунинг учун энг олдин ота-она ўзларини турли ёмонликлардан, ҳаром луқмадан тийишлари лозим. Шундагина фарзанднинг дили яхшиликлар учун очиқ бўлади. Собит исмли йигит туйқусдан бир тишлам олмани сўроқсиз еб қўйиб, эгасидан розилик олишга шошилгани – тақводорлиги туфайли Имоми Аъзам Абу Ҳанифадек (раҳматуллоҳу алайҳ) улуғ олимнинг отаси бўлди.

Ота-онадаги кўплаб феъл-атвор болага ўтиши табиий. Шу сабаб қадимдан ота-боболаримиз келин танлашда унинг авлод-аждодини суриштирган, уйидаги тартиб-интизомни кузатган.

Шунингдек, халқимиз ҳомиладор аёлга алоҳида эътибор, меҳр-муҳаббат кўрсатади. Унинг руҳий ҳолати туғилажак бола феъли-сажиясига таъсир қилишини ўйлаб, турли кўнгилсизлик ва дилхираликлардан узоқда тутилади. Унинг ёнида яхши гаплар айтишган, чиройли нарсалар қуршовида бўлишини таъминлашган.

Хуллас, боласи ҳалол, дину диёнатли, оқибатли, кенгфеъл бўлишини истаган ота-она ҳар қандай нопокликдан, шубҳали нарсалардан ўзини асраши керак.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Яқинда отам вафот этдилар. Ака-укаларим йўқлиги сабаб, эрим дафн ишларига бош-қош бўлди. Маҳалладаги баъзи оқсоқоллар эримга: “Марҳумнинг баъзи кийим-кечаклари, кўрпа-ёстиқ каби нарсаларидан ғассолга бериш керак”, дебди. Шу гап қанчалик тўғри?

Жавоб: Аслида, маййитни текин ювиш афзалдир (“Фатовойи Ҳиндия”). Агар ғассол текинга ювмаса, келишилган тартибда унга ҳақ бериш жоиз. Ғассолнинг бошқа нарсалар талаб қилиши жоиз эмас.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан ҳеч ким ўлимни орзу қилмасин ва ўлим келмасидан бурун уни чақирмасин. Чунки вафот этганларингизнинг амали кесилади. Мўминнинг умри эса фақат яхшиликни зиёда қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Фақат Ислом динигина ҳаракатланувчи кучга эгадир ва барча замонларда башариятнинг фойдасига хизмат қила олди”.

Бернард Шоу

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ким жаннатга муштоқ бўлса, яхшиликларга шошилади. Ким дўзахдан қўрқса, шаҳватлардан тийилади. Ким ўлимни кутса, лаззатларга бепарво бўлади. Ким дунёдан кўнгил узса, мусибатлари унга енгил бўлади” (Байҳақий ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Қиёмда оёқлар ҳолати
#Динимизни_ўрганамиз

Ҳанафий мазҳаби китобларида бу масала бундай баён этилган:

“Фатҳул Қадир”да: “Қиём ҳолатида (эр кишилар) оёқлари ораси камида тўрт бармоқ миқдорича очиқ бўлиши керак. Таҳовий “Муқорана”да “Мана шу тўғри”, деган”.

“Раддул муҳтор”да: “(Эр кишилар) оёқлари ораси қўл бармоқларидан тўрттаси миқдорида очиқ бўлиши керак. Чунки шу хушуга муносибдир”.

“Мароқил фалоҳ”да: “Қиёмда (эр кишилар) оёқлар орасини тўрт бармоқ миқдорича очиши суннатдир. Чунки шу хушуга муносибдир”. Имом Таҳовий “Ҳошия”сида: “Бу тўғрида хилоф ривоят йўқ”, деган.

Аёллар оёқларини жипслаштириб туради. Чунки бу сатрга муносибдир.

Бу масала ҳақида бошқа мазҳабларда бундай дейилган:

Шофиийлар: “Оёқлар ораси бир қарич бўлиши керак. Оёқларни узрсиз бир-бирига ёпиштириш макруҳ. Чунки бу хушуга зид чираниш”, дейишган.

Моликийлар ва ҳанбалийлар эса, “Оёқлар орасини очиш мандуб, бунда ўртача ҳолатда (бўлади), яъни урфда хунук саналадиган даражада кўп очиб ҳам, кўп яқинлаштириб ҳам турилмайди”, дейишган.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Сафларингизни тўғриланг. Мен сизларни орқадан ҳам кўраман”. Бизларнинг биримиз елкасини ёнидаги шеригининг елкасига, оёғини оёғига ёпиштириб турарди” (Имом Бухорий).

Ибн Ражаб “Фатҳул Борий”да айтади: “Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бу ҳадис сафларнинг тўғрилиги елкалар ва оёқларни бир текис қўйиш билан бўлишига далолат қилади.

Усмон (розияллоҳу анҳу) одамларга хутба қилиб: “Сафларингиз ва оёқларингизни тўғриланг. Елкаларни бир текис тутинг”, деди.

Анас (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисини Зафар Аҳмад Усмоний Таҳонавий “Иълоус сунан” китобида бундай шарҳлаган:

Замонимизда бир тоифа кишилар бу ҳадиснинг зоҳирини олган. Улар оёқларини сафда ёнидаги намозхоннинг оёғига ёпиштиради. Намознинг охиригача шунга тиришади. Сир эмаски, елкаларни елкаларга, тиззаларни тиззаларга ёпиштириш билан бирга оёқларни оёқларга ёпиштиришда катта машаққат бор. Айниқса, намознинг охиригача шу ҳолда қолишда. Ваҳоланки, динимиз машаққатга буюрмайди. Иккинчидан, намозхонлар қоматлари турлича бўлса, елка ва оёқларини ёпиштириш мумкин эмас. Мазкур ҳадисдан мурод елка ва оёқларни бир-бирига тўғрилашдир. “Авнул маъбуд”да Ибн Умар ҳадисининг шарҳида бундай дейилади: “Елкаларни тўғриланг”, яъни елкаларни бир-бирига тўғри тутинглар. Ҳар бир намозхоннинг елкаси ёнидагисининг елкасига тўғри бўлса, елкалар ва оёқлар тўғри бўлади.

Мен (Зафар Аҳмад Усмоний) айтаманки, Анас (розияллоҳу анҳу)нинг: “Бизларнинг биримиз шундай қиларди”, дейиши бу иш Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замонларида бўлганини, у зотдан кейин тўхтаганини билдиради. Бу фикрни Маъмарнинг ривоятидаги: “Агар буни ҳозир бирортасининг ёнида қилсанг, саркаш туяга ўхшаб қочади”, дегани ҳам қувватлайди. Агар бу намознинг таъкидланган суннатларидан бўлганида саҳобалар уни тарк қилмаган, ундан ҳеч ким қочмаган бўларди. Тўғриси, бу ҳол иқомат вақтида сафни тўғрилаш учун бўлган. Иқоматдан сўнг намознинг ичида бўлмаган.

Намозда сафни тўғри ва жипс қилиш суннат. Мўътабар тўрт мазҳаб фақиҳлари оёқларни ёки тўпиқларни ёпиштириб туриш тўғрисидаги ҳадисларнинг зоҳирини олмаганлар. Балки бундан сафни тўғри ва жипс қилишга жиддий эътибор бериш лозимлигини тушунганлар. Оёқлар орасини хунук кўринишда, елка кенглигидан ҳам кўпроқ очишни макруҳ ва хушуга зид санаганлар.

Абдулазим МУҲАММАДИЙ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Жинлар ва фолбинларнинг бундай алоқалари Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Қуръони карим нозил бўлиш замонига қадар давом этди. Ислом дини келгунгача кўплаб коҳинлар ўзларининг берган ғайбий хабарлари билан жуда машҳур бўлганлар. Масалан: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туғилган кечада Эрон подшоси Хусравнинг саройи ўртасидан дарз кетиб ёрилди ва ўн тўртта минора қулаб тушди. Худди шу кечада Хусравнинг вазири Мубадон ғалати туш кўрди. Саройнинг бузилиши ва вазирнинг туши қандай маънога эга эканини билиш мақсадида подшо Шом тарафда яшайдиган машҳур Сотиҳ исмли коҳинга чопар юборди. Сотиҳ эса, шу кечада туғилган бир чақалоқ келажакда пайғамбар бўлиши ва Эрон ҳам унинг динига кириши ҳамда ўша замонгача яна ўн тўрт подшоҳ форс мамлакатини идора этиши ҳақида хабар берди. Замон ўтиши билан унинг сўзлари тўғри экани маълум бўлди.

Қуръони карим нозил бўла бошлаши билан жинларнинг қаршиликсиз осмонга чиқиб хабар келтиришларига чек қўйилади. Юқорида келтирилган оятда жинлар осмонда баъзи жойга ўтириб олиб фаришталарнинг сўзларини ўғринча эшитишлари баён қилинган эди. Уларнинг тинчини бузган ва ишларига якун ясаган воқеа ҳақида Қуръони каримда бундай дейилади: «...Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач), кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни топар. Биз ердаги кишиларга (Аллоҳ томонидан) ёмонлик ирода қилинганми ёки Парвардигорлари уларга тўғри йўлни ирода қилганми, билмасмиз» (Жин, 9–10). Бошқа бир оятда эса шундай марҳамат килинади: «Илло (у жинлардан) бирортаси (малоикаларнинг сўзини) яширинча эшитиб олса, бас, уни очиқ (учар) юлдуз қувиб етар (ҳалок этар)» (Хижр, 18).

Ушбу оятлардан маълум бўлдики, Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилиши билан жинлар учун осмон эшиги ёпилди. Ваҳийнинг мусаффолигини таъминлаш ва одамлар орасида шубҳага ўрин қолдирмаслик ҳамда Қуръон оятлари билан фолбинларнинг сўзлари аралашиб кетмаслиги учун ҳам Аллоҳ таоло жинларни осмонга чиқишдан ман қилди. Осмонларга қўриқчиларни қўйди. Осмондаги учар юлдузлар ана ўшандай шайтон-жинларга отилган ўқлардир.

Фолбинликка нисбатан Ислом дини қандай муносабатда бўлади? Бу ҳақда кўплаб ҳадисларни келтириш мумкин. Жумладан:

«Кимки бирор коҳиннинг олдига борса ва унинг айтган сўзига ишонса (тасдиқласа) қирқ кунгача унинг намозлари қабул қилинмайди» (Имом Табароний).

Ушбу сўзлар бошқа ғайбдан хабар берувчилар ва уларнинг сўзларига ишонувчи нодон кишиларга ҳам тегишлидир. Чунки юлдузлар фақатгина уч нарса учун: осмонга зийнат, жин ва шайтонларга отиш учун тош ва инсонлар йўл топиб олишлари учун аломат-белги қилиб яратилгани ҳадисларда баён этилган. Юлдузлар ҳеч қачон инсонларнинг тақдирини ва келажакдаги ҳодисаларни билишга далолат қилмайди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:

“Ким етти нарса билан ризқланса, еттита нарсадан маҳрум бўлмайди:

1. Ким шукр билан ризқланса, мулки зиёдаликдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Қасамки, (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, сизларга зиёда қиламан” (Иброҳим, 7).

2. Ким сабр билан ризқланса, савобдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар, 10).

3. Ким тавба билан ризқланса, тавбаси қабул бўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “У бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир” (Шуаро, 25).

4. Ким истиғфор билан ризқланса, мағфиратдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Раббингиздан мағфират сўрангиз! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли Зотдир” (Нуҳ, 10).

5. Ким дуо билан ризқланса, ижобатдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “ Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуо­ларингизни) мустажоб қилай!” (Ғофир, 60).

6. Ким инфоқ – нафақа қилиш билан ризқланса, унинг ўрни тўлишдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ, 39).

7. Кимга ижтиҳод қилиш берилган бўлса, тавфиқдан маҳрум бўлмайди. Аллоҳ таоло айтади: “Бизнинг тўғримизда (йўлимизда) жидду жаҳд қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз” (Анкабут, 69).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Айрилиқ азоби ичра дод солгим келарди. Аммо Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб, ажру савоблар олинадиган вақтда нолиш мўминлик ўлчовларига тўғри келмайди. “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” калимасига тилим зўрға айланарди. Оғир синовнинг изтироблари бир томон, Аллоҳ розилигини топиш учун бу мусибатга сабр қилишим кераклиги ҳақидаги ўйлар бир томон... Юрагим ёнар, ўртанар, кўзларимда ёш билан сабр, куч-қувват сўраб дуо қилардим. Ғам кучини кўрсатди, ҳушимдан кетдим. Ўзимга келганимдан сўнг хайрлашиш учун олиб киришди. Қизим чиройли ҳолатда ётар, гўё ухлаётгандек эди. Боласини кафан ичра кўриш она учун чидаб бўлмас ҳолат. Аммо дуоларим ижобатими, сабрнинг кучи нималарга қодир эканини ўша пайтда ҳис қилдим. Кўзимдаги ёш тинди. Тилимга сўзлар қуйилиб кела бошлади:

“Болам, Аллоҳ таоло сенга бу дунёда она бўлишни менга насиб этди, охиратдаги оналаринг Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) покиза завжалари бўлсин. Раббим сени менга бериб, 25 йил хурсанд қилди. Сенга Ўзини, Пайғамбарини (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) таниш, Қуръонни хатм қилиш саодатини берди. Бу дунёда етмаган орзуларингга охиратда етгин. Жаннатларда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кутиб олсинлар... Сафаринг бехатар, савол-жавобларга тилларинг бурро бўлсин. Дийдор қиёматга қолди, болам. Илоҳим, менга жаннатларда пешвоз чиққин...”

Шуларни айтиб, яна ҳушимдан кетдим. Ўзимга келганимда эса қизимнинг тобути елкаларда кетиб борарди...

Ёнаётган юрагимга бир нарса таскин берарди – қизимнинг охирги сўзи Қуръони карим ояти бўлди, чиройли ҳолатда вафот топди. Бу ҳам бир неъмат, шукрона айтдим.

Оғир синов, мусибатлар пайғамбарлар (алайҳимуссалом), авлиёлар йўли. Аллоҳ таоло менга мусибат бериб, шунга яраша куч-қувват, матонат ато қилганига шукр айтиб келяпман. Иншааллоҳ, ажру савоблардан умидворман. Қалбим ўртанган пайтларда бу дунё ўткинчилигини, бир кун ўтса, қизим билан учрашишга янада яқинлашганимни ўйлаб ўзимни овутаман...

Аччиқ сабрни баҳорда гуллаётган дарахтга ўхшатаман, кузда унинг меваси албатта ширин бўлишидан умидворман. Шу умидворлик ҳисси, Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ эканига ишонч руҳиятимга куч-қувват беради.

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): “Агар менга мусибат етса, ўша ишда тўртта яхшилик, неъмат борлигини тушундим. Биринчиси – у мусибат менинг дину диёнатимда бўлмагани; иккинчиси – Аллоҳ таоло берадиган мусибатлар ичида энг каттаси бўлмагани; учинчиси – Аллоҳ таоло менга сабрдек улуғ неъмат ато этгани; тўртинчиси – Аллоҳ таоло сабр эвазига берадиган ажру савоб” деб, ушбу оятни ўқиган: “Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара, 157).

Дардимни дастурхон қилиш учун буларни ёзмадим. Айтмоқчи бўлганим, бу дунё – синовлар дунёси. Ҳамманинг бошида бир имтиҳон бор, ҳар кимнинг мусибати ўзи учун энг каттадек туюлади. Имтиҳон ичра ўзингизни йўқотманг, Аллоҳдан умидингизни узманг, демоқ истадим.

Онанинг сўзларини Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи оққа кўчирди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Кунларнинг бирида тўсатдан кенжамиз кириб келди. Уришиб-сўкишни ҳам, бағримга босишни ҳам билмайман. Аммо у вақт тиғизлиги, хорижда яхши бир иш бошлаб қўйиб, акаларини ҳам ўзи билан олиб кетиш учун келганини айтди. “Яхши иш”инг нима ўзи, шунча йилдан бери нималар қилиб юрибсан, десак, индамайди. Ахийри, акалари сиқувга олганидан кейин, ёрилди. Сурияда жангари гуруҳга қўшилиб, қандайдир давлат барпо этиш йўлида курашаётгани, яна янги жангчиларни, жумладан, акаларини шу ҳаракатга тортиш учун келганини айтди. Тўғри йўлда эканини, қилаётган иши эвазига бу дунёда амал ва бойликка, охиратда шаҳидлик мақомига эришишини уқтирмоқчи бўлди.

Ўша кунги можароларни эсласам, ҳалиям юрагим орқага тортиб кетади. Яхши-ёмон гаплар, дўқ-пўписаю аёлларнинг йиғи-сиғиси... Ҳеч нима кор қилмаганидан кейин тўнғич ўғлим маҳалламиздаги жоме масжид имом-хатибини бошлаб келди. Барака топсин, домла динимизнинг асл моҳияти, эркак кишининг оила, Ватан олдидаги бурчи тўғрисида ва жангарилик, зўравонликнинг катта гуноҳ экани ҳақида вазминлик билан таъсирчан қилиб гапирди. Ҳадислардан мисоллар келтириб, бундай деди: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга чиқишга изн сўрайди. У зот: “Ота-онанг ҳаётми?” дейдилар. Йигит: “Ҳа”, дейди. Шунда У зот: “Икковларининг розилигини топишга жидду жаҳд қил!” (Муттафақун алайҳ), деган эканлар. Агар менинг ўғлим ҳам шу ҳадисларни, уламоларимиз китобларини ўқиганида, бугун ўзини “жиҳодчи” деб атаётган ёлғончи террорчиларнинг алдовларига учмаган бўлар эди...

Имом-домла одам бегона ўлкаларда қурол кўтариб эмас, ўз юртининг гуллаб-яшнаши, равнақи учун меҳнат қилибгина барака топиши, савоб олишини таъкидлади. Сўнг Қуръон тиловат қилиб, ўғлим, оиламиз ҳақига узоқ дуо қилди. Шундагина ўғлимнинг шишадек жонсиз кўзларида нимадир ўзгарди. Ҳамма тарқалганидан кейин ўғлим гўдагини бағрига босиб, йиғлади. Унга қўшилиб, мен ҳам йиғладим...

Кўпинча балою кўргиликларга ўзимиз сабабчи бўламиз. Эътиборсизлик қиламиз, лоқайдликка бериламиз. Бир куни оғир савдо бошимизга тушганда эса қаерга югуришни, нима чора топишни билмай қоламиз.

Одамлар! Огоҳ бўлинг! Бир куни мен сингари чорасизлик гирдобига тушиб қолмаслик учун вақтида ҳаракат қилинг. Фарзандингизга тўғри тарбия беринг, инсоф-диёнатни, ҳалоллик-покликни, яхшилик-тўғриликни ўргатинг.

“ИШИД фитнаси” китобидан олинди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Дунёда эртага вафот этадигандек ибодат қил, абадий турадигандек яша”.

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу)

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Халқ орасида “Икки ийд орасида никоҳ тўйи ўтказиш мумкин эмас”, деган гап бор. Шу тўғрими? Динимизда қайси маҳалда никоҳ ўқиш ман этилган?

Жавоб: Бу гап ирим ва хурофотдир. Йилнинг исталган пайтида никоҳланиш, тўй қилиш мумкин. Динимизда имкони бор ёш йигитларни уйланишга, балоғат ва камолот ёшига етган қизларни тезроқ турмушга беришга тарғиб қилинган.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қиладилар:
“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга уйларда намозхоналар қилишимизни ва уни поклаб, тозалаб, чиройли тутишимизни амр этдилар” (Имом Термизий, Абу Довуд, Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

УМР ҒАНИМАТ
#Яхшиликка_чақириш

Умр – оқар сув. Кўз очиб-юмгунча кунлар ойларга, ойлар йилларга уланади. Биз эса ўткинчи дунё юмушлари билан шу қадар оворамизки, энг қимматли бойлигимиз – вақтнинг шамолдек елаётганини сезмай ҳам қоламиз. Ваҳоланки, бу сониялар, дақиқалар, соатлар умр дегани. Ўтаётган ҳар лаҳза бизни охират диёри сари етаклайди. Шундай бўлгач, бир онни бўлсин беҳуда ўтказишга ҳақимиз йўқ. Ҳар лаҳза бир ҳақиқатни – ёруғ дунёда борлигимиз учун Парвардигорга шукр қилишимиз, ибодатда қоим ва доим бўлишимиз кераклигини ёдда тутмоғимиз зарур.

Ҳар кунги беш вақт намоз – Аллоҳга шукримиз ифодаси, бизга ато этилган неъматлар ичра энг улуғи. Йилда бир келадиган, нафсимизни очлик, ташналик ила тарбиялайдиган Рамазон ҳам шундай. Улар – ғанимат умримизнинг ёғдули онлари, байрам кунлари...

Кеча кундузга, кундуз тунга уланиб умр ўтиб боради. Аслида, бу ҳам тафаккур қилишимиз учун: “Осмонлар ва Ернинг яратилишида, тун ва куннинг ўрин алмашиб туришида ақл эгалари учун аломатлар бордир” (Оли Имрон, 190).

Яъни, мўмин киши кун ва туннинг ҳисобини тўғри била олиши, муносиб тақсимлаши ва бандаликка ярашиқли ишларга сарфлаши зарур. Зеро, ўтаётган умрнинг бир сониясини ҳам ортга қайтариб бўлмайди. Бу сониялар учун эса улуғ Кунда жавоб бермоғимиз бор. Ўша Кунда надоматда қолмаслик учун ҳам вақт, умр неъматининг қадрига етайлик.

Дилрабо СОТВОЛДИЕВА

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ВАТАНГА МУҲАББАТ ҲАҚИДА
#Мутолаа

Асрлар оша яшаб келаётган ҳикматли сўзлар, буюк ёзувчилар, мутафаккир ва олимлар айтган фикрлар ҳамма замонларда инсонийлик, одоб-ахлоқнинг мезонлари сифатида ардоқланган, инсонлар уларга ишонган, ҳар хил вазиятларда бу ҳикматларга мурожаат қилишган. Улуғ инсонларнинг Ватанга муҳаббат ҳақидаги фикрлари ёш авлод қалбида она юртга садоқат туйғулари кучли бўлишига хизмат қилади.

Бегона юрт ватан бўла олмайди.
И. ГЁТЕ

Ҳар кимнинг қалбида ўз халқининг жажжи қиёфаси яшайди.
Г. ФРЕЙТАГ

Ўзингни ватанга қанчалар яқин ҳис этсанг, уни шу қадар жонли вужуд каби аниқроқ ва севиброқ тасаввур қиласан.
А. БЛОК

Ким ўз юртини севмаса, у ҳеч нимани сева олмайди.
Ж. БАЙРОН

Кимда ўз юртига бўлмаса меҳр,
У қалбан шикаста, у қалбан мажруҳ.
Т. ШЕВЧЕНКО

Ўз юртидан юз ўгирганлар ўз виждонларидан ҳам юз ўгирадилар.
Я. ГАЛАН

Ватанга нафи йўқ яшалган ҳар кун
Инсон ҳаётида қолур бемазмун.
М. САЛМОН

Икром МАРДОНОВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Боланинг саломати ва саодати учун яхши тарбия қилмак – танани пок тутмак, ёш вақтидан маслакни тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдир. Ҳукамолардан бири: “Бир миллатнинг саодати, давлатларнинг тинч ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлидур”, демиш. Шариати исломияда ўз болаларини яхшилаб тарбия қилмак – оталарга фарзи айн, ўз юртининг етим қолган болаларини тарбия қилмак фарзи кифоядир...”

Абдулла Авлоний

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

УЗОҚ УМР ЯХШИЛИКНИ КЎПАЙТИРАДИ
#Ҳадис_шарҳи

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз етган зарар туфайли (сабрсизлик қилиб) ўлимни орзу қилмасин. Бордию, чорасиз қолса: “Эй Аллоҳ, агар менга ҳаёт яхшироқ бўлса, мени яшат. Агар менга ўлим яхшироқ бўлса, унда мени жонимни ол”, десин» (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис Ибн Ҳиббон (розияллоҳу анҳу) ривоятида: “Сизларнинг дунёларингизга етган зарар туфайли ўлимни орзу қилманглар”, дейилган. Мол-мулкнинг кетиши, оила ва фарзандларидан айрилиш ёки хасталикка чалиниш каби ҳолатлар бўлганида мўмин киши ўлишни истамаслиги лозим. Саҳобалардан бири: “Эй Аллоҳ, энди мен кексайиб қувватдан қолдим, халққа аралашолмайман. Мени бундай танг аҳволда ташлаб қўймай, жонимни ол”, деб дуо қилганида, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни бундай дейишдан қайтарганлар.
Чунки дунёсига етган зарар сабаб банда ўзига ўлим сўраши Аллоҳнинг тақдирига норозилик бўлади.
Қайс ибн Аби Ҳозим айтади: Биз Ҳаббоб ибн Арат (розияллоҳу анҳу)нинг аҳволидан хабар олгани кирсак, у зот даволаниш мақсадида етти жойи­ни доғлаб (куйдириб) бундай дерди: «Биродарларимиз биздан олдин ўтиб кетишди. Дунё уларга нуқсон етказмади. Бизлар эса мол-дунё жамғариб, уни тупроқдан бош­қасига сарфлай олмадик. Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишининг ўзига ўлим сўрашидан қайтармаганларида эди, мен ўзимга ўлим тилаган бўлардим». Биз бошқа бир куни Ҳаббоб (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурларига кирганимизда, у зот девор кўтараётган эканлар. Шунда бизга: «Мусулмон киши мана шу лойга сарфлаганидан бошқа барча хайр-эҳсонларига савоб олади», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Ҳаббоб ибн Арат (розияллоҳу анҳу)нинг “Олдин ўтган дўстларимиз дунёда муҳтожлик кўрмаган эди. Биз эса топганимизни тупроққа, яъни бино қуришга сарфлаш билан чекланиб, охиратга захира қилолмаяпмиз" дейишларида, биз ҳой-ҳаваслар билан овора бўлиб, мусибатда қолдик, демоқчи бўлганлари анг­лашилади (“Фатҳул борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий”).
Юсуф (алайҳиссалом)нинг “Мени мусулмон ҳолимда вафот эттир...” (Юсуф, 101), деб дуо қилганларини қандай тушуниш мумкин, деган саволга уламолар: “Бундаги маъно ўлимни орзу қилишмас, балки ажалнинг яқинлигини эсга олиб, ўша пайтдаги ҳолатнинг хайрли бўлишини сўраб дуо қилишдир”, дейишган.
Мўмин банда ўтаётган ҳар бир фурсатни ғанимат билиб, яхши амаллар қилишга шошилади ва машаққатларга сабр қилади. Чунки суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озгина муддатли дунё ҳаётини ғанимат билишга чақириб, ўлимни орзу қилишдан қайтардилар. Узоқ умр кўриб, солиҳ амаллари кўпайган мўмин бандалар худди сармоя­си кўп тижоратчига ўхшайди. Уларнинг сармояси кўпайган сари амаллари ҳам зиёда бўлиб бораверади.

Манбалар асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

БИРИНЧИ АЁЛ
#Аёллар_саҳифаси

Сафо ва Марва тепаликлари оралиғидаги илк саъйни адо этган, белига белбоғ таққан биринчи аёл Иброҳимнинг (алайҳиссалом) рафиқаси, Исмоилнинг (алайҳиссалом) онаси Ҳожардир (розияллоҳу анҳо).

* * *

Исломни қабул қилган биринчи аёл мўминлар онаси, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рафиқалари Хадича бинти Ҳувайлиддир (розияллоҳу анҳо).

* * *

Мушриклар тазйиқларидан қўрқмай, ўзини хавф-хатарга ташлаган, Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) билан отаси Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) “Савр” ғорида тунаган кеча уларга яширинча овқат ташиган биринчи аёл Асмо бинти Абу Бакрдир (розияллоҳу анҳо) (мўминлар онаси Ойшанинг (розияллоҳу анҳо) опаси).

* * *

Умму Салама Ҳинд бинти Абу Умайя (розияллоҳу анҳо) кажавада Мадинага (сафар) қилган биринчи аёлдир.

* * *

Асмо Зотун Нитоқайн (розияллоҳу анҳо) Ислом динини қабул қилганлар орасида илк фарзандни дунёга келтирган (Абдуллоҳ ибн Зубайрни (розияллоҳу анҳу) биринчи аёлдир.

* * *

Эрини хушнуд этиш ниятида зеб-зийнатлар таққан, мушки анбар сепиб, ўзига оро берган биринчи муслима аёл Абдуллоҳ ибн Аббоснинг рафиқаси Шомиладир.

* * *

Кўзига сурма қўя бошлаган биринчи муслима аёл Зарка Ямома бўлган.

* * *

Бани Исроил денгизни кечиб ўтганида дўмбира (даф) чалган биринчи аёл Мусо ибн Имроннинг (алайҳиссалом) опаси Кулсумдир.

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

“Исломдан чўчитиш ҳаракати тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Муҳаммад (алайҳиссалом)га пайғамбарлик келган илк йилларда ҳам мушриклар Ислом динини ёмонотлиқ қилиш, яъни исломофобия уруғларини сочиш учун турли қинғирликлар содир этишган. Жумладан, Қуръони карим ва Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаънларига номуносиб гапларни айтишган. Ваҳоланки, дин душманлари Исломни қанчалик ёмон кўрсатишга уринишмасин, Аллоҳ Ўз динини азиз қилиб қўяверади”.

Айдарбек Тулеповнинг “Ислом дини террорга қарши” мақоласидан

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
#Масала

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов жавоб беради

Савол: Сув билан истинжо қайси ҳолатда мустаҳаб, қайси ҳолатда суннат, қайси ҳолатда вожиб бўлади?

Жавоб: Беш хил истинжо бор. Улардан иккитаси вожиб, бири суннат, яна бири мустаҳаб, бошқаси бидъатдир:

1. Жунублик, ҳайз ва нифосдан ғусл қилишдан олдин истинжо қилиш вожибдир.

2. Махражини (чиқадиган жойини) ошиб, дирҳам миқдоридан кўп жойга ёйилган нажосатларни, икки Имом (Имом Муҳаммад ва Имом Абу Юсуф)га кўра, ювиш вожибдир. Чунки фақат махражнинг ўзи сувдан бошқа нарсалар билан тозаланса ҳам тоза ҳисобланади. Махражнинг атрофи унга нажосат ёйилиб кетган бўлса, фақат ювиш билан тоза бўлади.

3. Нажосат чиқиш жойидан ёйилиб кетмаган тақдирда у жойни сув билан ювиш суннатдир.

4. Кичик ҳожат ўрнини ювиши мустаҳабдир.

5. Ел чиққандан кейин сув билан истинжо қилиш бидъатдир (“Мухтор”нинг шарҳи “Ихтиёр”).

Ҳожатхонага кирадиган одам, имкон қадар кийимини нажосат ва ишлатилган сув (оби мустаъмал)дан сақлаши мустаҳаб. Устида Аллоҳ таолонинг исмларидан бири ёзилган узук ёки юзасида Қуръони каримдан бирор нарса ёзилган ҳар қандай нарса билан халога кириш макруҳдир (“Сирожул ваҳҳож”).

Hidoyat.uz каналига уланиш учун босинг👇
https://telegram.me/joinchat/BO0aAjzDeqY_uXAnXN38lQ

Читать полностью…

Hidoyat.uz

ФОЛБИНЛАРГА ИШОНМАНГ
#Ёмонликдан_қайтариш

Бутун оламларни яратган Аллоҳ таолонинг қудрати чексиздир. Ҳеч бир сифатда унинг мисли ва ўхшаши йўқдир. Илм ва қудратда ҳам ҳеч ким унга баробар эмасдир. Аллоҳ таоло ўзининг илми азалийси билан барча воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билгувчидир. Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажак воқеаларни сир тутди. Бунга кўплаб ояти карималар далолат қилади. Жумладан: «Айтинг: "Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас. Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар» (Намл, 65). Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: Ғайб (яширин иш ва нарсалар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас"» (Анъом, 59).

Демак, инсоннинг келажакдаги тақдирини ва бошқа ғайбий ишларни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Агар келажакдаги ишлар инсонларга маълум бўлса эди, имтиҳон бўлмасди. Чунки ғайбни билган одам фақат ўзига фойдали ишларни қилиб, зарарли нарсалардан сақланган бўлар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Айтинг: «Аллоҳ хоҳлаганидан ташқари ўзим учун (бирор) фойда ва зарар (келтириш)га эга эмасман. Агар ғайб (илми)ни билсам эди, хайрли ишларни кўп қилган бўлур эдим ва менга ёмонлик (ҳам) етмаган бўлур эди. Мен фақат имон келтирадиган қавм учун огоҳлантирувчи ва хушхабар берувчидирман» (Аъроф, 188).

Ушбу оятлардан маълум бўладики, ҳеч ким, ҳатто пайғамбарлар ҳам ўз бошларига қандай кунлар келишидан бехабар бўлганлар. Лекин инсонлар орасида одамларнинг келажагини, тақдир ва қисматини айтиб берувчи сохта «башоратчилар» ҳам йўқ эмас. Улар коҳин – фолбинлардир. Фолбинликнинг зарарлари, унга ишонувчиларнинг ёмон оқибатлари ҳақидаги далилларни келтиришдан олдин, унинг хусусияти ва тарихига бир назар ташласак.

Маълумки, замин инсонларнинг макони, осмон эса, малоикаларнинг ошёнидир. Аллоҳ таоло Ўзининг Ердаги бандалари хусусидаги барча ҳукм-фармонларини адо қилишни ана шу фаришталар зиммасига юклагандир. Оламда учинчи бир тоифа – жинлар тоифаси ҳам борки, инсонлар узоқ йиллардан бери улар билан турли хил алоқада бўлиб келганлар. Ҳатто Сулаймон (алайҳиссалом) ҳузурида жинлар энг оғир ишлар билан машғул бўлиб хизмат қилишган. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: «..Яна жинлардан ҳам Парвардигорининг изни билан унинг қўл остида ишлайдиган (жин)ларни (бўйсундириб қўйгандирмиз). Улардан ким Бизнинг амримиздан четласа, Биз унга ўт азобидан тоттириб қўюрмиз» (Сабаъ, 12).

Бундан ташқари жинларнинг айримлари осмондаги фаришталарнинг ўзаро гап-сўзларини ўғринча эшитиб олишиб, Ердаги фолбинларга етказиб туришган. Буни Аллоҳ таоло жинларнинг тилидан бундай баён қилади: Биз (илгари) ундан (осмондаги баъзи) жойларга (фаришталар сўзларини) эшитиб олиш учун ўтириб олар эдик. Энди ҳозир (Муҳаммад пайғамбар бўлгач) кимки (қайси жин) тингламоқчи бўлса, ўзини кузатиб турган бир (учар) юлдузни топар (Жин, 9).

Читать полностью…
Подписаться на канал