Xiaomi фойдаланувчилари компанияга қарши петиция ташкил қилишди
Интернетда Xiaomi, Poco ва Redmi смартфонлари фойдаланувчилари томонидан компания раҳбариятига ёзилган қизиқарли петиция пайдо бўлди. Унда компаниянинг жаҳон бозори (Global) учун чиқарилган смартфонлар эгалари учун жуда долзарб мавзу кўтарилган.
Фойдаланувчилар MIUI прошивкасининг Хитой ва глобал версиялари сифати ва имкониятларини тенглаштиришни талаб қилмоқдалар.
Уларнинг таъкидлашича, глобал прошивкада, Хитой учун чиқарилган версияларига қараганда кўплаб хатолар ва камчиликлар мавжуд. Бундан ташқари, глобал версияда баъзи Xiaomi иловалари Google хизматлари билан алмаштирилган, бу эса чекланган функцияларга олиб келган. (Эслатиб ўтаман, Хитой бозори учун чиқарилган смартфонларда Google иловалари мавжуд эмас). Смартфонлардаги савдо урушлари: илова ва ижтимоий тармоқлар геосиёсатнинг бир қисми сифатида
Фойдаланувчиларнинг яна бир шикояти, MIUI нинг глобал версияларидаги хатоларни тузатиш жуда узоқ вақт талаб қилиниши сабабли, смартфондан фойдаланиш деярли имконсиз бўлаётгани.
Айни пайтда Европа ва Америкада дастурий таъминот янгиланишлари олдиндан синовдан ўтказилмайди ва хатолар фойдаланувчилар янгиланишни олганидан ва компанияга шикоят юборганидан кейингина аниқланади (ушбу вазифа қўшимча маблағни талаб қилади ва смартфон таннархига таъсир қилиши мумкин).
Xiaomi мухлислари компания Европада офисларини очишини таклиф қилишмоқда. Шунда компания дастурий таъминотни яхшироқ синаб кўриши ва мижозлар билан яқиндан мулоқот қилиш мумкин бўлади.
Фойдаланувчилар, шунингдек, Xiaomi смартфонларининг нархи ошиб бораётгани ва қўллаб-қувватлаш ёмонлашаётганини таъкидлашган. Xiaomi ўз смартфонлари нархларини кўтаришни режалаштирмоқда
Петициянинг тўлиқ матнини ўқиш ва имзо қўйиш учун ҳавола: https://dearxiaomi.com/
Ҳозиргача 3000 дан сал кўпроқ одам петицияга имзо чекди.
Аввалроқ, Xiaomi компаниясининг ўнлаб моделлари смартфон эгалари MIUI 12 даги муҳим хатолар ҳақида шикоят қилишган эди.
#янгилик #Xiaomi
Ўзкомназорат Интернет тезлиги тариф режалари ва хизматлари тўғрисидаги маълумотларнинг «...гача» («до...») қўшимчалари бўйича кўрсатма берди
«Ўзкомназорат» бу ҳақда операторлар ва провайдерларга тегишли кўрсатма юборган.
1 июндан бошлаб интернет тезлиги «…гача» кўрсаткичисиз тақдим этилади. Бу ҳақда «Ўзкомназорат» операторлар ва провайдерларга тегишли кўрсатмани юборган.
Регуляторнинг регламентига кўра, компаниялар тариф режалари тавсифида интернет тезлигини аниқ маълумотлар билан кўрсатишлари керак.
«…гача» бу ўлчам эмас ва бунда тезлик ноаниқлигича қолади.
Мазкур ўлчамини олиб ташлаш зарурати ҳақида 2018 йилдаёқ муҳокама қилинган эди. Кейинчалик эълон қилинган тезлик ҳақиқий тезликка мос келиши кераклиги таъкидланган, аммо амалда «…гача» ўлчами қолиб кетаверган.
Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Интернет тезлиги қандай ўлчанади?
• Мобил операторларимиз 4G тармоғида максимал тезлик
• Мобил операторларимиздаги чексиз интернет тарифлари ҳақиқат ёки афсона
#маълумот #оператор
Интернетга жойланган барча нарса, у ерда абадий қолади (ижтимоий тармоқлардаги маълумотларингиз)
Тармоққа жойланган ҳамма нарса у ерда абадий қолади. Буни Интернетдан фаол фойдаланадиган ва ижтимоий тармоқларда бир нечта аккаунтлари бўлган ҳар бир киши учун эслаш муҳимдир.
Ижтимоий тармоқларда онлайн мулоқот, борган манзилимиз ва янги харидимизни бошқаларга кўрсатиш кабилар одатий ҳолга айланиб бормоқда.
Биз ижтимоий тармоқлардаги профилимизга ҳатто шахсий маълумотларимизни ҳам ишонамиз. Бу хавфсизми ёки йўқ?
Афсуски, йўқ. Интернетда жойлаштирилган маълумотни филтрлаш жуда муҳимдир. Ҳар қандай маълумот ўзингизга қарши ишлатилиши ва фирибгарлар учун "фойдали" бўлиши мумкин. Шунингдек, ҳозирда иш берувчилар ва ҳатто кредит ташкилотлари (банклар) ҳам ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларингизга эътибор беришни бошлашган.
Кўпчилик учун ижтимоий тармоқлар ўз ютуқларини намойиш этиш учун платформадир. Ёқимли лаҳзаларни баҳам кўриш истаги: янги автомобил, техника, кийим ёки заргарлик буюмларини кўрсатиш. Аммо молиявий ҳолатингиз ҳақидаги маълумотлар, мақтаниш учун сабаб эмас. Афсуски, дўстларингиздан ташқари, фирибгарлар ҳам ундан фойдаланишлари мумкин. Қимматбаҳо харидлар ҳақидаги хабарлар жиноятчиларда қизиқиш уйғотиши мумкин. Шу сабаб, камтарлик Интернет майдонида ҳам бекор қилинмаган.
Ижтимоий тармоқларда таътилингизни реклама қилмаган маъқул. Аеропорт ёки бошқа саёҳат ҳақида барчага хабар бериш хавфсиз эмас. "Фалон жойга 10 кунга кетяпман" хабари ўғрилар учун жуда "фойдали" маълумот.
Янгиликлар лентасида тез-тез кимнингдир ҳужжатлари ёки банк карталари фотосуратларини кўриш мумкин. Бунинг сабаблари турлича: янги паспорт ёки бошқа давлатга виза олганлигини кўрсатиш ва ҳ.к.з. Аммо бундай қилмаган маъқул!Микроқарзлар олиш, номингизга фирма очиш ёки Sim-карта олиш баъзида паспорт нусхаси билан ҳам амалга оширилиши мумкин. Банк картаси рақами, эгасининг исми, амал қилиш муддати ҳақидаги маълумот орқали, картадаги маблағни ечиб олишгани ҳақидаги хабарлар ҳам йўқ эмас.
Кўпчилик менинг саҳифам – менинг шахсий маконим деб ўйлашади. Лекин афсуски, бундай эмас.
Шуни унутмангки, профилингизни сиз кўрсатишни хоҳламаганлар кўриши мумкин. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифа эгаси ҳақида жуда кўп нарсаларни айтиб бериши мумкин: севимли машғулоти, дунёқараши, шахсий ҳаёти ва ҳ.к.з.
Кимдир эътироз билдиради: "Мен кимга ҳам керак - юлдуз бўлмасам". Ҳозир эмас, лекин келажакда ҳамма нарса ўзгариши мумкин. Унутманг, Интернетга жойланган барча нарса, у ерда абадий қолади.
• Энг машҳур ижтимоий тармоқлар ҳақида маълумот
#маълумот #мулоҳаза
Android учун Chrome браузери ўғирланган паролларни тезда ўзгартириш имконини беради
Бундан ташқари, фойдаланувчи янги паролни ўйлаб топиши ёки эслаб қолиши ҳам шарт эмас.
Google Chrome ва бошқа браузерлар, турли хил сайтлар учун фойдаланаётган паролларингиз ошкор бўлганда (сиздирилган базаларда пайдо бўлганда), улардан фойдаланишни давом эттириш, хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантириши кўпчилик учун янгилик эмас.
Бироқ, ҳамма ҳам янги паролни ўйлаб топишни ёки эслаб қолишни истамайди: пароли ошкор бўлгани ҳақидаги огоҳлантиришни эътиборсиз қолдириб, ҳеч нарса қилмаслик кўпчилик учун осонроқ. Google буни тушуниб етди ва ечимини ишлаб чиқди.
Google компанияси Chrome браузерининг Android версияси учун Duplex технологиясини қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Бу, ўғирланган паролни ишончли тасодифий кетма-кетликда яратилгани билан автоматик равишда алмаштириш имконини беради. Янгиланган парол ушбу аккаунт ва Google парол менежеридан фойдаланадиган барча қурилмаларда дарҳол янгиланади.
Ушбу функция, биринчи бўлиб АҚШ ва ундан кейин бошқа мамлакатлардаги Chrome браузерининг Android версияси фойдаланувчилари учун татбиқ этилади.
Таъкидланишича, тезкор алмаштириш дастлаб фақат айрим сайтлар учун амал қилади, бироқ кейинчалик уларнинг рўйхати кенгаяди.
• Android учун Chrome иловасининг яширин созламалари
• Chrome браузери фойдаланувчилари учун фойдали маслаҳатлар
• 2019 йилнинг "энг ёмон" пароллари рўйхати
#янгилик #Chrome
Смартфон батареяси тез сарфланишига сабабчи тизим функцияси ёки "мослашувчан билдиришномалар" нима?
Агарда смартфонингизни кунига бир неча марта зарядласангиз, бунинг бир нечта сабаблари бўлиши мумкин. Улардан бири — смартфондан кўп ресурс талаб қиладиган ва фон режимида ишлаб, батареянгизни яширин сарфлайдиган иловалардир.
Ушбу иловалар орасида, ўзингиз осон ўчиришингиз мумкин бўлганлари ёки оддий фойдаланувчининг кўзидан яширилган баъзи тизим функциялари ҳам бўлади. Бугун сизга шу каби тизим функцияларидан бири ҳақида маълумот берамиз.
Android 10 версиясидан бошлаб, тизимда "мослашувчан билдиришномалар" (адаптивные уведомления) функцияси пайдо бўлди.
Бу реал вақтда фойдаланувчининг турли хил иловалардаги хатти-ҳаракатларини доимий равишда таҳлил қиладиган ва аниқланган намуналар асосида билдиришномалар устуворлигини таъминлайдиган тизим иловасидир. Бундан ташқари, у жуда кўп маълумотларни тўплайди.
Қисқа қилиб айтганда, қайси билдиришнома сиз учун муҳимлигини аниқлайди ва уни рўйхатнинг юқори қисмида жойлаштиради.
Албатта, бу фойдали функция. Лекин, смартфон учун бу қўшимча юклама ва батарея сарфланишига ҳам катта таъсир қилади.
Шу сабаб ўзингиз учун муҳимроғини танлашингиз мумкин: тартибланган билдиришномалар ёки қўшимча бир неча соат батареянинг ишлаш муддати.
"Мослашувчан билдиришномалар" қандай ўчирилади
- Тизим созламаларини (настройки) очинг
- Қидирув сатрида "bildirishnomalar" (тизим тили рус тилида бўлса "уведомления") сўзини киритинг
- Рўйхатда "Мослашувчан билдиришномалар" (Адаптивные уведомления) бандини топинг
- "Android Adaptive Notifications" ўрнига "Йўқ" (Нет) ёзувини танланг.
Агар билдиришномалардаги тартибсизлик сизга маъқул келмаса, яна қайта "Android Adaptive Notifications" ёзувини танлашингиз мумкин.
• Нима учун смартфон батареяси тезда тугайди?
• Батареяни кўп сарфлайдиган 2020 йилдаги энг ёмон 5 та Android илова
• Нима учун смартфон қизийди?
• Нима учун смартфон қотиб ишлайди?
#маълумот
Qualcomm процессорларида жиддий хатолик аниқланди
Бу хатолик мавжуд смартфонларнинг деярли учдан бир қисмига таъсир қилиши мумкин.
Кибер хавфсизлик бўйича Check Point Research мутахассислари Qualcomm чипларининг модемларида (MSM) муҳим заифликни аниқлашди.
Ушбу модемлар смартфондаги овозли алоқа ва SMS учун жавобгардир ва кўплаб (Xiaomi, Samsung, Vivo, Realme, OPPO, Google, LG) ишлаб чиқарувчиларнинг қурилмаларида қўлланилади. Янги ҳисобот шуни кўрсатдики, дунёдаги барча смартфонларнинг тахминан 31% Snapdragon сериясининг турли процессорлари билан ишлайди, шунинг учун жуда кўп сонли қурилмаларга таъсир кўрсатади.
Ушбу хатолик зарарли иловаларни модемнинг дастурий қисмида яшириб, смартфондаги SMS-хабарларни ва қўнғироқлар журналини кўриш ва суҳбатларни эшитиш имконини беради.
Qualcomm ушбу хатоликни тузатиш учун аллақачон дастурий таъминот патчини чиқарганини маълум қилган. Аммо уни турли ишлаб чиқарувчилар томонидан тарқатилиши вақт талаб қилади ва қайси қурилмалар аллақачон янгилангани ёки ҳанузгача хавф остида эканлиги ҳали аниқ эмас.
#маълумот #янгилик
Смартфондан SIM-картасиз қўнғироқ қилиш мумкинми ёки фавқулодда қўнғироқлар нима?
Смартфондан қўнғироқ қилиш ва SMS-хабар юбориш учун SIM-карта кераклигини ҳамма билади.
Лекин бирор бир оператор тармоғига уланмасдан ёки ҳатто SIM-картасиз қўнғироқ қилишингиз мумкин бўлган рақамлар мавжуд. Бу фавқулодда телефон рақамлари: дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шу жумладан Ўзбекистон учун - 112, АҚШда - 911.
112 хизматининг асосий вазифаси муаммога дуч келган ва ёрдамга муҳтож бўлганларга ўз вақтида ёрдам кўрсатишдан иборат.
112 рақами GSM стандартидаги телефонларнинг барчасида мавжуд ва қурилмада маблағ, SIM-карта ёки маълум бир оператор тармоғи бўлишини талаб қилмайди. Ҳатто смартфон экрани қулфланган (парол ўрнатилган) ҳолатда ҳам, фавқулодда чиқиш қўнғироқларини амалга ошириш мумкин.
Бу қандай ишлайди?
112 рақамни терганингиздан сўнг, телефон операторингизга сигнал юборишга ҳаракат қилади ва уриниш муваффақиятсиз бўлса, уни мавжуд тармоқлардан бирига йўналтиради.
Масалан операторингиз UzMobile ва унда тармоқ мавжуд бўлмаса, телефон бошқа барча GSM операторлар (Ucell, Beeline, Mobiuz) тармоғи орқали қўнғироқ қилишга уриниб кўради.
SIM-картасиз фавқулодда рақамга қўнғироқ қилсангиз ҳам, оператор телефонингиз уникал рақамини (IMEI) кўради ва шахсингизни аниқлай олади. Яъни қўнғироқ мутлақо аноним эмас.
Шундай қилиб, 112 рақамини терганингизда, сизга энг яқин тезкор бошқарув марказининг диспетчери жавоб беради ва агар керак бўлса, бошқа фавқулодда ёрдам хизматига йўналтиради (101, 102, 103, 104). Бундай қўнғироқлар бепул ҳисобланади.
• Смартфонларда SOS режими нима ва ундан қандай фойдаланилади?
#маълумот
Нима учун смартфон экранининг ёрқинлиги ўз-ўзидан ўзгариб туради?
Смартфондаги ёруғлик датчиги атроф-муҳит ёруғлигини ҳисобга олган ҳолда, фойдаланувчи кўзи учун қулай бўлган экран ёрқинлигини автоматик ўрнатишга имкон беради. Масалан, қуёшли кунда кўчада бўлганингизда смартфон ёрқинликнинг энг юқори даражасини, тунда эса паст даражасини танлайди.
• Смартфонлардаги датчиклар: улар нима ва нима учун керак?
Албатта, "автоёрқинлик" (автояркость) созламасини ўчириб, ёрқинликни қўлда бошқариш режимига ўтишингиз мумкин. Лекин баъзида смартфонда "автоёрқинлик" созламаси ўчирилган бўлса-да, экранининг ёрқинлиги ўз-ўзидан ўзгариб туради. Бунга сабаблар эса қуйидагилар:
- Баъзи иловалар (масалан, видео кўриш, ўқиш, QR-кодни аниқлаш) ва ўйинлар экран ёрқинлигини автоматик равишда ўзгартириши мумкин.
- Батарея қувватини тежаш ва смартфондан фойдаланишда қулайлик яратиш учун баъзида экран ёрқинлиги автоматик равишда ўзгаради. Масалан, Huawei смартфонларида WeChat, Браузер каби иловалардан фойдаланганда экран ёрқинлиги автоматик равишда ўзгаради, ҳатто автоматик ёрқинлик созламалари ўчирилган бўлса ҳам.
- Смартфон қизиб кетганда экраннинг ёрқинлиги автоматик равишда пасаяди, бу процессор , батарея ва бошқа компонентларнинг ҳаддан ташқари қизишини олдини олиш учун бажарилади. Ҳарорат нормал ҳолатга қайтганда, экран ёрқинлиги аввалги даражасига қайтади.
Қўшимча маълумот:
- смартфонда "автоёрқинлик" функцияси эгасининг одатларига мослашиб боради. Масалан бирор иловада ёрқинлик пасайтирилса ёки аксинча, махсус алгоритмлар буни эслаб қолади.
- "автоёрқинлик" функциясининг нотўғри ишлаши сабабларидан бири – ёруғлик датчигини тўсиб қўйган экранга ўрнатилган ҳимоя пленкаси ҳам бўлиши мумкин.
- смартфонингиздаги "автоёрқинлик" функцияси тўлиқ ўзингизга мослаштириб созлаш учун, қўшимча иловалардан (масалан Velis Auto Brightness) фойдаланишингиз мумкин.
Савол: Смартфонингиз экрани ёрқинлиги ўз-ўзидан ўзгариб турадими ва "автоёрқинлик" функцияси ишлашида камчиликлар сезмаганмисиз?
#маълумот #APK
Telegram учун фойдали ботлар:
• @MakeQrBot — QR-код яратиш учун бот. Ботга исталган матнни юборинг ва у QR-кодга айлантирилади.
• @QRCodeRoBot — Ушбу бот QR-кодни матнга ўзгартиради.
• @mediadownbot — қуйидаги сайтлардан аудио ва видео файлларни юклаб олади.
- Facebook.com
- Reddit.com
- Tiktok.com
- Soundcloud.com
- Pinterest.com
- Instagram.com
- Twitter.com
• @slizing_bot — YouTube тармоғидаги видеоларни керакли қисмини кесиб олиб, кўчириш учун бот. Ботга видео ва вақт кодларига (таймкод) ҳаволани юбориш кифоя.
• @VoiceShazamBot — Бот овозли хабардан мусиқани аниқлаб уни юклаб олишга имкон беради.
• @voice_remover_bot — Овоз ва мусиқани ажратишга ёрдам берадиган бот.
Каналимизда 100 дан ортиқ турли хил Telegram ботлар ҳақида маълумот мавжуд. Ўзингизга кераклисини топиш учун #Бот хештегини танланг.
#Telegram #Бот #Телеграм
Xiaomi Mi 11 флагмани фойдаланувчилари смартфонлари "платаси" куйиб қолганидан шикоят қилишмоқда
Муаммо кенг тарқалган кўринади.
Тармоқда Xiaomi Mi 11 смартфони эгаларининг шикояти тармоқда тобора оммалашиб бормоқда. Маълум бўлишича, Хитой брендининг смартфонлари жиддий нуқсонга эга — уларнинг "бош платаси" шунчаки куйиб қолмоқда.
Ушбу мавзу бўйича энг кўп хабар Weibo (Хитойнинг энг машҳур микроблоглар хизмати) ижтимоий тармоғида эълон қилинди, деб хабар беради Gizmochina. Худди шу сайтда, шарҳловчилар хабар беришича, муаммога дуч келганларнинг барчаси бир кун олдин смартфоннинг жуда қизиб кетганини пайқашган.
Мутахассисларнинг фикрича, қизиб кетиш ва куйиб қолиш сабаби, иссиқликни чиқариш тизимидаги (теплоотвод) муаммо бўлиши мумкин. Лекин, ҳозирча, Xiaomi компаниясининг ўзи ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Xiaomi Mi 11 флагманида кўплаб камчиликлар аниқланди
Эслатиб ўтамиз, Xiaomi Mi 11 анонси 2020 йил охирида бўлиб ўтган. Смартфон Qualcomm компаниясининг Snapdragon 888 чипига асосланган бўлиб, қурилманинг ўзига хос хусусиятларидан бири совутиш тизимидир.
#янгилик
Ucell биринчилардан бўлиб Тошкентда 5G технологиясини ишга туширяпти.
*Биринчи босқичда 5G технологияси фақат "Тошкент сити" бизнес маркази ҳудудида тақдим этилади.
2021-йил 8-апрел санасидан Ucell дан 5G космик мобил Интернетининг янги даври бошланади!
Бешинчи авлод алоқаси – бу шунчаки ўта тезкор интернет эмас, балки хизматларнинг ва турмушнинг мутлақо ўзгача сифатидир. Мобил алоқа контекстида реал шарт-шароитларда эришилган 5G тезлиги тахминан 1 Гбит/cонияга тенглашади. Шу тариқа, маълумот узатиш тезлиги 4G технологияси имкон берганидан 10-100 карра юқорироқдир.
Батафсил маълумот:
https://ucell.uz/uz/subscribers/internet/3g/5G_from_Ucell
Mobiuz биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда eSIM технологиясини ишга туширди!
Эндиликда Сиз компаниянинг барча шахсий офисларида, Mobiuz рақамини eSIM виртуал картаси ёрдамида улашингиз мумкин. eSIM-карта нима?
Батафсил маълумот:
https://mobi.uz/uz/support/e_sim/
Изоҳ:
5G ва eSIM технологияси ҳозирча асосан флагман (қимматроқ) смартфонларда учрайди.
Айнан қайси смартфонларда ушбу технологиялар қўллаб-қувватланишини билишни истаганларга, e-Katalog сайтини тавсия қиламан (бошқа турли хил параметрлар билан ҳам саралаш мумкин).
5G смартфонлар рўйхати: https://www.e-katalog.ru/list/122/pr-35327/
e-SIM смартфонлар рўйхати: https://www.e-katalog.ru/list/122/pr-39595/
Аста-секин замонавий мобил операторлар хизматлари юртимизда ҳам пайдо бўлишни бошлади. Навбатда MNP (абонент бошқа тармоққа ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиши) ва Wi-Fi Calling хизматларини кутиб қоламиз.
#маълумот #оператор
Энг яхши фитнес-браслетлар | Роскачество рейтинги
"Россия сифат тизими" нотижорат ташкилоти фитнес-браслетларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. У бешта янги моделни ўз ичига олади ва улардан иккитаси энг аниқ браслетлар рўйхатини бошлаб берган. Қизиғи шундаки, бир нечта тоифадаги етакчилар орасида Xiaomi моделлари мавжуд эмас, гарчи улар Россия бозорида энг кўп сотилган бўлса ҳам .
Роскачество мутахассислари фитнес-браслетларни турли тоифадаги 237 кўрсаткич бўйича баҳолашди. Энг муҳим мезонлар — жисмоний фаоллик ва соғлиқ кўрсаткичлари назорати, батарея, фойдаланиш қулайлиги, смартфонни бошқариш имкониятлари ва қурилма сифати.
Роскачество маълумотларига кўра, энг аниқ фитнес-браслет — Fitbit Charge 4. У барча керакли датчиклар, шу жумладан қоннинг кислород билан тўйинганлик даражасини (сатурацияси)аниқлайдиган датчик билан ҳам жиҳозланган, шунингдек, GPS-модулига эга. Кўрсаткичларнинг аниқлиги жиҳатидан ушбу браслет рейтингдаги бошқа барча фитнес-браслет моделларини ортда қолдиради. Қурилманинг ягона камчилиги — смартфонда плеерни бошқариш функциясининг йўқлиги.
Смартфон соғлиғингизни яхшилаш ва назорат қилишда қандай ёрдам беради?
Huawei Band 4 Pro — нарх ва сифат жиҳатидан энг яхши фитнес-браслет. Ушбу модел батареясининг узоқ муддатга етиши, юқори сифатли экран ва кўрсаткичларнинг юқори аниқлиги билан ажралиб туради. 3 минг рубл (414 минг сўм) нархда у яхши датчиклар тўплами ва GPS-модулига эга. Роскачество таъкидлашича, бундай аппарат қисмига эга фитнес-браслетлар кўпинча анча қиммат туради.
Роскачество мутахассислари Honor Band 5 ва Samsung Galaxy Fit2 моделларига эътибор беришни маслаҳат беришади. Биринчиси — етарлича аниқ кўрсаткичларга эга бўлган арзон ва ҳали ҳам долзарб браслет, иккинчиси эса ўз соғлиғини назорат қилишни истаган одамлар учун мос келади.
Савол: Сиз фитнес-браслет ёки смарт-соатдан фойдаланасизми ва кўпроқ қайси имкониятларидан?
#маълумот #янгилик
Смартфондан умумий неча соат фойдаланилганлигини аниқлаш мумкинми?
Android смартфонлар оммалашганига қадар Nokia каби телефонлардан фойдаланганлар, махсус код (*#92702689#) ёрдамида умумий сўзлашувлар вақтини аниқлашган.
Яъни телефон харид қилишда, янгилиги ёки неча соат гаплашилганлигини билиш учун махсус код рақам сифатида терилган ва қурилма ўзи ҳақида маълумот берган.
Умумий сўзлашувлар вақтини, телефонни завод параметрларига тиклаш (сброс) ёки "прошивка" усули билан нолга қайтариб бўлмаган.
Илгарилари телефон асосан алоқа воситаси сифатида фойдаланилгани учун, сўзлашувлар вақти телефоннинг умумий ишлаган вақти сифатида баҳоланган.
Афсуски, аксарият Android смартфонларнинг умумий ишлаган ёки биринчи марта фаоллаштирилган (активация) вақтини билиш деярли имконсиз. Турли хил махсус кодлар ва тизим созламаларидаги статистика, смартфонни ўчириб-ёққандан ёки завод параметрларига тиклагандан сўнг нолга қайтарилади.
Баъзи смартфонларда, масалан, Жанубий Корея ички бозори учун чиқарилган Samsung Galaxy қурилмаларида биринчи қўнғироқ санаси тизим созламасида кўрсатилади ва нолга қайтариб бўлмайди.
Мантиқий усул, Apple қурилмалари масалан, iPhone смартфонларида қўлланилган. Унга кўра янги смартфонни қутидан олиб, биринчи марта фаоллаштириш жараёнида интернетга уланиш мажбурий ҳисобланади. Sim-карта ёки Wi-Fi тармоғи орқали интернетга уланган қурилма, фаоллаштирилаётгани ҳақидаги маълумотни Apple серверларига жўнатади ва шу вақтдан бошлаб "ишлатилган" ҳисобланади.
Apple қурилмаларини сотиб олишдан олдин, унинг серия рақами орқали (қутисида ёзилган), расмий сайтидан текшириб олиш мумкин: https://checkcoverage.apple.com/ru/ru/
Қуйидаги сайт ёрдамида, Android қурилмалари серия рақами орқали фақатгина ишлаб чиқарилган санасини аниқлаш мумкин: https://sndeep.info/ru
#маълумот
Смартфондан Wi-Fi репитер (роутернинг қамров майдонини кенгайтириш) сифатида фойдаланиш мумкинми?
Баъзида хонадонингизда интернетни Wi-Fi орқали тарқатувчи роутер қурилмасининг қамров майдони кучли бўлмаслиги ва унга уланган қурилмаларга етарлича сигнал етиб бормаслиги мумкин. (Эслатиб ўтаман, Wi-Fi 5 ГГц частотасида ишлайдиган роутерлар 2.4 ГГц га нисбатан паст қамров майдонига эга).
Бундай ҳолда, Wi-Fi роутер қамров майдонини кенгайтириб, радиосигнални тўлиқ такрорлайдиган қурилма репитер (repeat инглизча - такрорлагич) керак бўлади. Аммо аввал бундай қурилмани сотиб олишингиз керак. Агар қўлингизда кўприкни ташкил қилиш учун репитер ёки бошқа роутер бўлмаса, ушбу вазифани бажариш учун смартфонингиздан фойдаланишингиз мумкин (баъзи смартфонларнинг ўзида Wi-Fi репитер имконияти мавжуд).
NetShare - no-root-tethering иловаси — WiFi Direct ва VPN технологияси ёрдамида смартфонингизда Wi-Fi репитер имкониятини яратиб беради (+трафикни смартфондан тарқатиш чекловини олиб ташлайди).
Агарда бошқа Android қурилмангизда Wi-Fi дан фойдаланмоқчи бўлсангиз:
1. Иккаласида ҳам Netshare иловасини ўрнатинг
2. Wi-Fi уланган биринчи қурилмада Netshare иловасини очинг.
3. "Поделиться интернет-соединением" (Share internet connection) ёнидаги катакчани белгиланг. Бу сизга гуруҳ номи (SSID) ва паролни беради.
4. Иккинчи қурилмада Netshare иловасини ишга туширинг ва юқорида берилган ном/парол билан уланинг.
5. VPN орқали уланиш хабарини тасдиқланг.
6. Тайёр.
Агар Wi-Fi дан компютер/ноутбукда фойдаланмоқчи бўлсангиз:
Юқоридаги кўрсатмаларга амал қилинг, фақат Netshare дастурини компютерингизга ўрнатиш шарт бўлмайди.
Компютерда — Параметры> Сеть и Интернет> Прокси-сервер> Настройка прокси вручную>Использовать прокси-сервер бўлимида: : Адрес: 192.168.49.1, Порт: 8282 кўринишида тўлдиринг.
Google Play Маркетда ушбу вазифани бажарувчи бошқа иловалар ҳам мавжуд, wifi repeater калит сўзи билан топилади.
Савол: Қайси смартфонларнинг ўзида Wi-Fi репитер функцияси мавжуд?
#маълумот #wifi
Beeline халқаро Интернет тармоғига тўғридан-тўғри кириш лойиҳасини тақдим этди. Ҳозирда "Ўзбектелеком" давлат корхонасидан сотиб олиши керак
Монополияга қарши курашиш қўмитасида "VEON" компаниялар гуруҳи ҳамда "Unitel" (Beeline) раҳбарлари учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар берди қўмита Матбуот хизмати.
Мазкур лойиҳа амалга оширилса, Ўзбекистондаги ахборот технологиялари соҳасига қўшимча тарзда чет эл инвестицияларини олиб кириш имконини беради (6 млн АҚШ долларидан зиёд) шунингдек, янги иш ўринлари яратиш ҳамда аҳолига интернет учун сарфланадиган маблағни камайтириш имконини беради, дея таъкидлайди Beeline компанияси.
Бундан ташқари учрашув давомида соҳадаги бошқа долзарб масалалар ҳам муҳокама қилинди. Жумладан, Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси Шахрух Шарахметов хизмат кўрсатиш услубларини қайта кўриб чиқиш ва контент-провайдерлар хизматини яхшилаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Зеро, бугунги кунда истеъмолчилар тармоқда йўқ рақамларни адашиб терганда, унинг розилигисиз пуллик хизмат кўрсатиш контент-провайдерларга уланиб қолмоқда.
Учрашув якунида томонлар мавжуд муаммоларни муҳокама қилишни давом эттиришга келишиб олдилар. Компания томонидан таклиф этилган лойиҳа нима бўлиши номаълум.
Эслатма
Узоқ йиллардан буён мамлакатимизда ташқи Интернет каналга чиқишда монополия мавжуд. Провайдерлар ва операторлар Интернетни кейинчалик ўз абонентларига сотиш учун "Ўзбектелеком" дан сотиб олишга мажбур.
Жаҳон банки ва бошқалар, бу мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётганини бир неча бор таъкидлашган. Баъзида алоҳида компаниялар ушбу йўналишда имтиёзларга эга бўлишади. Масалан 2018 йилда UMS (Mobiuz) ва 2021 йилда Ucell-МегаФон кабилар.
2018 йилда барча операторларга халқаро телекоммуникация тармоқларига тўғридан-тўғри уланиш имкониятини тақдим этиш режалаштирилган эди. Бу 2020 йилгача амалга оширилиши керак эди.
• "Ўзбектелеком" таркибида бўлган UZONLINE провайдери ва UZMOBILE ҳақида
#янгилик #оператор
Смартфонда сақланган паролларни қандай кўриш ва хавфсизлигини текшириш мумкин?
Android тизими веб-сайтлар, хизматлар ва иловалардан рўйхатдан ўтишда кўрсатилган паролларни сақлашга имкон берувчи парол менежерига эга эканлигидан баъзиларнинг хабари бўлмаслиги мумкин.
Google аккаунт ёрдамида сақланган паролларни ҳатто смартфонингизни ўзгартиргандан кейин ҳам кўришингиз ва хавфсизлигини текширишингиз мумкин.
Паролларни кўриш учун:
1️⃣ Созламаларга (Настройки) ўтинг ва Google бўлимини очинг.
2️⃣ Очилган ойнада Автоматик киритиш (Автозаполнение)→ Google Автоматик киритишни (Автозаполнение от Google) танланг.
3️⃣ Пароллар ёрлиғини очинг.
4️⃣ Барча сақланган пароллар рўйхати пайдо бўлади, қидирув ёрдамида керакли паролни топишингиз мумкин.
5️⃣ Керакли аккаунтни танланг ва кириш учун бармоқ изингиз ёки парол билан тасдиқланг.
Шунингдек Google ҳисобингизда сақланган паролларинигиз қай даражада хавфсиз, ошкор этилган-этилмаганини, уларнинг қанчалик кучли ва неча марта ишлатилганини текшириб кўришингиз мумкин.
Паролларни текшириш учун шу номдаги бўлимга ўтинг ва керакли тугмани танланг. Шахсингизни тасдиқлаш учун экран бармоқ изи ёки экран қулфи ёки аккаунт паролини киритиш талаб этилади.
Хизмат натижасида паролларингиз хавфсизлиги билан боғлиқ керакли тавсиялар берилади.
Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумот:
• Android тизимида Google аккаунт нима ва қандай ҳолатда керак бўлиши мумкин
• Эсдан чиққан аккаунтлар логин ва паролини қандай тиклаш мумкин
• Ижтимоий тармоқлар орқали сайтларда рўйхатдан ўтиш (авторизация) бу нима?
#маълумот #парол #Аккаунт
Смартфон камерасининг атрофидан товуш чиқиши нормал ҳолатми?
Cмартфон эгаларини қурилмани силкитганда ёки камерасидан фойдаланганда, гўё унинг ичида бирор нарса бўшаб қолгандек бегона товуш чиқиши тез-тез безовта қилади.
Бегона товушлар асосан камера модулининг тузилиш хусусиятлари билан боғлиқ ва камераси оптик стабилизацияга эга бўлган барча смартфонларда мавжуд.
Камера автофокуси линзалари кичик эркин ҳаракатга эга - ушбу тузилиш фокуснинг юқори тезлиги ва аниқлигини таъминлайди. Қурилмани кучли силкитганда, линзалар ҳаракатланиши мумкин ва чекловчига тегиб товуш чиқаради (тақиллаши).
Бундай механизм фойдали, чунки у аниқ фотосуратларни олиш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, камера атрофидан эшитилган товуш ишлаб чиқаришдаги нуқсон ёки бошқа камчилик эмас. Шу сабаб, камера ишлашида бирор муаммо бўлмаса, ташвишланишга ҳожат йўқ.
Савол: Қайси смартфонларда шу каби бегона товушларни эшитгансиз?
#маълумот #камера
Samsung, Xiaomi, Apple смартфонлари қаерда ишлаб чиқарилади?
Бугунги кунда технологик компаниялар қайси мамлакатларда ўз смартфонларини йиғаётгани ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Сўнгги бир неча йил ичида кўп нарса ўзгарди. Агар илгари деярли ҳар қандай смартфон ҳақида "Made in China" (Хитойда ишлаб чиқарилган) деб ишонч билан айтиш мумкин бўлса, энди вазият ўзгача тус олмоқда.
Ҳар қандай қурилма ишлаб чиқарилишининг бошланғич нуқтаси: ғоя, лойиҳа, макетларни ишлаб чиқиш, дизайни ва дастурий таъминот компанияларнинг бош офисларида яратилса, якуний нуқтаси: йиғишилиши, компания заводлари жойлашган ҳудудларда амалга оширилади.
Заводларда смартфонларни йиғиш автоматлаштирилган линияларда амалга оширилади. Замонавий технологиялар қўл меҳнатидан деярли фойдаланмасликка имкон беради. Йиғиш жараёнини қатнашадиган одам фақат қурилмани қутига солиб, уни керакли аксессуарлар билан таъминлаши керак бўлади. Яъни, смартфонлар йиғилишининг жойлашуви муҳим эмас, ишлаб чиқариш тизими ҳамма жойда деярли бир хил.
Samsung
Компаниянинг бош офиси Жанубий Кореяда, смартфонларни йиғиш заводлари Корея, Ветнам, Хитой ва Ҳиндистонда жойлашган.
2019 йилнинг кузида компания Хитойдаги смартфон фабрикалари ёпилишини эълон қилди. Аммо бир неча ойдан сўнг, турли манбаларда Samsung Хитойдаги ODM ишлаб чиқарувчиларига телефон ишлаб чиқаришининг 20% га яқинини бериши ҳақида маълумот тарқала бошлади.
Бугунги кунда Samsung смартфонларининг аксарияти Ветнам ва Ҳиндистондаги ўз заводларида йиғилади (Ўзбекистон бозори учун смартфонлар асосан Ветнамда йиғилган).
Асосан қиммат ва мураккаб Galaxy Fold ва Z Flip каби ва ўз ички бозори учун смартфонлар ишлаб чиқарувчининг мамлакати Жанубий Кореяда йиғилади.
Xiaomi
Бошқа Хитой компаниялари (Huawei, Oppo, Vivo, OnePlus ва Realme) сингари, Xiaomi бош офиси Хитойда жойлашган. Шунингдек, компаниянинг Ҳиндистонда Xiaomi India деб номланган бўлими ҳам мавжуд.
Смартфонларни йиғиш ишлари асосан Хитой ва Ҳиндистондаги Wistron, Foxconn, Inventec, Wintech каби ҳамкор компаниялар заводларида йиғилади. 2021 йил март ойида Xiaomi компаниясининг Туркияда ҳам заводи ишга тушгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Xiaomi қурилмаларини йиғиш учун алоҳида компонентлар Samsung (экран, тезкор ва доимий хотира модуллари, камера, батарея), Sony (камера), LG (экран), Qualcomm (процессор), OmniVision (камера), Tianma Microelectronics (экран), EBBG (экран)каби компаниялар томонидан ишлаб чиқарилади.
Хитойнинг "hktdc.com Sourcing" манбасига кўра, 40 дан ортиқ Хитой компаниялари Xiaomi бренди остида алоҳида компонентлар ва тўлиқ тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Шу сабаб, Xiaomi смартфонининг битта русумида турли хил экран ёки камера ўрнатилиш ҳолатлари учраб туради.
Қўшимча маълумот учун: Яқин-яқингач Apple қурилмалари хусусан iPhone ҳам Хитойдаги ҳамкор компаниялар (Foxconn) заводларида йиғиларди. Сўнгги йилларда компания Хитойга боғлиқлигини камайтира бошлади ва ишлаб чиқариш линияларини Ҳиндистон ва Ветнам каби бошқа қўшни минтақаларга кўчиришни бошлаган.
Савол: Турли хил мамлакатларда йиғилган смартфонлар ишлаши ва сифатида фарқни сезганмисиз?
#маълумот #Samsung #Xiaomi
Google Фото хизматидан чексиз фойдаланиш 1 июндан бошлаб пулли бўлади
Google компанияси энди Google Фото хизматида юқори сифатли расмларни чексиз сақлаш учун бепул хотира бермайди. Бу ҳақда ўтган йилнинг ноябр ойида эълон қилинган ва ўзгаришлар 2021 йил 1 июнидан кучга кириши керак.
Янги қоидалар кучга киргандан сўнг, фотосуратлар ва видеолар учун бепул хотира миқдори 15 ГБ билан чекланади. Хотирани кенгайтириш учун Google One обунасини харид қилишингиз ва ўз эҳтиёжларингизга қараб таклиф қилинган вариантлардан бирини танлашингиз керак бўлади.
Эътибор беринг, 1 июнга қадар Google Фото га юкланган расм ва видеоларнинг умумий ҳажми янги чекловлар билан ҳисобга олинмайди. Яъни фойдаланувчилар ҳали ҳам расм ва видеоларини Google хотирасига бепул юклашларига вақт бор.
Эслатиб ўтаман, Google Фото хизмати, расм ва видеоларни фақат сақлабгина қолмай, уларни сунъий интеллект (AI) ёрдамида саралаш ва излашда ҳам катта ёрдам беради.
• Google Фото имкониятлари ҳақида
• Yandex компаниясининг хизматлари: Яндекс.Диск
#маълумот #янгилик
Xiaomi, Redmi ва Poco фойдаланувчилари MIUI 12 нинг кўплаб муаммоларидан шикоят қилишмоқда
Xiaomi смартфонлари фойдаланувчилари анчадан буён MIUI 12 қобиғининг катта янгиланишини олишни бошлашган. Янгилашни ўрнатганларнинг аксарияти операцион тизимдаги хатолар, носозликлар ва нуқсонлар ҳақида жуда кўп шикоят қилишмоқда. Бу ҳақда Gizchina ресурси смартфон эгаларининг шарҳларига ҳаволалар билан хабар бермоқда.
MIUI 12 қобиғида жуда кўп муаммолар аниқланган. Масалан, Poco M3, Redmi Note 9S ва Note 9 Pro фойдаланувчилари ўз қурилмаларининг вақти-вақти билан ўчиб-ёнишидан (перезагрузка) шикоят қилишган. Redmi Note 8 эгалари батареянинг юқори даражада сарфланиши ва овозли билдиришномаларнинг ғалати ишлаётганини таъкидлашган.
Кичик муаммолар қаторига: смартфонлар видеони ўқиш пайтида тасодифан қора экран кўрсатиши; "билдиришномалар панели" баъзида фон хиралашишини кўрсата олмаганлиги сабабли "Бошқарув маркази" белгилари (иконка) нотўғри ва ноаниқ кўриниши; иловалар билдиришномалари кўриб чиқилгандан кейин ҳам яна қайта-қайта кўрсатилиши, баъзида смартфонни қулфдан чиқаргандан кейин экран милтиллаши; ойна ва белгиларнинг (иконка) анимациялари баъзида чалкашиб кетиши ва қурилма нотўғри ишлаши кабилар.
Шунингдек, Poco F2 Pro, Poco F1, Xiaomi Mi 10 Pro, Redmi Note 5 ва Note 5 Pro каби смартфонлар MIUI 12 янгиланишида муаммолар мавжуд.
Юқоридагилар MIUI 12 муаммоларининг тўлиқ рўйхати эмас. Xiaomi мухлислари, компания ушбу хатолар мавжудлигини яхши билса-да, ҳанузгача уларни тузатмаганлигидан янада хафа бўлишмоқда.
Xiaomi компанияси расмий веб-сайтида аниқланган хатолар ва уларни тузатишлар журналини юритади. Ҳозирда ушбу хатолар журналидаги кўпгина ёзувларнинг аксарияти "Хабар берилган" (Reported) мақомига эга. (хатолар ва тузатишлар норасмий сайти)
Фойдаланувчилар фақат MIUI 12.5 да хатолар тузатилишига умид қилишлари мумкин, биринчи барқарор тизим янгиланишлари Global смартфонлар учун чиқарила бошланди.
• Афсона: Смартфон ишлаб чиқарувчилар тизимларнинг янги версияларини эски қурилмалар секинлашиши учун махсус созлайдилар
#маълумот #янгилик
Смартфонларда учрайдиган оммавий нуқсонлар ва носозликлар
Маҳсулотни ишлаб чиқаришдаги оммавий завод нуқсонлари нафақат автомашиналарда, балки смартфонларда ҳам тез-тез учраб турадиган ҳолат.
Завод нуқсонлари деярли барча смартфон ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларида кузатилган ва баъзилари компаниялар томонидан расман тан олиниб, бупул таъмирлаб ёки алмаштириб берилган.
Масалан:
- Samsung Galaxy Note 7 смартфони аккумулятори билан боғлиқ нуқсонда компания барча смартфонларни қайтариб олишга ҳаракат қилди.
- LG G4, V10 каби смартфонларида Qualcomm процессори билан боғлиқ оммавий нуқсон кейинчалик компаниянинг мобил бўлинмаси ёпилишига сабабчи бўлди.
- Huawei Y5 II Black (CUN-U29) ва Xiaomi Mi Play смартфонлари ички хотирасининг оммавий ишдан чиқиши.
Мавзуни бугунги кунда юртимизда кенг тарқалган ва сотувда мавжуд бўлган смартфонлардаги оммавий нуқсонлар рўйхати билан давом эттирмоқчиман.
Қуйидаги нуқсонлар кўрсатилган моделдаги барча смартфонларда учрайди дегани эмас, чунки бошқа партиядаги маҳсулот одатта тузатилишлар билан чиқарилади.
• Redmi Note 9, Note 9S ва Note 9 Pro смартфонларининг камера объективига чанг кириши муаммоси кенг тарқалган ва гуруҳимиз фойдаланувчиларида ҳам кузатилган.
• Redmi 9 ва Redmi Note 9 смартфонлари камерасида олинган видеодаги аудио ва тасвир ўртасида катта кечикиш мавжуд. Муаммо қўшимча видеога олиш иловаларида ҳам кузатилган ва баъзида смартфонни қайта ишга тушириш уни вақтинча ҳал қилади.
• Redmi 9C/9C NFC смартфонларида экранни ўчириб мусиқа тинглашда товушнинг "чайналиб" тўхтаб қолиши муаммоси мавжуд ва гуруҳимиз фойдаланувчисида ҳам кузатилган.
Савол: Юқорида кўрсатилган нуқсонлар сизда учраганми ва яна қайси смартфонлардаги оммавий нуқсонларни биласиз?
#маълумот
Telegram 7.7.2 версиясига янгиланди (Тўловлар 2.0, режалаштирилган овозли чатлар ва янги веб версиялар)
Тўловлар 2.0
• Энди маҳсулот ва хизматларни тўғридан-тўғри каналлар ва гуруҳлардан сотиб олиш мумкин.
• Сотувчилар 8 та тўлов тизими ёрдамида карта орқали тўловларни қабул қилишлари мумкин. (Ўзбекистонлик фойдаланувчилар учун Click ва PayMe тўлов тизимлари мавжуд).
• Telegram харидлар учун комиссия олмайди ва банк картангиз маълумотларини сақламайди.
• Янги имкониятни ҳақиқий маҳсулотга тўламасдан @TestStore тест каналида синаб кўришингиз мумкин.
Режалаштирилган овозли чатлар
• Режалаштирилган овозли чат ҳақида олдиндан хабар бериш мумкин.
• Фойдаланувчилар рангли ортга ҳисоблагични кўришади ва овозли чат бошланиши ҳақидаги билдиришномага обуна бўлишлари мумкин.
Овозли чат иштирокчилари ҳақида маълумот
• Овозли чат ойнасида энди исталган фойдаланувчининг расмини ва таржимаи ҳолини кўриш мумкин.
• Бевосита овозли чатдан расмларингизни алмаштириш ва таржимаи ҳолингизни таҳрирлаш мумкин.
Янги веб-версиялар
• Браузерлар учун Telegram нинг иккита янги версияси ишга туширилди – ҳар иккаласи ҳам анимацияли стикерлар, тунги режим, чатлар учун жилдлар ва бошқа имкониятларни қўллаб-қувватлайди.
webz.telegram.org
webk.telegram.org
Такомиллашган медиани кўриш
• Чатдаги расм ва видеоларни очмасдан икки бармоғингиз билан катталаштиришингиз мумкин.
• Бармоғингизни экраннинг ўнг ёки чап томонида босиб туриб видеони 10 сония олдинга ёки орқага қайтариш мумкин.
Батафсил маълумот ушбу мақолада: https://telegram.org/blog/payments-2-0-scheduled-voice-chats/uz
Илованинг ушбу янги версияси Telegram расмий сайтида аллақачон жойлаштирилганлигига қарамай, Google Play Маркетда кеч эълон қилинди.
Май ойига режалаштирилган илованинг навбатдаги янгиланишида видеоконференциялар имконияти қўшилиши ҳақида хабар берилган.
Иловани юклаб олиш: Google Play, APK расмий сайтдан (http://telegram.org/dl/android/apk) ёки тасдиқланган каналдан (http://t.me/TAndroidAPK).
#Telegram #Телеграм
Филмдан олинган расм (кадр) орқали унинг номини қандай аниқлаш мумкин?
Юқоридаги савол билан гуруҳимизга тез-тез мурожаат қилиб туришади. Каналимизда ушбу саволга умумий жавоблар бўлса-да, янада аниқлаштиришга уриниб кўрамиз.
Нафақат филмдаги бирор кадр, балки ҳар қандай расмдаги нарсани нималигини аниқлаш учун, илгари ҳам маълумот берганимиздек Google Lens ва Яндекс иловаларидаги ақлли камера имкониятидан фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, расм орқали филмни излаш махсус иловаларидан фойдаланиб кўринг. Масалан, KinoScreen (КиноСкрин) – поиск фильма по картинке.
Қўшимча иловалар ўрнатишни талаб қилмайдиган ва универсал усул: глобал қидирув тизимларидан фойдаланиш.
https://images.google.com/ ёки https://yandex.uz/images/ сайтларига расмни юклаб, у ҳақида маълумот излаш мумкин.
Қўшиқ ёки мусиқа ва ижрочиси номини қандай топиш мумкин?
#маълумот #APK
Нима учун SIM-картага PIN-код ўрнатиш керак бўлиши мумкин?
Бугунги кунда SIM-картага PIN-код ўрнатиш камдан-кам учрайди, аммо тугмачали (кнопочный) телефонлар даврида бу жуда машҳур эди. PIN-кодни телефон қайта ишга туширилгандан кейингина киритиш керак бўлса ҳам, ундан ҳимоянинг бир тури сифатида фойдаланилган.
Ҳозирда бармоқ изи сканери ёки юз билан очиш технологиялари даврида тўрт хонали кодни киритиш жуда ноқулай. Ундан ташқари қурилманинг ўзи парол сўраб турганда, нима учун яна бир ҳимоя керак?
Аслида SIM-картага PIN-код ўрнатишнинг асосли сабаби бор. Гап шундаки, агар телефонингизни йўқотиб қўйсангиз ва экранда парол ўрнатилган бўлса ҳам, SIM-картангизни бошқа қурилмага ўрнатиб, ундан фойдаланиш мумкин.
Одатта рақамингиз турли хил мессенжерлар (Telegram) ва ижтимоий тармоқ профиллари, банк иловалари ва бошқа хизматларга боғланган бўлади. SIM-картангизга жўнатиладиган бир марталик код орқали, масалан Telegram мессенжери ёзишмаларини қўлга киритиш мумкин (агарда икки босқичли текширув усули фаоллаштирилмаган бўлса).
Албатта, SIM-карта йўқолган ҳолларда операторингизга мурожаат қилиб, уни блоклашингиз мумкин. Лекин, ҳар доим ҳам буни дарҳол амалга ошириб бўлмайди ёки SIM-карта йўқолганлиги кеч аниқланади.
PIN-код телефон қайта ёқилгандан сўнг сўралади ва уни киритиш учун фақат учта уриниш берилади, шундан сўнг SIM-карта блокланади ва саккизта рақамдан иборат бўлган PUK-код талаб қилинади (SIM-карта билан берилган конвертда кўрсатилган).
Смартфонда PIN-кодни қандай фаоллаштириш мумкин?
Бу қурилма моделига боғлиқ, лекин керакли созлмани топиш осон:
- Тизим созламаларига кириб юқори қидирув қисмида "SIM" калит сўзини ёзинг. "SIM-картани қулфлаш" (Блокировка SIM-карты) бандини қидиринг ва белгини фаоллаштиринг.
Савол: SIM-картани қулфлаш имкониятидан фойдаланасизми ва буни керакли функция деб ўйлайсизми?
#маълумот
Android тизимига пиёдаларни бахтсиз ҳодисалардан сақлайдиган функция қўшилди
Google компанияси Android операцион тизимига йўлни кесиб ўтаётган пиёдаларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берадиган янги функцияни қўшди.
"Heads Up" ("Эҳтиёт бўл") деб номланган ушбу функция, ишлаб чиқувчилар томонидан Android 10 операцион тизимида биринчи марта пайдо бўлган Рақамли фаровонлик (Цифровое благополучие) тизим иловасига қўшилди.
• Смартфонга қарамликни енгишга ёрдам берадиган иловалар
Янгиликнинг ғояси — йўлда ўз гаджетларидан фойдаланадиган смартфон эгаларини, автоулов уриб юбориши эҳтимоли ҳақида огоҳлантириш. Бундай ҳолатларда смартфон экранида тегишли огоҳлантириш пайдо бўлади.
Ишлаб чиқувчилар фақат огоҳлантиришни ёқишнинг ўзи етарли эмаслигини, албатта ён атрофингизга эътиборли бўлишингиз кераклигини таъкидлашган.
Google нинг кўплаб янгиликлари каби, Heads Up функцияси ҳозирда чекланган фойдаланувчилар учун мавжуд ва синов босқичида. Муваффақиятли синовдан сўнг, янада кенгроқ ишга туширилиши кутилмоқда.
#янгилик
"Яндекс" иловасида ақлли камера пайдо бўлди. У нима қила олади?
Янгиланган "Яндекс" иловаси нарсаларни реал вақтда танийдиган ва қидирадиган, матнни таржима қиладиган ва ҳужжатларни сканерлайдиган ақлли камерага эга бўлди. Унда техник кўриш, машиналаштирилган таржима ва қидириш технологиялари бирлаштирилган.
Камерани бирон нарсага йўналтиришингиз билан, у таниб олган нарсаларни белгилайди. Уларнинг кўпчилиги ҳақида, нима эканлиги ва қаерда сотилиши тўғрисида маълумот берилади. Мисол учун, агар сизга бирор нарса ёққан бўлса, худди шундай ёки ўхшаш нарсаларни қаердан сотиб олишни кўришингиз мумкин . Худди шу тарзда, ўсимлик ёки меъморий ёдгорлик номини билиб олишингиз ҳам мумкин.
Шунингдек, ақлли камера матнларни таржима қилиши (ўзбек тили ҳам мавжуд) ва ҳужжатларни сканерлаши мумкин, таржима қилинган матн тасвир устида пайдо бўлади. Ушбу иловада Яндекс компаниясининг кўплаб хизматлари ва Алиса овозли ёрдамчиси бирлаштирилган.
Иловани юклаб олиш: https://play.google.com/store/apps/details?id=ru.yandex.searchplugin&hl=uz
Мавзуга оид каналимиздаги қўшимча маълумотлар:
• Google Lens| расмдаги маълум объектларни аниқлашга ёрдам беради
• Google Lens| иловасининг қўшимча фойдали хусусиятлари
#янгилик #APK
Муаллифлик ҳуқуқи чекловларисиз расмий Telegram
Мессенжер жамоаси Android учун Telegram (7.7) янги версиясини тақдим қилди.
Янги версия Google Play Маркетда мавжуд эмас, асосий фарқи эса муаллифлик ҳуқуқи чекловлари йўқлиги ва тез-тез янгиланиши.
Ушбу версияни Telegram расмий сайти (https://telegram.org/android) ёки расмий каналидан (@TAndroidAPK) юклаб олиш мумкин.
Шунингдек Telegram иккита янги web версиясини ишга туширди:
Иккаласи ҳам жонлантирилган стикерларни, қоронғу режимни, суҳбат папкаларини ва бошқаларни қўллаб-қувватлайди.
webz.telegram.org
webk.telegram.org
#Telegram #Телеграм
Иккита SIM-картали смартфонлар ҳақида нималарни билишингиз керак
Иккита SIM-картали смартфонлар икки хил оператордан (масалан, бири интернет, иккинчиси қўнғироқлар учун) ёки шахсий ва иш учун алоҳида рақамлардан фойдаланадиганларга жуда қулай.
Бундай смартфонни сотиб олаётганда, алоқа сифати ва унинг имкониятларига катта таъсир кўрсатадиган баъзи хусусиятларни билишингиз керак.
DSDS ёки DSDA — қайси бирини танлаш керак?
Иккита SIM-картали смартфонлар DSDS ёки DSDA технологиялардан бирини қўллаб-қувватлаши мумкин.
DSDS (Dual SIM Dual Standby) — Ушбу технологияда иккала SIM-карта ҳам ишлайди, аммо улардан фақат биттасидан фаол фойдаланиш мумкин. Масалан, биринчи SIM-картага қўнғироқ қабул қилинганда, иккинчи қўнғироқларни қабул қила олмайди. Иккинчи SIM га қўнғироқ қилишга уринаётган бошқа фойдаланувчилар, абонент вақтинча мавжуд эмаслиги ҳақида хабар олишади.
Ушбу муаммо қўнғироқни йўналтириш (переадресация) функцияси билан қисман ҳал қилинади, яъни, SIM2 орқали қабул қилинган қўнғироқлар SIM1 га йўналтирилади. Йўналтирилган қўнғироқлар оператор томонидан чиқиш қўнғироғи сифатида баҳоланади.
Шунингдек, баъзи смартфонларда биринчи SIM-карта 2G/3G/4G режимларида (интернет+қўнғироқлар учун) ишлаcа, иккинчиси фақат 2G (қўнғироқлар учун) ишлаши мумкин. Бундай чекловларнинг сабаби иккала SIM-карта учун битта радиомодул ўрнатилганлиги.
Юртимизда сотилаётган смартфонларнинг аксарияти DSDS технологиясида ишлайди.
DSDA (Dual SIM Dual Active) — Ушбу технология қўшимча радиомодули туфайли SIM-карталарнинг ишлашида чекловлар йўқ. Абонент бир вақтнинг ўзида иккала SIM-картадан қўнғироқларни қабул қилиши мумкин ва умумий алоқа сифати ҳам яхшироқ. Бироқ DSDA технологиясига эга смартфонларда батарея кўпроқ сарфланади ва бундай қурилмаларнинг нархи юқори бўлади.
DSDA технологиясида ишлайдиган смартфонлар йил сайин камайиб бормоқда ва асосан Хитой учун чиқарилган қурилмаларда учратиш мумкин. Билишимча, HTC, LG, Asus, Huawei ва Honor брендлари DSDA смартфонларни ишлаб чиқаришган.
Алоҳида ёки гибрид туридаги SIM-карта слотлари нимаси билан фарқланади?
Слотларнинг икки тури мавжуд: алоҳида SIM-карталар (иккита SIM-карта + хотира картаси учун) ва гибрид (иккита SIM-карта ёки SIM ва хотира картаси учун).
Аксарият смартфонларда иккинчи вариант тез-тез учрайди. Агарда иккита SIM-карта ва хотира картасидан (microSD) бирданига фойдаланишни кўзлаган бўлсангиз, унда алоҳида SIM-карталар ва хотира карта слотига эга смартфонни танлашингиз керак бўлади.
Яқин келажакда барча смартфонлар битта сим карта ва eSIM (eSIM-карта нима?) модули билан ишлаб чиқарилиши мумкин. Ҳозирда асосан флагман смартфонларда eSIM технологияси ёрдамида қўшимча SIM-картадан фойдаланиш мумкин.
Савол: Иккала SIM-картаси бирданига ишлайдиган (DSDA) қайси смартфонларни биласиз?
#маълумот
____
Android смартфонлар учун дастурий хизматлар:
• 2 SIM картага ўгириш хизмати
Смартфонни қандай тўғри зарядлаш керак?
Одатта смартфонимизни қандай зарядлаймиз: кимдир 100% гача, кимдир фақат 80% гача, яна бошқа биров эса кун давомида оз-оздан. Лекин қайси усул тўғри ва смартфон батареяси умрига камроқ салбий таъсир кўрсатади?
Нохуш фактлар
1. Агар ҳозир смартфонингизни зарядлаётган бўлсангиз, аста-секин унинг батареяси умрини тугатяпсиз.
2. Агар ҳозир смартфонингизни зарядламаётган, лекин ундан фойдаланаётган бўлсангиз, барибир ҳам батареяси умрини аста-секин тугатяпсиз.
3. Смартфонингиздан фойдаланмасдан, уни ўчириб қўйган бўлсангиз ҳам батареяси умрини аста-секин тугатяпсиз.
"Умри тугаётган" смартфон батареясини қандай аниқлаш мумкин?
Замонавий батареялар мукаммал эмас, ҳар бир заряд-разряд цикли муқаррар равишда батареянинг ичидаги ўзгаришларга ва вақт ўтиши билан батарея қуввати пасайиши ва унинг ишдан чиқишига олиб келади.
Масалан, замонавий смартфонлардаги батареялар 500 та тўлиқ заряд/разряддан кейин ўртача 20% қувватини йўқотади, бу тахминан 1,5-2 йил иш вақтини ташкил этади.
Лекин батарея умри тугаши тезлигига таъсир қиладиган иш цикллари сонини 500 дан 1000 гача ёки ундан ҳам кўпайтириш мумкин.
Смартфонни қандай тўғри зарядлаш керак?
- 0 дан 100% гача — энг яхши вариант эмас. Батарея тўлиқ тўлдирилганда унинг ишдан чиқиши тезлашади ва қизиб кетиш хавфи ортади. Буларнинг барчаси батареянинг ишлаш муддатини қисқартиради. Шунинг учун электромобиллар ҳар доим фақат 80% гача зарядланади. Бу кейинчалик батарея хизмат муддатини узайтиради.
Шу сабаб, смартфонларни зарядлаш учун кўпчилик фойдаланадиган усул: 0 дан 100% гача зарядлаш —энг мақбули эмас.
- 20 дан 80% гача
20 дан 80% гача бўлган зарядлаш, 0 дан 100% гача усулига қараганда анча мақбул ҳисобланади. Ушбу иш режими батарея умрига камроқ салбий таъсир кўрсатади ва кўпчиликка маъқул келиши мумкин.
Агарда батареянинг 80% заряди сизга кун давомида етарли бўлса, ушбу режимдан фойдаланишингиз мумкин. Зарядлашни кузатишда AccuBattery каби иловалар ёрдам беради. Бироқ, бу усул ҳам энг яхшиси эмас.
- Оз-оздан
Агарда батареянинг умрини кўпроққа узайтирмоқчи бўлсангиз, уни ҳар доим 50-70% қувват билан кун давомида оз-оздан зарядланг. Ушбу усул учун симсиз зарядлаш мосламалари жуда мос келади ва бу қулай ҳам. Лекин замонавий симсиз зарядлаш стандарти самарадорлиги атиги 60% ни ташкил қилади, қолган энергия иссиқликка кетади.
• Батафсил маълумот ушбу мақолада (рус тилида)
• Афсона ва ҳақиқат: смартфон ёки планшет батареясини қандай қилиб тўғри заряд қилиш керак
• Смартфонни тўғри зарядлаш ва батареясига оид қўшимча маълумотлар
Смартфонлар учун таъмирлаш, батарея алмаштириш ва дастурий хизматлар: /channel/gsmgurus_FAQ_shop/58 (Манзил: Тошкент шаҳри, "Малика" бозори)
#маълумот