#hafsala
🖋Ниҳоят янги китобимни нашр қилиш учун материаллар тайёр ҳолатга келди. Бу, албатта, шеърлар жамланмаси эмас, асосан эсселардан иборат китоб. Тўпламнинг номи "Осмон ерга яқин".
Ҳар ким ҳар турли идрок этади. Ҳар кимнинг ўз ҳаётий фалсафаси, таянадиган ҳикматлари, хулоса ва иқрорлари бор. Менинг англашимча, Осмон ерга жуда яқин...
Реал воқеликлар,, кечинмаларим, атрофимизда яшаётган одамлар тақдирлари, хотиралар, эсдаликлар... барчасини самимий баён қилишга уринганман.
Баҳосини, албатта, ўқувчилар беради!
📚t.me/faxriddinhayit
***
Мактабда ўқиб юрган кезларим, кимё ва биология фанларини яхши ўзлаштирардим. Чунки, бу фан ўқитувчимиз – Адолат Шербоева ҳам ўқувчининг билим олишига қайишадиган устоз эдилар. Ўз ўрнида қаттиққўл, ўзингдан кетсанг, оч биқинингдан дарча очиб қўярди.
Ўспиринлик. Овоз дўриллаб, мўйловлар сабза ура бошлаган дамлар бир гал устознинг сабоқларида болалар билан ғала-ғовур қилиб, сал ҳаддан ошибмиз. Авзойи ўзгарган муаллима, “Ҳайитов, каридорга чиқинг” деб қолдилар, ҳайрон бўлиб, ортидан эргашдим.
Синфхоналардан дарс жараёни овозлари эшитилиб турибди-ю, йўлакда ҳеч ким йўқ. Бироз жимликдан сўнг устоз кўзларимга ўқланган милтиқдек нигоҳини қадаб, қўлини мушт қилиб, биқинимга ниқтади. Айбимни тушуниб, ерга қарадим:
– Сени одам бўлади, деб ўйловдим, бу кетишингда гўрам бўлмайсан! Бор кир!.. – Анг қолдим, шу устоздан ҳали бундай дакки эшитмагандим. Бунга йўл қўйганим, ҳурматимдаги ўқитувчининг ишончини йўқотганим учун қаттиқ ранжидим. Аммо, ҳамманинг олдида изза қилмади.
Бошқа бу мавзуга қайтилмади, мен ҳам мақсадим ҳақида хулоса қилиб олдим, ўқишни ташлаб қўймадим.
Битирув арафасида, устоз шу йўналишда ўқишга тайёргарлик кўришимни тавсия этдилар, менинг танловимда эса, адабиётнинг, ижоднинг юки оғир келди...
***
Кимёвий элементларни тушунмасак ҳам, кўнгил элементи бўлган сўзларни реакцияга кириштириб, ижоднинг ҳаракатини қилиб юрибмиз. Кимга маъқул, кимга номақбул?!
Айтганча, университетнинг боғи учун ниҳол ҳам қададик, спорт мусобақасида ғолиб жамоаларга совғалар бердик... ишқилиб ҳаммасини уддаладик.
Хулоса шуки, башарият саодати яширилган, мўъжиза саналадиган – кимё соҳаси инсоният тафаккурининг буюк кашфиётларини очувчи улкан калит ҳисобланади.
Шу калитни бармоғида ўйнатиб юрадиганлар ўзимизнинг болаларимиз бўлишини жуда-жуда хоҳлайман.
Фарзандларингизга Халқаро Менделеев университетининг Тошкент филиалини тавсия қилиб кўринг.
Фахриддин Ҳайит
t.me/faxriddinhayit
✅ КЎНГИЛ КИМЁСИНИНГ БОРМИ ҚИЁСИ?
Халқаро Менделеев университетининг Тошкент филиалида.
🔽Мақолани ўқинг.
🖌t.me/faxriddinhayit
⬇️ Ўқинг. Қизиқ
“ДЕНГИЗИНИ ҚУРИТГАН ЭЛГА ДЎСТ БЎЛОЛМАЙМАН”
😢t.me/faxriddinhayit
#safarda
Қизғалдоқзор далалар...
🌱 t.me/faxriddinhayit
Ниҳоят....
Бугун якшанбада ҳам ишладим..
"Жиноятчи" қўлга тушди. 😄😄😄
Хотиржам ухлаверинглар энди.
Эртага оғир кун!
t.me/faxriddinhayit
#yangisidan_bor
ЭШАК ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Елкасидан эшакнинг
Тушиб бир кун залвори,
Доруломон замонда
Кулибди бахт-иқболи.
Янгилабди хуржину
Эгар, жабдуғ, юганин.
Энди кўринг, эшакнинг
Кўча кезиб юрганин.
Ақли тошиб чаноқдан
От санайди ўзини.
Арпа чайнаб тумшуғи,
Ёғ босибди кўзини.
Эшак зотидек доно
Зот йўқ эмиш аслида,
Улуғ эшак боболар
Ўтган эмиш наслида.
Во ажаб, жониворнинг
Тош ёрар иддаоси:
Бир тийинга қиммат эмиш
Одамзотнинг баҳоси!
Ана холос, жим бўлдим,
Сўзламадим ҳеч бир гап!
Юраманми мен ҳам сўнг
Ўтган-кетганга ҳанграб.
Оғир ботади бироқ,
Динг қилиб қулоғини,
Эгнингга артиб кетса,
Гўнг босган туёғини...
🖌Фахриддин Ҳайит
📎2024 йил 13 апрель
😁 t.me/faxriddinhayit
***
Рамазон ҳайити муборак бўлсин, азизлар!
Бугун энажонимни йўқлаб йўлга чиқдик, қишлоққа келдик... Қишлоқнинг, эна уйимнинг хушбўй иси бор... Нега шундай а?!
Йўлда дўстим Ҳусниддин Бердиев билан тасодиф учрашдик, оилавий суҳбатга имкон бўлди. Жиззах довонидаги яшил адирларда икки оила нафас ростладик, суҳбатлашдик.
Кенгликларнинг, бепоён далаларнинг руҳга берадиган қуввати ўзгача!
Тахти қорача довонидан бироз қийналиб ўтдик. Катта тирбандлик! Табиатга талпиниб, экосаёҳатга чиққан юртдошларимиз чунонам кўпчиликни ташкил қиладики, йўловчиларга сал ноқулайлик туғилмоқда, нақд 2 соат тоғу тошлар орасида манзилга илҳақ қолиб кетдик.
Бу бўйича Экология вазирлигига эътироз ва таклифларим бисёр, эшитса, айтаман.
Хуллас, байрам яхши, дийдор учун имконият яратади.
Айтганча, тоғларда чукури (равоч) пишибди. Нархи тиллонинг баҳосига тенг.
Майлида, аслида Она юртнинг ҳар гиёҳи, майсаси ~ бебаҳо!
Яхшилар, яхшиликлар бор бўлсин!
t.me/faxriddinhayit
#yangisidan_bor
БИРОВНИНГ ЮКИ
Баъзан малол келар бировнинг юки,
Баъзан яғир қилар елкангни бу иш.
Етиб турганида ўз ўзингники,
Оғир ботар экан бегона ташвиш.
Асли ҳар амалнинг ҳисоби Ҳақдан,
Ўз ғаминг аритсанг ҳузур бу олам.
Десанг, умидворман ҳар икки ёқдан,
Тортиб тур бировнинг ташвишини ҳам.
🖌 Фахриддин Ҳайит
📎 2024 йил 6 апрель
📚 t.me/faxriddinhayit
НИЯТ ҲАҚИДА
Во ажаб, бировга, ҳатто энг зўри –
Чоҳ қазиган бўлса, ўзи тушгандир.
Бўри чоҳ кавласа, йиқилган бўри,
Қўзи чоҳ қазиса, қўзи тушгандир.
Дўстим, харобазор кўнглингда не ҳол?
Зинҳор қоралама шўрлик қисматни.
Нечун саждага бош қўйишдан аввал,
Поклаб олмоқ лозим бўлар ниятни?!
🖋 Фахриддин Ҳайит
📆 2024 йил, 3 апрель
🌱 t.me/faxriddinhayit
Аксига олиб, ўша йили Журналистика факультети Бешёғочга кўчириб юборилди. Августнинг сўнгги кунларида факультетга кириб бордим. Деканатда не кўз билан кўрай, кўнгилчан бола турибди:
– Ҳа, сенам ўқишга кирдингми?
– Ҳа, кирдим.
– Бюджетми, контракт?
– Бюджетга, – беозор жилмайди... Менга у ич-ичидан мақтангандек туюлди.
Сочлари тикка бола ижодий имтиҳонни қотирмаса ҳам, тестдан юқори балл тўплаган экан. Омадини берсин! Ўша ерда яхшилаб танишиб олдим. Исми Бахтиёр, фамилияси Ёқубов экан. Ҳеч қандай 6-7-синф ўқувчиси эмас, ўзи боладай кўрингани билан тенгқурлари қатори мактабни битирибди. Барибир мендан кичик бўлгани учун “сен”лашни канда қилмадим.
Бахтиёрни боладек ёш тасаввур қилган бир мен эмас, бир кун дарсда устоз Раҳимбой Жуманиёзов ҳам ростни ҳазилга қориштириб “Нечанчи синфда ўқийсан”, деб сўраб қолганди.
Бахтиёр билан ўша кундан дўст бўлиб кетдик. Бир кунда ётоқхонага жойлашдик.
У дамлар маҳаллийчилик ўта авжида эди. Талабалар орасида “сурқаш”, “самбух”, “фан” каби тўдалик, бузғунчиликни тарғиб қилувчи иллатлар миллатнинг ўзагини кемириб, авлоддан авлодга эстафетадек ўтарди.
Талабалар шаҳарчасида ёшлардан иборат гуруҳчаларнинг билиб-билинмайдиган низолари, тўқнашувлар, зўравонликлар юз бериб турарди. 12-талабалар ётоқхонаси ана шу маҳаллийчиликни янада авж олдирадиган “гугурт қутиси” эди.
“Титаник” номини олган бинонинг 5-чи қаватида жойлашган бир гуруҳ “сурқаш”лар ўзларини ётоқхона “авторетети” ҳисобларди. Талабалар уйида бўш хоналар фақат шу қаватдан топилар, аммо ғурбатга бош суқмаслик учун кўпчилик юқори қаватдан жой олишни истамас эди.
Нима ҳам бўлди-ю шу қаватдан жой чиқиб, фарғоналик курсдош дўстимиз Давлат Полвон билан кўчиб ўтдик. Бир девор ёнимизда тўданинг “бокс қўлқопи”, ҳайбатидан ҳўкиз ҳам ҳуркийдиган сурхондарёлик девкелбат йигит яшашини билиб қолдик. Бу девнусха бўлди-бўлмадига “хо-хо”лаверар, билагидан кучи тошиб, танига сиғмай деворни муштлар, йўлакда учраганни туртиб ўтар, туни билан шаҳарчани кезиб, “овга чиқар”, кўрган-кечирганларини ҳамтовоқлари билан тонггача муҳокама қиларди.
Бизнинг хонамизга ҳам баъзан курсдошлар чиқиб, шеър, адабиёт, ижод ҳақида гаплашиб турардик. Ва албатта, қорин ғами ҳам бир-биримизни йўқлаб чиқишга сабаб бўларди.
Шундай кунларнинг бирида, тушдан сўнг овқат тараддудини кўриб, остонада картошка-пиёз арчиб тургандим, эшик қоқиб Бахтиёр Муҳиддин Абдусамадни етаклаб, “меҳмонга” келди...
Октябрь ойининг илиқ кунлари – хона деразалари ланг очиқ. Ҳамсоя хонада баланд-баланд овоз янграр, чамаси, девкелбат қўшним, деразадан пастда юрганларга ҳайқирар, нима деб алжираётганини ўзи ҳам англамас, аммо, бу ишидан завқи ичига сиғмасди:
– А-ууу, мен шоир эмасман жоонииим...
Нохуш бақириғидан дераза қаршисидаги чинор шохларида чуғурлаб турган қушлар ҳам гуррос кўтарилиб жуфтакни ростлаб қолади.
Дераза рахига суяниб турган Бахтиёр бу овоз ён ойнадан янграганини илғамади шекилли, бизга кайфият бериш учун секингина “мен шоирман, жооониим”, деб қўйди.
Бутун аъзойим титраб кетди. Чунки, Бахтиёрнинг гапи ён дераза олдида турган девкелбатнинг қулоғига чалинганини ҳис қилгандим. Айтганимдек бўлди:
– Ким? Ким мени мазах қиляпти?
Бир пасда чақмоқ чақиб, момоқалдироқ бошланди. Бахтиёрнинг ранги учди, қорагина болакайнинг чеҳраси супрадаги ундек оқарди. Миямда ўй-фикрлар шунчалик тез югурганидан, бошим айланиб кетди. Бахтиёр наманганлик, тўда аъзоларининг ўлжасига айланиши ҳеч гап эмасди. Жуссаси кичкина ўша кўнгилчан болани дароз қўшним бир мушт билан асфалософинга жўнатиб юбориши тайин эди.
Девкелбатнинг бир девор хонадан дўқ уриб, ўтиб келишигача вақт оралиғида қароримга якун ясадим. Эшик чунонам зарб билан тепилдики, “ошиқ-мошиғи”дан чиқиб кетганида деразадан учиб, пастга қуларди:
– Ким гапимни қайтарди?
Чўккалаб ўтирган жойимдан турдим:
– Мен...
Остонадаги пояфзаллардан бирини улоқтирдимми, йўқми, билмайман, юзим қонга беланган, Бахтиёр, Муҳиддин кўзда ёши билан атрофимда югуриб юрганини кўрганимда, миям ўз ўқига қайтганини фаҳмладим. Чамаси, улар қўрқиб кетганидан, йиртилган кўзимнинг остига нима босишни билмай жонсарак.
🖌 Янги ҳикоя тайёр бўлди.
Кузатиб боринг... Тўқилмаган ҳикоя, ҳаммаси ҳаётий...
Улуғ кунларда яхши дўстимизга изҳоримиз бу!
🥊 t.me/faxriddinhayit
#bugun_bayram
🌸 Саҳарлаб ёққан ёмғир тупроққа куч бериб, табиат янада жонланибди. Атроф-оламни ўзгача тароват билан уйғотган қудрат, қалбларимизни ҳам яхшиликлар ила безасин!
🌺 Наврўз айёмингиз муборак бўлсин!
🌱 t.me/faxriddinhayit
#yangi_nashr
Бугун бир ажойиб совға олдим. Даъфатан, кўксимда мизғиб қолган томирларим уйғониб кетгандек бўлди...
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси, “Ишонч” газетаси таҳририяти ижодкорлари жамоаси “ВАТАН” деб номланган журналга тамал тошини қўйиб, илк сонини нашрдан чиқарибди. Бежирим хатжилдда алоҳида исмимизга битилган нома билан юборилган янги нашрнинг иси тандирдан узилган нондек димоққа урилиб турибди: бай-бай бай...
Ватан десам, отам кўз олдимга келади: поданавбатда Қизилдарё бўйлаб мол ҳайдаган дамларимиз, момомнинг узун пешайвонида қалдирғочлар чуғурлашиб ин қураётгани, энамнинг тандирдан нон узаётгани, Валя муаллимнинг сўнгги кунларида фарзандларига она юртидан олиб келтирган бир тугунча тупроқни юзига босиб ҳидлаётгани ва яна далалар... тоғлар... булоқлар... йўллар... Ўйласам, асли борлигим ватан экан:
Ватан дегани бу – бир ҳовуч тупроқ,
Ватан дегани бу юракда титроқ...
Журналдан жой олган Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Имтиҳон” шеърида шундай сатрга кўзингиз тушади: “Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу...”.
Инсонга берилган умрнинг ҳар лаҳзаси синов экан, демак, чиндан Ватанни севмоқлик ҳам имтиҳондир. Шу имтиҳон барчага хайрли бўлсин!
Ватан мавзусида бирор жумла битиш – ижодкорга улкан масъулият юклайди. Юрт шаънига сўз айтмоқнинг, эътироф этмоқ, изҳор қилмоқнинг катта юки бўлади.
Демак, янги нашрда кўнгилни юксалтирадиган асарларни ўқиймиз. Бу минбарда сўз айтмоқ жоиз бўлса, дил изҳорларимизни илинамиз.
Янги қадам, янги нашр муборак бўлсин!
📪t.me/faxriddinhayit
Ёзи билан Дўмбирободнинг биқинидаги анҳорда чўмилардик, мен ўша-ўша ошпаз эдим. Сурхондарёдан ўз ёғига қовурилиб, каталакка бостириб юборилган гўштларни солиб, Жовли бобонинг саховати-ю ўзимнинг дўстларга меҳримни қўшиб таом тайёрлар эдим.
Кейин дўстлар билан ғала-ғовур, тонггача телевизор мурватини бураб қизиқроқ канал ахтариб чиқардик...
...Анвар билан Бахтиёрга ҳар куни тонгдан нонушта тайёрлаб, айтиб берадиган эртагим бор эди:
“...Бир куни товуқ йўлда кетаётиб, бир дон топиб олибди, “ким тегирмонга олиб боради”, дебди товуқ. “Мен олиб бормайман”, дебди ўрдак, “мен олиб бормайман”, дебди ғоз. Кейин донни товуқнинг ўзи тегирмонга олиб борибди.
“Ким донни тегирмонга тортади”, дебди товуқ. “Мен тортмайман”, дебди ғоз, “мен ҳам қилмайман”, дебди ўрдак...
Бу эртакдаги образлар бизга қуйиб қўйгандек тушарди. Товуқ ниҳоят ун қориб, нон ёпибди. Иссиқ ноннинг иси оламни тутибди:
“Ким нон ейди”, дебди товуқ. “Мен ейман”, дебди ўрдак, “мен ҳам ейман”, дебди ғоз. Тайёр нонга ўрдак ҳам, ғоз ҳам давогар чиқибди. Шунда товуқ ўрдак билан ғозга қарата...
Шу жойида ширин уйқуси чилпарчин бўлиб, иккиси ҳам бақиради: “Фахриии, бўлди!”...
Кейин узун-калта бўлиб, кечикиб, аудиторияга кириб борамиз...
Манглайни қаранг, биз университетга кирган (1999) йили ТошДУнинг (ўша ўқув йилининг 2-ярмида ЎзМУга айланди) журналистика факультети Бешёғочга кўчиб борди. 1-, 2-курслар оралиғида, ёзги таътилда факультет биносининг ҳам таъмирига қарашганмиз.
...Машҳур тилшунос, услубшунос олим Ирисали Тошалиев (раҳматли) услубиятдан дарс ўтарди. Бир гал сабоқда домла савол ташлади, ҳамма жим:
– Қани, Алпомишлар, Барчинойлар, айтинглар?! – Домла бироз ранжиди.
Яна ҳамма жим. Шу сукунатда Анвар тилга кирди:
– Бойбўрининг ўзи айтсинчи?!.
Ўша куни Тошалиев домла бутун аудиториянинг “пўстагини қоққанди”.
Анвар тўп суриб, ҳориганда майдоннинг кўм-кўк чимлоғида қулочини ёйиб, осмонга термулиб ётарди, шунда унинг шоирлиги кўзга ташланарди.
Анвар самимий шеърлар ёзарди. Айниқса, она соғинчи акс этган сатрлари кўздан ёшни думалатарди: “Яна вокзалларда тўкилар ёшим...”.
У 12 ёшида Сурхондарёдан пойтахти азимга келиб, нафис санъат лицейида ўқиган, бола қалби билан соғинч-изтиробларини туйиб, туйғулари эрта тобланганди. Ҳаётни ҳис қилгани каби, кўнглида бори шеърда акс этарди.
Бола ёшида Анвар дунёни товон тегиб, тулаган пўстакдек англагани мана шу сатрларида яққол кўринади:
“...Ўнг қўлни чап кўкракка
сўнг аста узатамиз,
Бешикда кутиб олиб,
тобутда кузатамиз”.
Бир куни икковлон Ёзувчилар уюшмасига етаклашиб бордик. Қораламаларимизни (ҳозирда таниқли) шоир акалардан бири варақлаб, ўқиб чиқиб, вазн-туроқдан сабоқ берган бўлди. Шундан кейин дамба-дам уюшмага бориб турадиган бўлдим, Анвар оёғини тортди.
Бизга илк шеър сабоғини берган шоир акамиз, ҳар гал мени кўрганида, Анварни сўрарди:
– Қани анави Байронга ўхшайдиган шоир? Унинг шеърларида ҳам байронча шашт, самимият бор эди...
Устоз-шоир Анварда XIX асрда Европада яшаб ижод қилган инглиз шоири Жорж Байронни кўрган эди. Грекча бурни, оппоқ юзи, жингалак сочи, самимий сатрлари билан уюшма ходимига Анвар шундай таассурот қолдирган эди.
Анвар Самаднинг “Таскин” номли иккинчи тўплами нашр этилди-ю, кейин ижодида узилиш пайдо бўлди. У журналист сифатида жамоатчиликда ўрнини топа бошлади ва буни уддалади.
Анварнинг камсуқумлиги, тортинчоқлиги бор. Балки, ёстиқдай дафтарларда кўнгил кечинмаларини бостириб қўйгандир...
Анвар суянса бўладиган, яхши дўст, кун оша сўраб, кўнглимизни овлаб туради. Бугун у 3 нафар фарзанднинг забардаст, меҳрибон отаси. Айтганча, уйланганда, тўйида ўзим бошловчи бўлганман, майли, бу бошқа мавзу...
Қарангки, Анвар Самад бугун 40 ёшни қаршилабди.
Жигарим, туғилган кунинг муборак бўлсин!
Фахриддин Ҳайит
t.me/faxriddinhayit
🎥 Бугун "Бормисиз, омонмисиз?" кўрсатувигв таклиф қилишди. Тўғридан-тўғри эфирда бир соат яйрадик.
🌺 Нозима Воҳидова билан ҳаммаси тасодиф бошланиб, табиий, самимий давом этади, муваффақиятли якун топади.
📺 Кўрсатувни кўришга улгурмаган бўлсангиз, жараёндаги лавҳалардан баҳра олинг.
Ижодкорларнинг давраси ўзгачада!
🎬 t.me/faxriddinhayit
КЎНГИЛ КИМЁСИНИНГ БОРМИ ҚИЁСИ?
***
...Болаликда қишлоқда тўйлар асосан пахта мавсумидан сўнг бўлиб ўтарди. Тўй қилиш учун бригадирдан ва колхоз мутасаддиларидан рухсат олинарди.
Йиғим-терим мавсуми ўтиб, баъзан қорли-қировли, баъзан кеч кузакнинг қуруқ совуқларида тўйдан баҳра олардик.
Бола зоти борки, манглайига теккан совуқдан азият чекиб, бурундан доим сув оқиб юрарди. Олача чопоннинг кўкрак боғичини боғлаб, резина этикни судраб, кетганимиз-кетган эди...
Тўй авжида ҳамсоя-ҳақнинг тенгқур болалари билан, 5-6 та бўлиб, дарвозадан сизиб, ерда қазилган катта ўчоқда қулоғидан осилиб турган дошқозон атрофида гирдикапалак бўлардик.
– Болаларга ҳам ош сузинглар, – баковулнинг кўзи тушиб, “хизматкор”ларга ўшқириб қўйиши билан ошга етардик.
Самоварнинг қўнжидан жой тегарди. Сомоннинг савораси сочилган зах ерда чўккалаб, 4-5 бола бир товоққа панжа боритиб, қориннинг ғамини аритардик.
Шундай кезда тўйда, кутилмаган туб бурилиш юз бериб, дабдурустдан келган меҳмонлар ҳаммани шошириб қўярди.
Баковулнинг овози янграрди:
– Эя, қаранглар-а, “РайКом”дан меҳмонлар келишди.
Мижовуллар гуррос югурар, “қора” халқ қолиб, ҳамма парти-патак, пўрим кийинган, бироз калондимоғ меҳмонларни улар учун алоҳида тузатилган дастурхонга бошларди.
Билмадим, мен билан ош еб ўтирган тенгқурларим бу манзараларни кузатганми-йўқми, бола нигоҳим билан ушбу тасвирларни дилимга муҳрлаб олардим. Ва албатта, кўксимда бир орзу уйғонарди: “Мен катта бўлсам, тўйларга борганимда, алоҳида кутиб оладиган одам бўламан!”
Бугун кулгули туюлар, аммо болаликнинг орзулари ҳам содда, ҳам самимий, ҳам улуғвор бўлади... Шунинг учун доим айтаманда, аввало, болангизга ўзи ҳам ишониб қоладиган – яхши ният қилишни, орзу қилишни ўргатинг.
Ҳа, майли, болалигимдан бир парча хотирани бежиз ёзмадим...
***
Бугун “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида Халқаро Менделеев университетининг Тошкент филиалига бордик.
Устоз Абдуқаюм Йўлдошев билан вақтни чамалаб, панжара ташқарисида кутиб тургандик, университет қаршисида карнай-сурнай садолари янграб қолса бўладими... Уч-тўрт қизлар атласда товланиб, нон тузлар билан ҳовлига чиқиб кела бошлади.
– Устоз, юринг, меҳмонлар билан қўшилиб кириб оламиз, – дедим Абдуқаюм акага юзланиб.
Икки тортинчоқ сирғалиб, бино рўпарасига ўтдик. Қарасак, бошқа меҳмондан дарак йўқ. Бу тантановор чорлов, лалидаги нон-тузлар биз учун экан. Мана ҳурмат, ана иззат... Ҳаяжондан титраб, нонни тузга кўпроқ ботириб юборибман, шўртак луқмани ютиб, ошқозон тугул мияни ҳам туз босди.
Фойеда кўргазма ташкил қилишибди, иннайкейин, моҳир талабалар кимёвий лаборатория жараёнларидан қизиқарли реакцияларни кўрсатиб беришди.
Тадбир жуда кўтаринки руҳда ўтди. Университет атрофида жойлашган 3 та умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳам обдон тайёргарлик кўришибди, ўзимизни экранда кузатиб, ижодимиздан ўқилган намуналарни эшитиб, дил яйради.
Ушбу олийгоҳнинг директори вазифасини бажариб турган Ботир ака Нурматов ҳам одамохун, самимий киши эканлар. Бирга муассаса ҳовлисини айланиб, талабаларга яратилган шароитларни кўрдик, жуда замонавий...
Бу ерда ўқийдиган, талабаликнинг гаштини сурадиган ёшлар керак! Ҳозир ҳам бор, аммо улар жуда кўп бўлиши зарур!
Тарихга назар ташласак, кўплаб улуғ бобокалонларимизни жаҳон кимё фанига ривожига муносиб ҳисса қўшганига гувоҳ бўламиз.
Ар-Розий, Ал-Беруний атомлар бўлинишини, майда заррачалардан иборатлигини айтган. Али Абу ибн Сино эса ўша даврларда маълум бўлган барча табиий даво ҳисобланган кимёвий моддаларнинг таркиби ва хоссаларининг классификациясини ишлаб чиққан.
Менимча, давлатнинг иқтисодиётини кўтарадиган соҳа – саноат, ишлаб чиқариш бўлса керак. Буларнинг асоси – кимё ва технология.
Ушбу соҳага ёшларни қизиқтиришимиз, етук кашфиётчи олимларни тайёрлашимиз жоиз. Бугун дунёда ким илдам яратиш жанги кетяпти. Ким қаловини топса, ўша ғолиб, шунинг ҳаёти фаровон!
Қолаверса, илм-фан тараққиётига тикилган инвестиция битмас-туганмас хазина очишдай гап. Шундай эмасми?!
#ana_xolos
“ДЕНГИЗИНИ ҚУРИТГАН ЭЛГА ДЎСТ БЎЛОЛМАЙМАН”
... Кеча Халқаро қишлоқ хўжалиги университети ташкил этган “Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирларда устоз Абдуқаюм Йўлдошев, ёш режиссёр Сардор Ҳамроев билан бирга иштирок этдик.
Тадбирлар доимгидек, рисоладагидек ўтди...
Ҳаммасидан ҳам университетнинг биринчи проректори Беҳзод ака Эгамбердиевнинг суҳбати менда улкан таассурот қолдирди. Германияда таҳсил олиб, илмий иш ёқлаган олим, таклиф билдирган ўзбекистонлик мутасаддиларга “лаббай” деб, кўч-кўронини кўтариб ота юртига қайтиб келибди.
У кишининг суҳбатини сиз билан бўлишаман.
– Фарзандларимга уйда ўзбекча сўзлаймиз, аммо Германиядаги мактаб муҳитининг юки босиб, тили тобора немис тилига ўрганди. Мен бўлса, она тилини унутмасин деб, ўзбекча гапиравераман, – деб хотираларини баён қилади Бекзод ака самимий оҳангда. – Айниқса, мактабга ортидан борганимда, қизим кўп тайинлайди:
– Дада, ўртоқларим олдида ўзбекча гапирманг.
Мен ўзбекча гапиришни канда қилмайман, ўзлигини унутиб қўймасин деб қўрқаман.
Бир куни мактабга бордим: доимгидек мен ўзбекча гапирдим, қизим немисча... Бизни ажабланиб кузатиб турган тенгқур қизалоқлар, кетганимдан сўнг, қайси тилда гапирганимни сўрабди. Ўзбек тилида, дебди қизим истар-истамай.
Кейинги куни бошида дабдурустдан яқин дугонаси қизим билан бошқа дўст бўлмаслигини айтиб, орани очиқ қилибди:
– Нега? – Қизим таажубга тушибди.
– Сиз Орол денгизини қурутиб юборган халқ экансизлар, энди дўст бўлолмаймиз, ота-онам шундай қарор қабул қилди!
Қизим биздан чунонам ўксиди:
– Дада, ўртоқларим олдида ўзбекча гапирманг деб сизга айтгандим...
Мен мактабга борган куним, қизимнинг ўзбек эканини билган ўртоғи уйига бориб, ота-онасига биз ҳақимизда гапирибди. Улар компьютерга кирибди-ю, интернетдан Ўзбекистон ҳақида маълумот қидирибди. Буни қарангки, биринчи бўлиб, Орол денгизи муаммосига рўпара келибди, денг...
Кейин барча гаплар синфга ёйилибди. Қизим бутун бошли денгизни қуритган миллатнинг зурриёди бўлиб, ўртоқларининг кўзига ташланиб қолди. Барчамиз сиқилдик.
Вазиятни шу ҳолда қолдириб бўлмайди. Мактабда Ўзбекистон ҳақида тақдимот ўтказамиз, деб таълим муассасаси раҳбариятига чиқдим, фақат Орол денгизи ҳақида гапирмайсиз, дейишди, рози бўлдим.
Биз барчасининг уддасидан чиқадиган халқмиз, яна шу ош-овқатимиз, сергўшт таомларимиз билан ғолиб бўлдик. Ош, сомса, шашлик... пишириб, синфга зиёфат қилиб бердик, ҳаммаси олқишлади:
– Ооо, ўзбеклар жуда меҳмондўст халқ экан...
Баҳонада тарихимиз, улкан маданий меросимиз ҳақида гапириб бердик.
Воқеадан шундай хулоса қилдим, немислар табиатни ўзининг бир бўлаги деб билар, унга қилинган ёвуз муносабатни инсониятга қилинган хиёнат деб тушунар экан.
Беҳзод ака гапиряпти-ю ичимдан кўплаб саволлар ўтяпти.
Майли, Орол денгизининг муаммосини, талх қисматини эслатмоқчи эмасман.
Лекин фарзандларимизга табиатни асраб-авайлаш, атроф-оламнинг яшиллиги, борлиқнинг мусаффолигини сақлаш бўйича қандай ибрат кўрсатяпмиз?!
Тоғларга қорини, дарёларга сувини, ҳаттоки, қум-шағалини, ариқларга сипқориб ичса бўладиган оби-ҳаётни, улкан дарахтларга салобатини, боғларга файзини қайтариб бера оламизми?
Бир кун келиб, авлодларимиз бош кўтаролмай юрмасинда, ишқилиб...
🖋Фахриддин Ҳайит
📕t.me/faxriddinhayit
🚄 Йўлдаман...
💼 Ўзим туғилиб ўсган Қашқадарёда 10 кун хизмат сафари билан бўлдим. Аммо, иш билан бўлиб, ота уйимга боролмадим...
Болалигим изи тушган йўллар, кўчалар, далалар, адирлар тафтини ҳис қилиб турдим...
Самимий, юзида ҳам, қалбида ҳам қуёши бор одамлар билан суҳбатлашиб, анча дилим ёзилди.... Бу гурунглар келгуси ижодда ҳали ўз аксини топади.
🦅 Ҳали бу ёқларда қушлар гала-гала бўлиб учиб юрибди. Энди маза кираётган марварид тут шохларида чуғурлашиб, бир бирини меҳмон қилаяпти.
🌸Лолақизғалдоқлар, чучмомалар адирларга зеб бериб, табиат қўшиғини айтиб турибди... Ғубор тушмаган жилғалар шилдираб оқаяпти...
✅ Сени соғинаман, ота маконим!
***
Бобом баъзан чўккалаб, хаёлларга чўмган ер,
Отам билан дардини ўз бағрига кўмган ер,
Онам мени соғиниб, кўз ёшлари томган ер,
Бугун кўнгил розимни айтаман, Қашқадарё,
Ҳар гал сени соғиниб, қайтаман, Қашқадарё!
🚊 t.me/faxriddinhayit
Сафарда....
t.me/faxriddinhayit
#yangisidan_bor
Қучоғимдаги лолалар ҳам ловуллаб турган гулханга ўхшайди. Аммо бу эзгуликнинг оловидир!
ЧЎҒ
I
Чўғ тушди дунёнинг тўнига бехос,
Дуд ичра ҳамманинг бузилди тинчи.
Бироқ ўчирмади, от солди гуррос:
– Айбдорни топиш керак биринчи!
Ҳеч ким тан олмади, қасд қилди олов,
Кимнинг уйи куйди, кимнингдир жони.
Аслида бир қултум сув пуркаб биров
Қутқарса бўларди бутун дунёни.
II
Ғазабнок боқдилар элларга эллар,
Ажратиб бир-бирин оқу қорага.
Сарҳадлар ёпилди, тўсилди йўллар,
Нафрат тушди, низо тушди орага.
Аланга ўрлади, ёнди енг, ёқа...
Ўнг кела бошлади энг ёвуз тушлар.
Адоват уруғин сочиб ҳар ёққа,
Юришларни бошлаб келди урушлар.
Эй, инсон, бир лаҳза ростлагин нафас,
Бир нафас идрок қил, бир нафас тўхта!
Ҳеч қачон оналар айбдор эмас,
Ҳеч қачон болалар айбдор эмас,
Хавотир – катталар ўйнаган чўғдан!
🖋Фахриддин Ҳайит
📎2024 йил 16 апрель
🔥 t.me/faxriddinhayit
#sayohat
SHAHRISABZ ~ SHARQ JAVOHIRI
🕌 Bugungi sayohatdan ajoyib lavhalar...
🎬 Farzona qizim tayyorlagan.
🎸 t.me/faxriddinhayit
#yangisidan_bor
АРМОН
Йўл қараб турибсан, кўзларингда завқ,
Етиб келдим, тағин ёришди олам.
Қани, бир ўпайин пешонангдан, ваҳ,
Нақадар бахтлисан, бахтлисан, болам!
Қачондир менинг ҳам тоғ бўлган кўксим,
Тақдир манглайимга кулиб босган лаб.
Энди хўрсинаман, бағрим қон, ўксиб,
Отам қайтиб келмас йўлларга қараб...
🖋 Фахриддин Ҳайит
📎2024 йил 8 апрель
🛤 t.me/faxriddinhayit
#yangisidan_bor
КАПАЛАК УМРИ
Ўтар турнақатор турфа уловлар,
Қайтар турнақатор турфа уловлар,
Ҳар ким ҳар ташвишда,
ҳар ўйда ҳалак,
Сенинг хаёлингда эса капалак.
Кимнинг қайғусидир ойлик тўловлар,
Кимнинг ташвишидир кунлик тўловлар,
Менинг юрагимда не изтироблар?!
Сенинг хаёлингда кезар капалак...
Гулдан бўса олмоқ, ахир матлаби,
Қисмати шу чаман: беташвиш, беғам.
Қандай кечар ҳаёт, капалак каби
Агар бир кунгина яшаса одам?
🖋 Фахриддин Ҳайит
📎04.04.2024 й.
🦋 t.me/faxriddinhayit
Амаллаб қонни тўхтадик. Афт-башарамнинг бир тарафи чаккига тўлган тўрвадек шишиб, чап кўзим кўкариб кетди. Яноғим тепасининг жароҳати анча йирик, қип-қизил гўшти кўриниб қолди.
Бир пасдан сўнг, тўданинг бир гуруҳи хонамга шошиб кириб келди. Орасида, анави, девнусха ҳам бор. Бу дағал кўнгил юпатишни ҳам билмайди:
– Эй, айтмайсанми, Қашқадарёданман, деб!
...Девкелбат ҳодисадан сўнг қилган ишидан мағрурланиб, кўксига уриб, йўлакдан бораётса, курсимизнинг қизларига рўпара келибди:
– Ҳозир бир водийликни ер тишлатдим, хо-хо-хо!
Қизлар ажабланибди: “Фахриддинмасми, қашқадарёлик у”.
Зум ўтмай талотўп бошланди.
Кимлардир уларнинг зўравонлиги билан дорихонага чиқиб келди, ҳарқалай малҳам босилди. Тўда аъзолари мени қашқадарёлик мардлардан бўлганим, зўравоннинг устидан арз қилмаслигим ҳақида ваъз ўқиди.
Ҳодисотга сабаб Бахтиёр ҳар кун атрофимда гирдикапалак бўлди.
Бу дунёда нималар унутилмайди, қандай жазолар кечирилмайди?! Ҳаммаси ўтиб кетди. Ётоқхонада бир пайтда яшаган танишларни кўриб қолсам, девкелбат дўстимизга саломимни йўллаб қўяман: “Айтиб қўйинглар, Сурхондарёнинг бир қўй тандиридан қарзи бор...”
Бугун ҳам ушбу воқеаларни дўстлар даврасида дамба-дам эслаб турамиз.
Мен кулиб айтаман:
– Бахтиёр, ҳозирги ақлим, қарашим ўша пайт бўлганда, аниқ, мана шу бола айтди, деб ушлаб берардим.
Даврада янада гуррос кулгу кўтарилади.
Қайдам, барибир бундай қилолмасдим...
Кексалар асл инсонларга тупроғи тоза жойдан олинган деб таъриф берганларидек, Бахтиёрга доим шундай баҳо бераман: у ота-онаси ўқитувчиликнинг ҳалол нонини едириб улғайтирган, иймонга собит, исломда бутун, танти йигит.
Бобоси ҳам бошланғич синф ўқитувчиси бўлган, “Қайтмас”га борганда суҳбатларини олганмиз, юз-кўзидан нур ёғиларди. Бахтиёрнинг бобоси – биринчи муаллими ҳам бўлган.
...Қора-қамиш даҳасидан Аэропортга қатнайдиган 76-йўналиш автобуси талабалар шаҳарчасидан ўтиб кетади. Ўша пайт журналистика талабаларининг долзарб мавзусига айланган “76” воқеалари газеталарда тез-тез акс этиб турарди.
Бахтиёрнинг ҳам газетада илк эълон қилинган мақоласи ана шу автобус йўналишидаги ўғри-киссавурларга бағишланган эди. Мақола “Туркистон” газетасида эълон қилинган, газетани қўлга олгунга қадар қанчалар севинганмиз. Бу каби материаллар амалиёт дарсларини яхши баҳо билан якунлашга қўл келарди.
Мақола бироз таҳрир билан ёш муаллиф кутганидек босилибди-ю, бир қитмир муҳаррир “хол” қўйибди, денг.
Талаба Бахтиёр Ёқубов кўтариб чиққан “оламшумул” мавзуда “76”нинг киссавурлари қанчадан-қанча йўловчилар, талаба ўғил-қизларларнинг ҳамёнини ўмараётгани, уларни кўриб туриб ҳам айтишга ожизлик қилаётгани, мутасаддилар бунга чора кўриши зарурлиги акс этган.
Мақоланинг қоқ ўртасида таҳририят хулосасини бир афоризм билан баён этибди: “Қўрқоққа куюнчаклик ортиқча юк”.
Бахтиёр газетанинг бу сонини бошқа ҳеч кимга кўрсатмади. Амалиётни ҳам амаллаб ёпиб юборди...
Йиллар ўтиб Бахтиёр Ёқубов таниқли журналист, публицист бўлиб етишди. Соҳа ривожини юксалтиришга хизмат қиладиган долзарб мавзуларни кўтариб чиқди. Айниқса, таълим тизими билан боғлиқ материаллари билан жамоатчилик эътиборига тушди.
Мавзу очилганда, унинг илк мақоласини эслатиб турамиз. Эслашга арзийдиган дамларимиз эса кўплаб топилади...
Аммо, бугун ҳам ижтимоий тармоқларда маҳаллийчилик иллатининг кўринишлари учқун бериб туради. Бу иллатнинг оқибатлари баъан халқ ҳаётига болта уриб турган жойлари ҳам йўқ эмас.
Эҳ, қачон биз – барчамиз бир ўзбекистонлик бўлар эканмиза?!...
🖋Фахриддин Ҳайит
🥊 t.me/faxriddinhayit
“МЕН ШОИР ЭМАСМАН, ЖОНИ-И-ИМ”
ёхуд шоирнинг девга қандай дуч келгани ҳақидаги ҳақиқатлар
...Шўрим қурсин, учинчи йил университетга ҳужжат топширган мендай тажрибали абитуриент ТошДУдай нуфузли олийгоҳ имтиҳонига 2 дона ёзмайдиган ручка билан кирибман.
Муҳташам аудиторияда имтиҳон шарти бўлган иншонинг ҳам, тақризнинг ҳам мавзуси эълон қилинган, ҳамма хотиржам ўйга толиб, кечинмаларини қоғозга тўкиб турган паллада қаламнинг учини асаб билан қоралама вараққа ишқалайман: учқун чиқади, олов чиқади, аммо сиёҳ чиқай, демайди.
Ич-этим тилка-пора, кейин атрофдан нажот излайман. Ҳамма бир-бирига рақиб, ҳамма бир-бирига душман: бошини сарак-сарак қилади. Пиллапоядай стол-парталарда ўтирган ёнимдагилар, олд ўриндиқдагилар илтимосимни рад этади. Кейин орқага ўгриламан.
Ортимда икки нафар полопондай болалар ўтирибди. Қавасдаги қушдек жонсарак ҳолимдан хабардор йигитчаларнинг бири пишиққина, иккинчиси кўнгилчан жилмайди:
– Ручкаларинг бўлса бериб туринглар, – шундай шиддат билан гапирдимки, қарзини қайтариб сўраган одамнинг овозидек ўктам янгради.
Иккиси бир-бирига қаради, пишиққина бола партада турган заҳира ручкасини қўлига олиб, мулойимлик билан ўзига кераклигини айтди.
Кўнгилчан бола, ўша пайт урфга кирган, ичида калкулятор жойлаштирилган хитойча папканинг безак учун қистирилган ручкасини узатди:
– Хоҳласангиз, фақат шу бор.
– Берчи, – узиб олдим қўлидан, гўё омадсизлигимга у сабабчидек.
Апил-тапил ёзишга киришдим. Чигиртканинг мўйловидек ингичга ручканинг пастасини янаям тежаб, сиёҳга сув аралаштириб юборганми, кўк рангда ёзиб турган ручка бир пасда рангпар, ҳаворанг чиза бошлайди. Орқага тисраламан:
– Нима бу, ручканг қанақа ўзи?!
– Билмасам, – ҳайрон қарайди кўнгилчан бола.
Ўша куни амаллаб, иншони ҳам, тақризни ҳам дўндириб чиқдим. Анави халоскорим – сочлари тикка болага ручкасини қайтариб бердимми, йўқми, эслолмайман.
Орадан кунлар ўтиб, имтиҳоннинг жавоблари чиқди. Бир кун олдин синфдошим Қудрат билан пойтахтга келиб, метродаги милиция пунктида соатлаб “суриштирув”дан ўтиб, жой тополмай, университет қаршисидаги дарахтзорда мудраб, навбат-навбат кўз илинтириб, тонг оттирдик.
Чумчуқ чирқилламаси ТошДУнинг ҳовлисига келиб олдим. Ана кутаман, мана кутаман, жавобларни ила қолмайди. Ҳовли бир пасда мен каби илинж билан келганларга тўлди. Ниҳоят, ижодий имтиҳон натижалари шапалақдек ёпиштирилган пештахталарни кўтариб чиқишди. Ҳамма мармалақдай ёппасига ўзини урди.
Шундай кезда, айланай, бўйнинг новчалиги иш беради, денг. Уч қатор орқадан бўлса ҳам исм-фамилиямни қидириб чиқдим. Топдиму кўнглим ҳовурдан тушди. Кейин одамларнинг авзойига қараб чиқдим, кетгим келмай анча туриб қолдим. Улкан олийгоҳ мени боласидек бағрига олаётгандек ҳис этдим ўзимни.
Гавжум жойдан сал нари ўтсам, ўзидек келадиган папкасини тиззасига уриб, менга ручка бериб турган кўнгилчан бола атрофга олазарак боқиб турибди. Кайфиятим хуш, ёнига югуриб бордим:
– Ҳой, яхшимисан? Неччи балл олдинг, – у оғиз жуфтлашга ҳам улгурмади, – мен 90 балл олдим, – очиқчасига мақтандим.
– 43 балл..., – ёқмадим шеккилли, атрофга аланглаб кимнидир қидиришга тушди.
Унинг кайфияти қувончимга таъсир қилмади. Демак, мен ростдан кўп балл олганман. Кейин кетаётиб ёдимга тушди, шу боладан сўрамабман: мактаб ўқувчиси қандай қилиб университетга ҳужжат топширди экан? Одамларга қойил! Ҳаммасини эплайди-я! Сочлари тикка кўнгилчан бола, чамаси, 6-7-синф ўқувчиси бўлиб тасаввур уйғотганди.
Кунлар зилдай оғир ўтди. Шартнома асосида ўқишга илинибман, уйдагиларнинг узоқ ҳисоб-китоблари, ўзимнинг, энам, опаларимнинг йиғи-сиғилари билан ўқийдиган бўлдим. Оғир бетоб бўлиб ётган раҳматли отам ҳам ўринларидан сапчиб туриб кетди, ҳам қувончдан ҳам қайғудан йиғлади. Контракт пулларини тўлаш ўша оғир йилларда оиламиз учун чиндан қайғули эди.
Отам колхоз раисига кириб, қўярда қўймай, шартнома пулининг қоқ ярмини ўтказиб беришларини сўраб чиқибди. Эвазига ўша куни бир бош қорамолимизни колхоз фермасига топшириб келдик.
🌸 Радио барибир ўзгачада!
Биз соғинган баҳорлар қайтди...
🌱 t.me/faxriddinhayit
#qiziq_da
ЖИҒИБИЙРОНЛИК
Ишдан борсам, беш ёшли қизимнинг қовоғи тушиб, ҳафсаласи “пиир” бўлиб ўтирибди:
– Мени дўконга олиб бормади ҳеч ким?
Эрка-да, аразласа, қошини қовоғининг устига миндириб, чунонам ширин бўлиб кетадики, беихтиёр бағрингизга босиб, сочларини кўзингизга тўтиё қиласиз. Аслида, ҳамма болалар ҳам шу каби...
Ойиси ифторликка олиб бормагани аламидан мунг тишлаб турганини англадим:
– Ким шундай ширин қизни дўконга олиб бормади, – дўқ уриб, овозимни овозимни атайин кўтариб қўяман, – бу уйда шу қизни суйиб, эркалайдиган биронта яхши одам яшайдими, ўзи?!
Унинг кўнглини биргина сўз кўтаради, кўзлари жавдираб, илҳақ бўлиб туради. Кейин ана шунга урғу бераман:
– Қани кийимни кийиб олчи, ўзим сени дўконга олиб чиқаман.
– Маз-за!!! Дадажон, раҳмат, – чеҳраси кундек ёришиб кетади, ўзим ҳам бундан ортиқ завқни тополмайман.
Кечки овқатнинг масаллиқлари бошқа кунга насиба бўлиб, уйда ҳам қозоннинг қопқоғи очилмаган экан, яқин ошхонадан болаларга ул-бул буюртма қилиб олдик. Кейин ота-бола етаклашиб, дўконга кирдик.
Кичгинанинг бир одати яхши, йўлдаёқ оғриқларнинг олдини олади:
– Айтиб қўяй, дўконга кирганимда хоҳлаган нарсамни оламан, ҳеч нарса дейиш йўқ!
– Уффф, – пуфакдек дамим чиқади.
Қўшдевор икки дўконнинг ҳамма маҳсулотларини ушлаб чиқдик: уни у, деб инкор қилиб кўраман, буни бу, дейман, инжиқлик қилади. Қадоқдаги ёзувларини ёлғондакам ўқиб, жажжи харидорга тўғри келмаслигини тушунтираман. Сотувчилар ҳам бола билан кирсанг дили яшнайди, айниқса, бизни қизалоқдек айтганини қилдирадиган, ўжар бўлса...
Ниҳоят кафтни кафтга уриб, бир шаффоф халта харидимизни қўлтиқлаб дўкондан чиқдик.
Қизгина кайфияти чоғ бўлиб, улов ўриндиғига жойлашди:
– Дада, энди “Менга ойи керакмас” қўшиғини қўйинг, – ҳали ҳам ойисидан арази тарқамабди.
– Эйй, у қанақа қўшиқ? – майнам капалакдек учай деди.
Ана, боланинг қўлига телефон бериб қўйсанг, ҳар хил нарсаларни кўради, эшитади. Яна қайси ахмоқ “Менга она керакмас”, деб қўшиқ айтибди? Одамларга нима бўляпти ўзи? “Тик-ток”да чиқдими? Инстаграмдами? Ҳаммаёқ расво бўлди!
Бу гапни айтиш учун, қўшиқ қилиш учун инсон қанчалик разил бўлиши керак?! Агар шундай “қўшиқ” бўлса, бутун жамиятнинг бошига қора қозонни тўнкарибди... – Кўнглимдан кечмаган ўй-хаёл қолмади, жиғибийрон бўлиб, қалтираб ҳам бошладим. Қизимни яна сўроққа тутдим:
– Қизим ростдан шунақа қўшиқ борми?
– Ҳа, борку: “менга ойи керакмас, юлдузлар керакмас...” – ҳа, “шайтонча”, бехос кулиб юбордим.
Имрон деган хонанданинг қўшиғи борку:
“Менга оой керааакмас,
юлдузлар керакмаас...”.
Қизим унинг сўзларини “менга ойи керакмас” деб тушунарканда...
Кейин йўл бўйи, қўшиқнинг маъноси ундай эмаслигини тушунтириб бордим.
Сиз ҳам болаларингиз эшитаётган қўшиқларнинг маъно-мазмунига эътибор бериб қўйинг, ҳайма!!!
Айтганча, ойиси ҳали бизга керак!😄
🖊 Фахриддин Ҳайит
🎼 t.me/faxriddinhayit
#yangi_nashr
📪t.me/faxriddinhayit
СЕН ҲАҚИНГДА ВА ПЕЛЕДАН ЖОРЖ БАЙРОНГАЧА
Анварнинг отаси – раҳматли Жовли бобо жуда яхши инсон эди. Кўнглида, қўлида хайри бор, уддабурро, одамшаванда, оқибатда тенгсиз инсоннинг фарзанди бўлиш ҳам бахт экан...
Санасак адоғига етиб бўлмайди: у инсондан биз ҳам кўп яхшиликлар кўрганмиз, илоё, эзгу амаллари жаннатга кўприк бўлсин!
Олманинг тагига олма, шафтолининг тагига шафтоли тушади. Анварга Жовли бободан яхши фазилатлар ўтган, баъзи ижобий сифатлари энди куртак ёзиб, улғайгани сари падари бузрукворига тортаяпти. Ҳарқалай у ҳам бўй йигитмас, ёши қирқни қоралабди.
Анвар 15 ёш, мен 19 ёшда (у 2 йил аввал, мен 2 йил кечигиб) талаба бўлганмиз. Чорак асрлик дўстлигимиз бор, талабалар ётоқхонасида бир хонада яшаганмиз.
У талабаликда ҳали болалигининг сири кўчмаган, сочлари қўнғироқ, ўзи ўйинқароқ йигит эди. Футболга муккасидан кетган, қўйиб берса, кеча-кундуз тўпнинг орқасидан югуриб, юрагини тўшаб ўйнарди.
Доим ғолиб бўлиш учун курашар, ютқазса, чунонам жиғибийрон бўлар, чаккасидаги икки томири бўртиб чиқиб, ўшқириб ҳам қўярди. Мендай бинойи дарвозабон шугинанинг даккисидан чўчиб, ушлаб турган тўпимни ҳам бир неча бор ўтқазиб юборганман.
Аммо у овқат қилишни сира билмасди, ёғ юқи униққан алюмин каталакда ночор масаллиққа маза киритиб, овқат тайёрлаш менинг чекимга тушган ҳамиша.
Бир гал, шамоллаб, бўғимларим қақшаб оғриб, тўшакдан бош кўтаролмай қолдим. Ва ниҳоят Анвар кечги овқатни тайёрлаб, жонимга оро кирадиган бўлди:
– Ака, ётиб дамни олавер, бугун ўзим сенга овқат тайёрлаб бераман, ётган жойингдан айтиб турсанг бўлди.
Бу мурувватдан кўзимга ёш келай деди.
Ночор талабанинг оти дунёси бўладими, бир пиёз, икки картошка, сабзи-карамни кўзда ёш билан арчиб-тўғраб, чўмич-қозонни қўлтиқлаб олиб, ошхонага чиқиб кетди. Шу соз мен ҳам касалдан толиб, анча мизғибман.
Ғира-ширада кўзимни очдим, жим-жит. Йўлакдан ётоқдошларнинг шовқини келиб турибди.
Хиёл ўтди, Анварнинг дараги сезилмайди, бўлмаса, алмисоқдан қолган эшик неча бор очиб-ёпилиб, кўзга уйқу илинмасди.
Зил-замбилдай касалимни кўтариб, йўлакка, йўлакдан ошхонага чиқдим. Ивирсиган ошхонадаги стол устида каталагу чўмич, ухловдай тўғралган сабзию пиёзлар ўз ҳолида сочилиб ётибди. Ҳар ким ҳар тарафга суриб, улоқтирган, тўзғитган буюму масаллиқларни дилимга оғриқ билан йиғиштириб олдимда, амаллаб “томоққа ямоқ” тайёрладим.
Кейин билсам, “мурувватпеша” ҳамхонамни ошхонадан биров етаклаб, стадионга олиб чиқиб кетибди. Вақт алламаҳал бўлганда, Анвар тойдай пишнаб кириб келди, “лом-мим” демадим. Ўзи сезди, “ака, мени кечир”, деди, турткилади, қучоқлади, индамадим. Ўша куни Анварга бағишлаб “Насиҳат” номли шеърни ёзганман:
Ука, айтганимни қилибсан охир,
Футболни танлабсан яша, довюрак!
Ахир шоирлик ҳам гапми, укаси,
Дунёнинг ташвиши сенга не керак?
Энди майдонга чиқ, тўп сур чангитиб,
Мана ол, Пеледан қолган пойафзал!
Рост-да, фақир шоир бўлгандан кўра
Машҳур ҳимоячи бўлганинг афзал.
Майли, ҳужумчи бўл, тўпнинг зарбидан
Титраб – қақшаб кетсин сонсиз юраклар,
Шу дам ағнаб кетсин сойнинг бўйида
Сенга илҳом берган мирзатераклар.
Футбол бу – жасорат, футбол бу – ҳаёт,
Дунёнинг айвони бу яшил майдон.
Бир зарба шон-шараф, битта тўп иқбол,
Машҳур тўп урарлар чиққан бу жойдан.
Бир зумда дунёга овозанг кетар,
Шуҳратга кўмади буюк голларинг.
Нима қилиб берди, ҳижрондан бошқа,
Сени шоир қилган мажнунтолларинг?!
Шу десангиз, аразим кун ошмади, бу бола кўнгил олишни ҳам билади. Қолаверса, ўша куни мени ёлғиз қолдирмасликка сўз берганди. Лафзида турди, йигирма беш йил бўлибдики, Анвар, десам, лаббай, дейди...
2-курсда ўқиб юрганимда, отам оламдан ўтди-ю, қаттиқ ғуссага ботдим. Камига дордай тортилиб турган кемтик иқтисодимиз узилди. Шу дамларда Анварнинг кўмаги кўп тегди: “ака, оч юрма, ўлиб қоласан”, деб емагимга қарашарди. Кейинчалик пойтахтда уйли бўлди, бу уй бизга ҳам бошпаналик қилди.