Пайғамбарим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилиш.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифларини зиёрат қилиш, у зот ва икки соҳиблари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар розияллоҳу анҳуга салом бериш, Аллоҳ Таолонинг ёлғиз Ўзидан у зотнинг шафоатларини сўраш, мусулмонлар учун ғолиблик ва муваффақият тилаб дуолар қилишнинг барчаси шариатда бор, ижмо қилинган суннат амаллар ва тарғиб қилинадиган фазилатли ишлардан ҳисобланади.
Имом Нававий ва Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳмо у зотнинг, яъни Пайғамбаримиз алайхиссаломни қабрларини зиёрат қилишга ижмо қилинганини келтиришган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлади»[1], деганлар.
Имом Байҳақий рохматуллохи аълайҳ келтирган ривоятда: «Ким мени савоб умидида Мадинага келиб зиёрат қилса, қиёмат кунида менинг қўшним бўлади», деганлар.
Абу Авона розияллоҳу аънҳу келтирган ривоятда: «Ким савоб умидида Мадинага келиб мени зиёрат қилса, унинг учун қиёмат кунида гувоҳ ва шафоатчи бўламан», деганлар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, худди ҳаётлигимда зиёрат қилган каби бўлади»[2], дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мени вафотимдан кейин зиёрат қилса, худди ҳаётлигимда зиёрат қилган каби бўлади. Ким менинг қабримни зиёрат қилмаса, менга бевафолик қилибди»[3], деганлар. Бу ривоят имкон бўлганда у зотнинг қабрларини зиёрат қилишга ҳаракат қилиш лозимлигига далолат қилади. Ер юзидаги барча мусулмонларнинг амали ҳам бунга гувоҳдир. Бу мавзуга тегишли ҳадислар жуда кўп. Ривоятлар ҳам машҳурдир.
Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларини зиёрат қилдик» дейилишини ёқтирмас эдилар. Абу Имрон Фосий: «Имом Моликнинг ёқтирмаганига сабаб «фалончининг қабрини зиёрат қилдим» дейиш ҳаммага нисбатан айтиладиган гап бўлгани учун, чунки бу гапда Набий алайҳиссаломнинг бошқалардан фарқи, у зотнинг улуғлиги кўзга ташланмайди», дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мен сизларни қабрларни зиёрат қилишдан қайтарган эдим. Бас, энди уларни зиёрат қилаверинглар»[4], деган ҳадисларидаги қайтариқ соф тавҳид эътиқодини шакллантиришга қарата айтилган эди, чунки Исломнинг аввалида кўпчилик иймонсиз ўтди. Уларнинг қабрларини зиёрат қилишдан қайтарилди. Мусулмонлар ичида вафот этганлар кўпайгач, уларни зиёрат қилишга рухсат берилди, чунки қабристонларни зиёрат қилишда тириклар учун ибратлар, ўликлар учун дуолар манфаати бор.
Фақиҳ Исҳоқ ибн Иброҳим раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ҳажни ният қилганлар қадим замонлардан бери Мадинаи мунавварадан ўтишни одат қилган. Бундан мақсад Расулуллоҳнинг масжидларида намоз ўқиш, у зотнинг Равзаи муборакларини, минбарларини, қабри шарифларини, ўтирган, қўллари билан ушлаган, оёқлари билан юрган жойларни, Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келганда суянган устунларни кўриш билан барака умид қилишдир. Шу билан бирга, Масжиди набавийни обод қилган ва обод қилиш пайида бўлган саҳобалар ва мусулмонларни эслаш ва уларнинг барчасидан ибрат олишдир».
Ибн Фудайк раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Ўзим кўрган баъзи кишилардан шундай гапни эшитганман: «Бизлар илм аҳлларидан шундай сўзни эшитган эдик: «Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларида туриб: «Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга салавот айтурлар...»[5] оятини ўқиб, «Соллаллоҳу таъала алайка, йа Набийяллоҳ», яъни «Сизга Аллоҳ таолонинг салавоти бўлсин, ё Набиюллоҳ» деб етмиш марта айтса, бир фаришта унга: «Сенга Аллоҳнинг салавоти-раҳмати бўлсин, эй фалончи», деб нидо қилади ва унинг барча ҳожатлари раво бўлади»[6].
Язид ибн Абу Саъид Маҳрий айтадилар: «Умар ибн Абдулазизнинг олдига бордим. Хайрлашиб қайтаётганимда менга: «Сенга бир ҳожатим бор. Мадинага борганингда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари олдига бориб, у зотга мендан салом айт»[7], деди.
@durdonadur