***
Кетинг, эй, даф бўлинг, золим хаёллар,
Кўнглимга тошлардай оғир ботдингиз.
Малоллар келдингиз жонга, малоллар,
Билмам, қачон бунда илдиз отдингиз.
Умримнинг эгови бўлдингиз кўп бор,
Кетинг! Ортингиздан раҳматлар йўллай.
Қанча шаҳло кўзлар йўлимда хумор,
Мен ҳам бир уларга интизор бўлай.
Андак ором олсин саргашта руҳим,
Ҳали манзил узоқ, ҳали кураш кўп.
Ҳозирча ҳасратга ўхшайди оҳим,
Ҳозирча юракда алаҳсираш кўп...
Кейин дўқ ураман, қўймайди чўчиб,
Уларга бас келиш – амри маҳоллар.
Оёғимдан тортиб, бўйнимдан қучиб,
Авраб олаверар маккор хаёллар.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Қилт этиб узилган битта япроқ ҳам
Нақ қалбимга тегиб ўтади…
© Асқад Мухтор
@Behzod_Fazliddin
КЎЗИНГИЗНИ БЕРИБ ТУРИНГ
Ёлғизгинам, фариштага тенгликкинам,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай.
Иккимизнинг дардимиз бир, мунгликкинам,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен бошимни урмаган бир тош қолмади,
Ростин айтсам, юрагимда дош қолмади,
Қуриб қолган кўзларимда ёш қолмади,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Узун-узун армонларим чиқиб кетсин,
Зардобларим кўзёш бўлиб оқиб кетсин,
Қалбимга бир қизғалдоқлар боқиб кетсин,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Мен шабнамман, ғуборларга қўнолмайман,
Ё гул бўлиб тош юракда унолмайман,
Кўнолмайман, бу дардларга кўнолмайман,
Кўзингизни бериб туринг, йиғлаб олай.
Қузғунларнинг қилиғидан зорим келди,
Тоғ қалбимга нафрат деган сорим келди,
Ўзим бўлиб йиғлолмайман, орим келди,
Келинг, Сизнинг кўзингизда йиғлаб олай,
Жон риштасин жонингизга боғлаб олай...
2001 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Кутганинг сенга ҳам интизор бўлса,
Сен уни севгандек севолмаса ҳам –
Севса, туйғулари беғубор бўлса,
Аросат даштида чекмасанг алам.
Тизилмаса, майли, йўлингда ҳурлар,
Фақат бир нурчеҳра кутса нигорон.
Бағишламаса ҳам шаънингга шеърлар,
Энг тоза сўзларин айласа эҳсон...
Аммо бу ҳаётдир – синов бозори,
Ҳаммаси тескари, барчаси ғалат.
Сен суйган маҳлиқо бошқанинг зори,
Парво қилмаганинг сенга битар хат.
Бу аҳли дунёни тушунай қандай,
Мудом насияга алишгай нақдни.
Кўнгил кўнгил билан ўчакишгандай,
Бахтдан тўйганларга илинар Бахтни...
2012
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Қачонгача ҳамма ишни суллоҳ бозорчилар ҳал қилишига қараб ўтираверамиз?..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Танлаш ҳуқуқи ҳам танлаб берилади-ку бизда...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Шеър ёзмаган куним йўқ...” дейди бир шоир.
Менинг эса шеър ёзмаган, ёзолмаган кунларим кўп, жуда кўп.
Аммо шеър ҳақида, дунёга татигулик гўзал ва ёруғ шеърлар ёзиш ҳақида ўйламаган куним йўқ.
Буниси ҳам рост.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Ҳали маъюс боғлар қолади биздан,
Мен дарахт бўлсам ҳам учаман, Қушчам!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Инсон онгли тарзда, ўз ихтиёри билан ҳам жамиятга бегона бўлиши мумкин.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ўз исмини ҳам тўғри ёза олмайдиганлар тўрга ўтқазиладиган ажаб замонлар бўлди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Бошга тушганини кўз кўрди яна,
Ҳаёт оз меҳрини соз кўрди яна,
Шўр эди пешонам, туз кўрди яна –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Кутдим, куттирганга билдирмай кутдим,
Бардошни ёнимдан жилдирмай кутдим,
Бошқасин хаёлга келтирмай кутдим –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Аёвсиз ёқамдан тутади бир дард,
Ичимдан ичимга ўтади бир дард,
Жонимда гуркираб ётади бир дард –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
Дил уйи лаҳзада ёришар-кетар,
Унга борган қувонч мендан ҳам ўтар,
Севаман – яшашга шу асос етар –
Бир ўзим биламан, бир Ўзи билар.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Шоирмас сўзни минг кўйга солганлар,
Сўзни деб минг кўйга тушганлар шоир...
Аъзам Ўктам
***
Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман,
Нажот сўраб келганга ҳам ўхшамайман.
Юрагимни ажин босди – қариб кетдим,
Йигирмага тўлганга ҳам ўхшамайман.
Ўзим учун қўйган бари шартим оғир,
Тушган жойин ўйиб ўтар – гардим оғир.
Мен эртага қайта тура оламанми,
Жон олмаса кетмайдиган Дардим оғир.
Нурларимни тунлар учун зарба қилдим,
Кўнглим уйин кимлар учун Каъба қилдим.
Суякларим зирқиради – лаззатланиб
Тавба қилдим, тавба қилдим, тавба қилдим.
Яна чўллаб ётганимни билармикан,
Дарёларим кўкдан қайтиб келармикан?
Шеърларимни элчи қилсам, даргоҳида
Энг одил Шоҳ мени қабул қилармикан?
Тирикмасман, ўлганга ҳам ўхшамайман...
2005 йил 5 апрель
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Йўлимдан айирди йўлсизлик йўли,
Сен ахир – энг порлоқ йўлга йўлловчи.
Мен – тонгнинг қуёшга талпинган қўли,
Хуржуни ўзидан катта йўловчи.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар,
Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар?
Ҳали кул остида мудрар учқунлар,
Кутинг...
Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши,
Кечанинг бугунга ўтмади тиши,
Азалнинг иши бу, абаднинг иши,
Кутинг...
Севмаса севмасин сиз якто билган,
Келмаса келмасин сизни қон қилган,
Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган,
Кутинг...
Ким кимни ўчирди хотирасидан,
Ким четлашди ишонч доирасидан,
Кимдир боқар кўнгил ойинасидан,
Кутинг...
Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга,
Севги бир шарпами – кўринмас кўзга,
Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга,
Кутинг...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
https://www.youtube.com/watch?v=3Ktv3SWAzno
#Кайфият #Шеърлавҳа
Сиз ўз нафсингиз – майда манфаатларингизга мослаб олган “дин”ни эмас, соф ва гўзал Исломни истайди кўнгил...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Кўп ўйлайсан: ўзингни қийнаб, ҳол-жонингга қўймай соатлаб сўз саралайсан, муттасил ўй-хаёлларга кўмилиб юрасан.
Ахир қанча-қанча китоблар, “долзарб” мавзудаги диссертациялар чангга ботиб ётибди! Саҳифа-саҳифа ёлғонлар, жилд-жилд “жўқийнома”лар ким учун муҳим, кимга керак ахир!..
Ёзув-чизув, қоғозу китобдан толиққан, анча зериккан бўлсанг-да, шу олам яна ва яна ўзига тортаверади. Ўқиб-изланмаган, нимадир қораламаган кунинг “ўтмади”лар қаторига кириб қоладигандек.
Фойдасиз амал, нафи йўқ илмдан Ўзи паноҳ берсин.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар #Кундаликдан_қайдлар
@Behzod_Fazliddin
Ўз уйида айниб бораётган ҳавони ўзгартира олмаган одам жамият об-ҳавосини қандай янгиласин?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Агар либос очарчилик ва бахтсизликка сабаб бўлса, у ўз чиройини йўқотади, дейди Маҳатма Ганди.
Бу ҳақиқатни англаш учун Ганди даражасида фикрлаш шарт бўлмаса керак.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
ЙЎҚЛОВ
Сабоғи тугамас мактабдир Ҳаёт,
Баъзида танаффус – ўйнаб-кулгани.
Кеча парталарда Дийдор эди шод...
Ҳамма тарқаб кетди Одам бўлгани.
Бир куни йўқ эдик, бирда бор эдик,
Тинмади Орзунинг хархашалари.
Жаннатда юргандай бахтиёр эдик
Бир ота-онанинг зумрашалари...
Қанча ёруғ бўлди умр – дарсхонам,
Билган-билмаганим шундан ҳам маълум.
Муаллим – Руҳимни уйғотган Онам,
Фарзанд ажратмаган Отам – Муаллим.
Сўз бўлиб тилидан савоблар учган,
Икки олам аро қисмати – эъзоз.
Ким бўлиб борсам ҳам бағрини очган –
Келдим. Ассалому алайкум, Устоз!
2008 йил, сентябрь
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
P. S. 2004 йил сурати. Республика талабалар олимпиадаси.
#Кайфият #Лаҳзалар
***
Менга зарурмиди шунақа яшаш,
Қоғозга тўкилиб бормоқда умрим.
Орзулар олдинда, аммо кўнгил ғаш,
Кўзларим, сўзларим ёнаётир жим.
Чопаман ненидир излаган бўлиб,
Топмоқчи бўламан недандир таскин.
Шунчалар узунми йўлсизлик йўли,
Шунчалар ҳақирми одамзод – мискин?
Эйвоҳ, тубанликнинг йўриғи кўпдир,
Бир онда минг имкон майдалашгани.
Аялган кўзларнинг жазоси чўпдир,
Мудом дилни тирнар завол наштари…
Менга зарур эди шунақа яшаш,
Илло, зое кетмас ёниқ сўзларим.
Дардларим давримнинг дардига туташ,
Умримни шамолга сотмас кўзларим.
2011
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Носамимий, барибир, носамимий: “Самимият ила...”
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
«Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 15-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ниҳоят, «-ов» ва «-вич»дан расман қутулдим.
Дарвоқе, исм-фамилиянинг имловий хатосиз, тўғри ёзилиши (айниқса, асосий ҳужжатда) мен учун принципиал масала. Аммо лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзишда ҳалигача «техник хато» қабилидаги муаммоли ҳолатлар кўпга ўхшайди...
#Кайфият #Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим #Тил_тақдири
@Behzod_Fazliddin
Ўзингни яхши кўр, одамларни сев,
Беҳуда ўйлардан қизғон умрингни...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Боладай самимий ва беғубор бўл. Боладай иштони ҳўл эмас...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Жонга тегдинг жуда, эй ялтироқ мафкура!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Мопассанга майли-да десанг, Чеховни ҳам инглиз тилидан (?!) таржима қилиб, нашр этишяпти. Шунинг ўзи ҳам савод-даражамизни кўрсатиб турибди...
#Йўл_йўлакай #Эски_дардлар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Ёш қаламкашлар интернетда бир-бирини алқаяпти: “Адабиёт учун катта иш қилдингиз. Адабиётимиз сиздан рози”.
Ҳазил ё киноями, десанг, йўқ, жиддий айтяпти. Ёпирай, булар адабиёт деганда нимани тушунади ўзи?..
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Ёлғиз яшашдан ҳам ёлғиз курашиш оғир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бозордай серғалва, масжиддай хотиржам жой топмадим. Бозорда хотиржам юрганларни, масжидда ҳам беҳаловат одамларни-да кўп кўрдим...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin