ЗАМОН
Кўзларни ўйнатиб тусланар дунё,
Жасадлар ичинда юраклар урён,
Одам-ку азалдан туфроқдан бунёд,
Аслидан орланиб, зарни севарлар.
Жавониб тўлмишдир жабру жафога,
Қайдан қирғин келган меҳру вафога,
Водариғ, кун йўқдир аҳли ҳаёга,
Фосиқни алқарлар, ғарни севарлар.
Гуллар зор – ҳаётга кўзлари тўймай,
Япроқлар хазонми нурга юз бурмай,
Арғумоқлар увол кўпкари кўрмай,
Эйвоҳ, туфук сочган харни севарлар.
Қанот қоқиб борар беруҳ қўшиқлар,
Суймаслар хандондир, гирён ошиқлар,
Қайларда қон йиғлар қалби очиқлар,
Кўнгли кўрни ва ё карни севарлар.
Алҳазар, турланар – одамми ё жин,
Аларнинг илкида дин ҳам бир ўйин,
Қаддингни адил тут, Беҳзод Фазлиддин,
Бу зиндонда фақат зўрни севарлар!..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Замонадан ортда қолмай деб
Ёлғонкўйлак кийволган ҳамма...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
...Кимнинг кайфи учун бу ўйин –
Мағлублари олдиндан тайин,
Ғолибларга ундан-да қийин,
Сотилмаган майдон сўрайман...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Мен-ку ўз йўлимни топиб оларман,
Фақат сен Онамни асраб тур, Қишлоқ...
#Эски_дафтардан
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Кета қол, даврага сиғмаган одам,
Борсанг-чи, парвозда давом этсанг-чи.
Ҳадемай барига тутилар мотам,
Лойқага қўшилмай ғолиб кетсанг-чи.
Бу ғурбатхонада баломи бордир?
Ҳар қавмнинг ўз шоҳи, ғуломи бордир.
Шусиз ҳам куйингни тинглайди очун,
Тоғларнинг беғараз саломи бордир.
Ҳавойи ўйларни ўйлаб-да юрма,
Кўкармас боғига бўйлаб-да юрма.
Очилиб борадур авж пардалари,
Навосиз наволар сайлаб-да юрма.
Денгизга дарёлар қуяр қудратни,
Тозариб оқурсан мисрама-мисра.
Кўксингдан беҳуда сочма зийнатни –
Қалбингни ардоқла, Дардингни асра.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Икки дунёда ҳам иккиланмасам,
Икки дунёда ҳам битта бўлсайдим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
https://www.youtube.com/watch?v=9IgbdxpXRwY
#Кайфият #Шеърлавҳа
Қандай сўзлар билан овутмоқ мумкин
Дардлари ўзидан буюк миллатни?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
“Шеър сеҳри” телелойиҳаси. 2014 йил
https://www.youtube.com/watch?v=HMm7bbI-h_w
#Кайфият #Шеърлавҳа
#Тўқилмаган
“Маънавият тадбири”га анча одам йиғилибди.
Узундан-узоқ маърузалардан сўнг ташкилотчилардан бири мурожаат қилибди: “Савол бўлса беринглар, тортинманглар. Жа уялсанглар, қоғозга бўлса ҳам ёзиб бераверинглар”.
Сал ўтмай йиғилганлардан “хат” келибди. Унда шундай савол ёзилган экан: “Қачон кетасизлар?”
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
***
Озодлик кўнгилдан бошланар, дерлар,
Вале бехос дилга оралайди шак.
Эй, махлуққа сажда қилгувчи кўрлар,
Қулликдан-да оғир шахсга сиғинмак.
Исталган томонга буриш мумкиндир,
Тафаккурсиз бўлса, бош ҳам бир бало.
Иста, ўйинчоқ қил, хоҳласанг, синдир,
Кесак каллалардан ўт чиқмас асло!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ТУГАМА(ЙДИ)ГАН ШЕЪРЛАР
***
Ҳўнграб ҳам шунчалик қийналмас эдим,
Менинг кулгуларим йиғидан бадтар.
О, бу қадар узоқ ўйланмас эдим,
Сўзимга изма-из юрмаса хатар...
***
Битта қанотда ҳам учган бўлардим,
Йўл топиб олардим ўзим осмонга.
Қуёшга яқинроқ жойда ўлардим,
Қайтмасдим ғам тўла ёруғ зиндонга...
***
Ёниб борар қўлимда қалам,
Ҳамма гаплар айтиб бўлинган,
Сўз даштида дайдиб бўлинган,
Тинч қўймайди Дард деган болам...
2007
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
ЎҒИЛ
Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?
Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.
Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.
Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.
Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.
Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
2014 йилги видео
https://youtu.be/HMm7bbI-h_w
YouTubeдаги каналимиз Behzod_Fazliddin" rel="nofollow">https://www.youtube.com/@Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Уят – энг шафқатсиз қонундан ҳам кучлироқ, қудратлироқдир.
Ҳар қандай қонунга чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади.
Абдулла Қаҳҳор
@Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Танқид – сараламоқдур
...Саррофлар ақчани, тужжорлар матони саралаганидек, муҳаррирлар ҳам умумий ҳол ва маишатға тааллуқ нимарсаларни саралайдурки, бошқа сўз ила “танқид” аталур. Масалан, янги мактаб ва муаллимлари ва анда ўқулатургон китобларни маънан тафтиш этиб, андаги нуқсонларни баён этмоқ танқиддур. Таарруз ва душманлик эмас. Агарда шахсиятға тўқунмаса. Аммо бир муаллим ё мударрис ва муҳаррирни ишидан, шахсиятидан халойиқға зарар келса, андан ҳам баҳс ва танқид ёзмоқ шахсий бўлмайдур...
Аммо ҳануз танқид давриға етушганимиз йўқ. Иттифоқо, танқид шаклинда бир нимарса ёзилса, бизларға қаттиғ тегар. Ёзганларимизни бузуқлиги ва фикримизни хатолиги, ишимизни ноқислигини бирор киши кўрсатса, аччиғимиз келур. Ва ул одамни душман кўруб, шахсидан нафрат ва фикриға норозилик баён этармизки, бул бизни янгидан ишға бошлаганимиздан, бошқа тил ила ноқислигимиздандур.
Биз эскиларни айблаймизки, аларға ислоҳдан сўзласак, чидай олмайдурлар. Аммо ўзимизнинг мактаб, рисола, таҳрир ва маслакимизни бир киши танқид этдими, чидай олмаймиз, диққат ила мунаққид сўзини тингламаймиз. Мунаққид бизни тўғримизға минг сўз ила баёни муддао этар экан, биз они ичиндан ўн сўзини номаъқул топиб, юзиға урармиз. Ва ёинки важҳсиз онинг сўзини радду ўзиға эътироз этармиз. Агарда ул десаки, ман сизға бир минг калима насиҳат ё танқид сўйладим, дуруст, ўн калимаси сизға бежо эканки, қайтиб олдим, 990 калимасиға на дерсиз?..
Маҳмудхўжа Беҳбудий
#Миллат_мунавварлари
@Behzod_Fazliddin
Донишманд халқ тилига қулоқ тутсангиз, ўзбекча луғатлар нақадар ғариб эканини теранроқ англайсиз.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Одамлар, айниқса, ёнимдагилар фақат ўзлари ё мен хоҳлагандек эмас, аввало, Яратган буюрганидек яшашини истадим. Баъзан билиб-билмай ким билан зиддиятга бораётган бўлсам, кўпроқ шу сабаб, шекилли.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Яхши ё ёмон, тўғри ё нотўғридир, бугунги жамият, шахс, маънавият, маданият, ижод, эътиқод... борасида бир дунё гапим, безовта фикрларим, таҳрирсиз хаёлларим бор. Ҳаммасини бир-бир айтиш ё ёзишга имкон йўқ-ку, лекин баъзиларини кўпчиликка ҳавола қилиб, уларнинг муносабати, бу ҳақдаги фикрларини билишга уриняпман.
Яна шундай мулоҳазалар ҳам бўладики, бошқалар қандай муносабат билдиришидан қатъи назар, ўша фикрларни айтиб олишнинг ўзи муҳим кўринади. Мавриди келганда, баъзан йўл-йўлакай уларни ижтимоий тармоқларга ҳам жойлаб боряпман.
Бироқ яна кў-ў-ўп гаплар ичимда қоляпти. Эҳтимол, шундай бўлгани ҳам маъқулдир...
Мухтасар гап шу: зарур деб билган фикрларингизни бошқалар билан баҳам кўриб туринг, сал енгил тортасиз. Худо ёрлақаб, холис кишиларнинг пок назаридан ўтиб олса, яхши ўзгаришлар бўлиши мумкин.
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор
Ҳар гал эслаганимда бир сергак тортаман:
“Вақт қилич кабидир. Сен уни кесмасанг, у сени кесади” (Ҳазрат Али).
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Бир муддатга китобингни ёп,
Мавҳумотдан нигоҳингни уз.
Табиатнинг ўзи зўр китоб,
Бугун унинг қаҳрамони – Куз.
Қара, асар топилмас бундай,
Тебранади боғлар – руҳафзо.
Неларнидир эсга олгандай,
Энтикади заъфарон дунё.
Тура турсин эски кўзойнак,
Боққин очиқ кўз билан бундоқ.
Деразангга барг отган кузак
Мунча маъюс, мунчалар қувноқ.
Ўйлатмасин ортиқ тартиби,
Шундоғича олам мукаммал.
Қўя тургин ҳаво таркибин,
Тўйиб-тўйиб нафас ол аввал.
Қушлар келиб, қушлар қайтмоқда,
Билганича чалиб сурнайлар.
Кимлар учун видо айтмоқда
Тирикликка ташна тўрғайлар.
Ҳаёт шудир – қанча тежамай,
Вақти-бевақт тўкилган хазон.
Бор бўйича, бўяб-бежамай,
Тасвирлайди мусаввир Мезон...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
P. S. 2008 йил куз сурати.
#Кайфият #Лаҳзалар
Нотўғри: “Сизга хизмат қилишдан мамнунмиз”.
Тўғри: “Биз учун пулингизни совураётганингиздан мамнунмиз”.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Вақтинг ошиб-тошиб ётган бўлса, хоҳлаганингча сарф эт. Фақат унутма: кейин бор-будингни берсанг ҳам фурсатни қайтара олмайсан. Ўшанда ҳам ер юзи Вақт сўраб ялиниб-ёлвораётган ношуд исрофгарларга тўлиб ётган бўлади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Бехос фикр туғилса, ёзиб қўйинглар. Оний фикр – илоҳий фикр”, дея уқтираркан академик Матёқуб Қўшжонов шогирдларига.
***
Вақтида айтилмаган сўзнинг ҳам уволи бор.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
БАХТ БИЛАН ТАНИШУВ
Қаерларда адашдинг, Дийдор?
Бир чеҳрани ёмон соғиндим.
Кел, ёнимда гуллагин, дилдор,
Сенсиз баҳорлардан оғриндим.
Томчилари тоғлардан оғир,
Юрагимни айламиш нишон,
Кўзюртингда тинмайди ёмғир,
Қуёш менинг қўлимда, ишон.
Исмимни айт, тонглар уйғонсин,
Мени эсла – кулсин ҳаётинг.
Хотиралар кўнглингни олсин,
Асраб келар умримни ёдинг.
Тўйгунича ёғиб олсин, деб
Тан бериш йўқ қору дўлларга.
Тунлари ҳам ёруғ бўлсин, деб
Юлдуз ёқиб қўйдим йўлларга…
Улуғ ишга боғлаганман бел,
Йўлга чиқдим азиз аҳд билан.
Кўзим нури, сен ҳам тезроқ кел,
Таништириб қўяй Бахт билан…
2007 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!..
Шеърдан парча акс этган ушбу видеони сўз мухлислари юборган экан.
Бу шеър 2002 йили, 18-19 ёшларимда ёзилган эди. Шу пайтгача турли тадбир, турфа давраларда янгради. Яқинда яна бир анжуманда ўқигандим.
Ҳозирги кўзим билан қарарканман, шеърнинг баъзи сўзларини ўзгартириб, айрим сатрларини қайта ишласамми, дейман гоҳида. Балки, бугунги ҳолимда бошқачароқ ёзган бўлармидим. Аммо ўша Туйғу, ўшандаги Руҳни қайтариб бўлармикан – буниси ҳам бор. Шунинг учун ҳам эски шеърларимга кўпам тегинавергим келмайди. Қолаверса, улар аллақачон мухлисларимизга ҳам ёд бўлиб кетган...
Аслида, бу Ватан, даҳо халқ сизу бизнинг ялтироқ сўзларимизга муҳтож эмас, ўзимиз унга чиройли сўзлар айтишга муҳтожлик сезамиз...
@Behzod_Fazliddin
P. S. Тўлиқ ва сифатлироқ вариантда кейин YouTubeдаги каналимизга жойланади.
#Кайфият #Лаҳзалар #Мухлислардан #Шеърлавҳа
@Behzod_Fazliddin_bot
ДОВОН
Шу халқ ўссин, шу юрт кўкарсин,
Изга тушиб кетар қолгани.
Бошин мангу баланд кўтарсин,
Олтин бўлсин тош деб олгани.
Омон ўтди йиллар қаҳридан,
Туришлари мардона бўлди.
Ғаним эриб кетди меҳридан,
Оқибати афсона бўлди.
Бек боласин қадами шахдам,
Бағри бутун, илиги тўла.
Гижинглаган тойчоқлари ҳам
Ёв дилига солар ғулғула.
Эндигина тонглар отганда
Парчаланмас азалий тоқат.
У кунларга қиёс этганда,
Бу кунларнинг заҳмати – роҳат.
Юракларда бирдамлашайлик,
Суягани етар қудрати.
Ўзимиздан баланд яшайлик,
Шу юрт ҳаққи, шу халқ ҳурмати.
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Бир сир айтайми: ҳеч қачон ҳеч кимга сир айтманг!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Кўникиб кетмадим чорасизликка,
Ойнинг нурларида йўллар изладим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
***
Отамнинг гапини бўлдим бехосдан,
Онамнинг кўзига қараб қўйдим тик...
Шунданми, сўзларим қолмиш ихлосдан,
Шунданми, бахтимнинг бошлари эгик.
Бидирлаб акамга гап бермай ўсдим,
(Мендан олдин бунёд жигар эди у.)
Нордай иниларим йўлини тўсдим,
Синглимнинг кўнглини ололмадим, ув!
Тағин шу ҳолимда ўзимга мастман,
Афсус, афсуслардан фойда йўқ. Афсус...
Ҳануз шоир бўлиб шоир эмасман,
Одам бўлиб одам эмасман ҳануз.
Энди кимга не наф доду арзлардан,
Қаҳратонда қолган қушдай қақшайман.
Узилиб кетмасми бўйним қарзлардан,
Шунча гуноҳ билан қандай яшайман?!
2014
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Қизинг қиздай бўлса, ўғлинг ўғилдай,
Якто бўлмаса ҳам чиройда, кучда...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Иймонинг ҳам замон қўшиғига мос –
Ғоят заиф, ўта ўрта-миёна...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin