Адабиёт кундалик, йўл-йўлакай юз бераётган ҳақсизликни, баъзида ҳақсизлик бўлиб кўринаётган ҳали ойдинлашмаган масалани эмас, умуман, умуммиллиятга дахлдор ёлғоннинг моҳиятини, асосини кўрсатиш билан шуғулланиши керак, деб ўйлайман. Кундалик ёлғонни ҳамма кўриб турибди, аммо бу ёлғоннинг моҳиятини фақат соф ижодкор, соф ақл, яъни ўша “хос истеъдод” кўра олади. Мен учун адабиёт ана шу “хос истеъдод” воситасида халқнинг кундалик оғриқ, ўткинчи муаммолари ортида бекиниб ётган умуммиллий оғриқ ва изтиробни, армонларни, дардни кўради ва кўтариб чиқади, бу муаммони ижтимоий фикрга айлантиради. Кундалик муаммоларни матбуот ҳам кўтара олади. Аммо миллатни, жамиятни қийнаётган том маънодаги дард ва изтиробни фақат истеъдод кўради ва ўртага ташлай олади. Адабиётни журналистикадан фарқлаш керак.
Адабиётнинг бугун бўлмаса, эртага ҳал бўладиган, ечимини топадиган, умуман, журналистика шуғулланадиган муаммоларга ўралашиб қолмаслиги тарафдориман...
Биз бугун сўзда адабиётга қанчалик яқинлашган бўлсак, амалда ундан шунча узоқлашиб бораяпмиз. Бугунги ҳақиқий шоир ва ёзувчилар чекига китоб ўқимайдиганлар, китобдан узоқ, китобни унутганлар учун китоб ёзиш маҳкумлиги тушган...
Назар Эшонқул
#Иқтибос #Ижод_ва_эътиқод
“Пиар”, “ҳайп” тушунчалари ижодда эндигина пайдо бўлгани йўқ. Неча замонлар бурун ҳам бу ҳол бор эди. Фақат бошқача аталарди. Адабий ижодда ҳам аввалдан бўлган бу.
Дейлик, бирор шеър, ҳикоя ё романнинг ўзидан олдин шов-шуви тарқаларди. Ҳали эълон қилинмаган асар ижодкор атрофидаги мухлислар ё шотирлар томонидан оғиздан оғизга кўчиб, овоза бўларди: “Эшитдингизми, фалончи шоир зўр шеър ёзибди. Номи ҳам ажойиб!”, “Мана бу сатрни қаранг, ваҳ-ваҳ, бунча гўзал! Шеърнинг ўзи қандай экан?”, “Анув ҳикояни ўқидингизми? Бутун бошли романга татийди-я”, “Фалончи ака би-и-ир қисса ёзибди. Қўлёзмасини ўқидим — даҳшат! Ҳадемай адабиётимизда катта ҳодиса бўлади. Яқин даврда ҳали бундай асар яратилган эмас!..”
Шу тариқа кўпчиликда асарни ўқишга қизиқиш уйғонар, иштиёқ кучаярди. Ҳатто баъзан бу атай уюштирилар, ажиотаж қилинарди.
Атоқли шоир-ёзувчиларимиз ҳам бундай усулдан оқилона фойдаланган.
Ҳозир тренддаги мавзуларда ижод қилиш трендга чиқибди. Қизиқ...
Масалан, оламшумул зилзила ҳақида кўпчилик шиғир ёзди. Ўша зилзила қалбингда юз бермас экан, қандай ёзиш мумкин дунёни титратган ер силкиниши ҳақида?!
Мен яхши асар реклама қилиниши, ўзига хос “ҳайп” билан аудиторияни жалб этишга қарши эмасман. Аммо атай “пиар”, “ҳайп” учун "ижод қилиш"га қаршиман, кескин қаршиман!
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
***
...чунки кўп нарсадан кўнглимни уздим
чунки ҳафсаламни пир қилди ҳаёт
чунки билиб-билмай ниятни буздим
чунки еру кўкдан бўлмади нажот
чунки ўзим билан келишолмадик
жиндаккина ақлим эгмади бўйин
имкон ила вақтни бўлишолмадик
чунки ҳаммасининг мақсади – ўйин
чунки изғиб юрар бунда қора руҳ
баттар авж олдириб бедов оташни
этимни чимчилар совуқ бир андуҳ
чунки истамадим осон яшашни
чунки...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Баридан афзали – Расулуллоҳ бор –
Саодат асрини соғинди кўнгил...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Минг бора кўнглимни ёриб айтаман:
Одам бўлмоқ учун одамлар керак!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Ялинчоқ эмасман, кибриммикан бу?
Ўзимнинг ўзимга жабриммикан бу?
Яшашим мумкин-ку жонимни сийлаб,
Тош тишлаб юрибман, сабриммикан бу?!
2003
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
АГАР...
“Агар...” – шайтоннинг сўзи. Яъники, “Агар ундай бўлмаганида, бундай бўларди”, “Унақа қилмаганимда, бунақа қилардим” қабилидаги гаплар, ҳадисда таъкидланганидек, шайтон амалини очиб беради – васвасага солади, тақдирдан норози бўлишга ундайди. Аслида, фақат Аллоҳ хоҳлагани бўлади!
Шу ҳақиқатга тўлиқ таслим бўлсак-да, бандаликка бориб баъзан билиб-билмай “агар…”ларга берилиб қоласан киши:: “Агар ҳозир англаётганларимни аввалроқ тушуниб етганимда, ўтган йилларим бошқачароқ, яхшироқ кечармиди”, “Агар кимдир йўлга солганида, ҳаётим бундан-да чиройлироқ, ёруғроқ бўлармиди...”
Йўқ, йўлга бошлагувчи ҳам, энг яхшисини қалбимизга илҳом қилиб солгувчи ҳам Аллоҳ таоло!
Шукрки, олдинда бошқачароқ, яхшироқ, чиройлироқ яшаш имкони бор. Шундай экан, шайтоний “агар”ларга не ҳожат!
22.01.2015
#Кундаликдан_қайдлар
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Фақат ош-овқатга навбатда турадиган, зиёфату маз-за-маз-зага ишқибоз тўдага айланиб қолмадикми?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бу рўйи заминда не мавжудот бор
Инсондай азиз-у, инсондай хор-зор?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шоирни урма, сўкма, шеърини буз. Ана ундан кейин кўрасан томошани...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Ризқим тош бўлса ҳам, ҳалол эт – қанд қил,
Мени мендан қутқар, Ўзингга банд қил.
Тубанда юзимни йўқотаёздим,
Мени юрагимдан бошлаб баланд қил.
2007
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
ҚЎШИҚ
Мен ҳаётни сийлов дебман,
Синов экан, синов экан.
Тангрим менга ишқ деб берган
Олов экан, олов экан.
Умримдан ҳам узун-узун
Армонларим, армонларим.
Ўзимдан ҳам маҳзун-маҳзун
Осмонларим, осмонларим.
Энди қачон ёндиради
Кўзларимнинг ёниқлари?
Юрагимни синдиради
Пешонамнинг синиқлари.
Дардларимни кўзимга қул
Ёшлар айтсин, ёшлар айтсин.
Бошим тегиб ёрилган ул
Тошлар айтсин, тошлар айтсин.
Мен бир қўшиқ куйлар бўлсам,
Кўнгил – ҳофиз, вужуд – машшоқ.
Ишқ ҳақида сўйлар бўлсам,
Ўзим ожиз, сўзим қашшоқ.
Дил, ўзингни ўтларга от,
Уйғон энди, уйғон энди.
Меним учун Ишқсиз ҳаёт
Ёлғон энди, ёлғон энди.
Майли, жоним азоб сўрсин,
Қилгин адо, қилгин адо.
Ўлар бўлсам, ишқ ўлдирсин,
Ишқ бер, Худо! Ишқ бер, Худо!
2002 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
ОЙГА ТЕГМАНГ
Нима қилсам, Ойни бошқа йиғлатмайсиз.
Нима қилсам, тинч қўясиз осмонларни?
Нима қилсам, юлдузларга тош отмайсиз,
Нима қилсам, ўлдирмайсиз жайронларни?
Бирга Ҳақнинг айвонига боради, деб,
Қалдирғочлар қўлларимдан тутиб олган.
Ҳеч бўлмаса, паноҳ сўраб беради, деб,
Оҳулари оёғимга ётиб олган...
Ёмонларга ён бергим йўқ асли, лекин
Гиёҳларнинг номларидан қўл сўрайман.
Ҳали кечмас, ҳали яна севиш мумкин,
Мен гулларнинг кўнгли учун йўл сўрайман.
Нурга қайтинг – рўёларни кетказасиз,
Еру кўкнинг тинчи учун бошланди жанг.
Бу кетишда умрингизни ютқазасиз,
Ўзингизга шафқат қилинг – Ойга тегманг.
2005 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
ҲУКМ
Ишрат бозорида шаталоқ отган,
Ҳаргиз бу халқ ила Ҳаққа ёрмасман.
Саодатга элтар йўлни йўқотган...
Ҳаққа бормас бўлса, халққа бормасман!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Юрагингга термулиб туриб,
Йиғлаяпсан биринчи марта...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
Ақл ўргатмоқ бўлар сенга
Шогирдингнинг шогирди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Мансабга интилмоқ айб эмас, магар ният хайрли бўлса.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Ўртачалик ишни бошқара бошлади...
— Ўртачалик бизни тамом қамраб олган. У ёққа борсангиз ҳам, бу ёққа борсангиз ҳам – ўртачалик. Ҳақиқий адабиёт ўлдирилгандан, сўйилгандан кейин саҳнага ўртачалик чиқди. Ўртачалик ишни бошлади. Ўртачалик меъёрга айланди. Ўртачалик ишни бошқара бошлади...
Бу ёқимли адабиётга ўхшайди-ю, лекин ўртача адабиёт дунёга чиқадиган адабиёт эмас. Ўртача адабиёт ўртачаликни ҳимоя қилади. Кучли адабиёт кучли нарсани, кучли дунёни талаб қилади. Ўртачалик ўртача бўлиб юраверади. Бу ўртача қўшиқлар, бу ўртачалик тарафида турган адабиёт бизни ҳали кўп ташвишларга солади...
Рауф Парфи суҳбатларидан.
#Жамият_ва_маънавият #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
Кимнидир мақташ учун бошқаларни ерга уриш шартми?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Пок номинг ёд этган покрав номларни
Нодоннинг оғзида чайнатма, ё Раб!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ҚЎНҒИРОҚ
Уйимни тўлдирган жимликни бузиб,
Ҳаётни эслатиб янграр қўнғироқ.
Олисдан бир гўзал (кўзини сузиб)
Гапирар, адашиб тушибди бироқ.
Ўзим билан ёлғиз қоларман яна,
Домига тортади хаёллар – денгиз...
Телефон!.. Жунбушга келади хона,
Яна ўша – “Бошқа жойга тушдингиз”.
Наҳот ҳамма мендай адашган, ёнар,
Саволлар тош бўлиб урилар бошга.
Ҳар сафар алмашиб қолар рақамлар,
Сўраган бегона, сўралган бошқа...
Ҳамон довдирайман, Руҳимда тўфон,
Мени шу симларга боғлаб қўйган Вақт.
Юрагим жиринглар – жонли телефон,
Эҳтимол, қўнғироқ қилаётган – Бахт...
2006
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Онамнинг бағри қон у ерда,
Мен бунда музқаймоқ ялайман...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Сен_қачон_гуллайсан
#Сиз_сўраган_шеър
ЎН САККИЗ ЁШ РОЗЛАРИ
Бугун ўн саккизга тўлади қуёш,
Ўн саккизда учар юлдузнинг ҳуши.
Ойнинг қароғида ўн саккиз қарош,
Ўн саккизга тўлди кўнглимнинг қуши.
Лолажон, унутма менинг номимни,
Мен кўҳна дунёни этяпман сайр.
Кўтариб ўтяпти йиллар жонимни,
Болалик, кўзингдан кетяпман, хайр.
Ана, учиб кетди менинг умримдан
Ўн саккизта турна – ўн саккиз азоб.
Балки, ҳисобимга ёзилди бирдан
Ўн саккизта гуноҳ, ўн саккиз савоб.
Жонимни қоғозга едиравердим,
Айтмоқ истайвердим тирик сўзимни.
Ўн саккиз йил аро қидиравердим,
Зора, ўн саккизда топсам ўзимни...
2001 йил 20 сентябрь
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Онамнинг_кўнглига_кетамиз китобидан (2003)
#Кайфият #Эски_дафтардан
Ҳозирги диний уламо орасида бадиий адабиётни яхши тушунадиган кимларни биласиз?
Замонавий адабиёт аҳлидан диний илмга эга кимларни айта оласиз?
Умуман, дин ва адабиёт муносабатларига қандай қарайсиз?
Шу бўйича фикр-мулоҳазалар бўлса, йўлланг.
@Behzod_Fazliddin_bot
Тил жозибаси ТВда йўқ. Лекин бошқа ўргатувчи ҳам йўқ: китобларнинг тиражи паст, расмий матбуот нашрлари адади жуда кам, каттароқ тиражда чиқаётган хусусий газеталарнинг ўзига тил маданияти етиб бормаган.
Туман мухбирлар лашкари “Мулла билганини ўқийди”га амал қилиб, оғизларига келганини гапириб, ёзиб ётибдилар. Ҳай, инсоф борми, сизлар ҳам бир нарсани ўқиганмисизлар, деб сўрайдиган одам йўқ. Ясама сўзлар, ғализ иборалар ғиж-биж ачиб ётибди, уларни битталаб санаб чиқишга умр етмайди.
Баъзан энди фойдаси йўқмикан, шундай кетаверадими, деб кўнглинг чўкиб кетади.
Кенг тарқалган нодонлик жорий донолик бўлиб қоляпти...
Аҳмад Аъзам
#Иқтибос #Тил_тақдири
@Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
– Қадимги Рим файласуфи Сенека “Оломонга қизиқ бўлган ҳамма нарсадан қоч!” дейди. Ўзимча мен шу гапга амал қилишга интиламан ва оломоннинг қонини қиздирадиган ҳирс ҳамда майлларни ҳозир осон пайқайман. Энг ёмони, бугун зиёли дейиш ҳам нисбий тушунча бўлиб қолди. Чунки уларнинг аксарияти айнан оломон вакилидир. Адабиёт, санъат, телевидение, радио – ҳамма-ҳаммасида оломон нигоҳи, оломон ҳиссиёти, оломон овози ва маслаги устунликка талпинаётир. Бунга қарши дадил курашилмаса, маънавият, маданият, комиллик тўғрисидаги фикрларнинг бора-бора бир чақалик ҳам аҳамияти қолмайди...
Бир ҳинд донишманди “Инсоният саратон (рак) касаллигига даво топиши мумкин, аммо саёзликка даво топиши душвор”, дейди. Чиндан ҳам, саёзлик давосиз бир хасталикдир. Сиз таърифлаган ёшларнинг кўпчилиги саёзликнинг “жужуқ”ларидир...
Иброҳим Ҳаққул билан суҳбатдан.
Батафсил: https://www.facebook.com/100003319579634/posts/364124610374855/
@Behzod_Fazliddin
Қўрқоқликдан кўра номардлик аянчлироқдир.
***
Бошқаларни алдаётган киши, аввало, ўзини алдаётган бўлади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Сўз йўлини танлаб тўғри қилдимми?..” дея кўп ўйлайман.
Сўз аҳли бу қадар хору зор бўлишини аввалроқ билганимда бошқа йўлдан кетган бўлармидим...
Аммо озми-кўпми йўл юриб қўйдим. Энди ўзга қандай йўл излай – ортга қайтиш йўқ!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
Нимадир сабаб билан ўз даврининг модасига кириб қолган одамлар бўлади.
Улар кўп вақт ўтмай эскириб, урфдан қоладилар, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетадилар ва унутиладилар.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin