... Ҳали сендан кўнглим ўлмаган,
Бер ўзимга ўзимдан нажот.
Борадиган жойим қолмаган,
Мени бошқа ҳайдама, Ҳаёт!..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан #Эски_дафтардан
ҚАҲРАМОН
Тонгдан эшигимни чертади ташвиш,
Ичкарига олиб кирмасам, кўнмас.
Ишда қандай ғалва қайраб турар тиш,
Оёқ тортмайди-ю, бормасам бўлмас.
Йўлга отланаман, нонушта чала,
Муҳими – гупиллаб турибди юрак.
Кутишга заррача йўқдир ҳафсала,
(Барибир, автобус кутишинг керак.)
Ишхонада ўша эски томоша,
Ҳар кимнинг айтгани юзаки ўлан.
Бахтиёр кўрсатгум ўзни ҳамиша
Мийиқдаги сохта табассум билан.
Ахир ёлғон бўлса, бўлар-да шунча,
Не-не алдовларга, балки, соқийман.
То устимдан кулиб қуёш ботгунча,
Нуқул эртак ўқиб, эртак тўқийман...
Нега ҳамма нарса инсонга соя?
Ҳар қулайлик дилни ғамга ўрайди.
Борсам, ўтганмисан рўйхатдан, дея
Бахт ҳам юзи совуқ, ҳужжат сўрайди.
Саволлар тушда ҳам тинч қўймас нечун?
Алаҳсираб тунни тонгга улайман.
Эртага эркинроқ яшашим учун
Тағин қанча жойга ўлпон тўлайман?
Яхши беркилганми жўмракнинг оғзи,
Қўшнининг уйига ўтмабдими сув?..
Кейин шундай ғалат хаёллар баҳси,
Ҳозир ҳаётимнинг бор маъноси – шу...
2010 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
СЎРОҚ
Дилни дилга йўлламай,
Йўлни йўлга уламай,
Ҳеч йўқса, бир гулламай,
Сўлиб кетаверайми?
Танда бор чўғим – шу, деб,
Бандалик чоғим – шу, деб,
Менинг бор-йўғим – шу, деб
Нолиб кетаверайми?
Кўкламлар нафасида,
Гуллаш арафасида
Тошларнинг орасида
Қолиб кетаверайми?
Қандай кунга кўндим-ай,
Ич-ичимдан синдим-ай,
Ёнингизда индамай
Ўлиб кетаверайми?
Нега жимсиз?!
2004
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
катта-КИЧИК
Ҳаёт гулларига энг мард харидор,
Бўлса ўзларига суюк юклари.
Тошларни уйғотган нурдай хокисор
Кичкина қалбларнинг буюкликлари.
Юзларин Қуёшга тескари бурар,
Булут кўзларидан кетмайди нари.
Мудом ҳаётингни эговлаб турар
Катта одамларнинг майдаликлари.
2007
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
“Sen qachon gullaysan” kitobiga soʻzboshi (2008)
TOZA BIR SOʻZ
Behzodning ijodini koʻp yillardan buyon kuzatib kelaman. Uning oʻquvchilik yillari bitgan mashqlari kiritilgan dastlabki ikki kitobchasi bilan ham tanishman. Uchinchi kitobi esa menda yosh shoirning kelajagiga umid, ishonch uygʻotgan.
Mazkur “Onamning koʻngliga ketamiz” toʻplamida Behzodning, nazarimda, ijodga masʼuliyat bilan yondashayotgani, sheʼriyatga taqdir deb qarashga moyilligi sezilib turadi. Uning ona, Vatan, tabiat, yoshlik, sevgi-muhabbat kabi turli mavzulardagi sheʼrlari navqiron ijodkorning tinmay izlanayotgani, jiddiy mehnat qilayotganidan darak berardi.
“Sen qachon gullaysan” – shoirning toʻrtinchi kitobidir. Endi Behzod Fazliddin ijodiga adabiyotning rasmona talablari bilan yondashishga haqlimiz.
Kitobga kiritilgan sheʼrlarda hayotga ochiq koʻz bilan tiyrak boqayotgan hissiyotchan, koʻngli bezovta, fikrlaydigan, oʻz-oʻzini, zamondoshlarini, murakkab dunyoni bot-bot savolga tutib turadigan lirik qahramon qiyofasi ancha aniq namoyon boʻladi.
Behzod Fazliddin sheʼr “yasash”dan qochishga, har bir soʻzni oʻz oʻrnida ishlatishga intiladi. U qalbidan kechayotgan turfa tuygʻularini, voqelik taassurotlarini ohorli tashbehlar, maʼnodor ramzlar orqali samimiy ifodalaydi. Umuman, uning eng yaxshi sheʼrlarida hayotning real tasvirlari aks etmoqda.
Behzod tanqidni koʻtaradigan, toʻgʻri gapni tan oladigan yoshlardan. Binobarin, istardikki, u hozir keng “urf”ga kirgan fikr nazmga solingan namunalar yozishdan uzoq yursa...
Sheʼriyatda toza bir Soʻz aytishni niyat qilgan shoirning qoʻlingizdagi kitobi qalbingizni insoniy, rost tuygʻular bilan boyitsa, demak, izlanishlari besamar ketmabdi.
Mahmud SAʼDIY
2008-yil
P.S. Ko‘pchilik “Sen qachon gullaysan”ni so‘raydi haligacha. Ushbu kitob 2008-yil chop etilgan va hozir do‘konlarda yo‘q. Ko‘pdan buyon yangilangan, qayta nashr haqida o‘ylab yuribmiz va shuning harakatidamiz. Ehtimol, lotin yozuvida.
#Sen_qachon_gullaysan @Behzod_Fazliddin
Этагидан тутай деб борсам,
Муршидимнинг ўзи пирга зор...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
CHIN SEVISH
Koʻnglimni kimlarga bermadim,
Topganim gard boʻldi, dard boʻldi.
Men suyib roʻshnolik koʻrmadim,
Sevilib yengganlar mard boʻldi.
Baxt vaʼda ayladi xoblarim,
Tush koʻrdim oylarning qizini.
Sogʻinib yashadi lablarim
Turlangan gullarning yuzini...
Gullarga eng goʻzal rang – vafo,
Bas, rangsiz gullarni sevmayman.
Istarim – ilohiy bir ziyo,
Oʻzgaga koʻnglimni bermayman.
Chin sevmoq poklanmoq emasmi?
Men suyib poklanib boraman.
Sevmasa sevmasin bandasi,
Koʻnglimni Allohga beraman,
Koʻnglimni Allohga beraman!
2002-yil, iyul
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
#Kayfiyat #Eski_daftardan
ҲИКМАТ
Кўзингни оч, мудраб ўтма,
Тонг отди-ку, тунни кутма,
Ўтмишингни ортиқ титма,
Бугун учун бугун яша.
Кеча ёмон йиқилгансан,
Эзилгансан, бўғилгансан,
Йўғ-э, бугун туғилгансан,
Бугун учун бугун яша.
Қувонч – ғамга таъзиядир,
Тун – кундузга марсиядир,
Эртанг ҳали насиядир,
Бугун учун бугун яша.
Кипригингга қўнмасин гард,
Кўксингдаги ойнани арт,
Бугун бахтли бўлишинг шарт,
Бугун учун бугун яша.
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Бир устозимиз айтгич эди: “Булар Худони ҳам алдайман деб ўйлайди...”
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Оммабоп китобларда бадбўйлик бор...”
Одамлар ҳар хил бўлганидек, китоблар ҳам турлича: бири моҳиятан яроқсиз, иккинчиси ёлғон ва алдов тарғиботчиси, бошқа бирлари истеъдодсизлик ва ўртамиёналик намунаси…
Шунинг учун ҳамма китоб онг ва идрокка яхши таъсир ўтказиб, фикрни бойитади, деган гапни эсдан чиқариш керак. Негаки, зеҳнни ўтмаслаштириб, дид ва савияни бузадиган китоблар ҳам дунёда кам эмас.
Масалан, ёзувчи, шоир ва олимлардан кўпчилигининг шу кунларда нашр этилаётган китобларини ўқимаган киши ҳеч нима ютқазмайди. Тўғри, китобдан йироқлашув оғриқли бир масалага айланиб қолди. Аммо буни фожиага қараб бурмаслик керак. Тасаввур этайликки, ҳамма бирданига китобхонликка шўнғиб кетди – нима ўзгаради? Илм-фан, бадиий адабиёт тармоқларига қараб одамлар онгида аввалгига нисбатан факт ва маълумот кўпроқ йиғилади, фикр-тушунчаларда баъзи ўзгаришлар юзага чиқади. Бироқ одамнинг Ўзлиги, яъни башарий “мен”ида ҳеч қандай силжиш, янгиланиш рўй бермайди. Бунга сабаб нима? Сабаб – дин, фалсафа, адабиёт, санъат ва сиёсатга бағишланган кўпдан-кўп асарларнинг инсон Руҳига теран таъсир ўтказолмаслиги ҳамда унинг инонч “қалъа”сини ишғол эта олмаслигидадир...
Айрим китоблар ўқувчининг ҳаётга аралашиш эҳтиросини пасайтириб, унда китобийлик кўникмасини орттиради. Оқибат нима бўлади? Ҳаётий ҳис-туйғулардан китобий майллар ғолиб чиқиб, инсон воқеликка ҳуркиб, чўчиб-қўрқиб қарайдиган ва қуруқ мушоҳададан нари ўтолмайдиган бир жонзотга ўхшаб қолади. Одатда мана шундай кимсаларнинг китобхўрлик “талант”и ёшлар онгига ёмон таъсир ўтказади.
Хуллас, ҳадеб китоб ўқимасликнинг зиёнидан гапиравермасдан, китоб ўқишдан туғилажак зарарлардан ҳам сўзлаш керак. Ана шунда муаммонинг “кўз”и очилиб, танлаб ўқиш малакаси устида жиддий бош қотирилиши мумкин.
“Оммабоп китобларда бадбўйлик бор. Чунки уларга майда одамларнинг ҳиди сингмиш”, дейди Ф.Нитше. Бу – тўғри фикр. Тўғрилиги учун ҳам бора-бора бунақа китобларни қўлга олиб варақлаш истагидан тамоман фориғ бўламиз...
Иброҳим Ҳаққул билан суҳбатдан.
@Behzod_Fazliddin
Тўлиқ ўқиш учун: https://www.facebook.com/100003319579634/posts/364124610374855/
Адабиётга тўда-тўда бўлиб кирилмайди.
Ҳар истеъдод ўз кучи, Яратган инъом этган салоҳият қуввати, меҳнати, улуғ устозлар назари, синчков сўз мухлисларининг холис эътирофи билан бу муқаддас даргоҳга кириб келади.
Гуруҳбозлик, маълум тоифалар монополияси Адабиётга дахлдор бўлолмайди.
Шунчаки фаоллик, ижодий давраларда, матбуот ва телеэкранда доимий кўриниб туриш, тинимсиз тадбирлар уюштириш, ижтимоий тармоқларда шов-шув қилиш – булар ҳали чинакам ижод, Адабиёт дегани эмас!
Ҳозир бундай “пафосли” гапларнинг деярли таъсири йўқ-ку, лекин шу ҳақда доимий эслатиб туриш керакмикан...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Асл санъат ва, албатта, адабиёт бундан буёғига янада хослашиб, “ингичкалашиб” – жуда-жуда озчилик дидига мослашиб бораверади, шекилли.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шу чўтир дунёга шеър айтиб юрган шоир юрагингга қойил (эмасман)!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
БОРСАН
Иллат ботқоғига ботиб чарчадим,
Пушмон шаробини тотиб чарчадим.
Тўйдим Сенсизликка чорлар йўллардан,
Ўзимни дунёга сотиб чарчадим.
Сени Сенсизлардан излаганим рост,
Мункир туйғулар-ла бўзлаганим рост.
Нима қилсам қилдим, не бўлсам бўлдим,
Вале Сендан умид узмаганим рост.
Ботил ақидани бузмоқ истадим,
Сенга элтар сўзлар ёзмоқ истадим.
Иблис нағма қилиб йўлимни тўсди,
Гоҳ ночор ақлдан озмоқ истадим...
Телба ҳолим кўриб малаклар қочди,
Йўқлик саҳросида хаёлим учди.
Шайтонга ҳай бердим, Дўстга қўл бердим,
Яна Иймон дилга дарича очди.
Ҳар неъматда борсан, ҳар жонда борсан,
Заминда, ҳавода, осмонда борсан.
Нуринг-ла тўлмишдир жами оламлар,
Орзуларда борсан, армонда борсан.
Менда ҳам бормисан?!
Менда ҳам борсан!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Мактабда, лицей ва университетда ҳам чет тили сифатида немис (олмон) тилини ўрганганман. Анча йиллар кимлар учун “Гитлер (аслида Ҳитлер) тили”, кимларга донишманд Гёте забони бўлган немисчани иштиёқ билан ўзлаштирдим. Немис адабиётидан бирмунча таржималар қилишга уриндим. Ҳайнрих Ҳайнедан илк таржимам ҳаваскорона машқ эди.
Ҳатто ўзимча немис тилида асарлар ёзмоқчи бўлдим-у (ёшлик орзу-ҳаваслари-да энди), маълум муддат уни “унутиб” туришга тўғри келди. Анча эсимдан чиқиб боряпти-ёв бу тил. Баҳонасифат сабаблар кўп... (Cендан фойдалана олмаётганим учун мени кечир, Deutsch! Ҳали сенга қайтарим, кўп гаплар айтарим бор!)
Магистратурада оз-моз инглизчани “чўқилаган” бўлдим-у, кейин ўрганишга жиддийроқ киришдим. Бироқ орада бу тилни ҳам пича “унутиб” қўйдим. Ҳа-я, бир муддат туркчага ҳам қизиқиб кўрдим...
Кейинги пайтлари инглиз тилини маҳкамроқ тутишга ҳаракат қиляпман. Баъзи фикрлар ва шеърий сатрларимни инглизчада ҳам бериб боргим келади-ю, ҳозирча “English”им бадиий ижод учун анча ғариб, чоғи...
Шу ўринда ғайрати қайнаб турган ука-сингилларимизга мурожаат: аввало, она тилимизни, кейин албатта бирор чет тилини қунт ва ҳафсала билан ўрганинг. Айниқса, ижодкорлар учун бу жуда муҳим.
Лекин тил билиш бу ҳали яхши фикрлаш дегани эмаслигини ҳам унутманг. Энг муҳими, чет тилини ўрганиш она тилини “ўгай” қилиш эвазига бўлмаслиги керак.
Бадиий таржима масаласида ҳам кўп гаплар бор-у, бу энди – алоҳида мавзу. Бирор хорижий тилни аъло даражада билса-да, ўз тили – ўзбекчани яхши билмайдиган, сўзни ҳис қилмайдиган таржимонларга қараб қолгандан кўра шоир-ёзувчиларнинг ўзлари тил ўрганиб, таржимага астойдил киришишлари керак. Қолаверса, эзгу ният билан қалам тебратаётган ҳар бир ижодкор халқаро адабий-маданий алоқаларни мустаҳкамлашга имкон қадар ҳисса қўшиш пайида бўлмоғи лозим.
Яна бир гап: ўзбек миллатдошларим она тилимиз билан бирга етарли даражада араб, инглиз, рус тилларини билиши зарур, деб ўйлайман (яна бошқа чет тилларини билса, нур устига нур). Насиб қилса, бу ҳақдаги фикр-мулоҳазаларни алоҳида ёзарман.
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай
#Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим
Беҳаловат одам – бетартиб одам.
***
Ақлдан ташқаридаги куч-қудрат ожизликдир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Токи ўз кучимиз, салоҳият ва имкониятимизни тўғри йўналтирмай, замон ройишини муносиб баҳолай олмас эканмиз, ҳар жойда мардикор бўлиб юраверамиз.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Юзни тўсибсан-у, бу наҳс дунёдан
Беркита билмабсан суқ кўзларингни...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шундай дориламон замонда муҳтожликдан нонни тежаб ейдиганларни кўрганмиз. Сиз эса “Учинчи Ренессанс” ҳақида сайраб тинмайсиз...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Китоб сўраб мурожаат қилаётганлар диққатига!
Беҳзод Фазлиддин китоблари ҳозир дўконларда йўқ. Янги китоблар чиқса, албатта хабар берамиз.
Қайта чоп этилган аввалги китобларни @Behzod_Fazliddin_bot орқали буюртма бериб, олиш мумкин.
Тавба, дейсан-у, бундай муҳитда фарзанд улғайтиргани ҳам қўрқасан, деган экан аччиқ устида бир ғариби бечора.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Онангнинг эгнига камзул бўлмаса –
Ҳар дайди шамолдан асраб тургани,
Отангнинг қўлига омбур бўлмаса –
Ёғочлардан нобоп мих суғургани;
Синглингга сарупо, сеп йиғилганда
Фойдаси тегмаса чит кўйлакчалик,
Ташвишлар укангга зўрлик қилганда,
Ҳимоя этмаса бир билакчалик;
Лаббай, деб келмаса ғовларни ёриб,
Мунаввар тонгларга йўргак бўлмаса,
Ғанимнинг кўзини ўймаса бориб,
Эгилган элингга тиргак бўлмаса...
Шу шеърни тўқимай турганинг яхши,
Ҳар сатри қонингдан ўтмагунича,
Шу шеърни ўқимай турганинг яхши,
Тоғ бўлиб жонингда ўсмагунича...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Мен сизга бегона бўлмоқчи эдим,
Жой бергим йўқ эди ҳатто тушимдан.
Шундоқ ҳам ҳар нарса тиғиз дунёда
Ўй-ташвиш айирай дейди ҳушимдан.
Муттасил кимнидир ахтариб келдим,
Мўлтираб ҳар ёнга боқдим интизор.
Шу қадар девона яшарми эдим,
Башарти ўзимда бўлса ихтиёр.
Сиз-ку аллақачон кечар эдингиз
Ўртаниб, ўртаган ғариб Мажнундан.
Таассуф, ҳаммаси ҳал бўлиб бўлган
Кўзингиз кўзимда жилмайган кундан.
Шеър қилиб сочаман бутун дардимни,
Соғинсам, беркиниб оламан тунга.
Сиз хира хотирот аро гирёнсиз,
Ҳали ҳам бегона бўлолмай менга.
2009 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Умидсизлик аро умидвордирман,
Ўзингдан ўзгага айтар дардим йўқ!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Жондан азиз номин ёдга олган эдим,
Юрагимнинг хотиридан ғамлар ўчди...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Улар қичқираверсин: “Ҳаёт – бу лаҳза. Ўйна!”
Сиз ўзингиз учун жавоб беринг: “Ҳаёт – бу лаҳза. Ўйла!”
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бой-камбағал, шаҳар-қишлоқ, оқ-қора ўйинидан чарчамадингизми?!
***
Вақтида етмадик Вақтнинг қадрига...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
Илмий изланиш иштиёқи билан аспирантурада ўқиб юрган давримизда (2010 йиллар) ёш тадқиқотчиларнинг моддий аҳволи яхши эмасди. Берилган стипендия чойчақадай гап. Аксарият аспирантлар бошқа бирор жойда ишлаб, у ёқдан бу ёққа қатнаш билан кун ўтказарди. Ишбилармонроқ изланувчилар ҳам репетиторликдан орта олмасди.
Бу ҳолда қандай диссертация ёзиш мумкин?
Аксарият илмий тадқиқотларнинг юмалоқ-ёстиқ қилинаётганига асосий сабаблардан бири ҳам шу – изланиш учун етарлича шароит йўқлиги. Бошқа омиллар ҳам бор, албатта.
Ҳужжатбозлик, ортиқча талаблар ва оворагарчиликлар сабаб кўплаб тадқиқотчилар, айниқса, ёш кадрлар илмий ишни ёзиб тугаллагандан сўнг ҳам йиллаб сарсон бўлаётгани эса алоҳида мавзу.
Шунга қарамай, барча қийинчиликларни мардонавор енгиб, кўнгилдагидек тадқиқот олиб борган ва ёруғ юз билан диссертация ёқлаганлар бўлган...
Яширмайман, орада ўзим ҳам ҳаммасига қўл силтаб, “ташлаб” кетмоқчи бўлдим. Қолаверса, ишимиз илм-фандаги фойдасиз ислоҳотлар даврига тўғри келиб, чўзилиб кетди...
Ниҳоят, 2019 йили диссертацияни ёқлаб, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олдик...
Илму ижод одамига керакли даражада моддий-маънавий шароит яратиб берилмас, яхши муҳит бўлмас экан, у ҳеч нарса қила олмайди.
Ҳозирги ҳолат нисбатан яхши. Иқтисодий аҳвол маъносида, албатта. Таянч докторантурада изланиш олиб бораётган ёш тадқиқотчиларга унча кам пул тўланмайди. Ҳарҳолда, бу маблағ бошқа ишга чалғимай, яхшироқ ўқиб-изланишга етса керак.
Шундай экан, имконни ғанимат билинг. Вақтни беҳуда сарфламанг. Ижтимоий тармоқларда соатлаб санғишни бас қилинг. Ўқиб-изланинг, янгилик яратинг, ёш тадқиқотчи, изланувчилар!
Кейин бу дамларни тушингизда ҳам топа олмайсиз.
P.S. Кузатишимча, бизда бугунги илмий муҳитга малакали мутахассис, янги фикрга ташна изланувчан олимдан кўра ҳарфчайнар техник ходим, долзарб мавзудаги илмий тадқиқот эмас, шунчаки шаблонга солинган ҳужжатлар йиғмаси зарурроқ экан.
Бу аҳволда илм-фан қандай ривожланади?!
Имкониятга қараб ҳали бу ҳақда батафсил ёзармиз...
08.07.2019
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
ЭСКИ ҲАҚИҚАТ
Дунё эски, ташвишлар эски,
Навқирондай бу ғамлар кўҳна.
Қарсак чалиб топамиз таскин,
Ҳаёт ўзи эски бир саҳна.
Гар пихини ёрган фуқаро
Ўзлаштирмоқ бўлар бугунни,
Ечолмаслар минг йиллар аро
Севги деган эски тугунни.
Ким бировни йиғлатиб кулар,
Шу ўйинлар менга қизиқми?
Ё ўчириб берарми улар
Пешонамда турган ёзуқни?
Фақат сира тинч қўймас бир ҳол,
Ўйлатади дунё ишлари:
Нигоҳлари маъюс мажнунтол,
Чинорларнинг хўрсинишлари...
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим