Шундайлар бор, фақат ишлаётган идораси сабаб ҳурмат-эътиборда, давралар тўрида.
Яна шундай камёблар бор, улар сабаб ишлайдиган жойи ҳам кўпчилик ардоғида.
Аввалги ҳолда дуч келган одам бўлиши мумкин, аммо кейингиси унча-мунчасига насиб этмайдиган неъмат, Худо юқтирган файздир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ёшлик – орзу, муҳаббат, толеъ,
Болаларча тоза саволлар...
Бўйнимизда “галастук”, вале
Кўнглимизда озод хаёллар...
@Behzod_Fazliddin
2007 йил cурати.
#Кайфият #Лаҳзалар
ОТАМЛАШУВ
Бу дунё – ғалвали уй, дейсиз,
Ҳар жонда минг ташвиш, ўй, дейсиз,
Ўзимга сиғмайман, сиз ҳар гал
Кўп гапирмай, чойдан қуй, дейсиз.
Мен озиб-ёзиб бир боргандим,
Озурда кўнглимни ёргандим,
Йиғламай йиғлашни ўргандим,
Тишингни тишингга қўй, дейсиз.
Кўзимда дунёча ёш бўлса,
Кўксимда бир уюм тош бўлса,
Наҳотки белбоғим бўш бўлса?
Ҳар нени ҳикматга йўй, дейсиз.
Кечалар бахтимни туш кўриб,
Биргина бошимни қўш кўриб,
Катта бўлганимни хуш кўриб,
Қачон яна элга тўй дейсиз?
2007 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
HASRAT
Yaram o‘tib ketdi jon-jonlargacha,
Hali ko‘p ingrayman azonlargacha.
O‘ylab charchamayman qachonlargacha
Armon gullariga ildizligimni?
Ko‘zimga tumanlar kutadi kimlar,
Izimga tikanlar otadi kimlar,
So‘zimga kishanlar tutadi kimlar,
Bilib osmoni yo‘q yulduzligimni.
Mudom ko‘z ostidan chiqqan arilar,
Umrimdan gunohlar yiqqan arilar,
Birovning nishida chaqqan arilar
Bilmasmi bulbul yo qo‘ng‘izligimni?
Yuragim – oyoqlar tiqilgan chashma,
Hali bir tomchimga qilaman tashna,
Yuzimga solishing shart emas, oshna,
O‘zim ham bilaman yolg‘izligimni…
2002-yil
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
#Eski_daftardan
ЁМОНИ ЙЎҚ ЖОЙГА КЕТАМИЗ
Бу дунё – руҳимнинг азоби,
Эзгулик – умримнинг савоби.
Қўй, энди йиғлама, кўнгилжон,
Бор ахир барчасин ҳисоби,
Қўлни бер, пок жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
Кўзларим қадалган самога,
Ташнаман бир ҳовуч зиёга.
Чарчадим заҳарли сўзлардан,
Юр, энди ғийбату иғвога
Макони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
Чопамиз Қуёшнинг изидан,
Ўпамиз гулларнинг юзидан.
Қизариб бир ширин туйғулар
Топамиз лоланинг кўзидан.
Армони йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
Кўзимни севинч ҳам ёшласин,
Қўлимни омад ҳам ушласин.
Тишларнинг изи бор кўксимда,
Энди Бахт лабимни тишласин.
Зиёни йўқ жойга кетамиз,
Ёмони йўқ жойга кетамиз.
Йилт этган зиёга зор кўнглим,
Биз истар дунёлар бор, кўнглим.
Муниса Онамнинг кўнгли бўш,
У бизни кутяпти, юр, кўнглим,
Ёмони кўп жойда нетамиз –
Онамнинг кўнглига кетамиз,
Онамнинг кўнглига кетамиз!
2001 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан #Кайфият #Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Мен – ўзини сотиб қўйган қул,
Хаёлимга занжир солиб бер.
Ўзингдан ўзгадан озод қил,
Юрагимни ундан олиб бер.
Осмон эдим, қандай эгилдим,
Қаро ерга дондай тўкилдим,
Наҳот шунча осон енгилдим,
Юрагимни ундан олиб бер.
Қандай ишқ бу – йўлдан чалғитса,
Ўтдан олиб ўтга ирғитса,
Паришонман, яна тўзғитса...
Юрагимни ундан олиб бер.
Бир нигоҳга мендай зормас у,
Тоза дардга интизормас у,
Мени Сенга олиб бормас у,
Юрагимни Гулдан олиб бер.
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Меҳрининг чашмига хўб чанқоқ севдим,
Ёлғиз У ягона, манам тоқ севдим,
Найлай, тоқатимдан ортиқроқ севдим,
Ҳолимни сўрмаса, ҳолим ёмондур.
Муроду мақсудим ҳосил қилгувчи,
Истаса, ажрига ноил қилгувчи,
Нури иймонимни комил қилгувчи
Ҳолимни сўрмаса, ҳолим ёмондур.
Шам янглиғ умримни ёрқинроқ қилиб,
Жавзосин жонларга салқинроқ қилиб,
Шоҳ томиримдан ҳам яқинроқ келиб
Ҳолимни сўрмаса, ҳолим ёмондур.
Ҳозирдир хуш-нохуш гумонимда У,
Барқарордир руҳи равонимда У,
Ишқ онлари менинг томонимда У,
Ҳолимни сўрмаса, ҳолим ёмондур.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ДЎСТ
Мени телбаларча қўмсар Ёлғизлик,
Кўзлари йўлимда илҳақ, нигорон.
Уни ҳам ҳар кўйга солар ёрсизлик,
Шуниси ёмон-да, шуниси ёмон.
Нечундир бу ҳолга осон кўникдим,
Кўнглим чопар унинг кўнглин олгани.
Ёнингга бормасам, кечир, севиклим,
Қўрқади Ёлғизлик ёлғиз қолгани.
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Илончалар чақиб олди тилларимни,
Тангрим дилга солаверди, солаверди...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
Дўстинг кўпми, демак, дўстинг йўқ.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шунчалар ишондим, келдим суяниб –
Ҳаққа элтгаймикан ҳақиқатларим?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
МАЙЛ
Бу қандай бедодлик, бу қандай исён –
Ўз соям ўзимни ютаман, дейди.
Менмас, ичимдаги махлуқ, Художон,
Дунёнинг тагига етаман, дейди.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
“УЧЛИК”ЛАРИМ
Сўқирнинг қўлига шам берма, дедим,
Ҳаёт кафгирига дам берма, дедим,
Мендан бошқасига ғам берма, дедим.
***
Соядай қадамим пойлайди Гуноҳ,
Мени ўзимдан кўп ўйлайди Гуноҳ,
Нимага яшашга қўймайди Гуноҳ?!
***
Товланишни бас қил, зарга оғмайман,
Шеър билан овутма, сўзга сиғмайман,
Мен йиғлай олмаслар учун йиғлайман.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
Қўрқмайсизми, тушингизга кирмай қўйсам,
Хаёлингиз билан суҳбат қурмай қўйсам,
Кўнглингизнинг кўчасида юрмай қўйсам,
Қўрқмайсизми?
Борлигимни биласиз-у, билмасдайсиз,
Зорлигимни биласиз-у, билмасдайсиз,
Муштоқсиз-у, лек назарга илмасдайсиз,
Билмасдайсиз.
Кунни тунга, тунни кунга айлантирдим,
Кўзларимни ўчмас унга айлантирдим,
Дил шўрликни бир мажнунга айлантирдим,
Ўйлантирдим.
Атиргулнинг япроғидан тикони кўп,
Яратганнинг биз билмаган ирфони кўп,
Омон бўлсак, яшамакнинг имкони кўп,
Имкони кўп...
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Сизни яратгандан мени қизғонманг,
Келинг, ул Яктони севайлик бирга.
Беҳуда ўртанманг, бекорга ёнманг,
Азиз умримизни ўрайлик нурга.
Борлигингиз – хаста руҳимга далда,
Ҳамма суйган Ёрдан рашк қилмак... Нега?
Ахир ўзингиз ҳам билмаган ҳолда
Худони эслатиб турасиз менга.
Лойимни пишириб борар оловлар,
Барча юлдузларга ўзим бошлиқман.
Ҳушидан айрилиб суйса бировлар,
Мен севиб ақлини топган ошиқман.
Бизни яратгандан мени қизғонманг,
Ой ул Ёр ишқида сархуш фалакда.
Беҳуда ўртанманг, бекорга ёнманг,
Асрайлик, асрайлик Уни юракда.
2007
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Керак бўлса, ер сотиб китоб чиқарадиган “телба”ларни Ўзинг қўлла, ё Парвардигор!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Bu chirkin dunyoning qoidasi shu:
Qancha ko‘p sotilsang, shunchalar zo‘rsan!
© Behzod Fazliddin @Behzod_Fazliddin
Қўлтелефонсиз ҳам болалигимиз қандай ажойиб эди!..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Пул, моддият ҳам қудрат манбаидир.
Ёшларни пулдан ҳазар қилиш, бойликка, бойларга нафрат кўзи билан қарашга ўргатмаслик керак.
Аксинча, пул яхши яшаш, улуғ мақсадларга эришиш йўлида бир восита экани, уни фақат тўғри йўл, ҳалол меҳнат билан топиб, хайрли ишларга сарфлашни англатиш зарур.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Тўғри, биз буюк юрт фарзандларимиз. Лекин аксариятимиз улуғ аждодларга номуносиб, олтин меросни оёқости қилаётган шовқинхўрлар, эътиқоди носоғлом гапбоз-маҳмадоналармиз.
***
Фарзандлари маддоҳ юрт қудратсиз бўлур.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дардлар
@Behzod_Fazliddin
Одамзод қизиқ: ўзи ўқишдан олдин ўқитишни истайди.
***
Ўзингга йўқ тоқат бошқага қаерда!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ҳукуматга – фақат тузумни мадҳ этадиган, нашриётларга – китоби қандай бўлса ҳам, пул келтирадиган, оммага эса енгилгина ёзадиган шоир-ёзувчилар керак.
Бу аҳволда “китобхонлик ва адабиётни ривожлантириш” ҳақидаги ялтироқ гапларга ким ишонади?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
«Юқоридагилар нима деса, шу-да!»
Шуйтиб ўзимизни ўзимиз хароб қиламиз.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
"Олий аттестация комиссияси 2012 йилда бошлаган ислоҳотлари дунёнинг ҳеч бир диёрида учрамаса керак. Илмий даража олиш тартиби, низоми ва шартларига қарийб ҳар ойда ўзгартириш, янгилашлар қўшилди. Илмга чанқоқ ёш йигит-қизлар у ёқда турсин, кўпни кўрган устозлар ҳам гангиб қолди. Ислоҳот – ислоҳот учун тусини олди. Оқибатда илмий тадқиқот ишлари пароканда бўлди, илмий салоҳият жаҳон мезонлари тугул, ўзимиз эришган даражалардан-да пасайиб кетди. Академия шундай вазиятда нима каромат кўрсатди?
Шўролар даври республикамиз Фанлар академиясида қусурлар бўлса бўлгандир, лекин унда ҳаракатдаги жараён бор эди. Салобат, нуфуз баланд эди. Кимё, физика, математика, кибернетика, геология, астрономия, сейсмология, иқтисод йўналишидаги илмий текшириш институтларини оласизми, тарих, фалсафа ва ҳуқуқ, тил ва адабиёт, шарқшунослик сингари институтларни оласизми, уларнинг ҳар бири улкан илмий изланишлар “мамлакат”ига қиёс этгулик мавқега эга эди. Хизмат тақозосига кўра (бир неча йил академия муассислигидаги “Фан ва турмуш” журнали таҳририятида фаолият юритганимдан фахрланаман) ўз даврининг улкан фан дарғалари билан яқиндан танишиш, суҳбатлашиш насиб этган – Обид Содиқов, Ёлқин Тўрақулов, Саъди Сирожиддинов, Восил Қобулов, Иброҳим Ҳамробоев, Собир Юнусов, Содиқ Азимов, Обид Акрамхўжаев, Ҳамдам Усмонов, Абдуманнон Раҳимжонов, Иззат Султон, Матёқуб Қўшжонов, Мирҳожи Асқаров, Раҳим Бекжонов, шунингдек, қанчадан-қанча мухбир-аъзолар, фан докторлари... Ҳар бир академик алоҳида бир дунё, шахмат лаҳжасида айтганда, залворли фигура эди. Академикнинг салобати босарди, ҳузурига кириб борганда ёки қўққис рўпара келганда, тасаввур қилайлик, у қандайдир ғаройиб аура – зирҳ билан муҳофазалангандек туюларди. Фалончи академик билан кўришдим, суҳбатлашдим, мақоласини журналга тайёрладим, деб фахрланардик. Журналхонлар фалончи академик билан суҳбатлашибсиз-а, деб ҳавас қилишарди биз мухбирларга..."
Хуршид Дўстмуҳаммад
#Иқтибос #Жамият_ва_маънавият #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
ХУДО БЕРГАН ЎҒЛИМ
Куйсам, мендан кўпроқ куяди отам,
Қувонсам, бахт тожин кияди отам,
Суйса ҳам бир ширин суяди отам:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”
Юрагини титиб топгани – дуо,
Тотли забонидан ўпгани – дуо,
Қалбимга нур қилиб сепгани – дуо:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”
Офтоб, бунча ҳавас қилавермасанг,
Юлдуз, мунча бағринг тилавермасанг,
Ёки суймайдими шундай деб отанг:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”
Шул зот ҳаётимга беради маъно,
Тилимдан бол томиб, ёғади дуо,
Ҳар бир ота суйсин ўғлин, илоё:
“Худо берган ўғлим, худодод ўғлим!”
2001 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дафтардан
#Онамнинг_кўнглига_кетамиз китобидан (2003)
– Ёшлигим сиздамиди?
– Йўқ, Тафаккурингиз менда?
– Маърифатингизни бериб туринг.
– Ҳидоят олиб келдингизми?
– Илтимос, Ҳурриятингизни ҳам ташлаб кетинг.
(Ўзаро суҳбатимиздан.)
Афсус, сўзлашувда қўштирноқ йўқ-да. Бўлмаса, гап газета-журналлар ҳақида кетаётганини тушунтириб ўтиришга ҳожат бормикан... Бу-ку бир кулиб қўйгулик ҳол. Лекин кун келиб мана бу қўштирноқсиз тирноқли саволларга жавоб беришга тўғри келади:
Ёшлик қани?
Қани Тафаккур?
Маърифат қаерда?
Ҳидоят-чи?
Ҳурриятни нима қилдингиз?..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Эски_дафтардан
@Behzod_Fazliddin
Кўча одамлари билан кўча тилида гаплашавериб виждон ҳам кўчабезорига айланиб қолмаса бўлди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ёзмайдиган, ёзолмайдиган “олим”лар диссертацияни қандай ёзган экан?.. Илмий мақола тугул, тузукроқ жумла ҳам ёза олмайдиган “ёш олим”лардан-ку аллақачон ҳафсала пир бўлган. Кўчирмакашликни айтмайсизми!
Яқинда бир “олим” – фан доктори нашр учун мақола берди. Рус тилида. “Уч кун бош кўтармай ёздим, фандаги катта бир янгилик ҳақида”, – дейди. “Бўлмаса, бир ўқиб кўрайлик”, – дея олиб қолдик. Мақолани кўздан кечирар эканман, одатдаги қолипга солинган мужмал ва ўта ғализ “илмий” гаплар ўрнига кўрганим – яхши бир услуб, равон жумлалардан ҳайратландим. Алламбало тилдаги бошоғриқ материалларга кўникиб кетганмиз-да. Негадир кўнглимда “Кўчирмаганмикан” деган шубҳа уйғонди. Дарров мақоладаги исталган бир жумлани интернетдан қидирувга бердим. Воажаб, бутун бошли ўхшаш бир мақола сарлавҳаси билан чиқиб турибди-ку! Солиштириб кўрсам, жумлама-жумла, сўзма-сўз тўғри келяпти. Ҳатто тиниш белгиларигача “ўғирланган”...
Бу, аввало, илмга нисбатан ҳурматсизликдир. Ўзини-ку, ҳурмат қилмаса керак, акс ҳолда, бундай ишга қўл урмас эди. Бу олимлик эмас, шармандаликдир.
Бу ўринда гап фақат кўчирмакашлик ҳақида кетмаяпти. Кўпчилик "олим"у "доктор"ларда ёзув малакаси шаклланмаган. Баъзилари-ку умуман мақола ёза олмайди. Яна "Илмий мақола" бор эди, чиқаришга ёрдамлашасизларми?" деб қўймайди. Юмалоқ-ёстиқ қилиб тайёрланган битирув малакавий ишларию магистрлик диссертациялари ҳақида гапирмай қўя қолайлик...
P.S. Аҳли илм ва, албатта, фан докторлари орасида ҳалол, изланувчан, янги фикрга ташна олим инсонлар ҳам кўп эканини биламан ва бу гаплар уларга оғир ботмайди, деб умид қиламан. Ахир тўғрисиям шу-да: бунақа “олғир”лар илм-фан соҳасида ҳам кўпайиб кетмадими?!
04.01.2017
Неча йиллар давомида бу мавзуда ижтимоий тармоқларда ҳам кўп ёзган эканман. Кўчирмачиликка мактаб давриданоқ қарши туриш зарур. Бу борада қанча гаплар бор яна...
Илму ижод ўғриларига кескин чора кўрилмас экан, аҳвол бундан-да ёмонлашаверади...
#Плагиатга_қаршимиз
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор
@Behzod_Fazliddin
Сингадиган жойга сув сепган яхши, деган экан эскилар.
***
Борган сари одамларнинг гап-сўзига эмас, ишига қараб баҳо берадиган бўляпман; чиройли сўзлари амали билан боғланганларни кам кўрдим, жуда кам кўрдим.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ён-атрофингда фикрлашадиган бирор одам йўқлиги ҳам бахтсизликдир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin