behzod_fazliddin | Неотсортированное

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Подписаться на канал

Behzod Fazliddin

Диссертациялар донишмандлик битиклари бўлганида эди, Олий аттестация комиссияси аллақачон “Байт ул-ҳикма” бўларди.

Виктор Алимасов

#Иқтибос

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.

Кўксимга Ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.

Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.

Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.

Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам...

2006 йил 26 август

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

https://www.youtube.com/watch?v=H7_DESuqjPs

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Руҳим чинқиради, мендан тонади,
Уйғониб кетади яна орларим.
Бўғзимни куйдириб сўзлар ёнади,
Қачон туғилади ёруғ шеърларим?

Минг-минг йилдан бери турибди яшнаб,
Ишонса бўлади илдизларимга.
Сўниб бораяпти ўзимга ўхшаб,
Ота, нима бўлди юлдузларимга?

Лаҳзалар тўкилиб бормоқда баргдай,
Бир куни қақшайман уволларидан.
Қўрқиб кетаяпман, ҳали туғилмай,
Боламнинг эртанги саволларидан.

Юрагим минг битта жойидан синди,
Қачон бошланади Руҳимнинг тўйи?
Фақат битта таскин: ажабмас, энди
Мени одам қилса эртанинг ўйи...

2003 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

 #Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ўзлари танлов ўтказиб, ўзларини “ғолиб” қиладилар. Зўр-а?!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Уйғонолмай ўтиб кетишим мумкин,
Ўзинг кўзларимга кириб келмасанг...


© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

#Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сўра, бир ундан сўра,
Қалбинг не фатво дейди?

© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қизиқ-да, халқ билган, яхши кўрган шоир-ёзувчиларнинг кўпчилигини Адабиёт унча хушламайди, тан олмайди.
Адабиёт суйган, хос доира ардоқлаган аксар адибларни эса халқ билмайди, ўқимайди.

Ҳар иккисининг – ҳам Халқ, ҳам Адабиётнинг кўнглидан жой олган бахтли адиблар кам, жуда кам... Дунё миқёсида ҳам шундай.

Ҳа-я, булар орасида Ҳукумат деган яна бир «ҳакам» бор.

Бу ҳам бир қисмат экан-да...

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар 

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Император Франц Иосифга Бетховенни суяш лозим, у − гений, деганларида, бепарволик билан: “Менга гений эмас, содиқ фуқаро керак”, деган экан.
Буюк истеъдод эгалари жаҳоннинг ҳамма жойида шоҳлар, давлат арбобларига ёқавермаган. Нега? Чунки истеъдоднинг ўзи мустақил Давлат. Чунки талант халқ қалбини ишғол қилиш ва оммани эргаштиришда ҳар қандай ҳукмдордан қудратлироқдир...

Иброҳим Ҳаққул

#Иқтибос

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қўйиб берса, қабр ичига кириб ҳам “селфи” қилса – ўзини ўзи суратга туширса. Остига “Мен гўрда ҳам ўзимни севаман!” деб изоҳ ёзиб қўйса...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

КЕРАКЛИ ОДАМГА

Керагидан ортиқ йиғлайсиз –
            Керагидан ортиқ қийнайман.
Хаёлимга арқон боғлайсиз –
            Керагидан ортиқ ўйлайман.

Азобларим менинг бари – сир,
            Сиз олисда, Сиз бедараксиз.
Жоним, ҳозир менга, барибир,
            Керагидан ортиқ кераксиз.

2005 йил 15 апрель

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Гўдак хаёлларни қилмайин писанд,
Жиддий ўйлар сари бўйлайверди дил...

***
Қайлардасиз ахир, Кўнгил ўқувчим?!


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бунда ҳеч ким ўз ишини қилмайди,
Чунки иши ўзи нима -- билмайди...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Молдай яшаб ҳам ўзни бахтли ҳис қилиш мумкин экан-да...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кузатишимча, аксарият бошлиқлар ходимларнинг билим-малакаси, иқтидору маҳорати, ички маданиятидан кўра уларнинг итоаткорлиги, янада аниқроғи, буйруқларни сўзсиз бажариш “лаёқат”и билан ҳисоблашар экан. Фақат “хўжайин”га хизмат қиладиган, ҳамма нарса ҳақида ахборот бериб турадиган жосуслардан бўлса, янада яхши.

Ишга қабул қилишда ҳам шу аҳвол. Иложи бўлса, эрталабдан кечгача миқ этмай мук тушиб ишласа, фикрламаса... “Итдай садоқат билан эшакдай ишлайман” деган гаплар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди.

Ҳа, биз ўзимизча бошқаларнинг ҳаётини бошқаришни, бировни эзишни қандай яхши кўрамиз-а!..

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Қайларда саргардон наводирсан, Дил,
Кўрлар тепсаб ўтган жавоҳирсан, Дил.
Ўзингни Ўзига топширгансан, бас,
Тағин недан бунча хавотирсан, Дил?!

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Юрагимдан қон оқар тошиб,
Кўниколмам талаб кетарга.
Мен ҳам бир бор ҳаддимдан ошиб,
Итлик қилгим келди итларга.

Ҳеч бўлмаса, туширай таёқ,
Акиллайди – бошқа не дерди?
Ортга қайтдим – йўл бошидаёқ
Одамлигим халақит берди.

2009 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

P. S. Шунақа нарсалар ёзгинг келмайди-ю...

#Кайфият  #Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Тилингни кесгандай бўларлар,
Тилни бузсалар...

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ТАҚВО

Улар ўктам, минг бор шижоатлироқ,
Кеча-кундуз қойим, қўлида тасбеҳ.
Яратганга мендан итоатлироқ,
Ҳар нега соатлаб изламас ташбеҳ.

Шамол шовқинидан бежоланмайди,
Тунлари дув-дув ёш тўккани билан.
Шохларин силкитиб ҳаволанмайди,
Кунда бир мўъжиза туккани билан.

Ҳар нечук, қисмати ойдин экан-да,
Ғўдир пешонаси бунча ярақлар.
Бош эгиб ҳам ўсиш мумкин, дегандай,
Таъзим қилиб турар мулло дарахтлар.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ҳаётини яхши томонга ўзгартираётган одамни ўтмишдаги хатолари, аввалги аҳволини эслатиб маломат қилишга ҳаққимиз йўқ!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Китоб сўраб мурожаат қилаётганлар диққатига!

Беҳзод Фазлиддин китоблари ҳозир дўконларда йўқ. Янги китоблар чиқса, албатта хабар берамиз.

Қайта чоп этилган аввалги китобларни @Behzod_Fazliddin_bot орқали буюртма бериб, олиш мумкин.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Ортиқ жимиб бўлмас, йўқ, жимиб бўлмас,
Шунча ютқизиққа кўз юмиб бўлмас,
Ахир ғам ортидан ғам шимиб бўлмас,
Ё Ҳақ, Ҳақ сўраган қалбга нусрат бер.

Бу қандай шажардур, туб томон ўсган,
Ҳар куртак кўзини ғофиллик тўсган,
Бир уйғоқ сўз айтсанг, нафаси қисган
Элатга уйғониш учун қудрат бер.

Буюкларин бир-бир ташлайди ўрга,
Сафсата сотганни бошлайди тўрга,
Борини бой бермиш данғир-дунғурга,
Ўзинг бу саҳнага ўзга суврат бер.

Битмас яраларим буткул биткаргин,
Кўнглимдан ўтганин элга ўткаргин,
Мени қавмим билан бирга қутқаргин,
Пешонамга бошқа ёруғ қисмат бер.

2010 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан.

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сендан рози бўлмас ҳеч ким, ҳеч қачон,
Яратганга юзлан – ҳаловат топ, жон...


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ҲОЛ

Хос бир Ишқ сўрадим – баркамол, салим,
Иссиқ-иссиқ ёшлар дийдамни ювди.
Кўксимдаги харсанг ипакдай ҳалим,
Ҳар заррам уйғонди – ҳар заррам севди.

Суйдим – вужудимда алвон нур оқди,
Руҳимга ўраниб кўкка ўрладим.
Юлдузлар кўзимга машъала ёқди,
Кўнглимда тажаллий этдинг – порладим.

Жамолинг жилваси жисму жонимда,
Гарчи хоки пойман, гарчи хор-хасман,
Шундай сувратимда, шундай ҳолимда
Ўзингдан бошқага муносибмасман!

2009

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Тиригида қадрлаш тугул, бир оғиз ширин сўзни дариғ тутамиз. Ўтганидан кейин... хотира ёзамиз, фақат хотира.

***
Ватанга хизмат қилаётган одамни қўллаб-қувватлаш ҳам Ватанга хизмат қилишдир.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

“Худога солдим!” дегувчиларнинг ҳаммаси ҳам Худога солиб қўявермайдиганга ўхшайди. Даставвал ўч олишнинг барча йўлларини қидириб кўради, натижа чиқмаса, қулай вазият келишини кутади – пайт пойлайди. Охири, ҳеч нарса қўлидан келмаслигини билгач, ноилож “Худога солдим...” дея ўзини алдайди.
Шу энди “ҳаммасини Худога солиш”ми?!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Иқтибос

Эрнест Ҳемингуэй:

"...Уруш тўғрисидаги ҳикояларимда шошмасдан, турли хил нуқтаи назардан иложи борича батафсилроқ, ҳаққонийроқ манзара яратишга ҳаракат қиляпман. Шунинг учун битта ҳикояда менинг шахсий қарашларим тўла-тўкис акс этиши амримаҳол.

Биламизки, уруш – ёвузлик. Тўғри, баъзан жанг қилишга мажбур бўламиз. Лекин, барибир, уруш – ёвузлик, фақат мунофиқ кишиларгина бу ҳақда бошқача фикрда бўлиши мумкин. Бироқ уруш ҳақида ҳаққоний ёзиш жуда қийин. Ўзимнинг шахсий тажрибам асосида шуни айтишим мумкинки, масалан, 1918 йили ҳали ўсмир чоғимдаёқ Италия кампаниясида иштирок этганимда нақ ўтакам ёрилиб кетаёзган эди. Испанияда эса бир неча ҳафтадан кейиноқ дийдам қотиб, ҳеч нарсадан ҳайиқмай қўйганман. Шунга қарамай, мен учун ва умуман ёзувчилар учун урушда ваҳимага тушаётган одамларни кўриб елка қисиш ёки умуман урушнинг даҳшатли нарса эканини рад этишдан бемаза иш йўқ дунёда. Мен буларнинг ҳаммасини жуда яхши биламан. Урушнинг олдини олиб бўлмадими, тамом, энди фақат битта имконият қолади, у ҳам бўлса – Ғалаба. Афсуски, Испанияда бизга ғалаба қилиш насиб этмади... Етар, жин урсин ўша урушларни. Мен ҳозир фақат ижод қилишни истайман.

Испанияда жонларини фидо қилиб, орамиздан кетганлар ҳақида – ўша сиз таржима қилган парчани ёзиш учун жуда қийналдим. Чунки, қандай бўлмасин, йўлини топиб, марҳумлар ҳақида бор ҳақиқатни ёзиш керак эди. Ўлган ўлди, дейиш билан кифояланмай, яна нимадир айтиш зарур эди. Бундан ташқари, қочоқлару қаҳрамонлар, қўрқоқлару жасурлар, сотқинлару сотқинликка қодир бўлмаган инсонлар ҳақида виждонан ёзишни истардим. Биз ўша одамлар ҳақида кўп нарса билар эдик...

Уруш бораётган пайтда ҳеч ишга қўл ургинг келмайди, доим сени ҳам ўлдиришлари мумкинлигини ўйлайсан киши. Бироқ, мана, мен омон қолдим, демак, ишлашим керак. Ўлиш осон-у, яшаш хийла қийин эканига, ёзиш эса ҳамиша машаққат эканига ўзингиз ҳам ишонч ҳосил қилгандирсиз-а? Мен жон деб текинга ёзардим-у, лекин ҳеч кимса бирор нарса бермагандан кейин очдан ўласан-да. Агар мен Ҳолливуднинг ноғорасига ўйнаганимда ёки ҳар хил бўлмағур нарсаларни ёзаверганимда жуда катта маблағ жамғариб олишим мумкин эди. Аммо мен, токи танамда жоним бор экан, фақат яхши ёзишга, ҳаққоний ёзишга ҳаракат қиламан. Айни замонда, ҳеч қачон тинка-мадорим қуриб қолмаслигига ҳам ишонаман.

...биласизми, ёзувчиликнинг жуда ғалати томонлари бор. Биров сенга ёрдам беришни минг истаган тақдирда ҳам, сен мустақил бўлишинг шарт бўлган ва дунёдаги ҳеч бир зот сенга ёрдам беролмайдиган (фақат сенга халақит беришмаётганини ёрдам деб ўйламасак-да!) бирдан-бир ҳунар – бу ижоддир. Дўстгинам, бу жуда ҳам оғир ҳунар..."

1939 йил 23 март. Ёзувчининг таржимон Иван Кашкинга мактубидан.

Набижон Боқий таржимаси.


#Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Кўнглимни чўктирди кўнгилсизликлар,
Кўнгилга яқин бир кўнгил изладим.
Кўнглимни оздирди кўнгилбозликлар,
Узмадим, Кўнгилдан кўнгил узмадим.

Кўнгилни коптокдай ўйнади ҳаёт,
Эзилиб-эзилиб синган кўнгилман.
Кўнгил ўйинини қўймади ҳаёт,
Кўнмаган кўнгилман, кўнган кўнгилман.

Бу дунё асли бир кўнгилзор эди,
Кўнгилни кўнгилдан кечирмаганлар.
Наҳотки сизда ҳам кўнгил бор эди,
Кўнглимнинг кўзини очирмаганлар?!


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

МАЙДОН

1
Ойдинда от ўйнатдим,
Ёнсин-ёнсин юлдузлар.
Дилбулоқни қайнатдим,
Ўнгурларда тош музлар.

Доғлар босиб юзини
Ой ухлар қай қўйинда?
Нур йўқотди ўзини
Ҳалол-ҳаром ўйинда.

Ёлғон ётар болалаб,
Ор аламда қоврилар.
Ялтир-юлтур шон талаб,
Кимга қолди давралар?

2
Юрак чиқди қинидан,
Дунёларга сиғмайман.
Ўлганимнинг кунидан
Қўшиқ айтиб йиғлайман.

Кўксингни нур доғласа,
Ёруғ ният бўлади.
Йигит ошкор йиғласа,
Элга уят бўлади.

Ўрнингизни қизғонинг,
Асли тоза мардларим.
Уйғонинг-а, уйғонинг,
Ай, паҳлавон дардларим!

2008 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

МАСЛАК

Гарчи туйғу тўла қадаҳдир ёшлик,
Биз уни ҳар не деб сипқорсак бўлмас.
Қаламнинг ишимас ҳар на бебошлик –
Қўлимизда – қурол, ўйинчоқ эмас.

Кел, дўстим, ҳавога сочма фурсатни,
Хиёнат қилмайлик Сўзга, ижодга.
Бир қизча назарга илмаган хатни
Кўтариб кирмайлик Адабиётга.

2008 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Эски_дафтардан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қизиқ-да, одамлардан нолийверасан-у, уларсиз ҳам яшай олмайсан.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…
Подписаться на канал