Энг катта давлатим юрагим эди,
Уни ҳам бировга бой бериб қўйдим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
Мени маъзур тутинг, жаноб Режиссёр,
Бахтлилар ролини ўйнаб чарчадим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
***
Кундузнинг ризқи бор туннинг ортида,
Кимнингдир бахти бор кимлар дардида,
Тентираб юрибман сўзлар юртида –
Ҳақиқат аралаш, ёлғон аралаш.
Ҳар дам бардошимга тиларман тўзим,
Гоҳ кўнглим алдайди, гоҳида кўзим,
Қоврилиб ётибман ўзимда ўзим –
Муҳаббат аралаш, исён аралаш.
Узилиб-узилмас ишонч иплари,
Аёвсиз отилар бало тўплари,
Руҳимда эврилиш талотўплари –
Эътиқод аралаш, гумон аралаш.
Бўтадай бўзлайман, тойдай кишнайман,
Гоҳ асал ялайман, гоҳ тош тишлайман,
Бирда сарғаяман, бирда яшнайман –
Умримда Ҳамалу Мезон аралаш.
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Биз Сендан розимиз, Сен ҳам биздан рози бўл, Рамазон!
***
ҲАЙИТ
Бунчалар бебаҳо Бахтнинг бўйлари!
(Бу ҳолни ғам юки босганлар билар...)
Бирдан кийиб олиб шодлик кўйлагин,
Боладай суюнар маъюс кўнгиллар.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Рамазон ҳайити барчамизга муборак бўлсин, азизлар!
@Behzod_Fazliddin_bot
***
Улар кўздан йироқ, кўнгилга яқин,
Мўъжиза яшринган япроқларига.
Ҳавасинг ва жиндай ҳасадинг келар
Йўқолиб кетмаган титроқларига.
Чирой очиб аста бошин кўтарар,
Сўнг гўзал бўлишга журъат қилгайдир.
Агар еб қўймаса бебош қўзилар,
Даштни бу чечаклар жаннат қилгайдир.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
***
У айтади: нодирсан,
Беқиёссан, ботирсан,
Ҳар нарсага қодирсан.
Бу айтади: кимсан сен?
Иллат тўла хумсан сен.
Қўлда турмас қумсан сен.
У шивирлар: тур, бўлгин,
Балиқларга тўр бўлгин,
Зўрлар ичра зўр бўлгин.
Бу пичирлар: ўч энди,
Ҳечдан кўра кеч энди,
Ўз уйингга кўч энди.
У айтади: ўқ бўлсанг,
Бу айтади: йўқ бўлсанг...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Шундай тоифадаги одамларни кўп кўрдим:
1) деярли саводсиз, аммо оз-моз ташкилотчилик ё бошқарувчилик “иқтидор”ига эга бўлгани боис жуда тез “кўтариладиган”лар;
2) катта истеъдоди бўла туриб моддий етишмовчилик ё бошқа сабаблар билан кўпинча онгли равишда фақат “юқори”дагилар манфаати учун ишлайдиган бандаи бечоралар;
3) шу икки тоифадаги одамлардан “унумли” фойдаланадиган нафси ўпқон раҳбарлар.
Энг ёмони, улардан на соҳа, на жамиятга фойда.
Қолган тоифаларни ўзингиз ўйлаб кўрарсиз...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Кўп ёлғон гапирувчи, лафзида турмайдиган одамлардан бир-бир узоқлаша бошладим. Қарасам, ёнимда ҳеч ким қолмабди, деган экан бир ғариби бечора.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Халқ таниган-билган ижодкорларнинг жуда кўпчилиги истеъдод эмас, тинимсиз ташвиқот – рекламанинг кучи билангина юрибди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Менга юпанч берар-у, ўзи
Четга чиқиб йиғлайди Ҳаёт...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
– Яна қанча қолди?
– Ҳали вақт борми?
– Ўтиб кетмадими?
Одатда маиший ҳаёт панжаларида сиқилавериб ўта майдалашиб кетган бу каби кундалик гаплар Рамазон кунлари, холисаниллоҳ айтилгани сабабми, бошқача чирой касб этади – улуғлашиб кетгандай бўлади. Азбаройи буюк саодатга восита бўлаётганидан синовларда тобланиб бораётган нафсингни ҳам яхши кўриб кетасан. Эвазига ифтор чоғи уни ҳаддидан оширмай сийлагинг келади. Юрак-юрагингдан шукрона сўзлари сизиб чиқади: Алҳамдилуллоҳ. Етказганига шукр!
Бир бандаси учун бундан ортиқ бахт борми!
23.07.2013
#Йўл_йўлакай #Кундаликдан_қайдлар
@Behzod_Fazliddin
Юрагимни осмонларга ташлаб келдим,
Ўзим энди тупроқ бўлиб қолсам керак...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
Фарзандларига ўқиб-ўрганиш, билим олиш учун шароит яратиб бермаган ота-она, ҳеч шубҳасиз, айбдор!
***
Кўп, жуда кўп ота-оналарнинг ўзлари таълим-тарбияга муҳтож.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ялтоқланаётган маддоҳларни ҳам, бир четда туриб олиб ўзича уларни мазах қилаётган, аслида, “Кўриб қўйинглар, мен унақа эмасман!” қабилида ўзига эътибор қаратмоқчи бўлаётган худбин нигилистларни ҳам оқлаб бўлмайди.
Мақтовми ё танқидми, керакли гапни ўз вақтида айта олган одам эса ҳурматга лойиқдир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Дуо:
Шундай даражага етингки, муҳтожларга уй тарқатинг.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шу-у-унча йил ўқибсан... югурдакликка...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Изтироб
Тунда уйқум қочади. Қўл телефонидан хабарларни титкилайман. Ногоҳон уч-тўртта кап-катта одам эшакларни қувиб ураётганига кўзим тушади. Бирининг қўлида катта сўйил, эшакнинг калласини нишонга олади. Ҳар сафар зарба эшакнинг бўйни аралаш тушади. Ҳар зарба тушганда кадр ортидан "точкасини тополмаяпти” деган овоз янграйди.
Демак, улар бундай ишлар билан кўп ва хўп шуғулланишган. Бунисининг ҳали тажрибаси оз, энди бошлаган бўлса керак. Шунинг учун бир зарбада йиқита олмаяпти. Аслида, сўйил кўтарган бола "точкаси"ни аниқ топган эди. Чунки ҳар бир зарба нақ менинг миямга келиб уриларди. Қўлимдан телефон тушиб кетди. Гандираклаб балконга ошиқаман. Деразани очиб, чуқур-чуқур нафас оламан.
Йўқ, биз ҳали-бери тараққий топмаймиз. Ҳали ҳам ибтидоий даврда эканмиз. Ўша қўлларида катта сўйил билан ов қилиб юрган одамлар ҳали ҳам бор экан. Бугун улар қўлида қурол билан ов қилмаяпти, бир-бирини ёки ҳайвонларни аёвсиз савалаяпти.
Ҳар куни эрталаб машинам олдида ўнга яқин дайди мушук йиғилади. Айримлари машина тагига кириб олган бўлади. Улар ёнимдаги кўпқаватли уйда яшайдиган бир кампирни интиқ кутишади. Ниҳоят, кампирнинг қораси кўринади. Мушуклар у томонга ошиқади. Кампир елим идишларда мушукларга таом келтиради. Овқатларни ерга қўяркан ҳар бир мушукнинг исмини айтиб чақиради. Мушуклар кампир билан гаплашишади. Айниқса, бир оёғи оқсоқ мушук кампир билан узоқ ҳасратлашади. Ҳар куни шу ҳолат такрорланади.
Бир куни мен ҳам мушукларга егулик илинмоқчи бўлдим. Аммо улар менинг ёнимга келмади. Одамлардан етарлича азият чеккани учун одам деб яралмиш ҳар кимнинг ҳам олдига боравермайди-да улар.
Ҳафталаб ёмғир ёққан кунлари ўша мушуклар ҳақида кўп ўйладим...
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл ўзининг мушуги туфайли дўзахга кирди. Уни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, уни ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормади. Ҳатто у озиб-тўзиб, ўлди», дедилар».
Хўш, бу ҳадисдан ким хулоса чиқаряпти? Бизми? Яъни, мўминликни даъво қилаётганларми ёки ўша, мушукларга овқат ташишни канда қилмайдиган ғайридин кампирми? Энди айтинг-чи, жаннатга киришга ким кўпроқ ҳақли?
Эй, тилсиз жониворларни беаёв калтаклаётганлар! Огоҳ бўлинг, ҳар нарсанинг жавоби муқаррар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан юзига тамға босилган эшак олиб ўтилди. Шунда у зот: “Менинг ҳайвонларнинг юзига тамға босган ва уларнинг юзига урганларни лаънатлаганим сизларга етмаган эдими?” дедилар...
Муҳаммад Сиддиқ
10 апрель – Абдулла Қодирий таваллуд топган кун.
#Абдулла_Қодирий
Ухлаганларни, агар Қодир эсак, уйғотамиз...
АҲВОЛИМИЗ
Кўр бизим аҳволимиз, ғафлатда қандай ётамиз.
Жойи келган чоғида виждонни пулға сотамиз.
Ўғлимизга на адаб, на фан, на яхши сўйламак
На Худони буйруғи бўлган улум ўрготамиз
Коримиз шундан иборат бўлди ушбу вақтда,
Ўнтадин бедона боқиб ёзу қиш сайротамиз
Ҳамда ҳар кун такяларда наша, кўкнори чекиб
Баччаға кокил солиб, оҳ-воҳ ила ўйнотамиз.
Қаримиз, боёнимиз, балки бу вақт аҳволдамиз
Ногоҳон кўрсак агар бир бесоқолни, қотамиз.
Ўртадан чиқса агар миллатни яхши суйгучи,
Биз ани даҳрий санаб, тўфангча бирла отамиз.
Келингиз, ёшлар, зиёлилар, бу кун ғайрат қилинг,
Ухлаганларни, агар Қодир эсак, уйғотамиз.
1915 йил
***
Юрт қайғуси, миллатни бутун кўриш орзуси Қодирийни унча-мунча шоирга ҳам айлантирганди. Ёш Қодирий илк изланишларида шеърлар ҳам машқ қилган, уларни асосан шарқ мумтоз адабиётининг анъанавий шеър шакли ғазал жанрида битган эди...
Бу битикларнинг бадиий савиясига унча эътибор бермай, ёш миллатпарварнинг изтироб тўла сатрлари, илк ижоди ила учқун ола бошлаган улуғ Дардини қалбан ҳис қилмоқ афзалроқдир...
Буюк маърифатпарвар бобомизнинг руҳи шод, охирати обод бўлсин.
@Behzod_Fazliddin
#Кун_шеъри #Миллат_мунавварлари
#Ўзбек_адабиёти #Ижод_ва_эътиқод
Қушлар, Ҳабибимга бориб айтинглар,
Ҳеч йўқ, тушларимда меҳмон бўлсинлар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият
ТОНГ ТОМЧИЛАРИ
Аввалги куни тонгда кўпдан буён кўнглимни беҳузур қилаётган ҳолатни сўзга кўчирмоқчи бўлдим: “Тонгги ҳавоси ҳам бемаза. Шовқини-ку куну тун тинмайди. Диққинафаслигу асаббузарликларни айтмай қўяверинг. Пойтахтнинг нимасига учаркин одамлар! Шоирлар-чи?”
Аммо ташқари чиқиб бирдан кайфиятим ўзгарди. Руҳим тетиклашиб, вужудим яйраб кетди: Тонг жуда бошқача эди! Билинар-билинмас шивалаётган майин ёмғир томчилари юзларимни сийпалар, кўнгилкўзни яшнатиб олам оқараётганди... Ўз-ўзидан сўзларимнинг ҳам “кайфият”и кўтарилди.
Тонг! Нақадар севаман уни. Шукр, бугун ҳам унинг жамолидан бенасиб этмади. Истараси жуда иссиқ, нафаслари бирам ёқимли! Умримнинг энг гўзал, покиза лаҳзаларини кўпроқ тонгларда яшаётгандекман. Сиз ҳам ҳар тонг янги туғилгандай, дунёга қайта келгандай бўласизми?
Бугунги тонг янада ўзгача. Тошкент тонги кундузию кечасидан у қадар фарқ қилмаса-да (катта шаҳар иқлимини биласиз-ку), ҳарҳолда, ҳаво тозароқ, шовқинлар андак босилган. Томчилар таронаси дил торларини чертиб юборади. Субҳидам саболари хуш ёқади. Азон овози жумла жаҳонни Ҳақ йўлида жам бўлишга ундаётгандек...
Яна бир кун – юксалиш, чиройли яшаш имкони. Ёруғ дуо истаклар дилимдан тилимга кўчаётир. Ҳамиша шундай тоза тилаклар, тиниқ туйғулар ила кутаман Тонгни...
Мана булар эски кундаликдаги қайдлардан: “Янги тонг. Уйғониш нақадар гўзал, тириклик қандай лазиз! Айниқса, тонгни ёруғ юз, покиза туйғулар ила қарши олсанг. Айни дам қишлоқда янги ҳаёт бошланган. Аям аллақачон уйғониб, уй юмушларини бошлаб юборган бўлса керак. Қишлоқ аёллари тонгни ҳечам хафа қилишмайди”.
“Тонгда бошқача кайфият, тоза руҳ бор. Яшаган бўлсам, кўпроқ тонгларда яшадим. Ҳар тонг кўз очарканман, эндигина туғилгандай бўламан. Вақтни, умрни исроф қилишдан Ўзи асрасин”.
Тонгги ижоднинг гашти бўлакча. Келишгандек, Илҳомпари ҳам кўпроқ саҳар пайти йўқлайди. Аксарият битикларим субҳи содиқнинг бетакрор лаҳзаларида туғилган. Сокин туннинг ўзига яраша файзи, илҳомбахш онларини ҳеч инкор этмаган ҳолда ижод кишиларига кўпроқ тонгда ишлашни тавсия этардим. Бу гапим ҳаммага ҳам тўғри келавермаса керак: ижод – ўта индивидуал ҳодиса. Аммо бир уриниб кўринг, кун тартибингизда Тонг учун алоҳида эътибор қаратинг.
Айтишларича, умрининг сўнгги йилларида оғир хасталикка чалинган Асқад Мухтор йўқлаб келган шогирду танишларига: “Тунда ишламанг, соғлиққа зарар”, дея қайта-қайта тайинларкан. Атоқли адиб бу билан “Соғлиғингизни асранг, вақтида тиниқиб дам олинг” демоқчи бўлган, чоғи.
Баъзан сўз салтанати атрофида соатлаб сарсон бўлиб вақтни, тонгларимни беҳуда ўтказиб юбормадимми, дея ўйлаб қоламан. Мана, бу саҳар ҳам кўп вақт айни ҳолимга ярашгулик муносиб сўз қидирдим. Туну тонглари билан бутун умрим ибодатга дўнса эди...
02.12.2013
#Йўл_йўлакай #Кундаликдан_қайдлар #Таҳрирсиз_хаёллар
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Тонг шеърлари: https://www.facebook.com/100003319579634/posts/469608383159810/
***
Тўғри, пешонада бори – муқаррар,
Алқисса, самар йўқ ёқа йиртишдан.
Фақат ор қиламан, қиламан ҳазар
Уларга тенглашиб сарқит титишдан.
Ўкситма, руҳимни чўктирма, Эгам,
Йўлимни тилагим қадар оқ қилгин.
Юксак-юксакларга арзимасам ҳам,
Шуларнинг олдида баландроқ қилгин.
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ташрифига тушларим зор,
Келгаймилар Расулуллоҳ!..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Ахир ўзингиз ҳам билмаган ҳолда
Худони эслатиб турасиз менга...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Жаннатга буюртма бериб қўйгандай,
Нега шошилмайди одамлар?!
БИЗ
Кўҳна хотиралар маҳзун кўз очди,
Ҳаёт қозонида кўпайди камлар.
Қуёш чиққанига минг йилдан ошди,
Нега уйғонмайди одамлар?!
Қадамлар ножўя, қадамлар оғир,
Гиёҳлар кўзида оби замзамлар.
Юзини яшириб йиғламоқда Ер,
Нега ишонмайди одамлар?!
Қўлларида Чўғни асрагай қандай,
Наҳот ўчиб борар асрий бу шамлар?
Жаннатга буюртма бериб қўйгандай,
Нега шошилмайди одамлар?!
Шабнамлар алвидо айтдилар сокин,
Бир нурли висолдан титраган дамлар.
Бу тонг охиргиси бўлиши мумкин...
Нега тушунмайди одамлар?!
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Овозли ёзувдаги шеърни муаллифнинг ўзи ўқиган.
YouTubeда https://www.youtube.com/watch?v=MfQHqExY33I
ҲАҚИҚАТ
Ҳикмат тўла замин, сир тўла осмон,
Инсон – унутувчи, билгувчи – Раҳмон.
Фавқул башар истаб инграган жаҳон,
Бир боқ, қандай хушҳол иймон-ла инсон –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Қалбидан зеҳнига зиё таратган,
Жумлаи оламни ўзга қаратган.
Қаттоллиги ёлғон, ёвузлиги лоф,
Яратган аларни мушфиқ яратган –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Чумолига озор бермаган филлар,
Арслон келбатлару ҳалим кўнгиллар,
Илдизи азалга туташган гуллар,
Ботил хаёллардан озода диллар –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Гувоҳлик бергайдир ҳар ҳадис, оят,
Саодат асридан қанча ривоят!..
Бағоят гўзалдир, бағоят гўзал –
Фикрат кўзи ила боқсалар, шояд,
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Рад этар ҳаддидан ошган ҳар жонни,
Зулм ила тўкилган ҳар томчи қонни.
Миллат сўрамагай, ирқ ажратмагай,
Инсонни эъзозланг, дейди – Инсонни –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Башарнинг эртаси мавҳумдир ҳануз,
Шу ўй ичра кун-тун маҳзундир ҳануз.
Муқаррар нусратдан умид узмас ҳеч,
Гарчи бечораҳол, мазлумдир ҳануз –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир.
Қалблардан зулматни аритмасларми?
Жаҳолат уруғин қуритмасларми?
Яратганнинг Сўзи кор этмас наҳот:
“Ахир улар ақл юритмасларми?”
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир!
Айт, нега таҳқирлаб тинмайсан, Дунё,
У сенинг дардингга топгуси даво.
Фитнакор ҳар тўда макрига учма,
Адашма, ҳукмга шошилма, илло –
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
YouTubeда тинглаш учун
https://www.youtube.com/watch?v=KPi0STC2FZo
Муаллифнинг ўзи ўқиган.
https://t.me/joinchat/AAAAAEPqZEDGESYCw-Fkbg
ЙИГИРМА БИРИНЧИ БАҲОР
Дарахтлар қайтадан уйғониб бўлди,
Бу йилдан қушларнинг умиди катта.
Бугун манов ниҳол тўрт ёшга тўлди,
Гуллаш ярашади унга албатта.
Кўкариш пайида турибди хаслар,
Куртаклар ҳаётга бўй чўзаётир.
Тошлар бағрида ҳам баҳорий ҳислар,
Барчаси мўъжиза, мўъжиза ахир...
Қара, шундоққина ёнингда баҳор,
Осмон гуллаб бўлди, гуллади Замин.
Ҳозир юрагингда қорга нима бор,
Сен қачон гуллайсан, Беҳзод Фазлиддин?!
2004 йил
ҲАЁТ
1
Кунларимдан зерикиб кетдим,
Дил юртида Турғунлик – пойтахт.
Билмам, қачон манзилга етдим,
Имиллайди, вақт ўтмайди, вақт.
2
Йилларимни бой бериб қўйдим,
Лаҳзаларда қолиб кетди Бахт.
Мен ўзимни ўлдириб қўйдим,
Тирилишга Вақт етмайди, Вақт!
2004 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
Мусулмон гўзалдир,
Ислом гўзалдир!
Беҳзод Фазлиддин. "Ҳақиқат"
Муаллифнинг ўзи ўқиган.
YouTubeда: https://www.youtube.com/watch?v=KPi0STC2FZo
@Behzod_Fazliddin
CЎНГГИ ВАЪДА
Ёруғ шеърлар ёзаман энди,
Сен ҳам фақат яхши тушлар кўр.
Мен иккинчи ўзимни енгдим,
Ҳеч нарса йўқ юрагимдан зўр.
Ўз измига тушар ҳаммаси,
Қор остида қолиб кетмас из.
Жинкўчада зулмат шарпаси,
Омон сақлар бизни Ишқимиз.
Ота, сизга ўхшолмайман деб,
Беркитмайман нурга хонамни.
Бу аҳволда яшолмайман деб,
Қўрқитмайман мушфиқ онамни.
Нима йўлдан урар бандани?
Айтганингдан четга жилмайман.
Тангрим, кечир мен арзандани,
Ортиқ Сенга исён қилмайман.
Ўз юртига ҳайдайман ғамни,
Йўқотишдан, тамом, қўрқмайман.
Тополмаса агар кулбамни,
Ёруғликни ўзим йўқлайман.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Шунча кўргуликни кўтариб турган
Тупроқ, таъзим сенга, қуллуқлар сенга!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
«Оқарди»...
«Қорайди»...
«Қизарди»...
«Сарғайди»...
«Яшилланди» – мана буниси, барибир, бошқача-да!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin