Шахсиятига яқин борганинг сари қанча “буюк”лар жўн бир одамга, баъзи оддийлар эса буюкка айланади.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ёлғонлар мамлакатида рост сўзловчи “аҳмоқ”лар ҳам бўлиши керак-ку!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ўйлаб қарасам, биз тенгқур авлод чорак асрдан кўпроқ умрни деярли фойдасиз “илм”ларга сарфлагандекмиз...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
КЎКТЎЙ
Қалдирғоч ўланлар айтиб қош қоқди,
Кўк тугун кўтариб келмоқда совчи.
Қаҳратон бағрига марварид тақди
Бинафша кўзидан тўкилган томчи.
Куртаклар кўп кутмай гуллаб қўйдилар,
Тошларнинг кўнглини топди майсалар.
Ҳадемай мушк сепар йўлга жийдалар,
Заминга қадалур заррин найзалар.
Тоғларнинг кўксидан сув оқар сизиб,
Адирлар эгнида алвон нимчаси.
Зангори либосда юрибди кезиб
Уйғонган ўлканинг қироличаси.
Қаердан шунча кўрк, шунча малоҳат!
Тонг – шабнам қуйилган кумуш пиёла.
Сурмали кўзларда шаффоф балоғат,
Не учун бу қадар қизарар лола?!
Жилғалар бўйига ёйилганда сеп,
Энтиккан хасни-да суяр экансан.
Дугонаси Бахтни олиб келар деб,
Баҳорга ишониб қўяр экансан.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
“Ҳозир ҳамма жойни ҳар хил савиядаги диний китоблар босиб кетган. Шулар бизнинг бозорни ҳам ўлдиряпти”, деб қолди бир куни бестселлер ёзувчилардан бири нолиганнамо. Ажаб, бугунги китоб бозорида “диний беллетристика” ҳатто ҳар нарсанинг қаловини топувчи учар ёзғувчиларни ҳам бир чеккага чиқариб қўйибди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Намоз ўқиётган бола, отанг ким,
Сенга ким кўрсатди энг тўғри йўлни?
Менинг кўнглим ҳайрон, менинг кўнглим жим,
Айт, қайдан топайин сендаги дилни?
Оғриққа беланган устихонларда
Интизор турибман муждаларингга.
Пешонанг ер ўпган мунир онларда
Жоним садқа бўлсин саждаларингга!
Кўзларим гуноҳкор, кўзларим ўғри,
Кўзларингда қутлуғ нур кўраяпман.
Ўзимча ҳалолман, ўзимча тўғри,
Унда нега бунча қалтираяпман?..
Хотиралар мени эзиб ташлайди,
Ўзимдан бошқани билмас эканман.
Кечаги ҳаётим йўққа ўхшайди,
Тузукроқ дуо ҳам қилмас эканман...
Намоз ўқиётган бола, отанг ким,
Сенга ким кўрсатди энг тўғри йўлни?
Ўхшар бўлса, сенга ўхшасин ўғлим,
Улғайсин пок нурга тўлдириб дилни...
2003 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Эски_дафтардан
Бегонамиз дунёга мутлақ,
Бизни китоб “бузди”, биродар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Нега ўзингиз риоя қилмаган қонунга бошқалар бўйсунишини талаб этасиз?
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Кўклам, кўкламлигинг нимага арзир,
Кўнгилга илиқлик олиб кирмасанг?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
НЕЪМАТ
Рамазон – машаққат, синовлар ойи,
Ўттиз қоронғу кун, ўттиз ёруғ тун.
Тонглар насиб этди тоза ҳавою
Булбулнинг овозин саҳарлик учун.
Аччиқ сўз чиқмайдур – ёпиқдир оғзим,
Бировга қадалиб тикилмоқ тамом.
Кўнгил тўқ, руҳ енгил.
Хушбахтман ўзим –
Гул исин ифторлик учун берди шом.
ҚУТЛОВ
Не бўлғай яшашни сал осон қилсанг,
Қил сиғмаган кўнглинг
Шуълага тўлсин.
Ҳар намоз орасин Рамазон билсанг,
Бир кунда беш ҳайит
Муборак бўлсин!
© Аъзам Ўктам
@Behzod_Fazliddin
***
Алҳазар, кечаги бадният, терсфеъл
Тантига айланар битта юмалаб.
Нега уйғонишдан қўрқади бу эл,
Суяб-суйганлари ётибди талаб.
Ботирлар бошида бетиним зуғум,
Йўловчи йўлчининг йўлини тўсар.
Тўғрилар бир четда ютади заққум,
Бебурднинг бўйнига гулчамбар осар.
Бир куни кўзлари кетса очилиб,
Ким тинглар кечиккан пушмонларини?
Ҳамон дўст юзига оёғин қўйиб,
Бошига кўтарар душманларини...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Бундан буёғига бодомлар бедор,
Бундан буёғига бутоқлар бежо.
Балоғат бўйлаган боғларда баҳор,
Бунчалар беқиёс, бунчалар барно!
Кела қол, новдалар қўймасин гуллаб,
Яшнамоқ фаслини ўзинг бошлаб бер.
Қадаминг тафтидан ёнсин ловуллаб,
Интизор йўлларга нигоҳ ташлаб бер.
Бежиз лаб очишга ошиқма бир дам,
Ҳали фурсат бордир хайру хўшларга;
Гулларга сабоқ бер вафо илмидан,
Муҳаббат қўшиғин ўргат қушларга.
Бўйларинг атрига ғунчалар хумор,
Нафасингни сезиб тонглар жилмайди.
Оний табассуминг каби бетакрор –
Бу баҳор, бу баҳор қайтиб келмайди!
Кўзларим қаърига кўмилар олам,
Дилни даста-даста ашъор этган – Сен.
Сен каби яшнашни билмайди кўклам,
Кел энди, баҳорни баҳор этган – Сен.
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Тўхтатай дейсиз вақтни,
Ҳовлиқасиз, чопасиз.
Худо бермаган Бахтни
Сиз қай гўрдан топасиз?!
#Йўл_йўлакай
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Қайси гуноҳимнинг тавбаси бу шеър?
Қайси дардлар билан оғрийман бугун?
Баҳор, уйғотишни мендан бошлайвер,
Юрагимда тугун – умримда тугун.
Кимларнинг умрини такрорлаб қўйдим,
Кимларнинг айби деб бошим эгилган?
Мен Сени Ҳаётдан ортиқроқ суйдим,
Қара, кўзларимга ғамлар экилган...
Тилимни сўзларда қирқиб олганман,
Наҳот кўксимда гул очилмайдиган?
Кўкка қарашга ҳам қўрқиб қолганман,
Юлдуз борми кўзга санчилмайдиган?
Йиллар ўзи гувоҳ, қанча қийналдим
Ўзимни ўзимга тушунтиргани.
О, етар, шундоқ ҳам узоқ чайналдим,
Баҳона йўқ Сени ишонтиргани...
2006
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
Негадир, ишқзада юрак негадир
Соғина-соғина овунаётир...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Шундайин кенг Кўнгил олдида
Бу дунё бир товуқ катаги...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Тасбеҳ айтаверсам, зикр этаверсам,
Ёдингга кўмилиб кетса баётим.
Берсангу бермасанг – шукр этаверсам,
Ибодатга дўнса бутун ҳаётим;
Ҳар гапим сўзларнинг сараси бўлса,
Катта кетмасам ҳам майдалашмасам.
Маконим маънолар ораси бўлса,
Дунё талашмасам, жоҳ талашмасам;
Мадор бериб турсанг, ҳолсизлатмасанг,
Юрак тўхтамаса севишдан бир он.
Ўзимга қўймасанг, ёлғизлатмасанг,
Сенинг дўстларингга дўст тутинса жон;
Буюк таскин ила кўнглим шодласанг,
Давлатманд айласанг қаноат билан.
Фақат, фақат Ўзинг мукофотласанг
Икки дунёга тенг Саодат билан...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ўғрилар тўдасида ҳолинг не кечаркин, менинг тўғригина болам!..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Маълумотим уч карра олий,
Вале кўнгил боладай бебош...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Гўдаклар кулгуси бергай тасалли,
Ҳали сийқа эмас поклик қўшиғи…
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Ахир шу чоққача қаёқда эдинг,
Эй кўҳна латофат, эй инжа хилқат!
Юрак-юрагимни тўлдириб келдинг,
Кўзимга жо бўлди бир чимдим жаннат.
Тоғу тош, боғу роғ пешвоз йўлингга,
Дарахтлар саф тортмиш – қомати расо.
Узукдек ярашиб нозик қўлингга,
Ям-яшил нур сочар зумрадкўз дунё.
Яшнатиб манзурсан, яшнаб масрурсан,
Умримни тўлдирди муҳаббат куни.
Қанча гўзал бўлсанг, шу қадар ҳурсан,
Мен шундай озода руҳнинг мафтуни!
Борлиқни қуршамиш илоҳий бир ҳис,
Эҳ, азал нафаси келган малика!
Не тонгки, бахтим бут, қувончим тўкис,
Ҳаётим уйғундай мукаммалликка.
Тобора юксалар орзу кафтари,
Заминдан самога мужда илиниб.
Кўксимни қуёшга тутганим сари,
Тушуна боряпман олам тилини.
Юрак учмоққа шай қушга ўхшайди,
Куртаклар жилваси – энг гўзал ашъор,
Сен ҳам бир мўъжиза кўрсатгин, дейди
Дилга илҳом солган Буюк Ижодкор.
Туйғулар қўлимга гулқалам тутиб,
Юрак тошар дақиқ лаҳзалар аро.
Безавол номига қасида битиб,
“Барига шукур!” деб чекаман имзо.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим китобидан.
Кетгим келар ғурбатсаройдан,
Покроқ дамларимни соғиндим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Бугун интернетда холис таҳлил, теран кузатув камёб. Ҳамма “пиар” ва “ҳайп”га ружу қўйган. Нима қилиб бўлса ҳам кузатувчиларини кўпайтириш, ўқувчи-мухлис йиғиш ва шу орқали танилиш, пул топиш пайида. Одамлар ҳам шунга ўрганиб қолди ва ҳадемай бундан зерика бошласа, ажаб эмас.
Шундай пайтда ҳақиқий журналистика ва албатта чинакам ижод ўзини кўрсатиши, майдонни бетайин шов-шувчиларга бўшатиб қўймаслиги зарур.
Зиёлилар, хусусан, шоир-ёзувчиларнинг “миллат виждони” экани ҳақида ортиқча гапиришга ҳожат бўлмаса керак...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Кўчада писта сотишни ҳам зўр лойиҳа деб тақдим этаётган “ғоя муаллифлари” бирам кўпайди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиш йўлида жонингни Жабборга бериб ҳаракат қиласан-у, кейин бир “ўзгариб”, соатларни, гоҳи бутун кунни ҳавога совурасан. Инсон табиати ўзи шунақамикан-а?
***
Баъзи қилмишларинг учун ҳаммасини бенуқсон кўриб-кузатиб турган бир Зотдан ҳаё қилиш ўрнига тасодифан кўзи тушиб қолган бандасидангина уялаётган экансан, демак, аҳволинг жуда оғир.
***
Тунги уйқу қандай бўлиши кундузи нелар билан машғул бўлганингга боғлиқ. Агар кунни чиройли амал, яхши сўз, тоза ўй-хаёллар билан ўтказcанг, иншааллоҳ, уйқуларинг ҳам ибодатга айлангай.
***
Шу ҳолимизга яна чиройли тушлар билан ҳам сийлайди – кўнглимизни нурга тўлдиради. Улуғ Раббимиз қанчалар меҳрибон!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бизда ижтимоий таъсир кучига эга, гап-сўзлари халқ орасида ва юқори идоралар доирасида тош босадиган ижодкор-шахслар қолганмикан ўзи?
Кейинги пайтлари жамият ва маънавият, илму маърифат, адабиёт, китобхонлик, савод-савиямиз борасида эътиборли чиқишлар бўляпти. Жуда кеч бўлса-да, бундай гапларнинг айтилаётгани қувонарли, албатта. Аммо бу чиқишлар шунчаки яхши суҳбат, шунчаки зўр гап бўлиб қоляпти – таъсир доираси сезилмаяпти.
Ижодкорлик, хусусан, шоирлик, ёзувчилик ва олимлик фақат юқоридагиларга қуллуқ қилиш, фармону қарорларни маъқуллаб чиқиш, байрам-тантаналардагина халққа кўриниш бериш дегани эмас-ку!
@Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
Қизиқ-да, Шарқда ижодкорга, аввало, ахлоқ-одобига қараб баҳо берилган. Аммо ижодкордан ортиқча камтар, келинчакдек сипо бўлишни ҳам кутмаслик керак. Мулойимсупургилик, муросасозлик ижод табиатига ётдир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Уйғониш нақадар гўзалдир,
Тириклик лаззати беназир.
Созингнинг умрини узайтир,
Йўлингга ёғдулар мунтазир.
Қучоғин тўлдирмиш боғларга,
Бағритош эмасдир, бағритош.
Бир қара мўйсафид тоғларга,
То ҳануз боладай кўнгли ёш.
Cўқмоқлар абадий саволдир,
Қоялар – буюклик ошиғи.
Саболар ҳаётбахш наводир,
Жилғалар – муҳаббат қўшиғи.
Булутлар бўйнида арғимчоқ,
Турналар алқаган айём бу.
Қўлингдан келади яшамоқ,
Севгидай бебаҳо инъом бу.
Хаёлни қўй, оғир хаёлни,
Ярашмас бемаврид ўртансанг.
О, юрак, билмайсан заволни,
Баҳорга ўхшашни ўргансанг.
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
“Ҳақиқат” сўзини кўп ишлатадиганларнинг аксарияти аслида ҳақиқатга хиёнат қилувчилардир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Бундайлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ...”
Донишманд Гёте бобо мана бу фикрлари орадан неча юз йиллар ўтиб ҳам “кун тартибида” туришини ҳис қилган бўлса керак:
– Агар мен табиатшунослик соҳасида тадқиқотлар қилмаганимда эди, одамларнинг бу қадар майдакашликларини, улуғ мақсадларга бу қадар бефарқликларини ҳеч қачон билмаган бўлардим. Энди зеҳн солсам, илм кўпчилик учун бор-йўғи тирикчилик манбаи экан, борди-ю шундан қоринлари тўядиган бўлса, ўз хатоларини ҳам илоҳийлаштиришдан тоймайдилар.
Бадиий адабиётда ҳам аҳвол яхши эмас. Бу жабҳада ҳам буюк мақсадлар, ҳақиқат учун чинакам қайғуриш, тиришқоқлик, буларни кенг ёйишга интилиш кам кўзга ташланади. Бири иккинчисини суяб, етаклайди, бу ҳам ўз навбатида унисини суяб, етаклайди, чинакам буюк нарсалар уларнинг ғашига тегади, улар ўзлари олдинга чиқиб олиш учун жон-жон деб буюк нарсаларни йўқ қилиб ташлаган бўлишар эди.
Деярли бутун омма шунақа, айрим буюк шахсларни камчилик ҳурмат қилади, ваҳоланки, даҳолар ўзининг юксак истеъдоди, кенг қамровли билими билан миллати назарида кўкларга кўтарилиши мумкин эди, афсуски, феъл-атворининг сустлиги миллатни унинг фойдали таъсиридан, ўзини эса халқнинг ҳурмат-эътиборидан жудо қилди.
Бизга Лессингдек одам зарур. Унинг бор улуғлиги характерида, ирода кучида! Ақлли, билимли кишилар кўп. Аммо бундай характер эгалари кам! Оқил, доно кишилар тўлиб ётибди. Бироқ улар шу даражада паст кетишадики, калтабин омманинг мақтовларига эришиш учун уятни ҳам, виждонни ҳам унутиб қўйишади, бундайлар учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ...
Йоҳанн Петер Эккерманнинг "Гёте билан гурунглар"идан
(Янглиш Эгамова таржимаси)
#Иқтибос #Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin