ИЖОД ИБОСИ
Ҳаё, ор-номус инсоният, жумладан, ижод аҳлининг зийнатидир. Таъбир жоиз бўлса, асар ҳусни унинг “ҳаё”сида ҳам намоён. Шу ўринда “ижод ибоси” иборасини қўлласак бўлар. Албатта, бунда ижодкор шахси, эътиқоди, ижодий концепцияси билан бирга асарнинг эстетик таъсири, ўқувчида уйғотган таассуроти ҳам назарда тутилаётир. Қисқаси, бу чуқур, баҳсталаб мавзу. Ҳозир эса мана буларга эътиборингизни қаратмоқчи эдим.
“Ор-номус муҳаббатдан устун”, деб ёзибди ёш ижодкор қиз. Бу ҳақда шогирдининг фикри-дунёқарашидан қониқиш ҳосил қилган устози айтиб қолди: “Ор-номус бўлмаган жойда муҳаббатга ўрин йўқ. Номуссиз муҳаббат муҳаббат эмас. У шу аччиқ ҳақиқатни тушуниб бораётганинг ўзи қувонарли”.
Хаёллар мени бир томонларга етаклаб кетади. Серсевги, серюрак cўзбозлар, қизи тенги раққосанинг эшилишларига ҳамоҳанг қочирим қилаётган “ошиқ” артистлар, тубан туйғулари, жирканч истакларини “инсон ҳуқуқи” номи билан ниқоблаётган “демократ”лар... Тавба, дейсан.
Негадир ҳаё, ор-номусни аксарият ҳолда аёлларга нисбат берамиз. Эр кишига ҳаё керак эмасми?
Аслида, ижодкор номуссиз сўздан ҳазар қилиши, имкон қадар ундан узоқроқда юриши керак-ку, аксига олиб, бугун бизда шармандагарчиликнинг бозори чаққон. Яланғоч шеъру қўшуғлар урчиб бораётгани ҳам шу талаб ва таклиф натижаси бўлса, эҳтимол.
Шундай пайтлари Шавкат Раҳмоннинг мана бу сўзлари ёдга тушади: “Башар фожиасини, миллат фожиасини ўз фожиаси билиб ўртанган шоир ҳақиқий шеър бахтига муяссар бўлади. Шеър ёзиш эса ўлим билан юзма-юз туриб гаплашган билан баробардир. Турли-туман давраларда ёши бир жойга бориб қолган невара-чеварали кишиларнинг муҳаббат тўғрисидаги шеърларидан безганмиз. Тугмачадек оғизларини ўйнатиб, “севгилим, мен сени ташлаб кетаман” деб ҳайқирган безбетгина “луччак” ойимқизларнинг фироғидан куйганмиз. Ё тавба! Ҳазрат Навоий ҳам невараси тенг қизалоқларни бир жойга йиғиб, “Муҳаббат боғида судралиб юрдим” деб шеър ўқиганмикин?.. Бизларнинг шеър тўғрисидаги, шоир тўғрисидаги тасаввуримиз бузилмаганми, шеърий санъат йўқолмаганми, азалдан заҳар ва асал омухтаси бўлган тилимиз кўча тилига, бозор тилига айланиб қолмаганми?..”
Шоир сўзларига қўшимча қилишга журъат этаман: ҳозир “нафсоний шеърият” авж нуқтасига чиқмадими? Ижодда “ўйин”лар ҳаддан ошиб кетмадими? Сўзимиз – ўзимиздан ҳаё кўтарилмадими?..
25.01.2014
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/496426557144659/
Жадидлар диний илмда ҳам чакана эмас эди...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Устозлар кўнглига қаролмадик, корига яролмадик.
Чархи давворни қарангки, бизни устоз санаб юрганлар ҳам беоқибату бедаволикда ўзимиздан ўтиб тушди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ҳадеб ҳаётдан, одамлардан нолиётганга ўхшайвериш ўзимга ҳам ёқмайди, лекин... тушунсангиз-чи, сизлар айтаётган ҳавойи гаплар асл ҳақиқатдан узоқ, жуда узоқ. Атрофга яхшироқ боқинг: ишга кириш – пул, ўқишга кириш – пул, иш битириш – пул... Ҳаммаси – пул, пул ва яна пул! Яъни – пора. Таниш-билиш, уруғ-аймоқчилик ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Ўз кучи, истеъдоди билан тўсиқларни ёриб чиқаётганлар бўлса, бордир. Бу ўринда умумий аҳвол ҳақида гапиряпман.
Юракни ўртаётгани – одамлар буни оддий ҳолдек, шундай бўлиши керакдек қабул қилаётгани. Кўпчилик шунчалик даражадаки, “Қани, қаерда?”, “Далил-исботинг борми?” деб ёқангдан олишга тайёр.
Таниган-билганларим билан шу масалада кўп гаплашдим, тушунтирмоқчи бўлдим, ҳатто қизиққонлик билан баҳслашиб-тортишдим. Уларнинг гапи шу: “Ҳамма шундай қиляпти-ку! Ҳамма жойда шунақа-ку!”
Вазият шу даражага бориб етишида, албатта, аввало, одамларнинг ўзи айбдор.
Давлат идоралари ва бошқа аҳоли серқатнов жойларда иши осон битишини истаб ҳар ҳунарга тушаётганлар, бадқовоқ-бадфеъл раҳбару олифта ходимчалар олдида қуллуқ қилаётганлар, ўз навбатида, ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмагани учунми, худди энг муҳим имтиҳондан ўтаётгандек бечораҳол турган одамларни кўриб бир жаҳлинг чиқади, бир раҳминг келади.
Унутмайликки, ўша “катта одамлар” ўз хизмат вазифаси, бурчини бажаряпти. Янада соддароқ қилиб айтганда, шу иши – аҳолига хизмат кўрсатаётгани учун ойлик оляпти. Биз эса улар ёнида жавдираб турамиз, аслида ўзимизга тегишли нарсани тиланиб олаётгандекмиз...
Буни тушуниш учун одам жуда ўқимишли бўлиши шарт эмас. Оз-моз фикрлаш, Худо бериб қўйган ақлни сал ишга солиш ҳам керак.
Ўзимизни ўзгартирмас эканмиз, аҳволимиз ҳеч қачон ўзгармайди!
01.08.2015
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/797285580392087/
P.S. Буларни бир неча йил аввал ижтимоий тармоқларда йўл-йўлакай ёзиб қўйган эканман. Фейсбук шуни эслатди яна. Аҳволимиз деярли ўзгармаган...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Дунё деганлари шумиди азал –
Ҳануз Ҳақ деганнинг қалби чок-чокми?
Китоблар қатида жон бермиш сўзлар –
Қаерда донишлар талпинган Поклик?
Қаёқдан келмоқда шунча касофат?
Қабоҳат қаердан, туҳмат қаердан?
Қизарган бу кўзлар мунча очофат?
Зулму жаҳолатга рухсат қаердан?
Нега оқибатни бунча кам ўйлар,
Нега залолатга йўл берар Виждон?
Нега ўз-ўзига тинмай зулм айлар,
Нега соф фитратин бой бермиш Инсон?
Масхарабоз тушмас саҳна тўридан,
Тубан талабларин қўймас ножинслар.
Замин зир титрайди шовқин зўридан,
Қудрат касб этмоқда асли ожизлар.
Қурушқоқ қалбларда ўлиб-ўлолмай
Инграниб ётгандай Тафаккур, Ирфон,
Моғор манзилларга яқин йўлолмай
Қайларда дийдираб юрибсан, Иймон?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Не-не қалбга йўл кўрсатди-ю,
Ўз-ўзимга ўтмади сўзим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Ишламагандан кейин шу-да: ҳисобот ёзамиз, фақат ҳисобот!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Шу кеча эртагин тугатмаса қор,
Сен совуқ қотмасанг – уйга кирмасак,
Оқ, оппоқдан бўлак рангни билмасак,
Майлига, кечикса кечиксин баҳор.
Эртани ўйлама, чўчима сира,
Айни дам йиқилиб тушмасанг бўлди,
Қўлимдан маҳкамроқ ушласанг бўлди,
Ҳар босган изимиз – биллур хотира.
Кумуш осмон гулдай сочар меҳрини,
Оҳиста чекиниб тун пардалари,
Юзингда порласа ой парчалари,
Қорлар ўчиролмас севгим муҳрини.
2008
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Юрагимни тугиб рўмолингизга,
Сиз айтмай севасиз, “севмай” севасиз...
#Эски_дафтардан
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Шоир – дардхуржуни ўзидан катта йўловчи.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
ТАСКИН
Она, гарчи ҳамон ўзимга зорман,
Кўзингизга кирсам, юрагимдан кенг.
Ташқарида пойлаб турибди Армон,
Ўғлим ҳали-бери чиқмас экан, денг.
Ҳар қадамда чоҳга тортиши мумкин,
Оёғим остида ухлайди кулфат.
Сабрим кўйлагини йиртиши мумкин,
Кичкина ғамларга бўлмайман улфат.
Кўксимга Нур кириб турса бўлди-да,
Қувиб етолмагай Вақт деган бир ўқ.
Анча ёшман кекса дардлар олдида,
Ҳали севишга ҳам улгурганим йўқ.
Она, қанотларим дардимдай оғир,
Қушдай бу уйқумни оромга йўйинг.
Бахт кутиб туришни билмайди ахир,
Қуёш уйғонмасдан уйғотиб қўйинг...
2006
***
Дўст-ёрнинг юзида малол бор гоҳи,
Кўзида таънали савол бор гоҳи,
Қай марднинг тамаъдан холи нигоҳи –
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак?
Кўчамдан беғараз ўтмайди ҳеч ким,
Меҳр кўрмай меҳр тутмайди ҳеч ким,
Бекордан-бекорга кутмайди ҳеч ким –
Бир отам, биргина онамдан бўлак.
Жонлари ҳалакдир, сал қовоқ уйсам,
Адолар бўлгайдир, заррача куйсам,
Ким бошим силайди пойига қўйсам,
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак?
Ўзимнинг ўзимга келмайди раҳмим,
Шу оддий ҳикматга етмайди фаҳмим:
Аввал – Сен, бошқаси суймайди, Раббим,
Бир Отам, биргина Онамдан бўлак?
2010
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Ташқарига чиқдим. Юрагим қўлда.
(Бутун бир кўчани ёритарми шам!..)
Бўлиши мумкин-ку худди шу йўлда
Умрида ёруғлик кўрмаган одам.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Бу ҳолда ўзбек адабиётини шарманда қиламиз-ку!
Кейинги пайтларда шундай “эъжодкор”лар пайдо бўлдики, бирор чет тилини яхшироқ билгани туфайли ёки бошқа турли йўллар билан хорижда ўзларини тарғиб қиляпти. Ҳа, фақат ўзларини. Зўр бўлса, қандини урсин, адабиётимизни дунёга танитсин, деймиз, лекин уларнинг кўпи ҳаваскор даражасида, халқимиз тугул, адабий жамоатчиликка ҳам номи таниш эмас. Эълон қилаётганлари-да жўн ёзилдиқлар.
Баъзан интернет сайтларида, ижтимоий тармоқларда “Чет элда фалон асарим тақдимоти бўлди”, “Хорижликлар ўзбек адабиёти қандай эканини шу асарим орқали билишди” қабилидаги куракда турмас гапларга тўла рекламсифат саҳифаларни кўриб ҳайрон бўляпмиз. Улар шу туришда ўзбек адабиёти номидан гапиряпти, ўзларини замонавий ўзбек адабиётининг яратувчилари сифатида “тақдим этяпти”.
Бундай “буюк асар”ларни чоп этаётган “ҳомий”лар ҳам адабиётдан узоқ бўлса керак...
Бу ҳолда ўзбек адабиётини тарғиб эмас, шарманда қиламиз-ку!
Шундай уятли аҳволга жим қараб туриб бўладими?! Демак, Ёзувчилар уюшмаси ва бошқа масъул ташкилотлар ўзбек адабиётининг муносиб (!) намояндалари асарларини хорижда тарғиб этишга жиддий киришиши керак. Тўғри, бу борада айрим ишлар қилиняпти, аммо кўпроқ йўқдан кўра бор қабилида...
Балки, сизни ҳам шу каби безовта ўй-фикрлар қийнаётгандир...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим #Ижод_ва_эътиқод
Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
07.03.2018
Фейсбукдаги қайдлардан
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/1581416281979009/
Кадрлари қўнимсизми, демак, яхши жой эмас.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Сирларимни сўзларга сотдим...
Беҳзод Фазлиддин китобларидан шеърлар
«Онамнинг кўнглига кетамиз» (2003), «Сен қачон гуллайсан» (2008), «Кутмаган кунларим, кутган кунларим» (2012), «Тушларингдан чиқиб келдим» (2017) китобларидан
Ушбу шеърлар кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, турли тадбирлар, маънавий-маърифий тарғибот ишлари ва қўшиқлар учун шеър сўраб мурожаат қилаётганлар ҳамда барча сўз мухлислари таклиф-истакларига биноан ҳавола этилмоқда.
/channel/Behzod_Fazliddin
***
Армонқизнинг кўзи баттар сузуклашди,
Шеърим ўқиб кимнинг ҳоли тузуклашди?
Қалам тутиб қўлим фақат нозиклашди –
Уйда ўтин ёрганларим яхши эди.
Дил безиллар бу бемаврид шамоллардан,
Саволлардан қочиб бўлмас, саволлардан,
Чарчадим-ай оғир-оғир хаёллардан –
Кетмон чопиб ҳорганларим яхши эди.
Ўйлайверсанг ўйдунёнинг ўйи битмас,
Қўли узун ташвишларнинг тўйи битмас,
Унда бобом бошлаб кетган уйи битмас –
Қишлоқда лой қорганларим яхши эди.
Тутам умрим тўлиб борар туманларга,
Ёмонларга ўлим йўқми, ёмонларга,
Ўзим билан борса келмас томонларга,
Худо ҳаққи, борганларим яхши эди...
2011 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Кўзларимнинг косасига юлдуз тердим,
Дилингизнинг дастурхони очиқми, Ёр?..
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Ўзингни яхши кўр, одамларни сев,
Беҳуда ўйлардан қизғон умрингни.
Малакка айлансин ичингдаги дев,
Қутқар кўксинг ичра гирён қумрингни.
Табассум тафтида чеҳрангни очгин,
Тайинли сабаб йўқ аччиқлангани.
Махзани меҳрингдан марварид сочгин,
Ўзингга зиёндир қаттиқлашганинг.
Қаёққа йўл олар қалам – қаландар,
Сен юрак йўлидан юришни ўргат.
Жондан ўтиб кетса эски аламлар,
Мардларча лаб тишлаб туришни ўргат.
Ишқ эрур тоабад кўнгил сайқали,
Муҳаббат – ишончдир, муҳаббат – иймон.
Самандар руҳингни асра аввали,
Кўксингда порлаган Қуёшга ишон.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Мен пастга тушмадим, сиз чиқмадингиз –
Ҳаёт эшиклари очилмай қолди.
Дарду ҳолим билан қизиқмадингиз,
Хаёлимни буткул юлдузлар олди.
Ҳолбуки, ҳар недан изладим маъни,
Кунлар оқиб борар қолдиролмай из.
Ҳисобмас соатнинг минғирлагани,
Азизим, барибир, яшолмаяпмиз...
Самовий ўйлардан чалғийман бир оз,
Остона ортида ёқимли дупур.
Энтикаман холос, шошаман холос,
Эшик тақиллайди. Худога шукур!
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Қуруқ номию ваҳимасидан бўлак ҳеч вақоси йўқ ташкилотлар пештоқига шиор таклиф этамиз: “Ҳаммамиз – бир гўрмиз!”
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Оғир-оғир отар тонг,
Офтоб тинмай урар бонг,
Ғафлат тўшагида донг
Қотган миллат меники.
Ўйлайдиган ўйи йўқ,
Недан бунча кўнгли тўқ,
Ўз кўксига ўзи ўқ
Отган миллат меники.
Яллосини қўймайди,
Токай тўйга тўймайди,
Ўлгунича ўйнайди,
Битган миллат меники.
Кир кўйлагини ечмай,
Бошқаларга тўн бичгай...
Сувини ўзи ичмай,
Сотган миллат меники.
Қачон тургай оёққа?
Куни қолган олчоққа,
Бўғзигача ботқоққа
Ботган миллат меники.
Не-не бир зотлар келиб,
Ўлиб кетарлар, ўлиб...
Ер билан битта бўлиб
Ётган миллат меники.
13.01.2014
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Интернет – сохтакорлик саройи. Бунда ҳатто ўзинг ҳам қалбакидек.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
“Акам йўқ, акалик меҳрига ташнаман”, дейдиганлар бор. Янаям улар бахтлироқ экан. Акаси бўла туриб ака меҳрига зорлар қанча!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Чинакам шогирд устози ёнидан жилмай, атрофида гир-гир парвона бўладиган, қайга борса ортидан эргашиб, ранг-баранг суратларга тушадиган ёпишқоқ шотир эмас, балки унинг йўлини муносиб давом эттирувчи, эзгу ғояларини бойитиб-юксалтириб, келажакка олиб ўтгувчи ҳаммаслак издошдир.
Аммо нега бугун устозлар ёнида нуқул суллоҳ шотирларни кўряпмиз?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ҳаммамиз “индамаслик касали”га чалинганмиз. Оқибати нима бўларкан?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Шунчаки чиройлилар кўп. Ҳусни хулқ эгалари қани?
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Ҳар куни кўксимда кўпкари,
Олишар чавандоз туйғулар –
Ғирромга ўрганган кўплари.
Уялиб кетаман ўзимдан,
Тағинам гуноҳнинг ҳиди йўқ!..
Нур қочиб боради юзимдан.
Улуғ бир хатони бошладим,
Қаламнинг юргиси келмайди,
Шўрликни... синдириб ташладим...
2009
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Ахир бизни бахтли қилиш – Ҳақнинг иши,
Янглишиб ҳам ўзгасига йиғлаб қўйманг...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Жондан яқин, жондан азизроқ
Аллакимларимни соғиндим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Баъзи ота-оналар ўқиб кун кўра олмаётган боласини “Ўқимай ўл!” деб уришар экан.
Ҳаммаси жонидан ўтган “ношуд” фарзанд эса эшитилар-эшитилмас минғирларкан: “Туғилмай ўлай...”
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin