behzod_fazliddin | Неотсортированное

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Подписаться на канал

Behzod Fazliddin

ОҒРИҚ

Қанча кунлар қазо бўлди,
Жонимизга жазо бўлди.
Биздан кимлар ризо бўлди?
Эгамизга нима деймиз?

Иймон азим дарахтдир хўб,
Япроғидан меваси кўп,
Шохларини синдирдик хўп,
Эгамизга нима деймиз?

Капалакка қўл бермадик,
Чумолига йўл бермадик,
Дил олмадик, дил бермадик,
Эгамизга нима деймиз?

Уйғонгимиз келмас сира,
Кўзимизни босган шира,
Борган сари кўнгил хира,
Эгамизга нима деймиз?

Шайтон бунча соҳибжамол?!
Қонимизда топар камол,
Ҳаётимиз – битта савол:
Эгамизга нима деймиз?

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

АЙБНОМА

Беҳзод Фазлиддинга айтиб қўйинглар,
Бу тун ҳам ухламай чиқди отаси.
Узун бўлиб кетди, тилин қийинглар,
Онаси кўксида ғамлар шодаси.

Қишлар келиб бўлди, у гап тузгунча,
Бир бор ҳовлисида қор кураб берсин.
Бировга ёқай деб гуллар узгунча,
Бориб онасининг дардини терсин.

Кейин гуллайверсин, кўкарсин, майли,
Отанинг дуоси бошлагай тахтга.
Нега толейидан йўллари айри,
Онасиз ҳам бориш мумкинми Бахтга?!

Ишига ишқ қўйган қандай фарзандки,
Лоақал кўнглини очиб кетмайди.
Дарвоқе, у кишим шунчалар бандки,
Ўзидан бошқага вақти етмайди...

2007

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қонун адолатни ҳимоя қила олмас экан, одамларнинг ўзлари ҳар хил “қонун” яратиб олаверади.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

КЎНГИЛ

Ҳеч бўлмаса, хафа бўлдим, де,
Ё бўлмаса, бирор сўз айт, ҳой!
Фақат бундай қарама менга,
Кўзим тегиб синиб қолган Ой.

2008

***
Қош қорайди, ўйчан қисқарди кунлар,
Тағин не ташвишда кўнгли юпунлар?
Ҳали кул остида мудрар учқунлар,
Кутинг...

Бирдай ўтди ойнинг икки ўн беши,
Кечанинг бугунга ўтмади тиши,
Азалнинг иши бу, абаднинг иши,
Кутинг...

Севмаса севмасин сиз якто билган,
Келмаса келмасин сизни қон қилган,
Кутган ҳам ҳақ эрур, ҳақдир кутилган,
Кутинг...

Ким кимни ўчирди хотирасидан,
Ким четлашди ишонч доирасидан,
Кимдир боқар кўнгил ойинасидан,
Кутинг...

Бу асрий лаҳзалар сиғмайди сўзга,
Севги бир шарпами – кўринмас кўзга,
Яхши биласиз-ку, чора йўқ ўзга,
Кутинг...

2009

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

https://www.youtube.com/watch?v=9IgbdxpXRwY

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ортиқча фаоллик ҳам мағлубиятга тенгдир.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

РОЛЬ

Қайси шамол қаддимни эгди?
Қачон булут тўсди офтобим?
Биров бўлиш жонимга тегди,
Ечиб отгум манфур ниқобим.

Бу курсижон, бу телефонхон –
Кўриб қўйсин, мана, юзимни.
Тил учида сақлаб юрдим жон,
Ҳар қолипга солдим ўзимни.

Пуч сўз сотиб даромад қилдим,
Рандаланган гапларим силлиқ.
Кесакларга хушомад қилдим,
Деворларга айладим қуллуқ.

Юрагимни ёлғон ўқидим,
Ўз-ўзимга қилмадим инсоф.
Ишқсизларча чўпчак тўқидим,
Бахтлиман, деб уриб келдим лоф.

Бу жараён борар жар аён,
Кўзларимга тўлиб келар қум.
Ич-ичимда тинмас ғалаён,
Лабларимда аччиқ табассум.

Нима берар кичик танаффус?
Қўллар чапак чалиб толганлар.
Афсус, улар учун ҳам афсус...
Афсус, мени севиб қолганлар!

2008

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ҳар бир ҳалол қалбнинг тубида эмоционал бойлик бор. Шоир ана шу ҳислар туғёнини уйғотади, холос...

Асқад Мухтор

#Иқтибос

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Юборсанг Ўзингнинг ёнинггга юбор,
Чақирсанг Ўзингнинг қошингга чақир.
Кўзимдан кетолмай саргашта ғубор,
Номингни айтганга нажот бор ахир.

Ёдинг-ла банди эт саркаш хаёлим,
Бошқани ўйламай, бошқани демай.
Соҳиби қудратим, Соҳибкамолим,
Ўзгани Ўзингдай севдирма – севмай.

Қўрқаман ёлғондан, қўрқаман чиндан,
Ҳаётбахш сўзларга тилимни бойла.
Тазарру – мендандир, мағфират – Сендан,
Раҳм айла, раҳм айла, яна раҳм айла.

Манглайга Ошиқ деб дастхат битиб қўй.
Тоабад дунёга ишқим тушмасин.
Муҳтожман, бундан-да муҳтож этиб қўй –
Ўзингдан бошқага ишим тушмасин.

Нуқтача бўлолмай қотдим қаршингда,
Осий ҳисларимни буткул даф этгин.
Вужудим бахшида, Руҳим бахшида,
Севгимни Севгингга мушарраф этгин.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Сўздан сўз яратиш, айниқса, сўзнинг янги маъно қирраларини кашф этишга уриниш ижодкор қалб учун доим завқу ҳаяжон бахш этади. Ижодий ишлар, хусусан, шеърда чоғим келганича янги сўзлар, ўзгача ифодалар топишга интиламан. Қанча хаёллару ўй-фикрлар оша шеърларимга мана бундай “янгича” сўзлар кириб келди: одамшоир, армонқиз, ғурбатсарой, ўйдунё, кўнгилбоз, шеърюрак, аёзкотиб, ёмғирқўшиқ... Кўпчилик уларни яхши қабул қилди. Унча сингдира олмаганлар ҳам бўлди, албатта. Лекин бунақа “ясама” сўзларни атай эътиборни жалб этиш ёки ўйин қилиш учун ўйлаб топмаётганим аниқ; шеърда ҳам кўнглингиздан ўтганини айтасиз ахир! Ҳамма гап – ушбу сўзларни матн мазмунига жо эта билишда.

Баъзан халқ тилидаги жумла ва ибораларни имкон қадар сал бошқачароқ ифодалашга уринар эканман. Масалан: “яхшию ёмон” ўрнига “ёмону яхши”, “бир бурда нон” демай, “бир парча нон” деб... Лекин бу доим ҳам ўзини оқлайвермаса керак, эҳтимол, ўқувчи фикрини чалғитар эканми, деб ўйлаб қолдим.

Янги сўз ясаш, албатта, жуда яхши, лекин қадим сўзларга янгича маъно юклаш ундан-да авлодир. Буни Сўз салтанатида сархуш-саргардон кезиб юрган, чексиз Сўз чамани ичра сокин сайр этаётган аҳли қалам яхши тушунади...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ожизларча яшаш тегмасми жонга?!

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Муроса керакдир ҳамиша, илло,
Ниҳол ҳам тиргаксиз ўсолмас тикка.
Келишса бўлади ит билан ҳатто,
Лек қандай кўнарсан мунофиқликка?!

Иғволар – ўткинчи, ғам – ўз йўлига,
Ҳасад маҳв этолмас бутун иймонни.
Ҳар он озор етиб турса дилига –
Ҳақсизлик ўлдирар бир кун Инсонни.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Алам қилмай қўйди ҳеч бири,
«Чиқ» дейди-ю, ўзи чиқмас Вақт.
Мен Ҳаётни борича суйдим,
Ҳар томонда, ҳар қадамда Бахт.

Озор санчмас юракка ортиқ,
Бу гулларнинг уфори ўзга.
Кечаги жўн, совуқ одамлар
Жуда иссиқ кўринар кўзга.

Аллақачон овутиб олдим
Кўнглимни(нг) шўр кўз ёшин артиб.
Ҳаммасини кечириб бўлдим
Ўзгалару ўзимдан тортиб.

Қандай ёвуз кучлар бор бунда,
Билмаганим яхши – билмадим.
Ғўр ёшликдан розиман, шаксиз,
Хато қилиб хато қилмадим...

2009 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Энг ярамас баҳона: “Атай қилганим йўқ-ку!..”
***
Адашиб ҳам бировни алдайман деб ўйламанг. Ҳаммаси бехато ҳисоб-китоб қилиниб турибди.
***
Тўғри, тирикчилик айб эмас, лекин тирриқчилик – айб, шунақаям жирканч айбки...
***
Ҳамма ўз ишини билиб-билиб қилса, бу юртда ҳаммаси жойида бўлади. Афсуски, ўз ишимиз қолиб, бошқа нарсаларга бурун суқиб юриш қон-қонимизга сингиб кетган.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Осмон мени қўйиб юборса,
Ёмғир бўлиб сизга қайтаман...


© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Не учун ўзингни бунча қийнайсан,
Нима бўлар бир бор қўйсанг эгилиб?
Не сабаб узундан-узун ўйлайсан,
Йўлингда жумбоқлар ётар тугилиб.

Нимага узатсанг бормайди қўлинг –
Тутқазган ошини ошайвермайсан?
Нечун калит сўзга айланмас тилинг?
Нега бошқалардай яшайвермайсан?

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кимдир шаллақилик қилиб чиқмаса, халқ ҳам, “юқори”дагилар ҳам қулоқ солмайдиган бўлиб қолди...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бу нурсиз ҳашаму дабдаба ичра
Бунча кўз-кўз қилдинг ожизлигингни?!

© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Баъзан рэперлар ҳам шеър сўраб мурожаат қилиб қолади. “Фалон шеърингиздан фойдалансак бўладими?” ёки “Фалон мавзуда ёзиб бера оласизми?” дейишади. Ҳайтовур, рэпчилар орасида ҳам шеъриятга ихлосманд, унча-мунча китоб ўқиб турадиганлари бор.

Бир куни шундай рэперлардан бири йўқлади: “Рэпда адабий сўзлардан иборат яхши, мазмунли матнлардан фойдаланмоқчиман. Ўзим унча келиштиролмайман, шунга ёрдам берасизми? Тўғриси, сўзлари маъноли, кўпчиликнинг ғашига тегмайдиган рэп яратишни хоҳлайман”.

Мен ҳам шуни айтаман-да. Рэп дегани фақат “боғдан-тоғдан” қабилидаги мантиқсиз жумлалар, сўкиниш, ҳақоратли кўча сўзларидан иборат бўлиши керак эмас-ку! Ўзимизда “ўзбекча рэп” қилса бўлмайдими?

Шу баҳона у билан бугунги эстрада ва “замонавий” қўшиқлар, ёш авлод қизиқишлари ҳақида фикрлашдик.

Дарвоқе, ҳозир Ўзбекистонда рэп йўналиши қай аҳволда?
Бу борада сиз нима дейсиз? Бир қизиқиб кўриш керак экан...

#Йўл_йўлакай #Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Иқтибос #Зийнат

Абдуллоҳ ибн Муборак ҳузурларида ғийбат ҳақида сўзлашганида, у зот шундай дедилар:

“Агар кимнидир ғийбат қилишни ўзимга раво кўрганимда, бунинг учун ота-онамни танлаган бўлардим, чунки яхшиликларимни олишга энг ҳақлиси улардир”.

Шайх Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ. “Ахлоқус солиҳийн”.

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

САРОСИМА

Одамларга зар қизиқ,
Тўшак қизиқ, ғар қизиқ.
Ҳўкиз била хар қизиқ,
Сенга нима қизиқ, Дўст?

Инсоннинг йўли узун,
Ёлғоннинг тили узун,
Ёмоннинг қўли узун,
Дунё шундай бузуқ, Дўст.

Синган найга ўхшарсан,
Қачон куйга тушарсан,
Ғингшиб-ғингшиб яшарсан,
Манглайда не ёзуқ, Дўст?

Оҳ урмаган сатринг йўқ,
Ҳақдан бўлак дардинг йўқ...
Одамсан-у, қадринг йўқ,
Ўлганинг ҳам тузук, Дўст!

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кайфият #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ҳақ ишқидан сўзларсан-у, лек
Севгандайсан кўпроқ ўзингни...


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кўришамиз. Суҳбатлашамиз. Кўнгил ёзиб ҳасратлашган бўламиз. Кейин... яна хабарлашамиз. Қўнғироқлашамиз. Дардлашамиз.

Аммо ҳеч қачон ичимиздагини ошкор этмаймиз – асосий гапни айтмаймиз. Барибир, бир-биримизга ишонмаймиз...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Ёлғиз яшашдан ҳам ёлғиз курашиш оғир.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Ҳаёт – тушунмаган фалсафам менинг,
Умр – кундаликка ўхшаган дафтар.
Дунё – кипригимда қотиб қолган мунг,
Ажал – руҳ кўкида ёввойи каптар.

Осмон – оламларга сиғмас вужудим,
Қуёш – ёниб турган юрагим менинг.
Иймон – олам аро менинг бор-будим,
Бардош – ерга тегмас курагим менинг.

Шеърим – нафасимнинг тиргаги – ҳаво,
Қалам – оқ қоғозда титраган кўнглим.
Адолат – сувлари қуриган дарё,
Ҳақиқат – юраги қонаган синглим.

Орзу – осмонларга сиғмаган оққуш,
Армон – орзуларнинг синган қаноти,
Бахт – мен кўролмаган гўзал-гўзал туш,
Дард – шоир одамнинг яна бир оти.

Шодлик – тор кулбамнинг эрка меҳмони,
Алам – юрагимни забт этган мезбон.
Поклик – умримнинг гоҳ ожиз томони,
Шуҳрат – томиримда оқолмаган қон.

Ҳижрон – орамизни бузган ёсуман,
Севги – мен рангини англолмаган гул,
Рашк – ишқим кўкини қоплаган туман,
Висол – мен бошини тополмаган йўл.

2000 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Раҳмон ҚЎЧҚОР
ЎЖАР ҲАҚИҚАТЛАР


Кўпчилигимиз адабиёт тарихининг шонли саҳифаларидан жой олган ижодкорлар қисматига оид маълумотларни ҳиссиз-туйғусиз тилга олишга ўрганиб қолганмиз: фалон йил фалончилар томонидан Насимийнинг тириклай териси шилинган, Машраб дорга осилган, қатлиом даврида Қодирий, Чўлпон, Фитрат сингари не-не ижодкорлар отиб ўлдирилган ва ҳоказо.

Ҳолбуки, улар одам ўлдиргани, бировнинг мол-мулкини талагани, недир ахлоқсизлик қилгани учун эмас, фикри учун, ҳақ каломни сўйлагани, адолатни талаб қилгани, бир сўз билан айтганда, чинакам инсон бўлгани учун маҳв этилган.

Албатта, уларнинг-да сизу биздек жони ширин, қони иссиқ бўлган. Уларга ҳам оғриқ, азоб, жон талвасаси каби ҳислар бегона эмас эди. Тана азобинигина эмас, инсоний хўрлик, нафсониятга тегиниш, ғурур топталишини улар кучлироқ ҳис қилган, оғирроқ олган. Шу маънода, қишнинг аёзли кечаси бола-чақаси чирқиллатилиб, қўлига кишан солиниб номаълум манзил томон олиб кетилган Қодирийнинг винтовка ўқи бош чаноғини ёриб чиқиб кетгунга қадар тортган азобларининг мингдан бирини ҳис қиламизми? Бир вақтда нашрдан чиққан романлари учун касбдоши мукофот билан сийланиб, ўзи эса миллатини асл дардларидан воқиф этгани боис ит азобига дучор этилган Чўлпоннинг қатл олди қайтаргани муқаддас калимани, қонталаш кўнглидан ўтган сўнгги нидони қалбдан ҳис қилмасак, ким деган одам бўламиз?! Ёки “Не деб сўзлаганкан боқиб биз сари, / Бетимсол Ойбекнинг ҳорғин кўзлари?!”

Биз-чи?

Қўлимизга, кишан не, игнанинг учидеккина зирапча кирса ёки озиқ тишимиз кечаси ногоҳ зириллаб қолса, қай кўйларга тушамиз! Бир кунгина оч-наҳор юришу ўн даража совуқда икки соатгина кўчада қолишнинг азоби-чи?! Туппа-тузук даромад бериб турган амалдан, бошқаларнинг кўзини куйдираётган обрў-эътибордан айрилиб қолиш аламини-ку айтмай қўя қолайлик...

Ана шу қиёслар асносида ҳақпарвар, миллатпарвар, инсонпарвар ижодкор бўлиш оддий – ҳаммадан кутиладиган, “илгида қалами бор”ки кишининг қўлидан келадиган иш эмаслиги маълум бўлади...

Ўзбекнинг жувонмард шоири Шавкат Раҳмон умри охирроғида битган бир шеърида “Ахир кимман ўзим, мангуликка сал / Агар қиёсласак, Шавкат Раҳмон ким?” деган боқий саволни берганди. Назаримда, ўзи, ҳаёти ва ижодига шу тарзда ёндаша оладиган, қисмат тарозисига шу талабнинг зил-замбил тошини қўйиб асар ёзган шахслардангина мангуликка дахлдор битикларни кутса бўлади. Бўлмаса, ҳаммаси – замондошлар олқиши ҳам, катта-кичик мукофотлар ҳам, давр ижодшуносларининг ҳавойи баҳо ва эътирофи ҳам ўткинчи – қақроқ қумга сингган сув сингаридир.

Бу боқий саволга етиб келиш учун ҳам, не тонгки, Яратгангина юқтирадиган бир имдод зарур: туғма истеъдод. Бўлмаса, зўр бериб ўқиш-ўрганиш, талантларга ошно тутиниш, бировнинг сўзига янги либос кийдириб энг баланд саҳнага-да олиб чиқиш билан иш битмаган, битмайди ҳам. Мен шоир Беҳзод Фазлиддин манзумаларида кўнглимдаги нотинч фикр-туйғуларга ҳамоҳанг мисралар топдим.

Беҳзод Фазлиддинда:

Дод солгинг келади ёлғон чўзилса,
Бозорга айланса назму нафосат.
Кечаги бокира сўзлар бузилса...
Томошабин бўлса аҳли фаросат!

Солланиб бозорга отланар сўзлар...

Батафсил: https://www.facebook.com/100062923316984/posts/680186090755495/

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Фарзандлар оиладаги латтапарастлик қурбонига айланиб қолмаса эди...

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Нуқул дунё билан ўралашиб қолганингнинг ўзи Яратгандан узоқлашаётганингга етарли далилдир.

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

СЕВГИСЎЗ

Худойим, сўнгги бор менга имкон бер,
Яна озроқ севай – озгина яшай.
Бу гал гуноҳимдан ўтиб қўявер,
Нурсиз ҳаётимга маънолар қўшай.

Шундоқ ҳам боримни бой бердим Вақтга,
Қанча йиллар ўтди беишқ, бемазмун.
Боргим келмаётир Севгисиз Бахтга,
Шундоқ ҳам умримнинг куйлари маҳзун.

Нафас олишни ҳам унутган эдим,
Чиройли йиғламай қўйганди Дил ҳам.
Мен шундай, мен шундай Дард кутган эдим,
Бизни яшнатади, поклайди бу Ғам.

Худойим, яшашни энди ўргандим,
Яна уни эслай, яна соғинай.
Уни кўргунимча ўлиб бўлгандим,
Энди кўзларида қайта туғилай.

Художон, жон Худо, менга имкон бер,
Яна озроқ севай – озгина яшай...

2006 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Нуқул маиший мавзуларда енгил-елпи ваъз айтадиган муридпараст домлаларни эмас, ислом илмини ўргатадиган, тафаккурга ундайдиган олимларни тингланг.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Гарчи ҳеч билмагай ўзни муносиб,
Саодат асрини соғинди кўнгил...


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…
Подписаться на канал