behzod_fazliddin | Неотсортированное

Telegram-канал behzod_fazliddin - Behzod Fazliddin

1412

Беҳзод Фазлиддин битиклари; ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан намуналар, ижод, эътиқод, жамият ва шахс борасида фикр-мулоҳазалар, суҳбатлар, ҳикматли сўзлар ва бошқалар Барча асарларнинг муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланган. +998998494303 @Behzod_Fazliddin_bot

Подписаться на канал

Behzod Fazliddin

Қўлинг ишга бормаганда ҳам ишла!

Миртемир вафотидан кейин унинг меросини ўрганиб, тўрт жилдлик “Асарлар”ини нашрга тайёрлаш чоғида кўзим шоирнинг ёзув столи устида турган кичкина бир қоғозга тушиб қолди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “Қийналганингда – ишла. Азоб чекканингда – ишла. Қўлинг ишга бормаганда ҳам ишла!”

Миртемир умр бўйи ҳаётининг шу даҳшатли шиорига амал қилиб яшади...

Наим Каримов

#Ўзбек_адабиёти #Ижод_ва_эътиқод #Ёднома #Устозлар

@Behzod_Fazliddin

https://t.me/joinchat/AAAAAEPqZEDGESYCw-Fkbg

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Мен топмаган ул гўзал Сўзни,
Майли, сен топ – ҳалолинг бўлсин...


© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бугунги ўзбек интернет оламида сўзи ўткир, субутли, ҳадеб "ҳайп"иллайвермай, мавзуни пухта ўрганиб, воқеликни холис ёритадиган журналистлар борми?
Қани? Ким? Қаерда?

Шов-шувга ўч ҳозирги "ҳовлиқма журналистика" ва оммавий оломончиликдан хавотирларим ортиб бормоқда...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Муҳаббат – кўҳна ва абадий мавзу. Ҳар кўнгил қайта янгилайдиган “ул эски нарса” ҳар истеъдод ёлқинида янада ўзгача жилоланади. Лекин... бугун севги-муҳаббат мавзуси ҳам ижод дунёсида жуда майдалашиб, сийқа тус олгандек. Аҳволни ўзингиз кўриб турибсиз. Ўн беш яшар ҳаваскор қаламкашу қаламқошдан тортиб олтмишдан ошган оқсоқолгача “Оҳ, севаман, вой, ўламан!” дейди. Ёзганда ҳам ҳеч уялмай, суюлиб-суюлиб, очиқдан-очиқ, ҳар сатридан ҳирс ҳидини келтириб ёзади. Мия айниб, қалб бузилса, шу кўйга тушармикан одам?!

Ачинарлиси, айни замонда урчиб ётган кўплаб тизмаларда ишқий изҳор кимга қаратилганини ҳам билмайсиз: қизга, йигитга, ҳатто Яратганга (!) мурожаат бир хил...

Мумтоз меросимизни яна бир қур кўздан кечиринг: илоҳий муҳаббат нурлари ила йўғрилган нодир битиклар қанчалар беназир – бирон сўз дейишга ботина олмайсан; шунинг баробарида, дунёвий муҳаббат тараннум этилган асарлар-да қандай дилбар, нафсоний истаклардан баланд, кўнгилни поклагулик!..

Бу ноёб мерос асрларни доғда қолдириб яшаб келаётганига ҳам асосий сабаб – чин Севгининг чин мадҳи бўлса, не ажаб...

Ахир бу бешафқат дунёда яшаб юрганимизнинг бош сабаби ҳам Муҳаббат эмасми!..

@Behzod_Fazliddin

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим #Ижод_ва_эътиқод

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бунча катта кетмасанг, Ҳақиқат,
барибир, сотиласан-ку!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

“Ватаним!” деб қичқирар тинмай... ватанфурушлар...

#Йўл_йўлакай  #Таҳрирсиз_хаёллар 

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бир йигитча телефонда талабаликнинг илк тассуротларини яқинларига гапириб беряпти.

Ёшлик қандай яхши...
Ёшликда илм олиш ундан-да яхши!

Шугиналарнинг орзуларини саробга айлантирма, эй мўъжизакор Ҳаёт!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Боладай самимий ва беғубор бўл. Боладай иштони ҳўл эмас...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Қанча катта гапирсанг,
Шунча бечорадирсан...

© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Жаноза ўқидим қанча сатримга,
Не-не ҳисларимни айладим қурбон.
Соғинчлар кафанлар бичди сабримга,
Ҳануз жон озурда, ҳамон дил сарсон.

Қайғулар кулдилар, мунғайди қувонч,
Йилларнинг ҳукмига кўндим-кўнмадим.
Неча бора ўлиб-тирилди ишонч,
Ўзимга қонмадим, ўзга қонмадим.

Нима у, ҳеч қўймас ҳоли-жонимга,
Ҳаётимни остин-устун қилган не?
Ўлатдай ёпишган гирибонимга.
Умрим, азиз умрим кетмасми зое?

Очила қолсайди ул қулфи махзан,
Энг кескир сўзлар-ла ёрдим дилимни.
Мени кашф этаркан қайси бир лаҳза,
Қай аср тушунар экан тилимни?!


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

ЗАМОН

Кўзларни ўйнатиб тусланар дунё,
Жасадлар ичинда юраклар урён,
Одам-ку азалдан туфроқдан бунёд,
Аслидан орланиб, зарни севарлар.

Жавониб тўлмишдир жабру жафога,
Қайдан қирғин келган меҳру вафога,
Водариғ, кун йўқдир аҳли ҳаёга,
Фосиқни алқарлар, ғарни севарлар.

Гуллар зор – ҳаётга кўзлари тўймай,
Япроқлар хазонми нурга юз бурмай,
Арғумоқлар увол кўпкари кўрмай,
Эйвоҳ, туфук сочган харни севарлар.

Қанот қоқиб борар беруҳ қўшиқлар,
Суймаслар хандондир, гирён ошиқлар,
Қайларда қон йиғлар қалби очиқлар,
Кўнгли кўрни ва ё карни севарлар.

Алҳазар, турланар – одамми ё жин,
Аларнинг илкида дин ҳам бир ўйин,
Қаддингни адил тут, Беҳзод Фазлиддин,
Бу зиндонда фақат зўрни севарлар!..

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Шамоллар абадий, ёмғирлар мангу,
Биздан сўнг ҳам оппоқ қорлар қолади.
Шаксиз, яшайверар қувончу қайғу,
Изҳорлар, иқрорлар, зорлар қолади.

Минг йилларки, аслин ўзгартмас тоғлар,
Салобати ўша, виқори ўша.
Таровати сўнмас диловар боғлар –
Ҳануз тошқин ҳислар талпинган гўша.

Бехос такрор-такрор чорладим, чоғи,
Япроқлар тизилиб келди сўзимга.
Қобирғаси синган хазонлар оҳи
Оҳангдор ҳасратдек туюлмас кимга!..

Шунчаки тақлидга ўхшарми бу ҳол –
Демангиз, бу фақат илҳом онлари.
Руҳимда яшади шундай безавол
Ҳаёт деган шеърнинг қаҳрамонлари.

Шамоллар. Ёмғирлар. Дарёлар. Тоғлар...
Азал нафасини келтиргай абад.
Япроқлари оят ўқиган боғлар...
Табиат тилида илоҳий суҳбат.


© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Енгиллашган сари оғирдир ҳаёт...

***
Гар Сен асрамасанг, асранмоқ бекор...


© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Аллақачон тўзиб кетардим, балки,
Ва ё ғамлар мени этарди адо.
Кимнингдир кўнглини олгандирманки,
Юрагимни асраб келяпти Худо.

Ўзи яқин олди мени Ўзига,
Кунда Қуёш бўлиб йўқлаб турибди.
Мен айтган тоза бир Сўз эвазига
Қилдай ҳаётимни сақлаб турибди.

Нимага кўзимда юлдуз кам – Ишқ кам,
Мен ношуд умримни кимларга бердим?
Кўксим нурга тўлиб битта гул эксам,
Орқасидан ўнта ниҳол синдирдим...

Барибир, кўнглимга келаверди У,
Кечирилиб кетди ҳар қандай хато.
Ахир мен севишни ўрганяпман-ку,
Севгини севганни севади Худо...


2006 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

https://www.youtube.com/watch?v=HMm7bbI-h_w

#Кайфият #Шеърлавҳа

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Бир муддатга китобингни ёп,
Мавҳумотдан нигоҳингни уз.
Табиатнинг ўзи зўр китоб,
Бугун унинг қаҳрамони – Куз.

Қара, асар топилмас бундай,
Тебранади боғлар – руҳафзо.
Неларнидир эсга олгандай,
Энтикади заъфарон дунё.

Тура турсин эски кўзойнак,
Боққин очиқ кўз билан бундоқ.
Деразангга барг отган кузак
Мунча маъюс, мунчалар қувноқ.

Ўйлатмасин ортиқ тартиби,
Шундоғича олам мукаммал.
Қўя тургин ҳаво таркибин,
Тўйиб-тўйиб нафас ол аввал.

Қушлар келиб, қушлар қайтмоқда,
Билганича чалиб сурнайлар.
Кимлар учун видо айтмоқда
Тирикликка ташна тўрғайлар.

Ҳаёт шудир – қанча тежамай,
Вақти-бевақт тўкилган хазон.
Бор бўйича, бўяб-бежамай,
Тасвирлайди мусаввир Мезон...

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

P. S. 2008 йил куз сурати.

#Кайфият #Лаҳзалар

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

#Кайфият

ЙЎҚЛОВ

Сабоғи тугамас мактабдир Ҳаёт,
Баъзида танаффус – ўйнаб-кулгани.
Кеча парталарда Дийдор эди шод...
Ҳамма тарқаб кетди Одам бўлгани.

Бир куни йўқ эдик, бирда бор эдик,
Тинмади Орзунинг хархашалари.
Жаннатда юргандай бахтиёр эдик
Бир ота-онанинг зумрашалари...

Қанча ёруғ бўлди умр – дарсхонам,
Билган-билмаганим шундан ҳам маълум.
Муаллим – Руҳимни уйғотган Онам,
Фарзанд ажратмаган Отам – Муаллим.

Сўз бўлиб тилидан савоблар учган,
Икки олам аро қисмати – эъзоз.
Ким бўлиб борсам ҳам бағрини очган –
Келдим. Ассалому алайкум, Устоз!

2008 йил, сентябрь

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Занжирлар узилса, кишанлар синса,
Ортиқ юкунмасанг шу эски тосга.
Ўзлигин йўқотган руҳга файз инса,
Умрингни буркасанг боқий ихлосга.

Шояд, ўз номини унутса хаёл –
Ҳақиқатга дўнса бой тасаввурлар.
Дунёни муҳаббат айласа ишғол,
Замин чеҳрасидан ёғилса нурлар.

Қалб кўзин фикратга эш қилиб боқсанг,
Нигоҳингнинг ўзи улуғ шеър бўлса.
Энг кўҳна ҳикматлар мағзини чақсанг,
Эҳсонга айланса, дил не дер бўлса.

Яшасанг, шу кўйи яшасанг мудом,
Ҳаёт китобида зарҳал битикдай.
Ўлим-да мард бўлса, қилмаса ғирром,
Юрганга яраша юрсанг тирикдай…

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Кейинги пайтлари ўзбекнинг икки бетакрор шоири – Рауф Парфи ва Шавкат Раҳмон ижоди, шахсияти ҳақидаги мубоҳасаю мунозаралар қизигандан-қизимоқда. Энг муҳими, бу баҳслар тор доирадаги “нафис мажлислар”дан катта аудиторияга кўчиб улгурган.

Рауф Парфи-ку катта адабиётга илк қадам қўйган кезларидан то ҳануз – ўлимидан кейин ҳам адабий майдон марказидан тушгани йўқ. Ҳали-ҳамон шоир ҳақидаги “шов-шув”лар ёғилиб ётибди. Нақадар қизиқ, ўз навбатида, сирли ва мураккаб қисмат!

Рауф Парфи янги ўзбек шеъриятида ижоди энг кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлган шоирлардан. Бу наинки унинг ўзига хос, бир қарашда ўта ғалат феъл-атвори акс этган ижодиёти, балки шеърларидаги айрича маъно товланишлари, шакл ва ифода воситаларига ҳам алоқадор.

Бугун кўпчилик Рауф Парфини “ўзиники” қилишга уринаётган, ҳатто бунга даъво этаётган бир пайтда ижодкор замондошларининг хотиралари ҳам ажабтовур: кимдир дарвеш шоир билан “шишадош” бўлганидан боши осмонда, бировлар бир мартагина кўрган шоиридан фаришта ясашга уринади, айримлар ҳою ҳавасга беписанд, дунёвий ташвишларга ўта “лаёқатсиз” устозга “беминнат” хизмат кўрсатганини писанда қилади, яна кимлар гўё Рауф Парфининг “ижодий меросхўри” эканини уқтириб чарчамайди…

Э, уларнинг ҳаммасига чидаб берган Шоирга раҳмат! (Ўз ўрнида, Рауф Парфи ижоди холис таҳлил этилган мақолалар ҳам борлигини қайд этиш жоиз.)

Сўз сеҳридан сармаст ёш ижодкорларнинг энтикишларини айтмайсизми!

Аммо шоирнинг “ғалати” феъл-атвори, аниқроғи, ташқи белгиларига тақлид қилиб, ундан нусха кўчиришга тиришаётган ижодкор биродарларни кўриб-кузатиб нима дейишга ҳам ҳайронсан. Ўз даврида қанчадан-қанча нусхакашлари пайдо бўлганди сирли шоиримизнинг. Бугун улардан ким бор?..

Қисқаси, Шоир ҳақида айтиладиган гаплар кўп. Айниқса, ёш ижодкорларга ўрнак бўлгулик ижоди ва шахсиятига хос камёб жиҳатлар ҳақида қанча гапирилса, арзийди.

Аслида, Ўзи ҳақидаги ҳамма гапни шоирнинг Сўзи айтади. Хотиралар эса нималаргадир аниқлик киритишга “қўшимча” бўлади, холос.

Адабиёт ва миллат равнақи йўлида Ҳақ розилиги учун жонини тиккан шоирларимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

P.S. Кузатиб бораётган бўлсангиз, интернетдаги саҳифаларимизда Рауф Парфи шеъриятидан намуналар, шоир ижоди ва шахсияти ҳақидаги материаллар доимий эълон қилинмоқда.

#Рауф_Парфи #Ўзбек_адабиёти #Ижод_ва_эътиқод

Телеграмда: https://t.me/joinchat/AAAAAEPqZEDGESYCw-Fkbg

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

МОҲИЯТ

Баҳор, баҳор, дейсиз, кўклам ҳам ўтар
Ҳар он ваъда қилиб Бахт висолини.
Куни кеча эди дилбар, муаттар,
Турланган гулларнинг кўринг ҳолини.

Ана, олтин кўзёш тўкар дарахтлар,
Зарҳал йўлакларда хаёл фаромуш.
Ортда қолиб кетди паймону аҳдлар,
Афсус чеккан каби бекатлар хомуш.

Неларни англатар ёмғир шитири?
Беқарор томчидай титрайди жонлар.
Сўнгги лаҳзаларин яшаётир-у,
Абадий сабоққа дўнар хазонлар...

Бу ҳолни бошидан ўтказган билар,
Тушунгай ўзи-ла келган юзма-юз.
Ёмғиру шамоли, гоҳ қори билан
Ҳаёт эртагига мазмун берар Куз.

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

«Давлат тили ҳақида»ги Қонуннинг 15-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида яшовчи шахслар, ўз миллатидан қатъи назар, ўз исмини, ота исми ва фамилиясини миллий-тарихий анъаналарга мувофиқ ёзиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ниҳоят, «-ов» ва «-вич»дан расман қутулдим.

Дарвоқе, исм-фамилиянинг имловий хатосиз, тўғри ёзилиши (айниқса, асосий ҳужжатда) мен учун принципиал масала. Аммо лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги «ў» ва «ғ» ҳарфларини ёзишда ҳалигача «техник хато» қабилидаги муаммоли ҳолатлар кўпга ўхшайди...

#Кайфият #Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим #Тил_тақдири

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Узоққа бормайлик, яқин 30 йиллик ўзбек адабиётида қанча кучли, бетакрор шоирлар бор. Аммо халқ уларни ўқимайди, билмайди. Кўпчилик адабиётчиларнинг ўзлари ҳам уларнинг ижодидан бехабар.

Омма баъзи шоирларнинг фақат қўшиқ бўлган сатрларини билади, холос (Шуни ҳам билса агар).

Адабиёт, чинакам шеърият бугун тарғиботга, умумхалқ эътиборига жуда муҳтож.

Бу ишни адабиёт одамларининг ўзлари бажармаса, бошқа биров қилиб бермайди. Афсуски, адабиётга ёрдам бермоқчи бўлаётганларнинг ўзларига ёрдам керак...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Буюк бўлганимда, майда тошлармас,
Тоғлар чиқар эди юрган йўлимдан...


© Беҳзод Фазлиддин
@Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Одам ҳадеб ўзи билан ўзи қолавериши яхши эмас. Муттасил ўзни “титиш” яшашдан толиқтириб, ҳаётни ранг-туссиз қилиб қўяди, зериктира бошлайди.

Айниқса, ижодкор киши бу борада ҳазир бўлиши керак. Ёлғизлик паноҳига қочавериш одамни бир куни йитиб юборади. Бундан Оила аталмиш улуғ неъматгина қутқариши мумкин.

Ўзингизга шафқат қилинг – оилага қайтинг. Оилангизни асранг!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Оддийликни қадрлайлик, жўнликни эмас.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Олтин армонларда оқиб борар куз…
Меваларим айни етилган, пишган.
Жон Қушчам, сен мендан хаёлингни уз,
Ахир илдизимга қанча қурт тушган!

Кумуш кечалари ёнимдан жилмай,
Шаънимга юлдузлар айтар эди шеър.
Қанча таъзим қилмай, қанча эгилмай,
Мендан узоқлашиб бораверди Ер…

Яланғоч қолсам ҳам, патларинг билан
Йиллар ярасига сурасан малҳам.
Ҳали маъюс боғлар қолади биздан,
Мен дарахт бўлсам ҳам учаман, Қушчам!

2007

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Тушларингдан_чиқиб_келдим

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Жиловлашди, асов от эдим,
Чидолмадим – яна дод дедим.
Синдиришди оёқларимни,
Юрагимдан қаттиқ лат едим.

Курашлардан чарчадим, толдим,
Жим яшашни ўрганиб олдим.
Воҳ, шу – жоннинг ҳузури экан,
Бора-бора кўникиб қолдим.

2003 йил

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

#Сен_қачон_гуллайсан

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Телевизорга қараб бўлмайди. Радио шанғиллагани‑шанғиллаган. Газета кўнглингни беҳузур қилади. Интернет фитнага тўлиб ётибди. Куну тун шовқин, шовқин, шовқин! Бу ҳам етмагандек, руҳият шовқинот дунёсида сарсон.

Яхшиям, дилга таскин бергувчи тоза хаёллар, гўзал дунёлар бор. Хайриятки, Шеър бор, шеърюраклар бор…

Аммо баъзан шеър, ҳатто Адабиёт ҳам кўнгил олиш, руҳингни кўтаришга ожиздек. Жисму жонингни шундай кайфият банди этадики, на иш, на ижод таскин беради.

Тубанликнинг чек-чегараси борми ўзи? Тавба дейсан-у, гоҳида уйғонгинг, ташқари чиққинг келмайди: яна ўша ҳаётми? Яна ўша буқаламун дунё, юзсиз шовқинхўрларми!..

Йўқ, яна бир буюк куч қайта кўз очиш, тозариш, яшнашни янгитдан бошлашга ундайди.

Минг шукр, минг‑минг тасанно, барчасидан‑да улуғи – Иймон бор. Аввало, шугинани саломат сақлайлик. Ана ундан кейин яшаш ҳақида яхшироқ ўйлаш мумкин. Ёзаверса ҳам бўлади...

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод #Эски_дардлар

2013

https://www.facebook.com/100003319579634/posts/429612393826076/

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

«Аввалги шоирлар бошқача эди — шеър учун қўшиқчилар билан талашиб-тортишиб юрмасди, ҳақ талаб қилмасди. Масалан, Муҳаммад Юсуф ундай эди, бундай эди...»

Буларнинг қаричи шу!

Сен ўзи Муҳаммад Юсуфни биласанми? Ё суҳбатида бўлганмисан? Дардларини ҳис қиласанми? Кўпчилик қўшиқчилардан ранжиб, норози бўлиб ўтганини-чи? Ундан бошқа шоирларни ҳам танийсанми? Аслида, унинг қўшиқ бўлган сатрларини ҳам тузук-қуруқ билмайсан-ку! Ижод заҳматини тушунасанми? Китоб ўқийсанми ахир?..

Шундай экан, шеърни, шоирни муҳокама қилишга ҳаққинг борми ўзи?!

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Ижод_ва_эътиқод

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

Бугун энг қадрсиз меҳнат – адабий меҳнатдир.

#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар

@Behzod_Fazliddin

Читать полностью…

Behzod Fazliddin

***
Ҳали замон кўринар қуёш,
Юзи сўлғин, кўзи жиққа ёш,
Бир кунгина беролмай бардош,
Уфқ бағрига қон бўлиб ботар.

Майда ҳислар, майда одамлар,
Шундайми ҳар жойда одамлар?
Одамийлик қайда, одамлар?..
Саволларнинг залвори ортар.

Бўзболалар кўзида фириб,
Ҳаё йиғлар, ор ҳоли ғариб,
Барчинларни овга чиқариб,
Алпомишлар ичкўйлак сотар.

Бекка бермас сўз бегойимлар,
Ўғилми ё қиз бегойимлар,
Ўзбек эмас ўзбегойимлар
Кўзларини ўйнатиб ўтар.

Қарға кўзин қарға чўқир деб,
Енгил ёзсанг ҳамма ўқир деб,
Ким чиройли чўпчак тўқир деб,
Шоирлари лоф уриб ётар...

2010

© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin

Читать полностью…
Подписаться на канал