***
Муҳаббат дегани эҳсондир, асли,
Энг эзгу сўзларим элга садақа.
Мен Сенинг сир тўла Cевгингга таслим,
Ишқ ганжи олдида дунё бир чақа.
Юрагим ёришар ёдинг нуридан,
Ҳаётга қайтаман исмингни айтиб.
Хуш наво таралур дил танбуридан,
Севгимдан севгилар уйғонган пайти.
Билмасман, не тахлит тугайди байтим,
Тасаввурга сиғмас шеърим якуни.
Мен фақат кўнглимдан ўтганин айтдим,
Шакли оҳанрабо, Дарддир мазмуни...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Қийин қайишарлар, осон кечарлар...
***
Қалбимда қавмимга муҳаббат бергин...
***
Кечириб қўя қол, одамзод шудир...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Сизга малол келган кулгуларимни
Ўлик лабларимдан юлиб ташладим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Бардош либосининг иплари тиғдан,
Амаллаб кийдингми, ечишдан не наф?
Кўзингни яширма кўнгли мунглуғдан,
Сева олиш шараф, севилиш шараф.
Дақёнусдан қолган бу даҳри дунда
Бир янги заррадай кўзга илинсам.
Муродим гуллари очилган кунда
Не тонг, яшаш учун маҳкум қилинсам!
Сўнгги нафасгача эшиклар очиқ,
Ўз ҳолидан ўзи гумонда гумон.
Наздимда, кўрмаган бу қадар Ошиқ
Бир томчи Дийдорга ғарқ бўлган жаҳон...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
АЛАМ-О...
Осмонлардан жой топиб олдим,
Энди Сизга биров бўламан.
Излаб-излаб Ой топиб олдим,
Юлдузларга куёв бўламан.
Сўкилгани қолди кўнглимнинг,
Тушиб кетди қўлларингиздан.
Тўкилгани қолди кўнглимнинг,
Териб олдим йўлларингиздан.
Менинг умрим – ишқий бир ғазал,
Муаллифи – меҳрибон Эгам.
Ой, барибир, жуда ҳам гўзал,
Юзларида доғи бўлса ҳам.
Нурларини қизғанмайди у,
Кўзларимда жилмаяр жолам.
Соғинмайман, деган эдим-ку,
Ер Ойига алам-о, алам.
Энди Сизга биров бўламан...
2006 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
Қаёққа қарама, шоу: дунё – шоу, санъат – шоу, адабиёт – шоу, севги – шоу, эътиқод – шоу, сиёсат – шоу, ватан – шоу...
***
Мухлис ўз дид-савияси, дунёқарашидан келиб чиқиб ижодкор танлаганидек, ижодкор ҳам ўз мезони бўйича мухлис саралайди.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Кошкийди, барига саботим бўлса,
Ё учиб кетмакка қанотим бўлса.
Дариғо, бу қадар ўртанмас эдим,
Сиз ҳавас қилгудай ҳаётим бўлса.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Тўғри, дид масаласида тортишиб бўлмайди. Лекин дидингга дахл қилмоқчи бўлган дидлар билан ҳам ҳисоблашиб туриш керак экан-да...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Бахт тилаймиз сизга, дейсиз,
Бахтимизни тортиб олиб...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
ЭЪТИҚОДИНГИЗ САЛОМАТМИ?
Ўзини англашга уринган кишининг ҳаёти ҳамма замонда оғир кечган. Айниқса, у мудом ташқи таъсирлар қуршовида бўлса. Аслида-ку, инсон учун энг катта муаммо, энг кучли “тўсиқ” унинг “ўз”идир. Демак, аввало, ўзни тарбият этиб, ўзини енга олгангина бу йўлда собитқадам бўлиши мумкин. Шу маънода ҳам ҳаётни кураш майдонига менгзаш ўринли. Назаримда, бу “жанг”да энг қудратли, энг самарали қурол – Эътиқоддир.
Очиғи, кўпдан буён Инсон ва Эътиқод масаласи билан қизиқаман, буюк эътиқод эгаларининг ҳаёт ва ижод тарзи, бу борадаги фикрларини ташналик билан ҳазм қилишга уринаман, ўзимча нималарнидир ўйлайман, хулосалар қилган бўламан.
...Атоқли адиблар, сўз санъаткорлари, ўз навбатида, ёшлар ижодини ўқиб-кузатиб, Эътиқод ижодкор шахс учун ҳам ўта муҳим, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт-мамот масаласи, деган хулосада янада қатъийлашдим.
Шубҳасиз, эътиқодни диндан айро тасаввур қилиб бўлмайди; асос-пойдевори дин унинг. Аммо эътиқодни кенгроқ маънода ҳам тушуниш керак эмасми? Ижодкорнинг ҳаётий эътиқоди диний эътиқодига “тескари”роқ, ҳатто хилоф бўлса-чи? Шунисидан асрасин-у, бу энди янада чуқурроқ ўйлаб кўриладиган масала.
Реал қараганда, эътиқод мустаҳкамлиги йўлида бўлишдек заҳмату машаққатга тўла ҳаёт кечиришга унча-мунча кишининг юраги дов бермайди ва ўз-ўзидан яшашнинг енгилроқ йўлларини қидиради. Ўзингиз яхшироқ ўйлаб кўринг, эътиқодингиз бундай яша, деб ўргатади, жамият мана бундай яша, дея кўрсатма беради. Яна бошқа тўда ўз “қонун-қоида”ларига мосламоқчи бўлади... Бу ҳолда эътиқоди мўрт одам ўз-ўзини бир бало қилиб қўяди. Салгина шамолга эсанкираб қоладиган навниҳолларни-ку, айтмай қўя қолайлик. Қандай йўл тутган маъқул? Қандай яшаш керак ахир?..
Бировлар “Худо дилингда бўлса, кифоя”, дейди ва шу билан айбу гуноҳларини хаспўшламоқчи бўлади гўё. Яна кимлардир “Аслинг каби кўрин...”ни тилдан қўймайди-ю, ўзи кўринганидек бўлмайди. Очиғи, ҳар гал шундай қалтисроқ мавзуда сўз юритишга уринар эканман, кўп ўйланаман: ёзсамми, ёзмасамми... Гўё кимдир “Ўзинг-чи? Аввал ўзингга боқ”, деб тургандек бўлаверади. Яна ўйлайман-у, ҳеч бўлмаса, фикрларим тўғри ёки мақбул эмаслигини билиш учун ҳам ёзишга чоғланаман.
Аслида, юқоридаги саволларга муқаддас манбаларда, улуғлар китобларида тўла ва аниқ жавоблар бор. Бироқ ёшлар улардан қай даражада хабардор? Ўзимизни минг овутишга уринмайлик, аҳвол яхши эмас. Биргина интернетдаги ёзишмалардан ҳам ёш авлоднинг Эътиқодга муносабати ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Ёш ижодкорлар-чи? Шоирликни “алкаш”ликдан ёки “шоу”дан деярли фарқламай қўйганларга нима дея оласиз? Ёзувчиликни интим муносабатлар тасвирига ружу қўйилган маиший “ҳикоя”лар ёзиб тарқатиш касби деб тушунганларга-чи? Дарров оғзингизга уриб, ўзиникини маъқуллайди, “Бу – мен танлаган йўл”, дейди. Бундайлар катта авлод орасида ҳам кам эмас. Ҳақрост, ҳар кимнинг ўз йўли бор. Аммо бу йўл тўғрими-йўқми – ҳамма гап шунда.
Лекин дилга таскин берувчи сабаблар ҳам топилади. Саноқли бўлса-да, баъзи ёш ижодкорларнинг кўра-била туриб шу “бахтиқаро” йўлни – улуғ эътиқодлилар тутумини танлашга мойиллик билдираётгани, бутун эътиқод соҳиби бўлишга уринаётгани кўнгилни кўтаради. Ҳеч бўлмаса, ҳаракат қилинаяпти-ку, дея умидланасиз. Аммо улар ёлғиз, жуда ёлғиз...
Назаримда, ёш шоир ўз битиклари воситасида қайта ва қайта Яратганга мурожаат қилса, ёзувларини Биру Борга илтижою дуоларга кўмиб юборса, буни айбга йўймаслик керак. Демак, у ҳозирча шундан таскин қидираётир; бутун оламлар Яратувчисининг қудратига шеър тилида иймон келтирмоқда, мўъжизалар мўъжизасидан ҳайрат туймоқда...
Гапларим унча қовушмаяпти-а? Буни ўзим ҳам сезиб турибман. Бироқ бугун узуқ-юлуқроқ бўлса-да, шуларни ҳавола этгим келди. Негаки, ҳамма-ҳаммаси Эътиқодга бориб тақалаётганини кўриб-билиб турибман. Энг тўғри йўл эътиқоди бутун инсонлар йўли, нажот комил Эътиқодда эканини борган сари теранроқ англаётгандекман. Аммо...
Барибир, жуда кўп гапларим ичимда қолиб кетди. Эҳтимол, шуниси маъқулдир...
2013 йил 21 август
Батафсил: https://www.facebook.com/100003319579634/posts/421902554597060/
@Behzod_Fazliddin
Ёш қаламкашлар интернетда бир-бирини алқаяпти: “Адабиёт учун катта иш қилдингиз. Адабиётимиз сиздан рози”.
Ҳазил ё киноями, десанг, йўқ, жиддий айтяпти. Ёпирай, булар адабиёт деганда нимани тушунади ўзи?..
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
***
Оғир-оғир отар тонг,
Офтоб тинмай урар бонг,
Ғафлат тўшагида донг
Қотган миллат меники.
Ўйлайдиган ўйи йўқ,
Недан бунча кўнгли тўқ,
Ўз кўксига ўзи ўқ
Отган миллат меники.
Яллосини қўймайди,
Токай тўйга тўймайди,
Ўлгунича ўйнайди,
Битган миллат меники.
Кир кўйлагини ечмай,
Бошқаларга тўн бичгай...
Сувини ўзи ичмай,
Сотган миллат меники.
Қачон тургай оёққа?
Куни қолган олчоққа,
Бўғзигача ботқоққа
Ботган миллат меники.
Не-не бир зотлар келиб,
Ўлиб кетарлар, ўлиб...
Ер билан битта бўлиб
Ётган миллат меники.
13.01.2014
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Ишқилиб, ўзбекни бутунлай йўқ қилмасанг бўлди, Ўзбекчилик!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Муттаҳам доим бир қадам олдинда. Унга тенглашиб бўлмайди. У шунинг учун ҳам муттаҳам.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Аксарият ёшларнинг энг катта муаммоси – мақсадсизлик.
Мақсад йўқ экан, келажак ҳам йўқ!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Тузумни олқишланг, замонага таҳсин ўқинг – сизни ўзлари тарғиб қилишади.
Иймонни улуғланг, инсонни куйланг – Яратганнинг Ўзи йўлингизни очади.
Танлаш ихтиёри – ўзингизда!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Йўл тўсиб йўл очадиганлар бор,
Йўл очиб йўл тўсадиганлар бор.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
#Кайфият
БАХТИНГНИ КЎРМАСДАН ЎЛМАЙМАН, ВАТАН!
Барибир, юрт ҳақида сўзламай бўлмас экан. Фақат ғашга тегмайдиган, асабларни ўйнатмайдиган қилиб, юртдошларнинг юрак-юракларига бўйлаб сўзлаш керак экан Ватан ҳақида. Чучук тилда ё ғайрилисонда эмас, ўзбакий изҳори дил керак экан Ўзбекистонга...
Ижодий учрашувлардан бирида “Ўзингизни ватанпарвар ҳисоблайсизми?” деган саволга ҳеч иккиланмай “Ҳа!” деб жавоб бердим. Негаки, бу саволни “Ватанни яхши кўрасизми?” деган маънода тушундим. Ватансуймас шоир бўлмайди. Ватанпарвар эмасми, демак, у шоир ҳам эмас! Нима дедингиз?
Бир муносабат билан айтилган мана бу сўзларим, аввало, ўзимга қаратилган: “Ватан ҳақида оғиз тўлдириб эмас, юракни тўлдириб гапириш керак! Ватан ижодкорнинг қисматига айланмас экан, у мавзулигича қолаверади”.
Аслида, бу Ватан, даҳо халқ сизу бизнинг ялтироқ сўзларимизга муҳтож эмас, ўзимиз унга чиройли сўзлар айтишга муҳтожлик сезамиз. Шу ҳамишалик эҳтиёж сабаб Отаюрт, халқнинг қувончу дардлари ҳақида чоғим келганича нималардир айтишга – шодлигу изтиробларини сатрларда сувратлантиришга уриниб келаётирман. Шундай пайтлари “Ватанни севмоқ, унга меҳру муҳаббатингни ёниб изҳор этмоқ ҳам ибодат мақомида эмасмикан”, деб ўйлаб қоламан...
Ватан шоир болаларидан муносиб Сўз сўрайди. Озод Сўзга ташна бу халқ. Ҳар бир чин шоирнинг Ватан ҳақида ўз Сўзи бўлади; у Яратган инъом этган истеъдод тили билан Ватанини сўзлатади, Ватан бўлиб сўзлайди.
Шу бахтдан қисмасин!
***
Мен – ҳаёт боғида омонат япроқ,
Тўкилиб кетаман эрта, индин ё.
Бир куни мен сенга қайтаман, Тупроқ,
Бир куни мен сенга кетаман, Само.
Тангрим азал сени яратмиш суюк,
Қошингда заррача эмасман, зотан,
Шу қадар мангусан, шу қадар буюк,
Минг битта умримга арзийсан, Ватан!
Дунё нима ўзи – савдо бозори,
Яшасам бўларди дўст қилиб танни.
Худо урмасмиди, етиб озори,
Ҳаётдан пастроққа қўйсам Ватанни?!
Ўтиб қўймасмиди Отам баҳримдан,
Тўлиб кетмасмиди дўзах ноламга?
Қонлар оқмасмиди бу тош бағримдан,
Ватан қолдирмасам магар боламга?!
Йўқ, бундай яшашга кўнолмайди жон,
Сени танимаслик – Руҳимга иснод.
Сен деб яшамасам, борлигим ёлғон,
Сен бор, у дунёю бу дунём обод.
Менинг забоним – гул, қўлларим – сабо,
Сенга бўй таратмай сўлмайман, Ватан.
Ҳали кўп яшайман, аввали Худо,
Бахтингни кўрмасдан ўлмайман, Ватан!
2002 йил
ДОВОН
Шу халқ ўссин, шу юрт кўкарсин,
Изга тушиб кетар қолгани.
Бошин мангу баланд кўтарсин,
Олтин бўлсин тош деб олгани.
Омон ўтди йиллар қаҳридан,
Туришлари мардона бўлди.
Ғаним эриб кетди меҳридан,
Оқибати афсона бўлди.
Бек боласин қадами шахдам,
Бағри бутун, илиги тўла.
Гижинглаган тойчоқлари ҳам
Ёв дилига солар ғулғула.
Эндигина тонглар отганда
Парчаланмас азалий тоқат.
У кунларга қиёс этганда,
Бу кунларнинг заҳмати – роҳат.
Юракларда бирдамлашайлик,
Суягани етар қудрати.
Ўзимиздан баланд яшайлик,
Шу юрт ҳаққи, шу халқ ҳурмати.
2009 йил
***
Онангнинг эгнига камзул бўлмаса –
Ҳар дайди шамолдан асраб тургани,
Отангнинг қўлига омбур бўлмаса –
Ёғочлардан нобоп мих суғургани;
Синглингга сарупо, сеп йиғилганда
Фойдаси тегмаса чит кўйлакчалик,
Ташвишлар укангга зўрлик қилганда,
Ҳимоя этмаса бир билакчалик;
Лаббай, деб келмаса ғовларни ёриб,
Мунаввар тонгларга йўргак бўлмаса,
Ғанимнинг кўзини ўймаса бориб,
Эгилган элингга тиргак бўлмаса...
Шу шеърни тўқимай турганинг яхши,
Ҳар сатри қонингдан ўтмагунича,
Шу шеърни ўқимай турганинг яхши,
Тоғ бўлиб жонингда ўсмагунича...
2009 йил
ЁРУҒ НИЯТ
Нафас ростлаб олай, имкон бер,
Бошқа биров ёзмас, ёзмасам.
Юрагимни кўтарарми шеър –
Қалбдан чиққан ҳар сўзим – қасам.
Уйғотгувчи Сўз сўраб ўсдим,
Достон-достон бўлар ғам-ғуссам.
Майли, мени ўқима, дўстим,
Дарддан сўйлаб кўнглингни бузсам.
Қоғозсиз ҳам куним ўтарди –
Ер юзида қайси шоир тўқ?
Шуни билиб қалам кўтардим –
Ўлмай туриб ташлаб кетиш йўқ.
Кулма дардим кучайган пайти,
Ким қўйибди бизга миннатни?
Юпатмоқчи эдим шеър айтиб
Кўнгли тўлиб кетган миллатни...
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Батафсил: https://www.facebook.com/100003319579634/posts/424748784312437/
Қайси эркин қуш ўз ихтиёри билан олтин қафасга кирарди!
Эйвоҳки, бечора қушнинг ҳам тирикчилиги бор...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Йўл очилиб борар йўл юрган сари...
(“Пессимистика”дан толиққанда)
Кўп йўл юраман. Одатда атай пиёда кезаман. Гоҳи тез-тез қадам босиб, баъзан секин, енгилгина одимлаб бораман. Бунинг соғлиққа фойдаси-ку ўзингизга маълум, илму ижодда ҳам ажойиб самара беради. Айниқса, соатлаб мук тушиб компютерда ишлаш, қоғозу китобларга кўмилиб ўтиришдан чарчаганда бунинг мазасини тасаввур қилаверинг.
Йўл юраркансиз, бутун вужуд ҳаракатда, мия фаолияти яхшиланиб, тиниққан фикрлар оқиб кела бошлайди...
Жуда кўп сатрларим, ҳатто бутун бошли шеърларим йўлда туғилган, йўл-йўлакай қанча таҳрирсиз хаёллар қайд этилган (Кузатиб бораётган бўлсангиз, уларни ижтимоий тармоқларда #Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар туркумида бериб боряпмиз). Бир пайтлар иш ва уй оралиғида туғилган шеърларимнинг ўзи катта бир туркум бўлса, ажаб эмас.
Ҳозир ҳам йўлдаман-у, мисралар қуйилиб келяпти:
Йўллар яна гўзал йўлларга йўллар...
Ҳа-я, йўл мажозга йўғрилган мана бу сатрлар ҳам йўлда туғилганди:
Тин олганинг сайин ҳорғинсан, валлоҳ,
Йўл очилиб борар йўл юрган сари...
Сайру саёҳатни, хуш манзилларга сафар қилишни яхши кўраман. Коронавирус бунга “тузуккина” халал берди-ю, лекин йўл юришни тўхтатганим йўқ. Эҳтимол, сизнинг ҳаётингиз ҳам шундайдир.
Йўл юринг, саёҳат қилинг, юрт кезинг, дунё кўринг, янгиланинг, Яратганнинг беқиёс неъматларидан янада кўпроқ баҳраманд бўлинг. Ва албатта дуоларда бизни ҳам эслаб туринг!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кайфият #Лаҳзалар #Сизга_гапим_бор
https://www.facebook.com/100003319579634/posts/3869264913194123/
Баъзан ёмғирга айлангинг келади – беозор, баракотли ёмғирга...
***
Кимгадир яхшилик қилмаган, ҳеч қурса, бир оғиз ширин сўз айтмаган кунингизни қандай қилиб “Ўтди” дейиш мумкин? Эҳ, бизнинг ўтмаган кунлар...
***
Киши Яратган қошида ўзини қанча ожиз сезса, одамлар олдида шунча кучлидир.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
ЎҒИЛ
Дада, далангизга дард сочиб келдим,
Яна машаққату заҳматлар Сизга.
Белингиз оғриди, мен қочиб келдим,
Қачон олиб бердим раҳматлар Сизга?
Ая, соғинчингиз сочи оқарди,
Бормадим – кўпайиб кетди тўйларим.
Шу ёшимда фақат севиш ёқарди,
Сиздан кўра кўпроқ уни ўйладим.
Бошдан нима ўтди – билдирганим йўқ,
Кимдир тўкаверди нур изларимга.
Ўзимни-ку хафа қилдирганим йўқ,
Озор бериб қўйдим азизларимга.
Майсалар, парёстиқ бўлинг, бош қўйса,
Чинорлар, Отамнинг ёнида юринг.
Боласини ўйлаб юраги куйса,
Аччиққина қилиб чой дамлаб беринг.
Бу ташвишлар билан бўлмайди қариб,
Мени кутиш учун келган оламга.
Қўллари толмасин челак кўтариб,
Булутлар, сув ташиб туринг Онамга.
Дада, дардингизга бошман, биламан,
Ая, тушларингиз бир кун келар ўнг.
Ҳали юзингизни ёруғ қиламан,
Одамшоир бўлиб борганимдан сўнг.
2008 йил
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
2014 йилги видео
https://youtu.be/HMm7bbI-h_w
YouTubeдаги каналимиз Behzod_Fazliddin" rel="nofollow">https://www.youtube.com/@Behzod_Fazliddin
СУҲБАТ
Оқарсув бўйида, оқшом чоғида,
Қари тол бошида ой порлаган пайт.
Озурда туйғулар қўналгоҳида
Менга сув тилида сирларингни айт.
Илкис тун сайрига шамол чақирса,
Шовқинли шаҳарни айлансанг секин.
Чор тарафда тинмай севинч бақирса,
Сен соғинч тилида бир нарса дегин.
Не кечар дунёнинг ўнгу сўлида
Туйғулар кўзёшдай қалқиб турган пайт.
Ҳамма лаққилласа бозор тилида,
Сен кўнгил тилида бирор жумла айт.
Қандай тушунтирай ҳолимни сенга,
Эгик бошим узра ойдай ёғду соч…
Барини бир четга қўйгин-да, менга
Сукунат тилида юрагингни оч.
Эшқобил ШУКУР
Таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил Шукур ижодий канали: /channel/Eshqobil_Shukur_ijodi
АҲВОЛ
Куйиб битдим – нима ўзгарди?
Қачонгача ўзимни ейман?
Беҳудага юзим қизарди,
Ё бемаврид келдимми, дейман.
Аҳмоқ қилди, гар гапга кирсам,
Ожизлигим инжиқлик бўлди.
Маҳмадона чиқдим гапирсам,
Жим турганим писмиқлик бўлди.
Гул чеҳралар самимий сохта,
Тўхтаб қолган соатлар бебурд.
Қололмайман узоқ бу шохда,
Кетай десам, у томон ҳам мўрт.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Негадир бизда “судга берилди” дейилса, дарров ёмон хаёлга боришади. Ахир бу масалани ҳал қилишнинг энг маданий йўлларидан-ку!
#Йўл_йўлакай #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Уччига чиққан қароқчию ўғрибошилар қолиб, майда ўғриларгина жазога тортилса, адолат қани энди?!
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Ҳануз қалб шикаста, мажол йўқ жонда,
Ўзимни ўзингда топгим келади.
Сен менинг кўзимни ўяётганда,
Мен сенинг кўзингдан ўпгим келади.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Кутганинг сенга ҳам интизор бўлса,
Сен уни севгандек севолмаса ҳам –
Севса, туйғулари беғубор бўлса,
Аросат даштида чекмасанг алам.
Тизилмаса, майли, йўлингда ҳурлар,
Фақат бир нурчеҳра кутса нигорон.
Бағишламаса ҳам шаънингга шеърлар,
Энг тоза сўзларин айласа эҳсон...
Аммо бу ҳаётдир – синов бозори,
Ҳаммаси тескари, барчаси ғалат.
Сен суйган маҳлиқо бошқанинг зори,
Парво қилмаганинг сенга битар хат.
Бу аҳли дунёни тушунай қандай,
Мудом насияга алишгай нақдни.
Кўнгил кўнгил билан ўчакишгандай,
Бахтдан тўйганларга илинар Бахтни...
2012
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Раҳматига ихлос айлаб заҳмат чексанг,
Оғриқларинг ҳаловатга айлансалар.
Дил боғига алвон-алвон гуллар эксанг,
Хушбўйлари салавотга айлансалар.
Марвариддай лаҳзаларни йиққанингда,
Уфқлар сари манзур-манзур боққанингда,
Камтарликнинг чўққисига чиққанингда,
Таъзимларинг салобатга айлансалар.
Ёлғиз Унинг ёди бирла ўйга чўмсанг,
Ёлғонларни қайтиб чиқмас жойга кўмсанг,
Ором чоғи кўзни қўрқмай, қўрқмай юмсанг –
Уйқуларинг ибодатга айлансалар.
Томирингда оқар ҳаёт нашидаси,
Ҳар қадаминг – тирикликнинг қасидаси,
Бир ўзгариб ғамнок дунё харитаси,
Андуҳлари саодатга айлансалар.
Тафаккурдан қанот боғлаб кўкка учсанг,
Сўнг юракнинг суханида гавҳар сочсанг,
Жумла жаҳон бахтин сўраб кафтинг очсанг –
Дуоларинг ижобатга айлансалар...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Ҳар даврнинг ўз масхарабозлари бўлар экан-да...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin