Олислаб боради орзу елкани,
Аламлар қилади бир хас эканинг,
Яшайман деганим – ўлдим деганим...
Найлай?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
“Шеър сеҳри”. 2015 йил.
YouTubeда: https://youtu.be/9IgbdxpXRwY
#Кайфият #Шеърлавҳа
Ўн саккиз минг олам сукутда,
Нега сенда савол кўп? Нега?!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Энди қўлга олганда созим,
Оғзим куйди, синди овозим.
Аламига куйлашим лозим,
Такрор-такрор имкон сўрайман.
Ўз-ўзимга етарми кучим,
Ҳасрат ғамга бўлолмас ечим,
Гарчи мисли қиёмат ичим,
Хотиржам бир иймон сўрайман.
Кимнинг кайфи учун бу ўйин –
Мағлублари олдиндан тайин,
Ғолибларга ундан-да қийин,
Сотилмаган майдон сўрайман.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Бола боладай бўлсин!
Бола – бошдан деган гап бор. Буни “Бола бошданоқ бутун бўлсин” деган маънога бургим келади. Негаки...
Болаларни боладай яшашга қўймаётган, моддий манфаат илинжида ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдаклардан фойдаланаётган, истеъдодли болаларни даромад воситасига айлантириб олган нафс бандаларини қандай тушуниш мумкин?
Эътибор берган бўлсангиз, ҳали тузукроқ гапиришни уддалай олмайдиган кичкинтойлар севги ва андак шаҳвоний хаёллар аралаш қўшиқларни куйлаяпти. Кимларгадир тақлид этиб, ҳар хил беўхшов қилиқлар қиляпти. Уларни шу тариқа катта саҳналарга, шоуларга олиб чиқишяпти. Бу ҳол бутун дунёда мавжуд, катта бизнесга айланган...
Тўғри, бола истеъдодини юзага чиқариш керак. Аммо бу тарзда эмас-да. Ижоду саҳнада ҳам болаларга фақат ёшига мос, ўзигагина хос асарлар бўлса.
Истардикки, жажжи истеъдодлар, ёш иқтидорларни кашф этувчи танловларда ҳам шунга алоҳида эътибор қаратилса...
Ўзи-ку бу ҳақда батафсил ёзиш, бафуржа фикрлашиш ниятим бор анчадан бери. Боя бехос бир видеолавҳага кўзим тушиб, яна шу эски дардлар янгиландию дилдан тилга қалқиб чиқди..
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Сизга_гапим_бор #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
“Қани, шу тўғрилигинг билан қаергача бораркансан!..”
Жон-жаҳди билан ҳалол яшашга уринаётган одамнинг энг яқин кишиларидан эшитар гапи шу бўлгандан кейин...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Нафсоний истак устун бўлган жойда муҳаббат ҳалокатга яқинлашади. Й.Эккерманнинг “Гёте билан суҳбатлар” китобида қизиқ воқеа нақл этилган. Гётенинг котиби ёш бир шоиранинг шеърларини келтириб, унинг ғоят истеъдодли эканини айтади. Суҳбатда улуғ шоирнинг табиби ҳам бор эди. Шеърлар ўқиб чиқилгач, “Бу қиз эрга теккач, шеър ёзишни ташлайди”, дейишади. “Нега?” дейилганда, қизнинг ишқий шеърларида нафсоний – эҳтиросли истаклар кучли экани, у муродига етгач, шеърга эҳтиёж қолмаслиги айтилади. Демак, нафснинг муродга етиши севгигагина эмас, истеъдодга ҳам салбий таъсир қилиши англашилмоқда. Албатта, чин муҳаббат билан боғланган умрлар бундан мустаснодир...
Мирзо Кенжабекнинг “Жон ва жонон сирлари” мақоласидан.
Маълумот ўрнида: Й.П.Эккерманнинг "Гёте билан гурунглар" китоби Янглиш Эгамова таржимасида ўзбек тилида чоп этилган.
#Ижод_ва_эътиқод
@Behzod_Fazliddin
***
Сўзингни манзилга етказганим йўқ,
Қачон кўнгилларни Нурга ўрайман?
Тунларимни ёруғ ўтказганим йўқ,
Тонгларнинг юзига қандай қарайман?
Покланиб олгани Нур керак менга,
Шайтоннинг қўлида чирманда қилма.
Худойим, энг гўзал Шеър керак менга,
Тонгларнинг олдида шарманда қилма!
2003
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Сен_қачон_гуллайсан
Мансабга интилмоқ айб эмас, магар ният хайрли бўлса.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ҳурмат – холисона тан олмоқдир.
***
Нимадир сабаб билан ўз даврининг модасига кириб қолган одамлар бўлади.
Улар кўп вақт ўтмай эскириб, урфдан қоладилар, ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетадилар ва унутиладилар.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Ўлгудай артистпараст халқмиз-да. На бу дунё, на у дунёмиз учун фойдасиз нағмаларга маҳлиё бўлиб, артистга топинар даражада талпинамиз.
Худо ўнглагур бу феълимиз ўзимизга жуда қимматга тушмасайди. Шундай бўляпти ҳам.
Бу фожиамизни ҳали-бери англаб етмасак керак...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
Йўлимдан айирди йўлсизлик йўли,
Сен ахир – энг порлоқ йўлга йўлловчи.
Мен – тонгнинг қуёшга талпинган қўли,
Хуржуни ўзидан катта йўловчи.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
“Ёнингдагиларга чивин чаққанчалик таъсиринг йўқ-ку, шу туришда бутун миллатни уйғотмоқчимисан?..” деган экан қизиқ устида ўзига ўзи бир ғариби бечора.
***
Нималарнидир англашга тиришаётган биз кичкина одамлар муҳит таъсирига тушиб шунча қийналаётган бўлсак, энди башарият буюкларининг изтироблари нақадар улуғ эканини тасаввур қилаверинг.
***
Доим “Бизнинг гапимиз билан нима ўзгаради?” деб ҳаммасига қўл силтаган бўламиз. Жамиятдаги иллатларни таг-туги билан йўқ қилиш қўлимиздан келмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, уларни ёмон кўришимиз, тоқат қилолмаслигимиз, маънавий хасталикка рози бўлмаслигимизни билдириб турайлик.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Қалби қашшоқлар қўшиқчиси...
Шу ибора хаёлдан ўтди беихтиёр.
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Дунё мутлақ моддийлашиб кетган бугун.
Пули йўқ одам – ҳеч ким! Биров назар-писанд қилмайди. Инсоннинг кимлиги фақат моддий бойлик билан ўлчанади гўё.
Ҳаммани қизиқтирган – шу битта нарса: “Пулинг қанча?”
Меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат, самимият кўпроқ кино ё китобларда қолгандек...
Даҳшатли замонларда яшаяпмиз...
Шундай синовли пайтда жамиятни эзгу идеаллар сари чорлайдиган шахсларга ҳар қачонгидан-да кўпроқ эҳтиёж сезилади. Лекин бугунги одамларни шундай ёруғ идеаллар нечоғли қизиқтирар экан – буниси ҳам бор...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар #Бу_ҳам_муҳим
@Behzod_Fazliddin
Танлаш ҳуқуқи ҳам танлаб берилади-ку бизда...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
Отангиз ҳаётми? Онангиз соғ-омонми?
Тасдиқ жавобингиз бўлса, бахтли экансиз.
Она кўнгли тилсимлар тилсими экан-да. Бунинг сирини оналарнинг ўзлари ҳам билмаса керак. Барча оналар қатори Аямнинг суврату сийратида ана ўша сирли моҳият яширин.
“Ўртоқларимнинг оналари ҳам келди. Улар орасида энг чиройлиси Сиз экансиз”. Бир пайтлар укамнинг болалик хаёллари билан айтган ушбу сўзларига Аям шунчаки кулиб қўя қолган, “Ҳамманинг онаси ўзига яхши-да” дегандай бўлганди. Мен эса аллақачон Аямни бошқалар билан солиштирмай қўйганман...
Болаликка туташ ўсмирликнинг беғубор пайтлари, бирор хислатим ёқиб тушса, баъзи дуогўй кексалар суйиб “Онанг сени қайси юлдуз остида туққан?!” дея эркаларди. У пайтлари бу сўзларнинг тагмаъносини тушуниш қаёқда, мени мақтаяпти, деб юраверганмиз. Бир куни Аямга шу гапни айтганимда қувончдан чақнаган кўзларида юлдуз-юлдуз ёш милтиллаганини ҳали-ҳали эслайман. Аслида, бу менга эмас, онамга айтилган таҳсин эди.
Нокамтарликка йўйманг, ундан кейин ҳам ўзимча Аямга қанча-қанча оналарнинг олқишу мақтовларини олиб бордим. Ўшанда бу мен учун оддий, ҳа, жуда оддий ҳол эди. Баъзан “Оналар жуда таъсирчан бўлади-да” қабилидаги ўй-хаёллар ўтарди мурғак дилимдан. Бугун англаяпманки, Она кўнглини ҳали-бери тушунмас эканмиз.
Дилбандининг ҳар бир қадамини юрак ҳовучлаб кузатаётган муштипар Она қиёфасини қайси санъаткор мукаммал ярата олар экан-а! Бир қарашда бу ҳолни ҳар ким ўз волидаси мисолида сувратлантира олиши мумкиндек. Аммо қани ўша олий саодатга эришган фарзанди аржуманд?..
Онамга, оналарга бағишланган шеърларим кўп. Ҳатто бир тўпламим “Онамнинг кўнглига кетамиз” деб номланган. Бироқ улар Аямнинг бир тола сочига тенг келадими-йўқми, билмайман. Шуни назарда тутибми, ёзгандим: “Умрим арзимайди дардларингизга...”
Баъзи шовқинчилар ҳатто она меҳрини бозорга солмоқчи бўлаётганини, “Онажо-о-оним!” дея йиғламсираб хиргойи қилиб, монолог-“ҳасратнома”лар қистираётганини кузатиб, бизнинг она ҳақидаги шеърий битикларимиз ҳам кимларгадир эриш туюлмасмикан, деб ўйлаб қоламан.
“Худо берган ўғлим!” дея алқаб қўярди отам. Дадам ҳақида ўйласам, доим шу ҳолат кўз ўнгимда гавдаланади. Кўпинча бағрига олиб, эркалаб айтиладиган бу сўзлар елкамга катта масъулият, бурч юклаганини, мана, бугун яхшироқ ҳис қиляпман.
Аслида, ҳаётда илк устозим отам экан. Дадамни таниган-билганлар мени кўпроқ у кишига ўхшатади. Баъзилар “Онангизга ўхшар экансиз”, дейди. Қошу кўзда ўхшашлик бўлса бордир, аммо мен ҳали уларга ўхшай олмадим – отамдай босиқ, мулоҳазакор, Аям айтмоқчи, бир сирда турадиган..., онамдай сабр-бардошли, хокисор ва меҳрибон... бўлолмадим. Яшириб нима қиламан, баъзан буни хоҳламадим ҳам.
Қанча оталарни кўрдим – номи “ота” эди, холос, шундай оналарни учратдим – бола туққани учунгина “она”. Яна шунақа арзандаларга ҳам рўбарў келдимки...
Ҳа, қандай тотли бўлса, шунча масъулиятли экан оталик, қанча гўзал, ёқимли бўлса, шунча “даҳшатли” экан оналик!
Ғўрлик-да, билиб-билмай азизларимга кўп озор бериб қўйдим ва шу туфайли озорлар чекдим...
Ота-онам мен ҳақимда тилидан бол томиб гапиргани рост. Аммо... уларга муносиб фарзанд бўла оляпманми?.. Шундай оғир ўй-саволлар эзади дилни...
Баъзан ўйлаб қоламан: “Яхшиям, ота-онам сўз аҳлидан эмас, хайриятки, улар бир сўз дардида жон олиб-жон бериш азобидан узоқроқда... Бўлмаса, бадбинроқ кайфиятдаги шеърларимни ўқиб, “Нималар деяпсан ўзи?”, “Шунақа шоирлик керакми сенга?” дея мени сўзжодудан қутқармоқчи бўлишарди”.
Аниқ биламан, уларга шеърларимдан ҳам кўра бахтли бўлишим муҳимроқ. Шоир бўлмасам ҳам майли – яхши одам бўлсам, бахтим бутунлиги кифоя. Шу боис шоирликни ҳам саодатга айлантириш, яқинларим юзларини ёруғ қилиш йўлида ҳалакман...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Мана бу саҳифада ота-она ҳақида шеърлар берилган: https://www.facebook.com/100003319579634/posts/414959345291381/
/channel/Behzod_Fazliddin
ЮҚОРИ
Мана, ўша чўққига чиқдим,
Шилинса ҳам қўлу оёғим.
Наҳот шунга шунча ошиқдим,
Қандай кечар экан бу ёғи?
Ҳамма гаплар ортимда қолди,
(Олдиндадир савол-жавоби.)
Ерга тушар йўллар йўқолди,
Тинч қўймайди қайтиш азоби.
Шу тепага боримни тикдим,
Юрагимга кўп етди шикаст.
Булутларга қараб зерикдим,
Боз устига, ҳарорат ҳам паст.
Шу ерда ҳам ташвишдадир жон,
Ғам бунда ҳам яшар экан-ку.
Ўша-ўша экан-ку осмон,
Дунё ўша-ўша экан-ку!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Бир зумга келмаса-келмас қошимга,
Фақат... тушларимдан кетиб қолмасин...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Тушга ўхшар бутун ҳаётим,
Кўзим очсам – унутилгудай...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
***
Кўзни юмиб севдим, севиб кўз очдим,
Кўҳна изтиробдан янги сўз очдим.
Бир Қуёш айланар қорачиғимда,
Оташин уфқларга қайта юз очдим.
Покиза гўдакдек жилмаяр дунё,
Севгимнинг кафтида улғаяр дунё.
Азондай беозор уйғотиб тонгни,
Муқаддас булоқда юз чаяр дунё.
Шамол қулоғимга шивирлайди шеър,
Юракка ҳамоҳанг энтикмоқда ер.
Мудраган оламга ҳайратлар сочиб,
Ошкор бўлаётир ўн саккиз ёш сир.
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Кутмаган_кунларим_кутган_кунларим
Яшаш учун кураш
Кўпчилик назаридаги “яшаш учун кураш”да ҳаддан ортиқ зўриқиш, ўзингни ва бошқаларни қийнаш, зулм, тажовузкорлик, ёлғон, ҳалол ва ҳаромни фарқламаслик, ўзгалар ҳақига хиёнатлар бордек.
Бунақа “яшаш” одамни ҳаётдан ҳам баттар шафқатсиз қилиб қўяди, боз устига, жуда тез ҳолдан тойдиради. Шунданми, имкон қадар “яшаш учун курашмай” яшаяпман...
#Йўл_йўлакай #Таҳрирсиз_хаёллар
@Behzod_Fazliddin
***
(Болалик хаёллари)
Кир ювишдан бўшамас онам,
Шу ташвишда ўтарми куни,
Тоғорага айтар дардини –
Тушунмайди ғамсуймас олам.
Битиб кетган зираксиз қулоқ,
(Топилмади йўқолган сирға...)
Тоза кирлар илинар симга,
Қуёшбобо қуритар узоқ.
[Эрмакталаб арзанда кўнглим
Жигар тусаб қолар шу тобда;
Куйиб кетди онам офтобда –
Қоврилади – ўчоқбоши дим.]
Ногоҳ эсиб шаббода – енгил,
Бир ғалаён бошланар қўрда.
Отам қурган қўлбола дорда
Ҳилпирайди тозарган кўнгил...
2015
***
Отамнинг гапини бўлдим бехосдан,
Онамнинг кўзига қараб қўйдим тик...
Шунданми, сўзларим қолмиш ихлосдан,
Шунданми, бахтимнинг бошлари эгик.
Бидирлаб акамга гап бермай ўсдим,
(Мендан олдин бунёд жигар эди у.)
Нордай иниларим йўлини тўсдим,
Синглимнинг кўнглини ололмадим, ув!
Тағин шу ҳолимда ўзимга мастман,
Афсус, афсуслардан фойда йўқ. Афсус...
Ҳануз шоир бўлиб шоир эмасман,
Одам бўлиб одам эмасман ҳануз.
Энди кимга не наф доду арзлардан,
Қаҳратонда қолган қушдай қақшайман.
Узилиб кетмасми бўйним қарзлардан,
Шунча гуноҳ билан қандай яшайман?!
2014
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Борлигингни билдирма менга,
Ўзи азоб сени эслашнинг...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Эски_дафтардан
***
Гул каби сочилди мен гул тутганлар,
Менга кўз тикканлар ўйларимда йўқ.
Мен юзга гардини тавоф этганлар
Кўнглимнинг кўксига санчиб кетди ўқ.
Гул каби сочилди мен гул тутганлар.
Изимга зорларни зор этдим баттар –
Кўксимдан музларни аритмадилар.
Ҳеч қўрқмай умримни ҳадя этганлар
Бир бор тушларига арзитмадилар.
Изимга зорларни зор этдим баттар.
Ким эдим?.. Нимага айландим бугун?
Саробга интилган дунёпарастман.
Қўл етмас юлдузман бировлар учун,
Севгимнинг қошида хасча эмасман.
Ким эдим?.. Нимага айландим бугун?
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Тушларингдан_чиқиб_келдим
***
Озодлик кўнгилдан бошланар, дерлар,
Вале бехос дилга оралайди шак.
Эй, махлуққа сажда қилгувчи кўрлар,
Қулликдан-да оғир шахсга сиғинмак.
Исталган томонга буриш мумкиндир,
Тафаккурсиз бўлса, бош ҳам бир бало.
Иста, ўйинчоқ қил, хоҳласанг, синдир,
Кесак каллалардан ўт чиқмас асло!
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
#Иқтибос
Фаросатли ёзувчи келажакда ўзини абадият ёки забунлик кутаётганини олдиндан билиши керак.
Эрнест Ҳемингуэй
@Behzod_Fazliddin
ЎЗИГА
Чақирсанг, ҳеч қаерга чекинмасдан келдим-ку,
Тоғларнинг орқасига бекинмасдан келдим-ку.
Қарғаларнинг қавмига инсоф тилаб яшадим,
Ўзингдан бошқасига юкунмасдан келдим-ку.
Энди ҳолимни сўра.
Қачонгача армонлар кулбасига қўноқман,
Мен – дунёнинг ортидан чопаётган чўлоқман.
Йиллар аро сўзларим манзилига етмайди,
Юрагимни тилимга кўчиргани нўноқман.
Энди кўнглимга қара.
Совиб қолсам, жонимни қайси ўтларга тутай,
Нурларингнинг бағрида доғларимни йўқотай.
Мудроқ босган кўзларим, ўзим бедор бўлмасам,
Кўксимдаги қушчани қандай қилиб уйғотай?!
Энди ҳолимни сўра.
Мен бу ерга Сен учун эгилгани келганман,
Лолаларнинг кўзига тикилгани келганман.
Ишонч берсанг, ҳукмингни бажармасдан кетмайман,
Ҳаммаёқни гуллатиб, тўкилгани келганман.
Энди кўнглимга қара.
Энди ўзимга қара...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin
Қанийди, қанийди, имкони бўлса,
Кўнглимни тутқазиб қўя қолардим...
© Беҳзод Фазлиддин @Behzod_Fazliddin