2776. Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги чиққан ойни кўрсалар, «Аллоҳумма, аҳиллаҳу ъалайнаа билйумни вал иймани вас-салаамати вал ислаам. Роббий ва Роббукаллоҳ» (Аллоҳим, бизга бу ойни баракотли қилгин, иймон ойи, саломатлик ойи, Ислом ойи қилгин. (Эй ҳилол!) Менинг Роббим ҳам, сенинг Роббинг ҳам Аллоҳдир) дер эдилар.
Доримий ва Термизий ривояти
@arabicuz_matn
2774. «Эй чумолилар! Масканларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкари билмай, сизларни босиб-янчиб кетмасин» (Намл сураси, 18 оят).
Эътибор беринг, ҳатто чумоли ҳам «билмай» деб, яхши гумон қилмоқда. Баъзи одамлар бундай яхши гумондан ожиздир.
@arabicuz_matn
2772. Ибн Сирин шундай деган эканлар: «Биродарингнинг ўзинг билган бир ёмон жиҳатини гапириб, яхшилигини айтмаслигинг унга нисбатан зулмдир».
@arabicuz_matn
2770. Ғазаби кўпдан ҳамма безор, зулми кўп ҳаммадан маҳрум. Қалб ўзини тийишдан наф топса, тил ўз ҳикматларидан наф топади.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz_matn
2768. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо қадрлари улуғ зот бўлишларига, кенг қамровли илмга эга бўлишларига қарамай, Зайд ибн Собитнинг уйига илм олгани келиб, «Илм олгани келинади, илм бергани борилмайди», дер эдилар.
@arabicuz_matn
2766. Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таолодан сўрайдиган ёки бирор кишидан илтимос қиладиган иши бор одам яхшилаб таҳорат олиб, икки ракъат намоз ўқисин ва Аллоҳга сано, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиб, ушбу дуони ўқисин: «Лаа илааҳа иллаллоҳул ҳалиймул карийм. Субҳааналлоҳи Роббил ъаршил ъазийм. Алҳамду лиллааҳи Роббил ъааламийн. Ас`алука мужийбати роҳматик, ва ъазоима мағфиротик, вал ғониймата мин кулли бирр, вас-салаамата мин кулли исм, лаа тадаъ лий занбан илла ғофартаҳ, ва лаа ҳамман илла фаррожтаҳ, ва лаа ҳаажатан ҳия лака ризон илла қозойтаҳ, йаа арҳамар роҳимийн!» (Ҳалиму Карим сифатли Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Улуғ аршнинг Робби Аллоҳни поклаб ёд этаман. Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Раҳматингга лойиқ қиладиган, мағфиратингни вожиб қиладиган нарсани, барча яхшиликлардан насибадор бўлишни, барча гуноҳлардан омон бўлишни сўрайман. Бирорта гуноҳимни қолдирмай мағфират қилишингни, бирорта ташвишимни қолдирмай аритишингни, Ўзинг рози бўладиган бирор ҳожатимни қолдирмай раво қилишингни сўрайман, эй раҳм қилгувчиларни раҳмлиси!)
Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти
@arabicuz_matn
2764. «Сизларнинг ҳузурингиздаги нарса тугайди, Аллоҳнинг ҳузуридаги нарса эса боқийдир» (Наҳл сураси, 96 оят)
Ҳамма нарсанг ўлим пайтида қўлингдан бой берасан. Қабрда эса фақат солиҳ амалинг манфаат беради, холос.
@arabicuz_matn
2762. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари ақл ва ҳикматга уйғун бўлгани учун бутун дунёга ҳукмронлик қилади.
Лев Толстой
@arabicuz_matn
2760. Иллатли қалб ботил нарсаларга мойил бўлади. Гуноҳларни тарк этиш даражани оширади. Тақво тўни эскирмайди. Юқори қўл пастки қўлдан яхшироқ. Сабр – ҳийласи қолмаган одамнинг ҳийласидир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz_matn
2758. Ишонч капсуласи:
«Бўшашманглар! Хафа бўлманглар! Агар мўмин бўлсаларингиз, сизлар устунсизлар» (Оли имрон сураси, 139-оят)
Сабот капсуласи:
«Агар сизга жароҳат етган бўлса, у қавмга ҳам худи шунга ўхшаш жароҳат етган» (Оли Имрон сураси, 140-оят)
Сабр капсуласи:
«Бундай кунларни одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон сураси, 140-оят)
Саодат капсуласи:
«Бизнинг мавлоимиз Аллоҳдир, уларнинг эса мавлолари йўқ».
Фаҳм-фаросат капсуласи:
«Кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Одамларга манфаат берадиган нарса эса ер юзида қолди» (Раъд сураси, 17-оят).
Шижоат капсуласи:
«Билиб қўй! Агар бутун уммат сенга бирор ёрдам бериш учун тўпланса, Аллоҳ сенга ёзиб қўйганидан бошқа нарсада ёрдам бера олмайди. Агар улар сенга бирор нарсада зарар бериш учун тўпланишса, Аллоҳ сенга ёзиб қўйганидан бошқа нарсада зарар етказа олишмайди. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган» (Сунани Термизий).
Хулоса капсуласи:
«Аллоҳ «Мен ва Менинг расулларим ғалаба қиламиз», деб ҳукм қилган» (Мужодала сураси, 21-оят).
«Улар ҳам макр қилишди, Аллоҳ ҳам «макр» қилди. Аллоҳ «макр» қилгувчиларнинг устасидир» (Анфол сураси, 30-оят).
(Уламоларимиз Аллоҳга нисбатан одатдаги «макр» сифатини беришдан қайтарганлар. Шунинг учун ҳам Қуръон ёки ҳадисда Аллоҳ таолога нисбатан «макр» лафзи ишлатилса, уни бандаларга нисбатан айтиладиган маънода тушунмаслик керак)
Тасалли капсуласи:
«Оқибат тақводорларникидир» (Қосос сураси, 83-оят)
Насиҳат капсуласи:
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар билан бирга бўлинглар» (Тавба сураси, 119-оят).
Асос капсуласи:
«Бир қавмни ёмон кўришингиз сизни уларга нисбатан адолат қилмасликка олиб бормасин. Адолат қилинглар. Бу тақвога оид ишдир» (Моида сураси, 8-оят).
@arabicuz_matn
2756. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу момақалдироқ гумбурлаганини эшитсалар, гапдан тўхтаб, «Субҳааналлазий йусаббиҳур-роъду биҳамдиҳи вал малаикату мин хийфатиҳ» (Момақалдироқ ҳамд ила, фаришталар ҳам қўрқув ила тасбиҳ айтадиган Зотни поклаб ёд этаман) дер эдилар.
Имом Молик «Муваттоъ» китобида ривоят қилганлар.
@arabicuz_matn
2754. Ҳақ талабидаги кишига битта далил кифоя. Ҳавои нафсига эргашган кишига мингта далил ҳам кифоя қилмайди. Жоҳилга бирон нарсани ўргатиш мумкин, аммо ҳавои нафсига эргашган кимсани тўғри йўлга солишнинг иложи йўқ!
@arabicuz_matn
2752. Роббим! Сенинг Улуғлигингга, Азаматингга лойиқ дуолар қандай бўлишини билмаймиз. Аллоҳим! Қалбимизда нима борлигини Ўзинг биласан, ўша айтишга ожиз бўлган нарсаларимизни биздан қабул этиб, ижобат қилгин, Аллоҳим! Омийн!
@arabicuz_matn
2750. Ҳаққинг йўқ жойда тамаъ қилмаслигинг, қулинг бўлмаган кишига катта кетмаслигинг, заифга зарар етказиш ҳисобига кучлига ёрдам бермаслигинг, насл-насабли одамни эҳтиром қилинишдан тўсмаслигинг ҳақиқий мардликдир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz_matn
2748. Вафот қилганингда «Жасад қани?», «Мурда қаерда?» дейишади. Исмингни айтишмайди…
Жаноза намозингни ўқимоқчи бўлишганда «Тобутни ҳозирланглар», дейишади. Исмингни айтишмайди…
Дафн қилишаётганда «Маййитни олиб келинглар», дейишади. Исмингни айтишмайди…
Шундай экан, қавминг, мансабинг, наслу насабинг сени алдаб қўймасин.
Бу дунё нақадар ҳақирдир, биз йўл олаётган охират эса нақадар улкандир!
Гуноҳларимизни кечириб, мусулмон ҳолимизда вафот қилдиргин, Аллоҳим!
@arabicuz_matn
2775. Дангасалик сабаб бугунги ишни эртага кечиктирмайман.
Чунки эрта ожизларнинг кунидир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz_matn
2773. Закариё алайҳиссалом: «Суякларим мўртлашди, кексайиб, сочим оқарди, хотиним туғмас бўлиб қолган», деган эдилар. Аммо ноумид бўлишга учта аниқ сабаб бор бўлса ҳам, имкон эшиклари ёпиқ бўлишига қарамай, умидворлик билан: «Роббим! Сенга дуо қилиб, (ҳеч қачон) ноумид бўлган эмасман», деганлар.
Аллоҳ таолога нақадар буюк ишонч!
@arabicuz_matn
2771. Аллоҳ таоло шундай дейди:
«(Эй Муҳаммад!) уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини тозалаб, поклайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг» (Тавба сураси, 103-оят).
Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бирор қавм садақа олиб келадиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳумма, солли алайҳим» (Аллоҳим, уларни ёрлақагин) дер эдилар.
Абу Авфо садақа олиб келганда ҳам: «Аллоҳумма, солли ъалаа аали Аби Авфа» (Аллоҳим, Абу Авфониг оиласини ёрлақагин), деб айтганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти
Имом Шофеъий шундай деганлар: «Закотни олган одам хоҳласа, закот берган одамнинг ҳаққига «Ажарокаллоҳу фии маа аътойта ва жаъалаҳу лака тоҳуурон ва баарока лака фии мав абқойта» (Берганингга Аллоҳ ажр ато қилсин, покловчи қилсин, қолганига барака берсин) десин».
Закот, садақа, назр, каффорат ёки шунга ўхшаш нарсаларни берган одамнинг «Роббанаа! Тақоббал миннаа, иннака антас-самийъул ъалийм» (Роббимиз, биздан қабул қил, Сен эшитгувчи, билгувчи Зотсан) дейиши мустаҳабдир.
@arabicuz_matn
2769. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Энг ёмон одам иккиюзламачилик қиладиган, кимгадир бир юзи билан, бошқаларга бошқа юзи билан қарайдиган кимсадир», деганлар.
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳуга: «Баъзи одамлар биз нифоқдан қўрқмаймиз, дейишяпти я», дейишди. У зот: «Мунофиқликдан йироқ эканимни билганим мен учун дунё тўла олтиндан яхши», дедилар.
@arabicuz_matn
2767. «Биродарим Ҳоруннинг тили мендан кўра бурророқ» (Қасос сураси, 34 оят)
Бошқаларнинг фазилатини эътироф қилиш пайғамбарларнинг хулқларидандир.
Бошқаларнинг фазилатини инкор қилиш шайтон хусусиятларидандир.
«Шайтон: «Мен ундан яхшиман, мени ўтдан яратдинг ва уни лойдан яратдинг», деди» (Аъроф сураси, 12 оят)
@arabicuz_matn
2765. Донишманд деди: «Салга жаҳл қилавериш гўдакларнинг иши, қўлдан кетган нарса учун дод-вой қилиш хотинларнинг иши».
@arabicuz_matn
2763. Каҳф сурасидаги йигитлар, Буруж сурасида зикри келган Ухдуд соҳиблари қиссасидаги роҳиб, Мадинага ҳижрат қилаётганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам – барчалари ғорга талпинишди. Демак, одамларнинг қалби қотган пайтда ушбу дин учун ҳатто тоғларнинг ҳам қалби юмшар экан!
@arabicuz_matn
2761. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши жума куни масжидга кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб хутба айтаётган эдилар. Ҳалиги киши: «Эй Расулуллоҳ! Моллар ҳалок бўлиб, кўчалар ҳувиллаб қолди. Аллоҳдан сўраб беринг, бизга ёмғир юборсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларини кўтариб, шундай дедилар: «Аллоҳумма, ағиснаа! Аллоҳумма, ағиснаа! Аллоҳумма, ағиснаа!» (Ёмғир бер, Аллоҳим) дедилар. Осмонда на тўп, на тарқоқ булут бор эди. Салъ тоғи шундоққина кўриниб турарди, уни биздан на бир уй, на бир ҳовли тўсиб турар эди. Бир пайт ана шу тоғнинг орқасидан қалқондек булут чиқиб, осмоннинг ўртасига келиб ёйилди, сўнг ёмғир ёғди. Аллоҳга қасамки, (кўп ёққанидан) қуёш бир қанча пайт кўринмай қолди. Ҳалиги киши келаси жумада яна ўша эшикдан кириб келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўшанда ҳам тик туриб хутба айтаётган эдилар. У: «Эй Расулуллоҳ! Моллар ҳалок бўлиб, кўчалар ҳувиллаб қолди. Аллоҳга дуо қилинг, ёмғирни тўхтатсин», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қўлларини кўтариб, «Аллоҳумма! Ҳаваалайна, ва лаа ъалайнаа! Аллоҳумма, ъалал аками ваз-зироб, ва бутунил авдийа, ва манабитиш-шажар» (Аллоҳим, устимизга эмас, атрофимизга! Аллоҳим, уни тепаликларга, тоғларга, водийларга, дарахтзорларга!) дедилар. Шундан сўнг ёмғир тўхтади. Биз кўчага чиқдик ва қуёш нури остида юриб кетдик».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуолар ижобатини аскарлар душманга йўлиққанда, намозга турилганда ва ёмғир ёғаётганда сўранглар», деганлар.
Имом Шофеъий «Ал-умм» китобларида ривоят қилганлар.
Зайд ибн Холид Жуҳаний розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Ҳудайбияда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга кечаси ёққан ёмғирдан намиққан ерда бомдод намозини ўқиб бердилар. Намоз тугагач, одамларга юзланиб, «Роббингиз нима деганини биласизларми?» дедилар. Саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули билади», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло шундай деди: «Бандаларим Менга мўмин ёки кофир бўлган ҳолда тонг оттирадилар. Ким «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати сабабли ёмғир ёғди» деса, ана шу киши Менга иймон келтирган, сайёрага куфр келтирган бўлади. Ким «Сайёрадаги ундай, бундай ўзгаришлар сабабли ёмғир ёғди» деса, ана шу киши Менга куфр келтирган, сайёрага иймон келтирган бўлади».
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти
@arabicuz_matn
2759. Ҳақ билан ботил орасидаги кураш хавфли эмас. Аммо ҳақ билан ботил орасидаги фарқни ҳис қилиш туйғуси барҳам топиши хатарлидир.
@arabicuz_matn
2757. Ким бирор нарсага фурсатидан аввал шошилса, ўша нарсадан маҳрум бўлиш ила жазоланади!
@arabicuz_matn
2755. Давлатларнинг заволи турли пасткашликлар авж олиши билан юзага келади. Ғафлати узоқ кишининг давлати қўлдан кетади. Тадбир билан қўлга кирган оз нарса исроф билан эгалланган кўп нарсадан яхшироқдир.
«Унваанул байаан» китобидан.
@arabicuz_matn
2753. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар:
Банданинг ибодати заиф бўлса ҳам, яхши хулқи билан охиратдаги (баланд) даражаларга етишади. Банданинг ибодати кучли бўлса ҳам, ёмон хулқи билан жаҳаннамнинг энг тубига тушади.
@arabicuz_matn
2751. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам момақалдироқ ёки гумбурлаган чақмоқ овозини эшитсалар, «Аллоҳумма, лаа тақтулнаа биғодобик, ва лаа туҳликнаа биъазаабик, ва ъаафинаа қобла заалик» (Аллоҳим, ғазабинг билан бизни ўлдирма, азобинг билан ҳалок қилма ва бизга бундан (яъни жонимизни олишингдан) олдин офият бер) дер эдилар.
Имом Термизий ривоят қилганлар.
@arabicuz_matn
2749. Кушойиш калитлари (мушкулотларнинг ечимлари):
1. Фотиҳа сурасини ўқиш.
2. «Аллоҳу, Аллоҳу Роббий, лаа ушрику биҳи шай`ан» калималарини ўқиш (Аллоҳ! Роббим Аллоҳ! Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайман).
3. «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳаанака, инний кунту миназ-золимийн» калималарини ўқиш («Ўзингдан ўзга илоҳ йўқ, Сени поклаб ёд этаман! Мен (ўз-ўзимга) зулм қилганлардан бўлиб қолдим»).
4. «Ҳасбуналлоҳу, ва ниъмал вакийл» калималарини ўқиш (Аллоҳга таваккул қилдик, У Зот нақадар улуғ Вакилдир).
5. «Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳ» калималарини ўқиш (Ҳол ва қувват фақат Аллоҳ биландир).
6. Кўп истиғфор айтиш.
7. «Лаа илааҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббул ъаршил ъазийм. Лаа илааҳа иллаллоҳу Роббус-самааваати ва Роббул-арди ва Роббул-ъаршил карийм» калималарини ўқиш (Азим ва Ҳалийм Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Буюк Аршнинг Робби Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Осмонларнинг Робби ва Ернинг Робби, Карамли Аршнинг Робби Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ).
8. «Аллоҳумма, инний аъуузу бика минал ҳамми вал ҳазан, вал ъажзи вал касал, вал бухли вал жубн, ва золааъид-дайни, ғолабатир-рижаал» калималарини ўқиш (Аллоҳим, ғам-ташвишдан, ожизлик ва дангасаликдан, бахиллик ва қўрқоқликдан, қарзга ботиб қолишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан Ўзингдан паноҳ сўрайман).
9. «Йа Ҳаййу! Йа қоййуму! Лаа илааҳа илла анта» калималарини ўқиш (Эй Ҳайй ва Қайюм сифатли Роббим, Ўзингдан ўзга илоҳ йўқдир).
10. «Аллоҳумма, роҳматака аржу, фа лаа такилний илаа нафсий торфата ъайнин» калималарини ўқиш (Аллоҳим, раҳматингдан умидворман, мени кўз очиб юмгунча ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин).
@arabicuz_matn
2747. «Мен Юсуфман, бу эса менинг иним!» (Юсуф сураси, 90-оят)
Юсуф алайҳиссалом: «Мен Мисрнинг каттасиман», демадилар. У зот ҳеч қандай сифат қўшмасдан, исмларини зикр қилдилар, холос.
Олийҳиммат зотлар буюклигича қолаверади, уларни мансабу мартабалар алдаб қўймайди!
Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам пайғамбарларнинг ахлоқи билан зийнатласин!
@arabicuz_matn