Адабий-танқидий канал. Баъзи постлар аччиқ туюлса, демак-мавзу ҳаётий. 19 декабрь 2018 йил
***
Ҳазрати Али (р.а) шундай деган:
Чиройли инсонларнинг ҳаммаси ҳам яхши бўлмаслиги мумкин. Лекин яхши одамларнинг ҳаммаси чиройлидир.
@achchiqtosh
***
Қўллар кучсиз эканини билишмайди. Оёқлар заиф эканини тушунишмайди. Буни фақат инсоннинг миясигина билади ва тушунади.
Шундай экан, инсон ўзини кучли деб билса - кучли, кучсиз деб билса - кучсиздир.
Конфуций
@achchiqtosh
***
ҚИЗИҚ
Кимга пешво, пиру эшонинг қизиқ,
Кимга мавқе, олган нишонинг қизиқ.
Эй одамлар, менга ҳар бир одамнинг
Асли одамлиги, ишонинг, қизиқ...
БОБУР БОБОМУРОД
12.9.2024.
@achchiqtosh
***
#Иқтибос:
Дарахтдан: «Менга Тангри ҳақида сўйлаб бер», деб сўрадим ва у гуллаб берди.
Рабиндранат Тагор
@achchiqtosh
***
"Сўзни тушунганга айтилиб, кўнгилни эса қадрини билганга берилади... "
@achchiqtosh
Соғинганман шу кунлар...
Билсанг, кўзларимга дунё тор қафас.
Билсанг, хаёлимда ўзинг ҳар нафас.
Гўё янграгандай ўша таниш сас -
Уйқусиз тўлғониб чиқаман тунлар,
Сени соғинганман шу кунлар.
Кўзим ўнгидадир кўзларинг доим,
Кўзим ўнгидадир чеҳранг мулойим.
Сендан айри бўлмас бир дам хаёлим -
Ўйларимга сендан сўрай якунлар,
Сени соғинганман шу кунлар.
Мендай маҳзунангни йўқлагин бир бор,
Сенсиз суянчиғим, тириклик бекор.
Соғинч ҳисларига бўлмасанг иқрор,
Умрбод уйқусиз ўтгай бу тунлар,
Сени соғинганман шу кунлар...
Мавлуда Мирсаидова
😢 😢 😢
@achchiqtosh
***
МЕҲМОН
Кўрдим, гўзал экан дунё чорбоғи,
Ғоят кўркам экан дарёси, тоғи.
Меҳмонман, кузатгил катта йўлгача,
Майли, бир гап бўлар ундан нарёғи.
Абдулла ОРИПОВ.
2006 йил.
@achchiqtosh
***
Кенгсан-ўн саккиз минг олам,
Торсан-игна кўзидан ҳам,
Кўнглим-а, кўнглим...
(қўшиқдан)
@achchiqtosh
***
ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР
Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоқ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.
Кўксимга ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим.
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.
Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй.
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.
Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.
Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам…
Беҳзод Фазлиддин
@achchiqtosh
***
Инсоннинг юзи унинг виждонининг ҳолатини ва бутун ҳаётини акс эттиради: бу кўплаб сирли таъсирларнинг натижасидир, уларнинг ҳар бири ўз изини қолдиради.
- Виктор Гюго
@achchiqtosh
***
Ҳаётингиздан қадрлиларга;
хотирангиздан ёқимлиларга;
қалбингиздан севимлиларга жой беринг.
Қолганлари кўз ўнгингизда қолаверсин!
Шуҳрат ОРИФ
@achchiqtosh
***
"...Есениннинг ўлими – ёзган эди Вл. Маяковский, – ранжитди, одатдагидек, одамларга хос... бироқ тонг билан ўлимни таъкидлаган мисралар босилган газета келтиришди:
Бу ҳаётда ўлмоқ-ку бор гап,
Яшамоқ ҳам янгимас, ахир...
Ушбу шеър эълонидан сўнг Есениннинг ўлими адабий фактга айланди.
Хайр энди, хайр дўстгинам,
Бағримдасан, кўнгил малҳами.
Муқаддас бу айрилиқнинг ҳам
Висоли бор- олдинда ҳали!
Хайр, дўстим сўзга очма- лаб
Қўй, мен учун ўртама бағир.
Бу ҳаётда ўлмоқ- ку бор гап,
Яшамоқ ҳам янгимас, ахир!
Сергей Есенин
Эркин Воҳидов таржимаси.
@achchiqtosh
Сафар
Шамол умрим билан ўйнайди пойга,
Замин чинор бўлиб чанг солди ойга.
Қандай бориш мумкин, юрагим, айтгил,
Кўнгил деган жойга?!
Онам баҳорларин сочқилаб сойга,
Отам қадди борар айланиб ёйга...
Етиб келмадимми, етиб келдимми
Инсон деган жойга?!
Қанча "урҳо"ларим эврилди "вой"га,
Дунё тушиб олди дил деган ройга,
Қумдай гуноҳларим харсангдай ботди
Виждон деган жойга.
Гарчи қорганим йўқ руҳимни лойга,
Турмуш ташвишлари кўланка ёйган
Тангу тор сўқмоқдан борарман йиғлаб
Шоир деган жойга.
Юрак эврилдию мажнунсаройга,
Соҳиб бўлиб чиқди озод ҳумойга,
Қоним лола бўлиб кўрк берар кўклам
Ватан деган жойга.
Ўзимни топширсам буткул Худойга,
Руҳим учар миниб қўшқанот тойга...
Бу заҳмат, бу лаззат олиб бормасми
Аллоҳ деган жойга?!
Ҳақ деган жойга?!
Мансур Жумаев
@achchiqtosh
***
НИЯТ
Онамни алдадим соппа-соғман деб,
Отамни алдадим: “Пулим бор доим”.
Оғамни алдадим: “Борарман, насиб...”
Мен сени нима деб алдай, Худойим?!
Ғунчани гул дедим – кулди, қувонди,
Булбул деб айтганим чумчуқми, билмам,
Бунда бахт бор дедим, эркам ишонди...
Роббим, энди мени ёлғончи қилма!
Мансур Жумаев
@achchiqtosh
***
АББОСЖОНГА
Сен тушимга кирдинг ва қўйдинг кулиб,
Дилим равшан тортди, порлади қуёш.
Унутилди алам, чекинди ситам,
Бир лаҳзага мени тарк этди кўзёш.
Сен тушимга кирдинг ва қўйдинг кулиб,
Қўл силтанг, дедингми дунё ғамига.
Кулиб яшамоқни ўрганинг дея,
Нуқта қўйдингми ё кўзим намига.
Сен тушимга кирдинг ва қўйдинг кулиб,
Кўзёшларим малол келдими, наҳот.
Қирқимда етмаган ноқис ақлимга,
Кулиб якун ясанг, дедингми ҳайҳот.
Сен тушимга кирдинг ва қўйдинг кулиб,
Бир зум тўхта, дея сўрдим ҳазорон.
Биргина кулишинг, ўт нигоҳингда
Барча сукутларинг этдинг намоён.
Сен тушимга кирдинг ва қўйдинг кулиб,
Дединг, кўзингизда порласин ҳаёт.
Токи табассумла ўғлин алқаган
Оналар дуоси бўлгайдир нажот.
Сен тушимга кирдинг ва қўйдинг кулиб...
Дилноза АҲРОРОВА
06.11.2024
@achchiqtosh
ЁШЛИК
Кечагидек ёдимда бари,
Армонлари қийнаб ўтади.
Қайтиб кетган баҳор сингари,
Ёшлик бизни ташлаб кетади!
Кимга ёқиб бахт чироғини,
Кимга тутиб ишқ шаробини,
Қалбга солиб сўнг фироғини,
Ёшлик бизни ташлаб кетади!
Юзлари гул, сўзлари асал,
Гўзал бўлгин бир умр гўзал,
Чиройингга битгунча ғазал,
Ёшлик бизни ташлаб кетади!
Бўй эгилиб оқаради соч,
Ёмон ҳислар юрагимдан қоч,
Давр экан Мирзо не илож,
Ёшлик бизни ташлаб кетади!
© Мирзо Карим
@achchiqtosh
***
АРМОНЛАР КЎП
Осмон номи – чархи кажрафтор,
Замин исми кемтик оламдир.
Бу оламда одамзодки бор,
Дардга ёр кўп, бахтга ёр камдир.
Бу - Саъдийни куйдирган фироқ,
Бу – Машрабни ўртаган ғамдир.
Ёруғ дунё дейдилар, бироқ
Зулмати кўп, ёғдуси камдир.
Юртлар кездим,
Турфа хил олам,
Хоҳ арабдир, хоҳи Ажамдир,
Энг фаровон ўлкаларда ҳам
Нола кўпу шукрона камдир.
Бу кун энди ўзгача даврон,
Одамзод ҳам янги одамдир.
Лекин шундоқ экан бу жаҳон –
Армонлар кўп, комронлар камдир.
Эркин Воҳидов
@achchiqtosh
* * *
Ўзимнинг кўнглимда ўзим сарсонман,
Жовдираб қўл чўзиб тургувчи гадо.
Айтинг, мен ўзимдан қачон кетганман;
Қачон мен кўнглимда бўлганман пайдо
Ушоқдай жонимни судрамоқ оғир,
Ҳатто юрак қоннинг таъмини туйган.
Азизим, кетгансан
сен ҳам қайгадир —
Ёки Тангри мени эсламай қўйган.
Хосият РУСТАМОВА
@achchiqtosh
***
– Хайр, – дединг ва кузатдим жим,
Кўришгунча чидарми юрак?!
Ҳижрон бизни ҳалинчак қилди,
Яна ўзи тебратса керак.
– Хайр, – дедим, жимгина қолдинг,
Кўришгунча чидарми юрак.
Дунёсини англадик, етдик,
Яшаш учун соғинмоқ керак...
©Фарида Афрўз
@achchiqtosh
***
Тақдир сийламади бизни бор-йўғи,
Шунчаки бу дардлар қозонди зафар...
Лек қалбда сўнмади умидлар чўғи,
Биз бахтга етамиз келаси сафар!
Безабон биз эмас, юрак тилсиздир!
Биз бахтсиз эмасмиз, бахтлар бизсиздир!
@achchiqtosh
***
Ҳеч бирингга қилмайман таъзим,
Ҳеч бирингга бермайман ҳисоб.
Мен-чун ҳаёт — поёнсиз назм,
Сўз айтмасдан яшамоқ азоб.
Менинг тинчим — менинг таъзиям.
Фақат Ундан тиларман паноҳ,
Фақат Унга берурман жавоб...
Босган ҳар бир қадамим - гуноҳ,
Чеккан ҳар бир аламим — савоб,
Менинг ўзим — менинг фожиам.
Анвар Обиджон
@achchiqtosh
***
Яхшилиғ радифли ғазал
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ,
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ.
Гар замонни найф қилсам айб қилма, эй рафиқ,
Кўрмадим ҳаргиз, нетойин, бу замондин яхшилиғ!
Дилраболардин ёмонлиқ келди маҳзун кўнглума,
Келмади жонимға ҳеч ороми жондин яхшилиғ.
Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмоқ не маъни ҳар ямондин яхшилиғ?
Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиг!
Яхшилиғ аҳли жаҳонда истама Бобур киби,
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
(Бир ғазал ўқийлик)
@achchiqtosh