Адабий-танқидий канал. Баъзи постлар аччиқ туюлса, демак-мавзу ҳаётий. 19 декабрь 2018 йил
***
Вақт ўтиб ҳаммаси тушади изга,
Ўйламанг, Аллоҳим кўрмайди, дея.
Эй дўсти - қадрдон, ким айтди сизга,
Йиқилганлар қайтиб турмайди, дея?!
Гарчи бошингизда мингта муаммо,
Йигитнинг омади юрмайди, деманг.
Неки айтсангиз ҳам, айтинг-у аммо,
Йиқилганлар қайтиб турмайди, деманг!
Кўнгилга тегмасин одамлар гапи,
Дўстлар кўтаргайдир дўстнинг юкини.
Худойим гувоҳдир, худди мен каби,
Йиқилганлар қайтиб турар бир куни!
Шукур нолимайман, йўқ каму-кўстим,
Ибратдир, андуҳда юрганлар учун.
Янги кун, янги шеър ёзилди дўстим,
Бир йиқилиб, қайтиб турганлар учун!
Йиқилдингизми?!
Ёнингизда яқинларингиз қолмадими?
Қўлларингизни Аллоҳга узатинг. У сизни ҳеч қачон ёлғиз қолдирмайди!
Ўлмасбек Самарқандий.
@achchiqtosh
💐💐💐💐💐💐💐💐💐
ДИЁРА КЕЛДИЁРОВАГА
Ҳавас қилди бугун кенг олам гарчи,
Япон қиз юрагин сен этдинг пора.
Чиройли кўзингдан бир ўпгим келди,
Ўзбекнинг фахрли қизи Диёра!
Юртнинг довруғини елкангга олиб,
Байроғин кўкларга кўтарган синглим.
Кичик жуссасида Ватан ардоғи,
Қалбида муҳаббат кўкарган синглим!
Ғалабангдан яйраб, бўлди ҳамма лол,
Қизни ўқитмоқни уқди оталар.
Ўнта ўғлинг бўлсин, гарчи битта қиз,
Мингни йиқитмоқни уқди оталар!
Мунчоқ кўзларингдан томган томчи ёш,
Ғурур бериб менинг кўксимга сингди.
Халойиқ! Юртимнинг Диёра қизи-
Японнинг беш йиллик ғолибин енгди!
Дилноза Аҳророва
@achchiqtosh
Audio She'r: OSHIQLAR SARDORI.
Muallif: Rasul Hamzatov.
O'qiydi: Fatxulla Masudov.
@achchiqtosh
***
#мутолаа
Бизнинг жаннат ёки жаҳаннамдаги жойимиз оғзимиздан чиқаётган сўзларимизга боғлиқдир. Сўзлаётган сўзимизни аҳамиятсиз деб билмайлик. Ҳадиси шарифда: “Бандаси ўйламай туриб, бирор сўз айтиб қўяди. Шунинг учун у дўзахнинг шарқидан то ғарбигача бўлган масофасининг орасидан узоқроқ жойига тушади“, дея марҳамат қилинади (Бухорий, Риқоқ 23, Муслим, Зуҳд 49, 50).
Бошқа бир ҳадиси шарифда: “ Қачондир банда бирор нарсани ёки кимсани ланъатласа, ўша ланъат осмонга кўтарилади ва осмон эшиклари ёпилади, ланъат у ёққа киролмайди, ортига қайтади. Ернинг эшиклари ҳам ёпилади ва у ерга ҳам киролмайди. Ўнгу сўлга бориб келади. Жой тополмагач, ланъатланган нарсанинг, кимсанинг ёнига боради. Агар ўша кимса ёки нарса ланъатга лойиқ бўлса, унинг билан қолади. Акси бўлса, ким айтган бўлса, ўшанинг ўзига қайтади“, дейилади (Ал-жоме ас-Саҳиҳ 2:370, 2069-ҳадис).
“Комил бир мўмин бировни ҳақорат қилмайди, ланъатламайди, ҳаддан ошмайди ва нопоклик қилмайди“, дея марҳамат қилинади (Термизий, Бирр, 48).
©“ Бахт – Аллоҳга ишонмоқдир“
@achchiqtosh
* * *
Мен қуёшни севаман жондан,
Порлаб турсин дейман у доим.
Тонг отади ҳар куни тонгда,
Ранжитмайди мени Худойим.
Кимдир менга раво кўрмайди
Чарақлаган шу кун, кундузни.
Зулумотни бошимга ёпиб,
Сочмоқ истар минг-минг юлдузни.
Қилмоқ истар қуёшдан маҳрум,
Қилмоқ истар офтобдан жудо.
...Кун ботади. У одамни ҳам
Ранжитмайди, негадир, Xудо.
Матназар АБДУЛҲАКИМ
@achchiqtosh
***
#мутолаа
Дунё тўхтаб туради...
Кеча ишдан чиқдиму қишлоққа кетдим. Болаларимни олиб бормадим, шунчаки ўзим бола бўлгим келди.
- Келинг, тинчликми, - сўрадилар дадам.
- Нега бир ўзингсан, нима гап, болалар қани? - хавотирландилар онам.
- Ўзим, соғиндим сизларни...
Кечги ўн иккидан ўтганда уйқуга ётдилар.
- Тинчмисан ўзи, болам, ҳаммаларинг яхшими, - онам дадамни уйғотиб юбормаслик учун секин қайта сўрадилар.
- Тинч онажоним, ҳамма яхши. Шунчаки, бундан кейин истаган пайтимда келавермоқчиман. Бир ўзим келсам хавотир олманг, - дедим.
- Шундай дегине, келавер болажоним...
Мириқиб ухладим.
Онам тепамга келдилар, болалигимдаги каби турғаздилар. Бирга чой ичдик. Онамнинг гуллари, райҳонларидан завқланиб чой ичдим...
Ва ишга келдим. Бироз кечикдим, лекин осмон узилиб тушмади. Ҳаёт давом этаверди.
Ота-онамизни фақат дам олиш кунлари эмас, тез-тез йўқлашимиз қарз. Дийдамиз юмшайди, одамроқ бўламиз, уларнинг кўнгилларини оламиз.
Ота-онамизни йўқлайлик, улар бу дунёда бўлишмаса, ака-ука, опа-сингилларимизнинг ҳолини сўрайлик. Бу дийдорлар икки дунёмиз учун ҳам яхши, фойдали бўлади, деб ўйлайман...
Исомиддин Пўлатов
@achchiqtosh
***
Қадимги юнонларда фикрлай олиш буюк иқтидор ҳисобланган. Сўнгра у бахт деб ҳисоблана бошланди. Кейинроқ эса дардга айланди. Бугун у – жиноят.
Э.М.Ремарк
@achchiqtosh
#Хайрли_тонг
Бадгумон кишилар ўзларини гўё атрофдагиларга нисбатан эҳтиёткор инсондек тутадилар. Ҳатто ўз фикрлари исботини топадилар ҳам. Аммо билмайдиларки, гумони ёмон кимсага гумонлари каби ёмонликлар келаверади. Инсон ниятига кўра, қисматига сабабчи бўлади. Зотан, Аллоҳ айтади: "Мен бандамнинг гумонидаман!"
@achchiqtosh
***
#мутолаа
Маълумдирки, инглизлар қайси жойга қадам қўйсалар, “маданиятсиз“ ерлик халқ ғамхўрлиги учун келганларини билдирадилар. Агар бу сўз ҳақиқат эса Шарқий Туркистон халқини большевизм балосидан қутқариш шароити уларга осон топилур эди. Бироқ чинакам инсоният ғамхўрлиги қиладиган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ва ҳам унинг ҳақиқий умматларидан бошқа бировнинг бу каби улуғ шарафга эришмаги мумкин эмасдир. Ўша кундаги Олтишаҳар Уйғуристондаги хитой ҳукумати эса қоғоз юзи, тил учи билан давлат маркази Пекинга боғланмиш бўлса ҳам ўрта аср Хитой хонлиги давридан қолган эсдалик бир ҳайкал кўриниши эди.
Демак, ҳар икки Туркистон халқи онгсизлик, илмсизлик касофатидан шу каби қулай шароитлар бўла туриб ҳам, булардан ўз вақтида фойдаланиш йўлларини тополмадилар. Очиқ бир мақсадни ўз олдиларига шарт қилиб қўйиб, ташкилий равишда иш олиб бориш учун ҳаракат қилгудек бирорта одам йўқ эди. Ўзларининг келгуси истиқболлари учун ҳеч қайғурмас эди. Чунки, бу бечора халқ хурофот зулмати, жоҳилият ботқоғига бутунлай ботган эди. Бунга шу даврдаги муҳит айбдордир. Қуръоннинг “Билганлар билан билмаганлар ҳар тўғрида тенг кела олмайдилар“, деган ҳикматлик сўзини албатта амалга ошириш керак эди.
Нима учун кейинги асрларда Туркистон халқи бундай жоҳилият ботқоғига ботди? Бунинг бош сабаби - динни асоси билан тушунмаган илм-маданият душманлари ҳокимият тепасида бўлдилар. Ўзларини дин ҳомийлари деб эълон қилиб, халқни маърифат нуридан маҳрум, замонавий фанний илмлардан бутунлай йироқ тутдилар. Чет давлатлар билан алоқа боғламадилар, ўқиш-ўқитиш ишларига ҳеч қандай аҳамият бермадилар. Шунинг учун Туркистон халқининг ичида уйғониш, фикр очилиш ва бор шароитдан фойдаланиш имкониятлари бўлмади. Давлатнинг инқирози, миллатнинг онгсизлигига шу жоҳиллар сабабчидур.
- Алихонтўра Соғуний. “Туркистон қайғуси“
@achchiqtosh
#Qaqnus
“Қақнус” кўрсатувининг навбатдаги сони Самарқанднинг забардаст шоираси Хосият Бобомуродова ижодига бағишланди. Унда Устознинг шогирдлари қаторида иштирок этиб, шеър ўқиш менга ҳам насиб этди.
@achchiqtosh
***
Сени ўзингдан ҳам кўра яхши биладиган Аллоҳ турганда, сени тушунмайдиган инсонларга нега бунча кўп дардингни очасан..?
Жалолиддин Румий
@achchiqtosh
***
Маталларнинг кўпида хотинлар нодон қилиб тасвирланишига ақлим шошади. Ташқарига чиққанимда уларга қизиқсиниб қарайман, сираям нодонга ўхшашмайди.
📚 «Генетик»
Исожон Султон
@achchiqtosh
Муҳит сабоғи
Жудаям толиқдим...ҳаммаси чиркин,
Дунёга айтгулик сўзим қолмади.
Бўлди, бас, йўқолсин барча гина, кин,
Юзсизлик қилишга юзим қолмади!
Ҳар лаҳза курашиб эгилмасликка,
Ҳар онда ўрганди қулликка руҳим.
Осмонни қучишга шай эди, лекин,
Ер бағирлаб қолди шаъну шукуҳим.
Кел энди, сен ўзинг қутқаргил, Тангрим,
Руҳимни уйғун қил камалакларга.
Ҳеч ҳафа бўлмасдан рози бўламан,
Умримни улашсанг капалакларга.
Кўз очган бўлсам ҳам дунёга келиб,
Дунёни кўришга кўзим қолмади.
Яшагим келяпти, бас, ўзим бўлиб,
Афсуски, ўзимда ўзим қолмади!
Жудаям толиқдим...
21.08.2015 й. Германия
@achchiqtosh
***
Юр,кетамиз...
Босиб ўтилмаган каби бу йўллар,
Дўллар қамчисидан дил синмагандек...
Ёмғирга тиламчи бўлмаган чўллар,
Кўнглим яшаб сира ўкинмагандек...
Оппоқ тонгларимнинг оқ арғамчиси,
Ишқимга дуолар пичирлаб ўтиб,
Юр,кетдик,
Баҳорлар қаршилар ўктам,
Тушларнинг қўлидан кўргандим тутиб...
Кўриб қол...
Ёзларда ёққан ёмғирдек,
Кафтдаги қизғалдоқ каби омонат.
Кўнглимни сўрасанг шафтоли гулдек,
Дардимни сўрасанг чекдим...тумонат.
Ичимда жимиган ўкрикларимнинг,
Нигоҳим тинчида бўлгани таслим.
Бир соф ўлимларда ўзимни топай,
Бу ғариб дунёда қолмасин қасдим!
Кечикма,
Тунларнинг адоларида,
Тонгнинг оппоқ зулфи ёйганида сеп...
Видо айтиб чиқай ўлимларимга,
“Мен энди яшашга кетаяпман“,деб!
Меҳри Гул.
@achchiqtosh
***
Олам уфққа бориб тамом бўлади. Одам умидини йўқотиб тамом бўлади.
©Тоғай Мурод
@achchiqtosh
***
Бефойда, уринма!
Сени фақатгина кўрганлари ва эшитганлари қадар англай оладилар.
Кўрганлари эса, фақатгина ўз англаганлари даражасида бўлади.
Яъни: yмрингни бировларга ўзингни англатиш учун сарфлама бефойда.
Нима қилсанг қил, кўзлари ва қулоқлари эшитгани қадарсан.
Мавлоно Жалолиддин Румий
@achchiqtosh
***
Кел, кўнглим, мен сенга насиҳат қилай,
Ватанни тарк этиб кетувчи бўлма,
Ўзингдан паст бўлган ғайир, номарднинг
Хизматида қуллуқ этувчи бўлма.
Оқмасдан қолмайди бир оққан ариқ,
Бир танда одам гоҳ семиз, гоҳ ориқ,
Бир юзи қорадир, бир юзи ёруғ,
Қора деб қаттиқ сўз айтгувчи бўлма.
Топсангда дунёда мулки Искандар,
Қоруннинг моли ҳам бўлса муяссар,
Охири бўларсан ерга баробар,
Кўнглингда манманлик сотувчи бўлма.
Махтумқули
@achchiqtosh
#иқтибос
Санъат қалбни кундалик ҳаётнинг ғуборларидан поклайди.
Пабло ПИКАССО
@achchiqtosh
🎼🎼🎼Ретро🎼🎼🎼
(Одатда Юлдуз опани тингламайман, лекин бу қўшиғи -Шедевр. Тингламасликнинг иложи йўқ🎧 ) 🪐💫🌏
#Хайрли_оқшом
@achchiqtosh.
***
Ёз. Вақтнинг ўтганин билдирмагай ҳеч,
Ез — сахий, қўлида совға-саломи.
Вужудни тўлдириб тиндирмагай ҳеч,
Уч ой эсламагай ҳеч зот заволин.
Ёзда ёш тўкаман ҳаммадан пинҳон,
"Оҳ"имга тўлади "оҳ"сиз оламлар.
Эгам, мана бу — Ер,
Мана бу — Осмон...
Нега фақат ўзин кўрар одамлар?
Усмон Азим
@achchiqtosh
***
САМАРҚАНДГА КЕЛ
Қувончу ғамларни ютган қасрлар,
Регистонда кулар, йиғлар асрлар,
Ҳар қаричда жумбоғу сирлар,
Самарқандга кел!
Тирикми ҳайратинг, боқ : Бибихоним,
Меҳр керак бўлса, ич, ана қониб,
Покланмоқ истасанг оққил тўлғониб,
Самарқандга кел!
Шоҳзинда – макони уйғоқ руҳларнинг,
Иймон деб курашган пок гуруҳларнинг,
“Бу- мен!” деб яшаган кўнгли куҳларнинг,
Самарқандга кел!
Гўри Мир, юлдузлар қўниб ўтар жой,
Тўхтаб қолар бунда ўн тўрт кунлик ой,
Меҳроб деганлари шудир ҳойнаҳой,
Самарқандга кел!
Шоҳ бўлмоқ истасанг битта юракка,
Қул бўлмоқ истасанг битта юракка,
Кўмилмоқ истасанг битта юракка,
Самарқандга кел!
Хосият Бобомуродова
@achchiqtosh
***
КАЛАВАНИНГ УЧИ
Бир бор экан, бир йўқ экан, оч экану тўқ экан. Қадим замонда
уч киши яшаган экан. Бирининг исми Кимдир, иккинчисининг исми Ҳар
ким, учунчисининг исми Ҳеч ким экан.
Бир куни улар катта муаммога дуч келишибди. Ҳар ким муаммони
Кимдир ечади деб ўйлабди. Аммо Ҳеч ким ҳеч нарса қилмабди.
Ваҳоланки муаммодан қутулиш учун Ҳар ким чора топиши мумкин эди .
@achchiqtosh
***
Жасурлик билан танилган бир киши хўкиздан қочиб кетаётса, ундан сўрашибди:
— Сен жасур бўлсанг, хўкиздан нега қочаяпсан?!
— Чунки хўкиз жасурлигимни билмайди-да!..
Ҳар нодон билан баҳслашаверманг!
@achchiqtosh
***
Мен бошқа, юракнинг ҳаёти бошқа,
У мендан юксакдир, у-мендан теран.
Ажралиб чиқаркан тан деган тошдан,
Бир нурли руҳ билан ёритиб теграм,
Айланиб боради бир қатра ёшга –
Англайман: раҳнамо бу ҳолга Эгам.
Юракнинг азоби тамом ўзга иш –
Унга икки дунё – даҳшат ишхона,
Унга дўзах каби туйилар беҳишт,
Оромнинг қучоғи ширин афсона –
Ўзин изтиробда қилар парвариш.
Юракка ҳалақит бермайман. Танам –
Хотира. Аслида бахтли сўнганман:
Мен жуда камдирман, мун жуда ҳам кам –
Бир қаранг, эҳтимол йўқдирман... Зотан
Юракка айланиб бўлганман!
Усмон Азим
@achchiqtosh
* * *
Ситам дарёси кўнглимни бузиб етмиш, э воҳ, кўзга,
Бу дарёдин демам, кечдим, бу сувлар ўзгадир, ўзга.
Илоҳим, нурларинг жилвасиға қай дамки чўлғонсам,
Вужудим ларзага тушғай – шитоби сўзгадир, сўзга.
Мусаввирдек рангу дардлар аро телба талош ўлдим,
Не тасвирлар етиб қўнмиш мато кўнгилга – оқ бўзга.
Қисматим шаклини ошкор этурға етмагай ҳолим.
Сўфий ҳол топмадим, ё раб! Қолибман бедаъво рўзга.
Шеърлар ёзарда маст ўлсам, шиддатим бепоён кечгай,
Умидким, етгаймен охир сенингдек бир дилафрўзга.
Усмон Азим
@achchiqtosh