Адабий-танқидий канал. Баъзи постлар аччиқ туюлса, демак-мавзу ҳаётий. 19 декабрь 2018 йил
***
Агар бизнинг ҳаётимиз ҳуррият ва халқ бахт-саодати учун қурбонлик сифатида керак бўлса, биз ўлимни ҳам хурсандчилик билан кутиб оламиз!
***
Ёдингда қолмоқчи эдим
Фузулий лутф этиб кетган бир замон,
Гўзаллар вафосиз, алдоқчи дедим.
Ёнингда қолишга йўқ эди имкон,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.
Негадир истардим қийналишингни,
Юрагингга каманд солмоқчи эдим.
Онангга айтолмай қолсанг тушингни...
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.
Дўстлар кечиб қўйган эди баҳримдан,
Кимлардандир қасос олмоқчи эдим.
Ҳайдаб чиқардилар ҳаётларидан,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.
Аламим, ҳасадим, гинам туфайли,
Эҳтимол устингдан кулмоқчи эдим.
Соғинсанг, ўртансанг, йиғласанг майли,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.
Кўзингни кўзимга бермадинг сира,
Ишондингми, йўқми, билмоқчи эдим.
Сени кўп ўйладим. Шеър ёздим қара,
Мен сенинг ёдингда қолмоқчи эдим.
1998
Иқбол Мирзо
@achchiqtosh
***
ЎЗБЕКМАН
Янги бир асрнинг остонаси бу,
Етишдим умримнинг қутлуғ ёшига.
Тилимда шукрона, дилимда ғулу,
Тарих саркотибин келдим қошига:
- Мана, мен - Ўзбекман, қўлимда туғим
Ва барча аъмолим битилган китоб.
Шунинг ичидадир борим ва йўғим,
Шунинг ичидадир мен учун офтоб.
Ўзбекман, иншооллоҳ, иймоним бутун,
Тилим қисиқ эмас башариятдан.
Кимгадир тенгдирман, кимдандир устун,
Зувалам қорилган самимиятдан.
Ўзбекман, гоҳида иқболим кулиб,
Гоҳида ўзимдан чиққан офатим.
Дунёни олсам-да жаҳонгир бўлиб,
Гўдак йиғисига йўқдир тоқатим.
Ўзбекман, қанчалик жафо чекмайин ,
Ўзимга ҳақ бўлдим, ўзимга ҳақман.
Яшадим ёвларга бўйин эгмайин,
Бу кун ўз эркига эришган халқман.
Истиқлол, кетма юрт пешонасидан,
Толе, тарк этмагин бизни,илоҳим.
Мана, янги аср остонасидан
Ўтдим. Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм.
Абдулла Орипов
2000
@achchiqtosh
29 - февраль
Куни битган февраль - аламдор,
Қўлин чўзар мартнинг роҳига.
Борлиқ деган кекса қаламдор,
Гул чизади бодом шохига,
Вақт измига бўлгаймиз иқрор,
Қишнинг ризқи узилар бугун.
Ҳар тўрт йилда шу бўлар такрор,
Қиш бир кунга чўзилар бугун.
Туширгайдир тоғлар ҳам секин,
Елкасидан қорлар юкини.
Кўнглимизда ажиб бир эпкин,
Бугун қишнинг охирги куни!
Баҳорни интиқиб кутганларга ассалому алайкум!
Ўлмасбек Самарқандий.
@achchiqtosh
***
ТОПИЛМАС
Сендек менга бир ёри жафокор топилмас,
Мендек сенга бир зори вафодор топилмас.
Бу шаклу шамойил била худ ҳуру парий сен
Ким, жинси башар ичра бу миқдор топилмас.
Ағёр кўз оллидаку ул ёр аён йўқ,
Ғамхоре кўнгул ичра-ю ғамхор топилмас.
Эй гул, мени зор этмаки, ҳуснунг чаманида
Кўзни юмуб очқунча бу гулзор топилмас.
Бобур, сени чун ёр деди, ёрлиғ этгил,
Оламда кишига йўқ эса ёр топилмас.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур
@achchiqtosh
***
Бахтсизликни яхши мактаб дейдилар, балки шундайдир, лекин, энг яхши дорилфунун бахтда мужассам. У, эзгулик ва гўзалликка қодир қалб тарбиятини ниҳоясига етказади.
А. С. Пушкин.
@achchiqtosh
***
Сўзларнинг бемиқдор ранги бор эди…
Ва фақат тангрининг амри бор эди.
@achchiqtosh
***
Туни билан тинмади шамол...
Тин олмадим тун бўйи мен ҳам...
Ўйлаб ётдим;
нотинч кечада
кимдир хабар олдими сендан...
Деразангни оҳиста чертиб,
ҳол сўрдими ёмғир томчиси?
Ёки эшик дарзидан кириб
йўқладими шамолнинг ўзи?
Далв қўйнида кезган булутлар
бирров салом бериб ўтдими?
Ёки яна соғинчнинг қўли
қўлларингни маҳкам тутдими?
Эсладими ғаддор дарахтлар,
шохларини силкиб қўйгандир?..
Нафасингдан сармаст болишинг
кўзёшингни ичиб тўйгандир?..
Минг асрки сурганча хаёл,
бир бор хабар олмадим сендан...
Туни билан тинмади шамол,
тин олмадим тун бўйи мен ҳам...
Орифжон Комил
@achchiqtosh
***
Аслида кучли одамлар ҳеч қаерда йўқ - фақат ўзларини шундай кўрсатадиганлар бор.
📚“Шамол қўшиғини тингла“
Харуки Мураками
@achchiqtosh
-сенингча яшашга давом этишнинг бир маъноси борми?
-йўқ, асло!
-нима қиламиз унда яшаб, нима қизиғи бор?
-агар ўлсам тинглаб тўймайдиган мусиқаларим бор, уларни ким эшитади кейин?
-шу қадар оддий балки барчаси )
-агар у дунёга ҳам бу мусиқаларимни олиб кетиш мумкин бўлганида, аллақачон кетган бўлардим…
***
Кўзинг кўрган нарсага ишонаверма.
Инсоннинг мақоми кўнглидадир!
@achchiqtosh
Таваллуд кунингиз муборак бўлсин, дўстим!
***
Одам бўлиб яшамоқ оғир,
Қадамимда ғовлар, сиртмоқлар.
Йиқиламан,
суринаман,
ер тишлар бағир,
Йироқлашиб борар қирғоқлар!
Воҳ, тентираб кетаётирман,
Сотиляпман – туйғу бозори.
Мен тобора ўзсиз,
фақирман,
Юрагимда дунё мозори...
Хиралашиб борур кулгулар,
Ҳаёт мени синамоқдан маст.
Ҳар ўтган ит тишламоқ бўлар,
Бўлди юрак,
гумбурлама,
бас!
Қадамимда ғовлар, сиртмоқлар,
Билмам, бунча омадсиз йўлим.
Мен розиман, фақат бу йўлда,
Сен ҳам бўлсанг,
Сен бўлсанг, гулим!
Исомиддин Пўлатов
@achchiqtosh
УЯТ
Бу юртда чинорлар кўкка чўзилган,
Ҳаттоки юлинган ғўзалар тикка.
Узилган,
Ичимда недир узилган –
Барибир, кўз тикдим мен юксакликка.
Бу заҳил тупроққа бир чўп қадасанг,
Осмонга талпинар, тик ўсар яккаш.
Дарахтлар аскардай тик турган юртда
Инсонга уятдир эгилиб яшаш.
Далалар бепоён, саҳролар сўнгсиз,
Адоқсиз, хадсиздир бу ер, бу борлиқ.
Бу чексиз оламда, бу кенг дунёда
Уят - дили танглик, юраги торлик.
Чўққилар азалий, турар жойида,
Турар салобатли тоғлар минг йиллик.
Вазмин, оғир чўккан тоғлар пойида
Уят - ҳовлиқмалик, уят - енгиллик.
Уятдир эзилиб минг йилки шундоқ
Далада тупроқдай сарғайган, ҳайрон
Халқ кўзига боқиб ёлғон сўзламоқ...
Ҳеч ким билмаса ҳам, уятдир ёлғон.
Бир дон эксанг, униб ёзади япроқ,
Гулларнинг атридан булбуллар сайроқ.
Тош ҳам гуллаб ўзин англатган юртда
Уятдир зулм кўриб, сассиз яшамоқ...
Карим БАҲРИЕВ
@achchiqtosh
***
⸺ Дўстлар тўрт тоифага бўлинади, ⸺ деган экан бир донишманд.
⸺ Айримлари овқатга ўхшайди: уларга ҳар куни эҳтиёж сезасиз. Айримлари дорига ўхшайди: уларга ўзингизни ёмон ҳис қилганингизда эҳтиёж сезасиз. Касаллик каби дўстлар бор: гаплашишни истамасангиз ҳам, ўзлари сизни қидирадилар.
Ҳаво каби дўстлар бор: атрофингизда кўринмаса-да, аммо доим сиз билан...
@achchiqtosh
Иқрорлик
Дунёми?
Театр!
Иқрорман, иқрор.
Худога топшириб жонимни аммо –
Саҳнага отилиб чиқсам неча бор
Дунё тушинсин деб, такрору такрор
Ўзимнинг ролимни этаман ижро.
Бировнинг айтгани менга қилмас кор:
Бошимга тушса ҳам неча маломат –
Саҳнага отилиб чиқсам неча бор,
Бировнинг ёзгани бўлади бекор –
Ўзимнинг ролимни ўйнайман фақат.
Кўксин чангаллайди қанча режиссёр –
Қўрқоқ миясига қони қуйилган –
Аммо менда йўқдир зарра ихтиёр,
Ролимни ёзмишдир азалдан жаббор,
Менга, “адашма” деб, фақат буйрилган.
Дунё нодон эмас, сезиб турибди:
Қанча бахту тахтим саҳнада қурбон.
Тақдир қирмиз қондай изиб турибди,
Гарчи таҳдид бағрим эзиб турибди,
Ролимни ўйнашга топаман имкон.
Қизиқчи эмасман ва ё тақлидчи –
Турфа қиёфадан йўқ менда роҳат.
Ҳа, дунё – театр!
Ҳақсан, танқидчи!
Гарчи ҳаётимга бу ҳол таҳдидчи –
Ўзимнинг ролимни ўйнайман фақат!
Усмон Азим
@achchiqtosh
***
Йигирма ёшида ҳар бир инсоннинг унга Худо берган юзи бўлади. Қирқ ёшида унга ҳаёт берган юзи бўлади. Олтмиш ёшидаги юзига эса инсоннинг ўзи эришган бўлади.
Немис файласуфлари ҳикмати
@achchiqtosh
Вақт бебаҳодир. Уни нимага сарфлаётганингизни яхшилаб ўйлаб кўринг ...
© Бернард Шоу
@achchiqtosh
***
Кўнглинг қаримасин,
доим кулиб юр,
Зинҳор камситмагин
кемтик кўнглингни.
Керак бўлса етмиш,
саксон ёшга кир,
Ташлаб кетолмайсан
болалигингни!
Обидхон Мамадалиев
@achchiqtosh
***
Худойим, қоврилдим, тугайди қачон
Бу гулхан юракнинг ловуллашлари.
Бу тун яна менга бермади ором
Қонимнинг оловли шовуллашлари.
Менчалик ёнмаган ҳеч ким… менчалик
Ҳеч ким ўчмоқликни этмаган орзу.
Боряпман чақмоқнинг бўлаги янглиғ
Лаҳзалик умримни фалакка осиб.
Ҳатто вулқонларда оловлик бекор –
Менинг ёнғинимнинг йўқдир адоғи.
Ичимда майсанинг армонлари бор –
Ёмғирда ўсишнинг ҳасрати, доғи.
О, сасинг етишди руҳ ила танга,
Раҳмат, каломларинг бунча мулойим!..
Мени ўчиртирма бирор бандангга,
Ўзинг ўчир мени… Ўзинг… Худойим…
Усмон Азим
@achchiqtosh
МАКТУБ
Ғазаллар тўқирдим сенга бир замон,
Қўшиқлар айтардим тунлар бошингда.
На чора, ушбу кун ўзга бир инсон,
Ўзга бир муҳаббат турар қошингда.
Эшитдим, хазонли боғларда танҳо
Ўтказар эмишсан сокин пайтларни.
Сарғайган дафтаринг варақлаб гоҳо
Такрорлар эмишсан маҳзун байтларни.
Мен ҳам тонглар баъзан йўлга қарайман
Мунаввар қуёшга кўксимни очиб.
Сенинг хаёлингдан мадад сўрайман,
Сенинг хаёлингга бораман қочиб.
Лекин қутулмоқ йўқ ҳижрон дастидан,
Фақат қалбимизда бардош ва сабот.
Дунёда жамики ҳислар устидан
Қаҳқаҳа уради қадим бу ҳаёт.
Надомат нимага ва афсус нечун?
Оламда неки бор ўчар бешафқат.
Бизнинг вазифамиз кўникмоқ беун,
Бизнинг вазифамиз унутмоқ фақат.
Йиллар ўтиб кетар такрор ва такрор,
Ёшлик ҳам ўтади бенишон, бесас.
Лекин ўша чоқ ҳам хўрсиниб, бир бор
Севгандим, набирам, дея олсак бас...
1971
Абдулла Орипов
@achchiqtosh
***
Боқма менга бунча ғазабкор,
Сени ёмон кўрмасман асло.
Билъакс, сенинг нозли, беозор
Нигоҳингга бўлганман шайдо.
Кўрсатмоқчи бўласан ўзинг-
Бир маъсума, ҳеч йўқ гуноҳи,
Юмиб ётиб тулки ҳам кўзин
Қузғунларни овлайди гоҳи.
Кел, овлайвер, барибир менга
Эрта севиб қолма ҳар қалай,
Билки, музлаб бўлган кўнглимга
Қўл чўзганлар умримда талай.
Ҳа, севаман, сенимас аммо,
Сен- акс- садо, соясан фақат.
Доим сенинг чеҳрангда пайдо
Мовий кўзли мен севган талъат.
У кўринмас маъсума бўлиб
У ҳаттоки бир оз совуқроқ
Лек улуғвор хироми ила
Солиб қўяр қалбимга титроқ.
Қани, уни унутсам бир дам
Интилмасам бир лаҳза, қани...
Сенчи, ҳатто ғазаб чоғи ҳам
Ташламассан ёлғон ишвани.
Сени севмам, лек нетай, э воҳ,
Очадирман бағрим умрбод.
Бўлмасайди жаннат ва дўзах
Ўйлаб топар эди одамзод.
Сергей Есенин 1925
Эркин Воҳидов таржимаси
@achchiqtosh
***
Сукут айладим,
"Қаҳри бор" дедилар.
Бироз сўзладим,
"Заҳри бор" дедилар.
Жим бўлдим,
"Қаҳридан жим
бўлмоқда" дедилар.
Бироз сўзладим,
"Заҳрини сочмоқда" дедилар.
Жалолиддин Румий
@achchiqtosh
🌸 🌸 🌸
ИСЁН ВА ИТОАТ
Тиғ устида юрдириб, томошо қилар Тангрим,
Чўғ устида турдириб, томошо қилар Тангрим.
Тошқинда бир кемадек ночор кетиб борарман,
Мен ҳеч нарса билмайман, барини билар Тангрим.
Олдга юрсам хатар бор, ортга юрсам хатар бор,
Ҳар лаҳза, ҳар сафару, ҳар тун, ҳар саҳар бор.
Бир чумоли мисоли дон учун чиққан эдим,
Донни не қиладию, мени не қилар Тангрим.
Ҳақсизлик учун ёндим, шавқ учун исён қилдим.
Ҳаққимни бер дедиму Ҳақ учун исён қилдим.
Бошимни ҳар ён урдим, бош ёрилгач англадим,
Пойига қўйсамгина бошимни силар Тангрим.
Сабрим етарми билмам, сабримни синайверса,
Ҳар бир синаганида суягим синаверса,
Синиб-синиб охири ўзинг бутла деб борсам,
Суягимни ун қилиб, элакда элар Тангрим.
Майли не бўлса ҳамки, ёруғ юз билан етай,
Дил тўла меҳр билан, ёшли кўз билан етай,
Юрагимни тўлдирар битта таскин бор фақат,
Мен Тангримга борарман, мен томон келар Тангрим.
Гулжамол Асқарова шеъри
@achchiqtosh
Меҳригулим, таваллуд кунингиз муборак бўлсин!
🥀🥀🥀
Сиз яхши эдингиз.
Эдим ҳокисор.
Гуллардек ярашиб турар эдик оҳ...
Қачон ўтлар кетди жаҳонимизга,
Қачон тушди жоним, бахтимга қуроқ?..
Сиз яхши эдингиз...
Аъло эдингиз!
Шаштим ошолмасди нигоҳингиздан.
Яхшийди...
Бехабар яшардим мен ҳам,
Ҳали туғилмаган гуноҳингиздан...
Дунё-ей...
Бошимдан нелар элади,
Ғамларга, камларга, дардга белади.
Худодан бошқага айтмадим сизни,
Гарчи суйгингизни ҳамма биларди...
Отамдек суярдим ўгай дунёни,
Энди юракларим йўллардан безор.
Сизни кутар эдим, сизни суярдим,
Сиз яхши эдингиз,
Эдим ҳокисор...
Меҳригул Каримова
@achchiqtosh