Кўзингиз ва дилингизга равшанлик тиласангиз яшилликка боқинг!
Табиатдаги яшил ранг кўриш қобилиятини яхшилайди, кўзнинг толиқишини олади; асабларингизни тинчлантириб қалбингизга таскинлик улашади ва руҳингизни енгил қилади. Бу омиллар эса бугунги – инсонлар компьютер ва телефонга шўнғиган замонада янада аҳамиятли.
Муқаддас динимизнинг асосий ранги ҳам бежизга яшил ранг эмас. Рамзий маънода жаннат рангини ифодаловчи яшил ранг инсонга эзгулик ва янгиланиш, барҳаётлик ва яшариш, умид ва омад, тўкинлик ва сокинлик ҳақида сўзловчи рангдир.
Замин айни яшилликка бурканган ҳозирги баҳор фаслида фақат “уй-ишхона режими”ни ёқиб олмай сайр қилинг ва имкон қадар тўйиб-тўйиб табиатга боқинг. Зеро у ўзининг инсон илғамас “яшил сеҳри” ила сизга куч, қалбингизга сокинлик ҳадя этади.
@abrorpirmuhammad
Рўзадор футболчилар учун эътиборли жиҳатлар:
Машғулот ёки ўйин давомида футболчи организми учун энергия манбаи – бу унинг ифторлик ва саҳарликда тановул қилган таомидир. Шу боис оғиз очиқ пайтда етарли суюқлик ичиш ва оқсилга бой таомлардан ейиш муҳим.
Саҳарликда қовурилган, тузи мўл, ёғли, аччиқ, ўта ширин емаклар емаган маъқул. Димланган таомлар, сут маҳсулотлари, тухум, бўтқалар (овсянка, пшёнка) мақбул. Ифторликда салатлар, дуккакли суюқ ҳамда меъдага ботмайдиган қуюқ таомлар, мевалар мумкин.
Оғизни ёпгач дарҳол уйқуга кетмай, бомдод намозидан сўнг тоза ҳавода бироз сайр, мутолаа ёки уй юмушларини қилинг. Уйқу эса емак ошқозонни тарк этиб улгурган, қуёш тафти анча кучайган, ухлаш суннат қилинган – туш маҳалига қолдирилса нур устига аъло нур. Тиниқиб ухлаб, куч йиғиб, кечки маҳал машғулотга чиқаверасиз, (ҳарқалай футболчиларда бунга шароит бор) Буёғига оғиз очишга яқин қолади.
Машғулот ёки ўйин маҳали оғиз очишга тўғри келганда, сувдан сўнг икки дона хурмо ва битта банан етарли.
@abrorpirmuhammad
Кўклам тўнин кийиб, тафт ила
Хуш келибсан байрамим – Наврўз.
Чулғангандир гулга сен била
Борлиқ деган қорачиқ-ла кўз.
Эзгуликка тўлсин бу олам,
Кўклам доим пойидор бўлсин.
Тилагимдир, мўътабар одам,
Шодумон, бахт-иқболга тўлсин.
(Аброр Пир Муҳаммад)
@abrorpirmuhammad
Ҳар баҳор ҳам шу бўлар такрор...
Баҳорнинг илк кунлари, чемпионат аввали...
Не-не салтанатлар таназзулга юз тутиб, ўз давлатчилигини янгидан қуришга талпинаётган мисол, ОЧЛ иштирокчиси, уч карра чемпион ва уч бора мамлакат кубоги соҳиби "Локо" ҳам барчасини бошидан бошлаш арафасида.
Бу йўл айнан, бир замонлар буюк хонлик маркази бўлган Қўқон шахрига сафардан бошланаётгани ҳам рамзий ахамиятга эга. Хуллас, амалларимиз хайрли якун топгай...
@abrorpirmuhammad
Кеча машғулотни вақтлироқ тугатиб, бош мураббийимиз Мирко Австралия учун, биз эса ёшларимизга мухлислик қилиш учун тарқалишгандик.
Бугун тағин машғулотга йиғилдик. Бош мураббий ўз юртдошлари мағлубияти аламини шогирдларидан олишга қарор қилди шекилли, машғулот анча узоқ ва юкламага бой бўлди.
Машғулотдан кейин ҳaм ЖЧ га чиққан қахрамонлар хақидаги сухбат анча давом этди...
@abrorpirmuhammad
Турфа илмий конференцияларда иштирок этарканман, бизнинг илм аҳли учун айнан тил, инглиз тилини мукаммал билмаслик олға интилишдаги асосий ғов эканига ҳар гал амин бўламан. Шунинг учун ҳам аксар олимларимиз малака ошириш ва илмий анжуманлар масаласида Рус ўлкасидан нарига ўта олишлари амри маҳол. Ўхшатиш жоиз бўлса уммонга чиқмайдиган денгиз билан чегараланиб қолишади.
Қиссадан ҳисса: Азиз ёшлар! Қайси соҳа вакили бўлишни орзу қилманг, келажакда юқори марраларга эришишни истасангиз, ёшликданоқ тил ўрганиш – биринчи галдаги мақсадлардан бўлиши шарт!
@abrorpirmuhammad
Бундан роппа-роса 11 йил аввал МТЖ билан Ж. Кореядан Япония сари отлангандик. Тўсатдан авж олган шамоллаш деярли ярим жамоани сафдан чиқаргани боис расмий ўйин олди машғулотигача майдонга бормаганимиз кечагидек ёдимда...
Тарихий ғалабадан сўнг меҳмонхона томон қайтарканмиз, автобусимиз анча масофагача тирбандлик сабаб имиллаб юрарди. Ўзлари кетаётган махсус автобусдан биз томон мўлтираб қараганча, узоқ қарсак чалиб турган мактаб ёшидаги мухлислар ҳали ҳамон кўз ўнгимда.
Ўшанда жамоа орасида: Айни дамда бизнинг шум болалар қарсак ўрнида қандай нағмалар қилган бўлишарди? – деган мавзуда суҳбат борарди...
@abrorpirmuhammad
Сенинг қийматинг неча кг. вазнга эга эканинг билан эмас, балки мутолаа қилган китобларинг сони билан белгиланади. (Япониядаги ҳайкал)
@abrorpirmuhammad
Бундан 540 йил муқаддам, айнан 14-февраль куни шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд торган кун. Бир вақтнинг ўзида иқтидорли саркарда ҳамда истеъдодли шоир бўла олган, шунингдек бу хусусияти унинг авлодларида акс этган буюк бобокалонимиздан бизгача бой тарих ва ўлмас алдабиёт етиб келган.
Ким кўрубдур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиғ?
Кимки, ондин яхши йўқ, кўз тутма ондин яхшилиғ!
...Эй кўнгул, чун яхшидин кўрдунг ямонлиқ асру кўп,
Эмди кўз тутмақ не, яъни ҳар ямондин яхшилиғ?
...Бори элга яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ —
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ!
@abrorpirmuhammad
Мутолаа қилган илк асарим – Лидия Батьнинг "Ҳаёт бўстони" бўлган. Падари бузрукворимнинг тавсиялари ила ўқиганим – ушбу китоб шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг ҳаёт бўстони ҳақида сўзловчи гўзал асарлардан биридир.
Ҳар гал 9-феврал куни мутафаккир шоирни ёд олганимда мазкур асар ва уни қизиқиш-ла мутолаа қилганим ёдимга тушаверади.
@abrorpirmuhammad
Антальяда ўқув-машғулоти ўтаётган жамоа аъзоларининг яқинларига йўллаган эрталабки хабарлари бир хил кўриниш олгани аниқ:
“Бугун эрта тонгда бизда Ер қимирлади. Тахминан 4 балл дейишмоқда. Истанбулда талофатлар жиддийроқ экан. Ер қимирлаганда ўрнимиз яхшигина чайқалди, эшик-деразалар ғичирлади. Аммо ваҳима бўлгани йўқ. Чунки икки маҳал машғулот ўтаётган футболчиларнинг аксари 8 баллик Ер силкинишида ҳам уйғонмаслиги тайин.
Денгизга бот-бот қараб қўйяпмиз. Каттароқ тўлқин келиб қолмасин деб. Ҳозирча тинчлик, лекин ҳар эҳтимолга қарши эрталабки соҳил бўйи сайрни бекор қилдик.
Хуллас, хавотир олманглар. У-бу гап бўлса дарҳол хабар топасиз. Чунки юртимизнинг 14та жамоаси билан бирга "Championat.asia" сайти ходимлари ҳам шу ерда.”
@abrorpirmuhammad
Ҳар қандай мавқедаги футбол клуби бўлмасин, фақат зеҳнли, тафаккури кенг ва узоқни кўра оладиган раҳбаргина жамоани оила сифатида шакллантира олади, уни юксак марралар сари етаклайди.
Шу ўринда, жамоаларимиз орасида бу йил қилинган энг зўр "трансфер"ни "Андижон" футбол клуби – Улуғбек Мирзаев мисолида амалга оширди, деб ўйлайман.
Айнан ушбу мутахассис раҳбарлигида ва Хомяков мураббийлиги остида, жонкуяр ишқибозларга эга "Андижон" жамоаси ўзининг янги – шонли тарихини яратишига тилакдошман.
@abrorpirmuhammad
Анталиядаги истиқомат қилаётган меҳмонхонамизда ўқув-машғулот йиғини ўтаётган жамоалар қаторида "Локо" ва "Нефтчи" бор эди. Бугун "Насаф" ҳам келиб қўшилди.
Бир меҳмонхонада учта ўзбек жамоаси... Йиғин янада завқлироқ давом этадиган кўринади.
@abrorpirmuhammad
Қишки ўқув-машғулот йиғини учун ҳар гал Туркияга келарканмиз, биргина Анталия шаҳрининг Ўртаер денгизи соҳилларида мингга яқин 5 юлдузли меҳмонхоналар мавжудлиги, уларнинг учдан бири сайёҳлик мавсуми бўлмаган даврда ҳам тўлиқ фаолият юритиши-ю, уларнинг аксарида юзлаб футбол жамоалари истиқомат қилиши хақида беихтиёр ўйлаб қоламан.
Сайёҳлик тизими борасида Турк қардошларимизга ҳавас қиладиган жиҳатлар талайгина.
@abrorpirmuhammad
Ассоциациянинг тиниб-тинчимаган ходимлари қахратон қишнинг изғирин тунида ҳам қалам-қоғоз кўтариб, қор қоплаган майдонда бир нималар қилиб юришибди...
@abrorpirmuhammad
Ҳар баҳор ўрик гуллаганида Япониядаги сакура боғи ва илк ёд олган шеърим ёдимга тушаверади.
Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади.
Новдаларни безаб ғунчалар
Тонгда айтди ҳаёт отини,
Ва шаббода қурғур илк саҳар
Олиб кетди гулнинг тотини.
Ҳар баҳорда шу бўлар такрор,
Ҳар баҳор ҳам шундай ўтади,
Қанча тиришсам ҳам у беор
Еллар мени алдаб кетади.
Майли дейман ва қилмайман ғаш,
Хаёлимни гулга ўрайман;
Ҳар баҳорга чиққанда яккаш,
Бахтим борми, дея сўрайман.
Юзларимни силаб, сийпалаб,
Бахтинг бор, деб эсади еллар.
Этган каби гўё бир талаб
Бахтинг бор, деб қушлар чийиллар...
Ҳамма нарса мени қаршилар
Ҳар бир куртак менга сўйлар роз,
Мен юрганда боғларга тўлар
Фақат бахтни мақтаган овоз:
“Мана сенга олам-олам гул,
Этагингга сиққанича ол,
Бунда толе ҳар нарсадан мўл,
То ўлгунча шу ўлкада қол.
Умрида ҳеч гул кўрмай, йиғлаб
Ўтганларнинг ҳаққи ҳам сенда,
Ҳар баҳорни йиғлаб қаршилаб
Кетганларнинг ҳаққи ҳам сенда...”
Деразамнинг олдида бир туп
Ўрик оппоқ бўлиб гуллади...
@abrorpirmuhammad
Момақалдироқ гумбурлаганда!
Машғулот тўхтади ва жамоа кийиниш хонасига кирди:
– Чемпионлик ва ЖЧга чиқиш (U-20), Наврўз, Рамазон ҳамда Ер силкинишлари. Бу йилги баҳорнинг илк ойи байрам ва ҳадиклар ила бошланди, – суҳбатни бошлади жамоамиз масажжисти Волошин.
– Айтганча, Ер қимирлаган маҳал истиқомат қиладиган кўп қаватли уйдан зудлик билан кўчага отилдим, – гапга аралашди Ислом Қобилов.
– Биринчи бўлиб ўзингиз чиқибсиз-да!? – сўради жамоадоши.
– Аввалига мен ҳам энг тез ҳаракат қилган ўзим бўлсам керак, деб ўйлагандим. Ташқарига чиққанимда мендан бошқа барча қўшниларим аллақачон кўчада туришган экан, – жавоб қилди Ислом.
– Ҳаммаси аён..! – мураббийга жўр бўлишди хонадагилар, – Майдонда шундай бўлиб чиқмаса бўлгани!
Жамоа қўрғонининг асосий ҳимоячиси ҳазил-мутойиба мавзусига айланди.
@abrorpirmuhammad
Шунчаки қойил. Давомли байрам кунларини бошлаб берган байрам. Бу йилги Наврўзга ўзгача шукуҳ бағишлаган кун!
Бутун Ўзбекистон, ҳар бир оила ҳаяжон билан кузатган ўйин, мамлакат раҳбари билан биргаликда кубокни кўтаришган қаҳрамонлар. Баракалла!
(Ироқлик ҳамкасбим табриклаб йўллаган сурат)
@abrorpirmuhammad
Сафардаги муҳим ўйин аввалидаги кун – суратдаги каби ўтди.
Ёшларимизга мухлислик қилган ўзбек ишқибозлари учун ушбу кунлар хақиқий байрам: Наврўз байрами аввалидаги футбол байрами бўлди...
@abrorpirmuhammad
Сафардан қайтаётиб, навбатдаги учоқни кутиш асносида бир муддат Истанбул аэропортида қолишимга тўғри келди. Вақтни "тамадди ва ҳордиқ ҳудуди"да ўтказишга қарор қилдим... Қўшни стол атрофидаги кекса йўловчилар диққатимни тортди, суҳбатга киришдим...
Хуллас, АҚШнинг Пенсильвания штатидан бўлган мўйсафидларнинг бири 92, иккинчиси 90 ёшда бўлиб, Яқин Шарқ минтақасидаги қатор шаҳарларни саёҳат қилиб келишаётган экан.
Улар гурунг беришича, бундан роппа-роса 50 йил муқаддам икковлон ўз маъшуқалари билан айни шу йўналиш бўйича кезишган экан. Энди эса икки оғайни ёшликни эслаб, қатор шаҳарларда меҳмон бўлиб қайтишаётган экан...
Кекса сайёҳлар билан хайрлашарканман, Яратган барчамизга уларнинг ёшида ҳам дунё кезиш учун соғлик, қувват ва имкон беришини тиладим ва суратга тушиб олдим.
@abrorpirmuhammad
Сокинлик ва ҳашамат уйғунлашган эртакнамо араб диёри – Қатарга меҳрим бўлакча. Бу ўлкада қатор мусобақаларда иштирок этганман, дунёга машҳур "Aspetar" спорт тиббиёти академиясида ўқиганман, малака оширганман.
Тақдир тақазоси билан тағин шу макондаман. Футбол тиббиётига оид сўнгги изланишларни, амалий кўникмаларни янгилаб олиш учун қулай фурсат.
Спорт шаҳри Доҳадаги таассуротлар – хар гал илк маротаба каби ёрқин!
@abrorpirmuhammad
Ҳаётда уч нарса ҳеч қачон ортга қайтмайди – вақт, сўз, имконият.
Шунинг учун: вақтни беҳудага сарфлама, сўзингни ўйлаб гапир, икониятни бой берма.
Конфуций
@abrorpirmuhammad
Аксар жамоалар Туркия йиғинини тугатиб, уйга қайтишни бошлашди. Уларнинг ушбу яқин кунларда клуб аъзолари ва яқинларидан эшитадиган жумлалари бир хил бўлиши аниқ: "Яхши дам олиб келдингизми?"
Футбол атрофидагилар майли, алоқадорларининг ҳам аксар қисми, чет эл йиғинлари жамоаларнинг дам олиб келишлари учун ташкил этилади, деб ўйлашади.
@abrorpirmuhammad
Парвоз давомида беихтиёр борлиқ, коинот, чексизлик ҳақида хаёл сурасан киши...
@abrorpirmuhammad
1789 йилда, Усмонли турклар султони Салим III қароргоҳидаги маросим тасвирлаб қолдирилган қадим сурат нусхаси экан.
Йўлбошловчининг айтишича, тасвирдаги дарахт – суратнинг ўнг томонида кўриниш бериб турган, асоси ғовакка айланиб улгурган кекса дарахтнинг ўзгинаси эмиш...
– Наҳотки шунча йилдан буён бунинг ўрнига арча экадиган одам топилмаган бўлса..? – сўради ҳамроҳим ва суҳбат анчагина давом этди...
@abrorpirmuhammad
Малайзиялик ҳамкасбим паспортининг илк бетидаги жумла диққатимни тортди:
"Ушбу паспорт Исроилдан ташқари барча давлатлар учун амал қилади"
Машғулотдан сўнг оёқдаги чарчоқ аломатларини ечиш учун денгиз сувига кирган "Локо" футболчилари & Бу ҳолатга беэътибор, пинагини ҳам бузмаган ҳолда денгиз бўйида дам олаётган олапар...
@abrorpirmuhammad
Футбол оиламизнинг бир аъзоси – Сайриддин Гаффаров оғир касаллик гирдобида. Кечагина кучга тўлa гавдасини бугун тиклашга, ҳатто сўзлашга мадори етмаётган футболчи ёрдамга жуда муҳтож.
4073 4200 7787 3325 Гаффаров С.
8600 0609 6678 9944 Комилова Н.
Бундай совуқ иқлимда очиқ ҳавода жисмоний юклама олиш соғликка зарар етказувчи бир неча омилларга сабаб бўлиши мумкин. Шундан энг асосийси ўпка яллиғланишидир.
Паст ҳароратда инсон фақат бурун орқали, вазмин нафас олиши керакки, бунда бурундан ўтаётган ҳаво оқими ўпкага етгунига қадар бир қадар илиб боради. Жисмоний юкламада эса спортчи беихтиёр оғиз орқали, боз устига ўпкасини тўлдириб нафас олишга мажбур бўлади. Натижада ўпкани шамоллатиб қўйиш хавфи кескин ортади.
Қолаверса, терлаб совуқ қотиш – асоратларга бой тиббий муаммоларнинг пойдеворидир.
Шу боис аномал совуқ ҳаво оқими юртимизни тарк этмагунига қадар очиқ ҳавода югурмаслик, майдонда машғулот ўтказмаслик, балки усти ёпиқ залларда шуғулланиш тавсия этилади.
@abrorpirmuhammad