Турли хил микроблар макони бўлмиш оғиз бўшлиғидаги тишларни тозаларканмиз, тиш чўткасида ҳам ўша микроблар қолиши тайин; шунчаки сув оқизганингиз билан улар ёппасига тиш чўткасини тарк этмаслиги ҳам аниқ. Шу сабабли, ҳар гал тишингизни тозалаганда оғиз бўшлиғига тағин қолдиқ микробларни қайта олиб кирмаслик учун оддийгина усуллардан фойдаланиб тиш чўткангизни самарали тозалаб қўйинг.
Демак, тиш чўткангизни ҳар гал ишлатганингиздан сўнг уни албатта совунлаб, яхшироғи хўжалик совунида ишқаб, кўпиртириб, сўнгра ювиб ташланг. Яна, тиш чўткасини қуруқ ҳолда ушлаш; уни ювиб, сувда чайгач, стаканга солинган “чайный сода”га ботириб қўйиш ҳам унда микроблар ривожланмаслигининг гаровидир.
Яна, ота-оналар, шахсий тиш чўткангизни болаларингиз тиш чўткалари билан бир стаканда ушламанг, токи “қария микроблар”ингиз ёш болангиз организмига ўтиш хавфи юзага келмасин.
@abrorpirmuhammad
"Виталий Денисов "Локомотив"га ўтганмуш" - деб ҳали-ҳануз гумонда юрганлар. У "Локомотив" билан битта меҳмонхонада ўқув-машғулот йиғинини ўтмоқда.
@abrorpirmuhammad
Ажойиб инсон, дарвозабонларнинг моҳир мураббийи Иванков Денис Александрович китобда тасвирланган ҳикояларни у́қиганлардан эшитиб, у́зи ҳам қиссани мутолаа қилгандай таассурот олгани ҳақида айтиб берди.
@abrorpirmuhammad
Нима учун сувни турган ҳолатда ичмаслик керак?! Бир қарашда оддий туюлса-да, муқаддас динимизда аллақачонлар битиб қўйилган – сувни ўтирган ҳолда ичиш амали бугунги кунда тиббий исботини топиб улгурган.
Сувни ўтирган ҳолатда секин ва қултумлаб ичганда у ошқозонда бир муддат ушланиб қолади ҳамда у ердаги кистоталик муҳитини бироз нейтраллаш баробарида йиғилиб қолган токсин ва микробларни ювиб кетишга сабабчи бўлади. Тик турганда эса аксинча, ичган сувимиз меъдада ушланмай тўғридан тўғри ичакларга ўтиб кетади.
Тик турган ҳолатда буйракларнинг фильтр вазифаси ёпилади ва ичилган сув тўғри сийдик қопига йўналади ва турли чўкинмалар йиғилишига олиб келади. Ўтирган ҳолатда ичилган суюқлик эса етарли миқдорда буйракларимизда фильтрланиб ўтади.
Суннат қилинган ушбу амалнинг биз билган-билмаган яна бир неча фойдали томонларини санамоқчи эмасман, асосийси, динимизда буюрилган ҳар бир амал соғлигингиз учун фақат ва фақат фойда эканлигини англаб етсангиз бўлгани.
@abrorpirmuhammad
Масъуллигим сабаб “база”миз ошхонасида барвақт пайдо бўламан. Бош мураббийимиз биринчи бўлиб нонуштага тушади. Ҳамкасблар келгунига қадар икки "чала инглиз"лар бироз суҳбат қурамиз. Бугунги гурунгдан парча:
– Сизда мураббийлар, билмадим, қаерда малака оширишади-ю, аммо мендан маслаҳат сўрашганида, албатта, Порто Спорт Университетини (FCDEF) тавсия қилган бўлардим.
– Нега айнан ўша даргоҳ?
– Чунки ўша университетнинг "Спорт илми ва жисмоний тарбия" факультетида VÍTOR FRADE – футбол соҳасидаги Европанинг машҳур мутахассиси фаолият юритади. Унинг қўл остида кўплаб номдор мураббийлар таҳсил олишган; у яратган машғулот ва ўйинлар методикасини қўллаб Жозе Моуринью, Андре Виллас-Боаш, Витор Перейра каби кўплаб португалиялик мураббийлар юқори марраларга эришишган. Ҳозир ҳам кўплаб етакчи мураббийлар айнан ўша мутахассис мактабини кўрган мураббийларни ассистент қилиб олишни хоҳлашади...
Қизиқувчи мураббийлар бу́лса, ушбу мутахассис ва унинг методикаси ҳақида интернетдан билиб олишлари мумкин.
@abrorpirmuhammad
Айнан ушбу кун, 2015 йил Австралияда бўлиб ўтган Осиё Кубогида гуруҳ босқичининг ҳал қилувчи баҳсида, Мельбурн шаҳрида Саудия Арабистони терма жамоасига қарши ўйин ўтказгандик. Бизни фақат ва фақат ғалаба қониқтирарди холос. Акс ҳолда... ўйлаш ҳам қўрқинчли эди.
Кечагидек ёдимда: кийиниш хонасида ҳаяжон, руҳий босим, қисқаси, асабий ҳолат ҳукмрон эди. Ўйинга чиқишдан олдин бош мураббий нотиқларга хос баланд ва аниқ оҳангда шундай сўзларни айтганди: “Йигитлар! Жангчилар! Бугун майдонга устоз сифатида менинг шаъним учун эмас, меҳнат ила топган ўзингизнинг шаънингиз учун ҳам эмас, балки қаерда бўлмасин сизни бугун юрагини ҳовучлаб кузатиб турувчи ота-онангиз шаънию ишончи учун, сизга оқ фотиҳа берган биринчи устозингиз ҳаққи-ҳурмати учун, Ватан шаъни ҳимояси учун майдонга тушамиз! Ортга йўл йўқ! Олға йигитлар!
Майдонга чиққанимизда мухлисларимизнинг “Умри, но победи!” ёзувли банерини кўргач йигитлар ҳақиқатдан ҳам ортга йўл йўқлигини англаб етишганди.
@abrorpirmuhammad
Бош мураббий Микаэль Секейранинг нонушта маҳалидаги суҳбатидан:
“Кеча онам билан телефон орқали суҳбатлашдим. Анча кўникиб қолдингми болам, қандай юртлар экан? деб сўрадилар. Мен уларга ҳаммаси жойида эканини айтиб, менга Ўзбекистон жуда ёққанини шунчалар берилиб гапирдимки, ҳаваслари келиб эшитиб турдилар...
Бу ерга келишимдан бироз аввал ўртоғим билан учрашиб қолдим. У мендан қаерга отланаётганимни сўради. Ўзбекистон клубидан таклиф тушганини айтганимда аслида тарихчи дўстим бу мамлакатда бўлганини, ажойиб юрт ва меҳмондўст халқ эканини илиқ таассуротлар-ла сўзлаб берди; совға қилинган миллий кийимингиз (чопон) билан тушган расмини ҳам кўрсатди. Мана, юртингизни ўз кўзим билан кўриб, ўртоғимнинг сўзлари рост эканига ишонч ҳосил қилдим. Португалияликлар юртингиз ҳақида деярли эшитишмаган. Билишганида, ишонинг, жуда кўпчилиги саёҳат учун шу ерни танлашарди. Бу фикримни ватандош дўстларимга ҳам айтиб бўлдим; роса қизиқиб қолишди...”
@abrorpirmuhammad
Саломатлигимиз учун у́та фойдали, аммо у́зимиз, айниқса фарзандларимиз ку́п ҳам иштиёқ билан истеъмол қилмайдиган шолғом ҳақида икки оғиз.
"Корона" эпидемияси маҳали "С витамини ку́п экан" деб лимонни осмон нархларда роса-а харид қилдик. Аммо лимонга нисбатан у́ша С витаминига бойроқ, шамоллашнинг барча белгиларига қарши курашувчи муҳим элементлар ушлайдиган шолғомни ҳадеганда харид қилавермаймиз. Чунки "Пепси"га у́хшаб деҳқон бечора шолғомни реклама қилиб чиқмайди-да.
Шифокорлик маслаҳатим шу, азизлар, хоҳ суюқ овқатга солиб, хоҳ у́зини буғда пишириб шолғомни оилангиз аьзоларига, айниқса фарзандларингизга едираверинг. У нафақат шамоллашга қарши яхши восита, балки турли микроэлемент ва витаминларга бой шолғом суяк, тиш, соч ва тирноқ мустаҳкамлигини таъминлайди, ичак фаолиятини нормаллаштиради, уни тозалайди (озиш учун зу́р восита).
Хуллас, соғлом юрай десангиз кони фойда саналувчи, бозорларимизда арзон ва му́л бу́лган шолғомни оилангиз таомномасига қатъий киритиб қу́яверинг.
@abrorpirmuhammad
Йиғинни ҳам бошлай деб турибмиз. Янги бош мураббий ҳам етиб келди. Энди тиббий ку́рик (су́нгра табиий ку́рик).
Қай футболчининг қайси жамоа билан шартнома тузганини билмадиму, у́тган мавсум "Пахтакор" таркибида бу́лган икки ва "Бунёдкор"да ту́п сурган уч ту́птепар биз билан мавсум олди тиббий ку́рикдан у́тишга ҳозирлангани бор гап.
Қай жамоа томон йу́л олишмасин барча футболчилар унумли йиғин у́тиб, соғ-саломат чемпионат бошланишига етиб олишларига тилакдошман.
Барчамизга омад!
@abrorpirmuhammad
Футбол оламига кирганимдан буён, мана бугун – ўн беш йил деганда биринчи марта шукрона кунимда оилам даврасида бу́лдим. Ўзингга шукур.
Табриклаган барча-барчага эътибор ва тилаклар учун ташаккур.
@abrorpirmuhammad
2011 йил 7-январь куни Осиё кубоги доирасида мезбон Қатарни мағлуб этганимиз ёқимли хотира. Аммо, ўша куни яна бир нохуш ҳодиса рўй берганди: Ўйиндан бир кун олдин, истиқомат қилаётганимиз – “Intercontinental” меҳмонхонаси бош ошпази билан эртанги кун таомномасини таҳлил қила туриб, ўйин куни биз учун жуда муҳимлиги; эртанги тушликда бошқа емаклар баробарида асосий урғуни товуқ ва спагеттига қаратишини сўраб, уни қандай тайёрлаган маъқуллиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтдим.
Ўйин куни жамоа тушликка кириб келганида ошхонанинг “шведча” – умумий столида биринчи овқатдан ташқари фақатгина товуқ ва макарон турарди; бошка хеч нима йу́қ эди. Бош ошпаз мен айтган “урғу” сўзини “фақат” деб тушунган экан.
Хуллас, ярим оч жамоа ярим асабий ҳолда ўйинга тайёрланди, хунобим чиқиб тушликсиз қолган камина эса бу вазиятни фақат ғалаба силлиқлашини билиб, Яратгандан илтижо қилиб тургандим ўшанда.
@abrorpirmuhammad
Қишги таътилдан сўнг йиғилган жамоалар у́з йиғинлари олдидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишни бошлашди. Ўтган даврдан фарқли ўлароқ, ушбу тиббий текширувларни эндиликда барча клублар анча йиллардан буён асосли ва жиддий сабабларга кўра деярли барча жамоаларнинг норизолигига сабаб бўлаётган, футболчилар орасида “олимпийский центр” деб аталувчи тиббий марказда эмас, балки, футболчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш учун етарли шароит ярата олган истаган тиббий муассасада ўтишлари мумкин. Футбол клубларининг ўринли эътироз ва таклифларини эътиборга олган ПФЛ шундай – айни вақтдаги тўғри қарорни қабул қилди. Шу ўринда мутахассислардан иборат махсус ҳайъат, футболчилар ўтиши лозим бўлган мажбурий текширувлар ва уларни амалга ошириш шароити таъминланган тиббий муассасалар ҳақида клубларга маълумот берган.
Талаб қилинаётган шароитлар яратилгани, чўнтакбоп нарх ва сифатли хизмат таклиф қилиб, ҳамкасбларимга баьзи клиникалардан мурожаат қилишаётганидан хабарим бор. Бу яхши, монополия тугади; ўйлайманки, рақобат ортидан айрим етакчи тиббий муассасаларимизда ҳам спорт тиббиёти ривожига туртки бўлувчи жабҳалар ривожланишни бошлайди; биз клуб шифокорлари эса ушбу вазиятда уларнинг тўғри йўналиш олишларига кўмаклашиш баробарида барча ёшдаги футболчиларнинг сифатли тиббий кўрикдан ўтиб олишлари, зарур бўлганда даво ва реабилитация учун шароит яратишларини қу́ллаб-қувватлашимиз даркор.
@abrorpirmuhammad
Жамомизга тайинланиши анча аввалроқ маълум бўлган янги мураббийнинг дийдорини ҳали кўрганимиз йўқ. Аммо ундан ғойибона тарзда (интернет орқали Лиссабондан) етарли топшириқлар олиб улгурдик: Биринчи кунданоқ футболчилар танасидаги ёғ миқдорини текшириб, ортиқча бўлса чора кўрармуш; Паловхонтўрани жамоа учун бутунлай ёт таомга айлантирармуш; Яна, юртимизга келиши биланоқ раҳбарлар билан учрашишдан ҳам аввал илк суҳбатни жамоа шифокори – камина билан ўтказармуш...
Испанлар билан ака-ука миллат бўлса-да, поргугалиялик бўлажак мураббийимиз уларнинг ярим тунда “ужин” қилиш одатини юқтириб олмаган бўлса бўлгани...
Бизга ва унга омад!
@abrorpirmuhammad
Агарда ўттизга кирмай ўтин, қирққа кирмай қоринбой бўлишни истамасангиз, эрталабки нонушта-ю, белгиланган тушликни битта қилиб, уйдаги “ужин”га қўшиб тановул қилиш одатидан бутунлай воз кечинг!
Ёдда тутинг, сиз иштаҳа билан тановул қилаётган таом организмингиз учун зарар эмас, фақат фойда келтиришини истасангиз, ҳеч қачон ту́йиб (бўкиб) еманг. Кун давомида бир неча маротаба емак ейишингиз мумкин, аммо кам-камдан енг.
Ибн Сино бобомизнинг “Овқатланганда ошқозоннинг учдан бир қисми таом, бир қисми сув билан тўлса, яна бир қисми ҳаво учун қолиши керак” деган гапларини ва емакдан аввал “Бисмиллаҳ”ни унутмасангиз саломатликдаги марра сизники.
@abrorpirmuhammad
Туркиянинг Анталиясида айни дамда об-ҳавонинг, ҳатто мушукларнинг ҳам авзойи бузуқ.
@abrorpirmuhammad
Нью Деҳли шаҳрида АФКнинг ўқув семинари давомида бирор кун Аграга боришни режа қилгандим. Сайёҳлик фирмасига интернетдан “люкс саёҳат" учун буюртма берган каминадан ташқари Белгия, АҚШ ва Гонг-Конг фуқаролари бор экан.
Тож Маҳал мажмуаси б-н танишув баробарида биз учун ажратилган маҳаллий йўлбошловчи ёдлаб олган маълумотларини тўтиқушдай такрорларди. Тож Маҳалнинг икки ёнидаги ҳашаматли, деярли сайёҳлардан холи масжидларни зиёрат қилгач, уларнинг қаровсиздай аҳволда эканидан кайфиятим тушиб "гид"имиздан бунинг сабабини сўраган эдим, у шунақанги тарихни бошладики тепа сочим тикка бўлди. Унга қўйиб берса бу мажмуани ҳиндлар қургану, уларга будлар ёрдам берган...Хунобим чиқди; ташкилотчига бу йўлбошловчида бошқа ҳожатимиз йўқлигини айтиб, ҳамроҳларимга асл тарихни ўзим сўзлаб бергандим ўшанда.
Қалбига ислом маърифати-ю, динимиздаги аёлни эъзозлаш фазилати сингган аждодларгина бунёд эта олиши мумкин бундай мўжизаларни!
Менинг йўлбошловчилигимдан сўнг, ҳамроҳларим юртимизга қизиқиб қолишганди.
@abrorpirmuhammad
Кейинги икки кунда ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Кеча эрталабданоқ – нонушта маҳали машғулотни майдонда ўтказиш ёки ўтказмаслик масаласи муҳокама қилинди. Бош мураббий барча ёрдамчиларининг фикрини сўради. Ёрдамчи мураббийлар кам вақт бўлса ҳам майдонда машғулот ўтишни ёқлашган бўлса, камина бунга қарши фикр билдирдим; майдондаги машғулот бекор қилиниб, машқлар “тренажёр” ва “зал”га кўчирилди.
Бугунга белгиланган “Металлург” жамоаси билан ўйиннинг тақдири ҳам худди шу сценарийда ҳал бўлди. “Шунчаки қор эмас, балки аввалига ёққан ёмғир аралаш қор билан жуда совуқ ҳароратда музлаган майдонда тўп суришдан ҳеч қандай наф йўқлиги, аксинча фақат жароҳат орттириб олишимиз эҳтимоли юқорилиги ҳақидаги фикримни Микаэль Секейра тўғри тушунди.
Европалик мураббийларнинг мавридида шифокор фикрини тинглаши, унинг ўринли маслаҳатини барча ёрдамчи мураббийларининг мужассам фикридан ҳам устун қўя олишини ҳурмат қиламан.
@abrorpirmuhammad
"Локомотив"нинг бугунги машғулоти очиқ бўлади деб эшитган журналистлар! Стадионга келиб овора бу́либ юрманг. Об-ҳавонинг инжиклиқлари сабаб майдондаги машғулот бекор қилинди.
@abrorpirmuhammad
Азиз ёшлар! Спорт соҳасида Месси каби юқори марраларга эришай десангиз, у реклама қилувчи турли-туман картошка чипсларию яна шунга ўхшаш қовуриб қадоқланган алламбало емакларни зинҳор танаввул қилманг. Мессининг ўзи ҳам уни емаслигига юз фоиз ишончим комил; ўша гап – реклама, пул.
Аслида картошка фойдали сабзавот, аммо қовуриб қадоқлаш ва узоқ сақлаш технологияси уни соғлик учун энг зарарли маҳсулотга айлантиради. Бундай чипслар нафақат семизликка олиб келади, балки юрак-қон томир тизимида жиддий муаммоларни юзага келтирибгина қолмай, танамиздаги ҳужайраларга концероген таъсир кўрсатади. Билиб туриб ушбу “тиббий муаммоларнинг қадоқланган гулдастаси”ни пулга сотиб олиш учун.., билмадим...
Футбол кўраётганда шундай емакларни эрмак қилиб ўтиришни шунчалар одат қилиб улгурган бўлсангиз энг яхшиси ўзингиз уйда обинондан “сухарик” тайёрлатинг ёки тузи паст қурутдан кўпроқ олиб қўйинг.
@abrorpirmuhammad
Abror Pir Muhammad & Futbol Tibbiyoti
Телеграм саҳифамдаги футбол тиббиётига оид фойдали ва қизиқарли маълумотлар борасида туркум кўрсатувлар тайёрлашни таклиф қилишди. Спорт телеканали билан ҳамкорликда шу ишга қўл урдик. Биринчи қисми эфирга узатилди. Ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиб боришингиз мумкин.
https://youtu.be/jks4WTE7Pr8
@abrorpirmuhammad
Баданимиз териси учун бирор зарар етказмай етарлича тозаловчи, боз устига майда яра-чақалар тузалишига ку́маклашувчи; яллиғланиш ва аллергик ҳолатларни су́ндирувчи ажойиб восита – у́зимизнинг ху́жалик совуни ҳисобланади. Таркибидаги ишқорий муҳит шарофати ила у билан ювилган терида на инфекция ку́паяди ва на бирор касаллик юзага келиши мумкин. (Атир совун ва "гель"да кислоталик муҳит юқори...)
Нимани қу́ллаш у́зингизга ҳавола, аммо соғлигингиз учун фақат фойдани ку́зловчи каминанинг су́зига кирсангиз ҳеч бўлмаганда таҳорат олганда ху́жалик совунини ишлатинг. Уй бекалари, илтимос, ақалли болангизни чу́милтирганда ва ички кийимларини ювганда шу совундан фойдаланинг.
@abrorpirmuhammad
Italiya deganda Kolizey endi,
Eldor nomidan sòng eslanar bo'ldi.
Bochelli kuylaganda òzbegim ko'ngli,
Maqomlar eshitganday zavqlarga to'ldi.
"Jenoa", "Yuventus"mi endi baribir,
Sen biz uchun "Maksimus"day qahramon.
O'zing bor, Ronal'do ham bizga naridir,
Bilginki, muxlislaring madadkor har on!
- - - - - - - - - - - - - - - - - -
Италия деганда Колизей энди,
Элдор номидан су́нг эсланар бу́лди.
Бочелли куйлаганда у́збегим ку́нгли,
Мақомлар эшитгандай завқларга ту́лди.
"Женоа", "Ювентус"ми энди барибир,
Сен биз учун "Максимус"дай қаҳрамон.
У́зинг бор, Рональдо ҳам бизга наридир,
Билгинки мухлисларинг мададкор ҳар он!
@abrorpirmuhammad
Кунни эрталаб илиқ сув ичишдан бошлашни одат қилиб улгурдингиз деган умиддаман. Энди эса, уйқу олдидан ҳам шу одатни такрорлашингиз мумкин.
Ухлашдан аввал бир стакан илиқ сув ичиш организмингиз учун фойдали. Тунда ҳам инсон нафас олиш ва терлаш орқали кўп сув йўқотади. Ичилган сув туни билан танангиздаги сув балансини ушлаб туришга ёрдамлашади, токсинларнинг ичак деворларига ёпишиб қолишига тўсқинлик қилади; қоннинг суюқ ҳолда қолишига кўмаклашади ва бу билан юрак хуружларининг олдини олади (истисно: буйрак касалликларида).Агарда сиз ётишдан олдин бироз суюлтириб қатиқ истеъмол қилишни одат қилган бўлсангиз, бу ҳам бўлаверади.
Илиқ сувни меъёрида билиб истеъмол қилиш танангиз соғлом ва тетик бўлишида асосий омилдир.
@abrorpirmuhammad
Боласини футбол билан шуғуллантираётган ота-оналар ва тўп тепмасдан тура олмайдиган ҳаваскорлар! Сиз бораётган сунъий қопламали футбол майдонларининг аксарида ечиниш ва ювиниш хоналарининг йўқлиги бор гап. Машғулотга кийиниб тайёр ҳолда келарсиз, балки фарзандингизни майдон у́тирғичида ёки машинангизда кийинтирарсиз ҳам. Аммо сиздан битта илтимос, фарзандингиз бирор тиббий муаммога йўлиқмаслигини истасангиз, “иссиққина мошинада тезда уйга етиб оламиз”, демасдан, машғулот тугагач иссиқ хона ёки машинангизда болангизнинг кийимларини, ҳеч бўлмаганда ички кийимларини алмаштириб олишга эринманг. Хоҳ иссиқ, хоҳ совуқ кунлар бўлмасин шу нарсани албатта одат қилинг! Бу орқали ўзингиз ва фарзандингизни, юзага келиши мумкин бўлган а-анча тиббий муаммолардан асраб қолган бўласиз.
@abrorpirmuhammad
Умрининг сўнгги кунларини яшаётган тиб илмининг отаси Ибн Синодан беморлари сўрашибди: – Эй табобат султони, бу оламдан ўтсангиз биз дардимизга шифони қаердан оламиз? – Мен ўрнимга қатиқни қолдиряпман, – деган экан Ибн Сино.
Қатиқнинг фойдали хусусиятларини яна бир бор такрорлашдан эринмайман: у ичакларни токсинлардан халос этиб бу орқали организмни тозалайди; қатиқ кальцийга бой бўлиб у болаларда суякларнинг тўғри ривожланишига кўмаклашса, катталарда остеопороз хавфининг олдини олади; унинг таркибидаги К2 витамини юрак ва қон томирлар фаолияти учун ўта фойдали; қатиқнинг саратон касаллигига тўсқинлик қилиши исботланган; турли аллергик ҳолатлардан қутқаради; у жигар ва ичаклар фаолиятини меъёрлаштириб иммун тизимга далда бўлади.
Хуллас, саломатлигингиз ўзингиз учун қадрли бўлса "табиий табиб" – қатиқ ҳақида унутиб қўйманг!
@abrorpirmuhammad
Янги йилни байрам қилиб "кола-ю пепси"дан тўйган болажонлару, турли-туман ичимликлар ичган катталар. “Байрам байрамдай бўлсин”, деб организмингизни, айниқса, жигарингизни зўриқтириб қу́йганингиз турган гап. Энди уларга бироз дам бериб, жигарни тозалаб, у орқали соғлигингизни тиклаб олишни ҳам унутманг!
Демак: лавлаги, карам ва сабзили салатлар истеъмолини канда қилманг. Унга саримсоқпиёз ва зайтун мойи аралаштириб есангиз янада аъло. Лавлагини кўпроқ солиб “Боршжон”дан босиб-босиб ичсангиз ҳам чакки бўлмайди, айниқса, қатиқла-аб.., айтганча, қатиқнинг ўзини ҳам хоҳлаганча ичаверинг. Яна, катталарга кўк чой, кичкинтойларга компот ёки қайнаган сув!
Нима бўлганда ҳам ҳаракат – бадан тарбия эсдан чиқмаса бўлгани!
@abrorpirmuhammad