Барча спорт турларига ҳурмат сақлаган ҳолда қўлни юракка қўйиб ихтиёрий мухлис: “Спорт олами ичра Футбол бу ўзга бир дунё”, дейиши тайин. Футбол оиласида бевосита яшаб кўрмаган инсон, гарчи у спортчи бўлса-да, жамоа ички муҳити, унинг тўлақонли фаолияти учун зарур омиллар борасида тўғри мулоҳаза юрита олмайди...
Умуман олганда, ФИФА мутасаддилари футболни олимпиададан юлиб олишса, ҳамда аксинча, айнан шу мусобақага параллел ҳолда мазкур ёшдаги футболчилар орасида жаҳон кубогини ташкил қилишса, менимча мақбул бўларди. Шу орқали юқори футбол ташкилоти мусобақани ўз талаблари асосида юқори савияда ва сифатли ташкиллаштиришга эришарди.
Сиз-чи, бу борада сиз қандай фикрдасиз?
@abrorpirmuhammad
Kecha oqshom Olmaliq osmonida alanga olib botgan quyosh tafti bugun yashil maydonga ko'chishi aniq.
Ikki alamzada jamoa, neytral maydon va eng odil hakam...
Bugun bizni qizg'in bellashuv kutmoqda.
@abrorpirmuhammad
Олимпиячиларимизнинг гуруҳдан чиқа олмаслиги аниқ бўлиб улгуриши ортидан, камина учун бу олимпиада ўз аҳамиятини йўқотгандек гўё...
"Илк бор Олимпияда – очилиш маросимиданоқ қалбга илиқлик эмас, балки алланечук нохуш туйғу билан кириб келди. Ташкилий камчиликлар-у, йўл қўйилган хатолар эмас, балки олимпиядадек улкан воқеа инсоният учун нималарни тарғиб қилишга интилаётгани зеҳни уйғоқ кишини ўйга толдиргани аниқ.
Тинчлик, дўстлик, умумбашарий қадриятлар ила мардлик ва адолатпарварликни улуғловчи бу залварли мусобақа наҳотки инсонийлик меъзонларига мос келмайдиган, алланечук қарашларни тарғиб қиладиган майдонга айланиб қолган бўлса..." (Лирик чекиниш)
Спортнинг бошқа турлари бўйича олимпиадада иштирок этаётган спортчиларимизга омад!
Адолатли якун!
Футболни чиройли ўйин қутқаради!
Баракалла, тасанно Испания!
@abrorpirmuhammad
Аброр Пирриев Родрининг гапларига муносабат билдирди https://championat.asia/t/iPtO1CD1
@championatasia
Futbol bo‘yicha O‘zbekiston milliy terma jamoasi hamda «Lokomotiv» klubining bosh tabibi o‘laroq dunyo kezgan va bu sayr-u sayohat, mamlakat sporti sha’nini himoya qilish barobarida safar taassurotlarini qayd etib borgan Abrorjonning mehnat-u kuzatuvchanligi tahsinga loyiqdir.
Hamkasbimiz, taniqli yozuvchi Muhammad Pirriyev oilasida o‘sib voyaga yetgan Abrorjon ota kasbiga sodiq qolib, voqealarga qiblagohi nigohi, nuqtai nazari bilan boqa bilmoq salohiyatiga erishgan. Demak, oqqan daryolar oqadi. Suvga tashna dasht-u dalalarga obihayot baxsh etadi. Ziyoga intilgan ko‘ngillarni yoritadi.
Yo‘lbitik janriga mos «Marokashning mahzun va maroqli manzaralari» kitobi «Sayr ham sayr, sport ham... yoxud Terma taqim tabibining taassurotlari...» safar qissalarining birinchisidir...
Nurali Qobul
Xalqaro Chingiz Aytmatov akademiyasi akademigi
Xarid: t.me/akademsavdo
📚 @akademnashr
akademnashr">Youtube | Instagram | Facebook | Twitter
“Евро”ни кузата туриб, аввалдан хаёлим пучмоқларига жойлашган бир ўй тағин алангалади. Яъниким, пенальтилар серияси – ғолибни адолатли танлаб бера олиш усули эмас!
Ҳақиқий футбол ўйнаб, вазиятларни голга яқинлаштираётган футболчилару, кўриш завқ бағишламайдиган пассив футбол ила асосий вақтлардан жон сақлаб, зўрға пенальтиларга етиб олиб, сўнгра “лоторея”да ғалабани илиб кетган жамоа...
Хуллас, айни дамда аниқ бир таклифни айтишим қийинку-я, аммо пенальтилар серияси ўрнига бошқа, адолатлироқ якун ўйлаб топиш керакмикан, а?! Масалан, 2 таймдан сўнг уёғига вақтни белгиламасдан, ўйинни голгача давом эттиришми... (Ҳақиқий чиниққанлар билинарди шунда, ҳимоялангану ҳужум қилувчилар охиригача ҳаракат қилиб кўришсин-чи)
Сиз қандай фикрдасиз? Балки сизда ҳам қачонлардир шунга ўхшаш фикрлар пайдо бўлгандир?
@abrorpirmuhammad
Газета варақлаган авлод "Футбол экспресс"ни яхши эслашади. Ўша даврлардаги ёзма интервьюмни кўриб, вужудимни "ўқиладиган давр" хотироти чулғаб олди. Уни юборган жамоамиз матбуот котиби қуйидагиларни қўшимча қилганди:
- Бир пайтлардаги "Футбол экспресс" газетаси ҳозирда сайт /channel/footbalekspress1 кўринишида фаолиятини давом эттирмоқда. Кузатиб боришни тавсия қиламан!"
@abrorpirmuhammad
Бугун "Нефтчи" билан баҳс. Фарғонадамиз. Кеча мухлис қадрдонларимиздан бири - Жавоҳирбек биздан хабар олиб меҳмонхонамизга келди. Турфа ичимликлар билан тадбиркорлик қилувчи бу инимиз гапни узоқдан бошлади:
- Аброр ака. Сиз рангли газланган ва турфа энергетик ичимликларни тавсия қилмайсиз. Бизга ҳам имкон қадар шунақа ичимликларни камроқ сотишни тавсия қиласиз. Шу боис, йўналишни жичча ўзгартириб, машҳур "Nestle" билан турфа сокларга ўтдик...
Хуллас, мезбон турфа шарбатлардан жамоамизга илинди. Мен ҳам укамизни ранжитмаслик учун индамадим...
Натижасини ўйинда кўрамиз... Ажаб эмас, бир неча турдан буён давом этаётган омадсизлик мезбоннинг "куч берувчи шарбат" эҳсони сабаб барҳам топса...
Айтганча, ёзнинг иссиқ кунларида ҳар бир киши етарлича - ўртача 3 л сув ичиши зарур!
Кечаги ўйинда қалбга таскин бериб турган ягона манзара - тўлин Ой!
Асабни қитиқловчи ўйин маҳали чексиз коинот остонасида кулиб турган Қамарга термулиб хаёлга чўмиш - нерв толаларини асровчи энг самарали усулдир!
@abrorpirmuhammad
Куни кеча ўйинда Мбаппе жароҳат олиб майдонни тарк этди. Илк маълумотларга кўра футболчининг бурни синган. Мухлисларни Килианнинг қачон майдонга қайтиши қизиқтирмоқда.
Футболчи бурни синганда жароҳатнинг оғир-енгиллик даражасига қараб реабилитация жараёни ўртача 1-3 ой вақтни олади. Оғир ҳолларда 6 ойгача чўзилиши мумкин. Чунки гап фақат бурун суягининг синиши ёки унинг битиши ҳақида эмас, балки ҳолат ортидан бош мияга етказилган жароҳат даражаси ва уни тўлиқ тузалиш даври ҳам инобатга олинишидадир.
Килианга тўхталсак. Ҳозирги маълумотларга таяниб айтиш мумкин-ки, агарда Мбаппе операция столига ётадиган бўлса у учун Европа чемпионати тугайди ва мухлислар суюклисини ўртача 2 ойдан кейин майдонда кўришлари мумкин бўлади. Агарда жароҳат операция талаб қилмаса ҳам Килиан учун Европа чемпионати сўроқ остида қолаверади. Мухлисларга таскин сифатида энг яхши тахминларга таянсак ҳам футболчи финалга яқин ўйинлардагина (агарда жамоаси етиб борса) янги имиджда – ҳимоя ниқобида майдонга тушиши мумкин бўлади.
Ёз кунларида кўча ёки спорт мажмуаларида турфа ўйинлар билан машғуллар сони талайгина. Шу ўринда спорт, хусусан футбол билан шуғулланаётган ёшлар ва ҳаваскорлар!
Билиб олинг, мабодо машғулот ёки ўйин маҳали (мушак, бойлам, бўғин ва ҳ.) ҳаракат-таянч аъзоларида жароҳат орттириб олсангизу ёнингизда шифокор бўлмаса биринчи ва тўғри ёрдам доимо муздир. Жароҳатнинг илк маҳалида жароҳат жойига совуқ босиш – муз қўйиш тиббий муаммонинг авж олиб кетмаслигига, оғриқ ва шишнинг камайишига, тузалиш ва реабилитация учун сарфланадиган даврнинг анча қисқаришига ёрдам беради.
Ёдда тутинг! Ўзингиз ёки болангиз спорт ўйинларини ўйнаб жароҳат олдими биринчи ёрдам спирт билан туз эмас, балки оддий муздир, айниқса ҳозирги иссиқ кунларда. Одатда музни ҳар соатда ўн беш дақиқадан қўйилади. Кейин, зарурият бўлса шифокорга мурожаат қиласиз.
@abrorpirmuhammad
Инсон ҳужайраси. Курраи заминнинг жуда кичрайтирилган кўринишидек...
Ўн саккиз минг олам ичра яшаётган биз одамзот вужудида яна неча минг олам мавжуд-а?!
@abrorpirmuhammad
Майдон четида паришонхотир турган жамоамиз маъмуридан "шахматга қизиқмайдиган" бухгалтеримиз сўради:
- Кеча ўйин қанақа бўлди?
- Э-э, нимасини сўрайсиз, - клубдошига юзланди маъмур. - 1-тайм бошиданоқ судя ўйинни бузди-қўйди..
- Ия, эшитишимча аксинча, ўйин аввалидан рақиб ўйинчисини майдондан четлатибди-ю? - ҳайрон сўради ҳисобчи.
- Айнан шуни айтаман-да, - жиддий деди маъмур, - ҳакам рақиб жамоа ўйинчисини майдондан четлатгач, улар 10 киши бўлиб қолишдими!? Биз бўлсак йиғин давомида 11 футболчига қарши тўп суриш устида ишлагандик-да!.. )))
Ёз кунларида суюликни меъёрида қабул қилиш муҳим. Тарвуз – биз учун жуда мазали ва энг фойдали сув манбаидир.
Тарвуз ўзида С, А ва В гуруҳ витаминларни; калий, магний ва цинк каби микроэлементлар ҳамда цитруллин номли муҳим аминокислотани мўл ушлагани боис қатор фойдали хусусиятларга эга. Тарвуз организмдаги токсин ва “шлак”ларни ювади; юрак фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, жигар ва буйрак фаолиятини яхшилайди; қон томир, саратон ва диабет касалликлари хавфини кескин камайтиради; ичак фаолиятини меъёрлаштириб моддалар алмашинуви-ю тери ҳолатини яхшилайди.
Қисқаси, муздек рангли газланган ичимликлардан тийилиб, мавсумида арзонгина тарвузни хоҳ ўзини, хоҳ шарбат тарзида истеъмол қилиб, роҳат олинг ҳамда соғлом юринг!
@abrorpirmuhammad
Ён қўшни - жон қўшни.
Йиғин охирида меҳмонхонамизда жамоалар сони кўпайди. Жумладан, қўшни туркман жамоаси "Ahal".
Билдик-ки, қўшниларимиз Туркияга киришда чегарада муаммога йўлиқишган, яъни ўзлари билан олиб келишаётган барча тиббий дори-дармонлар олиб қўйилган.
Жамоа менежерининг 2 кунлик саъй-ҳаракати бесамар кетиб, чорасиз қолишди.
Хуллас, йўлга чиқишдан аввал, ўзимизда мавжуд барча дори-дармон, витамин ва боғлов материалларини туркман жамоасида қолдирдик.
Миннатдор қўшнилар билан қуюқ хайрлашарканмиз, клубимиз бухгалтери олдидаги ҳисобот хаёлимда гир айланаверди.
Раҳбарият бизни тўғри тушунар.., нима дедингиз?!
@abrorpirmuhammad
Кеча машғулотдан қайтсам, телефонимда хабарлар кўпайиб кетибди. Бир-бир кўз югуртирсам, кеча СА сайтида чиққан ..муносабатимни, тўғрироғи, унга ёзилган фикрларни ўқиб, хуноби чиққан бир неча мухлислар экан.
Барчасига бир хил: "Қўяверинг, ёзаверишсин. Сиз эслатмасангиз менинг нафақат фикр, балки ўша мақолаларни ўқишга ҳам вақтим йўқ. Айниқса чўққидаги гўзаллик аро йиғин ўтаётган бир маҳалда.." - деб жавоб юбордим.
Теран фикр ва соғлом мулоҳазага эга мухлислар юборган хабарлар орасида Ўткир Ҳошимовнинг "Фожиамиз" номли ҳикматли ёзуви диққатимни тортди:
Армани:
– Сизга ким керак, азизим? "Қоровул Петросян" дейсизми? Ваҳ-ваҳ-ваҳ! У қоровул эмас, академик! донишманд одам! Юринг, уйини кўрсатаман. Яқинда икки қаватли уй солди, азамат!
Гуржи (грузин):
– Кимни сўраяпсиз, батано? "Этикдўз, Панжикидзе?" О-о-о! У этикдўз эмас, академик! Бунақа донишманд одам юз йилда бир марта туғилади! Юринг, дачасига олиб бориб қўяман. Уч қаватли дача қуряпти, азамат!
Ўзбек:
– Нима? Ким дейсиз! "Академик Алижонип?" Ҳеч қанақа академик эмас у! Қоровулчалик саводи йўқ! Ғирт аҳмоқ одам. Порахўр! Ўрикзорда данғиллама иморат соляпти. Шунча пулни қаёқдан олади? Умуман... мен ҳеч қанақа Алижонип-палижонипни танимайман!
Ижтимоий тармоққа жойланган суратлар ила жамоамиз йиғин ўтаётган манзилни билган қадрдон футболчилар тез-тез сим қоқишмоқда.
Бугун тонгдаги қўнғироқ Кореядан бўлди. Cалом-аликдан сўнг суҳбат анча чўзилди:
...
- Икром, Корея футболи "старик"ларидан бўлиб улгурибсан-да!?
- Жароҳат безовта қилмаганида...
- Операциядан кейин яхши эди-ю?
- Энди бироз бошқа муаммо...
- Шу деса-ам, санга нимадир етишмаяптида-а...
- Ҳаво етишмаяпти Аброр ака, ҳаво?
- Ҳаво, қанақа ҳаво?!
- Ватан ҳавоси!
...
@abrorpirmuhammad
Хуллас, эмаклаб ҳам марра чизиғигача етиб бориш мумкин экан. Ўйини кўпчиликка ёқмаётган Англия термаси финалда.
Эндиги масала марра чизиғини ким аввал кесиб ўтиб, ғолибга айланишида. Югуриб келган термами ёки эмакласа-да омад у тарафда бўлган жамоами?
@abrorpirmuhammad
Ташхис ёки шов-шув?!
Бугун Франция термаси ўйнайди. Аммо мени бу ўйин эмас, балки бурни синган Мбаппе масаласи кўпроқ қизиқтирмоқда.
Гап шундаки, Килианга “Бурун синиши” ташхиси қўйилишию, унинг бунчалар тез майдонга қайтиши мутахассис сифатида мени бироз ўйлантириб қўйди.
Футбол тиббиётида қай ҳолатларда бундай ташхис қўйилиши, унинг турли оғирлик даражасию футболчи қандай муолажалар олиши кераклиги ҳамда қанча муддат ўтгач майдонга қайтиши борасида аниқ кўрсатмалар мавжуд. Мбаппе ҳолатида мазкур тиббий қоидалар шунчаки чиппакка чиққандек.
Бурун синишидек жиддий ташхисдан сўнг Килиан камида қолган гуруҳ босқич ўйинларини ўтказиб юбориши керак эди. Лекин у нафақат гуруҳнинг сўнгги ўйинида майдонга тушди, балки жароҳатдан кейинги куннинг ўзидаёқ машғулотларда қатнашиб, ўртоқлик ўйинида майдонга тушишга ҳам улгурди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтай: бурун – бош суягини ташкил қилувчи асосий қисмлардан бири. Бурунга етказилган жароҳатдан сўнг синишдек жиддий ташхис қўйилдими, демак ўз навбатида бу бош мияга ҳам сезиларли зиён етди деган гап. Бундай вазиятда шифокорга буруннинг бироз қийшайиб қолишидан кўра, келгусида асорат қолмаслиги учун бош мияни профилактик даво курсини ўтказиш ҳақида қайғуриши уқтирилади. Бунда ўз-ўзидан интенсив машғулотларда қатнашиш чекланиши лозим.
Хуллас, Мбаппенинг бурун синиши атрофидаги маълумотлар камина учун профессионал характерга эга бўлмади. Барча чет эл сайтларини титкилаб чиқиб, Килианга қўйилган аниқ тиббий ташхис тафсилотларини ҳанузгача топа олмадим.
Бу ўринда франсуз ҳамкасбларимга қарши бирор гап айтишдан йироқман, аммо бу ерда биз билмаган бошқа ҳолатлар борлиги аниқ.
Алал оқибат Мбаппе бурнида операция ўтказилган тақдирда ҳам (агар ўтказилса) бу бурун синишидек жиддий ташхис эмас, балки ушбу ташхис ортида кўрилган буруннинг тоғай қисми жароҳати ва уни тўғрилаш учун қилинган косметик жарроҳлик амалиёти бўлиб чиқади. Мухлислар учун уни қандай сарлавҳалар остида ёритилиши эса умуман бошқа масала...
@abrorpirmuhammad
Сафарнинг эсда қоларли таассуротлари:
Мухлисликда қўшнилардан қолишмаётган "Нефтчи фан клуби".
Раҳбариятнинг "Доктор, яна мағлубият бўлса, "ужин" берманг, биттадан банан еб кетаверишсин", - деган сўзларига жавобан, бананни ҳам, Марғилонча ошни ҳам паққос туширган жамоамиз.
@abrorpirmuhammad
Тарихда ушбу кун.
1950-йилнинг 25-июнида Корейс уруши бошланган. Шимолни Совет иттифоқи ва Хитой, Жанубни эса АҚШ қўллаган. Уруш нима билан тугагани эса сизга маълум.
Корея ярим оролининг ҳар иккала давлатига ташриф буюрган инсон сифатида Шимолий ва Жанубий Кореяда орттирган таассуротларимни улар жойлашган жўғрофий қутбларга мос (☁️ ☀️) дея оламан.
@abrorpirmuhamnad
Ёз мавсуми давомида овқатланиш рационидаги эътибор қаратмоқ лозим бўлган жиҳатлар:
-қаҳва ёки чой ўрнини қатиқ, айрон, компот, сувга алмаштириш;
-муздек рангли ва газланган ичимликлардан имкон қадар тийилиш;
-иссиқ суюқ овқатларни гўжа, "окрошка" каби салқин егуликка ўзгартириш;
-қуюқ таомлар ёғсиз ҳамда қовурилмаган, аксинча димланган ва парҳезнамо бўлишига интилиш;
-сабзавотли, айниқса лавлаги, карам, сабзили салатлар истеъмол қилиш.
-мавсумий мева-чеваларни канда қилмаслик.
@abrorpirmuhammad
Кўпчилик сингари “Мбаппенинг бурни” тушликка йиғилган жамоамиз аъзолари орасида ҳам муҳокамага сабаб бўлди:
-Унинг бу ҳолга тушишига “ПСЖ” нинг қарғиши сабаб! – деди ёрдамчи мураббий, -Тўғри-да, шунча ўйнаб, нон еган жамоаси билан одамга ўхшаб хайрлаша олмаган футболчи...
-Унақа деманг, “Реалчи”лар хафа бўлишади, - гап ташлади девқомат дарвозабонимиз.
-Энди ҳимоя ниқоби тақиб ўйнарканми? – сўради жамоа сардори.
-Ҳимоя ниқоби у ёқда турсин, Жим Керрининг яшил маскасини тақса ҳам Евро да майдонга тушиши амри маҳол.., - мутойиба қилди тағин дарвозабонимиз.
Шу маҳал эшик очилиб, кечаги мағлубиятдан аламзада бош мураббий кириб қолди. Ҳамма сергак тортди. Шу маҳал кимдир пичирлади:
Буёғига ўзимизни бурнимиз ҳақида ўйлашимиз керак..!
@abrorpirmuhammad
Бу дунё гавҳари эрурки инсон,
Қалбида жо бўлса эътиқод, иймон.
Ҳар бир дил илоҳий нурларга тўлсин,
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
@abrorpirmuhammad
Жамоада мураббий ўзгариши турлича кечади. Баъзи мураббийлар шов-шув билан келиб, худди шундай тўс-тўполон билан кетишади, айримлари дабдаба билан келиишади-ю қачон ва қандай кетиб қолганини ҳам сезмай қоласан. Яна бир турлари навбатдаги бекатда бироз қўним топиш учун тўхтаган йўловчидай тинч келиб тинч кетишади ва ҳ.
Шу билан бир қаторда айрим мураббийлардан кейин жамоа – яхшигина тезлик олиб, қай вазиятда бўлса ҳам етарли масофагача юриб бера оладиган машина сингари анчагача пастламайдиган ҳолатда қолса, баъзи мураббийлардан кейин жамоа учишга қийналаётган қушдай сезиларли фусатгача ўзига келолмай юради.
Бу гал янги мураббийлар штаби “Локо”га тез, шу билан бирга сокин кириб келишди. Кун келиб жамоа билан қай ҳолатда хайрлашишларини эса вақт кўрсатади. Келгусида бу ҳолат мураббий ва жамоа учун хайрли кўриниш олишидан умидвор ҳолда мавсумни давом эттирамиз...
@abrorpirmuhammad
Ajoyib o'yin. Ikkala jamoaga ham tasanno!
Nasaf muxlislarini g'alaba ila, Paxtakorni esa unib kelayotgan yangi avlod bilan tabriklayman!
@abrorpirmuhammad