Анави нарироқда турган ҳайвонлар ишга аралашса бўлар эди, аммо "ҳикмат", "ақл" ва "ўзини босиш" ва....ва... ҳам керак-ку!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИЙМАТИНГНИ БИЛ!
Католик черкови роҳибаси Тереза она Ҳиндистонга борганида бир заводга боради. Заводнинг бир бўлимида кўринишидан саодатга тўла, ғайрат ила қувноқ шеър ўқиб ишлаётган бир ишчини кўриб қолади. Ишчи Тереза онанинг диққатини тортади. Унга яқинлашади. Ишчи бошқа ишчилар каби оддий винт ва болтларни жамлаб махсус қутига жойлар эди. Тереза она ундан ажабланиб сўради:
- Нима қиляпсан?
Ишчи жавоб берди:
- Самолёт ясаяпман!
Тереза она ажабланиб деди:
- Самолёт ясаяпсан?!
- Ҳа хоним, бу самолётсозлик ширкатининг буюртмаси. Катта-катта самолётлар мана шу кичкина винт ва болтларсиз уча олмайди!
Ўзимиз ҳақимиздаги қарашларимиз ҳаёт йўлимизни белгилайди. Ўзини оддий винт ва болтларни махсус қутида жамловчи деб биладиган киши билан ўзини самолёт ясаяпман деб биладиган киши ўртасида катта фарқ бор.
Маош учун ишлайдиган киши билан ўзидан маълум бир из қолдиришни мақсад қилган киши ўртасида катта фарқ бор.
Иш қанчалар оддий бўлмасин бу ҳаётда таъсири бўлади.
Сиз оддий фаррош эмас, сиз шаҳарни гўзаллигига ўз ҳиссасини қўшувчи буюк ходимсиз.
Сиз оддий дурадгор эмас, уй ва хонадонларни қуёш ва ёмғирдан ва шамолдан ҳимоя қиладиган инсонсиз.
Сиз оддий тикувчи эмас, балки кишиларга гўзал бир кўринишни ҳадя қиладиган инсонсиз.
Сиз оддий имом-хатиб эмас, балки кишиларга Аллоҳга олиб борадиган йўлни кўрсатадиган йўлбошчисиз.
Сиз оддий ўқитувчи эмас, балки келажак инсонларининг бинокорисиз.
Сиз оддий муҳандис ёки кўприксоз эмассиз, балки кишилар орасини яқинлаштирувчи инсонсиз.
Сиз оддий шифокор эмас, балки дардларни енгиллаштирувчисиз.
Сиз оддий уй бекаси эмас, балки дунёдаги энг муҳим инсонсиз. Сиз она сайёрамизга яшовчи инсон тақдим қиласиз. Сиз илк ва муҳим мураббийсиз. Дунёда инсон биносидан ортиқ иш йўқ.
Фақатгина пул учун ҳаракат қиладиганлар худди кўрмайдиган сўқир кабидир. Бир нарсани унутмаслигимиз лозим. Инсонга ўз қийматини бера оладиганларгина қиладиган ишини рисолатга айлантира оладиган кишилардир. Инсоннинг ҳақиқий қийматини бошқаларнинг у ҳақидаги қарашлари эмас, балки унинг ўзига бўлган назари белгилайди.
Инсон модомики ичидан ўзини хорлигини ҳис қилмас экан, ҳеч ким уни хорлай олмайди.
Модомики ўзингизнинг қийматингизни билмас экансиз ҳеч ким сизни қадрламайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎЗИНГИЗДАН КЕТМАНГ!
Интернетда бугун бир аёл ҳижобини ечганини кўрдим. Уни олқишлаб зал тўла одам қарсак чалди. Тафсилотини била олмадим. Қайси давлатда бўлди, нима учун бундай бўлди билмадим...
Аммо шуни биламанки, ер юзидаги ҳамма аёллар ҳижобини ечса ҳам Аллоҳга зарра миқдорида зарар етказа олмайди...
Аммо шуни биламанки, ер юзидаги барча аёллар ҳижобга кирса ҳам Аллоҳга зарра миқдорида фойда бера олмайди...
Биз ибодатимиз билан масжидларни тўлдириб ташласак ҳам бундан Аллоҳга фойда йўқ...
Биз гуноҳларимиз билан ер юзини фасодга айлантириб ташласак ҳам бундан Аллоҳга зарар йўқ...
Барчаси ўзимизга. Ўзимизга кўп ҳам катта баҳо бериб юбормайлик. Шунақа инсонларни кўрдим, пулининг ҳидига ухлай олмас эди. Охир чоғида оғзидаги оқаётган сўлагини артишга ўзида куч топа олмади...
Анча илгари, аниқроғи шу йилнинг бошларида Петронелла Уайаат бутун Европани ларзага солган мақоласини эълон қилди. Британиялик бу ёзувчи аёл бутун умр аёллар фикрини заҳарлаб келиш билан шуғулланган. Ҳаётини шунга тиккан эди. Ва нихоят унинг кўзлари очилди...
Олдинги бузилган ҳаётини эҳтимол тиклай олмас, аммо бутун умр ўзи ичиб келган заҳарли қадаҳнинг охирги томчиларини ичишни истамади. Унинг бу иши ҳар қанча эҳтиромга арзийди. Чунки хатони эътироф қилиш ва ундан қайтиш унда бир умр давом этишдан яхшироқдир...
Петронелла Уайаатнинг қуйидаги фикрлари менинг эътиборимни тортди:
1. Мен турмушга чиқмадим. Фарзандларим йўқ, ёлғизман. "Аёллар ҳаракати" мени бахтсиз қилди. Мен фарзандларимни бой бердим...!
2. Дугоналарим билан учрашаман. Ҳаммамиз элликдан ўтдик. Олий маълумотли бўлдик, яхши жойларда ишладик. Аммо ҳаётимизда бўшлиқ бор. Бизнинг фарзандимиз йўқ...!
3. Бугун бошқа дугоналарим каби мен ҳам бизнинг "Аёллар ҳаракати"миз келажак авлодни барбод қилганини кўп эслаяпман. "Аёллар фалсафаси" зарарли бўлиб чиқди...!
4. "Аёллар ҳаракати" бизга анъанавий аёл эркаклар ўзининг манфаати учун ихтиро қилган стандарт аёлдир деб ўргатди. Шу туфайли мен эркаклардан жиркана бошладим. Бугун эса бунинг бадалини тўлаяпман...!
5. Мен ва дугоналаримга нисбатан энди вақт ўтди. Аммо биз "Аёллар ҳаракати"га келажак авлодимизни ҳам барбод қилишига йўл бермаслигимиз керак...!
Азиз сингилларим! Уйларни хароб қилувчи бундай ҳаракатлардан эҳтиёт бўлинг. Улар сизга эркак билан аёл ўртасида фарқ йўқ дейишади. Эркак билан рақобатлашинг, ундан ўзинг дейишади. Биз эркаклар билан тенгмиз, дейишади. Гендер тенглик ҳақида бонг уришади. Улар сизга ҳаётни эркаклар билан жанг деб тушунтиришади. Эркакларни дўст, ҳимоячи эмас, душман қилиб кўрсатишади.
Сиз фитратингиздан биласизки, эркаклар бошқа хилқат, сиз эса бошқа хилқатсиз. Улар сизга ўхшамайди, сиз эса уларга.
Сиз улар билан, улар эса сиз билан бирга бўлиш учун дунёга келгансизлар. Сиз ундаги нуқсонни тўлдирасиз, у эса сиздагини!
Сиз эркаклар билан ёқалашгунча уларнинг қўлидан тутинг. Сиз улардан яралгансиз. Сиз уларнинг бир қисмисиз. Эркаклар эса сизнинг борлиғингиздир!
Аёл кишининг саодати ўзи яхши кўрган ва аёли ҳақида Аллоҳдан қўрқадиган эркакнинг химояси ва ғамхўрлиги остида бўлишидир.
Улар сизга ҳали "қўзғолинг, бу жамият сизга хўжайинлик қилмоқчи", ҳам дейишади. Сиз жангга киришасиз. Бутун умрингизни қонга бўяйсиз. Сўнгра умр ўтгандан сўнг Дон Кихот шамол тегирмони билан жанг қилгани каби улар ихтиро қилган мавҳум душман билан курашганингизни англайсиз.
Ўрнида сарфланмаган куч ва қувватингиз ҳамда ёшлигингиз оила аталмиш буюк неъматни йўқотишингизга, хотиржамликдан айрилишингизга, умрингиз охирида катта хонадонда ўргатилган ит ёки мушук билан яшашга сабаб бўлади.
Улар сиздан муҳаббат, оилага эътибор каби нарсаларни тортиб олиб ўрнига ит билан мушук беришади.
Улар сизга "тананг сенинг мулкинг, уни истаганингга бер, истаганингдан ман қил" дейишади. Умрингиз поёнида эса ўзингизни тўшакда ўйинчоқ бўлганингизни ҳис қиласиз. Инсон ёши ўтгани сари ёлғизликни қанчалар совуқ эканлигини, қанчалар инкор қилмасин бу совуқдан руҳи титраётганини англаб боради. Бошқа аёлларнинг оиласи, фарзанди, набиралари борлигини, уларни яхши кўришини англайсиз.
Ассалому алайкум биродарлар!
Аллоҳ ўғил набира билан сийлади. Исмини Мусо қўймоқчимиз...
Мусомизнинг ҳаққида дуода бўлинглар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МЎЪМИН МЎЪМИНАНИ ЁМОН КЎРМАЙДИ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобаларга дедилар:
“Мўъмин мўъминани ёмон кўрмайди. Агар ундаги бир хулқ унга ёқмаса бошқаси унга ёқади!”.
Сиз ҳам мукаммал эмассиз, мукаммалликни талаб қилаверманг. Сиз маъсум эмассиз, маъсумликни талаб қилаверманг. Ҳар-биримизнинг кимгадир ёқмайдиган томонимиз бор. Келин ва куёвнинг тўйда киядиган кастюм-шими ва оқ куйлаги эшигимиз остонасигача боради. Ундан кейин эса яхшилик билан, сабр билан, чидам ва айблардан кўз юмиш билан ҳаёт давом этади.
Агар аёлингизнинг баланд овози сизга ёқмаса ундаги меҳрни ёдга олинг. Агар ундаги асабийлик сизга ёқмаса сизнинг обрўйингизни омонатдорлик билан сақлаётганини ёдингизга олинг. Агар у фильмлардаги каби романтик бўлмаса унинг ота-онангиз ва ака-укаларингизни эҳтиром қилишини ёдга олинг. Агар у доимий сизга эътибор бера олмаса унинг оналигини ёдга олинг...
Ҳаёт ўзи шу. Унинг сифати нуқсондан иборат. Унинг сифатларидан яна бири ҳеч кимга вафо қилмаслигидир. Агар аёлингизнинг бир айби учун талоқ қилсангиз сизга жаннатдаги айб ва нуқсонсиз ҳур турмушга чиқармиди?!
Бир аёлни қайсидир айби учун тарк қилсангиз бошқа бир айбли ёлга уйланасиз. Ҳеч ким мукаммал эмас дўстим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Аллоҳнинг дини сизсиз ҳам, бизсиз ҳам ривожланаверади. Аммо унутманг, Аллоҳ Ўз дини ривожи учун сизни танлабдими, бу сиз учун чексиз саодатдир...
Қиёмат куни махсус инсонлар сафида бўлиш, яъни Унинг динига ривож берган буюклар карвонида бўлиш буюк бир бахтдир!
Зарра қадар бўлсада хизматингиз билан бу карвонга қўшилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЛЛОҲ СЕНГА РАҲМ ҚИЛСИН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир катта ёшли аёл келди. У зотнинг олдиларида бир эркак киши ҳам ўтирган эди. Ўша эркак киши дарҳол ўрнидан туриб ҳалиги аёлга жой берди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:
-Бу аёл сенинг онангми?
-Йўқ!
-Опангми?
-Йўқ!
-Унга раҳм қилганинг учун Аллоҳ ҳам сенга раҳм қилсин!
Мажлисларда ёши улуғ инсонларга туриб жой беришингиз раҳматдир.
Маҳаллада оғир юк кўтариб кетаётган қариянинг юкини кўтаришга ёрдамлашишингиз раҳматдир.
Кишилар ўтиб олиши учун йўлда машинангизни тўхтатиб туришингиз раҳматдир.
Уйингизда ижарага турадиган кишидан байрам кунлари ижара пулини олмаслигингиз раҳматдир.
Бу дин раҳм-шафқат, хулқ, завқ ва гўзал муомала динидир!
Аллоҳ таоло бандасига унинг ўзгаларга нисбатан кўрсатадиган раҳм-шафқати миқдорида раҳм қилади. Жазо ҳам, мукофот ҳам амалнинг жинсидан бўлади. Аллоҳ таолодан кўра вафолироқ ким бор?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ё АДОЛАТ УНИ ОЗОД ҚИЛАДИ, ЁКИ ЗУЛМ УНИ ҲАЛОК ҚИЛАДИ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
“Ўн кишига амир бўлган киши қиёмат кунида қўл-оёқлари боғланган ҳолда келтирилади. Уни ё адолати озод қилади ёки зулми ҳалок қилади!”.
Биздан ҳар биримиз ўз майдонида амирдир. Бунинг ўзига хос масъулияти бор...
Эй оталар! Фарзандларингиз ўртасида адолат қилдингизми ёки уларни бир-биридан фарқладингизми?!
Эй кўпхотинлилар! Хотинларингиз ўртасида адолат қилаяпсизми ёки ёш хотин томонга кетаяпсизми?!
Эй мудирлар! Ишчиларингизни тенг кўраяпсизми ёки кимнидир эркалатиб юбораяпсизми?!
Ҳой ички ишлар ходимлари! Қонунни ҳаммага бир хил татбиқ қилаяпсизми ёки бошлиқнинг ўғлини қўйиб юбориб камбағалларнинг боласини қамаяпсизми?!
Ҳой кишиларни мансабга қўядиганлар! Мансаб-вазифаларни муносиб инсонларга бераяпсизми ёки кимнингдир томонидан юборилган танишларгами?!
Ҳаммамиз қиёмат куни мансаб ва масъулиятимиз томонидан кишанланган ҳолда келамиз. Ўшанда бизни фақатгина адолатимиз кишандан озод қила олади, бошқа нарса эмас. Адолат қилайлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТИЛИДАН ВА ҚЎЛИДАН!
Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
-Қандай мусулмон афзал?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Мусулмонлар унинг қўлидан ва тилидан омон қоладиган мусулмон афзал!
Ҳақиқий дин бу масжиднинг ўзида хосланган эмас. Ҳақиқий дин сизнинг тижоратда алдамаслигингизда, ёлғон қасам ичмаслигингизда намоён бўлади. Ҳақиқий дин сизнинг қўшнингиз билан қилаётган муомалангизда кўринади. Ҳақиқий дин сизнинг ҳамкасбларингизни сотмаслигингизда, улар орасида чақимчилик қилмаслигингизда кўринади. Ҳақиқий дин қариб қолган ота-онангизга қилаётган хизматингизда намоён бўлади. Ҳақиқий дин сизнинг ака-укаларингиз, опа сингилларингиз, қариндош уруғларингиз билан қилаётган силаи-раҳмингизда, уларга қилаётган яхшилигингизда, уларнинг юкини гарданингизга олишингизда кўринади. Шайтонга сизнинг орангизни бузишига йўл берманг!
Мусулмонларнинг обрўсини тўкмаслигингиз динингиздир. Уларнинг гўштини ғийбат қилиб емаслигингиз динингиздир. Улар орасида чақимчилик қилмаслигингиз динингиздир.
Динингиз оддий инсонлар билан қиладиган муомалангизда кўринади. Баъзилар мансабдорлар, домлалар билан ўзгача муомала қилишади. Оддий инсонларга эса бошқача муносабатда бўлишади. Динингиз уйингиздаги оддий хизматкорга қилаётган муомалангизда кўринади. Динингиз кўчада озгина нарсани олдига қўйиб савдо қилиб ўтирган мискинларга қилаётган муомалангизда кўринади. Динингиз кўча тозаловчи оддий фаррошларга қиладиган муомалангизда, қоровулларга қиладиган муомалангизда намоён бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАНАЗЗУЛ
Рус ёзувчиси Антон Чеховдан таназзулга юз тутган давлатнинг табиати қандай бўлиши ҳақида сўрашди. Чехов деди:
"Таназзулга юз тутган давлатда битта ақлли инсон рўбарўсида мингта аҳмоқ, битта онгли жумла қаршисида мингта аҳмоқона гап туради. Аксар инсонлар аҳмоқ бўлади. Ақлли инсонлар доимо мағлуб бўлади.
Агар мажлисларда арзимас масалалар муҳокама қилинса, арзимас инсонлар мажлис тўрида бўлса демак сиз таназзулга юз тутган жамиятдасиз.
Мисол учун бундай жамиятда маъносиз ва арзимас қўшиқларга минглаб инсонлар рақсга тушиши, уни такрорлаб айтиб юриши мумкин. Ашулачилар машҳур бўлади. Уларнинг гапи жамиятда ўтадиган, жамият учун улар ўрнак-намуна бўлади.
Аммо олимлар ва китобларга эътибор берилмайди. Уларни ҳеч ким танимайди. Уларнинг жамиятда ҳеч қандай ўрни бўлмайди. Кўпчилик инсонлар беҳуда ишларга, алдовларга берилишади.
Бундай жамиятда бизнинг ақлимизни эгаллаш учун бизни алдайдиган, бизни арзимас нарсалар билан кулдиришга ҳаракат қиладиган кимсалар бизни кўзимизни очадиган, бизга ҳақиқатни англатадиган кимсалардан кўра афзал бўлади.
Шунинг учун илмсиз жамиятга демократия тўғри келмайди. Чунки бу жамиятда кўпчилик жоҳил бўлгани учун ақллиларнинг йўлини айнан шулар белгилаб беради!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Бахтингиз калитини ўзгалар чўнтагига солиб қўйманг!".
Эрнесто Че Гевара
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Аллоҳдан бошқа ҳеч кимдан бир нарсани икки мартадан ортиқ сўраманг!
Қадрингизни билинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БЕШАФҚАТ ҲАЁТ
Ўшанда маҳзунлик йили эди!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни Қурайшдан ҳимоя қиладиган метин девор бўлмиш Абу Толиб вафот қилди.
Завжалари, ҳабибалари, дўстлари, суянчиқлари Ҳадича розиёллоҳу анҳо вафот қилди.
Кишининг ички ва ташқи фронтидан бирданига ажралиши нақадар оғир синов!
Инсон ўзини ёлғиз ва кимсасиз ҳис қилади!
Макка бутунлай бутлар ва санамларга ибодат қилишга ғарқ бўлган эди. "Дорун Надва" ҳийла-найранг ва фитналарга тўлиб-тошган эди!
Ана шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга боришга қарор қилдилар. Маккадан топмаган меҳрни у ердан топишга, Маккада кўрган бағритошликни у ерда кўрмасликка умид боғладилар.
Тоифга етиб бориб Тоифнинг каттаси ибн Абди Ёлилга мақсадларини айтдилар. Аммо у разилнинг берган жавобидан кўзларимиз ёшланди, қалбимиз парчаланди. У суюкли Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди:
- Аллоҳ менга юборишга сендан бошқа одам топа олмадими?!
Сўнгра аҳмоқлари ва ёш болаларига айтиб у зот саллоллоҳу алайҳи ва салламни тошбўрон қилдирди. Икки муборак оёқларидан қон оқди!
Кейин замон айланди, йиллар алмашди. Макка фатҳ бўлди. Билол розиёллоҳу анҳу Каъбанинг устидан азон айтди. Аллоҳу акбар садоси илк бор оламни тўлдирди!
Бу буюк маскан ўзлигини токи қиёматгача яна қайтариб олди!
Мана, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинадалар. Ислом салтанати бутун араб ярим оролига ўз ҳукмронлигини таратди. Оиша розиёллоҳу анҳо Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўраяптилар:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз учун энг оғир кун қайси кун бўлган?
Оиша розиёллоҳу анҳо Уҳуд жангининг оғир кечганини билар эдилар. У кунда қўшиннинг қўмондони, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Ҳамза розиёллоҳу анҳу шаҳид бўлган эди. Ҳамза розиёллоҳу анҳу билан бирга етмишта энг буюк саҳобаларини дафн қилдилар. Ўша ғазотда суюкли Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларини ёришди, тишларини синдиришди. Шунинг учун Оиша розиёллоҳу анҳо буни энг оғир кун деб ҳисоблаяптилар.
Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам тўсатдан Тоифдан гап бошладилар:
- Тоифдан чиққанимда ўзимда йўқ эдим. Фақатгина Қарнус Саъолиб деган жойда ўзимга келдим. Бошимни кўтардим. Тепада Жаброил турар эди. У деди:
- Аллоҳ таоло тоғларнинг фариштасини юборди. Истасанг бу фариштаТоиф аҳли устига иккита тоғни ағдариб уларни йўқ қилади! Мен Жаброилга дедим:
- Мен уларнинг наслидан ёлғиз Аллоҳга ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиган кишилар чиқишидан умидворман!
Энди биродарлар қалбингизни менга берингда, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини мен билан бирга тааммул қилинг!
"Тоифдан чиққанимда ўзимда йўқ эдим. Фақатгина Қарнус Саъолиб деган жойда ўзимга келдим".
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг пайғамбар эканликларини билар эдилар. Куни келиб динлари ғолиб бўлишини ҳам билар эдилар. Аммо у киши ҳам барибир инсон эдилар. Ота-онам фидо бўлсин у зотга!
Дунё кўзларига тор бўлди. Ҳатто бутун олам у кишининг нигоҳларида нинанинг тешигидек бўлиб қолди. Нима қилишни билмадилар. Маҳзунлик ва оғриқдан синиб қолдилар. Юзлари ерга боқиб, оёқлари қаерга боришни билмай қолди. Шу ҳолатда бугунги ҳисобимиз билан 46 км юрганлар. Ногоҳ Жаброил алайҳис саломнинг овозидан ўзларига келиб тепага қарадилар!
Эътибор беринг! Роббимиз Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламдаги инсончиликни нақадар риоясини қилаяпти. Аллоҳ таоло у кишига итоб қилмади. Балки Жаброил алайҳис саломни юбориб тасалли берди. Истасалар зулмга қарши жавоб беришини айтди!
Биз иймоннинг озлигидан эмас, ҳаётнинг бешафқатлигидан заифлашамиз. Тоиф куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг иймонлари оз эмас эди. Аммо зулмнинг таъми аччиқ эди!
Тушунинг, инсон баъзан синиб қолади. Танаси бизнинг дунёмизда юрсада, руҳи биз билмайдиган бошқа дунёда юрган бўлади. Инсоннинг бошидан шунақа пайтлар ўтадики, унда бир сўз айтишга ҳам, насиҳат эшитишга ҳам, бировни кўришга ҳам тоқати етмайди!
Суянчиғи фақатгина Аллоҳ бўлганлар билан эҳтиёт бўлиб муомала қилаверинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАСАВВУР ҚИЛИНГ!
Бир неча кун олдин босқинчи яҳудийлар қизил хоч жамиятига Ғазо аҳлига мансуб саксон саккизта шахси номаълум маййитни топширди.
Бу хабар сайёрамиз аҳолиси қулоғи олдига бирровга келиб тез ўтиб кетди. Сўнгра саксон саккиз инсон қуруқ рақамга айланди...
Бир неча кундан бери бу воқеа хаёлимдан кетмасдан ўзимга-ўзим савол бераман: "Куни келиб мен ҳам рақамга айлансам-а!".
Тасаввур қилинг, сиз ҳам куни келиб улар каби рақамга айландингиз. Номаълум ҳолатда сизни охирги марта қучишни истаган онангиз қалбини ғуссага тўлдириб кетдингиз.
Тасаввур қилинг, отангиз ерда сочилиб ётган гўшт бўлакларининг қайси бири сизники эканлигини билмаяпти.
Тасаввур қилинг, ҳатто хотинингиз ҳам сизнинг кафанга ўралган танангизни қучиб "сизни севаман" дея йиғлай олмаяпти.
Тасаввур қилинг, изсиз ғоиб бўлганингизда ўғлингиз суратингизни олиб қўймагани учун афсусланаяпди.
Тасаввур қилинг, қизингиз ҳаётидаги илк қаҳрамонни охирги марта ўпа олмаганидан афсусланаяпти.
Тасаввур қилинг, энг яқин дўстингиз сиз билан қабргача бора олмаганидан афсусланаяпти.
Энди сиз яхши кўрадиган барча инсонлар рақамларга айланганини тасаввур қилинг.
Тасаввур қилинг, кўчаларда сочилиб ётган гўшт парчалари орасидан қайси бири онангизнинг гўшти эканлигини билмаяпсиз.
Тасаввур қилинг, сизни елкасида кўтариб катта қилган отангизнинг тобутини бир марта бўлсада елкангизда кўтармадингиз.
Тасаввур қилинг, бир умр сизнинг жароҳатингизни боғлаган хотинингизнинг бутун танаси жароҳатга айланган. Уни охирги марта қучоқлай олмадингиз. Ҳаёт захматлари ичида унга яхши кўришингизни айта олмаганингиздан афсусда эканлигингизни билдира олмадингиз.
Тасаввур қилинг, ўғлингиз оддий рақамга айланди. Унинг ҳар-бир ҳужайрасини асраб авайлар эдингиз. Охирги марта юзларини силай олмадингиз.
Тасаввур қилинг, никоҳ либосида кўришни истаганингиз қизингизни ҳатто кафан ичида ҳам кўра олмадингиз. Улар сизнинг қўлингизга бир халтада парчаланган гўшт беришди. Ўзлари у гўшт парчаларини сизнинг қизингиз эканлигига ишонишмасада, сизни юпатиш учун "бу сенинг қизинг" дейишди.
Тасаввур қилинг, уларни соғиндингиз. Қабрини зиёрат қилай десангиз қабри йўқ...
Мана шу рақамга айланганларнинг бари сиз ва мендек инсонлар эди. Уларни севадиган оиласи бор эди. Уларнинг отаси, онаси ва дўстлари бор эди. Уларнинг орзу-умидлари, яхши ниятлари бор эди. Уларнинг айтмоқчи бўлган гаплари бор эди. Аммо умр вафо қилмади. Уларнинг қучоқламоқчи бўлган аҳбоблари бор эди. Аммо ўлимнинг қўли узунроқ чиқди.
Тасаввур қилинг, инсоннинг оддий рақамга айланиши қанчалар даҳшат!
Бу Ғазода содир бўлмоқда...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Сизда эса яхши кўриш ва яхши кўрилиш учун ҳеч кимса йўқлигини ўшанда биласиз.
Ана ўшанда турмуш ўртоғингизнинг иссиқ қучоғи ва оиладаги омонлик энг катта неъмат эканлигини англайсиз.
Улар сизга "аёлларни хорлашди, уларга зулм қилишди", дейишади. Ҳа тўғри, ғарб аёлларни хорлади, уларга зулм қилди. Унинг танасини хорлади. Уни бир матога айлантирди. Ҳатто машина мойининг рекламасида ҳам ярим яланғоч аёлнинг суратини жойлайдиган бўлишди.
Ғарб аёлларга зулм қилди. Уни иш бозорига улоқтирди. Бутун ҳаёти мусобақага айланди. Авлод бинокоридан ишлаб чиқарувчига айлантирди.
Аммо сизга ким зулм қилди?!
Агар бизда ҳали ҳам аёлларга зулм қиладиган эрлар бор экан, демак сизлар хотинликни тушунмаганингиз каби улар ҳали эрликни яхши тушунишмабди. Сиз турмуш қуришингиз, фарзанд кўришингиз, тушунчаларни тузатишингиз лозим эди.
Жамиятимиздаги оилаларга боқинг. Бугун ибратли оилалар жуда кўп. Унда оналар дунё маликаси каби бошларга кўтарилади. Чунки уларнинг оёғи остидадир жаннат.
Хотин эъзозланади, ҳурмат қилинади, эркаланади. Чунки эрларнинг яхшиси хотинларига яхши муносабатда бўлганидир.
Қизларга шабадани теккани қўйишмайди. Улар гўё уйларимиз маликаси.
Амма, хола ва яқинларимиз эса бир учи Аршга боғланган арқондирлар.
Бу дин биргина муслима аёлнинг фарёди сабаб Бағдоддан қўшин тортиб Европагача келган ва уни озод қилган. Сиз ана шундай буюк динга мансубсиз.
Ғанимлар сизни қандай қилиб арзимас эканлигингизга ишонтиришди?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲЎЛ ЖИГАРДА АЖР БОР!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ўтган қавмлар ҳақидаги хабарларни айтиб туриб шундай дедилар:
"Бир киши йўлда кетаётиб қаттиқ чанқади. Қудуқни кўриб қолиб унга тушди. Сув ичиб ташқарига чиқди. Ташқарида бир ит чанқоқликдан нам тупроқни ялаётган эди. Ҳалиги киши: "Бу ит ҳам мен каби чанқабди", деб яна қудуққа тушди. Ковушига сув тўлдириб оғзида тишлаб ташқарига олиб чиқиб итга тутди. Унинг бу иши Аллоҳга мақбул келиб уни мағфират қилди.
Саҳобалар сўрашди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳайвонлар учун ҳам ажр оламизми?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Албатта. Ҳар-бир ҳўл жигарда ажр бордир!”.
Хотинингиз ва фарзандларингизга берадиган таомингизда ҳам ажр бор. Йўл очсангиз-у ундан кўпчилик ўтса бунда ҳам ажр бор. Кишилар йўлни кўриши учун кечаси дарвозангиз чироғини ёқиб қўйсангиз бунда ҳам ажр бор. Сув чиқарсангиз, дарахт эксангиз, улардан инсонлар ва ҳайвонлар манфаат олса бунда ҳам ажр бор. Агар чиқарган сувингиз, эккан дарахтларингиз, ёққан чироғингиз вафот этганингиздан кейин ҳам инсонлар ва ҳайвонларга фойда бериб турса сизга садақаи жориянинг савоби бориб туради. Бу ишларнинг манфаати модомики инсонларга етиб турар экан буларнинг савобини қабрингизда ҳам топасиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УНИ АЛЛОҲ УЧУН ЯХШИ КЎРАМАН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга ўтган қавмларнинг хабарларидан гапириб туриб дедилар:
“Бир киши Аллоҳ йўлидаги бир биродарини кўргани бошқа қишлоққа қараб йўл олди. Аллоҳ бир фариштага уни кузатишни амр қилди. Йўлда унга фаришта инсон кўринишида учраб сўради:
-Қаерга кетаяпсан?
-Фалончиникига!
-У қариндошингми?
-Йўқ!
-Унинг олдида оладиган бирор нарсанг борми?
-Йўқ!
-Унда нега бораяпсан?
-Мен уни Аллоҳ учун яхши кўраман!
Шунда фаришта ўзини танитиб деди:
-Мен Аллоҳнинг элчисиман. Сен дўстингни яхши кўрганинг учун Аллоҳ ҳам сени яхши кўради!”.
Муҳаббатнинг энг гўзали ортида ҳеч қандай манфаат бўлмагани, фақатгина Аллоҳ учун холис бўлганидир. Бунда сиз бир кишини сизга Аллоҳни эслатгани учун яхши кўрасиз. Унинг мажлисида Аллоҳ кўп эслангани учун уни суясиз. Унинг қалбида Аллоҳнинг ўрни беқиёс бўлганлиги учун ҳам сиз унга қалбингиздан жой бергансиз.
Инсонлардаги энг гўзал туйғу бу муҳаббатдир. Энди бу муҳаббат Аллоҳ учун бўлсачи?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЛЛОҲ АДО ҚИЛАДИ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
“Ким кишилардан мол (қарз) олганида қайтаришни ният қилиб олса Аллоҳ унга ёрдам беради. Ким йўқ қилиш мақсадида олса Аллоҳ унинг молини йўқ қилади!”.
Дунё келиб кетадиган нарса. Бир куни сизники, бир кун эса бошқаники. Дунёнинг исми аслида сифатидан олиб номланган. “Дунё”нинг маъноси “паст” деганидир. Унинг пастлигини шундан ҳам билсангиз бўладики, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларида совутлари бир яҳудийникида олган қарзлари эвазига гаровда эди...
Аммо бизнинг бошимиздан қийин кунлар ҳам ўтиб туради. Инсон инсон билан тирик. Кишиларнинг қайғусини кеткариш Аллоҳ суйган амаллардандир. Ким бировдан қарз олса-ю, уни бермасликни ният қилса Аллоҳ унинг хусуматчиси бўлади. Бу қарзни бевосита оладими ёки ҳийла-найранг билан оладими фарқи йўқ.
Бир киши қандайдир бир жамиятга ёки хайрия уюшмасига қўшилди. Пулни олганидан сўнг ўзлаштириб жуфтакни ростлади. Бу энг қабиҳ ўғирликдир. Чунки бунда бир кишининг эмас, бир қанча кишининг молини ўғирлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Кимгадир табассум қилсангиз билингки, унинг қалб эшигини тақиллатдингиз. Агар у ҳам сизга табассум қилса демак қалбига киришга муваффақ бўлдингиз!
Хайрли тонг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МУСТАҲКАМ ДЕВОР БИЛАН ҲИМОЯЛАНИБСАН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аёл боласини кўтариб келиб деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Боламдан хавотирга тушиб қолдим. Бундан олдин учта боламни тупроққа топширдим!
Унга Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Дўзахдан жуда ҳам мустаҳкам девор билан ҳимояланибсан!
Арабларда бир мақол бор: “Яқинларни йўқотиш ғурбатдир!”.
Болаларидан бирини йўқотиш ота-она учун осон эмас. Бу жуда ҳам қийин ҳолат. Бундан гўё қалб ўрнидан суғурилганга ўхшайди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўғиллари Иброҳим вафот этганида йиғлаганлар.
Аммо маҳзунлик бошқа, Аллоҳнинг қадарига эътироз қилиш, қарши чиқиш бошқа. Биз ҳар қандай йўқотишга дуч келганимизда Аллоҳнинг қазои-қадари олдида турганимизни ҳис қилишимиз керак. Дунё бизнинг мақсадимиз эмас. Куни келиб барчамиз дунёдан ўтамиз. Бу дунё бизга Аллоҳ томонидан белгилаб, ўлчаб берилган вақтдир. Ҳаммамиз вақти келиб ўламиз. Бугун кимнидир елкамизда кўтарсак, эртага бизни кўтаришади...
Демак, Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хушхабарларини маҳкам тутишимиз лозим. Инсон розилик билан қабул қиладиган ҳар қандай йўқотиш унинг учун дўзахдан пардадир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ХОТИН БИЛАН ТОРТИШМАНГ!
Айтилишича, Иброҳим ал-Айёший роҳимаҳуллоҳ йигирма йил бир китоб устида ишлади. Уни нашр қиламан деб турганида хотини билан жанжаллашиб қолди. Хотини унинг йигирма йил меҳнат қилиб нашр қилмоқчи бўлиб турган китобини ёқиб юборди. Иброҳим ал-Айёшийнинг миясига қон қуйилиб оёқ-қўллари ишламай қолди!
"Мултақатотул ъавид" китобидан.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ҳамма нарсага куч билан эришишингиз мумкин, аммо муҳаббат ва эҳтиромга эмас!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ГЎЗАЛ АҲД ИЙМОНДАНДИР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Жассома ал-Музанийя исмли аёл кирди. Бу аёл Хадича розияллоҳу анҳонинг дугоналаридан бири эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг ташрифидан ниҳоятда шодландилар. Уни эҳтиром қилдилар. Аёл чиқиб кетгач Оиша розияллоҳу анҳо сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Битта кампирга шунча эҳтиромми?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Эй Оиша! Бу аёл Хадича тириклигида келар эди. Гўзал аҳд иймондандир!
Турмуш ўртоғингиз билан келишмовчилик бўлиб қолганида у билан ўтган муҳаббат лаҳзаларини ёдга олинг.
Дўстингиз билан ўртангизда тушунмовчилик бўлганида у билан ўтган хурсандчилик онларини эсланг.
Дунё сизни акангиздан, укангиздан, опа-синглингиздан ажратмоқчи бўлганида томирингизда оқадиган қон бир хиллигини ёдга олинг. Ёшликдаги кулгуларингизни, тупроқларда улар билан ўйнаганингизни, қалбнинг қалбдан қониққанини эсланг.
Ким билан кулишган, йиғлашган, овқатланган бўлсангиз демак улар билан ўтказган аҳдингиз-замонингиз бор. Гарчи дунё сизни ажратсада, уни муҳофаза қилинг. Сирларни очманг. Заиф нуқталарга зарба қилманг. Гўзал аҳд иймондандир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УНУТМАНГ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга қиёмат манзараларидан бирини ҳикоя қилиб бермоқдалар:
"Аллоҳ таоло бир бандасига мол берди. Ундан сўради:
- Бу мол билан нима ишлар қилдинг?
Банда жавоб берди:
- Мен кишилар билан савдо қилдим. Қарздорларнинг қарзидан ўтиб юборар эдим. Қийналганларга енгиллик берар эдим. Бойларга эса муҳлат берар эдим!
Аллоҳ таоло деди:
- Бунга мен ҳақлироқман. Бу бандамнинг гуноҳидан ўтиб юборинглар!
Яхшиликка нисбатан вафодор бўлинг. Яхшиликни унутманг. Бизнинг яхшиликларни унутмайдиган вафодор Роббимиз бор. У вафолиларни яхши кўради.
Дўстингиз қилган яхшиликни унутманг. Қўшнингиз қилган гўзал амални ёддан чиқарманг. Биродарингизнинг ёшлик хотираларини ёдда тутинг. Сизга иш берганларнинг яхшилигини эсдан чиқарманг.
Сизнинг хизматингизда жонини тиккан турмуш ўртоғингизни унутманг. Сизга ёрдами теккан ҳамкасбингизни ёдингиздан чиқарманг.
Бир онлик хусумат сабаб бир умрлик муҳаббатни барбод қилманг!
Ёдингиздан чиқмасин, бизнинг унутмайдиган Роббимиз бор!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ўзимни солиҳлардан деб ўйламайман. Шариатни ҳам қаттиқ тутганман деган даъводан йироқман. Фаришталик даъвосидан узоқдаман...
Аммо Аллоҳ ҳақида гапириб мазза қиламан, лаззатланаман. Умидим шундан!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Келинг, бир-биримизнинг маҳзунлигимизни ҳам эҳтиром қилайлик. Бироз ёлғиз қолишга рағбати борлигини ҳурматини қилайлик. Бироз тинчлангач, елкасини силайлик, тасалли берайлик. Қалб қалб билан, руҳ эса руҳ билан гаплашсин!
Маҳзун бўлган лаҳзаларингизни яшанг. Зарари йўқ. Оғриқдан йиғланг. Кўз ёшларингизни беркитманг. Қалбда қолиб кетадиган маҳзунлик уни парчалайди.
Синганингизни бошқалар кўрмаслиги учун бироз ёлғизланинг. Роббингизга нидо қилинг. Дардингизни айтинг Унга!
Унинг ҳузурида сажда қилинг. Шундай муножот қилингки, Ундан бошқа барчадан умид узганингизни билсин!
Бармоқларингиз билан қалбингизга ишора қилиб:
"Эй Роббим! Дардим бу ерда. Даво бер!", деб ёлворинг!
Сўнгра инсонлар олдига кўзёшларингизни артиб худди ҳеч нарса бўлмагандек кучли бўлиб чиқинг!
Чунки инсонларнинг сизга раҳми келиб қараши ҳам янги бир жароҳат аслида.
Аллоҳ таоло суянадигани йўқларга суянчиқдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎРГАТМОҚЧИ БЎЛИШАДИ...
Европада Европаликлар аёлларни нажас деб Инжилни ушлагани қўймайдиган бир пайтда Қуртубанинг бир маҳалласида 170 та қуръонни нусхалайдиган хаттота қизлар ва аёллар бор эди.
Муҳаммад Акрам ан- Надвий ўзининг "Аёл муҳаддислар" номли китобида 8000 (саккиз минг) та ҳадис олималари бўлмиш аёлларнинг таржимаи ҳолини зикр қилади. Бу китоб қирқ мужалладдан иборат.
Имом Ҳофиз Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Мийзонул иътидол" номли китобида 4000 (тўрт минг) та айбли ва тарк қилинган эркак ровийларни зикр қилиб сўнгра шундай дейди:
"Аёл муҳаддислар ичида эса айбланганини ва тарк қилинганини билмайман!".
Аллома Ҳофиз Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг илм олган устозларидан саксондан ортиғи аёллар бўлганини айтади.
Имом Саховий роҳимаҳуллоҳнинг "Аз-зуъул ломиъ" китобида тўққизинчи ҳижрий асрда яшаб ўтган мингдан ортиқ муслима олималар ҳақида гапирилган. Айнан ўша асрда Европаликлар жодугарлик айби билан 600000 (олти юз минг) аёлни оловда куйдириб қатл қилишган.
Бугун Европа ислом аёлларга зулм қилади деган даъво билан мусулмонларга аёлларга қандай муомала қилишни ўргатмоқчи бўлаяпти!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИНСОНИЙЛИК
Рус ёзувчиси Максим Горький айтган эди:
"Америкаликларда инсон истаган ҳамма нарсалар бор. Фақат уларда битта нарса етишмайди. Бу инсонийликни ҳис қилиш!".
Ирландиялик адиб Оскар Уайльд Нью-Йорк портига тушганида уни божхона зобити тўхтатиб сўради:
- Сизда ман қилинган ҳеч нарса йўқми?
Оскар Уайльд деди:
- Бор. Менда инсонийлик бор!
/channel/Abdulqodir_Polvonov