Ҳамма тенг бўлган биргина жой қабристондир!
Ёлғиз ўзингиз зиёрат қилиб туринг. Фойдаси беқиёс бўлади, ишонинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЖОҲИЛИЯТДАГИ ОДОБ
Мушрикларнинг каттаси бўлмиш Абу Жаҳлга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига ҳужум қилиб, бостириб кириб у зотни қатл қилиш тавсия қилинди. У бундан бош тортиб деди:
- Аллоҳга қасамки, мен арабларнинг: "Абу Жаҳл Муҳаммаднинг хотин-қизларини қўрқитибди,!", деб юришларини истамайман!
Бу жоҳилиятдаги хусумат одобидир.
Биз ахлоққа доим муҳтожмиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Кемани биз истаган томонга ҳайдайдиган киши капитандир!
Кемани ўзи истаган томон ҳайдайдиган киши эса қароқчидир!
Содиқ ал-Ҳаддод
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Қалблар сирдир. Уни Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди. Ҳижоб ўрамайдиган аёл қизларимиз фоҳиша эмас. Мусиқа эшитадиганлар қуръонни ёмон кўришмайди. Мен гуноҳкорларни ҳимоя қилиб оқламоқчи эмасман. Мен уларнинг қўлидан тутиб Аллоҳ томон бошлайлик демоқчиман!
Тўртинчи дарс:
Агар инсонлар билан гўзал ахлоқ ва юмшоқлик орқали муомала қилмасак диндорлар ҳақида уларда ёмон таассурот қолдирамиз. Натижада улар “диндор сенга ўхшаган бўлса мен сенга ўхшамаганим бўлсин!” деб, гуноҳларини тарк қилишмайди. Ўзимиз ўрнак бўлмасдан туриб кишиларни маломат қилмайлик. Аллоҳни инсонларга ёмон кўрсатмаслигимиз лозим.
Масжидга қатнайдиган кишининг намоз ўқимайдиган киши билан очиқ юз ила қўл бериб сўрашиши эҳтимол унинг намоз ўқишига сабаб бўлар. Ҳижобли аёлнинг очиқ юрган аёл билан табассум ва ширин сўзлар ила муомала қилиши эҳтимол унинг ҳам ҳижобга киришига сабаб бўлар. Итоатгўй инсоннинг гуноҳкор инсонга айтган ширин сўзи эҳтимол уни Аллоҳ томон бошлар...
Борди-ю инсонлар сиздан таъсирланмаса ҳам сизга яхши йўлга чақириқ савоби битилаверади.
Юқоридаги киши ўғрига, зинокор аёлга, бойга садақа қилди. Роббимиз ундан: “Нега иффатли кишига, покиза аёлга ва фақирга садақа қилмадинг? Агар шуларга садақа қилганингда яхшироқ бўлар эди!” деб сўрамади. Аммо унга солиҳ туш кўрсатди ва садақаси қабул бўлганини айтди. Эҳтимол ўғри ўғрилигини у сабабли тарк қилар!
Эҳтимол зинокор аёл у сабабли иффатли аёлга айланар!
Эҳтимол бой у сабабли садақа қилишга киришар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЁРДАМ БЕРАДИ!
Аллоҳ таоло бир ботилни ҳалок қилмоқчи бўлса унга овози эшитиладиган, кишилар ундан ҳайиқадиган бир аҳмоқни сабаб қилади.
Бадр жангида икки томоннинг ҳам мақсади карвон эди. Мусулмонлар карвонни қўлдан чиқарган эди. Карвон ишини бажариб Абу Суфён бошчилигида Макка томон қайтмоқда эди. Мушриклар карвоннинг қутилганига ишонишган эди. Ана шу онда Аллоҳ таоло Абу Жаҳл каби аҳмоқ ва ҳамма уни тинглайдиган бир кимсани гапиртирди. У Бадрга бормагунча Маккага қайтмаймиз, ўша ерда туялар сўямиз, қизлар ашула айтади, буни араблар эшитсин, кўриб қўйсин, деди.
Кўпчилик уни фикридан қайтармоқчи бўлди. Аммо бу ҳеч кимнинг қўлидан келмади. Ҳатто Қурайш катталаридан бўлмиш Утба ибн Рабийъа деди:
-Маккага қайтайлик. Майли Утбани қўрқоқ десинлар!
Абу Жаҳл уни қаттиқ сўкиб ҳақоратлаб ташлади...
Бир муддат ўтиб Қурайш саййидларининг жонсиз таналари Бадрдаги чуқурга ташланди ва сассиқ жийфага айланишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг жонсиз танаси устига келиб дедилар:
- Роббингиз айтган нарса ҳақлигини кўрдингизми?! Мен Роббим ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдим!
Бугунимиз нақадар кечаги кунга ўхшаш!
Нетаньяҳу дарахтдан тушиши учун бутун олам қанча-қанча фурсат бермади дейсиз. Ҳарбий ташкилотлар, махфий хизматлар етакчилари, Моссад бошқалар уни дарахтдан тушириш учун ялинишди. Аммо у маймунга ўхшаб дарахтга ёпишиб олган. Субҳаналлоҳ! Унинг журъатига қаранг. Олдин ўлгудек даражада қўрқоқ эди.
Нетаньяҳуни Фаластинликлар каби ҳеч ким билмайди. Ўзгалар ундаги бугунги "жасорат"дан ажабланишади. У жуда ҳам қадимги қўрқоқ ва заифлардан. Фаластинликларнинг у билан боғлиқ ҳикоялари кўп.
Шояд Аллоҳ уни ҳам, давлатини ҳам Абу Жаҳлни ҳайдаб келгани каби уруш майдонига ҳайдаб келган бўлса...
Фаластинликлар Нетаньяҳу ҳукмронлиги даврида бир неча марта урушни кўрди. Нетаньяҳу урушларнинг барчасида тезроқ уни тугатишни истайди.
Нетаньяҳу бир юз ўттиздан ортиқ аскарини Фаластинлик асирларга алмаштиришга рози бўлмаяпти. Ҳолбуки, у олдинроқ битта аскари эвазига мингдан ортиқ Фаластинликни озод қилган эди. Улар ичида Қассом гуруҳларидан бўлган одамлар ҳам бор эди. Шахсан Синвар ҳам улар ичида бор эди.
Ўз халқига бугун "Филадельфия коридори"нинг тинчликни сақлашдаги аҳамияти хақидаги гапираётган Нетаньяҳу олдинлари унинг тинчлик учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ, деб ундан халқини эвакуация қилишга чақирган эди.
Аҳмоқлик ҳам Аллоҳнинг лашкарларидан биридир. Субҳаналлоҳ! Роббимиз инсоннинг хаёлига келмайдиган лашкарлари билан динига нусрат бераверади. Босқинчилар унчалар узоққа бормайди. Улар Аллоҳнинг изни билан қулаш арафасида. Уларни ҳар томондан ёмон кўрувчилар ўраб турибди. Вақти келиши билан уларни ҳеч ким ҳимоя қила олмайди. Уларни Фаластинга олиб келиб экканлар ҳам, уларни бу ерда кўкартириш учун югураётганлар ҳам қутқара олмайди!
Бу гапни биз айтаётганимиз йўқ. Буни уларнинг билимли ва маданиятли кишилари айтишаяпти. Булардан ҳам олдин биз Аллоҳ ва Расулининг ваъдаларига ишонамиз. Юқоридаги аҳмоқ эса мана шу ваъдаларнинг рўёбга чиқишига Аллоҳнинг изни билан ёрдам беради!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ШИКОЯТ ҚИЛАЯПТИ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ансорлардан бирининг боғига кирдилар. У ерда бир туяни кўрдилар. Туя Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриши билан инграб кўзларидан ёш тўкди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга яқинлашиб бошини силадилар. У жим бўлди. Сўнгра сўрадилар:
-Бу кимнинг туяси?
Ансорлардан бир йигит келди ва “Меники, эй Аллоҳнинг Расули!”, деди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб:
-Аллоҳдан қўрқмайсанми бу жонивор тўғрисида?! Аллоҳ уни сенга мулк қилиб берган. У менга сендан шикоят қилаяпти. Сен уни қаттиқ ишлатар экансан, оч қолдирар экансан, қийнар экансан!
Бугун башарият бизга инсон ҳуқуқлари ҳақида ўқиётган маърузаларини биз бундан минг тўрт юз йил олдин ҳатто ҳайвонларга татбиқ қилганмиз.
Азизлар! Динимиз ниҳоятда буюк дин. Аммо биз уни татбиқ қилмайяпмиз. Динимиз раҳм-шафқатга чақиради, аммо бизнинг қалбимиз қотиб бораяпти!
Динимиз оддий бир туяга шунча эътибор бераяпти, биз бўлсак инсондек буюк мавжудотга эътибор бермаймиз. Бир аёл бир мушук туфайли дўзахга кирган. Биз бўлсак инсонларни зое қилмоқдамиз. Бизлар четдан келтирилган қадриятларга муҳтож эмасмиз, консерваланган фикрларга зор эмасмиз. Бизга фақат ҳақиқий мусулмон бўлиш етишмаяпти холос!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Ҳасад фақатгина моддийликка боғлиқ эмас. Баъзилар сизни одамлар яхши кўрса ҳам бемор бўлиб қолади!".
Вильям Шекспир
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Шайхи унга дебди:
"Ҳой болам! Агар гуноҳ қилсанг уни одамларга айтма. Чунки сен тавба қилсанг ҳам одамлар унутишмайди!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЙИҒИНИНГ САБАБИ!
Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалиги даврида Масжидун Набавийга чиқди. У ерда Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг йиғлаб ўтирганини кўрди. У жуда ҳам ўксиниб йиғлар эди. Умар розияллоҳу анҳу ундан сўради:
-Нега йиғлаяпсан эй Муоз?
Муоз розияллоҳу анҳу деди:
-Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадисим сабабли йиғлаяпман. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деган эдилар: “Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир. Ким Аллоҳнинг дўстларини душман тутса Аллоҳга қарши уруш очибди. Аллоҳ таоло тақводор, махфий, йўқолганида биров сўрамайдиган, келганида биров танимайдиган, қалблари худди ҳидоят чироғи каби бўлган аброрларни севади...!”.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизни риёдан огоҳлантираяптилар. Риё бу инсонларга амалини кўрсатиб мазза қилиш. Бундан мақсад Аллоҳнинг розилиги бўлмайди, балки фақат инсонларни хурсанд қилиш, уларга мақтаниш ва уларнинг розилигини олиш бўлади. Бу ҳадисда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга Аллоҳга энг суюкли банда ихлосли банда эканлигини айтмоқдалар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Мақтовлар мени алдай олмайди. Танқидлар мени йиқита олмайди. Булар ҳаммаси фикрлардир. Мен эса қарорман!".
Жуброн Халил Жуброн
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АБУ БАКР ЎЗИБ КЕТДИ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам кечаси Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо билан масжидга кирдилар. Масжидда бир киши қуръон ўқиётган эди. Набий саллоллоҳу алаҳи ва саллам уни тинглаб тўхтаб қолдилар ва кейин дедилар:
“Ким қуръонни янги нозил бўлгандек ўқишни истаса Умму Абднинг ўғли каби ўқисин!”.
Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо билдиларки, қуръон ўқиган киши ибн Масъуд розияллоҳу анҳу экан!
Тонг отгач, Умар розияллоҳу анҳу бу хушхабарни айтиш учун ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг уйига борди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу унга деди:
-Сендан олдин Абу Бакр келиб айтган эди!
Инсонларнинг муваффақият қозониши сизнинг мағлубиятингиз эмас. Уларнинг бой бўлиб кетиши сизнинг фақир бўлишингиз эвазига бўлмайди. Қалбингизни тозаланг. Қалбингизни кишиларга муҳаббат қилишга одатлантиринг. Уларга яхшиликни истанг. Ёдингиздан чиқмасин, жаннатга олиб борадиган энг қисқа йўл қалб саломатлигидир!
Сулаймон алайҳис саломнинг ҳидоят ташиган Ҳудҳуди каби яхшилик элчиси бўлинг.
Тўфоннинг тугаши ҳақида хушхабар берган Нуҳ алайҳис саломнинг кабутари каби бўлинг.
Кишилар орасида яхшилик билан юринг. Кишиларнинг ортидан айтилган яхши хабарларни уларга етказинг. Улар ҳақида эшитган ёмон гапларни ташиманг, уларни яширинг. Чақимчилик қилиб Иблисга элчи бўлманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИНСОН ШАРАФСИЗ ҲЕЧ КИМДИР!
Британия Ҳиндистонни мустамлака қилган даврларда Британиялик бир зобит Ҳиндистонлик бир кишининг юзига тарсаки тортиб юборди. Ҳиндистонлик киши уни тепиб ерга йиқитди.
Зобит генералнинг олдига бориб бўлган воқеани гапириб берди. Генералдан уни ўлдиришини талаб қилди. Ҳиндистонлик киши Ҳазрати олийларининг қўшинига беадаблик қилганини айтди.
Аммо генерал бошқача йўл тутди. Унга Ҳиндистонлик кишининг қўлига эллик минг рупия беришини ва кечаги қилмиши учун узр сўраши кераклигини айтди.
Табиийки, Ҳиндистонлик киши унинг пулини олиб уни кечирди ва кўпдан бери орзуси бўлган тижоратни бошлади. Моли кўпайиб кишиларнинг назарига тушди. Шунда генерал ҳалиги зобитга деди:
-Энди бориб унинг қўриқчилари ва ходимлари олдида унга тарсаки тушир!
Зобит генерал айтганидек қилди. Ҳиндистонликнинг уйига бориб ходимлари ва қўриқчилари олдида унга тарсаки туширди. Бу сафар Ҳиндистонлик киши табассум қилиб унга ҳеч нарса демади!
Зобит қайтиб генералга бўлган воқеани айтиб берди. Шунда генерал деди:
-Олдинги сафар урганингда Ҳиндистонликнинг шарафидан ўзга нарсаси йўқ эди. ўшанда у шарафини ҳимоя қилган эди. Кейинги сафарда эса биз унинг шарафини сотиб олдик. Унинг тижорати ривожланди. Энди у шараф ҳақидаги гапларни унутиб пулини, тижоратини ҳимоя қилди!
Инсон ҳаётда доимо шарафини эҳтиёт қилиши лозим. Уни сотувчилар бугун ниҳоятда кўп. Уни ушлаб қолганлар эса ниҳоятда оз.
Кўп ҳолатларда бизнинг шарафимиз кундалик тасарруфларимиз, ҳаётимизнинг дақиқ тафсилотлари орқали синовда бўлади...
Муҳаббат исми билан кимдир пол латта бўлишга ҳам рози бўлади. Ўзига-ўзи “севишганлар ўртасида шарафга ўрин йўқ”, деб тасалли ҳам беради. Бу севгининг даъвогари қалблари ва шарафлари ўртасидаги танловда қалбларни танлаганлар аслида ошиқ бўлишга ҳам номуносиб эканлигини унутгандир. Ҳатто у бундан муҳимроқ нарсани ҳам унутган. Аслида бизни яхши кўрганлар бизни ҳеч қачон танлов олдида қолдиришмайди. Чунки бизнинг шарафимиз уларнинг шарафидир!
Кимдир ризқ номи билан юзининг сувини тўкиб юради. Сўнгра ўзини-ўзи “ҳаётда бир бурда нон топиш жуда ҳам машаққат”, деб алдаб ҳам қўяди.
Хамири хорликка аралаштирилиб қорилган ва бизни қулга айлантирадиган нон ўлиб кетсин. Бунақалар наздида ризқ Аллоҳнинг эмас, гўё инсонларнинг қўлидадир!
Мансабга кўтарилиш номи билан кимдир ишхонадаги ҳамкасблари билан хўжайини ўртасида жосуслик қилади!
Бир халқнинг катталарини таниш исми билан кимдир лаганбардорлик ва хушомадни жойига қўяди!
Манфаат фиқҳи баҳонасида кимдир салла ва соқолини арзимаган қора чақага сотиб юборади. Бунақалар Аллоҳнинг каломини таълим олиб Иблиснинг йўлидан юришади!
Баъзан ўзни билмасликка солиш ҳам фазилат ҳисобланади. Бу олий ахлоқий қадриятдир. Баъзан кўз юмиш олий хулқдир. Аммо шарти бор. Жонинг борича бошқаларни муҳофаза қилишга уринишинг, ажрини Аллоҳдан кутишинг лозим. Аммо ажрни одамлардан кутсанг билгинки, шарафингни уларнинг оёқлари остига ташлабсан!
Шарафингиз севгилингиздан ҳам, нонингиздан ҳам, ҳатто ўзингиздан ҳам муҳим бўшлиши лозим. Ёдингиздан чиқмасин инсон шарафсиз ҳеч кимдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
РАҲМАТИ ЧЕКСИЗ...
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
"Нафсим қўлида бўлган Зот билан қасам ичаманки, қиёмат куни Аллоҳ таоло шунчалар кўп инсонни мағфират қилади, ҳатто Иблис ҳам: "Мени ҳам кечирса керак!", деб ўйлаб қолади!".
Аллоҳ таоло чексиз раҳмати ила гуноҳларимизни мағфират қилишини ўтиниб сўраб қоламан!
Ҳадисни Имом Табароний "Муъжамул авсат"да келтирган.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ХУЛҚЛАР САЙЙИДИ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг уйига келдилар ва дедилар:
- Эй Абу Бакр! Менга ҳижрат қилишга рухсат берилди!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу сўради:
- Ҳамроҳликми, эй Аллоҳнинг Расули?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ҳамроҳлик, эй Абу Бакр!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Менда иккита туя бор. Уларни ҳижрат учун тайёрлаб қўйган эдим. Биттасини олинг!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Пулга оламан, эй Абу Бакр! Ўзимники бўлмаган туяга минмайман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратлари ўз моллари ҳисобидан бўлишини истадилар. Холбуки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу доим молини Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга берар, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам индамасдан қабул қилар эдилар!
Дўстингиз билан варақ ва қалам билан эмас, эзгулик асосида муомала қилинг. Уларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, сўрашидан олдин раво қилишга ўрганинг. Дўсти сўраганидан сўнг ёрдам қиладиган дўст нақадар ёмон дўст!
Аммо кимнингдир ҳаққини адо қилиш, қандайдир молнинг пулини тўлаш ахлоққа зид эмас. Ҳамма ҳам бадавлат эмас. Ҳамма ҳам дўстининг юкини кўтара олмайди.
Аммо эҳсон ва яхшилик барибир ахлоқлар саййиди бўлиб қолаверади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Мустақиллик нелигини уйғурлар билишади...
Мустақиллик нелигини Фаластинлик биродарларимиз билишади...
Истиқлол байрами муборак азизлар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚУЛЛИК
Қуллар озод инсонларнинг озодликка интилиши сабабларини билишмайди...
Қуллар озодлик томон бўлган ҳаракатни исён, олийликни бузуқлик, азизликни жиноят деб номлашади...
Шунинг учун улар ўзини азиз ҳисоблайдиган, қуллар карвонида юришни истамайдиган озод инсонлар бошига турли азобларни солишади...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЛЛОҲ БУ ИШИНГНИ УНУТМАЙДИ!
Қурайш Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни ва мусулмонларни ҳажв қилиб шеърлар айта бошлади. Ислом шоирлари ҳам уларга бир-бир муносиб раддиялар бера бошлашди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳуга дедилар:
- Эй Каъб! Сен: "Сухайна Роббисини мағлуб қиламан деди. Аллоҳ билан жанг қилганлар албатта мағлуб бўлажак!", деганмидинг?!
Каъб деди:
-.Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аллоҳ таоло бу гапингни унутмайди!
Бу динни ҳимоя қилиб айтилган ҳар-бир гапингиз унутилмайди...
Аллоҳни инсонларга суйдириш учун қилган ҳар-бир ваъзингиз албатта сақлаб қўйилади, мукофотини оласиз...
Инсон фитратини, ахлоқни ҳимоя қилиб ёзилган мақолангиз асло унутилмайди. Албатта ажрингизни оласиз...
Жаннат гоҳида ботил мажлисда айтилган ҳақ гап остида ҳам бўлиши мумкин...
Бир кишини ортидан обрўсини ҳимоя қилишингиз эҳтимол буюклигингизга далолат қилиши мумкин...
Қалам, фикр, балоғат, фасоҳат, минбарлар, газета ва журналлар билсангиз кураш майдонидир....
Ёдингиздан чиқмасин, Аллоҳ унутмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Юсуф алайҳис саломни қудуққа ташлаган қўллар куни келиб у зотга "садақа қил" деб чўзилган эди...
Аллоҳ Ўзи хисобни тўғирлайверади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САДАҚА
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Бир киши садақа қилишга қасд қилиб пул олиб чиқди. Уни ўғрига берди. Кишилар “ўғрига садақа қилинди” деб гапира бошлашди. Ҳалиги киши Аллоҳга ҳамд айтиб яна садақа қилишга қасд қилди ва пул олиб чиқиб зинокор аёлнинг қўлига берди. Кишилар “зинокор аёлга садақа қилинди” деб яна гапира бошлашди. Ҳалиги киши яна Аллоҳга ҳамд айтди ва сақада қилишга қасд қилиб пул олиб чиқди ва уни бойга берди. Кишилар “бойга садақа қилинди” дея буни ҳам гапиришди. У киши: “Алоҳим! Сенга ўғри учун ҳам, зинокор аёл учун ҳам, бой киши учун ҳам ҳамд бўлсин!”, деди. Тушида унга шундай дейилди:
“Ўғрига берган садақанг эҳтимол уни иффатли бўлишига сабаб бўлар. Зинокор аёлга берган садақанг эҳтимол унинг иффатли бўлишига сабаб бўлар. Бойга берган садақангдан эҳтимол бой ибрат олиб ўзидаги Аллоҳ унга берган бойликдан инфоқ қилар!”.
Биринчи дарс:
Инсонлар доимо шу. Уларга раддия бермасанг қўрқоқ дейишади. Садақа қилсанг риёкор дейишади. Олимнинг ортидан юрсанг хушомадгўй дейишади. Гуноҳкор билан юрсанг унга шерик дейишади. Хотинингга яхшилик қилсанг хотинқули дейишади. Улар билан гуноҳда шерик бўлмасанг тепса-тебранмас дейишади. Пора олмасанг содда дейишади. Ҳижоб ўрасанг қолоқ дейишади. Юзингни ёпсанг террорчи ёки хуниклигини яшираяпти дейишади. Аёл киши эрига итоат қилса шахсияти заиф аёл экан дейишади.
Улар сизни ўзгартиришига йўл қўйманг. Уларни хурсанд қилиш учун асосларингиздан воз кечманг. Агар инсонларга эътибор берсангиз кўпи ҳатто Аллоҳдан ҳам рози эмас. Сиздан рози бўлармиди!
Иккинчи дарс:
Инсонларни Аллоҳ сари етакланг. Ёдингиздан чиқмасин, Аллоҳ таоло Пайғамбарларини осийларни тўғри йўлга солиш учун юборган. Агар инсонлар тоат аҳли бўлишса Пайғамбарларга муҳтож бўлишмас эди.
“Мен сизнинг олий Роббингизман” деган кимсага Аллоҳ Пайғамбар юбориб юмшоқ сўзлашни тавсия қилди.
“Санамлар Аллоҳнинг қизларидир” дейдиган кимсаларга Аллоҳ инсонлар ичида энг сараси бўлган зотни Пайғамбар қилиб юборди.
Инсонларнинг гуноҳига худди хўжайиндек қараманг. Уларга худди қулдек боқинг. Аллоҳ сизга берган ҳидоят неъматининг закоти адашганларни Аллоҳ томон етаклашингиздир. Ўзингиз ҳидоят топа олмас эдингиз. Аллоҳ таоло сизга буни неъмат ўлароқ тақдим қилди. Гуноҳкорларга худди бало аҳлига, ногиронларга қарагандек қаранг. Чунки беморлик залолатдан енгилроқдир. Бемор инсоннинг беморлиги гуноҳларига каффорат бўлади. Залолатнинг эса оқибати ёмон!
Учинчи дарс:
Тўғри, биз ишларга зоҳиран қарашга ва ҳукм қилишга буюрилганмиз. Аммо ташқи кўринишга алданиб ҳам қолмаслигимиз керак. Шунақа гуноҳкорлар борки, улар аксар дин савдогарларидан кўра кўпроқ Аллоҳ ва Расулини яхши кўришади. Аммо уларнинг шаҳвати ғолиб бўлган. Шайтонлари ҳукмрон бўлиб олган. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида бир киши бор эди. Унинг исми Абдуллоҳ, лақаби эса эшак эди. Жуда ҳам ҳазилкаш ва қувноқ эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни кулдириб юрар эди. У ароқ ичар эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга ароқ ичгани учун бир неча бор дарра урдилар. Яна бир сафар ичганида кишилардан бири уни лаънатлади:
“Эй Аллоҳим! Уни лаънатлагин. Намунча кўп ичмаса!”.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
-Уни лаънатламанглар! Аллоҳга қасамки, у Аллоҳ ва Расулини яхши кўради!
БИЛЛУРЛАРГА ҲУШЁР БЎЛ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам аёллари билан ҳажга чиқдилар. Йўлнинг анча қисмини юргандан сўнг карвонни бошқаришни Анжага исмли ғуломларига топширдилар. Анжаша карвонни тез ҳайдай бошлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Анжашага:
- Эй Анжаша! Биллурларга ҳушёр бўл!-дедилар.
Ҳаёт сўқмоқларида биллурларга ҳушёр бўлинг. Бир мартагина овози кўтарилса кўтарилибди, сабр қилинг. Жуда ҳам узоқ вақт сизга сабр қилиб юмшоқ гапириб юрган-ку ахир.
Уй ишларида камчиликка йўл қўйса билмасликка олинг. Уй ишлари қийин. Оила ташвишлари эзиб юборади. Энг буюк муҳаббат қийинчилик пайтидагисидир.
Сиз истаган куйлакни дазмолламаган бўлса осмон узилиб ерга тушмабди. Агар нонуштани вақтида тайёрламаган бўлса қиёмат қоим бўлмабди. Ҳатто сизга ёқмайдиган иш қилса ҳам бақириш билан эмас, битта ўзгача қараш билан ҳал қилинг!
Фарзандларингиз олдида хотинингизни танқид қилманг. Сизга айтмаса ҳам бу унинг қалбини жароҳатлайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Шахсиятингизни икки нарса белгилаб беради:
1. Қўлингизда хеч нарса бўлмаган пайтдаги сабрингиз.
2. Қўлингизда ҳамма нарса бўлган пайтидаги ахлоқингиз.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Ҳақиқатни гапиришдан олдин оёқ кийимингизни топиб тайёрлаб қўйинг!".
Африка мақоли
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДУНЁ ТИЛИ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келгач, кишилар у зотнинг ҳузурларига Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни келтириб шундай дейишди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Бу йигитча Бани Нажжор қабиласидан. У ўндан ортиқ сурани ёд олган!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан "Қоф" сурасини тиловат қилиб беришини сўрадилар. Зайд тиловат қилиб берди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг тиловатидан ажабландилар ва дедилар:
- Эй Зайд! Мен учун яҳудийлар тилини ўрган. Мен мактубимни уларга ишонмайман!
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу иброний тилини ўн беш кунда мукаммал ўрганиб келди!
Бу уммат дўстининг ҳам, душманининг ҳам тилини ўрганиши шарт. Бу сайёрада биз ёлғиз эмасмиз. Бошқалар билан алоқа қилиш учун албатта тил керак.
Энди ўз она тилимизга ўзга ажнабий тилларга оид сўзларни қўшиб ишлатишимизга келсак, бу жуда ҳам қабиҳ тобелик ва кўр-кўрона тақлиддир.
Тиллар ичида қирол араб тилидир. Бу тилнинг бошидаги тож Қуръони каримдир!
Агар француз тили мулозамат ва муомала тили бўлса, инглиз тили турли илмлар тилидир. Хитой тили тижорат тили бўлса араб тили буларнинг барининг тилидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДУНЁ МЎЪМИННИНГ ЗИНДОНИ, КОФИРНИНГ ЖАННАТИДИР!
Бунинг сабаби шуки, мўъминнинг Аллоҳдан бўлган хавфи уни тўсиб туради. Унинг розилигини истаб ҳаром шаҳватларини тарк қилади. Кофир эса тушовдан бўшаган ҳайвон каби истаган ишини қилиши мумкин.
Мўъминнинг аҳволи ҳақида тафаккур қилсангиз уни нафси, ҳавоси ва шайтони билан курашаётганини ҳис қиласиз. Бомдод намозига туриш машаққатли. Рўза тутиш ниҳоятда нафсга оғир ботади. Ҳажга катта пул керак. Инсонга пули ширин бўлади. Ҳақ сўзни айтиш хатарли. Иффатни сақлаш кучли иродани талаб қилади. Омонатга хиёнат қилмаслик хиёнат қилишдан ҳам қийинроқдир. Кўзни номаҳрамлардан тийиш ҳавога қарши туришдир. Садақа қилсанг молинг кетади. Закот бериш эса жиҳоддир!
Кофир эса буларнинг баридан озод. У лаззатли уйқусидан воз кечиб бомдодга турмайди. Шаҳвати ва лаззатига қарши туриб номаҳрамлардан кўзини тиймайди. Закот бериб нафсини қийнамайди. Рибо ҳақидаги оятлар уни қўрқитмайди. Ҳужурот сурасидаги одоблар уни чегарада тўхтатмайди!
Жаннат йўли тиканлидир. Дўзахнинг йўли эса текис ва юриш осондир.
Яратувчиси кишанларидан ўзини озод қилиб шаҳвати асирига айланганлар нақадар бахтсиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲИДОЯТ ТУҒИЛДИ, КОИНОТ НУРГА ТЎЛДИ!
Биламан эй Аллоҳнинг Расули! Охирги пайғамбарлик сиздан ўзгасига муносиб эмас эди. Олдин келган пайғамбар биродарларингизнинг ўз қавмига келиш вақти сиздан олдин бўлсада, сиз улардан мақомда олдиндасиз. Биринчи бўлиш учун охирда келдингиз. Рисолатларнинг охирида мушкдан бўлган муҳр бўлиши шарт. Мушкнинг эса инсон бўлиши тақдир қилинганда , сиздан ўзга ким ҳам мушк бўла олар эди?!
Эй инсонларнинг энг гўзали, энг хушбўйи, энг қалби юмшоғи, энг меҳрибони ва саййиди! Сизга салом бўлсин!
Омина бинт Ваҳбга салом бўлсин! У зулматга ғарқ бўлган бу сайёрага ёритувчи чироқ ҳадя қилди. У тушида кўрганидек Бусродан Шомгача эмас, биз ўнгимизда кўраётганимиз машриқдан мағрибгача ёритувчи чироқсиз!
Абдулмуттолибга салом бўлсин! У ота-онасиз қолган, келгусида ер юзининг тарбиячиси бўладиган етимни тарбия қилди!
Ҳалимайи Саъдийяга салом бўлсин! У Маккадан қуруқ қайтмаслик учун сизни эмизишга олди. Етим боладан қанақа қилиб пул ишлаш мумкин?! Кейинроқ билдики, энг буюк бойликка эга бўлган экан. Сиз уларнинг қабиласига борганингизда Бани Саъд диёрига барака ёғилди. Қаерга борсангиз ширинлик атрофида чумоли айланганидек, сизга хайр ва барака эргашиб юрар эди!
Абу Толибга салом бўлсин! У фақирлигига қарамасдан сизга гирдикапалак бўлди, боқди, кафолатига олди.
Ёшингиз кичкина бўлсада амакингизга юк бўлишни қабул қилмадингиз. Унга ёрдам бериш учун чўпонлик қилдингиз. Сиз гўдаклигингиздан бошлаб инсонлар саййиди эдингиз!
Ҳадича розиёллоҳу анҳога саломлар бўлсин! У сизга қабила, қўшинингиз бўлмаган кунларда эса муҳаббатга тўла қўшин эди. Сиз ваҳий даҳшатидан титраганингизда бағрига олган эди. бошингизни қўллари билан силаган эди. Сизга сўзлар кўринишидаги қалби ила: “Аллоҳ сизни хорламайди!”, деган эди. Сизни ким эканлигингизни яхши билар эди. Сиз ҳам унинг қанақанги аёл эканлигини билар эдингиз. Шунинг учун унинг вафотидан йигирма йил ўтиб қўй сўйиб: “Бунинг гўштидан Ҳадичанинг дугоналарига ҳам беринглар!”, деганингиздан ажабланмаса ҳам бўлаверади. Нақадар вафодорсиз эй Аллоҳнинг Расули! Нақадар вафодорсиз!
Варақа ибн Навфалга салом бўлсин! У тўдасидан ажралиб қолган қуш сингари ёлғиз эди. У бузилмаган Инжил, ўзгартирилмаган Таврот эди. У отангиз Иброҳимнинг динида бўлган ёлғиз қалб эди. Сизнинг келишингиз яқинлигини биладиган ақл эди. Сизга ваҳий келганида у сизга: “Яқинда қавминг сени ҳайдаб чиқаради!”, деди. Сиз даҳшат билан: “Ҳали мени улар ҳайдаб чиқаришадими?!”, дедингиз. У сизнинг ҳайратингизни кетказиш учун деди: “Сен келтирган нарсани ким келтирган бўлса албатта уни душман тутишган, юртидан чиқаришган!”.
Аммо қавмингиз сизни ўзи билмаган ҳолда даъват машаққатидан давлат азизлиги томон чиқарган эди!
Абу Бакр розиёллоҳу анҳуга салом бўлсин! Умр дўстингиз, йўлдаги йўлдошингиз, ғордаги шеригингиз, учинчиси Аллоҳ бўлган икки шерикнинг бири эди у!
Покизаликдан халқ қилинган аҳли байтингизга, покиза завжаларингизга, танланган зотлар бўлмиш саҳобаларингизга салом бўлсин!
Қиличингиз ва асойингиз бўлган Авс ва Ҳазраж қабилаларига салом бўлсин!
Бадрга, Уҳудга, Ҳайбарга, Ҳунайнга ва бу диннинг қиличсиз тарқалгани ҳақида хабар берадиган бошқа маконларга салом бўлсин! Аммо қилич бўлмаса бу динга кўз тикадиганлар ҳам кўп бўлар экан!
Ҳудайбийяга салом бўлсин! Бу сулҳдан кейин ғалаба ва фатҳ туғилди. Бу фатҳда Уззо хор бўлди, Ҳубал синдирилди. Билол розиёллоҳу анҳу Каъбанинг устига чиқди ва бутун коинотга Аллоҳ энг буюклигини айтиб ҳайқирди!
Сизга салом бўлсин! Сизга бу дунёда қолиш ёки Роббингиз ҳузурига кетиш танлови берилганида “Олий Дўст”ни танладингиз!
Сизга салом бўлсин! Сиз бизнинг ичимизда доимо тириксиз. Сиз ҳеч қачон ўлмайсиз. Биз сизни яхши кўрамиз. Сизни яхши кўрганларни ҳам яхши кўрамиз. Ўзингиз хабар берганингиздек, учрашув жойимиз Ҳовуз бўйидадир. Биз сизга ишонамиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ўзингизга муносиб бўлмаган ҳар қандай жойни тарк қилишдан қўрқманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ХУРСАНДЧИЛИК ВА КЎНГИЛ ШОДЛИГИ ҲАМ НЕЪМАТДИР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Бойлик зикр қилинди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга дедилар:
-Аллоҳдан қўрққан киши учун бойликнинг зарари йўқ. Тақво қилган киши учун саломатлик бойликдан яхшироқдир. Хурсандлик ва кўнгил шодлиги ҳам неъматдир!
Беморлик келганида сабр қилсангиз бу ҳам неъматдир.
Неъмат келганида шукр қилсангиз бу ҳам неъматдир.
Яқинингизни йўқотганингизда Аллоҳнинг қадарига таслим бўлсангиз бу ҳам неъматдир.
Ризқингиз тор бўлганида Аллоҳнинг ман қилиши ҳикмат эканига ишонишингиз ҳам неъматдир.
Чиройли бинони кўрганингизда унинг эгасига барака тилаб дуо қилишингиз ҳам неъматдир.
Қиммат машинани кўрганингизда унга қалбингиз ила эмас, кўзингиз ила боқиб унинг соҳибига тавфиқ тилашингиз ҳам неъматдир.
Эр-хотин ўртасида муҳаббат ва улфатни кўриб уларга Аллоҳдан зиёдаликни тилашингиз ҳам неъматдир.
Кимдир яхши мансабга ўтирганида унга Аллоҳдан ёрдам беришини тилашингиз ҳам неъматдир.
Инсонларга яхшиликни исташ ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайдиган жиҳоддир. Сизга бу насиб қилса сизга дунёнинг бешафқатлиги зарар бера олмайди. Чунки сизнинг жаннатингиз қалбингиздадир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БОЙЛИК БУ ҚАЛБ БОЙЛИГИДИР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳуга дедилар:
-Эй Абу Зарр! Молнинг кўплигини бойлик деб ўйлайсанми?
Абу Зарр розияллоҳу анҳу деди:
-Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Молнинг камлигини фақирлик деб ўйлайсанми?
Абу Зарр розияллоҳу анҳу деди:
-Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Ҳақиқий бойлик қалб бойлигидир. Ҳақиқий фақирлик эса қалб фақирлигидир!
Оз нарсанинг ёнида розилик бўлса у кўпдир. Кўп нарсанинг ёнида тамаъ бўлса у оздир.
Ҳар-биримиз чўнтаги фақир, аммо қалби бой инсонларни биламиз.
Ҳар-биримиз чўнтаги бой, аммо тамаъ қалбини кемириб ташлаган кишиларни ҳам биламиз. Унга доимо нимадир етишмайди.
Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлинг, инсонларнинг энг бойи бўласиз!
Кишиларнинг қўлидаги нарсалардан кўз юминг, ана шунда ўз қўлингиздаги нарсаларни кўра бошлайсиз!
Аллоҳнинг энг қаттиқ жазоси кишининг фақирлигини қалбида қилиб, нафсини оч қилиб қўйишидир.
Аллоҳнинг энг гўзал неъмати кишининг бойлигини қалбида қилиб, кўзини тўқ қилиб қўйишидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚЎРҚИНГ!
Инсонларнинг қалби борасида Аллоҳдан қўрқинг.
Қалбингизда бўлмаган гапни тилингиз билан айтманг.
Миянгизда акси бўлатариб, бировнинг қўлидан тутманг.
Охирига етиб олиш учун қатъий ниятингиз бўлмаган йўлга кирманг.
Вафо қилишга аниқ ишончингиз бўлмаган ёлғон ваъдани берманг.
Бировнинг қалбида шам ёқиб сўнгра уни ўчирманг.
Эҳтимол сиз тутган йўл аслида йўл бўлмаслиги мумкиндир. Аммо бу йўлга сиз билан йўлнинг охирига етишни ният қилган кишилар бирга чиққан бўлиши мумкин. Кимнингдир орзуларини барбод қилар экансиз, демак унинг ҳаётини барбод қилдингиз!
Бировнинг қалбини синдириш суякни синдириш каби овоз чиқармаслиги мумкин, аммо ишонинг оғриғи ундан қаттиқроқ бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОНАНГ СЕНИ ЙЎҚОТСИН!
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан уни жаннатга олиб кирадиган, дўзахдан қутқарадиган амал ҳақида сўради. Набий саллоллоҳу алоайҳи ва саллам унга бир неча амалларни санаб ўтдилар, сўнгра дедилар:
-Эй Муоз! Буларнинг барини асосини айтайми?
-Айтинг, эй Аллоҳнинг Расули!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам тилларини ушлаб:
-Мана буни тий!-дедилар.
Муоз розиёллоҳу анҳу деди:
-Эй Аллоҳнинг Набийси! Биз айтаётган гапимиз туфайли ҳам тутиламизми?
Набий алайҳис салом дедилар:
-Онанг сени йўқотсин эй Муоз! Инсонларни дўзахга ёмон гаплар киритмаса нима киритади?!
Тилимизда суяк йўқ, аммо у суякни синдириши ҳам мумкин. Жароҳатли сўзлар туфайли қанча-қанча кишилар кечаси ухлай олмайди.
Қанча-қанча қизларимиз ёлғон сўзлар туфайли турмушга чиқа олмаяпти.
Қанча-қанча инсонлар чақимчилик туфайли мансабларидан айрилмоқда.
Фитнали сўзлар сабаб қанча-қанча дўстлар бир-биридан ажралмоқда.
Сўзларингизни танлаб гапиринг. Раддияларингизга эътибор беринг. Изоҳларингизга аҳамият беринг. Ёдингиздан чиқмасин, биз ижтимоий тармоқларни эмас, амал дафтаримизни тўлдирмоқдамиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov