ЖАННАТ ВОЖИБ БЎЛАДИ!
Имом Авзоий роҳимаҳуллоҳ Иброҳим ибн Адҳам роҳимаҳуллоҳни елкасида ўтин кўтариб кетаётганини кўриб қолиб деди:
- Эй Абу Исҳоқ! Қачонгача бу ишингизда давом этасиз?! Биродарларингиз сиз учун етарли-ку ахир!
Иброҳим ибн Адҳам деди:
- Эй Абу Амр! Мени ўз ҳолимга қўй. Менга етиб келишича, ким ҳалол ризқ талабида хорлик чекса жаннат унга вожиб бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЮМШОҚРОҚ БЎЛАВЕРИНГ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида Абдуллоҳ исмли бир киши бор эди. У Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан учрашганида вақти-вақти билан у зотни кулдириб турар эди.
Абдуллоҳ ароқ ичишга берилган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг бу иши учун жазо ўлароқ дарраладилар. Сўнгра кейинроқ яна ичди. Уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келишди. Уни яна дарралашга амр қилдилар. Ўша ерда турган кишилардан бири деди:
- Аллоҳим! Буни лаънатлагин. Бунча кўп ичмаса!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Уни лаънатлама! Аллоҳга қасамки, мен унинг Аллоҳ ва Расулини яхши кўришини биламан!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари бу гуноҳни қилаверишга баҳона бўлмайди ёки уни оқламайди. Бу гап бизнинг гуноҳкорларга бўлган қарашимизни ўзгартиради. Ҳаммамиз гуноҳкормиз. Аллоҳ таоло бизга сатрини тушириб фақат инсонларга яхши томонимизни кўрсатади холос.
Ҳаммада яхшилик уруғи бор. Жаннат ва дўзах калитини қўлингизга олиб ҳижоб ўрамаганни дўзахга ҳукм қилиб ташлайверманг. Эҳтимол у намоз ўқир, рўза тутар. Эҳтимол у Аллоҳ ва Расулини севар. Юмшоқроқ бўлаверинг.
Эҳтимол намоз ўқимайдиган киши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни сўкканларга қарши уруш эълон қилгандир.
Эҳтимол намоз ўқимайдиган киши рўза тутар, қалбида нурдан асар бордир. Уни ўчириб нима қиласиз?!
Инсонларга раҳм қилинг. Бизларнинг ҳеч биримиз ўзича тўғри йўлга кирмаган. Аллоҳ унга тавфиқ ва мадад берган. Мусулмонларнинг кўпчилиги заифлигидан, ожизлигидан гуноҳ қилиб қўяди. Мутакаббирлигидан қилмайди.
Офият неъмати учун Аллоҳга ҳамд айтинг. Кишиларни айбламанг, сўкманг, уларга қўполлик қилманг. Ўзи шунақаларга Аллоҳ Пайғамбарлар юборар, уларни юмшоқ гапиришга амр қилар эди.
Набийлар изидан борганларга саломлар бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЙЎҚОЛАДИ!
Дунёдан исроилнинг куни келиб йўқолиши Қуръоний ҳақиқатлардандир. Бунга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ваъдалари бор. Шунинг учун биз “йўқоладими ёки йўқми?”, деган саволни бермаймиз. Аммо “қачон?” деган саволни беришимиз мумкин!
Менинг йўлим ўтириб олиб мўъжиза кутиш йўли эмас. Мен ишонаманки, мўъжиза мўъмин ўзидаги бор имкониятини сарфлаб бўлганидан кейин келади. Ўшанда ботил ўзидаги бор куч ва қувватини ишлатиб бўлган бўлади. Ҳатто унинг кўзига узоқдан зафар кўрина бошлагандек бўлади. Ҳақ эса сабот билан туриб беради. Унинг охирги зарраси ҳам сабот бўлади. Мағлубият худди кўз ўнгида тургандек бўлади. Ана шу пайт мўъжиза келади!
Қуръони карим бизга собит бир ҳақиқатни таълим беради. Яъни, нуфузини ўрнатиш учун курашиш билан ақида учун курашиш ўртасида катта фарқ бор.
Нуфузини ўрнатиш учун бўладиган жангларда сабаблар, қуроллар жуда муҳим. Кимда зўр қуроллар бўлса, ким сабабларни қаттиқ тутган бўлса ғалаба ўша томонда бўлади.
Ақида учун бўладиган курашларда кучлар тенг бўлиши шарт эмас. Сабаб мезонларини бунда солиштириш шарт эмас. Золимларнинг барини Аллоҳ таоло зулмнинг энг чўққисида турганида ҳалок қилган, қулатган.
Аллоҳ таоло Фиръавнни ҳалок қилганида куч мезонларини ўзгартирмаган. Фиръавн: “Мен сизнинг буюк Роббингизман!”, деб турганида Аллоҳ уни ҳалок қилган. Ўзининг энг қувватли қўшинининг бошида турганида Аллоҳ уни ҳалок қилган!
Аллоҳ таоло Намрудни ҳалок қилганида унинг заифлигида ҳалок қилмаган. Намруд: “Мен ўлдираман, мен тирилтираман!”, деб ўзидан кетган пайтда ҳалок қилган!
Аллоҳ таоло Од қавмини ҳалок қилганида сабабларни ўзгартириб ёки мезонларини тескари қилиб ўлдирмади. Улар: “Биздан кучли ким бор?” деб турганда ҳалок қилди!
Аллоҳ таоло Самуд қавмини ҳалок қилганида заифлик пайтида эмас, водийдаги харсанг тошларини кесиб турганида ҳалок қилган!
Хандақ ғазотида Аллоҳ таоло мушрикларни мағлуб қилишидан сал олдин, уларни парчалаб ташлашидан сал олдин кенг олам мусулмонларга тор бўлиб турган эди. Жонлар томоққа тиқилиб қолган эди!
Ғазода уруш бошланганида бу ҳам уруш раундларидан бир раунд бўлса керак, бу ҳам олдинги раундлар каби тугаса керак, деб ўйлаган эдим. Аммо бугун нимадир ичимдан буни охирги раунд демоқда. У бугунги шакли каби қолмайди. Аллоҳнинг изни билан Аҳзобга келган шамол албатта келади. Аллоҳнинг шамолларининг мингта шакли, мингта кўриниши бўлади. Роббимиз лашкарини Унинг Ўзидан бўлак ҳеч ким билмайди!
Ҳатто бу раунд ҳам олдингилари каби тугаса ҳам, тугаган жойидан қайта бошланади. Аммо бир нарса аниқки, бу уруш бизнинг ҳам уларнинг ҳам қўлидан чиқиб бўлган. Бунинг тизгини Аллоҳнинг қўлида. Уни истаганича юргизади!
Мен ақлга қарши эмасман. Сабабларга беэътибор эмасман. Воқеликдан бохабарман. Аммо ақл бу саботнинг барини рад қилмоқда. Бўлаётган ҳодисаларнинг бари зотан ақлга зид. Сабаблардан бунча сабот ҳеч қачон натижа бўла олмайди...
Воқелик айтадики, бунча адоват ва портлатишлардан кейин ҳатто катта давлатлар ҳам қулаши керак эди. Аммо майдони биттагина туман миқдоридаги Ғазо бу ҳужумларга қандай бардош бераяпти?!
Қизиғи, Ғазонинг жуғрофий томондан тоғлари йўқ, водийлари йўқ, ўрмонлари йўқ. Ҳарбий нуқтаи назардан қараганда биринчи ҳужумданоқ қулаши керак эди...
Босқинчилиги умрбод бўлган бирорта давлат ер юзида йўқ. Бу ҳақиқатни ҳеч ким инкор қила олмайди. Ҳар қанақанги босқинчилик куни келиб завол топган. Бунга тарих гувоҳ. Ҳамма босқинчилар охири жўнаб кетишган. Узоқ вақт ўтадими ёки қисқа вақт ўтадими бу босқинчилар ҳам бир кун йўқолишади. Ишқилиб тезроқ йўқолишсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Фарзандларимизни диний мадраса ва диний маъҳадларга кириб ўқишини орзулар қиламиз.
Модомики уларнинг дунёвий билим юртлари ва турли олийгоҳларда ҳам кириб ўқишини орзу қилмас эканмиз, биргина янги мадраса, маъҳадлар очилишини, янги масжидлар очилишини орзу қилиб юраверамиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАРАКАТ ҚИЛИНГ!
Тушунишга ўзингиз ҳаракат қилинг. Шайтоннинг таржимонлик қилишига йўл қўйманг.
Қанча-қанча тушунчалар кишилар томонидан шайтоннинг таржимонлиги сабаб нотўғри тушунилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Биродарингни бетига мақташинг уни пичоқсиз сўйишингдир!".
Ибн Можа ривояти
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ХУРСАНД БЎЛ, ЭЙ УММУ АЛОЪ!
Буюк саҳобий Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳунинг аммаси Умму Алоъ бемор бўлди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани келдилар ва дедилар:
-Хурсанд бўл эй Умму Алоъ! Олов гўё олтин ва кумушдаги кирликни кетказгани каби касаллик билан Аллоҳ мўъминнинг хатоларини кетказади!
Қалбингизни Аллоҳнинг тавҳидига, Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларига лиқ тўлдиринг, хурсанд бўлинг. Иймон билан ҳар иш гўзалдир!
Сиз шукр қиладиган неъматда ҳам ажр бор. Сиз сабр қиладиган балода ҳам ажр бор. Бу дин туфайли Аллоҳ мўъминнинг баданига кирган бир тикан сабабли ҳам унинг хатоларини ўчиради. Мўъминга етадиган ғам ва ташвиш унинг гуноҳларига каффорат бўлади. Бу динда ҳатто бировга илинган луқмада ҳам ажр бор. Киши ҳатто хотинининг оғзига соладиган луқмасида ҳам садақанинг ажрини олади!
Ҳар-бир оғриқда савоб умид қилинг. Сабрдаги ҳар-бир нафасингиз тасбиҳдир.
Ҳар-бир дардингизда ҳамд айтинг. Ҳамд мўъминнинг хатоларини ўчиради.
Роббимиз раҳмлидир. Қасамки, Роббимиз раҳмлидир. Унинг раҳмати ҳатто балоларида ҳам тажаллий қилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚУЛЛАР.
Улар қул бўлиб туғилишди, қул бўлиб яшашди. Шунинг учун уларга озод кишиларнинг гапи ёқмайди, улар озод кишиларнинг ишларини ёқтиришмайди.
Уларнинг ҳузурида озод кишилар эсланса уф тортишади. Хожалари эсланса юзлари порлаб кетади. Ҳар қандай ҳолатда хожаларининг томонида бўлишади.
Доимо хожалари ҳақ. Бошқалар эса ноҳақ. Хожалари ростгўй, ишончли кишидир. Бошқалар эса ёлғончи, адашган ва сотқиндир.
Хожалари ақлли, фазилатли ва ҳакимдир. Бошқалар эса аҳмоқ ва жоҳилдир.
Уларнинг хожалари ақлли, ўшалар шарафли, қўллари қанчалар ҳаромга ботган бўлмасин ўшалар покиза...
Улар худди бир умр зулматда яшаган кишига ўхшашади.
Сўнг агар бир киши келиб унга "қуёш нуридан" бир дарча очмоқчи бўлса шак йўқки, у безовта бўлиб қийналади, бақиради. Унга нур олиб кирмоқчи бўлган кишилар билан урушади ҳам. Ўша нур кирган тешикни ёпиш учун бор кучини ва имкониятини сарфлайди.
Биз агар ана шу қулларнинг қўлларидан тутиб қутқарсак куни келиб асирликда яшаганликларини англайдилар, хорлик қозонида пишган таомдан лаззатланиб юришганини тушуниб етадилар. Улар ақлларини ишлатадиган пайт келади. хорликларини, кичик инсон эканликларини эслаб хижолат қилишади...
Аммо уларнинг бошқа бир тоифаси эса қуллигича қолаверади. Уларнинг ҳурлигига ҳеч қанақасига ишонтириб бўлмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МЕН АҲДНИ БУЗМАЙМАН!
Қурайш Абу Рофиъни Мадинага элчи қилиб жўнатди. У токи Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб мактуби ёзиб бермагунларича Мадинада яшади. Саҳобаларнинг ахлоқини яқиндан кўрди. Исломга киришга қарор қилди. Абу Рофиъ мақсадини Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга айтди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, мен энди Қурайшнинг олдига қайтиб бормайман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Мен аҳдни бузмайман. Мен элчиларни олиб қолмайман. Сен Қурайшнинг олдига бор. Агар ниятинг жиддий бўлса яна Мадинага қайтиб кел!
Абу Рофиъ мактубни Маккага олиб борди. Сўнгра қайтиб келиб мусулмон бўлди!
Қурайшликлар мушрик бўлишига қарамасдан Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга берган аҳдларига вафо қилмоқдалар. Мусулмонга қилинган аҳдга риоя қилинганидек, кофирга берилган аҳдга ҳам риоя қилинади!
Аҳдга вафо қилинг. Сўзингизда туринг. Шарафли инсонлар нафақат имзо чеккан ҳужжатига, балки тили билан ваъда қилган нарсаларига ҳам вафо қилади.
Қиёмат куни аҳдини бузганларга хиёнати миқдорида байроқ бериб қўйилишини, маҳшардагиларга “бу фалончининг хиёнати” дейилишини унутманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Кимнинг ҳақиқий қул эканлигини билмоқчи бўлсангиз унинг хўжайинини унга ёмонлаб кўринг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Болаларингизга сузишни, камон отишни, ҳеч бўлмаганда душманга оёқ кийимини бўлсада отишни ўргатинг. Муҳими золимнинг томонида бўлмасин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ҳали шундай кунлар келади, баъзи орзуларингиздан мажбуран чекиниб воқелик билан яшай бошлайсиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЖАННАТ АҲЛИДАН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Шунда бирдан саҳобаларга дедилар:
-Ҳозир мана бу эшикдан жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади!
Эшикдан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу кириб келди. Саҳобалар туриб бориб унга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини етказишди. Абдуллоҳ деди:
-Мен бир заиф бандаман. Аллоҳдан энг кўп умид қиладиган нарсам қалбнинг саломатлигидир!
Қалбнинг саломатлиги охиратдаги жаннатдан олдинги бу дунёдаги жаннатдир. Қалбида ўзгаларга нисбатан кина, адоват ва нафрат сақлайдиганлар ҳеч қачон саодат нималигини билмай ўтиб кетишади. Бошқалар ҳам улар билан бўлишганда саодатни ҳис қилишмайди.
Қалби ҳасад билан тўла бўлган инсон қўлидаги неъматлардан лаззат топа олмайди. Чунки у бошқаларнинг қўлидаги неъматлар билан овора бўлиб қолади.
Кишилардан нафратланиб юрадиганларда бошқаларни севиш учун вақт йўқ. Гоҳида бунақалар ўзини ҳам ёмон кўради.
Қалбингизда кина ва адоват бўлмасин. Қалбида кина ва адоват бўлганларнинг қалби қабрдир. Бошқалар билан ўзингизни солиштираверманг. Бошқалар билан ўзини солиштираверадиганлар сакинатдан маҳрум инсонлардир.
Ичингизни ҳасадга тўлдирманг. Бу нарса Аллоҳнинг қадарига нисбатан беадабликдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЁЛҒОН ЁЗИЛАДИ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Омир Асламийнинг уйида ўтирган эдилар. Омирнинг ўғли Абдуллоҳ ёш бола эди. Унинг онаси деди:
- Кел Абдуллоҳ, мен сенга бир нарса бераман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлдан сўрадилар:
- Унга нима бермоқчисан?
Аёл деди:
- Хурмо!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга бир ёлғон ёзилар эди!
Фарзандларимиз бизнинг меваларимиздир. Биз экканимизни оламиз.
Болаларни қўрқитиб катта қилинса улар ёлғонга ўрганади.
Уларга қаттиққўллик қилинса бағритошликни ўрганади.
Уларнинг тарбиясида бўшлиққа ўрин берилса ахлоқсиз ва беадаб бўлади.
Уларни эҳтиромсизлик асосида тарбия қилинса хорликка одатланади.
Агар болаларни манманлик асосида тарбияланса очкўз бўлади.
Агар уни ёлғон асосида тарбияланса ишончни йўқотади.
Болаларимизни кичиклигида зое қилмайлик. Йўқса, катта бўлишгач улардан шикоят қилиб юрамиз.
Ваҳший ҳайвонларни тарбиялаганларнинг кўпини ўша ҳайвонлар еб қўйган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БАНКРОТ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобалардан сўрадилар:
- Муфлис(банкрот) кимлигини биласизларми?
Саҳобалар дейишди:
- Бизда муфлис деб дирҳами ва динори қолмаган кишини айтишади!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Умматим ичидаги муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закотлар билан келади. Аммо кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнингдир қонини тўккан, кимнидир урган бўлади. Яхшиликлари ана шуларга берилади. Яхшиликлари тугагач, уларнинг хатоларидан олиб бунга берилади. Сўнгра дўзахга улоқтирилади!
Бошқалар учун амал қилишингиз охиратда банкрот бўлишингиздир.
Бир бой бўлган экан. Унинг бир ҳайдовчиси бўлиб, бир неча йиллар бойга хизмат қилибди. Бой бир сабаб билан вафот этибди. Унинг бутун моли хотинига қолибди. Аёлга ҳайдовчининг хулқи ва кўриниши маъқул келиб уни ёқтириб қолибди. Сўнгра унга турмушга чиқиб бутун молини унга берибди.
Ҳайдовчи шундай деган экан:
"Мен бойга хизмат қилаяпман деб ўйлар эдим. Аслида эса бой менга бутун умр хизмат қилган экан!".
Охиратда мана шу бой каби бўлиб қолманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Эй ватан! Шифтингни баландроқ қур. Қаддимни бироз кўтарай!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЭНДИ БЎЛДИ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан юриб бораётган эдилар. У зот Умар розияллоҳу анҳунинг қўлидан тутиб олган эдилар. Умар розияллоҳу анҳу деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, мен сизни ўзимдан бошқа ҳамма нарсадан яхши кўраман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Бўлмайди эй Умар! Нафсим қўлида бўлган зотга қасамки, мен сенга ўзингдан ҳам суюклироқ бўлмагунимча комил мўъмин бўла олмайсан!
Шунда Умар розияллоҳу анҳу деди:
-Аллоҳга қасамки, энди сиз менга ўзимдан хам суюклироқсиз!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Энди бўлди эй Умар!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатнинг уч майдони бор.
Биринчиси:
Бу дин бизга қанчалар машаққат билан келганини унутмаслигимиз керак. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Тоифда тошбўрон қилиндилар. Дарада уч йил қамалда турдилар. Уҳудда бошларини ёришди, тишларини синдиришди. Сеҳргар, фолбин, жинни, ёлғончи дейишди. Сўнгра яҳудий едирган гўштнинг заҳари таъсиридан дунёдан ўтдилар
Иккинчиси:
У зотга саловотни кўпайтиришимиз керак. Ошиқ маҳбубини кўп ёд этади. Тилимиз доимо саловот билан ҳўл бўлиб туриши лозим. Ана шунда ташвишимиз арийди, гуноҳларимиз мағфират қилинади.
Учинчиси:
Муҳаббатнинг энг гўзали эргашмоқдир. Муҳаббатимиз сулукка айлансин. Амалда кўринсин. У зот шафқатли эдилар, шафқатли бўлайлик. У зот юмшоқ эдилар, юмшоқ бўлайлик. У зотнинг ахлоқлари гўзал эди, ахлоқимиз гўзал бўлсин. Буюрганларини қилайлик. Қайтарганларидан қайтайлик.
Булардан бошқаси нуқсонли муҳаббатдир. Уни мукаммал қилишга ҳаракат қилайлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Оламни ўзгартирмоқчи бўлсангиз уйингизга боринг, оилангизга муҳаббат тақдим қилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚЎРҚДИНГМИ?
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг “Зуҳд” китобида келади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга суҳбатлашиб ўтирган эдилар. Бир фақир инсон келиб бой инсоннинг ёнида ўтирди. Шунда бой кийимларини тортиб йиғиштириб олди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари ўзгарди ва бойга шундай дедилар:
-Бойлигинг унга ўтиб кетишидан, унинг фақирлиги сенга ўтишидан қўрқдингми?
Бой киши деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Бойлик ёмонми?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Ҳа! У сени дўзахга чақиради. Фақирнинг фақирлиги эса жаннатга чақиради!
Бой деди:
-Мени ундан нима халос қилади?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Фақирга ҳамдард бўласан!
Бой деди:
-Шундай қиламан, эй Аллоҳнинг Расули!
Шунда фақир деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг бойлигига менинг эҳтиёжим йўқ!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бойга дедилар:
-Қилган ишингга истиғфор айт, биродаринг учун дуо қил!
Аслида бойлик ёмон нарса эмас. Ёмони фақирларга паст назар билан боқмоқдир.
Мансаб аслида айб эмас. Айб бу кишиларга менсимасдан боқмоқдир.
Диплом, илмий даражалар айб эмас. Айб бу илми йўқларни таҳқирлашдир.
Бу дунёдаги ҳар-бир инсон сизнинг ўрнингизда бўлиши, сиз эса унинг ўрнида бўлишингиз мумкин эди.
Аллоҳнинг неъматлари билан Унинг бандаларига мутакаббирлик қилманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"ИЛМЛИ" КЕЛИН
Ҳозиргина бир ота-бола маслаҳат сўраб келишди. Отанинг айтишича, ўғлига "илмли" келин қилишган экан. Келин турмушга чиқишидан олдин куёв боланинг ҳам илм ўқишини шарт қилиб қўйибди. Куёв ҳам ўқишни бошлабди.
Сўнгра келин қайнота ва қайнонага келин хизмат қилишга мажбур эмас деб улардан алоҳида яшашни талаб қилибди. Ўртада жанжал чиққан. Қайнотасига "илмли" келин "фалонимни ебсан" ҳам деган. Куёв бола хотин томонида. Хуллас кўп гап бўлган...
Тўғри, шариатда келиннинг эрининг аҳлига хизмат қилиши шарт эмасдир. Аммо урф бор. Шарт бўлмаса ихтиёрий хизмат бор. Бунга ҳам савоб олинади. Шунақа "илмли" келинлар сабаб неча-неча оилалар бузилиб кетди...
Сизлар нима деган бўлар эдинглар?
Шунақа "илмли" келин керакми сизга?
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАТТО ЛУҚМАНГ УЧУН...!
Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу бемор бўлганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни кўргани бордилар. Саъд шу касаллик билан энди ўламан деб ўйлади. Шунинг учун Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан молининг учдан иккисини садақа қилиш ҳақида рухсат сўради. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам рухсат бермадилар. Ярмини садақа қилишга рухсат сўради. Изн бермадилар. Учдан бирини садақа қилишга рухсат сўради. Бунга рухсат бериб дедилар:
- Учдан бири ҳам кўп. Сен фарзандларингни бой қилиб қолдиришинг, уларни кишиларга муҳтож бўладиган фақир қилиб қолдиришингдан яхшироқдир. Сен Аллоҳнинг розилиги учун қилган ҳар бир харажатинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига соладиган луқманг учун ҳам!
Ниятлар оддий одатларни ҳам ибодатга айлантиради. Ниятларимиз Аллоҳ учун бўлсин.
Оилангиз учун сотиб олаётган овқатингизни зарурият билан боғлайверманг, балки унда ажрни ҳис қилинг!
Ҳар-бир ҳўл жигарда ажр бордир.
Ота-онангизга харажат қиладиган пулингизни воқеликка боғлайверманг. Бунда яхшиликни ҳис қилинг. Аллоҳ таолонинг: "Ота-онангизга яхшилик қилинг!", оятини қалбингизла ўқинг!
Синглингиздан, аммангиздан, холангиздан хабар олишни оилавий одатлар сирасидан эмас, ибодатлар сирасидан деб билиб, унда силаи-раҳмни, ажрни ҳис қилинг. Буни Аршга боғланганини унутманг!
Амаллар бир-бирига ўхшайверади. Аммо фақат ниятларгина уларнинг ўртасини фарқлайди.
Шундай экан, ниятингизда Аллоҳнинг розилиги омухта бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЮРИНГЛАР, КЎЗИ ОЧИҚНИНГ ОЛДИГА БОРАМИЗ!
Бани Воқиф қабиласида кўзлари кўр бир одам бор эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни зиёрат қилишни истаб саҳобаларга дедилар:
-Юринглар, Бани Воқифдаги кўзи очиқ кишининг олдига борамиз!
Араблар ҳар-бир сўзини танлаб гапиради. Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам табиийки араблардан. Араблар бирор ҳашарот ёки илон чаққан инсонни шифосидан умид қилиб “соғлом” дея чақиришар эди. Карвонни қайтишидан умид қилиб “қайтувчи” деб аташар эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўзлари кўр инсонни “кўзи очиқ” деб номламоқдалар!
Сўзларингизни танлаб ишлатинг. Баъзи бир сўзлар кишига озор беради, унинг қалбини жароҳатлайди. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳ ва муҳокамаларингизни енгиллатинг. Аҳмоқона изоҳлар ва муҳокамалар бир инсоннинг бир неча кунини барбод қилиши ҳеч нарса эмас. Ҳаттоки қабиҳ бир маънони чиройли услуб билан ҳам айтса бўлади. Бунинг акси ўлароқ, гўзал бир маънони қабиҳ услуб билан барбод қилиш ҳам мумкин. Хитойликларда бир мақол бор:
“Агар табассум қилишга қодир бўлмасанг дўкон очма!”.
Хитойликлар бу мақоллари билан очиқ юзли бўлиш савдога ривож беришига ишора қилишмоқда. Гўзал услуб, сўзларни танлаб гапириш ҳам шундай. Булар кишига қабулият беради!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАЗИЛ
"Хотинингиз мағрурланиб ўзидан кетаверса уни биринчи хотин мартабасига кўтаринг!".
Африка мақоли
------------------
Тағин амал қилиб қўйманг. Бу Ўзбекларнинг эмас, Африкаликларнинг мақоли!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МЕЗОН
Биз керакли даражада ҳур эмасмиз. Зеро ҳур инсоннинг олдида бир инсон ноҳақдан хорланса у чидаб тура олмайди.
Биз эса минглаб хорланган инсонларни кўриб билиб туриб оғзимизга туршак солиб олганмиз.
Озод инсон ноҳақ хорланган инсоннинг томонида бўлиб унинг тарафини олади!
Нельсон Манделанинг бир гапи бор:
"Киши модомики олдида бир инсон ноҳақ хорланганида ўзининг хорланганини ҳис қилмас экан, у озод эмас!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ойлик маоши оширилишидан хафа бўладиган миллат фақат биз бўлсак керак!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИЙИН
Аллоҳнинг йўлида яшаш Аллоҳнинг йўлида жон беришдан анча қийин. Чунки Унинг йўлида яшаш ҳар куни такрор-такрор ўлишдир.
Аммо биз Унинг йўлида яшаш ёки ўлиш борасидаги даъвойимизда етарлича содиқ эмасмиз!
Тасаввур қилаяпсизми, буюкларимиз қандай оғир юк остида умр кечиришганини?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОЗГИНА АМАЛ ВА КЎП САВОБ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир темир ниқоб таққан киши келиб деди:
Эй Аллоҳнинг Расули! Жанг қилайми ёки исломга кирайми?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Олдин исломга кир, сўнгра жанг қил!
Ҳалиги ниқобли киши исломга кирди. Сўнгра жанг қилиб шаҳид бўлди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Озгина амал ва кўп савоб!
“Олдин исломга кир, сўнгра жанг қил!”.
Эътибор берсангиз ақида қиличдан олдинга қўйилмоқда. Чунки ақидасиз қилич гуноҳ қиладиган асбобга айланади.
Юришдан олдин йўналишни белгилаб олиш керак. Жангчи агар нотўғри йўлда бўлса жангчи эмас, қароқчига айланади.
Жамоатдан олдин байроқ масаласини ҳал қилиш керак. Қандай байроқ остида жанг қилиш жуда ҳам муҳим. Чунки ададнинг кўплиги гоҳида подада ҳам бўлиши мумкин.
Жангдан олдин майдонни ҳал қилиш керак. Чунки ўз ўрнида тўкилмаган қон арзон қондир.
Ҳаммасидан олдин душманнинг борлиги аниқ бўлиши керак. Чунки аҳмоқлар ўз қавмига қарши урушиб ўзининг бурнини ўзи кесиб қўйиши ҳам мумкин.
Киши агар кофир бўлса ўзида барча гўзал ахлоқларни жамлаган бўлсада, унга бу хулқлар фойда бермайди. Аммо ахлоқсиз иймон ҳам чўлоқ иймондир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ушбу елим халталардаги нарса овқат ёки сабзавот эмас. Бу эгаси аниқланмаган Ғазолик мусулмонларнинг бомбаланган тана парчалари....
Эҳҳ ислом уммати...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲУКМ ҚИЛАДИ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳу билан юриб бораётган эдилар. Икки эчкининг бир-бири билан сузишаётганини кўриб қолдилар. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Заррдан сўрадилар:
- Эй Абу Зарр! Буларни нега сузишаётганини биласанми?
Абу Зарр деди:
- Йўқ эй Аллоҳнинг Расули!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аммо Аллоҳ билади. Қиёмат кунида булар ўртасида ҳукм қилади!
Дунё ниҳоя эмас. Хусуматгўйлар ҳали Аллоҳнинг ҳузурида жамланишади.
Эй хўжайини томонидан хўрланган, обрўси тўкилган оддий ишчи!
Эй меросдаги ҳаққини ака-укалари эгаллаб олган содда инсон!
Эй террорчилик ва экстремистликда ноҳақдан айбланган покиза ва тақводор инсон!
Эй иффатига туҳмат қилинган иффатли синглим!
Эй ноҳақлик билан ишлаб турган вазифасидан бўшатилган биродар!
Икки эчкининг орасида адолат билан ҳукм қиладиган Роббимиз сизларнинг ҳам орангизда ҳукм қилади!
Эй золимлар! Ҳали Аллоҳнинг олдида тик турасизлар. Ўша кунда золим эмас, мазлум бўлсам эди дея орзулар қиласизлар!
Бугун балки ўзингизни ақлли санаб охиратга ишонмассиз. Худобехабардирсиз балки. Аммо хотиржам бўлинг, ўша кун келади. Аммо сизда имкон қолмаган бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov