ҚУЛЛАР.
Улар қул бўлиб туғилишди, қул бўлиб яшашди. Шунинг учун уларга озод кишиларнинг гапи ёқмайди, улар озод кишиларнинг ишларини ёқтиришмайди.
Уларнинг ҳузурида озод кишилар эсланса уф тортишади. Хожалари эсланса юзлари порлаб кетади. Ҳар қандай ҳолатда хожаларининг томонида бўлишади.
Доимо хожалари ҳақ. Бошқалар эса ноҳақ. Хожалари ростгўй, ишончли кишидир. Бошқалар эса ёлғончи, адашган ва сотқиндир.
Хожалари ақлли, фазилатли ва ҳакимдир. Бошқалар эса аҳмоқ ва жоҳилдир.
Уларнинг хожалари ақлли, ўшалар шарафли, қўллари қанчалар ҳаромга ботган бўлмасин ўшалар покиза...
Улар худди бир умр зулматда яшаган кишига ўхшашади.
Сўнг агар бир киши келиб унга "қуёш нуридан" бир дарча очмоқчи бўлса шак йўқки, у безовта бўлиб қийналади, бақиради. Унга нур олиб кирмоқчи бўлган кишилар билан урушади ҳам. Ўша нур кирган тешикни ёпиш учун бор кучини ва имкониятини сарфлайди.
Биз агар ана шу қулларнинг қўлларидан тутиб қутқарсак куни келиб асирликда яшаганликларини англайдилар, хорлик қозонида пишган таомдан лаззатланиб юришганини тушуниб етадилар. Улар ақлларини ишлатадиган пайт келади. хорликларини, кичик инсон эканликларини эслаб хижолат қилишади...
Аммо уларнинг бошқа бир тоифаси эса қуллигича қолаверади. Уларнинг ҳурлигига ҳеч қанақасига ишонтириб бўлмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МЕН АҲДНИ БУЗМАЙМАН!
Қурайш Абу Рофиъни Мадинага элчи қилиб жўнатди. У токи Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга жавоб мактуби ёзиб бермагунларича Мадинада яшади. Саҳобаларнинг ахлоқини яқиндан кўрди. Исломга киришга қарор қилди. Абу Рофиъ мақсадини Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга айтди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, мен энди Қурайшнинг олдига қайтиб бормайман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Мен аҳдни бузмайман. Мен элчиларни олиб қолмайман. Сен Қурайшнинг олдига бор. Агар ниятинг жиддий бўлса яна Мадинага қайтиб кел!
Абу Рофиъ мактубни Маккага олиб борди. Сўнгра қайтиб келиб мусулмон бўлди!
Қурайшликлар мушрик бўлишига қарамасдан Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга берган аҳдларига вафо қилмоқдалар. Мусулмонга қилинган аҳдга риоя қилинганидек, кофирга берилган аҳдга ҳам риоя қилинади!
Аҳдга вафо қилинг. Сўзингизда туринг. Шарафли инсонлар нафақат имзо чеккан ҳужжатига, балки тили билан ваъда қилган нарсаларига ҳам вафо қилади.
Қиёмат куни аҳдини бузганларга хиёнати миқдорида байроқ бериб қўйилишини, маҳшардагиларга “бу фалончининг хиёнати” дейилишини унутманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Кимнинг ҳақиқий қул эканлигини билмоқчи бўлсангиз унинг хўжайинини унга ёмонлаб кўринг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Болаларингизга сузишни, камон отишни, ҳеч бўлмаганда душманга оёқ кийимини бўлсада отишни ўргатинг. Муҳими золимнинг томонида бўлмасин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ҳали шундай кунлар келади, баъзи орзуларингиздан мажбуран чекиниб воқелик билан яшай бошлайсиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЖАННАТ АҲЛИДАН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан масжидда ўтирган эдилар. Шунда бирдан саҳобаларга дедилар:
-Ҳозир мана бу эшикдан жаннат аҳлидан бўлган бир киши кириб келади!
Эшикдан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу кириб келди. Саҳобалар туриб бориб унга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини етказишди. Абдуллоҳ деди:
-Мен бир заиф бандаман. Аллоҳдан энг кўп умид қиладиган нарсам қалбнинг саломатлигидир!
Қалбнинг саломатлиги охиратдаги жаннатдан олдинги бу дунёдаги жаннатдир. Қалбида ўзгаларга нисбатан кина, адоват ва нафрат сақлайдиганлар ҳеч қачон саодат нималигини билмай ўтиб кетишади. Бошқалар ҳам улар билан бўлишганда саодатни ҳис қилишмайди.
Қалби ҳасад билан тўла бўлган инсон қўлидаги неъматлардан лаззат топа олмайди. Чунки у бошқаларнинг қўлидаги неъматлар билан овора бўлиб қолади.
Кишилардан нафратланиб юрадиганларда бошқаларни севиш учун вақт йўқ. Гоҳида бунақалар ўзини ҳам ёмон кўради.
Қалбингизда кина ва адоват бўлмасин. Қалбида кина ва адоват бўлганларнинг қалби қабрдир. Бошқалар билан ўзингизни солиштираверманг. Бошқалар билан ўзини солиштираверадиганлар сакинатдан маҳрум инсонлардир.
Ичингизни ҳасадга тўлдирманг. Бу нарса Аллоҳнинг қадарига нисбатан беадабликдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЁЛҒОН ЁЗИЛАДИ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Омир Асламийнинг уйида ўтирган эдилар. Омирнинг ўғли Абдуллоҳ ёш бола эди. Унинг онаси деди:
- Кел Абдуллоҳ, мен сенга бир нарса бераман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлдан сўрадилар:
- Унга нима бермоқчисан?
Аёл деди:
- Хурмо!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Агар унга ҳеч нарса бермаганингда сенга бир ёлғон ёзилар эди!
Фарзандларимиз бизнинг меваларимиздир. Биз экканимизни оламиз.
Болаларни қўрқитиб катта қилинса улар ёлғонга ўрганади.
Уларга қаттиққўллик қилинса бағритошликни ўрганади.
Уларнинг тарбиясида бўшлиққа ўрин берилса ахлоқсиз ва беадаб бўлади.
Уларни эҳтиромсизлик асосида тарбия қилинса хорликка одатланади.
Агар болаларни манманлик асосида тарбияланса очкўз бўлади.
Агар уни ёлғон асосида тарбияланса ишончни йўқотади.
Болаларимизни кичиклигида зое қилмайлик. Йўқса, катта бўлишгач улардан шикоят қилиб юрамиз.
Ваҳший ҳайвонларни тарбиялаганларнинг кўпини ўша ҳайвонлар еб қўйган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БАНКРОТ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобалардан сўрадилар:
- Муфлис(банкрот) кимлигини биласизларми?
Саҳобалар дейишди:
- Бизда муфлис деб дирҳами ва динори қолмаган кишини айтишади!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Умматим ичидаги муфлис қиёмат куни намоз, рўза, закотлар билан келади. Аммо кимнидир сўккан, кимгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнингдир қонини тўккан, кимнидир урган бўлади. Яхшиликлари ана шуларга берилади. Яхшиликлари тугагач, уларнинг хатоларидан олиб бунга берилади. Сўнгра дўзахга улоқтирилади!
Бошқалар учун амал қилишингиз охиратда банкрот бўлишингиздир.
Бир бой бўлган экан. Унинг бир ҳайдовчиси бўлиб, бир неча йиллар бойга хизмат қилибди. Бой бир сабаб билан вафот этибди. Унинг бутун моли хотинига қолибди. Аёлга ҳайдовчининг хулқи ва кўриниши маъқул келиб уни ёқтириб қолибди. Сўнгра унга турмушга чиқиб бутун молини унга берибди.
Ҳайдовчи шундай деган экан:
"Мен бойга хизмат қилаяпман деб ўйлар эдим. Аслида эса бой менга бутун умр хизмат қилган экан!".
Охиратда мана шу бой каби бўлиб қолманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
СЕНИ ҚУТҚАРИБ ҚОЛДИМ!
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратларига келди. Уйга кирмасдан қизи Оиша розияллоҳу анҳонинг Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга баланд овозда бақираётганини эшитиб қолди. Ғазабланган ҳолда ичкарига кириб Оиша розияллоҳу анҳога деди:
-Сен ҳали Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга бақираяпсанми?!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай деб Оиша розияллоҳу анҳони урмоқчи бўлган эди, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни ушлаб қолдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу чиқиб кетди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога дедилар:
-Кўрдингми, сени қутқариб қолдим?!
Эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик бошқа, умр йўлдошни эҳтиром қилмаслик бошқа. Буюкларни хусумат вақтида аниқласа бўлади, тинч ўтирганида эмас. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни қаранг. Жанжал пайтида ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг тарафида бўлаяптилар, уни ҳимоя қилмоқдалар. Ҳолбуки, Оиша розияллоҳу анҳо у зотга овозини кўтарди. Уйда бунақаси бўлиб туради. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳ ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳони урмоқчи бўлганида бунга йўл бермаяптилар. Бу билан кифояланмадилар. Орқа ўгириб кетиб юбормадилар. Аксинча, уни хурсанд қилмоқчи ҳам бўлдилар. Келишмовчилик вароғини дарров ёпдилар. Ярашишни ғанимат билдилар.
Нафсоният яхши нарса, аммо эр-хотин ўртасида ёмондир. Узрни тез қабул қилинглар. Уйларни саркашлик ва қайсарлик вайрон қилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Уларнинг олдидан гавдали бир бақувват одам ўтиб қолди. Саҳобалардан бири деди:
- Қани энди бу инсон шу гавдаси билан Аллоҳнинг йўлида бўлса эди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Агар у кичкина болалари учун ҳаракат қилиб юрган бўлса Аллоҳнинг йўлидадир. Агар қариб қолган ота-онаси учун ҳаракат қилиб юрган бўлса Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва фахр учун ҳаракат қилиб юрган бўлса шайтоннинг йўлидадир!
Ҳар-бир қилаётган ҳалол ишингизда ажрни ҳис қилинг. Бу Аллоҳнинг йўлидир.
Болаларни боқиш учун барвақт туриб ишга кетишингиз оддий иш эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир.
Болаларингизнинг луқмаси ва кийими учун уйда ишлашингиз оддий иш эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир.
Беморни кўргани боришингиз ижтимоий одат эмас. Бу кўнгил овлашдир. Бу эса ибодатдир.
Таъзияга боришингиз, мусибатзада инсонга таскин беришингиз оддий иш эмас. Бу иш қалбларни улфат қилиш ва маҳзун кўнгилни шод этишдир. Бу Аллоҳга олиб борадиган йўлдир.
Умрни тоатда, яхшиликда, ўзаро ёрдамлашишда ўтказиш оддий иш кўринсада, аслида булар Аллоҳга олиб борадиган йўллардир. Бунда ажрни ҳис қилинг. Ана шунда булардан лаззат ҳис қиласиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЯХШИ ФОЛ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
-Менга яхши фол ёқади!
Саҳобалар сўрашди:
-Яхши фол нима?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Яхши гап!
Беморнинг зиёратига кирсангиз унга тезда тузалиб кетишини айтинг. Беморнинг ҳолатида сизнинг бу ишингиз унинг тезроқ тузалишига ёрдам беради!
Агар яқинини йўқотган инсоннинг олдига кирсангиз унга учрашув жаннатда эканлигини айтинг!
Агар қарздорнинг олдига кирсангиз унга кунлар чархпалак эканлигини, яқин кунларда кенгчилик келишини, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларида совутлари яҳудийнинг олдида гаровда бўлганлигини айтинг!
Фарзанди йўқ инсоннинг олдига кирсангиз фарзанд ҳам ризқ эканлигини, дунё имтиҳон эканлигини, Оиша розияллоҳу анҳо ҳам фарзанд кўрмасдан вафот қилганлигини, Аллоҳдан доим умид қилиш кераклигини, Сора онамиз ҳам узоқ соғинчдан сўнг фарзанд кўрганлигини айтинг!
Кишилар уларни юпатадиган кишиларга, уларнинг қалбига умид экадиганларга, келажакда ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан яхши бўлишини эслатадиган кишиларга муҳтож бўлишади.
Масала кишининг қандай вафот қилганига эмас, қандай яшаганига боғлиқ. Дунёда Аллоҳ йўлида жон бериш каби яна бир буюк иш бор. Бу иш Аллоҳ йўлида яшашдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎРИНИБ ТУРСИН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Молик ибн Назла розияллоҳу анҳу эски кийимларда келди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:
- Молинг борми?
Молик деди:
- Ҳа!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Қанақа навидан?
Молик деди:
- Ҳаммасидан. Туяларим, қулларим, қўйларим ва отларим бор!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Агар Аллоҳ сенга мол берса у мол сенинг устингда кўриниб турсин!
Неъматни кўрсатиш унинг шукрининг бир қисмидир. Аллоҳ инсонга мол-давлат берса уни бандаси устида кўриниб туришини яхши кўради.
Баъзан бир нечта заводи бор кишиларни кийинишини кўриб садақа қилиб юборгинг келади...
Чиройли кийиниш бошқа, пулни арзимайдиган кийимларга исроф қилиш бошқа. Чунки турли брендлар ортидан югуриш, модалар ортидан қувиш аҳмоқлик, исроф ва гоҳида ношурликдир.
Аслида брендлар бойларни тунаш учун ўйлаб топилган нарсалардир. Бунга эса фақирлар алданмоқдалар.
Баъзилар мақтаниш ва фахр учун кучи етмайдиган нарсаларни сотиб олишга уринади. Қизлар эса фақат "Шанель" ёки "Диор" сумкаларини кўтаришни хоҳлашади.
Тўғри, гўзаллик матлуб нарса, аммо зўрма-зўракилик ёмондир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УНДАНГ!
Уҳуд жангида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам мушриклардан бир киши мусулмонларни ўлдираётганини кўриб қолдилар. Шунда ўқдонларидан бир ўқ чиқариб Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳуга бердилар. Чунки у яхши камончи эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўқни унга тутқазиб дедилар:
- От эй Саъд! Ота-онам сенга фидо бўлсин!
Саъд ўқни олиб отди. Ўқ душманнинг юрагига тегди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам хурсандликдан кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди!
Тарғиб ва ташвиқ қилиш кишиларнинг ичидаги хазиналарни ташқарига олиб чиқади.
Доимий танқид эса уларни йиқитади. Улардаги ижодкорликни ўлдиради, уларнинг замиридаги ундовчи кучни ўчиради!
Ўша пайт уруш ва унинг энг қизғин палласи бўлишига қарамасдан, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Саъдни шижоатлантирмоқдалар, ўқ отишга ундамоқдалар.
Юмшоқ бўлинг, шижоатлантиринг, унданг. Ана шунда кишилар сизга бор қувватларини тақдим қилишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎРЛАРНИ ИШОНТИРИБ БЎЛАРМИДИ?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга вақти-вақти билан келажакда бўладиган воқеаларнинг хабарини бериб турар эдилар.
Бир куни уларга шундай дедилар:
"Яқинда Мисрни фатҳ қиласизлар. Қийрот номи ўша заминда номланган. У ерни фатҳ қилсангиз унинг аҳлига яхши муносабатда бўлинг. Уларда ҳимоя келишуви бор, қариндошчилик бор, хотин томондан қуда-андачилик бор!".
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам қариндошчилик деганларининг сабаби шуки, Исмоил алайҳис саломнинг онаси Ҳожар онамиз Мисрдан бўлган. Қуда-андачилик деганларининг маъноси шуки, Мория онамиз Мисрдан бўлган.
Арабларда "Бир кўз учун минг кўз икром қилинади!", деган мақол бор.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳожар онамиз учун бутун Мисрни эҳтиром қилишга, улар билан силаи-раҳм қилишга чақирмоқдалар.
Мория онамиз сабабли миллионлаб инсонларни қуда-анда деб, уларни икром қилишга амр қилмоқдалар.
Бугун эса баъзи бемазалар ислом аёлни эҳтиром қилмайди демоқда.
Ер юзидаги бирорта дин биргина аёл учун бутун бошли мамлакатни эҳтиром қилишга амр қиладими?!
Бу вафони фақат исломда кўрасиз. Аммо басирати кўрларни ишонтириб бўлармиди?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОНАСИ БИЛАН АЙБЛАДИНГМИ?!
Билол розияллоҳу анҳу билан Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу жанжаллашиб қолишди ва Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни “қора хотиннинг ўғли” деди!
Билол розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб Абу Зарр айтган гапни айтди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам тезлик билан Абу Заррни чақиртирдилар ва унга дедилар:
-Сен уни онаси билан айбладингми?! Сенда жоҳилият бор экан!
Баъзиларнинг фалон қабиладан бўлганлиги учун ўзини бошқалардан афзал деб билиши жоҳилиятга оид эътиқоддир!
Баъзиларнинг эса баланд мансабда бўлганлиги учун ўзини бошқалардан афзал деб билиши жоҳилиятдир!
Баъзиларнинг ўзларида қандайдир илмий даража борлиги учун ўзларини ўзгалардан афзал деб билишлари жоҳилиятдир!
Оддий кўча супурувчи ўзининг дини ва ахлоқи билан мингта шифокордан афзалроқ бўлиши мумкин.
Битта омонатдор ва шафқатли шифокор мингта даъватчидан яхшироқ бўлиши ҳам мумкин.
Инсонларнинг кўзига паст иш бўлиб кўринган ҳамма иш ҳам паст бўлмайди. Юқори мансабни эгаллаб олган ҳамма инсон ҳам буюк инсон бўлавермайди. Кишиларни ранги, келиб чиқиши ва мансаб-мартабаси билан синфларга ажратаверманг. Ҳаммамиз Одам алайҳис саломнинг фарзандимиз. Сиз алоҳида нурдан яралмагансиз!
Инсонларнинг ҳақиқий қиймати Аллоҳнинг ҳузурида қандайлигини фақатгина Аллоҳ билади.
Инсонларга эса одоб билан муомала қилаверинг. Ҳурмат қилиш шарт ва вожиб. Хулқ эса фарздир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЮРИНГЛАР, КЎЗИ ОЧИҚНИНГ ОЛДИГА БОРАМИЗ!
Бани Воқиф қабиласида кўзлари кўр бир одам бор эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни зиёрат қилишни истаб саҳобаларга дедилар:
-Юринглар, Бани Воқифдаги кўзи очиқ кишининг олдига борамиз!
Араблар ҳар-бир сўзини танлаб гапиради. Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам табиийки араблардан. Араблар бирор ҳашарот ёки илон чаққан инсонни шифосидан умид қилиб “соғлом” дея чақиришар эди. Карвонни қайтишидан умид қилиб “қайтувчи” деб аташар эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кўзлари кўр инсонни “кўзи очиқ” деб номламоқдалар!
Сўзларингизни танлаб ишлатинг. Баъзи бир сўзлар кишига озор беради, унинг қалбини жароҳатлайди. Ижтимоий тармоқлардаги изоҳ ва муҳокамаларингизни енгиллатинг. Аҳмоқона изоҳлар ва муҳокамалар бир инсоннинг бир неча кунини барбод қилиши ҳеч нарса эмас. Ҳаттоки қабиҳ бир маънони чиройли услуб билан ҳам айтса бўлади. Бунинг акси ўлароқ, гўзал бир маънони қабиҳ услуб билан барбод қилиш ҳам мумкин. Хитойликларда бир мақол бор:
“Агар табассум қилишга қодир бўлмасанг дўкон очма!”.
Хитойликлар бу мақоллари билан очиқ юзли бўлиш савдога ривож беришига ишора қилишмоқда. Гўзал услуб, сўзларни танлаб гапириш ҳам шундай. Булар кишига қабулият беради!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАЗИЛ
"Хотинингиз мағрурланиб ўзидан кетаверса уни биринчи хотин мартабасига кўтаринг!".
Африка мақоли
------------------
Тағин амал қилиб қўйманг. Бу Ўзбекларнинг эмас, Африкаликларнинг мақоли!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МЕЗОН
Биз керакли даражада ҳур эмасмиз. Зеро ҳур инсоннинг олдида бир инсон ноҳақдан хорланса у чидаб тура олмайди.
Биз эса минглаб хорланган инсонларни кўриб билиб туриб оғзимизга туршак солиб олганмиз.
Озод инсон ноҳақ хорланган инсоннинг томонида бўлиб унинг тарафини олади!
Нельсон Манделанинг бир гапи бор:
"Киши модомики олдида бир инсон ноҳақ хорланганида ўзининг хорланганини ҳис қилмас экан, у озод эмас!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ойлик маоши оширилишидан хафа бўладиган миллат фақат биз бўлсак керак!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИЙИН
Аллоҳнинг йўлида яшаш Аллоҳнинг йўлида жон беришдан анча қийин. Чунки Унинг йўлида яшаш ҳар куни такрор-такрор ўлишдир.
Аммо биз Унинг йўлида яшаш ёки ўлиш борасидаги даъвойимизда етарлича содиқ эмасмиз!
Тасаввур қилаяпсизми, буюкларимиз қандай оғир юк остида умр кечиришганини?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОЗГИНА АМАЛ ВА КЎП САВОБ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир темир ниқоб таққан киши келиб деди:
Эй Аллоҳнинг Расули! Жанг қилайми ёки исломга кирайми?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Олдин исломга кир, сўнгра жанг қил!
Ҳалиги ниқобли киши исломга кирди. Сўнгра жанг қилиб шаҳид бўлди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Озгина амал ва кўп савоб!
“Олдин исломга кир, сўнгра жанг қил!”.
Эътибор берсангиз ақида қиличдан олдинга қўйилмоқда. Чунки ақидасиз қилич гуноҳ қиладиган асбобга айланади.
Юришдан олдин йўналишни белгилаб олиш керак. Жангчи агар нотўғри йўлда бўлса жангчи эмас, қароқчига айланади.
Жамоатдан олдин байроқ масаласини ҳал қилиш керак. Қандай байроқ остида жанг қилиш жуда ҳам муҳим. Чунки ададнинг кўплиги гоҳида подада ҳам бўлиши мумкин.
Жангдан олдин майдонни ҳал қилиш керак. Чунки ўз ўрнида тўкилмаган қон арзон қондир.
Ҳаммасидан олдин душманнинг борлиги аниқ бўлиши керак. Чунки аҳмоқлар ўз қавмига қарши урушиб ўзининг бурнини ўзи кесиб қўйиши ҳам мумкин.
Киши агар кофир бўлса ўзида барча гўзал ахлоқларни жамлаган бўлсада, унга бу хулқлар фойда бермайди. Аммо ахлоқсиз иймон ҳам чўлоқ иймондир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ушбу елим халталардаги нарса овқат ёки сабзавот эмас. Бу эгаси аниқланмаган Ғазолик мусулмонларнинг бомбаланган тана парчалари....
Эҳҳ ислом уммати...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲУКМ ҚИЛАДИ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳу билан юриб бораётган эдилар. Икки эчкининг бир-бири билан сузишаётганини кўриб қолдилар. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Заррдан сўрадилар:
- Эй Абу Зарр! Буларни нега сузишаётганини биласанми?
Абу Зарр деди:
- Йўқ эй Аллоҳнинг Расули!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аммо Аллоҳ билади. Қиёмат кунида булар ўртасида ҳукм қилади!
Дунё ниҳоя эмас. Хусуматгўйлар ҳали Аллоҳнинг ҳузурида жамланишади.
Эй хўжайини томонидан хўрланган, обрўси тўкилган оддий ишчи!
Эй меросдаги ҳаққини ака-укалари эгаллаб олган содда инсон!
Эй террорчилик ва экстремистликда ноҳақдан айбланган покиза ва тақводор инсон!
Эй иффатига туҳмат қилинган иффатли синглим!
Эй ноҳақлик билан ишлаб турган вазифасидан бўшатилган биродар!
Икки эчкининг орасида адолат билан ҳукм қиладиган Роббимиз сизларнинг ҳам орангизда ҳукм қилади!
Эй золимлар! Ҳали Аллоҳнинг олдида тик турасизлар. Ўша кунда золим эмас, мазлум бўлсам эди дея орзулар қиласизлар!
Бугун балки ўзингизни ақлли санаб охиратга ишонмассиз. Худобехабардирсиз балки. Аммо хотиржам бўлинг, ўша кун келади. Аммо сизда имкон қолмаган бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДЎСТИМНИ ҚЎЯСИЗЛАРМИ ЙЎҚМИ?!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Умар розияллоҳу анҳу ўртасида келишмовчилик чиқиб қолиб Умар розияллоҳу анҳу ғазабланиб ўрнидан туриб кетди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни рози қилишга уринди, аммо бўлмади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Унинг юзидан хафалиги билиниб турар эди. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу тинчланди ва Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кечирим сўраш учун уни қидирди. Уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидан топди. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғазаблангани учун ғазабланган эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳудан хавотирланиб деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга зулм қилдим!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳуга дедилар:
-Аллоҳ таоло мени Пайғамбар қилиб жўнатди. Сизлар ёлғончи деганингизда Абу Бакр мени тасдиқлади. Менга жони, моли билан ҳамдард бўлди. Дўстимни қўясизларми йўқми?!
Ҳатто буюклар орасида ҳам гоҳида келишмовчиликлар бўлиб турар эканда. Агар бундан кимдир нажот топганида буюкларнинг саййидлари Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо бундан нажот топишар эди.
Аммо узрни тезда қабул қиладиганлар билан ҳар келишмовчиликдан уруш ўчоғи ясайдиганлар орасида фарқ бор. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафоларига қаранг. Ҳаммаси у зотнинг саҳобалари. Аммо бу Абу Бакр розияллоҳу анҳу ахир!
Буюк бўлинг. Қийин кунларингизда ёнингизда бўлган, сизга ёрдам қўлини чўзганларни унутманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАНЛАШ ҲАҚҚИ БОР!
Буюк саҳобий Қайс ибн Собит розияллоҳу анҳу бўйи пакана, хуник бир инсон эди. Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига унинг хотини келиб эридан шикоят қилиб деди:
- Собит ибн Қайсни дини ва хулқидан шикоятим йўқ, уни айбламайман. Аммо диним исломга ношукрлик қилиб қўйишдан қўрқаяпман!
Собит ибн Қайс хотинига маҳр ўлароқ боғ берган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлдан сўрадилар:
- Собитга боғини қайтариб берасанми?
Аёл деди:
- Албатта!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Собитни чақиртириб унга дедилар:
- Бундан боғингни қайтариб ол ва бир талоқ қўй!
Ислом шариати турмуш бозордан бир нарса сотиб олишга ўхшаб қолмаслиги учун бўлажак эр-хотинга бир-бирини кўришига рухсат беради. Оила қуришдан мақсад зинодан сақланиш, наслни давом эттириш, мусулмон оиласига асос солишдир. Акс ҳолда оила эр-хотин бир-биридан нафратланадиган уруш ўчоғига, жанг майдонига айланиб қолиши ҳам ҳеч нарса эмас.
Йигит ўзига ёқадиган қизни танлаш ҳуқуқига эга бўлганидек, қизлар ҳам ўзларига маъқул келадиган йигитни танлашга ҳақлари бор. Никоҳ тузилса унинг пойдевори уйни, оилани муҳофаза қилиш бўлади.
Талоқ гарчи ҳалол иш бўлсада, аммо у жамиятни емиради, оилаларни барбод қилади, инсонларга талофот етказади.
Шу муносабат билан яна бир мухим нарсани айтиб ўтсам. Шунақа йигитларни кўрдим, қизни гўзаллигини кўриб уйланган. Аммо бироз вақт ўтиб аёл зотини кўрарга кўзи бўлмай қолган.
Шунақа қизларни кўрдим, йигитнинг хушбичимлигини кўриб унга турмушга чиққан. Аммо бироз вақт ўтиб эркак зотидан жирканадиган холга келган.
Ҳамманинг гўзал ва чиройли инсон билан турмуш қуришга ҳаққи бор. Аммо менга ишонинг, бу ҳамма нарсани ҳал қилиб бера олмайди. Диёнатига эътиборлироқ бўлинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЖУДА МУҲИМ!
Абу Бакра(Абу Бакр эмас) розиёллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида намоз ўқиш учун масжидга келди. Келганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ ҳолатидан кўтарилаётган эдилар. Абу Бакра масжидга кирибоқ сафга қўшилмасдан , рукуъга етиш учун орқароқда туриб иқтидо қилиб қўя қолди. Намоз тугагач Абу Бакра розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб воқеани айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
" Аллоҳ (ибодатга бўлган) ҳирсингни зиёда қилсин. Қайтиб бундай қилма!".
Насиҳатдаги одобга боқинг. У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга "сафда турмасдан рукуъ қилишинг жоиз эмас эди", демадилар.
"Сен шошқалоқсан эй Абу Бакра", демадилар.
Ийжобий гап билан бошладилар: "Аллоҳ (ибодатга бўлган) ҳирсингни зиёда қилсин!".
Яъни, Абу Бакранинг аввал рукуъга етиб олишга бўлган ҳирсини мақтадилар. Сўнг тўғри йўлни ўргатиб қўйдилар.
Инсон аввал мақтовни қабул қилса, сўнг танқидни қабул қилишга очиқ қалб билан тайёр бўлади. Инсонлар билан муомалада бу жуда муҳимдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАММАНГИЗГА!
Бир саҳобий ўғилчасини жуда ҳам яхши кўрар эди. У Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларига кўпинча ўғилчаси билан келар эди.
Кунлар ўтиб ўша саҳобий Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларига келмай қўйди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни суриштирдилар. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга унинг ўғилчаси вафот қилганини айтишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам у билан учрашиб таъзия билдириб дедилар:
-Ўғлинг тирилишини ва у билан қолган умрингда роҳатланиб яшашни истайсанми ёки у сендан олдин бориб, сенинг учун жаннат эшигини очиб кутиб олишини хоҳлайсанми?
Саҳоба деди:
-Мендан олдин бориб жаннат эшигини очиб мени кутиб олишини хоҳлайман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Шундай бўлади!
Шунда бир киши сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Бу нарса унинг ўзига хосми ёки ҳаммамизгами?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Ҳаммангизга!
Арабларнинг бир ажойиб жумласи бор: “Яқинларни йўқотиш ғурбатдир!”.
Ўғилчангиз уйингизни тўлдириб ўйнаб юради. Сўнгра уни йўқотасиз. Бунақанги оғриқ бўлмаса керак!
Қизчангизни қалбингиздан яхши кўрасиз. Сўнгра уни йўқотиб қўясиз. Бундан аламли иш бўлмаса керак!
Онангиз устингиздан меҳр ёмғирини ёғдириб туради. Сўнгра бирдан ёмғир тўхтайди. Бундан даҳшати бўлмаса керак!
Отангиз бир умр сизни суяйди, қўллаб-қувватлайди. Сўнгра ўтиб кетиб қолади. Бу не йўқотиш!
Юракдан яхши кўрадиган кишингиз бўлади. Сўнгра ўртангизда айрилиқ воқе бўлади. Бу не ғурбат!
Аммо унутмайлик, бу дунё ўзи айрилиқ ва йўқотиш дунёсидир. Бунда кўзёш бор, ҳасрат бор, имтиҳон бор. Қадардан аччиқланишдан эҳтиёт бўлинг. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Уни жаннат эшигининг олдида топасан. У сени эшикни очиб кутиб олади!”, деган гаплари билан юпанинг, овунинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИЧИМИЗДАН КЎРАДИ!
Маккалик бир киши Умму Қайс исмли бир аёлни яхши кўриб қолиб унга совчи қўйди. Умму Қайс муслима эди. У Мадинага ҳижрат қилди. Совчи юборган кишига агар Мадинага ҳижрат қилса турмушга чиқишини шарт қилди. Совчи қўйган эркак фақатгина Умму Қайсга эришиш учун ҳижрат қилди. Мадина аҳли уни Умму Қайснинг муҳожири деб аташар эди. Мана шу ҳадис Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Амаллар ниятларга боғлиқдир..!", деб бошланадиган ҳадисларининг айтилишига сабаб бўлган.
Гоҳида амаллар ўхшаш бўлиши мумкин. Аммо ниятлар ораси ер ва осмонча узоқ бўлади. Юсуф алайҳис салом ва Зулайхо эшик томон югуришди. Уларнинг бири маъсиятдан қочаётган эди, бошқаси эса маъсиятнинг ортидан югурар эди. Аммо амал бир хил эди.
Бир қиз Аллоҳ учун ҳижобга киради. Бошқаси эса турмушга чиқиш учун.
Бир йигит Аллоҳ учун масжидга боради. Бошқаси эса ўзгалар кўриши учун.
Бир киши Аллоҳ учун бир беморни кўргани боради. Бошқаси эса қандайдир дунёвий мақсадни кўзлаб беморнинг зиёратига боради.
Ҳатто фаришталар ҳам ниятларни кўра олишмайди. Фақатгина Аллоҳ таоло бизни ичимиздан ҳам кўра олади ва ниятимизга яраша тақдим қилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
СУБҲАНАЛЛОҲ, ТОҚАТИНГ ЕТМАЙДИ!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада бемор бўлиб жисми заифлашиб, озғин бўлиб қолган бир кишини кўргани бордилар. Кўрган киши уни куни битган деб ўйлар эди.
Унинг аҳволи Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламнинг эътиборларини тортди. Ундан сўрадилар:
- Бирор нарса деб дуо қилганмидинг?
У деди:
- Ҳа. Мен:"Аллоҳим! Охиратда берадиган азобингни шу дунёда бергин", деб дуо қилган эдим!
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам:
- Субҳаналлоҳ! Бунга тоқатинг етмайди-ку! Нега: "Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни бергин, охиратда ҳам яхшиликни бергин", деб сўрамадинг, дедилар.
У киши ушбу дуони ўқиган эди Аллоҳ унга шифо берди!
Инсоннинг қадари тилига боғлангандир. Баъзилар ёмон дуо қилади. Бу киши икки дунёда ҳам офият сўраш ўрнига дунёда азоб сўрамоқда. Иккисида ҳам офият сўраса унга зарар етмас эди.
Бола бемор бўлади. Онаси: "Эй Роббим! Менинг саломатлигимни унга бергин!", дейди. Гўё Аллоҳнинг офият хазинаси тугаб қоладигандек, субҳаналлоҳ!
Болангизга ҳам, ўзингизга ҳам офият сўрасангиз нима бўлади?!
Фарзандингиз идишни синдирса уни қарғайсиз. Болалар тўполон қилса уларни қарғайсиз.
Оғиздан чиқадиган бу каби сўзлар худди дайди ўққа ўхшайди. Кимгадир бехосдан тегиб кетиши мумкин.
Аллоҳ раҳм қилгурлар! Тилингизни тийинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бирор киши сизга "сиз мани акамсиз" деса аввал унинг Қобил эмаслигини аниқлаб олинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov