abdulqodir_polvonov | Неотсортированное

Telegram-канал abdulqodir_polvonov - Abdulqodir Samarqandiy

8098

Ўзингизга ёққан ҳикматни бошқаларга ҳам улашинг!

Подписаться на канал

Abdulqodir Samarqandiy

СЕНИ ҚУТҚАРИБ ҚОЛДИМ!
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратларига келди. Уйга кирмасдан қизи Оиша розияллоҳу анҳонинг Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга баланд овозда бақираётганини эшитиб қолди. Ғазабланган ҳолда ичкарига кириб Оиша розияллоҳу анҳога деди:
-Сен ҳали Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга бақираяпсанми?!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай деб Оиша розияллоҳу анҳони урмоқчи бўлган эди, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни ушлаб қолдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу чиқиб кетди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳога дедилар:
-Кўрдингми, сени қутқариб қолдим?!

Эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик бошқа, умр йўлдошни эҳтиром қилмаслик бошқа. Буюкларни хусумат вақтида аниқласа бўлади, тинч ўтирганида эмас. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни қаранг. Жанжал пайтида ҳам Оиша розияллоҳу анҳонинг тарафида бўлаяптилар, уни ҳимоя қилмоқдалар. Ҳолбуки, Оиша розияллоҳу анҳо у зотга овозини кўтарди. Уйда бунақаси бўлиб туради. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳ ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳони урмоқчи бўлганида бунга йўл бермаяптилар. Бу билан кифояланмадилар. Орқа ўгириб кетиб юбормадилар. Аксинча, уни хурсанд қилмоқчи ҳам бўлдилар. Келишмовчилик вароғини дарров ёпдилар. Ярашишни ғанимат билдилар.
Нафсоният яхши нарса, аммо эр-хотин ўртасида ёмондир. Узрни тез қабул қилинглар. Уйларни саркашлик ва қайсарлик вайрон қилади!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АЛЛОҲНИНГ ЙЎЛИ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Уларнинг олдидан гавдали бир бақувват одам ўтиб қолди. Саҳобалардан бири деди:
- Қани энди бу инсон шу гавдаси билан Аллоҳнинг йўлида бўлса эди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Агар у кичкина болалари учун ҳаракат қилиб юрган бўлса Аллоҳнинг йўлидадир. Агар қариб қолган ота-онаси учун ҳаракат қилиб юрган бўлса Аллоҳнинг йўлидадир. Агар риё ва фахр учун ҳаракат қилиб юрган бўлса шайтоннинг йўлидадир!

Ҳар-бир қилаётган ҳалол ишингизда ажрни ҳис қилинг. Бу Аллоҳнинг йўлидир.
Болаларни боқиш учун барвақт туриб ишга кетишингиз оддий иш эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир.
Болаларингизнинг луқмаси ва кийими учун уйда ишлашингиз оддий иш эмас. Бу Аллоҳ йўлидаги кундалик жиҳоддир.
Беморни кўргани боришингиз ижтимоий одат эмас. Бу кўнгил овлашдир. Бу эса ибодатдир.
Таъзияга боришингиз, мусибатзада инсонга таскин беришингиз оддий иш эмас. Бу иш қалбларни улфат қилиш ва маҳзун кўнгилни шод этишдир. Бу Аллоҳга олиб борадиган йўлдир.
Умрни тоатда, яхшиликда, ўзаро ёрдамлашишда ўтказиш оддий иш кўринсада, аслида булар Аллоҳга олиб борадиган йўллардир. Бунда ажрни ҳис қилинг. Ана шунда булардан лаззат ҳис қиласиз!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЯХШИ ФОЛ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
-Менга яхши фол ёқади!
Саҳобалар сўрашди:
-Яхши фол нима?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Яхши гап!

Беморнинг зиёратига кирсангиз унга тезда тузалиб кетишини айтинг. Беморнинг ҳолатида сизнинг бу ишингиз унинг тезроқ тузалишига ёрдам беради!
Агар яқинини йўқотган инсоннинг олдига кирсангиз унга учрашув жаннатда эканлигини айтинг!
Агар қарздорнинг олдига кирсангиз унга кунлар чархпалак эканлигини, яқин кунларда кенгчилик келишини, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларида совутлари яҳудийнинг олдида гаровда бўлганлигини айтинг!
Фарзанди йўқ инсоннинг олдига кирсангиз фарзанд ҳам ризқ эканлигини, дунё имтиҳон эканлигини, Оиша розияллоҳу анҳо ҳам фарзанд кўрмасдан вафот қилганлигини, Аллоҳдан доим умид қилиш кераклигини, Сора онамиз ҳам узоқ соғинчдан сўнг фарзанд кўрганлигини айтинг!

Кишилар уларни юпатадиган кишиларга, уларнинг қалбига умид экадиганларга, келажакда ҳаммаси Аллоҳнинг изни билан яхши бўлишини эслатадиган кишиларга муҳтож бўлишади.
Масала кишининг қандай вафот қилганига эмас, қандай яшаганига боғлиқ. Дунёда Аллоҳ йўлида жон бериш каби яна бир буюк иш бор. Бу иш Аллоҳ йўлида яшашдир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

КЎРИНИБ ТУРСИН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Молик ибн Назла розияллоҳу анҳу эски кийимларда келди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:
- Молинг борми?
Молик деди:
- Ҳа!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Қанақа навидан?
Молик деди:
- Ҳаммасидан. Туяларим, қулларим, қўйларим ва отларим бор!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Агар Аллоҳ сенга мол берса у мол сенинг устингда кўриниб турсин!

Неъматни кўрсатиш унинг шукрининг бир қисмидир. Аллоҳ инсонга мол-давлат берса уни бандаси устида кўриниб туришини яхши кўради.
Баъзан бир нечта заводи бор кишиларни кийинишини кўриб садақа қилиб юборгинг келади...
Чиройли кийиниш бошқа, пулни арзимайдиган кийимларга исроф қилиш бошқа. Чунки турли брендлар ортидан югуриш, модалар ортидан қувиш аҳмоқлик, исроф ва гоҳида ношурликдир.
Аслида брендлар бойларни тунаш учун ўйлаб топилган нарсалардир. Бунга эса фақирлар алданмоқдалар.
Баъзилар мақтаниш ва фахр учун кучи етмайдиган нарсаларни сотиб олишга уринади. Қизлар эса фақат "Шанель" ёки "Диор" сумкаларини кўтаришни хоҳлашади.

Тўғри, гўзаллик матлуб нарса, аммо зўрма-зўракилик ёмондир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

УНДАНГ!
Уҳуд жангида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам мушриклардан бир киши мусулмонларни ўлдираётганини кўриб қолдилар. Шунда ўқдонларидан бир ўқ чиқариб Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳуга бердилар. Чунки у яхши камончи эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўқни унга тутқазиб дедилар:
- От эй Саъд! Ота-онам сенга фидо бўлсин!
Саъд ўқни олиб отди. Ўқ душманнинг юрагига тегди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам хурсандликдан кулдилар, ҳатто озиқ тишлари кўринди!

Тарғиб ва ташвиқ қилиш кишиларнинг ичидаги хазиналарни ташқарига олиб чиқади.
Доимий танқид эса уларни йиқитади. Улардаги ижодкорликни ўлдиради, уларнинг замиридаги ундовчи кучни ўчиради!
Ўша пайт уруш ва унинг энг қизғин палласи бўлишига қарамасдан, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Саъдни шижоатлантирмоқдалар, ўқ отишга ундамоқдалар.

Юмшоқ бўлинг, шижоатлантиринг, унданг. Ана шунда кишилар сизга бор қувватларини тақдим қилишади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

КЎРЛАРНИ ИШОНТИРИБ БЎЛАРМИДИ?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга вақти-вақти билан келажакда бўладиган воқеаларнинг хабарини бериб турар эдилар.
Бир куни уларга шундай дедилар:
"Яқинда Мисрни фатҳ қиласизлар. Қийрот номи ўша заминда номланган. У ерни фатҳ қилсангиз унинг аҳлига яхши муносабатда бўлинг. Уларда ҳимоя келишуви бор, қариндошчилик бор, хотин томондан қуда-андачилик бор!".

Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам қариндошчилик деганларининг сабаби шуки, Исмоил алайҳис саломнинг онаси Ҳожар онамиз Мисрдан бўлган. Қуда-андачилик деганларининг маъноси шуки, Мория онамиз Мисрдан бўлган.
Арабларда "Бир кўз учун минг кўз икром қилинади!", деган мақол бор.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳожар онамиз учун бутун Мисрни эҳтиром қилишга, улар билан силаи-раҳм қилишга чақирмоқдалар.
Мория онамиз сабабли миллионлаб инсонларни қуда-анда деб, уларни икром қилишга амр қилмоқдалар.
Бугун эса баъзи бемазалар ислом аёлни эҳтиром қилмайди демоқда.
Ер юзидаги бирорта дин биргина аёл учун бутун бошли мамлакатни эҳтиром қилишга амр қиладими?!
Бу вафони фақат исломда кўрасиз. Аммо басирати кўрларни ишонтириб бўлармиди?!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ОНАСИ БИЛАН АЙБЛАДИНГМИ?!
Билол розияллоҳу анҳу билан Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу жанжаллашиб қолишди ва Абу Зарр розияллоҳу анҳу Билол розияллоҳу анҳуни “қора хотиннинг ўғли” деди!
Билол розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб Абу Зарр айтган гапни айтди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам тезлик билан Абу Заррни чақиртирдилар ва унга дедилар:
-Сен уни онаси билан айбладингми?! Сенда жоҳилият бор экан!

Баъзиларнинг фалон қабиладан бўлганлиги учун ўзини бошқалардан афзал деб билиши жоҳилиятга оид эътиқоддир!
Баъзиларнинг эса баланд мансабда бўлганлиги учун ўзини бошқалардан афзал деб билиши жоҳилиятдир!
Баъзиларнинг ўзларида қандайдир илмий даража борлиги учун ўзларини ўзгалардан афзал деб билишлари жоҳилиятдир!

Оддий кўча супурувчи ўзининг дини ва ахлоқи билан мингта шифокордан афзалроқ бўлиши мумкин.
Битта омонатдор ва шафқатли шифокор мингта даъватчидан яхшироқ бўлиши ҳам мумкин.
Инсонларнинг кўзига паст иш бўлиб кўринган ҳамма иш ҳам паст бўлмайди. Юқори мансабни эгаллаб олган ҳамма инсон ҳам буюк инсон бўлавермайди. Кишиларни ранги, келиб чиқиши ва мансаб-мартабаси билан синфларга ажратаверманг. Ҳаммамиз Одам алайҳис саломнинг фарзандимиз. Сиз алоҳида нурдан яралмагансиз!
Инсонларнинг ҳақиқий қиймати Аллоҳнинг ҳузурида қандайлигини фақатгина Аллоҳ билади.
Инсонларга эса одоб билан муомала қилаверинг. Ҳурмат қилиш шарт ва вожиб. Хулқ эса фарздир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

СЕНГА ҲАМ ОЛИ ДОВУДГА БЕРИЛГАН ЯХШИ ОВОЗ БЕРИЛГАН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча Мадинани айланиб юрган эдилар. Кетаётиб Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг уйида қуръон ўқиётганини эшитиб қолдилар. Унинг овози Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга жуда ҳам ёқди. Абу Мусо қироатни тугатиб бўлгач, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида давом этдилар.
Эртаси куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Мусо Ашъарийни кўриб дедилар:
-Кеча кечқурун сени тинглаб ўтирганимни кўрсанг эди! Сенга Оли Довудга берилган яхши овоз берилибди!

Ўзгаларнинг қобилиятини мақташ ва тан олиш Анбиёлар хулқидан. Мусо алайҳис салом ҳам укаси Ҳорун алайҳис салом ҳақида Аллоҳ таолога: “Биродарим Ҳоруннинг тили меникидан фасоҳатлироқдир!”, деган эди.
Ўзгаларнинг фазилатини инкор қилиш ва тан олмаслик Иблиснинг хулқидандир. Иблис Одам алайҳис салом ҳақида Аллоҳ таолога: “Мен ундан яхшироқман!”, деган эди.
Ишни гўзал ва мукаммал тарзда бажарган ҳамкасбингизни мақтанг, эътироф қилинг.
Уй эгасига уйи чиройли ва саранжомлигини айтиб мақтанг. Унга барака сўраб дуо қилинг.
Яхши бир фикр чиқиб қолса уни қувватланг. Гўзал услубни кўриб қолсангиз уни олқишланг.
Ўзгалар сиздан ўзиб кетганида ўзингизда қандайдир бир нафрат ҳис қилмасангиз демак қалби салим инсонсиз!
Инсонларнинг муваффақияти ва ютуқлари сизга ожизлигингизни англатаверса ўзингизга қайтинг. Қалбингизни текшириб кўринг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

МЕНГА УНИНГ ҚАБРИНИ КЎРСАТИНГЛАР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида бир қора хотин масжидни супуриб тозалаб юрар эди. Шу аёл вафот қилди. Саҳобалар буни кўп эътиборли иш ҳисобламасдан ўзлари дафн қилишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга айтишмади.
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам у аёл ҳақида суриштирдилар. Саҳобалар унинг вафот қилганини айтишди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Менга айтсангиз бўлмасмиди?! Менга унинг қабрини кўрсатинглар!”.
Саҳобалар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга унинг қабрини кўрсатишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар!

Баъзи кишилардаги айб шундаки, улар ўлимни мулозаматга кирадиган одатлардан бири деб ўйлашади. Қандайдир обрўлироқ кишининг яқини вафот қилса унинг жанозасига ҳамма келади. Оддий бир бечора мискин вафот қилса унинг жанозасига жуда ҳам оз инсон келади.
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Уюнул ахбор” китобида келтиради:
“Катта бир қозининг ходимаси вафот қилди. Жанозага савдогарлар, аъёнлар, шаҳарнинг обрўли кишилари келиб қозига таъзия билдиришди. Қозининг ўзи вафот қилганида улардан ҳеч бири келмади. Улар янги қозининг янги мансаби билан қутлагани кетишган эди!”.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ХОЛИС БЎЛГАНИ!
Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Бир киши савобни ва одамлар эслашини истаб ғазот қилади. Унг бирор нарса борми?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Унга ҳеч нарса йўқ!
Ҳалиги киши саволини такрорлай бошлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам жавобни такрорладилар. Сўнгра унга дедилар:
-Аллоҳ таоло фақатгина Ўзи учун холис бўлган ва фақатгина Унинг розилиги учун бўлган амалнигина қабул қилади!

Ниятнинг муҳимлигини қаранг! У бузилса амаллар ҳам барбод бўлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам энг аввал сўроқ қилиниб дўзахга улоқтириладиган кишилар уч тоифа эканлигини айтганларида қанчалар қўрққанмиз. Биринчиси садақа берувчи бой. Иккинчиси Қуръон тиловат қилиб уни ўзгаларга ҳам ўргатувчи олим. Учинчиси эса шаҳид!
Буларнинг бари аслида одамларнинг мақтови учун амал қилишар эди.
Демак, йўналишингиз Аллоҳ таоло бўлмас экан, сиз қурган ҳар қандай бино харобдир. Агар мақсадингиз Аллоҳ эмас экан, қилган ҳаракатларингиз тўзондир. Матлабингиз Аллоҳ эмас экан, юрган йўлларингиз зоедир. Амал қилиб чарчаганингиз қолади. Савоб қўлдан кетади.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг қўрқинчли бир гапи бор:
“Агар ихлосинг бўлмаса ўзингни чарчатиб ўтирма!”.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ТАВАККУЛ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобаларга дедилар:
"Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди У сизни худди қушларни ризқлантиргани каби ризқлантирар эди. Қушлар эрталаб инидан қорни бўш ҳолда чиқиб кетади, кечқурун эса қорни тўлиб қайтиб келади!".

Сабабларни тутиш таваккулга ҳеч зид эмас. Балки сабабларни тутиш таваккулнинг энг баланд чўққисидир.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам кишилар ичида энг таваккули кучлиси эдилар. Шу билан бирга сабабларни энг кўп тутадиган киши ҳам эдилар. Чунки у зот коинотнинг ўз қонун ва қоидалари борлигини билар эдилар. Ҳижрат куни ўзлари билан бирга йўл кўрсатувчи хам олган эдилар. "Мен Пайғамбарман, ҳар қанақа шароитда ҳам Мадинага етиб оламан" демадилар.
Уҳуд кунида бир эмас, икки қават совут кийдилар. "Умрлар Аллоҳнинг қўлида, сувутнинг қўлидан нима келади?!", демадилар.
Сабабларни тутиш билан биз Аллоҳга ибодат қилган бўламиз. Аммо бутун ишончимизни сабабларга топширмаймиз.
Аллоҳнинг шифо берувчи деб ишонамиз. Аммо бемор бўлганда шифокорга бормасликни аҳмоқлик деб биламиз.
Аллоҳни ризқ берувчи деб биламиз. Аммо ишламасликни, ҳаракат қилмасликни аҳмоқлик деб биламиз.
Аллоҳга бўлган таваккулни қуйидаги мисол билан тушунтирамиз:
Деҳқон ерни ҳайдайди, уруғни экади, суғоради, ўғит беради. Сўнгра уни ўстиришини Аллоҳдан сўрайди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЯҚИНДА...
Яқинда ичимиздан янги яҳудийлар чиқади. Аниқроғи биз "ёлланма сионистлар" деб номлайдиган мусулмон сионистлари чиқади. Улар сиз билан хуфтонни масжиднинг биринчи сафида ўқишади. Аммо яҳудий сионистлари вазифасини бажариб, ролларини адо қилишади.
Бундан кейин шундай босқичга етиб борамизки, бунда араб-мусулмон инсон ёлланма сионистга айланиб бўлган бўлади. Булар энди Исроил ҳарбий қўмондони ва яҳудий савдогари қиладиган ишни ўзлари қилишади!

Абдулваҳҳоб Масирий роҳимаҳуллоҳ

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ҚЎРҚМАНГ!
Ҳар-бир қилган амалингизни ҳужжатлаштириб қўйишингиз шарт эмас. Бунинг учун масъул фаришталар бор. Дамингизни олаверинг!
Аллоҳ таолога энг мақбул амал махфий амалдир. Олдингилар яхшиликларини ҳам худди ёмонликларини яширгандек яширишар эди.
Ҳорун ар-Рашиднинг қўшинида йигирма минг аскар ўз номини девонга ёздирмас, маош олмас эди. Кишилар уларни билмаслигини мақсад қилишган эди.
Аллоҳ таоло қуръони каримда йигирма бештагина пайғамбарни зикр қилган. Ҳолбуки бир неча юз минг пайғамбар ўтган. Уларни зикр қилинмаган. Аммо бу нарса уларнинг пайғамбар эканлигига халақит бермайди.
Номингиз катта давраларда эсланмасада, хотиржам бўлинг. Аллоҳ сизни танийди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Ғазодаги уруш бизга иккита нарсани кашф қилди:
1. Саҳобаларнинг насли ҳали бор экан.
2. Ибн Салулнинг ҳам насли ҳали бор экан.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЭСТАФЕТА
"Агар Зайд ўлдирилса Жаъфар қўмондон бўлсин. Агар Жаъфар ўлдирилса Абдуллоҳ ибн Равоҳа қўмондон бўлсин...!".

Улар шундай эдилар. Уммат ҳар асрда шундай бўлади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ДЎСТИМНИ ҚЎЯСИЗЛАРМИ ЙЎҚМИ?!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан Умар розияллоҳу анҳу ўртасида келишмовчилик чиқиб қолиб Умар розияллоҳу анҳу ғазабланиб ўрнидан туриб кетди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу уни рози қилишга уринди, аммо бўлмади.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келди. Унинг юзидан хафалиги билиниб турар эди. Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу тинчланди ва Абу Бакр розияллоҳу анҳудан кечирим сўраш учун уни қидирди. Уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидан топди. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу ғазаблангани учун ғазабланган эдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Умар розияллоҳу анҳудан хавотирланиб деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Мен унга зулм қилдим!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳуга дедилар:
-Аллоҳ таоло мени Пайғамбар қилиб жўнатди. Сизлар ёлғончи деганингизда Абу Бакр мени тасдиқлади. Менга жони, моли билан ҳамдард бўлди. Дўстимни қўясизларми йўқми?!

Ҳатто буюклар орасида ҳам гоҳида келишмовчиликлар бўлиб турар эканда. Агар бундан кимдир нажот топганида буюкларнинг саййидлари Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумо бундан нажот топишар эди.
Аммо узрни тезда қабул қиладиганлар билан ҳар келишмовчиликдан уруш ўчоғи ясайдиганлар орасида фарқ бор. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафоларига қаранг. Ҳаммаси у зотнинг саҳобалари. Аммо бу Абу Бакр розияллоҳу анҳу ахир!
Буюк бўлинг. Қийин кунларингизда ёнингизда бўлган, сизга ёрдам қўлини чўзганларни унутманг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ТАНЛАШ ҲАҚҚИ БОР!
Буюк саҳобий Қайс ибн Собит розияллоҳу анҳу бўйи пакана, хуник бир инсон эди. Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига унинг хотини келиб эридан шикоят қилиб деди:
- Собит ибн Қайсни дини ва хулқидан шикоятим йўқ, уни айбламайман. Аммо диним исломга ношукрлик қилиб қўйишдан қўрқаяпман!
Собит ибн Қайс хотинига маҳр ўлароқ боғ берган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлдан сўрадилар:
- Собитга боғини қайтариб берасанми?
Аёл деди:
- Албатта!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Собитни чақиртириб унга дедилар:
- Бундан боғингни қайтариб ол ва бир талоқ қўй!

Ислом шариати турмуш бозордан бир нарса сотиб олишга ўхшаб қолмаслиги учун бўлажак эр-хотинга бир-бирини кўришига рухсат беради. Оила қуришдан мақсад зинодан сақланиш, наслни давом эттириш, мусулмон оиласига асос солишдир. Акс ҳолда оила эр-хотин бир-биридан нафратланадиган уруш ўчоғига, жанг майдонига айланиб қолиши ҳам ҳеч нарса эмас.
Йигит ўзига ёқадиган қизни танлаш ҳуқуқига эга бўлганидек, қизлар ҳам ўзларига маъқул келадиган йигитни танлашга ҳақлари бор. Никоҳ тузилса унинг пойдевори уйни, оилани муҳофаза қилиш бўлади.
Талоқ гарчи ҳалол иш бўлсада, аммо у жамиятни емиради, оилаларни барбод қилади, инсонларга талофот етказади.

Шу муносабат билан яна бир мухим нарсани айтиб ўтсам. Шунақа йигитларни кўрдим, қизни гўзаллигини кўриб уйланган. Аммо бироз вақт ўтиб аёл зотини кўрарга кўзи бўлмай қолган.
Шунақа қизларни кўрдим, йигитнинг хушбичимлигини кўриб унга турмушга чиққан. Аммо бироз вақт ўтиб эркак зотидан жирканадиган холга келган.
Ҳамманинг гўзал ва чиройли инсон билан турмуш қуришга ҳаққи бор. Аммо менга ишонинг, бу ҳамма нарсани ҳал қилиб бера олмайди. Диёнатига эътиборлироқ бўлинг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЖУДА МУҲИМ!
Абу Бакра(Абу Бакр эмас) розиёллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида намоз ўқиш учун масжидга келди. Келганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ ҳолатидан кўтарилаётган эдилар. Абу Бакра масжидга кирибоқ сафга қўшилмасдан , рукуъга етиш учун орқароқда туриб иқтидо қилиб қўя қолди. Намоз тугагач Абу Бакра розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб воқеани айтиб берди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
" Аллоҳ (ибодатга бўлган) ҳирсингни зиёда қилсин. Қайтиб бундай қилма!".
Насиҳатдаги одобга боқинг. У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга "сафда турмасдан рукуъ қилишинг жоиз эмас эди", демадилар.
"Сен шошқалоқсан эй Абу Бакра", демадилар.
Ийжобий гап билан бошладилар: "Аллоҳ (ибодатга бўлган) ҳирсингни зиёда қилсин!".
Яъни, Абу Бакранинг аввал рукуъга етиб олишга бўлган ҳирсини мақтадилар. Сўнг тўғри йўлни ўргатиб қўйдилар.
Инсон аввал мақтовни қабул қилса, сўнг танқидни қабул қилишга очиқ қалб билан тайёр бўлади. Инсонлар билан муомалада бу жуда муҳимдир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ҲАММАНГИЗГА!
Бир саҳобий ўғилчасини жуда ҳам яхши кўрар эди. У Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларига кўпинча ўғилчаси билан келар эди.
Кунлар ўтиб ўша саҳобий Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мажлисларига келмай қўйди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни суриштирдилар. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга унинг ўғилчаси вафот қилганини айтишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам у билан учрашиб таъзия билдириб дедилар:
-Ўғлинг тирилишини ва у билан қолган умрингда роҳатланиб яшашни истайсанми ёки у сендан олдин бориб, сенинг учун жаннат эшигини очиб кутиб олишини хоҳлайсанми?
Саҳоба деди:
-Мендан олдин бориб жаннат эшигини очиб мени кутиб олишини хоҳлайман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Шундай бўлади!
Шунда бир киши сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Бу нарса унинг ўзига хосми ёки ҳаммамизгами?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Ҳаммангизга!

Арабларнинг бир ажойиб жумласи бор: “Яқинларни йўқотиш ғурбатдир!”.
Ўғилчангиз уйингизни тўлдириб ўйнаб юради. Сўнгра уни йўқотасиз. Бунақанги оғриқ бўлмаса керак!
Қизчангизни қалбингиздан яхши кўрасиз. Сўнгра уни йўқотиб қўясиз. Бундан аламли иш бўлмаса керак!
Онангиз устингиздан меҳр ёмғирини ёғдириб туради. Сўнгра бирдан ёмғир тўхтайди. Бундан даҳшати бўлмаса керак!
Отангиз бир умр сизни суяйди, қўллаб-қувватлайди. Сўнгра ўтиб кетиб қолади. Бу не йўқотиш!
Юракдан яхши кўрадиган кишингиз бўлади. Сўнгра ўртангизда айрилиқ воқе бўлади. Бу не ғурбат!

Аммо унутмайлик, бу дунё ўзи айрилиқ ва йўқотиш дунёсидир. Бунда кўзёш бор, ҳасрат бор, имтиҳон бор. Қадардан аччиқланишдан эҳтиёт бўлинг. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Уни жаннат эшигининг олдида топасан. У сени эшикни очиб кутиб олади!”, деган гаплари билан юпанинг, овунинг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ИЧИМИЗДАН КЎРАДИ!
Маккалик бир киши Умму Қайс исмли бир аёлни яхши кўриб қолиб унга совчи қўйди. Умму Қайс муслима эди. У Мадинага ҳижрат қилди. Совчи юборган кишига агар Мадинага ҳижрат қилса турмушга чиқишини шарт қилди. Совчи қўйган эркак фақатгина Умму Қайсга эришиш учун ҳижрат қилди. Мадина аҳли уни Умму Қайснинг муҳожири деб аташар эди. Мана шу ҳадис Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: "Амаллар ниятларга боғлиқдир..!", деб бошланадиган ҳадисларининг айтилишига сабаб бўлган.

Гоҳида амаллар ўхшаш бўлиши мумкин. Аммо ниятлар ораси ер ва осмонча узоқ бўлади. Юсуф алайҳис салом ва Зулайхо эшик томон югуришди. Уларнинг бири маъсиятдан қочаётган эди, бошқаси эса маъсиятнинг ортидан югурар эди. Аммо амал бир хил эди.
Бир қиз Аллоҳ учун ҳижобга киради. Бошқаси эса турмушга чиқиш учун.
Бир йигит Аллоҳ учун масжидга боради. Бошқаси эса ўзгалар кўриши учун.
Бир киши Аллоҳ учун бир беморни кўргани боради. Бошқаси эса қандайдир дунёвий мақсадни кўзлаб беморнинг зиёратига боради.
Ҳатто фаришталар ҳам ниятларни кўра олишмайди. Фақатгина Аллоҳ таоло бизни ичимиздан ҳам кўра олади ва ниятимизга яраша тақдим қилади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

СУБҲАНАЛЛОҲ, ТОҚАТИНГ ЕТМАЙДИ!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада бемор бўлиб жисми заифлашиб, озғин бўлиб қолган бир кишини кўргани бордилар. Кўрган киши уни куни битган деб ўйлар эди.
Унинг аҳволи Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва салламнинг эътиборларини тортди. Ундан сўрадилар:
- Бирор нарса деб дуо қилганмидинг?
У деди:
- Ҳа. Мен:"Аллоҳим! Охиратда берадиган азобингни шу дунёда бергин", деб дуо қилган эдим!
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам:
- Субҳаналлоҳ! Бунга тоқатинг етмайди-ку! Нега: "Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни бергин, охиратда ҳам яхшиликни бергин", деб сўрамадинг, дедилар.
У киши ушбу дуони ўқиган эди Аллоҳ унга шифо берди!

Инсоннинг қадари тилига боғлангандир. Баъзилар ёмон дуо қилади. Бу киши икки дунёда ҳам офият сўраш ўрнига дунёда азоб сўрамоқда. Иккисида ҳам офият сўраса унга зарар етмас эди.
Бола бемор бўлади. Онаси: "Эй Роббим! Менинг саломатлигимни унга бергин!", дейди. Гўё Аллоҳнинг офият хазинаси тугаб қоладигандек, субҳаналлоҳ!
Болангизга ҳам, ўзингизга ҳам офият сўрасангиз нима бўлади?!
Фарзандингиз идишни синдирса уни қарғайсиз. Болалар тўполон қилса уларни қарғайсиз.
Оғиздан чиқадиган бу каби сўзлар худди дайди ўққа ўхшайди. Кимгадир бехосдан тегиб кетиши мумкин.
Аллоҳ раҳм қилгурлар! Тилингизни тийинг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Бирор киши сизга "сиз мани акамсиз" деса аввал унинг Қобил эмаслигини аниқлаб олинг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ОТАСИ ЯХШИ АХЛОҚҚА ЧАҚИРАР ЭДИ!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни Той қабиласининг асир аёлларидан бири тўхтатиб деди:
- Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
- Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик!
Сўнгра саҳобаларга қараб:
- Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди!, дедилар.

Динингиз фақатгина масжидда кўринмасин. У тижоратингизда, мансабингизда ҳам кўринсин.
Динингиз фақатгина рўзада эмас, ота-онангизга яхшилик қилишда ҳам кўринсин.
Динингиз фақатгина ҳажда эмас, қўшниларингизга нисбатан ахлоқингизда ҳам кўринсин.
Динингиз фақатгина оғзингиздаги мисвокингизда эмас, аҳлингизга қиладиган муомалангизда ҳам кўринсин.
Сизнинг ҳақиқий ахлоқингиз бошлиғингиз билан қиладиган муомалангизда эмас, оддий ишчилар билан қиладиган муомалангизда кўринади.

Тўғри, инсон кофир бўлар экан, унга барча ахлоқлари ҳам ёрдам бера олмайди. Аммо ахлоқсиз иймон ҳам чўлоқ иймондир.
Аёлни қаттиққўллик билан бўйсундириш мумкин дейдиганлар хато қилишади. Аёлни фақатгина муҳаббат тарбиялаши мумкин. Унга фақат қалби орқали эга чиқилади!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

БИР-У БИР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир сафарларида Оиша розияллоҳу анҳони бирга олиб чиқдилар. Саҳрода кетаётиб қўшинни йўлда давом этишга амр қилдилар. Ўзлари Оиша розияллоҳу анҳо билан қўшиндан кейинроққа қолиб дедилар:
-Кел, мусобақа ўйнаймиз!
Оиша розияллоҳу анҳонинг ўшанда ёши кичик, вазни енгил эди. Мусобақада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни енгди.
Сўнгра замон айланди. Оиша розияллоҳу анҳо улғайди, вазни ошди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
-Кел, мусобақа ўйнаймиз!
Улар югуришди. Мусобақада Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ғолиб бўлдилар. Сўнгра табассум қилиб дедилар:
-Ўша билан бир-у бир!

Қанчалар банд бўлманг, муҳаббат учун вақт топса бўлади. Эътибор берсангиз Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам қўшинга бош бўлиб ғазотга чиққанлар. Йўлда хотинлари билан мусобақа қилаяптилар...
Ишингиз кўплигини, машғуллигингизни баҳона қилиб хотинингизни эътиборсиз қолдирманг.
Уй ишлари билан банд эканлигингизни рўкач қилиб эрингизга беэътибор бўлманг.
Эътибор йўқолса, муҳаббат ўлса ҳаётнинг аҳамияти қоладими?!
Муҳаббатнинг ўрнига пул бўлса пулнинг қиймати қоладими?!
Агар хонадон ҳаётсиз мақбара каби бўлса унинг ҳашаматининг қиймати бўладими?!
Йўлдан ўтишнинг энг осон йўли муҳаббатдир. Чалғиманг!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

БИРОР НАРСАНГ БОРМИ?
Бир куни Абу Талҳа розияллоҳу анҳу хотини Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг олдига кириб деди:
-Бугун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирган эдим. Овозлари жуда ҳам заиф эшитилди. Очликларини билдим. Бирор нарсанг борми?
Умму Сулайм “бор” деди ва уч кишига етар-етмас арпа нон олиб чиқди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Анас ибн Моликни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни чиқириб келиш учун юборди. Анас масжидга борганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча одамлар билан ўтирган эканлар. Анасни кўриб дедилар:
-Сени Абу Талҳа юбордими?
-Ҳа!
-Овқат учунми?
-Ҳа!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам атрофларидаги инсонларга “юринглар!”, дедилар. Улар Абу Талҳанинг уйига етиб келишганда Абу Талҳа уларнинг кўплигидан ҳайрон қолди ва хотинига деди:
-Эй Умму Сулайм! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам кўпчилик одам билан келдилар. Бизда эса уларни овқатлантирадиган овқат оз!
Умму Сулайм деди:
-Аллоҳ ва Расули албатта билувчироқдир!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари кириб нонни олдилар ва майдалаб идишга солдилар. Сўнгра устига шўрвани қуйиб барака тилаб дуо қилдилар. Абу Талҳага ўнта одамни олиб киришини айтдилар. Ўнта одам кириб еб тўйиб чиқиб кетди. Сўнгра яна ўнта одамни олиб киришини айтдилар. Улар ҳам кириб тўйиб чиқиб кетишди. Хуллас, етмишта инсон кириб овқатдан еб тўйиб чиқиб кетишди. Овқат эса ўз ҳолида қолди!

Саҳобаларнинг Набий аллоллоҳу алайҳи ва салламни севишларига боқинг. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу у зотнинг очликларини овозларидан билаяпти. Сўнгра дарров уйига бориб овқат қидирмоқда!
Буюклар мана шунақа зийрак бўлишади. Инсонларнинг ташвиши борлигини майда ишоралардан ҳам билишади. Уларнинг ҳожатини раво қилишга шошилишади. Обрўларини сақлашади. Сўрашдан қутқаришади!
Зийрак бўлинг. Дўстингизнинг уйини зиёрат қилишингиз дўстингиз очмаган сирларни сизга очиши мумкин. Доимий одатини тарк қилиши ундаги қийинчиликни сизга билдириши мумкин. Баъзи инсонлар дардларини бировга айтишмайди. Киноя ва ишора қилишлари мумкин.

Бир аёл амирнинг ҳузурига кириб деди:
-Уйимизда сичқон камайиб кетди!
Амир деди:
-Киноянг бунча гўзал!
Сўнгра унга етарли нарсаларни бериб юборди!

Зийрак инсонларга Аллоҳ раҳм қилсин! Инсонларнинг дардини киноядан англаб оладиганларга Аллоҳ раҳм қилсин!
Таом оз эди. Сўнгра Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қўллари ва дуолари билан унга барака кирди. Ҳамма тўйгунича еди. Барака ёғилган оз нарса баракасиз кўп нарсадан яхшироқдир.
Маошингиз оз бўлса маҳзун бўлманг. Ундаги баракани ҳис қилишга ҳаракат қилинг. Бир ой ўтсада уйингизда бемор бўлмаса шу баракадир. Бир ой ўтсада бировдан қарзингиз бўлмаса шу баракадир. Атрофингизда болаларингиз сизга яхшилик қилишда мусобақа қилишса шу баракадир. Хотинингиз сизни рози қилишга ҳаракат қилса шу баракадир!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дер эди:
“Мен Аллоҳдан ризқимни кўпайтиришини сўрамайман. Чунки буни тақсимлашдан фориғ бўлинган. Аммо ризқимга Аллоҳдан барака сўрайман!”.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АЙТМАГАНИМНИ СЎРАМАНГ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам кишиларга хутба қилиб туриб дедилар:
"Эй инсонлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳаж қилишни фарз қилди. Ҳаж қилинглар!".
Шунда бир киши сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳар йилими?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам жим бўлиб қолдилар. Халиги киши уч марта саволини такрорлади. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ҳозир сенга "ҳа" десам бу вожиб бўлиб қолади. Қодир бўлганингизда қилинглар! Айтмаган нарсамни мендан сўраманглар. Сизлардан олдингилар Пайғамбарларига кўп савол бериш ва улар билан ихтилоф қилишлари туфайли ҳалок бўлишди. Сизни бир нарсага буюрсам уни қодир бўлсангиз бажаринг. Агар бир нарсадан қайтарсам қайтинг!".

Бефойда нарсаларга шўнғийдиган кишига аъробийни солиштирсак, аъробийнинг иши бирмунча енгилроқдир.
Кимдир Иблиснинг хотинининг исмига қизиқади. Кимдир Юнус алайҳис саломни ютиб юборган китнинг навига қизиқади. Яна кимдир Ғор соҳибларига ҳамроҳ бўлган итнинг турига қизиқади. Яна кимдир Иброҳим алайҳис саломни куйдирмоқчи бўлган оловнинг ўтини қанақа дарахтдан бўлганлиги ёки Мусо алайҳис саломнинг асоси қанақа дарахтдан бўлганлиги ҳақида сўраса ҳеч ажабланмайман.
Бунақалар мўъжизадаги энг муҳим нарсани унутишади. Бу муҳим нарса ибратдир!
Бунақалар ёнғоқнинг мағзи қолиб пўчоғига қизиқадиган кишига ўхшашади. Хаёлида Мусо алайҳис саломнинг асосини топиб олса-ю қайсидир денгизни иккига бўлса!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ТАВОЗУ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади:
"Биз Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бир нарса сўрашдан қайтарилдик. Саҳродан бир ақлли инсон келиб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бирор-бир савол сўрашини, биз уни эшитишни орзу қилар эдик.
Бир куни биз Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирганимизда бир аъробий келиб деди:
- Қайси бирингиз Муҳаммад?
Биз унга дедик:
- Анави оқ танли, ёнбошлаб ётган киши!".

Бу тавозунинг энг ёрқин суратидир. Подшоҳлар кўриниши, ҳукмдорлар ҳайъати ва катталигидан асар ҳам йўқ.
Бегона бир киши у зотни саҳобалар ичида танимаяпти. Улар ишора қилгандан сўнггина танимоқда.
Чиройли кўриниш матлуб ишдир. Кишининг оддий кийиниши, эски жандаларни кийиб юриши тавозу эмас.
Тартиб яхши нарса. Беадаблик ва густоҳлик эса тавозу эмас.
Тавозу бу Аллоҳ берган неъматлар ила Аллоҳнинг бандаларига қўполлик ва катталик қилмасликдир!
Қолаверса тавозу қалбда бўлади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АЖРАЛИБ ТУРИНГ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан кетаётган эдилар. Бир аъробий келиб ридоларидан қаттиқ тортди ва деди:
- Эй Муҳаммад! Ўзингдаги Аллоҳнинг молидан менга ҳам бер!
Аъробий ридони тортганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ридолари йиртилиб бўйинлари қизариб қолди. Унга кулиб қарадиларда саҳобаларни унга мол беришга амр қилдилар.

Инсонларнинг ақли, табиати, шароити, истаклари ва мақсадлари ҳар-хил бўлади.
Ҳаётда гапини ўйламасдан гапирадиганларга ҳам, сурбетларча муомала қиладиганларга ҳам рўбарў келасиз. Унақаларнинг муаммоси сизда эмас, ўзида.
Баъзилар арзимас ишларга ҳам ғазабланаверади. Бу сизнинг ҳақиқатингиз эмас, унинг табиати.
Баъзиларда илтифот етишмайди. Ишни шахсийлаштириб юборманг.
Баъзиларда тарбия етишмайди. Ўзингизга олаверманг.
Бу ҳаёт баъзи ишлардан кўз юмиш, баъзиларини билмасликка олиш билан тотли бўлади.
Одамлардан доим ҳам ўзингиз қилган муомалани кутаверманг.
Одамларга улар сизга қилган ёмон муомалани қилманг. Акс ҳолда улардан фарқингиз қолмайди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ИККИТА БЎЛСА ҲАМ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аёл келиб сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Эркаклар гапларингизни эшитишаяпти. Бизларга ҳам бирор кунни ажратинг. Ўша кунда бизга Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан ўргатинг!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Фалон куни фалон жойда жамланинглар!
Улар жамланишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга илм ўргатдилар, ваъз қилдилар. Сўнгра шундай дедилар:
-Сизлардан қайси бирингизнинг учта боласи ўзидан илгари вафот қилса, ўша болалар унга дўзахдан парда бўлади!
Яъни, қайси бир аёлнинг учта боласи ҳаётлик даврида ўзидан олдин вафот қилса, у аёл сабр қилиб Аллоҳдан савоб умид қилса Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилар экан!
Шунда бир аёл туриб сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Иккита бўлсачи?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Иккита бўлса ҳам!

Бу ҳадисдан иккита муҳим дарс олсак бўлади:
Биринчиси:
Аввалги муслималалар илм олишга ҳарис бўлишган экан. Юқоридаги аёл Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан аёллар учун хос мажлис қилиб таълим беришларини талаб қилмоқда. Зеро аёл кишини уй ишлари билан шуғулланиши унинг динда фақиҳ бўлишига халал бермайди.
Бу уммат ўнлаб фақиҳа олималарни кўрди. Ибрат учун бир нечтасини санаб ўтамиз:
1. Зайнаб бинт Аҳмад. Бу аёл Ҳанафий фиқҳида кўзга кўринган олималардан бўлган. Ибн Холдун мана шу аёлдан дарс олган!
2. Карима ал-Марвазийя. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳ”ини жуда яхши билар, унда мутахассис эди. Масжидул Ҳаромда унинг мажлисида жуда кўп олимлар ҳозир бўлишар эди. Хатиб Бағдодий ана шулардан биридир!
3. Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг устозалари Наъма бинт Али ва Карима Абдулваҳҳоб Қурашийя!
4. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳнинг набираси Фотима бинт Абул Қосимдан ҳадислар ривоят қилган.
5. Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ учта аёлдан ҳадис эшитганини зикр қилади, ва уларнинг санадини келтиради.
Аёл киши истаса аёллигига ҳам, динига ҳам эътибор бера олади. У бир вақтнинг ўзида она ва тажвидни пухта эгаллаган қуръон ҳофизаси бўлиши мумкин.
Динни ўрганинг азиз сингилларим!

Иккинчиси:
Бу дунё машаққат, қайғу, йўқотиш дунёсидир. Ҳар-биримиз қайсидир яқинини қабрга қўйган. Куни келиб бизни ҳам яқинларимиз қабрга қўйишади. Аллоҳнинг қадаридан ғазабланиш воқеликни заррача ўзгартира олмайди. Аксинча, маҳзунликни зиёда қилади, динни бузади ва ажрдан маҳрум қилади.
Эй қизларидан айрилиб қолган оталар!
Эй ота-онасидан ажралиб қолган фарзандлар!
Бардошли бўлинглар. Ана шунда Аллоҳ сизга сабр беради!
Тўғри, яқинларини йўқотиш ёмон. Ўлим аламли эканлиги рост. Аммо мусулмон инсон Аллоҳнинг ҳар-бир қадаридан рози бўлишга амр қилинган.
Ҳар қандай йўқотишингизга Наби саллоллоҳу алайҳи ва салламни йўқотганингизни эслаб тасалли топинг. Ҳар қандай ноёблик у зотнинг олдиларида арзимас бўлиб қолади!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

СЎНГРА...
Имодуддин Занкийни суюқасд қилиб ўлдиришди.
Сўнгра унинг ўғли Нуриддин Занкий ўлди.
Сўнгра Шомдаги давлатчалар Салоҳиддин Айюбийга қарши тил бириктиришди. Салоҳиддин бир неча марта суюқасдлардан қутилиб қолди.
Сўнгра нима бўлди?!
Қуддус озод қилинди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…
Подписаться на канал