abdulqodir_polvonov | Неотсортированное

Telegram-канал abdulqodir_polvonov - Abdulqodir Samarqandiy

8098

Ўзингизга ёққан ҳикматни бошқаларга ҳам улашинг!

Подписаться на канал

Abdulqodir Samarqandiy

СЕНГА ҲАМ ОЛИ ДОВУДГА БЕРИЛГАН ЯХШИ ОВОЗ БЕРИЛГАН!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир кеча Мадинани айланиб юрган эдилар. Кетаётиб Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг уйида қуръон ўқиётганини эшитиб қолдилар. Унинг овози Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга жуда ҳам ёқди. Абу Мусо қироатни тугатиб бўлгач, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам йўлларида давом этдилар.
Эртаси куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Мусо Ашъарийни кўриб дедилар:
-Кеча кечқурун сени тинглаб ўтирганимни кўрсанг эди! Сенга Оли Довудга берилган яхши овоз берилибди!

Ўзгаларнинг қобилиятини мақташ ва тан олиш Анбиёлар хулқидан. Мусо алайҳис салом ҳам укаси Ҳорун алайҳис салом ҳақида Аллоҳ таолога: “Биродарим Ҳоруннинг тили меникидан фасоҳатлироқдир!”, деган эди.
Ўзгаларнинг фазилатини инкор қилиш ва тан олмаслик Иблиснинг хулқидандир. Иблис Одам алайҳис салом ҳақида Аллоҳ таолога: “Мен ундан яхшироқман!”, деган эди.
Ишни гўзал ва мукаммал тарзда бажарган ҳамкасбингизни мақтанг, эътироф қилинг.
Уй эгасига уйи чиройли ва саранжомлигини айтиб мақтанг. Унга барака сўраб дуо қилинг.
Яхши бир фикр чиқиб қолса уни қувватланг. Гўзал услубни кўриб қолсангиз уни олқишланг.
Ўзгалар сиздан ўзиб кетганида ўзингизда қандайдир бир нафрат ҳис қилмасангиз демак қалби салим инсонсиз!
Инсонларнинг муваффақияти ва ютуқлари сизга ожизлигингизни англатаверса ўзингизга қайтинг. Қалбингизни текшириб кўринг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

МЕНГА УНИНГ ҚАБРИНИ КЎРСАТИНГЛАР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида бир қора хотин масжидни супуриб тозалаб юрар эди. Шу аёл вафот қилди. Саҳобалар буни кўп эътиборли иш ҳисобламасдан ўзлари дафн қилишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга айтишмади.
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам у аёл ҳақида суриштирдилар. Саҳобалар унинг вафот қилганини айтишди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Менга айтсангиз бўлмасмиди?! Менга унинг қабрини кўрсатинглар!”.
Саҳобалар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга унинг қабрини кўрсатишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга жаноза ўқидилар!

Баъзи кишилардаги айб шундаки, улар ўлимни мулозаматга кирадиган одатлардан бири деб ўйлашади. Қандайдир обрўлироқ кишининг яқини вафот қилса унинг жанозасига ҳамма келади. Оддий бир бечора мискин вафот қилса унинг жанозасига жуда ҳам оз инсон келади.
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Уюнул ахбор” китобида келтиради:
“Катта бир қозининг ходимаси вафот қилди. Жанозага савдогарлар, аъёнлар, шаҳарнинг обрўли кишилари келиб қозига таъзия билдиришди. Қозининг ўзи вафот қилганида улардан ҳеч бири келмади. Улар янги қозининг янги мансаби билан қутлагани кетишган эди!”.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ХОЛИС БЎЛГАНИ!
Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Бир киши савобни ва одамлар эслашини истаб ғазот қилади. Унг бирор нарса борми?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Унга ҳеч нарса йўқ!
Ҳалиги киши саволини такрорлай бошлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам жавобни такрорладилар. Сўнгра унга дедилар:
-Аллоҳ таоло фақатгина Ўзи учун холис бўлган ва фақатгина Унинг розилиги учун бўлган амалнигина қабул қилади!

Ниятнинг муҳимлигини қаранг! У бузилса амаллар ҳам барбод бўлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам энг аввал сўроқ қилиниб дўзахга улоқтириладиган кишилар уч тоифа эканлигини айтганларида қанчалар қўрққанмиз. Биринчиси садақа берувчи бой. Иккинчиси Қуръон тиловат қилиб уни ўзгаларга ҳам ўргатувчи олим. Учинчиси эса шаҳид!
Буларнинг бари аслида одамларнинг мақтови учун амал қилишар эди.
Демак, йўналишингиз Аллоҳ таоло бўлмас экан, сиз қурган ҳар қандай бино харобдир. Агар мақсадингиз Аллоҳ эмас экан, қилган ҳаракатларингиз тўзондир. Матлабингиз Аллоҳ эмас экан, юрган йўлларингиз зоедир. Амал қилиб чарчаганингиз қолади. Савоб қўлдан кетади.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг қўрқинчли бир гапи бор:
“Агар ихлосинг бўлмаса ўзингни чарчатиб ўтирма!”.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ТАВАККУЛ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобаларга дедилар:
"Агар сиз Аллоҳга ҳақиқий таваккул қилганингизда эди У сизни худди қушларни ризқлантиргани каби ризқлантирар эди. Қушлар эрталаб инидан қорни бўш ҳолда чиқиб кетади, кечқурун эса қорни тўлиб қайтиб келади!".

Сабабларни тутиш таваккулга ҳеч зид эмас. Балки сабабларни тутиш таваккулнинг энг баланд чўққисидир.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам кишилар ичида энг таваккули кучлиси эдилар. Шу билан бирга сабабларни энг кўп тутадиган киши ҳам эдилар. Чунки у зот коинотнинг ўз қонун ва қоидалари борлигини билар эдилар. Ҳижрат куни ўзлари билан бирга йўл кўрсатувчи хам олган эдилар. "Мен Пайғамбарман, ҳар қанақа шароитда ҳам Мадинага етиб оламан" демадилар.
Уҳуд кунида бир эмас, икки қават совут кийдилар. "Умрлар Аллоҳнинг қўлида, сувутнинг қўлидан нима келади?!", демадилар.
Сабабларни тутиш билан биз Аллоҳга ибодат қилган бўламиз. Аммо бутун ишончимизни сабабларга топширмаймиз.
Аллоҳнинг шифо берувчи деб ишонамиз. Аммо бемор бўлганда шифокорга бормасликни аҳмоқлик деб биламиз.
Аллоҳни ризқ берувчи деб биламиз. Аммо ишламасликни, ҳаракат қилмасликни аҳмоқлик деб биламиз.
Аллоҳга бўлган таваккулни қуйидаги мисол билан тушунтирамиз:
Деҳқон ерни ҳайдайди, уруғни экади, суғоради, ўғит беради. Сўнгра уни ўстиришини Аллоҳдан сўрайди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЯҚИНДА...
Яқинда ичимиздан янги яҳудийлар чиқади. Аниқроғи биз "ёлланма сионистлар" деб номлайдиган мусулмон сионистлари чиқади. Улар сиз билан хуфтонни масжиднинг биринчи сафида ўқишади. Аммо яҳудий сионистлари вазифасини бажариб, ролларини адо қилишади.
Бундан кейин шундай босқичга етиб борамизки, бунда араб-мусулмон инсон ёлланма сионистга айланиб бўлган бўлади. Булар энди Исроил ҳарбий қўмондони ва яҳудий савдогари қиладиган ишни ўзлари қилишади!

Абдулваҳҳоб Масирий роҳимаҳуллоҳ

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ҚЎРҚМАНГ!
Ҳар-бир қилган амалингизни ҳужжатлаштириб қўйишингиз шарт эмас. Бунинг учун масъул фаришталар бор. Дамингизни олаверинг!
Аллоҳ таолога энг мақбул амал махфий амалдир. Олдингилар яхшиликларини ҳам худди ёмонликларини яширгандек яширишар эди.
Ҳорун ар-Рашиднинг қўшинида йигирма минг аскар ўз номини девонга ёздирмас, маош олмас эди. Кишилар уларни билмаслигини мақсад қилишган эди.
Аллоҳ таоло қуръони каримда йигирма бештагина пайғамбарни зикр қилган. Ҳолбуки бир неча юз минг пайғамбар ўтган. Уларни зикр қилинмаган. Аммо бу нарса уларнинг пайғамбар эканлигига халақит бермайди.
Номингиз катта давраларда эсланмасада, хотиржам бўлинг. Аллоҳ сизни танийди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Ғазодаги уруш бизга иккита нарсани кашф қилди:
1. Саҳобаларнинг насли ҳали бор экан.
2. Ибн Салулнинг ҳам насли ҳали бор экан.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЭСТАФЕТА
"Агар Зайд ўлдирилса Жаъфар қўмондон бўлсин. Агар Жаъфар ўлдирилса Абдуллоҳ ибн Равоҳа қўмондон бўлсин...!".

Улар шундай эдилар. Уммат ҳар асрда шундай бўлади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Исмоил Ҳанияга шаҳидлик муборак бўлсин!
Мусулмонларга эса таъзиямни изҳор қиламан. Биз Аллоҳникимиз ва биз албатта Аллоҳга қайтамиз!
Маҳзунмиз, кўзларимиз ёшлиғ...!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Бу ҳам ёлғон...
Мана шунақа суратлар ҳозир жуда кўпайиб кетди ижтимоий тармоқларда. Бу бориб турган ёлғон. Ёлғон фақат сўзда бўлмайди...
Бир қора танли оддий ишчи бир қорининг гўзал қироатига оғзини қимирлатиб тургани видео қилиб тарқатилмоқда. Бу ҳам ёлғон ...
Хуллас буларни тарқатиш, кишиларни алдаш ҳисобланади!
Аллоҳ сақласин!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

КИЙИМИНГ БИЛАН БЕРКИТГАНИНГДА СЕН УЧУН ЯХШИ ЭДИ!
Моиз розияллоҳу анҳу зино қилиб қўйиб дўсти Ҳузол Асламийга қилган ишини айтиб маслаҳат сўради. Ҳузол унга ваъз қилмади, уни тавбага чақирмади. Унга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб қилган ишини айтишини маслаҳат берди.
Моиз бориб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга зино қилганини айтди.
Жиноятлар бошлиқ ёки ҳукуматга етиб борса авф соқит бўлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни тошбўрон қилишга амр қилдилар.
Кейинчалик Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳузолни кўриб шундай деган эдилар:
"Уни кийиминг билан яширганингда сен учун яхшироқ бўлар эди!".

Гуноҳларингизни фахр қилиб ҳам, шикоят қилиб ҳам бировга айтманг.
Гуноҳ билан фахрланиш мужоҳирликдир. Мужоҳир эса кечирилмайди.
Шикоят қилиш сатрга хилофдир. Аллоҳ Саттордир. Сатрни яхши кўради.
Одамлар айблайди ва шарманда қилади. Аллоҳ таоло эса яширади, мағфират қилади.
Осий инсонга тавба ҳақида гапиринг. Унга Аллоҳнинг раҳматини эслатинг. Уларни кийимингиз билан бўлсада яширинг. Уларнинг устидан кулманг.
Ҳаммамиз гуноҳкормиз. Фарқимиз сатрда холос!

Одамларнинг айбини қидирманг. Акс ҳолда Аллоҳ таоло ҳам сизнинг айбингизни қидиради ва уйингиз ичида бўлсангизда шарманда қилади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЎРТАДА ШУБҲАЛИ ИШЛАР БОР!
Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у дейди:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим:
“Ҳалол очиқ-равшандир. Ҳаром ҳам очиқ-равшандир. Улар ўртасида шубҳали нарсалар бор. Кўп инсонлар буларни билмайди. Ким шубҳалардан ўзини сақласа дини ва обрўсини пок сақлабди. Шубҳаларга ўтган киши худди қўриқхона атрофида чорвасини боқаётган кишига ўхшайди. Унда қўриқхонага ўтиб кетиш хавфи бўлади. Огоҳ бўлингки, ҳар-бир подшоҳнинг кириш ман этилган қўриқхонаси бўлади. Аллоҳнинг қўриқхонаси эса ҳаром қилган нарсаларидир. Огоҳ бўлингки, ҳар-бир танада бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса тананинг барчаси ислоҳ бўлади. Агар у бузилса тананинг барчаси бузилади. Огоҳ бўлингки, ўша бир парча гўшт қалбдир!”.

Бу ҳалол ва ҳаром орасидаги масофадир. Уни тарк қилиш учун вараъ(парҳез)га муҳтож бўламиз. Вараъга қуйидагича таъриф берилган: “Вараъ ҳаромга тушиб қолишдан қўрқиб ҳалолдан ҳам сақланишдир!”.
Саъд ибн Аби Ваққос ва Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Набий саллоллоҳу аалайҳи ва саллам дедилар:
“Мен учун илмнинг фазилати ибодатнинг фазилатидан афзалдир. Динингизнинг яхшиси вараъдир!”.

Олдингилар қилган вараъ борасида ажойиб бир ҳикоя бор:
Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга Баҳрайндан мушк ва анбар келтирилди. Умар розияллоҳу анҳу уни тақсимлаш ҳақида ўйлаб хотинига деди:
-Буни мусулмонлар ўртасида тенг тақсимлашим учун бирор-бир аёл киши бўлса эди!
Хотини Отика деди:
-Мен яхши ўлчайман!
Умар розияллоҳу анҳу деди:
-Йўқ!
Отика сўради:
-Нега?
Умар розияллоҳу анҳу деди:
-Бармоғингга мушк тегишидан ва уни бўйнингга суртишингдан қўрқаман. Бу билан мусулмонларнинг ҳаққини еб қўйган бўламиз!

Халифа Умар ибн Абдулазизнинг асал егиси келди. Хотини Фотима бинт Абдулмалик бир кишини бир динор билан чопарликка оид омманинг туяси билан Баълабаккага асал келтиришга юборди. У киши асал олиб келди. Фотима эрига асални тақдим қилар экан деди:
-Асал егингиз келган эди, асал берайми?
-Майли!
Халифа асални ичганидан сўнг сўради:
-Буни қаердан келтирдинг?
Хотини деди:
-Бир кишини бир динор билан чопарлар туясида Баълабаккага юбордим. Олиб келди!
Умар ибн Абдулазиз деди:
-Мусулмонларнинг чопар туясини ўз ҳожатимизга ишлатишимиз дуруст эмас!
Умар шундай деб бир кишини чақирди ва унга асални бериб деди:
-Буни бозорга олиб бориб сот. Пулига биз туяни ишлатганимиз миқдорида туяга ем-ҳашак сотиб ол. Қолган пулни бизга келтир!

Мусулмонлар халифаси халқнинг умумий молини ўз ҳожатига ишлатишга ҳаққим йўқ демоқда. Олдингилар ана шунақа эди!

Аббос ибн Саҳм айтади:
“Бир солиҳа аёл хамир қилиб турганида унга эрининг вафот этганини айтиб хабар келтиришди. Аёл хамирдан қўлини суғуриб деди:
“Энди бу хамирга бизга шериклар бор!”.
Яъни, маййит қолдирган ҳамма нарса фақатгина хотининики эмас,
барча меросхўрларники бўлади. У шариатга кўра тақсимланиши керак. Аёлдаги вараъ шу даражага етибдики, мерос тақсимланишидан олдин ҳатто қилиб турган хамирини ҳам ейишни истамаяпти!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

БИР ОЯТ
فَأَقْبَلَتِ امْرَأَتُهُ فِي صَرَّةٍ فَصَكَّتْ وَجْهَهَا وَقَالَتْ عَجُوزٌ عَقِيمٌ

Зориёт сураси 29-оят

Яъни, "Хотини қичқириб келди ва ўз юзига шапалоқ тушириб: "Туғмас кампир-а?!" деди".

Оятда зикри келган аёл Иброҳим алайҳис саломнинг хотини Сорадир. Фаришталар унга кампир бўлганида Исҳоқ алайҳис саломнинг хушхабарини беришади. У даҳшатга тушиб юзига ура бошлайди.
Аслида аёллар ёшлигида фарзанд кўришади. Қариганда эса фарзанд кўришдан қолишади. Энди ёшлигида туғмас бўлган аёл қариганида туғмаслиги янада аниқроқ бўлади.

Эҳтимол ўзингизнинг аҳволингизга боқиб: " Эй Роббим! Орзуларим қачон амалга ошади?", деб умидсиз бўлаётган бўлсангиз керак!
Аммо ишонинг, Аллоҳ сизга бир нарсани тақдир қилса душманингизнинг елкасида ортиб бўлсада, етказади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ПАСТГА ҚАРАНГ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзгаларнинг қўлига қарайдиганларнинг, ўзгаларга берилган неъматларга боқадиганларнинг ўз қўлидаги неъматлардан фойдалана олмаслигини билар эдилар. Энг ёмон касаллик бу қалб касаллиги эди. Шунинг учун саҳобаларга шундай деган эдилар:
"Дунёда ўзингиздан пастга қаранглар. Ўзингиздан тепага қараманглар. Йўқса Аллоҳнинг неъматларига ношукр бўлиб қоласизлар!".

Қиммат машина минганларга қараманг, оёғи кесилганларга қаранг.
Баланд қасрларга қараманг, қочқинликда чодирларда яшаб юрганларга қаранг.
Дам олгани чет элга кетаётганларга қараманг, кимёвий муолажа олгани четга чиқаётганларга қаранг.
Баланд мансабдагиларга қараманг, ҳар ҳафта буйрагини ювдирадиганларга қаранг.

Биз инсонларнинг муаммомиз шундаки, кўзимиз бўш. Йўқ нарсалар учун алам чекамиз, борини эса шукрини унутамиз.
Ҳар бир инсонда етишмовчилик бор. Бу дунёнинг сифати ўзи нуқсондир. Биз фақат унинг бир юзини кўрамиз холос!
/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

НЕГА ЎЛИМНИ ЁМОН КЎРАМИЗ?
Халифа Сулаймон ибн Абдулмалик Шомдан Маккага келди. Йўлда Мадинаи мунавварага қўниб у ерда бир неча кун турди. Ёнидагилардан Мадинада саҳобаларни кўрган кишилардан кимдир қолганми, дея сўради. Унга саҳобаларни кўрган кишилардан Абу Ҳозим Салама ибн Динор қолганини, у саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Зубайр ва Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумолар билан учрашганини айтишди. Халифа уни чақиртириб одам юборди. Абу Ҳозим келгач унга деди:
-Эй Абу Ҳозим! Бу қанақанги бағритошлик?!
Абу Ҳозим сўради:
-Эй мўъминлар амири! Мендан қанақанги бағритошлик кўрдинг?
Халифа деди:
-Мени кўргани Мадинанинг ҳамма катталари келишди. Сен эса келмадинг!
Абу Ҳозим деди:
-Эй мўъминлар амири! Олдин мени кўрмаган эдинг-ку. Мен ҳам сени кўрмаган эдим. Ўртамизда қанақанги бағритошлик бўлиши мумкин?!
Халифа деди:
-Эй Абу Ҳозим! Биз нега ўлимни ёмон кўрамиз?
Абу Ҳозим деди:
-Чунки охиратингизни хароб қилиб дунёйингизни обод қилдингиз. Обод жойдан хароб жойга ўтишни ёқтирмайсиз!
Халифа сўради:
-Эй Абу Ҳозим! Эртага Аллоҳнинг олдига қандай борилади?
Абу Ҳозим деди:
-Яхшиликлар қилган киши худди узоқ сафардан сўнг оиласи бағрига қайтган кишидек боради. Ёмонликлар қилган киши эса худди хўжайинидан қочган қулдек боради!
Халифа деди:
-Эй Абу Ҳозим! Мен қаерда бўламан?
Абу Ҳозим деди:
-Ўзингни Аллоҳнинг китобига рўбарў қилиб кўр, ўрнингни биласан: “Албатта яхшилар жаннатдадир. Ва албатта фожирлар жаҳаннамдадирлар!”.
Халифа сўради:
-Эй Абу Ҳозим! Аллоҳнинг наздида энг мукаррам банда ким?
Абу Ҳозим деди:
-Мурувват ва ақл соҳиблари!
Халифа сўради:
-Қайси амал афзал?
Абу Ҳозим деди:
-Фарзларни адо қилиб ҳаромлардан сақланиш!
Халифа сўради:
-Қайси дуо эшитилади?
Абу Ҳозим деди:
-Муҳсиннинг Муҳсинга қилган дуоси!
Халифа сўради:
-Қайси садақа афзал?
Абу Ҳозим деди:
-Бечора, қийналган ва йўқсил тиланчига бериладиган миннат ва азиятсиз садақа!
Халифа сўради:
-Энг адолатли гап қайси?
Абу Ҳозим деди:
-Қўрқадиган ва умид қиладиган кишингга ҳақни гапиришинг!
Халифа сўради:
-Энг ақлли киши ким?
Абу Ҳозим деди:
-Аллоҳга итоат қилиб бошқаларни ҳам унга даъват қиладиган киши!
Халифа сўради:
-Энг аҳмоқ киши ким?
Абу Ҳозим деди:
-Золим дўстининг истаклари таъсирига тушиб қолган ва бошқанинг дунёси деб ўз охиратини сотиб юборган киши!
Халифа деди:
-Эй Абу Ҳозим! Сендек инсонлар қолмади!

Буюк бир қисса. Агар бундаги ҳар-бир жумлага тўхталсак бизга ҳатто битта китоб бера олмайдиган фойдани беради!
Аммо мунчоқдаги бир дона дурга тўхталамиз: “Ўлимни нега ёмон кўрамиз?!”.

Аслида ўлимни яхши кўрадиган инсон топилмайди. Мусулмон ҳам, фожир ҳам дунёни яхши кўради. Аммо ўлимни ёмон кўришнинг ҳам фарқи бор. Баъзилар ўлимни ҳавой-нафсига эргашгани, шаҳватга қул бўлгани, мол-дунё жамлагани, бандаларга зулм қилгани учун ёмон кўради.
Баъзилар эса Аллоҳдан қўрқади. Гуноҳларини эслаганда титрайди. Аллоҳга йўлиққанда мағфират қилмаслигидан хижолат бўлади. Аллоҳнинг раҳмати билан гуноҳларини солиштирганда эса гуноҳлари кўзига арзимас кўринади. Бундай инсон хавф ва ражо орасида қолаверади. Иймон мана шу!



/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ОТАСИ ЯХШИ АХЛОҚҚА ЧАҚИРАР ЭДИ!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам масжидга кираётганларида у зотни Той қабиласининг асир аёлларидан бири тўхтатиб деди:
- Эй Муҳаммад! Агар мумкин бўлса мени озод қилсанг. Араблар мендан кулишмаса яхши бўлар эди. Отам ўлди. Келиб-кетувчилар тўхтади. Менга илтифот қил, Аллоҳ ҳам сенга илтифот қилсин! Отам қавмининг саййиди эди. У қийналганларга ёрдам қилар, жиноят қилганларни авф қилар, қўшничиликни сақлар, шарафни ҳимоя қилар, фақирларни суяр, уларга таом берар, саломни тарқатар, юки оғирларнинг юкини кўтарар, тақдир зарбаларига учраганларга ёрдам берар эди. Ҳожатини сўраб келган бирор кишини ноумид қилган эмас. Мен Ҳотам Тоийнинг қизи Саффона бўламан!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам унга дедилар:
- Булар ҳақиқий мусулмоннинг сифатларидир. Агар отанг мусулмон бўлганида биз Аллоҳдан унга раҳм қилишини сўраган бўлар эдик!
Сўнгра саҳобаларга қараб:
- Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоққа даъват қилар эди!, дедилар.

Динингиз фақатгина масжидда кўринмасин. У тижоратингизда, мансабингизда ҳам кўринсин.
Динингиз фақатгина рўзада эмас, ота-онангизга яхшилик қилишда ҳам кўринсин.
Динингиз фақатгина ҳажда эмас, қўшниларингизга нисбатан ахлоқингизда ҳам кўринсин.
Динингиз фақатгина оғзингиздаги мисвокингизда эмас, аҳлингизга қиладиган муомалангизда ҳам кўринсин.
Сизнинг ҳақиқий ахлоқингиз бошлиғингиз билан қиладиган муомалангизда эмас, оддий ишчилар билан қиладиган муомалангизда кўринади.

Тўғри, инсон кофир бўлар экан, унга барча ахлоқлари ҳам ёрдам бера олмайди. Аммо ахлоқсиз иймон ҳам чўлоқ иймондир.
Аёлни қаттиққўллик билан бўйсундириш мумкин дейдиганлар хато қилишади. Аёлни фақатгина муҳаббат тарбиялаши мумкин. Унга фақат қалби орқали эга чиқилади!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

БИР-У БИР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир сафарларида Оиша розияллоҳу анҳони бирга олиб чиқдилар. Саҳрода кетаётиб қўшинни йўлда давом этишга амр қилдилар. Ўзлари Оиша розияллоҳу анҳо билан қўшиндан кейинроққа қолиб дедилар:
-Кел, мусобақа ўйнаймиз!
Оиша розияллоҳу анҳонинг ўшанда ёши кичик, вазни енгил эди. Мусобақада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни енгди.
Сўнгра замон айланди. Оиша розияллоҳу анҳо улғайди, вазни ошди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
-Кел, мусобақа ўйнаймиз!
Улар югуришди. Мусобақада Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ғолиб бўлдилар. Сўнгра табассум қилиб дедилар:
-Ўша билан бир-у бир!

Қанчалар банд бўлманг, муҳаббат учун вақт топса бўлади. Эътибор берсангиз Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам қўшинга бош бўлиб ғазотга чиққанлар. Йўлда хотинлари билан мусобақа қилаяптилар...
Ишингиз кўплигини, машғуллигингизни баҳона қилиб хотинингизни эътиборсиз қолдирманг.
Уй ишлари билан банд эканлигингизни рўкач қилиб эрингизга беэътибор бўлманг.
Эътибор йўқолса, муҳаббат ўлса ҳаётнинг аҳамияти қоладими?!
Муҳаббатнинг ўрнига пул бўлса пулнинг қиймати қоладими?!
Агар хонадон ҳаётсиз мақбара каби бўлса унинг ҳашаматининг қиймати бўладими?!
Йўлдан ўтишнинг энг осон йўли муҳаббатдир. Чалғиманг!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

БИРОР НАРСАНГ БОРМИ?
Бир куни Абу Талҳа розияллоҳу анҳу хотини Умму Сулайм розияллоҳу анҳонинг олдига кириб деди:
-Бугун Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кирган эдим. Овозлари жуда ҳам заиф эшитилди. Очликларини билдим. Бирор нарсанг борми?
Умму Сулайм “бор” деди ва уч кишига етар-етмас арпа нон олиб чиқди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Анас ибн Моликни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни чиқириб келиш учун юборди. Анас масжидга борганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча одамлар билан ўтирган эканлар. Анасни кўриб дедилар:
-Сени Абу Талҳа юбордими?
-Ҳа!
-Овқат учунми?
-Ҳа!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам атрофларидаги инсонларга “юринглар!”, дедилар. Улар Абу Талҳанинг уйига етиб келишганда Абу Талҳа уларнинг кўплигидан ҳайрон қолди ва хотинига деди:
-Эй Умму Сулайм! Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам жуда ҳам кўпчилик одам билан келдилар. Бизда эса уларни овқатлантирадиган овқат оз!
Умму Сулайм деди:
-Аллоҳ ва Расули албатта билувчироқдир!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари кириб нонни олдилар ва майдалаб идишга солдилар. Сўнгра устига шўрвани қуйиб барака тилаб дуо қилдилар. Абу Талҳага ўнта одамни олиб киришини айтдилар. Ўнта одам кириб еб тўйиб чиқиб кетди. Сўнгра яна ўнта одамни олиб киришини айтдилар. Улар ҳам кириб тўйиб чиқиб кетишди. Хуллас, етмишта инсон кириб овқатдан еб тўйиб чиқиб кетишди. Овқат эса ўз ҳолида қолди!

Саҳобаларнинг Набий аллоллоҳу алайҳи ва салламни севишларига боқинг. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу у зотнинг очликларини овозларидан билаяпти. Сўнгра дарров уйига бориб овқат қидирмоқда!
Буюклар мана шунақа зийрак бўлишади. Инсонларнинг ташвиши борлигини майда ишоралардан ҳам билишади. Уларнинг ҳожатини раво қилишга шошилишади. Обрўларини сақлашади. Сўрашдан қутқаришади!
Зийрак бўлинг. Дўстингизнинг уйини зиёрат қилишингиз дўстингиз очмаган сирларни сизга очиши мумкин. Доимий одатини тарк қилиши ундаги қийинчиликни сизга билдириши мумкин. Баъзи инсонлар дардларини бировга айтишмайди. Киноя ва ишора қилишлари мумкин.

Бир аёл амирнинг ҳузурига кириб деди:
-Уйимизда сичқон камайиб кетди!
Амир деди:
-Киноянг бунча гўзал!
Сўнгра унга етарли нарсаларни бериб юборди!

Зийрак инсонларга Аллоҳ раҳм қилсин! Инсонларнинг дардини киноядан англаб оладиганларга Аллоҳ раҳм қилсин!
Таом оз эди. Сўнгра Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қўллари ва дуолари билан унга барака кирди. Ҳамма тўйгунича еди. Барака ёғилган оз нарса баракасиз кўп нарсадан яхшироқдир.
Маошингиз оз бўлса маҳзун бўлманг. Ундаги баракани ҳис қилишга ҳаракат қилинг. Бир ой ўтсада уйингизда бемор бўлмаса шу баракадир. Бир ой ўтсада бировдан қарзингиз бўлмаса шу баракадир. Атрофингизда болаларингиз сизга яхшилик қилишда мусобақа қилишса шу баракадир. Хотинингиз сизни рози қилишга ҳаракат қилса шу баракадир!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай дер эди:
“Мен Аллоҳдан ризқимни кўпайтиришини сўрамайман. Чунки буни тақсимлашдан фориғ бўлинган. Аммо ризқимга Аллоҳдан барака сўрайман!”.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АЙТМАГАНИМНИ СЎРАМАНГ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам кишиларга хутба қилиб туриб дедилар:
"Эй инсонлар! Аллоҳ таоло сизларга ҳаж қилишни фарз қилди. Ҳаж қилинглар!".
Шунда бир киши сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳар йилими?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам жим бўлиб қолдилар. Халиги киши уч марта саволини такрорлади. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ҳозир сенга "ҳа" десам бу вожиб бўлиб қолади. Қодир бўлганингизда қилинглар! Айтмаган нарсамни мендан сўраманглар. Сизлардан олдингилар Пайғамбарларига кўп савол бериш ва улар билан ихтилоф қилишлари туфайли ҳалок бўлишди. Сизни бир нарсага буюрсам уни қодир бўлсангиз бажаринг. Агар бир нарсадан қайтарсам қайтинг!".

Бефойда нарсаларга шўнғийдиган кишига аъробийни солиштирсак, аъробийнинг иши бирмунча енгилроқдир.
Кимдир Иблиснинг хотинининг исмига қизиқади. Кимдир Юнус алайҳис саломни ютиб юборган китнинг навига қизиқади. Яна кимдир Ғор соҳибларига ҳамроҳ бўлган итнинг турига қизиқади. Яна кимдир Иброҳим алайҳис саломни куйдирмоқчи бўлган оловнинг ўтини қанақа дарахтдан бўлганлиги ёки Мусо алайҳис саломнинг асоси қанақа дарахтдан бўлганлиги ҳақида сўраса ҳеч ажабланмайман.
Бунақалар мўъжизадаги энг муҳим нарсани унутишади. Бу муҳим нарса ибратдир!
Бунақалар ёнғоқнинг мағзи қолиб пўчоғига қизиқадиган кишига ўхшашади. Хаёлида Мусо алайҳис саломнинг асосини топиб олса-ю қайсидир денгизни иккига бўлса!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ТАВОЗУ
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтади:
"Биз Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бир нарса сўрашдан қайтарилдик. Саҳродан бир ақлли инсон келиб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бирор-бир савол сўрашини, биз уни эшитишни орзу қилар эдик.
Бир куни биз Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтирганимизда бир аъробий келиб деди:
- Қайси бирингиз Муҳаммад?
Биз унга дедик:
- Анави оқ танли, ёнбошлаб ётган киши!".

Бу тавозунинг энг ёрқин суратидир. Подшоҳлар кўриниши, ҳукмдорлар ҳайъати ва катталигидан асар ҳам йўқ.
Бегона бир киши у зотни саҳобалар ичида танимаяпти. Улар ишора қилгандан сўнггина танимоқда.
Чиройли кўриниш матлуб ишдир. Кишининг оддий кийиниши, эски жандаларни кийиб юриши тавозу эмас.
Тартиб яхши нарса. Беадаблик ва густоҳлик эса тавозу эмас.
Тавозу бу Аллоҳ берган неъматлар ила Аллоҳнинг бандаларига қўполлик ва катталик қилмасликдир!
Қолаверса тавозу қалбда бўлади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АЖРАЛИБ ТУРИНГ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан кетаётган эдилар. Бир аъробий келиб ридоларидан қаттиқ тортди ва деди:
- Эй Муҳаммад! Ўзингдаги Аллоҳнинг молидан менга ҳам бер!
Аъробий ридони тортганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ридолари йиртилиб бўйинлари қизариб қолди. Унга кулиб қарадиларда саҳобаларни унга мол беришга амр қилдилар.

Инсонларнинг ақли, табиати, шароити, истаклари ва мақсадлари ҳар-хил бўлади.
Ҳаётда гапини ўйламасдан гапирадиганларга ҳам, сурбетларча муомала қиладиганларга ҳам рўбарў келасиз. Унақаларнинг муаммоси сизда эмас, ўзида.
Баъзилар арзимас ишларга ҳам ғазабланаверади. Бу сизнинг ҳақиқатингиз эмас, унинг табиати.
Баъзиларда илтифот етишмайди. Ишни шахсийлаштириб юборманг.
Баъзиларда тарбия етишмайди. Ўзингизга олаверманг.
Бу ҳаёт баъзи ишлардан кўз юмиш, баъзиларини билмасликка олиш билан тотли бўлади.
Одамлардан доим ҳам ўзингиз қилган муомалани кутаверманг.
Одамларга улар сизга қилган ёмон муомалани қилманг. Акс ҳолда улардан фарқингиз қолмайди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ИККИТА БЎЛСА ҲАМ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир аёл келиб сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Эркаклар гапларингизни эшитишаяпти. Бизларга ҳам бирор кунни ажратинг. Ўша кунда бизга Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан ўргатинг!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Фалон куни фалон жойда жамланинглар!
Улар жамланишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга илм ўргатдилар, ваъз қилдилар. Сўнгра шундай дедилар:
-Сизлардан қайси бирингизнинг учта боласи ўзидан илгари вафот қилса, ўша болалар унга дўзахдан парда бўлади!
Яъни, қайси бир аёлнинг учта боласи ҳаётлик даврида ўзидан олдин вафот қилса, у аёл сабр қилиб Аллоҳдан савоб умид қилса Аллоҳ унга дўзахни ҳаром қилар экан!
Шунда бир аёл туриб сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Иккита бўлсачи?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Иккита бўлса ҳам!

Бу ҳадисдан иккита муҳим дарс олсак бўлади:
Биринчиси:
Аввалги муслималалар илм олишга ҳарис бўлишган экан. Юқоридаги аёл Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан аёллар учун хос мажлис қилиб таълим беришларини талаб қилмоқда. Зеро аёл кишини уй ишлари билан шуғулланиши унинг динда фақиҳ бўлишига халал бермайди.
Бу уммат ўнлаб фақиҳа олималарни кўрди. Ибрат учун бир нечтасини санаб ўтамиз:
1. Зайнаб бинт Аҳмад. Бу аёл Ҳанафий фиқҳида кўзга кўринган олималардан бўлган. Ибн Холдун мана шу аёлдан дарс олган!
2. Карима ал-Марвазийя. Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг “Саҳиҳ”ини жуда яхши билар, унда мутахассис эди. Масжидул Ҳаромда унинг мажлисида жуда кўп олимлар ҳозир бўлишар эди. Хатиб Бағдодий ана шулардан биридир!
3. Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг устозалари Наъма бинт Али ва Карима Абдулваҳҳоб Қурашийя!
4. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳнинг набираси Фотима бинт Абул Қосимдан ҳадислар ривоят қилган.
5. Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ учта аёлдан ҳадис эшитганини зикр қилади, ва уларнинг санадини келтиради.
Аёл киши истаса аёллигига ҳам, динига ҳам эътибор бера олади. У бир вақтнинг ўзида она ва тажвидни пухта эгаллаган қуръон ҳофизаси бўлиши мумкин.
Динни ўрганинг азиз сингилларим!

Иккинчиси:
Бу дунё машаққат, қайғу, йўқотиш дунёсидир. Ҳар-биримиз қайсидир яқинини қабрга қўйган. Куни келиб бизни ҳам яқинларимиз қабрга қўйишади. Аллоҳнинг қадаридан ғазабланиш воқеликни заррача ўзгартира олмайди. Аксинча, маҳзунликни зиёда қилади, динни бузади ва ажрдан маҳрум қилади.
Эй қизларидан айрилиб қолган оталар!
Эй ота-онасидан ажралиб қолган фарзандлар!
Бардошли бўлинглар. Ана шунда Аллоҳ сизга сабр беради!
Тўғри, яқинларини йўқотиш ёмон. Ўлим аламли эканлиги рост. Аммо мусулмон инсон Аллоҳнинг ҳар-бир қадаридан рози бўлишга амр қилинган.
Ҳар қандай йўқотишингизга Наби саллоллоҳу алайҳи ва салламни йўқотганингизни эслаб тасалли топинг. Ҳар қандай ноёблик у зотнинг олдиларида арзимас бўлиб қолади!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

СЎНГРА...
Имодуддин Занкийни суюқасд қилиб ўлдиришди.
Сўнгра унинг ўғли Нуриддин Занкий ўлди.
Сўнгра Шомдаги давлатчалар Салоҳиддин Айюбийга қарши тил бириктиришди. Салоҳиддин бир неча марта суюқасдлардан қутилиб қолди.
Сўнгра нима бўлди?!
Қуддус озод қилинди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

УЛАРНИНГ ҲАМНИШИНИ БАДБАХТ БЎЛМАЙДИ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга шундай дедилар:
“Аллоҳнинг бир гуруҳ фаришталари бор. Улар кўчаларда айланиб юриб Аллоҳни зикр қиладиганларни қидириб юришади. Агар Аллоҳни зикр қилиб турган кишиларни топишса дарров бир-бирларини чақиришади: “Келинглар! Ҳожатингиз ва қидириб юрган нарсангиз бу ерда экан!”. Улар зокирларни самога қадар қанотлари билан ўраб олишади. Аллоҳ таоло Ўзи билсада улардан сўрайди:
-Бандаларим нима дейишаяпти?
Фаришталар жавоб беришади:
-Улар Сенга тасбиҳ, такбир, таҳмид айтиб Сени улуғлашаяпти!
-Улар Мени кўрганмилар?
-Қасамки, йўқ!
-Мени кўришса нима қилишар экан?
-Сени кўришса янада кўпроқ ибодат қилишади, янада кўпроқ улуғлашади, янада кўпроқ тасбиҳ айтишади!
-Улар Мендан нимани сўрашаяпти?
-Жаннатни!
-Улар жаннатни кўрганмилар?
-Йўқ, кўришмаган!
-Кўрсалар нима қилишар эди?
-Кўрганларида унга янада ҳарис бўлишар, янада қаттиқроқ қидиришар, янада кўпроқ рағбат қилишар эди!
-Нимадан паноҳ сўрашаяпти?
-Дўзахдан!
-Уни кўрганмилар?
-Йўқ, кўришмаган!
-Кўрсалар нима қилишар эди?
-Кўрсалар янада қаттиқроқ ундан қочишар ва янада қаттиқроқ ундан қўрқишар эди!
Аллоҳ таоло айтади:
-Сизларни уларни мағфират қилганимга гувоҳ қиламан!
Шунда бир фаришта айтади:
-Улар орасида бир киши бор. У улардан эмас!
Аллоҳ таоло айтади:
-Улар шундай кишиларки, ҳамнишинлари бадбахт бўлмайди!”.

Солиҳлар суҳбатида бўлишга ҳаракат қилинг. Улар унутсангиз эслатишади, эсласангиз ёрдам беришади, заифлашсангиз мададкор бўлишади, кучайсангиз ўзингизни ёлғиз ҳис қилмайсиз.
Орасида сиз гуноҳ қилишга уяладиган кишиларни маҳкам тутинг. Орасида сиз тоат қилишдан уяладиган кишилардан узоқда бўлинг. Қозонга яқин юрсангиз қораси юқиши тайин!
Каҳф сурасидаги итга боқинг. Ит ғордаги солиҳларга ҳамроҳ бўлгани учун Аллоҳ уни қуръонда зикр қилди. Итдан ҳам пастроқ ва ёмонроқ бўлманг!
Солиҳ суҳбатдош қиёматда шафоатчи бўлади. Уларнинг суҳбатида кўпроқ бўлинг. Дўзах аҳли шафоат қиладиган дўстлари йўқлигидан ҳали пушаймонлар қилишади. Аллоҳ таолонинг оятларини ўқинг. У сизга дўзах аҳлининг аҳволи ҳақида хабар беради:
“Мана энди бизга шафоатчилар ҳам йўқ. Бирор қадрдон дўст ҳам йўқ!”.

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ИЛМ ЁНИДА ДИН БЎЛСА ГЎЗАЛ!
Илмнинг ёнида иймон бўлса нақадар гўзал!

Сурат остидаги комментларга эътиборни қаратамиз. Биринчи комментни атеист ёзаяпти:

" Батаҳқиқ Биз инсонни энг гўзал суратда яратдик!", деганнинг хатосини тузатибсиз. Саломларим сизга бўлсин!".

Энди шифокорнинг комментига қаранг:
"Ҳаммаси Аллоҳнинг тавфиқи билан бўлди. Мен ўзимга ҳам, ўзгаларга ҳам ҳеч нарса қила олмайман. Агар Аллоҳнинг қудрати ва менга берган илми бўлмаганида уни ҳам, бошқаларни ҳам қутқара олмаган бўлар эдим. Биз фақат Аллоҳнинг бандаларига шифо бериш борасидаги қудратига сабабчимиз!".

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЖИДДИЙ ОЛМАНГ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
"Бир киши Аллоҳдан жаннатда деҳқончилик қилишни сўради. Аллоҳ таоло унга деди:
- Ахир жаннатда истаган нарсанг бор-ку!
Банда деди:
- Тўғри, аммо мен деҳқончиликни яхши кўраман!

У экин экди. Шу заҳоти кўз очиб юмгунча ҳосили пишиб етилиб тоғлар каби юксалди.
Аллоҳ таоло деди:
- Мана ол эй бандам. Сени ҳеч нарса тўйдира олмайди!".

Ўшанда Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида бир аъробий ўтирган эди. У шундай деди:
- Менимча ўша деҳқон ё Қурайшлик ёки ансорийлардан бири бўлса керак. Бизлар деҳқончилик қилмаймиз!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам аъробийнинг зийраклиги ва жавобидан кулдилар!".

Баъзи ҳолатларни жиддий олмаслик керак. Баъзи гаплар ҳазил бўлади. Унинг учун уруш бошлаш шарт эмас. Баъзи гаплар мутойиба учун бўлади. Унинг учун қози бўлиш шарт эмас.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшдан эдилар. Унинг ҳазилидан шодландилар!
Ҳаётнинг кўп жабҳаларида таассуб керак эмас нарсадир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АРОҚДАН САҚЛАНИНГ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам вақти-вақти билан саҳобаларга ўтганларнинг тарихини айтиб берар эдилар. Бу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳикматларидан эди. Зеро қиссалар мақсадга тез етказадиган маркаб мисолидир. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Ароқдан сақланинглар. Чунки у ёмонликлар онасидир. Сиздан илгари бир обид инсон бор эди. Уни бир бузуқ аёл яхши кўриб қолди. Аёл обидга жориясини юбориб бир нарсага гувоҳ бўлиши учун бекаси уни чақираётганини айтди. Обид жория билан аёлнинг уйига борди. Обид ичкарига кирганидан сўнг эшикларни беркитишди. Обид олдида чиройли аёлни, бир болачани ва ароқни кўрди. Аёл деди:
-Мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Ўзим билан бирга бўлишинг учун чақирдим. Ёки мана бу ароқни ичасан ёҳуд мана бу болани ўлдирасан!
Обид ноилож ароқни танлади. Бир қадаҳ ичганидан сўнг яна қуйишини сўради. Ва ниҳоят қаттиқ маст бўлиб аёл билан зино қилди ва болани ҳам ўлдирди!”.

Ароқдан сақланиш лозим. Иймон билан ароқхўрлик бир инсонда жамланмайди. Улардан бири соҳибини албатта тарк қилади!

Қурайш лочини Абдурраҳмон Дохил Андалусга кирганида унга ароқ олиб келишди. Абдурраҳмон деди:
“Мен ақлимни зиёда қиладиган нарсага муҳтожман, унга нуқсон етказадиганга эмас!”.

Аллоҳ таоло набототни яратди. Унда ҳаёт бор, аммо руҳ ва ақл йўқ. Ҳайвонларни яратди. Уларда ҳаёт ва руҳ бор, аммо ақл йўқ. Инсонни яратди. Унда ҳаёт, руҳ ва ақл бор.
Ҳайвон яратилишда ўсимликлардан руҳи билан устун туради. Инсон эса яратилишда ҳайвонлардан ақли билан устун туради. Энди ароқ ичиб ақлини ўз қўли билан йўқотганлар инсонлик даражасидан ҳайвонликка тушади. Улар орасини ажратиб турган нарса ақлдир. Бу эса ақлини йўқотиб ўтирибди!
Бу дунё имтиҳонларга тўла. Инсон яхши кўрадиган ва ёмон кўрадиган нарсалари ила имтиҳон қилинади. Инсон касаллик ва фақирликни ёмон кўради. Аммо булар билан синалиб туради. Мақсад, банда сабр қиладими ёки ношукрлик қиладими, шуни билиш!
Инсон мол ва аёлларни яхши кўради. Булар билан ҳам синалади. Мақсад, бандаси шукр қиладими ёки адашиб ҳалок бўладими?
Менимча, инсоннинг ёмон кўрадиган нарсалари ила синалиши яхши кўрадиган нарсалари ила синалишидан енгилроқ бўлади. Чунки инсон фақирлик ёки беморликка мубтало бўлса нафси синади. Нафснинг синиши Аллоҳга яқин бўлишига сабаб бўлади. Аммо яхши кўрадиган нарсалар ила имтиҳон қилиниши туғёнга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Қоруннинг тарихи ҳаммага маълум!

Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, Юсуф алайҳис саломнинг Миср азизининг хотинига қилган сабри, қудуққа ташланганида қилган сабридан қийинроқ кечган. Қудуқ унинг устига воқе бўлган қадар эди. Уни Юсуф алайҳис салом танламаган. Аммо Зулайхога келсак, бунда Юсуф алайҳис салом нафси билан курашган. Ўшанда Юсуф алайҳис саломда гуноҳ қилиш учун ҳамма сабаб бор эди. У бўйдоқ йигит эди, Зулайхо ниҳоятда чиройли эди, у қасрнинг бекаси эди, Юсуф алайҳис салом унинг қўл остида яшар ва унга итоат қилар эди, Зулайхо эшикларни беркитган, шармандаликдан омонда эди....
Синовни қаттиқлигини қаранг! Юсуф алайҳис саломга ҳужжатни кўрсатиб ундан бу фаҳшни даф қилган Аллоҳ таоло покдир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АЛЛОҲ МЕНДАН РАШКЛИРОҚ!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
-Бирортангиз уйига кириб хотинини биров билан тутиб олса тўртта гувоҳ келтирсин!
Шунда Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу бу гапдан таъсирланиб ўрнидан туриб кетди ва деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Уйимга кириб хотинимни биров билан тутиб олиб тўртта гувоҳни кутиб ўтираманми?! Аллоҳга қасамки, агар хотинимни биров билан тутиб олсам бошини танасидан жудо қиламан. Қиличнинг тиғи билан ураман. Аллоҳ мени нима қилса қилсин!
Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг гапидан ранжиб дедилар:
-Ҳой ансорлар! Бошлиғингизнинг гапини эшитдингизми?
Ансорлар дейишди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Уни маломат қилманг! У рашкли инсон. У фақатгина биздаги бокира қизларга уйланган. У талоқ қилган аёлга рашки қаттиқлигидан бирортамиз уйланишга журъат қила олмаганмиз!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Унинг рашкидан ажабланаяпсизларми?! Аллоҳга қасамки, мен ундан рашклироқман. Аллоҳ эса мендан рашклироқдир!

Рашк буюклар ахлоқидандир. Аллоҳ таоло даюс инсонларни яхши кўрмайди. Аммо рашкнинг ёнида ақл бўлиши лозим. Йўқса рашк руҳий беморликка айланади. Инсон ҳаётини жаҳаннамга айлантирадиган жирканч гумонга айланади.

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-бидая ван-ниҳая” китобида 286 ҳижрий санадаги воқеаларни келтирар экан қуйидагиларни ривоят қилади:
“Рай шаҳрида қози Мусо ибн Исҳоқнинг ҳузурига бир аёл вакили билан келди. Вакили қозига бу аёлнинг эрининг гарданида 500 динор маҳри борлигини, уни эри бермаганини айтди.
Эри эса қозининг олдида буни инкор қилди.
Қози аёлнинг вакилидан гувоҳлари бор-йўқлигини сўради. Вакил гувоҳларни олиб келганини айтди.
Қози гувоҳлардан биридан аёлнинг юзига қарашини сўради. Гувоҳ ўрнидан турди. Қози аёлга ҳам "тур" деди. Аёл турди. Шунда аёлнинг эри:
- Нима қилаяпсизлар?, дея сўради.
Қози:
- Гувоҳлар хотинингни танишлари учун юзига қарашлари лозим, деди.
Эр:
- Мен қози жанобларини гувоҳ қилиб айтаманки, хотинимнинг менинг гарданимда 500 динор маҳри бор, деди.
Шунда хотини деди:
- Мен ҳам қози жанобларини гувоҳ қилиб айтаманки, эримнинг гарданидаги 500 динор маҳримдан воз кечдим. Дунё ва охиратда унинг қарздан озод қилдим!
Қози уларнинг рашкини кўриб:
"Бу гўзал ахлоқлар сирасида ёзиб қўйилади", деди".

Бугун пешанадан тер чиқарадиган ҳолатлардан бири шуки, эр ўз хотинининг суратини ижтимоий тармоқларда жойлайди, нияти у билан бирга бахтиёр ҳаёт кечираётганини кўз-кўз қилиш. Аммо бу эркак хотинларнинг садаф ичида туриши керак бўлган дур эканлигини унутган. Хотин фақатгина ўзиники эканлигини, уни ҳимоя қилиши лозимлигини, уни ҳатто киприклари билан яшириши шартлигини фаромуш қилган. Зеро инсоннинг ўз шарафини ҳимоя қилиши буюклар хислатидандир.
Қолаверса Аллоҳдан кўра рашклироқ ҳеч ким йўқ!



/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ҚОИДАДАН ЧИҚИБ КЕТМАНГ!
Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Икки кундош жанжаллашиб бири иккинчисини тош билан қорнига уриб ўлдириб қўйди. Қорнидаги боласи ҳам ўлди. Ўлдирганга Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дия беришини ҳукм қилдилар. Қорнидаги боласига каффорат ўлароқ бир чўри ёки қул беришини айтдилар. Ўлдирганнинг эри қориндаги болага ишора қилиб деди:
- Емаган, ичмаган, ҳатто йиғламаган бола учун ҳам қарздор бўламанми?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Фолбинларники каби қофияли сўзларми бу?!".

Яъни, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни фолбинларга ўхшатаяптилар. Ўша пайтда фолбинлар сўзларини зийнатлаб, чиройли сўзларни ишлатиб ҳақни инкор қилишга ҳаракат қилишар эди!

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳукмлари албатта жорий бўлди...
Бизлар зеро итоат қиладиган қуллармиз. Қонун чиқарадиган хўжайин эмасмиз.
Аллоҳ ҳукм қилган ҳукм гарчи биз англамасакда, адолатдир. Унинг инсонлар орасидаги тақсимоти гарчи бизга ёқмасада ҳикматдир.
"Бир эркакка икки аёлнинг насибаси берилади" қоидаси гарчи бизга ёқмасада, адолатдир.
Ўғрининг қўли кесилиши гарчи инсонларга шафқатсизлик бўлиб кўринсада, ҳақ шудир.
Зинокорнинг тошбўрон қилиниши гарчи бераҳмлик бўлиб кўринсада, айни адолатдир.
Буни танангизда тасаввур қилиб кўрсангиз яхшироқ англайсиз!

Аллоҳ таолонинг ҳар бир амрида кўзингиз олдида икки нарсани қўйинг:
1. Аллоҳдан раҳмлироқ зот йўқ!
2. Аллоҳдан адолатлироқ зот йўқ!

Бундан кейин тафаккур ва тааммул қилинг. Аммо юқоридаги қоидадан чиқиб кетманг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

У ХУРМОДИР!
Саҳобалар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдилар. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бирор-бир мажлисни манфаатсиз ўтишини истамас эдилар.
Уларга шундай дедилар:
-Дарахтлар ичида шундай дарахт борки, у баргини ташламайди. Айтингларчи, у қайси дарахт?
Кишилар саҳрода ўсадиган турли дарахтларни санай кетишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга “йўқ” деявердилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ёш бола эди. Унинг қалбига “хурмо” деган сўз келди, аммо катталардан хижолат қилиб айтмади. Саҳобалар жавобни топа олмагач, Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан сўрашди:
-Ўзингиз айтинг эй Аллоҳнинг Расули, у қайси дарахт?
Набий саллоллоҳу алайҳи а саллам дедилар:
-У хурмодир!
Мажлис тарқагандан кейин Абдуллоҳ ибн Умар отаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга деди:
-Унинг хурмо эканлигини билган эдим, аммо айтишдан уялдим!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди:
-Ўшанда уялмасдан айтганингда эди, бу ишинг мен учун бутун дунёга эга бўлишдан ҳам суюклироқ бўлар эди!

Бундан нимани оламиз?
Инсон ўз фарзандлари билан фахрланишни яхши кўради. Уларнинг муваффақиятини, ғалабасини кўришни истайди. Бу Аллоҳ яратган фитратдир. Мусулмон ҳам, кофир ҳам бу борада бир хил. Бу аслида инсон табиатига бориб тақалади. Ота-боболарнинг мусулмон бўлишига бунинг алоқаси йўқ!
Ёзувчи ўзининг асари муваффақиятидан суюнса, деҳқон узоқ машаққатдан сўнг олган катта ҳосилидан хурсанд бўлса, овчи овлаган овидан шодланса, ота-оналар фарзандларининг ютуқларидан юқоридагилардан ҳам кўпроқ хурсанд бўлишади!

Азиз фарзандларимиз! Эҳтимол кишилар орасида сизнинг ютуқларингиздан хурсанд бўладиган, сизнинг умрингиз ва ризқингизга барака тилаб дуо қиладиган тоза қалбли, кишиларга яхшилик истайдиган кишилар ҳам топилар. Аммо ота-онангиз кабисини топа олмайсиз. Фақатгина улар сизни ўзларидан ҳам яхшироқ бўлишингизни исташади. Фақатгина улар сизга ўзлари етиша олмаган чўққиларга етишингизни хоҳлашади. Фақатгина улар сизни ўзларидан ҳам бой бўлишингизни орзу қилишади.
Улар сизни ўзларидан ҳам устун кўришади. Улар ўз бахтларини сизнинг бахтингизда кўришади. Улар ўз муваффақиятларини сизнинг муваффақиятингизда кўришади!
Бир қанча асрлар олдин Нуҳ алайҳис салом ўғлининг кофирлардан эканлигини билгач хурсандлиги заҳарланган эди!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…
Подписаться на канал