Арабларда бир мақол бор:
"Фоҳиша иффат мавзусида лекция ўқиш учун кетди!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЯШИРИНГ!
Саҳобийя аёллардан Ғомидийя исмли аёлни зинони эътироф қилиб келгани учун тошбўрон қилинди. Унинг қони тошбўрон қилиш асносида саҳобалардан Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга сачради. Шунда Холид уни сўкди. Холиднинг сўкканини эшитган Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Эй Холид! Аллоҳга қасамки, у шундай тавба қилдики, агар унинг тавбаси ила "соҳиби макс"* тавба қилганида тавбаси қабул бўлар эди!
Шаръий жазо ва ҳаддлар гуноҳларга каффоратдир. Ким ҳадд ва жазо лозим бўладиган гуноҳни қилиб қўйса ва жазо унга татбиқ қилинса қиёматда Аллоҳ ундан ўша қилган гуноҳини сўрамайди.
Ким ҳадд лозим бўладиган бир гуноҳни қилиб қўйса ва жазодан қутилиб қолса ёки жазони унга татбиқ қилинмаса, уни Аллоҳнинг хоҳишига ҳавола қилинади. Истаса адолати билан жазо беради. Истаса раҳмати билан кечириб юборади.
Бугун бу жазолар ислом диёрларида татбиқ қилинмайди. Шунинг учун гуноҳларни беркитиш матлубдир. Ким гуноҳ қилиб қўйса тавба қилсин ва гуноҳини ҳеч кимга айтмасин. Акс ҳолда ҳадисларда келган "мужоҳир"лардан бўлиб қолади.
Гуноҳ катталашгани сари унинг муқобилида савобли ишлар, тоатлар, садақалар ҳам катталашиб бориши керак.
Аллоҳ таоло Афувв ва Каримдир. Бизни азоблаш учун яратмади. Аммо жамиятни ҳимоя қилиш, инсонларни муҳофаза қилиш учун жазо ва ҳаддларни жорий қилди!
----------------
"Соҳиби макс"- булар бозорларда савдо қилган ёки мол киритган кишилардан бир нарса оладиган кишилар эди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЁЛҒОН ТАҚВО!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бозорда бир кишининг бир дона хурмони кўтариб: “Бу хурмони топиб олдим, кимники?”, деб бақириб юрганини кўриб қолди. Уни тўхтатиб деди:
“Уни еявер, эй ёлғон тақво соҳиби!”.
Кўп инсонларни оддий ишларда парҳез қилиб юрганини кўрамиз. Уларни кўриб гўё саҳобаларнинг қолдиғими деб ўйлайсиз. Аммо қолган ишларини ҳам билганингиздан кейин улар билан ислом ахлоқи ва тақвоси ўртасида машриқ ва мағриб қадар масофа борлигига гувоҳи бўласиз!
Бу нарса мағзга эътибор бермасдан пўчоққа аҳамият бериб юришдир. Бу нарса ички оламга эътибор бермасдан ташқи кўринишни чиройли қилиб юришга ўхшайди.
Мисвок суннат, аммо кишиларни ғийбат қилиб гўштини ейиш ҳаромдир. Бундан сақланиш эса фарздир!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўзини ибодатлардан чарчаган кишидек кўрсатиб, эгилиб юриб бораётган бир кишини кўриб қолди ва кишилардан унинг кимлигини сўради. Кишилар унинг зоҳид ва обид эканлигини айтишди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу уни тўхтатиб дарраси билан урди ва деди:
-Аллоҳ сени ҳалок қилсин! Динимизни ўлдирма. Ислом касалманд эмас!
Зоҳидлик дегани эгилиб, бошни хам қилиб, худди ўлиб қоладигандек, эски кийимларни кийиб юриш эмас. Зоҳидлик бу ҳаромни тарк қилиш. Ким ҳаромни тарк қилса гарчи Қоруннинг молига эга бўлсада, зоҳиддир. Ким ҳаромга шўнғиса, гарчи бир бурда нони бўлмасада зоҳид эмасдир!
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳдан сўрашди:
-Кишида минг дирҳам бўлса ҳам зоҳид бўлиши мумкинми?
Имом деди:
-Албатта! Шарти шуки, пул қалбида эмас, қўлида бўлсин!
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Муснад”ида Абу Дардо розияллоҳу анҳудан қуйидаги ривоятни келтиради. Абу Дардо розияллоҳу анҳу деди:
-Аллоҳдан мунофиқликнинг хушуъсидан паноҳ сўрайман!
Одамлар сўрашди:
-Мунофиқликнинг хушуъси нима?
Абу Дардо розияллоҳу анҳу деди:
-Тананинг қўрқаётганини, аммо қалбнинг қўрқмаётганини кўришингиз!
Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ айтади:
“Ҳали шунақанги одамлар дунёга келади, улар риё ва сумъа учун хушуъ қилишади. Улар йиртқич бўриларга ўхшашади. Мақсадлари дунё ҳамда ҳалол-ҳаромлигига қарамасдан пул жамлашдир!”.
Бир киши имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб сўради:
-Эй имом! Мен чидай олмасдан бир аёл билан зино қилиб қўйдим. Унинг ўғли зинодандир!
Имом сўради:
-Бундан кўра азл қилсанг бўлмасмиди?!
У деди:
-Азлнинг макруҳлигини эшитган эдим!
Шунда имом деди:
-Зинонинг ҳаромлиги сенга етиб келмабди-да!
Оиша розияллоҳу анҳо бир кишининг эгилиб ҳолсиз юриб бораётганини кўриб сўради:
-Унга нима бўлган?
Одамлар дейишди:
-У зоҳид!
Шунда Оиша розияллоҳу анҳо деди:
-Умар розияллоҳу анҳу ҳам зоҳид эди. Гапирса овози жарангдор чиқар эди, юрса ҳаммадан олдин юрар эди, Аллоҳ учун бировни урса оғритар эди!
Аллоҳим! Сендан ёлғон тақводан, тана хушуъ қилиб қалб бузуқлигидан, Сенга бир нарсани, бандаларингга эса бошқа нарсани кўрсатишдан паноҳ сўраймиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ШАЙТОНГА ЁРДАМЧИ БЎЛМАНГ!
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади:
Исломда илк бор қўли кесилган киши бир эркак киши эди. Уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келиб дейишди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Мана бу киши ўғирлик қилди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида маҳзунлик кўринди. Одамлар сўрашди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Унинг қўлини кесишни хоҳламаяпсиз шекилли?!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Сизлар шайтонга ёрдамчи бўлиб турганда унинг қўлини кесишдан мени нима ҳам ман қилар эди?!
Аллоҳ таоло афв қилувчидир. Афв қилишни суяди. Бошлиққа бирор жиноят қилган кишини келтиришса у албатта белгиланган жазони тайинлайди.
Динимизда хижолат бўладиган ҳеч нарса йўқ. Бу диннинг ҳатто жиноятга бериладиган жазолари ҳам инсониятга раҳматдир.
Тарихда ўтган барча жамиятларнинг жазо қонунлари бўлган. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам озгина шубҳа бор бўлса ҳам жиноятчига жазо беришни бекор қилишни яхши кўрар эдилар. Банда гуноҳ қилса бу гуноҳи ўзи билан Аллоҳ ўртасида қолишини, Аллоҳга тавба қилишини истар эдилар. Инсонлар ўзаро бир-бирларига раҳм қилишларини, жиноятчини иложи борича маҳкамага тормаслигини хоҳлар эдилар. Аммо маҳкамага тортилдими жазони қоим қилиш вожиб бўлар эди.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам жазо ва ҳаддларни ёмон кўрганлари учун эмас, балки инсонларга шафқатли бўлганлари, уларга раҳмлари келгани учун жазоларни қоим қилишни истамас эдилар. Зеро ҳадд ва жазолар Аллоҳнинг аҳкомлари эди-да!
Аллоҳга қасамки, агар инсонлар ўзаро раҳмат асосида муомала қилишса бирор иш маҳкамага кўтарилмаган бўлар эди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИЗ ҚЎРИҚЛАЙМИЗ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Нажд томонларга ғазотга чиқдилар. Улардан ғалаба қозониб ўлжа билан қайтдилар. Йўлда дам олиш учун бир жойда тўхтадилар. Қўққисдан қасос олиш учун мусулмонларга ҳужум қилиши мумкин бўлган душмандан қўриқлаш учун қўриқчи керак эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Бизга бу кеча бизни қўриқлайдиган икки қўриқчи керак. Ким қўриқлайди?
Шунда муҳожирлардан бир киши, ансорлардан бошқа бир киши дейишди:
-Сизни биз қўриқлаймиз эй Аллоҳнинг Расули!
Улар қўшиндан узоқроқда даранинг бошига бориб қўшинни қўриқлай бошлашди. Ансорий саҳоба муҳожирга деди:
-Кечанинг аввалида сен дамингни ол, қолган ярмида мен ухлайман. Ёки биринчи ярмида мен қоровуллик қилай, иккинчи ярмида сен?!
Муҳожир саҳоба деди:
-Сен кечанинг аввалида қоровуллик қил, мен эса иккинчи ярмида!
Муҳожир саҳоба ухлади. Ансорий намоз ўқий бошлади. Бир нечта душман келди. Ансорийнинг намоз ўқиётганини кўриб танишди. Унинг қўшинни қўриқлаётганини билишди. Унга ўқ отишди. Ўқ унга тегди. Ансорий ўқни суғуриб ташлаб намозида давом этди. Унга яна ўқ узишди. Ўқ яна унга тегди. Ансорий ўқни суғуриб ташлаб намозда давом этди. Душманлар унга учинчи ўқни отишди. Учинчи ўқдан кейин ансорий тура олмади. Судралиб келиб шеригини уйғотди:
-Тур, менга ўқ тегди!
Муҳожир саҳоба уйқусидан уйғониб ансорий шеригини қонга беланиб ётганини кўрди ва деди:
-Аллоҳ сени мағфират қилсин! Сени илк отганларида мени уйғотсанг бўлмасмиди?!
Ансорий деди:
-Намозда бир сурани бошлаган эдим. Уни тўхтатишни истамадим. Аллоҳга қасамки, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам қўриқлашни амр қилган чегарани зое қилишдан қўрқмаганимда қуръонни тўхтатмас эдим. Бу мен учун ўлимдан ҳам оғир!
Аввалги авлод ўтиб кетишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам омонатни адо қилдилар. Саҳобалар у зотнинг кескир қиличи, суянадиган асоси ва душман томонга отадиган камони бўлишди ва ўтиб кетишди...
Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга қўрқлашни амр қилган чегаралар ҳамон қўриқчиларини кутиб турибди.
Мусулмон инсоннинг уйи чегарадир. Уни қўриқлаш лозим. Уйни қўриқлаш фарзандларни қуръон ва суннат асосида, гўзал хулқлар асосида, кишиларга яхшилик қиладиган қилиб, бу диндан фахр туядиган қилиб тарбиялаш билан бўлади.
Мусулмон жамияти чегарадир. Уни қўриқлаш шартдир. Жамиятни қўриқлаш унда адолатни қоим қилиш, зулмни рад қилиш, фақир ва мискинларга ёрдам бериш, эзилганни суяш, гуноҳкорга насиҳат қилиш, яхшилик қилувчини янада шижоатлантириш, бузғунчи фикрлардан, эски эътиқодлардан жамиятни ҳимоя қилиш, уларга раддия бериш, уларнинг хатарини тушунтириш билан бўлади.
Масжид чегарадир...
Дин ўргатувчи билимгоҳлар, мадрасалар чегарадир...
Олийгоҳлар чегарадир...
Шифохоналар чегарадир...
Жамиятдаги ҳар бир соҳа чегарадир...
Ҳар-бир чегарани эса ислом кўрсатмаларига мувофиқ қўриқлаш ибодатдир. Ибодат фақатгина намоз, рўзадан иборат эмас. Динни эътиқод ва ҳаёт йўли ўлароқ намоён қилиш энг буюк ибодатлардандир.
Чегарангизга эҳтиёт бўлинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҒАЗО ВА УХДУД СОҲИБЛАРИ!
Биламан, Ғазонинг йўқ бўлиб бораётганини кўриб қалбингиз парчаланмоқда. Душманимизнинг қуроли билан бизникилар ҳалок бўлишмоқда. Ҳамма жим, ёрдамга ҳеч ким қўл чўзмаяпти.
Аммо сиз ҳам қалбингиз парчаланганига ажр оласиз. Бизнинг динимизда туйғулар ҳам ибодат.
Энди озгина тўхтанг. Мудофаа қонунини англашга ҳаракат қилинг. Бугун сиз қатлиом деб хаёл қилаётган ҳолат аслида умматнинг уйғона бошлашидир!
Ер қонунларида ғалабани қурбон бўлганлар сони билан ўлчашади. Осмон қонунида эса ғалаба асосларда собит туриш билан ўлчанади.
Агар сиз Ухдуд соҳибларининг бошига тушган мусибатларни кўрганингизда ер қонунига кўра буни жуда катта мағлубият деган бўлар эдингиз. Чунки улар ҳақида хабар бериш учун улардан бирортаси ҳам тирик қолмаган. Ҳаммаси золимлар томонидан оловда куйдирилган. Агар Аллоҳ таоло бизга улар ҳақида хабар бермаганида улар ҳақида ҳеч нарса билмаган бўлар эдик.
Энди менга айтинг, агар ўша пайтда сиз бўлганингизда қайси томонда бўлар эдингиз? Охиригача куйиб тугаган мусулмонлар томонидами ёки уларни куйдирган ва омон қолган золимлар томонидами?!
Бугун ҳам аҳвол ўшандай. Муаммо бир хил. Иймон ва куфр масаласи. Аммо ўша пайтда Ухдуд шаҳидларига иймон ва шаҳид бўлиш орасида вақт ёрдам бермади. Урушга тайёргарлик кўриб золимга қарши чиқа олишмади...
Ғазонинг эса бугун Қассоми бор. Бу гуруҳ бизга енгилмас деб синдирилган душман қўшинининг додини бераяпти. Уларнинг обрўсини тупроққа белаяпти. Сизнингча қайси ўлим лаззатлироқ?!
Агар сиз уларнинг қўрқувдан титраб қақшаётган совуқ ҳукуматига қулоқ солсангиз шуни англайсизки, улар Ухдуд кунида бўлишганда мусулмонлар сафида эмас, золим подшоҳ томонида бўлишар эди. Мусулмонларни сабот билан тургани учун ўшанда ҳам айблаган бўлишар эди. Аммо субҳаналлоҳ, ўшанда Аллоҳ чақалоққа забони гўё берган эди. Чақалоқ онасига: “Онажон! Собит туринг. Сиз ҳақ йўлдасиз!”, деган эди.
Қолаверса Ғазо қарши курашга журъат қилгани учун қатл қилинаяпти деб сизга ким айтди?! Ғазо умматнинг қўрқоқлиги сабаб, уларга ёрдам қўлини чўзмагани сабаб ўлмоқда!
Душманнинг ҳамма томонида мусулмонлар. Пулининг ҳисобига етмайдиган шайхлар. Аммо улар Ғазонинг ўлишини худди Голливуд фильмларини томоша қилаётгандек томоша қилишмоқда.
Баъзилар мазлумларни маломат қилаяпти. Ахир улар ўзини, оиласини ва ватанини, қолаверса муқаддас заминни ҳимоя қилаяпти-ку!
Баъзиларга қатл қилинган мазлумнинг қони сачраса қотилни танқид қилиш ўрнига сўйилган мазлумни танқид қилиб ўтирибди. Бунақа нафслар аслида хор нафслардир. Улар шундай яратилган. Уларга уларнинг паст ва разиллигини эслатган олийжаноб инсонларни кўриш ниҳоятда азоб беради.
Фоҳишага энг қаттиқ азоб берадиган нарса иффатли аёлни кўриш экан. Чунки иффатли аёл унга доимо нархи нақадар арзонлигини эслатаверар экан. Шунинг учун фоҳишалар ҳамма аёлларнинг фоҳиша бўлишини орзу қилишар экан!
Бугун Фаластин қаршилик кураши жангчиларини маломат қиладиганлар уларни кўриб ўзларини нақадар паст ва разил эканлигини ёдга олишгани учун уларни маломат қилишмоқда.
Сизга доим: “Йўл бу ердан эмас!”, дейдиганларга аслида йўлнинг шу ердан эканлигини қабул қилишлари ниҳоятда оғир.
Тасаввур қилинг, қўрқоқликка ўралиб олганларнинг ташвиши фақатгина қорни ва аврати. Улар Қассом гуруҳлари жангчиларини бир неча метрдан туриб душман танкининг қорнига “Ёсин” ракеталарини жойлаб қўяётганини кўришмоқда. Энди буларнинг ўзига бўлган қараши қандай бўлиши мумкин?!
Бунақалар икки ёш боланинг душман танки яқинига югуриб бориб унинг устига оловли шиша улоқтираётганини кўрса туйғулари қанақа бўлар экан?!
Умрида уруш ва қаҳрамонликни фақат Нетфликсдаги фильмларда кўрганлар Заннадаги пистирмаларни кўрса нималарни ҳис қилар экан?!
Дунёга қул бўлганлар сажда қилган ҳолда шаҳид бўлган Фаластин жангчисини кўрса нималарни ўйлар экан?!
Урушлар ҳақида фақат мактабда ўқиганлар “Нимр” ҳарбий машиналарининг ичидаги одамлари билан олов ичида қолганини кўришса нимани ҳис қилар экан?!
- Онажон! Одамлар мени тарк қилишди. Ҳатто фарзандим ва оилам ҳам атрофимда қолишмади. Мен билан озгина инсонлар қолди. Умавийлар менга бу ишни тарк қилишим эвазига мол беришмоқчи. Сиз нима дейсиз?
Асмо розияллоҳу анҳо деди:
- Ўзингни сен каби биладиган одам йўқ. Агар ўзингни ҳақда деб билсанг давом эт. Чунки сенинг ёнингда жон берганлар шунинг учун жон беришди. Агар мақсадинг дунё бўлса, қандай ҳам ёмон банда экансан. Ўзингни ҳам атрофингдагиларни хам ҳалок қилган бўласан. Агар "мен ҳақ йўлдаман, асҳобларим мени тарк қилишди", десанг бу озод инсонларнинг иши эмас. Дунёда қанча вақт ҳам қолар эдинг?! Ўлим сен учун яхшидир!
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу деди:
- Онажон! Мени ўлдиришгандан сўнг мусла қилишларидан қўрқаман!
Асмо розияллоҳу анҳо деди:
- Қўрқма! Қўйни сўйишгандан кейин терисини шилишлари унга оғриқ бермайди!
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу деди:
- Менинг бугунгача даъват қилган маслагим шу. Мен дунёга суянмадим. Унинг учун чиқмадим. Аллоҳ учун ғазаб қилган ҳолда, Унинг шариати оёқ-ости қилингани учун чиқдим. Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдим. Менинг басиратимни зиёда қилдингиз. Мени бугун ўлдиришади. Сабрли бўлинг онажон!
Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ҳажжожнинг қўшини билан жанг қилиб шаҳид бўлди. Унинг бошини Ҳажжож кесиб халифага юборди. Халифа унинг онаси Асмо розияллоҳу анҳони чақиртирди. Аммо Асмо келмади. Халифа деди:
- Келса келсин, акс холда сочидан судраб олиб келаман!
Асмо розияллоҳу анҳо деди:
- Аллоҳга қасамки, сочимдан судраб олиб кетадиганни юбормагунича бормайман!
Асмонинг олдига Ҳажжожнинг ўзи келди ва деди:
- Эй Асмо! Ўғлинг Аллоҳнинг ҳарамида мулҳидлик қилди!
Асмо деди:
- Ёлғон айтдинг эй Ҳажжож! Ўғлим муҳожирлар ичида Мадинада дунёга келган илк чақалоқ эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам суюниб уни таҳник(танглайини ширинлик билан кўтариш) қилганлар. Мусулмонлар ўшанда такбир айтиб Мадинани титратишган. Сен ва дўстларинг эса уни ўлдириб хурсанд бўлаяпсизлар. Унинг туғилганидан хурсанд бўлганлар ўлганидан шодланганлардан яхшироқдирлар. Муҳаммадни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, мен Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганларини эшитганман: "Сақиф қабиласидан битта ёлғончи ва битта қонхўр инсон чиқади!".
Ўйлайманки ёлғончи Мухтор Сақафийдир. Қонхўр эса сен бўлсанг керак!
Ҳажжож ҳеч нарса демасдан унинг олдидан чиқиб кетди ва қайтиб келмади. Аммо ибн Зубайрнинг танаси дорга осилган ҳолда қолди. Уни туширишга руҳсат бермади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳога Асмо розияллоҳу анҳонинг масжиднинг бир четида ўтирганини айтишди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу келиб унга тасалли бериш учун деди:
- Онажон! Таналар ҳеч нарса эмас. Руҳлар эса Аллоҳнинг ҳузуридадир. Сабр қилинг!
Асмо розияллоҳу анҳу деди:
- Сабр қилмасдан бошқа чорам ҳам йўқ. Ахир Яҳё алайҳис саломнинг боши бир фоҳишага маҳр ўлароқ тақдим қилинди-ку. Анави чавандоз (Ҳажжож)га эркак бўлиши вақти келмадими?!
Бу гап Ҳажжожга етиб боргач, хижолат бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайрни дордан туширишга рухсат берди. Асмо розияллоҳу анҳу уни ювдириб, кафанлаб дафн қилдирди!
Ибрат оладиган борми?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИБРАТ
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Муснад"ида Жобир розияллоҳу анҳудан ҳадис келтиради:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳижрнинг олдидан ўтаётиб дедилар:
- Мўъжизалар сўраманглар. Солиҳнинг қавми мўъжиза сўраган эди. Мана шу тоғ орасидан мўъжиза(туя) чиқиб келди. Улар Роббилари амрини бузиб туяни ўлдиришди. Туя уларнинг сувини бир кун ичар, улар ҳам туянинг сутини бир кун ичишар эди. Улар уни ўлдиришди. Сўнгра Аллоҳ уларни баланд овоз билан ҳалок қилди. Улардан бир киши Аллоҳнинг ҳарамида эди. Фақат ўша тирик қолди!
Саҳобалар сўрашди:
- У ким эди, эй Аллоҳнинг Расули?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- У Абу Риғол деган киши эди. Ҳарамдан чиққач, Аллоҳ уни ҳам қолганларни ҳалок қилган азоб билан ҳалок қилди!
Биринчи дарс:
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотига бораётиб Солиҳ алайҳис саломнинг қавми бўлмиш Самуд қавми яшаган Ҳижр деган макондан ўтдилар. Ўша ернинг яқинида дам олиш учун тўхтадилар. Саҳобалар Солиҳ алайҳис саломнинг қавми ичган қудуқлардан сув ичмоқчи бўлишди. Қудуқдан идишларда сув тортиб олиб қозонларга қуйиб овқат пиширмоқчи, хамир қориб нон пиширмоқчи бўлишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам буни билиб қолиб қозондаги сувларни ичмасдан тўкиб юборишни, хамирларни емасдан туяларга беришни буюрдилар. Мусулмонларнинг Аллоҳнинг азобига учраган Самуд қавми ичган қудуқдан сув ичишини истамадилар.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга аслида дин битта эканлигини, фақатгина шариат бошқа-бошқа бўлганини ўргатмоқдалар.
У зот бизга золимларнинг тириги уёқда турсин, ҳатто ўлигидан ҳам йироқда бўлишни таълим бераяптилар.
У зот бизга бу диннинг умри узунлигини, ёши анча узоққа боришини ўргатаяптилар.
Ҳақнинг юзини баъзи ҳолатларда кунлар ёпсада, унинг овозини ўчира олмаслигини, ботилнинг умри қанчалар узун бўлмасин оёқда тура олмаслигини таълим бераяптилар.
Бу ҳикоя фақатгина қозон ва хамир ҳикояси эмас, балки зулм, туғён ва куфрдан узоқда бўлиш ҳикоясидир!
Иккинчи дарс:
Сўнгра Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан туя сув ичадиган қудуқнинг олдига бордилар. Уларга туя чиқиб келадиган қояни, сўнгра қайтиб кетадиган йўлини кўрсатдилар. Бу сувдан бир кун туя ичар, бир кун Солиҳ алайҳис саломнинг қавми ичар эди. Туя сув ичадиган кунда улар туяни соғиб олишар, туя ҳаммага етадиган сут берар эди.
Аммо ношукрлик инсон табиати эканда. Улар бу неъматга шукр қилиш ўрнига, тошдан туя чиқариб мўъжиза кўрсатган Пайғамбарларини тасдиқлаш ўрнига туяни сўйиш ҳақида ўзаро маслаҳат қилишди. Бу ишнинг бошида юзида қизиллик бўлган киши турди.
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ "Муснад"ида келтиради:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуга дедилар:
- Сенга иккита энг бадбахт инсон хақида гапирайми? Бири Солиҳ алайҳис саломнинг туясини сўйган юзида қизиллик бор бўлган киши, иккинчиси сенинг мана бу ерингга урадиган киши!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб Али розияллоҳу анҳунинг бўйнига ишора қилдилар.
Учинчи дарс:
Туяни сўйишгандан сўнг Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳис саломга уч кундан сўнг бало тушишини айтиб ваҳий қилди. Учинчи куни қаттиқ овоз келиб уларнинг бари ҳалок бўлди. Фақатгина Абу Риғол исмли шахс Каъбада бўлгани учун тирик қолди. Аммо у ҳам ҳарамдан чиқиши билан Аллоҳ уни ҳалок қилди.
Тўртинчи дарс:
Аллоҳга даъват қилишнинг ҳам ўз вақти бўлади. Кунлар давом этади, алмашиниб туради. Кишилар бошқалар устида содир бўлган воқеаларни эшитишга қизиқишади. Пайғамбарлар закий бўлишади.
Мана Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам саҳобалардан иборат қўшинларини Ҳижрнинг олдидан олиб ўтаётиб буни ғанимат билмоқдалар. Уларга ҳикояни умумий қилиб эмас, тафсилотлари билан айтиб бермоқдалар.
Ёмғир ёғиши Аллоҳнинг раҳмати хақида кишиларга гапирадиган фурсатдир.
Ўлим эса Аллоҳдан ўзга ҳеч ким боқий қолмаслиги ҳақида кишиларга гапирадиган фурсатдир.
БИР ОЯТ
وَجَعَلَنِي مُبَارَكًا أَيْنَ مَا كُنتُ
Марям сураси 31-оят
Яъни, "Мени қаерда бўлсам ҳам, муборак қилди!".
Қаерда бўлишингиз муҳим эмас, қандай бўлишингиз муҳим.
Олмосни кунлар ўзгартира олмайди.
Асл инсонни мансаб, бойлик ва мартаба ўзгартира олмайди. Ифлос одам поябзал тозаловчи бўладими ёки вазирми, ифлослигича қолаверади.
Юсуф алайҳис саломга қамоқда ётганида ҳам ёнидаги маҳбуслар: "Биз сени муҳсинлардан деб биламиз!", дейишган эди. Кейинчалик тахтга чиққанида ҳам: "Биз сени муҳсинлардан деб биламиз!", дейишди.
Асл инсон қаерда бўлмасин асллигича қолаверади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТУР, БИЛДИР!
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади:
“Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдим. Олдимиздан бир киши ўтиб қолди. Мен Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга дедим:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Мен мана шу кишини жуда яхши кўраман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Унга буни билдирганмисан?
-Йўқ!
-Тур, билдир!
Мен ўрнимдан туриб унга етиб олиб дедим:
-Мен сени Аллоҳ учун яхши кўраман!
У деди:
-Мен ҳам сени Аллоҳ учун яхши кўраман!”.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга гўзал туйғуларимизни яширмасликни ўргатмоқдалар. Модомики ҳалол ва хижолатга ўрин йўқ экан, уни ифода қилишга буюраяптилар. Қолаверса муҳаббатдан хижолат бўлиш қаерда бор?! Аксинча, нафратдан хижолат бўлса бўлади. Биз эса аксинча, нафратни ошкор қилиб муҳаббатни яширамиз. Аслида нафратни яшириш лозим эди!
Бир куни Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз кимни яхши кўрасиз?
-Оишани!
-Эркакларданчи?
-Отасини!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам завжаларини яхши кўришларини унга айтишдан хижолат қилмадилар.
Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келганида қаттиқ қўрқиб Хадича онамиз розияллоҳу анҳонинг қучоқларидан паноҳ истаб: “Мени ўраб қўйинглар!”, деган эдилар.
Туйғулар инсоннинг қийматини камайтирмайди. Мана, инсонларнинг саййиди туйғуларла яшамоқдалар!
Баъзи эрлар хотинларига туйғуларини ошкор қилишни эркакликка тўғри келмайди деб ўйлашади. Ёки хотинлари олдида обрўлари камайиб қолади деб ҳисоблашади. Кишининг ўз ҳалол хотинига муҳаббатини изҳор қилишдан ортиқ мардлик ҳам бўладими?! Ахир аёлнинг қалбига муҳаббатла эга чиқилади-ку!
Баъзи оталар ҳайбатли бўлиш учун ота фарзандларига қаттиққўл, қовоғи солиқ бўлиши керак деб ўйлашади. Йўқса болалар уларни ҳурмат қилмай қўяр эмиш. Бу қаттиққўллик ва бадқовоқлик оталарни худди ҳарбий казармада яшаётгандек тартибли қилиб қўяди. Казармага айланган уйлар эса қаттиққўл уйлар бўлиб, улардан қалби қаттиқ ва руҳий нуқсони бор инсонлар етишиб чиқади. Болалар ва ўзимиз ҳақимизда Аллоҳдан қўрқишимиз лозим. Уларга бўлган муҳаббатни ошкор қилишимиз керак. Муҳаббатла яшашимиз лозим. Муҳаббатдан лаззатланиш керак. Қалбимизни энг гўзал туйғулар қабристонига айлантирмаслигимиз лозим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАҚИҚИЙ БОЙЛИК
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
"Мол жуда ширин нарса. Ким уни ўз ҳаққи билан олиб ўз ҳаққида сарфласа унинг учун мол жуда ҳам яхши ёрдамчи бўлади. Уни ҳақсиз олган киши эса худди еб-тўймас инсонга ўхшайди!".
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг "яхши ёрдамчи" деган сўзларига эътибор қилинг. Уни ёрдамчи демоқдалар. Яъни, мол василадир, ғоя эмас. У бир асбоб, маъбуд эмас.
Бойлик ҳақорат эмас, аммо бойликнинг инсонни бошқариши ҳақоратдир.
Пул топиш айб эмас. Аммо пулга хизматкор бўлиб қолиш айбдир.
Абу Бакр розияллоҳу, Усмон розияллоҳу анҳу, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳулар бой эди. Аммо уларнинг бойлиги қалбида эмас, қўлида эди. Улар бойликларини бошлари устида эмас, оёқлари остида қўйишган эди.
Ҳақиқий бойлик бутун дунёни сотиб олишингиз эмас, аксинча, бутун дунё бир бўлиб ҳам сизни сотиб ололмаслигидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎНГИЛ ОЛИШ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Сафийя бинт Ҳуяйй розияллоҳу анҳо онамизнинг ҳузурига кирганларида у йиғлаб ўтирган эди. Набий саллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Нена йиғлаяпсан?
Сафийя розияллоҳу анҳо деди:
-Ҳафса мени сен яҳудийнинг қизисан деб масхара қилди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Сен пайғамбарнинг қизисан, амакинг ҳам пайғамбар, эринг ҳам пайғамбар. У сенга нимаси билан фахр қилади?!
Маҳзунлик пайтида кишилар кўнглини олиш нақадар гўзал!
Кишилар қалби нақадар шодланади бу билан!
Аёллар қалби ниҳоятда нозик бўлади. Бир гап йиғлатса, биттагина гап саодатга кўмади.
Ҳар бир аёлнинг замирида бир гўдак бўлади. Яъни, аёл худди гўдакдек таъсирчан бўлади. Аёлнинг ёши неччида бўлмасин, меҳрга, шафқатли қучоққа, унга ҳамдард бўладиган катта қалбга муҳтож бўлади.
Унинг пешонасига лабингизла муҳр қўйинг. У сиз учун аҳамиятли эканини айтинг. Уни бағрингизга олиб сизга кераклигини, уни хор қилиб қўймаслигингизни айтинг. Унга: "Мен сен биланман, мен сен билан кучлиман, сен менга кераксан!" денг.
Ана шунда бир неча сонияда унинг юзидаги маҳзунлик булутлари тарқаб нур сочганини кўрасиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАТБИҚ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам қўй соғаётган бир кишининг олдидан ўтиб қолдилар ва унга шундай дедилар:
- Ҳой фалончи! Агар сут соғсанг қўйнинг боласига ҳам бироз қолдир. У энг яхши ҳайвонлардандир!
Биз бир пайтлар, бундан минг тўрт юз йил аввал уларга ҳайвонлар ҳуқуқини ўргатган кишиларимиз бугун бизга инсон ҳуқуқини ўргатмоқчи бўладилар.
Бугун биз динимизга енгил қарайдиган бўлиб кетдик. Бобоси салла ўраганлар, соқол қўйганлар бугун атеист...
Момоси паранжи ёпинганлар, бувиси рўмол ўраганлар бугун рўмолга қарши...
Динимизни боболаримиз ва момоларимиз каби тутмайдиган бўлиб кетдик. Ўзимизча маданиятлимиз. Динни қолоқ дея бошладик. Ҳолбуки маданиятли ва илмли бўлиб битта нина ёки тўғнағич ясай олмаймиз. Уйда хотин-қизларимизга қиладиган муомаламизни ҳайвон ҳам қилмайди...
Динимизни бир ҳайвонга берган эътиборига қаранг.
Қуддус фатҳ бўлганида шаҳар калитини қабул қилиб олиш учун халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Муҳаммад ибн Маслама розияллоҳу анҳу билан битта туя ҳамроҳлигида йўлга чиқишди. Туяга улар навбат билан минишар, гоҳида минмасдан туя дам олиши учун уни етаклаб кетишар эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу туяга оддий бир ҳайвон деб эмас, сафар йўлдоши деб муомала қилмоқда.
Бу дин татбиқ қилинганда нақадар гўзаллик касб этган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎҒЛИМНИНГ ЎЛИШИНИ ИСТАР ЭДИМ!
Муҳаммад ибн Халаф айтади:
“Иброҳим Ҳарбийнинг ўн бир ёшли ўғли бор эди. Иброҳим унга қуръонни ёдлатди, фиқҳни ўргатди. Сўнгра сал вақт ўтиб ўғли вафот қилди. Мен унга таъзия изҳор қилиш учун келдим. Иброҳим менга деди:
-Ўғлимнинг вафот қилишини истаган эдим!
Мен дедим:
-Эй Абу Исҳоқ! Сен дунё олими ва мусулмонлар фақиҳи бўлсанг. Қуръонни ёдлаган, фиқҳни ўрганган боланг ҳақида ҳам шундай дейсанми?!
Иброҳим деди:
-Ҳа! Туш кўрибман. Тушимда қиёмат қоим бўлган эмиш. Бир қанча болачалар қўлларида сув идиши билан кишиларга сув тарқатиб юришибди. Жуда ҳам иссиқ эди. Ўша болалардан бирига дедим:
-Менга ҳам сув бер!
Болача деди:
-Сиз менинг отам эмассиз!
Мен сўрадим:
-Сизлар кимсизлар?
Болача деди:
-Бизлар дунёда эрта вафот қилган болалармиз. Оталаримиз ортда қолишди. Биз уларни бу ерда кутиб олиб сув бераяпмиз!
Мен шунинг учун ўғлимнинг вафот қилишини истаганман!”.
Аллоҳ бандаларини гоҳида мусибатга ҳозирлайди. Бу ҳам Унинг раҳматидандир. Ана шунда Аллоҳнинг қадари ва мусибатлари бандаларининг елкасига тушганида улар ўзларида сабр ва матонат топишади. Оддий кечаси кўрган тушлари билан, масжидда эшитган бир мавъизалари билан ҳаётга бўлган қарашлари ўзгаради. Кўчада бир воқеани кўриб ҳаётлари тубдан ўзгаради.
Бир дўстим айтиб берган эди. У ошқозонидан шикоят қилиб шифохонага борибди. Ўзича: “Бало ҳам чўзилиб кетди, эй Роббим, қачонганча давом этади?!”, дебди. Сўнгра у ётган хонага кимёвий муолажа бериш учун бир беморни олиб киришибди. Уни вакцина кўринишида беришибди. Беморнинг ранги ўзгариб икки соатдан кейин ота-онаси кўтариб олиб чиқиб кетибди. Дўстим ўз ҳолатига шукр қилиб Аллоҳга ҳамд айтибди. Аллоҳ юборган рисолани фаҳмлабди. Бу дарс унинг ёдида қолибди. “Унинг дарди қаерда-ю, менинг дардим қаерда. Қорнимда озгина оғриқ бор эди. Бу оғриқ кимёвий муолажа олдида ҳеч нарса экан!”, деб ўйлабди.
Иброҳим Ҳарбий роҳимаҳуллоҳ ўғлига ўлимни орзу қиладиган даражада содда бўлмаган. Аммо Аллоҳ таоло унга қадар воқе бўлганида собит туришга ундайдиган рисолани туш кўринишида юборган.
Иброҳим Ҳарбий роҳимаҳуллоҳ замонасининг энг фақиҳ олимларидан эди. Буюк луғат олими Саълаб айтади: “Мен Иброҳим Ҳарбийни эллик йилдан бери луғат ва наҳв мажлисларида кўраман!”.
Абу Бакр Хатиб айтади:
“Иброҳим Ҳарбий илмда имом эди, зоҳидликда пешво эди, аҳкомларни кўра билар эди, ҳадисларни ёд билар эди, иллатли ҳадисларни ажрата билар эди, адабиётда даҳо эди, кўп луғат соҳиби эди. Ғариб ҳадислар ҳақида ва бошқа мавзуларда китоблари ҳам бор. Асли Марвдан!”.
Аллоҳнинг рисолаларига бепарво бўлманг. Аллоҳ гуноҳ қилганингизда қалбингизни безовта қилиб Ўзига қайтармоқчи бўлади. Олдингиздан жаноза ўтади, қайсидир оятни эшитасиз, уни худди ўзингизга нозил бўлгандек ҳис қиласиз, бир муносабат билан қайсидир ҳадисни эшитасиз, қайсидир беморни кўриб ўзингизни заифлигингизни ҳис қиласиз, дўстингиз хиёнат қилганида Аллоҳдан ўзга омонлик йўқлигини биласиз, суюкли инсонингиз ташлаб кетганида ҳамма ташлаб кетса ҳам Унинг сизни ташламаслигига ишонасиз. Булар аслида рисолалардир...
Аллоҳнинг олдида нақадар фақирсиз!
Аллоҳ нақадар сиздан беҳожат!
Аммо сизни юқоридаги каби рисолалар билан Ўзига қайтармоқчи бўлади!
Мана шу бахт!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЧИРАНМАНГ!
Оддий ҳаёт кечиринг. Тиришиб нима қиласиз?!
Кўрпангизга қараб оёқ узатинг. Киши кучи етмайдиган нарсага қўл чўзса яланғоч кўринади.
Бугун кўпчилик инсонлар ҳашамат ортидан югуриб ўзларини қийнашмоқда.
Ўз пулингизга олинган эски телефон қарзга олинган янги телефондан яхшироқ.
Сизни қарзга кўмадиган ҳашаматли тўйдан оддий ва камчиқим ўтказилган, сизни қарздор қилмайдиган тўй яхшироқ.
Қарзга ботиб подшоҳлардек тўй қилсангиз ҳам одамлар бир кунгина тўйингизни мақташади. Кейин тамом. Бўйнингизга жилов янглиғ илинган қарзни тўлаб юраверасиз!
Қарз олиб сафарга чиқманг. Майли сизни "бечора сафарга ҳам чиқолмайди" десинлар. Баъзилар турли умрага олиб борадиган фирмалар ҳисобидан, қарзга умрага кетишаяпти. Бир неча ой ўтиб ҳам қарзни бермасдан юрганлар бор. Ҳақдорлар сўкиб юрибди. Шу керакми сизга?!
Қарзга кийим олиб кийманг. Майли сизни "бечора янги кийим ҳам сотиб ололмайди" десинлар.
Ёдингиздан чиқмасин, зўрма-зўракилик эшикдан кириб келса хотиржамлик деразадан чиқиб кетади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЛЛОҲИМ, БУ ИККИСИГА БАРАКА БЕРГИН!
Абу Талҳа Ансорий розияллоҳу анҳунинг қаттиқ бемор бўлган боласи бор эди. Абу Талҳа розияллоҳу анҳу боғига борди. Сўнгра масжидга борди. Бу орада унинг боласи вафот қилди. Абу Талҳанинг хотини Умму Сулайм розияллоҳу анҳо болани ювдирди, кафанлантирди ва тўшагига худди ухлаб ётгандек қилиб қолдирди.
Абу Талҳа розияллоҳу анҳу кечаси қайтиб келгач, боласининг аҳволи ҳақида сўради. Умму Сулайм деди:
-У ҳар қачонгидан ҳам сокин!
Сўнгра Умму Сулайм эрига таом келтирди. Сўнгра эри хотинидан эрлар сўрайдиган нарсани сўради. Хотини унинг истагига ижобат қилди. Улар фориғ бўлишгач Умму Сулайм эрига деди:
-Энди туринг ва болангизни дафн қилинг!
Тонг отгач, Абу Талҳа розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб Умму Сулаймнинг қилган ишини айтиб берди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Кечаси бирга бўлдингларми?
-Ҳа!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларни дуо қилдилар:
-Аллоҳим! Бу иккисига барака бергин!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари баракаси билан тўққиз ой ўтиб Умму Сулайм ўғил фарзанд кўрди. Бола дунёга келгач Умму Сулайм эрига бир неча хурмо бериб деди:
-Болани Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб боринг. Таҳник қилсинлар. Боланинг қорнига илк кирадиган нарса Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сўлаклари бўлсин!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам болани қўлларига олиб Абу Талҳага дедилар:
-Сенда бирор нарса борми?
-Хурмо бор!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам хурмони олиб уни чайнаб юмшатдилар. Сўнгра уни боланинг оғзига солиб, уни Абдуллоҳ деб номладилар!
Иймон қалбга аралашиб кетса нақадар гўзал!
Умму Сулаймни бағритош аёл дея айбламанг. Аллоҳга қасамки, у иймонга лиқ тўла аёлдир. Сабрда тоғ кабидир. Ўта фаҳмли аёлдир. Ризода буюкдир. У ваҳимага тушиш вафот этган боласини қайтара олмаслигини билаяпти. Эрининг тунини барбод қилишни истамаяпти. У эри таом еб дам олишини истади. Сўнгра фарзандининг вафот этганини айтди.
Аллоҳ таоло бошқа нарсани тақдир қилди. Тирик ўликдан боқийроқдир. Динга эргашилади тамом. Мўъмина оналаримизнинг акаси ёки отаси вафот қилса улар уч кун ўтишини кутар, сўнгра ғусл қилиб, хушбўйликлар ишлатаверишар эди. Сўнгра шундай дейишар эди:
“Аслида хушбўйлик ишлатишга эҳтиёжим йўқ. Аммо мусулмон киши уч кундан ортиқ аза тутиши мумкин эмас!”.
Улар маҳзун бўлишганда ҳам хурсандчиликдаги каби ризода ва шариатда барқарор туришар эди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОЛДИН ЗАРАРНИ ДАФ ҚИЛИНГ!
Ҳалол ишни мўъмин ҳам, кофир ҳам, солиҳ ҳам, фожир ҳам, яхши ҳам, ёмон ҳам қилаверади. Аммо ҳаромдан фақатгина қалбида ихлос ва иймони бор инсон қайтади.
Тунги бар эгаси масжид қуриб бериши мумкин. Аммо унинг учун масжид қуришдан тунги барини ёпиши савоблироқдир.
Гиёҳванд моддалар сотадиган киши ифторлик қилиб мусулмонларга таом бериши мумкин. Аммо унинг учун рўзадорларга ифторлик қилиб беришдан гиёҳванд моддалар сотишни тўхтатгани яхшироқдир.
Раққоса сизга қилган ҳаж ва умралари ҳақида гапириши мумкин. Аммо унинг учун ҳаж ва умра қилишдан кўра рақс тушиб белини силкитишини тарк қилгани яхшироқдир.
Олдингилар дин деганда ҳалол ишни қилишдан кўра кўпроқ ҳаромдан қайтишни тушунишар эди.
Имом Молик роҳимаҳуллоҳнинг бир гапи бор:
"Ҳалол юз минг дирҳам садақа қилгандан кўра ҳаром бир дирҳамни тарк қилган афзалдир!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ҳақиқатдан сўрашибди:
- Ботил бош кўтараётган пайтда қаерда эдинг?
Ҳақиқат жавоб берибди:
- Унинг остида, томирини кесаётган эдим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УЯЛМАНГ
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
- Ҳамма Пайғамбарлар қўй боқишган!
Саҳобалар сўрашди:
- Сиз ҳамми эй Аллоҳнинг Расули?
- Ҳа мен ҳам. Макка аҳлига арзимаган чақалар эвазига қўйларини боқиб берар эдим!
Бошқа бир ўринда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Закарийё алайҳис саломнинг дурадгор бўлганлигини саҳобаларга айтиб берган эдилар.
Касб, ҳунар ва мансаб аслида тирикчилик ва ризқ топиш учундир, фахрланиш учун эмас. Модомики, ризқингизни ҳалолдан топаётган экансиз ишингиздан уялманг, бошингизни кўтариб юринг. Кийимингиз чиройли бўлса-ю, аммо ейишингиз ҳаром бўлса мана бу айб!
Қавариққа тўла кафтлар азизлик ва шарафга гувоҳлик беради.
Мойдан қорайган, кир бўлган қўллар дангасаликдан омонлик берадиган чекдир.
Касбингиз ҳалол экан, ундан уялманг.
Отангиз оддий ишда ишласа ва у ҳалол бўлса ундан уялманг. Уни бошингиз устига қўйинг. Сизга таом келтирган бу қўлларни ҳар куни ўпинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Иш очиқ-равшан. Ҳақиқат ойдин. Ҳодисалар устидаги туман тарқаяпти. Аллоҳ таоло душманга қарши курашиш билан кимнидир азиз қилади, ёрдам беришга имкони бўлатуриб бўш фалсафа сотиб ўтириш билан эса кимнидир хор қилади. Аллоҳ таоло дини учун ҳар асрда энг покиза кишиларни сайлаб олади...
Ғазога саломлар бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Хонадонимиздаги файз ва нурнинг манбасини билмайман. Эҳтимол бу нур манбаси отажоним ҳамда онажонимдирлар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Уйланиш эса Аллоҳ таолонинг ўзимиздан жуфтимизни яратиш неъмати ҳақида кишиларга сўзлайдиган фурсатимиздир.
Янги чақалоқ туғилиши Аллоҳнинг фазли, марҳамати ва шукри ҳақида гапириш фурсатидир.
Мусибатлар Аллоҳнинг қудрати, ғазаби ва сабрнинг фазилати ҳақида гапириш фурсатидир.
Ой тутилиши, қуёш тутилиши коинотдаги ҳамма нарса Аллоҳнинг қўлида эканлиги ҳақида гапириш фурсатидир.
Байрамлар эса исломдаги байрамлар тоатлар билан ёнма-ён туриши ҳақида гапириш фурсатидир. Рамазон ҳайити рўзадан кейин келади. Қурбон ҳайити ҳаждан кейин келади.
Насиҳатнинг вақтини ва мазмунини танлаш лозим. Тўйда кишиларга ўлим ҳақида гапирилмайди. Ўлик чиққан хонадонда тўйдан гапирилмайди. Зийрак бўлишимиз лозим. Ҳар гапнинг ўз жойи бор!
Бешинчи дарс:
Каъбани Иброҳим алайҳис саломдан олдин Фаришталар қуришган. Рожиҳ қавлга кўра у Нуҳ алайҳис саломнинг давридаги тўфонда вайрон бўлган. Аммо бино бузилган бўлсада, макон буюклигича қолаверган. Унинг қолган пойдевори устидан Иброҳим ва Исмоил алайҳис саломлар Каъбани қайта қуришган.
Самуд қавми Иброҳим алайҳис саломдан олдин ўтган. Абу Риғол ўша пайтда Каъбанинг тўфондан қолган пойдевори яқинида бўлган. Шунинг учун офатдан омон қолган.
Эътибор берайлик, Аллоҳ таоло агар Абу Риғолни Каъбада бўлгани учун бошқалар каби ҳалок қилмаган бўлса У бизга Каъбанинг ҳурмати борлигини, уни ва унинг ичидагини риоясини қилишимиз лозимлигини ўргатаяпти.
Модомики Аллоҳ у маконда бир бадбахтни саломат қолдирган бўлса биз у ердаги мўъминларга азият бермаслигимиз керак бўлади. Каъба атрофида аёллар ҳам кўп бўлади. У ер шилқимлик қиладиган жой эмас.
Тавба қилганлардан бири шундай дейди:
"Тавбамга бир аёл сабаб бўлган. Каъба атрофида бир аёлга тегажоқлик қилдим. У менга шундай деди:
- Ҳой сен! Бу ерга бошқа жойларда қилган гуноҳларимизни ювгани келдик. Бу ерда қилган гуноҳингни қаерда ювасан?!".
Бу макон ҳатто ҳақ йўлида машҳурлик учун, кишилар мақтасин учун бориладиган жой эмас. Ботилга-ку умуман у ерда жой йўқ!
Бир пайтлар битта аҳмоқ машҳурлик учун замзам қудуғига бавл қилган эди.
Каъба ғазалхонлик қиладиган, масхарабозлик қиладиган жой эмас.
Бу борада Умавийлар давридаги шоир Умар ибн Аби Рабиъа билан қизиқ воқеа бўлган. Бир гўзал аёл Маккага ҳаж қилгани келди. Шайтонга тош отиш жойида уни Умар ибн Аби Рабиъа кўриб севиб қолди. Унинг йўлини тўсди. Аёл жавоб бермади. Кеч кирганида яна аёлнинг йўлини тўсди. Аёл бақириб деди:
- Йўқол аҳмоқ! Биз Аллоҳнинг ҳарамидамиз!
Учинчи кун бўлганида аёл унинг яна йўл тўсишидан қўрқиб акасига деди:
- Ака юринг, менга маносикларни ўргатинг!
Аёлнинг акаси билан келаётганини кўрган Умар ибн Аби Рабиъа унинг йўлини тўсмади ва қуйидаги байтни ўқиди(насрий баёни):
"Бўрибосар ити йўқ кишиларга бўрилар тажовуз қилади. Шерлар айланиб юрган жойдан улар қўрқишади!".
Халифа Абу Жаъфар Мансур бу ҳикояни эшитиб шундай деган экан:
"Қурайшнинг барча қизларига шу хабар етиб боришини истаган бўлар эдим!".
Каъба сиёсий келишмовчиликларни бартараф қиладиган, қон тўкадиган жой эмас. Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий шундай қилган эди. Хуллас ҳикоя бундай:
Язид ибн Муовия отасидан халифаликни мерос олганидан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу унга қарши чиқди. Язид вафот қилганидан кейин унинг ўғли четлатилди. Халифаликка Марвон ибн Ҳакам чиқди. Бу пайтда Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг иши анча катталашиб Ҳижоз, Яман, Хуросон ва Ироқда нуфузи ошган эди. Бу орада Марвон ибн Ҳакам вафот қилиб унинг ўрнига ўғли Абдулмалик ибн Марвон халифа бўлди. Абдулмалик ибн Марвон Шомликлардан сўради:
- Сиздан ким Абдуллоҳ ибн Зубайрни ишини тугатади?
Ҳажжож ибн Юсуф деди:
- Мен эй мўъминлар амири!
Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни Каъбада етти ойга яқин қамал қилди. Ҳажжожнинг Аллоҳга бўлган журъати шу даражага етдики, ҳатто Каъбани манжаниқ билан ўққа тутди. Унинг атрофидан одамлар тарқаб кетди. Абдуллоҳ ибн Зубайр онаси Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳонинг олдига кириб деди:
Ҳўкизнинг кўз ўнгида бошқа бир ҳўкизни сўйсангиз ҳам индамасдан тураверади. Аммо қорни очса додлаб атрофни қоматга келтиради!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МУРСИЙ
Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсийнинг ўғли Усома ёзади:
"Бир куни отам ишдан ниҳоятда чарчаб, толиқиб келдилар. Онам у кишига яхши, тансиқ бир овқат тайёрлаб қўйган эдилар. Аммо дадам овқатни емасдан онамга дедилар:
- Тузли пишлоқ билан бироз қотган нон бер!
Онам дедилар:
- Овқатни есангизчи! Бу сизга қувват бўлади!
Дадам дедилар:
- Бугун бир болакайнинг чиқинди қутисини титиб овқат топиб еяётганини кўрдим. Унга овқат беришларини тайинладим. Халқим ичида чиқинди қутиларини титкилаб овқат қидирадиганлар бор экан, мен қандай қилиб яхши овқатларни ейман?!
Онам дедилар:
- Аммо мен сизга президент бўлишингиздан, одамларга бош бўлишингиздан олдин тайёрлайдиган овқатни тайёрлаган эдим. Олдин ер эдингиз-ку!
Отам дедилар:
- Аммо бугун одамлар менинг гарданимда!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎПАЙТИРИБ ЮБОРДИНГИЗ!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули Аслам айтади:
“Умар ибн Хаттоб билан бозорга чиқдим. Умарнинг олдидан бир ёш аёл чиқди ва деди:
-Эй мўъминлар амири! Эрим вафот қилиб ёш болалар билан қолдим. Болалар ҳали оёққа тургани йўқ. Соғиб ичишга чорвамиз, ейишга овқатимиз ҳам йўқ. Болаларимни сиртлон еб қўйишидан қўрқмоқдаман. Мен Хуфоф ибн Иймо ал-Ғифорийнинг қизи бўламан. Отам Ҳудайбийяда иштирок этган!
Умар розияллоҳу анҳу ўша ерда тўхтаб қолди. Сўнгра деди:
-Марҳабо, хуш келибсан эй аслзода!
Сўнгра Умар розияллоҳу анҳу уйига бориб боғлиқ турган туяга икки қоп озиқ-овқат ва кийим-кечак тўлдирди. Сўнгра етаклаб аёлнинг олдига келди. Туянинг жиловини унга берди ва деди:
-Буни уйингга олиб бор. Булар тугагунича Аллоҳ сизга бирор-бир яхшилик берар!
Аёл туяни етаклаб кетди. Шунда мен Умар розияллоҳу анҳуга дедим:
-Эй мўъминлар амири! Кўп нарса бериб юбормадингизми мабодо?!
Умар розияллоҳу анҳу деди:
-Онанг сени йўқотсин эй Аслам! Аллоҳга қасамки, мен унинг отаси билан акасини фалон қалъани қамал қилишда иштирок қилганини кўрганман. Сўнгра биз уни фатҳ қилдик. Улар шаҳид бўлишди. Ўлжадан эса биз манфаатдор бўлдик!
Табиийки, бу аёл ҳам бошқалар каби байтулмолдан ўз улушини олар эди. Чунки Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу девонлар очиб қўйган эди. Кишиларга бу девонлар ўз ҳаққини давлат томонидан тўлиқ қилиб бериб турар эди. Аммо бу аёл бева, боқувчиси йўқ эди. Эри унга боғ ёки чорва қолдирмаган. Девондан бериладиган нафақа унга етмас эди.
Қонунан олиб қараганда унинг бошқалардан ортиқ олишига ҳаққи йўқ эди. Умар розияллоҳу анҳу бу борада ҳатто ўзи ва оиласига ҳам қаттиққўл эди. Қолганларга-ку сўраманг. Аммо шу билан бирга Умар розиялдлоҳу анҳу гўзал хулқли, вафоли ва сахий инсон эди. Нега бундай бўлмасин?! Ахир у Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мадрасаларини битирган-ку! Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам эса: “Гўзал аҳд иймондандир!”, деганлар
Умар розияллоҳу анҳу аёлнинг насабини билгач, унинг оиласининг фазилатини англади, марҳабо деди, насабини мақтади, берадиганини берди ва ҳар сафар унга етарли мол бериб туришини айтди!
Аслам Умар розияллоҳу анҳу аёлга кўп нарса бериб юборганини кўриб: “Намунча кўп?”, деганида халифа ғазабланди ва аёлнинг отаси ва эри Аллоҳ учун мужоҳидлар сафида бўлганини, улар фатҳ қилган диёрдан бугун байтулмолга кўп мол оқиб келаётганини айтди. Нега энди бошқа мусулмонлар у аёлнинг отаси ва акасининг хизматидан еб турганда бу аёлга бермаслиги керак?!
Асл инсон бошқаларнинг қадрини билиб уларнинг ҳурматини жойига қўяди. Бугун бир қавмнинг каттасига дунё вафосизлик қилиб турганида асл инсон унга вафо қилади. Унинг юзини сувини тўкилишдан сақлаб қолади, хатоларини кечиради. Ўтмишини эсдан чиқармайди. Унинг оиласини фазлини эътироф қилиб, олдинги ҳолатларини эсга олади. Асл инсон бўлайлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИМОМ ҲУСАЙННИ ЁЛҒИЗ ҚОЛДИРИШДИ!
Муҳаррамнинг ўнинчи куни бизга ўзи билан ҳар йили умид билан бирга ғуссаларни ҳам кўтариб келади. Мана шу кунда Аллоҳ таоло Фиръавн ва унинг лашкарларини қандай ҳалок қилганини эслаймиз. Мусо алайҳис салом бошчилик у зотнинг қавмига нажот берганини ёдга оламиз. Шуни тушунамизки, Аллоҳ таоло золимларни куч-қувватга тўлган пайтида ҳалок қилишга қодир экан!
Бу кунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли, тақводор, покиза ва шаҳид набиралари имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг сўйилганини эслаймиз. Бу тарихдаги энг жирканч кунлардан бири бўлган эди!
Аммо Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бу йил ўзгача келмоқда. Гўё унинг ҳодисалари кўз ўнгимизда такрорланаётгандек. Мен тарихдаги энг чуқур жароҳатни назарда тутмадим. Унинг сабабларига ҳам тўхталмайман. Ривоятларни бир-биридан ортиқ ёки кам деб солиштирмайман ҳам. Биз ҳаммамиз ихтилоф қилмайдиган натижанинг ўзи бизга етади. Натижа шу эдики Ҳусайн розияллоҳу анҳу бу кунда шаҳид бўлган эди!
Ғазо бугун ҳар томонлама мазлум ҳолда шаҳид этилган Ҳусайн розияллоҳу анҳуга ўхшайди. Ғазо кибру-ҳаво ва димоғдорлик учун жангга чиқмади. Балки, ўзидан зулмни даф қилиш учун жангга чиқди. Қўлидан келганича Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларини ислоҳ қилиш учун чиқди.
Ғазо кўп томонлама Ҳусайн розияллоҳу анҳуга ўхшайди. У ҳам бизнинг кўз ўнгимизда ёлғиз сўйилмоқда. Унинг қотили бизнинг қўшинимизни ҳар томондан ўраб олган. Ҳеч ким ҳеч нарса қила олмаяпти.
Ғазо кўп томонлама Ҳусайн розияллоҳу анҳуга ўхшайди. У ҳам покиза, тоза. Биздан бирор киши уни динида айблай олмайди. Аммо бу бизнинг Ғазони ёнида туриб унинг бошини кесмоқчи бўлаётган Тел-Авивга қарши курашишга ундай олмаяпти.
Ғазо кўп томонлама Ҳусайн розияллоҳу анҳуга ўхшайди. Уни ҳам ёрдамсиз қолдирди бу уммат. Ёрдамсиз қолиш ҳақ устидаги инсонларга зарар бермасада, таъми жуда ҳам аччиқ. Ёрдамсиз қолдириш ёрдамсиз қолдираётганларга зарар беради. Ҳусайн розияллоҳу анҳу жаннатдадир. Ғазо ҳақни ғолиб қилмоқчи бўлаётган тоифадир. У душманининг адабини бермоқда. Уни кишилар ёрдамсиз қолдиришини минг тўрт юз олдин Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар. Бу хабар аслида хушхабар. Ёрдамсиз қолиш уларга зарар бермаслигини айтганлар Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам. Улар Аллоҳнинг амри келгунича боқий қолишади. Аммо ёрдамсиз қолдирганлар гуноҳкор бўлиб қолаверишади!
Ғазо кўп томонлама Ҳусайн розияллоҳу анҳуга ўхшайди. У ҳам оч ва чанқоқ ҳолда қатл қилинмоқда. Унинг фарзандларининг суяклари очликдан бўртиб чиққан. Қарияларнинг эса томоқлари сувсизликдан қуриб қолган. Аёлларининг ичаклари бўш!
Ғазо кўп томонлама Ҳусайн розияллоҳу анҳуга ўхшайди. Унинг адолатли муаммоси, буюк мақсади, шарафли ҳаракати ва улуғ жанги бор. У курашни Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ўрганган. Уни ўлдиришлари уёқда турсин, ҳатто ёрдамсиз қолдиришлари ҳам ақлига келмаган. Ғазо муаммолардаги адолат уни ёрдамсиз қолдиришдан маъсум эмаслигини англади. Тарихда бир марта содир бўлган ҳодиса яна такрорланиши мумкин экан. Шунинг учун кийими билан эмас, қиличи билан чиқди. Бизнинг гумонимизда унга ёрдам бермаслик ғолиб экан, унинг ўзига хос лашкари, иззатга чўмган қўшини бор. Ғазо Ҳусайн розияллоҳу анҳу каби ҳур инсонлар қатл қилинишини билганидан сўнг оёқларида тик туриб ҳалок бўлишни танлади. Уларга саломлар бўлсин!
Эй Муҳаррам ойининг ўнинчисида Фиравнни ҳалок қилган зот! Ғазо аҳлини қатл қилаётганларни Ўзинг қатл қил. Ғазога қарши тил бириктирганларни Ўзинг қатл қил!
Эй Мусо алайҳис саломга нажот берган Зот! Ғазо аҳлига нажот бер!
Эй Ҳусайн розияллоҳу анҳу билан биродарларини шаҳидлар буюги сафида ёзган зот! Ғазо аҳлини улар билан бирга қил!
Бугун Ғазонинг ҳар-бир бўлаги Карбалодир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
قَالَ سَآوِي إِلَىٰ جَبَلٍ يَعْصِمُنِي مِنَ الْمَاءِ ۚ
Ҳуд сураси 43-оят
У (ўғил): "Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлаб қолади!", деди.
Пайғамбар Нуҳ алайҳис саломнинг уйида тарбияланган ўғил кофир ҳолида тўфонда ҳалок бўлди.
Фиръавннинг хонадонида тарбия топган болакай Мусо алайҳис саломнинг асоси денгизни иккига бўлинишига сабаб бўлди!
Демак, қаерда яшашимиз эмас, қандай яшашимиз аҳамиятлидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
СИЗЛАРНИНГ ЯХШИЛАРИНГ...!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
“Сизларнинг яхшиларинг менинг аҳлимга яхшилик қиладиганларингдир!”.
Саҳобаларнинг яхшилари бу дарсни яхшилаб ёдлаб олишди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу девонлар ташкил қилганида кимга қанча маош бериш учун рўйхат тузди. Байтулмолдан энг баланд маошни мўъмина оналаримизга берди. Улардан Аллоҳ рози бўлсин!
Ундан кейин Расуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оли байтларига, ундан кейин муҳожир ва ансорлардан Бадр жангига қатнашган катта саҳобаларга, ундан кейин фатҳдан олдин исломга кирганларга, ундан кейин бошқа саҳобаларга тайинлади!
Мусулмонларга қаҳатчилик ва қурғоқчилик етганида Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу улар билан ёмғир сўраш учун саҳрога чиқди. Олдига Аббос ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳуни чақириб дуо қилди: “Эй Роббим! Олдинлари Набиййингни васила қилиб ёмғир сўрар эдик. Бугун Сендан Набиййингнинг амакисини васила қилиб ёмғир сўрамоқдамиз!”.
Саҳобаларнинг аҳли байтга бўлган муҳаббати мана шунақа эди. Ёлғон тарихларига ишонманг. Уларнинг эътиқоди бузуқлиги ҳақидаги бўлмағур ривоятларга ишонманг. Аҳли байтнинг ҳам саҳобаларни ёмон кўргани ҳақидаги гапларни тасдиқламанг.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу саҳобалар ичида энг бой саҳобалардан эди. У ўзининг бир боғини тўрт юз минг дирҳамга сотиб пулини мўъмина оналаримизга тақсимлаб берди. Бу пулнинг икки юз дирҳами закот нисоби бўлади.
Умму Бакр бинт Мисвардан ривоят қилинишича, Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу бир ерини Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуга қирқ минг динорга сотиб пулини Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тоға уруғлари Бани Зуҳрага ва мўъмина оналаримизга тарқатиб берди. Динор бу тилла танга.
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу Мисвардан Оиша розияллоҳу анҳога насибасини бериб юборди. Оиша розияллоҳу анҳу сўради:
-Буни ким бериб юборди?
-Абдурроҳман!
Оиша розияллоҳу анҳу деди:
-Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам менга айтган эдилар: “Мендан кейин сизларга фақат собирлар меҳр кўрсатади! Аллоҳ Абдурроҳманни жаннатдаги салсабил суви билан сероб қилсин!
Араблар айтганидек, вафо ноёб нарсадир. Асл инсонлар суюкли инсонлари вафот қилса улар яхши кўрганларни ҳам муҳофаза қилишади. Севган кишиларингиз сизга кимларни ташлаб кетганига эътиборлироқ бўлинг. Яқин дўстингиз вафот қилса унинг оиласидан хабардор бўлиб туринг. Уларга таянч бўлинг. Онангиз вафот қилганида унинг дугоналаридан хабар олиб туринг. Отангиз ўтиб кетганида унинг дўстларининг кўнглини олинг!
Бир болакай ҳақида ўқиган эдим. У шундай ёзган эди: “Кичиклигимда отам ўтиб кетдилар. Велосипед сотиб олишни истар эдим. Аммо пулим йўқ эди. Онам отамнинг бир суратлари ортига: “Агар бирор нарсага ҳожат сезсангиз мана шу дўстимга қўнғироқ қилинглар!”, деб бир номерни ёзиб кетганларини айтиб қолдилар. Онам дардини бировга айтадиган аёл эмас эдилар. Аммо мен кичиклигим учунми, онамга билдирмасдан ўша номерга телефон қилдим ва дедим: “Сиз мени танимайсиз. Аммо отам суратлари орқасига: “Бирор нарсага эҳтиёж сезсангиз мана шу номерга телефон қилинглар!”, деб сизнинг номерингизни ёзиб кетган эканлар. Мен фалончининг ўғлиман. Велосипедим бўлишини истайман!”.
Ўша куни қуёш ботмасидан у киши янги велосипед билан уйимизга келиб велосипедни берди. Сўнгра онамга бироз пул ҳам бериб деди: “Синглим! Хотиржам бўлинг, Аллоҳнинг изни билан ҳар ой сизларга шунча пул келиб туради!”.
Мана вафо!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ГУРУҲ-ГУРУҲ БЎЛИБ!
Имом ибн Жазарий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Устозларимдан бири айтиб берган эди. Ибн Қилол роҳимаҳуллоҳ кимга қироатларни ўргатса унга ижоза бермас, фақатгина бир миқдор пул эвазига ижоза берар экан.
Бир киши узоқ диёрдан унинг олдига қуръон қироатларини ўргангани келади. Барча қироатларни ўрганиб бўлгач, устоздан ижоза беришини сўрайди. Ибн Қилол ундан пул сўрайди. Ҳалиги киши ниҳоятда фақир эди. Унга пулни тўлаш жуда машаққатли эди. Қалби синган холда ҳужрасига қайтиб келади ва ўша кеча нихоятда ғам ва ташвиш билан ухлайди. Тушида Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўради. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан ҳол сўрайдилар. У бўлган воқеани айтиб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дейдилар:
"Хафа бўлма, зарари йўқ. Эртага унинг олдига бориб: "Гуруҳ-гуруҳ бўлиб!", дегин.
Эртаси тонг отгач, шайхнинг олдига бориб бўлган воқеани гапириб беради. Шайх: "Эй болам! Тўғри айтдинг!", деб йиғлайди, қилган ишларига истиғфор айтади. Сўнгра қироат ўргатган шогирдларидан бундан кейин ҳеч нарса олмасликка аҳд қилади ва мусофирга ижоза беради.
Шайхдан кишилар нима гаплигини тушумасдан тушунтириб беришини сўрашади. Шайх дейди:
- Бир куни қуръон ўқиётган эдим. Аллоҳ таолонинг: "Сўнгра бу китобни Ўз бандаларимиздан танлаб олганларимизга мерос қилдик....!", деган оятдан токи: "Улар Адн жаннатига кирадилар!", деган жойигача ўқидим.
Ичимда улар жаннатга қандай кирар экан? Бирданигами ёки битта-биттами?-деб ўйладим. Сўнгра ухлаб қолибман. Тушимда Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўрдим. У зот менга:"Гуруҳ-гуруҳ бўлиб!", дедилар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАЛАМ ҚУРИГАН!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
"Жаброил менинг қалбимга ташлади:
Банда ризқини олмагунича дунёдан ўтмайди. Аллоҳдан қўрқинглар, ризқни гўзал услубда қидиринглар. Ризқингизнинг кечикиши сизни уни Аллоҳга исён қилиб топишга ундамасин. Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсалар Унга итоат билан топилади!".
Инсонни энг кўп ташвишлантирадиган нарса ризқдир. Ҳолбуки бандалари ризқларини дунёга келишларидан олдин Аллоҳ уларга битиб қўйганини, сиёҳ қуриганини ҳам билишади.
Аллоҳ таоло фақирлиги учун эмас, бандасини синаш учун ризқини кечиктиради. Унинг хазинаси тугамайди. Саховатининг чеки йўқ.
Азиз сингилларим! Ҳижобни ташлаб сочларимни, бўйинларимни кўрсатсам менга совчи келади деб ўйламанг. Турмуш ўртоғи ҳам ризқ. Шимолий қутбда бўлсангиз ҳам ризқингиз эшигингиз остонасига боради.
Чақимчилик, фитналар билан мансабингизни кўтаришга ҳаракат қилманг. Мансаб ва маош ҳам ризқдир. Ўзингизникини албатта оласиз.
Ҳатто ҳаром йўл билан олган ризқимизни сабр билан ҳалол йўл билан олишимиз мумкин.
Аммо ҳаром билан топилган ризқда барака бўлмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov