РАҲМАТ
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир гуруҳ аъробийлар келишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларида набиралари Ҳасан розияллоҳу анҳу бор эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни эркалаб ўпдилар. Аъробийлар ажабланиб сўрашди:
- Сизлар болаларингизни ўпасизларми?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ҳа!
Аъробийлар дейишди:
- Аллоҳга қасамки, бизлардан ҳеч биримиз бу ишни қилмаймиз!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аллоҳ таоло сизнинг қалбингиздан раҳматни суғуриб олган бўлса мен нима қила олар эдим!
Фарзандларингиз сизни тўлиб-тошган муҳаббатингизни хотирлашади.
Улар сиз олиб берган уй жиҳозларини, қиммат машинани, мазали таомни эслашмайди.
Улар ҳаёт уларни синдирганида уларни суяган елкани хотирлашади...
Улар мактабдан ёмон баҳо олиб келганида уларни қучоқлаб уларга берган ёрдамингизни хотирлашади...
Турмушидан ажралган қизингизни кўчага итармасдан қучоғингизга олганингизни хотирлайди қизингиз...
Машаққатли пайтларда уларни юпатиб, уларга далда бўлиб айтган илиқ гапларингизни хотирлашади...
Улар уйқудан олдин уларга айтиб берган ҳикояларингизни эслашади...
Уларнинг қалбини сотиб олиш учун ҳаётнинг жиддий қоидаларини баъзида синдириб туринг.
Бундан бошқаси унутилиб кетади. Юмшоқ бўлаверинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бора-бора арзимас сабаблар билан буюк ғояларга етиб бўлмаслигига ишониб бормоқдаман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
فَادْخُلُوا أَبْوَابَ جَهَنَّمَ خَالِدِينَ فِيهَا ۖ فَلَبِئْسَ مَثْوَى الْمُتَكَبِّرِينَ
Наҳл сураси 29-оят
Яъни, "Бас, жаҳаннам эшикларидан, унда абадий қолгувчи бўлган ҳолингизда киринг! Бас, мутакаббирларнинг қайтар жойи қандоқ ҳам ёмон!".
Жисмлар бемор бўлгани каби қалблар ҳам бемор бўлади. Жисмларни даволаш қалбларни даволашдан осонроқдир.
Қалб йўлиқадиган беморликларнинг энг ёмон кибрдир.
Кибр бу инсон ўзини ўзгалардан афзал деб билмоғи ва ҳақни қабул қилмаслигидир. Бунинг сабаби бойлик бўлиши мумкин, мансаби бўлиши мумкин, мартабаси бўлиши мумкин...
Ҳеч қандай сабабсиз ҳам кибр бўлиши мумкин. Бу энг ёмонидир.
Ҳадисда келишича, қалбида зарра миқдорича кибри бор инсон жаннатга кира олмайди.
Салафи солиҳларимиз ўзларида кибрнинг, катталикнинг белгиларини сезишса дарров уни муолажасига киришишган.
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳу бой эди. Уни кишилар бозорда сотгани бир боғ ўтин кўтариб юрганини кўриб сўрашди:
- Сен бой эдинг-ку! Нега ўтин кўтариб юрибсан?
Абдуллоҳ деди:
- Тўғри, пулим кўп, аммо қалбимдан кибрни бутунлай қўпориб ташлашни истаяпман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЧАРЧАМАНГ!
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Улар "Аллоҳ, Аллоҳ", деяверишди ва ниҳоят Аллоҳ уларнинг дуосини қабул қилди!".
Аллоҳим! Ўзимиз ҳаққимизда, аҳбобларимиз ҳаққида қилган ва қилаётган дуоларимизни қабул қилгин. Ғазо ҳақидаги ҳожатларимизни раво қилгин, орзуларимизга етказгин. Мусулмон диёрларидаги ҳар бир жароҳатли қалбга Ўзинг даво бергин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
وَسَارِعُوا إِلَىٰ مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
Оли Имрон сураси 133-оят
Яъни, "Роббингиздан бўлган мағфиратга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг!".
Шошилинг! Чунки ўлим кутиб ўтирмайди.
"Эртага тавба қиламан"...
"Эртага ўқишни тартибга соламан"...
"Эртадан парҳезни бошлайман"...
"Эртадан қуръон ёдлашни бошлайман"...
"Эртага фалон беморни бориб кўраман"...
Эрта келади, аммо биз бирорта ҳам мақсадимиз сари ҳаракат қилмаган бўламиз.
Узун орзулар ҳақида эса асло сўраманг. Худди ўлмайдигандек орзулар, режалар қилаверамиз...
Ўрни келганида шуни айтай, бир неча дақиқа олдин вафот этганларнинг ҳам юқоридаги каби режалари, орзу-умидлари бор эди.
Шошилинг, чунки беғам бўлиш сизга жуда қимматга тушиши мумкин.
Санобуҳий айтади:
"Ямандан Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриш учун сафарга чиқдик. Мадинага етиб келганимизда бизга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафот этганларига беш кун бўлганини айтишди!".
Беш кун кечикиш уларни саҳобалик бахтидан жудо қилди.
Шошилинг! Кечикиш бизни жаннатдан маҳрум қилиб қўйиши мумкин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бизга институт ва университетларни беришди, аммо фарзандларимизни тортиб олишди!
Муҳаммад Моғут
---------------
Ким қандай тушунди шу жумлани?
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Энг оғриқли нарса кечаси қалбингда бошқаларга айта олмайдиган дард билан ёстиққа бош қўйишингдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САЛОМЛАР БЎЛСИН!
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам қалб юмшоқлининг муҳимлигига саҳобаларнинг эътиборини тортиш учун шундай дедилар:
"Жаннатга шунақанги инсонлар кирадики, уларнинг қалби худди қушларнинг қалбидек бўлади!".
Мен айтаман:
Аллоҳ кимга юмшоқ қалб берган бўлса унга жуда кўп неъмат берилгандир.
Кишиларга азият бермаслик учун сўзларини териб гапирадиганларга саломлар бўлсин!
Юмшоқ, хушмуомала, ғазаби секин келиб тез кетадиган, тез рози бўладиган кишиларга саломлар бўлсин!
Сотганида, сотиб олганида, талаб қилганида бағрикенг бўлганларга саломлар бўлсин!
Қаерда тушса наф берадиган ёмғир каби бўлганларга саломлар бўлсин!
Кишилар орасида кўнгил кўтариш, кишилар қалбини шод қилиш, кўнгил олиш учун юрадиганларга саломлар бўлсин!
Кишиларнинг эҳтиёжини ўрганиб, миннат ва озорсиз саховат қиладиганларга саломлар бўлсин!
Кишилар эҳтиёжи тушганда уни қидирадиганларга, жароҳатларини унга ишонадиганларга саломлар бўлсин!
Танг аҳволда қолганларга паноҳ бўладиган, хавфда турганларга омонлик бўлган, маҳзун қалбларга тасалли бўладиганларга саломлар бўлсин!
Хуллас, инсонларга бўлган муҳаббати ила Аллоҳга ибодат қиладиганларга саломлар бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Умавийлар қулагандан сўнг улардан сўрашган экан:
- Сизнинг давлатингиз қандай завол топди?
Улар жавоб шундай жавоб беришган экан:
- Душманларнинг муҳаббатини умид қилиб ўзимизга яқинлаштириб юбордик. Дўстларни эса садоқатига кафил бўлиб узоқлаштириб юбордик. Биринчисидан хиёнат кўрдик, иккинчисидан вафосизлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎҒИРЛАБ ОЛГАН ЧОПОНИ ДЎЗАХДА УНИНГ УСТИДА ЁНАЯПТИ!".
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Мидъам номли озод қилган қуллари бўлар эди. Хайбар фатҳида Мидъам Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга иштирок этди. Қайтишда қаердандир дайди ўқ келиб унга тегди ва у вафот қилди.
Кишилар: "Шаҳидлик муборак бўлсин, шаҳидлик муборак бўлсин!", дейишди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Унинг ўғирлаб олган чопони дўзахда унинг устида ёнмоқда!".
Баъзилар айнан бир кишининг молини ўғирламаслиги мумкин, аммо омманинг молини ўғирлайверади. Ҳолбуки омманинг моли ҳар бир кишининг молидир.
Истироҳат боғларидаги ўриндиққа талофот етказиш аслида ҳамманинг мулкига талофот етказишдир. Куни келиб ҳамманинг олдида жавоб беришига тўғри келади.
Умумий кутубхоналардан китоб ўғирлаш ҳамманинг мулкини ўғирлашдир. Куни келиб ҳамманинг олдида жавоб беради.
Халқнинг пулини бўлар-бўлмас фестивалларга, қаердаги халққа манфаати бўлмаган ишларга сарфлаш, ёки уни ўзлаштириб юбориш ҳаммага хиёнат аслида. Ҳар-бир киши олдида жавоб беради бу ишни қилаётганлар.
Келишувга хилоф равишда нафси учун таниш-билиш орқали ҳужжатини қилиб умумий жойларда кўп қаватли уй, йўл, кўприк ёки қандайдир қурилиш қуриб олиш ҳамманинг молига хиёнатдир. Қиёматда ҳаммага бир-бир ҳаққини беради.
Аллоҳ таоло Ўзининг ҳаққида қилинган гуноҳлар учун эҳтимол раҳм қилар. Зеро У Раҳимдир.
Аммо ўзгалар ҳаққида қилинган жиноятларда Аллоҳ Одилдир. Албатта ўзгаларнинг ҳаққини олиб беради қиёматда!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАЪНА
Бир киши масжид олдидан ўтди. Унинг ёнида камон ўқлари бор эди. Уни кўрган Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай дедилар:
- Камон ўқларининг тиғидан ушлаб ол!
Кишиларга жароҳат етказиши мумкин бўлган ҳар қандай тиғли нарсани тиғидан ушлаб кишиларга озор етказмайдиган ҳолатда юриш Пайғамбарлар тарбиясидир.
Шу нарсани унутмаслигимиз лозимки, тилимизнинг тиғи камонникидан ўткирроқдир. Аммо кўпчилик бундан ғофилдир.
Бундан ўттиз йиллар олдин бир дўстим мени "фақир" деб кўпчилик ичида камситган эди. Сўнгра келиб ўзимдан кечирим ҳам сўраган. Мен кечирдим деганман. Аммо қалбимдан ҳали ҳам қон томчилайди...
Гоҳида тилдан етган жароҳат тиғникидан ҳам ёмонроқ бўлади. Тиғнинг жароҳати вақт ўтиб битиб тузалиб кетади. Аммо тилнинг жароҳатидан қалбдан доим қон оқиб туради.
"Нега ҳалигача уйланмадинг?!". Бу саволми ёки таъна?
"Нега ҳалигача турмушга чиқмадинг?!". Бу сўроқми ёки шапалоқми?
"Нега ҳалигача уй жиҳозларингиз эски?!". Бу уларга ачинишми ёки уларнинг сабрини вайрон қилишми?
"Нега фақат эски кийим кийиб юрасан?!". Бу муҳаббатми ёки ғаламисликми?!
"Нега ҳамма умрага борди, сен бормаяпсан?!". Бу меҳрибонликми ёки бефаҳмлик?
Таънанинг шакли кўп. Аҳмоқона савол шулардан биридир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҒАЗО МАДРАСАСИ
Ғазо нафақат минтақа, балки бутун дунёнинг устозидир. Ундан ўрганиш учун ҳамма унинг олдида тиз чўкади.
Ғазо бутун дунёга ким бир ишни истаса унга қодир бўлишини ўргатди. Ишлар имкониятларга эмас, балки иродага боғлиқ экан. Демак ирода бўлса мўъжизалар содир бўлаверар экан.
Ғазо бутун дунёга машаққатлар инсонни тарбиялашини, қийин кунлар кишини сайқаллашини, болалар вақтидан илгари катта бўлиши мумкинлигини ўтгатди. Биз болаларнинг мурғак тилидан катта инсонларнинг жумлаларини эшитдик.
Аёллар Хансоларга, саҳобийяларга ўхшаши мумкин экан. Улар сабрда, фидокорликда, Аллоҳ учун хизмат тақдим қила олишда саҳобийялардан кам эмаслигини кўрсата олишди.
Эркакларни эса кунлар парчалаганида тоғларга айланишди. Тоғларни ким қулата олади?!
Ғазо бизни алданмасликка ўргатди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ғарб аслида Ғазода гўдакларнинг қиймаланишига қарсак чалиб ўтирди.
Уларнинг аёлларни озод қилиш ҳақидаги ялтироқ шиорларига алданмасликни таълим берди бизга. Улар Ғазо аёлларини ҳимоя қилишдими?!
Афғонистондаги аёлларнинг ҳуқуқлари учун курашаётган бўлиб кўринаётган иккиюзламачи ғарб Ғазо аёлларининг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига қарши вето қўймоқда. Буларнинг бари ниқоб. Улар биздаги охирги қалъа бўлмиш оилани барбод қилишмоқчи!
Ғазо бизга ҳақиқий армия ҳарбий академияларда эмас, Анфол сурасидан, қуръон ёдлатиш ҳалқаларидан етишиб чиқишини ўргатди.
Ғазодаги аскарларда бежирим кийимлар йўқ, елкаларида юлдузлар йўқ, кўксиларида орденлар йўқ, аммо ҳаммаси генерал!
Ғазо бутун дунёга бу дунё ўрмонлигини, бунда фақат кучлилар яшаб қолишини ўргатди. Янги мўғулларни, босқинчиларни хавфсизлик кенгаши ҳам қўрқита олмайди, БМТ ҳам қўрқита олмайди, инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳам қўрқита олмайди.
Аммо уларни Ёсин ракеталари қўрқитди. Улар тушунадиган ва яхши англайдиган тил Ёсин ракеталари бўлди.
Ғазо бутун дунёга заҳарни асал ичига яшириб қўйиш мумкинлигин ўргатди. Фикр эркинлиги баҳонасида Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилганлар, қуръонни ёққанлар бизнинг оддий ижтимоий тармоқда ёзган постларимизни ўчиришди, саҳифаларимизни блоклашди, расмларимизни беркитиб қўйишди.
Бизни ягона меҳрибон, шафқатли инсонийлик динига даъват қилганлар Ғазо аҳлини ўзгартирилган Талмуд ва Инжил фатволари билан сўйишди, нимталашди.
Биз уларга бугун "динингиз ўзингизга буюрсин, бизнинг ўз динимиз бор!", дедик.
Ғазо бизга мардларнинг кўксида арслонлар ухлаб ётишини, шароит туғилиши билан улар уйғониб яна саҳобалар қаҳрамонлигини кўрсатиши мумкинлигини ўргатди.
Ғазо бизга бу уммат қон билан яшашини ўргатди. Миллион-миллион инсон бу дунёга келиб кетаяётган эди. Аммо уларга руҳ етишмаётган эди. Сўнгра Ғазо келиб уларга жон кирди. Бугун уммат бўғилганига қарамасдан бақира олаяпти. Боғланган умматнинг ечилиш пайти яқинлашди.
Раҳмат сенга Ғазо! Сен оламга машаққатлар ниқобларни ечишини ўргатдинг. Ҳақиқий юзлар фош бўлди. Биз суяниш мумкин деб ўйлаган қанча-қанча елкалар суянишга арзимас экан. Қанча-қанча гапга полвонлар қўлидан иш келмайдиган қўрқоқлар экан. Қанча-қанча биз Раббоний олим деб юрганларимиз сотиб олиниб сотиб ҳам юборилар экан.
Буларни аниқлангани яхши бўлди. Уларга қандай муомала қилишни билиб олдик энди.
Ғазо бутун оламга энг керакли дарсни берди. Ислом бу дунёни ағдар-тўнтар қила олишини кўрсатди ва ўргатди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
СИНОВ
Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирди. У зот бемор эканлар. Абдуллоҳ деди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Қаттиқ иситмангиз бор-ку!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Ҳа, мен сизлардан икки кишининг иситмаси билан иситма қиламан!
Мўъмин кишига ҳатто тикан кирса ҳам Аллоҳ буни унинг гуноҳларига каффорат қилади.
Аллоҳ таоло бизга доим рисола- мактуб жўнатиб туради. Беморлик ўша рисолалардан биридир. Бу билан Аллоҳ бизга: "Эй бандам! Кўрдингми қанчалар заифсан!", демоқчи бўлади.
Биз вақти-вақти билан ҳақиқий ҳажмимизни билиб туришга муҳтожмиз. Беморлик Аллоҳнинг раҳматига зид эмас. Бу айни раҳматдир.
Гоҳида Аллоҳ бизни биз тоатларимиз билан поклай олмайдиган гуноҳлардан беморлик билан тозалайди.
Гоҳида бизни Ўзидан узоқлашиб кетганимизни кўриб беморлик билан Ўзига қайтаради.
Бизни Ўзи тайёрлаб қўйган мукофотга лойиқ банда бўлишимиз учун балолантиради.
Бу дунё имтиҳон ва синов дунёсидир. Қуръондаги Пайғамбарлар қиссасига боқинг. Уларда хавф, беморлик, йўқотиш, қувғин, фақирлик, фарзандсизлик, ёлғонга чиқариш кабиларни кўрасиз.
Аммо банда бу синовларда одобла тура билса мукофоти Аллоҳнинг розилиги бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КИМ КУЧЛИ?
Ярамас инсонлар ютуқларини катта қилиб кўрсатади.
Бор- йўғи тўртта асирларини озод қилишибди. Худди Қассом гуруҳларини ер билан яксон қилгандек ҳис қилишаяпти ўзларини...
Асир олсанг сен душманингни ўлдирмайсан. Асирга тушсанг душманинг сени ўлдирмайди...
Тўрт асирни озод қилиш оддийгина иш. Буни худди Нормандияга десант қўшинларини туширгандек катта қилиб кўрсатишмоқда.
Савол: Бу воқеада қаҳрамон ким?
Тўққиз ойдан бери тинимсиз портлатишмоқда, ҳарбий-техника ва разведка томонидан устунлик уларда. Бор-йўғи тўртта асирни озод қилишибди.
Ахир улардаги шунча имкониятга қарамасдан Ғазоликлар қўлида бир юз ўттизта асир турибди ҳали.
Айтинг, ким кучли?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
СЕВАДИ...
Агар мендан сўрасангиз:
- Муҳаббатдаги энг гўзал нарса нима?
Мен айтаманки:
- Омонлик ва хотиржамлик!
Бунда кимдир сизнинг қўлингиздан эмас, қалбингиздан тутганини ҳис қиласиз...
Омонлик бу- бировга сизни хароб қиладиган имконни берасиз, аммо бутун борлиғингиз билан у сизга ҳатто гул ҳам отмаслигига ишонасиз...
Ораларингда нима бўлмасин, у сизга оддий шабада ҳам озор етказишини истамайди...
Ораларингда бўлиб ўтган уруш-жанжалларга қарамай унинг олдида қадрли бўлиб қолаверасиз...
Омонлик дегани кимнидир ўзингиздаги энг чуқур нуқта томон бошлайсиз. Худди китобнинг саҳифаси каби унга очиласиз. У худди кўзларини эҳтиёт қилгани каби сизнинг сирларингизни сақлашига ишонасиз...
Омонлик дегани бу кимгадир заиф нуқтангизни кўрсатасиз. Ҳаётда ўзингизни турли зарбалардан ҳимоя қилиш учун кийган совутингизни унинг олдида ечасиз. Сўнг унинг ўша заиф нуқтангизни босмаслигига, жароҳатингизга бармоғини суқмаслигига ишонасиз...
Омонлик дегани бу очилиш. Очилган кишингиз сизнинг бу очилган жойингизни сизга қарши ишлатмаслигидир. Унга ишониб қўлингизни берасиз. Қўлингизни қўйиб юбормаслигига бутун борлиғингиз билан ишонасиз. У билан гарлашганда худди ўзингиз билан гаплашгандек ҳис қиласиз ўзингизни. Унга ўзингизни оқлашга мажбур бўлмайсиз, масалани унга тушунтиришга мажбурият ҳис қилмайсиз. Чунки у сизни тўғри тушунишига ишонасиз...
Гарчи сизнинг таъбирингиз сизга хиёнат қилсада, унинг фаҳми хиёнат қилмайди. Сўзларингиз хато кетсада, унинг нияти хато кетмайди. Унинг елкасига бош қўйиб хижолатсиз йиғлай оласиз. Ўзингизни заиф сезмайсиз. Синиб парчаланган қалбингизни унга топширасиз. У қалбингизни даволашига инонасиз...
Туйғуларингиз қандай бўлса шундайлигича яшайсиз. Ташвишланасиз, ғазабланасиз, рашк қиласиз, ўзингиз билан ўзингиз овора бўлиб қоласиз. Аммо буларнинг барига қарамай у сизни севишига ишонасиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УМАР ЙИҒЛАДИ
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кирди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларида бўйранинг излари бор эди. Умар розияллоҳу анҳу йиғлай бошлади. Буни кўрган Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
- Нега йиғлаяпсан эй Умар?
Умар розияллоҳу анҳу деди:
- Кисро ва Қайсар неъматлар ичида яшаяпти. Сиз эса мана бундай ҳолатдасиз!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Эй Умар! Дунё уларга бўлиб охират бизга бўлишига рози эмасмисан?!
Умар розияллоҳу анҳу деди:
- Розиман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Аллоҳга қасамки, шундай бўлади!
Дунё сизга танг бўлганида саййидимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам бўйра устида ухлаганларини эсланг.
Ризқингиз бахиллик қилса Юсуф алайҳис саломнинг қудуқдаги ва зиндондаги ҳолатини эсланг.
Дунё кўзингизга тор кўринганида Яҳё алайҳис саломнинг боши бир зинокор аёлга маҳр ўлароқ тортиқ қилинганини эсланг.
Дунё кўзингизга тор бўлганида энг кўп ҳадис ривоят қилган саҳоба Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг, Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сирлари соҳиби Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳунинг асҳоби суффадан бўлганларини, садақадан еб-ичганларини эсланг.
Масжид энг буюк макон. Аммо Аллоҳни фақат масжиддан қидираверманг.
Аллоҳ таоло инсонлар ҳузурида ҳам бўлиши мумкин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УНУТМАСЛИИК УЧУН...
Бу сурат сионистлар томонидан олинган. 1967 йил 5-10 июнда бўлиб ўтган урушда асир олинган Мисрликларни тириклайин кўмишмоқда!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
وَاسْتَعِينُوا بِالصَّبْرِ وَالصَّلَاةِ ۚ وَإِنَّهَا لَكَبِيرَةٌ إِلَّا عَلَى الْخَاشِعِينَ
Бақара Сураси 45-оят
Яъни, "Сабр ва намоз ила (Аллоҳдан) ёрдам сўранглар. Ва, албатта, у (намоз) хушуълилардан бошқалар учун жуда катта(ваҳимали) ишдир!".
Бу дунё экин йиғиштириш эмас, экин экиш дунёсидир.
Бу дунё мукофот ёки жазо олиш дунёси эмас, имтиҳон дунёсидир.
Аллоҳ таоло бандаларига имтиҳон ўлароқ мусибатлар туширади...
Яқинларни йўқотиш мусибатдир...
Молни йўқотиш мусибатдир...
Ёмон қўшни мусибатдир...
Фожир эр мусибатдир...
Золим бошлиқ мусибатдир...
Ким сабрли бўлса имтиҳонда муваффақият қозонади. Ким мусибат учун Аллоҳдан ғазабланса имтиҳондан йиқилади.
Имтиҳон ва мусибатлардан ҳеч ким четда қолмайди. Ҳатто Пайғамбарлар ва авлиёлар ҳам мусибатларнинг энг оғирларига дучор бўлишган.
Тарих уламоларининг ривоят қилишича, Зулқарнайн Бобилга етиб борганида жуда қаттиқ бемор бўлади. Ўлими аниқ бўлганида онаси буни эшитиб унга қаттиқ қайғуради. Онасини юпатиш учун бир йўл тутади. Онасига катта қўчқор юбориб, уни вафот қилганидан сўнг сўйишини, пиширишини, гўштини ейиш учун мусибатга учрамаган, яқинини йўқотмаган, молидан айрилмаган кишиларни топиб едиришини васият қилади. Зурқарнайн вафот қилгач онаси унинг айтганидай қилиб ўшандай кишилар келсин деб жарчи қўяди. Аммо бирорта ҳам инсон келмайди. Чунки мусибат кирмайдиган уйнинг ўзи йўқ эди-да!
Она ўғлининг нима демоқчи эканлигини тушунади ва унинг ҳаққига дуо қилади:
"Аллоҳ сенга раҳм қилсин ўғлим! Тириклигингда ҳам, вафот этганингдан кейин ҳам менга яхшилик қилдинг!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
كُلُّ نَفْسٍ ذَائِقَةُ الْمَوْتِ ۗ وَنَبْلُوكُم بِالشَّرِّ وَالْخَيْرِ فِتْنَةً ۖ وَإِلَيْنَا تُرْجَعُونَ
Анбиё сураси 35-оят
Яъни, "Ҳар бир жон ўлимни тотиб кўргувчидир. Биз сизларни ёмонлик ва яхшилик ила имтиҳон ўлароқ синаймиз ҳамда Бизгагина қайтариласиз!".
Ўлим қадаҳидан барча ичади.
Мўъмин ҳам, фожир ҳам, Пайғамбар ҳам, золим ҳам, жин ҳам, фаришта ҳам...
Фақат Аллоҳнинг Ўзи қолади!
Ўлим ҳикоянинг охири эмас, аксинча ҳикоянинг бошланишидир. Ўлим энг кучли воиздир.
Машҳур шоир Абу Нувоснинг солиҳ бир қўшниси бор эди. Абу Нувос шароб ичишга берилган эди. Солиҳ қўшниси уни Аллоҳ томон даъват қилар, ароқни ташлашга чақирар эди.
Ўша солиҳ қўшни вафот қилди. Абу Нувос унинг жанозасига борди. Уни қабрга қўйилгандан сўнг Абу Нувос деди:
"Сенинг бугунги ваъзинг олдингиларидан таъсирлироқ бўлди!".
Яъни, сенинг тириклигингда қилган барча ваъзларинг мана бу қабрда туриб қилган ваъзинг олдида ҳеч нарса бўлиб қолди, демоқчи бўлди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"АЁЛЛАРНИНГ ЯХШИСИ...!".
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни саҳобаларга дедилар:
- Туя минган(араб) аёлларининг энг яхшиси Қурайш аёлларидир. У кичик фарзандларига меҳрибон, эрининг молини муҳофаза қилади!
Гўзаллик ҳам гарчи керак бўлсада, Қурайш аёллари бу мартабага гўзаллиги билан эришмаган.
Гарчи лозим бўлсада, бунга улар мансаби, дипломи билан эришмаган.
Бу мартабага улар меҳри, шафқати билан эришган.
Болага меҳрли бўлиш гарчи фитратдан, эрга эътиборли бўлиш ахлоқ ва тарбиядан бўлсада, гап мана шу!
Азиз сингилларим! Байрам келганида эрингизда совға олиб бериш учун пул бўлмаса уни қийин аҳволга солманг.
Эркак киши учун энг ёмон туйғу ўзини ожиз ҳис қилиш туйғусидир. Сиз туфайли улар ўзларини ожиз ҳис қилишмасин.
Уларга эътиборли бўлинг. Ҳеч нарсаси бўлмасада, сизга кўп нарса тақдим қилгандек хурсанд тутинг ўзингизни.
Бошқалар ҳаётидан кўз юминг. Ўз ҳаётингизга боқинг. Саодатни ҳис қиласиз шунда.
Дугонангизнинг эри унга тилла тақинчоқ совға қилди. Сизники эса совға қила олмади. Нега энди сизнинг ҳаётингиз дугонангизнинг ҳаётини нусхаси бўлиши керак?!
Поччангиз синглингиз билан тез-тез чет элларга сафар қилиб туради. Сизнинг эрингиз эса бундан ожиз. Бу дегани дунё тугади дегани эмас. Эрингиздан кўп нарса талаб қилишингиз, унинг қадрига етмаслигингиз ўзаро узоқлашиш ва нафратни келтириб чиқаради.
Бу нафратнинг бадалини ким тўлайди?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
РОБИТА
Ёшлигимда фақат қариялар вафот этади деб ўйлар эдим. Бугун улғайдим. Ўлим мен тенгиларга ҳам, мендан кичик, ҳатто ёш болаларга ҳам шафқат қилмаётганини кўрдим. Ўлим гўё менга шундай деб пичирлаётгандек:
"Ҳеч кимга зулм қилма, ҳеч кимни ғийбат қилма, ҳеч кимни жароҳатлама, ўзингни одамлардан тепада кўрма!".
Роббим! Хотимамизни чиройли қил!
Аҳмад Муасровий
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Шундай инсонларни кўрдим, улар айбсиз эди. Аммо бировларнинг айбини гапираверишди. Натижада Аллоҳ уларни айбдор қилиб қўйди.
Яна шундай инсонларни кўрдим, улар айбдор эди. Аммо бошқаларнинг айбини гапирмас, уларни яширар эди. Аллоҳ ҳам уларнинг айбини беркитди!".
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НИМА ДЕЙСИЗЛАР?
Машинадаман. Ёнимда отам ҳам борлар. Бу воқеага ўн йиллар бўлди. Иккинчи даражали йўлдан асосий йўлга чиқдим. Бир идорага боришим керак эди. Айланиб келсам кўп вақтни олади. Қоидани бузиб қарама-қарши йўналишдан хайдадим. Сал пастроқда машина ичида йўл патрул ходими турган экан. Менга машинаси чироғини ёқиб ишора қилди. Олдига бориб секин тўхтаб машина ойинасини туширдим ва гуноҳкорона салом бердим. Бошимда оқ дўппи, соқол, ёнимда отамни кўриб саломимдан эриди шекилли мийиғида кулиб: "Бораверинг энди, қарангда!", деди.
Аммо унинг мана шу гапи менинг хотирамда абадий қолиб кетди. Шундан сўнг бу хатони қайтиб қилмаслигим учун унинг гапи менга кучли мотивация бўлди.
Бизда асосий урғуни штрафларга берилаяпти. Ҳайдовчиларни ахлоқан тузалиши учун шароит яратилмаяпти...
Менимча фақат давлатга пул туширишни ўйламасдан хайдовчиларни хато қилмаслигини таъминловчи, уларни ахлоқан яхши ҳайдовчи бўлишига сабаб бўладиган, уларни йўл қоидаларига риоя қилишга ундайдиган ишларни қилиш керак.
Нима дейсизлар?
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТ
Усмонийлардаги ажойиб ишлардан бири шу эдики, агар султон ҳузурига олий мартабали шахс кирса султон ўрнидан туриб унга томон уч қадам юриб ҳурмат кўрсатар эди. Агар султон ҳузурига шайхулислом кирса султон унга томон етти қадам юриб қаршилар эди. Бу билан уламоларга эҳтиромини намойиш қилар эди!
Усмонийларнинг уламоларга эътиборининг юксак кўринишларидан яна бири шу эдики, давлат шайхулисломнинг кийимлари, ташқи кўриниши учун алоҳида бир зобитни масъул қилиб қўйган эди. Зобит шайхулисломнинг кийимларига, ташқи кўринишига эътибор бериб, тартибга солиб турар эди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"АЛЛОҲНИНГ ЧЎРИЛАРИНИ МАСЖИДДАН МАН ҚИЛМАНГ!".
Умар ибн Хатто розияллоҳу анҳунинг хотини масжидга чиқар эди. Кишилар унга дейишди:
- Нега масжидга чиқасан? Умарга бу ёқмаслигини, унинг рашки қаттиқлигини биласан-ку!
Аёл сўради:
- Нега унда ўзи мени масжиддан ман қилмаяпти?!
Кишилар дейишди:
- Чунки Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳнинг чўриларини масжиддан ман қилманглар!", деганлар!
Умар розияллоҳу анҳуга таъзим!
Чунки Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларини ўз ҳавосидан устун қўймоқда!
Мўъмин шундай бўлади, бир ишни истаганида Аллоҳ бошқасини истаса унга таслим бўлиб бўйсунади.
Ҳар бир аёл гўзал кўринишни, кишиларга чиройли кўринишни истайди. Аммо ҳижоб ва сатр Аллоҳнинг буйруғи. Мўъминалар Аллоҳнинг амри билан юришади, ҳавойи-нафслари билан эмас!
Аёлларга қизиқмайдиган эркак йўқ дунёда. Аммо иффатли бўлиш Аллоҳнинг буйруғи. Мўъмин Аллоҳнинг амри билан юради, истаклари ортидан эмас!
Ислом номи "таслим"дан олинган.
Биз бир ишни истаймиз, Аллоҳ эса бошқасини. Муслим инсон Аллоҳнинг истагини ўзининг хоҳишларидан олдин қўяди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАҚ ВА БОТИЛ
Гоҳида ботил гуллаб-яшнайди. Унинг бўйи самогача ҳам етиши мумкин. Ҳақ эса алам чекади. Унинг оғриқдан инграганини ер ва само аҳли эшитиши мумкин...
Ботил энг юқори чўққига етганида, оҳ-воҳлар интиҳосига етганида иймонлиларнинг сабри ила бирдан аҳвол ўзгаради. Иш тескарисига айланиб кетади. Ана шунда мўъминлар Аллоҳнинг нусратидан шодланишади. Ботил ва унинг аҳли йўқолиб кетади. Фақат ҳақ ва унинг ёрдамчилари қолади.
Хорлик кийимини ечиб озодлик либосини кийиш оралиғида кўпларнинг аврати кўриниб қолади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"РАМАЗОН УМРАСИ МЕН БИЛАН ҚИЛИНГАН ҲАЖГА ТЕНГ!".
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаждан қайтиб келганларидан сўнг Умму Синонга дедилар:
- Нега биз билан ҳажга бормадинг?
Умму Синон деди:
- Эримнинг иккита туяси бор эди. Биттаси билан ҳажга кетди. Иккинчиси билан фарзандларим сув ташийди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни юпатиб дедилар:
- Рамазонда умра қилиш мен билан ҳаж қилишга тенг!
Яъни, Рамазонда умра қилишнинг савоби Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳаж қилиш савобига тенгдир. Бу нарса ҳажнинг фарзлигини соқит қилмайди албатта. Аммо савобда тенг холос!
Аллоҳ таолонинг савобни зиёда қиладиган мавсумлари бор. Буни ғанимат билиш керак. Бу мавсумлар Аллоҳнинг бизга қилган совғаларидир. Уни қабул қилишимиз керак.
Арафа кунининг рўзаси икки йиллик гуноҳларимизга каффорат бўлади. Буни қўлдан чиқармайлик.
Бақара сурасининг охирги оятлари ҳамма нарсага кифоя. Унга риоя қилайлик.
Ашуро кунининг рўзаси бир йиллик гуноҳга каффоратдир. Бунга ҳушёр бўлайлик.
Зуҳо намози ҳар бир аъзомиздан, ҳар бир бўғимимиздан садақа ўрнига ўтади. Бунга қаттиқ турайлик.
Лайлатул қадрда қоим бўлиш бутун умрлик ўлжадир. Буни қўлдан чиқармайлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Илтимос ўчиб қолманг. Сизни чироқ ўлароқ тутганларда айб йўқ!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ГАПИРМАНГ
Абу Зарр розияллоҳу анҳу бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан кишини жаннатга олиб кирадиган амал ҳақида сўради. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга бир неча амалларни санадилар. Абу Зарр :"Уни қила олмасачи?", деяверди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
- Кишиларга азият бермаслигинг сени жаннатга олиб киради!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юқоридаги гапларидан кишиларга азият бермаслик ибодат эканлигини тушунамиз.
Сиз "Агар фойда бера олмасанг зарар ҳам берма!", қоидаси асосида яшанг.
Бир фақирга ёрдам қила олмаяпсизми, уни ёлғончиликда ҳам айбламанг.
Ислоҳ қила олмайдиган жанжалларингизга мой ҳам сепманг.
Садақа қилаётган кишига тенглаша олмасангиз уни риёкорликда ҳам айбламанг.
Қуръон ёдлаётганларга тенглаша олмаётган бўлсангиз, ҳеч бўлмаганда уларни террорда ҳам айбламанг.
Ҳижоблиларга тенглаша олмаётган бўлсангиз ҳеч бўлмаганда уларни "қолоқлар", ўзингизни "қалбим пок" ҳам деманг!
Ўзингизда икки гуноҳни жамламанг:
1. Тоатни тарк қилиш гуноҳини.
2. Уни қилганларни танқид қилиш гуноҳини.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ХУДБИН БЎЛМАНГ!
Хавла бинт Ҳаким розияллоҳу анҳо бир куни Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирди. Хавла бинт Ҳаким Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳунинг хотини эди.
Хавла бинт Ҳаким Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларига ниҳоятда синиққан, холати абгор бўлиб кўринди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳодан сўрадилар:
- Нега Хавланинг аҳволи абгор? Унга нима бўлди?
Оиша розияллоҳу анҳо деди:
- Унинг эри доим рўзадор, кечалари намоз ўқийди. Хавланинг эри йўқ деса ҳам бўлади!
Яъни, Хавла шунинг учун ўзига қарамай қўйган, деди.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Усмонга одам юбордилар. Усмон келди. Унга шундай дедилар:
- Эй Усмон! Сен менинг йўлимдан юз ўгирдингми?
Усмон деди:
- Йўқ эй Аллоҳнинг Расули! Мен сизнинг суннатингизни қидириб юрибман!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Мен ухлайман, намоз ўқийман, рўза тутаман, тутмаган вақтим ҳам бўлади, аёлларга уйланаман. Аллоҳдан қўрқ эй Усмон. Оилангни ҳам сенда ҳаққи бор!
Бу дин мўътадиллик, васатийликка асосланган диндир. Бунда ғулув йўқ. Бунда нуқсонга йўл қўйиш ҳам йўқ.
Ибодатларга берилиш яхши. Аммо атрофингизда қон ва гўштдан иборат инсонлар борлигини ҳам унутманг.
Тижорат қилиш, бой бўлиш яхши. Аммо буни мол жамлаш воситасига айлантириб юборманг.
Илмни, ўқишни яхши кўриш яхши. Аммо қалбни унутиб фақат ақл билан овора бўлиб қолманг. Қолаверса ҳис-туйғунгизни, завқингизни чархламаган ўқиш вақтни зое қилишдир.
Дўстларингиз борлиги яхши. Аммо хотинингизни уй жиҳозига айлантириб қўйманг.
Ҳар майдоннинг ўз ҳаққини беринг. Уларга эътибор қаратинг. Бу заминни ўз ўқингиз атрофида айланишга мажбур қиладиган худбин бўлманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov