ЖАРЖА
Мусулмонлар билан Румликлар ўртасида бўлиб ўтган Ярмук ғазотида Жаржа исмли Рум қўмондонларидан бири олдинга чиқиб мусулмонлар қўмондони Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан учрашмоқчи эканлигини айтди.
Улар учрашишгач, Жаржа Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга деди:
- Эй Холид! Мени алдама, фақат тўғрисини айт, зеро озод инсон ёлғон гапирмайди. Аллоҳ пайғамбарингизга осмондан қилич туширган эмиш. У қилични пайғамбарингиз сенга берган эмиш. Бу қилич билан қайси жангга кирсанг ғалаба қозонаётган эмишсан. Шу ростми?
Холид розияллоҳу анҳу деди:
- Йўқ, ёлғон!
Жаржа деди:
- Унда нега сени Аллоҳнинг қиличи дейишади?
Холид розияллоҳу анҳу деди:
- Аллоҳ бизга пайғамбар жўнатди. Кимдир уни тасдиқлади, кимдир ишонмади. Мен ҳам ишонмаганлар сафида эдим. Сўнгра Аллоҳ қалбимизни исломга мойил қилди. Пайғамбари сабабли мусулмон бўлдик ва унга байъат қилдик. Сўнгра Аллоҳнинг расули менинг ҳақимда дуо қилиб: "Сен Аллоҳнинг қиличисан!", дедилар. Шу билан мени "Аллоҳнинг қиличи" дея бошлашди!
Жаржа сўради:
- Пайғамбарингиз нималарга даъват қилади?
Холид розияллоҳу анҳу деди:
- Ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга ва Расул саллоллоҳу алайҳи ва салламни тасдиқ қилишга. Ислом мана шу!
Жаржа сўради:
- Бугун исломга кирган кишига ҳам сизларга бўлган ажр-савоб бўладими?
Холид розияллоҳу анҳу деди:
- Ҳа, бизникидан ҳам афзали берилади!
- Қандай қилиб? Ахир сизлар олдин исломга киргансизлар-ку!
- Биз Аллоҳнинг Расули саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга яшадик, унинг мўъжизаларини кўрдик. Биз кўрган нарсаларни кўрган ва биз эшитган нарсаларни эшитган кишининг исломга кириши осон бўлар эди. Аммо ким у зотни ва мўъжизаларини кўрмасдан, эшитмасдан туриб ғайбдан иймон келтирса ҳамда ихлос ва нияти рост бўлса ажри ва савоби каттароқ ва кўпроқ бўлади!
Жаржа деди:
- Эй Холид! Менга исломга киришни ўргат!
- "Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг элчисидир", дегин!
Жаржа шаҳодат калимасини айтиб мусулмон бўлди. Сўнгра икки ракаат намоз ўқиди. Кейин мусулмонлар сафида ўз қавмига қарши жанг қилиб шаҳид бўлди. У ҳаётида фақат Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан икки ракаат намоз ўқиди холос. Аллоҳ унга раҳм қилсин!
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг "Ал-бидая ван ниҳая" китобидан.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"ВАФО"
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг боболаридан бири Ҳошимнинг асл исми Амр бўлган. Нега Ҳошим деб ном олганини биласизми?
Араб тилида "ҳашама" сўзи "синдирмоқ", "майдаламоқ" маъноларини англатади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг боболари Амр Макка аҳлига сарийд номли таом тарқатгани учун шу номни олган. Сарийд бу нон ва гўштни қайнатилган сувга майдалаб солиб ейиладиган таомдир.
Маккага қаҳатчилик келганида Амр узоқ йўл юриб Фаластинга, айнан Ғазо(Ғазза)га ун олгани келади. Бу ердан туяларига ун ортиб Маккага боради. Етиб келгач, туяларини сўйиб, қозонлар осиб Макка аҳлига сарийд пишириб тарқатади. Ана шу иши туфайли Амр энди Ҳошим деб чақирила бошлайди.
Энг қизиғи Набий алайҳис саломнинг боболари Ҳошим охирги сафарида айнан Ғазода вафот қилади ва шу ерда дафн қилинади. Шунинг учун Ғазо "Ҳошимнинг Ғазоси" деб ҳам аталади.
Замон айланди. Ҳа, замон айланиб айнан Қурайшни очлик ва ўлимдан сақлаб қолган Ғазо аҳлидан нон ва унни Макка аҳли ман қилиб қўйди!
Мана сизга "вафо"!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЁРДАМЛАШИНГ
Рабийъа ибн Каъб Асламий розияллоҳу анҳу айтади:
"Бир кеча Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан тунадим. У зотга таҳоратга сув бердим ва бошқа хизматларини қилдим. Шунда менга дедилар:
- Эй Каъб! Сўра!
Мен дедим:
- Жаннатда сизга ҳамроҳ бўлишни сўрайман!
- Балки бошқа нарса сўрарсан?
- Йўқ, ўшани сўрайман!
- Ундай бўлса кўпроқ сажда қилишинг билан менга ёрдамлаш!".
Ҳеч ким жаннатга амали билан кира олмайди. Ҳатто Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам. Иншааллоҳ Роббимизнинг изни, фазли ва раҳмати билан кирамиз!
Аммо ибодатлар раҳматни жалб қилувчидир.
Агар қуръонингизни тарк қилсангиз, устини узоқ вақт чанг босиб ётса, намозга дангасалик қилсангиз, вақтидан кечиктирсангиз, тунги намозларга туришга нафсингиз йўл бермаса, садақа берсам молим камаяди деб ўйласангиз, тилингиз зикр билан эмас, дунё билан банд бўлса қанақа қилиб Аллоҳнинг раҳматини умид қиласиз?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АНДАЛУСИМ
Испаниянинг Толедо шаҳрида мусулмонлар томонидан қурилган илк масжид. Бугун уни черковга айлантиришган.
Андалуснинг қулаши мана шу ердан бошланади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Бошқаларга ўхшашни истадим. Натижада ўзимни йўқотиб қўйдим.
Сўнгра ичимга боқдим. Исмимдан бошқа нарсани танимаслигимни англадим!".
Жалолиддин Румий роҳимаҳуллоҳ
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОФИЯТ СЎРАНГ!
Агар Аллоҳдан мол сўрасангиз ёнида офиятни ҳам қўшиб сўранг. Қанча-қанча бойлар беморлиги сабаб энг арзон таомларни ҳам ейишдан маҳрум.
Агар Аллоҳдан мансаб сўрасангиз ёнида офиятни ҳам қўшиб сўранг. Қанча-қанча амалдорлар, нуфузли инсонлар сунъий юрак билан, томирлари ичида стенд билан юришибди.
Бемор танага неъмат татимайди. Касалланган юрак совғадан хурсанд бўла олмайди. Бемор киши ҳатто ўз яқинидан ҳам унс-улфат топа олмайди.
Аллоҳдан нима сўрасангиз ёнида офиятни ҳам сўрайверинг.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай дер эди:
"Аллоҳнинг шундай бандалари борки, Аллоҳ уларни дунёда офиятда яшаттиради, офиятда жонини олади, жаннатга офиятла киритади. Аллоҳим! Бизларни ўшалардан қилгин!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЯНА ЎША МУСЪАБ ҲАҚИДА!
Унинг тўлиқ исми Мусъаб ибн Умайр ибн Ҳошим ибн Абдуманоф ибн Абдуддор, ибн Қусайй ибн Килоб Қурашийдир.
У буюк саҳоба, олдин исломга кирганлардан саналади. Маккада таваллуд топган ва униб ўсган. Қавмидан қўрққанидан Арқам ҳовлисида яширинча исломга кирган.
Онаси Хунос бинт Молик ибн Мазриб Омирийядир.
Мусъаб розияллоҳу анху ҳижратнинг учинчи йилида Уҳуд ғазотида шаҳид бўлган. Мусъаб "Исломдаги илк элчи" лақабини олган. Куняси Абу Абдуллоҳ эди.
Исломга киришидан олдин Мусъаб Маккада ўзининг жамоли, қимматбаҳо, чиройли ва бежирим кийимлар кийиб юриши, қиммат атирлар ишлатиб юриши билан ажралиб турар эди. У Макканинг энг муаттар йигити деб танилган эди.
Сўнгра Аллоҳ уни ислом неъмати ила неъматлантирди. Кишилар орасида исломни ёйишни, динни олий қилишни насиб қилди. Мусулмонларнинг аҳволи Маккада оғирлашгач Мусъаб бошқа мусулмонлар билан бирга Ҳабашистонга ҳижрат қилди.
Биринчи Ақаба байъатидан сўнг Мадинага ҳижрат қилди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни Мадинага қуръон ўргатиши, динни таълим бериши учун элчи қилиб жўнатдилар. Мусъаб Мадинада "муқриъ" номи билан машҳур бўлган!
Кейинчалик ансорлар билан Маккага ҳам келган. Унинг қўлида Мадинанинг катталаридан Саъд ибн Муоз ва Усайд ибн Хузайр розияллоҳу анҳумолар исломга киришган. Сўнгра булар орқали деярли бутун Мадина исломга кирган.
Уҳуд ғазоти асносида Мусъаб розияллоҳу анҳу мусулмонлар байроқдори эди. Жанг асносида Умайя ибн Халаф Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳужум қилди. Аммо ўлдира олмади. Чунки Мусъаб розияллоҳу анҳу Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни ўз танаси билан ҳимоя қилди. Зарба Мусъабга тегди.
Сўнгра яна байроқни кўтариб жангни давом эттирди. Шунда мушриклардан Қамиъа ал-Лайсий уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам деб ўйлаб ҳужум қилиб шаҳид қилди. Мушриклар орасида "Муҳаммад ўлдирилди" деган хабар тарқалиб кетди. Ҳатто ўшанда Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан узоқроқда турган саҳобалар ҳам бунга ишониб тушкунликка тушиб қолишган.
Бахтни қаранг! Мушриклар Мусъаб розияллоҳу анҳуни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам деб гумон қилаяпти.
Яна бир маълумот, Мусъаб розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан божа бўлади. Унинг хотини Ҳамна бинт Жаҳшдир. Ҳамна Зайнаб онамизнинг синглиси бўлади. Ҳамна саҳобийялардан. Бир қанча ҳадис ривоят қилган.
Ҳамна ифк воқеасида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ҳақларидаги ножўя гарларга аралашиб қолиб Ҳассон ибн Собит, Мистаҳ ибн Усосалар билан бирга дарраланган.
Ҳамна Мусъаб розияллоҳу анҳудан бир қиз фарзанд кўрган. Қизининг исми Зайнаб бўлган. Мусъаб розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганидан кейин Ҳамна Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳуга турмушга чиққан. У кишидан икки ўғил кўрган.
Мусъаб розияллоҳу анҳу ўрта бўйли, чиройли юзли, биров билан тез чиқишиб кетадиган йигит бўлган.
У шаҳид бўлганидан сўнг уни Омир ибн Рабийъа, Сувайбит ибн Саъд ва акаси Абу Рум ибн Умайрлар қабрга қўйишган.
Аллоҳ барча саҳобалардан рози бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДАРС
Кейинги йилларда олди-қочди ишларни кўриб, ёшларимиздаги ахлоқ-тарбияни гувоҳи бўлиб, мактаблардаги юзаки таълимни ҳис қилиб, қолаверса сиёсий ва ижтимоий ҳолатларни англаб тўғриси қўрқиб кетаяпман...
Аммо умид сўнмаган...
Атрофимизда Россия, Хитой ва Америка каби гигант хавфлар бор. Аллоҳ кўрсатмасин-у, душман юртимизга хавф солса унинг ҳимояси учун кўксини тик тутиб жонини бера оладиган фуқаролар, фарзандлар нечта чиқади...?
Иззуддин Қассом роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Йигирма йил ақидани ўргандим. Сўнгра йигирма йил уни инсонларга ўргатдим. Ватан ҳимояси учун илк курашга чақирилганимда биринчи ўқ овозини эшитишим билан орқага қараб қочдим.
Нихоятда маҳзун бўлдим. Уялдим. Катта олим бўлсам, кишиларга ақида илмини ўргатсам, уларни Аллоҳ учун саботга чақирсам-у урушда орқага қараб қочсам. Бу қандай шармандалик!
Сўнгра кечаси намоз ўқидим. Роббимдан ихлос ва сабот сўрадим. Қилган қилмишим учун узр сўрадим. Сўнгра юзимни душман томонга буриб бир қанча вақт ёлғиз ўзим курашдим. Душман мендан қочадиган бўлди. Билдимки, мен билан Аллоҳ орасида китобларим, дарсларим, шаръий билимларим эмас, иймоним ва тақвойим бор экан холос!".
Бу катта дарс!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИММАТГА ТУШГАН!
Уҳуд кунида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуни(бошқа ривоятда Убай ибн Каъбни) шаҳид бўлганлар ва ярадорлар ичидан Саъд ибн Рабиъни қидиришини, агар топса у зотнинг номларидан унга салом айтиб ўзини қандай ҳис қилаётганини сўрашини тайинладилар.
Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу ўликлар орасидан уни қидиришни бошлади. Охири уни топди. Ҳали жони узилмаган экан. Етмиш жойидан жароҳатланган экан. Зайд розияллоҳу анҳу унга деди:
- Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сенга салом айтдилар. Ўзингни қандай ҳис қилаётганингни сўрадилар!
Саъд розияллоҳу анҳу деди:
- Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам, сенга ҳам саломлар бўлсин. У зотга айтгинки, мен жаннатнинг ҳидини ҳис қилаяпман. Қавмим бўлмиш ансорларга тайинлагинки, агар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга бирор нарса қилса улар учун Аллоҳнинг олдида узр йўқ!
Шу сўзларни айтиб Саъд розияллоҳу анҳунинг жони узилди!
Бизга бу дин қандай етиб келганини билдингизми?!
Бу дин бизга бадани душман ўқидан ғалвирга айланган саҳобалар танаси устидан ўтиб келган.
Бу дин бизга саҳобаларнинг Набий алайҳис саломнинг қўйинларига тўккан моли устидан ўтиб келган. Биргина Усмон розиёллоҳу анҳу бир ғазотда қўшиннинг учдан бирини жиҳозлаб берган эди.
Бу дин бизга саҳобаларнинг мустаҳкам ақидаси орқали ўтиб келган. Меърож ҳақидаги мушриклар етказган хабарни Абу Бакр розияллоҳу анҳу эшитганида уларга: "Агар буни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтган бўлсалар рост айтибдилар!", деб заррача иккиланмай жавоб берган эди.
Бу дин бизга саҳобаларнинг жасорати билан етиб келган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳижрат қилаётиб мушрикларга шундай деган эди:
"Ким хотини бева, фарзандлари етим қолишини истаса йўлимни тўссин!".
Бу дин жуда қимматга тушган. Уни зое қилмайлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЯҲУДИЙЧА ФИКРЛАШ
Америкалик яҳудий тадбиркор Жон Рокфеллер Американинг энг катта ишбилармонларидан саналади. У тарихдаги илк миллиардердир. Рокфеллер ўзининг эсдаликларида шундай ёзади:
"Болалигимда онам билан савдо дўконига кирдим. Сотувчи мени эркалаб ёнғоқдан олишим мумкинлигини айтди. Аммо мен олмадим. Шунда сотувчи ёнғоқлардан ўзи олиб чўнтагимга солди. Дўкондан чиққанимиздан сўнг онам сўради:
- Нега аввалда олишга кўнмадинг?
Мен дедим:
- Ўзи беришини истадим. Чунки унинг ҳовучи меникидан каттароқ эди-да!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДАРДИМИЗ
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан сўрашибди:
- Рамазонни қандай кутиб олар эдинглар?
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай жавоб берибди:
- Биз Рамазон ҳилолига қалбимизда мусулмон биродаримизга қарши кина ва адоват билан боқишга журъат қила олмас эдик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АНАВИ "АТЛАС КУЙЛАК"КА!
Ҳикоя қилинишича, бир подшоҳнинг фарзанди йўқ экан. У ўзига меросхўр йўқлигидан ташвиш қила бошлабди. Хотини билан ўзини кўрсатмаган табиби қолмабди. Охири улар шифо топишиб малика валиаҳдга ҳомиладор бўлибди. Подшоҳ шодликдан осмонга учибди. Шаҳзоданинг туғилишини интиқлик билан кута бошлабди. Ниҳоят фарзанд туғилибди. Аммо болани кўрганларнинг даҳшатдан ҳуши бошидан учибди. Сабаби унинг битта қулоғи йўқ эди.
Буни кўрган подшоҳ ташвишга тушибди. Бир қулоқли шаҳзодани кишилар подшоҳ қилмасликларидан қўрқибди. Вазирлари ва маслаҳатчиларини жамлаб масалани уларни олдига кўндаланг қўйибди. Шунда маслаҳатчилардан бири дебди:
-Бунинг ечими осон. Янги туғилган барча болаларнинг қулоғини кесишни буюринг. Бир неча йиллардан сўнг бутун бир жамият бир қулоқли бўлиб қолади!
Бир неча йиллар ўтиб мамлакатга бир бола келибди. Унинг иккита қулоғи ҳам бутун экан. Мамлакат аҳолиси унинг иккита қулоғи борлигидан ажабланиб уни масхара қила бошлашибди. Уни “Ҳой икки қулоқли”, деб чақирадиган бўлишибди!
Демак, гоҳида бутун бир жамият ҳам ногирон бўлиши мумкин экан. Бу тарихда минглаб марта содир бўлган. Аллоҳ таоло пайғамбарларни юбориб улардаги диний, фикрий ва амалий ногиронликни тузатиб турган.
Иброҳим алайҳис саломнинг жамияти ширк ногиронлигига чалинган эди. Иброҳим алайҳис салом улар орасида гўё бегонадек эди. Лут алайҳис саломнинг қавми жинсий бузуқ эди. Бузуқларнинг ишини қилмагани учун Лут алайҳис салом улар орасида бегонадек эди.
“Инсонларнинг бир нарсага ижмо қилиши уни ҳалол қилмайди”, деган фиқҳий қоида бор. Гарчи барча инсонлар қилса ҳам хато хатолигича қолаверади. Ҳеч ким қилмасада, тўғри иш тўғрилигича қолаверади.
Тўғри йўлда эканлигингиз аниқ бўлса қулоғингизни кесманг. Инсонларни рози қилиш учун ўз мавқеингиздан воз кечманг. Улар ўз хатосидан хижолат бўлмас экан, сиз тўғри ишингиздан нега хижолат бўласиз?!
Эсингизда бўлсин қуръони каримда “инсонларнинг кўпи” жумласидан сўнг “билмайдилар”, “тақво қилмайдилар”, “ақл юргизмайдилар”, “ишонмайдилар” каби сўзлар келади.
Баъзи кишилар “инсонларга тескари иш қил, таниласан” , қоидасига кўра яшашади. Сиз бундай бўлманг. Гоҳида жамият тўғри йўлда бўлиб, сиз хато йўлда бўлиб қолишингиз ҳам мумкин. Кўпчиликка хилоф қилиш доимо ҳам офиятни англатмайди. Одатда кўпчилик қиладиган иш хато бўлмайди. Уларга хилоф қилган ёлғиз киши одатда тўғри йўлда бўлмайди. Хато ва тўғри деган тушунчалар ахлоқий қадриятлар мажмуасига бўйсунади. Қандай йўл бўлмасин унга хато ёки тўғрилигига қараб ҳукм қиласиз.
Одатда жамиятдаги хатоларни тузатиш қийин бўлади. Сабаби жамият ахлоқий қадриятларни қабул қила олмайди. Бу учун жуда узоқ вақт керак бўлади. Гоҳида бир неча авлод ўтиб кетади. Инсонлар тарбия йўли билан олган нарсани ўзгартириш қийин. Бир киши ихтиёрий қабул қилган нарсани эса ўзгартириш осон. Бунга қилинган энг гўзал таъриф Саид Тақийюддиннинг таърифидир: “Жамоатчилик фикри катта хачирдир!”.
Катта хачирни тўғрилик қўтонига олиб кириш жуда қийин иш экан. Шунинг учун ҳам Пайғамбарларга инсонларни тўғри йўлга солиш машаққатли кечган. Йўқса Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳис салом учун ер юзини сувга ғарқ қилмас, Лут алайҳис салом учун бутун бир қишлоқни ер ютмас эди. Шунинг учун бу катта хачирни қўтонга олиб киришнинг қийинлиги табиий ишдир. Аммо хачир катта экан деб уни қўтон сари ҳайдашдан бош тортишимиз хато!
Хулосани ўзингиз чиқариб оларсиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МУБОРАК БЎЛСИН!
Ҳавода Рамазон ҳиди...
Қалбда Рамазон руҳи...
Юртда Рамазон шукуҳи...
Унинг бу қадар яқинлигини ҳис қилиб беихтиёр хотиржамликка, сакинатга чулғанасиз...
Бугун ердаги кечалардан бири самога парвоз қилади...
Жамланиб қолган машаққатлар арийди...
Айро тушган йўллар бирлашади...
Топилмаётган чоралар топилади...
Рамазон келди дўстлар. Барчамизга бу имконият ойи муборак бўлсин!
Бу гуноҳларни ювиш имконияти, бу ажрларга эга бўлиш имконияти, бу қуръонга ошно бўлиш имконияти, бу синган кўнгилларни олиш имконияти, бу Роббимизни рози қилиш имконияти...
Яна бир бор муборак бўлсин. Аллоҳ барчамизга ҳиммату- ғайрат ато қилсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САҲОБАЛАРИМНИ СЎКМАНГЛАР!
Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу билан Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу ўртасида нимадир бор эди. Бир куни Холид розияллоҳу анҳу Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга деди:
- Биздан бир неча кун олдин исломга кирганинг учун манманлик қилаяпсанми?!
Бу гап Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга етиб борди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
- Саҳобаларимни сўкманглар. Сизлардан бирингиз Уҳуд тоғи миқдорида олтин садақа қилсада, бу садақаси саҳобаларимнинг бир мудд ёки ярим мудд олтин садақа қилганига тенг бўла олмайди!
Эътибор беринг, бир саҳоба ўзига ўхшаган бошқа бир саҳобага бир нарса дебди. Табиийки, бу сўкиш эмас эди. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам бунга рози бўлмадилар, бундан шундай ўтиб кетмадилар. Холид Аллоҳнинг қиличи бўлсада, унинг бу ишига рози бўлмадилар. Сиз билан биз ким бўлибмизки саҳобаларни гапирсак!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу муртадларнинг додини берган, динни ҳимоя қилган. Биз киммизки, уни гапирсак!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу икки катта империяни қулатган. Умматга буюклик ҳадя қилган. Биз киммизки, уни гапирсак!
Оиша розияллоҳу анҳо Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳабибалари эди. Биз киммизки, уни гапирсак!
Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу мусулмонларнинг донишманди, Миср фотиҳи эди. Бизчи, биз нима ишлар қилдик?!
Муовия розияллоҳу анҳу ваҳий котиби, буюк фотиҳ эди. У зот билан бошқа саҳобаларнинг орасидаги ихтилофларга аралашишни бизга ким қўйибди?!
Улар бу динни биз учун моллари, курашлари, қонлари, фидокорликлари билан сақлаб олтин товоқда олиб келишди. Шунинг учун уларни сўкиш керакми?! Бу қандай нонкўрлик!
Бу қандай ношукрлик?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ғазо кўчалари қабристонга айланди...
Эй меҳрибон Роббим! Раҳминг келсин, Ғазо аҳлига офият бер!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Қанча-қанча нарсалар ёзиб сўнгра ўчириб ташлайман...
Қанча-қанча орзуларимни бино қилиб яна бузиб ташлайман...
Ўчириб ташлаган битикларим жим туриб мени бир-бир қатл қилади...
Ўчирмасдан тарқатганларимдан эса тушунтира олмаганларим мени парчалайди...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
СОТҚИНЛИК
Жанубий Америкада Европалик жангчилар ерлик қўзғолончи ва исёнчиларни асирга олишса улардан сирни очмаганларни терисини шилиб олиб қатл қилишар эди. Аммо ерлик аҳоли бунга қарамасдан қўзғолончиларни ҳимоя қилаверди.
Жазоирдаги урушда Европаликлар ерлик аҳолидан бир миллион инсонни қатл қилишган. Бирорта Жазоирлик бу қатлиом учун ерлик қўзғолончиларни айбдор деб билмаган. Улар босқинчиларнинг ифлослигини, ерлик исёнчиларнинг ватан ва халқ ҳимоячиси эканлигини яхши билар эди.
Вьетнамликлар бугун Америкага қарши курашган боболари билан фахрланадилар. Ҳолбуки бу жангларда улар юз минглаб қурбонлар беришган.
Африкада Европаликлар таслим бўлишдан бош тортган қора танли қўзғолончиларнинг болаларини қул қилиб сотиб юборишар эди. Аммо таслим бўлмаганлар халқ ва қурбонлар кўзида қаҳрамон ўлароқ қолаверди.
Бир пайтлар рус босқинчиларига қарши курашган боболаримизни ҳам бизга олабўжи қилиб кўрсатишган. Уларни "босмачи" деб аташган. Руслар халқ ўз қаҳрамонларини ёмон кўришини исташган. Бир неча вақт боболарини халқ ёмон кўриб юрди. Аммо уларнинг ватан ҳимоячилари эканлигини биладиганлар буткул йўқ бўлиб кетмади.
Бугун Ромаллоҳ ҳукумати Ғазодаги урушда Ғазодаги исёнчиларни айбдор деб чиқмоқда.
Ватан ҳимояси бу босқинчиликнинг натижасидир. Яъни, бизнинг ватанни ҳимоя қилишимизга сабаб унга бўлган босқиндир. Бу танлов эмас, бурчдир. Бугун Ғазо заминидаги шаҳидлар учун йиғлайдиган ҳар-бир кишидан уларнинг ҳимояси учун нима қилдинг деб сўраш керак. Фаластинда бугун етмиш минг хавфсизлик учун халқнинг нонидан маош ейдиганлар бор. Улар нима қилди?!
Майли, айтайлик Ғазода ҳеч нарса йўқ экан, босқинчилар Ғарбий соҳил атрофида изғиб юрганида, ҳамманинг кўз ўнгида ҳамма жойни вайрон қилаётганида ҳокимият хавфсизлик аппарати нима қилган эди?!
Кўпчилик айтишни, Баъзилар эшитишни истамаётган ҳақиқат мана шу:
Тарихда босқинчилар кўп қўзғолончи ва исёнчиларни ўз аскарига айлантирган, ўзига ишлатган. Аммо босқинчиларнинг тўлиқ бир қўзғолонни ўз фойдасига ишлатиш ҳодисаси ҳамда исёнчиларни ўзининг ҳимоячисига айлантириб олиши тарихда илк бор содир бўлмоқда. Босқинчилар Фаластин озодлик ҳаракатини лойиҳадан бурч ва вазифага айлантирди. Яъни, бу ҳаракат энди босқинчиларни ҳимоя қилади. Бу ҳаракатнинг умрини Исроил ўзининг умрига боғлаб қўйди. Энди ҳаракат босқинчиларга қарши туришдан кўра ўзининг нонини ҳимоя қилишни афзал билади. Аммо бу нонга хорлик ва сотқинлик хамиртуриши қўшилган.
Биламан, ҳақиқат аччиқ...аммо аҳвол шундоқ!
Яна бир ҳақиқат шуки, бу урушда ўртада туриш йўқ. Ё оқсиз, ёки қора. Кулранг бўлишнинг имкони йўқ. Фаластин томонида бўлмасангиз, демак Исроил томонидасиз!
Аллоҳ бизнинг халқимизни сотқинликдан асрасин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАЗВИР
Европа иттифоқи пойтахти ҳисобланмиш Бельгия пойтахти Брюссельда Готфрид Бульонскийга ҳайкал ўрнатилган. Готфрид биринчи салб юриши қўмондони, милодий 1099 санада Байтул Мақдисда мусулмонларни қатлиом қилган кишидир. Ўшанда Қуддусда яшайдиган барча мусулмонларни, қариялар, аёл-қизлар ёш болалар демасдан қирган. Ўшанда мусулмонлар сони етмиш минг бўлган экан.
Салбчилар мусулмонларни куйдириб, қорнини ёриб, турли кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқлар билан ўлдиришди.
Готфрид оёқ кийимини ечиб мусулмонлар қони ичида юрди. Қон унинг тўпиғини ёпган эди. Салбчилар қатлиомидан фақатгина озгина шиалардан иборат гуруҳ қолди. Уларга омонлик бериб Мисрга жўнатишди.
Бугун баъзи мусулмонлар Бельгияга бориб Готфрид ҳайкали ёнида тиржайиб суратга тушишмоқда.
Ўзимизнинг қаҳрамонларимиз бўлмиш Маҳмуд Ғазнавий, Шайбонийхон, Салоҳиддин Айюбий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Сайфиддин Қутуз, Сулаймон Қонуний, Султон Салим ва бошқаларнинг тарихини яшириб, ёки хуник қилиб кўрсатишмоқда...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МАҚСАД
Салоҳиддин Айюбий роҳимаҳуллоҳ Шомни ҳам ўз бошқаруви остига олиб салбчиларга қарши ягона бирлашган қўшин билан курашиш учун 1182 йилда Мисрдан Шом томонга юрди. Ўшанда Салоҳиддин энди Мисрга қайтмаслигини билмас эди. У Шомда мусулмонларни бирлаштириб салбчиларга қарши 11 йил жанг қилди.
1187 йилда Қуддусни фатҳ қилди. Милодий 1194 сана 4 мартда Димашқда оламдан ўтди ва ўша ерда дафн қилинди. Бу ҳижрий 589 санага тўғри келади. Ўшанда Салоҳиддин Шом, Миср, Ҳижоз ва Яман султони эди. Вафот қилганида унинг хазинасида 1 динор ва 47 дирҳам пул қолган эди. Бу уни кафанлашга ҳам етмаган!
Буюк султон ва қўмондон Салоҳиддин Айюбийни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИФЛОС ДУНЁ...
Бу ифлос дунёдан яна нима кутиш мумкин?!
Қанча буюкларни хўрлади...
Қанча разилларни кўтарди ва кўтармоқда...
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни Ҳажунда дорга осишганда онаси Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳо келиб уни дуо қила бошлади. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳу уни юпатиб сабрга чақира бошлади. Асмо деди:
"Нега сабр қилмай?! Ахир пайғамбар бўлмиш Яҳё ибн Закарийё алайҳис саломнинг боши Бани Исроилдаги бир зинокор аёлга ҳадя қилинган эди-ку!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҒАЛАБА
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада эдилар. Мадинада қолган саҳобаларга Мута ғазоти тафсилотларини гапириб бераётган эдилар. Орада шундай дедилар:
"Байроқни Зайд олди. У шаҳид бўлди. Сўнгра Жаъфар олди, у хам шаҳид бўлди. Сўнгра Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди. У ҳам шаҳид бўлди. Сўнгра байроқни ҳеч бир буйруқсиз Холид ибн Валид олди. Унга ғалаба берилди!".
Холид розияллоҳу анҳу қўшинни ўз тактикаси билан майдондан олиб чиқиб кетган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам буни ғалаба демоқдалар!
Холид розияллоҳу анҳунинг урушдаги услуби шундай эди. Мушук каби сабр қилиб шер каби ҳужумга ўтар эди.
Агар ўшанда мусулмонларни қийин вазиятдан олиб чиқиб кетмаганида уруш қатлиомга айланар эди.
Ҳаётда уруш чиқариш учун сабаблар тиқилиб ётибди. Баъзида жанглардан четга чиқиш ғалаба ҳисобланади.
Баъзи жангларда ғалаба қилинсада, бу ғалабадан жангнинг кулфат ва зарари кўпроқ бўлади.
Қариндошлар билан келишмовчиликда шижоатли бўлганлар аслида қўрқоқлардир.
Кишининг ўзига-ўзи пичоқ уришини ғалаба деб бўладими ахир?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ФОЙДАЛИ ЗАРБА!
Дарахт битта меваси тушиб кетгани учун эгилмайди. Кўтарилишда, янги шох беришда давом этади.
Битта пати тушиб қолган қуш яна учишга қодир бўлиб қолаверади.
Шамол тебратаётган бошоқ қуламайди, шамолга мослашиб нажот топади.
Нажот топганларнинг қайси бирига боқманг, олдин тойилганини, қоқилганини кўрасиз.
Ғолиб қўмондонлар ҳам қачонлардир мағлубият аламини тотиб кўрган.
Уҳуд мағлубияти ортидан Макка фатҳи келган.
Ҳаёт қонуни шундай, таслим бўлмаган ғолиб бўлади.
Биргина зарба сизни йўлда давом этишдан тўхтатиб қўймасин.
Жароҳатни боғланг, кўзёшни артинг, Аллоҳдан мадад сўранг ва йўлда давом этинг.
Бу сафар энди нолдан бошламаяпсиз. Олдин сизга тушган мушт сизни кучли ва тажрибали қилган.
Энди қўрқманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Атрофимни шунақанги руҳонийлар ўраб олганки улар доим бу дунё уларнинг диёри эмаслигини таъкидлашади. Аммо бу дунёдан нимани олиш имкони бўлса уларнинг қўли ўша нарса устидадир!"
Наполеон Бонапарт
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎЙЛАМАНГ!
Эҳтимол Аллоҳ менга ҳаққимни қандай олиб беради деб ўйлаётган бўлсангиз керак...
Ёки янада ғазабланиб Аллоҳ менга интиқомимни қандай олиб беради деб хаёл қилаётгандирсиз...
Иккиланаётганингизга сабаб сабаблар дунёсида яшаётганингиздир. Ҳамма нарса кўзингизга қийин ва етиб бўлмас кўринади...
Шароитингизнинг оғирлиги ҳақида ўйламанг. Сиз дуо қилаётган Зотнинг қудрати ҳақида тафаккур қилинг...
Қачондан бери Аллоҳга интиқомни қандай олишини шарт қиладиган бўлиб қолдик?!
Интиқом кайфияти Аллоҳнинг иши. Биздан бўладигани дуодир. Интиқомнинг қуроли ҳар ишни ҳикмат билан қиладиган Роббимизнинг ихтиёридадир. Аллоҳ жангда ишлатиладиган қуроли билан доимо бандаларини ҳайратда қолдириб келган...
Нуҳ алайҳис салом Аллоҳга: "Мен мағлуб бўлдим, ёрдам бер!", деб дуо қилганида Аллоҳнинг интиқоми бу даражада даҳшатли бўлишини тасаввур қилмаган эди. Ер аҳлидан ҳам, само аҳлидан ҳам ҳеч ким сувда бунчалик катта қувват борлигини хаёлига келтирмаган эди.
Аллоҳ мазлум бандаси дуосига ижобат қилди. Осмонга сув ёғдиришини, ерга ўзидан сув чиқаришини, денгизларга тошишини амр қилди. Ер юзини сув қоплади. Аллоҳнинг азобидан золимлар қочиб қутила олишмади.
Қуръондаги қиссалар шунчаки кўнгил хушлаш учун келтирилмаган. Булар ақида ва иймон дарсидир.
Мазлум фақатгина шикоятини етказади холос. Қандай ва қайси қурол билан интиқом олиш Аллоҳнинг иши.
Эҳтимол Намруд замонида яшаб унинг одамларни ўзига сажда қилишга амр қилганини, Иброҳим алайҳис салом билан мунозара қилиб: "Мен тирилтираман, мен ўлдираман!", деганини эшитганингизда Аллоҳнинг қандай интиқом олишини билмасдан ҳайрон қолиб ўтирган бўлардингиз.
Аммо ҳаким Зот бўлмиш Аллоҳ бунинг учун энг кичкина қўшинларидан биттагинасини танлади. Баъзи ривоятларда келишича, кичик бир чивин унинг бурнидан кириб димоғига жойлашиб олиб оғриқ беради. Унга олдин сажда қиладиган кишилардан кимдир унинг бошига уриб турса оғриқ камаяди. Кунларнинг бирида бошидаги қаттиқ оғриқ сабаб Намруд бошига қаттиқроқ уришларини буюради. Унинг бошига қаттиқ уриб ўлдириб қўйишади.
Аллоҳ ана шундай қилиб интиқом олди!
Эҳтимол сиз агар Иброҳим алайҳис саломни Намруд манжаниққа солиб тоғдай гулхан устига улоқтираётганини кўрганингизда Аллоҳ ҳозир осмондан сув тушириб оловни ўчиради деб ўйлар эдингиз. Аммо олов ҳам Аллоҳнинг буйруғи билан куйдиради. Аллоҳ оловга Иброҳим алайҳис салом учун совуқлик ва саломатлик бўлишини амр қилди.
Аллоҳ истаса нарсаларнинг хусусиятини олиб қўяди. Пичоқ Исмоил алайҳис саломни кесмаган эди. Кит Юнус алайҳис саломни ҳазм қилиб юбормаган эди.
Ҳамма нарса бу заминда сабаблар билан бўлади. Аммо сабабларнинг Эгаси истаса сабабларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди.
Шундай экан, бундай холатда сабаблар билан эмас, Мусаббиб билан бирга бўлинг. Сабабларга Ўзи кифоя қилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
РАМАЗОН КЕЛДИ!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Рамазонни "Марҳабо эй бизни гуноҳлардан тозаловчи!", дея қаршилар экан.
Мана Рамазон келди. Баданингиз ва руҳингиз гуноҳлар ва яралар билан тўлган. Қалбингиз ярасини даволаш фурсати бу. Синган руҳингизга малҳам ойи бу!
Уловингизни Роббингиз эшиги олдида чўктиринг ва Унга шундай денг:
"Эй Роббим! Мана осий банданг эшигингда турибди. Сендан узоқлик уни бахтсиз қилди. Ўртадаги масофалар унинг белини синдирди. Эй Роббим! Биламан мендан бошқа бандаларинг кўп. Аммо менинг Сендан бошқа Роббим йўқ. Менга орифлар ғалабасини бер. Мени тавба қилувчилар сафида қабул қил. Мени кечалари қоим бўладиган бандаларинг қаторида ёз. Мени рўзадорлар сафида қайта тирилтир!".
Мана Рамазон келди. Бу ойда томоқлар қақрайди, аммо қалблар сероб бўлади. Бу ойда ичакларимиз бўшайди, аммо руҳимиз тўйинади. Бу ойда танамиз заифлашади, аммо иймонимиз бақувватлашади. Бу ойда ҳаракатимиз сусаяди, аммо ақидамиз кучаяди!
Бу ойда иймонни янгиланг. Роббимиз бизнинг оч қолишимиз ёки чанқашимизга муҳтож эмас. У Рамазонни бизни тозалаш учун юборади. Ўзига муносиб бўлишимиз учун бизни поклаш учун юборади. Бундаги насибамиз фақат очлик ва чанқоқлик бўлиб қолмасин!
Рамазон саломатликни сақлаш учун парҳез ойи эмас. Бу бизнинг йўлимиз ва дам олиш бекатимиздир. Йўл машаққатларидан толиққанда юкимизни фақат Роббимиз ҳузуридагина елкадан қўямиз. Биз Аллоҳданмиз, Аллоҳ биланмиз ва Аллоҳгамиз!
Мана Рамазон келди. Қорнингиз очиб томоғингиз қақраганида бизга Рамазон етиб келиши учун рўза тутиб, қўлида руҳини кўтариб, қонини Аллоҳга сотганларни ёдингизга олинг.
Рамазон бу Бадр ғазотидир. Ислом қуръоннинг ҳимояси ўлароқ қилич яланғочлаган эди ўшанда. Бу умматнинг охиргиси дажжол билан курашгунича бу қилич яланғочланган тураверади!
Рамазон бу Макка фатҳидир. Ва ниҳоят шаҳар ўзлигини қайтириб олган, тавҳид пойтахтига айланган эди ўшанда. Билол розияллоҳу анҳу Каъба устидан туриб бутун дунёни "Аллоҳу акбар" садосига тўлдирган эди!
Рамазон Қодисийядир, Саъд ибн Аби Ваққосдир, Абу Миҳжандир...
Ўшанда халифа Умар розиёллоҳу анҳуга ғалаба хабари келганида хабарни келтиргандан сўраган эди:
-Жанг қанча давом этди?
- Бомдоддан асргача!
Умар розиёллоҳу анҳу деди:
-Субҳаналлоҳ! Ботил ҳақнинг олдида бунча муддат туриб бера олмайди. Бунга сабаб эҳтимол менинг ёки сизнинг гуноҳингиздир!
Рамазон бу Шаҳидлар Саройидир. Абдурраҳмон Ғофиқий Париждан етмиш километр узоқликда туриб шундай деган эди:
"Эй Роббим! Мендан рози бўлишинг учун жонимни бераман, мана ол!".
Рамазон бу Амурия фатҳидир, халифа Муътасимдир, бир муслима аёлнинг обрўси учун йўлга тушган ислом қўшинидир. Аллоҳим, иззатимизни қайтар!
Рамазон бу Айни Жолутдир, Музаффар Қутуздир, мўғуллардир. Ўшанда мужоҳидлар ерда рўза тутиб кўкда ифторлик қилишган эди!
Рамазон бу Шақҳаб жангидир. Жангнинг аввалги сафларида ислом уламолари турган эди. Ўшанда сиёҳдан кўра қонга, фиқҳдан кўра жиҳодга эҳтиёж сезилган эди!
Рамазон бу ҒАЗОдир!
Дўстим! Рамазон келди! Бу ой қалбларни фильтрлайди. Қалбингизни тозалаб олинг. Бу ойдан чиққанингизда қалбингиз унга кирганингиздагидан ўзгача бўлсин!
Сизга ҳиммату шижоат тилайман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Агар қабристонда ётганлардан: "Бирор орзуйингиз борми?", дея сўралганида улар иккиланмай Рамазонни ҳеч йўқса бир кунини сўраган бўлар эдилар!".
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Агар Ғазо аёлларининг муаммоси ҳижоб бўлганида Европа бутун армиясини ишга солган бўлар эди.
Агар Ғазо эркакларининг муаммоси жинсий бузуқлик бўлганида Америка уларга самолётларда ёрдам юборган бўлар эди.
Агар Ғазо болаларининг муаммоси жинсни ўзгартириш бўлганида БМТ уларнинг ёнида туриб барча харажатни берган бўлар эди.
Аммо масала иймон ва куфр масаласидир.
Иймон етим бўлиб қолганига анча бўлди.
Қуръон етим бўлиб қолганига анча бўлди.
Куфр эса бугун суянчиққа эга...!
Афсус!!!
Кунлар барбод қилганни шояд Рамазони шариф тузатса...
Аллоҳим келаётган буюк ойда мусулмонларга, хусусан Фаластин аҳлига офият сўраймиз Сендан. Марҳаматингни дариғ тутма. Сен буюк қудрат соҳибисан ё Ҳайй, ё Қойюм!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИЛМГА ТЎЛА!
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Сияру аъломин нубало" китобида келтиради:
"Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу озғин ва пакана инсон эди. Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мажлисига келди. Ўтирганлар орасида зўрға кўринар эди. Умар розияллоҳу анҳу у билан гаплашди, ҳазиллашди, бирга кулишишди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу мажлисдан чиқиб кетгач, Умар розияллоҳу анҳу унинг ортидан термулиб туриб деди:
"Озғин аммо илмга лиқ тўла инсон!".
Инсоннинг инсонлиги юзи билан эмас, қалби биландир!
Инсоннинг инсонлиги жисми билан эмас, ақли биландир!
Инсоннинг инсонлиги кучи билан эмас, тақвоси биландир!
Тарозунгизни тузатиб олинг. Китобнинг ғилофи муҳим эмас, мазмуни аҳамиятли. Инсон ҳам шундай!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎРГАТИНГ!
Имом Абу Довуд, Тирмизий ва имом Аҳмад роҳимаҳумуллоҳ ўзларининг ҳадис тўпламларида Рофиъ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни келтиришади. Рофиъ айтади:
"Мен кичкина бола эдим. Ансорларнинг хурмосига тош отиб ейишга ҳаракат қилар эдим. Мени ушлаб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар:
- Ҳой бола! Нега хурмога тош отаяпсан?
Мен дедим:
- Ейиш учун!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Отма. Тўкилганидан териб егин!
Сўнгра бошимни силаб дуо қилдилар:
"Аллоҳим! Уни тўйдиргин!".
Болаларнинг гўдаклигида уларга ҳалол-ҳаромни ўргатиш лозим. Тоинки бу уларнинг қони ва гўштига сингиб кетсин.
"Бола бўлса шўх бўлсин!"ни йиғиштириш керак. Баъзилар болага танбеҳ берсангиз: "Қўй уришма, болада, ўйнаб қолсин!", дейишади.
Бугунги порахўр, ўғри, хоин ва ахлоқсизлар олдинги гўзал ахлоқлар ўргатилмаган "шўх" болалардир.
Дин гўё ҳаёт билан қарама-қаршидек улар наздида. Аслида бутун ҳаётимиз дин бўлиши керак!
Ҳамма боласига инглиз тили, компютер асослари, ҳисоб-китобни ёшлигидан ўргатади. Гўзал хулқни ўргатишга келганда "ҳали ёшда, ўйнаб қолсин" дейишади. Ёки фақатгина дин болаликка қаршими?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov