АДАБИНИ БЕРИНГ!
Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳнинг "Табақот"ида келади:
"Бир куни кишилар Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳуни халифалик даврида ямоқ солинган кийим билан кўришди. Улардан бири деди:
- Эй мўъминлар амири! Бошқа кийим олсангиз бўлар эди!
Али розияллоҳу анҳу унга деди:
- Зарари йўқ. Бу билан қалб хушуъли бўлади, мўъминлар бу ишда менга эргашади!".
Нафс ҳам болага ўхшайди. Унга гоҳида "йўқ" деб туриш керак.
Болага ҳамма нарсани муҳайё қилаверсангиз охири бориб "бутун дунё менинг хизматимда туриши керак" деб ўйлаб қолади. Сўнгра фақат ўзини кўрадиган манман бўлиб ўсади. Ҳаёт қийинчиликларига дош бера олмайдиган бўш ва юмшоқ бўлиб катта бўлади!
Нафс ҳам шундай, истаганини бераверсангиз унинг истаклари кўпайиб бораверади. Оқибатда киши ўзи билмаган ҳолда нафсига ходим ва қул бўлиб қолади.
Ҳаётда шунақа нарсалар бор, фақат адабини бериб қўйсангизгина тўғри бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
"Биз инсонлар орасида дунёдаги ҳаёт кечиришларини ҳам тақсимлаб қўйганмиз!".
Зухруф сураси 32 -оят.
Бировларнинг ҳаётини орзу қилманг. Чунки сиз фақат уларга берилган баъзи нарсаларни биласиз холос. Уларнинг нималардан маҳрум қилинганини эса билмайсиз.
Китобнинг ғилофи бошқа, мазмуни тамоман бошқадир.
Машҳурлик имтиҳондир. Бундан кўпчилик ўта олмаган.
Мансаб фитнадир. Кўпларнинг кўзини мансаб кўр қилиб қўйган. Нима учун яратилганларини унутишган.
Мол-давлат сеҳрлидир, Қоруннинг ақлини олган.
Обрў-мартаба адаштиради. Зулайхо шунинг учун Юсуф алайҳис саломга зулм қилган.
Сиз ҳозир ўзингиз учун энг муносиб ўриндасиз. Бу ҳаётингизни ўзгалар ҳаёти билан солиштираверманг.
Солиштириш билан машғул инсонлар хотиржамликдан, сакинатдан маҳрумлардир. Бунақалар бошқалар билан овора бўлиб ўз ҳаётини ҳам унутиб қўйганлардир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЕЛКАДОШ
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳнинг "Аз-зуҳд" номли китобида келади:
"Умму Дардо айтади:
"Абу Дардонинг мана бу қозонимиз остидаги ўчоққа пуфлаётганини, тутуннинг аччиғидан кўзларидан ёш оқаётганини кўрдим!".
Уй ишларида ёрдамлашсангиз қадрингиз тушиб қолмайди.
Уйдаги бузилган нарсани тузатиб қўйсангиз мақомингиз пасайиб қолмайди.
Фарзандингизга уй вазифаларини ечишда ёрдамлашсангиз буюклигингизга путур етиб қолмайди.
Уйингиз учун бирор нарса сотиб олсангиз "ҳазрат"лигингиздан бўшатишмайди.
Аёл киши ҳар қандай юкни кўтарадиган баҳодир эмас.
Аёл киши мухаббат ва эътиборла муомала қилинадиган нозик хилқатдир.
Ҳақиқий муҳаббат ёнида амал, ёрдамлашиш, суяш, тушуниш ва елкадош бўлиш туради.
Ёлғон муҳаббат эса фақатгина сўздан иборат бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИБРАТ
Андалусдаги Севилия, Гранада, Сарагоса ва Кордова шаҳарларидаги мусулмонлар Теледода мусулмонлар устидан бўлаётган қатлиомларни кўриб туриб ҳеч қандай ҳаракат қилишмади. Шаҳарнинг қамал қилинганини, очликдан ўлдирилганини билиб туришди, аммо ёрдам беришмади.
Сўнгра нима бўлди?!
Толедо қулади. Қалъа вайрон бўлди. Мусулмонлар қатл қилинди. Кастилия қўшини бирин-кетин юқоридаги шаҳарларни ҳам эгаллаб, мусулмонларни қатл қилиб бутун Андалусни қўлга олди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
"Шубҳасиз, чўри бўлсада мўъмина аёл, сизга ёқадиган(чиройли) мушрика аёлдан яхшидир!".
Бақара сураси 221-оят.
Азизларим! Фақатгина муслималарга, ақидаси соғлом аёлларга уйланинг.
Муслима бўлмаганларни, ақидаси бузуқларни ўзгартираман деб ўйламанг. Билимингиз етмаслиги мумкин.
Имрон ибн Ҳуттон хавориж аёллардан бирига уйланди. Уни ўзгартираман деб ўйлаган эди. Аммо ўзи ҳам хавориж бўлиб кетди.
Азиз сингилларим! Фақат мусулмонга турмушга чиқинг. Уни кейин ўзгартириб оламан деманг. Кўп ҳолларда эр хотинни тортиб кетади. Қолаверса муслима аёл бошқа диндаги эркакларга турмушга чиқишдан ман қилинган.
Сажоҳ бинт Ҳорис деган бир аёл Мусайлама каззобга турмушга чиқди. Бу аёл ҳам Мусайлама сингари пайғамбарлик даъво қилган эди. Маҳри ўлароқ Мусайлама каззоб унинг қавми устидан бомдод билан хуфтонни соқит қилганини эълон қилди.
Ҳа, Осиё бинт Музоҳимда бўлгани каби истисноли ҳолатлар ҳам бор. Осиё Фиръавн қўл остида динини сақлаб юрган эди. Аммо алал оқибат Фиръавн барибир уни қатл қилган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Сиз билан бирга овқатланганларнинг барчаси ҳам сизга дўст бўлавермайди. Баъзилари оч бўлиши ҳам мумкин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УМИД
Маъруф Кархий роҳимаҳуллох бир куни нафл рўза тутган эди. Сув сотаётган бир кишининг: "Сувимдан ичганларга Аллоҳ раҳм қилсин!", деб бақираётганини эшитди. Ундан сув олиб ичди. Кишилар ундан сўрашди:
- Рўза эмасмидингиз?!
Маъруф деди:
- Унинг дуосидан умид қилдим!
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳнинг "Сияру аъломин нубало" китобидан.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Босқинчи билан ер эгасининг фарқи:
Босқинчи қўпоради, вайрон қилади!
Ер эгаси эса экади, бино қилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НЕЪМАТЛАР ИЧИДАМИЗ!
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг "Муснад"ида Ҳориса ибн Мағрибдан ривоят келади:
"Хаббоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кирдим. Унга кафани келтирилди. Хаббоб кафанини кўриб йиғлаб туриб деди:
"Ҳамзага кафан топа олмасдан чопонига ўраб кўмган эдик. Оёғини ёпсак боши очилиб қолди. Бошини ёпсак оёғи очилиб қолди. Чопон билан бошини ўрадик, оёғини эса изхир номли ўсимлик билан ўраб дафн қилдик!".
Шунга ўхшаш ривоят Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудан ҳам келган. У Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳу ҳақида шундай деган.
Ўзгаларнинг маҳрумлигини эслаб турсангиз ўзингиздаги неъматнининг қадрига ета бошлайсиз.
Тушликдаги иссиқ овқатингиз ёқмаса ҳар куни нон ва сув билан кунини ўтказаётганларни эсланг.
Фарзандингизнинг баҳолари сизни қониқтирмаётган бўлса фарзанди ногиронларни ёдингизга олинг.
Қийналмасдан уйланган бўлсангиз ёдингиздан чиқмасин, уйланишни орзу қилиб уйлана олмасдан юрган йигитлар минглаб топилади.
Биз неъматлар ичидамиз. Ортиқчаси керак эмас. Бизга етмайдигани Аллоҳга нисбатан одоб холос!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БАХТ
Бир нарса ёзасиз. Уни бегона шаҳардаги бегона одам ўқийди. Ўқиётганида ундаги ўзининг ҳаётига ўхшаш соҳир лавҳалар унинг қалбини ларзага солади. Сизни дуо қилади...
Ёзишдаги бахт мана шу!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“У ДЎЗАХДА!”.
Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:
-Фалончи аёл кўп нафл намозлар ўқийди, кўп нафл рўзалар тутади, кўп садақалар қилади, аммо тили билан қўшниларига озор беради!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:
-У дўзахда!
Ҳалиги киши яна деди:
-Фалончи аёл эса нафл намозларни оз ўқийди, нафл рўзаларни оз тутади, садақани оз беради, аммо қўшниларига озор бермайди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-У жаннатда!
Қўлтиғингизда бутун бир қуръон бўлганидан кўра ахлоқингизда битта оят бўлгани яхшироқ.
Мисвок суннат. Аммо инсонларнинг гўштини есангиз мисвок сизнинг тишингизни тозалай олмайди?!
Ҳадисларни ёдлаб олиш яхши нарса. Аммо кишилар орасида чақимчи бўлсангиз, фитначи бўлсангиз бунинг нима фойдаси бор?!
Оилангиз тарқалиб кетган бўлса тафсир китобларини уйингизда жамлашдан не фойда?!
Ҳамкасбларингиз ортидан хўжайинингизга ёмон гапларни ташисангиз тутган нафл рўзаларингиздан нима фойда?!
Бошингизда салла, соқолни қўйиб олгансиз. Аммо фақат ўзингиздан миннатдорсиз. Қолганлар сиз учун залолатда. Саллангиз ва соқолингиздан нима фойда?!
Тўғри, Аллоҳ ибодатни яхши кўради, аммо азиятни ёмон кўради.
Қиёматда тоғлар каби ажр ва ҳасанотларни кўтариб борганингизда дунёда азият берганларингиз уларни битта-битта сиздан тортиб олишади. Шу керакми сизга?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЛАТОИФ
Ҳажжожи золим вафот этганида бир киши унинг қасрига келиб Ҳажжож билан кўришишга рухсат сўради. Дарвозабон Ҳажжожнинг вафот этганини айтди. Халиги киши қайтиб кетди ва бироздан сўнг яна келиб Ҳажжож билан учрашмоқчи эканлигини айтди. Дарвозабон унга Ҳажжожнинг вафот этганини айтди. У киши яна қайтиб кетди. Бироздан сўнг яна келиб Ҳажжож билан учрашиши лозимлигини айтди. Дарвозабон бақирди:
- Мен сенга Ҳажжожнинг вафот қилганини айтдим-ку! Нега гапни тушунмайсан?!
Шунда ҳалиги киши деди:
- Тушуниб турибман, аммо Ҳажжожнинг ўлганини такрор-такрор эшитиб мазза қилаяпман!
-----------
Ё Аллоҳ! Ўлимимиздан кишилар севинмасинда!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДЎСТИМ
Менинг бир яқин дўстим бор эди. У менда тўқсон тўққизта айб ва биттагина яхши хислат борлиги билар, одамларга фақат мана шу яхши хислатимни гапирар эди.
У мана шу яхши хислатимни кишиларга юз марта такрорлади. Ниҳоят кишилар мен ҳақимда ҳатто ўзим ҳам қилмайдиган яхши гумонларни қила бошлашди!
Басма Абдулхолиқ
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАЙРАТЛАНАМАН!
Одоб камайиб кетган замонда одобни кўриб қолсам ҳайратланаман.
"Мен очиқ гапираман" деб кишилар қалбини жароҳатлайдиганлар кўпайган пайтида латиф инсонларни кўрсам ҳайратланаман.
"Дадиллар" ва "журъатлилар" кўпайган замонда эҳтиромнинг гувоҳи бўлсам ҳайратланаман.
Гўзал хулққа бўлган ҳирс кўзимни ёшлатади.
Ўқиётган ўқув масканимиз билан, шаҳодатнома ва дипломларимиз билан фахр туямиз. Аммо тахассус йўқ.
Илм доимо ахлоқ ва одоб билан камолига етади.
Шундай кишиларни кўрдикки, улар бирор мактаб ёки ўқув даргоҳини кўрмаган эди. Аммо гапириш илмини билар эди. Улар одоб дарсини ўтмаган, аммо бизга одобдан дарс беришар эди.
Улар табиат қонунларини, биологияни ўқимаган, аммо ҳаётни бизга ўргатишар эди.
Улар алоқалар ҳақида бирорта китоб ўқишмаган, аммо бизга гўзал муомалани, эҳтиромни ўргатишар эди.
Улар диний ўқув даргоҳини кўрмаган, аммо бизга иймон асосларини ўргатишар эди.
Улар режалаштириш бўйича таълим олмаган, аммо узоқни кўра олишдан бизга дарс беришар эди.
Улар шартнома ёзишни билишмаган. Уларнинг сўзи боғловчи эди. Уларнинг сўзи шартнома эди. Улар бизга вазиятнинг, сўзнинг ва асоснинг эҳтиромини ўргатишар эди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЛАГЕР
Бир дўстим айтади:
“Германияда анча илгари фашистлар томонидан қурилган Заксенхаузен деб аталмиш концлагерни зиёрат қилдим. Бу концлагер унчалик машҳур эмас. Аммо биринчи ва Берлинга энг яқин ерда қурилган концлагерлардан. Бу концлагерни амалдорлар совуққонлик билан, худди аэропорт ёки завод қураётгандек дақиқ илмий лойиҳалар асосида қуришган. Лагернинг ўртасида кузатув минораси бор. У ердан бутун лагер кафтдек кўриниб туради. Қайси бурчакдан қанақанги тирик жон чиқиб қочишга уринса уни ўша ердан отиб ўлдиришган. Қамоқхона камералари ғайриоддий услубда қурилган. Краватлар худди китоб жавонига ўхшайди. Баландлиги ҳам узунлиги ҳам чекланган. Худди бир томони очиқ қутига ўхшаб кетади. Ҳар бир қутида учта асир жойлаштирилади. Иккинчи жаҳон уруши охирига етай деганида асирлар кўпайиб кетади. Битта қутига тўққизта асирни жойлаштиришади. Асирлар Германия ҳарбий кучларига қарашли заводларда ишлатилар эди. Асирлар босқичма-босқич шамоллаб ўлиши учун турли воситаларни ишлатишар эди. Асирлар кўпайиб кетганида ҳам овқатни кўпайтиришмади. Олдинги овқатни ҳаммага тақсимлаб беришар эди. Бу воситалар унчалик фойда бермагач асирларни заҳарли газ билан ўлдиришга қарор қилишди. Аввало асирлардан ишлашга кучи қолмасдан йиқилганларини, сўнгра заифларни, сўнгра аёллар ва болаларни, охирида кучлиларни газ билан ўлдирадиган хонага тиқишар эди. Улар асирларга уларни газ кемерасига олиб боришаётганларини айтишмас, ҳаммомга бораётганларини айтиб кийимларини ечишар эди. Сўнгра уларнинг қўлига қўриқчилар совун бериб махсус хонага киритишар, у ерда махсус ҳаммом қувурларига ўхшаш қувурлар бўлиб, олдин ундан сув тушар эди. Сўнгра эшикни беркитиб улар устига махсус заҳарли капсулаларни улоқтиришар эди. Бунда ишлатиладиган капсулалар аслида ҳашоротларни қириш учун ишлатилар эди.
Бундан энг кўп яҳудийлар, сўнгра совет иттифоқидан асир тушганлар ҳам алам чекишган. Буларнинг бари бутун дунёдаги архив ҳужжатларида сақланган ҳолда турибди.
Бугун биз бир нарсага ишора қилмоқчимиз. Фашистлар биласизми нега асирларга уларни қатл қилгани эмас, ҳаммомга олиб бораётганларини айтиб алдашар эди?! Билмасангиз билиб олинг, фашистлар асирлардан қўрқишар эди. Ҳа, оёқ-қўллари очликдан қалтираётган, оёғида зўрға турган асирлардан қўрқишар эди. Чунки асирлар заиф бўлишсада, уларнинг сони қўриқчи ва ходимлар сонидан анча кўп эди. Ҳатто уларнинг сони концлагердаги ўқлар сонидан ҳам кўп эди. Агар улар биргаликда қўзғалишса улардан баъзилари ўлган тақдирда ҳам кўпчилиги озод бўлиши ва концлагерни қўлга олиши мумкин эди.
1943 йил октябрь ойида шундай ҳам бўлди. Фашистларнинг Польшада жойлашган Собибор концлагеридаги бир қанча асирлар мақсадли равишда қўриқчиларга ҳужум қилиб 12 та қўриқчини ўлдиришди. Асирлардан ҳам кўпчилиги ҳалок бўлди. Аммо концлагердаги асирлардан 300 таси қочишга муваффақ бўлишди. Ўшанда Собибор концлагерида 600 та асир сақланар эди. Ҳатто уларнинг 60 таси урушдан кейин ҳам анча вақтгача ҳаёт кечирди.
Кейинги куни Германия ҳукумати бу хабар бошқа концлагерларга тарқалиб кетмаслиги учун Собибор концлагерини бузишга қарор қилди. Унинг ўрнига дарахтлар экилди. Бу воқеани тамоман унутилишини исташди.
Албатта ҳамма концлагерлардаги асирлар қўлидан бу каби ишлар келмас эди. Чунки бундай ҳолатда кўпчилик аввало ўлимни кўз ўнгига олиб келар эди. Ёрдамни эса фақат осмондан кутар эди...
Собибор концлагеридан қочишга муваффақ бўлганларда ҳаётга бўлган умид кучли эди. Улар шуни англашдики, бу ерда қолишса албатта ўлишади. Аммо курашсалар кимдир тирик қолиши мумкин....
Кураш эса золимларни қўрқитади. Чунки золимлар жуда ҳам оз. Уларнинг муруввати ҳам оз, аскарлари ҳам оз.
Сизни алдаганларида шуни эсланг. Улар ўзини одил ҳокимлар деганида шуни эсланг. Қачон эзилган, мазлум бўлган, мустамлака бўлган халқни кўрсангиз шуни эсланг...
Золим доимо мазлумни умидсизликда ушлаб туришга ҳаракат қилади. Чунки мазлумнинг ҳаракати уни қўрқитади. Аммо шуни билинг, золим мазлумнинг умидсизлигидан кўпроқ қўрқади...
Дўстим! Бу ҳеч қачон ёдингиздан чиқмасин!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИШОНЧ
Бир киши туясини сотди. Сотиб олганлар туяни кушхонага сўйгани олиб боришди. Туя кушхонага кирмади. Қайсарлик қилиб оёқ тираб олди. Барча уринишлар бекор кетди.
Тажрибали бир киши келиб қолиб туянинг эгасини чақириб келишларини, фақат у туяни кушхонага олиб кира олиши мумкинлигини айтди.
Табиийки, туянинг эгаси келди. Арқондан ушлаб секин кушхона сари тортди. Туя секин юришни бошлади ва кушхонага кирди. Қассоблар дарров пичоқларини ҳозирлаб туяни сўймоқчи бўлишди. Аммо туянинг эгаси уларга деди:
- Дўстлар! Менга ишониб менинг изимдан юрган ҳайвонга мен қандай қилиб хиёнат қиламан?! Ахир бу туя менга ишонди-ку!
Туянинг эгаси уларнинг розилиги билан пулни қайтариб берди ва туяни олиб кетди. Сўнгра ўзига жонини ишониб топширганларга умуман хиёнат қилмасликка қасам ичди!
Сизга ишонганларга хиёнат қилманг. Алдаманг уларни. Хиёнат бу номуссизлик, разолат ва пасткашликдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ШАФҚАТ ҚИЛИНГ!
Асбаҳонийнинг "Ҳилятул авлиё" китобида келади:
Абу Қилоба дейди:
"Бир киши Салмон розияллоҳу анҳунинг олдига кирди. У хамир қораётган эди. Ҳолбуки, у ўша пайтда Мадоин ҳокими эди. Кирган киши сўради:
- Нима гап эй Абу Абдуллоҳ?!
Салмон розияллоҳу анҳу деди:
- Хизматкорни бир юмушга жўнатган эдим. Унга бирданига икки ишни юклашни ўзимга эп билмадим!".
Уйингиздаги ходим бўладими, ходима бўладими, аҳлингиз бўладими, тоқати етмайдиган ишни буюрманг. Агар унинг кучи етмайдиган иш бўлса унга елкадош бўлинг. Мана шу раҳматдир!
Танимаган кишилар Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни қуллари ичида кўришса қайси қул, қайси хўжайин ажрата олишмас эди. Чунки Абдурраҳмон қуллари билан бирга ўтирар, бир хил кийинар, оғир ишни бирга қилар эди!
Қўл остингизда хизмат қиладиган ишчиларингиз қул эмас, маошга ишлайдиган ҳур ишчилардир. Уларга юмшоқроқ бўлаверинг!
Ўқувчиларингиз уйга вазифага тўлдириб ташланадиган идиш эмас. Биттагина машқ берсангиз етади. Китоб очиб ўтган дарсни ёдга олишда шу кифоя қилади. Ҳамма машқларни ўқувчи уйда қилса мактаб нима учун қурилган?! Улар қачон дам олишади, қачон ўйнашади, қачон ота-онаси билан сайрга чиқади?!
Тағин ўқувчилар мактабни яхши кўрмайди деб шикоят ҳам қиласиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАНБИҲ
Ироқлик доктор, тарихчи ва мутафаккир олим Имодуддин Халил айтади:
"2011 йилнинг охирида докторликни ёқлаётган ўн икки талабага замонавий қонунчилик ҳақида маъруза ўқиётган эдим. Шу орада улардан сўрадим:
- Мана йил ҳам охирлаб қолди. Менга фақат тўғрисини айтинглар, шу йил ким нечта китоб ўқиди?
Талабалардан тўққизтаси жим бўлиб қолди. Улар бирорта ҳам китоб ўқишмабди. Қолган уч талаба битта ёки иккитадан китоб ўқишибди. Уларга танбиҳ бериб дедим:
- Мен шу йили ўттизта китоб ўқидим. Мен профессорлик илмий даражасига эга бўлиб туриб бир йил, икки йилда бирорта китоб ўқимайдиган Университет домлаларини биламан. Устозлари китоб ўқимаса уларнинг талабалари қаердан ўқийди?!
------------
Бизда устозлар китоб ўқиб туришса керак!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲОРИС
Биласизми, саҳобалардан Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу мушрикларнинг каттаси Абу Жаҳлнинг укаси бўлади. Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу Ярмук ғазотида шаҳид бўлган.
Биласизми, Ҳорис ибн Ҳишом розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганида унинг ёнида ўзининг жияни ва куёви Икрима ибн Абу Жаҳл розияллоҳу анҳу ҳам шаҳид бўлган.
Эслайсизми, ўшанда Ҳорис жон бераётиб сув сўрайди. Унга сув келтиришганда сал нарироқдан жияни Икрима ибн Аби Жаҳл сув сўрайди. Ҳорис сувни ичмасдан уни жиянига илинади. Сувни Икримага олиб келишганда Айёш ибн Аби Робийъа нарироқдан сув сўрайди. Икрима сувни ичмасдан Айёшга беришларини айтади. Сувни Айёш ибн Аби Робийъага элтишганда у вафот этган бўлади. Қайтариб Икриманинг олдига келишганда у ҳам шаҳид бўлган бўлади. Ҳориснинг олдига келишганда унинг ҳам вафот этган ҳолда топишади. Уччовлон ҳам ҳатто жон бериш пайтида ўзини эмас, биродарини ўйлаб сув ичмасдан шаҳид бўлишади.
Ҳорис ибн Ҳишом фатҳ кунида исломга кирган. Исломи ниҳоятда гўзал бўлган. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайн ғазотида иштирок қилган. Бир қанча ҳадислар ривоят қилган.
Ҳорис айтади:
"Мени Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни қаерда кўрсам мушриклик пайтимдаги ҳолатлар ёдимга тушиб хижолат бўлар, юзимни ерга қаратиб олар эдим. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам мени муҳаббат ва раҳмат билан қарши олар эдилар!".
Ҳорис исломга кирган кунини ҳеч унута олмади. Унга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам исломни таклиф қилиб шундай деган эдилар:
- Эй Ҳорис! Сенга ўхшаганлар исломни билмай ўтиб кетиши асло мумкин эмас!
Ҳорис шаҳодат калимасини айтиб исломга кирди. Аллоҳ йўлида шаҳидлик насиб қилди унга!
Аллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин!
Ибн Саъднинг "Табақот"идан.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИЙСОР
Ибн Саъд роҳимаҳуллоҳнинг "Табақот"ида келади:
"Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Уҳуд кунида акаси Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга совутини бериб деди:
- Аллоҳга қасамки, буни сиз киясиз!
Зайд ибн Хаттоб совутни кийди. Сўнгра дарров ечди ва Умар розияллоҳу анҳуга берди. Умар розияллоҳу анҳу сўради:
- Нима бўлди?
Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди:
- Мен ҳам сен истаётган нарсани истамоқдаман!
Сизга ҳамдард бўлиб елкангизни силаган кишида ҳаргиз дард йўқ деб ўйламанг.
Сизга бир нарса берган кишини ўзи муҳтож эмас деб ўйламанг.
"Ийсор" деган буюк хулқ бор. Аллоҳ буни махлуқотлари ичидан фақат танланганларига беради!
Гоҳида қалбида жаноза қайнаётган инсон сизнинг кўз ёшингизни артиши, дардингизга малҳам бўлиши мумкин.
Синган пайтингизда сизга малҳам бўлаётганларнинг баъзисининг руҳи парчаланган.
Дунё бошига ташвиш ағдарган баъзи кишилар сизга дардкаш бўлиши мумкин.
Шунақаларни учратиб қолсангиз маҳкам тутинг. Булар нодир инсонлар!
Гоҳида инсонлар ўзларига истаган нарсаларини сизга қилишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УМАРДАН ҲАЁ ҚИЛИБ...
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Муснад"ида Оиша розияллоҳу анҳудан хадис келтиради:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ва отам дафн қилинган хонага кирганимда: "Булар эрим ва отам-ку!", деб ёпинчиғимни ечиб қўяр эдим. Сўнгра у ерда Умар розияллоҳу анҳу дафн қилингач, у ерга кирганимда Умар розияллоҳу анҳудан ҳаё қилиб ёпинчиғимни ўраб кирадиган бўлдим!".
Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳаёсини қаранг. Қабрдаги инсондан ҳаё қилиб у хонага ёпинчиққа ўралиб кирмоқда.
Сизларга нима бўлди азиз онахонлар, опалар, сингиллар?! Сочингиз очиқ, бўйнингиз очиқ, атирингиз ҳиди ҳар томонга таралмоқда!
Эркакларни баттар жалб қиладиган "ҳижоб"ингиз нимаси?! Ундан қоматингиз билиниб бўртиб турибди!
Қадимда бунақа кийимларни фақат жориялар кийишган. Чунки улар доим олди-сотди қилинган. Озод аёлларнинг баданини эса фақат эрлари кўрган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САОДАТ
Саодатга қачон етаман дейсизми?
Саодат бекат эмаски, етсангиз. Саодат бу юрадиган йўлдир!
Дунёқарашингизни ўзгартиринг. Дунё тамоман ўзгариб кетади.
Саодатни қалбингиз ташқарисидан қидирсангиз, уни бир умр қидиришингизга тўғри келади!
Саодатни қалбингиздан топасиз. Бахтингиз ўзингиздан бошланади, ўзгалардан эмас!
Тўғри, инсон бу сайёрада ёлғиз яшай олмайди. Кишилар бир-бирига суянади. Назарда тутганим, ўз ҳаётингизга ўзингиз хўжайин бўлинг. Асосларингиз учун яшанг. Майли, сизнинг асосларингизни ўзгалар эски-туски, арзимас деб ўйлашсин. Ўзгартириш шамоллари агар сизни ёмон томонга ўзгартиришини билсангиз бундай шамол олдида ҳеч қачон эгилманг!
Собит тура олсангиз кишиларнинг эгилиши сизга зарар бера олмайди. Эгилсангиз кишиларнинг тик туриши сизга фойда бера олмайди.
Ўзингизни ҳурмат қилишингиз шахсий ишингиздир. Бошқаларга бунинг алоқаси йўқ. Мана шуни яхши англаган бўлсангиз саодат томон илк қадамларни ташладингиз!
Ҳасадни йиғиштиринг. Ҳасад ўзгалардаги неъматни барбод қилмайди, балки сизнинг назарингизда сиздаги неъматларни барбод қилади. Доимо ўзгалар қўлидаги нарсаларга эмас, ўз қўлингиздаги нарсаларга қаранг. Ана шунда кўп неъматларга эга эканлигингизни кўрасиз!
Ўзгалар қўлига қарайверсангиз ўзингиздаги неъматларни кўра олмай қоласиз. Бахт қаноатда. Қаноатли бўлинг, саодат сиз билан бўлади!
Ўтган ишларни эслаб ўзингизни қийнаманг. Мозий фақат ибрат олиш учундир, яшаш учун эмас.
Қўлингиздан кетган нарсага сизни ҳам олиб кетишига рухсат берманг. Юзингизга тушган ҳар-бир шапалоқдан ўзингизни қарздор билинг. Чунки у сизни пиширган!
Сизни алдаган, сизга хиёнат қилганлардан ўзингизни қарздор деб билинг. Чунки улар сизга ишончда ҳаддан ошмасликни ўргатишган.
Ҳар бир хатойингиздан ўзингизни қарздор билинг. Чунки қайта ҳаёт бошлашни сизга хатоларингиз ўргатган.
Мозий саҳифасини ёпишингиз уни унутганингизни англатмайди. Балки у энди сизга хўжайинлик қила олмаслигини англатади. Саодат мана шу. Мозий саҳифаларини ёпинг!
Ҳар ярадан йиғлайверадиган, ҳар муштдан йиқилаверадиган, ҳар дарддан болалардек шикоят қилаверадиган мўрт инсон бўлманг.
Ҳар сафар қайта туришни ўрганиб олинг. Чандиқларингизни сизни ўлдирмоқчи бўлган қийин кунлардан эсдалик деб билинг. Қатъиятли ва собит бўлинг. Бахт шунда!
Бахт фақатгина одатдан ташқари катта лойиҳаларни амалга оширишда деб ўйламанг. Оддий ишлардан бахт ясаб олса бўлади. Ўзингизни арзимас инсон деб билманг.
Ота-онангиз розилиги саодатдир, агар бундан лаззатлана билсангиз...
Гуноҳлардан истиғфор айтишингиз саодатдир, агар тафаккур қилсангиз...
Тоатда яшашингиз саодатдир, агар унда қалбингизла яшасангиз...
Бировнинг кўз ёшларини артишингиз, кимнингдир кўнглини олишингиз, ўзгаларга ёрдам қўлини чўзишингиз саодатдир, агар ҳис қилсангиз...
Саодат мўъжиза ёки хавориқи одат иш эмас. Саодат кичик кўринган ишларни муҳаббатла бажаришдир. Ўзингизга муҳаббат ато қилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УЛАРГА ЯРАШАДИ, БИЗГА ЭСА ШАЛВИРАБ ҚОЛАДИ!
Олдинги ҳафтада Латвияда аёллар ўртасида баскетбол бўйича саралаш мусобақалари зимнида Ирландия ва Исроил ўртасидаги ўйин бўлиб ўтди. Ирландия давлат мадҳияси янграганида Ирландиялик ўйинчи қизлар майдон ўртасида эмас, захира ўриндиғида туриб мадҳияни тинглашди. Исроил терма жамоаси қизлари билан унинг Ғазодаги ҳужумлари сабаб қўл бериб кўришишдан бош тортишди.
Кейинроқ Facebook Ирландия терма жамоасининг Facebook саҳифасини ўчириб ташлади.
Бу олам расмий шаклда жинни бўлган. Тушуниб бўлмайди уни. Ижтимоий тармоқлардан, айниқса Facebookдан Исроилнинг шарманда қилувчи чиқишларнинг ўчирилиб юборилиши ҳақир ва разилона бир тарафкашлик аслида. Буни-ку тушунса бўлар...
Энди баскетбол майдонида қилган иши учун Ирландия терма жамоасининг саҳифасини ўчириб юборилишини нима деб тушуниш мумкин?!
Буни мен Андалусдаги тафтиш маҳкамаларининг янгича юзи деган бўлар эдим.
Бизга "сўз ва фикр эркинлиги" деган маъбудни тақдим қилиб, унга ҳеч қандай қоидаларсиз ибодат қилишимизни хоҳлаётган ғарб ўзининг бир журналисти "Ғазолик болаларни ўлдиришни бас қилинг!", деган қайсидир чиқишга лайк тугмасини босгани учун ишдан олганига нима дейсиз?!
Европада полиция ҳимоясида Қуръони каримни ёқиш мумкин. Буни сўз ва фикр эркинлиги дейишади. Агар сиз шу эркинликка ишониб ЛГБТларнинг байроғини ёқсангиз қамаласиз. Бунинг маъноси шуки, сиз фақатгина уларнинг қарашларига мос холда эркин сўзлашингиз ва фикрлашингиз мумкин!
Эмманюэль Макрон Франция ҳукумати тепасига келган пайтлар Франциялик бир рассом Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суратларини карикатура қилиб чизди. Макрон уни сўз ва фикр эркинлиги соясида ҳимоя қилди. Францияда у рассомга ҳеч ким тега олмаслигини айтди.
Бундан икки йил ўтиб Франциялик рассом Мишель Анг Макронни Гитлерга ўхшатиб карикатурасини чизди. Макроннинг жинниси чиқиб кетди-ку!
Шартта рассомни судга бериб даъво иши очди.
Бошқаларни карикатура қилишса майли, аммо ўзини карикатура қилишса бу жиноят!
Хурмодан ясалган маъбудни ейиш вақти энди келди...
Ғарбда Худонинг борлигига шак қилиш мумкин. Ҳатто инкор қилиш ҳам мумкин. Бу учун сизга ҳатто Ватикандаги папа ҳам ҳеч нарса дея олмайди.
Аммо Холокост қурбонлари рақамини ўзгартиришга, кишиларни шакка солишга ҳаракат қилиб кўринг, сизни дарров антисемитизмда айблашади ва жиноий жазога тортишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ВАФО
Хароитий ўзининг "Макоримул ахлоқ" номли китобида келтиради:
"Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўғлини қўшниси билан тортишаётганини кўриб қолди. Шунда унга деди:
- У билан тортишма. У қолади, бошқа инсонлар эса кетишади!".
Ҳаётингизда муқим ва муҳим бўлганларни ўткинчиларга алмаштирманг.
Бир умр ёнингизда бўладиган аёлингизни бир кечалик ўткинчи аёлларга алмаштирманг.
Ўткинчилар ўтиб кетаверади. Акангиз, укангиз, опа-синглингиз қонингизда, гўштингизда қолишади. Уларни йўқотманг.
Ўткинчи дўстлар келиб кетаверадилар. Аммо ҳақиқий, вафодор дўстингизга енгил боқманг.
Бегоналар узоқлашиб кетаверадилар. Аммо қўшнингиз дарвозаси доим дарвозангиз ёнида тураверади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЖОЙ ҚОЛДИРИНГ!
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг "Адабул муфрад" китобида келади:
"Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу айтади:
"Муҳаббатинг ҳаддан ортиқ бўлмасин. Нафратинг нариги томонни ҳалок қиладиган даражада қаттиқ бўлмасин!".
Севсангиз ақлингиздан воз кечар даражада севманг. Чунки қалб ўзгарувчандир.
Эҳтиёт бўлинг! Кўпчилик кўпинча ишонган ва кафолатланган жойларидан зарба ейди.
Ўнта бармоғини ўзгалар учун шам ўлароқ куйдирганлар келажакда афсусдан тишлаш учун битта ҳам бармоқ топа олмай қолишлари мумкин!
Бировни ёмон кўрсангиз сулҳ учун жой қолдиринг. Чунки ҳолат ўзгарувчандир.
Жанжаллашганда рақибининг йўлларига тикан сочганлар куни келиб ўша йўлдан ялангоёқ ўтишларига тўғри келиб қолади.
Ҳамма кўприкни бузиб ташламанг. Куни келиб ўтишга йўл топа олмай қолишингиз мумкин.
Деворни баланд кўтариб юборманг. Куни келиб унинг тепасига чиқишга мажбур бўлиб қолишингиз мумкин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Ҳали бу дин кеча ва кундуз етган ҳамма жойга етиб боради. Ҳатто бирорта кўчманчи ва бадавийлар хонадони ҳам қолмасдан азизни азиз қилиб, хорни хор қилиб кириб боради!".
Эй Аллоҳнинг Расули! Яна бир бор гувоҳлик бериб айтаманки, сиз Аллоҳнинг ҳақ Расулисиз!
Сизга Аллоҳнинг салоту саломлари бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НИҚОБ
Имом Бағавий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Шарҳус сунна" китобида келтиради:
"Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу уйида энг қувноқ кишилардан эди. Кўчага чиққанида ҳақиқий рижолга айланар эди!".
Буюклар шунақа бўлади. Энг гўзал муомаласига аввал уйидагиларни муносиб деб билишади.
Бугунги дардлардан бири шуки, баъзилар кўчада очиқ юзли ва қувноқ юради. Уйига кириши билан жиддий бўлиб олиб қовоғидан қор ёғилади. Гўё мотамда дейсиз уни.
Баъзилар уйидан ташқарида қўли очиқ, уйига кириши билан қўли қаттиқ бахилга айланади.
Баъзилар кўчада кечиримли ва бағрикенг, уйда эса аҳлининг юрагини сиқиб юборадиган даражада мижғов.
Жуда ҳам қизиқ бир тафовут. Қандай тушунтиришни ҳам билмайсиз, буни оқлаб ҳам бўлмайди.
Уйида хулқи гўзал бўлмаганларнинг кўчадаги ахлоқи ниқобдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАРК ҚИЛИШ ОСОН, УШЛАБ ҚОЛИШ ҚИЙИН!
Хароитийнинг "Макоримул ахлоқ" китобида келади:
"Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу дейди:
"Кийимим модомики менга лойиқ экан, ундан чарчамайман. Хотиним модомики мен билан яхши ҳаёт кечирар экан, ундан зерикмайман. Уловим модомики мени кўтарар экан, ундан чарчамайман. Киши ёмон ахлоқдан чарчайди!".
Нарсаларига тиш-тирноғи билан ёпишиб олган кишилар мени ҳайратлантиради. Улар ўзгалар билан алоқалари тирналса уни дарров даволашади. Дўстликларига жароҳат етса дарров уни тузатишга ҳаракат қилишади.
Бир нарсадан воз кечиш ҳамманинг қўлидан келади. Аммо уни ушлаб қолиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди.
Аллоҳга қасамки, менга ҳатто қоралама дафтарларимдан воз кечиш оғир ботади. Инсонларга орқасини қиладиганлардан доимо ажабланаман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Инсон фақатгина ўлганида ўлик ҳисобланмайди. Балки тирик бўлиб туриб тириклар дардини ва ташвишини англамаса ҳам ўлик ҳисобланаверади.
Фақат қабрдагилар ўлик эмас. Атрофимиздаги тириклар ичида ҳам ўлганига анча бўлганлар бор.
Қийналаётган, нохақ ўлаётган мусулмонлар учун модомики кўзингиздан ёш чиқаётган экан, демак ҳали тириксиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov