БУГУННИНГ ГАПИ
Менга ишонинг! Ҳамма иш Роббингиз ҳузурида бошланиб Роббингиз ҳузурида тугайди. Ҳадеб бандалар эшигини тақиллатаверманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БУЮК ШОИР
Буюк шоир ва адиб Муҳаммад Моғут кишиларга дебди:
- Юртимизда буюк шоир йўқ!
Кишилар сўрашибди:
- Нима учун?
Муҳаммад Моғут дебди:
- Буюк шоир бўлиш учун ростгўй бўлиш керак. Ростгўй бўлиш учун озод ва ҳур бўлиш керак. Озод ва ҳур бўлиш учун эса яшаш керак. Яшаш учун эса соқов бўлиш керак!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЭЪТИРОФИМ
Шахсий саҳифаларимда ёзаётганларим буларга менинг тўлиқ амал қилаётганимни англатмайди. Булар аввало ўзимга насиҳатдир, сўнгра бошқаларга...!
Бу мавъиза ва ибратларга ҳаммадан олдин ўзим муҳтожман.
Қўлимдан келганича нафсим билан курашаман, аммо уни ҳозирча бўйсундира олганим йўқ. Умидим, ёзганларим кимнингдир ҳаётини яхши томонга ўзгартириб унинг дуоси сабаб нажот топсам!
Динимизни соғлом ҳолатда, бидъатлардан холий ҳолда келажак авлодга етказиш исломни илк таниганимдан бери ҳадафларимдан биридир!
Азизлар! Ҳеч қачон сизларга тепадан қарамаганман. Доимо пастдан қарайман. Ўзимни бировдан афзал билмайман. Доимо дуойингиз умидида ва илтижосидаман!
Ёзишга мажбур бўлдим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЗИДДИЯТ
Салоҳиддин Айюбий роҳимаҳуллоҳнинг набираси Ан-Носир Юсуф мусулмонларга қарши душманлар билан тил бириктирди. Айюбийлар ҳукмронлиги унинг сабабидан қулади.
Ҳологунинг амакиваччаси, Чингизхоннинг набираси, мўғуллар қўмондони Баракахон эса исломни қабул қилди. Мўғулларга қарши мусулмонлар билан иттифоқ тузди.
Гоҳида кишининг ўз биродари ёрдам бермасдан хиёнат қилар экан.
Гоҳида эса ёрдам душман томонидан ҳам келар экан!
/channel/Abdulqodir_Polvonov;
ШОШИЛМАНГ!
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурига Басраликлар гуруҳи келишди. Умар розияллоҳу анҳу улар ичидан Аҳнаф ибн Қайс роҳимаҳуллоҳда ақл, дин ва вазминликни кўргач уни бир йил ушлаб қолди. Бир йилдан сўнг ундан сўради:
- Эй Аҳнаф! Сени нега бир йил тутиб қолганимизни биласанми?
Аҳнаф деди:
- Йўқ, эй мўъминлар амири!
Умар розияллоҳу анҳу деди:
- Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам менга билимдон мунофиқлардан эҳтиёт бўлишимни тайинлаганлар. Сени ўшалардан деб ўйлаб қўрққан эдим!
Сўнг Умар розияллоҳу анҳу унга Басрадаги омилига мактуб бериб юборди. Мактубда шундай ёзилган эди:
"Аҳнаф ибн Қайс Басра аҳлининг саййидидир!".
Илк таассуротлар жуда муҳим. Аммо бироз танишиш лозим. Бирдан илк таассуротга асосланиб ҳукм чиқармаслик керак.
Барчамиз аввалги лаҳзалардан таъсирланиб, унга кўра ҳукм чиқариб алам тортганмиз. Бироз яшаб ўргангандан сўнг қанийди яқинлашмаганимда эди, дея надомат қилганмиз.
Ўзингизни илк туйғулар гирдобига отманг. Шошилманг. Чунки кўп куйишларга сабаб куйишдан олдинги илк илиқ лаҳзалар бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
СЎРАШИБДИ...
Бир куни рус ёзувчиси Феодор Достоевскийдан сўрашибди:
- Бу инқирозлардан сўнг олам қаерга етиб боради?
Достоевский шундай жавоб берибди:
- Бундан сўнг олам шундай замонга етиб борадики, аҳмоқларнинг кўнгли учун ақллилар фикрлашдан ман қилиб қўйилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Қуръони каримни маъракаларда ёки йилда бир марта Рамазонда ўқиладиган китоб сифатида эмас, илоҳий дастур сифатида, ахлоқлар манбаси сифатида, тиловати ибодат ҳисобланмиш китоб сифатида ёдлашни тавсия қилган бўлар эдим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НАФСИМ МЕНИНГ УЛОВИМДИР!
Абдуллоҳ ибн Муборак роҳимаҳуллоҳнинг "Китобуз зуҳд" номли китобида келади:
"Абу Зарр розиёллоҳу анҳу қайлула вақтида болаларининг овозини эшитмаслик учун улардан узоқлашар экан. Бу ҳақда ундан сўрашганда шундай жавоб қилар экан:
"Нафсим менинг уловимдир. Унга мен раҳм қилмасам, эътибор бермасам кўзлаган маконимга етказа олмайди!".
Ўзингизга ҳам вақт ажратинг. Бўш вақт осмондан тушмайди.
Уйқуга ҳам эътиборли бўлинг. Чунки бу мижозингизда аксланади.
Билимингизга эътиборли бўлинг. Чунки бу услубингизда намоён бўлади.
Саломатлигингизга эътиборли бўлинг. Чунки бу фаолиятингизда ўз кучини кўрсатади.
Қуръон, зикр, намоздан насибангиз бўлсин. Чунки бу руҳингизда намоён бўлади.
Агар ўзгаларга эътиборли бўлмоқчи бўлсангиз, аввало ўзингизга эътиборли бўлинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ёшлигимда қассоб бўлишни орзу қилдим. Аммо бўлмади. Чунки сотадиган гўштимдан кўра кўпроқ гўшт еб қўяр эдим.
Сўнгра тикувчи бўлишга уриндим. Бу ҳам бўлмади. Чунки кийимдан кўра кўпроқ мижознинг баданига нина санчар эдим.
Сўнгра футбол юлдузи бўлишни орзу қилдим. Бўлмади. Чунки юртимда тўпдан бошқа тепадиган нарсалар ҳам кўп экан.
Санъаткор бўлишни истадим. Менга овозим ҳис-туйғуларни эмас, мол ва буюмларни энергиялашга ярашини айтишди.
Сўнгра дунёдан воз кечиб сўфийлик йўлига киришни истадим. Бунда ҳам омадим юришмади. Чунки мен араб ерларида сажда қилишим учун бир қарич ҳам ерга молик эмас эканман!
Муҳаммад Моғут.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
100 кун бўлди. Уларнинг ҳиммати сусайгани йўқ. Қатъийяти сингани йўқ!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎТИНЧ!
Ражабнинг илк кунида...
Эй Роббим! Мени ҳаёт ва унинг ўзгаришларидан беркит ва ҳимоя қил!
Эй Аллоҳим! Менга неъматларингни, фазлингни ва раҳматингни бардавом қил!
Эй Аллоҳим! Менинг аҳволимни энг яхши ҳолга ўзгартир. Менга оддий кўриниб қолган ва мен шукридан ғофил бўлган неъматларни мендан тортиб олма!
Эй Роббим! Мен қилиб сўнгра унутган гуноҳлар билан мени жазолама. Гуноҳларимни мағфират қил!
Эй Аллоҳим! Менинг ҳаётдаги зулматларни, ёмон ўзгаришларни, тўсатдан тушадиган кулфатларни ҳис қилишимга йўл қўйма!
Эй Роббим! Мени кутилмаган ризқлар ила ризқлантир, ақлимга келмаган яхшиликлар ила насибалантир. Мен амри-муҳол дея ўйлаган орзуларимни рўёбга чиқар!
Эй Аллоҳим! Орзу ва умидларимнинг яхшисини бер. Мен юрадиган ҳар йўлда менга тавфиқ ато айла. Ортда қолган кунларим энг қийин кунларим бўлсин. Менга ишларни қийин қилма. Ҳар тангликдан чиқиб кетадиган бир йўл кўрсат. Мени покиза ризқ ила ризқлантир. Менга яшашга, рози бўлишга куч бер. Жаннатинг ила ризқлантир. Жаннатда неъмат берган бандаларингга ҳамроҳ қил!
Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ!
Аллоҳим! Бизга Ражаб ва Шаъбонни баракали қилгин. Рамазонга соғ-саломат етказгин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Бизнинг-ку ташвиш ва тушкунликдан тупугимиз қуриди. Аммо фарзандларимизга ўргатайлик, қачондир хоинлар ухлайдиган маконни топиб уларнинг қабрларига тупуришсин!".
Муҳаммад Ғаззолий
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“У ШУНДАЙ ТАВБА ҚИЛДИКИ...!”.
Саҳобийя аёллардан Ғомидийяни зино қилгани учун жазо ўлароқ тошбўрон қилинди. Унинг қони Холид розиёллоҳу анҳуга сачради. Шунда Холид розиёллоҳу анҳу аёлни сўкди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг сўкканини эшитиб қолдилар. Шунда Холид розиёллоҳу анҳуга дедилар:
-Сўкма уни эй Холид! Нафсим қўлида бўлган Зотга қасамки, у шундай тавба қилди, агар солиқчи шундай тавба қилганида уни Аллоҳ мағфират қилар эди!
Шаръий жазолар тавба ва кафорат ўрнидадир. Ким бир жиноят қилса-ю, сўнгра жазоланса қиёмат куни Аллоҳ уни ўша жиноятидан сўрамайди.
Ким бир жиноят қилса-ю, жазоланмай қолса унинг иши Аллоҳнинг қўлида. Истаса адолати билан жазолайди. Истаса раҳмати билан мағфират қилади. Нима бўлганида ҳам бугун шаръий жазолар кўп диёрларда жорий қилинмайди. Шунинг учун гуноҳни беркитиш талаб қилинади. Ким бир гуноҳ қилиб қўйса тавба қилсин. Гуноҳини ҳеч кимга айтмасин. Гуноҳни ошкор қилиш ҳам гуноҳ!
Инсоннинг гуноҳи катталашгани сари тоатлари, қурбатлари ва садақалари ҳам кўпайиб бориши керак. Аллоҳ Афувв ва Каримдир. У бизни аслида жазолаш учун яратмаган.
Аллоҳ таоло жамиятни ҳимоя қилиш ва инсонларни муҳофаза қилиш учун жазоларни машруъ қилган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Биз доимо қалбига ишонганларимизга суянамиз. Зеро тананинг қуввати куни келиб хиёнат қилади, аммо туйғулар қуввати эса ҳеч қачон хиёнат қилмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“АЛЛОҲ ТАОЛО У ЗОТНИНГ СЎЛАКЛАРИ БИЛАН МЕНИНГ СЎЛАГИМНИ ЖАМЛАДИ!”.
Оиша розиёллоҳу анҳо айтади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам менинг навбатим куни менинг уйимда, менинг қучоғимда вафот қилдилар. Аллоҳ таоло менинг сўлагим билан у зотнинг сўлакларини жамлади. Абдурраҳмон ибн Абу Бакрнинг қўлида мисвок бор эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам мисвокка термулиб қарадилар. Билдимки, мисвок ишлатишни истаяптилар. Мен мисвокни олиб уни чайнаб юмшатдим. Сўнгра уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга бердим. У зот мисвокни ишлатдилар ва қўллари пастга тушиб кетди!”.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам жон бераётганларида хотинларининг қучоғида бўлганлар. Бунинг маъноси шуки, хотин умрнинг охиригача сизга йўлдошдир. Сиз уники, у сизники....!
Инсон бемор бўлар экан, ана шунда хотинининг севгисини билади. Эҳтимол у сизга ошкор қилмагандир...!
Аёл киши эса синиқлик ва заифлик чоғида эрининг севишини, муҳаббатини тушунади!
Бу фаразий оламга қаттиқ ёпишиб ҳақиқий оламни унутманг. Яъни, ижтимоий тармоқларга берилиб кетиб атрофингиздаги оламни, аҳлингизни унутиб қўйманг. Ҳақиқий уйни барбод қилиш эвазига гумонлардан иборат бинони қурманг!
Мени ижтимоий тармоқларда кўп инсон кузатади, ўқийди. Аммо беморлигимда фақатгина ёнимда умр йўлдошим бўлган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ХОИНЛАР
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ айтишича, Мусо алайҳис салом Бани Исроил яҳудийларини Фиръавн зулмидан қутқариб Мисрдан кечаси олиб чиқиб кетган экан.
Йўлга чиқишдан олдин уларни кечаси чиқишлари ҳақида огоҳлантириб қўйган. Улар кетиш олдидан Мусо алайҳис саломга билдирмасдан маслаҳатлашиб Фиръавн қавми бўлмиш ерлик аҳолидан жуда кўп кийим-кечаклар, зеб-зийнатлар ва асбоб-анжомларни омонатга сўраб олишган. Мақсад уларнинг нарсаларини ўзлаштириб суриб қолиш бўлган...!
Буларнинг аждодлари қонида ҳам хиёнат бор эканда!
-----------
Дарвоқе, суратда овқат учун навбатда турган ва овқат етмай қолишидан хавфда бўлган Ғазолик қизалоқ...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЖАБО!
Ҳуяйй ибн Ахтоб Бани Назир яхудларининг бошлиғи бўлган. У Бани Қурайза яҳудийлари бошлиғи Каъб ибн Асадни мусулмонларга қарши Аҳзоб мушрикларига ёрдам беришга, уларга Бани Қурайза яҳудийлари яшайдиган томондан Мадинага кириб келиши учун йўл беришга чақирди.
Каъб ибн Асад аввалда бунга кўнмади. Шунда Ҳуяйй ибн Ахтоб унга токи жони чиққунича унинг ёнида бўлишини айтиб ваъда беради.
Аммо Аллоҳ таоло Мадинани сақлади. Пайғамбари ва мусулмонларни ғолиб қилди. Аҳзобни мағлуб қилди. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Бани Қурайза яҳудийларини хиёнати сабабли қамал қилдилар. Ҳуяйй ибн Ахтоб тез бориб Бани Қурайза қалъаси ичига кириб олди. Мусулмонлар унинг бошини кесишди. Хуллас, у Каъб ибн Асадга берган ваъдасининг устидан чиқди.
Бугун динга ходимман деяётганларнинг қуввати заифлашганини кўриб, нафси мағлуб бўлганини кўриб, нафсига қул бўлганини кўриб, бир-бирига бўлган адоватини ва меҳрсизлигини кўриб негадир юқоридаги воқеа ёдимга тушди.
Бизнинг Аллоҳ ва Расули билан бўлган аҳдимиз Ҳуяйй билан Каъбнинг аҳдидан мустаҳкамроқ ва муҳимроқ аслида.
Бизнинг даъвойимизча, ичимизда адолатни севадиганлар, зулмни ёмон кўрадиганлар бор. Ёлғиз қолсакда, ҳақни ёлғиз қолдирмасликка, йўлда биздан бошқа ҳеч ким қолмаганида ҳам руҳиятимиз сусаймаслигига аҳд берганмиз.
Саркаш кофирлар ўз аҳдида биз мусулмонлардан вафолироқ бўладими?!
Қайсар яҳудийлар жони чиқсада биздан саботлироқ бўладими аҳдида?!
Қизиғи, Ҳуяйй ибн Ахтоб боши кесилишини билганида кийимларидан мусулмонлар фойдаланмаслиги учун кийимларини йиртиб ташлаган эди. Ўлишидан олдин Расулимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга нафратини сочиб:
"Эй Муҳаммад! Сенга бўлган адоватим учун ўзимни бирор марта маломат қилмадим!", деган эди.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЖАБ
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг "Адабул муфрад" номли ҳадис тўпламида келади:
"Қалблар яқинлигидек ажойиб нарса йўқ!".
Муҳаббатда сабаб қидирманг. Бу Аллоҳнинг иши. Аллоҳ экканини бандаси суғуриб ололмайди!
Қанча-қанча биз суядиган инсонлар бор. Улар билан орамизда бир қанча шаҳарлар бор. Аммо бу шаҳарлар ва узоқ масофалар бизни ажрата олмайди.
Қанча-қанча эр-хотинлар бор. Бошлари бир ёстиқда, аммо қалблари дунё ва охират қадар узоқ.
Бир бегона одам билан учрашасиз. Бир-икки суҳбатдан кейин бегоналиги қолмайди. У билан яқинлашиб кетасиз.
Баъзилар билан эса бир неча йиллардан бери бирга юриб, бирга турасиз. Аммо улар қалбингиз остонасидан ичкарига кира олишмайди.
Ажаб! Ақл буни шарҳлай олмайди, мантиқ эса тушунтира олмайди!
Роббимиз Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга шундай марҳамат қилади:
"Агар ер юзидаги барча нарсани сарф қилганингда ҳам уларнинг қалбини улфат қила олмас эдинг. Аммо Аллоҳ уларнинг орасини улфат қилди!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎР КЎЗЛАР!
1824 йилда рус ёзувчиси Иван Тургенев ҳовлисида эман дарахти экди. Ўша вақтда бу дарахтнинг вақти келиб ўзидан ҳам машҳур бўлиб кетишини Тургенев хаёлига ҳам келтирмаган эди.
Тургенев вафот этиб кетди, аммо эман ҳали ҳам турибди. Унинг уйи Россия маданият вазирлигининг диққатга сазовор жойларидан бирига айланди. Вақт ўтиши билан уйдаги ҳамма нарсалар эскира бошлади. Эманнинг олдида уларнинг шуҳрати камайиб борди. Икки юз йил бўлибдики, эман бўй чўзиб турибди.
2011 йилда Европада манзарали дарахтлар мусобақаси бўлиб ўтди. Ҳакамлар холис эди. Мусобақада биз таниган эман ҳар йили биринчи ўринни олиб келар эди. Ҳаммаси жойида эди. Ҳамма бахтли ва хурсанд эди...
2022 йили Россия ва Украина ўртасидаги урушдан кейин Россия биз таниган эманнинг ҳужжатини Европага бошқа дарахтлар билан бўладиган мусобақага юборди. Аммо қўмита мусобақага биз таниган эманимизнинг ҳужжатини қабул қилмади. Сабабини қуйидагича изоҳлашди:
"Биз Россиянинг Украинага қилаётган душманчилигидан қийналмоқдамиз!".
Ғарб беҳуда қон тўкилишига қарши эмиш. Улар аёллар ва болаларни ҳимоя қилар эмиш.
Ғазо уруши бошланди. Тўсатдан холислик ҳам йўқолди, босқинчилар адоватидан қийналиш ҳам йўқ бўлди. Бугунгача Ғазода ўттиз мингдан ортиқ аёллар, болалар ва эркаклар ўлдирилди. Ғарб давлатлари босқинчиларни бойкот қилдими, ёки унга қандайдир санкция эълон қилдими?! Ўт очишни тўхтатилиши учун ғинг деган овози чиқдими?! Ғазо қамалини очишдими, ўтиш йўлларини очишдими?!
Вайрон бўлган уйлар остидан чиқаётган болачалар ўлими уларни сал бўлсада танасини титратаяптими?! Қон дарёси, аёллар ўлими уларга таъсир қилаяптими?!
Ҳайвонлар емидан бўлган нонларни еяётган болаларнинг мунгли боқишлари, очликдан ўлиб қолган она ва болалар уларга таъсир қилаяптими?!
Қонга беланган, қўрқувдан нима бўлганини ҳам англамасдан дағ-дағ титраётган икки ёшли Ғазолик болакай ўрнига бирров ўз боласини қўйиб кўришдими улар?!
Улар қилаётган иш бомбалар остида ўлаётган ҳисобсиз жасадлар устидаги ёқимсиз ва жирканч баёнотлардир. Озроқ ўлдириш керак эмиш. Бир кунда беш юзта ўлдирмаслик керак экан, бир кунда юзта ўлдирса етар эмиш. Йўқса ҳолат урушга эмас, қатлиомга ўхшаб қолар эмиш...
Уларнинг бу иши ўлжасини еб бўлгандан кейин йиғлайдиган тимсоҳнинг кўз ёшларига ўхшайди. Ҳолбуки стол остидан машина-машина қурол, тонна-тонна бомбалар юборишаяпти босқинчиларга. Иш Ғазога келганида эса уларга овқат етиб келмаётганидан афсусда эканликларини билдиришмоқда холос! Ғазоликларнинг шундайгина бомба остида ўлишини ўзи етарли бўлмаяпти, балки очдан ўлишини исташаяпти!
Америка ва бошқа ривожланган давлатлар UNRWA га ёрдам беришни тўхтатишди. Чунки босқинчилар разведкаси уларга UNRWA нинг еттита аъзоси октябрь ҳужумида иштирок этганини айтди. Холбуки босқинчилар UNRWA ходимларидан бир юз ўнтасини қатл қилди, БМТнинг мактабларини портлатди. Буни ҳеч ким сўраб ҳам ўтирмади!
Бу оламнинг кўзлари кўр. Илло мусулмонларни ҳисоб-китоб қилсагина кўзлари очилади. Холбуки қурбон бўлаётганлар мусулмонлардир. Бу олам эса босқинчиларга давлат тузиб берди, уни молиялади, унга ёрдам берди.
Агар иш босқинчиларга келиб тақалса олам уларга кўр кўзларини қаратади ва ҳеч нарса кўрмаётганини даъво қилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УММУ САЛИЙТГА БЕРАМИЗ!
Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳнинг "Саҳиҳул Бухорий"га қилган шарҳи "Фатҳул Борий"да келади:
"Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Мадиналик аёлларга кийим тарқатди. Фақат унинг олдида биттагина кийим қолди. Шунда сўради:
- Буни кимга берамиз?
Кишилар дейишди:
- Буни Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи ва салламнинг қизларига бер!
Кишилар бу билан Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг қизи, Умар розияллоҳу анҳунинг хотини Умму Кулсумни назарда тутишаётган эди!
Шунда Умар розиёллоҳу анҳу деди:
- Йўқ! Буни Умму Салийтга берамиз. Умму Салийт Уҳудда бизга мешда сув ташиган эди!".
Асл инсонлар мукофот пайтида ҳақиқий фидокорларни унутишмайди.
Асл инсонлар бугунги кенгчилик кунида ўтмишдаги тор кунларда бирга қийналган дўстларини ёддан чиқаришмайди.
Асл инсонлар чўққига чиққанларида пастдаги биродарларини унутишмайди.
Асл инсонлар маррага етиб боришганда йўлдаги йўлдошларини унутишмайди.
Маррага етиб борганингизда сизга қарсак чалганлар сизнинг одамларингиз эмас. Аксинча, йўлда эканлигингизда қўлингиздан тутганлар сизнинг одамингиздир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УЙИГА КИРИБ ЙИҒЛАЙДИ!
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг "Зуҳд" китобида келади:
"Саҳобалар фарзандларига бир нарса беришни ёқтиришмас эди. Чунки болалар у нарса билан кўчага чиқишса камбағалнинг боласи, етим болалар уни кўриб уйига кириб йиғлайди, қалби парчаланади, деб мулоҳаза қилишар эди!".
Неъматнинг одоби шуки, у билан бу неъматдан маҳрум кишилар олдида мақтанилмасин.
Фарзанди йўқ инсонлар олдида фарзандингиз ҳақида кўп гапирманг.
Фақирнинг олдида пулингиз, нарсаларингиз ҳақида гапирманг.
Беморнинг олдида соғ ва саломат эканлигингиз ҳақида гапирманг.
Инсонларда етишмовчилик бўлиши табиий. Улар секин-аста ҳаётларини тўлдира боришади. Аммо неъмат соҳибларининг жароҳатга туз сепиши тўғри эмас!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НИКОҲИНИ ҚАЙТАРДИЛАР!
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг "Саҳиҳ"ида келади:
"Хансо бинт Ҳизом Унайс ибн Қатода розияллоҳу анҳунинг хотини эди. Унайс Уҳудда шаҳид бўлди. Хансонинг отаси Музайна қабиласидан бир кишига Хансони никоҳлаб қўйди. Хансога бу киши ёқмади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига шикоят қилиб келди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг никоҳини қайтардилар!".
Қизингизни куёв солиҳ инсон бўлсада ёқтирмаганига берманг. Агар берсангиз икки киши ҳақида жиноят қилган бўласиз: Бир аёлни ёқтирмаганига бериб қалбини синдирган бўласиз, бир эркакни уни ёқтирмайдиган аёл билан бир умр яшашга мажбурлаган бўласиз.
Қизлар елкамиздаги юк эмаски, уни биринчи келган совчига бериб юбораверсак. Улар омонатдир.
Хулқи гўзал йигитлардан совчи келса қизимизга насиҳат қилишимиз мумкин, у йигитнинг яхшилигини айтишимиз мумкин, гўзал хулқ инсоннинг умри охиригача бирга бўлишини тушунтиришимиз мумкин, аммо мажбурлай олмаймиз.
Қизларни тириклайин кўмиш деганда фақатгина уларнинг танасини тушунмаслигимиз керак. Қалбни тириклайин кўмиш ҳам бор!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НИЯТ
Бу дин бизга олтинлар эвазига эмас, машаққатлар эвазига етиб келган.
Бу дин бизга танасини камон ўқлари илма-тешик қилган, қилич тиғи парчалаган саҳобалар жасади устидан ўтиб келган.
Бу дин бизга саҳобаларнинг дарё-дарё қони, тоғдай уюлган жонсиз таналари узра ўтиб келган.
Бу дин бизга уларнинг моли туфайли, уларнинг ҳижрати туфайли, уларнинг кураши туфайли, уларнинг саботи туфайли етиб келган...
Ўрни келганида саҳобалар қалбидан кечган кечинмаларни баён қилсам дейман.
Аммо бугун оқаётган мусулмонлар қони олдида сиёҳ тилини тишлаб қолар экан. Лекин бу оғриқ олдида кўп хайр ва яхшилик кўраман. Бу қонни туғилиш олдидаги тўлғоқ деб биламан...
Иншааллоҳ ҳаётимизнинг турли тармоқларидаги, ўзаро алоқаларимиздаги, муомалаларимиздаги, муҳаббат, эр-хотинлик, оила, қўшничилик, дўстлик борасидаги муаммоларимизни саҳобалардан келган рисолалар асосида ёритиб бормоқчиман. Уларни иншааллоҳ биргалашиб воқеликка боғлаймиз, татбиқ қиламиз, амал қиламиз.
Саҳобаларни замон ёки макон ислоҳ қилмаган. Аксинча, улар замон ва маконни ислоҳ қилишган!
Дуода бўлиб туринглар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДИННИ БИЗГА ЕТИБ КЕЛИШИ УЧУН...
Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳу айтади:
"Абу Толиб дарасида қамалда турган пайтимизда кечаси қазои ҳожат учун четроққа ўтдим. Бавл қилаётиб бавлим бир нарсага тегиб овоз чиқарди. Қарасам туянинг қотиб қолган териси экан. Терини олиб ювдим. Кейин куйдирдим. Кейин майдаладим. Сўнгра сув билан секин-секин ютдим. Уч кун шу билан озиқландим!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҒАЗО БИЗНИ ЎЗГАРТИРДИ!
Биз Ғазодан қарздормиз. Чунки у бизни ўзгартирди. Энди нарсаларга олдинги назаримиз билан қарамаймиз. Ўзгача қарай бошладик ашёларга!
Бу уруш кўзимиздаги пардаларни олиб ташлади. Ҳамма нарса кўзимизга зеб-зийнатсиз, кийимдан холий кўрина бошлади. Нарсаларнинг нархи тушиб қиймати кўтарила бошлади. Ҳаётимиздаги кичик нарсалар аслида катта нарса эканлигини англай бошладик. Бу дунё арзимас бўлиб кўрина бошлади. Унинг ортидан югуришга арзимас экан бу сассиқ дунё!
Энди фарзандларимиз мактабдан паст баҳолар олиб келса ғазабланмаймиз. Уларни янада қаттиқроқ севамиз. Уларнинг ажойиб эканлигини уларга айтамиз, уларни мақтаймиз. Паст баҳо билан дунё тугаб қолмаслигини тушунтирамиз. Буни ўзимиз учун ҳам қиламиз. Ҳамма кичкиналар ҳам катта бўлавермас экан. Аъло баҳода битирган ҳамма бола ҳам мактабни битиравермас экан. Агар Аллоҳ кўрсатмасин-у, фарзандларимиздан бирови биздан олдин вафот қилса аъло баҳолар битилган шаҳодатноманинг ҳеч қандай фойдаси йўқ экан. Агар улардан олдин вафот қилсак уларга ширин хотиралар қолдира олмас эканмиз. Яхши баҳоларнинг кўпидан озгина муҳаббат, севги ва эътибор яхши экан!
Энди хотинларимиз ила саркашлик билан, бўлар-бўлмасга, қуруққа жанжаллашавермаймиз. Муҳаббат эшигини хотиндан ғалаба қозониш учун қалби қаттиқлик ила ёпмаймиз. Ким кимнинг жасади устида видолашиб тик туришини ҳеч ким билмайди. Ўшанда кўз ёшлари фойда бермайди. Агар хотиндан олдин вафот қилсангиз ортингиздан аниқ жароҳат қолдирасиз. Агар улар олдин вафот қилишса сулҳ вақти ўтган бўлади. Уларни қабрга мажруҳ ҳолатда кузатасиз.
Бундан кейинги ҳаётимизда имтиёз ва ғалаба қидириб эмас, хотиржамлик ва сатр қидириб яшаймиз. Энди неъматларнинг қадрига етамиз. Билдикки, инсон неъматлар ичида яшар экан, уларнинг неъмат эканлигини, уларни берган Аллоҳга шукр қилиш лозим эканлигини ҳам унутар экан.
Қайси биримиз олдин озгина ичимлик суви топиш катта ютуқ эканлигини ўйлаб кўрган эди? Қайси биримизнинг хаёлимизга бир бурда нон топиш буюк неъмат эканлиги келган эди?
Бир қултум сув ва бир бурда нон...
Булар оддий нарсалар аслида. Аммо топа олмайдиганлар учун буюк неъматлар булар. Эй Аллоҳим! Неъматлар қадрини бизга уларни биздан тортиб олиб билдирмагин!
Бундан кейин уйларимизнинг торлигидан ва кичкиналигидан нолимаймиз. Уйимиз бизни беркитса, жамласа, тик турса, устимизга қуламаса бўлди. Унинг вайроналари остидан бизни тортиб олишмаса бўлгани. Уйларимиз Аллоҳга қасамки, чиройли қасрлардир. Бир неча йиллардан бери алмаштирилмаган жиҳозларга ҳам рози бўлиб яшайверамиз энди. Ҳаётда қиймати буюк нарсалар кўп. Уларга ибрат кўзи билан боқилса кифоя!
Бундан кейин яқинимиз билан, дўстларимиз билан, ҳамкасбларимиз билан тортишмаймиз, хусумат қилмаймиз. Ғазода мусулмонлар яҳудийлар билан урушиб турганда биз ўзаро жанжал қилишдан уяламиз, хижолат бўламиз энди. Арзимас жанжалларга асабимизни беришни аҳмоқлик деб ҳисоблаймиз. Бунда ғолибга тож кийдирилмайди, мағлубга ҳамдард бўлинмайди. Бу ноўрин қаҳрамонлик, жойида бўлмаган оғриқдир!
Аллоҳга олдингидек журъат қилмаймиз энди. Ўлимни жуда узоқ деб ўйлар эдик. У доимо ёнимизда экан аслида. Ғарғара вақти жуда ҳам кенг экан. Биз энди вақтнинг қадрига ета бошламоқдамиз. Ҳаёт пардаси биз кутмаган дақиқаларда туширилиши мумкин экан. Бу хотима бўлади. Камдан-кам инсонга қариш насиб бўлар экан. Ўлимнинг ҳаракати жуда тез экан!
Аллоҳим! Сендан ёмон хотимадан паноҳ сўраймиз!
Биз Ғазодан қарздормиз. Кўп қарздормиз. Ғазоликлар ўзи ўлиб бизга ҳаёт тақдим қилишди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НОЛ
Бир нечта нол рақамини кўпайтирасизми, бўласизми, қўшиб-айирасизми натижа барибир нол бўлаверади.
Араб давлатлари лигаси негадир ёдимга тушиб кетди...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“АГАР ОМОНАТ ЗОЕ ҚИЛИНСА ҚИЁМАТНИ КУТАВЕР!”.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан бирга ўтирган эдилар. Бир аъробий келиб сўради:
-Қиёмат қачон бўлади?
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан суҳбатларини давом эттириб, аъробийнинг саволига жавоб бермадилар. Баъзилар Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг саволини эшитмадилар, деб ўйлади. Баъзилар эса эшитдилар, деди.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам гапларини тугатиб сўрадилар:
-Қиёмат ҳақида сўраган киши қани?
Аъробий деди:
-Мана мен эй Аллоҳнинг Расули!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Агар омонат зое қилинса қиёматни кутавер!
Аъробий сўради:
-Омонат қандай зое бўлади?
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Ишлар муносиб бўлмаган кишиларга топширилса қиёматни кутавер!
Агар ҳоким бўлсангиз мансабларга муносиб одамларни қўйинг. Бу омонатни адо қилиш бўлади. Агар кишиларни мансабга қўядиган масъул бўлсангиз лойиқ кишиларни қўйинг. Бу омонатни адо қилиш бўлади. “Бу фалончи аканинг жиянлари бўлади”, дейдиганларнинг одамини мансабга қўйманг. Бу хиёнат бўлади. Бу омонатни зое қилиш бўлади. Қиёматда хоинлар сафида тириласиз.
Агар қизингизга Қоруннинг молича моли бор йигитдан совчи келса, унинг дини ва хулқи бузуқ бўлса қизингизни унга берманг. Бу омонатни зое қилиш бўлади!
Бугунги муаммоларнинг илдизига назар соладиган бўлсак, уларнинг негизида номуносиб инсонларнинг мансаб-вазифаларга тайинланганини кўрамиз. Қайси бир идорага кирманг, сизни овора қилишади, вақтингизни ўғирлашади. Бир имом дўстим гапириб бераяпти. Унинг айтишича, уларни бир мажлисга чақиришибди. Мажлис соат ўнда бошланибди. Иккигача давом этибди. Имомларга тегишли жойи уч дақиқага ҳам бормабди...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОЙИНА
(бўлган воқеалар)
1. Савол:
- Конституция нима?
Жавоб:
- Қаттадир кўрувдим-де! Ресторанламасми мабодо?
2. Савол:
- Алишер Навоий нима иш қилган?
Жавоб:
- Новвойлик қилган!
3. Савол:
- Шаҳар ҳокими бўлсангиз нима иш қилар эдингиз?
Жавоб:
- Эээ қўйинг, мен сиёсатга аралашмайман!
4. Ҳаммани ваҳҳобийга чиқарадиган ва уларни тингламаслик кераклигини уқтирадиган бир домлага савол берилаяпти:
- Ҳамма ваҳҳобий бўлса кимни тинглайлик?
Домла уялмасдан сурбетлик билан жавоб бераяпти:
- Мана мени тингланг!
5. Савол:
- Россиянинг пойтахти қайси шаҳар?
Жавоб:
- Америка!
Кўрган ва эшитганларингиз бўлса давом эттиришингиз мумкин...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“ЭЙ УМАР! У БАДРДА ҚАТНАШГАН!”.
Саҳобий Ҳотиб ибн Аби Балтаъа розиёллоҳу анҳу фатҳ қўшинининг сирини Қурайшга ошкор қилмоқчи бўлди. Буни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билиб қолдилар. Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу унинг бошини кесишга рухсат сўради. Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Эй Умар! У Бадрда иштирок қилган!
Порлоқ ўтмишли инсонлар хато қилиб қўйса уларнинг ўтмишини унутиб юборманг!
Сизга яхшилик қилган киши ногоҳдан тойилиб қолса унинг барча яхшиликларини оёқ ости қилманг!
Узоқ муддат сизни яхши кўриб келган киши бир марта қалби қаттиқлик қилиб қўйса уни дарров тарк қилманг!
Узоқ вақт сиз билан ошначилик қилиб юрган дўстингиз сиздан бироз узоқлашса ундан воз кечманг!
Узоқ муддат кишиларга моддий ёрдам қилиб юрган сахий инсон бир мартагина тақдим қила олмаса уни ерга урманг!
Келишмовчиликнинг аввалги лаҳзаларида олдинги ширин ҳаётингизни ёддан чиқарманг!
Биров билан келиша олмасангиз олдинги ўнлаб йилларнинг келишувига енгил қараманг!
Қайси биримиз бир марта бўлса ҳам ёмон бўлмаганман, дея оламиз?!
Нега энди одамлардан доимий фаришта бўлишларини талаб қиламиз?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“СИЗЛАР АЛЛОҲНИНГ ЕРДАГИ ГУВОҲЛАРИСИЗЛАР!”.
Саҳобалар олдидан бир тобут ўтиб қолди. Улар маййитни мақташди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Вожиб бўлди!”, дедилар. Сўнгра яна бир тобут келди. Саҳобалар унинг ҳақида ёмон гапларни гапиришди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салам яна: “Вожиб бўлди!”, дедилар. Саҳобалар сўрашди:
-Нима вожиб бўлди, эй Аллоҳнинг Расули?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Биринчи маййитнинг ҳақида яхши гапларни гапирдингиз. Унга жаннат вожиб бўлди. Иккинчи маййитнинг ҳақида ёмон гапларни гапирдингиз. Унга дўзах вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисизлар!
Ҳаётингиз муаммолар жилдидир. Сиз бутун умр ўзингизга гувоҳларни кўпайтирасиз. Сиз қалбини синдирган ҳар-бир инсон сизнинг гувоҳингиздир. Сиз кўз ёшларини оқизган ҳар-бир инсон сизнинг гувоҳингиздир. Сиз обрўсини тўккан ҳар-бир инсон сизнинг гувоҳингиздир. Сиз айбини очган ҳар-бир инсон сизнинг гувоҳингиздир. Сиз жароҳатини топтаган ҳар-бир инсон сизнинг гувоҳингиздир!
Аксинча, сиз кўнглини олган ҳар-бир инсон ҳам сизнинг гувоҳингиздир. Сиз кўз ёшларини артган ҳар-бир инсон ҳам сизнинг гувоҳингиздир. Сиз обрўсини сақлаб қолган ҳар-бир инсон ҳам сизнинг гувоҳингиздир. Сиз айбини яширган ҳар-бир инсон ҳам сизнинг гувоҳингиздир. Сиз жароҳатини даволаган ҳар-бир инсон ҳам сизнинг гувоҳингиздир!
Инсонлар билан муомала қилар экансиз, аввало ўзингизнинг жилдингизни тўлдириб борасиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov