Эй Роббим! Йўллар менга ҳар қанча хиёнат қилмасин, Сен томон юришда давом этавераман. Йиқилишим мумкин, бироз секинлашим мумкин, аммо тўхтамайман. Зеро мен учун Сенинг йўлингдан ўзга йўл йўқ!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТОМОНИНГИЗ АНИҚ БЎЛСИН!
"У Иброҳимга ўт пуркаган эди!".
Умму Шурайк розиёллоҳу анҳодан ривоят қилинади: "Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам калтакесакни ўлдиришга амр қилиб дедилар: "У Иброҳимга олов пуркаган эди!".
Ботил аҳлидан кўра пасткаш инсонлар бўлмайди. Фақатгина ҳақ билан ботил ўртасидаги курашда бетараф турганлар улардан ҳам разилроқдир.
Жонсиз жисмлар, ҳайвонлар ва ўсимликлар бетарафликни билмайди.
"Уҳуд бизни яхши кўради, биз ҳам Уҳудни яхши кўрамиз!".
Ҳолбуки Ухуд оддий тошдан иборат тоғдир.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ажралиб қолганида жонсиз тўнка инграган эди.
Ҳайвонлар Иброҳим алайҳис салом оловга улоқтирилганида оловни ўчиришга ҳаракат қилишган эди. Фақат калтакесак олов янада ловуллаб ёниши учун оловга пуфлаган эди.
Ҳақ билан ботил ўртасидаги курашда ҳайвонлар, ўсимликлар ва жонсиз жисмлар ҳам ўз тарафини англатган эди.
Ҳали-ҳануз ақли ва қалби бўлатуриб ичимизда "мен бетарафман" дейдиган инсонлар топилади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИСТИДРОЖ
"Улар билмайдиган томондан уларни аста-секин оламиз!"
Аъроф сураси 182-оят
Яъни, Аллоҳ таоло исёнкорларни оҳиста-оҳиста ўзларига билдирмаган ҳолда ҳалок қилади. Аввал уларнинг хоҳлаган йўриқларига юришларига имкон беради. Улар бу ҳолни ўзларининг тадбирлари, ақллари ва уринишларига йўйиб, залолатда шиддатлайверишади. Охир бориб, ҳалокатга дуч келишади!
Аллоҳга итоатда турганингизда У сизни маҳрум қилиши унчалик хавфли эмас. Аллоҳ сизни Ўзига яқинлаштираётган бўлади.
Хавфлиси, Унга исён қилганингизда сизни неъматларга кўмишидир. Бу ҳолатда У сизга муҳлат бераётган бўлади.
Гоҳида Аллоҳ бандасини истидрож ўлароқ олдин неъматларга кўмади. Ўзига келмаса ҳалокатга дучор қилади.
Фиръавнни денгизга ғарқ қилишидан олдин Фиръавн инсонларга кибр билан: "Мен Мисрнинг эгасиман", "Мен сизнинг олий Роббингизман", деган эди.
Бошига калиш билан уриб ўлдирилган ҳукмрон Намруд сал олдин ўзини худо санаб: "Мен ўлдираман, мен тирилтираман!", деган эди.
Кучли шамол билан қатл қилинган Од қавми сал олдин ўзларининг катта гавдаларига бино қўйиб: "Биздан кучли ҳеч ким йўқ!", дейишган эди.
Вулқон остида қолган Помпей аҳли сал олдин чиройли саройлар қуриб, гўзал иншоотлар қуриб истаган ишларини қилиб ўлимни ва Яратувчиларини унутишган, фаҳшнинг барча турини қилишган эди.
Титаникни ясаган муҳандис фахрланиб сал олдин кибр билан: "Энди буни Худо ҳам чўктира олмайди!", деган эди.
Битта қоидани унутманг: "Тоат қилганингизда неъмат келса бу икромдир. Исён қилганингизда, кибрга берилганигизда, Аллоҳнинг айтганларига итоат қилмаганингизда неъмат келса бу истидрождир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БАЪЗАН ЧЕКИНИШ ҒАЛАБАДИР!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада эдилар. Мўъжиза тариқасида саҳобаларга Мута жанги тафсилотларини айтиб берар эдилар:
"Байроқни Зайд олди, у шаҳид бўлди. Сўнгра байроқни Жаъфар олди. У ҳам шаҳид бўлди. Сўнгра байроқни Абдуллоҳ ибн Равоҳа олди. У ҳам шаҳид бўлди. Сўнгра байроқни Аллоҳнинг қиличларидан бири олди. Аллоҳ унга фатҳ берди!".
Ҳолбуки Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳу қўшин билан бирга чекинган эди. Аллоҳнинг Расули саллоллоҳу алайҳи ва саллам буни фатҳ деб атамоқдалар.
Зеро Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳунинг одати мушук каби пойлаб шер каби ташланиш эди. Агар ўшанда чекинмаганида бу жанг мусулмонлар қатлиомига айланар эди. Чунки душман қўшинининг сони 200.000 кишидан иборат эди. Мусулмонлар эса бор-йўғи 3000 та эди холос.
Ҳаётда ҳам баъзан келишмовчиликлар бўлиб туради. Баъзан бу келишмовчиликларда чекиниш ғалаба ҳисобланади. Дунёда шунақанги жанглар борки, унда ғалаба қозонсангиз катта кулфат бошингизга тушади.
Масалан яқин қариндошлар билан бўладиган келишмовчиликларда қўрқоқ инсон аслида шижоатлидир. Ўзининг бир қисмига ханжар уришни қайси аҳмоқ ғалаба ҳисоблайди?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАММА МУФТИЙ
Ибн Саъднинг "Табақот"ида келади:
"Абдуллоҳ ибн Умарнинг мавлоси Нофиъ айтади:
"Бир киши Абдуллоҳ ибн Умарнинг олдига келиб бир масалани сўради. Ибн Умар жавоб бермасдан бошини силкитиб турди. Шунда ҳалиги киши Ибн Умар менинг масаламни эшитмади деб ўйлаб деди:
- Аллоҳ раҳм қилгур, масаламни эшитмадингми?
Ибн Умар розиёллоҳу анҳу жавоб берди:
- Эшитдим. Аммо сизлар мендан масалани сўраганингиз каби Аллоҳ ҳам мендан сўрайди. Сизлар буни билмайсизлар. Мени тинч қўй Аллоҳ раҳм қилгур, масалани тушуниб олай. Агар бу ҳақида менда билим бўлса жавоб бераман. Акс ҳолда билимим йўқлигини айтаман!
Эътибор беринг, билмаган масаласи ҳақида фатво беришга қўрқаётган киши буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розиёллоҳу анҳудир. Биз эса фатвога жуда ҳам тезкормиз. Бир киши таҳоратни мукаммал билмайди, аммо фуқаҳолар иттифоқ қилмаган масалаларда, таҳқиқий масалаларда муфтий. Унинг фатвосига тўғри келмайдиган ҳар қандай фатво хато....
Тажвиддаги ихфо билан идғомни ажрата олмайдиган кишилар меросдаги улушлар, бозор масалалари, тижорат шартномалари, мусовама ва муробаҳа савдолари ҳақида гумбурлатиб фатво бериб ётибди. Бу масалаларни ўз вақтида халифа Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳудан сўралганида бир фикрга келишдан олдин муҳожир ва ансор саҳобаларни жамлаган бўлар эди.
Муаммойимиз қизиқ. Биз бу дунёнинг ихтисослар дунёси эканлигига ишонамиз. Ишларимизни шу асосда йўлга қўямиз. Масалан машинамиз бузилса уни энг яхши устага олиб борамиз. Фарзандимиз бемор бўлса уни энг яхши шифохонага ва энг тажрибали шифокорга олиб борамиз. Уй қурмоқчи бўлсак энг яхши муҳандис ва тажрибали қурувчига мурожаат қиламиз. Аммо иш динга боғлиқ бўлса ҳар биримиз фақиҳ-муфтиймиз. Масалаларни таржиҳ қила бошлаймиз. Гўё ҳамма мутахассис. Гўё ҳамма даҳо. Агар уларнинг айтган масаласига хилоф гапни гапириб қўйсангиз балога қоласиз.
Агар уларга билмаган ишига аралашмасликни маслаҳат берсангиз сизни динни монополия қилишда айблашади...астағфируллоҳ!
Аллоҳдан қўрқайлик азиз "муфтий"лар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎЗИНГИЗ БЎЛИБ ЯШАНГ!
"Ва уни арзон баҳога, саноқли дирҳамларга сотдилар. Улар унга қизиқмаган эдилар".
Юсуф сураси 20-оят
Бу дунёда...
Юсуф алайҳис салом сотиб юборилади...
Нуҳ алайҳис саломни ёлғончи дейишади...
Иброҳим алайҳис саломни оловга улоқтиришади...
Мусо алайҳис саломни сеҳргарликда айблашади...
Закарийё алайҳис саломни арралашади...
Яҳё алайҳис саломнинг боши кесилиб зинокор аёлга маҳр ўлароқ тақдим қилинади...
Ийсо алайҳис саломни ерда яшагани қўйишмайди. Қатл қилмоқчи бўлишганда Аллоҳ самога кўтаради...
Муҳаммад алайҳис саломни тошбўрон қилишди...
Шунча ишдан кейин, яъни инсонлар ичидаги энг покиза зотларга қилинган шунақа муомалалардан кейин сиз бу дунёдан бошингизни силашини кутаяпсизми?
Бу сайёра Роббисига исён қилиб бўлган. Аллоҳ ўз раҳмати ила бу заминни ҳосилни йиғиш диёри эмас, экин экиш диёри қилди. Бунда эртага сизни хурсанд қиладиган экинларни экинг.
Бунда иффатли бўлсангиз: "Тақводор бўлиб қолган", деб масхара қилишади.
Бунда ҳижоб ўрасангиз: "Кеча очиқ-сочиқ юрган эди, бугун ҳаёли бўлиб қолибдими", деб истеҳзо қилишади.
Динингизни қаттиқ тутсангиз: "Ақидапараст", дейишади.
Ватанини ҳимоя қилаётганларни: "Террорчилар" дейишаяпти.
Садақа қилсангиз: "Риё қилаяпти", дейишади.
Масжидга доимо қатнасангиз: "Бу нима еяпти, қаердан пул топаяпти, қиладиган бошқа иши йўқми", дейишади.
Китоб ўқисангиз ўзлари худди бир нарсани қойиллатиб қўйгандек сизни масхара қилиб "китоб ўқисангиз уйқу босмайдими, қандай ўқийсиз, бошқа ишингиз йўқми", дейишади.
Улар олдида қадрингиз тушсада, "ўзингиз" бўлиб яшашингиз, "улар" бўлиб яшаб ўз наздингизда қадрингиз тушганидан минг карра яхшироқдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БАҲОНА ҚИЛМАНГ!
"Эшикларни беркитиб: "Буёққа кел!", деди".
Юсуф сураси 23-оят
Шайтон сизни иғво қилиши мумкин, аммо гуноҳга мажбурлай олмайди.
Баъзи инсонлар сизга маъсият эшигини очиши мумкин, аммо мажбурлаб унга олиб кира олмайди.
Қарорингиз соҳиби доимо ўзингиз бўлиб қолаверасиз. Ишингиз эгаси ҳар доим ўзингиз бўлиб қолаверасиз.
Нима иш қилсангиз ихтиёрингиз билан қиласиз.
Нима ишни тарк қилсангиз ихтиёрингиз билан тарк қиласиз.
Гуноҳни ҳамма қилиши мумкин. Қилаётган гуноҳингизга бошқаларни баҳона қилманг.
Гуноҳларингизга шароитни сабаб қилиб кўрсатманг.
Атрофингизда инсонлар бўлмасада, Аллоҳ ҳар лаҳзада ҳозир.
Муҳташам қасрнинг гўзал соҳибаси етти қават эшиклар ичида Юсуф алайҳис саломни гуноҳга мажбурлай олмади.
Гуноҳ қилмоқчи бўлган киши унга ҳатто эшикнинг тешигидан ҳам кирадиган жой топади.
Гуноҳни тарк қилишни истаган киши эшикнинг тешигидан бўлсада, ундан чиқиб кета олади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЙЎЛДА ДАВОМ ЭТИНГ!
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тариху Димашқ” асарида келтиради:
“Сулайм ар-Розий Бағдодда илм олиб юрганида унга уйидан, яъни Рай шаҳридан мактублар келиб турар эди. Сулайм мактубларни ўқимас, уларга эътибор ҳам бермас эди. Уларни бир қутичада жамлаб қўяр эди. Илм таҳсили тугагач, Сулайм қутичани очиб мактубларни ўқиди. Мактубларнинг баъзисида кишини маҳзун қиладиган, юрагини сиқадиган гаплар ҳам бор эди. Ўшанда Сулайм шундай деган эди:
“Агар мактубларни ўша пайтда ўқиганимда улар мени илм олишдан тўсиши аниқ эди!”.
Кунлар доимо ўз ўқини отиб туради. Бу ўқлар биздан ҳар биримизга тегиши мумкин. Бу борада инсонлар икки қисмга бўлинишади. Биринчи гуруҳдаги кишилар ўзларига теккан ўқни суғуриб ташлаб яшашда давом этишади. Чунки уларнинг мақсади бор. Улар ўзини ана шу мақсадга етиб бориши лозим деб ҳисоблашади. Жароҳатга ўралиб қолиш ҳаётни барбод қилишини улар яхши билишади.
Иккинчи гуруҳдагилар эса доимо жароҳатига парвона. Бунақалар мақсадига етиши жуда қийин. Доимо оғриқ билан бирга бўлганлар саодатни кўришдан маҳрум бўладилар.
Жароҳатларга ибодат қилишни бас қилинг!
Бу ҳаётнинг ҳеч ким билан шахсий муаммоси йўқ. Аммо инсон доимо ўзини энг бахтсизман деб ўйлайди. Бу жуда ёмон нарса. Ҳаёт доимо шундай. Олдин ҳам шундай бўлган, ҳозир ҳам шундай, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Бунда хиёнат, алдов, муваффақиятсизлик, фирибгарлик, зиён ва йўқотиш бор. Аммо булар билан бирга ростгўйлик, вафо, муваффақият, фойда ва янги учрашувлар ҳам бор.
Бу дунё чархпалак дунёдир. Биздан ҳар биримиз албатта ё ундан ёки бунисидан тотиб кўрамиз. Инсонлар орасидаги фарқ фақатгина бундан қандай ўтиш ва саҳифаларни қандай ёпишда кўринади.
Ҳадича онамиз розиёллоҳу анҳонинг ўлими Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам учун кутилмаган ҳодиса бўлди. Бу мусибат у зотга худди қаттиқ зилзила каби тегди. Ҳадича онамиз Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ички фронтлари эди, кучли қўшинлари эди. Ҳадича онамиз Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг маҳбубалари, дўстлари, умр йўлдошлари, маслаҳатгўйлари эди. Шу билан бирга сийрат китобларидан Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша розиёллоҳу анҳога нисбатан муҳаббатлари беқиёс бўлганини ҳам ўқиймиз. Оиша розиёллоҳу анҳо Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларидан Ҳадича розиёллоҳу анҳонинг муҳаббатини чиқариб ташлай олмади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳадича онамизни ҳатто умрларининг охирги куни ҳам эслаган эдилар. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига яна бир бор севиш фурсатини бердилар. Ҳаётни давом эттиришни истадилар. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам жароҳатлари билан ўралиб қолмадилар. Ундан хатлаб ўтиб яшашни давом эттирдилар!
Мусулмонлар мажбур бўлишгандан Маккани тарк қилиб Ҳабашистонга ҳижрат қилишди. Маккадан тўйганларидан эмас, шароит шуни истади. Аммо улар Маккани қалбларига жойлаб ўзлари билан бирга олиб кетишди. Чунки ҳаёт давом этади. Даъват тўхтамаслиги лозим!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Маккадан ҳижрат қилаётиб Макка ташқарисидан кўз ёшлари ила унга боқиб шундай деган эдилар:
“Аллоҳга қасамки, сен мен учун энг севимли диёрсан. Агар қавмим мени чиқармаганида ҳеч қачон сендан чиқмас эдим!”.
Маккадаги жароҳатлар бироз чеккага чиқиб туришга мажбур эди. Ундаги тазйиқлар чекиниши керак эди. Эркакнинг йиғлаши осон нарса эмас. Аммо бу йиғи бўлмаганида давлат бўлмас эди, шавкат бўлмас эди, азизлик ва фатҳ бўлмас эди!
Ёмон саҳифани ёпиш уни унутиш дегани эмас. Мақсад, фақатгина қолган умрингизни ўша саҳифалар ўғирлашига йўл бермаслик холос.
Ифлос ва хоин инсонни кечиришингиз сизнинг тошдан бино қилинганингизни англатмайди. Бу нарса жароҳатга эътибор бермасдан ҳаётни давом эттириш холос.
Дунёда фақат хоинлар эмас, вафодор дўстлар ҳам бор. Дунёда фақатгина маҳзунлик эмас, кулгу деган нарсалар ҳам бор. Уларнинг бари ёқимсиз саҳифани ёпишингизни исташади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАДРИГА ЕТИНГ!
Устозимизнинг аёллари оламдан ўтгандан бироз вақт ўтиб яна уйландилар. Иккинчи аёллари билан ҳам жуда яхши умр кечирдилар. Бирор марта шикоят қилмадилар. Аммо тақдир экан, иккинчи аёллари ҳам вафот этди.
Бир куни устоз билан суҳбатлашиб ўтирганимизда шундай деб қолдилар: "Иккинчи аёл тўнга ямоқ солгандек бир гап экан!".
Албатта бу гап мутлақ эмас, нисбий гапдир. Аммо унутманг, тақдир сизни икки бора солиҳа аёл билан мукофотламаслиги мумкин!
Аёлларимиз қадрига етайлик азизлар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИФЛОСЛАР ИШИ
Мусо алайҳис салом хато қилиб бир кишини ўлдириб қўйди. Фиръавн эса қасддан минглаб кишилар ва болаларни қатл қилди. Шундай бўлсада, Фиръавн Мусо алайҳис саломга: "Ва нонкўрлардан бўлиб қилар ишни қилиб қўймадингми?!", деб ўша хатоларини эслайди.
Ўз қилмишларини билмаганга, кўрмаганга олиш, ҳақиқатларни ўзгартириш қадимдан ифлослар иши эканда!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МЎЪМИНЛАР АКА-УКАДИРЛАР!
Динимни яхши кўраман.
Турли диёрлардаги кишилар қалбини жамлагани учун, узоқ масофалардаги инсонларни бирлаштиргани учун яхши кўраман.
Намознинг биринчи сафида туриб ўзим танимаган инсонлар ҳақида дуо қиламан.
Исмини, шаклини, ёшини, миллатини билмаганим инсонлар тақдиридан хавфда юраман. Диним қалбимни ҳаракатлантиради уларга нисбатан.
Улар менинг акам-укам. Шу етади. Уларнинг мусибати менинг мусибатим. Қалбим оғриғи мен билан...
"Бизни ҳидоятга бошла", "Бизга ато қил", "Бизни мағфират қил" жумлалари қуръонда нега кўплик шаклида келганини англагандекман.
Биз баримиз бир танамиз. Ажралмас руҳмиз азизларим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҒАЗО АЛЛОҲ ТОМОН ЧАҚИРМОҚДА!
Қалб иймонга тўлиб сўнгра аъзоларга тошса хаёлга келмайдиган, тушга ҳам кирмайдиган ажойиботлар содир бўлади.
Фиръавн ўзини худо деб эълон қилиб "Мен сизнинг олий Роббингизман" деганида унинг хотини Осиё Аллоҳга сажда қилиб: "Субҳана Роббиял аъло" дер, ўзига жаннатдан уй қуриб беришини, уни Фиръавн ва унинг қилмишларидан қутқаришини Аллоҳдан ёлвориб сўрар эди.
Ниҳоят йўллар ажралиши вақти етди. Биргаликда босиб ўтилаётган ҳаёт йўли айро тушиш онлари келди. Фиръавн хотини Осиёни иймони учун хочга михлади. Аммо Фиръавнни жинни қилаёзган ва ҳайратга солган нарса Осиёнинг ўлаётиб инграмагани, ёрдам сўрамагани, аксинча ўлаётиб табассум қилгани эди.
Ўша онларда Осиёнинг кўзларидан ғайб пардалари кўтарилиб у жаннатдаги уйини кўрган эди.
Фиръавн эса куфри туфайли кўзи олдида кўриниб турган нарсалардан бошқасини кўра олмас эди. Сўнгра Фиръавн ҳам ўлиб кетди. Аммо унинг заифгина Осиё хочга михланган ҳолда ўлимидан олдин ундан раҳм қилишини сўраши ўрнига нега табассум қилгани ҳақидаги саволи жавобсиз қолди.
Қурайш кофирлари саҳобалардан Ҳубайб ибн Адий розиёллоҳу анҳуни хиёнат йўли билан тутиб олишди. Уни қатл қилиш учун Макканинг чеккасидаги бир жойга олиб чиқишди. Шунда Ҳубайб ўлим олдидан икки ракаат намоз ўқиб олишга изн сўради.
Ўшанда мушриклар ўлим олдидан икки ракаат намоз ўқиш Ҳубайбнинг кўнглига қандай сиғишини англай олмас эди. Уларнинг авлоди бугун ҳам бунинг нималигини англай олмайди.
Ҳубайб намозни ўқиб бўлгач улар Ҳубайбни мусла қила бошлашди. Қулоғини, бурнини кесишди. Баданидаги гўштларини кесиб ола бошлашди. Ҳубайб инграмас эди. Улар шу онда бутун танаси қонга беланган Ҳубайбдан сўрашди:
- Ҳозир сенинг ўрнингда Муҳаммад бўлиб қолишини истармидинг?
Ҳубайб деди:
- Мен уйимда, оилам даврасида тинчгина ўтириб Муҳаммад(саллоллоҳу алайҳи ва саллам)га бир тикан киришини ҳам истамайман!
Уларни даҳшат чулғади. Чунки улар мўъминнинг қалбида пайғамбари нечоғли тош босишини англамас эди!
Ғазо урушида биз ҳам Аллоҳдан розилик ва таслимиятнинг нималигини Ғазо аҳлида кўрдик. Улар иймон келтирган нарсага биз ҳам иймон келтирамиз. Аллоҳга бўлган иймон масаласидан, Унинг қазоси ва қадарига рози бўлиш масаласидан бирор нарса биздан ҳам махфий эмас. Аммо биз бу иймонни бутун бир шаҳар аҳлида бирдек кўрмоқдамиз. Бу нарса ҳаммани ажаблантирмоқда!
Энди ғарбни қўяверинг. Ғазодаги ҳолатлар уларнинг ҳаётини остин-устун қилиб ташлади. Уларда жавоби йўқ саволлар кўпайиб кетди.
Капиталистик тузумда, моддийликка берилган бир жамиятда киши фарзандининг ўлигини қўлида ушлаб туриб Аллоҳга ҳамд айтишини ҳазм қилишнинг иложи бўлмаяпти. Уйининг вайроналари устида ўтириб Аллоҳдан розилигини сўзлар ила англатаётган Ғазоликларни улар англай олишмаяпти.
Инсоният моддиятга қанчалар берилмасин руҳоний ҳаётга нисбатан очлик унда ҳамиша топилади. Ўзи сезмаган ҳолда ҳаётини мана шу очлик билан ўтказади. Хотиржамлиги бўлмайди, ҳаётдаги мақсади аниқ бўлмайди. Ҳеч бўлмаганда ғайримоддий нарсаларни тушуна олмайди.
Аммо руҳоний манзарага рўбарў келганида ўзини нафси олдида иймондан холий ва яланғоч ҳолда кўради. Ана шунда ўзига етишмаётган нарсанинг нечоғли залворли эканлигини англайди!
Ғазо уларга етишмай турган нарсани эслатди. Бу ғаройиб нарсани улар қидира бошлашди. Саволлари кўпайди. Қуръон сотиб ола бошлашди. Мавъизалар тинглай бошлашди. Бир қанчалари иймон келтира бошлашди. Зулмат ичидаги нур мана шу эди!
Табиийки, иймон келтирганлар иймон келтирмаганларга нисбатан анча оз. Аммо Ғазодаги сабот ва сабр уларни аниқ ўзгартирди. Ғазо нафақат урушаяпти, балки Аллоҳ томон чақираяпти!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Илгарилари Фаластин арабларнинг дарди деб ўйлар эдим. Энди билсам, улар Фаластин учун дард экан!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ПАЙҒАМБАРЛАР ВОРИСИ
Милодий 748 сана 15 майда Молик ибн Динор роҳимаҳуллоҳ таваллуд топган. У обид, зоҳид инсон эди. Молик ибн Динор Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини у зотнинг ходимлари Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳудан эшитган эди. Молик ибн Динордан Абу Довуд, Тирмизий, Насоий, ибн Можа ва имом Бухорий роҳимаҳумуллоҳ ривоят қилишган.
Имом Заҳабий у ҳақида “Сияру аъломин нубало” китобида шундай дейди: “У тобеъинларнинг буюкларидан, ишончли, таниқли инсон. У ҳақида ҳеч ким ихтилоф қилмаган!”.
Бир куни Молик ибн Динорнинг уйига кечаси ўғри кирди. Оладиган ҳеч нарса топа олмасдан чиқиб кетмоқчи бўлиб турганида Молик унга деди:
-Дунёдан ҳеч нарса топа олмадинг. Охиратдан бирор нарса олиб кет!
-Майли!
-Таҳорат қил-да, икки ракаат намоз ўқи!
Ўғри туриб таҳорат қилди ва икки ракаат намоз ўқиди ва чиқиб кетди. Ўша куни бомдодда намоз тугаганидан сўнг ўша ўғри Молик ибн Динорнинг олдига келиб деди:
-Аллоҳга қасамки, қайтиб ўғрилик қилмайман!
Молик ибн Динор қачон ўша ўғрини эсласа: “Аллоҳ унга раҳм қилсин. Бизни тунамоқчи эди, аслида эса биз уни тунадик!”, дер эди.
Бу буюкликни, бу олийжанобликни бугунги осийлар ўз олимларида топа олишмаяпти.
Инсонлар доимо уларни Аллоҳ томон қўлларидан етаклайдиган кишига муҳтож бўлишади. Инсонлар қанчалик ёмон бўлишмасин, уларда яхшилик уруғи сақланиб қолаверади. Биз агар ўша уруғнинг устига камтарлик, раҳмат ва эътибор сувини қуйсак тамом, инсонлар Аллоҳнинг изни билан яхшилик томонга ўзгариб кетаверади!
Пайғамбарлар фаришталарга эмас, осий ва гуноҳкор инсонларга юборилган. Аллоҳ уларга инсонларни Ўзи томон бошлаш вазифасини топширган эди!
Бугун гарчи пайғамбарлик тугаган бўлсада, уларнинг вазифалари ҳали-ҳануз сақланиб қолган. Аллоҳни инсонларга севдирганларга саломлар бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Сиз роҳатда юрганингизда мадад йўли ўлароқ тоғ-тошларни қазишди. Ўша кунда сиздан ёрдам сўрашмади. Бугун ҳам сиздан ёрдам сўрашмаяпти. Бор-йўғи жим туринг. Яҳудийлардан ҳам баттарроқ яҳудий бўлманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚОДИРИЙ.
Абдулла Қодирийни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Халқимизнинг онгини, фикрини очиш, уларга ҳақиқатни англатиш йўлида мислсиз хизматлари бор.
Китобга ошно инсон борки, мен ўйлайман "Ўтган кунлар" ва "Меҳробдан чаён" ларни ўқиган бўлса керак.
Ҳали бери ўзбек романчилигида бу икки асар тахтни бошқа асарга бўшатмаса керак.
Мактаб даврида ва ундан кейин бу китобларни 20 мартадан ортиқ ўқигандирман. Ҳар ўқиганимда янги томонлари кашф бўлар эди. Доимо миямнинг бир бурчида яна бир ўқисам деган илинж яшириниб ётади.
"Қизил империя" бизнинг халқимизни не-не гавҳарларидан айирмади дейсиз. Албатта бунга ўзимиздаги хоинлар, ҳасадчилар, сотқинлар, амалпарастларнинг ҳам ҳиссалари катта. Қодирий домлани ўлимларига биз ўйламаган кишилар айбдор бўлиб чиқишди.
Набижон Боқийнинг "Қатлнома" сини ўқиб қалбим эзилиб кетди. Миллат жонкуярларига ачиндим. Уларни ўрисга сотганлардан нафратландим.
Тарих биз учун ибратдир. Бугунимиз ҳам эртага тарихга айланади. Бугунги Қодирийларни қадрига етайлик.
Бугун ҳам миллатимиз учун жон куйдираётганлар бор. Уларга ватандан умидворлик, тупроқдан тама йўқ. Аксинча ватанимга, халқимга нима бердим, халқим маънавиятига қанақа ҳиссам қўшилди, қандай қилсам халқим тўқ ва хотиржам яшайди деган ғам уларни еб битираяпди.
Аллоҳ Қодирий домлани, ўша даврда у киши билан қатл қилинган бошқа шаҳидларимизни Ўз раҳматига олган бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲИС
Баъзилар севган, ёқтирган кишилари нима деса ҳам тасдиқлайверишади. Унинг ёлғонларига ҳам ишонишади.
Баъзилар эса ёқтирмаган инсонлари ҳақиқатни гапирсада, унга ишонишмайди.
Ҳисларнинг ҳақиқатдан устун келиши мана шу!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САОДАТ
"Унга фақатгина сабр қилганларгина эришади!".
Фуссилат сураси 35-оят.
Ҳаётда ичида истакларингизни амалга оширадиган жини бор бўлган сеҳрли чироқ йўқ.
Дунёда сизга аталган неъматлар бор. Бутун дунё қаршилик қилсада, у неъматлар сизники бўлади.
Дунёда сиз маҳрум бўлишингиз керак бўлган неъматлар ҳам бор. Инсонлар ва жинлар бир бўлиб уни сизга топиб бермоқчи бўлишса ҳам топиб бера олишмайди.
Битта муҳим дарс бор. Буни доим ёдингизда тутинг:
"Сизда бор бўлган неъматларни кўп деб билинг. Маҳрумликни арзимас деб билинг. Уни ўтиб кетишига ишонинг. Қолгани елкангизга ортиб олган ғам ва хаёлий бахтдан бошқа нарса эмас.
Қаноат қилинг, ана шунда рози бўласиз. Саодат қаноатнинг ёнидадир!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАМИЙЯТ
Византия императори Михаилнинг ўғли Теофел Аббосий халифа Муътасимнинг Хуррамийларни қувишга қаратилган ҳужумини ғанимат билиб ислом чегараларига тажовуз қилди. У Византия давлати чегараларига энг яқин шаҳар бўлмиш Испартага ҳужум қилди. Шаҳарни ёқиб юбориб харобага айлантирди. Шаҳар аҳлидан эркакларни қатл қилиб аёллар ва болаларни асирга олди. У ердаги оз сонли ислом қўшини уларга қарши туриб бера олмади. Румликлар асирлар ва ўлжаларни олиб ғалабадан маст бўлган ҳолда Амурияга қайтишди.
Бу пайтда халифа Муътасим пойтахт Самаррада мажлисда эди. Бу шаҳарга Муътасим асос солиб уни хилофат пойтахти қилган эди. Ўшанда халифанинг қўлида бир қадаҳ сув бўлиб уни ичмоқчи бўлиб турган эди. Унинг ҳузурига Испартадан Онадўлига қочиб ўтган бир гуруҳ араблар киришди. Улар халифага Ҳошимийлардан Шурот ал-Алавийя исмли бир аёл Румликларга асирга тушганида: "Қаердасан Муътасим?", дея додлаганини айтишди.
Муътасим ғазабланди. Аёлнинг овозини худди қулоғи остида эшитгандек бўлди. Шу соатнинг ўзида қўшинни сафарбар қилишга амр қилди. Беш юз минг кишидан иборат қўшин жамланди. Халифа Румдан интиқом олишини айтиб қасам ичди. Қўмондонларини жамлаб деди:
- Румнинг энг мустаҳкам шаҳри қайси?
Қўмондонлари дейишди:
- Амурия. Ислом аввалидан буён унга ҳеч ким қарши чиқа олмаган. Бу шаҳар насронийларнинг маркази ҳисобланади. Бу жой улар наздида Константинополдан ҳам муқаддасроқдир!
Халифа Рум империясининг маркази, императорнинг киндик қони тўкилган макон бўлмиш Амурияни хароб қилишга онт ичди. Қўшинга ўзи бош бўлди. Қўмондонлардан Ҳайдар ибн Ковус, Ашнос кабилар унинг ёнида туришди. Беш юз минг қўшиннинг совутига "Амурия" деб ёздирди.
Халифа қўлида ушлаб турган сув тўла қадаҳни ичмасдан ходимига берган эди. Аёлни қутқариш сувни ичишдан зарурроқ эканини, сувни қайтганидан кейин ичишини айтган эди.
Муътасим йўлга чиқди. Йўлда кўп шаҳарларни фатҳ қилди. Анқарани ҳам ўшанда фатҳ қилган эди. Анқара фатҳидан олдин халифа қўшинни иккига бўлди. Бирини Ҳайдар ибн Ковус бошчилигида Анқарага йўналтирди. Ўзи иккинчи қўшин билан бошқа йўлдан юрди.
Ҳайдар ибн Ковус бошчилигидаги ислом қўшини милодий 838 чи санада император Теофел қўшини билан тўқнашди. Мусулмонлар Румдан ғалаба қозонди. Теофел Константинополга қочди.
Сўнгра ислом қўшини Амурияга қараб юрди. Шаҳарни қамал қилишди. Теофел Константинополга келганида у ерда исён бошланган эди. Император исён билан овора бўлиб Амуриядаги қўшинига ёрдам бера олмади. Ўн бир кунлик қамалдан кейин шаҳар таслим бўлди. Ғанимлар асир олинди.
Муътасим шаҳарга киргач ҳокимдан қамоқхона калитини сўради. Ҳоким калитни унга берди. Халифа калитни олиб ҳалиги аёл турган хонани ўзи очди. Аёлни ташқарига чиқариб деди:
"Мана мен келдим!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎРИНМАС ҚЎШИН!
Қироат имомларидан бири имом Варш роҳимаҳуллоҳ имом Нофиъдан дарс олиш учун Мадинаи Мунавварага борди. Имом Нофиънинг атрофида шогирдлари ниҳоятда кўп эди. Навбат тегиши даргумон эди. Имом Варш имом Нофиъдан дарс олишда навбат олиш учун баъзиларни ўртакаш бўлишларини илтимос қилди. Ва ниҳоят имом Варш имом Нофиъдан субҳдан сал олдинроқ дарс олиш рухсатига эга бўлди.
Кейин Мадиналик талабалардан бири ўз навбатини имом Варшга берди. Сўнгра яна бир талаба ўз навбатини унга берди. Сўнгра ҳамма талабалар ўз вақтларини имом Варшга беришди. Имом Варш имом Нофиъга беш марта қуръонни ўқиб берди. Сўнгра Мисрга қайтди.
Имом Нофиъ ҳам ўтиб кетди, имом Варш ҳам ўтиб кетди, ўз навбатини унга берган талабалар ҳам ўтиб кетишди. Аммо имом Варшнинг имом Нофиъдан қилган қироати абадий сақланиб қолди. Анави вақтини берган талабаларнинг тарозуси оғир бўлди. Уларнинг имом Варшга берган вақти савоб ишлаб ётадиган вақфга айланди. Бу ўзидан ўзгаларни устун кўришнинг, яхшиликни биродарига илинишнинг барокотидир.
Имом Варшнинг имом Нофиъдан қилган ривоятининг абадий сақланиб қолишидан ажабланмаса ҳам бўлади. Аммо ўз навбатларини имом Варшга бериб уни ўзларидан устун билган ҳалиги Мадиналик талабалардан ҳар қанча ажабланса арзийди. 1250 йилдан ортиқ вақт ўтибдики унинг қироати асосида мусҳаф чоп қилинмоқда, ибодатлар қилинмоқда, қироатлар қилинмоқда. Албатта бунинг савобига имом Нофиъ, имом Варш ва ҳалиги талабалар иншааллоҳ шерикдирлар!
Ҳар қандай буюк инсон ортида кўзга кўринмайдиган қаҳрамонлар бор. Аммо уларни ҳамма ҳам билавермайди. Биз фақат натижани кўрамиз. Сабабни эса кўришга қодир эмасмиз!
Қолаверса бизнинг билишимизнинг ҳам уларга фойдаси йўқ. Аллоҳнинг билгани етарлидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎЗЛАРНИ ТЎЛДИРМАНГ!
"Бир аёл Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:
"Эй Аллоҳнинг Расули! Менинг тутқаноқ касалим бор. Уёқ-буёғим очилиб қолаяпти. Мен учун Аллоҳга дуо қилсангиз".
Набий алайҳис салом унга дедилар:
"Агар хоҳласанг сабр қил, сенга жаннат бўлади. Агар хоҳласанг дуо қиламан, Аллоҳ сенга офият беради".
Аёл деди:
"Майли сабр қиламан. Аммо очилиб қолаяпман. Аллоҳдан очилиб қолмаслигимни сўраб дуо қилсангиз".
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга сабр тилаб, авратлари очилиб қолмаслигини сўраб дуо қилдилар!".
Саҳобийянинг иффатини қаранг! Тутқаноқнинг алами бу аёлга аврати очилиб қолишидан енгил туюлмоқда. Ҳижоби ниҳоятда аҳамиятли унинг учун!
Энди ҳеч қандай тутқаноқсиз, соғлом бўлатуриб баданидан ўзгаларга кўрсатиши мумкин бўлмаган қисмларини кўрсатиб юрган онахонлар, опа-сингиллар, сиз нима дейсиз?!
Соппа-соғ бўлатуриб фақат эрига кўрсатиши лозим бўлган сочларини очиб ўзгаларга кўрсатиб юрганлар, сиз нима дейсиз?!
Ҳеч қандай дардсиз бўйинларини, кўкракларини ўзга эркакларга кўрсатиб юрганлар, сиз нима дейсиз?!
Нега ўзингизни арзон баҳоладингиз?! Сиз аслида қимматбаҳосиз!
Нега динингиз сиз учун бунчалар арзон бўлиб кетди?!
Нафсингизга кучингиз етмаяптими?
Ёки Иблис йигитларга чиройли кўринишингизни айтиб иғво қилаяптими?
Аллоҳ ёрдамчингиз бўлсин!
Эркакларнинг кўзини тўлдирманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САБР ҚИЛАМИЗ!
"Бизга берган озорларингизга албатта сабр қиламиз!"
Иброҳим сураси 12-оят.
Сизга туҳматлар қилишади. Юришингизга халақит қилишни, эшкакларингизни синдиришни исташади. Ҳатто манзилга етиб борганингизда ҳам қўлга киритган нарсаларингизни камайтиришга уринишади.
Муваффақиятсиз ва қуруқ инсонларнинг доимо одатлари шу. Улар бошқаларнинг муваффақиятини ерга уриб мазза қилишади. Бошқаларни ҳам ўзларидек омадсиз бўлишини исташади. Чиройли ва савобли амаллар қилсангиз сизнинг ниятларингизга ҳам аралашишади. "Риё қилаяпти", дейишади.
Кўплар ҳасад қилганлари сабабидан сизни ўчириб қўйишни исташади. Кўплар сизнинг муваффақиятингизни кўра олмай гўштингизни чайнашади. Сиз уларга эътибор бермасдан йўлда давом этинг.
Ҳар бир тош отганга тўхтаб жавоб бераверсангиз манзилга қачон етасиз?!
Муваффақиятингиз уларни синдириш учун етарли аслида. Ютуқларингиз қасос аслида.
Сизни ўзларининг даражаларига туширишни исташганда баландлайверинг.
Уларга қадим ўтган буюкларимизнинг жумласини такрорланг: "Бизга берган озорларингизга албатта сабр қиламиз!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДАҲШАТ
Жуброн Халил Жуброндан сўрашибди:
- Инсондаги энг даҳшатли нарса нима?
Жуброн Халил Жуброн шундай жавоб берибди:
- Инсон болаликдан зерикади. Тезроқ катта бўлишни орзу қилади. Катта бўлганидан сўнгра яна ёш бола бўлиб қолишни орзу қилади. Мол йиғиш учун саломатлигидан жудо бўлади. Сўнгра топган молини ўзини даволатиш учун ишлатади. Келажаги учун қайғуриб бугунини ҳам бой беради. Ҳеч ўлмайдигандек яшайди. Худди ҳеч яшамагандек ўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ФАТҲ МАДАНИЯТИ
Гюстав Лебон ислом фатҳлари ҳақида шундай дейди:
"Арабларнинг фатҳ ва ғалабалари уларнинг кўзларини кўр қилиши мумкин эди. Улар ҳам одатда истилочилар қилган хунрезлик ва зулмларни қилишлари мумкин эди. Мағлуб халқларга улар истаган ёмонликларини қилиб, уларни динларига мажбурлаб киритишлари, шу орқали динларини оламга тарқатишлари мумкин эди...
Аммо улар бундай қилишмади. Беназир сиёсий малакага эга бўлган аввалги халифалар бошқа динларда учрамайдиган хулқни намойиш қилиб қонун ва дин зўрлаб татбиқ қилинмаслигини намойиш қилишди. Улар гўзал муомала қилишди. Сурия, Миср, Испания ва бошқа давлатларга арзимас жизя эвазига ўз динларида қолиб ўз қонунларига амал қилиш имконини қолдиришди. Улар солган жизялар олдингилар солган жизяга солиштирилганда арзимас бўлиб қолар эди.
Ҳақни айтганда халқлар араблар сингари бағрикенг фотиҳларни ҳам, уларнинг дини сингари динни ҳам кўрмаган!".
Гюстав Лебоннинг "Араб маданияти" китобидан.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САБАБ ЎЗИМИЗ!
Бошимизга кўп азиятларнинг келишига аслида биз ўзимиз сабаб бўламиз. Қадримизни билмайдиганлар олдига борамиз. Гапи бизга алам берадиган кишиларга эргашамиз.
Мижозингиз ноёбдир. Уни барбод қилишларига йўл берманг. Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳунинг бир гапи менга жуда ёқади:
"Ёқмайдиган нарсалардан узоқда бўлинг!".
Қўлимдан келганича шу ҳикматга амал қиламан. Менга озор берган жойни ва гапни нафақат тарк қиламан, балки менга озор берганларни қаттиқ таъқиқлайман. Менинг наздимда азият берувчи киши минбарга лойиқ эмас. Майли унинг гапиришга ҳаққи бор. Аммо мендан узоқда гапираверсин!
Сиз ҳам синаб кўринг. Мазза қиласиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Гўё орқамни ўгириб қадам ташлашим билан ҳар қадамимда биттадан дўстим тўкилиб қолаётгандек.
Кеча дўстларим кўп эди. Бугун елкамда фақат хотираларни юклаб кетмоқдаман гўё!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЙРИЛИҚДАН ҚЎРҚМАНГ!
"Бу мен билан сенинг орамиздаги ажралишдир!".
Каҳф сураси 78 оят
Бунда икки томондан бири ёмон бўлиши шарт эмас. Бу нарса бор-йўғи йўлнинг охирига келинганига ишора холос!
Баъзи инсонларнинг ҳаётингиздан чиқиши ҳаётингизни тугаганини англатмайди. Балки, унга боғлиқ бўлган қисмигина ниҳоясига етганини англатади!
Алоқалар ҳам қадоқланган озиқ-овқатга ўхшайди. Унинг ҳам яроқлилик муддати бор. Бундан кейинги ҳар қадам заҳарли ва зарарли бўлиши мумкин. Вақти келган айрилиқни ҳеч қачон ортга сурманг!
Дунёда эвазсиз одамнинг ўзи йўқ. Фурсатлар хотимаси бўла оладиган фурсатнинг ўзи йўқ. Руҳ танада экан ниҳоя деган гапга ўрин йўқ. Ҳар қандай ниҳоя янги бир нарсанинг ибтидосидир.
Доимо кетишга кучингиз ва қудратингиз бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИЗ УЛАРДЕК БЎЛА ОЛМАЙМИЗ!
Аллоҳ таоло Ўзининг йўлида кимнингдир ишлатмоқчи бўлса уни ўша вазифани бажаришга қодир қилиб қўяди, куч беради унга.
Сийрат китобларидан Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам болаликларида Бани Саъд диёрида яшаганларида фаришталар келиб кўксиларини ёрганини, қалбларидан шайтон насибасини олиб ташлаганини ўқиганмиз.
Зеро бу қалбга бир неча йиллардан кейин қуръон нозил бўлиши керак эди. Бу қалбга оятлар қуйилиши лозим эди. Бу қалбнинг соҳиби куни келиб пайғамбар бўлиши керак эди. Бу қалб бошқалар қалбига ўхшамаслиги лозим эди.
Аллоҳим! Бизни гуноҳларимиз туфайли азобалама. Чунки шайтоннинг насибаси қалбимизда турибди!
Яна сийрат китобларидан Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий келишидан олдин рост тушлар кўрганларини, тушда кўрганлари ўнгда содир бўлганини ўқиганмиз.
Бу нарсалар у зотни руҳлар оламига ўргатиш учун, бу олам билан тез кунларда алоқа бошланишига ҳозирлаш учун эди.
Яна тарих китобларидан ўша пайтда арабларнинг хотираси мустаҳкам бўлганини, узун қасидаларни ҳам бир ўқишда ёдлаб олишини ўқиганмиз. Бу ҳам ўз навбатида уларни ҳадисларни, Қуръонни ёдлаб олиш, уларни келажак авлодга етказишга тайёрлаш учун эди. Зеро ўша пайтларда ўқиш ва ёзишни биладиганлар ниҳоятда саноқли эди. Таъбир жоиз бўлса, ўшанда ўқишни биладиганлар оқ ҳўкизнинг танасидаги бир дона қора тук каби оз эди.
Шунинг учун Қуръони карим нозил бўлганида улар ўзларида уни осонлик билан ёдлаб оладиган куч топишган эди. Ҳатто аввалда ҳадиси шарифни ҳам ёзиш таъқиқланганида уни ҳам ёдлашар эди. Ёзиш даври бошлангач ҳадиснинг исноди ва матнлари билан осонгина имло қила олишди.
Ғазо аҳли ва улардаги мусибатларни кўриб ўйлаб қоламан: Улар бу ваҳшийликларни ва хунрезликларни кўриб, ўз таналарида ҳис қилиб қандай сабр қилишаяпти? Улардаги бу иймон ва таслимият қаердан келди? Моддийликка берилган бу замонда, ҳамма нарсани пул билан ўлчанадиган бу онларда бунақа инсонларни топиш ниҳоятда қийин. Бутун бир сектор сабрли. Аёллари ҳам, эркаклари ҳам, болачалари ҳам сабрли. Бирортаси Аллоҳга ғазаб қилмаяпти. Аллоҳни сўкмаяпти. Йўқотганларидан шикоят қилмаяпти. Фақатгина сабр ва ҳамдни кўрасиз!
Аллоҳ уларни хизмат қилдиришни истади. Улар учун бошқаларникига ўхшамаган қалб ҳозирлади. Ҳолбуки биз битта тикандан шикоят қиламиз, уни ракетадек қабул қиламиз. Улар эса ракетани худди тикандек қабул қилишмоқда.
Биз кичкина уйимиздан шикоят қиламиз, маошимизнинг озлигидан нолиймиз. Улар эса бошлари узра қулаётган уйлари учун ҳам ҳамд айтишади. Бир бурда топган нонлари учун шукрлар қилишади. Маҳрум қилинганларида Аллоҳ томонидан берилган бир неча томчи ёмғир учун хурсанд бўлишади!
Ўзининг чегараларидан бир чегарада уларнинг қалбини ҳозирлаган Роббимиз покдир!
Биз улардек бўла олмаймиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
РАҲМАТ СЕНГА ҒАЗО!
Раҳмат сенга Ғазо! Сендан ҳақиқий қўшин ҳарбий академияларни эмас, балки "Анфол сураси"ни битириши лозимлигини, "Таҳфизул қуръон" мадрасаларини битириши лозимлигини ўргандик. Сенинг лашкарларингни гўзал мундирлари йўқ. Елкаларида юлдузлари ҳам йўқ. Кўкракларида нишонлари йўқ. Аммо уларнинг бари генерал!
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли излаган имкон топишини ўргандик. Ишлар имкониятларга эмас, истакларга боғлиқ эканини англадик. Истак бор жойда ноодатий ишлар ҳам бўлар экан. Сен бу замоннинг мўъжизасисан!
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли бундан кейин "инсон ҳуқуқи", "болалар ҳуқуқи" каби гапларга ишонмаймиз. Улар сенинг болаларинг жасади устида қарсак чалишди. Улар энди уйимизга "аёллар ҳуқуқи" деган гаплар билан кира олишмайди. Улар сенинг аёлларинг жасади устида кулиб қараб туришди. Улардаги ниқоб биздаги уйларни, оилаларни бузиш учун тақилган экан. Оиламиз бизнинг охирги қалъамиз эди!
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли асалга заҳар қўшиш мумкинлигини ўргандик. Бир пайтлар улар сўз эркинлиги баҳонасида Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилишган эди. Бугун эса сен ҳақингда ёзган постларимизни ўчиришмоқда, профилларимизни музлатишмоқда. Бир пайтлар бизни битта "меҳрибон" ва "шафқатли" ясама динга даъват қилганлар бугун инсонликларини йўқотишди. Сени қатл қилиш учун талмуд ва ўзгартирилган инжилдан далиллар топишди. Бугун уларга баланд овозда "динингиз ўзингизга буюрсин!", деймиз!
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли бу дунё ўрмон эканлигини, бунда заифлар ҳурмат қилинмаслигини билдик. "Тинчлик кенгаши" ҳам, БМТ ҳам, "инсон ҳуқуқлари ҳам уларни тўхтата олмади. Уларни фақат "Ясин" ракеталари тўхтатди!
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли ҳақиқий рижоллар қалбида арслонлар ухлаб ётишини билдик. Шароит пайдо бўлиши билан саҳобалар буюклиги яна қайтишини кўрдик. Мерган Саъдларга раҳмат. Ухудда жонини Набий алайҳис саломга фидо қилган Зиёд ибн Сакан каби Зиёдларга минг раҳмат!
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли машаққатлар инсонни тарбиялашини, қийин кунлар уни сайқаллашини ўргандик. Сендаги болачалар вақтидан олдин улғайиб қолгандек. Улардан рижоллар гапини эшитдик. Аёлларинг фидокорликда, садоқатда, вафода саҳобийяларга ўхшайди. Эркакларинг мисоли тоғ каби экан. Уларни йиқитиш, қулатиш ҳеч кимнинг қўлидан келмаяпти!
Раҳмат сенга Ғазо! Фидокорликни сен туфайли ўргандик. Гўдакларинг қатл қилинди. Уларнинг ота-онаси: "Биз курашнинг фидосимиз!", дейишди. Уйлари вайрон бўлди. Улар: "Ғазо учун борлиғимиз фидо!", дейишди.
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли бу умматнинг қон билан яшашини ўргандик. Миллионлаб мусулмонлар умр кечираяпти. Аммо уларда руҳ етишмаётган эди. Сендан тўкилган қон умматга жон ато айлади. Сен туфайли уммат қайнади. Морид кишанланди. Уйғона бошлади уммат!
Раҳмат сенга Ғазо! Сен туфайли машаққатлар ниқобларни йиртишини ўргандик. Қанча-қанча елкаларни суянишга муносиб деб ўйлар эдик. Аммо аниқ бўлдики, улар мўрт экан. Қанча-қанча оғзи полвонларнинг қўлидан бир иш келмаслигини кўрдик. Қанча-қанча олимларни раббоний олим деб ўйлар эдик. Аслида улар сотиб сотилар экан. Сен буларни жангга олиб кирмоқчи бўлдинг. Аммо Аллоҳ сафларни тозалашни ирода қилди. Сафдан кўплар тўкилиб қолди. Ҳал қилувчи жангда сафдан сездирмай чиқиб кетишгандан кўра аслида шу афзалдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Баъзилар учун қанчалар куйиб-ёнманг улар барибир сиздаги иссиқликдан шикоят қилаверишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov