ДУО ҚИЛИНГ!
Ибн Абди Роббиҳнинг "Ал-иқдул фарид" китобида келади:
"Абу Яъқуб Бувайтий имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳнинг асҳобларидан эди. Ҳоким ундан ножоиз бир ишда фатво чиқариб беришини сўради. У бош тортди. Ҳоким уни қамоққа тиқди. Бувайтий қамоқда турганида жума намозига азон айтилса таҳорат олар, кийимларини тузатиб эшик олдигача келар эди. Қамоқхонадаги посбон ундан сўрар эди:
- Қаерга?
- Роббимнинг даъватчисига ижобат қилмоқчиман!
- Орқага қайт, Аллоҳ офият берсин!
Шунда Бувайтий шундай дер эди:
"Роббим! Сен биласан, мен Сенинг чақириғингга ижобат қилмоқчи эдим. Мени ман қилишди!".
Биз натижадан эмас, ҳаракатдан масъулмиз. Етиб боришдан эмас, юришдан масъулмиз. Ғалабадан эмас, душманга қарши туришдан масъулмиз.
Биз Аллоҳнинг даъватчиларига имкониятимиз ва қудратимиз миқдорича ижобат қиламиз. Бу курашда ҳамма нарсанинг таъсири бор. Ҳар биримиз ўз майдонимизда ҳаракат қилишимиз лозим. Буни кичкина иш деб қараманг!
Фаластин халқининг озодлик учун кураши агар яҳудийларнинг оғаларини ташвишлантирмаганида ишғолчи давлатни қўллаш ва Фаластин заминида тикан экиш учун замонавий қуроллар билан келишармиди?!
Ғазо эшигида қадам қўйишдан қўрқитиб уларни тўхтатган куч нима?! Ғазоликларнинг отрядлари эмасми?!
Агар мурожаатлар беҳуда бўлганида телевизорларга чиқиб бир нарсаларни ғулдураб таҳлил қилишармиди?!
Бу нарсалар ҳали Фаластин халқининг иззати тугамаганига ишора қилади.
Ижтимоий тармоқлардаги постлар ва чиқишлар беҳуда бўлганида Марк уларни ўчирармиди?!
Бу онг жанги. Умум фикрини ўзгартириш жанги. BBC ва CNN телекомпанияларининг қандай алдашаётганини кўрмаяпсизми?
"Гардиан" ўзининг рассоми Стив Беллни Нетаньяҳунинг жиноятларини танқид қилиб карикатура чизгани учун ишдан олди.
Бу жанг фақатгина Ғазонинг дарди эмас, бутун умматнинг дардидир.
Бу жанг оддий жанг эмас, ақидалар орасидаги жангдир.
Бу чегара жанглари эмас, мавжудлик жангидир.
Бу жангда ҳамма ўз чегарасида турсин. Ҳамма бу урушга қаршилигини билдирсин.
Уммат сафидан ҳеч йўқса туйғулар ила жой олинг. Дуонинг қиладиган ишига енгил қараманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЁЛ САБОТИ
"Кафруш шайх" вилоятининг бир қишлоғида Мабрука Хафожий исмли бир деҳқон қиз Иброҳим Ато исмли оддий бир деҳқон йигитга турмушга чиқди. Уларнинг аҳволи ниҳоятда танг эди. Ейишга нон топа олишмас эди. Иброҳим ҳатто хотинининг нафақасини топиб беришига ҳам кўзи етмай уни талоқ қилди. Мабруканинг қорнида боласи бор эди.
Ажралганидан сўнг Мабрука отаси ва акаси билан Искандарияга кўчиб кетди. Ўша ерда боласи туғилди. Унга Али Иброҳим деб исм қўйишди. Мабрука боласини тарбиясини чиройли қилишга, уни илмли қилишга қарор қилди.
Мабруканинг аҳволи йиғлайдиган даражада оғир эди. Аслида у эркакларни ёмон кўриб, ўз ҳолидан шикоят қилиб кўчаларда тиланчилик қилиб юриши, ўғлини кўчаларда арзимас нарсалар сотишга мажбурлаши керак эди. Аммо у бундай қилмади. Аллоҳга таваккул қилиб, Ундан ёрдам сўраб Искандария кўчаларида айланиб пишлоқ сота бошлади. Ўғли Али Иброҳимни "Раъсут тийн ал-Амирийя" мактабига ўқишга қўйди.
Ўғли бошланғич мактабни тугатиб шаҳодатномани қўлига олган пайтда отаси Иброҳим Искандарияга келди. Мақсади ўғлини олиб шаҳодатномаси билан бирор ишга жойлаш эди.
Аммо Мабруканинг мақсадлари бундан анча баланд эди. Шунинг учун у ўғлини олиб қўшнининг томи орқали Қоҳирага қочиб кетди. Ўғлини "Дарбул жамамиз"даги Хидивийя мактабига ўқишга қўйди.
Атрофидаги инсонлар уни умидсиз қилишга ҳаракат қилганида уларга қараб шундай дер эди:
"Ким Аллоҳдан ёрдам сўраса ва Унга таваккул қилса мўъжизалар содир бўлади ва истаклари рўёбга чиқади!".
Мабрука истакларини рўёбга чиқариш учун бир бой оиланинг уйида хизматкор бўлиб ишлади. Ўғлини ўқитди. Али мактабда яхши ўқиди. Ҳамма ўқувчилардан ўзиб кетди. 1897 йилда тиббиёт мактабига ўқишга кирди. 1901 йилда уни тамомлади.
Бундан 15 йиллар ўтиб султон Ҳусайн Комил саратон билан оғриб қолди. Унга шифокор қидиришди. Биолог олим доктор Усмон Ғолиб султонга Али Иброҳимни исмини эслаб ўтди. Султон уни чақиртирди. Аллоҳнинг фазли билан султон шифо топди. Али Иброҳим унинг устида хатарли, аммо маваффақиятли амалиёт ўтказган эди.
Султон уни сарой маслаҳат кенгаши жарроҳи ва ўзининг хос шифокори этиб тайинлади. 1922 йилда султон унга Беклик даражасини берди. Бекларнинг маоши 1200 жунайҳдан кам бўлмас эди.
1929 йилда "Фуод биринчи" университетининг тиббиёт факултетига декан этиб тайинланди. Али Иброҳим бу мансабга эга бўлган илк Мисрлик эди.
1940 йилда соғлиқни сақлаш вазири бўлди. Шу йили Али Пошо Иброҳим шифокорлар кенгашига асос солиб унинг илк раиси бўлди.
Оддийгина эри талоқ қилган деҳқон аёл эркаклар уддалай олмайдиган ишни Аллоҳнинг ёрдами билан амалга оширди.
Мабруканинг ҳаёт билан курашида Аллоҳ доимо унинг ёрдамида бўлди. Ўзи айтганидек, Аллоҳнинг мадади билан "мўъжиза" содир бўлди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Уларнинг мусибати сизнинг мусибатингиз бўлишига қарамасдан тинч ва хотиржам ҳолатда иссиқ уйингизда ўтирганингиз учун уларга узр айтгингиз келади.
Сиз аслида тинч ва хотиржам эмассиз...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бальфур декларацияси билан кирганлар бир куни Аллоҳнинг ваъдаси билан чиқишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ВАТАН
Хаммурапининг диёрида, ҳарфлар биринчи ихтиро қилинган маконда аслида ҳарфни ҳимоя қилиш лозим бўлганлар томонидан ҳарфга қарши уруш очилди. Ҳарфсиз ватан йўқдир. Аммо бу бемаза тажовуз 2003 йилда содир бўлди.
Ироқ ҳарбий кучлари самолётга қарши ракеталарини Басра кутубхонаси ҳовлисида қўйишга қарор қилди. Кутубхона ходими Олия Муҳаммад қимматбаҳо ҳужжатлар ва қўлёзмаларнинг йўолиб кетишидан хавотирга тушиб уларни уйига элтиб қўйишга рухсат сўради. Аммо унга рухсат беришмади. Олия Муҳаммад жим қараб тура олмади. Кечаси яширинча кутубхонага келиб қўлёзма китоблар ва ҳужжатларни уйига таший бошлади...
Кутубхона вайрон бўлди. Ҳаммаёқ ёниб кетди. Аммо Олия Муҳаммад қарийб ўттиз мингга яқин қўлёзма китоб ва ҳужжатларни уйига ташиб бўлган эди. Инглиз ёзувчиси Женит Винтер у ҳақида эшитгач, болаларга мослаб, уларни шижоатга, ватанпарварликка тарғиб қилиб “Басра кутубхонаси ходимаси” номли китоб ёзди. Бу китоб бугун Европанинг аксар кутубхоналарида бор.
Бу ҳарфга ҳам, урушга ҳам таъна қиладиган диёрда уруш амирлари ҳарфларга қарши суиқасд уюштиришди. Аммо Олия Муҳаммад жимгина, овоз чиқармасдан ҳарфларни ҳимоя қилди. Аслида осори атиқаларга масъул бўлганлар қилиши лозим бўлган ишни унинг бир ўзи қилди. Маданият вазирлиги қилиши бўлган ишни унинг ёлғиз ўзи қилди. Унинг бир ўзи икки вазирликдан ва битта армиядан ҳам кучлилик қилди. Ундаги ватанпарварлик туйғуси барча бузуқ сиёсатчилардан устун эди. Британияда Женит Винтер у ҳақида китоб ёзганида ҳам Ироқликлар унга қуруқ бўлсада “раҳмат” деб ҳам қўйишмади.
Инсон ватанини ўзининг мулкидек кўриб шу асосга кўра ҳаракат қилмас экан, ҳақиқий ватанпарвар бўла олмайди. Бунақа инсонга сиёсатчиларнинг ҳар қанча чақишга уринишлари, уни ўзлари молик бўлган меҳмонхонага вақтинча келган келгинди эканлигига ишонтиришга ҳаракат қилишлари таъсир қилмайди!
Ҳақиқий ватанпарварлик қайноқ маърузаларда, ичи бўш даъволарда кўринмайди. Балки бизга рўбарў келадиган , ватан ҳақидаги муҳаббатимизни синовга қўядиган кундалик кичкина муаммоларда кўринади!
Машинадан биз ерга улоқтирадиган чиқинди ватан биқинига урилган ханжардир.
Сиздан имзо қўйиб беришингиз учун бир неча сония талаб қиладиган иш учун кишиларни соатлаб хонангизда куттиришингиз ватанни пичоқсиз сўйишингиздир.
Умумий ҳожатхоналар агар уйингиздаги ҳожатхона каби покиза бўлмаса бу ватан биқинига пичоқ уришга тенг.
Ишга кеч келиб барвақт кетсангиз ватанпарварлик ҳақида гапирманг.
Ватанни ҳимоя қилиш фақатгина армиянинг вазифаси эмас. Бизларнинг ҳар биримиз ўз майдонимизда аскармиз.
Ватан бойликларини Ариэл Шарон ўғирлагани йўқ. Парклардаги ўриндиқларни Исроил келиб бузаётгани, хароб қилаётгани йўқ. Мактаб ва олийгоҳлардаги парта ва мебелларни Нетаньяҳу бузаётгани йўқ. Уйларимиздан, ошхоналаримиздан чиқиндиларни кўчага улоқтираётганлар сионистлар эмас, ўзимиздир!
Агар билсангиз, бизнинг ватанга қиладиган хиёнатларимиз ҳар қандай душманни ёқа ушлатади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАЛБИСУ ИБЛИС
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Талбису Иблис” номли китобида қуйидаги ҳикояни келтиради:
“ Бани Исроилда бир обид бор эди. У ўз замонасининг энг буюк обидларидан эди. Унинг замонида учта ака-укалар ҳам бор эдилар. Уларнинг бир синглиси бўлиб, у бокира эди. Ҳоким томонидан ака-укаларни урушга чақириб қолишди. Уларнинг сингилларини кимга қолдириб кетишни билмасдан бошлари қотди. Улар сингилларини ҳеч кимга ишонишмас эди. Ака-укалар ўзаро маслаҳатлашиб сингилларини Бани Исроилдаги ҳалиги обидга қолдириб кетишга қарор қилишди. Чунки улар ундан бошқа кишига ишонишмас эди.
Уч ака-ука обиднинг ҳузурига келишди. Улар ғазотдан қайтиб келгунларича сингиллари унинг ҳимоясида ва эътиборида бўлиб туришини обиддан илтимос қилишди. Обид кўнмади. Улар қаттиқ илтимос қилиб туриб олишди. Ва ниҳоят обид кўнди ва уларга сингилларини ибодатхонаси яқинидаги уйга жойлаштиришларини айтди. Ака-укалар сингилларини обид кўрсатган уйга жойлаштириб урушга жўнаб кетишди. Обид овқатни олиб чиқиб ибодатхонаси эшиги олдига қўяр ва эшикни ёпиб қизни чақирар эди. Қиз келиб овқатни олиб кетиб ер эди. Бир муддат ҳаёт шундай давом этди.
Сўнгра шайтон обидга шундай васваса қилди: “Қиз кундузлари овқатни олгани келаверса кимнингдир унга кўзи тушиб қизга осилиб олиши мумкин. Агар сенинг ўзинг овқатни унинг эшиги олдига олиб бориб қўйсанг савобинг янада зиёда бўлар эди!”.
Обид энди овқатни қизнинг эшиги олдига олиб бориб қўяр, бирор сўз гапирмас эди. Бир замон ҳаёт шундай давом этди.
Сўнгра шайтон яна васваса қилди: “Овқатни олиб бориб эшигининг олдига эмас, уйига қўйсанг савобинг янада кўпроқ бўлар эди!”.
Обид энди овқатни қизнинг уйига қўйиб кела бошлади. Бир қанча вақт шундай давом этди.
Сўнгра шайтон яна уни васваса қила бошлади: “У билан гаплашсанг бирор нарса бўладими?! Ахир у зерикиб кетган бўлса керак. У билан бироз суҳбатлашсанг кўнгли ёзилар эди!”.
Обид анча вақт у билан ибодатхонаси тепасидан туриб суҳбатлашиб юрди. Сўнгра шайтон келиб яна васваса қилди: “Қиз билан пастга тушиб гаплашсанг нима қилади?!”.
Обид ибодатхонасидан пастга тушиб эшик олдида туриб қиз билан гаплаша бошлади. Қиз ҳам уйнинг эшиги олдида туриб у билан гаплашар эди. Бир қанча замон аҳвол шу тарзда давом этди.
Сўнгра шайтон келиб васваса қилди: “Сал яқинроқ борсанг нима қилади?! Савобинг зиёдароқ бўлар эди!”.
Энди обид яқинроқдан суҳбатлаша бошлади. Бир неча вақт шундай давом этди. Сўнгра шайтон келиб унга савобли ишлар қилаётганини айтди. Энди қизнинг эшиги олдига бориб гаплашишни, унинг кўнглини ёзишни айтди. Қиз чиқмаса ҳам майли, деди.
Обид энди қизнинг эшиги олдига бориб гаплаша бошлади. Қиз уйдан чиқмас эди. Анча пайт шундай давом этди. Шайтон яна васвасани бошлади: “Уйига кирсанг, аммо унга қарамасанг, у ҳам юзини тескари томонга қилиб турса яхшироқ бўлар эди!”.
Обид энди кун бўйи қиз билан гаплашиб ўтирадиган бўлди. Кеч бўлганида ибодатхонасига келар эди.
Шайтон яна келди. Обидга қизни шунчалар зийнатлаб кўрсатдики, обид қизнинг сонидан ушлади, юзидан ўпди. Иш шундай давом этиб, ниҳоят обид қизнинг номусига тегди. Қиз ҳомиладор бўлди. Бир ўғил туғди.
Яна шайтон пайдо бўлиб васвасани бошлади: “Қизнинг ака-укалари келса нима қиласан? Шарманданг чиқади. Болани ўлдириб кўм. Қиз акаларига айта олмайди, қўрқади!”.
Обид болани ўлдириб кўмди.
Бироз вақт ўтиб шайтон обидни васваса қила бошлади: “Қиз акаларига айтиб қўйса қандай қиласан?! Қизни ҳам ўлдир ва ўғлининг ёнига кўм!”.
Обид қизни ҳам ўлдирди ва боласининг ёнига кўмди. Сўнгра ибодатхонасига чиқиб ҳеч нарса бўлмагандек ибодатини қилиб юраверди.
Анча вақтдан кейин қизнинг акалари ғазотдан қайтиб келишди. Улар обиднинг ҳузурига келиб сингилларини сўрашди. Обид йиғлаб уларга таъзия билдирди ва шундай деди: “Сингилларинг жуда ҳам яхши қиз эди, вафот этди. Мана унинг қабри!”. Обид шундай деб уларга қабристондаги қалбаки қабрни кўрсатди.
Қизнинг акалари қабр бошига келиб йиғлашди, сингилларига Аллоҳдан раҳм қилиши сўраб дуолар қилишди. Бир неча кун қабр бошида тунаб, сўнгра уйларига жўнаб кетишди.
Ўлим айрилиқ эмас. Биз охиратда албатта учрашамиз. Ҳақиқий айрилиқ биримиз жаннатда бошқа биримиз эса дўзахда бўлишимиздир!
Аллоҳ сақласин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УСТОЗ ТАНЛАШНИНГ АҲАМИЯТИ
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Талбису Иблис" китобида келтиради:
"Юсуф ибн Асбот айтади: "Отам қадарийлардан эди. Тоғаларим эса рофизийлардан эдилар. Суфён сабаб мени Аллоҳ қутқарди!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"РАҲМАТ" СЕНГА ФИРЪАВН!
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан Аллоҳнинг қадари ҳеч шубҳасиз жорийлигини ўргандим. Мусо алайҳис салом келмаслиги учун минглаб болаларни сўйдинг. Мусо алайҳис салом келганида эса уни боқиб тарбияладинг.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан қалблар инсонлар қўлида эмас, Аллоҳнинг қўлида эканлигини ўргандим. Мусо алайҳис саломни онасининг қалбидан маҳрум қилганингда Аллоҳ сенинг хотининг қалбини унга нисбатан эритди. Сен уни онасидан маҳрум қилмоқчи бўлганингда чақалоқ Мусо она устига яна бир онага эга бўлди.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан инсон инсонни буза олмаслигини ўргандим. Қасрнинг бир бурчагида сен: "Мен сизнинг олий Роббингизман", деганингда қасрингни бошқа бир бурчагида хотининг Осиё: "Буюк Роббим покдир" деб Аллоҳни ёд этар эди.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан уйларнинг сирларга тўла эканлигини ўргандим. Бир том остида яшайдиган эр ва хотин бир-бирига бегона бўлиши мумкин экан. Эр ва хотин ўртасини том эмас, қалб бирлаштирар экан.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан бутун бир қўшин бир кишини иймонидан қайтара олмаслигини ўргандим. Сенинг қўшининг сеҳргарларни ҳам қўрқита олмади, оқсоч аёлни ҳам бука олмади.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан қоннинг сув бўла олмаслигини ўргандим. Кичкинагина опача: "Мусони кафилликка оладиган(аёл)ни кўрсатайми?", деган сўзи билан чақалоқни онасига қайтарган эди. Сенинг сабабингдан бир ака ўз укасини "бу мендан фасоҳатлироқ" дея оладиган даражада олийжаноб бўлиши мумкинлигини ўргандим.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан қуллар жаллодларини ўз қўллари билан бунёд қилишларини ўргандим. Қавминг агар эгилмаганида, тиз чўкмаганида сен ҳеч қачон уларнинг елкасига мина олмас эдинг.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан Аллоҳ агар истаса бандасига оддий суянадиган, қўй ҳайдайдиган асо билан ҳам нусрат бера олишини ўргандим. Агар У истаса қўшинининг ичида азиз бўлган кишини ҳам мағлуб қилиши мумкин экан.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан бу заминдаги ҳамма сабаблар Аллоҳга эмас, инсонларга жорий бўлишини ўргандим. Болаларни ғарқ қиладиган дарё сен ўлдирмоқчи бўлиб юрган чақалоқ Мусони сенга элтиб берди. Сен эса уни боқиб катта қилдинг. Катта кемалар ҳам ўтиши қийин бўлган денгиздан, у йўл бўлганидан кейин одамлар оёқда юриб ўтишди.
Раҳмат сенга Фиръавн! Сендан бу заминдаги ҳамма нарса Аллоҳнинг қўшини эканлигини ўргандим. Жангдаги қуролни Аллоҳ танлар экан. Сен қўшининг билан келганингда сеники каби қўшин билан сени қарши олиши мумкин эди. Аммо У сени барчага ҳаёт бахш этадиган сув билан ҳалок қилди.
Яна бир бор раҳмат сенга!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИШОНЧ
Милодий 642 йил 17 апрелда Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ дунёга келди. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриш бахтига сазовор бўла олмади. У мўъминлар амири Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу халифалигининг тугашига икки йил қолганида дунёга келди. Аммо у саҳобаларнинг буюкларидан етарлича таълим олишга муваффақ бўлди. Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳуни лозим тутиб ундан илм олди.
Ҳасан Басрийнинг бир шогирди бўлиб, унинг исми Ҳабиб эди. Ҳабиб Ҳасан Басрийга хизмат қилар, доимо у билан бирга эди. Бир куни Ҳабиб кечки овқатни олиб келишда ҳаяллади. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ деди:
-Овқат қани эй Ҳабиб? Очликдан ҳалок бўлаёздикку!
Ҳабиб деди:
-Эй имом! Бир мискин келган эди. Ҳамма нарсани унга бериб юбордим. Чунки мен сизнинг шундай деганингизни эшитган эдим: “Иймон қўлингдаги нарсадан кўра Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсанинг мустаҳкамлигига ишонишингдир!”.
Ҳасан Басрий деди:
-Эй Ҳабиб! Сенда ишонч кўп, илм оздир. Унга ярмини бериб қолган ярмини бизга олиб қўйганингда ҳозир овқатланар эдик!
Шу пайт эшик тақиллаб қолди. Ҳабиб бориб эшикни очди. Бир бола қўлида лазиз овқат солинган идиш кўтариб турар эди. Бола Ҳабибга деди:
-Бу менинг соҳибимдан Ҳасан Басрийга ҳадя!
Ҳабиб табассум қилиб ҳазил аралаштириб Ҳасан Басрийга деди:
-Эй имом! Сизда илм кўп, ишонч оз!
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ ҳам табассум билан Ҳабибга деди:
-Эй Ҳабиб! Биз сендан ўзиб кетган эдик. Сен бизга етиб олдинг!
Бизга бугун мана шу нарса етишмайди. Бугун Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсадан кўра қўлимиздаги нарсага кўпроқ ишонамиз. Мен Ҳабиб қилганидек ҳамма нарсани садақа қилинг, демоқчи эмасман. Аксинча, Ҳасан Басрийнинг гапини айтмоқчиман: “Агар унга ярмини бериб қолган ярмини бизга олиб қўйганингда ҳозир овқатланар эдик!”.
Биз инфоқ қилган нарсамизга Аллоҳ берадиган эваз гўзалроқ ва яхшироқ бўлишига ишонишимиз лозим. Сабабларни шундай тутайликки, гўё ундан бошқаси бизга нажот бермайдигандек бўлсин. Аллоҳга шундай ишонайликки, гўё сабабларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқдек бўлсин!
Агар бемор бўлсангиз даволанинг. Аммо унутманг, шифо берувчи Аллоҳ. Табиб ёки дори эмас. Улар бир сабаб. Ишланг, меҳнат қилинг, тижорат қилинг. Аммо унутманг, ризқ берувчи Аллоҳ. Ишингиз ризқнинг эшиги холос!
Орифлар киши сабабларга суяниб қолса Аллоҳ уни сабабларга ташлаб қўяди, дейишган. Ишончини Аллоҳга боғлаганларга Аллоҳ уларнинг хаёлига келмаган сабабларни муҳайё қилиб беради!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УЯЛМАЙСАНМИ?
Ибн Асокир ўзининг "Тариху Димашқ" асарида келтиради:
"Абдуллоҳ ибн Жаъфарнинг мавло(озод қилган қули)си Бадиҳ айтади:
"Биз Абдуллоҳ ибн Жаъфар билан сафарга чиқдик. Сафар асносида бир жойга етиб бордик. У ерда бир чодир бор эди. Чодир ёнида Бани Узро қабиласидан бўлган бир киши ўтирар эди. Биз чодирнинг яқинида жойлашдик. Ҳалиги киши бироз вақтдан сўнг бир туя етаклаб келди ва бизга салом берди. "Хуш келибсиз азиз меҳмонлар!", деди. Бизнинг кимлигимизни, қаерданлигимизни ҳам сўрамади. Пичоқ олиб чиқиб туяни сўйди. Бизни кўп гўшт билан меҳмон қилди. Ширин сўзлар айтди.
Эртаси куни пешинда яна бир туя етаклаб келди. Бизга "хуш келибсизлар", деб у туяни ҳам сўйди. Бизга кўп гўшт берди. Биз унга кечаги гўшт ҳали шундай турганини, анчага етишини айтдик. У: "Менинг меҳмонларим кечаги гўштни емайди!", деди.
Учинчи кун ҳам худди аввалги икки кундек қилди. Қайтмоқчи бўлганимизда Абдуллоҳ ибн Жаъфар мендан сўради:
- Ёнингда пул борми?
- Тўрт юз динор бор!
- Уни Бани Узролик ҳалиги кишига бер!
Мен пулни олиб чодир олдига бордим. У киши йўқ экан. Пулни унинг жориясига бердим. Жория пулни олмасдан деди:
- Уялмайсанми? Биз меҳмонимиздан ҳақ олмаймиз!
Қайтиб келиб Абдуллоҳга бўлган воқеани айтдим. Абдуллоҳ деди:
- Пулни қайтариб олиб бор. Олмаса чодирнинг олдига ташлаб келавер!
Мен пулни чодир олдига ташлаб келдим. Биз йўлга чиқиб бироз муддат юрганимиздан кейин ортимиздан туяга минган бир киши чақира бошлади. Биз тўхтадик. У киши Бани Узролик ўша киши экан. У пулни бизга отиб юборди ва деди:
"Биз меҳмонимиздан ҳақ олмаймиз!".
У шундай деб қайтиб кетди.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар бу воқеани ҳар жойда айтиб берар ва шундай дер эди:
"Бизни саховатда фақат Бани Узролик киши мағлуб қилган!".
Буюк ишлар хотираларда сақланиб қолади. Қолганини эса вақт ўтиши билан қумлар кўмиб юборади, шамоллар тўзитиб юборади. Асари қолмайди.
Кишилар сизни буюк ишлар билан эслашсин. Одамларнинг қалбида ғам-ғусса бўлманг.
Шундай ишлар қилингки, таниганлар сизни унута олишмасин. Бу кўп нарсани талаб қилмайди. Инсон бўлсангиз етади!
Ифк воқеасида ансорлардан бўлмиш бир аёл Оиша онамиз розиёллоҳу анҳонинг олдиларига келиб бирор сўз айтмасдан у киши билан бирга йиғлаб ўтирган эди. Оиша розиёллоҳу анҳо қачон Ифк воқеасини гапирсалар ўша аёлни ҳам гапириб: "Уни унута олмайман!", дер эдилар.
Табук ғазотига сабабсиз бормагани учун Каъб ибн Молик тавба қилди. Мусулмонлар узоқ вақт у билан гаплашишмади. Каъб розиёллоҳу анҳу ниҳоятда танг аҳволда қолди. Сўнгра Аллоҳ Каъб ибн Моликнинг тавбасини қабул қилди. Масжидга кирганида уни табриклаш учун биринчи бўлиб Талҳа розиёллоҳу анҳу югуриб келиб қучоқлади. Каъб розиёллоҳу анҳу: "Талҳани ҳеч унута олмайман!", дер эди.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Тоифда тошбўрон қилиндилар. Маккага қайтганларида Қурайш у кишини Маккага киришдан ман қилди. Мушриклардан бўлмиш Мутъим ибн Адий у зотни ўз ҳимоясига олиб Маккага олиб кирди.
Бадр ғазотида Макка мушриклари асир олинганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам асирларга қараб шундай деган эдилар:
"Агар ҳозир Мутъим ибн Адий тирик бўлиб мана бу сассиқлар ҳақида менга бирор нарса деганида, унинг гапини қабул қилиб асирларни озод қилган бўлар эдим!".
Ҳамдардлик кўз ёшлари Оиша розиёллоҳу анҳонинг қалбида ўз таъсирини қолдирди.
Талҳанинг югуриб келиши Каъб ибн Моликнинг қалбини муҳаббатга тўлдирди.
Мутъим ўлиб кетган бўлсада, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг яхшилигини унута олмадилар.
Кишилар синиб қолганида парвосиз бўлмайлик. Бунақа пайтда улар ёнида бўлайлик. Мана шу ҳолатларгина тарихда сақланиб қолади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЖРАЛМАНГ!
1775 йил 14 апрелда Жорж Вашингтон Америка Қўшма Штатлари мустақиллиги учун курашган армиянинг бош қўмондонлигини эгаллади. 1789 йилда эса АҚШнинг илк президенти бўлди.
Америка Қўшма Штатларининг мустақиллиги учун кечаётган жанглар пайтида ҳарбий истеҳком қуришга бир кичик зобитни бош қилиб қўйишди. Зобит оддий аскарларга оғир тўсинларни кўтаришлари учун буйруқ берар, сўкиб-бақирар, аммо ўзи уларга ёрдам бермас эди. Ҳолбуки, вазият унинг ҳам ёрдам беришини тақозо қилар эди!
Шу пайт аскарлар олдига чиройли кийинган бир киши келиб кичик зобитдан нега аскарларга ёрдам бермаётганлигини сўради. Зобит мағрурларча кўкрагини кериб деди:
-Мен масъул зобитман. Нега ёғоч кўтарар эканман?!
Чиройли кийинган киши пальтосини ечиб аскарларга ёғоч кўтаришда ёрдам берди. Сўнгра ишини битириб бўлганидан сўнг пальтоси ва шляпасини кийиб зобитга деди:
-Яна шунқанги иш бўлса-ю одаминг етишмаса, олий қўмондонингга хабар юбор. У яна келиб сизларга ёрдам беради!
Зобитнинг тили тутилиб қолди. Унга гапираётган киши Жорж Вашингтон эди!
Ғарбда бўладими ёки шарқда бўладими, инсонлар ирқи, дини ва рангидан қатъи назар инсоний ҳислари ва қўл остидагиларга кўрсатган туйғулари билан ажралиб турган бошлиқларини ёдларидан чиқаришмайди.
Бугунги кундаги кулфатларимиздан бири шуки, кишилар қўл остида ишлайдиган ишчиларига оталаридан қолган қул ва чўрилардек қарашади. Мансаб олдинлари масъулият эди. Энди эса манманлик ва мутакаббирлик манбасига айланди. Мўъминлар амири Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу масъулиятдан қўрқиб шундай деган эди:
“Агар Фурот дарёси қирғоғида бир ҳайвон қоқилса қиёматда Аллоҳ мендан “Нега йўлларни тузатмадинг эй Умар?!” , деб сўрайдими деб қўрқаман!”.
Имом Табарий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилади: “Сафарларидан бирида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қўй сўйишга амр қилдилар. Бир киши: “Мен сўяман!”, деди. Бошқа бир киши: “Мен терисини шиламан!”, деди. Яна биров: “Мен пишираман!”, деди. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўтин йиғаман!”, дедилар. Саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Қўйинг, ўзимиз қиламиз!”, дейишди. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга шундай дедилар:
“Биламан, ўзларинг қила оласизлар. Аммо мен сизлардан ажралиб туришни ёқтирмайман!”.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТИРИКЛАЙИН КЎММАНГ!
Ҳофиз Иброҳим Грецияга сафар қилмоқчи бўлганида унинг дўсти Мустафо Содиқ Рофиъий уни қайтармоқчи бўлиб деди:
- У ерда грек бўлиб ўлиб кетишдан қўрқмайсанми?
Ҳофиз деди:
- Кўрмаяпсанми, Мисрда ўлганим йўғ-у, қолгани ҳеч нарса эмас?!
Машҳур мақол бор: "Маййитнинг ҳурмати уни дафн қилишдир!".
Сабабини билмайман-у, аммо бирор киши кишиларни тириклайин кўмиш ҳақида ҳеч гап айтмаган.
Тириклайин кўмиш айнан жоҳилият давридагидек кичик чуқурчага энди туғилган бегуноҳ қиз болачаларни кўмиш каби бўлиши шарт эмас. Ўшанда оталар қизчаларини тириклайин кўмиб киприклари қимирламасдан ортларига қайтишар эди. Зеро гоҳида одатлар ҳам Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган маъбудларга айланади.
Кишиларнинг ҳисларини, обрўларини, орзуларини ва ҳақ-ҳуқуқлари устига тупроқ сочиш уларнинг тириклайин кўмиш билан тенг.
Болангизда қандайдир қобилиятни кўриб унга эътибор бермаслигингиз уни тириклайин кўмиш билан тенг.
Қизингизга унинг туғилиши табиат "хато"си эканлигини айтишингиз, уни мажбуран боқаётганлигингизни унга сўзлашингиз уни тириклайин кўмиш билан тенгдир. Агар сиз жоҳилият даврида яшаганингизда уни аниқ кўмар эдингиз.
Ўғлингиз университетга кириб яхши бир мутахассис бўлишни истаганида уни бошқа томонга мажбурлашингиз уни тириклайин кўмишингиздир.
Қизингизни ўзи истаган кишига узатмасдан бошқа йигитга турмушга беришингиз уни тириклайин кўмишингиздир.
Хотинингиз эртадан кечгача дам олмасдан ишлайди. Сизнинг унга қалбингиз соҳибаси эмас, бозордан сотиб олинган чўри каби қарашингиз уни тириклайин кўмишингиздир.
Бир оила ўзининг азиз фарзандини ўқитиб олим қилиш учун бутун борлиғини сарфлайди. Таълим даргоҳларини битирган фарзанд қўлида диплом билан иш қидириб заводлар ва ширкатлар орасида саргардон бўлиб иш топа олмаслиги уларни тириклайин кўмишдир.
Кишиларнинг мустабид сиёсат туфайли атрофда бўлаётган ҳодисаларга фикр билдира олмасдан уларни ютишга мажбур бўлиши, гапирганда эса қамоққа тушиши тириклайин кўмилишдир.
Ватанпарварлик ҳақида лоф ураётган бир ҳовуч кўпикларга ватанни улардан кўпроқ яхши кўришингни исботлашга уринишинг, бир ҳовуч кўпик ватанни бино қила олмаслигини уларга исбот қилишга ҳаракат қилишинг тириклайин кўмилишингдир.
Ўз қалбингга эга бўлмаслигинг, кимни яхши кўриб, кимни ёмон кўришингни ҳам ҳукумат белгилаб бериши тириклайин кўмилишингдир.
Ўз қаламингга эга бўлмаслигинг, уларга ёққан кишиларга атаб қасидалар ёзишга, уларга ёқмаган кишиларни ҳажв қилишга мажбур бўлишинг тириклайин кўмилишингдир.
Улар мен ҳақимда ўйлаяпти деб ақлингни ишлатмаслигинг, ўзингни қийнамаслигинг тириклайин кўмилганингдир.
Илтимос бизга раҳмингиз келсин. Куни келиб барибир аниқ ўламиз. Бизни тириклайин кўмманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТОМОНИНГИЗ АНИҚМИ?
Ҳақ билан ботил ўртасидаги курашда Аллоҳнинг ўзгармас қонуни бор:
1. Синовсиз , имтиҳонсиз кучли ва мустаҳкам бўла олмайсиз.
2. Қўрқинч ва даҳшатни кўрмасдан тинч ва омон бўла олмайсиз.
Хандақ ғазотида саҳобаларнинг жонлари томоққа келди. Ташқаридан мушриклар, ичкаридан эса мунофиқлар ва яҳудийлар хавф солар эди. Мусулмонлар исломнинг куни охир бўлди дея ишона бошлашди.
Хандақ ғазотидан ўн йиллар ўтиб мусулмонлар икки катта империяни қулатишди: Рум ва форс империяларини...
Бу дин боқий қолаверади. Буни ташвишини қилманг. Унинг боқий қолишига қанақа ҳисса қўшмоқдасиз, ана шу муҳим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ!
Ҳаётнинг энг гўзал сифати шуки, у нима бўлганида ҳам давом этаверади. Аламли ҳодиса уни тўхтата олмайди. Мусибат унга халал бера олмайди. Ҳаёт аламли ва саодатли ҳодисаларга ҳомиладор ҳолатда давом этаверади.
Оқил инсон шодликнинг абадий эмаслигини, хафаликнинг ҳам доимий эмаслигини билади.
Ким бу сайёранинг айланишдан мақсади азият ва зарар бериш деб ўйласа, кеча ва кундуз фақатгина дарду-алам бериш учун алмашиб туради деб ўйласа у бахтсиз инсондир. Зеро у ўзини-ўзи бахтсиз қилган. Агар у дунёни ўз ҳақиқати билан кўрганида роҳатланган ва ўзгаларга ҳам роҳат берган бўлар эди!
Атрофингиздаги борлиққа қаранг. Улар зарарни қандай қабул қилиб яна йўлда давом этишига боқинг, ибратланинг. Чунки ҳаёт бирор ҳодиса ёки шахс олдида тўхтаб қолмайди.
Африкадаги антилопалар ҳар йили қурғоқчилик мавсумида сув қидириб йўлга чиқишади. Мақсад ҳаётни сақлаб қолиш. Аммо уларга ўлим ҳар томондан ҳужум қилади. Баъзи антилопалар шерлар тўдасига ўлжа бўлади, баъзилари сув қаърида тимсоҳларга ем бўлади. Аммо тўда ҳар сафар жароҳатини боғлаб зарарни индамасдан қабул қилади ва йўлда давом этади. Келаси йили яна шу аҳвол давом этади. Ўлим ва зарар билан ўралган ҳаёт йўлидан бориб келаверади. Ҳаёт давом этаверади. Антилопалар ўйин қоидасини яхши билишади. Ўзларини шерлар учун яхши таом эканликларини, тимсоҳларнинг иштаҳасини очишларини билишади. Шу билан бирга сафар қилишмаса улар учун ҳаёт тугашини ҳам яхши англашади. Қизиғи , бизлар ақлимиз билан англайдиган нарсаларни улар ғаризаси билан билади.
Модомики ҳаёт давом этар экан, зарар бўлади. Охирги ҳуштакни ўлим чалади!
Урушлар бўлаверади, оловлар ёнаверади. Инсон беморликка, муваффақиятсизликка, яқинларини йўқотишга рўбарў келаверади.
Биз яхши кўрамиз, ажраламиз, кимгадир боғланамиз, қалбимиз ёнади. Фарзандларимизни тарбиялаймиз, уйлантирамиз. Охири ҳаётимиз тугайди. Бу ишларни ҳеч ким ўзгартира олмайди. Аммо биз ҳаётга бўлган қарашларимизни ўзгартиришмиз мумкин. Бизга ёқмайдиган ишлар ҳаётнинг бир бўлаги эканлигини англашимиз керак. Ҳаётимизда ёқимсиз нарсалар содир бўлса, бу билан ҳаёт тугаб қолмайди. Баъзи-баъзида учоқлар ҳам қулаб туради. Аммо кишилар учоққа минишда давом этишади. Доимо автоҳалокатлар бўлиб туради. Аммо биз автомобиллар минишда, сотиб олишда давом этаверамиз. Баъзан фарзандларимиздан айриламиз. Аммо фарзанд кўришда давом этаверамиз. Футболда ҳакамлар хато қилиб туришади. Аммо ўйинчилар футболни тарк қилишмайди. Биз ҳам футбол кўришда давом этамиз.
Биз ҳаётнинг ҳеч биримиз билан шахсий масаласи йўқлигини, ҳаёт биздан олдин ҳам шундай бўлганини, биздан кейин ҳам шундай бўлиб қолишини яхши англасак ана шунда у билан воқеликка қараб, мантиқий муомала қилишга қодир бўламиз.
Мен ҳаётни англаган инсон зарарларни яхши кўради, мусибат тушишини кутиб ўтиради демоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим, зарар қилмаслик учун ҳаракат қилмоғимиз, бахтли яшаш учун саъй қилмоғимиз, ёмонлик етганида уни қабул қилмоғимиз лозим демоқчиман. Олдимизда бошқа йўл йўқ. Чунки биз ҳаётни золим деганимиз билан у тўхтаб қолмайди. Ким ҳаётга ўзини нишон деб қараса қуйидаги воқеадаги илоннинг ҳолига тушади:
“Бир илон кечаси дурадгорнинг устахонасига кирибди. Дурадгорнинг асбобларини стол устига қўйиб кетадиган одати бор экан. Илон дўконни айланиб юриб юмшоқ бадани аррага тегиб кетибди. Арра унинг танасига жароҳат етказибди. Илон ўзини ҳимоя қилиш учун аррани чақибди. Оғзи ҳам жароҳатланибди. Илон аррани ашаддий душман деб ўйлаб унга ўралиб бўға бошлабди. Арра илонни баттарроқ жароҳатлай бошлаб охири ўлдирибди!”.
Ҳикоядан олинадиган хулоса шуки, биринчи жароҳат оддийгина ҳодиса эди. Илон аслида йўлида давом этиши лозим эди. Илон масалани шахсий деб қараганидан сўнг жангга киришиб зиёнга учради.
Кўпчилик инсонлар ҳаётга юқоридаги илон каби ёндашишади. Ҳамма нарсани ўткинчи ҳодиса эмас, шахсий масалага айлантиришади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Буюк рус ёзувчиси Лев Толстойнинг инсонга берган таърифи:
"Инсон бу қалби қаттиқ, бузғунчи мавжудотдир. У ўз манфаати йўлида қанча-қанча тирик жонзотларни, ўсимликларни бошини емади дейсиз!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЧУМОЛИ
Чумоли дала-даштдан буғдой, арпа йиғишга жуда ҳам қизиқар, ўз ишини яхши кўриб ихлос билан бажарар эди. Ўрмон қироли шер унинг бу ихлоси ва фидокорлигига ҳавас қилар эди. Чумоли ишга вақтида чиқар, вақтида қайтиб кетар эди. Умуман кечикмас ва доимо бахтли эди. Меҳнати самараси ҳам барчаникидан юқори эди.
Қирол шер ўйлаб қолди: Агар чумоли шунча натижага ва ҳосилдорликка ҳеч қандай назоратсиз эришаётган бўлса, агар унга бир назоратчи қўйилса янада яхши ишлаб, янада кўпроқ дон-дун жамласа керак!
Шер шундай деб ўйлаб чумолига ўргимчакни назоратчи қилиб қўйди.
Ўргимчак чумоли устидан назоратни бошлади. Ўргимчак тошбақани чумолининг кундалик даромадини ёзиб бориш учун ўзига ёрдамчи қилиб тайинлади. Давоматини кузатиш учун чигирткани ишга олди. Бу нарсалар чумолидаги ғайратни сўндирди. Чунки у бошқарувдаги бунақа муаммоларга дуч келмаган эди.
Буни кўрган ўргимчак чумолига ҳудҳудни хос йўлбошчи қилиб тайинлади. Шояд чумоли олдинги фаоллигига қайтса.
Ҳудҳуд ишни яхши билмаганлиги сабабли нотўғри маслаҳатлар бера бошлади. Натижада чумолининг ғайрати янада сусайиб кетди. Хосилдорлик пасайиб кетди. Бу қирол шерни ташвишга солди ва муаммони ўрганиш учун шошилинч гуруҳ ташкил қилди. Гуруҳ юқоридаги ходимлар билан биргаликда мажлис қилди. Узоқ ва чуқур мулоҳаза ва тортишувлардан кейин чумоли айбдор деб топилиб ишдан бўшатилди!
Юқоридаги ҳикоя рамзий бўлсада, аммо бунга ўхшаганлари ҳаётда учраб туради.
Анча олди BBC бир кўрсатув эълон қилди. Унда Америкалик сузувчи Луис Томас ҳақида гап кетар эди. Луис Томас эркаклар сузиш спортида бирор марта ҳам юқори ўрин олмаган экан. У жинсини ўзгартиришга қарор қилибди. Унинг номи Луис Томасдан Лия Томасга айланибди. Бу билан аёллар мусобақасида иштирок этиш имконини қўлга киритибди. У энди ўзининг бўртиб чиққан мушаклари ёрдамида ғолибликни қўлга кирита бошлади. Лия Томаснинг ўзи катта муаммо бўлсада, муаммо бошқа нарсада эди. Аёллар уни ҳожатхоналарига, кийиниш хоналарига киришини хоҳламас эдилар. Улар бу ҳақида Америка сузиш спорти федерациясига ариза киритишди. Ўз навбатида федерация аёлларга бу муаммони хатлаб ўтишларига ёрдамлашиш учун руҳшуносларни юборди!
Чумоли воқеасидан қуйидагини хулоса қилиш мумкин:
"Муаммони ўйлаб топ. Сўнгра унга аҳмоқона ечим ихтиро қил!".
Бир аёл ўғлини уйлантирмоқчи бўлиб унга дебди:
- Шундай аёлга уйлангинки, у сенга муаммоларни ҳал қилишда ёрдамчи бўлсин!
Ўғил дебди:
- Менда ҳеч қандай муаммо йўқ!
Онаси унга шундай деган экан:
- Уйлансанг муаммо пайдо бўлади!
Бугун Ғазо ва унинг ортидаги Фаластин муаммоси ишғолчилар пайдо қилган муаммодир. Бир халқни яшаб турган жойини тортиб олиб улар ўрнига бошқа бир халқни жойлаштиришаяпти. Агар ишғолчи-босқинчилар бўлмаганида уруш бўлмас эди.
Бу беақл олам муаммонинг сабабини эмас, натижасини қидираяпти. Ҳамма Фаластинликларнинг ҳужумини муҳокама қилаяпти. Ҳеч ким Фаластинда Польшаликлар, Голландияликлар, Францияликлар, Америкаликлар, Германияликлар нима қилаяпти деб сўрамайди. Улар келган жойига кетишсин бўлди, уруш тугайди. Агар ишғолда давом этишса уруш бир умр тугамайди.
Инсоният муаммо топишда даҳо. Муаммо туғдириш учун ҳам тескари қобилият керак. Муаммо ихтиро қилишнинг ҳам ўзи бўлмайди-да! Афтидан баъзиларга ҳаёт ўз маромида тинч давом этиши ёқмайдими дейман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОДОБ
Саҳобалар бошига кулфат, бало тушган кишилар олдида Аллоҳдан офият сўрашдан хижолат қилишар, улар олдида ўзларини хурсанд кўрсатишмас экан.
Диндошларимиз бошига мусибат тушганида, уларнинг ўзлари, фарзандлари парча-парча бўлаётган бир пайтда ичаётган қаҳвамизни, саёҳатимизни, еяётган овқатларимизни, хуллас бахтиёр онларимизни суратга олиб ижтимоий тармоқларда жойлашимиз яхши эмас.
Оғриқли инсон олдида одобли бўлинг.
Яқинларини йўқотган инсон олдида одобли бўлинг.
Улуғларимизнинг шундай гаплари бор:
"Кимни мусулмонлар шодлиги шод қилмаса, уларнинг маҳзунлиги маҳзун қилмаса у мусулмонлардан эмас!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Мусулмоннинг мусулмон учун ичи куйиши ҳам ибодатдир!
Бу динда туйғулар билан ҳам ибодат қилса бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Улар кечқурун ухлашгач, шайтон уларнинг каттасининг тушига мусофир бир киши суратида кўриниб ундан синглиси ҳақида сўради. Акаси унга бўлган воқеани айтиб берди. Шайтон обиднинг гаплари ёлғон эканлигини, обид унинг синглисини номусига текканини, у ҳомиладор бўлганини, бола туғилганидан сўнг шарманда бўлишдан қўрқиб уни ўлдирганини, сўнгра сир очилишидан қўрқиб қизни ҳам ўлдириб уй эшигининг орқасида, киришда ўнг томонга чуқур ковлаб унга кўмиб қўйганини, ўша ерни ковлашса топишлари мумкинлигини айтди.
Сўнгра ўртанчи аканинг ҳам тушига кириб ўшандай гапларни айтди. Охирида учинчи аканинг ҳам тушига кириб унга ҳам ўшандай деди.
Эрталаб улар бир-бирларига тушларини айтиб беришди. Катта ака бу бир оддий туш эканлигини, унга ишонмаслик кераклигини айтди. Кичик акаси эса албатта ўша кўмилган жойни текшириб кўришини айтди. Сўнгра уччовлон қиз турган уйга бориб тушларидаги киши айтган жойни ковлашди. Чуқурдан ҳақиқатдан ҳам сингиллари ва чақалоқнинг сўйилган жасади чиқди. Улар обиднинг ҳузурига бориб ундан бўлган воқеани қаттиқ туриб сўрашди. Обид шайтоннинг гапларини тасдиқлади. Улар обидни ибодатхонасидан тушириб ҳокимнинг олдига олиб боришди. Ҳоким уни дорга осишга ҳукм қилди. Уни боғлаб дор остига олиб келишганда шайтон унинг кўзига кўриниб деди: “Биласан, қиз билан сени фитнага солган менман. Уни ҳомиладор қилдинг, ўғлини ҳам, ўзини ҳам сўйдинг. Мана ўлим остонасида турибсан. Сени шу ергача мен олиб келдим. Агар менга итоат қилсанг ва сени яратган, сенга сурат берган Аллоҳни инкор қилсанг сени дордан қутқараман!”.
Обид Аллоҳга кофир бўлди. Шайтон эса уни ташлаб кетди. Ҳокимнинг одамлари уни дорга осиб ўлдиришди!”.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АСРАСИН!
Кунлар даҳшатли суратда тез ўтаяпти. Аллоҳ бизни ўз динига ходим ўлароқ танламаслиги қалбни хавфга солади.
Амалларимизнинг сароб бўлишидан Ўзи асрасин. Собит бўлмаган қалбдан Ўзи асрасин. Руҳимизни тоатидан ўғирлашларидан Ўзи асрасин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Фарзандларингизга "Бирлашган Миллатлар Ташкилоти" каби бефойда гапларни ўргатманглар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎҒИРЛИК
Милодий 1377 сана 18 апрелда уйғониш асридаги Европанинг энг буюк муҳандиси ва ҳайкалтароши Филиппо Брунеллески дунёга келди.
Черков Флоренциядаги “Санта Мария” соборининг гумбазини таъмирлашга қарор қилди. Табиийки иш Филиппо Брунеллескига топширилди. Брунеллески ишни шодлик билан қабул қилиб олди. Бу дегани, унинг истеъдодини шахсан папанинг ўзи эътироф қилган эди. Брунеллески ишни бошлаганидан бироз муддат ўтмасидан маҳаллий ҳукумат ўша пайтдаги яна бир машҳур ҳайкалтарош ва муҳандис Лоренцо Гибертини унга ёрдамчи қилиб тайинлади. Гиберти Брунеллескига қараганда анча тажрибасиз эди. Бу нарса Брунеллескини қаттиқ ташвишга солди. У шундай деган эди: “У ким бўлибдики, менга бериладиган буюкликни мен билан бўлишса?!”.
Брунеллески Гибертини ишдан узоқлаштириш режаси ҳақида кўп фикрлади. Аммо Гибертининг ҳукумат олдидаги эътибори уни чўчитиб турар эди. Ва ниҳоят Брунеллески бир қарорга келди: “Агар Гибертига иш керак бўлса марҳамат қилсин!”.
Брунеллески ўзини беморликка солиб ётиб олди. Ишга келмади. Бу ҳаммага муаммо туғдирди. Папа ишнинг якунлашини кутар эди. Гиберти Брунеллески қилган ишни қила олишдан ожиз эди. Ҳукумат вакиллари ишни кўргани келганида Гибертига дейишди: “Жаноб Гиберти! Ишни тугатинг. Сиз маҳоратли ҳайкалтарошсиз!”.
Аммо тезда Гибертининг бу ишдан ожизлиги барчага фош бўлди. Уни ишдан олишди. Брунеллески табиийки, “шифо” топди ва Флорециядаги “Санта Мария” собори гумбазини ўзи таъмирлай бошлади!
Агар бу ҳикояда қандайдир дарс бўлса у қуйидаги дарсдир:
“Сизнинг меҳнатингизни ўғирлаб буюк бўлмоқчи бўлганларга йўл берманг!”.
————
Қани ким нима фикр билдиради?
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАЁТИНГИЗНИ БОЙ БЕРМАНГ!
Гоҳида қаламим тутилиб қолади. Саксонга кирган кампир фарзанд кўра олмаганидек, ҳеч нарсани ёза олмайди. Сўнгра бир фикр келиб қолади. Ана шу пайтда Архимед "эврика" деганида нималарни ҳис қилганини, Ньютоннинг бошига олма тушганида ўзига-ўзи: "Нега бу олма бошимга тушди, нега осмонга учиб кетмади?, дея савол берганида нималарни ҳис қилганини англайман.
Бу сайёранинг фуқароларидан бири ошқозони билан фикрлаганидан кўра ақли билан фикрлагани албатта яхши. Биз бутун вақтимизни олманинг нега учиб кетиш ўрнига ерга тушганини билиш учун сарфлашимиз уятдир.
Архимеднинг фикрлаши ўз муаммоси туфайли юзага келган эди. Император унга тожини соф олтиндан ясалганми ёки заргар уни алдаганми, шуни аниқлаб беришни амр қилган эди.
Инсонлар ўз муаммоси билан ўралашиб қолганида ўзгаларни унутади.
Ньютон ернинг тортиш қонунини кашф қилганида қўшнисининг нима овқат еяётгани ҳақида ёки акасининг от-аравасини қайси пулга олгани ҳақида фикр қилмаётган эди. Биз қачон бошқалар қўлидаги нарсалар ҳақида фикрлашни тўхтатсак, ана шунда ўзимизнинг қўлимиздаги нарсалар ҳақида ўйлай бошлаймиз.
Гоҳида одамлар бизни тинч қўйишини истаймиз. Аммо улар бунга изн беришмайди. Дунёда шундай инсонлар борки, улар кечаси инстаграмда ўзгаларнинг суратларини, видеоларини текшириб кўриб чиқмагунича ухлаймайди. Гўё улар ўзича раийятни текширмасдан олдин ухламайдиган халифа Умар ибн Хаттобдирлар. Қани энди улар Зигмунд Фрейд беркинган жойидан чиқиб уларнинг психологик муаммоларини ечиб беришини истаганлари каби хотиржамликни ҳам истаганларида эди.
Биз муҳаббат ҳақида гапирсак, бу бизнинг Мажнунлигимизни билдирмайди. Биз хиёнат ҳақида гапирсак, бу бизнинг хиёнатга учраганимизни билдирмайди. Сизга тунги намоз ҳақида гапирсак, бу бизнинг кечаси билан жойнамоз устида тунаганимизни билдирмайди. Сизга жамоат намози ҳақида гапирсак, бу масжиднинг калити бизда эканлигини англатмайди.
Инсон бир нарса ўқийди. Ўқиган нарсаси унга ёқади. Ана ўшани ўзгалар билан бўлишади. Қолаверса гаплар мақсадларни ташийди.
Инсонлар фақат ёзганларимиз туфайли бизни муҳокама қилишмайди, балки ёзмаганларимиз учун ҳам муҳокама қилишади. Хотиржам бўлинг, биз яхшимиз. Фикрингизни биз билан машғул қилманг.
Фейсбукда еган овқатимизнинг суратини қўймасак, бу овқат емаётганимизни билдирмайди.
Фейсбукда хотинимизни қучоқлаб турган суратимизни қўймасак, бу хотинимизни қучоқламаслигимизни англатмайди.
Намозда турган суратимизни ижтимоий тармоқда жойламасак, бу намоз ўқимаётганлигимизни англатмайди.
Агар шифохонада, каравотда ётган суратимизни қўймасак, бу бизнинг бемор бўлмаслигимизни билдирмайди.
Сафардаги ва саёҳатлардаги суратларимизни қўймасак, бу бизнинг уйимизда ўтирганимизни англатмайди.
Агар биз оилавий йиғинларимизни суратини қўймасак, бу жамланмаслигимизни англатмайди.
Онамизнинг қўлларини ўпаётган ёки отамизнинг оёқларини юваётган суратимизни қўймасак, бу бизнинг ота-онага оқлигимизни англатмайди.
Агар ўқиётган китобларимизнинг суратини қўймасак, бу бизнинг ўқимаётганимизни англатмайди.
Агар ҳаммомдан чиқаётган суратимизни қўймасак, бу бизнинг ғусл қилмаслигимизни ва сассиқлигимизни англатмайди.
Бор-йўғи биз одамларни бахтли эканлигимизга ишонтириш ўрнига ҳақиқий ҳаётда яшамоқчимиз холос. Бу ҳаёт бизники, бошқаларники эмас!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Мен ёзадиган нарсаларда устозимнинг хизматлари катта. Менинг йўлчи юлдузим. Ўзимни у кишининг олдиларида доим ожиз ҳис қиламан!
Умрлари узоқ ва баракали бўлсин.
Устознинг энг дангаса ва самарасиз шогирдлари мен бўлсам керак!
Устозим ҳақларида дуода бўлинглар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бадрда собит турган 313 киши туфайли бу дин бугун бизга етиб келган.
Собит туринг, собит туришади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Мана шунақа хабарлар сизни ҳам тушкунликка тушириб қалбингизни парчалаб ташлайдими?
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САРКАШЛАР
Яҳудийлар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб дейишди:
- Эй Абул Қосим! Сендан баъзи нарсаларни сўраймиз. Агар жавоб берсанг сенга эргашамиз. Бизга айтчи, сенинг ҳузурингга қайси фаришта келаяпти? Ҳамма пайғамбарга бир фаришта ваҳий олиб келган!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Жаброил келаяпти!
Яҳудийлар дейишди:
- У уруш ва қотиллик олиб келади. У бизнинг душманимиз. Агар ёмғир ва раҳмат олиб келадиган Микоилни айтганингда сенга эргашар эдик!
Шунда Аллоҳ таоло улар ҳақида қуйидаги оятларни нозил қилди:
" قُلْ مَن كَانَ عَدُوًّا لِّجِبْرِيلَ فَإِنَّهُ نَزَّلَهُ عَلَى قَلْبِكَ بِإِذْنِ اللّهِ مُصَدِّقاً لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ وَهُدًى وَبُشْرَى لِلْمُؤْمِنِينَ مَن كَانَ عَدُوًّا لِّلّهِ وَمَلآئِكَتِهِ وَرُسُلِهِ وَجِبْرِيلَ وَمِيكَالَ فَإِنَّ اللّهَ عَدُوٌّ لِّلْكَافِرِينَ ".
Яъни,
"Жаброилга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди. Ким Аллоҳга, унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жиброилга ва Микоилга душман бўлса, албатта, Аллоҳ кофирларнинг душманидир!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИЗ БИЛМАГАН ҲИСЛАР!
Ўшанда даъватни давлат босқичига олиб ўтиш даври яқинлашиб қолган эди. Ваҳий нозил бўлганига ҳам ўн уч йил бўлиб қолди. Мусулмонлар само рисоласини ернинг турли бурчагига етказиш учун пишиб етилишди.
Билол розиёллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг кибриёсини Макка тупроқларига қориштирди.
Ҳамза розиёллоҳу анҳу Каъбанинг олдида Абу Жаҳлнинг юзига мушт тушириб: "Қани қўлингдан келса сен ҳам қайтарчи!", деди.
Жаъфар розиёллоҳу анҳу Ҳабашистон подшоҳи Нажошийнинг олдида Уззони ерга урди.
Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳу онасига Аллоҳ ва Расули ундан азизроқ эканлигини айтди.
Сумайя розиёллоҳу анҳонинг дунёда охирги қилган иши Абу Жаҳлнинг юзига тупуриш бўлди.
Умар розиёллоҳу анҳу Қурайшга ўзининг ҳижрат қилаётганини, қўлидан келган киши унинг изидан тушиши мумкинлигини баралла айтди....
Ярим тун. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат қилиш соатлари яқинлашди. У зот Ясрибга етиб олсалар давлат оёғига қалқар эди. Шунинг учун Қурайш у зотнинг қонлари барчага тарқалиши учун ҳар-бир қабиладан биттадан одам танлаб суюкли Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламни қатл қилишга қарор қилди.
Буюк баҳодир Али ибн Аби Толиб розиёллоҳу анҳунинг фидокорлик қилиш навбати келди. У зот Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўринларига ётди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розиёллоҳу анҳунинг уйига бориб: "Қани отлан, Мадинага кетамиз!", дедилар.
Абу Бакр розиёллоҳу анҳу ана шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан қачон ҳижратга рухсат сўраса у зотнинг: "Шошмай тур. Шояд Аллоҳ сенга бирор йўлдош насиб қилса", деган гапларини тушунди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёт йўлида Абу Бакр розиёллоҳу анҳу билан юришни яхши кўрар эдилар. Шунинг учун у зотни "шошмай тур" билан ҳижратдан тўхтатиб турдилар.
Хуллас, ер курраси тақдирини бутунлай ўзгартирадиган сафар бошланди. Аммо сийрат китоблари бизга бу сафарнинг чуқур тафсилотларини айтмайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Маккани тарк этар эканлар, Ҳадича онамизнинг ҳиди бўлган уйни тарк қилаётиб қандай ҳислар кўнгилларидан ўтганини китоблар гапирмайди.
Ўн йил олдин Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ваҳий залворидан қўрқиб уйларига келганларида Ҳадича розиёллоҳу анҳо у зотни қучоқларига олиб ҳеч ким юпата олмайдиган гаплар билан юпатган эдилар
Ҳадича онамиз вафот этганларида Роббимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга тасалли бериш учун меърожга кўтарди. Ўшанда Расулуллоҳ
саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қалбларида не ҳислар ўтганини ҳеч ким билмайди. Эҳтимол Ҳадича онамиз жанобимизни сафар олдидан яна қучоқларига олишларини истагандирлар.
Сийрат китоблари Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳижрат олдидан қизлари билан қандай видолашганларини айтмайди. Исломи учун суюкли эридан ажралиб қолган қизлари Зайнабга нима деганларини ҳеч ким билмайди. Оталари пайғамбар бўлгани учун эрлари томонидан ҳайдалган Руқайя ва Умму Кулсумни қандай қучоқларига олганларини ҳеч ким ривоят қилмаган.
Қалбларининг бир бўлаги бўлган кенжа қизлари Фотимани қандан тарк қилганларини сийрат китоблари гапирмайди.
Биз буларни билишни истар эдик. Аммо маҳруммиз. Бу ҳолатлар жуда ҳам хусусий ва оғриқли ҳолатлардир. Менимча Қурайшнинг қилмишларидан кўра онамиз Ҳадичанинг ҳиди келиб турган уйни тарк қилиш оғирроқ кечган Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламга.
Мушриклар у зотни гарчи қатл қила олишмаган бўлсада, аммо севганларидан ажратиб қалбларини парча-парча қилишди.
Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг диннинг бизга етиб келиши учун сийрат китобларида зикри келган оғриқлари, китобларда зикри келмаган аламлар билан ўлчанганда ҳеч нарса бўлмай қолади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАЁТ СИРИ
Европа халқининг бир ҳикояси бор:
“Бир кампир набираларига деди:
-Мен ҳеч қачон поездга минмаганман!
Набиралар бувиларининг поездга миниш истагини кучлилигини билгач, унга кампирнинг дугонаси яшайдиган яқин шаҳарга билет сотиб олишди. Кампир поездга минди. Вагондаги ўриндиқларнинг қопламаси йиртилиб кетган эди. Кампир жаҳл билан нарсаларини кўтариб бошқа вагонга ўтди. Бу вагондаги ўриндиқларга сурат чизиб ташланган эди. Кампир нарсаларини кўтариб бошқа хонага ўтиш учун яна ўрнидан турди. Хуллас, вагонлар кампирга маъқул тушмай уларни алмаштираверди. Ва ниҳоят бир вагонга жойлашди. Ўтириб ташқаридаги манзарани томоша қилди. Поезд ажойиб бир қишлоқдан ўтмоқда эди. Ҳали кампир ажойиб манзаралардан кўзлари тўймасдан туриб унга кўзлаган манзилига етиб келганини, тушиши мумкинлигини айтишди. Кампир ўзга-ўзи деди: “Агар сафаримнинг бунчалар қисқалигини билганимда эди, вақтимни шикоят билан эмас, гўзал табиатни томоша қилиш билан ўтказар эди!”.
Туғилганимиздан токи вафот қилгунимизга бўлган умр сафаримиз ҳам худди кампирнинг сафарига ўхшайди. Сафарда албатта кўнгилсизликлар бўлади. Аммо кўзларини қувнатадиган гўзалликлар ҳам бўлади. Афсуски, биз уларга қарамаймиз. Асосан муаммолар билан ўралиб қоламиз. Натижада гўзалликларни кўришдан маҳрум бўламиз.
Ишингиз қийин, биламан. Аммо сиздан бошқа қанча-қанча инсонлар ишсиз. Кишиларга муҳтож бўлишнинг нималигини биласизми?!
Эрингиз бироз асабий. Бунақаси бўлиб туради. Аммо у мард, сахий ва олийжаноб. У сизни бошқалардан қизғанади. Нега энди оппоқ саҳифадаги қора нуқтани кўраверасиз?! Аслида сиз эрингизнинг табиатини ўрганиб шунга кўра ҳаракат қилишингиз лозим эди. турмушдаги заковат мана шу!
Уйингиз кичкина. Оилангиз зўрға сиғади. Аммо нима бўлганда ҳам уйингиз бор. Кунлар захматидан чарчаганингизда бошингизни қўядиган елка бор. Дунёда миллионлаб инсонларда уй йўқ. Узун кечаларда улар унс ва сакийнат топадиган турмуш ўртоқлари йўқ!
Болаларингиз шўх. Уйни энди тартибга солсангиз янгидан тўзитишни болшашади. Янги кийимларини кийдирганингизга оз вақт ўтмасидан уларни кир қилишади. Кунда ўн марта овқатланишади. Вазият оғир. Уй ишлари белни синдирай дейди. Аммо ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, дунёдаги қанча-қанча аёллар фарзандсизлигини?! Қанча-қанча оналарнинг фарзанди ногирон, юра олмайди. Улар уйни остин-устун қилишсада болалари бўлишини орзу қилишади. Фарзандларингиз соғлом бўлишгани учун уйни тўзитишади. Соғлом бўлишгани учун тўкиб-сочиб овқат ейишади. Соғлом бўлишгани учун ўйнаб кийимларини ифлос қилишади. Юқоридаги ҳолатдан бу яхши эмасми?!
Ҳаётнинг сири унга қандай қарашингизга боғлиқ, кўриладиган манзарага эмас, кўрадиган кўзга боғлиқ!
Ҳаётнинг сири қадаҳнинг ярми бўшлигидан шикоят қилишда эмас, ярми тўлалигидан шукр қилишда яширин!
Зеро ризодан маҳрум киши сакийнатдан маҳрумдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov