МАН ҚИЛИШИ АТОДИР!
"Бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик!".
Мусо алайҳис салом гўдаклигида савачада дарёдан оқиб Фиръавн саройига келганида йиғиси саройни тўлдирди. Фиръавннинг хотини Осиё уни эмизиш учун сутли она топмоқчи бўлди. Фиръавн гўдакнинг овозини жим қилмоқчи бўлди. Ҳамма гўдак билан банд эди. Бири эмизувчи аёл топиб келар, аммо гўдак эммас эди. Бошқаси бошқа бир аёл топиб келар, аммо гўдак уларнинг ҳеч бирига қарамас эди.
Аллоҳдан кўра меҳрибонроқ ким бор. Аллоҳ Мусони онасига қайтаришни ирода қилди.
Аллоҳ яхшироғини бериш учунгина ман қилади. Сизга бир эшикни ёпдими, ундан яхшироғини очмоқчи аслида.
Агар биз ҳар бир маҳрумликдаги Аллоҳнинг раҳматини ҳис қилганимизда эди, Унинг ман қилишидаги ҳикматини англаганимизда эди, йўлимиз анча осонлашар эди.
Агар "Бундан олдин унга эмизгувчиларни ҳаром қилган эдик!", бўлмаганида эди "Биз уни онасига қайтардик" ҳам бўлмас эди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МАСЪУЛИЯТ
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тариху Димашқ” китобида, Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тариху Бағдод” китобида, ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тариху мулук” китобида келтиришади:
“Қози Вакиъ айтади:
“Халифа Муътазид Биллоҳнинг даврида қози Аби Ҳозимнинг ёнида юриб Ҳасан ибн Саҳлнинг вақфларига қарар эдим. Халифа Муътазид қаср қуришни кўпайтириб юборди ва Ҳасан ибн Саҳлнинг вақфларидан бирини ўзининг қасрига қўшиб олди. Йил охирига етиб мен харожларни йиғаётган эдим. Ҳамма харожларни жамлаб бўлдим. Фақатгина халифанинг харожи қолди. Қози Абу Ҳозимнинг олдига келиб дедим:
-Харожларни жамладим. Уни тақсимламоқчиман!
Қози деди:
-Халифанинг харожини ҳам олдингми?
-Йўқ!
-Токи халифанинг харожини олмасдан уларни тақсимлама!
-Ғазаблансачи?
-Аввало Аллоҳнинг розилигини кўз олдингга қўй. Халифанинг олдига бориб Қози Абу Ҳозим айтди, харожни берар экансиз, дегин!
Мен қўрқиб-писиб халифанинг ҳузурига кирдим. Унга дедим:
-Мен харожларни жамлаган эдим. Уни тақсимламоқчи бўлганимда қози Абу Ҳозим қўймади. Халифанинг харожини ҳам ол, кейин тақсимлайсан, деди!
Халифа бироз сукут сақлаб туриб деди:
-Абу Ҳозим қандай яхши қози! Қанча қарзимиз бор экан?
-Тўрт юз динор!
Халифа ходимини чақириб айтилган пулни менга беришини тайинлади. Одамлар қози Абу Ҳозимдан ажабланишди. Қози токи вафот қилгунича эътибордан қолмади!”.
Бу дин сулукимизга айланган пайтлар қанчалар буюк бўлганмиз! Оламни бошқарганмиз, башарият байроғини кўтарганмиз. Динга эътиборсиз бўлганимиздан бошлаб кўпикка айландик. Сонимиз кўп , аммо кўпикмиз!
Бутун олам бизнинг адолатимиз туфайли бизга итоатда эди. Ўша пайтда энг заиф инсон ҳам кучлилардан ўз ҳаққини олишга қурби етар эди. Ҳатто халифа ҳам ўз ҳаққини адо қилар эди.
Ўша даврдаги олимларга ҳам, халифаларга ҳам офарин!
Абу Ҳозимга ҳам минг офарин!
У ҳеч кимса ҳақдан устун эмаслигини билар эди. Шунинг учун халифадан харожни олиш учун Вакиъни юборди. Ҳолбуки, қозини мансабга қўйган киши халифа эди. Истаса қозини мансабидан олиши мумкин эди. Аммо қози билар эдики, мансабга уни халифа қўйган бўлсада, хизмат Аллоҳ учун эди. Ҳақиқий давлат кишиси билан хор, тобе ва дум кишиларнинг орасидаги фарқ мана шу эди!
Халифага ҳам офарин!
У мутакаббирлик қилмади. Ўзини ҳақдан устун деб билмади. Ҳолбуки, бутун салтанат унинг қўлида эди. “Халифага солиқ бер дейдиган ким экан?”, демади. Гарданидаги харожни индамасдан берди. Аслида бермасликка қодир эди. Қозига азият бермади!
Ишлар мана шунақа оддий эди. Барча гарданидаги ҳақларни индамасдан адо қилар эди. Аллоҳнинг кузатиб турганини билар эди. Лаганбардорлик ва тилёғламачилик йўқ эди!
Кишилар масалани шахсийлаштирмасдан гарданларидаги ҳақларни вожиб деб адо қилар эди.
Ишга вақтида бориш биз адо қилишимиз лозим бўлган ҳақдир. Бунда ўзимизни катта иш қилган деб билмаслигимиз лозим.
Маош эвазига адо қиладиган хизматларимиз бизнинг гарданимиздаги ҳақдир. Ҳаққимиз бўлмаган нарсани олишимиз биз учун ҳаромдир.
Кечикканимиз учун бошлиқ бизни тергаши , ўз ишимизга совуққон қараганимиз учун кишилар биздан шикоят қилиш шарт эмас. Аввало биз ўзимизни ўзимиз тергашимиз лозим.
Вазифаларни адо қилиш бизда сулукка айланса, ҳақни англаш фазилатга айланса ана шунда бу халқ , бу уммат яна пешқадам бўлиши мумкин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КАРОМАТ
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-бидая ван ниҳая” номли китобида, имом Суютий роҳимаҳуллоҳ “Тарихул хулафо” номли китобида, Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ “Тариху Димашқ”да, Ҳимавий ўзининг “Муъжамул булдон” номли китобида келтиришади:
“Қайс ибн Ҳажжож деди:
“Миср фатҳ қилингач, унинг аҳли Амр ибн Оснинг ҳузурига келиб шундай дейишди:
-Эй Амиримиз! Нил қуриб қолди. Унинг бир одати бор эди. Ўша сабабли оқар эди!
-Нима экан у одат?
-Мана шу ойнинг ўн иккинчи куни бир бокира қизнинг ота-онасини рози қилиб, унга чиройли кийимлар кийдириб Нилга отиб қурбонлик қилар эдик. Шундан кейин Нил яна оқишда давом этар эди!
Амр ибн Ос розиёллоҳу анҳу уларга деди:
-Бу нарса исломда йўқдир. Ислом ўзидан олдинги ишларни бекор қилди!
Уч ой ўтса ҳамки ёмғир ёғмади. Кишилар бу ерлардан кўчиб кетишмоқчи бўлишди. Шунда Амр ибн Ос розиёллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳуга воқеликни баён қилиб мактуб битди. Умар розиёллоҳу анҳу Амр ибн Осга жавоб мактуби битиб шундай деди:
“Сен тўғри иш қилибсан. Ислом ўзидан олдинги ишларни бекор қилади!”.
Мактубнинг ичида яна бир рисолача бор эди. Умар рорзиёллоҳу анҳу ўша рисолачани Нилга ташлашни буюрди. Мактуб етиб келгач, Амр ибн Ос рисолачани очиб кўрди. Унга шундай ёзилган эди: “Эй Нил! Агар ўзингча оқаётган бўлсанг оқма. Агар Аллоҳнинг амри билан оқаётган бўлсанг Воҳид ва Қаҳҳор бўлган Аллоҳдан сени қайта оқизишини сўраймиз!”.
Салиб кунидан бир кун олдин, яъни ойнинг ўн биринчи кунида Амр ибн Ос рисолани Нилга ташлади. Миср аҳли бу ерлардан кўчиб кетишга ҳозирлик кўраётган эди. Эртаси эрталаб Миср аҳли ҳайратдан ёқа ушлади. Нил дарёси ўн олти зироъ кўтарилган эди. ўшандан бошлаб Нил қуримади!
Бу нарса Умар розиёллоҳу анҳунинг кароматларидан биридир. У киши учун Аллоҳ берган кароматларнинг энг буюги Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг дуолари билан Аллоҳ у зотни исломга бошлагани эди: “Аллоҳим! Сенга Умар ибн Хаттоб ва Амр ибн Ҳишомдан қай бири суюкли бўлса ўша билан исломни қувватли қилгин!”.
Кароматни гарчи жоҳил ва қайсар кишилар инкор қилсада, аммо унга берилиш ва уни кутиш фақатгина савдойи ва васвасага учраган кишилардан содир бўлади!
Ҳатто баъзилар каромат соҳиблари билан учрашишни Аллоҳдан сўраб юришади.
Аллоҳ бизнинг ҳар биримизни икром қилган. У бизнинг қалбимизга иймон солган. Иймонимизни мустаҳкам қилган. Иймондан ажралиш, диндан ажралиш биз учун жондан ажралишдан ҳам оғир. Аллоҳ бизни Ўзига сажда қиладиган қилди. Қанча-қанча инсонлар худосиз-атеист, мушрик ва залолатда!
Аллоҳ бизни Ўзи учун рўза тутиб томоқларимиз қуриши билан икром қилди. Ўзининг ҳузурида қиёмда туриш билан эҳтиром қилди. Аёлларимизга ҳижобни севдирди. Уларни иффат ила зийнатлади. Уларнинг бошидан ҳижобини юлиб олиш улар учун жонини олишдан ҳам оғир ботадиган қилди.
Аллоҳ бизга мавжудлигимиздан мақсадни англатди. Унга қуллик бизнинг ғоямиз эканлигини билдирди. Ўзимизнинг ҳақиқий ҳажмимизни англайдиган бўлдик. У бизга қувват бермаса заифмиз, У бизни беҳожат қилмаса фақирмиз, У бизни ҳидоят қилмаса залолатдамиз, У бизни тўғри йўлга бошламаса гумроҳмиз. Булардан буюк каромат борми?!
Агар булардан кейин яна бошқаси келса бош устига. Агар ҳеч нарса келмаса ҳеч нарса йўқотмаймиз!
Унинг пайғамбарига иймон келтириб тасдиқладик, Унинг шариатига қўлдан келганича амал қилдик. Учрашув жойимиз иншааллоҳ Унинг изни ила жаннатдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАРАКАТ МУҲИМ!
Гоҳида кишининг қалби мусибатга учрайди. Имтиҳонларнинг энг қийини мана шудир. Бунда кимдир қалбингиздаги энг катта маконни эгаллайди, аммо ҳаётингизда унга ўрин бўлмайди.
Уни аввалда нафас олишда муҳтож бўлган ўпкангизга ўхшатасиз. Аммо қадарингизда усиз бўғилиш ёзилган бўлади.
Уни аввалда кўришда сиз муҳтож бўладиган кўз деб ўйлайсиз. Аммо ҳаёт сизни ундан маҳрум қилади. Кейинги умрингизни худди ҳассаси билан йўлни қидирган аъмо каби ўтказасиз.
Яқин бўлмайдики, унга учрашсангиз. Узоқ бўлмайдики, уни тарк қилсангиз. Унга борай десангиз йўл ўнқир-чўнқир. Бормай десангиз чакалакзор ҳам эмас. У сизники эмаски, хотиржам бўлсангиз. Сиздан ман қилинмаганки, қўрқсангиз. Сизни жамлаш учун ер тор эмас. Сизни ажратиш учун замин кенг эмас. Унга юриб ета олмайсиз. Уйда ўтириб ундан узоқлаша олмайсиз. У унутиладиган нарса эмас. Сиз унутадиган шахс эмассиз. Иш мана шунақанги чигал. Мантиқ қалбни мантиққа тўлдира олмайди. Қалб заиф бўлсада, мантиққа қаноат қила олмайди.
Аллоҳга қасамки, бу ҳаёт ҳам, ўлим ҳам эмас!
Аммо кишининг қалби гоҳида мусибатга дучор бўлар экан!
Сиз ўзингиздан сўрайсиз: “Наҳот ёлғиз бўлсам?!”.
Йўқ, сиз ёлғиз эмассиз. Бу дардни сиз каби миллионлаб кишилар тотиб кўрган. Мен сизга бир мисол кўрсатаман. Ҳозир сиз билан Мадинаи Мунаввара сари йўл оламиз. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Аббосга айтаяптилар:
-Эй Аббос! Муғийснинг Барийрага бўлган севгисидан таажжубда эмасмисан?
Шу муносабат билан бу севги қиссасига тўхталиб ўтсам. Барийра ўша пайтда бошқа чўрилар каби бир чўри эди. Унинг эрининг исми Муғийс эди. Улар бирга турмуш қилишди, фарзандлар кўришди. Аммо Барийра Муғийсни умуман яхши кўрмас эди. Барийра чўриликдан озод бўлишни истар эди. Бу борада ўзининг хўжайинлари билан гаплашиб кўрди. Улар маълум бир маблағ эвазига уни озод қилишларини айтишди. Оиша онамиз розиёллоҳу анҳо унга пул бердилар. Ва ниҳоят Барийра озод бўлди. Аммо унинг эри Муғийс қуллигича қолди. Ислом озод бўлган чўриларга қул бўлган эри билан қолиш ёки қолмаслик ихтиёрини беради. Барийра эридан ажралишни танлади. Муғийс бу айрилиққа чидай олмади. Мадина кўчаларида унинг ортидан йиғлаган ҳолатда эргашиб юрар эди. уни қайтаришни умид қилар эди. Аммо Барийра унга умуман эътибор бермас эди. Муғийс унга етишишдан умидини узгач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан ёрдам сўрашга қарор қилди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Барийранинг олдига бориб дедилар:
-Эй Барийра! Қайтсанг яхши бўлар эди. У сенинг эринг ва болаларингнинг отаси!
Барийра деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Менга амр қилаяпсизми?
-Йўқ, мен бир воситачиман холос!
-Ундай бўлса менинг унга эҳтиёжим йўқ!
НИЯТ МУҲИМ!
Ибн Абид Дунё ўзининг “Макоидуш шайтон” номли китобида келтиради:
Ҳасан Басрий айтади:
“Бир қавм Аллоҳни қўйиб бир дарахтни танлаб олиб, унга сиғина бошлади. Бундан хабар топган бир киши қўлига болтасини олиб, дарахтни кесиб ташлаш учун йўлга тушди. Дарахт олдида одам қиёфасидаги Иблис уни қарши олди.
- Эй одам, нима учун дарахтни кесмоқчисан? - деб сўради Иблис.
- Қавмим Аллоҳни қўйиб бу дарахтга сиғиниб адашмоқда, гуноҳга ботмоқда, - деди киши.
Иблис деди:
-Сен у дарахтга ибодат қилмайсан-ку, унинг сенга нима зарари бор?
- Барибир кесаман!
Иблис уни ман қилмоқчи бўлди. Улар курашиб кетишди. Ҳалиги киши Иблисни йиқитди. Шунда Иблис унга деди:
-Сенга бундан яхшироқ таклифим бор. Сен дарахтни кесмайсан. Бунинг эвазига ҳар куни ёстиғинг остида икки динор пайдо бўлади!
Бунга ким кафил бўлади?
-Мен!
Ҳалиги киши ҳар тонг ёстиғи остидан икки танга олиб нафси ва эҳтиёжини қондира бошлади. Шу зайлда кунлар ўтаверди, дарахтни ва унга сиғинувчи қавмни унутди. Кунларнинг бирида ёстиғи остига қараса, тангалар йўқ. Ғазабланиб, шайтонни учратиш мақсадида дарахт томон юрди. Шунда Иблис унга яна юқоридаги одам қиёфасида кўринди ва сўради:
- Нега келдинг?
- Кишилар Аллоҳни қўйиб бунга ибодат қилаётган дарахтни кесаман!
Иблис уни ман қилмоқчи бўлди. Жанг бошланди. Бу сафар Иблис ғолиб бўлди. У киши сўради:
-Нега олдинги сафар мен ғолиб бўлган эдим-у, бу сафар сен ғолиб бўлдинг?
Иблис деди:
-Олдинги сафар Аллоҳ учун ғазаб қилиб келган эдинг. Аллоҳ сенга ёрдам берди. Бу сафар эса икки динор учун келдинг. Аллоҳ менга ёрдам берди!”.
Аллоҳнинг ризоси қасд қилинмаган ҳар қандай катта амал қиёмат куни тўзонга айланади. Аксинча, амал кичкина ва оз бўлсада, аммо ундан Аллоҳнинг ризоси мақсад қилинса у амал кўп ва мақбул амал ҳисобланади. Аллоҳ таоло фақатгина феълларга эмас, ниятларга қараб ҳам ажр беради.
Мусо алайҳис саломнинг даврида қаҳатчилик келди. Экинлар қуриди, озиқ-овқат камайиб кетди. Инсонлар қашшоққа айланишди. Шунда фақирлардан бири олдидаги тоққа назар солиб деди: “Эй Роббим! Агар менда мана шу тоғ қадар олтин бўлганида бандаларингга садақа қилган бўлар эдим!”.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳис саломга ваҳий қилиб деди: “У бандамга айт, Мен унинг садақасини қабул қилдим!”.
Аллоҳ таоло унинг нияти содиқлигини билди. Умуман содир бўлмаган амал учун ажрни мукаммал қилиб берди.
Қанча -қанча амаллар бор, қанча-қанча ибодатлар бор, уларда риё аралашгани учун, улардан одамлар олдида фахрланиш мақсад қилингани учун Аллоҳ уларни қабул қилмайди.
Аксинча, қанча-қанча оддий амаллар бор, ниятлар уни катталаштириб юборади.
Йўл ўртасида тушиб ётган ва кишиларга халақит қилаётган шохни одамларга азият бермаслиги учун олиб ташлагани учун бир киши жаннатга кирди. Эътибор беринг, битта шох эвазига жаннат. Зеро ният буюк!
Бани Исроилдаги зинокор аёл бир итни суғоргани учун Аллоҳ уни мағфират қилиб жаннатга киритди. Зеро ўша лаҳзада Аллоҳ унинг қалбида раҳматни, холис ниятни кўрган эди. Ҳолбуки итни суғориш зинога каффорат бўлмайди!
Ниятларингизни ислоҳ қилинг. Уларга кўра ажрланасиз!
Табук жангидан қайтишда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
“Мадинада шундай кишилар борки, улар сиз билан бирга юришди, водийларни кесиб ўтишди, ажрда сизга шерик бўлишди. Уларни беморлик Мадинада тутиб қолди!”.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТОЗАЛАЙДИ
Зириклий ўзининг "Ал-аълом" номли китобида келтиради:
"Фоснинг қозиси ва фақиҳи Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қурашийнинг таржимаи ҳолида келади:
"Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қураший ўзининг асҳобларига доимо шундай дер эди: " Аллоҳ таоло томон оқсоқ бўлсангда, оёқларингиз синган бўлсада юраверинг. Чунки тузалишни кутиш дангасаликдир!".
Қандай ҳолда бўлманг, Аллоҳ томон юришда бардавом бўлинг.
Мусиқага қизиқсангиз-да, қуръон ўқишни тарк қилиб қўйманг.
Номаҳрамлардан кўз уза олмасангиз ҳам намозни тарк қилиб қўйманг.
Ҳижоб ўрай олмасангиз ҳам рўзани тарк қилманг.
Инсон ибодат қилиб ҳаромни тарк қилишга уринади.
Тўғри бўлмагунимча ибодат қилмайман деб ўзингизга шарт қўйманг. Ибодатсиз қандай тўғри бўлиш мумкин?!
Кийимингиз кир бўлса уни ювасиз.
Уйингиз тўзиса уни тозалайсиз.
Ахир ибодатлар гуноҳни ювади-ку!
Ахир тоатлар хатоларни тозалайди-ку!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЭСЛАШМАДИ
1937 йилда Стамфорт Бридж ўйингоҳида Челси ва Чарльстон ўртасида ўйин бўлиб ўтди. Ҳаво ниҳоятда туманли эди. Ҳеч нарсани кўриб бўлмас эди. Йигирма дақиқа ўйналганидан сўнг ҳакам тўпни кўришнинг имкони йўқлиги сабабли ўйинни тўхтатди. Челси дарвозабони Сем Бартрем томошабинлар шовқини сабаб ўйин тугаганини эшитмай ўн беш дақиқа дарвозада тик туриб уни ҳимоя қилди. Ўн беш дақиқадан сўнг бир киши унга ўйин тугагани хабарини берди. Кейинчалик дарвозабон шундай ёзган эди:
"Мен ўшанда шунча вақт ҳужумдамиз деб ўйлаганман. Аммо мени маҳзун қилган нарса шерикларим мени эслашмагани бўлган!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ХАЙР БОР
Зое қилинган фурсатлар бўлмайди. Эриша олмаган нарсаларингиз аслида сизга тегишли бўлмаган нарсалардир.
Агар хоҳлаб аммо эриша олмаган нарсаларингиз ҳақида тафаккур қилсангиз аслида эриша олмаганингиз сиз учун яхшироқ бўлганини аннлайсиз.
Гоҳида нажот баъзи нарсаларга эриша олмасликда бўлади.
Аллоҳ таолонинг ман қилишдаги раҳмати ато қилишдаги раҳматидан қамровлироқдир. Сабаби, атони гарчи Аллоҳ қилсада, бу сизнинг танловингиздир. Ман қилинган ҳолат эса Аллоҳнинг ихтиёридир.
Аллоҳнинг бандаси учун қилган танлови банданинг ўзи учун қилган танловидан афзалдир.
Аллоҳнинг қадари гарчи бизга алам берсада унда хайр бордир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЙЎЛДА ДАВОМ ЭТИНГ
Тугаган алоқаларга қабрлар сингари муомалада бўлинг. Қабрларни қайта ковланмайди.
Орқангизда қолганларни қўяверинг, ортингизда тураверишсин. Мозийни қайта титиб унга асир бўлманг.
Эшикни очиқ қолдирманг. Акс ҳолда қайтишга мажбур бўласиз.
Фойдасиз жанглар сизни тамом қилади. Уларга орқа қилаверинг.
Қадрингизни туширадиган дўстлик сизга керак эмас. Ажралишни ўрганинг.
Сиздаги муҳаббатни қатл қиладиган маконлар сизни ўчириб қўяди. Тарк қилишни ўрганинг.
Ёдингизда турсин, етиб боришингиз лозим бўлган манзилингиз бор. Ҳар томонга аланглаган инсон кўзлаган манзилига ета олмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАММАСИ СЕНИКИ ЭЙ РОББИМ!
Эй Роббим! Мен гувоҳлик бераманки, Сен менга ўзимдаги қудратинг ажойиботларини кўрсатдинг.
Мен каби осий банданг муносиб бўлмасада, мени бир қанча мўъжизалар билан ҳайратга солдинг.
Аммо Сен Аллоҳсан. Менга ўзимдаги қудратингни кўрсатишни, бу билан менга ҳужжатингни қоим қилишни истадинг.
Мен гувоҳлик бераман, Сен муҳол ишларни мумкин қила оласан. Мен эса уриндим, аммо қўлимдан келмади, ожизлик қилдим. Шунда эшигингга зорландим. Бошимни эгиб, синган ҳолда илтижо қилдим. Махлуқотингдан қўл тортдим. Ана шунда Сен муҳол ишларга "бўл" амрини бердинг. Улар содир бўлди.
Менга Сендан рози бўладиган, мени рози қиладиган қалб бердинг. Қалбимда Сени норози қиладиган ҳисларга нинанинг учи миқдорида ҳам жой йўқ.
Қалбимни муолажа қилиш мени чарчатди. Субҳаналлоҳ! Менинг қалбимни мункарни мункар деб билиб ундан нафрат қиладиган қилиб қўйдинг!
Сен мени Сени ғазаблантирадиган нарсалардан сақладинг. Аслида менинг қўлимдан ҳатто бармоғимни қимирлатиш ҳам келмас эди. Менга Сен куч бердинг, қувват ато қилдинг.
Шайтон менга зийнатлаган юзларни Сен менга қабиҳ кўрсатдинг. Шайтон менга зийнатлаган овозларни Сен менга ёмон кўрсатдинг. Уларни кўришга, эшитишга менда тоқат қолмади. Субҳаналлоҳ! Қандай қилиб менга қалблар Сенинг қўлингда эканлигини, уларни истаган томонга буришга қодирлигингни кўрсатдинг?!
Сен менга номаҳрамларга ўғринча назар солишдан шифо бердинг. Олдинлари назаримга эга чиқа олмас эдим.
Сен менга одамлардан сақланишни ўргатдинг. Уларсиз эшикни беркитиб йиллаб сабр қила олишим мумкин. Улар нима дейишаяпти, нима қилишаяпти, эътибор қилмасликка мени Сен ўргатдинг, бунга куч бердинг.
Мени одамлар орасидаги жосусликдан сақладинг. Улар тирикми ёки ўтиб кетишдими менга аҳамияти қолмади.
Ҳаром ва унинг аҳлини менга қабиҳ кўрсатдинг. Ҳаромдан қочадиган, ундан қўлдан келганича сақланадиган қилдинг. Ҳалол ва унинг аҳлини менга гўзал суратда кўрсатдинг. Ҳалол томон бутун борлиғим билан талпинадиган қилдинг. Гўё бу қалбга Исрофил алайҳис салом сурини қўйиб пуфлаган-у, бу қалб ўликлар орасидан қайта тирилгандек!
Менга Сен гуноҳлардан сақланишнинг бир қисминигина кўрсатдинг. Ҳеч қийналмасдан аъзоларимни тийишни ўргатдинг.
Ўқиган намозларим, тутган рўзаларим, тоатларим меники эмас. Булар Сенинг фазлинг, марҳаматинг ва иродангдир эй меҳрибон Роббим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НИМАДИР БОР
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ “Тариху Димашқ” асарида, ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ “Заммул ҳаво” номли китобида келтиришади:
“Ибн Аббос розиёллоҳу анҳу айтади:
“Бир куни Ийсо алайҳис салом қавми билан ёмғир сўрашга чиқди. Аллоҳ таоло Ийсо алайҳис саломга ёмғир сўрашга хатокор-осийларни олиб чиқмасликни амр қилди. Ийсо алайҳис салом уларга деди:
“Ким хатокор-осийлардан бўлса бизнинг орамиздан чиқсин!”.
Ҳамма инсонлар чиқиб кетишди. Фақатгина битта инсон қолди. Унинг бир кўзи кўр эди. Ийсо алайҳис салом ундан сўради:
-Сен нега чиқмадинг?
У деди:
-Мен Аллоҳга бир лаҳза ҳам гуноҳ қилмаганман. Аммо бир куни бир аёлнинг оёқларига мана шу кўзим тушиб қолди. Шунда бу кўзимни ўйиб олганман. Агар нариги кўзим ҳам унга тушганида уни ҳам ўйиб олган бўлар эдим!
Ийсо алайҳис салом йиғлади. Ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Сўнгра унга деди:
-Сен биз учун дуо қилгин. Сен биздан кўра дуо қилишга ҳақлироқсан. Чунки биз ваҳий билан маъсуммиз. Сен эса маъсум бўлмасангда, Аллоҳга исён қилмабсан!
Шунда ҳалиги киши олдинга чиқиб, қўлларини кўтариб дуо қилди:
“Аллоҳим! Сен бизни яратгансан. Бизни яратишингдан аввал ҳам нималар қилишимизни билгансан. Бу нарса Сени бизни яратишингдан тўсмаган. Бизни яратиб ризқ берганинг каби бизга осмондан мўл-кўл ёмғир ёғдир!”.
Унинг сўзлари тугаб-тугамасидан ёмғир ёға бошлади. Шаҳар ва саҳролар сувга тўлди!”.
Аслида аъзоларимиз ва ҳис-туйғуларимиз бизга Аллоҳ томонидан берилган совғадир. Улар гарчи гуноҳга сабаб бўлишсада уларга талофот етказишимиз шаръан жоиз эмас. Агар бу иш дуруст бўлганида талофот етказишга энг ҳақли аъзоларимиз ақлимиз ва қалбимиз бўлар эди. Зеро бошқа аъзоларимиз фақатгина бу иккисининг амрини бажаришади холос.
Инсон ўзидаги барча нарсани Аллоҳнинг тоатида ишлатиши лозим. Агар бирор-бир аъзоси билан Аллоҳга гуноҳ қилиб қўйса дарров истиғфор айтсин. Қилган гуноҳи эвазига бир яхшилик қилсин, ана шу етади!
Ҳаромга қараган кўзингизни қуръон ўқиш ила сурмаланг!
Ҳаромга чўзилган қўлларингизни оч кишига таом узатиш билан, беморга дори узатиш билан, фақирга садақа бериш билан тозаланг!
Нотўғри йўлларга юрган оёқларингизни масжид томон юриш, беморларни бориб кўриш, силаи-раҳм қилиш ила тозаланг!
Агар юқоридаги ҳикоя саҳиҳ бўлса фақатгина фазилатли амаллар бобида ривоят қилинади холос. Инсонлар аъзоларига талофот етказишмасин. Эҳтимол Аллоҳ таоло юқоридаги банданинг феълига эмас, қалби ва ниятига қарагандир. У банда Роббисининг розилигини истагани учун унинг амалини мағфират қилиб ниятига кўра мукофотлагандир!
Мени Ийсо алайҳис саломнинг юқоридаги: “Чунки биз ваҳий билан маъсуммиз. Сен эса маъсум бўлмасангда, Аллоҳга исён қилмабсан!” деган гапи ўйга толдирди. Ҳақиқий қаҳрамонлик ҳавои-нафсига қарши бора олиш, ёмонликка буюрувчи нафс билан кураша олиш, шаҳватларга бўйсунмасликдир.
Бизда нафс бор, шаҳват бор. Шаҳвати йўқ кишида иффат йўқдир. Иффатли кишида шаҳват бўлади. Аммо у Аллоҳни розилиги йўлида шаҳватини ҳаром йўл билан қондиришдан сақлана билади.
Интиқомга қодир бўлмаган кишида ҳалимлик йўқ. Интиқом олишга қодир бўлмаган киши ожиздир, ҳалим эмас!
Аллоҳ рози бўлмайдиган майлларини тарк қилган кишида, шаҳватини ҳаром билан қондиришга рози бўлмаган кишида, Аллоҳдан қўрқиб, бандаларнинг қўлига қарамаслик учун ҳалол касб қилган кишида, тижоратда хиёнатдан қўрққан кишида, қасос олишга қодир бўлатуриб ғазабини ютган кишида, унга ёмонлик қилган кишилар билан Аллоҳ розилиги учун алоқаларини узмаган кишида пайғамбарликдан нимадир бордир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ўзимни оқлайвериш мени чарчатди. Энди ўзгаларнинг хатосини ҳам гарданимга ола бошладим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Исҳоқжон домла каби битта илмли имомни етиштириш учун ўттиз йил ва Шайх ҳазратлари керак бўлади.
Ишдан олиш учун эса....!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НАФС АЗИЗЛИГИ
Абу Ҳайён Тавҳидий ўзининг “Ал-басоир ван назоир” номли китобида келтиради:
“Асмаъий деди:
“Кўчада кўча тозаловчини кўриб қолдим. Унинг елкасида чиқиндилар бор эди. У қуйидаги шеърни ўқимоқда эди:
“Нафсимни хорласам уни улуғлаган бўламан. Қасамки, мендан сўнг уни ҳеч ким улуғламайди!”.
Мен ундан сўрадим:
-Елкангда чиқиндилар турган бўлса, уни қандай улуғлашинг мумкин?!
У жавоб берди:
-Сенга ўхшаганларнинг эшигига тиланчилик қилиб боришдан уни сақламоқдаман!”.
Ҳурматингизни туширадиган, қадрингизни ерга урадиган ҳар қандай бурда нондан кўра очлик яхшироқдир.
Юзингизни сувини тўкадиган луқмадан сақланганингиз сиз учун яхшироқдир.
Обрўйингизни тўкадиган ҳар қандай алоқани узганингиз сиз учун хайрлироқдир.
Тўлови шарафингиз бўлмиш ҳар қандай мансаб сизни кўтармайди, аксинча ерга уради.
Бир ит тулкига хўжайинининг уйида овқатлар кўплигини айтиб мақтаниб қолди. Тулки сўради:
-Бўйнингда ниманинг изи қолган?
Ит жавоб берди:
-Хўжайиним боғлайдиган занжирнинг изи бу!
Тулки деди:
-Бечорагина, қорнинг тўйибДи-ю аммо озодлик таъми қандайлигини билмай ўлиб кетар экансан!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЧЕГАРАДА ТУРИНГ!
Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тариху Бағдод” асарида, Миззий “Таҳзибул камол”да келтиришади:
“Иброҳим ибн Дийзил айтади:
“Аффон қуръон махлуқми ёки махлуқ эмасми масаласида чақирилганида мен унинг эшагининг жиловидан тутиб бордим. У мажлисда ҳозир бўлганида ундан қуръонни махлуқ дейишни талаб қилишди. У бунга рози бўлмади. Уни ҳар ой оладиган маошидан маҳрум бўлишини айтиб қўрқитишди. Аффон деди: “Ризқингиз ва сизга ваъда қилинган нарсалар самодадир!”.
Аффон уйига қайтгач, хонасига кирди. Шунда эшиги тақиллаб қолди. Эшикни очганида савдогарлардан бўлган семиз бир киши кириб келди. Унинг қўлида ҳамён бор эди. Унда минг дирҳам пул бор экан. У киши ҳамённи Аффонга бериб деди: “Бу динни собит қилганидек, Аллоҳ сени ҳам ҳақда собит қилсин. Бу пуллар сенга. Ҳар ой мендан шунча пул олиб турасан!”.
Бу дунёда ҳамманинг ўз ўрни бор. Аллоҳга олиб борадиган йўлларнинг сони бор-у саноғи йўқ. Бизнинг ҳар биримиз кўплаб ишлар қилишимиз мумкин. Ўз касбимиз ва ихтисосимиз доирасида кўплаб савобли амаллар қилишимиз мумкин.
Эҳтимол қуръонни ёдламагандирсиз. Аммо сизда пул бор. Фарзандларимизнинг қуръонни ёд олишларига ёрдам беринг. Эҳтимол сизда илм йўқдир. Аммо пул бор. Фарзандларимизнинг илмли бўлишларига пулингиз билан ёрдам беринг. Ана шунда ҳар бир ҳарф учун ажрга эга бўласиз.
Эҳтимол пулингиз йўқдир, аммо сел каби оқиб келадиган фикрларингиз бор. Сеҳрли, балоғатли тилингиз бор. Уни ҳақда ишлатинг, одамларни Аллоҳ томон бошланг, адашганни тўғри йўлга солинг, осийларга ваъз қилинг. Ҳақни кўрсатинг, ботилни англатинг. Аллоҳга қасамки, бу буюк ибодатдир!
Клиникангиз бор. Ҳафтада бир кунни бепул даволаш куни қилиб қўйинг. Врачсиз. Ҳар куни битта беморни текинга кўриб қўйинг. Ҳеч қайси бир ибодат кўнгил олишга тенг кела олмайди!
Университетда ҳижоб ўрамайдиган дугоналарингиз кўп. Уларга чиройли табассум қилинг, арзимас бўлсада нимадир совға беринг, қалбдан мавъиза қилинг. Шояд улар ҳам Аллоҳ томон йўлга чиқишса. Уларнинг ҳар-бири учун Аллоҳ сизга ажр беради!
Сиз эҳтимол фақиҳ олим эмасдирсиз, ҳадисни билмассиз. Аммо фотиҳани биласиз. Уни бир болага ўргатиб қўйинг. Шунинг савоби сизга бориб туради!
Азиз сингилларим! Сиз балки шифокор эмасдирсиз, муҳандис эмасдирсиз, юқори мансабингиз йўқдир эҳтимол. Аммо сиз уй бекасисиз. Қўл остингизда бир неча фарзандингиз бор. Уларнинг бари гўё пишмаган ниҳол. Уларга гўзал шакл беринг, Аллоҳники бўлишлари учун меҳнат қилинг. Эҳтимол улардан ҳофизи қуръонлар чиқар, алломалар чиқар, Байтул Мақдис фотиҳлари чиқар!
Аллоҳ қўйган чегарада ва У берган неъматларда туриб ҳақиқий ибодат қила билсак катта ўзгаришлар қила оламиз иншааллоҳ!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАСОС ҲАҚДИР!
Имом Заҳабийнинг “Мезонул эътидол” номли китобида Абу Нуъайм ал-Асбаҳонийнинг таржимаи ҳолида шундай дейилади:
“Асбаҳоний ҳақида баъзилар ҳужжатсиз ёмон гапларни гапириб юборган. Менимча бу унинг ибн Миндаҳ ҳақида гапирган гаплари эвазига Аллоҳнинг жазоси бўлса керак!”.
Бу дунёда Аллоҳнинг шундай қонуни бор. Ким бировга чоҳ қазиса унга ўзи йиқилади.
Ибн Сирин роҳимаҳуллоҳ ҳеч нарсасиз касодга учраган ҳолда қамоқда вафот қилган. Унинг ўзи буни йигирма йил кутиб юрганини гапирган. Йигирма йил олдин бир кишини “ҳой камбағал” деб масхара қилган экан.
Абдуллоҳ ибн Умар розиёллоҳу анҳу шундай деган: “Бир аёлни “ҳомиладор” деб масхара қилсам куни келиб ҳомиладор бўлишдан қўрққан бўлар эдим!”.
Биз кишиларга муомала қилар эканмиз, аслида эртанги экинимизни экамиз. Куни келиб албатта уни йиғиштириб оламиз.
Йиғлатган ҳар-бир кўзингиз эвазига йиғлашга тайёр туринг.
Синдирган ҳар-бир қалбингиз учун қалбингизни синдиришларига ҳозир туринг.
Кишиларга ёрдам берган бўлсангиз куни келиб сизга ҳам ёрдам беришади.
Бировларнинг ғамини аритган бўлсангиз албатта сизнинг ҳам ғамингизни куни келиб кимлардир аритади.
Аллоҳдан ҳам одилроқ зот борми?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Энг қаттиқ балолардан биттаси бир томонлама севгидир. Инсон қалбининг жиловига эга бўлмаганда содир бўлади бу албатта. Аммо инсон ўз қадрини ва обрўсини ҳам ўйлаши лозим.
Муҳаббат бармоқлари билан эшикни тақиллатинг. Агар жавоб эшитмасангиз эшикка осилиб олманг. Киши нима бўлганида ҳам юзининг сувини тўкмаслиги керак. Сиз билан охирда нафсингиз қолади. Нафсингизни хорламаслигингиз нафсингизнинг сизнинг гарданингиздаги ҳаққидир!
Икки севишганни бир-бири билан жамлаш имконингиз бўлса буни қўлдан чиқарманг. Бу кўнгил олиш ва гўзал ахлоқ сирасидандир!
Қалбни синдириш гарчи овозсиз бўлсада, аламлидир. Кишига қалби бир томонда, ўзи эса бошқа томонда яшаши қаттиқ ботади. Ҳа, тақдир ошиқ ва маъшуқлар орасини ажратиб туради. Аммо биз биламизки, кўпгина қалблар саркашлик ва қайсарлик сабабидан тириклайин кўмилади!
Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу шунчалик қаттиққўл бўлишига қарамасдан фироқдан алам чекканларни ўйлаб шундай деган экан:
“Агар Урва ва Афро тирик бўлганида бугун мен улар орасини жамлаб қўяр эдим!”.
Гарчи икки кишининг ўртасини жамлаш сизнинг қўлингизда бўлмасада, ҳаракат қилиш сизнинг қўлингизда. Биз натижа нима бўлишидан қатъи назар ҳаракат ва ниятларимизга савоб олаверамиз!
Бу умматнинг пайғамбарига қаранг, бир инсоннинг қалбининг ислоҳига, кўнглини олишга ҳаракат қиляптилар. Шайтон сизни “ўртакашлигингни барибир қабул қилишмайди, хижолат бўлиб қоласан”, деб васваса қилмасин. Мева бермаса ҳам яхшилик уруғини экишда хижолатлик йўқ. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўртакашликлари қабул қилинмаганида хижолат бўлмаганлар. У зот бизга яхшилик қилишни, ҳеч йўқса яхшилик қилишга ҳаракат қилишни таълим берганлар. Охирида барибир Аллоҳнинг қадари воқе бўлади. Ҳаракат қиламизми ёки йўқми фарқсиздир. Аммо биз яхшиликка ҳаракат қилиш билан Аллоҳга қуллик қиламиз. Қанча-қанча ҳаракат қилганлар натижага эриша олишмаган. Аммо мукаммал савобга эришишган!
Табук ғазотидан қайтишда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга дедилар:
“Мадинада шунақанги кишилар борки, улар сизга юришда шерик бўлишди, водийларни кесиб ўтишди, ажрда сизга шерик бўлишди. Аммо уларни беморлик Мадинада ушлаб қолди!”.
Юқоридагилар ниятлари билан ажрга шерик бўлишди. Саъй қилганлари йўқ.
Ҳадисларда келишича, юзта инсонни ўлдирган киши уйидан тавба қилиб Аллоҳ томон йўлга чиқади. Аммо солиҳлар диёрига етиб бормасидан йўлда вафот қилади. Аммо у етиб бормаган бўлсада, жаннат аҳлидан бўлди. Аллоҳ унинг қалбига назар солиб нияти содиқлигини билди. Шунинг учун етиб бормаган бўлсада, етганлар ажрини берди унга!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КИБР
"Мен ундан яхшиман!".
Юқоридаги гапни Иблис Аллоҳ таолога айтган эди.
Кибр, фахр ва манманлик они...
Бу жумланинг баҳоси жаннатдан ҳайдалиш ва Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлиш бўлди!
Эй Роббим! Қадамларимиз собит бўлганидан сўнг уларни адаштирма...
Инсонларни қайтарган ишимизга ўзимизни мубтало қилма...
Бизни ужбдан асра...
Осийларга раҳмат назари билан қараш ўрнига уларни таҳқирлашдан бизни асра...
Бизни туғёнга кетказиб шукрингни унуттирадиган неъматдан бизни асра...
Бизга алам бериб қадарингдан норози қиладиган мусибатдан асра...
Бизга доимо тупроқдан келганимизни, яна тупроққа кетажагимизни эслатиб тур!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАБУЛИЯТ
Хатиб Бағдодийнинг “Тариху Бағдод” китобида келади:
“Халифа Ҳорун ар-Рашид Раққага келганида кишилар уни қўйиб Абдуллоҳ ибн Муборакка эргашишди. Одам кўпайиб кетди, оёқ кийимлари йиртилиб кетди, чанг-тўзон кўтарилди. Халифанинг умму валади (халифадан фарзанд кўрган чўри) издиҳомни кўриб сўради:
-Бу нима тўполон?
Унга жавоб беришди:
-Хуросондан олим Абдуллоҳ ибн Муборак келган!
Умму валад деди:
-Аллоҳга қасамки, ҳақиқий подшоҳлик мана шу. Ҳорун ар-Рашиднинг подшоҳлиги аъёнлари-у миршаблар билангина жам бўлади!
Аллоҳ таоло бу дин аҳли учун ер юзида қабулият қўяди. Ибнул Жавзий хутба қилганида унинг мажлисида ўн минглаб инсонлар қатнашар эди. Уларнинг бари дарсда хушуъ билан йиғлаб ўтиришар эди.
Имом Розий Найсобурга келганида уни кутиб олиш учун бутун бир шаҳар пешвоз чиққан эди.
Саҳобалар кўп бўлган даврда ҳам имом Шаъбийнинг Басрада илм ҳалқалари бор эди.
Саъид ибн Мусаййиб халифа Абдулмаликнинг ҳузурига кирганида худди подшоҳлардек ўтирар эди.
Имом Шофиъий Ҳорун ар-Рашиднинг ҳузурида подшоҳлар ҳурматини кўрар эди.
Аҳмад ибн Ҳанбал зиндонда мўътазилаларга қараб шундай деган эди:
“Сиз билан бизнинг ўртамизни жанозалар ажратади!”.
Мўътазилаларнинг энг катта фитначиси ибн Аби Дуод вафот қилганида унинг жанозасига олти киши қатнашган. Имом Аҳмад вафот қилганида эса бутун Бағдод иштирок қилган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДЎСТЛАР
Хатиб Бағдодий ўзининг “Тариху Бағдод” номли китобида келтиради:
“Қози Абу Абдуллоҳ Воқидий айтади:
“Бир куни хотиним менга деди: “Ҳайит яқинлашди. Бизда ҳеч нарса йўқ!”.
Ниҳоятда танг аҳволда қолдим. Бир савдогар дўстимникига бориб қарз сўрадим. Дўстим менга бир ҳамён берди. Унда бир минг икки юз дирҳам бор эди. Ҳамённи олиб уйимга шошилдим. Уйимга келишим билан Ҳошимийлардан бўлган бир дўстим эшигимни тақиллатди. Чиқиб очдим. Дўстим мендан қарз сўраб келган экан. Мен қайтиб уйга кирдим ва ҳалиги ҳамёндаги пулнинг ярмини Ҳошимий дўстимга бермоқчи эканлигимни хотинимга айтдим. Хотиним деди:
“Сиз ҳеч бир иш қилганингиз йўқ. . Аммо бир авом дўстингиздан қарз сўраганингизда у сизга бир минг икки юз дирҳам берди. Ахир бу келган дўстингиз Ҳошимийлардан-ку! У билан Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ораларида қариндошлик бор-ку! Сиз унга авом киши сизга берган нарсанинг ярмини берасизми?!”.
Мен Ҳошимий дўстимга пулнинг ҳаммасини бериб юбордим. Ҳалиги менга пул берган савдогар дўстим Ҳошимий биродаримнинг уйига келиб пулга эҳтиёжи борлигини айтибди. Ҳошимий биродарим унга мен берган ҳамённи олиб чиқиб берибди. Савдогар дўстим ўзининг ҳамёнини танибди. Сўнгра у менинг олдимга келиб бўлган воқеани айтиб берди. Мен ҳам унга Ҳошимий биродарим билан бўлган воқеани айтиб бердим.
Сўнгра мени вазир Яҳё ибн Холид Бармакий чақиртирди. Мендан бўлган воқеани сўради. Мен вазирга дўстларим билан бўлган воқеани айтиб бердим. Яҳё бизнинг қилган ишимиздан хурсанд бўлди. Кейин бир ғуломига деди: “Ҳалиги пулларни олиб кел!”.
Ғулом ўн минг дирҳам олиб чиқди. Яҳё менга деди: “Мана бу икки мингни ол. Икки минги савдогар дўстингга, икки минги эса Ҳошимий дўстингга. Қолган тўрт мингги хотинингга. У сизларнинг ичингизда энг саховатли инсондир!”.
Аъмаш роҳимаҳуллоҳ айтади:
“Шундай инсонларни кўрдим, агар улар бир-бирлари билан бир ёки икки ой кўришишмаса “қандайсан?” ёки “аҳволинг қандай?”дан нарига ўтишмас эди. Аммо молининг ярмини сўраса бир-бирларига бера олишар эди. энди шундай инсонларни кўраяпманки, улар бир-бирлари билан бир кун кўришмаса ҳатто товуқларигача сўрашади, аммо бир дирҳам сўрашса бир-бирларига беришмайди!”.
Энди Аъмаш роҳимаҳуллоҳнинг замонида инсонлар шунақа бўлиб кетишган бўлса, бизнинг замонимизда қанақа деб ўйлайсиз?!
Дўст бу руҳнинг бир бўлаги, қалбнинг улфатидир. Бугун муҳаббат билан бир жойда жам бўладиганлар олдин руҳлар оламида жам бўлганлардир. Руҳлар қўшинлардир. Улардан қайси бири олдин улфат бўлган бўлса дунёда ҳам улфат бўлади, олдин бир-бирини ёқтирмаган бўлса дунёда ҳам ёқтирмайди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бировга чўнтагингдаги нарсанинг озини бериб туриб унга қалбингдаги нарсани кўпини берма!”.
Дўстларингизни йўқланг!
Уларнинг аҳволига зийраклик билан боқинг!
Улар талаб қилмасдан эҳтиёжларини қондиришга ҳаракат қилинг. Зеро баъзи нафслар азиз бўлади. Дардини ўзгаларга очишни исташмайди!
Олдингилар олдига бирор дўсти эҳтиёжини сўраб келса уни дарров раво қилар, сўнгра уйга кириб “нега сўрашидан олдин дўстимнинг аҳволидан хабар олмадим”, дея
нафсига итоб қилар эди. Улар дўстининг ўзидан бошқалар олдига эҳтиёжини сўраб боришини ўзларига ор билишар эди, бундай ҳолда ўзини ёмон дўст деб ҳисоблашар эди.
Улар дўстларини айбламоқчи бўлишса эҳтиёжларини ўзгалардан сўрашар эди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОЁҒИНГИЗ ОСТИГА ҚЎЙИНГ!
Ибн Асокир ўзининг “Ад-дуррул мансур” номли китобида, Ибн Абид Дунё ўзининг “Заммуд дунё” номли китобида келтиришади: “Ибнул Жавзий айтади:
“Менга Жарир ибн Лайс айтиб берди. Бир киши Ийсо алайҳис салом билан сафарга чиқди. Улар бир дарёнинг қирғоғига етиб боришди. Уларда учта нон бор эди. Улар биргаликда иккита нонни ейишди. Биттаси қолди. Ийсо алайҳис салом ўрнидан туриб дарёдан сув ичди ва қайтиб келди. Келганида қолган учинчи нон йўқ эди. Ийсо алайҳис салом сўради:
-Нонни ким олди?
-Билмайман!
Улар яна йўл юришди. Бир жойда бир кийик икки боласи билан ўтлаб юрган эди. Ийсо алайҳис салом унинг болаларидан бирини чақирди. У келди. Уни сўйиб бирга пишириб ейишди. Сўнгра Ийсо алайҳис салом кийик боласига: “Аллоҳнинг изни билан тур!”, деган эди у тирилиб ҳеч нарса бўлмагандек югуриб кетди. Шунда Ийсо алайҳи салом шеригига деди:
-Мана шу кўрган нарсанг ҳаққи сўрайман, учинчи нонни ким олди?
-Билмайман!
Улар яна йўл юришди. Бир дарёга етиб боришди. Ийсо алайҳис салом шеригининг қўлидан туриб сувнинг устидан юриб кетди. Улар сувдан ўтиб олишгач Ийсо алайҳис салом шеригига деди:
-Сени сув устида юргизган Зотнинг ҳаққи ила сўрайман, нонни ким олди?
-Билмайман!
Улар яна йўл юришди ва бир ерга етиб боришди. Ийсо алайҳис салом ердан тупроқ олиб уни тўплади ва деди: “Аллоҳнинг изни билан олтинга айлан!”. Тупроқ олтинга айланди. Ийсо алайҳис салом уни учга бўлди. Бир қисмини ўзига олди, бир қисмини шеригига берди, қолган қисмини ажратиб деди: “Бу бўлак учинчи нонни олган кишига!”. Шунда шериги деди: “Нонни мен олган эдим!”.
Ийсо алайҳис салом унга деди: “Олтинларнинг бари сенга. Аммо энди менга шерик бўла олмайсан!”.
Ийсо алайҳис салом унга шундай деб жўнаб кетди. Ҳалиги кишининг олдидан икки йўлтўсар ўтиб қолди. Улар уни ўлдириб олтинларни олишни исташди. У деди: “Нега мени ўлдирасизлар? Олтинни учга бўлиб олсак бўладику!”.
Улар овқат учун шерикларидан бирини шаҳарга юбормоқчи бўлишди. Овқатга кетган кишининг нияти бузилди. У овқатга заҳар қўшиб олтинларнинг барига эга чиқмоқчи бўлди. Қолган икковлон эса овқатга кетган шерикларини қатл қилиб олтинни иккига бўлиб олишга қарор қилишди. Шериклари овқат билан қайтиб келгач, унга ташланиб ўлдиришди. Сўнгра овқат ейишга тушишди. Овқатни егач заҳар уларга таъсир қилди ва икковлон ҳам ўша ерда жон беришди.
Бироздан сўнг Ийсо алайҳис салом бир қанча кишилар билан у ерга қайтиб келди. Уларни кўриб шерикларига деди: “Дунё мана шунақа. Эҳтиёт бўлинглар!”.
Дунёдаги энг бадбахт инсон фақатгина мол жамлаш билан машғул бўлган инсондир. Моли ҳаромданми ёки ҳалолданми парво қилмайди. У ҳеч қачон тўймайди. У ҳеч қачон қонмайди. Топган моли кўзига оз кўринаверади. Кўпроғини қидираверади!
Аслида у молга эга эмас, моли унга эгадир. Зоҳирда у молнинг хўжайинига ўхшаб кўринсада, аммо аслида у молига хизматкордир. Уни меросхўрларига кўпайтириб беради. Улар мазза қилиб фойдаланишади. Ҳисобни эса у беради!
Бу менга миллионернинг ҳайдовчиси ҳақидаги ҳикояни эслатди. Бир миллионер ҳамма нарсасини хотинига ташлаб вафот қилди. Хотини эса унинг ҳайдовчиси билан турмуш қурди. Ҳайдовчи ҳақиқий мард ва омонатдор киши эди. Ҳайдовчи айтади: “Мен узоқ йиллар миллионерга хизмат қилдим деб ўйладим. Аслида у менга хизмат қилган экан. У барча молини мен учун жамлаб сўнгра вафот қилди!”.
Табиийки, мол жамлаш айб эмас. Инсон келажаги учун бир нарса йиғиб қўйиши яхши албатта. Аммо масала мол инсоннинг чўнтагидан ўрин олганми ёки унинг қалбини эгаллаганми, ана шунда. Агар мол унинг чўнтагида бўлса ўзини ҳам ўзгаларни саодатли қилади. Агар мол унинг қалбидан жой олган бўлса бир дирҳамнинг чиқиши унга худди жони чиққандек таъсир қилади.
Молни бошингизга қўйиб ўз қийматингизни пасайтирманг. Аксинча уни оёғингиз остига қўйинг ва мақсадларингизга эришинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЗОЕ ҚИЛМАНГ
Хатиб Бағдодийнинг "Ар-риҳлату фий толабил ҳадис" номли китобида кетади:
"Абу Убайд Қосим ибн Салом айтади:
"Ҳаммод ибн Зайддан ҳадис эшитиш умидида Басрага бордим. Келсам у вафот қилган экан. Шунда Абдурроҳман ибн Маҳдийга нолидим. Абдурроҳман деди:
" Нимадан кечиксанг кечик, аммо тақводан кечикма!".
Бир мансабга етиш учун ҳаракат қиласиз. Аммо сизга насиб бўлмайди. Бир инсон билан алоқа боғлашни хоҳлайсиз. Аммо иложи бўлмайди. Бир машинага ишқингиз тушиб қолади. Аммо уни биров илиб кетади. Бир уйни сотиб олмоқчи бўлиб йўлга чиққанингизда уни сотиб қўйишади. Сафарга отланасиз. Аммо бир муаммо чиқиб сафардан қоласиз.
Булар бари ҳаётий юмушлардир. Булар Аллоҳнинг қўлида, бизнинг қўлимизда эмас. Бизга теккани берганида шукр қилмоқдир.
Олганингизни кучингиз билан эмас, Аллоҳнинг фазли билан олдингиз.
Бизга теккани маҳрумлик майдонида сабр қилмоқдир.
Маҳрумлигингиз заифлигингиздан ёки ожизлигингиздан эмас, Аллоҳнинг қадаридандир.
Ризқ битиб қўйилган, ибодат эса фарз қилингандир. Фарз қилинганни унутиб, битиб қўйилган нарса ортидан югуриш билан умрингизни зое қилманг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Инсонлар фақат ўлим остонасидагина ҳаққоний яшамаганларини эсга олишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОЗГИНА ҲАРАКАТ ЕТАРЛИ
Бир неча йиллар бировга чўпонлик қилган Мусо алайҳис саломнинг куни келиб Калимуллоҳ лақабли пайғамбар бўлишини ким ўйлабди дейсиз?!
Арзимаган чақалар эвазига Қурайш бойларининг қўйларини боқиб юрган Муҳаммад алайҳис саломнинг куни келиб пайғамбарлар саййиди ва хотами бўлишларини ким ўйлабди дейсиз?!
Эҳтимол ҳаётингизнинг гўзал онлари ҳали олдиндадир!
Озгина ҳаракат ва Аллоҳдан кўпроқ чиройли гумонда бўлиш етарлидир. Келажагингизни гўзал кўра бошлайсиз иншааллоҳ!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАНЛАНГАНСИЗ
Битта нарсани унутмаслигимиз лозим. Баъзи масъулиятлар танланишдир.
Аллоҳ таоло ўз йўлидаги хизматни фақат покиза инсонларга насиб қилади. Ҳатто биз инсонлар ҳам оддий чой ичганимизда тоза пиёлада ичишга ҳаракат қиламиз. Ҳолбуки, биз инсонмиз. Аллоҳ буюк қудрат соҳиби-ку!
Модомики, Аллоҳ таоло сизни ўз йўлида хизмат қилдираётган экан, У сизнинг қалбингизга боққан. Сиздан рози бўлган. Шу хизматга сизни муносиб билган.
Жанг жуда оғир. Буни яхши билинг. Аммо Аллоҳ таоло қийин жангларни Ўзининг энг кучли қўшинига топширишини билишингиз вақти келмадими?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ишончли киши сизга хиёнат қилмайди. Муаммойингиз шундаки, сиз хоинга ишониб қўйгансиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАДЯ
Хусуматлашганимизда унга мактуб жўнатдим:
"Илтимос, менга қалбимни қайтар!".
У менга жавоб ёзди:
"Келиша олмасакда қалбинг меникидир. Биз ҳадяларни қайтармаймиз. Сен менинг руҳимга тақдир томонидан қилинган ҳадясан!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОДОБ
Ибн Муфлиҳ Мақдисийнинг "Шаръий одоблар" китобида келади:
"Кишилар имом Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳдан одамлар уларга кўп қаршилик қиладиган, уларни куфрга нисбат берадиган бир гуруҳ ҳақида сўрашди. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ деди:
- Уларга қаршилик қилманглар!
Одамлар сўрашди:
- Уларни ҳибс қилишда нима ёмонлик кўрасиз?
Имом Аҳмад деди:
- Уларнинг оналари, опа-сингиллари бор!
Мўъмин ана шундай бўлади. Хусумат қилса ҳам Аллоҳ учун қилади. Яхши кўрса ҳам Аллоҳ учун яхши кўради. Унинг хусуматида ҳам, муҳаббатида ҳам яхшилик бўлади.
У яхши кўрганларининг ғалабасини, ёмон кўрганларининг мағлубиятини соғинмайди.
У бировнинг жинояти учун бошқа бировнинг ёқасидан олмайди.
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Бир куни устозим ибн Таймияга унинг душманларидан бирининг вафот этгани ҳақидаги хабарни хурсанд ҳолда айтдим. Устоз мени уришиб берди. Сўнгра вафот этган душманининг уйига бориб унинг аҳлига таъзия билдирди ва деди:
"Эҳтиёжингиз бўлса мана мен борман!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov