abdulqodir_polvonov | Неотсортированное

Telegram-канал abdulqodir_polvonov - Abdulqodir Samarqandiy

8098

Ўзингизга ёққан ҳикматни бошқаларга ҳам улашинг!

Подписаться на канал

Abdulqodir Samarqandiy

ЭНГ ЯҚИНИ ЎЛИМ!
Ибн Асокир "Тариху Димашқ"да, ибнул Жавзий "Уюнул ҳикоёт" китобида зикр қилишади:
"Зулқарнайн бир шаҳарга кирди. Шаҳар аҳлидан бўлмиш эркаклар, аёллар, болалар унинг қўшинини кўриш, томоша қилиш учун чиқишди. Шаҳарда бир чол бор эди. Фақатгина у чиқмади. Ўз ишида бардавом бўлди. Қўшинга эътибор ҳам бермади. Зулқарнайн унинг олдидан ўтди. Чол унга ҳам қарамади. Зулқарнайн киши юбориб ундан сўради:
- Ҳамма инсонлар қўшинимни кўргани чиққанида нега сен чиқмадинг? Нима сен мендан юз ўгирдингми?
Чол деди:
- Бу нарсанинг менга қизиғи йўқ. Мен қачонлардир бир подшоҳ билан бир мискин бечоранинг бир кунда вафот этганини кўрган эдим. Улар бир кунда дафн қилинишди. Бир неча йиллар ўтиб қабристон бузилди. Биз ўшанда суякларнинг қайси бири подшоҳники-ю, қайси бири мискинники эканлигини ажрата олмадик!
Зулқарнайн чолнинг гапларидан таажжубга тушди. Сўнгра уни вилоятларидан бирига волий қилиб тайинлади!".

Бу дунёнинг ҳеч нарсага арзимаслигини ўлим каби намоён қиладиган бирор-бир нарса йўқ.
Бир қабристон бузилиб тупроғи аралаштирилса, сўнгра ундан бир ҳовуч тупроғини кафтингизга олиб боқсангиз ўз ҳақиқатингизни, ҳамда биз унинг учун қирпичоқ бўладиган бу дунёнинг ҳақиқатини англайсиз. Қўлингиздаги бир ҳовуч тупроқ эҳтимол ҳалол ва ҳаромдан мол жамлаган кишининг, бировнинг ҳаққини еган кимсанинг, ўз нафсини ўйлаб монополия қилган кишининг, бир мардикорнинг ҳаққини бермаган кимсанинг, бир заифнинг ерини тортиб олган одамнинг, раийятга зулм қилган подшоҳнинг, сўнгра буларнинг барини ташлаб жон берган кишиларнинг ҳоки бўлиши мумкин!
Эҳтимол қўлингиздаги бу тупроқ мушакларини шишириш учун оғир тошларни кўтарган, аммо бомдод намозини ўқиш учун саҳарда устидаги кўрпасини кўтара олмаган, сўнгра ўша мушаклари қуртларга ем бўлган забардаст йигитларнинг ҳокидир!
Эҳтимол қўлингиздаги бир ҳовуч тупроқ гўзалликда тенгсиз, аммо баданининг ёпиқ жойидан очиқ жойи кўпроқ бўлган, кишиларни суқланиб боқишидан роҳатланадиган, ўзи кўрган ҳар-бир эркак қалбида орзуга айланадиган, сўнгра беихтиёр ўлим фариштасига бўйсунган қизнинг ҳокидир!
Эҳтимол қўлингиздаги бир ҳовуч тупроқ золим султон, қаҳри қаттиқ вазир, қаттиққўл мудир, мутакаббир директор бўлган бўлиши ҳам мумкин. Улар фоний дунёни боқий деб ўйлаган, сўнгра Азроил алайҳис саломнинг юзини кўриб қотиб қолган, сўнгра чириб бир ҳовуч тупроққа айланганлар ҳоки бўлиши ҳам мумкин!
Эҳтимол қўлингиздаги бир ҳовуч тупроқ динини дунёга сотадиган фақиҳ ва қуръон ҳофизи, порахўр мансабдор, хоин шифокор, алдоқчи муҳандис, каззоб ҳунарманд, золим эр, итоатсиз хотин бўлиши ҳам мумкин. Улар маййит ювиладиган тахтанинг устида ўзларини кўриб ўйин тугаганини, имтиҳон вақти бўлганини, натижани кўрадиган замон келганини англаганлар!

Эҳтимол бу бир ҳовуч тупроқ ҳаром емаган бойнинг, Аллоҳнинг тоатида улғайган йигитнинг, динига хиёнат қилмаган, динини арзимас дунёга сотмаган олим ва қорининг, гўзаллигини яширган, Аллоҳнинг ҳузуридаги ажрни танлаган қизнинг, одил султоннинг, холис вазирнинг, камтарин мудирнинг, тоза ва касбига хиёнат қилмаган шифокорнинг, ишончли муҳандиснинг, омонатдор мансабдорнинг, меҳрибон эрнинг, вафодор ва иффатли хотиннинг ҳоки бўлиши ҳам мумкин. Буларга бир ҳовуч тупроққа айланиш зарар бера олмайди. Улар энг саодатли бандалардир. Улар барзах неъматлари ичида Фирдавс жаннатидаги маконларини кутиб: "Эй Роббимиз! Тезроқ қиёматни қоим қил!", деб туришган бўлса не ажаб!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Ёшим элликка яқинлашди. Анча-мунча сайлов тажрибасига эга бўлдим. Шу тажрибага таяниб бемалол айта оламанки, сайловда ҳозирги президентимиз ғалаба қозонадилар!
Нотўғри тушунманглар тағин!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ҚАЛБАКИ ЭДИ!
Ибнул Жавзийнинг " Китобул азкиё" номли китобида Барид ибн Жарирдан қуйидаги ривоят келади:
"Бир куни халифа Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу Бариднинг отаси Жарирга деди:
- Қавминг билан Ироққа бор. Ажамлар у ерда биз учун жамлаб қўйишибди. Агар улардан ғолиб бўлсанг ўлжанинг тўртдан бири сеники!

Мусулмонлар у ерни фатҳ қилишди. Сўнгра ўлжаларни жамлашди. Шунда Жарир ўлжаларнинг тўртдан бирига даъвогарлик қилди. Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳу Жарирнинг даъвосини айтиб Умар розиёллоҳу анҳуга мактуб битди. Мактубни олган Умар розиёллоҳу анҳу Саъдга шундай мактуб битди:
"Жарир тўғри айтибди. Мен унга шундай деган эдим. Агар қавми билан биргаликда ўлжа учун урушишган бўлишса ўлжанинг тўртдан бирини уларга бер. Агар Аллоҳ учун, дини учун, пайғамбари учун урушишган бўлишса улар ҳам мусулмонлардан бир тоифадирлар. Бошқалар қанча олишса улар ҳам шунча олишади!".

Саъд мактубни Жарирга кўрсатди. Шунда Жарир деди:
"Мўъминлар амири тўғри айтибди. Менда ўлжанинг тўртдан бирига эҳтиёж йўқ. Мен мусулмонларнинг бириман!".

Ҳазрати Умар розиёллоҳу анҳунинг закийлигига боқинг. Олдин кишиларни ўлжа билан қизиқтираяпти. Ўлжа уларнинг кўз олдига келганида улар олдига дунё ёки охиратни танлаш ихтиёрини қўймоқда!

Ниятингизни тузатинг. Амалларни мақбул ёки номақбул қиладиган нарса ниятдир.
Агар обид дейилиш учун масжидга борсангиз дейилади, айтилади. Аммо фақат холис амалларингизгина уёққа ўтади.
Агар сахий, жўмард дейилиш учун садақа қилсангиз дейилади, айтилади. Аммо уёққа фақатгина Аллоҳ учун бўлганлари ўтади.
Ижтимоий тармоқларда сизни диндор, маданиятли инсон дейишлари учун бир нарса ёзсангиз, тарқатсангиз, баҳслашсангиз дейишади, айтишади. Аммо машҳурлик учун, танилиш учун қилган ишларингиз уёққа ўтмайди.
Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан масжидда намоз ўқир эди. Аммо у дўзахнинг энг тубидадир. Чунки унинг нияти бузуқ эди. Саждаси қалбаки эди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

УСЛУБ
Грек файласуфи Эзоп ёзади:
"Бир кўршапалак ерга қулади. Уни бир сувсар тутиб олди ва ўлдириб емоқчи бўлди. Кўршапалак ўлими муҳаққақлигини англагач сувсарга деди:
- Илтимос қиламан, мени ўлдирма!
Сувсар деди:
- Тўғри, сен ҳақсан. Мен сени ўлдирмаслигим мумкин эди. Аммо мен билан қушлар ўртасида табиий адоват бор. Сени ўлдирмасам бўлмайди!
Кўршапалак деди:
- Мен қуш эмасман. Мен сичқонман!
Унинг гапини эшитган сувсар уни қўйиб юборди.

Бир неча кун ўтиб кўршапалак бошқа бир сувсарнинг қўлига тушди. Унга ҳам ўлдирмаслигини айтиб ёлворди. Сувсар деди:
- Тўғри, сен ҳақсан. Сени ўлдирмаслигим мумкин эди. Аммо мен сичқонларни ёмон кўраман. Сени ўлдирмасам бўлмайди!
Кўршапалак деди:
- Мен сичқон эмасман. Мен қушман!
Кўршапалак шундан деб иккинчи марта ҳам муҳаққақ ўлимдан қутилиб қолди!".

Бир инсонга фойда берган услуб гоҳида бошқа бир кишига фойда бермаслиги мумкин. Бошқалар билан қандай муомала қилишни биладиган киши ҳақиқий ҳаким инсондир. Аммо ҳаммага битта услуб фойда беради дейиш ҳамоқатдир. Бу худди ҳар-хил беморга бир хил дори бериб тузалишини кутишга ўхшайди.
Баъзи инсонлардан керакли ўринда бир сўм сўраш улар учун худди жонини сўраш билан тенг. Ҳолбуки, улар кераксиз ўринларда пулини аямасдан сарфлаб юради.
Баъзиларнинг ғазаби тез чиқади. Ғазаб пайтида бунақаларга гапириб бўлмайди. Аммо тинчланса яхши инсон бўлиб қолади.
Битта хонадонда ҳазилни кўтарадиган ва ҳазилни тушунмайдиган, жиззаки, икки хил инсон яшаши мумкин. Ҳолбуки, улар битта сувни ичиб катта бўлишган.
Баъзилар билан оддий ҳолатларда ҳам худди унинг яқинини ўлдириб қўйгандай қўрқиб муомала қиласиз. Баъзилар эса ҳатто яқинини ўлдириб қўйсангиз ҳам сизни авф қилишади.
Муомала қиладиган одамларнинг табиатини биладиган кишиларга алоқалар бузилгандаги машаққатни кўтариш осон бўлади. Табиб беморга ташхисни аниқ қўйса даволаши осон бўлади.

Бир аъробий масжидда бавл қилди. Саҳобалар уни уришиб беришганда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Уни тек қўйинглар", дедилар.
Бунинг муқобилида эса тилла узук таққан бошқа бир саҳобанинг бармоғидан узугини суғуриб олиб ерга улоқтирганлар.
Юқоридаги аъробий янги мусулмонлардан эди. Унинг билимлари Мадина аҳлининг билимидан тубдан фарқ қилар эди. Саҳобийнинг мусулмон бўлганига анча бўлган эди. Шунинг учун уни қаттиқроқ тасарруф билан тарбияладилар. Аъробийга эса ўша ҳолатида фақатгина юмшоқлик манфаат берар эди.

Дунёдаги барча ишларни ана шунга қиёслаш лозим. Рўпарангизда турган кишининг билим ва тушунчаларига қараб сўзларингизни танланг. Чунки ўзгалар қалбига киришнинг бошқа эшиги йўқ. Агар ёпиқ эшикдан киришга уринсангиз ўзингизни қийнаб қўясиз!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ОИЛА БУ ҚЎШИН!
Оиламдан кўрган муҳаббатимни бошқа ҳеч кимдан кўрмаганман.
Энг оғир аҳволга тушганимда ҳам мен учун фақат ота-онамгина туриб беришган.
Гоҳида оиламдаги муҳаббатни изҳор қилиш услуби менга унча мақбул бўлмасада, барибир бу услуб замирида албатта муҳаббат бўлади.
Кишининг ягона кучли қўшини унинг оиласи эканлигига кундан-кун ишончим ортиб бораяпти.
Киши уларсиз ҳеч ким. Мен улардан доимо миннатдор ва қарздорман!
Ота-онангизни, оилангизни авайланг. Уларга вақт ажратинг, кўнгилларини олинг. Телефон ҳам, дўстлар ҳам, ижтимоий тармоқлар ҳам топилади...!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ҲАМДЛАР БЎЛСИН!
Шу ҳафта бошида бир даҳшатли хабар бутун сайёрани даҳшатга солди.
"Даҳшатга солди" жумласини кишилар ваҳимали хабарларни тарқатганда ишлатишади. Мен ҳам уларга қўшилиб бу жумлани ишлатмоқчиман. Аслида мен ваҳимали хабарлар қабрдаги бувимни даҳшатга туширишига ишонсамда, бу сайёрани ҳеч бир нарса даҳшатга сола олмаслигини яхши биламан.
Гапни чўзиб нима қиламан. Гапни Кенияга бурмоқчиман. Пойтахт Найроби полицияси идораси маҳаллий роҳиб бўлмиш Пол Маккензи исмли пасторнинг тобеларидан эллик кишининг жасадини топиб олди. Маккензи уларга ким то ўлгунича овқат емаса жаннатда шахсан Исо (алайҳис салом) билан учрашишини айтган. Афтидан бу гуруҳ аъзоларидан фақат бир киши Маккензининг каззоб эканлигини билган кўринади. У киши Маккензининг ўзидир.
Маккензи ўзининг ёлғонига ўзи ишонмайди. Чунки унинг ўзи тобеларидан яширинча овқат еб юрган!

Мусулмонлардан қилганига шукр. Бу буюк динимиз инсоннинг ақлини, молини, қонини, обрўсини ва инсонийлигини ҳимоя қилади. Барча ҳукмлар инсониятнинг тараққиёти учун, унинг муҳофазаси учун хизмат қилади.
Бу дин аслида инсонлардан машаққатни кўтаради. Чунки Аллоҳ таоло бизнинг ибодатимизга муҳтож эмас. Аксинча, биз Унинг ибодатига муҳтожмиз!
Бу дин мусофирга, ҳомиладор аёлга, бола эмизадиган аёлга, беморларга рўза тутмасликка рухсат беради. Улар кейинчалик тутиб беришади. Ҳатто моҳир шифокорлар рўза тутиш кишининг ҳаётига хавф соладиган ҳолатда уни тутиш мумкин эмаслигини айтишса, рўза тутган инсон гуноҳкор бўлишини уламоларимиз таъкидлашган.
Бу дин ўз тобеларига ақлини ўзгаларга "ижара"га беришни ман қилади.
Ким пайғамбарининг йўлини тутса мусулмонлар унинг қадрини баланд тутишади, фазилатини муҳофаза қилишади.
Ким пайғамбарининг йўлига хилоф қилса мусулмонлар биринчи бўлиб унга раддия беришади.
Ислом каби инсон қадрини кўтарган бирор-бир ясама дин, низом ёки сиёсий ташкилот йўқ. Яхшиликнинг қайси бир турига қараманг, ислом унда албатта пешқадамдир. Ёмонликнинг қанақанги тури бўлса ислом ундан биринчи бўлиб қайтаргандир.
Сабаби, инсонлар воқеликнинг асосан озгина қисмини кўришади. Аллоҳ таолонинг ҳикмати эса замонларни ошиб ўта олади, маконларни яхши билади, бандаларни ичидан кўра олади. Зеро Ўзи яратган махлуқотни Ўзи яхши билади. Ислом неъмати учун Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АЛЛОҲ УЧУН СЎРАШ
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ "Сияру аъломин нубало" китобида, имом ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ "Тариху Димашқ"да, имом Музаний роҳимаҳуллоҳ "Таҳзибул камол"да, имом Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ "Иҳё улумид дин"да келтиришади:
"Ато ибн Аби Рабоҳ роҳимаҳуллоҳ халифа Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳузурига кирди. Халифа ўзининг хос курсисида ўтирар эди. Атрофида аъёнлари кўп эди. Мавсум ҳаж мавсуми бўлиб, халифа ҳам ўшанда Маккада эди. Ато ибн Аби Рабоҳни кўрган халифа ўрнидан туриб уни кутиб олди ва ёнига ўтиришини айтди. Сўнгра сўради:
- Эй Абу Муҳаммад! Менга нима эҳтиёжинг бор?
Ато роҳимаҳуллоҳ деди:
- Эй мўъминлар амири! Ҳарам ҳақида Аллоҳдан қўрқ. Уни обод қил. Муҳожир ва ансорларнинг фарзандлари ҳақида Аллоҳдан қўрқ. Сен улар туфайли бу мансабда ўтирибсан. Чегарада турганлар ҳақида Аллоҳдан қўрқ. Улар мусулмонлар қўрғонидир. Мусулмонлар аҳволидан хабардор бўлиб тур. Улар ҳақида ёлғиз ўзинг сўраласан!

Буни эшитган халифа деди:
-Иншааллоҳ айтганларингни бажараман!

Ато ибн Аби Рабоҳ туриб кетмоқчи бўлганида халифа туриб унинг қўлидан тутди ва деди:
- Мендан бошқаларнинг эҳтиёжини сўрадинг, мен бажаришга ваъда бердим. Ўзингга эса ҳеч нарса сўрамадинг. Ўзингда нима эҳтиёж бор?
Ато ибн Аби Рабоҳ деди:
- Менинг махлуқларга ҳожатим йўқ!
Ато шундай деб чиқиб кетди. Халифа Абдулмалик ибн Марвон деди:
"Аллоҳга қасамки, шараф мана шудир, мана шу буюкликдир!".

Ўзига нарса сўраб ўзгалар эшигини тақиллатадиганлардан халқ тезда зерикади. Унинг обрўси қолмайди. Аллоҳнинг динига хизмат учун, дин ғами учун, уммат манфаати учун сўрайдиганларни эса кишилар яхши кўришади.
Мени Аллоҳ учун водий тўла мол сўрасада, ўзи учун битта нина ҳам сўрамайдиганлар ажаблантиради.
Мени маҳалласидаги масжиди таъмирга муҳтож бўлганида хижолат бўлмасдан эшикларни тақиллатадиган, аммо уйи нурай бошлаганда бировдан битта ғишт ҳам сўрамайдиганлар ажаблантиради.
Мени амалиёт қилиниши лозим бўлган, аммо пули бўлмаган беморларнинг масъулиятини гарданига олиб, уларни худди ўз аҳлидек билиб, савоб умидида ўзгалар эшигини тақиллатадиган кишилар, ўзи учун эса бир қутича дорига ҳам бировлардан тама қилмайдиган шахслар ажаблантиради.
Мен яшайдиган жойда бир гуруҳ ёшлар жамланиб гуруҳ тузиб олишган. Улар тўрт Рамазондан бери иффатли фақирларнинг рўйхатини тузиб, сўнгра бойларнинг эшигини тақиллатишар, улардан фақирларга ёрдам олиб беришар экан. Уларни ёрдам олганлар ҳам, ёрдам берганлар ҳам яхши кўради. Кимдан олишганини, кимларга беришаётганини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Улар муҳтожларнинг ҳам, бойларнинг ҳам юзини ва исмини аниқлаштирмасдан "бижирлатиб" суратга олишади. Олган ҳам, берган ҳам хурсанд.
Улар охирги Рамазонда юзта иффатли, фақир оиланинг боласига кийим-кечак қилиб беришни ният қилишибди. Улар ўйлаганидан ҳам кўпроқ нарса йиғилибди. Улар болаларга кийимларга қўшиб ҳайитликлар ҳам беришибди.
Бу иш менга ёққани учун, уларни қувватлаш, кишиларни бу каби ишларга тарғиб қилиш учун ёздим. Бу каби ишларни кўрсангиз унга ўз ҳиссангизни қўшинг. Аллоҳ учун берадиганлар катта одамлардир. Аллоҳ учун сўрайдиганлар эса улардан ҳам каттароқдир!


/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

КИЧИК ИШЛАР КАТТАСИДАН ДАРАК БЕРАДИ!
Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ "Тариху Бағдод"да, ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ "Тариху Димашқ"да, Миззий "Ал-камол"да келтиришади:
"Асмаъий айтади:
"Бир куни Ҳорун ар-Рашиднинг ҳузурида ўтирган эдим. Унга кишилар Офият исмли қозидан шикоят қилиб келишди. Халифа қози Офиятни чақирди. Мажлисда жуда кўп одам бор эди. Ҳорун ар-Рашид унга гапирди. Кишиларнинг шикояти ҳақида эслади. Мажлис чўзилиб кетди. Шу орада Ҳорун ар-Рашид бирдан аксириб юборди. Атрофдагиларнинг барчаси "ярҳамукаллоҳ" дейишди. Аммо қози Офият индамади. Ҳорун ар-Рашид сўради:
- Нега сен бошқалар каби менга "ярҳамукаллоҳ" демадинг?
Қози деди:
- Чунки сен "алҳамдулиллаҳ" демадинг эй мўъминлар амири. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида икки киши аксирди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бирига ташмит айтдилар. Иккинчисига айтмадилар. Шунда улардан бири айтди:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Нега унга ташмит айтдингиз-у менга индамадингиз?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- У аксириб Аллоҳга ҳамд айтди. Сен бўлсанг айтмадинг. Шунинг учун сенга ташмит айтмадим!
Буни эшитган халифа қози Офиятга деди:
- Бориб ишингни давом эттиравер. Аксириб "алҳамдулиллаҳ" демаган кишини авф қилмаган инсон бошқа катта ишларда албатта адолатсизлик қилмайди!".

Инсонларни танишингиз учун уларнинг қалби тубида яшашингиз шарт эмас. Улар турли вазиятларда ўзликларини ошкор қилишади.
Кишиларнинг ўзидан пастдаги инсонларга қиладиган муомаласидан кўксидаги қадриятларини, олган тарбиясини англаса бўлади. Бизнинг ҳақиқий ахлоқимиз оддий қоровулга, кўчаларда озгина нарсани сотиб ўтирган кишига, кўча тозаловчига, уйдаги хизматкорга қилган муомаламиздан билинади.
Вазирларга, ҳокимларга, раисларга, мудирларга ҳамма ўзини одобли тутаверади.
Ҳақиқий ахлоқ ғазаб ҳолатида билинади. Хурсандчиликда ҳамма сиёсатчи бўлади. Шунинг учун араблар айтишади: "Дўст тутмоқчи бўлган одамингни ғазабини чиқар. Агар сенга зарар бермаса дўст тутавер!".
Эр-хотинларнинг ахлоқи ётоқхонада эмас, ҳаёт йўлларида билинади. Ўзаро ихтилоф чиққанида, маош етмай қолганида билинади. Вазият ҳақ ва бурчларга эмас, чиройли муомалага эҳтиёж сезганида билинади!
Биз гоҳида келишмовчиликлар олдида қарздор бўламиз. Чунки бу ихтилофлар бизни бошқаларга, бошқаларни эса бизга фош қилади, танитади!
Сизнинг ҳақиқий хулқингиз масжидда билинмайди. Масжидда ҳамма ўзини тақводор ва сипо кўрсатади. Ҳақиқий хулқингиз масжиддан чиққанингизда, дўконингизда, кўчада, машина ҳайдаганингизда, савдо қилганингизда, қарз олди-бердингизда, бемор кўрганингизда, устахонангизда, мансабда турганингизда ва қисқаси муомалотда билинади!
Сизнинг маданиятга эришганингизни профилингизда китоб билан қаҳва суратини қўйганингиздан эмас, истироҳат боғини қандай ҳолатда тарк қилганингиздан, сувдан бўшаган елим идишларни қаерга ташлаганингиздан, ғижимланган қоғозни машинадан улоқтирган ёки улоқтирмаганингиздан билинади!
Кичкина ишлар аслида катта ишлардан дарак беради, тушунинг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ЭЪТИБОР БЕР!
Али Тантовий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Зикриёт" китобида айтади:
"Эллик йилдан бери адабиёт билан машғулман. Ёзаман, нашр қиламан. Ҳатто энг ашаддий душманларим ҳам мени ёзган нарсаларим билан айблай олмайди. Шундай бўлсада айтаманки, адабиёт, шеър ва санъат агар инсонлардаги динни кетказса, мурувватни йўқотса, иффатни зое қилса ва обрўни тўкса бунақанги адабиётга, шеърга ва санъатга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!".

Шайх Тантовий тўғри айтади. Биз ёзаётган ҳар-бир ҳарфни аслида амал саҳифаларимизга ёзиб бормоқдамиз. Биз ижтимоий тармоқларда ёзаётган ҳар-бир калимани фаришталар битиб бормоқда. Биз ёзаётган ҳар-бир жумламиз учун Аллоҳнинг ҳузурида ҳали тик турамиз.
У кунда сизга: "Асарингда беҳаё саҳналарни кўпайтирсанг унинг бозори чаққон бўлади", дейдиган нашриётлар туриб бера олмайди.
У кунда "лайк"лар сони, "поделиться"лар адади, қарсаклар овози сизнинг жонингизга оро кирмайди. Қабрда ёлғиз ўзингиз дафн қилинасиз. Уларнинг ҳеч бири сизга фойда бермайди.
Келинг имом Бухорий роҳимаҳуллоҳнинг ҳадис тўпламида келган Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларини тааммул қиламиз:
"Банда ўзи унча эътибор бермасдан Аллоҳни рози қиладиган гапни гапириб юборади. Шу сабабли Аллоҳ унинг даражасини кўтаради. Бошқа бир банда унчалик эътибор бермасдан Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган гапни гапириб юборади. Шу сабаб Аллоҳ уни жаҳаннамга улоқтиради!".

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

РАМАЗОНДАН КЕЙИН ТАМОММИ?!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларидан кейин мусулмонлар маҳзун бўлиб қолишди. Уларни ҳайрат эгаллади. Ана шу пайт Абу Бакр Сиддиқ розиёллоҳу анҳу масжидда масалага нуқта қўйди:
"Эй инсонлар! Ким Муҳаммадга ибодат қилган бўлса Муҳаммад вафот қилди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса Аллоҳ тирик, ўлмайди!".

Мана шунга асосан мен кишиларга мурожаат қилган бўлар эдим:
"Эй инсонлар! Ким Рамазонга ибодат қилган бўлса Рамазон кетди. Ким Аллоҳга ибодат қилаётган бўлса Аллоҳ ҳамма ойнинг Роббисидир!".

Инсонларни умидини синдирмоқчи эмасман. Қайиқ эшкагини ҳам синдириш ниятим йўқ.
Бўш стакандан кўра ярим тўла стакан ҳам менга ёқаверади. Шам ёқиш имконим бўлганида қоронғуликни маломатлаб ўтирмайман!
Роббиси танлаб берган ойга умматнинг кўрсатаётган рағбати албатта қалбимизни хурсанд қилади. Қизиган кўксимизни совутади. Рамазон ойида масжидларимизнинг тўлалигидан кўзлар қувнайди. Бу уммат бемор бўлсада ўлмаслигини ўйлаб қалб хотиржам бўлади. Аллоҳ ҳар йили ўлган қалбларга жон ато қилиш учун бу муборак ойни умматга соябон қилишини эслаб шодланамиз. Тароввиҳ намозларидаги тўла сафлар инсонни сурурга тўлдиради. Инсонларнинг хатм ортидан хатмлар ҳақидаги суҳбатлари ажиб. Рамазонда ёшларнинг қуръонга юз буриши келажак ҳосилимиз яхши бўлишига ишора иншааллоҳ. Қўшниларнинг ўзаро таом алмашишлари муҳаббат ва ўзаро улфатга сабаб бўлади. Ўзаро садақалар улашиш, закотларни адо қилиш албатта буюк ишлардандир!

Аммо мен тушунмайдиган нарса шуки, нега биз Рамазондаги ахлоқимизни, Рамазондаги ибодатларимизни йил бўйи ўзимизга ҳамроҳ қилмаймиз?
Нега энди Рамазоннинг охирги ўн кунида тўла бўлган масжидлар шавволнинг аввалида бўшаб қолади?
Нега қуръонга умримиз дастури эмас, Рамазон китоби деб қараймиз?
Нега энди бошқа ойларда фақирларни қидирмаймиз?
Нега энди қўшниларга шавволда, шаъбонда таомлар улашмаймиз?
Нега энди фарзандларимизни фақат Рамазонда қуръонга тарғиб қиламиз-у, бошқа ойларда қуръонга ва бошқа илмларга тарғиб қилмаймиз?

Албатта Рамазон ойини байрам сифатида кутиб олиш, уни рўза, намоз, садақот ва бошқа ҳасанотларни зиёда қилиш билан улуғлаш яхши нарса. Бу ойни зое қилмасдан қаттиқ тутган уммат яна ўз шарафини, пешқадамлигини қўлга киритишга, буюклик байроғини яна баланд кўтаришга муносибдир.
Аммо бу уммат Рамазонни бошқа ойларга ҳам кўтариб бормас экан, табиий ўрнини ҳеч қачон топа олмайди. Рамазоний эмас, Раббоний бўлайлик!
Яна бир бор ўтган ҳайитингиз мубораклар бўлсин!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Сабр- сабрингиз тугаганини яшириш санъатидир!

Жорж Бернард Шоу

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Рамазон тугади. Меҳмонлар ҳам уйларига кетишди...
Ҳар куни деярли тўладиган масжидимизда бугун уч сафгина намозхон жамланди...
Рамазоним кетди...!
Биродарларимиз ҳақида дуода бўлайлик!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

УЙДАН БОШЛАНАДИ
Ибнул Жавзий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Уюнул ҳикоёт" китобида зикр қилади:
"Кунларнинг бирида Кисро аъёнлари билан овга чиқди. Кисро бир ҳайвоннинг ортидан қувиб ҳамроҳларидан ажралиб қолди. Узоқдаги бир кулбага кўзи тушди. Кулбага борди. У ерда бир кампир бор эди. Кампирдан сўради:
- Меҳмонингиз бўлсам майлими?
- Майли, кел!
Кисро кулбага кирди. Кампирнинг қизи шу пайт яйловдан сигирларини ҳайдаб келиб қолди. Кампир қизига сигирларни соғиб Кисрога сут беришини айтди. Кисро сутни ичиб ўзича деди: "Ҳар-бир сигирга солиқ солишим керак. Кампирнинг сигирлари кўп сут берар экан!".
Кисро токи ҳамроҳлари уни топгунича кампирнинг кулбасида қолди. Ҳамроҳлари келгач, кампир қизига уларга ҳам сут соғиб беришини айтди. Аммо сигирлардан сут келмади. Кампирнинг қизи онасига деди:
- Онажон! Подшоҳ қалбида бирор ёмон нарсани тугди шекилли!
Онаси сўради:
- Нима бўлди?
- Сигирлар сут бермаяпти!
Кисро қизнинг фаросатидан, унинг ичида ўйлаган ўйини англаганидан ҳайрон қолди. Сўнгра солиқ тўғрисидаги фикридан ичида воз кечди.
Бироздан сўнг кампир қизига яна сут соғишини айтди. Қизи энди олдингидан ҳам кўпроқ сут соғиб меҳмонларга келтирди ва онасига деди:
- Онажон! Подшоҳ қалбидаги ёмон ўйидан воз кечди шекилли!
Подшоҳ кампирдан сўради:
- Қизинг мен қалбимда ўйлаган нарсани қаердан билди?
Кампир деди:
- Биз етмиш йилдан бери шу саҳрода яшаймиз. Адолатга амал қилинганида саҳро яшнайди. Зулм қилинганида эса яшашимиз қийинлашади!".

Адолат оддий ёғочга ҳам барака жалб қилади. Зулм ҳатто олтиндан ҳам баракани кетказади.
Агар вақтдан барака кетса у сизга жуда ҳам оз туюлади.
Агар сиҳҳатдан барака кетса озгина ишлаб кўп чарчайсиз.
Агар молдан барака кўтарилса молингиз кўп бўлсада етмайди.
Агар фарзандлардан барака кўтарилса улар ишлов берилмаган ташландиқ ерга ўхшаб қолишади. Улардан ҳосил ололмайсиз. Шундай экан ўзингизга боқинг!

Адолатни фақатгина давлат қоим қилмайди. Адолатни фақатгина маҳкамалар қоим қилмайди. Уни ҳар биримиз қоим қилишимиз даркор. Ҳатто кўча тозаловчилар ҳам...
Зулмга қарши ҳар биримиз туриб беришимиз керак. Ҳатто қоровуллар ҳам...
Ўзингизга қаранг! Хотинингизга адолат қилаяпсизми? Уни эркаклигингизга муносиб эъзозлаяпсизми, ёки хорлаяпсизми? Унга сабр қилаяпсизми ёки дунё билан бир бўлиб унга босим қилаяпсизми? Уни маҳбубангиз ўлароқ кўрасизми ёки бир жория ва бола туғадиган асбоб сингари қарайсизми унга?

Азиз сингилларим! Эрингизга адолат қилдингизми? Ташвишларда унга елкадош бўлдингизми ёки ёлғиз қолдирдингизми? Унинг шароит ва имкониятларини тушундингизми ёки кучи етмайдиган нарсаларни унга юклаб ожизлигини, фақирлигини ҳис қилдирдингизми?
Меросда фарзандларимизга адолат қилдикми? Отамиздан қолган меросдан опа-сингилларимиз, ака-укаларимизга ўз улушларини бердикми?
Савдо-сотиқда ростгўй бўла олдикми?
Бизга топширилган мансаб-вазифаларни садоқатла адо қилаяпмизми ёки халққа хиёнат қилиб, ҳалқнинг ҳаққини еб, ўғирлаб болаларимизга ҳаром едираяпмизми?
Қўшниларимиз, қариндошларимиз билан алоқаларимиз қандай?
Адолатни фақатгина маҳкамадан эмас, уйимиздан ҳам қидиришимиз керак!
Адолат қилайлик, ана шунда дунё обод бўлади, устимизга барака ёғилади!

http://t.me/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Гоҳо инсон қийин кунларини ёдидан чиқариши мумкин. Аммо у кунларда ёнида турганларни ҳеч қачон унута олмайди!

http://t.me/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

БУ ДИН НЕЛАР ҚИЛМАЙДИ!
Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Шуъабул иймон” асарида, ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Тариху Димашқ” асарида келтиришади:
“Абу Жаҳм ибн Ҳузайфа айтади:
“Ярмук ғазотида шаҳид бўлганлар орасидан амакиваччамни қидириб юрган эдим. Қўлимда озгина сув бор эди. Унинг юзларини силаб сувни унга бермоқчи эдим. Уни охирги нафасларини олаётган ҳолида топдим. Унга дедим:
-Сув ичасанми?
У гапира олмасдан “ҳа” деб ишора қилди. Шу пайт нарироқдан яна бир кишининг “оҳ” деган овози эшитилди. Амакиваччам менга сувни унга бер дегандек ишора қилди. Мен инграган кишининг олдига борсам у Амр ибн Оснинг укаси Ҳишом ибн Ос экан. Унга дедим:
-Сув ичасанми?
У ҳам гапира олмасдан “ҳа” деб ишора қилди. Энди сувни бермоқчи эдим. Нарироқдан яна бир кишининг инграгани эшитилди. Ҳишом менга сувни унга бер дегандек ишора қилди. Мен инграган кишининг олдига келсам у жон берибди. Қайтиб Ҳишомнинг олдига келдим. У ҳам вафот этибди. Сўнгра амакиваччамнинг олдига келдим. Афсуски, у ҳам вафот этган эди!”.

Масала нарсаларни ўзгаларга илиниш маъносида бўлса, ўзидан ўзгаларни устун кўриш буюклар хулқидир. Аммо масала жонга боғлиқ бўлса, тиллар тутилиб қолади, забонлар соқов бўлади!
Оламни ўзгаришига сабаб бўлган Мадина сафарида Абу Бакр розиёллоҳу анҳу гоҳида Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан юрса, гоҳида ортларидан юрар эди. буни сезиб қолган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан сўрадилар:
-Эй Абу Бакр! Нега гоҳида олдимдан , гоҳида эса ортимдан юраяпсан?
Абу Бакр розиёллоҳу анҳу деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Излаш ёдимга тушганида ортингиздан, кузатиш ёдимга тушганида эса олдингиздан юраяпман!

Уҳуд кунида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг атрофларида жуда ҳам оз сонли мусулмонлар қолишди. Абу Талҳа розиёллоҳу анҳу у зотнинг олдиларида эди. У камондан яхши отар эди. Ўша куни унинг қўлида иккита камон синиб кетди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан ўқдони ўққа тўла бирор-бир саҳоба ўтиб қолса, унга ўқларини Абу Талҳага беришини, Абу Талҳа ўқ отишга моҳирроқ эканлигини айтар эдилар. Абу Талҳа розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни ўқ отиб ҳимоя қилиб турди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг ўқлари кимга тегаётгани билан қизиқиб бошларини кўтариб қарар эдилар. Бундан Абу Талҳа хавотирланиб: “Ота-онам сизга фидо бўлсин эй Аллоҳнинг Расули! Қараманг, уларнинг ўқи сизга тегиши мумкин. Менинг ортимга ўтинг!”, дер эди!

Уҳуддан қайтишда Бани Динор қабиласидан бир аёл мусулмонларга пешвоз чиқди. Унга эри, ўғли ва акаси шаҳид бўлганини айтишди. У эса: “Расулуллоҳга нима бўлди?!”, деди. Саҳобалар унга Расулуллоҳ саломат эканликларини айтишганда аёл: “У зотни менга кўрсатинглар!”, деди. Аёл Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўргач тинчланди ва деди: “Сиз тирик экансиз бошқа мусибатлар менга ҳеч нарса эмас!”.
Ҳайронман! Тилим лол! Бу дин қалблардан мустаҳкам жой олса нелар қилмайди дейсиз!



http://t.me/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ҲИССА ҚЎШИНГ!
Ибнул Жавзийнинг "Сифатус сафва" китобида келади:
" Румликлар бир қанча мусулмон аёлларни асирга олишди. Хабар Раққага етиб борди. Халифа Ҳорун ар-Рашид ва унинг вазири Мансур ибн Аммор ўшанда Раққада эдилар. Мансурга бир киши муҳрланган бир тугун узатди. Тугунга бир мактуб ҳам ёпиштирилган эди. Мансур мактубни олиб халифага узатди. Мактубда шундай ёзилган эди:
"Мен арабларнинг буюкларидан бўлган бир аёлман. Менга етиб келишича, Румликлар муслима аёлларни асирга олишган эмиш. Мўъминлар амирининг ғазотга тайёрланаётганини эшитдим. Танамдаги энг қадрли аъзони, яъни икки кокилимни сизларга жўнатмоқдаман. Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб сиздан сўрайман, менинг сочларимни Аллоҳ йўлида ғазотга кирадиган отга боғич қилинглар. Шояд шу сабабли Аллоҳ менга раҳм қилса!".

Халифа мактубни ўқиб йиғлади. Ҳатто соқоллари ҳўл бўлиб кетди. Сўнгра шундай деди:
"Ҳой Аллоҳнинг қўшинлари! Отларга мининг. Мен Румга қарши ғазот қилишга қарор қилдим!".
Сўнгра халифа аёлнинг икки кокилини ўзининг отига боғич қилди!".

Арзимас бўлсада, яхшиликдан улушингиз бўлсин. Ҳеч бўлмаганда одамларни яхшилик сари далолат қилинг. Агар бундан ҳам ожиз бўлсангиз ҳеч йўқ дуо билан ёрдам беринг. Дуо ожизларнинг эмас, мўъминларнинг қуролидир.
Ҳаракатчан мўъмин Аллоҳ учун ҳаракатсиз мўъминдан суюклироқдир. Ҳар қанақанги аҳволда ҳам иймонда хайр бордир!
Эҳтимол ҳафтада бир беморни текинга даволайдиган шифокор эмасдирсиз. Аммо маҳаллангиздаги бир беморнинг биттагина дорисини сотиб олиб беришга имконингиз етади.
Эҳтимол қуръон ёдлашга, илм ўқишга вақтингиз ва имконингиз йўқдир. Ҳар қандай ўқув даргоҳининг харажатлари бўлади. Ҳеч бўлмаганда қуръон ёдлаётган, илм ўқиётган толибларга ёрдамлашинг. Ҳеч йўқ битта талабанинг бир марталик овқатини беринг. Буни кичик иш санаманг. Бу билан яхшиликка ўз улушингизни қўшган бўласиз.
Эҳтимол судья ёки адвокат эмасдирсиз. Аммо сизда урушган эр-хотинларнинг, ака-укаларнинг, қўшни ёки дўстларнинг ўртасини ислоҳ қилиш имконияти бор. Эҳтимол Аллоҳ сиз туфайли ихтилофларга барҳам берар, келишмовчиликларни тузатар, қалбларни улфат қилар!
Қўлимдан келмайди, ҳеч бир натижа чиқмайди деманг. Натижа билан ишингиз бўлмасин. Аллоҳ натижага эмас, ҳаракатга ажр беради!

Бу дин фақатгина қурол билан ҳимоя қилинмайди. Балки молиявий, маънавий ҳимоя ва хизмат йўллари ҳам бор. Вайроналар остида қурбон бўлганларни олиб чиқиш ҳар кимнинг қўлидан келавермайди. Аммо пул ёрдам бўлиши мумкин. Дуо қўлга айланиши бор гап. Камбағал талабаларнинг барчасига ҳеч ким ҳам илм бера олмайди. Барча етимларни ҳеч ким ҳам суяй олмайди. Барча беморларни ҳеч ким даволай олмайди. Аммо битта инсоннинг ҳаётини ўзгартириш имконимиз доимо мавжуддир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Ҳаққингизни риоя қилмаётган инсонни яхши кўраяпсизми, демак энг хор, ярамас, фикри тор ва разил инсонсиз. Сиз билан ҳеч қачон буюк келажак қуриб бўлмайди!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

БИР ҲОДИСА ХОЛОС!
Роберт Грин ўзининг "Урушнинг ўттиз уч стратегияси" номли китобида шундай дейди:
"Вьетнам уруши даврида Вьетнамнинг буюк генералларидан бўлган, мудофаа вазири Во Нгуен Зябнинг бир қоидаси бор эди. У бирор-бир ҳужумда муваффақиятга эришса буни оддий ҳол деб қабул қилар, кейинги ҳужумида албатта янгилик қилишга ҳаракат қилар эди. Уни ғалабалар маст қила олмас эди. Бир услубни жангда икки марта қўлламас эди!".

Америкалик бейсболчи Тед Уильямс бейсбол тарихидаги энг зарбаси кучли ва аниқ бўлган ўйинчилардан бўлган. У доимо охирги зарбасини унутишга ҳаракат қилар эди. У шундай дер эди:
"Ҳатто майдоннинг икки томонида битта ўйинчи ўйнаса ҳам, дунёда иккита бир хил зарба йўқ!".

Ғалаба ва мағлубият табиийдир. Бунга ҳар бир инсон йўлиқади. Аммо уларга нисбатан инсонларнинг тутган йўли турличадир.
Ғалаба инсоннинг ғурурга, дангасаликка чақиради. Кўп инсонларнинг ҳалокати чўққига етганида бўлган. Чунки улар чемпионликни чўққига етиш деб ўйлашган. Аслида қаҳрамонлик чўққига етиш эмас, чўққига етгандан сўнг унда қола билиш эканлигини улар унутишган.
Мағлубият тараддудланиш ва хавфга сабаб бўлади. У инсонни эҳтиёткор қилиб қўяди. Зеро инсон икки марта синишдан қўрқиб қолади. Мағлубиятга таслим бўлганларнинг аксарияти биринчи мағлубиятдан кейин эмас, иккинчи мағлубиятдан кейин таслим бўлишган. Чунки биринчи мағлубият кишилар тушунчасида йўлдаги муваффақиятсизликдир. Инсон иккинчи мағлубиятдан кейингина ўзини муваффақиятсиз ҳисоблай бошлайди. Хатарлиси ана шудир!

Муваффақият маст қилади. Кўп чемпионлар чемпионликка эришганларидан кейин машқ қилмай қўйишади. Бошқалар эса унинг ўрнини эгаллаш, уни чемпионлик шоҳсупасидан тушириш учун тинмай машқ қилишади.
Тарихда қулаган барча императорликлар ўзларига қарши турадиган рақиб йўқ деб ўйлашгани учун қулашган. Ҳатто адибларнинг мукофот олишдан олдинги ва мукофотдан кейинги асарлари бир-биридан фарқ қилади. Шунинг учун менинг фикримча, муваффақиятни қўлга киритишдан кўра уни идора қилиш ва сақлаш машаққатлироқдир.
Муваффақиятсизлик кишини муваффақият сари ундаши лозим. Бу йўлда хавотирлар бўлиши табиий. Аммо шарти шуки, бу хавотирлар захарли ханжарга айланмаслиги керак. Инсоннинг йиқилиши оддий бир ҳодиса. Аммо ўрнидан турмаслиги қарордир. Фикримча муваффақиятсизликни бошқаришдаги муваффақиятсизлик қотилдир. Аммо муваффақиятсизликнинг ўзи бир ҳодиса холос!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

АДОЛАТ
Бир киши халифа Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳунинг ҳузурига Али ибн Аби Толиб розиёллоҳу анҳу билан хусуматлашиб келди. Халифа у кишига: "Эй фалончи! Бу ерга ўтир!", деди. Сўнгра Али розиёллоҳу анҳуга қараб: "Тур эй Абул Ҳасан! Даъвогарнинг ёнида ўтир!", деди.
Улар ўтиришди, мунозара қилишди. Сўнгра ҳалиги киши чиқиб кетди. Халифа Умар розиёллоҳу анҳу Али розиёллоҳу анҳунинг юзида ўзгариш сезди. Сўнгра ундан сўради:
- Сенга нима бўлди эй Абул Ҳасан, юзингда ўзгариш кўраяпман. Бирор иш сенга ёқмадими?
- Ёқмади!
- Нима ёқмади?
- Унинг олдида менга куням билан мурожаат қилдингиз. Унга эса исми билан мурожаат қилдингиз. Менга исмимни айтиб "Тур эй Али, даъвогарнинг ёнида ўтир", демадингиз!

Буни эшитган Умар розиёллоҳу анҳу Али розиёллоҳу анҳуни қучоқлаб пешанасидан ўпиб деди:
- Сизларга ота-онам фидо бўлсин. Сизлар туфайли Аллоҳ бизни ҳидоят қилди. Сизлар туфайли бизни зулматлардан нурга чиқарди!

Аллоҳга қасамки, уларнинг қайси биридан ажабланишни ҳам билмайсан киши. Кишилар ўз пайғамбарининг куёви билан хусуматлашмоқда. Агар ҳақ бўлса ҳаққини олишдан заррача шубҳа қилишмаяпти.
Халифага қаранг. У ҳукмда кишилар ўртасини ажратмаяпти. Унинг наздида ҳамма ҳақдан пастда туради. У Алини яхши кўради. Нубувват хонадонига жонини беради. Аммо инсонлар қонун олдида баробардирлар!
Али розиёллоҳу анҳуни айтмайсизми?! У зот даъвогарнинг олдида куняси билан чақирилишга рози бўлмаяпти. Буни адолатсизлик ҳисоблаяпти!

Инсон ҳатто душманига ҳам инсоф қилмагунича буюк бўла олмайди. Ўзи учун ҳақнинг зоҳир бўлишини истаганидек, ўзгалар учун ҳам буни исташи лозим.
Шариат фақатгина жиноятларга жазолардан иборат эмас. Шариат мукаммал низомдир. Уни аввало уйимизда жорий қилсаккина жамиятимизда жорий бўлади.
Адолат дегани чиройли жумлаларни гапириш эмас. Адолат аввало уйда кўриниши, сўнгра сиз қаерда бўлсангиз ўша ерда бўлиши лозимдир!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Деҳқон ўроғини олиб буғдой бошоқларини ўргани келди. Уни кўрган бошоқлар бир-бирларига дейишди:
"Бир пайтлар қўшиқ айтиб бизни сув ила суғорган киши шу эмасмиди?!".
----------------
Мағзини чақинг!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ИСТАЙМАН!
Жаннатни умид қилишимни, дўзахдан қўрқишимни бир томонга қўйиб шуни айтаманки, Аллоҳни кўришни истайман...
Доимо ёлғизлигимда менга мунис бўлган...
Ғамимни аритган...
Менга омонлик берган...
Ҳаётимнинг тадбирини қилган...
Ҳамма тарк қилганида ҳам мен билан бирга бўлган...
Менга ажойиб ота-она, ўғил-қизлар, набиралар, солиҳ куёвлар ато қилган...
Менга энг холис, бор ғами дин бўлган устозларни насиб қилган...
Менга дин ғамидаги шогирдларни, солиҳ укаларимни, ажойиб дўстларни насиб қилган...
Куч- қувват Ўзининг қўлида бўлсада, менга ризқ берган, таомлантирган, сероб қилган, менга шифо берган Зотни кўришни истайман!
Эй Роббим! Бизни жамолингни кўриш неъматидан мосуво қилма!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Аёл киши муҳаббатини қирқ йил яшириши мумкин, аммо рашкини бир соат ҳам яшира олмайди!

Адҳам Шарқовий

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ДИН БИЛАН ДУНЁ ҚИДИРИШ
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Тариху Димашқ" номли китобида қуйидаги воқеани келтиради:
"Бир киши Мусо алайҳис саломга хизмат қилиб у зотдан илм ўрганди. Сўнг ўз қишлоғига қайтишга изн сўради. Қайтиб келишга ваъда ҳам берди. Мусо алайҳис салом унинг кетишига рухсат берди. У қишлоғига келиб дунё умидида: "Мусо калимуллоҳ менга ундай деди, Мусо нажийюуллоҳ менга бундай деди", деб юрди. Унинг пуллари кўпайиб кетди.
Мусо алайҳис салом у киши ҳақида суриштириб ҳеч бир хабар топа олмади.
Бир куни Мусо алайҳис саломнинг олдидан бир киши бўйнига арқон боғланган қуённи етаклаб ўтди. Мусо алайҳис салом сўради:
- Эй Аллоҳнинг бандаси! Қаердан келаяпсан?
У киши жавоб берди:
- Мен фалон қишлоқдан келаяпман!
Мусо алайҳис салом билдики, у киши ҳалиги шогирдининг қишлоғидан экан. Ундан сўради:
- Фалончини танийсанми?
У деди:
- Ҳа, танийман. Мана шу қўлимдаги қуён ўша киши!
Ўтган қавмларни қилган гуноҳи сабабли баъзан Аллоҳ турли ҳайвонларга айлантириб қўйган.
Мусо алайҳис салом Аллоҳдан сўради:
- Эй Роббим! Уни аслига қайтар. Уни нега қуёнга айлантирганинг ҳақида ундан сўраб олай!
Аллоҳ таоло ваҳий қилди:
- Эй Мусо! Агар мендан Одамдан токи Муҳаммадгача ўтган барча пайғамбарлар сўраган нарсани сўрасанг ҳам уни ўз ҳолига қайтармайман. Дин билан дунё қидиргани учун уни шу ҳолга солдим!".

Қисса саҳиҳми ёки бошқами билмадим-у, аммо бу борада шу маънодаги саҳиҳ ҳадислар, асарлар ва орифлар қавли бисёр. Имом Шофиъий роҳимаҳуллоҳ айтади:
"Рақс билан ризқ топишим мен учун дин билан ризқ топишимдан суюклироқдир!".

Бишр ибн Солиҳ айтади:
" Абдуллоҳ ибн Муҳайриз кийим сотиб олиш учун бир дўконга кирди. Кишилардан бири дўкон соҳибига:
- Бу киши фақиҳимиз ва обидимиз Абдуллоҳ ибн Муҳайриз бўладилар. Билиб савдо қил!-деди.
Шунда ибн Муҳайриз ғазабланиб дўкондан чиқди ва деди:
- Биз кийимни пулимизга олмоқчи эдик, динимизга эмас!".

Диний идора томонидан масжид имомлигига қўйилган, кишиларга намоз ўқиб берадиган, уларга фиқҳни ўргатадиган, уларга мавъизалар қиладиган ва шундан ойлик маош оладиганлар дин билан дунё қидирадиганларга кирмайди.
Қуръонни яхши ўқийдиган, таҳфиз бўлимларида ишлайдиган, кишиларга қуръон ўқиш қоидаларини ўргатадиган ва шундан маош оладиганлар дин билан дунё ейдиганлар сирасига кирмайди.
Ҳукумат томонидан шаръий қозиликка қўйилганлар, ўз илми ва салоҳияти билан кишилар орасида адолатла ҳукм қилиб ҳукумат томонидан маош оладиганлар дин билан дунё қидирадиганлар сирасига кирмайди. Йўқса булар дунёвий эҳтиёжларини қаердан қондиради?

Дин билан ейиш деганда одамларга динни бузиб кўрсатадиган, далил-ҳужжатларни ҳавойи-нафсига мослаб ўзгартирадиган, ҳақни ботил қиладиган, ботилни ҳақ қиладиган, озгина дунё умидида бой ва амалдорларга мослаб фатволар чиқариб берадиган кишиларни тушунамиз.
Биринчи тоифа савобга ҳам, маошга ҳам эга бўлаверади.
Иккинчи тоифанинг эса моли ҳаром, қилмиши гуноҳ бўлади!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Жароҳатини ўзи боғлаган киши ҳеч қачон мағлуб бўлмайди!

Абдулваҳҳоб Рифоъий

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

"Диёримда икки воқеа содир бўлди:
Фил бир қоп шакар ўғирлади.
Чумоли ҳам бир дона шакар ўғирлади.
Чумолини қўлга олишди. Филнинг эса жисми катталиги яширинишига ёрдам берди!".

Аҳмад Матар

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ХОИН
Имом Заҳабий ўзининг "Тарихул ислом" номли китобида келтиради:
"Нуриддин Ширкуҳнинг таржимаи ҳолида шундай келади:
"У ақлли, эҳтиёткор одам эди. Ҳологу Шомни эгаллагач, у мўғуллар билан алоқа боғлади. Малик Носирни Ҳологу томон боришга кўндирди. Ўзи ҳам бирга борди. Ҳологу уларга яхши муомала қилди. Ҳурматларини жойига қўйди. Аммо Айни Жолутда мўғулларнинг мағлуб бўлгани ҳақидаги хабар Ҳологуга етиб келганида ғазабланиб уларни қатл қилди!".

Ўз халқининг зарари ҳисобига душманга ёрдам берганларнинг ўз халқига қарши тил бириктирганларнинг аҳволи доим мана шундай бўлади. Ватанига хиёнат қилганларни ҳеч ким эҳтиром қилмайди. Ватанига хиёнат қилганлар ҳеч кимга дўст бўла олмайди. Ҳатто уларни ишлатиб фойдаланганлар ҳам уларни ёмон кўради. Хоин бегона хўжайинини дўсти деб ўйлайди. Аслида у бегона хўжайинига бир ўйин картаси холос.
Наполеон Бонапарт Австрияни эгаллаш учун бир неча бор ҳаракат қилди. Аммо уринишлари зое кетаверди. Охири стратегияни ўзгартиришга қарор қилди. Австриялик бир зобитни топиб сирни очишга уни ишонтирди. Ана шу зобитнинг хизмати билан Австрияни эгаллашга муваффақ бўлди. Хоин зобит бир анжуманда шахсан Наполеон билан қўл бериб кўришиш истаги борлигини айтди. Наполеон у билан қўл бериб кўришишдан бош тортди ва шундай деди:
" Сенга ўхшаганларга пул берилади. Мен гарчи менинг фойдамга бўлсада ўз ватанига хиёнат қилган киши билан кўришмайман!".

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

Ассалому алайкум азизларим!
Муборак Рамазон ҳайити барчангизга муборак бўлсин. Аллоҳ таоло қилган тоатларингизни гўзал ҳолатда қабул қилсин ва ажрини кўпайтириб берсин!
Яна бир бор ийд муборак!

/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

КАСАЛЛИК
Дунёда бир касаллик бор. Унинг номи "неъматга ўрганиб қолиш"дир.
Бунда неъматларга шу қадар ўрганиб қоласизки, гўё улар неъмат эмасдек.
Уйингизга кирасиз. Аҳлингиз соғ-саломат. Бунинг учун шукр қилмайсиз. Чунки бу неъматга ўрганиб қолгансиз.
Истаган нарсангизни сотиб оласиз. Буни сизга инъом қилган Зотга шукр қилмайсиз. Чунки сотиб олишга ўрганиб қолгансиз.
Уйқудан уйғонасиз. Соғ-саломатсиз. Ҳамд айтмайсиз. Чунки аъзоларингиз шу қадар яхши ишлаяптики, уларнинг ичингизда борлигини ҳатто унутиб юборгансиз.

Энди билдингиз. Ҳамд ҳамроҳингиз бўлсин!

http://t.me/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

ТУЗ ҲАҚҚИ
Усмонийлардан қолган бир гўзал одат бор. Эркак киши Рамазон ҳайитидан уйига қайтганида хотини уйларни тозалаб, чиройли кийимларини кийиб унга бир финжон қаҳва тутади. Қаҳвани ичган эр уни бўш қайтармайди. Финжоннинг ичига ё тилла узук, ёки тилла билакузук солиб қайтаради. Бу аёлининг Рамазонда қилган меҳнатларига мукофот бўлади.
Бу одат шахсан менга ёқади. Бу одат ҳақида эшитганимдан буён унга амал қиламан. Аммо бизникида қаҳва тутиш одати йўқ. Нимадир совға қиламан ва пешанасидан ўпиб: "Бу туз ҳаққи!", дейман.
Гоҳида қўлига пул бериб: "Бозорга бориб истаганингни сотиб ол!", дейман.
Менга нисбатан бу иш кўр-кўрона тақлид эмас. Кишининг гўзал ва буюк ишларда бировга тақлид қилишининг зарари ҳам йўқ. Аммо мен бировларнинг меҳнатини қадрига бориш, фидокорлигини эътироф қилиш уларни нечоғли хурсанд қилишини яхши биламан!
Эр хотинининг уй ичидаги заҳматларини қадрлаши, хотин ҳам эрнинг кўчадаги меҳнатларининг қадрлаши лозим. Йўқса сакийнат қаердан келади?! Муҳаббат ва раҳмат булутлари остида йўқса қандай сояланамиз?!
Эр агар хотини тайёрлаган ҳар-бир овқат учун хотинини тақдирласа бундан ҳеч бир зарар кўрмайди. Гоҳида ширин гап кифоя қилади. Лутфнинг ўзи ҳам ҳадядир. Аммо бу лутф, бу ширин сўзларга бирор моддий совғани ёки унинг пулини тож қилсангиз нур устига нур бўлади!
Хонадонларни нарсага тўлдиргандан кўра муҳаббатга тўлдириш заруроқдир. Қалбдаги совуқликни дунёдаги барча ўчоқлар ҳам қизита олмайди. Аммо қайноқ қучоқ, ширин сўз, ўзаро раҳмат уйларимизни жаннатга айлантиради!

http://t.me/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…

Abdulqodir Samarqandiy

РУХСАТ
Ибн Баттолнинг “Саҳиҳул Бухорий”га ёзган шарҳида келади:
“Абу Ҳурайра розиёллоҳу анҳу айтади:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан икки турдаги илмни ёдладим. Улардан бирини тарқатдим. Иккинчисини эса тарқатсам бошим кетади!”.
Ибн Баттол бу ҳадисни шарҳлаб шундай дейди:
“Бундан амри маъруф қиладиган киши агар жонига талофот етишидан қўрқса, очиқ гапирмасдан ишора қилиши мумкинлиги тушунилади!”.

Мен айтаманки, бу шариатимиз томонидан бизга берилган ажойиб рухсатдир. Аммо бу рухсатнинг ўз қоидалари бор. Агар ҳақни гапирадиган ҳар бир киши жонига зарар етишидан қўрқаверганида инсонларнинг дини ҳам дунёси ҳам қолмаган бўлар эди.
Агар одамлар тақдири бир кишига боғлиқ бўлиб қолса у кишининг рухсатни олишга, ишора билан гапиришга ҳаққи йўқ. Агар имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ўша пайтда рухсатни олганида бугун бизларнинг баримиз мўътазила бўлар эдик. Аммо имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ одамлар унинг оғзига қараб турганини англагач, қамоққа, даррага, уй қамоғида туришга сабр қилди. Ана шу иши сабаб Аллоҳ бу умматнинг динини мукаммал ҳолда сақлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov

Читать полностью…
Подписаться на канал