ҚИССАДАГИ ИБРАТ - 10
Европаликларнинг бир ҳикояси бор. Бир қурбақа ҳўкизни кўриб қолиб унинг катталигига ҳасади келибди. Қурбақанинг эса жисми тухум катталигидан ошмас эди. У ҳўкизга етмоқчи бўлиб ўзини шишира бошлади. У қўшни қурбақага деди:
- Қарачи, мен ҳўкиз тенги бўлдимми?
Қўшни қурбақа деди:
- Йўқ, шишишда давом эт!
Қурбақа яна шишишда давом этди. Бироз шишиб қўшни қурбақадан яна сўради:
- Қалай, энди ҳўкиз тенги бўлдимми?
Қўшни қурбақа деди:
- Йўқ, шишишда давом эт!
Қурбақа шишишда давом этаверди ва охири ёрилиб кетди!
Аллоҳнинг қадаридан рози бўлишда фақатгина киши ҳис қиладиган роҳатнинг ўзи бўлганида ҳам мана шу неъмат жиҳатидан етарли бўлар эди.
Аллоҳнинг қадаридан норози бўлишда фақатгина киши ҳис қиладиган бахтсизликнинг ўзи бўлганида ҳам ана шу бало жиҳатидан етарли бўлар эди.
Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилди, мукофот дунёси эмас. Бандаларига ризқни турлича тақсимлаганида ҳам ҳикмат бор: Бандаси ўзига берилган ризқдан рози бўладими ёки ношукрлик қиладими, маҳрум қилинганида сабр қиладими ёки фожирлик қиладими?
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло фақирни фақир қилар экан, буни ожизлигидан, ҳеч нарсаси йўқлигидан қилмайди. Аммо баъзиларнинг имтиҳони фақирликда бўлади.
Аллоҳ таоло бир инсонни хуник ёки бемор қилиб яратар экан, буни ожизлигидан қилмайди. У бутун борлиқни ажиб суратда йўқдан бор қилган. Аммо баъзиларнинг синови хуниклик ва беморликда бўлади.
Бизнинг ҳар биримизга нимадир берилиб нимадир берилмаган. Бу дунё ҳеч кимга вафо қилмаган. Ҳеч ким бунда тўкис эмас. Аммо биз "менда ҳамма нарса бўлиши керак", деб хаёл қиламиз. Биз бошқаларнинг имтиҳони бизникидан осон деб ўйлаймиз.
Бошқаларга берилган неъматларга қарайверадиган инсон ўзига берилган неъматларга қарашга вақт топа олмайди. Доимо маҳрумликдан пайдо бўлган аччиқлик томоғини куйдириб тураверади.
Ким бу дунёнинг ёзиб қўйилган қадар эканлигини, тақсимланган ризқ эканлигини англаса Аллоҳдан рози бўлади, Аллоҳ ҳам ундан рози бўлади.
Айтишларича, ер юзидаги энг қийналган мусулмонни жаннатга тушириб сўрашар экан:
- Олдин қийналганмисан?
У:
- Олдин ҳеч қийналмаганман, деб жавоб берар экан.
Дунёда энг кўп неъматларга бурканган кишини дўзахга солиб ундан сўрашар экан:
- Олдин неъматланганмисан?
У:
- Аллоҳга қасамки, олдин умуман неъматланмаганман, дер экан.
Аллоҳим! Дунёда бизга розилик неъматини ризқ қилиб бергин. Охиратда эса ҳеч кимга мукаммал қилиб берилмаган бу дунё эвазига бизга жаннатингни бергин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БУГУННИНГ ГАПИ
Гуноҳларимиз кўплигига қарамасдан Сени яхши кўраверамиз эй Роббим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОНАНГИЗ РАШК ҚИЛДИ!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам хотинлариникида навбати билан тунар эдилар. Ўшанда навбатлари Оиша онамиз розиёллоҳу анҳонинг ҳужраларида эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан ҳужрада баъзи саҳобалари ҳам бор эди. Улар эр-хотинлик ҳаёти ҳақида буюк бир дарс арафасида эдилар.
Зайнаб бинт Жаҳш розиёллоҳу анҳо онамиз таом пиширдилар. Набий алайҳис салоту вас салом емасларидан у овқатдан ейиш онамизга татимади. Бир товоқда овқатдан олиб ходимлари орқали уни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга бериб юбордилар. Бундан Оиша онамиз розиёллоҳу анҳонинг рашклари келди. Бу энди кундошлар орасида бўлиб туради. Буни Оиша онамиз ўз ҳақларига тажовуз деб билдилар. Ходимнинг қўлидаги товоқни уриб юбордилар. Идиш ерга тушиб чилпарчин бўлди. Овқат ерга тўкилди.
Энди ўзингизни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўрниларига қўйиб кўринг. Суюкли Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам танг аҳволда қолдилар. Тасаввур қилинг, меҳмонларингиз олдида хотинингиз бошқа хотинингиз бериб юборган овқатни ерга улоқтирди. Шак йўқки, сиз ўзингизни хорланган ҳис қиласиз. Эркаклигингиз ёдингизга тушади. Меҳмонлар олдида хотинингизни таъзирини берасиз. Бу уйнинг хўжайини ким эканлигини унга кўрсатиб қўясиз.
Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тасарруфларига қаранг ва ўрганинг! У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам тиз чўкиб синган идишларни тердилар, овқатни ҳам териб олдилар. Атрофларидаги саҳобаларга:
“Онангиз рашк қилди!”, дедилар.
Сўнгра овқат олиб келган ходимни кетиб қолмаслигини тайинладилар. Оиша онамиздан унга синган идишнинг ўрнига бошқа идиш беришларини талаб қилдилар. Ходим идишни олиб Зайнаб онамизнинг хоналарига кетди.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам агар ўзларининг босиқликлари, мувозанатни сақлашлари ва фиқҳлари билан ўчирмасалар хотинлар орасида уруш олови ёниб кетар эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бунақанги ҳолатларда аёл киши рашк қилишини яхши англадилар. Аёл киши рашк қилса ўзлигидан чиқиб кетишини билар эдилар. У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам эркакликларини исботлаш учун Оиша онамиз розиёллоҳу анҳони урушмадилар. Балки мардликларини бошқа йўл билан исботладилар. Ҳолатни яхши англадилар, мувозанатга солдилар ва муаммони оқилона ҳал қилдилар.
Ҳаёт бизни ҳар куни муаммога рўбарў қилади. Ўша муаммога нисбатан бизнинг реакциямиз ўша муаммони ҳақиқатга айлантиради ёки уни оловга айланмаслиги учун ўчиради. Эр-хотинлик ҳаётини жанг деб ўйлайдиганлар, бунда ғалаба қозонишим шарт деб фикрлайдиганлар хато қилишади. Аксинча, эр-хотинлик ҳаёти бир-бирининг хатосидан кўз юмиш билан бардавом бўлади. Эр ўз хотинининг камчилигидан кўз юмади, хотин ўз эрининг камчиликларидан кўз юмади. Ҳар бир ишда тўхталаверсак, ҳар бир гапдан таъсирланаверсак ҳаётимиз дўзахга айланади.
Эътибор берсак, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизнинг хатоларидан кўз юмибгина қолмасдан, у кишини маъзур ҳам деяптилар. Идиш рашк туфайли синди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамиз розиёллоҳу анҳонинг табиатларининг риоясини қилаяптилар.
Ҳаётда муваффақиятга эришмоқчи бўлган киши аёллар табиатини яхши англаши лозим. Хотинига дўстига қилган муомаласини қилмаслиги керак. Фарзандларига ҳамкасбларига қилган муомаласини қилмаслиги керак. Ҳаётдаги ҳар бир гуруҳнинг, ҳар бир ижтимоий табақанинг бошқалардан фарқлича бўлган табиати ва туйғулари бор. Ҳаммага бир хил муомала қиладиган киши худди барча беморга бир хил дори берадиган табибга ўхшайди.
Ғазаб ақлни кўр қилади. Ғазаб вақтида суҳбатлашмаслик керак. Ғазаб вақтида суҳбат қилмоқчи бўлган киши худди қайнаб турган сувда аксини кўрмоқчи бўлган кишига ўхшайди. Сув қайнашдан тўхтасин, совусин. Ана шундан сўнг унга қаранг. Эр-хотинлик ҳаёти ҳам ана шундай!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УЯЛМАЙСАНМИ?
Умавий халифалардан Ҳишом ибн Абдулмалик бир сафар ҳаж қилди. У Каъбани тавоф қилаётганида Солим ибн Абдуллоҳ ибн Умар розиёллоҳу анҳумни кўриб қолди. Унинг оёқ кийими йиртилиб кетган эди. У оёқ кийимини қўлида кўтариб олган эди. Танасидаги либоси икки дирҳам ҳам турмас эди. Ҳишом Солимга яқин келиб сўради:
-Эй Солим! Менда ҳожатинг борми?
Солим унга ғазаб ва таажжуб билан қараб деди:
-Аллоҳнинг байтида туриб мени Аллоҳдан бошқадан ҳожатимни сўрашимни истаяпсанми? Аллоҳдан уялмайсанми?!
Халифа хижолат бўлди ва Солимни тарк қилиб тавофини давом эттирди. У Солимни кузатиб юрди. Ҳарамдан чиққанида унга учрашиб деди:
-Эй Солим! Ҳарамда мендан ҳожатингни сўрашдан юз ўгирдинг. Энди ҳарамдан ташқаридамиз. Ҳожатингни сўра!
Солим деди:
-Сендан дунёвий ҳожатимни сўрайми ёки ухровий ҳожатимни сўрайми?
Халифа деди:
-Эй Солим! Дунёвийсини сўра. Охиратдагисини фақат Аллоҳдан сўралади!
Солим деди:
-Эй Ҳишом! Мен дунёвий ҳожатларимни дунёнинг эгасидан сўраганим йўқ, қандай қилиб дунёнинг эгаси бўлмагандан сўрайман?!
Шунда халифа Ҳишом ибн Абдулмалик йиғлаб шундай деди:
“Қани энди бутун давлатимни берсам-у Солим каби бўла олсам эди!”.
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳнинг “Ал-бидая ван ниҳая” китобидан.
Дунё орифлар наздида ана шундай қадрсиз эди. Биз бугун ана шу дунё учун бир-биримиз билан хусумат қилиб, жанжаллашиб, бир-биримизни ёмон кўриб ётибмиз. Ҳимматимиз пастлашиб кетди. Натижада дунёнинг лойқа кўлмагида қолиб кетдик!
Эй Аллоҳим! Дунёни асосий ғам-ташвишимиз қилма! Омин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бу ҳаётда кўп нарсани ўзинг ўрганишинг мумкин. Фақат тошбағирликнигина сенга бошқалар ўргатишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАЛБИ БИЛАН
Гапи билан эмас, қалби билан сени сотиб оладиган шахсларни танла!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЭҲТИЁЖ.
Гоҳида сенга ёмғирпўш берадиган кишига эмас, сен билан бирга ҳўл бўладиган кишига муҳтож бўласан.
Ҳис қилиш ҳудуди ато қилиш ҳудудидан юқорида туради!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Капитализмда фақирнинг умуман ўрни йўқ. У оёқ остида топталади. Улар наздида фақир гўё йўқ инсон ҳисоб!
Сурат рассом Кевин Лига тегишли.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИССАДАГИ ИБРАТ - 8
Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Мифтоҳу дорис саодати" номли китобида келтиради:
"Ибн Аббос розиёллоҳу анҳу айтади: "Шайтонлар Иблисга дейишди:
- Нега сен олим вафот этганида обид ўлганига қараганда кўпроқ хурсанд бўласан?
Иблис деди:
- Мен билан юринглар!
Улар бир кишининг олдига келишди. У ибодат қилаётган эди. Иблис у кишига деди:
- Роббинг дунёни бир тухум ичига жойлай оладими?
У киши деди:
- Билмайман!
Иблис шайтонларга деди:
- Кўрдингизми, у шу соатда кофир бўлди?!
Улар сўнгра бир олимнинг ҳузурига келишди. Олим шогирдлари даврасида кулишиб гаплашиб ўтирган эди. Иблис олимдан сўради:
- Бир саволим бор эди.
- Сўрайвер!
- Роббинг оламни тухумнинг ичига жойлай оладими?
- Албатта!
- Қандай қилиб?
- 'Бўл" дейди бўлади!
Иблис шайтонларга деди:
- Кўрдингизми, обид ўзидан нарига ўта олмайди. Олим эса кўп инсонларни мендан чалғитаяпти!".
Умматнинг муҳофазаси олимлари биландир. Олимлар уммат учун мустаҳкам қалқон ҳисобланади. Улар тоғ каби мустаҳкам қалъадирлар. Мисол учун мўътазила тоифаси фитнасини, уларнинг машҳур бидъати бўлмиш қуръонни махлуқ дейишганини олайлик. Уларнинг бузуқ ақидаси қисқа муддатда ҳокимиятгача чиқиб борди. Халифа Маъмун ва унинг укаси Муътасим мўътазила фирқасининг даъватчиларидан эди. Улар инсонларни ўз эътиқодларига мажбурлай бошлашди. Аллоҳ таоло мусулмонлар ақидасини ҳимоя қилиш ишини Аҳмад ибн Ҳанбал роҳимаҳуллоҳга тақдир қилди.
Бир кишининг саботи, унинг мунозараларда метиндек туриб бериши билан Аллоҳ бу умматнинг ақидасини сақлади, динини ҳимоя қилди.
Биз ибодатнинг қадрини пастга урмоқчи эмасмиз. Аммо обид бир киши бўлса олим бутун бир умматдир. Шуни англатмоқчимиз.
Бир кишининг солиҳ ёки бузуқ бўлиши ўзидан нарига ўтмаслиги ҳам мумкин. Аммо олимнинг солиҳ ёки бузуқ бўлиши инсонларга қаттиқ таъсир қилади. Чунки инсонлар уларга эргашади, улар қиладиган ишларни кузатиб туришади. Агар олимлар тўхташса одамлар ҳам тўхташади, олимлар фасодга шўнғишса одамлар ҳам шўнғишади.
Халифа Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳнинг адолати ортида олим Ражо ибн Ҳайва роҳимаҳуллоҳ туради.
Мусулмонлар диёридан мўғулларнинг чиқиб кетишига сабаб бўлган ҳукмдорлар ортида олимлардан Изз ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳ туради!
Оддийгина шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ тирикликларида ихтилофлар йўқлигини, бузуқ ақидадагилар писиб ўтирганини эсланг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Жон бериш пайтида шаҳодат калимасини айтиш сиз ўйлаганчалик осон эмас. У тоатлардан иборат узоқ тарихга боғлиқдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Қуръон ҳарфлари ҳалқумдан токи лабимизгача ўн етти махраждан чиқади.
Аммо "Эй Роббим!", деган жумла қалбдан қандай чиқишини билолмайман. Қалбнинг юқоридаги ўн етти махражга алоқаси йўқ!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Инсон ҳис-туйғуларига молик бўлишни ўрганганида хатарли бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ғам-ташвиш худди тебратма стулга ўхшайди. У сени доимо ҳаракатлантиради, аммо ҳеч қаерга олиб бормайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Эй Роббим! Роҳатсиз уйқудан паноҳ беришингни сўрайман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЛЛОҲНИНГ ДЎСТЛАРИ
Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу бир куни Муоз ибн Жабал розиёллоҳу анҳунинг олдидан ўтиб қолдилар. Муоз йиғлаётган эди. Умар розиёллоҳу анҳу ундан нега йиғлаётганини сўрадилар. Муоз розиёллоҳу анҳу деди:
"Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим:
"Аллоҳ таоло бандалари ичидан тақводор, махфий бандасини яхши кўради. Улар йўқолишса биров сўрамайди. Ҳозир бўлишса биров танимайди. Улар ҳидоят имомлари ва илм чироқларидир!".
Абу Нуъайм ал-Асбаҳонийнинг "Ҳилятул авлиё" китобидан.
--------------
Китобларда бундай зотларнинг сифатлари келади:
Улар ҳақ гапирилганда ҳақни қабул қилишади, кишилар улардан бирор нарса сўрашганда йўқ демасдан беришади, улар наздида олтин билан оддий тош, мақтовчи ва ёмонловчи, таомнинг барча тури бир хил бўлади. Одамлар олдида очиқ юзли бўлишади. Ўзлари ёлғиз қолишганда маҳзун бўлишади. Улар одамлар устидан ҳукм чиқаришса худди ўзлари устидан ҳукм чиқаришгандек ҳукм чиқаришади. Уларнинг ақли мукаммал, сўзи ва феъли гўзал, Аллоҳни розилиги томон ҳаракат қилишади.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КЎНГИЛ ОЛМОҚ
У аёл қўшнисининг эшигини тақиллатиб йиғлаб туриб йўқолган боласини сўради. Қўшни аёл ҳар сафар у аёл келганида қўрқиб кетади. Аммо унинг йўқолган фарзандини қидириш учун ҳар сафар унга ҳамроҳ бўлади. Аслида қўшни аёл унинг фарзанди йигирма йил аввал вафот қилганини билади.
Азиз диндошим! Дўстларимизнинг жиннилигига, мусибатига, ғазабига ва балосига сабр қила оламизми?! Ёки биз фақатгина солиҳ, ақлли ва ҳеч қандай камчиликсиз дўсту ҳамсояларни истаймизми?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАВМИНИНГ ҚАНДАЙ ҲАМ ЁМОН ОДАМИ У!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг барча гаплари ҳикмат эди. у зот билан бўлган ҳар-бир лаҳза дарс эди. у зот саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир лаҳзалари кумуш лавҳаларга олтин ҳарфлар билан ёзилиши лозим бўлган лаҳзалардир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шунақанги инсон эдиларки, у зотга ўхшагани башарият тарихида учрамайди. Бунинг ўзи алоҳида ҳикмат, алоҳида дарс. Бунинг ўзи алоҳида ёзилиши шарт!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Оиша онамиз розиёллоҳу анҳонинг олдиларида ўтирган эдилар. Бир киши киришга изн сўради. Расулуллоҳ аллоллоҳу алайҳи ва саллам:
“Рухсат беринглар, қавмининг қандай ҳам ёмон одами у!”, дедилар.
У киши киргач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга табассум билан юмшоқ сўзларни гапирдилар. У киши кетгач, Оиша онамиз розиёллоҳу анҳу дедилар:
-Эй Аллоҳнинг Расули! У киши киришга изн сўраганда айтган гапингизни айтингиз. Сўнгра унга табассум қилиб ўзингизни хурсанд кўрсатдингиз?!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Эй Оиша! Менинг фаҳш гапларни гапирганимни қачон кўргансан? Қиёмат кунида Аллоҳнинг ҳузурида энг ёмон одам кишилар унинг ёмонлигидан қўрқиб тарк қилган одамдир!
Бу муросасозлик борасидаги энг етук дарслардандир. Баъзилар муросасозлик билан мунофиқлик орасини ажрата олишмайди. Бу эса одамлар билан қилинадиган муомала одобини нотўғри тушунишдир!
Дунёда баъзи бир ўхшаш ишлар бор. Кўпчилик уларни бир-бирига аралаштириб юборади. Аммо диққат билан қаралса улар орасидаги фарқ яққол кўринади. Улар орасида қилчалик фарқ бор. Буни илғаган киши ҳаётнинг маъносини англабди.
Муросасозлик ва мунофиқлик орасини аралаштириб юборадиган киши худди бахиллик ва иқтисод орасини, қўрқоқлик ва эҳтиёткорлик орасини, бемулоҳаза киши билан шижоатли киши орасини, сурбетлик ва мардлик орасини, исрофгар ва сахий киши орасини аралаштириб юборган кишига ўхшайди.
Гоҳида шароит сизни золимга зулми ҳақида гапиришдан ман қилади. Бу муроса. Мунофиқлик эса золимнинг зулмига қарсак чалишдир. Ҳақни айтмаслик ботилга розиликни англатмайди. Ботилга розилик унга қарсак чалиш ва ботил аҳлини қўлини сиқишдир. Ҳақ гапни айтиш эса асл қоида бўлиб қолаверади.
Булардан ҳам муҳими қавмимизнинг энг ёмон одами бўлмаслигимиздир.
Гапларинг қўполлиги ва табиатинг ёмонлиги учун ота-онанг сенга ўйлаб гапиришса, қўлинг югураклигидан қўрқиб хотининг сендан қўрқиб муомала қилса, хулқинг ёмонлиги учун фарзандларинг сен билан муросасозлик қилишса, қўшниларинг сендан худди портлаб кетадиган мина сингари қўрқиб муомала қилишса, ҳамкасбларинг азиятинг ва касофатингдан қўрқиб ишда сен билан муросасозлик қилишса, ҳамнишинларинг сени гап ташишингдан қўрқишиб сенинг олдингда ўйлаб гапиришса демак сен қавмингни энг ёмон одамисан!
Ота-онанг сен билан роҳатланиб суҳбат қуришса, хотининг сен билан суҳбат қилганда омонликни ҳис қилса, фарзандларинг сен билан худди ўртоқлари билан гаплашгандек гаплашишса, қўшниларинг сен билан беихтиёр гаплашишса, ҳамкасбларинг сен билан оддий гаплашишса демак сен буюк инсонсан. Улар сенинг буюк хулқинг сабабидан сен билан шундай муносабатда бўлишди!
Ривоят қилинишича, бир куни халифа Маъмун аъёнлари олдида бир ходимини чақирди. У жавоб бермади. Иккинчи бор чақирди. У яна жавоб бермади. Учинчи марта чақирганида ходими чиқиб келдида деди:
-Бу қанақа қаср бўлди?! Сал кўзга кўринмасанг “Эй ходим....эй ходим!”, деяверишади.
Унинг гапини эшитган Маъмун соқолини ушлаб жим туриб қолди. Атрофидагилар ходимнинг қони сачрамаслиги учун юзларини чопонлари билан беркитишди. Улар халифа ҳозир ходимниг бошини олади деб ўйлашди. Аммо халифа бошини кўтариб деди:
-Агар подшоҳларнинг хулқи яхши бўлса қулларининг хулқи ёмонлашади. Агар подшоҳларнинг хулқи ёмонлашса қулларининг хулқи яхшиланади. Мен ёмон хулқимни қулларимнинг яхши ахлоқи эвазига сотиб олмайман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТИЖОРАТ ФОЙДА ҚИЛДИ ЭЙ АБУ ЯҲЁ!
Ўша пайтлар мусулмонлар Макка даъвати торлигидан Мадина давлати кенглигига чиққан даврлар эди. Мусулмонлар Мадинага жойлашиб олишди. Қийин имтиҳондан ўтиб олишди. Жаъфар розиёллоҳу анҳу ўзининг ҳамроҳлари билан ватандан динни устун билиб Ҳабашистонга ҳижрат қилди. Билол розиёллоҳу анҳу Умайя ибн Халафнинг кибриёсини ерга ишқади. Ҳамза розиёллоҳу анҳу Абу Жаҳлнинг юзига мушт туширди. Али розиёллоҳу анҳу ўз жонини Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга фидо қилиб у зотнинг тўшакларида ухладилар. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу мусулмон бўлган қулларни сотиб олиб озод қилдилар. Сўнгра ер юзини абадий ўзгартирадиган янги босқични амалга ошириш учун дўстлари бўлмиш Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан Мадина томон йўлга чиқдилар.
Макка мусулмонларни ўзида ушлаб қола олмади. Зеро уларнинг суюкли пайғамбари энди Мадинада эдилар. Маҳбубисиз қолган киши ёлғиз ўзи нима қила олади?! Мусулмонлар қурайшни ғафлатда қолдириб бирин-кетин Мадина томон ҳижрат қила бошлашди. Мана Суҳайб розиёллоҳу анҳу Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлди. Аммо қурайш буни билиб қолди. Уни қайтариш учун бир қанча кишиларни юборди. Уларнинг келаётганини билган Суҳайб розиёллоҳу анҳу камонига ўқ жойлаб уларга деди:
-Эй қурайш жамоаси! Менинг яхши ўқ отишимни биласизлар. Аллоҳга қасамки, менга эришишингиздан олдин барча ўқимни сизга отаман. Сўнгра қиличим билан у қўлимдан тушиб кетгунича жанг қиламан!
Қурайшликлар деди:
-Сен бизнинг олдимизга ҳеч вақосиз келган эдинг. Бу ерга келиб молинг кўпайди. Энди эса ўзингни ҳам, молингни ҳам олиб кетмоқчисан! Аллоҳга қасамки, бундай бўлмайди!
Суҳайб деди:
-Агар молимни сизга қолдирсам мени қўйиб юборасизларми?
-Ҳа!
Суҳайб уларга Маккадаги молини яширган жойни айтди. Улар Суҳайбни ўз ҳолига қўйиб қайтиб кетдилар. Суҳайб розиёллоҳу анҳу Мадина сари йўлга тушди.
Набий алайҳис салом бу ҳодисадан ваҳий орқали бевосита хабардор бўлган эдилар. Жаброил алайҳис салом воқеани етказиб турдилар. Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
“Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини истаб жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларига меҳрибондир!”
Суҳайб Мадинага етиб келганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ниҳоятда хурсанд бўлиб, табассум қилиб дедилар:
“Тижорат фойда қилди эй Абу Яҳё, тижорат фойда қилди эй Абу Яҳё!”.
Суҳайб розиёллоҳу анҳунинг тижорати фойда қилганига сабаб, у Аллоҳ учун молидан воз кечган эди.
Сизга шайтон зийнатлаган ҳар қандай гуноҳни фақатгина Аллоҳ учун тарк қилган бўлсангиз савдойингиз катта фойда қилди деб ҳисоблайверинг. Бундаги тарк қилиш лаззати олиш лаззатидан гўзалроқ бўлади!
Олмоқчи бўлган интиқомингизни фақатгина Аллоҳ учун тарк қилган бўлсангиз савдойингизни катта фойда қилди деб ҳисоблайверинг. Бундаги авф лаззати интиқом олиш лаззатидан гўзалроқ бўлади!
Берган қарзингизни фақир тўлай олмаяпти. Сиз ундан ўтиб юбордингиз. Шикоят қилмадингиз, фақирни шарманда қилмадингиз, яширдингиз. Савдойингизни катта фойда қилди деб ҳисоблайверинг. Молингизни қайтариб олиш лаззатидан уни фақирга садақа қилиш лаззати анча гўзалроқ бўлади!
Фақирнинг қўлига қўядиган ҳар бир садақангизни аввало Аллоҳнинг қўлига қўймоқдаман деб билсангиз савдойингизни катта фойда қилди деб ҳисоблайверинг. Бунда бергандаги лаззат олгандаги лаззатдан ўзиб кетади!
Хотинингиз ва фарзандларингиздан ғазабланганингизда Аллоҳ учун ғазабингизни ютсангиз савдода катта фойда қилдим деб ҳисоблайверинг. Улардан ҳаққингизни қўлингиз билан олгандаги лаззатдан уларни авф қилгандаги лаззат анча устун бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚУРЪОНГА ЭҲТИРОМ.
Жамол Абдунносирнинг вазирларидан бири ҳофиз, Шайх Муҳаммад Сиддиқ Миншовий раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига келиб деди:
- Сиз Жамол Абдунносир жаноблари ташриф буюрадиган анжуманда иштирок этиб қуръон ўқиш бахтига сазовор бўласиз.
Шайх уни рад қилиб деди:
- Жамол Абдунносирнинг ўзи Муҳаммад Сиддиқ Миншовий овози билан ўқиладиган қуръонни эшитиш шарафига муяссар бўлса бўлмайдими? У энг ёмон элчисини менга юбориб хато қилибди. Мен у анжуманга бормайман!
-----------------------
Бугун қорилар райҳони, хушуъли овоз соҳиби Муҳаммад Сиддиқ Миншовий раҳимаҳуллоҳнинг таваллуд куни экан. Аллоҳ унга раҳм қилиб кенг жаннатига дохил қилсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ҳақиқат албатта ғалаба қозонади, бунга шак йўқ. Қўрқинчлиси ҳақиқат биносида битта ҳам ғишт қўя олмасликдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
АЖОЙИБ ТАЪРИФЛАР
1. Закот- сени тозалаш ва кучингни кўпайтириш учун ўтказиладиган нозик жарроҳлик амалиётидир.
2. Уйланиш- борлиқдаги энг катта масъулият. Унинг ҳар-бир тафсилоти учун ё савоб оласан ёки жазоланасан.
3. Судхўрлик- Аллоҳ таолога қарши расмий уруш эълон қилиш.
4. Барака- Аллоҳнинг махфий қўшинларидан бири.
5. Садақа- хатоларни ўчирувчи.
6. Масжид- Аллоҳнинг ўз аҳбоблари ила учрашиши учун ердаги уйи.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЙЎЛЧИ ЮЛДУЗЛАР.
Абдуллоҳ ибн Салом Набий алайҳис салоту вассаломнинг сифатларини тавротдан ўқиган эди. У пайғамбар алайҳис салоту вас саломни кўрганида ҳеч қандай тараддудсиз иймон келтирди.
Имрон ибн Ҳусойн ўттиз йил бемор бўлиб тўшакка михланди. Сабрли мўъминнинг ҳақиқий намунаси бўлди. Унга фаришталар салом берганини эшитар ва касаллигидан ҳеч кимга шикоят қилмаган эди.
Ҳувайтиб ибн Абдулуззо Бадр кунида фаришталар мушрикларни қамчи билан ураётганини кўрган эди.
Сория ал- Киноний минглаб мил узоқдан ҳазрати Умарнинг "эй Сория тоққа, тоққа" , деган нидоларини эшитган эди.
Урва ибн Зубайр намозида Аллоҳдан ўзгани кўрмас эди. Унинг қорасон бўлган оёғини намоз ўқиганда кесишди. У оғриқни сезмади. Оёқни кесиб қонини тўхтатиш учун қизиган ёғга ботиришди. Бақувват руҳнинг жисми бундай оғриқдан ҳушсиз бўлди.
Юнус ибн Убайд биргина шубҳали дирҳам учун минглаб динорлардан воз кеча олар эди.
Молик ибн Динор мусҳаф ёзиш ила шуғулланар унга ҳеч қандай ҳақ олмас эди.
Абу Ғиёс ал-Маккий йўлдан топиб олган молни ўзига ишлатишдан воз кечди. Аллоҳ уни Ўз фазлидан бой қилди.
Ато ибн Аби Рабоҳ етмиш маротаба ҳаж қилди. Эллик йил ҳукм чиқариб фатво берди. Унинг ҳукм ва фатволаридан бирор киши шикоят қилмади.
Иброҳим ибн Исҳоқ ал- Ҳарбий ўз қўли билан фиқҳ , ҳадис ва адабга оид ўн икки минг китоб кўчирди.
Маймун ибн Миҳрон кўп нафл намоз ёки нафл рўза тутмас, фақатгина Аллоҳга гуноҳ қилмасликка бутун умр риоя қилди холос.
Абул Ҳасан Бунон золим амир томонидан шерлар олдига ташланганида шерларга парво қилмай турган ва шерлар у зотга тегмаган эди. У зотдан "шу тобда нималар ўтди хаёлингиздан?" , деб сўрашганда у зот "шернинг сўлагининг ҳукми нима эканлиги ҳақида ўйладим" , деган эди.
Имом Муҳаммад аш-Шайбоний вафот этганларида бир киши у зотни тушида кўриб жон бериш аччиқлиги қандай бўлганлиги ҳақида сўради. У зот бир фиқҳий масала устида фикрлаб туриб қандай вафот этганларини билмай қолганларини айтган эдилар.
Бундай воқеаларни зикр қилаверсак тўхтамайди. Агар ҳазм қила олмасангиз ўзингиз устингизда ишланг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИССАДАГИ ИБРАТ – 9
Ўн тўққизинчи асрнинг олтмишинчи йилларида Жон Рокфеллер Америкада нефть савдосини монополия қилмоқчи бўлди. Аммо у бу ишга бевосита киришиш фойда бермаслигини билар эди. Ҳеч ким унга нефть ширкатини сотишни истамас эди. Яхши сут бериб турган сигирини қайси аҳмоқ сотади?!
Рокфеллер ўйин қоидаларини ўзгартириш лозимлигини билиб қолди. У аввал яширин равишда темир йўл ширкатларини сотиб олди. Темир йўл ширкатлари нефтни қайта ишлаш заводларидан уни ширкатлар томон ташир эди. Кейин Рокфеллер ўша ширкатларни бирин-кетин сотиб ола бошлади. Унга қарши чиқадиганлар ёки савдони истамаган рақиблар чиқиб қолса уларга темир йўл ширкатлари ўзиники эканлигини айтар, оддийгина қилиб уларнинг нефтини ташимаслигини айтар эди. Ёки нефтни ташиш нархини кўтарар эди. Натижада у ширкатлар зарарга кетар эди. У ширкатлар банкрот бўлмаслик ва сармояларини сақлаб қолиш учун ширкатларини сотишга мажбур бўлишар эди. Ўн йилга етар-етмас Рокфеллер Америкадаги ёлғиз нефть кишисига айланди.
Бу ҳикояни келтиришдан мақсадим очкўзлик ва монополияни қўллаш эмас. Киши бойлигини кўпайтириши учун бошқаларни синдириши керак, демоқчи эмасман. Аксинча, очкўзлик ва очкўзларни ёмон кўраман. Монополия ва монополистларни жиним суймайди. Улар Аллоҳнинг душмани. Менинг наздимда энг паст инсон асосий мақсадини мол ва пул қилиб олган инсондир. Айтмоқчи бўлганим шуки, юқоридаги каби воқеалар ҳаётда ҳақиқатдан ҳам бўлиб туради. Ҳақиқат эса ёмон кўрамизми, яхши кўрамизми ҳақиқатлигича қолаверади.
Оқил инсон инсонлардан бўлган шайтонларнинг қилмишларидан огоҳ бўлиши керак. Уларга қурбон бўлмаслиги лозим. Умар розхиёллоҳу анҳунинг ажойиб гаплари бор:
“Алдамчи эмасман, аммо мени ҳам ҳеч ким алдай олмайди!”.
Умар розиёллоҳу анҳунинг яна бир ажойиб гаплари бор:
“Жоҳилиятни билмаган киши исломни ҳам билмайди!”.
Ҳикоядан олинадиган хулоса шуки, инсон фақатгина кучи билан эмас, заковати билан ҳам ҳаракат қилиши керак. Бўлаётган ўйинларни фаҳмлаши лозим. Агар биз бир нарсани яхши фаҳмламасак уни ўзгартириш уёқда турсин ҳатто у билан муомала қила олмаймиз.
Хандақ ғазоти куни Нуайм ибн Масъуд исломга киргач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан ислом қўшинига қўшилишини талаб қилмадилар. Аслида ўйин қонуни ва жорий урф шундай эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ишга заковат билан боқдилар. Нуайм ибн Масъуд битта инсон эди. Урушга у киргани билан ҳеч нарса ўзгармас эди. У ислом қўшинига қўшилса биргина қилич зиёда бўлар эди холос. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ундан душман қўшини ҳузурига бориб уларни уруш фикридан қайтаришни, улар орасини ҳийла билан бузишни талаб қилдилар. Нуайм айтганларидек қилди. Натижада душманлар тарқаб кетишди.
Эътибор берсак, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўйин қоидаларини ҳам ўзгартириб ташладилар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ливанда яшайдиган Суриялик бола пластик идишлар йиғиб юради. У етти дақиқадан кўпроқ вақт чиқинди қутиси ичида китоб варақлади.
Мусулмон фарзандларини ўз ҳаётидан маҳрум қилишди. Аммо улар ҳамон ҳаётлари томон талпинишмоқда!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИФЛОС ДУНЁ
Бир тафсирда ўқиган эдим. Яҳудийлар Аллоҳнинг пайғамбарларидан қирқтасини қатл қилишган экан. Закарийё алайҳис саломни арралашади. Бир танноз хотиннинг талабига кўра Яҳё алайҳис саломнинг бошлари кесилиб ўша аёлга тақдим қилинади. Бу гапни ўқиб Аллоҳ таоло Яҳё алайҳис саломни қуръони каримда "Саййид" деб зикр қилганини эсладим. Саййидларга шунақа муомала қилинадими?! Бу дунё нақадар ифлос ва ҳақир биродарлар!
Охиратда мазлум ва балога учраганларни буюк эвазлар ва бемисл ажрлар кутиб турибди. У шундай эвазки, ифлос дунёдаги барча ташвишларни уларга унуттириб юборади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ислом ҳали араб ярим оролидан ташқарига чиқмаган эди. Аммо суюкли Набиййимиз саллоҳу алайҳи ва саллам: "Бу иш ҳали кеча ва кундуз етиб борган барча маконга етиб боради!", деган эдилар.
Эй Аллоҳнинг Расули! Сизга ва берган хабарларингизга жонимиз фидо бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ОЧЛИК ЯХШИРОҚ
Шайхул ислом Мустафо Сабрий (1869- 1954) роҳимаҳуллоҳ золимни мақтамаслик учун Туркиядан Мисрга кўчиб кетган. У мусофирликда баъзи кунлари оч қолар ва айтар эдики: "Бу мен учун золимларни қўллаганимдан яхшироқдир!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИССАДАГИ ИБРАТ - 7
Машҳур Ҳинд файласуфи Вишну Шарма ўзининг "Хурофотлар" китобида келтиради:
"Бир эшак думини йўқотиб қўйди. Бу унинг учун ниҳоятда аламли мусибат бўлди. Кўп маҳзун бўлди. У ҳар жойдан думини қидира бошлади. У шу даражада аҳмоқ эдики, думини топиб олса уни ўз жойига ёпиштириб қўйишига аниқ ишонар эди. Эшак думини қидириб юриб бир боққа кириб қолди. Эшак боғни беармон топтади, экинларни пайҳон қилди. Ўша ердаги маккажўхориларни йиқитди. Уни кўриб қолган боғбоннинг жинниси қўзиди. Пичоқни олиб эшак томон югурди. Боғбон эшакни тутиб олиб икки қулоғини кесиб ташлаб, уриб-тепиб боғдан чиқариб юборди. Энди думини йўқотгани учун йиғлайдиган эшак, қулоқларини ҳам йўқотгани учун йиғлайдиган бўлди".
Инсон зиённи ҳам қабул қилишни ўрганиши керак. Баъзи ишлар қанчалик уринмасин ўз ўрнига тушмаслигини яхши англаши керак. Зарарни қабул қилиш ҳам маданият ва пишишдир. Ким бунга ўргана олмаса ҳар куни зиён кўриб юраверади. Биз ҳаётнинг бутунлигича урушдан иборат эмаслигини билишимиз лозим. Ҳаётнинг бир неча кунларигина жангдан иборат. Битта жангда мағлуб бўлган киши барча жангда мағлуб бўлади дегани эмас. Аммо инсон битта жангдаги мағлубияти учун йиғлаб юрадиган бўлса кейинчалик барча жангда, яъни ҳаётининг охиригача йиғлаб юришига тўғри келади.
Зарарни қабул қилиш, воқелик ва ундан келадиган натижани англаш қўрқинч билан яшашдан афзалдир. Чунки биргина муваффақиятсизликни дарс деб биладиган, ундан таълим олганидан сўнг варақни ёпиб қўядиган киши кўп ҳолларда кейинчалик муваффақиятга эришади. Шу маънода Нельсон Манделанинг бир гапи бор:
"Мен умуман зиён кўрмайман. Ё фойда қиламан, ёки дарс оламан!".
Мута ғазотида қўшиннинг учта қўмондони ҳам олдинма-кейин шаҳид бўлишди. Уларни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам тайинлаган эдилар. Зайд ибн Ҳориса, Жаъфар ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розиёллоҳу анҳум...
Булар жангнинг илк соатларида Аллоҳ томон кўтарилишди. Мусулмонлар қўшинни бошқаришда Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳудан бошқа кишини ҳақли деб билишмади. Холид ибн Валид розиёллоҳу анҳу яқинда исломга кирган эди. Холид розиёллоҳу анҳу кучларни тарозуга солиб кўрди. У ўзининг ҳарбий маҳорати ёрдамида кўрдики, жангни давом эттириш муқаррар ҳалокатдир. Шунда у қўшинга чекиниш тактикасини қўлладики, унинг бу тактикаси бугунгача ҳарбий мактабларда ўргатилади.
Қўшин Мадинага қайтиб келганида одамлар уларни "қочқоқлар" деб айблашди. Аммо Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларни "қўрқмас баҳодирлар" деб атадилар. Набий алайҳис салоту вассаломдан ҳикмат қуйилар эди. У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам воқеликни яхши англар эдилар.
Холид розиёллоҳу анҳунинг воқеликни яхши англаши ва чекиниш тактикаси қўшинни муқаррар ҳалокатдан сақлаб қолди!
Зарарни қабул қилишни ўрганайлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Қалбнинг назаридан бир марта қолганлар сўнгра бутун умрларини солиқ сифатида беришсада у қалбдан иккинчи бор жой топа олишмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov