Қалбимизда тирик бўлганлар ҳақида ўтган замон шаклида ёзишимиз аламлидир...
Кечқурун вафот этган бобом ва бувимни туш кўрибман...!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Хатико синдроми"дан қутилинг, воз кечинг ундан. Ҳеч қачон келмайдиган кишини кутманг!
Константин Хабенский
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Баъзилар менга: "Доим жуда хотиржамсиз!", дейишади. Мен уларга: "Безовталигимни сизларга кўрсатмайман холос!", дейман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Дуо қилганимизда Аллоҳ бизнинг сўзамоллигимизга эмас, қалбимизга қарайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЁЛВОРАМАН...
Қалбим деразасини қиш тақиллатишни бошласа, соғинч ёмғири мени оқизиб кетса, шавқ ёмғирпўшини олиб хотираларим билан ювилган кўчаларга чиқаман...
Ёмғир томчиларида чизилган гўзал чеҳрангни кузатаман...
Кўзларим сен билан тўлмагануча, ғарқ бўладиган даражада қониқмагунимча кетмай туришини сўраб қишга ёлвораман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Иккиси бир хил балкон... Аммо фарқни ўзимиз бунёд қиламиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛОЛЛОҲУ АЛАЙҲ ВА САЛЛАМНИНГ АМРЛАРИ!
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ўзнинг “Муснад”ида келтиради:
“Мусъаб ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга ансорларнинг бошлиқларининг биридан ёқимсиз гап етиб келди. Мусъаб ибн Зубайр уни жазоламоқчи бўлди. Унинг олдига Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу кириб қолди ва деди:
-Мен Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, у зот шундай деганлар: “Ансорларга яхши муносабатда бўлинглар. Уларнинг яхшиликларини қабул қилинглар, ёмонликларини кечиринглар!”.
Мусъаб ибн Зубайр розияллоҳу анҳу курсисидан тушиб юзини ерга қўйди ва деди:
“Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари бош устига!”.
У шундай деб ансорийни тинч қўйди!
Улар биздан “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари бош устига” деган гаплари билан ўзиб кетишган.
Агар ота-онангиз сизни ғазаблантиришса Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг уларга яхшилик қилиш борасидаги амрларини эсланг!
Хотинингиздан ғазабланиб уни жазоламоқчи бўлсангиз бу борада, аёлларга яхшилик қилиш борасида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қилган амрларини эсланг!
Қариндошлар билан алоқаларни узмоқчи бўлсангиз бундай қилмаслик борасида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларини ёдга олинг.
Қўшнингиз билан жанжаллашиб қолсангиз бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амрларини эсланг.
У зот саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг амрлари доим истагингиздан устун бўлсин. Ана шунда етишасиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚУЛ ЭДИК, АЛЛОҲ ОЗОД ҚИЛДИ!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларидан сўнг Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу Шомга кетди. Уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Рувайҳа розияллоҳу анҳу билан биродар қилиб қўйган эдилар.
Улар иккови ҳам Шомдаги Дорийя деган жойга тушишди. Сўнгра уйланмоқчи бўлишди. Бир оилага келиб шундай дейишди:
"Биз совчи бўлиб келдик. Олдин кофир эдик, Аллоҳ бизни ҳидоят қилди. Биз қул эдик, Аллоҳ бизни озод қилди. Биз фақир эдик, Аллоҳ бизни бой қилди. Агар бизга қизингизни берсангиз алҳамдулиллаҳ. Агар рад қилсангиз "ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ"!.
Улар қизларини Аллоҳ ва Расулининг суннатига мувофиқ икки саҳобийга никоҳлаб беришди!
Кишиларнинг дунёсига эга бўлиш учун ибодатингиз билан, яхшилигингиз билан фахрланманг. Билол розияллоҳу анҳу: "Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлариман!", демади. Фақатгина Аллоҳнинг унга берган неъматларини гапирди холос.
Улар динларини дунё учун маркаб қилишни ёқтиришмас эди.
Ибн Муҳайриз дўконга куйлак олгани кирди. Сотувчи уни танимас эди. Бир киши сотувчига арзонррқ қилиб беришига ишора қилиб деди:
- Бу киши билан яхшилаб савдо қил. Бу киши фақиҳимиз ибн Муҳайриз бўладилар!
Шунда ибн Муҳайриз қўлидаги кийимни ташлаб деди:
- Биз кийимни динимизга эмас, пулимизга олмоқчи эдик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ҳаётда фақатгина ўзимиз учун эмас, Аллоҳ учун ҳам қадам ташлаб туришимиз лозим!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Менга шафқатсиз бўлган кунлардан ҳали шодлигим ва кулгим билан ўч оламан!
Хайрли тонг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Мирзо Кенжабек оғамиздан ҳақиқий шедевр...
Ҳар сафар мазза қилиб ўқийман. Сўзларнинг терилишига, маънога ва дардга бир он қулоқ солинг!
ДУНЁ СИЗНИКИДИР
Дунё сизникидир, киринг қатига!
Менинг озуқамдир хўрлик, ҳақорат.
Мен элнинг муборак маломатига,
Қутлуғ таънасига қилгум таҳорат!
На дўст, на қўлловчи бирор кишим бор,
Қиёмат кун каби муҳтожман Ҳаққа.
Дунё сизникидир, нима ишим бор,
Гарчанд оғриқларим етгай суякка.
Борлиқ сизникидир, ястанинг ийиб,
Дод демам ҳеч аҳли олам дастидан.
Сўзлагим келса гар, дунёни қўйиб,
Сўзлайман ё осмон, ё ер остидан.
Қулоқни келтиринг майли, қоматга,
Бордир на даъвомиз, на дил комимиз,
Ҳалал берса сизнинг истиқоматга,
Битсин шуҳратимиз, ўчсин номимиз.
Мен жон деб киюрман йўқлик абосин,
Иброҳим Адҳамдек бўлсам-да ўсол,
Ул ечиб дунёю давлат либосин,
Охират хирқасин кийгани мисол!
Бу дунё ва кибор ҳаловат, ҳавас
Сизгадир ишратлар, бахмал, барқутлар.
Бас, энди англадим, менга керакмас,
Намруд, Фиръавндан қолган сарқитлар.
Дунё сизникидир, сизга шу Ватан,
Менга ўлимнинг ҳам йўқдир зиёни.
Бу моддий дунёда мен йўқман, зотан,
Бўшатиб берганман сизга дунёни!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САФАР ИБТИДОСИ
Ибн Асир роҳимаҳуллоҳнинг "Усудул ғоба фий маърифатис саҳоба" номли китобида келади:
"Жаббор ибн Сулмо аввалда мушрик эди. У Биъри Маъуна воқеасида саҳобий Омир ибн Фуҳайра розияллоҳу анҳуни қатл қилган. Айнан мана шу ҳодиса унинг мусулмон бўлишига сабаб бўлган. У Омир ибн Фуҳайрага қилич урганида Омир: "Аллоҳга қасамки, муваффақиятга эришдим!", деган эди.
Ана шундан бошлаб Жаббор доим ўйлаб юрди: "Мен уни қатл қилган бўлсам, қанақа қилиб у муваффақиятга эришади?!".
Жабборнинг миясига ана шу кундан бошлаб бу дин ёпишиб олди. Исломни орқадан суриштириб ўргана бошлади. Сўнгра ўйловлари натижаси ўлароқ Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб мусулмон бўлди.
Қачон Жабборнинг ҳузурида Омир ибн Фуҳайра розияллоҳу анҳу эсланса: "Аллоҳга қасамки, у муваффақиятга эришди!", дер эди!".
Ўлим ҳикоянинг ниҳояси эмас, бошланишидир.
Қабрингизни ковлашади, унга сизни туширишади, сўнгра устингиздан тупроқ тортишади. Сўнгра ҳақиқий сафар бошланади. Карвон охирги манзили томон йўлга юради.
Узоқ умр шафоатчи эмас. Йилларнинг сони фойда бермайди. Ким бу дунёдан солиҳ ҳолатда ўтса муваффақиятга эришибди. Ким фисқу-фужур ила ўтса ҳалокатга йўлиқибди.
Қабрлар эса амал сандиғидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҒАНИМАТ
Охирги лаҳзаларда ўлим жазосидан қутилиб қолган Достоевский укасига қуйидаги мактубни ёзди:
"Ўтмишга, бекорга зое қилган йилларимга назар солар эканман, қалбим аламдан қон йиғлайди. Ҳаёт бу тортиқ. Бундаги ҳар бир дақиқа абадий саодатга тенгдир. Қани буни ҳамма англаса эди!
Энди ҳаётим ўзгаради. Мен ҳаётни янгидан бошлайман!".
Бизнинг ҳаётимиз қадрлими?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Кунлар бир-бирига ўхшай бошласа, демак кишилар гўзалликни кўришдан тўхтаган бўлишади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАЙТАРГАН ЭДИЛАР...
Ибн Асир роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Усудул ғоба фий маърифатис саҳоба" номли китобида келтиради:
"Жассома ибн Мусоҳиқ розияллоҳу анҳу кўркам ва сўзга уста инсон эди. Халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу уни кўп марталаб Ҳирақлга элчи қилиб жўнатган эди. Жассома сафарларидан бирида Ҳирақлнинг олдига кирганини шундай эслайди:
"Мен унинг олдига кирдим. Ўтиришим учун менга бир курси беришди. Унинг нимадан ясалганига эътибор бердим. У соф тилладан ясалган эди. Дарров ўрнимдан сакраб турдим. Ҳирақл кулиб деди:
- Нега биз сени икром қилиб ўтирғизган курсидан турдинг?
Мен дедим:
- Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бунга ўхшаган нарсалардан қайтарганларини эшитганман!
Истаган жойингизга боринг, аммо динингиз ўзингиз билан бирга бўлсин. Ҳар жойга қараб ўзгарадиган буқаламун каби бўлманг. Динингизла фахрланинг, ундан хижолат бўлманг. Инсонлар асосга эга бўлган шахсларни ҳурмат қилишади!
Ҳимматингиз ҳудҳуддан паст бўлмасин. У Сабаъ аҳлининг ширкда юришига, Аллоҳдан ўзгага ибодат қилишига шундай қараб турмади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ДАЮСЛИК...
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ва имом Муслим роҳимаҳуллоҳ Уқба ибн Омир розияллаҳу анҳудан ҳадис келтиришади:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
"Аёллар олдига киришдан сақланинглар!".
Яъни, номаҳрам аёлларнинг олдига кирманглар...!
Ансорлардан бири сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Эрнинг яқинлари ҳақида нима дейсиз?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Эрнинг яқинлари ўлимдир!".
Яъни, эрнинг номаҳрам қариндошларидан аёллар худди ўлимдан қочгандек қочиши керак!
Бугун аламли мулоҳазаларим бор. Буни яхши англаб олишимиз керак.
Азиз дўстлар! Амакингизнинг қизи, тоғангизнинг қизи сизга сингил эмас.
Азиз сингилларим! Амакингизнинг ўғли, тоғангизнинг ўғли сизга ака эмас.
Азиз дўстлар!
Аммангизнинг қизи, холангизнинг қизи сизга сингил эмас.
Азиз сингилларим!
Аммангизнинг ўғли, холангизнинг ўғли сизга ака эмас.
Азиз дўстлар!
Хотинингизнинг синглиси сизга ҳам сингил эмас.
Азиз сингилларим!
Эрингизнинг акаси сизга ҳам ака эмас...
Ислом амр қилган, савоблар ваъда қилган силаи-раҳм билан бунинг ўртасида катта фарқ бор. Ислом бу борада ўзига хос қонун-қоидалар, чегаралар қўйган.
Тўғри, биз кўп нарсаларда кенгликка, бемалолчиликка йўл қўйдик. Куёвларимиз зиёратимизга келганида уларга келинларимизнинг хизмат қилишига ўрганиб қолдик....
Аммо бу даюслик биродарлар...!
Етиб борди деб ўйлайман!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИШОРАЛАР...
Имом ибн Абдил Барр ўзининг "Баҳжатул мажолис" китобида келтиради:
"Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди:
"Инсонлар ичида энг зийраги учта инсон бўлган:
1. Мисрнинг Азизи. У Юсуф алайҳис саломни сотиб олганида хотинига шундай деган эди:
"Уни яхшилаб жойлаштир. Шояд бизга манфаат берса ёки бола қилиб олсак!".
2. Мусо алайҳис саломнинг хотини. Мусо алайҳис салом унинг чорваларини суғориб берганида отасига: "Эй отажон! Уни ёллаб олинг. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир!", деган эди.
3. Абу Бакр розияллоҳу анҳу. У ўзидан кейин халифаликни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга васият қилган эди!".
Ҳамма инсон кўзи билан кўрса Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг нури билан кўрар эди.
Умар розияллоҳу анҳунинг адолатларидан ва барча фатҳ ва ғалабаларидан Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам насибадордир.
Бир кишини бир мансабга қўйсак унинг қилмишларидан охиратда биз ҳам сўраламиз.
Номуносиб инсонларни мансаб вазифаларга қўйиш аслида хиёнат ҳисобланади.
Баъзи бир кичкина ишлар бор. Бу ишлар кишиларнинг ичларида яширган нарсаларини бизга аниқлаштириб беради. Диққатлироқ бўлиш керак. Кичкина ҳолатлар буюк ишлардан ҳам хабар беради.
Қизингизга биров совчи бўлиб келса, ҳатто кичик ишораларига ҳам эътиборсиз бўлманг. Бу ишоралар бўлажак қудангизнинг феъл-атворидан албатта хабар беради!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ГУМОНИНГ БОРМИ?!
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Саҳиҳ”ида Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ҳижрат ҳақидаги ҳадисни келтиради:
“Ғорда яширинган пайтимизда мушриклар ортимиздан излаб келишди. Уларнинг оёқларини ғорнинг ичидан кўриб туриб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга дедим:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Агар уларнинг бирортаси оёғининг остига қараса бизни кўради!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Эй Абу Бакр! Учинчиси Аллоҳ бўлган икки кишидан гумонинг борми?!”.
Синган пайтингизда сизга малҳам бўлганларни унутиб бўлмайди. Биз инсон кўринишидаги малҳам бўлишимиз керак.
Яқинини йўқотган кишилар биздан тасалли олсин. Синиб қолганларга суянадиган асо бўлайлик. Жароҳатланганларга боғич бўлайлик.
Биздан яхши из, ширин хотира қолсин. Ўзи қоладигани ҳам шу. Кишиларнинг хотирасида уларнинг оғир кунларида ёнида турганимиз, жароҳатига малҳам бўлганимиз, дардига даво бўлганимиз сақланиб қолсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАБРЛАРНИ ЗИЁРАТ ҚИЛ!
Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳнинг "Зуҳд" номли китобида келади:
"Бир киши Умму Дардо розияллоҳу анҳога деди:
- Менинг бир оғир дардим бор. Сенда шунга дори борми?
Умму Дардо сўради:
- Нима экан у дард?
Ҳалиги киши деди:
- Қалбим кундан кунга қотиб бораяпти!
Умму Дардо деди:
- Дардинг оғир экан. Беморларни зиёрат қил, жанозаларда иштирок қил!
Ҳалиги киши Умму Дардонинг айтганини қилди ва қалби юмшаганини ҳис қилди. Сўнгра келиб Умму Дардога ташаккур айтиб кетди!".
Инсон бало аҳлини кўрар экан, юмшайди, қалби эрийди.
Биз неъматлар ичида ўлимни, охиратни унутамиз, қалбимиз қотади. Шунинг учун доим беморларни зиёрат қилиб, қабристонларга бориб ибратланишимиз лозим. Бало аҳлини кўриб туришимиз керак. Жанозани, қабрларни кўрган киши бироз бўлсада қўрқади, ҳакалак отган нафсининг ҳовури бироз босилади.
Биз ўлимни узоқ деб ўйлаймиз. Тобутнинг орқасидан юриб, бир куни ўзимиз ҳам мана шу тобутга тушишимиз ҳақида тафаккур қилишимиз жуда ҳам муҳим!
Ҳаётда абадий қоламан деб ўйлайдиган киши билан яқинда бу ҳаётдан кетаман деб ўйлайдиган кишининг қараши бир хил бўлмайди албатта!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УНИ СЎКМА!
Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Саҳиҳ"ида Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ҳадис келтиради. Урва дейди:
"Оиша рояияллоҳу анҳонинг олдида Ҳассонни сўкдим. Оиша розияллоҳу анҳо деди:
- Ҳассонни сўкма! У Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилар эди!".
Ҳассон розияллоҳу анҳу Ифк воқеасида Оиша розияллоҳу анҳога қарши эди. Оиша розияллоҳу анҳо эса Урва ибн Зубайрнинг холаси эди. Шунинг учун Урва Ҳассонни бемалол сўкди. Аммо Оиша розияллоҳу анҳо Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга вафодор бўлгани, у зотни севгани учун жияни Урвани Ҳассонни сўкишдан қайтарди. Ҳассон розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўп ўринларда қасидалари ила ҳимоя қилгани учун уни ҳатто жияни ҳақорат қилганига ҳам индамасдан тура олмади.
Асл инсонлар бугунги биргина хато учун ўтмишдаги гўзал хотираларни унутишмайди.
Асл инсон бўлайлик. Биргина ҳолат учун олдинги гўзал лаҳзаларни ўчириб ташламайлик. Қолаверса, кейинчалик Ҳассон розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан ўзининг гўзал бир қасидаси билан узр сўраган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бугун бут ва санамларнинг кўриниши ўзгарди. Улар оддий ҳайкаллардан ҳокимиятга, мансабга, бойликка, обрўга, машҳурликка, тез танилишга, ҳашаматга ва бошқа шаҳватларга айланиб олишди.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бахтли яшамоқчи бўлсангиз ўзингизни ўзгалар билан солиштираверманг. Ёдингиздан чиқмасин, сизнинг ўзингизга хос ҳаётингиз, шароитингиз, фикрингиз, бошқалардан фарқли шахсиятингиз, насибангиз, бошқаларникига ўхшамайдиган тақдирингиз бор!
Хайрли кун!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УЙИНГДАГИЛАРГА АЙТСАНГ БЎЛМАСМИДИ?!
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Муснад”ида келтиради:
“Равҳ ибн Зинбаъ бир куни саҳобий Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳуни зиёрат қилгани келди. Тамим ад-Дорий отининг арпасини тозалаётган эди. Равҳ деди:
-Шу ишни қилишга сиздан бошқа одам йўқми?!
Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳу деди:
-Бор. Аммо мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман, у киши шундай деганлар: “Бирор-бир мусулмон инсон отининг арпасини тозалаб унга берса Аллоҳ таоло унинг учун ҳар бир арпа эвазига битта яхшиликни битади!”.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларида хизмат қиладиган кишилар бор эди. Аммо у киши ковушларини ўзлари тикар, кийимларини ўзлари ямар, қўйларини ўзлари соғар, уй ишларида хотинларига ёрдамлашар эдилар. Бу ишларни қилишни ўзлари яхши кўрар эдилар. Оилаларига ёрдам бериб хурсанд бўлар эдилар.
Идишларни ювишда хотинга ёрдам берсангиз қиёмат қоим бўлмайди. Кундузи ошхонада ярим соат туриб уларга ёрдам берсангиз ёмонликнинг тагида қолмайсиз.
Чироқ ўчиб қолганида халифа Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ ўзи ўрнидан туриб уни тузатиб қўйган эди. Бир киши унга: “Бирортамизга айтсангиз ҳам шуни тузатиб қўяр эдик!”, деди. Шунда халифа Умар ибн Абдулазиз унга шундай деган эди: “Турганимда ҳам Умар ибн Абдулазиз эдим, қайтганимда ҳам Умар ибн Абдулазизман, нима бўлибди?!”.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Сизга эътибор берадиган киши бор экан, аламларингиз ўз-ўзидан йўқолиб кетаверади.
Эътибор бу сотилмайдиган ва сотиб олиб бўлмайдиган доридир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ИХТИСОС
Ибнул Асир роҳимаҳуллоҳнинг "Усудул ғоба фий маърифатис саҳоба" номли китобида келади:
"Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам мусулмонлар қўшинини Мутага жўнатаётиб унга Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳуни амир қилдилар. Қўшиндагиларга дедилар:
"Агар Зайд шаҳид бўлса ўрнига Жаъфар амир бўлсин. Агар Жаъфар шаҳид бўлса ўрнига Абдуллоҳ ибн Равоҳа амир бўлсин!".
Қўшин жўнаб кетди. Уччала амир ҳам Мутада шаҳид бўлди. Мусулмонлар байроқни Собит ибн Ақрамга беришди. Собит байроқни Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга бериб деди:
"Уруш ишини сен мендан кўра яхшироқ биласан!".
Ўзгалар иқдорини эҳтиром қилишни билишимиз лозим. Майдонимиз бўлмаган жойда жанг қилмаслигимиз керак.
Бир масалани билмайсизми, кишиларга фатво берманг.
Агар шифокор бўлсангиз мутахассислигингиз бўлмаган беморларни даволаманг.
Атом бўйича мутахассис бўлсангиз ҳам механик устанинг тажрибасини қадрланг.
Гарчи физика бўйича Нобель мукофотини олган бўлсангиз ҳам хамирни яхши тушунадиган нонвойнинг билимини қадрланг.
Муаммойимиз шундаки, ўзимизни ҳамма майдонда мутахассис деб биламиз.
Ўзини билмасвой деб биладиган инсонни топиш ниҳоятда мушкул!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НИМАНИ КУТАЯПМИЗ?!
Абу Нуъайм ўзининг "Ҳилятул авлиё" китобида келтиради:
"Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд жангига борганларида қарияларни Мадинада қолдириб кетдилар. Қариялар ичида Собит ибн Вақш ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳунинг отаси Ҳусайл ҳам бор эди. Собит Ҳусайлга деди:
- Нимани кутамиз?! Эртами кечми барибир ўламиз. Қилични кўтариб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшинларига бориб қўшилайлик. Шояд Аллоҳ бизга шаҳидликни насиб қилса!
Улар қиличларини кўтариб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қўшинларига бориб қўшилиб жанг қилишиб шаҳид бўлишди!".
Биз нимани кутаяпмиз?! Эртага бизнинг жанозамизни ўқишлари мумкин. Нега энди ўлмайдигандек гуноҳлар қиламиз?!
Худди яшашимизга, кейинроқ силаи-раҳм қилишимизга кафолат бордек бугун қариндошлик алоқаларини узганмиз.
Худди истаган пайтимизда қайтиш имкони бордек яқинларимиздан алоқани узамиз.
Роббингизга ибодат қилинг. Яқинларингизни маҳкам тутинг. Арзимас жанглардан воз кечинг. Тирикликда бир-биримизга орқа қилиб ўлганимиздан сўнг бир-биримизга йиғлашимиздан нима фойда?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЭЪТИРОФ
Ҳаким Тирмизий Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳунинг акаси Жабала ибн Хорисадан ҳадис келтиради. Жабала дейди:
"Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига келиб укам Зайдни олиб кетмоқчи эканлигимни айтдим. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Мана ўзидан сўра. Кетаман деса мен ман қилмайман!
Зайд деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Мен сиздан бошқа кимсани танламайман!
Жабала исломга кирди. Кўпчилик ундан сен каттами ёки Зайд каттами деб сўрар эди. У шундай жавоб берар эди:
"Зайд мендан яхши, мен эса ундан олдин туғилганман!".
Бошқаларнинг хислатини эътироф қилиш буюклар хулқидандир. Мусо алайҳис салом: "Биродарим Ҳорун мендан кўра тили бурророқ!", деган эди.
Ўзгаларнинг хислатини инкор қилиш золимлар қилмишидандир. Иблис алайҳил лаъна: "Мен ундан яхшиман!", деган эди.
Қалбингизни тозаланг, тилингизни покланг, солиҳлардан бўлишга ҳаракат қилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Аллоҳ сизга юзини ўзгартириб турли рангга кирмайдиган кишини насиб қилган бўлса анча бахтли инсон экансиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚИСҚА ҲИКОЯ
Буюк рус адиби Антон Чеховнинг бир қисқа ҳикояси бор:
“Қария ўзининг бемор хотинини озғин оти тортадиган аравага ортиб даволаш учун узоқдаги шаҳарга йўл олди. Йўлда қария худди ўзига ўзи гапираётгандек паст овозда ғулдириб гапириб кетар эди. У бир вақтнинг ўзида ўзи билан қирқ йил бирга ҳаёт машаққатлари тотган, тирикчилик қайғусини бирга чеккан , далаларда деҳқончиликда унга ёрдамчи бўлган, хонадонини тартибга солган хотинига ҳам тасалли бериб кетар эди...
Қария мана шу лаҳзаларда ўтган шунча йиллар мобайнида хотинига қаттиққўллик қилганини, унга бирор марта яхши муомала қилмаганини, ширин гаплар айтиб кўнглини олмаганини ҳис қилди. Унга кўп зулм қилганини айтди. Чунки хотинига ширин гаплар гапириш учун, унга табассум қилиш учун ҳаёт ташвишларидан ортмаганини гапирди. Қария бу гапларни йўл бўйи хотинига маҳзун бўлиб, таассуф билан гапириб борди. Сув тошни ўйиб ташлагани каби оддий сўзлар ҳам киши қалбини ўйиб ташлайди. Унда чуқур излар қолдиради. Қария қирқ йил мобайнида хотинига бера олмаган муҳаббат, меҳр ва эр-хотин ўртасидаги ҳаёт илиқлигини унга энди бермоқчи бўлди. Унга энди бундан сўнг барча истакларини бажаришини, умрининг охиригача барча орзуларини рўёбга чиқаришини айтиб ваъдалар берди...
Қария манзилга етиб боргач, отдан тушиб аравадан хотинини илк бор кўтариб туширмоқчи бўлди. Аммо хотини вафот этган эди. Унинг танаси совиб бўлган, қариянинг ширин сўзларини эшитмасдан олдин жонини яратганга топширган эди!”.
Аламли ҳикоя мана шу ерда тугайди. Чехов бу ҳикояси орқали бизни қарияга ўхшаб ўзимизга ўзимиз гапириб қолишимиздан огоҳлантиради. Вақтни ўтказиб юборишимиздан бизни қайтаради. Чунки вақт ўтганидан сўнг ширин гапларнинг кимга кераги бор?!
Биз бир-биримизнинг қадримизни вақт ўтиб англаймиз. Вақтида бериладиган бир дона гул вақт ўтганидан кейин бериладиган бутун дунёдан яхшидир. Вақтида айтилган битта ширин сўз ҳислар ўлганидан кейин битилган бутун бир қасидадан яхшидир.
Маййитнинг пешанасидан ўпиб кечирим сўраш каби кечиккан нарсадан фойда йўқ.
Гўзал нарсаларни ортга сурманг. Иккинчи бор имкониятга эга бўлмаслигингиз мумкин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МУОМАЛА ОДОБИ
Ибнул Асирнинг "Усудул ғоба фий маърифатис саҳоба" номли китобида келади:
"Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан қирқ кун олдин исломга кирди. У жуда ҳам кўркам инсон эди. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу:
"Жарир бу умматнинг Юсуфидир!", дер эди.
Жарир ибн Абдуллоҳ ўз қавмининг каттаси эди. У исломга кириб Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келганида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни икром қилдилар ва кишиларга шундай дедилар:
"Агар сизнинг олдингизга бир қавмнинг улуғи келса уни эҳтиром қилинглар!".
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ "Муснад"ида келтиради:
"Жарир ибн Абдуллоҳ айтади:
"Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам исломга кирганимдан кейин мени бирор марта олдиларига киришдан ман қилмаганлар. Неча марта кўришган бўлсак доим менга табассум қилар эдилар!".
Ҳаммани эҳтиром қилишимиз уларнинг бизнинг гарданимиздаги ҳаққидир. Биздаги саховат ёки олийҳимматлик эмас.
Инсонларнинг мансаби, тутган ўрни, насаби, ҳолати турлича бўлади. Аммо инсонлиги ва ҳуқуқлари жиҳатидан улар тенгдир...
Аммо бу буюк дин ҳаммани ўз ўрнига қўяди. Оддий йўлини йўқотган инсон билан бир қавмнинг каттаси бир хил бўлмайди. Дўстингизга қиладиган муомалангиз билан вазирга қиладиган муомалангиз бир хил бўлмайди. Отангизга қиладиган муомалангиз билан ўғлингизга қиладиган муомалангиз бир хил бўлмайди...
Бир муносабат билан кийимингизни ўзгартирасиз-ку, энди инсонларга лойиқ муомалани ҳам танланг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov