БИР ОЯТ
لَتَرْكَبُنَّ طَبَقًا عَن طَبَقٍ
Иншиқоқ сураси 19-оят
Яъни, "Албатта, сизлар табақама-табақа минасизлар!".
Инсоннинг аҳволи доим бир хил бўлмайди. Бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўзгариб туради. Оят маъноси мана шу!
Тангликдан кейин албатта кенгчилик келади.
Беморликдан кейин албатта саломатлик келади.
Маҳзунликдан кейин албатта шодлик келади.
Айрилиқдан кейин албатта учрашув бўлади.
Бу дунё бир хил турмайди. Банданинг бошига бойлик, фақирлик, соғлик, беморлик, танглик, кенгчилик, шодлик, маҳзунлик, айрилиқ, учрашув алмашиб туради.
Мана шуларнинг барида Аллоҳ билан бўла олганлар бахтлидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
У ДЎЗАҲ АҲЛИДАНДИР!
Мадинада Қузмон исмли бир киши бор эди. Қачон уни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эсланса Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “У дўзах аҳлидандир!”, дер эдилар.
Уҳуд жанги бўлганида Қузмон мусулмонлар сафида Қурайшга қарши урушгани чиқди. Жуда ҳам яхши жанг қилди. Бир ўзи саккизта мушрикни қатл қилди. Шундан кейин қаттиқ жароҳатланди. Жанг тугаганидан сўнг уни Бани Зафарнинг ҳовлисига кўтариб олиб боришди. Мусулмонлар уни сабрга чақириб дейишди:
-Эй Қузмон! Сен бугун жуда яхши жанг қилдинг. Сенга хушхабарлар бўлсин!
Қузмон деди:
-Қанақа хушхабар?! Аллоҳга қасамки, мен фақат қавмимнинг шаънини ҳимоя қилиш учун жанг қилдим. Агар бу нарса бўлмаганида жанг қилмас эдим!
Сўнгра унинг оғриғи кучайганида ўқдонидан битта ўқни олиб ўзига санчиб ўзини ўлдирди!
Аллоҳ таоло фақатгина Ўзи учун холис бўлган амалнигина қабул қилади. Бошқа қандайдир мақсад учун қилинган амални қабул қилганида, Қузмоннинг амалини қабул қилган бўлар эди. Ўшанда иймон ва куфр ўртасидаги жанг роса қизиган эди. Қузмон иймон лашкарлари сафида эди. Баҳодирларча курашди. Қурайшни ҳолдан тойдирди. Ўша кунда ҳеч ким унчалик душманнинг додини бермаган. Бир ўзи саккизта мушрикни қатл қилган. Сийрат китобларида ундан бошқа бирор кишининг ўшанда саккизта мушрикни ўлдиргани айтилмайди. Аммо афсуски, буларни бари Аллоҳ учун бўлмаган эди. У Мадина аҳлидан бўлган мусулмонларга ҳамийятан, уларни ҳимоя қилиб жангга чиққан эди. Аллоҳ унинг нияти бузуқлиги учун дўзахга ташлади!
Биз инсонлар фақатгина амалнинг ташқи томонини кўрамиз. Биз зоҳирга қараб ҳукм қилишга амр қилинганмиз. Ниятларни Роббимизга қолдирамиз. Фақатгина Унинг Ўзи махфий ниятларни ҳам кўра олади. У бизни нафақат ташқаридан, балки ичимиздан ҳам кўради!
Фақирнинг қўлига садақа ташлашдан олдин ниятингизни тўғриланг. Фақат Аллоҳ учун қилган садақангизга савоб оласиз. Агар садақангиз риё учун бўлса, “ҳой мусулмонлар, мана кўриб қўйинглар, мен сахийман!”, қабилидан садақа қилсангиз мақтовчиларнинг мақтови сизга фойда бермайди.
Ҳажга эҳром кийишдан олдин ниятингизни тузатинг. Сизнинг молингиз, эҳромингиз, саъйингиз, шайтонга тош отишингиз, қурбонлигингиздан фақат Аллоҳ учун бўлганигина сизга фойда беради. Сизни “Раҳмоннинг меҳмони” дейишлари учун, “фалончи ҳожи” дейишлари учун, обрў учун ҳаж қилган бўлсангиз қилган харажатингиздан, машаққатингиздан бошқа нарса ололмайсиз!
Амаллар ниятга боғлиқ.
Ким бир нарсани қалбдан ният қилса, сўнгра ниятига етишга нимадир халақит қилса Аллоҳ унга ажрини тўлиқ қилиб бераверади.
Ким бир ишни кишиларнинг мақтови, машҳурлик учун қилса ажрини ҳам кишилардан олсин. Аллоҳ таоло унинг амалидан ҳам, ибодатидан ҳам беҳожатдир!
Ниятларимизни тўғри қилайлик!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
НОН КЕРАК...!
Буюк шайх Муҳаммад Қутб 1976 йилда Америка Қўшма Штатларида лекция ўқиётган эди. Одатига кўра лекция мавзуси тарбияга оид эди. Лекция тугагач, асл келиб чиқиши Мисрлик бўлган Канадалик бир киши уни танқид қилмоқчи бўлиб унга деди:
- Тарбиявий гаплардан ҳам зерикиб кетдик. Йигирма-ўттиз йил тарбияланамиз, сўнгра битта золим келиб бизни аввалги жойимизга қайтаради!
Шайх табассум қилиб деди:
- Тилингиздан билиниб турибдики, сиз Мисрликсиз. Фараз қилайлик биз сиз билан Мисрда ҳокимиятни эгалладик. Сизнингча ислом ҳукмига ким қарши чиқади?
- Америка, Исроил, Россия!
- Йўқ! Улар эмас. Аксинча, Мисрнинг билимсиз жоҳил кишилари. Улар мамлакатни эгаллаб ресурсларни тугатгандан сўнг: "Бизга ислом керак эмас, бизга нон керак!", деб додлашади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАНАЗЗУЛ
Антон Чеховдан сўрашди:
- Таназзулга юз бурган жамият қанақа бўлади?
Чехов деди:
- Агар жамиятда арзимас мавзулар жиддий сўзлардан устун бўлганини кўрсанг, арзимас инсонлар марказий ўринни эгаллаганини мулоҳаза қилсанг билгинки, сен таназзулга юз тутган жамиятда турибсан!
Доктор Али Вардий шундай дер эди:
"Жамият кимларни қадрлаётганига қара, ана шунда жамиятдаги устувор йўналишни ва ўша жамиятнинг қаерга қараб кетаётганини биласан!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҲАНЗАЛАГА НИМА БЎЛДИ?!
Ҳанзала ибн Омир розияллоҳу анҳу Уҳуд ғазотидан бир кун аввал Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулнинг қизига уйланди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан келин билан ётишга изн олган эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга рухсат бердилар. Эрталаб “Эй Аллоҳнинг қўшини! Уловларга мининглар!”, деган чақириқни эшитиши билан қурол-яроғини олиб қўшинга етиб олиш учун жанобатдан ғусл ҳам қилмасдан югурди...
Икки қўшин тўқнашгач, уруш қизиди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “ўрнингиздан қимирламанг!”, деган амрларини бузган камончилар хатоси билан мусулмонлар қўшини катта талофот кўрди. Ҳанзала баҳодирларча курашиб собит турди. У Абу Суфённи отидан йиқитди, уни ўлдиришига бир баҳя қолган эди. Шунда мушриклардан бир киши найза билан унинг орқасига урди. Найза унинг кўкрагидан тешиб чиқди.
Ҳанзала башарият тарихидаги энг буюк байроқ бўлмиш Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг байроқлари остида, “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” номли муқаддас шиор ҳимоячиси ўлароқ шаҳид бўлиб йиқилди. Зеро мана шу шиорни олий қилиш учун ер ва осмонлар, бутун махлуқот яратилган, жаннат ва дўзах бозори шунинг учун қоим қилинган эди!
Уруш тугаб, ҳар икки томон вафот этганларни кўздан кечира бошлади. Набий саллолллоҳу алайҳи ва саллам Ҳанзалани суриштирдилар:
“Ҳанзалага нима бўлди? Ҳанзала қани? Мен кумушдан бўлган идишдаги булут суви билан фаришталар уни юваётганини кўрдим!”.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга дейишди:
“У чақириқни эшитибоқ жанобатдан ғус қилмасдан қурол-аслаҳасини кўтариб югурган эди!”.
Ким Аллоҳ учун бир нарсани тарк қилса Аллоҳ унга ундан яхшироғини беради. Ҳанзала янги куёв эканлигини, урушга бора олмаслигини сўраб ёлворса бўлар эди. Агар чиқмаганида уни ҳеч ким маломат ҳам қилмас эди. Уйланганига энди бир неча соат бўлган эди...
Аммо саҳобалар бунақа қилишмайди. Уларнинг наздида Аллоҳнинг амри бошқа буйруқлардан олдин туради. Улар ўз жойларини аниқ билишмайди. Аллоҳ уларни қаерга қўйса ўша жой уларнинг макони бўлади. Ҳанзала Аллоҳ учун ҳамма нарсани тарк қилди. У шу даражада содиқ эдики, чақириқ бўлганида ҳатто жунубликдан ғусл ҳам қилмасдан югурди. Қўшиндан ортда қолишдан қўрқди. Аллоҳ таоло уни ғусл қилдириш учун кумушдан бўлган идишда сув билан фаришталарини юборди.
Саҳобалар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан Ҳанзала ҳақида эшитганларидан сўнг уни қидириб кетишди. Уни топганларида сочларидан сув оқиб турар эди. Буни кўриб уларнинг иймони янада қувватланди!
Аллоҳ истаганидек бўлинг, У ҳам сиз истаганингиздек бўлади.
Фақатгина ниҳояга эътиборни қаратманг. Аллоҳнинг йўлида яшанг. Ҳар бир тасарруфингизда Ундан ўзга ҳеч нарсани истамаслигингизни Унга кўрсата билинг. Ҳар бир чиқарадиган садақангиз Унинг ризоси учун эканлигини Унга кўрсатинг. Оладиган ҳар бир кўнглингиздан Унинг розилигини кўзлаганингизни Унга кўрсатинг. Агар сиз Унинг йўлида молингиз ва жонингизни тикар экансиз қўрқманг, Аллоҳ вафолилар вафолисидир. Оқибатингиз албатта хайрли бўлади!
Аллоҳим! Оқибатимизни хайрли қилгин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТЕРРОР
Америка Қўшма Штатларига асос солинганига 241(милодий 1776й) йил бўлди. Шундан 228 йили қайсидир давлат билан уруш ҳолатида ўтган. Демак бор-йўғи 19 йил тинч турган. Эҳтимол ўшанда ҳам бекор турмасдан уруш ва талончилик режасини қилган бўлса ажаб эмас!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Мен билган нарса шу, гапирмасдан жим ўтирганларга ҳақ берилмас экан!".
Малкольм Икс
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
قَلِيلًا مَّا تَشْكُرُونَ
Аъроф сураси 10-оят
Яъни, " Жуда оз шукр қиласизлар!".
Солиҳлардан бирининг боши кал, бадани пес, икки кўзи кўр ва оёқ-қўли ишламас эди. У доимо: "Кўпчилик мубтало бўлган нарсадан мени омонда қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин!", дер эди.
Шундай деб турганида унинг олдидан бир киши ўтиб қолди ва унинг гапларидан таажжубланиб сўради:
- Сени Аллоҳ кўзларингни кўр қилган бўлса, баданинг пес бўлган бўлса, оёқ-қўлларинг ишламаса, бошингда соч бўлмаса, яна нимадан сени омонда қилди?!
Солиҳ инсон деди:
- Ҳолингга вой сени! Ахир У менинг тилимни зикр қиладиган, қалбимни шукр қиладиган қилди. Менга балоларга сабр қиладиган тана берди!
Афсуски, кўпчилик шукр қилишга муносиб неъмат фақатгина мол деб билади. Кўрадиган кўзларини унутади. Ҳолбуки икки кўзи кўрлар қанча...
Ушлайдиган, тақдим қиладиган қўлларини унутади. Ҳолбуки икки қўли йўқлар қанча...
Юрадиган оёғи борлигини унутади. Ҳолбуки оёғи йўқлар қанча...
Аллоҳим! Ўзингга ҳамдлар бўлсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ТАВОЗУ
Умавийларнинг тўққизинчи халифаси Язид ибн Абдулмалик имом Макҳул роҳимаҳуллоҳнинг дарсига қатнашар эди. Халифа келганида кишилар унга йўл бериб жой бўшатишга ҳаракат қилишар, имом Макҳул уларга: "Турманглар, келган жойига ўтираверсин. Тавозуни ўргансин!", дер эди!
Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг дарс ҳалқасида беш минг ёки ундан кўпроқ кишилар жамланишар, шулардан беш юзтаси дарсни ёзиб олар, қолгани ахлоқ ва одоб ўрганар эди!
Саҳобий Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу Қурайшнинг улуғларидан эди. Ёши ҳам анча катта бўлишига қарамасдан ёш сахобий Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан дарс олар эди. Ундан сўрашди:
- Сиз шу боладан дарс оласизми?
Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳу шундай жавоб берди:
- Қўяверинглар, кибр бизни ҳалок қилаёзди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
МАКТУБ
Мазлумнинг золимга мактуби:
"Мени келажакда фарзандларингни ноқобиллигида кўрасан, атрофингдагиларнинг хиёнатида кўрасан, дўстларингни ташлаб кетишида кўрасан...
Мени мустажоб бўлмаётган дуоларингда кўрасан, парчаланган орзуларингда кўрасан, беморлигинг, заифлигинг, пулинг кўпайиб қудратли бўлган пайтингдаги ожизлигингда кўрасан.
Аллоҳ келажакда менинг қочган уйқумни сенга беради, ташвишимни сенга беради, маҳзунлигимни сенга беради...
Менинг қалбим синганини сен қариганингда топасан, менинг мусибатим сенга қувватинг қолмаганида келади. Бутун умр зулм ила топганингни бир кунлик беморлигингга алмашишга тайёр бўласан. Аммо иложи бўлмайди...
Бу мана шу дунёдагиси. Охиратдагиси эса бундан анча оғир бўлади...!
Бу интиқом эмас, бу энди адолат бўлади!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАЕРДАН БИЛАСИЗ?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида икки ака-ука бор эди. Бири бошқасидан солиҳроқ ва яхшироқ эди. Мана шу солиҳ йигит вафот қилди. Бундан қирқ кун ўтиб наригиси ҳам вафот қилди.
Саҳобалар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида биринчисининг фазилатини гапириб мақташди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Кейингиси мусулмон эмасмиди?
-Мусулмон эди, эй Аллоҳнинг Расули!
Шунда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Унинг намози қай даражага олиб чиққанини сизлар қаердан биласиз?!
Намоз худди эшигингиз олдидан тўлиб оқадиган анҳорга ўхшайди. Унга ҳар куни беш марта чўмиласиз. Баданингизда кир қоладими?!
Узоқ умр мўъминга яхшиликни зиёда қилади. Ҳар доим у Аллоҳ томон ҳаракат қилади. Кунлар ғаниматдир. Солиҳ инсон бу фурсатларни ғанимат билиб Аллоҳнинг ҳадяларини қабул қилади. Ярамас инсон эса фурсатларни қўлдан чиқариб бу ҳадяларни қабул қилмайди!
Ўзингиздан олдин ўтган солиҳлардан, қолган ҳаётингиз ила ўзиб кетишингиз мумкин. Эҳтимол жаннатингиз олдингиздадир, эҳтимол уни энди топарсиз!
Зинокор аёлни бир итни суғоргани учун жаннатга киритган Роббингиз йўлингизда қанча-қанча сувсаган қалбларни қўйибди. Уларни ширин сўзларингиз билан суғоринг. Буни ғанимат билинг!
Йўлда мусулмонларга ҳалақит бериб турган шохни четга олиб ташлаган кишини жаннатга киритган Роббингиз йўлингизда тойилган, қарзга ботган, бемор бўлган, маҳзун инсонларни қўйибди. Уларни ғанимат билинг ва ҳаракат қилинг!
Ҳеч бир яхшилиги бўлмаган, фақатгина моли бўлиб, ходимларидан қийналиб қолган қарздорлардан ўтиб юборишни, уларга қарзни енгиллатиб беришни талаб қилган бойнинг гуноҳларини ўтиб юбориб жаннатига киритган Роббингиз олдингизда минглаб муҳтожларни қўйибди. Шошилинг!
Бир осий киши бор эди. У фарзандларига агар вафот қилса танасини куйдиришларини, кулини шамол келганида совуришларини васият қилди. Улар айтганидек қилишди. Аллоҳ таоло унинг аъзоларини сочилган кулдан қайта жамлади ва нега бундай васият қилганини сўради. Осий банда деди: “Сендан қўрқдим эй Роббим!”. Аллоҳ таоло уни жаннатига киритди!
Сиз ҳамон ҳаётсиз. Тоат ва яхшиликлар қилишга, хатоларингиз учун йиғлашга имконингиз бор. Шошилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЁЛҒОН
Мактаб даврида бизга ҳалқаро қонунлар, БМТ хартияси, Женева шартномаси, инсон ҳуқуқлари ташкилоти каби нарсаларни ўргатишар эди.
Катта бўлиб билдикки, буларнинг бари ёлғон экан. Бу ташкилотлар кимларнингдир манфаатига хизмат қилар экан. Ягона тўлиқ амал қилинаётган қонун Маугли мултфильмидаги "ўрмон қонуни" экан!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚАНДАЙ БЎЛСА ШУНДАЙ...
Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига Барийра исмли чўри келди. Уни озод қилишга ёрдам беришини сўради. Оиша розияллоҳу анҳо деди:
- Агар истасанг пулни аҳлингга бераман, аммо валойинг (мерос олиш ҳуқуқи) меники бўлади!
Унинг аҳли эса Барийрага шундай дейишди:
- Истасанг у сени озод қилаверсин, аммо валойинг бизники бўлади!
Оиша розияллоҳу анҳо буни Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга айтди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Уни сотиб олиб озод қил. Мерос озод қилганники бўлади!
Сўнгра минбарга чиқиб дедилар:
"Одамларга нима бўлганки, Аллоҳнинг китобида бўлмаган шартларни қўйишади?!
Бир киши Аллоҳнинг китобида бўлмаган шартни минг марта қўйсада, вало уники бўлмайди.
Ҳадисда келган валонинг маъноси шуки, қулни озод қилган кишига қул билан худди қариндошлар сингари силаи-раҳм боғланади. Озод қилинган қул вафот қилса унинг мероси озод қилган кишига бўлади. Исломда вало хўжайинники эмас, балки қулни озод қилган кишиникидир. Қайси ишда бўлмасин, муаммо қанақа бўлмасин, майдон қанақа бўлмасин ҳеч кимнинг Аллоҳнинг китоби ва суннатда бўлмаган шартни қўйишга ҳаққи йўқ.
Никоҳда Аллоҳ ҳаром қилган шартни қўйиш жоиз эмас.
Талоқда талоқ қилиш учун хотиндан болаларини ажратиб олишни шарт қилиш жоиз эмас.
Меросда бир фарзандга ўзи ҳақли бўлган ҳақдан кўпроқ бериш жоиз эмас.
Дин фақатгина намоз, рўза ва закотдан иборат ибодатлар эмас.
Дин бу шариат, муомалот ва қонунлардир. У қандай келган бўлса шундай олинади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Кишилар орасида бир ёмонлик тарқаса уни инкор қилиш вожиб бўлади. Ўша мункар иш яна такрор бўлса уни такроран инкор қилиш вожиб бўлади. Тоинки, ўша мункар иш кишилар зеҳнида яхши ишга айланиб қолмасин, унинг муҳаббати қалблардан жой олмасин!
"Олим ока"ни ҳамма "қаҳрамон" қилиб юборди. Ҳатто рекламаларда ҳам чиқа бошладилар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЭСДАН ЧИҚМАЙДИ!
Муаййадуддин ибнул Алқамий тарих китобларида доимо зикр қилинади. Чунки у мўғул ҳукмдори Хологунинг мусулмонлар ичидаги жосуси, Аллоҳга ва Унинг динига хиёнат қилган рофизий-шиалардан бўлган, сўнгра муртад бўлган, разил ва ифлос шахслардан биридир...
Мусулмонларнинг мўғуллар томонидан мағлуб қилинганига, пойтахт Бағдоднинг қулаганига 800 йил бўлди. Сотқин ва хоинлар шунча йиллардан бери тарих қаъридан чиқиб кета олишмаяпти....
Эҳтимол кишилар сизни вафот қилганингиздан кейин яхшилик билан эсламаслар. Бу унча қўрқинчли эмас. Аммо юзлаб йиллар хоин ва сотқин сифатида эслашлари чинакам даҳшатдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЮМШОҚЛИК ҚАЙСИ НАРСАДА БЎЛСА УНИ ЗИЙНАТЛАЙДИ!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам осон чиқишадиган, юмшоқ, бағрикенг ва кишиларга яқин инсон эдилар. Оиша розияллоҳу анҳодан у кишининг хулқлари ҳақида сўрашганда: “У кишининг хулқлари қуръон эди!”, деганлар.
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга юмшоқликнинг аҳамияти ҳақида гапириб шундай дедилар: “Нима нарсада юмшоқлик бўлса, уни зийнатлайди. Нима нарсадан юмшоқлик суғуриб олинса, уни айблайди!”.
Аммо юмшоқликнинг ҳам ўз ўрни бор. Қаттиққўл бўлишнинг ҳам ўз ўрни бор. Қаттиққўлликнинг ўрнига юмшоқликни қўйиш аҳмоқликдир. Тескариси ҳам шундай!
Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифаликка Умар розияллоҳу анҳуни кўрсатганида саҳобалар бу қарорга қарши чиқиб шундай дейишган эди:
“Умар жуда ҳам қаттиққўл. Сен халифа бўл, у сенга ёрдамчи бўлсин. У халифа бўлса нималар қилмайди дейсан!”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу деди:
“Умар менинг юмшоқлигимни кўриб қаттиққўллик қилади. Менинг юмшоқлигимни ўзининг шиддати билан тўғрилаб туради. Агар у бошлиқ бўлса бошқача бўлиши аниқ!”.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг фаросати тўғри чиқди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиққўл бўлса ҳам ўрнида юмшоқлигини йўқотмади. Юмшоқлик қилганида ҳам ўрнида қаттиққўллиги йўқолмас эди. Унинг буюклигининг сири ана шунда эди!
Зиёд ибн Абиҳ айтади:
“Муовия мени бир марта мағлуб қилган. Мен бир кишини ишлатдим. У менинг бир нарсамни синдириб қўйди. Сўнгра жазолашимдан қўрқди. Менинг олдимдан Муовиянинг олдига қочиб борди. Мен Муовияга мактуб ёздим: “Сенинг бу ишинг унинг учун ёмон ибратдир!”.
Зиёд бу гапи билан Муовияга “сен уни ҳимоя қилиб ёмон ишга уни шижоатлантираяпсан!”, демоқчи бўлди. Зиёд айтади:
“Муовия менга шундай мактуб битди: “Инсонлар устидан иккимиз бир хил сиёсат юритмаслигимиз лозим. Уларга иккимиз бирдан юмшаб ҳам юбормайликки, улар бемалол жиноят қилишмасин. Уларга иккимиз бирдан қаттиққўллик ҳам қилмайликки, улар ҳалок бўлишмасин. Сен қаттиққўл ва дағал бўлганингда мен юмшоқ ва бағрикенг бўлишим керак!”.
Давлатни бошқаришдаги буюк дарс бу. Уйларни бошқаришда ҳам буни ишга солса бўлади. Ота-она бирдан қаттиққўллик қилишса болани синдириб қўйишлари мумкин. Бунда уй ҳарбий казармага айланади. Агар улар бирга юмшоқлик қилишса ҳам болалар зое бўлади. Тарбия кафолати учун баъзан қаттиққўллик ҳам керак бўлади!
Шунинг учун ота-оналар қаттиққўллик ва юмшоқликда навбат қилишлари керак. Ота қаттиққўл бўлганида она меҳрибон бўлиб туриши керак. Фарзандларига хатоларини сокинлик билан тушунтириши, ишни ислоҳ қилиши керак. Оталаридан узр сўрашлари лозимлигини уларга тушунтириши лозим. Ана шунда ҳамма нарса ўз ўрнига тушади.
Она қаттиққўллик қилганида эса ота юмшоқ бўлиб туриши керак. Чунки биз болаларни тарбия қилмоқчимиз, синдирмоқчи эмасмиз. Уларни тузатишни мақсад қилганмиз, мағлуб қилишни эмас!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
КАМАЙМАЙДИ
Бир киши Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради:
- Эй Аллоҳнинг Расули! Садақанинг қайси бири яхшироқ?
Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Соғлом, зиқна бўлган пайтингдаги, фақирликдан қўрқадиган, бойликка қизиқадиган пайтингдаги садақа энг афзалдир. Жонинг ҳалқумингга етиб бориб: "Бу фалончига, бу пистончига!", дейдиган пайтни кутиб ўтирма. Шундоқ ҳам у пайтда молинг фалончиники бўлиб бўлади!
Ўзингиздан кейин меросхўрларингизни ўйлашингиз албатта яхши. Аммо ўзингизни ҳам унутманг.
Садақа билан тўлдиришингиз лозим бўлган саҳифангизни эсингиздан чиқмасин.
Кишиларга ёрдам қўлини чўзиб мунаввар қиладиган қабрингизни унутманг.
Ким бир фақирнинг ўзгаларга тиланчилик қилиб қўл чўзишдан сақлаб қолса Аллоҳ унинг қўлини ўзгаларга тиланиб чўзилишдан сақлайди.
Ким бир мискиннинг ҳожатини раво қилса Аллоҳ уни мискинликка тушиб қолишдан сақлайди.
Садақага мана шундай ишонч билан ёндашиш лозим.
Ҳамма нарсани қоғоз-қалам билан ҳисоблайверманг. Бизнинг Набиййимиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам садақадан мол камаймаслигини айтиб қасам ичганлар!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БЎЛДИМИ?
Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Сияру аъломин нубало” китобида Оиша розияллоҳу анҳонинг таржимаи ҳолида қуйидаги воқеани келтиради:
“Оиша розияллоҳу анҳо дейди:
“Ҳабашлар масжидга кириб ўйнай бошлашди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам мендан сўрадилар:
-Эй Ҳумайро! Уларни кўришни истайсанми?
-Ҳа!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам эшикнинг олдида турдилар мен келиб иягимни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг елкаларига қўйиб, юзимни юзларига теккизиб уларни томоша қилдим. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Бўлдими?
-Шошмай туринг эй Аллоҳнинг Расули!
Кейинроқ яна сўрадилар:
-Бўлдими?
Мен яна дедим:
-Шошмай туринг эй Аллоҳнинг Расули!
Аслида мен уларга қарашни унчалик ҳам истамаётган эдим. Мақсадим аёлларга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг менга бўлган эътиборлари, менинг у зотга нисбатан тутган ўрним ҳақидаги гаплар етиб бориши эди!”.
Кимдан ажабланишни ҳам билмайсан киши. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг гарданларида мағриб ва машриқдаги барча мусулмонларни даъват қилиш вазифаси турибди. Қолаверса ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан жамиятни бошқариш бурчи ҳам бор. Аммо у зотни буларнинг бари яхши ва меҳрибон турмуш ўртоғи бўлишдан чалғита олмаяпти. Хотинларининг кўнглини олишни истаяптилар. Ҳабашлар ўйини унга ёқади деб ўйлаб, уни томоша қилишни тавсия қилмоқдалар. Аслида Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам агар Оиша розияллоҳу анҳонинг найза билан ўйин кўрсатаётган ҳабашларни томоша қилишини сўрашини кутиб турсалар иш анча оддий бўлар эди. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ишнинг оддий бўлишини истамадилар. У зотдаги макорими ахлоқ ақлни олади. У зот Оиша розияллоҳу анҳога мос, Оиша розияллоҳу анҳо у зотга мос. У зот биринчи бўладилар, сўрайдилар, ташвишланадилар, қайғурадилар!
Оиша розияллоҳу анҳо эса туйғулари ила, аёллиги ила, рашки ила яшашдан хижолат бўлмайди. Ҳалол муҳаббатдан ҳам гўзал нима бор?!
Тақво номидан туйғуларни ўлдириш, уларни яксон қилиш диндан эмас. Бу дин ғаризаларни яксон қилиш учун келмаган. Аксинча уларни тартибга солиш учун келган. Динимиз инсонларга ҳалолдан фойдаланиш майдонини очиқ қолдиради!
Оиша розияллоҳу анҳо қалбидагиларни кундошларига очиқ айтишдан ҳам хижолат қилмаяпти.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам “Бўлдими?” деганларида аслида Оиша розияллоҳу анҳо ўйиндан тўйиб бўлган эди, томошадан ўз насибасини олиб бўлган эди. Аммо “шошмай туринг эй Аллоҳнинг Расули!”, дейишдан мақсади кундошларига Набий алайҳис саломнинг унинг учун туриб беришларини уларга билдириш, у зотнинг қалбларидан нечоғли жой олганини уларга кўрсатиш эди!
Аёл аёллигича қолаверади. Иймон унинг табиатини, ғаризасини, фитратини ўзгартира олмайди. Иймон фақатгина бу нарсаларга одоб ўргатади!
Эркак эркаклигича қолаверади. Иймон унинг табиатини, ғаризасини, фитратини ўзгартира олмайди. Иймон фақатгина бу нарсаларга одоб ўргатади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ВАЗИФАМИЗ
Бир аъробий масжидда бавл қилди. Уни қайтариш учун саҳобалар ўринларидан туришди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Унга тегманглар!", дедилар.
Ё Роббий!
Аъробий ишини тугатиб бўлгач, саҳобаларга унинг бавл қилган жойига сув қуйиб юборишни амр қилдилар. Сўнгра уларга Аллоҳ томон даъват борасидаги энг муҳим дарсни бердилар:
"Сизлар қийинлаштирувчи қилиб эмас, енгиллаштирувчи қилиб юборилгансиз!".
Аллоҳ таоло қилич билан очмаган қалбларни юмшоқлик ва раҳмат билан очади.
Қўпол ва дағаллик билан ҳидоят қилмаган кишиларни, ширин сўз билан ҳидоят қилади.
Гуноҳкор инсон агар даъватчида муҳаббат ва шафқатни кўрмаса уни гуноҳни тарк қилишга нима ундаши мумкин ахир?!
Мавъизадаги қаттиққўллик кўпинча кишиларни саркаш қилиб қўяди. Улар гуноҳда давом этаверишади.
Бизнинг вазифамиз кишиларнинг оёғини Аллоҳ томон олиб борадиган йўлга қўймоқдир. Улар билан Аллоҳнинг ўртасига тушиш бизга эмас!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
УНУТМАНГ
"Бу дин бизга қандай етиб келган?
Муборак динимиз бизга етиб келиши учун Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан 80% шаҳид бўлган. Яъни, ҳар беш саҳобадан тўрти шаҳид бўлган!".
Маҳмуд Шит Хаттоб
Ироқлик тарихчи
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Қуртубада оддий узум сотувчиси йўлда ўтириб китоб ўқиши, ёзиши, шеър ийжод қилиши мумкин эди. Европа қироллари эса омий бўлиб ҳатто исмини ҳам ёза олмас эди!".
Гюстав Лебон
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Ҳаёт сафари мобайнида кўпгина дўстларни, ўртоқларни ва танишларни йўқотиб борасиз...
Ғарибликка одатланасиз. Ҳеч нарса аввалгидек бўлмайди. Атрофингиздаги ҳамма нарса ўзгаради...
Бундай ҳолатда ҳеч маҳзун бўлманг. Ҳеч нарсага эътибор берманг. Фақатгина ўзингиз қандай бўлсангиз шундайлигингизча қолсангиз бўлди.
Ўзингизни йўқотсангиз зое бўласиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Кўп нарсалар қалбимизни парчалаяпти, аммо кўзимизни ҳам очаяпти!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
У ЕРДА ЖАННАТЛАР БОР!
Ҳориса ибн Суроқа розияллоҳу анҳуга Бадр кунида қаердандир бир дайди ўқ келиб тегди ва шаҳид бўлди. Ўқ мушриклардан келдими ёки мусулмонлардан келдими ҳеч ким билмади. Кишилар гўё унинг шаҳид бўлганидан шак қилгандек ҳар-хил гапларни гапира бошлашди.
Унинг онаси Рубаййиъ бинт Назр Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Менга Ҳориса ҳақида хабар беринг. Агар у яхшиликка эришган бўлиб жаннатда бўлса Аллоҳдан савоб умид қилиб сабр қиламан. Агар яхшиликка эришмаган бўлса дуо қиламан!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Эй Умму Ҳориса! У ерда жаннат эмас, жаннатлар бор. Ўғлинг Ҳориса Фирдавсул Аълодадир. Фирдавс жаннатнинг юқориси, ўртаси ва афзалидир!
Инсоннинг қандай ўлиши муҳим эмас. Аксинча, ўладиган пайтида қаерга кетмоқда, шу муҳим. Қалб Аллоҳ томон йўлга чиққан бўлса дайди ўқ келиб тегадими ёки мақсадли ўқ келиб тегадими, фарқи йўқ.
Киши автоҳалокатга учрайдими, бемор бўлиб вафот этадими, куйиб ҳалок бўладими, бу муҳим эмас. Муҳими, ўша лаҳзада Аллоҳнинг муҳаббати унинг қалбидан қанчалар ўрин эгаллаганидир!
Тўқсон тўққизта инсонни ўлдирган киши бир обиднинг олдига келиб ундан тавбага йўл бор ёки йўқлигини сўрайди. Обид тавбага йўл йўқлигини айтади. Ҳалиги қотил уни ҳам ўлдириб ўлдирилганлар сонини юзтага етказади. Сўнгра яна тавба қилмоқчи бўлиб бир олимнинг олдига келади. Олим унга тавба эшиги очиқлигини, Аллоҳнинг раҳмати инсоннинг гуноҳи қай даражага етмасин ундан ҳам кенглигини айтади. Аммо у ўша гуноҳ қилган қишлоғини тарк қилиши лозимлигини, яхши инсонларнинг қишлоғига бориши кераклигини айтади. Ҳалиги киши тавбага азму-қарор қилиб солиҳлар қишлоғи томон йўлга чиқади. Йўлнинг ўртасига етиб борганида вафот қилади. Унинг нияти яхши бўлгани учун азоб фаришталари эмас, раҳмат фаришталари олиб кетади!
Ниятингиз доим Аллоҳ бўлсин. Унинг розилигини доимо кўз олдингизда қўйинг. Аллоҳ таоло сизга тоат эшигини очса уни сиз беркитманг. Агар шайтон сизга маъсият эшигини очса ундан қайтишга шошилинг. Тоатни кўпайтиринг, гуноҳларга истиғфор айтинг. Қалбингизда Аллоҳдан ўзга ҳеч нарса йўқлигини Аллоҳга кўрсата билинг. Мана шулардан сўнг ниҳоянгиз нима бўлса бўлаверсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЎЗГАЛАР ҲИСОБИДАН БЎЛМАСИН!
Ўзгалар ҳисобидан бахтли бўлишга уринманг...
Хатоларингизни оқлаш учун бошқаларга зулм қилманг...
Фарзандларингизга овқат едириш учун ватанни тунаманг. Йўқса фарзандингиз қароқчи бўлади...
Баъзилар бор, минг сўмни олиш учун бошқаларнинг елкасига бемалол оёғини қўя олади.
Бахтингизни кишиларнинг аламидан, оғриқидан узоқда қилишга ҳаракат қилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"Шайтон ўз мақсадига эришиш йўлида ҳатто муқаддас китобни ҳам ўқишга мажбур бўлади!".
Вильям Шекспир
/channel/Abdulqodir_Polvonov
БИР ОЯТ
وَكُلُّهُمْ آتِيهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ فَرْدًا
Марям сураси 95-оят
Яъни, "Уларнинг барчалари У зотнинг ҳузурига қиёмат куни ёлғиз ҳолларида келгувчидирлар!".
Роббимиз ҳузурига мана шундай ёлғиз борамиз.
Жамлаган молимиз ҳам қолади...
Эгаллаган баланд мансабимиз ҳам қолади...
Бизни ҳимоя қиладиган оиламиз хам қолади...
Қиладиган ишларимиз қолиб кетади...
Ривоятларда келишича, султон Сулаймон Қонуний ўлими яқинлашганида атрофидагиларга тобутдан қўлини чиқариб қўйишларини васият қилади. Сабаби, кишилар билсинки, султон дунёдан қўллари бўш ҳолда кетмоқда.
Дунёда ишлаш, меҳнат қилишнинг зарари йўқ. Аммо бу охиратини унутиш эвазига бўлмаслиги керак.
Уйимизни гўзал қилишимизнинг зарари йўқ. Аммо қабрни ҳароб қилиш эвазига эмас!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЗАИФЛАРИНГИЗ САБАБЛИ...
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўлжа тарқатаётган эдилар. Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу буни кузатиб турди. Инсонлар бир хил бўлмайди. Жангда доим сафларни ёриб кирадиган ботирлар бўлади. Гоҳида ёши катталар, заифлар қатнашади. Гоҳида қўрқоқлар ҳам қатнашиб сафнинг охирларида юришади.
Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаммага бир хил ўлжа тарқатар эдилар. Шижоатли чавандозга ҳам қариб қолган жангчиларнинг улуши каби ўлжа тарқатар эдилар. Саъд ибн Аби Ваққос ўзини кишилардан ортиқроқ деб билди. Менинг улушим кўпроқ бўлиши керак, деб ўйлади ва Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Бир киши кўпчиликнинг ишини қилиши мумкин. Унинг ҳам улуши бошқаларнинг улуши каби бўлаверадими?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Эй Саъд! Онанг сени йўқотсин! Ахир сизлар заифларингиз туфайли ризқланасизлар, сизларга улар сабабли нусрат берилади-ку!
Эътибор беринг, биз заифларимиз туфайли ризқланиб, улар сабабли нусратга эга бўлар эканмиз!
Эҳтимол сизнинг ризқингиз қариб қолган ота-онангизга қилаётган яхшилигингиз туфайли кўпайиб келаётгандир. Сизга юборилаётган ризққа Аллоҳ уларни сабаб қилаётгандир. Агар уларга яхшилик қилмаганингизда бу ризқ эҳтимол сизники бўлмас!
Эҳтимол Аллоҳ таоло сизга ризқни зўрға тирикчилик қилаётган бир мискин қўшнингизга берган махфий ёрдамингиз туфайли бераётгандир. Зеро сиз унинг эҳтиёжларини қопладингиз, юзининг сувини сақладингиз. Аллоҳ таоло эҳтимол буни кўриб, садақа бермаганингизда сизга берилмаслиги керак бўлган ризқни сизга бергандир!
Эҳтимол Аллоҳ таоло сизга ризқни ногирон фарзандингизга нолимасдан хизмат қилганингиз, “уфф” демаганингиз учун, уни даволашда бахиллик қилмасдан сарфлаганингиз учун кўпайтараётгандир. Сиз ризқланаяпман деб ўйлаб юрибсиз, эҳтимол Аллоҳнинг ҳузурида ризқингиз сабаби ногирон фарзандингиздир!
“Руҳул баён” тафсирининг соҳиби айтади:
“Бани Исроил Пайғамбарларидан бирига Аллоҳ таоло шундай ваҳий қилди: “Мен фалончининг умрини ярмини фақирликда, қолган ярмини бойликда ўтказишини тақдир қилдим. Ундан сўра, қайси бирини олдин хоҳлайди!”.
Пайғамбар у кишини чақириб бор гапни айтди. У киши хотини билан маслаҳат қилиб жавоб беришини айтди.
У оиласига бориб маслаҳат қилди. Сўнгра Пайғамбарга бориб бойлик олдин келиши кераклигини айтди. Аллоҳ таоло уларга бойлик эшикларини очиб юборди. Эр-хотин ўзларига қанча сарфлашса атрофларидаги фақирларга ҳам шунча сарфлашар эди. Умрнинг ярми ўтди. Бойлик камаймас эди. Пайғамбар Аллоҳдан бойлик нега кўтарилмаётганини сўради. Аллоҳ таоло у кишининг шукрли банда эканлигини, шукрлиларга эса неъматларини зиёда қилишини, унинг бутун умри бойликда ўтишини айтиб ваҳий қилди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ЯЛОҚИЛАР
Баъзилар поябзал ялтиратиш ҳунаридан орланишади. Жамият чунки бу касбга эътиборсизроқда....
Аммо ўша орланаётганларнинг баъзилари поябзалдан ҳам ифлосроқ шахсларни ялтиратишда, уларга пахта қўйишда, ялоқилик қилишда мусобақа қилишади. Бунақалардан ҳалол меҳнат қилаётган поябзал таъмирловчилар анча устун ва шарафли ҳисобланади.
Асосига эга бўлмасдан, пойдеворсиз яшаганлар албатта шарафсиз ўлим топади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бир куни Абул Аъло Мавдудий роҳимаҳуллоҳ хутба қилаётганида унга ўқ узишди. Шунда кишилардан бир уни ҳимоя қилиш мақсадида унга деди:
- Ўтиринг!
Абул Аъло деди:
- Бугун мен ўтирсам ким туради?!
/channel/Abdulqodir_Polvonov