Фақатгина боболари буюклигини куйлайдиган халқ билан фарзандларига буюк келажак бино қилаётган халқнинг ўртасида жуда катта фарқ бор!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Гапиришингиздан мақсад аудиториянинг олқиши ёки обрўли инсонларга яқинлашиш бўлса бугун ёки эртага албатта фош бўласиз, шарманда бўласиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“ҲЕЧ УНУТА ОЛМАЙМАН!”.
Инсонлар гоҳида биздан муаммоларини ҳал қилишимизни талаб қилишмайди, улардан ташвишланаётганимизни билишса шунинг ўзи етади.
Саховат фақатгина мол билан бўлмайди. Эътибор ҳам саховатдир. Гоҳида ҳамдардлик бутун дунё молига тенг келиши мумкин.
Ифк ҳодисасида Оиша розиёллоҳу анҳонинг олдига ансорийлардан бир аёл кирди. Аммо мусибатнинг зўридан Оиша онамизга бирор оғиз тасалли бирадиган сўз айтмади. Фақатгина бирга йиғлаб ўтирди холос.
Оиша розиёллоҳу анҳо: “Уни ҳеч қачон унута олмайман!”, деганлар!
Маҳзунлик қувватни мағлуб қилади. Сизни кўрган кишилар омонлик ҳис қилишсин. Маҳзуннинг кўз ёшларини артинг. Ҳеч кими йўқнинг елкасини силанг. Яқинини йўқотганни қучоқланг, ҳамдард бўлинг. Кўринмай кетган кишингизни йўқланг!
Бу унчалик катта қаҳрамонлик талаб қилмайди. Инсон бўлсангиз бўлди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Диплом сизнинг ўқиганингизни билдиради, тушунганингизни эмас!
Нажиб Маҳфуз
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“ОЧЛИКЛАРИНИ ЮЗЛАРИДАН БИЛДИМ!”.
Ансорлардан Абу Шуъайб деган киши ўзининг хизматкорга деди:
-Таом ҳозирла. Мен беш кишини чақираман. Улар ичида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам бўладилар. У зотнинг очликларини юзларидан билдим!
Абу Шуъайб уларни чақирди. Улар орасида олтинчи киши ҳам бор эди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Бу бизга эргашди. Агар сен рухсат берсанг киради. Рухсат бермасанг қайтиб кетади!
Абу Шуъайб деди:
-Кираверсин, рухсат!
Озроқ эътиборли бўлинг. Кишиларнинг эҳтиёжи юзидан билинади.
Қайғули овозда кўз ёши бўлади. Огоҳ бўлинг!
Маҳзун овозда ёрдамга эҳтиёж бўлиши мумкин. Эҳтиёт бўлинг!
Титроқ қўлларда зое бўлган руҳ бўлиши мумкин. Билмаганга олманг!
Паришон хаёлда чуқур жароҳат ёки ғоибдаги кишини соғинчи бўлиши мумкин. Ўзингизни кўрмасликка олманг!
Тутилиб гапирилган гап ортида ташвиш кўмилган бўлиши мумкин. Эътиборлироқ бўлинг!
Инсон ўзидаги ҳамма нарсани айтмаслиги мумкин, аммо уни кўрса бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“ЭЙ МУОЗ! АЛЛОҲГА ҚАСАМКИ, СЕНИ ЯХШИ КЎРАМАН!”.
Тасаввур қилаяпман, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бу гапни эшитган Муоз розиёллоҳу анҳуга қанот чиқиб учган!
Ўзи шундоқ ҳам Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Муоз розиёллоҳу анҳуга бўлган муҳаббатлари махфий эмас эди. Уни билдиришга эҳтиёж ҳам йўқ эди. Аммо Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг сўзлари қалбларга нечоғли таъсир қилишини яхши билар эдилар.
Дунёда шунақа сўзлар борки. У инсонни асир қилади. Уни билсакда, яна эшитгимиз келаверади.
Биз ўзимиз билган кўп сўзларни эшитишга муҳтожмиз. Уни ҳатто ёдлаб ташлаган бўлсакда, эшитишга муҳтожмиз. У сўзларни эшитишимиз билан севинамиз, мамнун бўламиз!
Бу каби сўзлар худди онанинг боласининг бошига қўл қўйганида тинчлангани каби бизни тинчлантиради. Бу каби сўзлар хавфда турган кишини қучоққа олсангиз нақадар тинчлантирса, бизни ҳам шу қадар тинчлантиради. Бу каби сўзлар ёмғир ерни қанчалар тирилтирса, бизни ҳам шу қадар тирилтиради!
Туйғуларингизни яширманг. Уларни изҳор қилинг. Туйғуларингиз билан яшанг. Улардан лаззатланинг.
Ҳаммамиз бу каби сўзларга муҳтожлигимиз қадар уларни ўзгаларга тақдим қилишга ҳам муҳтожмиз!
Азизларим! Исломий биродарларим, ака-укаларим, опа-сингилларим! Сизларни яхши кўраман. Аллоҳ саломат қилсин. Сизга икки дунё саодатини тилайман. Сиз бўлмасангиз биз ҳеч киммиз!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚОРБОБО.
Салом Қорбобо!
Биринчи бор сиз ҳақингизда эшитганимда гўдак эдим. Менга хабар беришган эдики, сиз янги йил кечаси мўридан совғалар тўла қопингиз билан уйга кириб бизга ўйинчоқлар берар экансиз. Табиийки, ўша оқшом уйимизнинг мўриси бўлмасада сизни интизор бўлиб кутдим. Ҳатто хаёлимга келмабтики, сизнинг кийикларингиз ва аравангиз мўри тугул уйимиз томида ҳам сиғмас экан.
Муҳими сиз келмадингиз. Мен ўзимча уйимизда мўри ёки бошқа шароитлар бўлмагани учун келмадингиз деб ўйлаганман ўшанда. Сиз ҳақингизда менга сўзлаб берган устозимизга ўша кеча сизни шифтга қараб қанчалар интизорлик билан кутганимни айтиб бердим. У менга деди:
- Қорбобо фақат мўридан келади-да!
Мен устозимга дедим:
- Уйларида мўри бўлган болалар ўйинчоқларга муҳтож эмас!
Устозим менга даҳшат ила боқиб деди:
- Қорбобога бир мактуб ёзиб уни пайпоғинг ичига солиб қўй. Унга бу мулоҳазангни айт!
Табиийки, мен сизга мактуб ёзишга қарор қилдим. Аммо пайпоқларимнинг бари йиртиқ эди. Бутун пайпоғим йўқ экан. Сўнг сизга мактуб битиш фикридан қайтдим.
Ўша кеча онамдан менга совға сотиб олишларини сўрадим. Онам авлиё. Аммо у киши ҳақиқий авлиё. Сиздек эмас. Кўп намоз ўқийдилар. Қуръон тиловат қиладилар. Уйга мўридан эмас, эшикдан кирадилар. Онам менга:
- Иншааллоҳ бир ҳафтадан сўнг ўйинчоқ сотиб олиб бераман, дедилар.
- Нега бир ҳафтадан сўнг?
- Чунки биз бошқаларга ўхшамаслигимиз лозим.
- Бошқалар ким? Уйларида мўри борларми?
- Йўқ! Бошқалар деганим қорбобонинг борлигига ва мўридан тушишига ишонадиганлар!
- Кийиклар ва аравачи?
Онам табассум қилиб меърож воқеасини айтиб бердилар. Жаброил алайҳис салом Маккага келиб Муҳаммад алайҳис саломни Буроққа миндириб Байтул Мақдисга олиб кетадилар.
Одам алайҳис саломнинг биринчи осмонда эканликларини, Иброҳим алайҳис саломнинг еттинчи осмонда эканликларини, Мусо алайҳис саломнинг биз учун эллик вақт намозни беш вақтга тушишига сабабчи бўлганликларини айтиб бердилар.
Ўша кундан бошлаб сизнинг кийикларингизга эмас, Буроққа иймон келтирдим, ишондим.
Катта бўлдик. Шифтга, мўрига қарамайдиган бўлдик. Чунки тепадан тушадиган ягона нарса Ийсо алайҳис салом эканлар. У киши мўридан эмас, самодан тушадилар. Уйимизга эмас, Димашқдаги оқ минора устига тушадилар. У киши ўйинчоқлар халтаси билан эмас, Дажжолни ўлдирадиган ўқ билан тушадилар. У кунда ўйнашга вақт бўлмайди.
Катта бўлдик. Англадикки, Ийсо алайҳис салом бизники эканлар. Сизники эмас. Йўқса Ватиканга ёки Санкт Петербургга тушар эдилар. Катта бўлиб англадикки, кийиклар учмас экан. Осмонимизда учадиган ягона нарса F-16 самолётлари ва гўдакларимизни осмонга учириб юборган Cy-35 самолётлари экан.
Катта бўлиб билдикки, гарчи Рум Европа иттифоқи ёнида бўлса ҳам Рум экан. Форс гарчи оловга ибодат қилмасада форс экан.
Катта бўлиб билдикки, сизлар ёлғончи экансизлар. Чунки Байтулаҳмнинг болалари Ғазонинг болаларини қатл қилинишига рози эмас экан.
Қорбобо! Бизникига келманг! Чунки "Рафаҳ йўлаги" сиз учун ёпиқ. Уйларимизда мўри йўқ. Диёримизда ўзи уй ҳам қолмади. Болалар бугун уйларида эмас, зеро уйлари ҳам портлаб йўқ бўлди. Улар чодирларда. Уларга ўйинчоқ эмас, совуқдан ўлмасликлари учун адёллар керак. Умар ўлган. Сафар қилиб ўзингизни қийнаманг. Кийикларингизга азоб берманг. Биз фарзандларимизга Буроқ, Жаброил алайҳис салом ҳақида, Ийсо алайҳис салом ҳақларида, уларнинг ўйинчоқ бергани эмас, фарзандларимиз тинч яшаши учун Дажжолларни ўлдиришга келишлари ҳақида сўзлаб бермоқдамиз!
Адҳам Шарқовий.
"ал-Жазира қораламалари".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҒАЗОДАН ХАНДАҚҚАЧА... ҒАЛАБА КЕЛАЯПТИ!
Аҳзоб мушриклари хоин яҳудийлар билан биргаликда Мадинани қамал қилди. Ана шундай қийин шароитда Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга Форс ва Рум империяларини фатҳ қилиш хушхабарини берган эдилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга бу дин синовларга учраши мумкинлигини, аммо эгилмаслигини, ярадор бўлиши мумкинлигини, аммо ўлмаслигини, қон йўқотиши мумкинлигини, аммо яна ҳеч нарса бўлмагандек қайта ўрнидан тура олишини ўргатмоқдалар!
Бугунги кундаги Ғазо уруши нубувват давридаги Аҳзоб жангига қанчалар ўхшаш. Мадина урушдан қандай чиққан бўлса, устидаги чангларни қандай қоқиб оёққа турган бўлса Ғазо ҳам Аллоҳнинг изни билан иншаллоҳ шундай ўрнидан туради!
Аҳзоб жангида бутун араблар мусулмонларга қарши бир жон-у бир тан бўлган эди. Исломни бешигидаёқ бўғиб ўлдиришмоқчи эди.
Бугун эса бутун олам Ғазо атрофида жамланган. Американинг бешинчи флоти араб сувларида сузиб юрибди. Британиянинг жосус учоқлари ис олмоқчи бўлган итлардек кечаси осмонда яширин ҳаракат қилиб юрибди.
Ғазоликлар “Салмон хандақи” билан совутланган ҳолда танкни ёқадиган миқдорда бошини хандақдан чиқаради, ишини бажариб яна сувда эриган туз каби ғоиб бўлади. Сўнгра яна ҳужум бошланади. Танк яқинлашгач, баҳодирлар яна пайдо бўлиб уларни парчалайди. Бу худди Хандақ жангида Али ибн Аби Толиб розиёллоҳу анҳунинг Амр ибн Вудд Омирийни қулатганига ўхшайди. Шунгача у ўзини ҳеч ким йиқита олмайди, деб ўйлар эди. Аммо мусулмонлар Аллоҳнинг қўли билан жанг қилади!
Мушриклар Хандақ жангида олдин кузатмаган ҳолатга дуч келишди. Улар жангларда олдин хандақни кўришмаган эди. Хандақ ниҳоятда устакорлик билан, мисли кўрилмаган ҳарбий тажриба билан ковланган эди. Мушриклар нима қилишни билай қолишди...
Сионистлар ҳам Ғазодаги Қассом бўлинмалари олдида нима қилишни билмай қолишди. Ҳолбуки, уларда қатъий низомга асосланган тартибли қўшин, бўлинмалар, гуруҳлар, разведка хизмати, замонавий қуроллар, тажрибали зобитлар, учоқлар, танклар, аквалангчилар бор эди. Уларнинг барини Ғазодаги бўлинмалар чарчатиб қўймоқда. Ҳолбуки буларда тартибли ва низомли қўшин йўқ. Улар енгилгина ҳаракат қилиб яна ғоиб бўлишмоқда. Вайроналар орасидан Анқо сингари пайдо бўлиб ишни бажариб яна йўқолмоқда. Уларда партизанлар услуби бор. Аммо улар партизан эмас. Қассом бўлинмаларига битта таърифни бериб бўлмайди. Улар низомли қўшин ёки партизанлар бўлинмаси ҳам бўлиши мумкин...
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларида яҳудийлар Мадина аҳолисининг анчагина қисмини ташкил қилар эди. Улар билан Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ораларида ўзаро иттифоқ бор эди. Душман келганида бирга унга қарши курашишга келишиб олишган эди.
Улар Аҳзобда мусулмонларга ёрдам беришмади. Бу ишларига яна хиёнат тожини ҳам кийдириб душман томонга ўтиб кетиб мусулмонларга қарши курашишди.
Бугун ҳатто мусулмонлар ичида имкони бўлатуриб Ғазоликларга ёрдам бермаётганлар бор. Ҳатто мусулмонлардан Ғазоликларга хиёнат қилаётганлар ҳам бор. Аллоҳдан душманларни ҳам, хоинларни ҳам ноумид қилишини дуо қилиб сўраб қоламиз. Аллоҳнинг қўли эккан экинни башариятнинг қўли йиғиштириб ололмайди.
Хандақ ғазоти вақтида Мадинада озгина мунофиқлар ҳам бор эди. Уларнинг қурбақаники сингари пастгина овози бор эди. Мусулмонларга фойдаси тегмас эди. Мадина аҳли эса даъватга бешик бўлди, мусулмонларни ҳимоя қилди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга Мадиналиклардан бирортаси: “Сен келиб шунча мусибатга учрадик!”, демади. Уларнинг иймони бундан анча юқори турар эди. Аллоҳнинг матоси қиммат эканлигини улар яхши билишар эди.
Бугунги Ғазо аҳли Мадина аҳлига ўхшайди. Улар Қассом бўлинмаларининг атрофини ўраб ҳимоя қилишди. Жонлари билан қўриқлашди. Улар ватанлари учун жонларини, молларини, уй-жойларини беришди...
Аллоҳим уларнинг ажрини тўлиқ қилиб бер. Сендан вафолироқ ҳеч ким йўқ!
“АҲЛЛАРИ ХИЗМАТИДА ЭДИЛАР!”.
Бир куни Оиша розиёллоҳу анҳодан сўрашди:
-Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уйда нима қилар эдилар?
Оиша розиёллоҳу анҳо шундай дедилар:
-Аҳллари хизматида эдилар. Намоз вақти бўлса намозга чиқар эдилар!
Аёлингиз билан озроқ муддат ошхонада бўлсангиз эркаклигингиз камайиб қолмайди.
Идишларни ювишда унга ёрдам бериб юборсангиз айб иш қилган бўлмайсиз.
Аёлингиз бошқа юмушлар билан банд бўлиб турганида дордан ювилган кийимларни йиғиштириб келсангиз қиёмат қоим бўлиб қолмайди.
Кийимингизни ўзингиз дазмоллашингизда ёки уларни ўзингиз тахлаб жавонга қўйишингизда қанақа хорлик бор?!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ковушларини ўзлари ямар эдилар, кийимларига ўзлари ямоқ солар эдилар, қўйларни соғар эдилар, уй ишларида аёлларга ёрдам берар эдилар.
Биз эса уйда ҳокимдек ўтириб оламиз. Ҳатто бир стакан сувни ҳам олиб келиб ичишга ярамаймиз.
Дунё ўзи шундоқ ҳам шафқатсизликка тўла. Озроқ юқоридан пастга тушайлик, ҳеч нарса қилмайди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“САФИЙЯ РОЗИЁЛЛОҲУ АНҲО МИНИШИ УЧУН ТИЗЗАЛАРИНИ ҚЎЙДИЛАР!”.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматкорлари Анас ибн Молик розиёллоҳу анҳу айтади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни туяларининг олдида ўтириб Сафийя розиёллоҳу анҳога тиззаларини тик қилиб қўйиб турганларини кўрдим. Сафийя розиёллоҳу анҳо Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тиззаларига оёғини қўйиб туяга минди!”.
Бу дин муҳаббат, нафислик, раҳмат ва гўзал муомала динидир!
Аммо афсуслар бўлсинки, биз динни фақатгина эътиқод сифатида дин қилиб олганмиз, сулук сифатида эмас!
Гўё кўплар наздида муҳаббатни изҳор қилиш айбдек. Гўё лутфни кўрсатиш гуноҳ ва ҳаромдек.
Қалбимиз қотди. Фақатгина ғарбда кўрганларимиз кўзларимизни яшнатадиган ва қамаштирадиган бўлиб қолди. Ғарб киноларида бир эркак аёлига машина эшигини очиб берса “мана романтика” дея оғзимиз очиладиган бўлиб қолди.
Ҳолбуки, бундан бир минг тўрт юз йил аввал Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам хотинлари Сафийя розиёллоҳу анҳо туяга миниши учун ўтириб тиззаларини тик тутиб тураяптилар. Хотинлари тиззалари устига оёқ қўйиб туяга минмоқда.
Бу динда тошбағирлик, юз ўгириш, зулм, зўравонлик, хотинларни унутиш, уларга қаҳри қаттиқлик қилиш йўқ. Фақатгина биз ундан истаганимизни олиб истаганимизни тарк қилмоқдамиз холос!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“КЎЗИМГА КЎРИНМАЙ ЮРИШГА ҚОДИРМИСАН?!”.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам амакилари Ҳамза розиёллоҳу анҳунинг қотили Ваҳшийнинг тавбасини қабул қилдилар.
Ҳеч ким иккинчи бир кишининг юзига тавба эшигини ёпишга ҳаққи йўқ. Гарчи пайғамбар бўлса ҳам...
Аммо кишининг қалби фақатгина унинг ўзига тегишли. Жароҳатларидан фақатгина унинг ўзи аламланади.
Шунинг учун Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Кўзимга кўринмасдан юришга қодирмисан?!”, деганлар.
Кечириш кишининг қудратига боғлиқ. Гоҳида жароҳат бизнинг кечириш қудратимиздан юқорилаб кетади. Кечиришимиз мумкин, аммо уларнинг юзини кўришга тоқатимиз етмайди. Чунки қачон уларни кўрсак ортимиздан урган ханжарларининг оғриғи ёдимизга тушаверади.
Тушунинг, унда кина-кудурат йўқ. У оқиб кетган сувни ортга қайтара олмаяпти холос. Баъзиларнинг жароҳати шу қадар чуқурки, улар гарчи сув ортга қайтсада, энди олдингидек тиниқ ва зилол бўла олмаслигини, доим лойқа ва сассиқ бўлишини билишади.
Жароҳатларнинг ҳам ҳурмати бор. Унинг риоясини қилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Тўртинчи дарс:
Саҳобалардан Миқдод ибн Асвад розиёллоҳу анҳу бир куни асҳоблари билан ўтирган эди. Шунда улардан бир киши Миқдоднинг кўзларига ишора қилиб деди:
-Бу кўзлар қандай ҳам бахтли кўзлар. Улар Набий алайҳис саломни кўрган. Эй Миқдод! Аллоҳга қасамки, биз ҳам сен кўрган нарсаларни кўришни, сен гувоҳи бўлган нарсаларнинг гувоҳи бўлишни истар эдик!
Миқдод ибн Асвад розиёллоҳу анҳу унинг гапларидан ғазабланди. Сўнгра деди:
-Аллоҳ сендан яширган нарсаларни кўришга сени нима ундаяпти?! Уларни кўрсанг ҳолинг қандай бўлишини билмайсан-ку! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўрган кишилардан бир қанчаси дўзахга қулади. Улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламга ижобат қилишмади, у зотни тасдиқлашмади. Роббингизни таниганингизга, пайғамбарингиз келтирган нарсаларни тасдиқлаганингизга шукр қилмайсизми?! Сизнинг ўрнингизга бошқалар синовларга учради. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам энг қийин ва машаққатли даврда пайғамбар қилиб юборилдилар. Жоҳилият даври эди. У пайтда кўпчилик бутларга ибодат қилишни энг афзал иш деб билар эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақ билан ботил ўртасини ажратадиган фурқон билан келдилар. У билан ота билан боланинг ўртасини ажратдилар. Киши отаси, боласи ва ака-укасини кофир ҳолда кўрар эди. Аллоҳ истаган бандасининг қулфланган қалбини иймонга очди. У яқинлари куфрда ҳалок бўлсалар уларнинг дўзахга тушишларини билар эди!
Бизлардан ҳар-биримиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни кўришни, у зотни ўшанда Қурайш мушрикларидан ҳимоя қилишни орзу қилганмиз. Тоифда у зотни тошбўрон қилишганда тошларга ўзимизни тутишни истаганмиз. У зотга ҳижрат йўлида ҳамроҳ бўлишни орзу қилганмиз. У зотга пишириб берилган заҳарли гўштни у зоти шарифнинг ўрниларида ейишни истаганмиз...
Тўғри бу орзулар, истаклар у зотга бўлган муҳаббатдан келиб чиққан. Бунга шак йўқ. Аммо шуни билишимиз лозимки, Аллоҳ таоло ҳар-бир инсонни ўзи учун манфаатли пайтда дунёга келтиради. Мусулмон бўлиб туғилганимизнинг ўзи буюк неъмат аслида. Кўзимизни очганимизда оиламиз исломда эди. Бизга тавҳидни ўргатишар эди. Фотиҳа сурасини ёдлатишар эди. Бизга намоз ўқишни, рўза тутишни ўргатишар эди. Улғайганимизда ислом бизнинг қон ва гўштимизга сингиб кетганини билдик. Бу энг қимматли нарса эди. Энди тасаввур қилинг, ўша пайтда Қурайшда туғилдингиз. Ота-онангиз сизни мушриклик асосида тарбия қилди. Ҳубал, Лот ва Уззо каби бутларни улуғлашни ўргатди. Ароқ ичиб катта бўлдингиз. Рибо едингиз. Қизларингизни тириклайин кўмдингиз. Бу сизнинг қадриятингизга, умрингиз йўлига айланиб кетди. Сўнгра бир киши чиқиб сиз ибодат қилиб юрган, сиз буюк деб эътиқод қиладиган бутларингизни масхара қилиб ҳеч ким кўрмайдиган Роббга ибодат қилишга амр қилаётганини эшитдингиз. Эҳтимол ўшанда бутларга сиғинишни жон-тани билан ҳимоя қиладиган Қурайш катталаридан бўлишингиз ҳам мумкин эди!
Аллоҳга ҳамд айтингки, ислом бизга енгиллик идишида етиб келди. Жанг қилганимиз йўқ, ниманидир ҳимоя қилганимиз йўқ. Саъд ибн Аби Ваққос розиёллоҳу анҳуда бўлгани каби ота-онингиз сизга қаршилик қилгани йўқ. Суҳайб Румийда бўлгани каби молингиздан айрилганингиз йўқ. Улар жуда қаттиқ синов ва имтиҳонда бўлишган. Бу синовлардан ўта олмасдан кўплар йўлда тушиб қолган!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
САБОТ
Қурайш оддий қуллар бўлмиш Аммор ибн Ёсир, унинг отаси ва онасини диндан қайтариш учун жуда қаттиқ азобларга гирифтор қилди.
Абу Жаҳл унинг онаси Сумайя розиёллоҳу анҳони ерга қоқилган тўртта қозиққа қўл ва оёқларидан боғлаб бақирди:
-Сен эркаклар учун мусулмон бўлгансан!
Аллоҳнинг душмани бу гапи билан уни зинода айбламоқда эди. Сумайя розиёллоҳу анҳо унинг юзига тупуриб деди:
-Қандай ҳам оғзи бузуқ беномус инсонсан!
Абу Жаҳл унинг сўзларига чидай олмасдан найзани олиб унга суқиб ўлдирди. Сумайя розиёллоҳу анҳо исломдаги аввалги шаҳиддир.
Амморнинг отаси Ёсир розиёллоҳу анҳу ҳам кофир бўлишдан бош тортди. Уни ҳам қатл қилишди. Бу воқеаларнинг бари Амморнинг кўзи олдида бўлаётган эди. Мушриклар Аммор розиёллоҳу анҳуни ҳам қаттиқ азоблаб Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ёмон гапларни гапиришини, бутлар ҳақида эса яхши гаплар айтишини талаб қилишди. Аммор розиёллоҳу анҳу азобларга чидай олмасдан уларнинг талабига ижобат қилди.
Бу гаплар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламга етиб боргач, дедилар:
-Йўқ! Аммор бошидан то оёғига қадар иймонга лиқ тўла. Иймон унинг гўшти ва қонига аралашиб кетган!
Аммор розиёллоҳу анҳу Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига йиғлаб келди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Нима гап эй Аммор?
-Ёмон , эй Аллоҳнинг Расули. Сиз ҳақингизда ҳам ёмон гапларни гапириб юбордим!
-Қалбингни қандай ҳис қилаяпсан?
-Иймон ила хотиржам!
-Эй Аммор! Улар яна шу гапларига қайтсалар сен ҳам қайтавер!
Аллоҳ таоло у ҳақида оят нозил қилди:
“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, қалби иймон билан ором топа туриб мажбурланганлар бундан мустасно, ким кўксини куфрга очса бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор!”.
Биринчи дарс:
Ёсир оиласига қанчалар қийин бўлган!
Сумайя розиёллоҳу анҳонинг Абу Жаҳлнинг димоғдорлигини қандай қилиб ерга ишқалаганига боқинг. Сўнгра шаҳидлик мартабасига кўтарилди. Ёсирнинг саботига қаранг, хотини кўз ўнгида қатл қилинди. Бу нарса уни иймонидан қайтара олмади. Уларнинг ҳаёт йўли битта эди. Бу ҳаёт шаҳидлик билан тугаши уларнинг тақдирида битилган эди.
Аммор розиёллоҳу анҳунинг имтиҳонига қаранг. У ота-онасининг қатл қилинишини ўз кўзлари билан кўриб турди. Мушриклар истаган нарсани тили билан уларга берди. Аммо қалбидаги сабр ва иймон тоғлар каби улкан эди. Улар ҳақида токи қиёматгача тиловат қилинадиган қуръон нозил бўлди. Бу не бахт!
Улар азоб чекишар экан, Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг олдидан ўтиб уларга шундай дер эдилар:
-Эй Ёсир оиласи! Сабр қилинглар. Сизга ваъда қилинган жой жаннатдир!
Аллоҳга қасамки, агар мақсад фақатгина дунё бўлганида сизни ҳамдардликка чақирган бўлар эдим. Аммо бу дунё ўткинчи дунёдир. Улар энг гўзал йўлни танлашган экан!
Гўё кўз ўнгимда фаришталар Сумайя розиёллоҳу анҳони жаннатга олиб кетаётгандек.
Ким юқоридаги манзараларни кўзи билан кўрса эҳтимол уларга ачинар. Аммо манзаранинг натижасига боқса уларнинг ўрнида бўлишни орзу қилади!
Гўё кўз ўнгимда Ёсир розиёллоҳу анҳу Сумайянинг қўлидан ушлаб жаннатга кираётгандек.
У ерда Абу Жаҳл йўқ. У ерда Абу Лаҳаб йўқ.
Гўё улар самодан Маккага боқиб: “Ва ниҳоят қутилдик!”, деяётгандек. Жаннат шунақанги ютуқки, унинг олдида ҳар қандай машаққат арзимас бўлиб қолади!
“КАЪБАНИНГ АСТАРЛАРИГА ОСИЛГАН!”.
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам фатҳ кунида Маккага кирдилар. Бир киши у зотнинг олдиларига келиб деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Ибн Хотал Каъбанинг астарларига осилиб ўтирибди!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Уни ўлдиринглар!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Фатҳ кунида олти кишидан бошқа ҳаммани авф қилдилар. Буларнинг тўрттаси эркак, иккитаси аёл эди. Ибн Хотал ҳам авф қилинмаганлардан эди.
У олдин исломга кирган эди. Сўнгра ансорийлардан бирини хиёнаткорона ўлдирди. Сўнгра Маккага қайтиб муртад бўлди. Ўзининг шеърлари билан Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қила бошлади. Сўнгра иккита жория сотиб олди. Уларга Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламни сўкиб, масхара қилиб ашула айтишларини буюрди!
Баъзи хатолар кечирилмайди.
Ҳар доим ҳам бир юзингизга урган кишига иккинчи юзингизни ҳам тутиб бераверманг.
Дунёда шунақа ишлар бор, бунда мардлар мардларни кечириши мумкин. Дунёда кишилар бир-бирларига вақти-вақти билан азият бериб қўйишлари бор гап. Аммо баъзи разилликларнинг баҳосини тўлашга тўғри келади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“ХОТИНИНГ БИЛАН БИРГА ҲАЖ ҚИЛ!”.
Бир киши набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Мен фалон ғазотга номимни ёздириб қўйган эдим. Хотиним эса ҳажга бормоқчи?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Қайт! Хотининг билан бирга ҳажга бор!
Сафардаги маҳрам аёл киши учун эҳтиром ўлароқ машруъ қилинган, ундан гумонсираш маъносида эмас. Уни маҳрам азиятдан сақлайди, кузатиш маъноси йўқ бу ерда!
Азиз опа-сингилларим! Сафар машаққатдан, қийинчиликлардан иборатдир. Бу дин сизнинг риоянгизни қилмоқда. Ёлғиз аёлдан фикри бузуқлар доим тамаъда бўлади. Бу дин сизни ҳимоя қилади!
Саҳобий жиҳодга чиқмоқчи эди. Хотини эса ҳажга бормоқчи бўлган. Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақида сўраганда унга жиҳодни тарк қилиб хотини билан бирга сафар қилишини таъкидламоқдалар. Бу билан унга хотинини ҳимоя қилиши, унга сафарда ёрдамчи бўлиши ҳам ўз навбатида жиҳод эканлигини айтмоқдалар.
Бу дин сафарда маҳрамни шарт қилиш билан аёлни бўғмоқчи эмас, балки уни эркалатмоқчи, кўкларга кўтармоқчи.
Усмон розиёллоҳу анҳу Бадр ғазотига бормоқчи бўлганида хотини бемор бўлиб қолди. Усмон розиёллоҳу анҳу унга ғамхўрлик қилиш, унинг ҳолидан хабардор бўлиб туриш мақсадида ғазотдан қолди. Жангдан кейин Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам ўлжаларни тақсимладилар. Усмон розиёллоҳу анҳуга ҳам бошқалар каби ўлжадан улуш ажратдилар.
Жангчилар ўлжага қилич жиҳоди билан эришишди. Усмон розиёллоҳу анҳу эса хотинига ғамхўрлик қилиб эришди!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ҚУЛ
Бир неча кун олдин икки йигитнинг баҳслашиб турганини эшитиб қолдим. Қулоқ солсам, бири “бизни Россия босиб олса яхши бўлади”, деяпти, иккинчиси эса “бизни Америка босиб олса ривожланамиз”, деяпти.
Иккисини ҳам уришиб бердим. Қўлимдан келганича қулликнинг натижаларини, мустамлака бўлишнинг оқибатларини уларга тушунтирдим.
Демократиянинг ихтирочилари бўлмиш юнонлар қадимда сайловларда қулларнинг иштирок этишига йўл қўйишмас, буни қонун билан ман қилиб қўйишган экан. Сабаби, қуллар хўжайинлари қанчалар бузуқ бўлмасин барибир ўз-ўзидан уларни сайлаб қўяверар экан!
Қуллик фарзандларимиз онгига шу даражада сингиб кетдими?! Ёки уларда ҳали мустақиллик, ҳурлик тушунчалари ҳали шаклланмадими. Бу йўлда нималар қилишимиз керак....
Америкада қулдорлик кенг тарқалган пайтда Гарриет Табмен исмли аёл 1849 йилда қулларни озод қилиш яширин жамоасини ташкил қилди. У 700 дан ортиқ инсонни қулликдан халос қилди. У кейинги озодлик ҳаракатларида етакчи шахслардан бири эди.
Ундан қулларни қутқариш йўлидаги энг машаққатли иш нима деб сўрашганда чуқур ўйланиб:
"ҚУЛНИ ҚУЛ ЭМАСЛИГИГА ИШОНТИРИШ" , деб жавоб қилган экан!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
"ЖАННАТДА ЮРАЁТГАНИНГНИ КЎРАЁТГАНДЕКМАН!".
Амр ибн Жамуҳ розиёллоҳу анҳу жуда қаттиқ оқсар эди. Унинг тўртта баҳодир ва жасур ўғли бўлиб улар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам билан Бадрда иштирок қилишган эди.
Улар мусулмонлар сафида яна жангга киришмоқчи бўлишганида уларнинг отаси Амр ибн Жамуҳ розиёллоҳу анҳу ҳам жангга қатнашмоқчи эканлигини айтди. Ўғиллари: "Аллоҳ сизни маъзур қилган", деб унашмади.
Амр Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди:
- Мени ўғилларим сиз билан жиҳодда иштирок этишимдан ман қилишмоқда. Аллоҳга қасамки, мен мана шу оқсоқ оёқларим билан жаннатга киришни истайман!
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга қараб дедилар:
- Сени Аллоҳ узрли қилган!
Сўнг унинг ўғилларига қараб дедилар:
- Сизлар эса уни чиқишдан ман қила олмайсиз. Эҳтимол Аллоҳ унга шаҳидликни насиб қилар!
Ўғиллари Амрга рухсат беришди.
У йўлда кетаётиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:
- Нима дейсиз, мен Аллоҳ йўлида жанг қилиб шаҳид бўлсам жаннатда оёқларим соғлом бўладими?
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам:
- Ҳа!-дедилар.
Уҳудда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам қатл қилинганлар орасида айланиб юриб Амр ибн Жамуҳ розиёллоҳу анҳунинг олдида тўхтаб дедилар:
- Гўё мен сени жаннатда соғлом оёқларинг билан юриб кетаётганингни кўраётгандекман!
Бу динга гарданингизга юклатилган ташвиш ёки юк ўлароқ қараманг. Унга гарданингизга юклатилган омонат ўлароқ, адо қилишингиз шарт бўлган рисолат ўлароқ қаранг.
Ҳаммасидан олдин бу дин жаннатга олиб борадиган, дўзахдан нажот берадиган ягона йўл эканлигини англашимиз лозим.
Кишининг қиймати қутилган нарсасига кўра эмас, гарданига олган нарсасига кўра белгиланади.
Елкадан масъулиятни ташлашни ҳамма ҳам эплайди. Аммо масъулиятни гарданга фақат баҳодирлар олади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“ШАФҚАТЛАРИНИ ЭСЛАДИМ!”.
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сафар асносида бир қабрнинг олдида тўхтадилар. Бошқалар ҳам тўхташди. Сўнгра худди бир гап эшитаётгандек бошларини қимирлатиб турдилар. Сўнгра йиғладилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу сўради:
-Эй Аллоҳнинг Расули! Нега йиғлаяпсиз?
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Бу қабр онам Омина бинт Ваҳбнинг қабрлари. Роббимдан у кишини зиёрат қилишни сўрадим. Рухсат берди. У кишига истиғфор айтишни сўраган эдим, рухсат бермади. Онамнинг шафқатлари ёдимга тушди. Шунга йиғладим!
Болалар биз ўйлагандан анча закийроқ бўлишади. Уларнинг хотираси ниҳоятда кучли бўлади. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам оналари билан олти йилгина яшаганлар. Шундан икки йилида эмизилиш учун Бани Саъд қабиласида Ҳалима онамизнинг олдида бўлганлар. Аммо шунда ҳам олтмиш ёшлар атрофида бўлсаларда оналарининг меҳрини, шафқатини эсламоқдалар.
Фарзандларингиз сиздаги муҳаббат, меҳр, соғинч лаҳазаларини умрлари охиригача эслайдилар.
Минглаб танишларим, дўстларим ва қариндошларим бор. Аммо энг оғир соатларда ёнимда фақат ва фақат ота-онамни топганман. Биз учун агар керак бўлса жонини бера оладиган зотлар фақат ота-оналаримиздир. Аллоҳ умрларини узоқ қилсин. Ўтганларини раҳматига олсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Халқи ичида ижтимоий ислоҳот байроғини кўтарганларнинг аксари аввало ўзини ислоҳ қилган шахслардир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Зулмнинг масъулияти фақатгина золимнинг гарданига тушмайди, балки унга калитни бериб эшикни очишни осонлаштирганларнинг ҳам гарданига тушади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“ОИША БИР НАРСАНИ ЯХШИ КЎРСА УНГА ЭРГАШАР ЭДИЛАР!”.
Жобир ибн Абдуллоҳ розиёллоҳу анҳу айтади:
“Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам юмшоқ, итоатгўй инсон эдилар. Оиша розиёллоҳу анҳо нимани истаса унга эргашар эдилар. Ҳаж тугагач, Оиша розиёллоҳу анҳо умра қилишни истаб қолди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам уни акаси Абдурраҳмон ибн Аби Бакр розиёллоҳу анҳумо билан умрага жўнатдилар. Улар Танъимдан ният қилдилар!”.
Жобир розиёллоҳу анҳунинг нозик таъбирига боқинг: “Оиша розиёллоҳу анҳо нимани истаса унга эргашар эдилар...!”
Олийжаноб эр хотинининг шаръий талабларини эътиборга олади. Улардан ман қилмайди. Хотин ота-онасини зиёрат қилмоқчи бўлса рухсат беринг. Уйда зерикса, айланишни истаса бирга чиқинг. Агар қандайдир кийимга ҳавас қилган бўлса имкониятингиз бўлса олиб беринг. Агар дугоналарини чақирмоқчи бўлса унга рухсат беринг. Уни бўғманг.
Маҳрум қилиш ҳамманинг ҳам қўлидан келади. Тақдим қилишга эса ҳамма ҳам қодир эмас. Қалби қаттиқлик қаҳрамонлик эмас. Аслида юмшоқлик қаҳрамонликдир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Эй Ғазонинг қулашидан хавфда турган аҳбоблар! Хотиржам бўлинг, Ғазо сиз ўйлагандан ҳам анча кучлироқ!
Эй Ғазони ёмон кўриб, унинг қулашини кутиб турганлар! Умидингизни узаверинг. Ғазони қулаганини кўрмасдан ўлиб кетасиз ҳали. Ғазонинг саботи сизнинг умрингиздан узунроқдир!
Уларда оқ байроқ йўқ. Таслим бўлиш уларнинг луғатида йўқ. Улар учун азизликдан бошқа ҳаёт йўқ. Мусулмонлар азизлик учун яралган. Ғазоликлар билан яҳудийлар орасида Ёсин ракеталари бор.
Аллоҳ ҳукм қилувчиларнинг энг адолатлисидир!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
ШАФҚАТ
Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ ўзининг "Тарихи Димашқ"ида, Дамирий ўзининг "Ҳаётул ҳайвон" китобида келтиришади:
"Абу Бакр Шиблий раҳимаҳуллоҳ вафот қилганидан сўнг асҳобларидан бири уни тушида кўриб сўради:
- Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?
Шиблий деди:
-.Аллоҳ мени ҳузурида тик турғазиб қўйиб сўради:
- Эй Абу Бакр! Сени нега мағфират қилганимизни биласанми?
- Солиҳ амалларим сабабли!
- Йўқ.
- Ибодатлардаги ихлосим сабабдир!
- Йўқ!
- Қилган ҳажим, рўзам ва намозим сабаблими?
- Йўқ!
- Солиҳ инсонлар ҳузурига борганим ёки илм йўлида қилган сафарларим учунми?
- Йўқ!
- Эй Роббим! Булар мен нажот беради деб эътиқод қилган ишларим эди. Сен шулар туфайли афв қиласан деб ўйлар эдим!
- Йўқ! Сени булар сабабли афв қилганим йўқ!
- Бўлмаса мени нима сабабли афв қилдинг?
- Эсингдами, Бағдод кўчаларидан бирида кетаётганингда кичкинагина мушукчани кўриб қолдинг. У совуқдан титрар эди. Совуқнинг қаттиқлиги ва қорнинг кучлилигидан деворларга тиқилиб олар эди. Унга раҳминг келиб қўлингга олдинг. Қўйнингга тиқиб иситдинг. Уни совуқнинг аламидан қутқардинг!
- Эсладим!
- Ана шу жониворга раҳм қилганинг сабаб Биз ҳам сенга раҳм қилдик!".
Бунақанги тушлар солиҳлар мажлисида кўп ривоят қилинади. Кимдир ибрат олсин, кимдир ўрнак олсин дея мақсад қилинади. Бу ҳақида кенг гапирмоқчи эмасман.
Имом Заҳабий ўзининг "Сияру аъломин нубало" китобида бунақанги тушлардан жуда кўп ривоят қилган.
Бунга ўхшаган ривоятларнинг саҳиҳлари ҳам бор. Бани Ислоилдаги чанқоқ итни суғорган ва шу иши учун жаннатга кирган зинокор аёл воқеаси, бир мушукни боғлаб қўйиб оч қолдириб, сув бермасдан ўлдириб, шу иши туфайли дўзахга тушган аёл воқеалари бунга мисол бўлади.
Нима бўлганида ҳам Аллоҳ таоло раҳмлидир. Раҳмлиларни яхши кўради. Тавҳиддан сўнг қалбни тўлдирадиган нарсаларнинг энг яхшиси раҳматдир.
Аслида итни суғорган ҳар-бир зинокорни ҳам Аллоҳ кечиравермайди. Зинони қилиб , энди итни суғорсам Аллоҳ мени кечиради, деб ўйламаслик керак. Аслида Аллоҳ таоло ўша лаҳзада у аёлнинг қалбидаги бемисл раҳматни кўрган. Сўнгра Аллоҳ Ўз фазли ва марҳаматидан уни авф қилган. Буни ҳар-бир зинокор ўзига баҳона ва асос қилиб олмаслиги лозим!
Раҳм қилинг, сизга ҳам раҳм қилишади. Ҳаётнинг ҳамма майдонида раҳматга жой бор. Раҳмли бўлинг!
Уйда хотин ва болаларингизга раҳм қилинг.
Эрингиздан кўп нарса талаб қилиб уни қийнаманг. Маоши оз бўлса сизнинг талабларингиз туфайли ўзини ожиз ва нотавон ҳис қилиб қолади.
Қизингизга совчи бўлиб келган йигитга турли ношаръий талаблар қўйманг.
Келинларингизга ҳар-хил қийин талабларни қўйманг.
Янги битирувчилардан катта нарсаларни кутманг. Ҳали тажрибаси йўқ уларнинг. Тажрибага ҳаммамиз ҳам бирдан эга бўлмаганмиз. Ишга ўргатиб оларсиз.
Буларнинг баридан олдин Ғазодаги мусулмонларни унутманг. Уларнинг қайси бири чодирда совуқдан титрамоқда. Қайси бирида эса чодир ҳам йўқ. Уларга ёрдам бериш учун бизда қўл йўқ. Аллоҳ қўлимизда бўлмаган, қўлимиздан келмайдиган ишни қила олмаганимиз учун шояд Ўз раҳмати ила бизни кечирса!
Аммо қўлимиздан келадигани учун аниқ сўрайди. Қўлимиздан келадигани бутун дунёдаги мусулмонларнинг бир тан ва бир жон деб эътиқод қилишимиздир. Биз битта танамиз. Бир жойимиз оғриса бошқа жойимиз унга бедорлик ила ҳамдард бўлади!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бу халқ қачон уйғонади деманг. Аввал ўзингиз кўзингизни очинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“МЕЗОНДА УҲУД ТОҒИДАН ҲАМ ОҒИРРОҚ КЕЛАДИ!”.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розиёллоҳу анҳу жуда ҳам озғин, оёқлари ингичка инсон эди. Бир куни хурмо териш учун дарахтга чиққанида шамол унинг оёқларини очиб юборди. Унинг оёқларини ингичкалигини кўрган бошқа саҳобалар кулиб юборишди. Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам сўрадилар:
-Нимадан кулаяпсизлар?
-Ибн Масъуднинг оёқларининг ингичкалигидан!
Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
-Унинг оёқлари мезонда Уҳуд тоғидан ҳам оғирроқ бўлади!
Инсоннинг инсонлиги вазни билан эмас, қалби биландир. Инсоннинг инсонлиги моли билан эмас, ақли биландир. Инсоннинг инсонлиги кийими билан эмас, тили биландир!
Кўчада озғин, кўримсиз инсонни кўрасиз. Уни назарингиз илмайди. Ҳолбуки, у Аллоҳнинг наздида сиз минг йил яшасангизда ета олмайдиган мақомда бўлади!
Кўчада бой ва чиройли инсонни кўрасиз. Унингдек бўлишни орзу қиласиз. Аслида у осий, фожир бўлади. Унинг тошдан ҳам қаттиқ қалби бўлади!
Аслида ҳамма кўримсиз инсон ҳам тақводор бўлавермайди. Ҳамма бой ва чиройли инсонлар ҳам фожир ва осий бўлавермайди. Бу сўзлардан мақсад, ташқи кўринишга қараб ҳукм қилмасликка даъватдир.
Аллоҳ таоло кўримсиз инсонларни ожизлигидан хуник қилиб яратмаган. Фақирларни хазинасида ҳеч нарса йўқлиги учун фақир қилиб яратмаган. Бу ризқ ва синовдир.
Гарчи махлуқни эҳтиром қилмасангиз ҳам Холиқни эҳтиром қилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“МУРОСА ҚИЛ-ДА ЯША!”.
Бир куни Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан Самура ибн Жундуб розиёллоҳу анҳуга дедилар:
“Аёл киши эгри қовурғадан яратилган. Агар уни тўғирлайман десанг синдириб қўясан. Шундай экан, у билан муроса қил-да яша!”.
Муҳаббат сизни уйингиз эшиги остонасигача олиб боради холос. Ундан кейин сафар бошланади. Ҳаётингиз келишмовчилик пайтларида ўзаро эҳтиром билан лаззатли бўлади. Ҳаётингиз камчиликларни кўрмаганга олиш, уларни ҳакимона услуб билан бартараф қилиш билан ширин бўлади. Хатоларни овлайдиган кишилар муҳаббатга озор етказиб уни қувишга ҳаракат қилаётганлардир. Ҳаётнинг давомийлиги хатолардан кўзни юмишдадир. Бир сиз кўз юмасиз, бир турмуш ўртоғингиз.
Умрнинг самараси сабрдадир. Бир сиз чекинасиз, бир турмуш ўртоғингиз. Ҳаёт ташаббускорлик билан кудуратлардан соф бўлади. Бир сиз тақдим қиласиз ва оласиз, бир турмуш ўртоғингиз тақдим қилади ва олади.
Эрнинг ўзи муваффақиятли оила қура олмайди. Худди шунингдек, хотиннинг ўзи ҳам. Қушлар битта қаноти билан парвоз қила олишмайди.
Ҳаққингизни талаб қилишдан олдин бурчингизни адо қилинг!
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Иккинчи дарс:
Бу дунё амал дунёсидир, мукофот олиш дунёси эмас. Бу дунё имтиҳон дунёсидир, натижани билиш дунёси эмас. Бу дунёда мўъминнинг қадари унга мусибатлар етишидир.
Золимларга мубтало бўлсангиз Ёсир оиласини эсланг. Улар сизга тасалли бўлишади.
Фақирликка мубтало бўлсангиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларини эсланг. У зотнинг хонадонларидаги ўчоқда ойлаб олов ёнмас эди. фақатгина сув ва хурмо ер эдилар.
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорийлардан бўлган қўшнилари у зотга сут чиқариб туришар эди.
Бўҳтонга дуч келсангиз Юсуф алайҳис саломни эсланг. Бир аёл у зотга муҳаббат қилиб зиндонга ташлатган эди. Олдинроқ акаларининг ҳасади у зотни қудуққа ташлатган эди.
Дўстим! Бу ер азият ва синов дунёсидир!
Роббингизнинг рисолатини етказаётиб азиятга йўлиқсангиз Яҳё алайҳис саломни эсланг. Унинг боши бир бузуқ аёлнинг маҳри ўлароқ кесилди. Ўша пайтда подшоҳ ўзининг синглисига уйланмоқчи бўлган. Яҳё алайҳис салом бунга қарши чиққан. Бу ишнинг ҳаромлигини айтган. Аёл у зотнинг калласини акаси бўлмиш подшоҳдан сўраган.
Асосларингизда собит туринг. Бошингиз пайғамбарлар бошидан азиз эмас!
Учинчи дарс:
Азобланиш фақатгина Ёсир оиласининг чекига тушмаган эди. Ислом бизга олтин товоқда етиб келиши учун саҳобалар азобнинг барча турини тотиб кўришган. Усмон ибн Аффон розиёллоҳу анҳунинг амакиси у кишини хурмо баргларидан бўлган бўйрага ўраб олов ёқиб азоб берар эди.
Мусъаб ибн Умайр розиёллоҳу анҳу ҳақида қанча гапирсангиз шунча оз. Унинг онаси исломга кирганини билгач, сув ва овқатдан ман қилиб қўйди. Уйидан қувиб юборди. У Маккада энг тўкин ҳаётда яшар эди. Унинг териси худди илоннинг терисидек ажралиб тушди.
Суҳайб Румий розиёллоҳу анҳуга шу қадар азоб беришдики, у ақлини йўқотди. Нима деяётганини билмас эди.
Мушрик Умайя ибн Халаф Билол розиёллоҳу анҳунинг бўйнига арқон боғлаб ёш болалар қўлига берар, улар Билолни Макка тоғларига айлантириб юришар эди. Арқонни тортаверишгандан бўйинлари кесилиб кетган эди. Билол розиёллоҳу анҳу фақатгина: “Аҳад-Аҳад”, дер эди. Бундан ташқари ҳаво энг иссиқ бўлган пешин вақтида уни саҳрога олиб чиқиб қумга ётқизишар, устига оғир ҳарсангни қўйишар эди. Унга: “Ё Муҳаммадга кофир бўласан, ёки шу ҳолда ўласан!”, дейишар эди. У эса: “Аҳад-Аҳад”, дейишини қўймас эди!
Бани Абдуддорнинг қули Абу Фукайҳани ҳам саҳрога олиб чиқиб кийимларини ечиб катта тош билан бостириб қўйишар, у шу ҳолда туриб ақлини йўқотган эди. Бир куни уни арқонга боғлаб саҳрога судраб олиб чиқишди. Уни арқон билан бўғишди. У ҳушидан кетди. Уни ўлди деб ўйлашди. Шу пайт Абу Бакр розиёллоҳу анҳу келиб қолиб уни сотиб олиб озод қилган эди. Сўнгра Ҳабашистонга ҳижрат қилди!
Умму Анмор бинт Сибоънинг қули Ҳаббоб ибн Аратт розиёллоҳу анҳу темирчилик қилар эди. Исломга кирганини билган бекаси уни исломдан қайтариш учун олов билан азоблар, қизиган темирни орқасига ва бошига босар эди. Унинг эса бундан фақатгина иймони зиёда бўлар эди. Мушриклар унга азоб беришар, сочини юлишар, оловли чўғ устига уни ётқизиб арқон билан тортишар эди. Чўғни унинг баданидаги ёғлар ўчирар эди.
Румлик чўри Зиннийра мусулмон бўлгач, уни ҳам азоблай бошлашди. Унинг кўзлари кўр бўлиб қолди. Мушриклар унга “Сени Уззо ва Лот лаънатлади”, дейишди. Зиннира уларга деди: “Йўқ асло, менга нима бўлган бўлса Аллоҳнинг изни билан бўлди. Агар истаса Ўзи шифо беради!”.
Зиннийра эртаси эрталаб уйғонганида кўзлари очилган эди!
Бир куни Абу Бакр розиёллоҳу анҳуни Макада тепкилашди. Жуда қаттиқ катаклашди. Мушриклардан Утба ибн Рабийъа унинг юзига калиши билан ураверганидан бурни синиб текис бўлиб қолди. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу ҳушидан кетган эди. Уни Бани Таймлик кишилар кийимига солиб кўтариб уйига элтиб ташлашди. Уни ўлган деб ўйлашган эди. Абу Бакр розиёллоҳу анҳу ўша куни кечқурун ўзига келиб биринчи сўраган нарсаси Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳволлари бўлди!
Қурол ясашни билмаганлар уни ишлатиш ҳурриятига ҳам эга бўлишмайди!
"Ғазода ишлаб чиқарилган!".
/channel/Abdulqodir_Polvonov
“УЛАР ҲАЛИ МЕНИ ЧИҚАРИШАДИМИ?!”.
Юқоридаги жумлани Набий саллоллоҳу алайҳи ва саллам Варақа ибн Навфалга ажабланиб айтган эдилар. Чунки Варақа куни келиб Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни қавмлари шаҳардан чиқариб юбориши мумкинлигини, барча пайғамбарларни қавми шаҳридан қувиб чиқарганини айтган эди.
Макка мушриклари ўшанда ўзларини жаҳаннам оловидан қутқармоқчи бўлган зотни Маккадан чиқиб кетишларига сабабчи бўлишган эди.
Тилнинг қайси томонини айланманг бундан оғриқлироқ жумлани топа олмайсиз. Афсуски, баъзилар сизни айбларингиз учун эмас, фақатгина яхши хислатларингиз учунгина ёқтиришмайди.
Баъзан маҳрум қилганларингиздан саломат қолсангиз-да, тақдим қилганларингиздан қутила олмайсиз. Улар бир қўллари билан сиздан олиб, иккинчи қўллари билан ханжар уришади. Бу дунё ношукрликка тўла!
Сиз ёрдам берганлар куни келиб сизни синдириши мумкин. Сиз уларни даволаганлар куни келиб сизни жароҳатлаши мумкин. Қачонлардир сиз йўлларини ёритган кимсалар куни келиб сизнинг чироғингизни ўчириши мумкин. Қачонлардир сиз уларнинг кемасини ҳимоя қилган кишилар сизнинг эшкакларингизни синдириши мумкин. Қачонлардир сиз кўз ёшларини артган кимсалар куни келиб сизнинг кўзларингизни ёшлатиши мумкин.
Яхши инсон бўлаверинг, аммо унутманг:
“Кўзлари кўр киши кўзлари очилиши билан биринчи қиладиган иши унга бир умр ҳамроҳ бўлган ҳассани улоқтириш бўлади!”.
/channel/Abdulqodir_Polvonov
Бу хурсандчилик бор-йўғи биттадан елим идишдаги сувга эга бўлганлари учун холос!
Ғазо аҳлига шарафлар бўлсин. Аллоҳ уларни саломат ва ғолиб қилсин!
/channel/Abdulqodir_Polvonov