Эълон қилинмаган шеърлар туркумидан...
Абдулла Орипов
Мактуб
Шўх-шўх парвоз этган қушлар,
Қулоқ солинг куйимга.
Сўнгра учиб, етинг тезда,
Менинг она уйимга.
Онагинам уйда мени,
Кутар айвон остида
Қадамгинам теккан жойда,
Йўлгинамнинг устида.
Балки онам сиз борганда
Буғдой ёйган бўлсалар.
Сизлар унинг буғдойини
Ҳар ён сочманг қушчалар.
Балки онам том бошига
Туршак ёйиб, тушгандир.
Эй қушчалар, тегманг унга,
Илтимосим сиздандир.
Сўнмоқдадир, балки хира,
Кўзларининг ёлқини.
Ҳаёлидан кетмас сира
Боласининг тақдири.
Саломимни элтинг қушлар,
Шоир ўғлинг омон, денг,
Эрта-индин келиб қолар,
Соғинган кўп ёмон денг.
✍1960
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МЕҲРИ ОРТИҚ ЭРУР...
Отанинг қарғиши бамисоли ўқ,
Тегади, бир фурсат кутмайди дерлар.
Гарчи падар каби бўлса-да улуғ,
Онанинг қарғиши ўтмайди дерлар.
Асли ёмонликдан асрасин Худо
Ва яна асрасин жавоб-заҳридан.
Она шундайин бир қалби кенг сиймо,
Меҳри ортиқ эрур доим қаҳридан.
✍ 2007 йил 7 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОНА
Кимдир савол берди: — Айтгил, Муҳаммад,
Ёлғиз сен Расулсан буткул оламга.
Кимга кўп яхшилик айлай, ўзинг айт,
Ота-онамгами? Ёхуд боламга?
Расул жавоб қилди: — Тингла биродар,
Гапимни уч бора қулоққа илгил.
Имкон топа олсанг дунёда агар,
Энг аввал онангга яхшилик қилгил!
Бу ҳикмат шарҳини ўйладим узоқ
Ростдан она эрур қиблаи олам.
Гарчи барчамиз ҳам падармиз, бироқ
Онадан туғилган пайғамбарлар ҳам.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАБИАТ
(Шеърдан папча)
...Мен азиз онамни тупроққа қўйдим,
Ҳали тинган эмас кўздаги ёшим.
Олис кечалари ҳижронда куйдим.
Энди қай сийнага қўяман бошим.
Энди мен эслайман кўзларимда нам,
Она деган сўзнинг қайтмас сеҳрини.
Қўмсаб талпинаман ҳар зум, ҳар қадам
Онам оғушини, онам меҳрини.
Шундай пайт ҳам ўзинг айлагил шафқат,
Она бўла қолгил менга, табиат.
✍1966
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
"Й и г и т:
Алвидо, эй меҳрибоним, хуш қол, онажон!
(Ҳур қиз Йигитни кузатиб чиқади.)
Она:
Маҳбус каби туравериб ушбу қасрда
Балки фаҳмим ўтмаслашган, толиққан руҳим.
Ким бўлди бу ажаб одам? Ким у аслида?
Шунчаки бир ўткинчими? Ким бўлди у? Ким?
Нимагадир танитмади ўзин, ҳар қалай,
Юрагида дарди тўла, аламзада зот.
Мурожаат қилди менга она деб атай.
Ёнган дилим қайта бошдан ўртади, ҳайҳот!
(Ҳур қиз киради.)
Она:
(Ҳур қизга)
Кузатдингми?
Ҳур қиз:
Ҳа, кузатдим, эсин қўйган еб,
Тушунмадим, муроди не? Қанақа дарди?
Иккинчи бор видолашдим онам билан деб,
Катта йўлда дабдурустдан йиғлаб юборди.
Она:
Нима? Нима? Чақир уни, қайтаринг зинҳор,
Оҳ, жаннатинг поймол бўлсин, бошимга етди!
Ҳур қиз:
Фурсат ўтди, энди уни ахтармоқ бекор,
У улкан бир издиҳомга қўшилиб кетди.
Она ҳушидан кетади...
"Жаннатга йўл" драматик достонидан парча.
@abdullaorifijodi
Фарзандлар учун ота-она кўпинча идеал бўлиб келади. Бу табиий ҳол албатта , лекин отам билан боғлиқ бир жиҳат бор эдики, бизни доим лол қолдирган. Отам ҳаётлик пайтида ўзим гувоҳ бўлган бир ҳолат, уларнинг дилини кимки оғритса, ўша инсон билан бир ёмонлик содир бўлганлигини хабари келар эди. Улар ё яқинидан айрилар ёки ўзларига нимадир бўлар эди. Ваҳоланки, отам уларнинг келтирган изтиробларига сукут билан жавоб қайтарар эдилар. Куни кеча улар ҳақида ёзилган танқидий мақолага дуч келдим. Тўғри, ҳамма ҳам ўз фикрини билдириш, шоирнинг ижодини таҳлил, талқин этиш ҳуқуқига эга, бу илм, лекин ўтган одамнинг шахсияти ҳақида гапириш нечоғлик тўғри? Аммо фарзанд сифатида кўнглимиз оғриди, исён қилдик, олов бўлиб ёндик ва яна отам қилган ишни қилиб, жим бўлиб қўя қолдик. Лекин ўша танқидий мақола муаллифини бошига тушган кўргуликни ижтимоий тармоқда ўқиб, яна ҳайратга тушдим, бизнинг жавоб қайтариш ва ёки бирон бир фикр билдиришимиз ҳам ноўрин бўлиб қолди. Балки бу яна бир тасодифдир...
Рухсора Орипова
Абдулла Орипов
КЕЧИР ШЕЪРИМ
Кечир шеърим, кечиргин мени,
Йиллар ўтиб чарчадим, толдим.
Шундай пайтлар бўлди-ки, сени—
Муҳофаза қилолмай қолдим.
Қудуқ қаздим сув танқис дамлар,
Эришдим ҳам балки ютуққа.
Чўктирдилар лекин одамлар
Ўзим қазган ўша қудуққа.
✍2014 йил 1 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОНА НИГОҲИ
Ҳазрати Хизрга йўлиқсам албат,
Фақат бир нарсани сўрардим фақат:
Ёмон назарлардан толиқди руҳим,
Онам нигоҳини кўрсатинг ҳазрат.
✍2015 йил 23 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЛАҲЗА
Дафъатан атрофга чўкар сукунат,
Гўё дарз кетгудек қисилар борлиқ.
Барглар қимирламас, тош қотган дарахт,
Ҳаёт тўхтагандай. Даҳшат нечоғлик!
Фақат эшитилар юрак товуши,
Қалбингда юз берар илоҳий бир ҳол.
Йўқ ахир юракнинг ўнги-ю туши,
Самодан келгандек бу товуш яққол.
Ҳаёт бирданига уйғонар яна,
Дарёлар гувиллар, шовуллар боғлар.
Бошланар ҳар ёнда буюк тантана,
Тириклик нафаси – бетакрор чоғлар.
Яна жам бўлади дунёнинг қуши,
Яна қалдироқлар солади ларза.
Фақат эшитилмас юрак товуши,
Фақат сезилмайди илоҳий лаҳза.
✍2014 йил 26 октябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЛОФ
Лофчининг услуби шундоқдир азал,
Маҳлиё қилади сизни ёлғонга.
Қай куни бир лофчи дер эди дангал:
-Шапалоқ тортганман Наполеонга.
Гапни илиб кетди иккинчи лофчи,
Деди: - Эшит энди, оғайни, бизни,
Ўлик денгиз дерлар, сабабин топ-чи,
Ўзим ўлдирганман ўша денгизни.
Лофнинг замони ҳам ўтди-ку мутлоқ,
Унга муҳтож эмас бирорта одам.
Ростдан дуч келганга тортиб шапалоқ,
Ростдан қуритгайдир денгизларни ҳам.
✍🏻 2007 йил 11 июль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҚОНУНИЯТ
Оқшом бароқ мушук лабини ялаб
Уйқуга кетади сичқонни ўйлаб.
Сассиз қанот қоқар бойқуш тунлари,
Эс-ҳушида фақат қушнинг инлари.
Тулки тўқайларда изғийди гирён
Хаёлида унинг товуқ ё қуён.
Бургут юксакларда қанот қоқади,
У ҳам ўлжа излаб тубан боқади.
Бу-ку, табиатда қонундир азал,
Фойдасиз бу ерда ахтарсанг масал.
Лекин оламда бор ўзга бир ҳолат
Уни шарҳ этолмас ҳеч кимса, ҳеч вақт.
Оҳ, фақат одамзод — фарзанди башар.
Бир-бирин маҳв этиш қасдида яшар.
✍1982
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Коинот гултожи инсондир азал,
Ундадир энг олий тафаккур, амал.
Ҳатто у тубанлик ичра ҳам танҳо,
Ё фалак, ижодинг бунча мукаммал.
✍1977
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОНАМНИ ЭСЛАБ
Шамол увиллайди,
Қор, бўрон тошиб,
Тепалик тўшига ўзни уради.
У ерда тупроққа бағрини босиб
Танҳо бир сағана маъюс туради.
Қошига чиқай деб бўзлаб йўл юрдим,
Кўкрагимни тилди изғирин, тикан.
...Нетай, онажоним, қанча одам кўрдим,
Сендан яқин кишим йўқ экан...
✍1973
@abdullaorifijodi
"
Усмон Носир шундай истеъдод эгасики, бамисоли теккан жойини куйдирувчи оловдир. Шоирнинг ғоят қисқа умрига назар солган киши жуда узоқ ўйларга толиши шубҳасиздир. Чунки бу чақмоқдек умрда бениҳоя катта имкониятлар ёниб кетганлигини кўриб ва ҳис қилиб турасиз. Усмон Носир улуғ ва абадий шеъриятнинг дийдасидан оқиб улгурмаган шабнамдир, у ҳали қаҳқаҳага айланмай лабларимизда мангуга қотиб қолган ним табассумдир. Унинг шеърлари кўз каби тирик, жонли, тутқич бермас ҳаёт пораларидир. "Абдулла Орипов
13 ноябрь - Усмон Носир туваллуд куни.
Жойлари жаннатда бўлсин!
Абдулла Орипов
АРМОН
Усмон Носирга
Жажжи бола тинмасдан сира
Акасига ёлворар ёниб:
— Жон акажон, кўрсат биргина,
Жон акажон, бир кўрай қониб.
Акасининг қўймас қўлидан,
Ўртанади ёшгина жони.
Ниманидир олиб қўйнидан
Кўрсатади сўнг акажони.
Гўдак яна ўтмайин фурсат,
Акасига тикади кўзин:
—Жон акажон, яна бир кўрсат,
Кўзим билан кўрайин ўзим.
Тинчитмайди уни бир нафас,
Осилади "жон" деб бўйнига.
Акажони кўрсатиб бирпас,
Яширади сўнг бор қўйнига.
Нимайди у? Маъсум туйғунинг
Оромига сололган ғавғо?
Не бўлса ҳам болакай унинг
Дийдорига тўймади асло.
Нимайди у? Балки бир безак —
Армон қилиб юрган нечалар.
Не бўлса ҳам ўшани гўдак
Тушларида кўрди кечалар.
Нимайди у? Балки бир тугун,
Ё оддий тош, ёки оддий гул.
Не бўлса ҳам ёш инсон учун
Ўша дамда ноёб эди ул.
1965
✍️Абдулла ОРИПОВ
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЖАННАТ
Умрим шамоллари ҳануз елади,
Ҳануз нурли чеҳранг турар қошимда.
Онажон, мен сени кўргим келади
Етмишни қоралаб қолган ёшимда.
Майлига, менга ҳам ором тилагин,
Онажон, соғинчим сен ўзинг рости.
Мўйсафид ўғлингнинг бошин силагин,
Менга жаннат эрур оёғинг ости.
✍2007 йил 25 ноябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДИЙДОР
Онам эрта кетди дунёдан нолон,
Ёшидан ўтганман мен аллақачон.
Қартайган ўғлингни охират куни
Таний олурмисан, билмам, онажон!
✍2004 йил 25 май
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОНА
Кўкда юлдуз учса ногаҳон
Битди дерлар қайси бир тақдир.
Бундай ғамни кўтармак осон,
Бу эҳтимол бизлар ҳақдадир.
Баъзи тунлар кўкка тикиб кўз
Эслаб дейман онамни шу он:
Она кетса, юлдуз-ку, юлдуз,
Қулаб тушса арзийди осмон.
✍1967
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОНАМ ВАФОТИГА
Маконда ломаконсан, энди қайдан излагайдурман,
Фиғоним кимга айтиб, кимга сендан сўзлагайдурман.
Бировлар мотамида оҳу фарёд айлаган эрдим,
Сенинг-чун, эй, ғарибим, ич-ичимдан бўзлагайдурман.
✍1966
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
"...Шу мўъжаз уйимда ёнсин деб чироқ,
Не азиз зотларга ёндошдим гоҳи.
Бирин ака дедим, бирини ўртоқ,
Баъзан ном чиқардим: даврон маддоҳи!
Ким алам чекмабди умрида бир бор —
У мени англамас, англамас асло!"...
✍"Қирқ ёш" шеъридан парча.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДЎСТЛАР ВА РАҚИБЛАР
Ёшлик йилларимни эслайман секин,
Гоҳида тинибман, гоҳида қайнаб.
Турфа сатрларни битибман, лекин
Бир сўз ҳам ёзмабман қаламни қийнаб.
Ўрни келганида кечдим дарёдан,
Битта ўзим қолдим гирдобда гоҳо.
Куч олдим дўстларим берган ҳимодан,
Тортди оёғимдан рақиблар аммо.
Агар тоғ аталса у шонли равоқ,
Олтин зинасига қўйдим бир кун бош.
Дўстларим қутловга қўл чўзди, бироқ
Рақиблар тепадан отиб турди тош.
Равон йўл йўқ экан, ҳар ён сўқмоқдир,
Йўлбарс ҳам юрмаган чигал бу ўрмон.
Дўстлар-ку юлдуздек сенга маёқдир,
Рақиблар билдирмай қўярлар қопқон.
Бу ёруғ дунёда йўл юриб албат,
Охири тўхтайсан, паймонанг тўлиб.
Ўша кун дўстларга бермасдан навбат,
Рақиблар сўз айтар биринчи бўлиб.
Инсонга кўргилик азалдан ўтган,
Доимо виждонга келтирганлар шак.
Худойим ургану пайғамбар туртган
Рақибнинг устози — Иблисдир бешак.
✍2015 йил 29 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ШОКОЛАД
Чўнтагимга солиб олдим тўртта шоколад
Ва ўзимга битта шартни айладим тайин:
Кимки мени алдамаса, сийлайман албат,
Шоколадни шу одамга совға этайин.
Куни бўйи бирор ғолиб чиқмади, ажаб,
Боз устига билмас эди ҳеч ким шартларни.
Уйга қайтдим, болаларни байрам деб алдаб,
Бўлиб бердим чўнтакдаги шоколадларни.
✍2014 йил 28 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АКТЁР
Бир кун томошага тушиб лаҳзада,
Турфа актёрларни кўриб қайтибсан.
Лекин сен уларни фақат саҳнада
Мавжуд деб ўйласанг бекор айтибсан.
Чин актёр санъат деб, бағрини тиғлаб,
Амаллаб кунини кўриб юради.
Шундай инсонлар бор, бир кўзи йиғлаб,
Битта кўзи эса кулиб туради.
Шундай инсонлар бор, вой отам, дея,
Бир зумда ўзгарар турқи, сиёғи.
Лекин ўша маҳал, ўша сония
Онасин кўксида турар оёғи.
Шундай инсонлар бор, гўё юртпарвар,
Юртини улуғлар гўё ҳар сўзи.
Лекин разм солиб қарасанг агар,
Амал поясида иккала кўзи.
Шундай инсонлар бор, халқим дер ҳар чоқ,
Сўзлайди ҳамиша олиб халқ ёнин.
Бир қўли кўксида, бир қўли бироқ,
Тозалаб боради халқнинг ҳамёнин.
Санъатга умрини ким этмиш фидо,
Шарафи юксалсин, оламни тутсин,
Ҳаётни ўйин деб билганнинг аммо
Толеи кулмасин, бири кам ўтсин.
✍2000
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ
Ҳар қандай лашкарнинг ҳам
Ўз туғи, ялови бор,
Сен қайси салтанатдан,
Сен қайси давлатдан кам.
Қўрғонлар қаторида
Бир қўрғонсан устувор,
Валламат, туғдор юртим,
Муҳташам Республикам.
Ўйлайман, ҳа, оламда
Нисбий эрур кўп ҳолат,
Замона ғалвиридан
Ҳар нарса ўтаверар.
Тарих учун ва лекин
Ким ҳам бергай кафолат,
Якка инсон бир йўлчи:
Келару кетаберар.
Қадим-қадим замонда
Юнонлик ҳайкалтарош,
Бир санъат яратибди,
Мақсади — бир бурда нон.
Ҳайкал эса асрлар
Синовига бермиш дош,
Бугун уни кўкларга
Кўтарар буткул жаҳон.
Кўзни каттароқ очиб
Боқсанг бу муаммога,
Алам қилгулик қадар
Кам яшар инсон зоти,
Фақатгина халқ соҳиб
Бардавом бу дунёга,
Асрагай ҳар қас номин
Фақат халқнинг ҳаёти.
Санасанг ҳодисот мўл
Ўзбекнинг тарихида,
Ҳар бирига бир нома
Ёки достон битгулик.
Не зотлар оқмаган бу
Асрлар ариғида,
Ҳар бири битта халқнинг
Ғурурига етгулик.
Барчага аён эрур
Мен айтган ушбу гаплар,
То ҳануз асабларни
Эзғилар бу шум ўтмиш.
Мозийга ўқтин-ўқтин
Сочсак ҳамки ғазаблар,
Лекин айтинг, ўзбекнинг
Қўлидан ким ҳам тутмиш?
Бир куни ёвқур шоир
Яъни Турди Фарғоний,
Бўлтак бўлган бу халққа
Бирлаш деб қилди хитоб.
Бежавоб қолаберди
Унинг дардли сўроғи,
Ўша-ўша замин кар,
Ўша-ўша гунг офтоб.
Бугун зимдан назар сол
Сен мана бу байроққа,
Майлига бир дақиқа
Унутгин турфа кекни.
Шу байроқ номимизни
Элтди йироқ-йироққа,
Шу байроқ бирлаштирди
Пароканда ўзбекни.
✍1984
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Дейдилар, ит ҳурар
— Ўтади карвон,
Ранжу балолардан
Ёнмасин жонинг,
Лекин алам қилар,
Бир умр гирён
Итлар орасидан
Ўтса карвонинг.
✍1980
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СУРАТ ВА СИЙРАТ
Майли, сувратимга боққилу қувон,
Лекин сийратимга ташлама назар.
Бир ёқдан туганмас бахт берди жаҳон,
Бир ёқдан туганмас ўкинч ва кадар.
Чароғон умримни ёритган қуёш,
Торгина кулбамга боқмади гоҳо.
Заминдек айланган савдоли бу бош
Қолди қисмат ичра заминдек танҳо.
Оҳ, нечоғ рангларга тўлиқ бу жаҳон,
Оҳ, нечоғ ширин шу тириклик, кадар.
Майли, сувратимга боққилу қувон,
Фақат сийратимга ташлама назар.
✍1976
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЧЕКСИЗЛИК
Дейдилар, фазонинг чегараси йўқ,
Миллиард юлдузларнинг сўнги ҳам фазо.
У шу қадар чексиз, шу қадар буюк,
Хаёлга сиғдириб бўлмайди ҳатто.
Баъзан фазоларга боқаман узоқ,
Руҳимга шу туйғу сиғмас гупириб.
Чексизлик юракни қисганда, шу чоқ,
Торгина уйимга кетаман кириб.
✍1969
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
"... Ўтган мафкура бизни, халқни, олимларниям, адабиётшуносликниям шу даражада буздики, ким нима деса шуни тагидан кир, маъно ахтариш бошланиб кетди. Усмон Носирни ҳукм қилишган.
Йўлчиман манзилим уфқдан нари
Ложувард денгизнинг тубига яқин.
Шу сатрлар делосида ёзилган, ложувард денгизнинг тубида нима бор? Америка! Усмон Носир Америкага кетяпти.
Мана шунақа хулоса чиқарган. Кейин Усмон Носирдан айб ахтаришган:
Шеърим яна ўзинг яхшисан
Боққа кирсанг гуллар шарманда.
Айбловни қаранг: «Бу нима дегани? Совет гуллари Усмон Носир шеърларидан хунукми? Совет гуллари шарманда бўладими?» Энди шу даражага етдики, образли фикрлашнинг ўзи керак бўлмай қолди. Адабиётшуносликнинг қизиқ-қизиқ томонлари бор. Бу ҳақда раҳматли Озод Шарафиддинов айтиб юрарди. Танқидчилар атайлаб қилмайди, бу кўпинча тушунмасликдан келиб чиқади..."
2005 йил декабр
✍️Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОХИРАТ
Нимадандир ғашдир кўнгиллар,
Тиканакка бурканмиш гуллар.
Боққа ногоҳ адашиб кирсанг,
Ғазаб билан сайрар булбуллар.
Қонга тўлмиш Миррихнинг кўзи,
Уммонларнинг сачрайди тузи.
Аллақачон бол томмас тилдан,
Шоирларнинг заққумдир сўзи.
Йўлга боқсанг кўрингайдир жар,
Гўдакларнинг тушида аждар.
Туни бўйи йигитлар бедор,
Ёстиқларин тагида ханжар.
Билиб бўлмас — кимда бор имкон,
Олағовур маҳшардир замон.
Не қиларин билмай ҳайратда
Денгиз каби қалқир оломон.
Хабар бордир на дўст, на ёрдан,
На дўсту ёр, балки, диёрдан.
Ёлғиз Ҳазрат меҳроб қошида
Мадад тилар Парвардигордан.
✍🏻1990
@abdullaorifijodi