15 октябр -Халқаро қишлоқ аёллари куни...
Абдулла Орипов
ПОЕЗДДА
Қаршигами, Термизгами поезд юрар,
Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар.
Бири дейди: — Минг шукрки уйимиз бор,
Тарновлари оқ тунука, зап нақшинкор.
Униси дер: — Бизники ҳам жуда кўркам,
Бордир ҳатто ҳовлимизнинг девори ҳам.
Қаршигами, Термизгами поезд юрар,
Икки аёл чой ҳўплашиб суҳбат қурар. . .
✍2015 йил 6 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТУН
Ташқарида ёмғир шивирлайди жим,
Кўрингай на чироқ ва на бир зиё.
Гўё деразамни чертар аллаким,
Босиб кела бошлар қандайдир рўё.
Ўзимни тўшакка отаман шу он,
Ўраниб оламан ваҳима ичра.
Қоронғи йўлакда шитирлар хазон,
Кимдир деразамдан кетмайди сира.
Чироқни ёқаман бетоқат бориб,
Гўё ваҳималар бўлади абас.
Ёмғир ялтирайди нурда оқариб,
Тасалли чулғайди дилни бир нафас.
Липиллаб сўнади чироқ ҳам охир,
Қайдадир шовуллаб эгилади тол,
Кимдир ташқарида энтикар оғир,
Бирдан деразамни қоплайди хаёл.
Кимсан, эй, тунлари мени пойлаган,
Макрига бойлаган ёвуз дарбадар.
Кимсан, эй, руҳимни мағлуб айлаган,
Мағрур юрагимга ташлаган назар.
Ёлвора бошлайман кимгадир ёниб,
Бир зум иродамни этаман бекор.
Бир зум ўзлигимдан қоламан тониб,
Бир зум ожизликка бўламан иқрор.
Гуноҳкор бандадай титраб-қалтираб
Кимдандир сўрайман сўнгги ҳимоя.
Шамол ҳам увиллар нимадир тилаб,
Бирдан кела бошлар у машъум соя.
Тўлғониб кетади ногоҳ юрагим,
Нимани истайсан, сўйла, эй дайди!
Секин ғудурлайди шунда аллаким:
— Наҳотки менга ҳеч раҳминг келмайди.
Ёмғир ҳам савалар мени беомон,
Шамол ҳам ҳолимдан кулгани-кулган.
Бошпана бер менга, мен — ваҳимаман,
Ботирлар қалбидан қувғинди бўлган.
✍1965
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
СОҒИНИШ
У узоқ жойларга қилмасди сафар,
Тўкманг дерди кўздан жолаларимни.
Дерди: Бир кунгина кўрмасам агар
Соғиниб қоламан болаларимни.
Бедаво бир дардга чалинди шўрлик,
Деди: Энди қайтиб турмасам керак.
Бўғзига тиқилиб келса ҳам хўрлик,
Барига чидади, босиқ ва тийрак,
Кетар чоғида ҳам йўқликка томон,
У тақдир ҳукмига мардона кўнди.
Фақатгина деди: — Қийнар бир армон,
Мени болаларим соғинар энди...
✍🏻1996
@abdullaorifijodi
“Одамлар илҳомни “Қанот қоқиб келган фаришта” деб ўйлайди. Бекор гап! Мен учун илҳом – изтироб! Илҳом – фожеа ҳамдир. Қалбни қўзғатган нарсани илҳом деб атаса бўлади. Қизиқ, нимага уни гўзал қилиб “Илҳом” дейилади? Ахир у одамнинг қалбини тилиб, уни мувозанатдан чиқаради. Ана шу илҳом бўлади. Ўзига илҳом ахтариб юрган шоирларни эса ижодкор деб ҳисобламайман. Улар гўёки, қўлга тўрва кўтариб, далада машоқ териб юрганларга ўхшайди. Бундай “Илҳом ахтариш” сохта йўлдир. Агар ижодкор ҳаётнинг ўзи билан аралашиб яшаса, натижада бир нарса чиқиши мумкин”Читать полностью…
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ГЎЗАЛЛИК
Кузнинг рутубатли оқшоми эди,
Боғлар сокингина чекар эди оҳ.
Руҳимда бир хазон айёми эди,
Ажиб гўзалликка дуч келдим ногоҳ.
Мисли хаёл эди у малак сиймо
Чирой оламининг тенгсиз сайқали.
Кўзларим олдида турарди гўё
Навоий ғазалин тирик ҳайкали.
Бир зум кўзларимдан йўқолди уйқу,
Бир зум баҳор каби ёришди олам.
Бир зум хаёлимдан чекинди қайғу,
Бир зум юрагимдан кетди ғам-алам.
Бир зум гўзалликнинг ҳузурида жим
Самовий ҳисларга бўлиб қолдим банд.
О, доно табиат, о буюк ҳаким,
Ҳикмат кўрмадим ҳеч мен сенга монанд.
Ўзинг юракларга чўктириб кадар,
Халос ҳам қилурсан раҳм этган дамда.
Шундай гўзалларни яратмасанг гар,
Қолиб кетармидик бир умр ғамда.
✍🏻1967
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ВАТАН МЕҲРИ
Синглим Бибисорага
Хасталикка йўлиқдим Ватанимдан йироқда,
Вайрон бўлди минг карра шундоқ ҳам вайрон кўнглим.
Денгизу тоғлар оша, гоҳ яёв, гоҳ учоқда
Мени кўргани келдинг, Бибисора, жон синглим.
Эллик йил айро тушган икки жигарбанд мисол
Ака-сингил йиғлашдик, елкаларга қўйиб бош.
Шу лаҳза онам руҳи чарх урарди эҳтимол,
Балки отам арвоҳи тиларди бизга бардош.
Ношукурлик ёмондир, яшадим-ку ҳарқалай,
Қайга борсам, мухлислар бизники деб аташди.
Бироқ ўтган йилларнинг феълин ҳам айтиб ўтай:
Аввало қўрқитдилар, сўнгра эса талашди.
Бойлик ва амал топиш қийин эмас дунёда,
Жиндек чаққонлик билан устакорлик бўлса, бас.
Душман-ку пойлаб турар ҳар ўру ҳар қиёда,
Фақатгина чин дўстни учратмоқ осон эмас.
Мен ҳам бир дўст ахтариб, шамол мисоли елдим,
Гоҳо топдим, гоҳида тополмай чекдим алам.
Тўрт мучанинг қадрини ёшим ўтганда билдим,
Жароҳат топдим гоҳо туянинг устида ҳам.
Донишмадлар ҳаётни аслида синов дейди,
Бу ҳикматни ҳар инсон ўзича англар бироқ.
Тирикликда собит бир мантиқ бўлса қанийди,
Бўрилар қолиб кетиб, қўйни синашар кўпроқ.
Соғайиб сафингизда юрарман ҳали мен ҳам,
Ошно бўлиб шеър деган абадий бир сеҳрга.
Ёлғиз худога солдим, гар бировдан етса ғам,
Лекин мудом талпиндим эзгуликка, меҳрга.
Ким бўлибман ахир мен, меҳрга зор-ку башар,
Чулғаб олмиш оламни зўравонлик ва ақча.
Оддий бир тўп тепарга қиёслаб кўрсанг агар,
Гомер ва Толстойнинг нархи бўларкан қанча?!
Ҳа, одам боласи бу, қон қақшатар дилларни,
Қўли ҳеч бўшамайди иғво билан урушдан.
Кўрдим афсус дунёда ҳатто шундоқ элларни,
Завқ олади ўз бирин топтаб, ерга уришдан.
Сен Ватаним меҳрини келтирдинг, Бибисора,
Энди оёққа тургум соғ-омон, ўйнаб-кулиб.
Билиб қўй, бу меҳрни топиб бўлмайди сира,
Инчунин, у кўрингай гоҳида сингил бўлиб.
✍🏻2014 йил 4 август Истамбул
@abdullaorifijodi
"Дўстлик қадри" Хотира мақоласида келтирилган ариза шоир архивидан топилди.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДУНЁНИ ҚИЗҒАНМА
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Мен сенинг кўчангдан ўтмасман зинҳор.
Менинг бу оламда ўз айтар сўзим
Ва ўзим сиғинар мозорларим бор.
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Сен ичган булоқдан ичмасман асло.
Сен юрган тоғларда қолмагай изим,
Сен кечган дарёдан кечмасман асло.
Дунёни қизғанма мендан, азизим,
Қалбингни ёқмасин шубҳа ва сўроқ,
Мен ўзга манзилга тикканман кўзим,
У сенинг кулбангдан жуда ҳам йироқ.
✍🏻1980
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ОИЛА
Каттаси кетганди балиқ овига,
Чўмилиб-нетмасин, ишқилиб.
Турли тасаввурлар олар довига,
Кампирнинг нафаси келар тиқилиб.
— Ҳой, сиз ҳам болани ўйланг-да бундоқ...-
Кампир эрк берганча пуч хаёлига,
Капгирни қайгадир илиб ўша чоқ
Танбеҳ бера бошлар чолига.
Чол-чи, кўзойнагин артганча бот-бот
Китоб варақлайди: Бедилми, Машраб...
— Мошинда кетувди кенжаси шаддод,
Юрсин-да, ишқилиб, кўзига қараб...
Кун ҳам эрта ботди, билмадим, кузми,
Биттаси кечкида ўқийди.
— Сен ҳам ўйлагин-да анави қизни?—
Чол ҳам кампирини нуқийди.
Ҳеч қайда ҳеч гап йўқ, шундоқ икковлон
Бир-бирин бесабаб койир, турткилар.
Лекин иккиси ҳам билади пинҳон:
Болаларни ўйлайди улар.
Сўнгра бир маҳалда узун-қисқа бўлиб
Болалар ҳам келар галма-гал.
Дастурхон атрофи боради тўлиб,
Хайрият, ҳаммаси жам, тугал.
Кампир: — Шукр, — дейди қимтиниб лаби,
Чол ҳам жилмаяди:
Тушунар...
Дунёда ҳеч бир гап бўлмаган каби
Болалар овқатни туширар.
✍🏻1979
#abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
(Ҳазил)
Оқ қоғоз, юзингга сирим айтаман,
Мени бу сафар ҳам тинглагил, дўстим.
Кеча битта ўзим сайр этиб чаман,
Бир гўзал дилбарнинг домига тушдим.
Оқ қоғоз, оқ қоғоз, сенинг юзингда
Қанча гўзалларнинг тасвирлари бор.
Аммо минг йил ўтиб, келиб ўзингга
Бундай гўзал юзин кўрмабсан зинҳор.
Турардим қошида беҳис, безабон,
Андиша босарди елкамдан оғир.
Нетай, шеър бағишлаб қизга ўша он,
Байт айтдим ўзимни тутолмай охир.
У мени тинглади мисли нилуфар,
Ақиқ лабларида тер шабнам эди.
Лекин қайрилди-ю, шоир бўлсанг гар,
Шеърингни қоғозга бориб айт, деди.
Оқ қоғоз, юзингга сирим айтаман,
Мени бу сафар ҳам тинглагил, дўстим.
Кеча битта ўзим сайр этиб чаман,
Бир дилбар гўзалнинг домига тушдим..
✍🏻1979
@abdullaorifijodi
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқатнинг Ёркентдан ҳоки олиб келиниб, Қўқон шаҳридаги Шайхон қабристонига қўйилди. Энди юртимизда шоирнинг рамзий қабри бор.
Читать полностью…Абдулла Орипов
ТУШ
Гуноҳкор бир ўғил маҳзун, ҳоли танг,
Уйқудан кўз очиб инграрди аранг:
—Мени ўйлабсиз-да у дунёда ҳам,
Ота, арзимасман, тушимга кирманг.
✍🏻2003 йил 21 апрель
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ДУНЁ
Учрашди жаҳоннинг икки зўр пири,
Уларни қийнарди дунёнинг сири.
Бири йиғлаб дерди: — Уни тушундим,
Тушунмадим, — дея йиғларди бири.
✍🏻2003 йил, 10 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
БИР УСТОЗ ЎГИТИ
(Ҳазил)
Топган-тутганингни халққа бер, қўзим,
Ўшанда ҳеч қачон топмайсан тўзим.
Лекин бир мантиқни унутма асло:
Яъни, мансубдирман халққа мен ўзим.
✍1979
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
УСТОЗ
Дедилар, дунёда асли ким азиз,
Айтдилар, устоздир, устоз бегумон.
Тағин айтдиларки, азиз шубҳасиз
Устозин қадрига етолган Инсон.
✍2002 йил, август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НАЙ
Яшнарди у адирда дуркун,
Эпкинларга очганча қучоқ.
Келдилару одамлар бир кун
Танасига санчдилар пичоқ.
Айирдилар аввал кўзидан,
Сўнг бағрини олдилар ўйиб:
Етмагандай бу ҳам бўғзидан
Пуфладилар лабларин қўйиб.
Кўрмаганди бунчалар хўрлик
Ҳатто аёз тилганда юзин.
Аламига чидолмай шўрлик,
Нола тортиб юборди узун.
Одамлар-чи, тўпланди шу он
Фарёдига қилолмай тоқат.
Бир қамишни йиғлатиб чунон,
Сўнг ўзлари қилдилар роҳат.
✍1966
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Ёмғирли кун эди,
Атроф жим, сокин,
Маъюс кўзларингга боқардим сармаст.
Секин шивирладинг: — Боқмагил, йигит,
Севгинг менга янгилик эмас...
Ёмғир ҳам тинмади ўша куни ҳеч,
У ҳам қуволмади кўздан хобингни.
Совуқ, рутубатли хонамга шу кеч
Олиб қайтдим изтиробингни.
Тунда ҳам жимгина ёш тўкди осмон,
У менинг ҳолимга йиғлар эди, бас!
Бас, дўстим, мени деб чекмагил фиғон,
Сенинг кўз ёшинг ҳам янгилик эмас.
✍1966
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Истеъдод
Нафақага чиққан кекса бир ўғри,
Мева бозорида қиларди савдо.
Бир кун ёш ўғрига келди у тўғри,
Бошланиб кетди-ку савдо шу асно.
Ёш ўғри пайтини топдию чаққон,
Уч-тўртта олмани урди қўйнига.
Кекса ўғри уни тутди ўша он,
Қўйди қилмишини дарҳол бўйнига.
Деди: Унутмагин асли зотингни,
Айтганимни қилсанг, ҳеч бўлмассан кам.
Ёшсан, қадрлагин истеъдодингни,
Каттароқ ишларга қўл ургин, укам.
1.03.2010
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Туғилсанг бахт билан камол ўшадир,
Тарк этсанг оламни завол ўшадир.
Охир чоғ тупроғинг устига келиб,
Кимдир ёд айласа, иқбол ўшадир.
✍1983
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Қўйгил, у кунларни эслатма менга,
Қалбимни ёқмасин бу хазон фаслинг.
Энди бегонаман, жонгинам, сенга,
Энди бегонадир менга ҳам васлинг.
Гоҳида севиниб, гоҳи ғамдадир
Ишқ узра ёзардим мен эркин қанот.
Билмайман қайси кун, қайси дамдадир,
Менинг қисматимга чанг солди сайёд.
Унинг қўлидадир бу кун имконим,
Бу кун ҳамроҳимдир гўзал изтироб.
Қўйгил, у кунларни эслатма, жоним,
Қўйгил, юрагимга сен берма азоб.
Ўзгалар юзимга боқса ҳам ҳайрон,
Фақат сен томоша қилма ҳолимни
Фақат сен шеъримни севма ҳеч қачон,
Фақат сен ҳимоя қилма номимни.
Дариғ тут ишваю назокатларинг,
Фақат сен юзимга боқмагил кулиб.
Ҳайҳот, энди барча илтифотларинг
Менга туюлади масхара бўлиб.
✍🏻1967
@abdullaorifijodi
Бугун, шоирнинг синглиси, олий тоифали шифокор Бибисора Орипова аммамизнинг таваллуд кунлари. Туғилган кунингиз муборак бўлсин аммажон!
@abdullaorifijodi
#abdullaorifijodi Мусиқий танаффус
Абдулла Орипов шеъри
Шерали Жўраев куйлайди
"Дунёни қизғанма"
@abdullaorifijodi
#Ijodkor_nigohi
Abdulla Oripov
Ba’zan menga savol berishadi:
— Iste’dodingiz bor. She’ringizni qadrlaydigan badavlat turkiy nashriyotlar yer yuzida mavjud. Madomiki, shuncha qiyinchilik bo‘lgan ekan, nega siz o‘z qadringizni bilib, vaqtida chet elga chiqib ketmadingiz?
Javobim doimo bitta:
— Yurtdan mosuvo bo‘lganlarga taqdir o‘zi javob bersin. Biroq... shunga imonim komilki, biron-bir o‘zbek chegaraga yetib turganida «ket!» deb orqasiga tepishgan taqdirda ham yo chalqancha va yoki yuztuban Vatan tuprog‘iga yiqiladi. Menimcha, buning izohiga hojat bo‘lmasa kerak...
Xullaski, har bir she’rning yozilish tarixi ko‘pdan-ko‘p hodisalar bilan bog‘liqdir. Shu kunlarda kamina ona tilimizning mavqeini ta’minlash hukumat qo‘mitasining mas’ul a’zosiman. Xo‘sh, o‘sha malomatlar o‘rinli bo‘lganmikan?
Menimcha, bu illatlarning barchasiga aslida muhit aybdordir.
“Yoshlik”1992/7/8
@yoshlikjurnali
Абдулла Орипов
ПАХТАКОР АБДУРАЙИМ АКА БИЛАН
БАХТ ҲАҚИДА СУҲБАТ
Бахт нима? Ҳаётми ва ёким хаёл?
У недур? Мулкми ё умр безавол?
Ё у сира ўчмас муҳаббатмикан?
У ё меҳнатмикан? Ё санъатмикан?
Ишдан ҳориб қайтдинг, дилгир ҳойнаҳой,
Рафиқанг узатди бир пиёла чой.
Унут бўлди шунда чарчоғинг, зоринг,
Кўнгилдан бир нафас кетди ғуборинг.
Балки бахт ўшадир? Сезмагандирсан,
Уни ўзинг билмай излагандирсан?
Сизнинг касбингиз шу, пахтазор ичра
Эртадан то оқшом тинмайсиз сира.
Йиллар чангидир бу сочингизда оқ,
Меҳнатдан, юмушдан қолмабсиз бироқ,
Қарайсиз — бир ёнда ўғлингиз ўктам,
Бир ёнда қизингиз — сафдадир у ҳам.
Замон тинч, орзулар дилда аломат.
Лекин энг муҳими — борсиз саломат.
Балки бахт дегани мана шу ҳолдир,
Балки шу муҳташам толе, иқболдир.
Бахт нима? Ҳаётми ва ёким хаёл?
У недур? Мулкми ё умр безавол?
Менинг назаримда буларнинг бари,
Бахт деган дарахтнинг шохобчалари.
Бахтга ўша чой ҳам дахлдор эрур,
Ақл ҳам, чирой ҳам дахлдор эрур,
Ҳаётнинг ғалвали гулдуросидан,
Қувончи, ташвиши, хуш садосидан
Йироққа тушмасак бахтдир мана шу,
Қандайдир муаллақ манзил эмас у.
Бахт тенгдир шоиру бастакорга ҳам,
Абдурайим деган пахтакорга ҳам.
✍🏻1979
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ФУРҚАТ НИДОСИ
Мен Ватандан кетмаганман,
Айри тушганман холос.
Ажрагандек сув кечарда
Бир нафас тандин либос.
Юрт у ёнда, мен бу ёнда,
Ўртада ҳижрон сели,
Анга кўприк ташламакка
Байтларим бўлди асос.
Ўксиб-ўксиб йиғладим мен,
Мисли тил билмас гўдак,
Онаизор кўкрагидан
Айрилиб қолган бехос.
Мен Ватанда Холмуҳаммад
Ўғли Зокиржон эдим,
Фурқатий деб ном қозондим,
Бунга ҳижрон иқтибос.
Сўнмаган ишқ, ўлмаган қалб,
Бир уюм тупроқ бўлиб,
Сарзаминдан бош кўтарди,
Ушбуга қабрим қиёс.
Ким Ватан деб ёна-ёна
Кул бўлиб битмиш магар,
Ўт-оловни мендан олсин,
Ўт-олов мендан мерос.
Шоирингни ёд этарда, ўзбегим,
Сендан ўтинч:
Бир-бирингга қил мурувват,
Бир-биринг бағрингта бос!
✍🏻1987
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
МЕҲРИ ОРТИҚ ЭРУР...
Отанинг қарғиши бамисоли ўқ,
Тегади, бир фурсат кутмайди дерлар.
Гарчи падар каби бўлса-да улуғ,
Онанинг қарғиши ўтмайди дерлар.
Асли ёмонликдан асрасин Худо
Ва яна асрасин жавоб-заҳридан.
Она шундайин бир қалби кенг сиймо,
Меҳри ортиқ эрур доим қаҳридан.
✍🏻2007 йил 7 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
САБОҚ
Дунёнинг ишлари ғалатдир, билсанг,
Сени кўзга илмас — сен кўзга илсанг.
Ёмонлик шу заҳот қайтади, аммо
Кутма жавобини, яхшилик қилсанг.
✍🏻2003 йил 31 март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
УСТОДИ АВВАЛ
Нега шеър ёзмайин юракдан ёниб,
Нега таъзим этмай сизга бу маҳал.
Нега хизматингиз қилмай қувониб
Эй, азиз муаллим, устоди аввал.
Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,
Сиз-ку юракларда илк зиё ёққан.
Олимми, шоирми ва ё санъаткор —
Илк бор сизга томон устоз деб боққан.
Митти гўдак чоғидан то умр бўйи
Сизнинг чеҳрангизга мамнун боқамиз.
Сизгадир юракнинг жарангдор куйи,
Оқил Шарафиддин, машҳур отамиз.
Битта ҳарф дардида риёзат чекиб,
Оқибат кўкка ҳам чиқолган инсон.
Не ажаб сизларни бахтиёр этиб,
Урнидан даст туриб, бош эгса шу он.
Ёлғиз фарзандимиз қолса тумовлаб,
Тушамиз ваҳима, васвасасига,
Сиз-чи, дош берасиз неча ўн йиллаб
Минглаб митти зотнинг машмашасига.
Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан.
Қоплаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан.
Шафқат ҳам, меҳр ҳам қалбингизда бут,
На ранжу, на ҳориш, оҳу волалар.
Сизнинг қаршингизда сақлайди сукут
Олтмишга кирса ҳам шогирд болалар.
Дилда зиё борки умр сарафроз,
Майли у ҳамиша бахт билан тўлсин.
Эй, азиз муаллим, эй, азиз устоз,
Бу кун байрамингиз муборак бўлсин.
✍ 1980
@abdullaorifijodi
O‘zbekiston o‘qituvchi va murabbiylariga
Avvalo, siz, azizlarni, yurtimizdagi taʼlim-tarbiya sohasi xodimlarini O‘qituvchi va murabbiylar kuni – umumxalq bayrami bilan chin qalbimdan muborakbod etib, barchangizga eng ezgu tilaklarimni bildirishdan baxtiyorman.
Batafsil 👉 https://yuz.uz/a/uz/108770
Абдулла Орипов
Устоди аввал
(Шеърдан парча)
Сизнинг таълимингиз олмаган ким бор,
Сиз-ку юракларда илк зиё ёққан.
Олимми, шоирми ва ё санъаткор,
Илк бор сизга томон устоз деб боққан.
Битта харф дардида риёзат чекиб,
Оқибат кўкка ҳам чиқолган инсон.
Не ажаб сизларни бахтиёр этиб,
Ўрнидан даст туриб, бош эгса шу он.
Буюк Алишербек лутф этган мисол,
Савод ўргатдингиз қанча ранж билан,
Тўлаб бўлармикан бу қарзни алҳол,
Узиб бўлармикан юзта ганж билан.
@abdullaorifijodi