АБДУЛЛА ОРИПОВ
ЕВРОПА
Муҳаббат аталган бир ҳис бор эди,
Уни деб қавмлар бир-бирин еган.
Жулетта исмли бир қиз бор эди,
Бир йигит бор эди Ромео деган.
Бор эди муҳаббат аталмиш қўрғон,
Учиб киролмасди чивин ҳам ҳатто.
Совғасин Ягонинг қўлида кўрган,
Бўғиб қўяқолган жуфтин Отелло.
Энди бу юртларда дунё тескари,
Муҳаббат ҳислари бадар кетганлар.
Жаннатни мадҳ этиб юрганлар бари
Жаҳаннам комига бориб етганлар.
Хўроз хўроз билан ўтказса тўйин,
Буқалар буқа деб ипини узса.
Бу қандай томоша, бу қандай ўйин,
Сигирлар сигирга кўзини сузса.
Инсон мукаррамдир, унутма асло,
Шаънига ёмон гап тўқима, болам.
Бу шеърни бир ўзинг ўқидинг, аммо
Ўқима бировга, ўқима, болам!
✍01. 03. 2013
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
АВГУСТ ТЎРТЛИКЛАРИ
* * *
Ташна қултум сувни орзу этгайдир,
Олтин пиёлани ахир нетгайдир.
Беморга мол-дунё ваъда айлама,
Бир оғиз ширин сўз унга етгайдир.
* * *
Ночорнинг устидан кулма ҳеч қачон,
Билмасдан камситма, бойвачча ўғлон.
Топган ақчасига нон олгайдир у,
Кекса онасига ё дори-дармон.
* * *
Дунёда шундайлар учрайди, билсанг,
Алиф ҳам чиқмайди қорнини тилсанг.
Ҳаммани ўзига ўхшатади у,
—Қанча олдинг, — дейди, яхшилик қилсанг.
* * *
Мағизни пўчоққа қарши қўяр у,
Оловни ўчоққа қарши қўяр у.
Иккиси то абад бирлашмасин, деб
Ўртоқни ўртоққа қарши қўяр у..
* * *
Дунёда тириклик эмасдир осон,
Худкашлик эса-чи, ёмондан-ёмон.
Фақат Яратганнинг исмин такрор эт,
Бошқа чора йўқдир, йўқ ўзга имкон.
2013 йил 15 август
✍ Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
РИВОЯТ
Ҳурмат қилиш яхши ёши каттани,
Айлантириш мумкин чипта-латтани.
Қирқ ўғил шу тахлит навбат ошириб,
Боқиша олмади битта отани.
✍ 2008 йил 21 август
@abdullaorifijodi
Бугун, 30 июль - халқлар дўстлиги куни!
Абдулла Орипов
ДЎСТЛИК
Биз битта дарахтнинг шохчаларимиз,
Бир боғнинг туташган боғчаларимиз.
Замин коинотда бир тоғ бўлса, биз —
Бир-бирин суяган тоғчаларимиз.
✍2002 йил, 13 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
УМИД
Болам, қувончларинг олдинда ҳали,
Бўтана дарёнинг лойқаси тинар.
Сайроқ қушларинг ҳам боғингга қўнар,
Болам, қувончларинг олдинда ҳали.
Ватанинг бундан ҳам бўлар чароғон,
Яна чаппор ургай анвойи гуллар.
Тенгсиз меҳр билан балқар кўнгиллар,
Ватанинг бундан ҳам бўлар чароғон.
Машаққатлар ўтар, синовлар ўтар,
Хандон кулгуларинг таралгай ҳали.
Тегрангда бир олам яралгай ҳали,
Машаққатлар ўтар, синовлар ўтар.
Умид қил, бошингни тик тутгин, болам,
Шу мунис Ватаннинг тупроғини ўп.
Бобо чинорларнинг япроғини ўп,
Умид қил, бошингни тик тутгин, болам.
✍ 2007 йил 1 июль
@abdullaorifijodi
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун!
Турсунали Муҳаммад полвон оламдан ўтибдилар! Жойлари жаннатларда бўлсин!
Абдулла Орипов
Мардлик
Боболаринг мард бўлган,
Йиқилган полвонни ҳам
Ҳурмат қилиб, камситмай
Ердан турғазиб қўйган.
Эзгуликнинг қошида
Эриган мисли малҳам,
Лекин, ёвузнинг кўзин
Ўйиб, қўрғошин қуйган.
@abdullaorifojodi
Абдулла Орипов
ОЛЛОҲ МАРҲАМАТИ
Оллоҳим кимгадир берди бойлик, зар,
Балки раҳм айлади йўқсил жонига.
Валекин тўймасин дея у баттар
Нафсни қўшиб қўйди ёнига.
Оллоҳим кимгадир мансабни берди,
Амал пояларин қилди мустаҳкам.
Валекин нариги томонда қурди
Қайтиб тушадиган зиналарни ҳам.
Оллоҳим кимгадир берди истеъдод,
Майли, таратсин деб гўзал куйларни.
Валекин бир умр чексин деб фарёд,
Унга ҳамроҳ қилди ҳасадгўйларни.
✍2004 йил март
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҒУНЧА
Муҳаббат роҳига кирдим,
Бу йўлдан қайта билмасман,
Муҳаббатсиз халойиққа
Боқиб парво ҳам қилмасман.
Лекин сен ғунчадекдурсан,
Очилгайсан атир пуркаб,
Шу боис қўрқадирман,
Сенга сиррим айта билмасман.
✍2013 йил 21 январь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ИМКОН
Бу гаплар бор эди Марксдан аввал,
Яъни қорни очу ва қорни тўқлар.
Майли, юмшатайин ташбиҳни сал-пал,
Имкону борлару имкони йўқлар.
Искандар Мақдуний имкони сабаб,
Бориб етган эди Бадахшонга то.
Оддий одамни-чи, калтаклаб, ҳайдаб,
Уйдан чиқариш ҳам мушкул, муаммо.
Имкони бор экан, Темурдайин зот,
Жаҳоннинг ярмини олди рўйи рост.
Имкони йўқни-ку, сийламас ҳаёт,
Ўша эски ҳаммом, ўша эски тос.
Балҳнинг саҳросида ҳазрат Беруний,
Ўтин йиғар эди йилда икки бор.
Мажбур қилар эди имкони шуни,
Қолган барча вақти илмга нисор.
Имконинг келибди, омад йўлиқиб,
Қошингда Ҳотам ҳам кўкрак керолмас.
Кимдир ҳайитда ҳам бозорга чиқиб,
Ўғлига хўрозқанд олиб беролмас.
Имкон деганлари улуғ куч ғоят,
Эплаган инсонга учрар у кўпроқ.
Унда тилсим мавжуд, бордир синоат,
Арслоннинг мўйига тегишма бироқ.
Худойим мени ҳам қўллаб бир замон,
Бенасиб қилмади илму зиёдан.
Имкон-чи бермади, йўқ бошқа нажот,
Ўтдим қўл оёғим боғлиқ дунёдан.
✍2015 йил 4 июль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Эй, Ажал, мен сендан қўрқмасман ҳеч ҳам,
Рўбарў келмоққа тайёрман ҳар дам.
Сабаби биттадир, сабаби битта:
Сенга дуч келдилар Отам ҳам Онам!
✍️1998
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
КЎРДИМ
Соддадил одамни жуда кам кўрдим,
Борин ҳам шикаста, кўзин нам кўрдим.
Дунёда фирибгар кўп экан, лекин,
Уларнинг барчасин шод-хуррам кўрдим.
✍️1987
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ҲАЁТ ИШҚИ
Ҳазил
Сўлим чойхонада давра қуришиб,
Тенги-тўши билан яйрашар чоллар.
Эгилаб -букилиб, бахтим борми, деб
Гугурт қутисини ташлашар чоллар.
Ҳолбуки, ортдадир энди бу дунё...
Манглайда борини кўрган бу чоллар.
Яна қандай бахтни кутар, ажабо,
Ҳар бири тўқсонга кирган бу чоллар.
✍️1965
@abdullaorifijodi
Бугун тонг саҳарда, шаҳримиз кўчаларида мошинада ҳаракатлана туриб, Абдулла Ориповнинг "Хатоларинг керак уларга" шеърини, ёшлар боп, замонавий рок услубида Тоҳир Содиқов томондан ижро этилганини эшитиб қолдим. Тўғрисини айтсам, Тоҳир Содиқовдан кутмаган эдим.😊😊😊
Абдулла Орипов
ХАТОЛАРИНГ КЕРАК УЛАРГА
Шундайлар бор, сенга лутф айлаб,
Дўстман, дея қўлин тутарлар.
Лекин ҳар зум қадаминг пойлаб,
Хато қилишингни кутарлар.
Хато қилсанг, уларга байрам,
Йўқса, заҳру заққум ютарлар.
Майли, жиндек, зарра бўлса ҳам,
Хато қилишингни кутарлар.
Хатоларинг керак уларга,
Шох-новдангни дарҳол бутарлар.
Тағин кунни улаб тунларга,
Хато қилишингни кутарлар.
Ахтарурлар ҳамиша иллат,
Етти пуштинг гўрин титарлар.
Фақат унма, улғайма фақат,
Хато қилишингни кутарлар.
Улар сенга бир умр йўлдош,
Содиқ ҳамроҳ каби ўтарлар.
Қабринг узра эгсалар ҳам бош,
Хато қилишингни кутарлар.
✍1987
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НИДО
Ҳеч кимсага зор қилма, фалак,
На фарзанду на дўсту ёрга.
Ахир фурсат етганда бешак
Битта калла осилур дорга.
Раво кўрма ҳеч қачон, тақдир,
Биров ёққан оловни, ўтни.
Пайти келса тупроқ ҳам ахир
Қабул қилар битта вужудни.
✍ 2008 йил 10 сентябрь, Сан-Марино.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
Тўғрилик
Совчи дер: — Отахон, берингиз дуо,
Жуда тўғри йигит бўлғуси куёв.
Ота дер: — Тўғрилик яхши-ю, аммо
Бундайлар рўзғорин боқолмайди-ёв.
✍2008 йил 22 июль
@abdullaorifijodi
...Бир умр курашдик ҳақиқат учун,
Ҳавои сўз айтиб қийнама жонни.
Дунё карвонининг бошида бир кун,
Кўрсам етарлидир Ўзбекистонни!
Абдулла Орипов
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ПОЛВОН
Йиқитолмас, юрагингни аммо яралар,
Номардларга тўлиб кетган кўҳна бу жаҳон.
Посангининг ярмин босар ичи қоралар,
Саломингни бериб-бермай, ўтавер, полвон.
Сен-ку кураш майдонида чиқдинг зўрдан-зўр,
Ана энди мухлисларнинг қувончларин кўр.
Ғалабангга шерик бўлар лекин балохўр,
Саломингни бериб-бермай, ўтавер, полвон.
Битта сенга кўзин тикар ҳакам ҳамда пир,
Сенинг ярминг куч эмишу, ярминг эса сир.
Худди ўзи олишгандай мақтанар мухбир,
Саломингни бериб-бермай, ўтавер, полвон.
Асл полвон содда бўлар ҳақиқат каби,
Шажарасин суриштирсанг, қўллаган наби.
Унинг ўзи четда юрар, олдда мактаби,
Саломингни бериб-бермай, ўтавер, полвон.
Аллоҳимнинг марҳамати, қудрати беҳад,
Лекин ушбу синовин ҳам этолмайсан рад:
Полвонларни таъқиб этар бир умр ҳасад,
Саломингни бериб-бермай, ўтавер, полвон.
Шукур қилгин, халқнинг ўзи кўтаргай бошга,
Пойинг ерда, шонинг эса етгай қуёшга.
Ғирромларга парво қилма, қўлловчинг бошқа.
Саломингни бериб-бермай, ўтавер, полвон.
✍2014 йил 7 декабрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
НАБИРАМГА
Оҳ, болам-а, шамол каби еласан-а,
Истанбулнинг машҳурлигин биласан-а.
Мен бу ёнда ўлим билан олишаман,
Сен денгизни томошалар қиласан-а.
✍ "Само"шифохонаси, 2014 йил 15 февраль
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Стадион гувлайди,
Одам лиқ тўла.
Бу ерда жам бўлмиш турфа тил, овоз.
Уларнинг барчасин қучиб бир йўла,
Дўстим деб атамоқ ғалати бир оз.
Стадион гувлайди,
Одам лиқ тўла.
Фақат Ҳаққа аён улар сийрати.
Уларнинг барчасин сўкиб бир йўла,
Ғаним демоқлик ҳам анча ғалати.
✍2000 йил август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЯХШИ ОДАМ
Бир кун донишмандга бердилар савол:
Айтинг-чи, дунёда яхши одам ким?
Севиб ардоқласа элу юрт хушҳол,
Чиндан яхши одам ўшадир балким?
Донишманд дедики: -Майли, ҳар ким ҳам
Яхши бўлгум дея ҳар зум уринсин.
Майли, яхшиларга ёқсин у одам,
Лекин ёмонларга ёмон кўринсин!
✍2002 йил август
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
* * *
Сени кўрай дедим — тонгларим
отди,
Оразинг ёришиб, тунни йўқотди.
Лекин қора сочинг юзингга тушгач,
Яна тун бошланди, қуёш ҳам ботди.
✍2013 йил 6 сентябрь
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
***
Уринма болакай, уринма ҳарчанд
Бағрингни мен каби тиғлай олмассан.
Мен каби қувониб, куларсан гарчанд,
Лекин мен сингари йиғлай олмассан.
✍️1998
@abdullaorifijodi
17 июль - Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминов таваллуд топган кун.
Абдулла Орипов
ТЎРТЛИК
Неъмат Аминовга
Ёзганим шу - ёдлик ва хат бўлади,
Неъматни топганим чин бахт бўлади.
Бир ўзбек шоири шу сўзни айтай,
Ишончли битта дўст Неъмат бўлади.
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ЭЛ ҚЎЛЛАСА
Эл қўлласа, азизим, омон бўлсак, ажабмас
Қўлламаса — ранг-рўйи сомон бўлсак, ажабмас.
Элни биздан қизғаниб сўз айтгувчи зотлар бор,
Улар учун бир умр ёмон бўлсак, ажабмас.
✍️1987
@abdullaorifijodi
Абдулла Орипов
ТАЛПИНИШ
Булутлар талпинар тоғларга,
Қушлар ҳам чаманзор боғларга.
Жилғалар дарёга талпинар,
Қуюнлар саҳрога талпинар.
Меҳрга талпинса гар инсон –
Савоб шу, тавоб шу, шу иймон.
✍️2006 йил 25 сентябрь
@abdullaorifijodi